Эмили Дикинсон: Яратганни кашф этиш

emil dikinsonАмериканинг АҚШда ва дунёда энг кўп ўқилаётган шоираси Эмили Дикинсоннинг 1775 шеъридан 200 тасини таржима учун танладим. Айрим таржималарни ҳавола этаман.

Эмили ДИКИНСОН
(1830—1886)

Эмили Дикинсон— америкалик шоира. У ҳаёти мобайнида ёзган, кейинчалик дафтарларидан топилган бир минг саккиз юз шеъридан ҳаётлигида саккизтагина шеърини эълон қилган. Шу эълон қилинган саккиз шеър ҳам ўша пайтда мавжуд шеърий меъёрларга солиш учун қаттиқ таҳрир этилган. Эмили Дикинсоннинг шеърлари давридаги шеърларга ўхшамаган, Уларнинг сатрлари қисқа, аксарияти номсиз, тиниш белгилари ноодатий, аксар сўзлар бош ҳарфларда ёзилган, ҳар қадамда тире қўйилганди. Аксарият шеърлар ҳаёт ва момот, ўлим ва абадият мавзусида эди… Умрининг деярли ҳаммасини ота уйида, хонанишинликда яшаб ўтди. Илк китоби дунёдан ўтганидан сўнг босилиб чиқди. Бугун Эмили Дикинсон америка ва жаҳон шеъриятининг буюк вакили саналади. У ватанида ва жаҳонда энг кўп ўқиладиган америкалик шоир ҳисобланади.
Америка адабиётининг маликаси ва фахри бўлган, бир умр кафан санаб “оқ кийинган аёл”, ўз шаҳрини то сўнги кунгача тарк этмаган “амхерт асираси” Эмили Дикинсон шеърияти — Яратганни кўкда ва заминда — ҳар гиёҳ ва гулда, булутда ва чумолида, асалари ва инсонда кашф этишдан иборатдир.

***

Қалб – ўз-ўзига хон,
Дўстдир – ҳокимдир,
Ҳам ғанимдан келган жосус – золимдир.
Қалбингга бировни киритма осон.

Ташқи хиёнатдан қўрқмасин ҳеч қалб;
Ишқ сизиб чиқади қалб чегасидан –
Қалбни ич-ичидан асрамоқ лозим,
Қалб қўрқиб туради ўз эгасидан…

 

САБОҚ СОАТИ

Қариб бораётир душманим –
Улгурмасман олишга қасос.
Нафратимнинг йўқолар таъми.

Ўч вақтида қондирилмаса –
Дастурхонда қолган гўшт каби –
Сасир.
Ўлар чанқоғини қондирган ғазаб,
Очлик семиртирар Нафратни, ахир…

 

ТАЗАРРЎ

Тазаррў – ҳамиша хотирга ҳамкор,
Мангу ҳаракатда, саркаш ва қашшанг,
Эшикдан ҳайдасанг – тирқишда тайёр.

Тазаррў қалбингга ёзилар қонда,
Ёзуви чиқади қалқиб, ўчмайди,
Оловда ёнмас у, чўкмас уммонда.

Тазаррў – виждоннинг қийноғи, дарди.
Худо ҳам бу дардга шифо бермас ҳеч.
Виждон – бу дўзахнинг ердаги гарди…

 

ҲЕЧ НАРСА КИТОБГА ТЕНГ КЕЛА ОЛМАС…

Энг учқур елканли кема етолмас,
Манзилдан манзилга зумда ўтасан,
Вароқлар ағдариб борар экансан –
Узоққа – хорижга зумда етасан.

Орзуга етади пулсиз, қувватсиз –
Энг қашшоқ одам ҳам, ўта ночор ҳам
Вароқда учётган шеърнинг сатрини –
Қувиб ета олмас асов тулпор ҳам.

Вароқ-вароқ очиб кўнгил дафтаринг,
Руҳинг учиб борар самовот сари…

 

***

Мен гўзаллик учун. ишқ учун ўлдим –
Ишқдан тирик эдим, бу ҳам тақдир-да.
У эса ўлганди Ҳақиқат учун,
Тўлғониб ётарди қўшни қабрда.

Бир куни сўради: ”Ўлдиришди нечун?”
Жавобин эшитиб жилмайди жўшқин:
Қандай соз! – деди у, – Ишқу Ҳақ учун!
Қандай соз – маслакдош бўлса гар қўшнинг”.

Суҳбатлашиб бунда ётармиз абад,
Ишқ учун ўлганлар, Ҳақ деб ўлганлар.
Пўканак босади қабртошларни,
Исмларни кўмар ўту ўланлар…

 

***

Ҳаёт жуда қисқадир,
Бори-йўғи бир соат,
Кўпми бу – Озми бу –
Бизга боғлиқдир фақат…

 

***
Ажиб бир қўналға – қабристон –
Ҳали ҳеч бир меҳмон қочиб кетмаган –
Тун ернинг хотирасига ёзмоқда гўё –
Ер остининг меҳмонхонаси маккор,
Жуда пухта ўйланган – ҳамма киради,
Ҳеч ким қайтиб чиқолмас зинҳор…

 

ТУҒИЛГАН КУННИ НИШОНЛАШ

Туғилган кун – қувончли эмас –
Қалбингдаги энг кучли оғриқ –
Умринг ўлчовлидир азалдан,
Ҳар куни бир кунга камаяр, ахир,
Яқинлашиб келар азалий тақдир.

 

ҚАНЧАЛАР БАХТЛИДИР ШУ МАЙДА ТОШЧА!

Қанчалар бахтлидир шу бир майда тош!
Йўл четида ётар мақсадсиз, юввош,
Қўрқмайди у сира қийинчиликдан
Ғами йўқ мансабдан, тирикчиликдан.

Унинг ҳам эгнига қачондир, ҳайҳот,
Кўкимтир бир либос ёпмиш Коинот.
Асрий чанг бошида гўёки бир тож,
На шерикка зордир, на дўстга муҳтож,

Туради қалқиниб кўз ёш сингари –
Мустақил кўкдаги Қуёш сингари.
Асрлар кетидан асрлар ўтар,
Тошча йўл четида лапанглаб ётар.

На дийдиё қилар, на чиқарар ун –
Шундай амал қилар Азалий қонун…

 

СУЗАРМИЗ ЭШКАКСИЗ, ОҚИМДА ОҚИБ…

Кемамизни судрар Замон шиддати –
Сузармиз эшкаксиз, оқимда оқиб…
Ортимиз – ноаён, йўлимиз – мавҳум,
Манзилни кўрмасмиз олдинга боқиб.

Умр бўйи – тўфонлар, бўронлар, тўзон.
Қай сорбон ташлади бизларни йўлға?
Довуллар, бўҳронлар қўзғолган замон,
Тайин харитасиз кетяпмиз олға!?

***

Шону Шуҳрат асли – асаларидир –
Гоҳ қанотинг ёзиб кўкка учади,
Гоҳ оҳанги ила эркалар сени,
Сўнг эса бехосдан нишин суқади…

***

Тангрим! Сендан ўзга ҳеч яқиним йўқ,
Бир Сенга очарман дилим – ишқимни!
Кечир, мен ўшаман – Сени унутган,
Лек Сен унутмассан ахир ҳеч кимни?

Йўқ, мен ўзим учун қилмам муножот –
Вужуди қуш каби енгил бир касман,
Худойим, таним деб ташвиш қилмасман,
Бу жуда енгил юк сен учун, ҳайҳот,

Лекин менинг қалбим жуда ҳам улкан,
Юрагимни олгин, мадад бер, тушун,
Бу қалб жуда катта митти жон учун.
Бу ғалати қалбдир – кун сайин ўсар,

Мен унга – тенг эмас.
Мени юк босар,
Мен уни кўтариб юролмам ортиқ,
Келтирдим Ўзингга, дил сенга тортиқ.
Яратган, раҳм айла яратганингга,

Бу дилим оғирлик қилмасми Сенга?

976

 

Ўлим – жуда узоқ машмаша,
Тана билан Руҳнинг суҳбати.
”Ҳамма чирир!” – ваҳм солар Ўлим.
Руҳ айтади: ”Ётдир даҳшатинг”.

Ўлим тортар тупроққа атай,
Руҳ тугатай, дея барини –
Ечиб ташлар – муҳим далилдай –
Лойдан бўлган кўйлакларини…

 

IF YOU WERE COMING IN THE FALL

Чеҳранг туман ичра ғимирлар…
Кузда келаман де, шивирлаб –
Ёзни ҳайдаб, қувиб жўнатай,
Ғўнғирлари жонни қақшатган,
Ойнага ёпишган канадай.

Агар кутиш керак бўлса йил –
Ҳисобларни тезлатиб чиқай –
Ойларимни калава қилиб,
Ўраб, эски сандиққа тиқай.

Магар кутиш шартдир – асрлар,
Мен кутарман – нетарман кутмай –
Ўтсин аср, уммон ортига
Кетиб бораётган булутдай –

Агар дийдор айласа насиб,
Бунда эмас – ўзга дунёда,
Мен ҳаётни ечгум – пўчоқдай –
Отланарман сайри фанога –

Аммо – афсус – келишинг гумон –
Келар йўлинг қопламиш тумон –
Бу айрилиқ – шимар жонимни,
Оч сўнадай – сўрар қонимни…

THE GOING FROM A WORLD WE KNOW

Бу фанодан бақога кўчмоқ –
Болаларнинг ўйини каби –
Чўққиларга тинмай осилмоқ –
Тоғ ортида – нима бор, қани?

Тоғ ортида – ўзга бир Олам,
У шодликми ёки дардмиди –
Нега керак эди шунча Ғам –
Тоққа тинмай чопиш шартмиди?

THE GRAVE MY LITTLE COTTAGE IS

Қабрим менинг – увоқдек кулбам,
Мен бу жойни шинам тутарман –
Садоқатли аёллар каби
Ёрим, сени бунда кутарман.

Ахир, мангу эмас айрилиқ,
Чархи даврон битта айланар,
Руҳ – кўкка, тан ерга жойланар,
Иккимизни қўшар мангулик…

***

Бизни мукофотдай олади қабр,
Қайсар, лекин узоқ қилар ов.
Бошимизга тақар албат гулчамбар —
Етишар бир умр пойлаган куёв.

***
Муҳаббат — ҳаётдан кўра қадимроқ —
Ўлимдан қарироқ — ундан Давосиз.
Муҳаббат — Дунёга келиш Сабаби,
Дунёдан кетишнинг Мағзи, Маъноси.

***

Оловдан ёдгорлик эрур — Кул —
Ёниб-ёниб тугайди буткул —
Тамом сассиз тугайди, ҳайҳот,
Милтир-милтир яшалган Ҳаёт.

Олов нурда бўлади содир —
Аммо бир кун чўғлари ўчар.
Оксидланар — юз берар недир —
Буни билар фақат Кимёгар.

***

Ўлим, етар, энди дарвозангни оч —
Ичкарига олгин ювош жонларни!
Келдик, кўрдик, юрдик — бўлдик жонталош—
Сўнгги манзили шу — Саргардонларнинг.

Сокин қабулхонанг — қоп-қора Оқшом,
Танимизда титроқ — Сукунат —Чақин —
Ўлим —
Ақл бовар қилмас тарзда — Мушфиқсан —
Чидаб бўлмас тарзда — жудаям Яқин…

***

Жуда одми эрур шамолнинг иши —
Ҳовуздаги сувни қалқитмоқ равон,
Елканни силкитмоқ,
Мартни чақирмоқ
Ҳамда Озодликни қилмоқлик эълон!

***

Нимага арзийди банданинг сири,
Майда асрорлари — бемажол дийда —
Тангрининг триллион йиллардан бери
Асраб келаётган сири олдида —

Содда довдирларни қолдириб ҳайрон,
Оғизни очгандан тинмай бетоқат —
Яхшидир — ўлгунча — сассиз яшамоқ,
Тангри жимлигига қилиб садоқат —

Инглиз тилидан Карим БАҲРИЕВ таржималари.

www.facebook.com

www.munosabat.org

 

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn