ТАРИХДА ҲИКМАТ БОР

қрфрАдиба Шаҳодат Улуғнинг янги романи чоп этилди

Шаҳодат Улуғ. Жайҳун эпкинлари ёхуд Жалолиддин Мангуберди қиссаси. Тошкент,»Янги аср авлоди» нашриёти, 2014. 356 бет./ Shahodat Ulug’. Jayhun epkinlari yoxud Jaloliddin Manguberdi qissasi. Toshkent,»Yangi asr avlodi» nashriyoti, 2014. 356 bet.

Шаҳодат Улуғнинг «Қайта туғилиш» (1997) ва «Ғаниматим» (2004) деб номланган насрий китоблари чоп этилган. Истеъдодли ёзувчи сўнгги йилларда Хоразмшоҳлар салтанати тарихидан, улуғ саркарда Жалолиддин Мангубердининг жасоратларга тўлуғ ҳаётидан ҳикоя этувчи «Жайхун эпкинлари» романи устида ишлади. Бир неча ой аввал асардан эълон қилинган парчалар адабиёт ихлосмандлари томонидан илиқ қарши олинди. Ва ниҳоят куни–кеча асар нашрдан чиқди.
Китобни «Янги аср авлоди» нашриётининг Қатортол кўчасидаги дўконидан сотиб олишингиз мумкин. Эътиборингизга китобга ёзилган сўзбошини тақдим этамиз.

****

ХУРШИД ДАВРОН,
Ўзбекистон халқ шоири

Шаҳодат Улуғ юртимизнинг қадимий ва гўзал масканларидан бири – Нуротада туғилган. Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетини битирган. Ҳикоя ва қиссалардан иборат китоблари нашр этилган.
Анча йиллар аввал Шаҳодатнинг “Дўмбира” номли мўъжаз қиссасини ўқиганимда адабиётимизда яна бир ўз овозига эга ижодкор пайдо бўлганини сезган эдим. Ўша ҳикояда ёзувчининг ўзига хос услубининг дастлабки куртаклари кўринган бўлса, “Ғаниматим”, “Номи ҳабибим” қиссаларида бу куртак барг ёзиб, бақувват новдага айланиб борганини кўрдим.
Бугун Шаҳодат Улуғ ўқувчига янги асарини — Хоразмшоҳийлар давлатининг шукуҳли ва фожиали тарихининг ёрқин саҳифасига, яна ҳам аниқроқ айтсам, мўғул босқинчиларининг она юртимизга бостириб кирган палласи воқеаларига бағишланган “Жайҳун эпкинлари” тарихий романини тақдим этмоқда. Бу асарнинг кўпчилигимиз ўрганиб қолган тарихий романлардан фарқи шундаки, унда адиба диққатимизни фақатгина буюк тарихий сиймолар ҳаёти ва фаолиятига ёки кўпроқ ижтимоий-сиёсий воқеаларга эмас, ўша тарихий шароитда кун кечирган оддий инсонлар ва оилалар тақдирига қаратади. Олис ўтмиш воқеалари тизимида оддий инсон кундалик ҳаёти, оддий оилалар турмуши батафсил ёритилади.

Тарихий асар ёзишни мақсад қилган ҳар қандай ижодкор учун у тасвирламоқчи бўлган давр тарихинигина билиш кифоя қилмайди. Бунинг учун ўша давр миллий мафкурасини, бу мафкуранинг асоси бўлмиш Ислом ақидаларини, айни шу мафкура таъсирида шаклланган умуммиллий дунёқарашни, халқнинг турмуш тарзи, эътиқоди ва қадриятлари, тасвир этилаётган даврга хос маданият, санъат, халқ оғзаки ижоди ва яна кўп нарсани яхши билиш керак бўлади. Мен бу гапларни бекорга айтаётганим йўқ. “Жайҳун эпкинлари” романи билан танишиш жараёнида адиба тарихий мавзу шартларини уддалаганига амин бўлдим. У давр тарихини, бобомерос диний ва миллий ақидаларимизни чуқур ўрганган. Бу ақидалар қаҳрамонлар хатти-ҳаракати, гап-сўзлари, муайян масалага ёндашувига сингдириб юборилгани учун ҳам асардаги ҳар бир қаҳрамон табиатида намоён бўлади.

Хоразмшоҳлар давлатининг тарихда тутган ўрни, бир неча аср давомида гуркираган бу давлатнинг инқирози сабаблари, ҳукмдор сулола, аввалан, Муҳаммад Хоразмшоҳнинг хатолари ва изтироблари, малика Туркон Хотун фожиаси, сулоланинг асосини ташкил қилган қипчоқ-ўғуз уруғлари ўртасидаги айирмачиликларнинг тузатилмас оқибатлари нозик қирралари билан очиб берилган. Шайх Нажмиддин Кубро, Мажидиддин Бағдодий, Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик каби тарихий шахслар, шунингдек, оддий халқ вакиллари сурату сийратлари алоҳида меҳр билан талқин этиладики, уларнинг образлари ўқувчи кўз ўнгида аниқ намоён бўлади. Айни шу жиҳати билан асар ўқувчида қизиқиш уйғотади, деб ўйлайман.
Мен асар ҳақидаги сўзимни муаррих Тожиддин Салмонийнинг бир ибратли фикри билан якунламоқчиман. «Қадимгилар ҳаётида ибратли ҳикматлар бордир, — деб насиҳат қилади муаррих, — улар ҳаёти билан танишмоқ орқали ўгитлар олинур. Бу ўгитларни билмоқ инсон жонига қон қўшмоқдай гап. Зеро, тарих Масиҳнинг нафаси каби, ўтган инсонларни жонлантирувчи биp мўъжиза, тарихни билиш эса камол соҳибларининг кўнглини ранжу аламлардан поклайдиган маънавий калитдир».

www.munosabat.org

www.facebook.com/nodir.shams

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn