Ижодкор – энг бахтли инсондир

10616002_146Қандилат Юсупова

(эссе)

Ажабо! Инсон кўзлари ҳам шу қадар беғубор, шу қадар содда бўларканми? Ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмас бир гиё, ёҳуд оҳанграбо, ёхуд файзиёблик, ёхуд шаффофлик, ёхуд зангорлик, ёхуд теранлик, ёхуд… Хуллас, бутун бир гўзаллик, бутун бир коинот акси жилва этган бу қароқларда! Ё Раббим, битта одам зотингга бу қадар чексизликни недан ва қандай кашф этмишдирсан?..
Мен ҳар гал Хосият опанинг (негадир Хосият Рустамова деб расмий атаб кетишни жоиз деб билмайман) ўша катта-катта, ўша чиройли кўзларига қараганимда, худди ана шу ҳусни беназирликни чуқур ҳис этаман. Наинки, кўзлар жилоси, балки ҳайрат шиддати кўнглимни бир онда забт этади. Ажаб, бунинг сири нимада экан?..
Айтадиларки, кўзлар кўнгил кўзгусидир. Демакки, нафис нигоҳлар қаърига ғоятда нозик, капалак қанотидай майин бир юрак сийрати жо бўлгандир. Ҳа, ҳеч шубҳасиз, шундайдир.
Мен ҳаётда жуда кўп инсонлар, ижодкорлар, турли қаламкашлар, адабиёт шайдолари билан дуч келганман, ҳамсуҳбат бўлганман. Аммо бу жозибали аёл кўзларидаги дунёчалик ҳали ҳеч қайси ижодкор дил торлари қалбимни маҳв эта олмаганди. Қаранг, бениҳоя оддий, арзимас, айниқса, биз учун бағоят жўн, эътиборсиз бўлган қандайдир бир нарса ҳам шу гўзал аёл нигоҳларида мислсиз ҳайрат чўғи ила ёруғ-ёруғ порлайди. Биров эсига келмаган, кўрса ҳам назари тортмаган яна недандир шу ажойиб инсон олам-олам маънолар топади, ихтиро эта олади!
”Қандилат”, – дегандилар опа бир суҳбатимизда, ”Шеърият барибир бошқача дунё-да! Шеър – улуғ ихтиро, у юрак кашфиётидир. Ахир битта кўнгил ҳар иккала оламга ҳам сиғмай, минг дард ила тўлғониб, юз азоб чекиб инжиққина бир шеърни дунёга келтиради. Жонинг, дилинг, руҳинг чинданам ёмон-ёмон оғриб кетади.Аммо…” Опанинг кўзлари худди шу лаҳзада янаям чақнаб, янаям порлаб кетганди, – ”Аммо бу дард жами ер куррасидаги энг олий, энг азиз ва энг ширин дардлардан биридир. Қандилат, ижодкор – энг бахтли инсондир!”
Хосият опанинг бу сўзлари, балким, қайноқ, ҳароратли сўзлари десам тўғрироқ бўлар аслида, ҳаммавақт, ҳар доим қулоқларим остида жаранглайди, мана ҳозир ҳам:
”Қандилат, ижодкор – энг бахтли инсондир!”
Кейин ҳам…
”Қандилат, ижодкор – энг бахтли инсондир!”

Шеърият

Кечикиб бўлса-да келдим-ку ахир,
Нечун кипригингдан
Ёш оқар сизиб.
Тонгда чиққан эдим…
қаерларгадир –
Мени лойқа свувлар кетди оқизиб.
Тентидим…ўттиз йил
беимкон, сарсон,
Ўттиз йил ўзимдан бўлдим-ку жудо.
Мени қучоғингдан қувмагин, осмон,
Мени юрагингга яқин ол, Худо!..

(Хосият Рустамова)

Шеърият, дарҳақиқат, қадим гулхан. У абадий ўчмас, сўнмас гулхандир. Бу гулхан атрофида ўтирган ҳар битта ижодкорнинг ўзича дарди, ўзича овози ва ўзича сози бўлади. Ҳаммаси ҳам гўзал, ҳаммаси ҳам яхши. Ахир шеър бу кимгадир яхшилик соғинмоқ, эзгулик тиланмоқ дегани эмасми? Айни ҳақиқатни билмадиму, лекин мен негадир шундай деб ўйлайвераман.
Шеър – Яхшилик дегани эмасми аслида? Ана шу яхшилик гулхани атрофида сўз айтаётган ҳар бир юрак эса беқиёс даражада пок, беҳад даражада катта бўлмоғи лозимдир.
Ҳа, адабиёт, шеърият қонуни шундайдир!
Ҳайрат-чи? У нимадан туғилади? Унинг либоси қанақа бўлади ўзи? Овози-чи?
Кўз олдимга тағин Хосият опанинг кўзлари келади. Поёнсиз ҳайратдан, завқдан, кўнгилга сиғмас шавқдан катта-катта очилган, ниҳоятда тоза, болаларча содда нигоҳлар…Эҳтимол, ҳақиқий шеър худди шу ҳайрат тўла кўзлардан тўкилар?..

* * *
Юрагимга санчилади туғ,
Яшамоққа қўймайди жоним.
Сенинг йўлинг бунчалар ёруғ –
Шеър майдони – жанглар майдони.

Ер гумбурлар…шеърнинг қонида –
Ҳузурига чақирар Тангрим.
Шеъриятнинг соф майдонида,
Бошланади юраклар жанги.

Ҳар томондан учиб борар ўқ,
Ҳар томондан нишонда сарҳад.
Бу майдондан чиқиб кетмоқ йўқ,
Бу майдонда ўлиш бор фақат.

Бир оз чида. Юрак. Ён. Бағрим,
Бораётир тонглар ёришиб.
Наҳот бекор ўтмоқда умрим
Тўтиқушлар билан олишиб.

Мени қайга бошламоқ бўлар
Бу кўчадан бешон ўтганлар?!
Юракларин ташлаб кетарлар –
Бу майдонни ташлаб кетганлар.

(Хосият Рустамова)

Билмадим, биз бу ёруғ дунёга нени бериб кетарканмиз? Ёки дунёнинг ўзи бизларга нимани армуғон эта оларкин?..Жуда ғалати савол. Эҳтимол, ҳақиқат саволидир бу…Мен узоқ ўйлана олмадим, бирдан дилимга қуйидаги сўзлар қуйилиб келаверди:
Биз – ижод аҳли кенг оламга энг эзгу ниятлар билан келган эканмиз, лоақал, лоақал бир донагина бўлса ҳам, биттагина яхши сўзни бўлса ҳам ёзиб қолдирайлик, балки у кимгадир асқотиб қолар, кимнидир юпатар, кимнингдир бўлса дардини олар…
Бу дунёга шугина биттагина Яхши Сўзни бериб кетайлик! Оламнинг бизларга тортиқ этган армуғони эса ана шу Ижоддир, шаксиз!
Мен билмадим, мен билолмадим, валекин айни шу каломларга беадад эҳтиром билан ишондим, гўё бундан минг асрлар илгари туғилганману худди шу қоидага, шеърият қонунига итоат этиб келаётгандай бўлавераман, ҳа, шундай яшайвераман.
Қулоқларим остида эса бир қадрдон инсонимнинг сўзлари мудом жаранглайверади:
”Қандилат, ижодкор – энг бахтли инсондир!..
Ижодкор – энг бахтли инсондир!..
Энг бахтли инсондир!..”
Хосият опанинг кўзларида катта, жудаям катта ва тоза бир ҳайрат бор! Мен бу ёзганларимни ана шу кўзлар тубидан ўқидим! Ва тушундимки, билдимки, кўнгли гўзал инсонларнинг кўзлари ҳам ҳамиша порлаб туради!

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn