Бу дунёда одам боласи учун Ватандан азиз нарса йўқ

yr5“Дунё Ўзбеклари”нинг бугунги меҳмони “Янги Дунё” интернет журнали муҳаррири, журналист Юсуф Расул.

– Юсуфжон, авваламбор Ватанга бориб, туғилиб ўсган юртни зиёрат қилиб келганингиз билан табриклайман.

– Раҳмат, Исмат ака! Мен охирги марта она қишлоғимга 2000 йилнинг кўз фаслида, синглим Наргизанинг ўғилларини суннат тўйига борган эканман. Мана, орадан роппа роса ўн йил ўтиб, ниҳоят. она- Ватанимга бориш, қариндош- уруғларим билан юз кўришиш, бу дунёдан ўтган яқинларимиз сўнгги маконларини зиёрат қилиш насиб этибди. Бунинг учун Яратган Тангридан беҳад миннатдорман.

Ватанга қайтиш бахти, саодати, қолган барча юртдошларимизга ҳам насиб этсин! Чунки, бу дунёда одам боласи учун Ватандан азиз нарса йўқ. Ўзга юртларда юз йил яшасангиз ҳам барибир ўзингизни бегонадек ҳис қилар экансиз. Киндин қонимиз тўкилган тупроқ, ота боболаримиз минг йиллардан буён яшаб келаётган она- заминнинг қадри беқиёс. Ватаннни ҳеч нарсага тенглаштириб бўлмайди….

– Суҳбатимизни бизнинг қалбимизда ажиб армонларни уйғотган шу гўзал Ватан хотиралари билан бошласак…

– Хабарингиз бор, мен Тожикистоннинг Панжикент туманидаги Сўжина қишлоғида туғилиб ўсганман. Қишлоғимиз тарихи ҳақида сизга гапириб берганим ёдимда. Биз ҳам асли сиз каби Қашқадарё воҳасиданмиз. Ота- боболаримиз қолдириб кетган эсдаликларда айтилишича, биз асли жаҳонгир Амир Темурнинг амакилари Ҳожи Барлос авлодидан эканмиз. Шайбонийхон Марказий Осиёни ишғол қилганда, Термурийларни қирғин қилиш бошланган дейишади. Кўплаб барлос уруғи вакиллари зулмдан қочиб Афғонистонга кўчиб ўтишган. Бизни аждодларимиз эса ўша пайтда Ургут тоғларидан ўтиб, ҳозирги Панжикент ҳудудига келиб қолишган. Узоқ вақт тоғу тошларда макон тутиб, вазият юмшагач, ҳозирги Чорбоғ ва Сўжина қишлоқларига келиб ўрнашишган. Айтишларича, шу икки кишлоқ аҳолиси Шахрисабздан қочиб келган тўрт оиладан тарқаган экан.

Хуллас, ҳозир Тожикистон ҳудудида жойлашган Сўжина қишлоғида туғилиб ўсганман. Беш ёки олти ёшлик вақтимда янги ташкил топган Мирзо Улуғбек шаҳарчасига (Дашти Малла қишлоғи ҳам дейишади) кўчиб кетганмиз. Янги оила қурган кишиларга бу қишлоқдан уй жой ажратиб берилган. Шу қишлоқда янги ташкил этилган 8 йиллик мактабда таҳсил олганман. Янги мактаб бўлгани учун ўша вақтда бир синфда 4 ёки 5 ўқувчи ўқирди. Болалар сони кам бўлгани боисми, биз жуда яхши билим олганмиз. Тўққизинчи ва ўнинчи синфларни биздан саккиз чақирим узоқликда бўлган Сўжина қишлоғидаги 2 ўрта мактабда давом эттирганмиз.

1988 йил мактабни аъло баҳоларга битириб, азим Тошкент шаҳрига йўл олдим. Омадим бор экан, ўша йили Тошкент Давлат Университетининг Журналистика факультетига ўқишга кирдим. Мени ҳаётимга мазмун бахш этган, бир инсон ўлароқ ўзимни англашимга, дунёни танишимга беқиёс ёрдам берган Дорулфунундаги қайноқ ҳаёт, жуда яхши ижодий муҳит, меҳрли устозларимдан бир умр миннаддорман.

Университет таҳсилидан сўнг Тошкентда қолиб кетдим. Ўзбек достончилик мактаби асосчиси, Муҳаммадқул Жомурод ўғли Пўлкан шоирнинг набираси, шоира Саодат Пўлканова билан оила қургач, ҳаётим янада мазмунга бой бўлди. Бу оила туфайли кўплаб ёзувчи шоирлар, адабиётшунослар, сиёсатчилар билан яқиндан танишдим.

Олдинига “Хабар”, “Ватанпарвар” каби вақтли нашрларда, кейинроқ Ўзбекистон радиосида фаолият кўрсатдим. 1998 йилдан бошлаб халқаро радиолар билан ҳамкорлигим бошланди. Олдинига ББС радиоси, 2001 йилдан “Америка овози” радиосида ишладим. 2004 йилдан Британияни “Уруш ва Тинчликни ёритиш” халқаро институти билан ҳамкорлик қила бошладим.

Андижон воқеаларидан кейин биз ишлаб турган институт ёпилди. Барча журналистлар Бишкекка чақириб олинди. Бишкекда бизни мухожирликдаги дастлабки ҳаётимиз бошланган. У ердан БМТнинг қочқинлар идораси кўмагида Швецияга келиб қолдик.

Ватандан қанча узоқлашсангиз ватан қадри шунча билинар экан.

Ўзбекистонда яшаб юрган чоғларимда негадир ўзим туғилиб ўсган қишлоққа боргим келмасди. Қишлоқ одамлари фақат тирикчилик учун, майда чуйда ташвишлар билан яшаётгандек кўринарди. Уларнинг гап сўзлари, сўзлардаги оҳанглар қалбимга қаттиқ ботарди. Негадир қишлоқда узоқ вақт қолиб кетолмасдим. Фақат Тошкентга кетгим келарди. Тошкентни ёқтириб қолгандим.

Во ажаб, Швецияда олти йил кечган умрим мени она қишлоғимни қанчалик азиз эканлигини қайта қайта ёдимга солди. Киндик қоним тўкилган тупроқ, меҳрибон ва мунис онажоним, мўътабар ёшга бориб қолган дадам, ака укаларим, сингилларим, қариндош уруғларим..

Муҳожирлик ватанни севишга ўргатар экан. Октябр инқилобидан аввал Туркистонни тарк этган юртдошларимиз юз йилга яқин вақт давомида қандай яшашганини кўз олдимга келтираман. Каримов зулмидан қочиб, хориж элларда сарсон саргардон, ватан ишқида куюб ёниб яшаётган минглаб ўзбекларнинг қалбларидаги ғаму андуҳларини англагандек бўламан. “Мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмайсан” деган мақолни нақадар тўғрилигига ишонч ҳосил қиламан.

Кейинги олти йил давомида ватан дарди, она юрт соғинчи барча муҳожирлар каби бизни ҳам бир лаҳза тинч қўйгани йўқ. Айниқса, рафиқам Саодатни кўзларига қарасам, нега оиламни, фарзандларимни ҳам муҳожирлик биёбонларида адаштириб юрибман, деб ўзимни қўярга жой тополмасдим. Уларда нима айб? Бу шўрликларнинг гуноҳи нимада? Саволлар, қалбингизни эзиб, қийма қийма қилаётган ўтли саволларга жавоб тополмайсиз.

2011 йилда мен ва ўғилларимга Швеция фуқаролиги паспорти беришди. Биз учун Ўзбекистонга эмас, ҳеч бўлмаса Тожикистонга бориб келиш имконияти пайдо бўлганди.

Шу йилнинг май ойида Лондонда бўлган халқаро Шеърият фестивалига таклиф қилиб қолишди. Фестивал тугагач, Британиядаги Тожикистон элчихонасига кириб, мен ва катта ўғлим Хумоюнга она ватанимизга бориш учун рухсат борми, деб сўраганимизда, элчихонадагилар, “Европа гражданларига Тожикистонга бориб келиш учун ҳеч қандай монеълик йўқ” дейишди.

Хуллас, ўша куннинг ўзида паспортимизга Тожикистон визасисини босиб беришди. Тезда бориб келиш чипталарини олиб, белгиланган вақтда она ватанга учиб кетдик.

– Уйга борганда беш олти йил ундан узоқлаб юрган одам энг аввал нималарга дуч келади, нималар ҳақида ўйлайди. Видео лавҳаларни кўриб, кўзларимга ёш келганини бугун ошкор айтишим керак. Ватан соғинчи ҳаммамизнинг дардимиз…

– Стокҳолм – Варшава – Киев – Душанбе йўналиши бўйича учоқларда алмашиб, роппа роса бир кун ер ва само оралиғада кезиб, ниҳоят тун ярмида Душанбе шаҳрига бориб қўндик. Узоқ йиллик ватан соғинчи, тушуниксиз бир ҳаяжон бутун вужудимни, руҳиятимни қамраб олган эди. Чегара қўшинлари, божхона назоратидан жуда енгил ва осон ўтиб, ҳеч бир қаршиликсиз тайёрагоҳдан ташқарига чиқар эканман, кўзларимга ишонмасдим.

Ниҳоят мен она ватанимда эдим. Мен узоқ йиллик кутган, соғинган, тушларимга кириб чиққан ватаним энди энди ёришаётган тонг қучоғида ором олиб ухларди.

Душанбедан Панжикентгача 270 чақирим йўл. Манзилга етгунча Душанбе Айни довонидан ошиб ўтиш керак. Бу ерда табиат жуда гўзал эди. Кета кетгунча тоғлар, шарқираб оқиб турган дарёлар…

Тожикистон мустақилликка эришгандан сўнг, қўшни Ўзбекистон билан муносабатларнинг ўта совуқлашиб кетиши ортидан, пойтахтни Ленинобод (ҳозирги Суғд) вилояти билан боғловчи Ўзбекистон орқали ўтувчи йўллар тақа тақ ёпиб ташланган эди.

Шундан сўнг Душанбени Хўжанд ва Панжикент билан боғловчи довондаги тоғларни тешиб, туннеллар қуриш бошлаб юборилади. Мана орадан қарийб ўн йилга яқин вақт ўтиб, шиддат билан қилинган меҳнату машаққатлар натижаси ўлароқ узоқни яқин қилувчи туннеллар очилиб, фойдаланишга топширилди. Янги қурилган йўллар ҳам кишини ўзига тортади.

Душанбедан довонга етгунча янги йўллар қурилган ва бу йўллар пуллик бўлиб, довонга етгунча уч жойда пул тўлаш нуқталари жойлашган экан.

Довонгача йўллар яхши эди. Нариги томондаги йўллар шу қадар уйдум чуқур эдики, кўриб даҳшатга тушасиз. Бизни олиб борган такси ҳайдовчисининг айтишича, шу йилнинг сентябр ойида Хўжанд Панжикент туннелини очилиш маросими бўлар экан. “Туннел очилгач, то Панжикентгача бўлган йўллар қайта қурилади. Кейин ҳаммаси яхши бўлади”, дейди ҳамроҳимиз.

“Илоҳим, айтганингиз келсин. Йўқса, бу йўлларда бир марта юрган киши, қайтиб келмасам дейди. Жуда хароб экан”, деган фикр ўтади хаёлимдан.

Лекин барибир, нима бўлса ҳам, биз ўғлим билан Ватанда эдик. Бизни қишлоқда ота онам, қариндош уруғуларимиз кутишаётган эди. Кун эса жуда иссиқ. Нақд 40 даража. Куйдираман дейди. Кета кетгунча йўл бўйида ёш яланг болалар сотиб ўтирган тоғ гиёҳлари солиб пиширилган муздек чалобдан симирганча йўл босамиз.

Кун иссиғига қарамасдан сомон йиғаётган кишиларга кўзингиз тушади.

Устига қопланган сомон ортилган шўрлик эшаклар кучаниб илдамлайди. Шўрлик эшаклар. Уларга раҳмингиз келади. Лекин бу ер Тожикистон. Европа эмас – ҳайвонлар ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган…

– Қариндош уруғлар билан бирга синфдош дўстларни ҳам кўргандирсиз. Орадан ўтган йиллар сабоқлари ҳақида, соғинч ва армон ушалган ондаги ҳаяжонлар ҳақида, ота она дийдорига етгандаги бахт ва иқбол ҳақида бугун Швецияга қайтиб, яна нималарни қўшимча қилиш мумкин…

– Мени жуда катта ҳаяжон қамраб олган эди. Ўзим туғилиб ўсган, вояга етган азиз қишлоғимга кириб борар эканмиз, кўнглим ҳаяжондан зир зир титрарди, Мана, мен уйнаб катта бўлган чанг кўча. Мана мени болалик орзуларим сочилиб қолган жойлар. Мени улғайтирган қишлоқ …

Бизни яқинлашганимизни эшитган қишлоқдошларим уйимизга кираверишдаги кўчани тўлдириб туришарди. Машина тўхтатиши билан ўзимни улар томонга отаман. Акам, укам, сингилларим, жиянларим, қўни қўшниларимни бирма бир бағримга босаман. Катта синглимни эри Ислом поччам мени бурчакка бошлайди. У ерда тайёрлаб қўйилган катта бир қўйни оёқларим тагида бўғзига пичоқ тортишади. Ҳамма ҳаяжонда. Ўғлим Ҳумоюн ҳам бу каби тантанани биринчи марта кўриб турганига қарамай ўзини қўлга олиб, яқинларимиз билан қучоқ очиб кўриша бошлайди.

Талотўп ичидан кимнидир қидира бошлайман. Нимагадир меҳрибон онаизорим, азиз дадажоним йиғилганлар орасида кўринишмасди.

Зум ўтмай менга таниш “болажоним” деган овоз эшитилади. Онам йиғлаганча мен томон келар эдилар. Дадам ҳам қучоқларини очиб Ҳумоюнга яқинлашган эдилар.”Онажон, мана мен келдим” дейман. Онам йиғлайдилар. Мен кўз ёшларимни яширишга урунаман.

Кексалик юзларига ажинлар солган онажоним! Бу йил 63 ёшга тўлдилар. 23 ёшида ҳаётдан бевақт кетган раҳматли акам Шуҳратнинг доғи онамни жуда эрта қаритган эди. Мен туфайли онаизоримнинг қайғулари янада кучайганлиги юзларидан кўриниб турарди.

“Онажон, мени кечиринг! Ҳолингиздан хабар ола билмадим. Ўн йил деганда даргоҳингизга қайтиб келган дайди болангизни кечиринг”.

Онамнинг мунгли кўзларига қараб кўнглимдан кечган туйғуларни, ўша пайтдаги руҳий ҳолатимни эслай олмайман. Кейин дадам билан қучоқ очиб кўришдик. Қалбимизда узоқ йиллик айрилиқ сабаб йиғилиб қолган дарду андуҳлар тумандек тарқаб кетганди гўё. Айни шу ҳолатни мен жуда узоқ кутгандим. Туғишганларим билан юз кўришганда қалбимда йиғилиб қолган дардларим арирмикан, бу дардлардан қутулармиканман, деб ўйлаган эдим.

Гарчанд куноро онам билан, ёда дадам билан телефон орқали боғлансак ҳам қалбимдаги бу юкдан халос бўла олмасдим. Сўзлашиб бўлгач дардим яна минг чандон зиёда бўларди. Мусофирликда йиғилиб қолган дардлар тоборо улканлашиб борарди. Дард устига дард қўшиларди. Дард тоғларини емиргувчи куч аслида дийдор экан. Дийдор ҳамма нарсадан улуғ куч экан. Юзим кулса ҳам узоқ йиллик мусофирликдан толиққан қалбим юм юм йиғларди. Мен бу дард тоғларидан озод бўлган эдим. Дардлар худди тумандек тарқаб кетган, қалбим бўм бўш бўлиб қолгандек эди гўё….

Хуллас биз борган кун оиламиз учун ҳам, қишлоқдошларимиз учун ҳам катта байрамга айланиб кетди. Дошқозонларда ош дамланди. Пойқадамимизга ширинликлар сочилди. Устимизга тўн кийдиришди. Ўзбекча урф одатлару қандай удумлар бўлса ҳаммаси қилинди. Олдинлари мен бу каби удумларга эътибор қилмасдим. Бошимдан кечиргач, бу каби одату анъаналар бекорга халқимиз ҳаётидан мустаҳкам ўрин олмаганини англагандек бўлдим.

– Тожикистон махсус хизматидагилар Сизнинг Ватанга борганингиз билан қизиқишдими?

– Махсус хизматлар мени ватанга қайтганимдан хабарлари бўлган бўлса керак. Лекин сафар давомида улар бизга умуман тўсқинлик қилишмади. Биз ватанга сайёҳлик визаси билан борган эдик. Бундан ташқари Швеция фуқаролари эдик. Тожикистон хавфсизлигига таҳдид қиладиган бирор ҳаракатимиз бўлмаган. Бу мамлакатга нисбатан мўътадил позицияда туриб келганмиз. Менимча, улар бу нарсани яхши тушунишади.

– Икки оғиз Сиз туғилиб ўсган Тожикистон билан бугунги мустақил Тожикистон ҳақида фикрингизни билишни истардик… (Иқтисодий, ижтимой ва сиёсий масалаларда)

– Кейинги ўн йил давомида Тожикистондаги ижтимоий сиёсий ҳаёт тубдан ўзгарибди. Тожикистоннинг Хитой билан савдо иқтисодий алоқаларининг яхшилангани, Хитойга эмин эркин бориб келиш имконини берувчи савдо йўллар очилгани, бундан ташқари Россия ва Тожикистон муносабатларидаги яқинлик, меҳнат муҳожирларининг ўз ватанларига юбораётган миллионлаб долларлик сармоялари, мамлакатдаги ижтимоий сиёсий эркинликлар, Тожикистонни таниб бўлмас даражада ўзгариб кетишига сабаб бўлибди.

Бозорларда тўкин сочинлик, арзончилик. Истаган нарсангиз муҳайё. Европада 100 доллар турадиган кийим бошлар, электроника жиҳозларини бу ерда атиги 10 долларга сотиб олиш мумкин…

Биз қишлоқда бир ҳафта турган бўлсак, тўй устига тўйларга гувоҳ бўлдик. Ҳар куни қишлоқдошларимиз бизни ҳурмат қилиб, тўйга таклиф қилишарди. Меҳмондорчиликдан бошимиз чиқмасди. Янги қурилган уйлар сони кўпайибди. Ҳар қадамда қурилиш, ободончилик…

Олдинлари фақат Россияда ишлаб чиқарилган автомашиналарга кўзингиз тушса, ҳозирги кунда Европадан олиб келинган турли русумдаги қимматбаҳо машиналарни кўриб ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Тожикистонда эмас, Европада юргандек ҳис қиласиз ўзингизни. Меҳнатга яроқли ёшларнинг аксарияти Россияда. Улар баҳорда кетиб кузда қайтиб келишади. Ҳаммасининг доимий ишлайдиган иш жойлари мавжуд…

– Энди яна истаймизми, йўқми, барибир сиёсатга қайтишга мажбурмиз. Тожикистондаги бугунги кайфият қалай? Ўзбекистонга нисбатан, ўзбекларга кисбатан ва умуман дунёда рўй бераётган воқеаларга нисбатан (журналистик кузатишлар нуқтаи назаридан)

– Тожикистонда ўзбек тожик деб одам ажратишни кузатмадим. Тайёрагоҳдан чиққан вақтимиздан то қайтиб келгунимча, гарчанд тожикчани яхши билсамда мен атайин суҳбатдошларимизга ўзбек тилида мурожаат қилдим.

Масалан, оддий сомсапаз, магазин сотувчиси ёки такси ҳайдовчиси тожик миллатига мансуб кишилар эди. Улар мени саволимга ўзбек тилида жавоб беришди. Душанбеда ёки Панжикент бозорларида айланиб юрганимизда ҳам шу ҳолат такрорланди. Баъзи сотувчилар ўзбек тилида гапира олмаса ҳам фикрларимни тушуниб саволларимга тожик тилида жавоб беришар эди.

Ўзбек ва тожик халқлари қадим қадимдан аралашиб яшаб келишгани боис уларнинг тиллари ҳам, диллари ҳам, урф одатлари ҳам ўзаро бирлашиб кетган. Ўзбеклар тожиклар билан қиз олиб қиз беришади. Дўппи кийиб юрган тожикни ўзбекдан фарқлаш қийин. Уларни кийиниши ҳам, ташқи кўриниши ҳам бир бирига ўхшайди. Кимнидир отаси тожик бўлса, онаси ўзбек ёки аксинча.

Ўзбек ва тожик халқларининг маданияти, урф одатлари, адабиёти ва санъати бир бирига чамбарчас боғланган. Туркий тилда гаплашса ҳам қирғиз ва қозоқлар ўзбекларга тожиклардек яқин эмас. Бунинг сабабини тарихдан излаш керак….

– Ислом Каримов ва унинг Тожикистонга нисбатан олиб бораётган сиёсати ҳақида оддий тожикистонликлар қандай фикрда. Фақат ростини айтинг, илтимос…

– 1998 йилдан кейин Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматлари ўртасида пайдо бўлган ўзаро совуқлик чегаранинг икки томонида минг йиллардан буён қуда-анда бўлиб яшаб келган бу икки халқ қалбини қаттиқ жароҳатламай қолмади. Тожикистонликлар ўртада чегараларнинг ёпилиши, йўлларнинг тўсиб қўйилиши, виза тартиби ўрнатилиши, тожикистонлик ўзбекларнинг Ўзбекистондан қувилиши ва бошқа ҳодисаларда асосан Ислом Каримов ҳукуматини айблашади. Оддий халқда Каримов ҳукуматига нисбатан кучли нафрат шаклланган.

Совет пайтида ўзбек мактабларига дарсликлар асосан Ўзбекистондан келтирилган. Мустақилликдан сўнг ўзбек тилидаги китоблар ва дарсликлар келиши тақа-тақ тўхтади. Миллиондан зиёд нуфузга эга бўлган Тожикистонлик ўзбекларнинг Ўзбекистон олийгоҳларига бориб ўқишлари учун имконият қолдирилмади. Оқибатда, Тожикистондаги кўплаб ўзбек мактабларида тожик синфлари пайдо бўлди. Бугун мактабларда ва олий ўқув юртларида тожик тилида ўқийдиган ўзбеклар борган сари кўпайиб бормоқда. Балки, бу яхшидир. Давлат тилида ўқиш Тожикистонлик ўзбекларнинг яхши иш топишларига, яхши турмуш кечиришларига катта ёрдам беради.

– Ўзбек мухолифати ҳақида, Муҳаммад Солиҳ ва унинг “Ўзбекистон Халқ Ҳаракати” ҳақида Тожик биродарларимизда маълумотлар нечоғлик мавжуд. Ёки бошқача айтганда, қўшни Ўзбекистон ва дунё сиёсатидан ҳамюртларингиз не қадар хабардор…

– Ўзбек мухолифати ҳақида радиоларда эшитиб, интернетдан биладиган кишилар бордир, лекин улар жуда кам. Оддий халқ ўз ташвиши билан машғул. Қандай қилиб бўлсада пул топиш, рўзғор тебратиш, сармоя тўплаш керак. Тўйлар, турли тадбирлар, гап гаштаклар шу қадар кўпки, улардан ортиб, ўзбек мухолифати нима иш қилаётгани билан қизиқадиган кишини топмадим. Лекин, оддий халқ Ўзбекистонда, Россияда бўлаётган ўзгаришларни синчиклаб кузатиб боради. Ҳар бир хонадонда паробол антенналар бор ва уларда Ўзбекистон ва Россия телеканалларини бемалол кўриш мумкин.

– Мен яқинда Прагага бориб, мухолифат анжуманида иштирок этиб қайтдим. Хотираларимни ўқигандирсиз, ҳолбуки улар ҳали ниҳоясига етмаган бўлса ҳам, дастлабки фикрларингизни билиш мен учун жуда муҳим. Чунки Сиз ёш бўлсангиз ҳам, менинг ёзганларимни эълон қилиб, менга қайсидир маънода маънавий кўмак бергансиз, минбар бериб, руҳий қўллаб қувватлагансиз…

– Эътирофингиз ва самимий, кўнгилдан айтган фикрларингиз учун катта раҳмат, Исмат ака! Журналистлар жамиятнинг виждони, деган гап бор. Виждондан мосуво бўлган ҳар қандай халқ , жамият ёки давлат маҳдудликка юз тутади. Чунки, журналист ҳар бир жамиятнинг юзига ойна тутади. Одамлар бу ойнага қараб ўзларини танийдилар.

Сизни Прага сафари таассуротларингизни сафарга кетиш олдидан қизиқиб ўқигандим. Қайтгач ҳам интернет саҳифангиздан биринчи излаган нарсам ҳам шу таассуротлар бўлди. Чунки, Прагада бўлиб ўтган бу сиёсий тадбирни сизчалик бирор журналист қиёмига етказиб, холис ва ҳалол ёрита олмаслигига ишончим комил эди. Сиз дастлабки таассуротларингизни очиқ ва холис баён қилган эдингиз.

Зотан, минглаб мухлисларингиз сиздан ЎХҲ қурултойи ҳақида ҳақ гапни, субъектив бўлса ҳам холис фикр айтишингизни кутишган эди. Ёдингизда бўлса, Сиз Қурултой ҳақида бор гапни очиқ айтаман деб ўқувчиларингизга ваъда ҳам берган эдингиз.

Мана, ЎХҲ Қурултойида иштирок этиб қайтдингиз. Бу ҳаракат қандай ҳаракат? ЎХҲга қўшилган кишилар кимлар? Уларнинг мақсадлари нима? Нега бу ташкилотга ўта радикал қарашдаги диндорлар аралашиб юрибди?

Нега демократик кучлар, бошқа дунёвий партия ва ҳаракатлар уларга қўшилмаган? Келажакда бу ҳаракатнинг тақдири қандай бўлади? Олдин Андижонлик “акромийлар” ЎХҲдан чиқиб кетишган эди?

Бу гал кўзга кўринган мухолифат вакили Исмоил Дадажонов истеъфо берди.

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти ҳам яқин кунларда хайр хушлашмоқчи?

Бунинг сабаблари нимада?

ЎХҲ уюштирган бу тадбир ҳақида сиз албатта ўзингиз кўрган барча воқеаларни бор ҳолича батафсил ёзарсиз. Чунки, Қурултойда жуда катта тортишувлар, баҳсу мунозаралар бўлгани ҳақида эшитган эдим.

Ўта радикал қарашдаги диндорларнинг сиёсатга алоқаси бўлмаган узундан узоқ, энсани қотирадиган маърузаларини эшитиб туриб, қаттиқ ранжигангизни очиқ баён қилганингизни “Озодлик” радиоси бевосита Қурултой кунлари интернет орқали узатган тасвирлардан кўрган эдим.

Сиз кўпни кўрган, катта сиёсий давраларда бўлган журналист ва сиёсатчи сифатида ўзини мухолифат деб билувчи бу кичик даврадаги ўша кунги ҳолат ҳақида албатта ўз таассуротларингизни ёзишингиз керак.

Токи, халқимиз, кенг жамоатчилик ўзини халқ ҳаракати деб билган бу гуруҳ ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлсин!

Майли кимдир сиздан ранжир, кимдир хафа бўлар. Лекин, бир икки кишининг кайфияти минглаб ҳақталаб кишилар талаби олдида ҳеч нарсадир.

– Суҳбатимиз якунида ўзингиз устозлик қилиб, катта йўлга йўллаган “Дунё ўзбеклари” ҳақида ҳам икки оғиз фикрингизни билдирсангиз.

– ”Дунё Ўзбеклари” интернет газетаси кейинги уч-тўрт ой ичида минглаб ўқувчилар эътиборини ўзига қаратди. Саҳифа мазмунан ранг- баранглиги, оммабоплиги билан қизиқарлидир.

Оддий кишилардан тортиб то давлат раҳбарларигача севиб ўқийдиган бу ажойиб интернет газетани ташкил этганингиз учун сизга кўп минг сонли ўқувчиларингиз номидан ўз ташаккуримни билдирмоқчиман.

“Дунё Ўзбеклари” 2012 йилги энг ўқимишли, жозибали, бетакорор ва гўзал бир саҳифа ўлароқ тарихга кирди.

Суҳбатдош: Исмат Хушев.

www.dunyouzbeklari.com

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn