Миршариф Хўжаев: Ҳодарвеш шамоли (давоми)

mirsharif akaХотира – қисса

(51- 71 қисмлар)

51

Синов муддатимнинг уч ойи ўтган кун эди. Меҳнат қонунчилиги бўйича мени синаш вақти тугаган, аммо муҳаррир талаби билан яна шунча давом этиши лозим. Келган хатларни топшириш учун савдо, саноат ва қурилиш бўлимига кирдим. Мудир – Манноп Нажмиддинов хатларга кўз югуртира туриб, чўнтагидан бир сўм (рубл) чиқарди-да, юзимга қарамай, уни менга узатди:
–Ма, магазиндан бир пачка “Казбек” (папирос тури) оп ке! – деди.
Пулни олмай туравердим. У киши ҳайратланиб, бошини хатдан кўтарди.
–Эшитмаяпсанми?
–Эшитдим, папирос келтиришга вақтим йўқ, – хотиржам гапирдим.
–О-о-о, какие важные люди появились у нас, Исо!? (Бизда қанақа жиддий одамлар пайдо бўлибди, Исо!?). – Бошқа столда ўтирган шу бўлим ходими Исо Абдураҳмоновга мурожаат қилди Манноп ака.
–Ҳали синов муддати тугамай, бунча дағдаға!
–Ҳақиқат бўлганида, бугун синов муддати тугарди, – мен ҳам кесатдим-да, хонадан чиқдим.

Исо Абдураҳмонов бир сўмни олиб, ортимдан эргашди.
–Сиз Манноп акани ҳали билмайсиз, у киши билан бу ерда ҳеч ким бунақа қўпол муомала қилмайди, ўзингизга ёмон бўлади. Нажмиддинов партком (коммунистлар партиясининг таҳририятдаги ташкилоти котиби демоқчи), унинг фикри билан ҳатто муҳаррир ҳам ҳисоблашади. Сиз эса ҳали синовдан ўтмай, шунчалик ўсал қилдингиз, – насиҳатомуз гапирди у.
–Ошиб борса, синовдан ўтмайман, жонимни олмайди-ку, – бўш келмадим.
Феълимдаги қўрслик аломатини мутлақо жиловлай олмаслигимни сездим. Ҳеч бўлмаганда, олти ой нафас ютиб юришим кераклигини билардим-у, уддасидан чиқолмади. Шу кайфият билан маданият бўлимига кирдим. Мудир – Суръат Орипов:
–Э-э, шоири олам, сизни кўраман деб тургандим. Аҳмаджон ака бир иш буюрганди, бир ҳафтадан буён вақт ажратолмайман. Рус тилидан қандайсиз? – дея хуш кайфият билан қарши олди.
–Рус тилини бирмунча тушунаман.
–Ундай бўлса, менга ёрдам берасиз. Мана бу газетадаги бир мақолани ўгириш керак, – деб “Правда”ни узатди.
Унда СССР Министрлар совети ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясининг раиси Виктор Кириллов-Угрюмовнинг мазкур тизим ишини тубдан қайта қуришга бағишланган ярим бетлик мақоласи босилган экан. Мақолани уйда туни билан таржима қилдим. Эрталаб вақтли ишга бориб, машинкада бостирдим. Суръат акага топшириш учун йўлакдан бораётганимда, муҳаррир олдимдан чиқди. Саломимга алик олмади-да:
–Қўлингиздаги нима? – деди.
Довдираб қолдим ва тўғрисини айтдим. У мақолани олди ва хонасига қайтиб кетди. Ишим маъқул бўлмаса, бугун таҳририят билан хайтлашишни кўнглимга тугиб, йўлакнинг у ёғидан бу ёғига қатнай бошладим. Орадан ярим соатлар ўтгач, муҳаррир хонасидан чиқди. Шу аснода масъул котиб Самариддин Сирожиддинов кўринди. Мухторов менга эътибор бермади-да:
–Самариддин ака, одам шунақаларни кўрса, просто қувониб кетади, – дея мақолани у кишига тутқазди.
Самариддин ака гапни тушунмади ва индамай, бир муҳаррирга, бир мақолага назар ташлади. Аҳмаджон ака мени имо қилиб чақирди.
–Бу йигитни синаётганимизни биласиз. Бугун у синовдан ўтди, – деди-да, қабулхона томонга қараб, – Шоира, деб котиба ва кадрлар бўлими ходимини чақирди.
Котиба кўрингач:
–Бу кишига шу бугундан бошлаб, масъул котиб ўринбосариликка буйруқ чиқаринг! – топшириқ берди у, мени кўрсатиб.
Масъул котиб ўринбосари деярли бўлим мудири қаторидаги вазифа эди. Ҳатто бўлим мудири имзолаган мақолани кўриб, тузатишлар киритиш, қайтариб бериш ҳуқуқига эга. Бу жиҳатдан мудирдан юқори туради дейиш ҳам мумкин. Самариддин ака боши катта, юзлари думалоқ, узун қора сочларини орқага силлиқ тараб юрадиган, мулойим феълли, босиқ киши эди. Хонасига кирганимизда, мени ёнидаги стулга ўтиришга таклиф қилди.
–Яхшигинамисиз? – Самимият билан ҳол сўради.
Нарпай, Пахтачи, Каттақўрғон ва бизнинг Қарши томонларда шундай сўрашишади. У киши хаёлимда биз томоннинг одамига ўхшаб кўринди ва Манноп аканинг кечаги беписандлиги, бугунги муваффақиятим-у, бу одамнинг самимиятидан кўнглим аллатавр бўлди, ўпкам тўлди. Самариддин ака таржимамнинг ҳар бир бетига назар ташлади.
–Буни қаранг, Аҳмаджон, бирон жойига қалам тегизмабди, – ҳайрат билдирди масъул котиб. – Унинг қувонганича бор, бунақаси камдан-кам бўлади.
Масъул котиб мақолани ўқий бошлади. У киши кийган костюм ёқаси чап томон олд қирраси ҳамда енги учининг хиёл тивити чиққан, кийимларида башанглик сезилмасди. Демак, қўшимча даромади йўқ, фақат ойлик маошга ишласа керак, деб ўйладим. Анча вақтдан кейин бошини кўтарди-да:
–Яхши мақола экан, – деди. – Бугунги муваффақиятингиз билан табриклайман, укажон! Лекин айтиб, қўяй, мухбирнинг нони тошдан қаттиқ. Бунга чидаган охиригача боради. Шуни эсдан чиқарманг.

52

Туш пайти хонамда иш билан банд эдим. Маноп Нажмиддинов ўтирадиган қўшни хонадан аёл кишининг баланд овози кела бошлади.
–Ака, ман сизни яхши биламан, андижонликсиз, ҳамюртмиз, ман ҳам қўқонлик, – деди хотин. – Шўрпешона эканман. Яккаю ёлғиз қизим, водийда одам зоти қуригандек, латтабошилардан эр танлади.
Бу қайнонамнинг овози эди. Юрагим шувиллаб кетди. Чунки у киши университетда ўқиб юрганимда, ёзувчилар уюшмасида ишлаган давримда орқамдан бориб, шундай шарманда қилган эди. Энди бу ерга келибди. Ичим така-пука-ю, гапга қулоқ солиб ўтирибман. Нажмиддинов гап нимадалигини яхши англай олмади шекилли:
–Тушунтириброқ гапиринг, сингилхон, – деди.
–Муҳаббат деган гапни ўйлаб топганни уйи куйсин, ака. Қизим шўрлик, бир қашқадарёлик юзинг куйгурни тузоғига илиниб қолган. У безбет фарзандим билан орамизни бузиб қўйди. Ҳатто чақалоқ қилганидан кейин роддомдан уйимга олиб кетсам ҳам, ўша турқи совуқни орқасидан қочиб кетди.
–Хўш, бунга редаксияни нима дахли бор? – Қўрслик билан сўради Манноп ака.
–У барака топмагур латтабош шу редаксингизда ишлайди-да. Отинг ўчгурни фамилияси ҳам қизимни фамилиясидай – Хўжаев.
Ораларига сукунат чўкди. Анча вақтдан кейин Нажмиддинов:
–Шунақа денг, – деди.
Тағин узоқ жимлик бўлди.
–Хўжаев-ку безбетдур, оммо қизингиздаям бир қамчи бўлмаса, шу сиз айтган, латтабошини орқасидан эргашармиди? – Фикрини изҳор қилди Манноп ака.
–Ҳой-ҳой, нима деяпсиз, сиз қизимни кўрмай, хулоса чиқарманг, у паришта! – деди ҳаяжон билан қайнонам.
–Паришта бўлса жинни орқасидан эргашадими? Нима қиласиз менга ақл ўргатиб! Кўр-кўрни қоронғида топган-да.
–Эсиз, эсиз, редактор обедда, парком Нажмиддиновга киринг, дейишганда, шундай гап бўлишини кўнглим сезганди-ёв. Келиб-келиб мурожаат қилган кишимни қара-ю.
–Чиқинг беттан, вақтимни олманг! – буйруқ берди Манноп ака.
–Ҳой, андижонлик алкаш, мани билмайди деб ўйлаяпсанми? Сани кимлигингни жа-а-а яхши биламан-да. Ҳозир ҳиннагингдан (ёқангдан) олиб, тўғри Қодировни (Владимир Николаевич Қодиров – вилоят партия қўмитасининг биринчи котиби) олдига элтаман. Ўша ерда бу гапларинг учун жавоб берасан! Ҳе-е-е, турқинг қурсин! Йигирма тўрт соатда Самарқанддан изингни қуритаман, билдингми!?
Стул тарақлаб, қайнонам ўрнидан турди. Хонам эшигини ичкаридан беркитиб, роса кулдим. Қайнонамни менга ҳамла қилган айиқ устига қўйиб юборилган қопағон итга ўхшатдим…
Кунлар шу тарзда ўтиб борарди. Масъул котибнинг икки ўринбосари бўлиб, бири – Тугалбой Музаффаров, иккинчиси – мен эдим. Масъул котиб Самариддин аканинг хафақон касали хуруж қилиб, кўзларига қон қуйилди. У киши касалхонада эди. Котибиятнинг ҳамма иши Тугалбой билан иккаламизнинг бўйнимизда қолган. Ишимиз жуда оғир. Ҳар кун ишлардиг-у, газета чиқаришга навбати билан, кунора, масъул эдик ва шундай дамларда бир кеча-кундузлаб таҳририятда қолиб кетардик. Зиммамиздаги вазифалардан ташқари муҳаррир иккаламизга газетанинг босилишига навбатчи муҳаррирлар имзо чеккиб, рухсат берганидан кейин уни тўласинча ўқиб чиқишни, махфий тарзда, топшириб қўйганди. Биз – масъул котиб ўринбосарлари, икки ўт орасида эдик. Навбатчи муҳаррир масъулиятни бўйнига олиб, имзо чеккандан сўнг уни ўқиш раҳбарга нисбатан ҳурматсизлик ва ишончнсизлик белгиси эди. Ўқимасак, бирор хато ўтгудек бўлса, муҳаррир жавобини ўринбосарларидан эмас, биздан сўрарди.
Ишимизни бирмунча енгиллаштирадиган ҳолатлар ҳам бор эди. Жумладан, билимдон журналист сифатида Манноп Нажмиддинов, Суръат Орипов, Қудратилла Мизомов сингари кекса, тажрибали бўлим мудирлари имзо қўйган мақолаларни муҳаррир ҳам, ўринбосарлари ҳам, деярли кўришмасди. Босмахонага топшириш тартибига кўра, улар расмият учун имзо чекишарди. Шу боис биз, масъул котиб ўринбосарлари, уларнинг мақолаларига умуман қарамасдик.
Навбатчилик кунларимдан бирида Манноп ака ёзган бош мақола (газетанинг ўша кунги асосий мақоласи ва унга энг кўп қалам ҳақи тўланарди) биринчи бетга жойлаштирилиши керак эди. Навбатдаги сонга жойлаштириш учун мақолани олиб, биринчи бетига назар ташладим. У: “КПСС (коммунистическая партия Советского союза – Совет иттифоқи коммунистлар партияси) апрель пленуми қарори янада ривожланган республикамиз иқтисодиётини мустаҳкамлаш йўлида қўйилган янги қадам бўлди”, деган гап билан бошланган эди. Кўзларимга ишонгим келмади. Чунки КПССнинг пленуми бўлмасди, КПСС Марказий қўмитасининг пленуми дейилиши лозим эди. Бу эътиборсизлик билан ўтиб кетгандир деган хаёл билан, мақоланинг бошқа жойларига ҳам назар ташладим. Иккинчи марта ҳам у шу тарзда ёзилганди. Демак, Манноп ака бунинг фарқига бормаган, деб ўйладим. Иккинчидан, “янада ривожланган республикамиз иқтисодиётини” эмас, “республикамиз иқтисодиётини янада ривожлантириш” деб ёзилиши керак эди. Бу гапда ҳам сийсий, ҳам мантиқий хатога йўл қўйилганди. Камчиликни тузатдим-да, қизиқчилик учун, уни ўқий бошладим. Пойма-пой ёзилган жумлалар жуда кўп, республикамиз ялпи ички маҳсулоти кўрсаткичи саноат ишлаб чиқариши кўрсаткичи билан чалкаштирилган, энг ёмони, “Ўзбекистон КПСС раҳнамолигида ижтимоий-тарихий тараққиётнинг феодализм босқичини четлаб ўтиб, социализм қуришга киришди”, дейилган гап эди. У замон тарихлари ва сиёсатшунослигида “Ўзбекистон КПСС раҳнамолигида ижтимоий-тарихий тараққиётнинг капиталистик (феодалистик эмас) босқичини четлаб ўтиб, феодализмдан тўғридан-тўғри социализм қуришга киришди”, дейиларди. Бу ўша давр учун ниҳоятда катта сиёсий хато саналарди ва газетада босилгудек бўлса, муҳаррир ишдан олиниши мумкин эди. Бу хатоларни, табиийки, тузатиб чиқдим. Мақола бўялиб кетди ва, ноилож, уни машинкада қайта босиш учун машинкачи хотинга бердим-да, “буни ҳеч кимга кўрсатманг”, дея огоҳлантирдим ва иккинчи марта босилганидан кейин, биринчи нусхани тортмамга ташлаб қўйдим. Ўзим ва машинкачи ходимдан бошқа ҳеч ким буни билмади. Эртаси куни мақола босилиб чиқди. Манноп ака ўзгаришларни сезмади. Аммо сир бой бермайман деган машинкачи Манноп акага киноя билан: “сиз ҳам қарибсиз, мақолангизни таҳрирдан сўнг қайта босдим”, дебди.
Муҳаррир билан эртанги кун сонини режалаштириб ўтирган эдик. Хона эшиги очилиб, Нажмиддинов кирди.
–Аҳмаджон Ғуломович! Срочно редколлегияни тўплашингизни илтимос қиламан, – ҳаяжон аралаш гапирди у киши.
–Бахайр, Манноп ака, нима гап? – ажабланди муҳаррир.
–Йиғилишда ҳаммасини тушунтираман, Аҳмаджон Ғуломович!
Шундай деб, у киши эшикни ёпди. Аҳмаджон ака оғзини очди, иягини ўнг ва чапга ҳаракат қилдириб, кериштирди ҳамда тили тагига нос ташлади.
–Яна нима бало қўпди экан? – ҳайрат аралаш столи тагидаги тугмачани босди.
Эшикни очган котибага:
–Редколлегия аъзолари, котибият ходимлари, ҳамма бўлим мудирларини тўпланг! – буюрди.
Йиғилишни муҳаррир очди ва:
–Редколлегия аъзоси, партия ташкилотининг секретари Манноп Нажмиддиновичнинг коллегия аъзоларига айтадиган зарур гапи бор, сўз сизга Манноп Нажмиддинович! – деди.
–Редакцияда редакторни ҳам, тажрибали бўлим мудирларини ҳам назар-писанд қилмайдиган айрим афлотунлар пайдо бўлганини биласизларми, ўртоқлар? – лаблари хиёл қалтираб гапирди Манноп ака.
Қўлидаги газетанинг бугунги сонини очиб, бош мақолани кўрсатди.
–Бу бош мақолани мен ёзганлигимни биласизлар. Кеча у таҳрир қилиниб, қайта машинкада босилибди. Машинисткалар бугун мени калака қилишди. Бу ҳолга чек қўйилмаса, эртага ҳаммамиз ўша донишмандларнинг оёғига тиз чўкишимиз ҳеч гап эмас.
Гап мен ҳақимда кетаётганлигини сездим-у, муҳаррирдан рухсат сўраб, ташқарига чиқдим ва Манноп ака ёзган мақоланинг тортмамга ташлаб қўйилган, бўялган, нусхасини олиб, йиғилишга қайтиб кирдим. Ҳамма сергакланган ва у афлотун кимлигини билолмай туришарди. Муҳаррир:
–Бу гапдан менинг хабарим йўқ, балки ўринбосарларим кўришгандир, – деди-да, муовинларига қаради. Улар ҳам елка қисишди. Ўрнимдан туриб:
–Мақолани мен кўрганман, – дедим.
Қишлоқ хўжалик бўлими мудири, давангирдай салобатли киши – Қудратилла Мизомов:
–Ол-а-а! Мақола эгасига тушибди, – зарда билан гапга аралашди.
Ҳамма муҳаррирнинг оғзига тикилиб турарди. Аҳмаджон ака менга қаради-да, босиқлик билан:
–Мақола таҳрирталаб эканми? – сўради.
Бош мақолани у кишига тутқаздим. Муҳаррир унинг биринчи бетини очди-да, сукут сақлаб турди.
–Манноп ака, КПСС пленуми қандай ёзилади? – Мухторов бирданига Нажмиддиновга мурожаат қилди.
–Аҳмаджон Ғуломович, сиз ҳам менинг савиямдан шубҳаланяпсизми? – жаҳл аралаш саволга савол берди Манноп ака.
–Мен шубҳаланганим йўқ, шунчаки сўраяпман.
–Буни энди оддий мухбир ҳам билади-ку, Аҳмаджон Ғуломович, шу ҳам имтиҳон бўлдими?
–Нима бўлганда ҳам, КПСС пленуми қандай ёзилишини айтинг.
–У-ф-ф, – оташин тарзда гапирди Манноп ака. – КПСС пленуми деб ёзилади. Тушунарли бўлгандир?
Мухторов мийиғида кулди.
–Яшанг, буни сиздан кутмагандим. Маълумотингиз учун айтай, КПСС пленуми бўлмайди, КПСС Марказий комитетининг пленуми бўлади, ўртоқ секретарь!
Хонага сув сепгандек сукунат чўкди. Ҳамма ҳайрон эди.
–Бу ҳали ҳолва, – гапини давом эттирди муҳаррир, –бу ёғига эътибор беринг: республика ялпи ички маҳсулоти кўрсаткичи билан саноат ишлаб чиқариши кўрсаткичини чалкаштиргансиз. Бу ҳам ҳеч нарса эмас. Мана бу гапга қулоқ солинглар: “Ўзбекистон КПСС раҳнамолигида ижтимоий-тарихий тараққиётнинг феодализм босқичини четлаб ўтиб, тўғридан-тўғри социализм қуришга киришди”, деб ёзибди Манноп Нажмиддинович. Хўжаев эса: “Ўзбекистон КПСС раҳнамолигида ижтимоий-тарихий тараққиётнинг капиталистик босқичини четлаб ўтиб, феодализмдан тўғридан-тўғри социализм қуришга киришди”, деб тузатибди. Отасига раҳмат бу йигитни. Агар Манноп ака ёзган гап газетага чиқиб кетганида, бугун мен обкомда партбилетни қўйиб, иш билан хайрлашардим.

53

Манноп Нажмиддинов таҳририятдаги энг иқтидорли ва қаттиққўл журналистлардан эди. Бош мақолада бирор сабаб билан камчиликлар ўтган бўлиши керак. Балки “мен ёзган нарсани раҳбарлардан ҳеч ким кўрмайди-ку”, деган бепарволикдан келиб чиққандир. Нафсиламри тан олинадиган бўлса, биз, ёшлар, мақола ёзиш сирларини улардан ўрганганмиз. Бугун гирибонимдан олиш имкониятига эга бўлмаган кишини “билмасвой”га айлантириб қўйишим, удан зўр эдим дейиш билан баробар. Аслида ундай эмас. Фақат Манноп аканинг феълидаги терслик мендаги қўрсликдан ҳеч фарқ қилмасди. Шу боис биз бошида бир-биримизни тўғри англай олмаганмиз.
Бу фикрлар ҳозир миямда айланяпти. Ўшанда, таҳрир ҳайъати йиғилиши тугаганидан кейин, хонамга мағрур шердек кирганман ва хаёлимда Нажмиддиновни мана бунақа енгадилар, деб, муштимни тугиб, осмонга кўтариб силкиганман. Шу чоқ эшик очилиб, хонага Манноп ака кириб келди ва:
–Куёв бола, қўлни беринг, – деди.
Саросимага тушиб, ўнг қўлимни чўздим.
–Баракалла! Сизнинг ёшингизда ўзим ҳам шунақа эдим. Бу – яхши,– самимий гапирди ака.
Ўриндиққа чўкди-да, чўнтагини ковлаб, папирос қутисини чиқарди. Қути бўш эди, уни ғижимлаб, чиқиндилар ташланадиган қутига улоқтирди.
–Сиз ўтириб туринг, мен ҳозир келаман, – дедим-да, тезда кўчага чиқиб кетдим ва яқиндаги дўкондан бир қути “Казбек” олиб, қайтиб кирдим.
Манноп ака ҳали ўтирган экан. Папиросни ёнидаги стол устига қўйдим.
–И-и-и, нима қиляпсиз? – хижолат тортди.
–Папирос буюрганингизда қилган беодоблигим учун узр сўрайман, – астойдил айтдим.
–Водийга куёв экансиз, билмабман. – Мавзуни бошқа томонга бурди у киши. – Келин бола билан муносабатингиз яхшими?
–Ёмон эмас, бир ўғлимиз бор.
–Қайнонангиз қандай?
–Ҳамма қайноналардек, – сир бой бермадим.
–Яшанг, мана бу – йигитни гапи. Билиб қўйинг, орамиздан ҳеч қандай гап ўтган эмас.
У киши хонадан чиқиб кетди. Қандай ажойиб одам деб ўйладим.
Шу пайт муҳаррир ўринбосари Очил Тўйчиев кириб келди. У киши жуда хурсанд эди. Остонадан ҳатлади-ю:
–Офарин, мулло Миршариф! Мана ин кори зўр шуд (мана бу зўр иш бўлди), – деди завқ билан.
Илгариги алам ҳоври сусайганиданми, бу гап ёқмади.
–Агар малол нагиред, дар ин мавзў гап заданро немехоҳам (сизга малол келмаса, бу ҳақда гаплашишни истамайман), – у кишининг хурсандчилигини баҳам кўрмадим.
–Бале, ана ин кори мард (баракалла, мана бу марднинг иши), – Манноп аканинг гапини такрорлади.

54

Очил Тўйчиев шароитга қараб мен билан муомала қиларди: иккаламиз ёлғиз бўлганда тожик тилида, бировларнинг олдида ўзбекча гаплашарди. У киши тожикча гапини тугатиши асносида хона эшиги очилиб, муҳаррирнинг яна бир ўринбосари Отахон Хўжаев кўринди.
–Э-э, эшон бобо, келинг! – у кишини ичкарига чорлади Очил ака. – Бу эшонбача ман билан гаплашмоқчи эмас, – арз қилди ёши олтмишларга борган Отахон акага.
–Сиз бу киши билан эҳтиёт бўлиб гаплашинг, Очил Тўйчийич! Ёшлар ҳозир шунақа бетгачопар, худбин бўлиб боряпти. Кеча газетани ўқиб, имзо чекиб кетганимдан кейин бу йигит тўрт саҳифани қайтадан ўқиб чиқибди.
–Дарвоқе, мулло Миршариф, нима гап? Навбатчилар манга ҳам шундоқ дейишёпти, ман ишонмадим.
Индамадим.
–Сукут – аломати ризо. Демак, ўқияпти, – луқма ташлади Отахон ака. – Ё Аҳмаджон топшириқ берганми? Ундай бўлса, биз, ўринбосарларига жавобимизни бериб, сизларни ўрнимизга қўйсин-да.
Жуда хижолат тортдим. Улар ўқигандан кейин, деярли ҳар кун, жидди-жиддий хатолар топилаётганини ҳеч ким тан олгиси келмайди. Аммо иззат нафсларига тегилаётганини зарда билан айтишади. Қизариб кетганимни сезган Очил ака гапни бошқа ўзанга бурди:
–Отахон ака, бу гапларни қўйинг, ҳозир бу баччани Манноп сойкелдини…, – шундай деди-ю, жимиб қолди (Чунки самарқандликлар қишлоқдан, туманлардан ва бошқа вилоятлардан бу шаҳарга келиб қолганлар номини “сойкелди”, яъни сойдан келган, шаҳарлик эмас дея масхаромиз тилга олишади. Очил Тўйчиев оғзидан бу сўз нохос чиқиб кетди-ю, Отахон Хўжаев ҳам, мен ҳам шаҳарлик эмаслигимизни эслаб, хижолат тортди), узр, бу сўзни сизларга дахли йўқ. Чунки сиз, Отахон ака, Чархиндан (шаҳар яқинидаги қўрғон), тожикчани ҳам, ўзбекчани ҳам бир хелда биласиз. Бу-ку, тожикчани қийиб қўяди. Маннопга ўхшаганларни сойкелди деса бўлади. Хуллос, уни бу мулло бугун боплагани билан табрик қилинг.
–Ҳа, бунақаси бу яқинда бўлмаган эди, – Отахон ака у киши гапини маъқуллади.
Кейин девордаги соатга қараб:
–Тушлик вақти бўлибди, – деди.
Отахон ака биздан ажралиб, хонаси томон кетди. Очил Тўйчиев билан ошхона томон жўнадик. Йўлда рус тилида чиқадиган “Ленинский путь” газетасининг бўлим мудири, муҳарриримизнинг жўраси Фёдор Слухов бизга қўшилди. Учаламиз ошхонага кирганимизда, Очил ака бир столни банд қилди-да:
–Мулло, манга бирта карамшўрво, макаронлик қийма котлет, шўр помидор, нон, компот олинг, – топшириқ берди.
Биз ҳам Очил Тўйчиев буюрган таомларни олдик. Очил ака сифати паст макарон ва қийма гўштдан пиширилган котлетни катта косадаги карамшўрва устига ағдарди. Тақсимчадаги тузлаб, қирқилган хом помидорни, ўзига тегишли бир бўлак нонни ҳам бурдалаб солди. Стол ўртасида турган исқирқ пластмасса идишдаги майдаланган қизил қалампирдан бир чимдим олиб, овқатига сепди. Ранги қорайиб кетган алюмин қошиқ билан коса ичидагиларни аралаштирди. Фёдор Слухов овқатига эътибор бермай, у кишининг ҳаракатларини, анграйганча, кузатиб турарди. Очил ака ишларини саранжомлади, қошиқни лиммо-лим тўлган косага тиқиб:
–Бисмилло, – деди.
Фёдор Слухов ортиқ чидаб туролмади.
–Ачил Туйчийич, это что за еда? (Бу қанақа овқат?)
–Федя, ты што, решил меня аскарблять? (Мени мазах қилмоқчимисан?)
–Боже упаси, что вы! (Худо сақласин, қўйсангиз-чи).
–Ваши русские, Федя… а-а-а, ты же еврей – ашкинази, да ладно, не имеет значения, русские говорят, что насчёт вкуса не спорят. Вот от такой еды я получаю удоволствие, понял? Как ты кушаеш, мне противно. Вот так. И нашу молодёжь, в этом отношении, испортили. Они не разбираются, как ты, во вкусе еды. Вот на нево смотри, – менга ишора қилди. (Сизларнинг русларингиз, Федя… а-а-а, сен яҳудий – ашкиназисан-ку, майли, фарқи йўқ, руслар таъб масаласида тортишмайдилар, дейишади. Мана шунақа овқатдан ҳузур қиламан, тушундингми? Сенинг овқатланишингдан кўнглим айнийди. Шунақа. Бизнинг ёшларни ҳам, бу масалада, буздинглар. Улар, сенга ўхшаб, овқат таъмини билишмайди).

55.

Фёдор Слухов овқатини апил-тапил еди-ю, ҳеч нарса демай, туриб кетди.
– Ин жуҳуд манва (тожик тилидаги гаплар Самарқад шаҳар шевасида бериляпти) тумшуқ кард. (Бу жуҳуд менга тумшуқ қилди (мендан ўпкалади), – деди Очил Тўйчиев.
Столимиз ёнидан ўтиб кетаётган Отахон Хўжаев менга ишора қилиб:
–Очил Тўйчийич, шу йигитни ҳам ғирт тожик қиласиз-ов, – дея ҳазиллашди.
–Бўлди-бўлди, эшон бобо, бу мулло билан энди ўзбакча сўзлашамиз. Редакцияда тожик шундой ҳам кўпайиб кетган, – киноя қилди у.
Кейин овозини баралла қўйиб:
–Ўз шаҳрингда она тилингда рухсат сўраб гаплашасан-ей, астағфурулло, – дея кесатди. – Кетдук, мулло!
Ошхонадан чиққач, мени хонасига таклиф қилди. Эшикни ичкаридан қулфлади, электр сув қайнатгични чинни чойнакка солиб, сув қуйди ва симни девордаги розеткага тиқди.
–Мулло, Нажмиддиновни бош мақоласини кўрибсиз. Кечаги “Совет демократияси” деган бош мақолага назар ташламадингизми? – ўсмоқчилаб сўради Очил ака.
–Уни муҳаррир ёзган, ўқимадим.
–Ўқиш керак эди. Муҳаррир Худо эмас-ку. Ё у ёзган нарсани таҳрир қилиб бўлмайди деб ўйлайсизми?
–Таҳрир қилиш мумкиндир, лекин мен қилолмайман.
–Муҳаррир бирон нарсани бафуржа, қўлда ёзмайди. Машинка ёнида ўтириб, айтиб туради. Бу тарзда ёзадиган журналист ўлди дегани. Бу-ку майли, мақоладаги фикрлар киши кулгисини қистатади. Нима эмиш, совет демократияси дунёдаги энг мукаммал, энг тўғри демократия эмиш. Э-э, балота гирам, мулло (э-э, балонгни олай, мулла), бу қуруқ сафсата! Бор-йўғи битта партия ҳукмрон бўлган мамлакатда қандоқчакин демократия бўлиши мумкин? Демократия – кўпфикрлилик дегани. Коммунистик партия фикридан ташқари бизда яна қандоқчакин фикр бор? Шу ҳам демократиями?
Очил Тўйчиев қизариб кетди. Ўнг қўли бош бармоғини кафтига қисиб, бошқа тўртта бармоғи билан патакдек чатишиб кетган жингалак сочлари орасини қашиди, чап қўли бош ва шаҳодат бармоқлари билан оғзининг икки кунжини силади.
У киши айтган гаплар мен учун мутлақо тушунарсиз, сирли эди. Шу аснода Владимир Лениннинг демократия ҳақида айтган гапларини эслашга уриндим. Хаёлимга ҳеч бир фикр келмади. Фақат совет демократияси мақталганини эсладим ва ҳайратимни яшира олмадим.
–Сиз Ленинга ҳам қаршимисиз?
–Балонгни олай, мулло, бу қонхўр тузумни асосчиси Ленин-ку! Демократияни мазоғ қилиш ўшандан бошланган-дия. Бу жамият коррупциялашган, милиция тасарруфидаги, тоталитар, милитарлашган (тиш-тирноғигача қуролланган) жамият. Ленин зўравонлик билан оқпошшони оғдариб, ҳокимиятни қўлга киритган, шуни биласизми?
–Революция бўлганини биламан, лекин уни зўравонлик деб айтишмайди-ку!?
–Бале, ким ўзини ўғри, муттаҳамман, деб тан олади? Муҳарриринг ҳам ўша қаллобларни бири, газета – нодемократик сиёсат маддоҳи. Очиғини айтсак, ҳаммамиз ҳам шундой. Ўз тилингда эркин гаплашолмасанг, кўнглингдагини очиқ айтолмасанг, ҳар бир йўталганинг ҳақида ҳисобот берсанг, шу ҳам ҳаёт бўлдими? Ман бундоқчакин демократияга туф дедим, жўр-ра! Локин бунга чек қўяман, ана кўрасиз-да. Редакторинг – мансабпараст, бу эронибаччани охири ямон бўлади. Ман-ку кўрмайман, сиз уни охири қандой якун топганига гувоҳ бўласиз, мулло.
Бу гапдан бутунлай эсанкирадим. Америка Қўшма Штатларидек улуғ давлат билан баҳсма-баҳс курашиб келаётган Совет давлатини бу жиккак одам нима қилиши мумкин, деб ўйладим. Нима қилса қилар, аммо совет тузуми тўғрисидаги фикримни бутунлай чулғаб ташлади. Сув қайнади, у розеткадан симни суғуриб, ёзувлари ўчиб кетган кофе идишидан кепакдек майдаланган, паст навли чойдан бир чимдим олиб, чойнакка солди. Уч марта қайтариб, пиёлага қуйди-да, менга чой таклиф қилмай:
–Сизга жавоб, мулло, – деди.
Асан Гаспарали берган китобдан алланималарни ўқиган эдим-у, бунақа фикрларга кўзим тушмаганди. Бу гапларга ишонмай десам, ҳаммаси тўғрига ўхшайди, ишонай десам, СССРдаги икки юз эллик миллион киши эътиқод қўйган ғояларнинг ёлғонлигига шак келтириш қийин эди. Кун бўйи гангиб юрдим. Эртаси куни Очил Тўйчиев хонасига таклиф қилишди. У ерда хона соҳибидан ташқари яна бир киши ўтирганди. Бегона одам салом-аликдан сўнг:
–Сиз кеча, тушлик пайти Очил Тўйчиевич билан овқатландингиз-а? – дея савол берди.
Гапни маъқулладим.
–Очил Тўйчиев Фёдор Слуховни “ты, еврей – ашкинази”, деганини эшитдингизми?
–Йўқ, – ажабландим.
–“Ин жуҳуд манва тумшуқ кард”, деганиничи?
–Уни ҳам эшитганим йўқ.
–“Редакцияда тожик шундай ҳам кўпайиб кетган”, деганини ҳам эшитмадингизми?
–Эшитмабман.
–Қизиқ, “Ўз шаҳрингда она тилингда рухсат сўраб гаплашасан-ей, астағфурулло”, деганини ҳам эшитмагансиз, албатта.
–Шундай.
–Қулоғингиз оғир эмасми?
–Ҳали қулоғимдан нолиганим йўқ.
Суҳбатдошимнинг ичдан тажанглашаётгани сезилиб турарди. Аллақанча муддат жим турдид-да:
–Очил Тўйчийич, бунга сиз нима дейсиз? – дея у кишига мурожаат қилди.
–Нимага, мулло? – Ўзини гўлликка солди Очил ака.
–Айтган гапларингиз масаласида-да.
–Ҳа, мулло, уларни ҳаммасини айтганман.
Бу жавобдан мендан кўра сўроқ қилувчи қаттиқроқ ажабланди.
–Демак, айтган гапларингизни тўла тан оласиз?
–Албатта, мулло. Мани дадам ялғон айтишга ўргатмаган. Кечаги гапларни оқизмай-томизмай сизга етказишган. Ўша одамни ажри – катта мукофот, мулло.
–Шуларни бир варақ қоғозга тушириб бера оласизми?
–Йўқ, мулло. Айтилган гап – отилган ўқ. Ман уни қоғозга туширмайман. Агар ҳозир айтганимни тасдиқлайдиган яна бир айғоқчи топсангиз, марра сизники.
“Терговчи”нинг авзои бузилди. У менга қараб:
–Очил Тўйчиев ҳозир айтган гапларни ҳам сиз эшитмадингиз, албатта!? – деди.
Индамадим.
–Мана бу энг демократик мамлакатдаги аҳвол, мулло, – деди Очил ака менга.
Меҳмон бошқа ҳеч нима демай, чиқиб кетди. Тўйчиев ўрнидан туриб, ёнимдаги стулга келиб ўтирди.
–Ман бир тажриба ўтказдим, мулло.
–Қанақа тажриба?
–Сизни бу ердагиларни айримлари КГБ (Давлат хавфсизлик комитети)ни агенти дейишади, биласизми шуни? (Айнан шу гапни 2013 йил 5 сентябрь куни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Сулаймон Ҳусаинов яна бир марта каминага эслатди. М.Х.).
–Биринчи марта эшитяпман.
–Бале. Ман ҳам ишонмаган эдим. Бугун шуни исботладим.
–…
–КГБ ходими ҳозир сўраган гапларни кеча, атайлаб, ҳаммага эшиттириб айтдим. Бу гаплар у идорага тўла етиб борди. Сўғун сизни хонамга киритиб, эшикни қулфлаб, демократия, Ленин, маддоҳ газета-ю, муҳаррир ҳақида энг ямон гапларни гапурдим. КГБшник бу гапларни эшитмабди. Иккинчидан, КГБ ходими агентини бегона одам олдида тергав қилмайди. Сизни эса мени олдимда сўроқ қилди. Бундан қандой хулоса чиқади, мулло?
У менга синчков савол назари билан тикилди.
–Хулоса шуки, сиз агент эмассиз.
Бу одамнинг турган-битгани жумбоқ эди. Очил ака шу гаплардан кейин кўп ўтмай, вилоят теле-радио комитетига ишга ўтиб кетди ва ўзини осди. Шунда у кишининг: “Локин бунга чек қўяман, ана кўрасиз-да”, деган гапини эсладим.

56.

Газетамиз жамоаси икки нарса: бири, унинг 1917 йилда Санкт-Петербургда содир бўлган давлат тўнтариши (оқпошшонинг тахтдан ағдарилиши) дан бир мунча муддат илгари ташкил топгани, демак, шу тарихий воқеага бевосита бўлмаса-да, билвосита ҳисса қўшганлиги ва иккинчиси, иккини жаҳон уруши йилларида Шароф Рашидовнинг муҳаррир бўлганлиги билан фахрланар эди. (Ҳозирги жамоа эса октябрь инқилоби билан алоқадорлигини тан олмай, тарихларини Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 1913 йилда ташкил этган “Самарқанд” газетаси билан боғлайдилар). Шу нуқтаи назардан қараганда, газета жамоаси ўзини жуда нуфузли деб биларди.
Саҳифаларида ҳақиқат, одамийлик ҳақида баландпарвоз гапларни ёзадиган рўзномамиз таҳририятига арз билан келган аёл кишининг ёқасига сувсар териси тикилган қимматбаҳо пальтоси йўқолди. Бу хабарни эшитган бош мусаҳҳиҳ Зубаржад Маҳмудова йиғлади. Эшик олдида қоровуллик қилувчи баджаҳл Флора хола:
–Это позор и срам, – дея, шаънимизга баҳо берди.
Қирқ йилдан буён мухбирлик қилиб, бунақасини кўрмаган, таҳририят хотин-қизларидан ҳам уяладиган Бобоқул ака Имомовнинг катта юзлари қизариб, пешонасидан тер чиқди. Ҳамманинг алами ичида эди. Бунақа ҳодисалар илгари ҳам бир неча марта бўлганди-ю, йўқолган нарсалар бугунгидек қимматбаҳо эмас ва жабрланганлар ҳам ўзимиздан эди. Шунинг учун уларга унчалик эътибор берилмаганди. Бугун эса ҳақиқат излаб келган киши нарсаси йўқолганди. Мен илгариги воқеалар тафсилотларини, ҳеч кимга сездирмай, ўзимча, “таҳлил” қилиб юргандим ва бировдан гумоним бор эди. Шуни ўйлаб, кўпчиликнинг олдида ”ўғрини ушлаймиз”, дедим, дабдурустдан.
–Ҳазилни қўйинг, укажон, ҳозир ҳазиллашадиган пайт эмас, – дея зарда қилди Зубаржад опа.
Қўли қалбликда гумон қилаётганим мусаҳҳиҳ қари қиз Собира Султонова ниҳоятда хушфеъл, юзлари сутга чайилгандек тиниқ ва чертсангиз, ёрилгудек семиз, бели “йўқ” эди. Билмаган аёл дерди, қирқилмаган зулфлари эса бокиралигидан далолат берарди. (Самарқандда турмушга чиқмаган қизлар зулфларини қирқишмайди).
Сувсар тери ёқали пальто йўқолганидан кейин талай вақт ўтди, ҳаяжонлар босилди, ўғри ҳам нафасини ростлади. Мен – писмиқ, шу вақт мобайнида уни обдан кузата бошладим, аммо ҳеч нарсани аниқлай олмадим. Бу орада каминани бўлим мудири қилиб тайинлашди.
Таҳририятда уч мусаҳҳиҳ бўлиб, каттаси Зубаржад Маҳмудова, қолган иккитаси тенг ҳуқуқли – Собира Султонова ва Мастура Бобожонова эди. Қорамағиздан келган, шикастафеъл қиз – Мастуранинг отаси яқинда вафот этгани, онаси касалманд бўлганлиги туфайли, бутун бошли рўзғор у оладиган саксон сўмлик ойлик маошга қараб қолганди.
Таҳририятда навбатчилик кунларимдан бирида газетанинг дастлаб тайёр бўладиган икки бетини ўқувчи, яъни биринчи мусаҳҳиҳ Собира соат йигирма иккиларда ишини тугатди. Иккинчи мусаҳҳиҳ – охирги саҳифаларни ўқиётган Мастуранинг ярим соатларча иши бор эди. Иккаласи деярли бир жойда яшарди. Навбатчи машина Собирани олиб кетиши ва қайтиб келгач, тағин ўша томонга Мастура билан жўнаши лозим. Шуни ўйлаб, Мастурага: “қолган ишларингни менга ташлаб кетавер, охирига етказаман, машина беҳуда икки марта бориб келмасин”, дедим. У хурсанд бўлиб, хатолари тузатилиши керак бўлган бетни олганча, босмахона томонга кетди. Ортидан мен ҳам бордим. Йўлакдан кетаётганимда Собира ўз хонасида эмас, Мастура ишлайдиган хонада, эшик томонга қараб турганди. Мастура босмахонадан тезда чиқди, мен эса саҳифаловчи ишчи билан куймаланиб қолдим. Газета нусхасини қўрғошин билан қолиплаш учун олишгач, таҳририятга қайтдим. Энди намуна сон босилгунча яна бир соатлар кутишим керак.
Ўша куни жамоага ярим ойлик маош тарқатилганди. Йўлакда икки мусаҳҳиҳнинг баланд овозда можаро қилишаётгани эшитилди. Мастура юм-юм йиғлар, Собира эса қасам ичаётганди. Айтишларича, Мастура қирқ сўм (тўртта ўн сўмлик) маошини олган ва охирги марта босмахонага киришдан олдин, кўнгли сезгандек, пулларини кўриб, столи ғаладонига ташлаган. Қайтиб келгунича улар йўқолган. Собира эса бугун маош олмаган; қасам ичиб, саноччасини (чарм қопчиғини) ҳаяжон билан очаётганида, қўлтиғига қистирилган дафтари ерга тушади-ю, тўртта ўн сўмлик сочилиб кетади. Шунда у: “Бугун дўкондан нарса олаётганимда битта эллик сўмликни майдалатгандим”, деб важ келтиради. Хуллас, учаламизнинг орамизда қирқ сўм йўқолди.
Таҳририятда яна шов-шув бошланди. Мастура Собирани ўғриликда айблади. Чунки у ердаги учинчи киши – мен, улар ишлайдиган хоналарга кирмаганлигимни иккаласи ҳам биларди. Шу боис хотиржам эдим. Орадан бир кун ўтиб, муҳаррир масалани муҳокамага қўймоқчи эканини, Собира эса таҳририят биноси яқинидаги савдо дўконидан пул ўғирланган кун эллик сўмликни майдалатгани тўғрисида маълумотнома олганини айтишди. Гумондор эллик сўмлиги бўлганлигини ҳужжат билан исботласа, ўғри мен бўлиб чиқаман.
Ўғрилик масаласи муҳокамаси бошланди. Муҳаррир хонасига ўндан ортиқ киши тўпланган. Биринчи жабрдийда Мастура воқеа қандай содир бўлганлигини айтди. Кейин Собиранинг фикри эшитилди. У ўрнидан турди-да:
–Мен гапни сал узоқдан бошламоқчиман. Бундан бир неча ой аввал бу бойғизи (бойғизи – саҳройи, мақтанчоқ) корректурага кириб, нохос менга ёпишди ва ўпмоқчи бўлди, – деди мени кўрсатиб, – қаттиқ тарсаки туширдим; йўлакка бориб йиқилди ва “сен булҳавасга (енгилтакка) буни жавобини кўрсатаман”, деб дағдаға қилди. Мана энди ҳамма батанг (хафа). Пулни ўғирлаб, бир бежурм (бегуноҳ) муштипарга тўҳмат қиляпти.
Рўмолчасини олиб, кўзларини артди. Муҳаррир:
–Сиз ўша кун маош олмаган экансиз, қирқ сўм қаердан пайдо бўлди? – деб сўради.
–Ҳа, ўша кун маош олмагандим. Лекин ёнимда битта эллик сўмлигим бор эди. Дўкондан совун, атир, тароқ олиб, уни майдалатгандим. Буни исботлайдиган ҳужжатим бор.
Қўлидаги “маълумотнома”ни муҳаррирга узатди. У киши қоғозни очиб ўқиди. Таҳририятнинг оғзи катталаридан бири, қишлоқ хўжалиги бўлими мудири Қудратилла Мизомов:
–Бундай сиёқи совуқлар билан бир коллективда ишлаш биз, булағолар (сўз устаси, қалам аҳли) шаънига мутлақо ярашмайди. Бир соро қизга бундай таадди қилиш саркашлик, – деди истеҳзо билан.
Маданият бўлими мудири Суръат Орипов унга эътироз билдирди:
–Бадлафзлик ҳам эви билан-да, Қудратилла ака. Бадииятга меҳр қўйган кишидан бунақа пасткашлик чиқишига ишонмайман!
–Биз бадлафз бўлдиг-у, сиз – бадмаст (ичиб юрувчи), санохон (ҳаммани мақтовчи) оқилга айландингизми? – кестиб деди Мизомов.
–Тише, ўртоқлар! Ҳали Султоновадан бошқа ҳеч ким бировни ўғри деган эмас. Ўйлаб гапиринглар, – луқма ташлаганларга дакки берди муҳаррир. – Энди сўзни гумондордан эшитамиз.
Сомон тиқилган қопга ўхшаш қизни “қучоқлаб, ўпмоқчи” бўлганлигимни тушимда ҳам кўрмагандим. Аввалига жуда тажанглашдим. Бу гапдан ҳаяжонланганимни сездирсам, “ўғрилигимни” ўзим исботлаб қўйишим мумкин эди. Шу боис совуққонлик билан сўз бошладим.
–Собирани қучоқлаганим ёки қучоқламагнимни мен, у ва Худодан бошқа ҳеч ким билмайди. Кечгача тортишсангиз ҳам буни исботлаб бўлмайди, – дедим. – Ҳозир бизнинг ўпишишимизни эмас, йўқолган пул масаласини муҳокама қиляпмиз.
–Маладес, – деди муҳаррир.
–Собира гўё савдо қилган ўша дўконга бордим. Ўғрилик содир бўлган кунда эллик сўмликнинг дўконда майдаланганлигини мудир билмас экан. Яқинда шогирдликка қабул қилинган қиз Собирага маълумотнома ёзиб берибди. У: “таҳририят ходими шундай маълумотнома бермасанг, кейин сен билан бошқача гаплашамиз, деганидан сўнг қўрқиб, ёзиб бердим , деди”. Мудир эса ҳар кун банкка топшириладиган пуллар рўйхат қилинадиган дафтарни очиб, ҳайрон бўлди. Бахтимга, ўша кун дўконга эллик сўмлик пул умуман тушмаган. Дўкон мудиридан сўраб, ҳужжатимни қолдириб, тилхат ёзиб, ўша дафтарни олиб келдим. Мана у.
Дафтарни муҳаррирга узатдим-да, гапимни давом эттирдим.
– Бундан ташқари дўкон мудири шогирди ёзиб берган маълумотнома ҳақиқий эмас деб менга ҳам ҳужжат берди ва уни муҳри билан тасдиқлади. Собиранинг маълумотномасига эса муҳр қўйилмаган.
Бу гапдан кейин ҳамма жимиб қолди. Муҳаррир Собирага қараб:
–Ўрнингдан тур! – деди сенсираб. – Ҳозир ер ёрилиб, унга кириб кетсанг яхши эмасми, инсофсиз!? Чиқ, йўқол! Бугундан бошлаб таҳририятга қадамингни босма! Бухгалтерияга айтамиз, унинг маошидан Бобожонованинг пули ундириб олинсин. Йиғилиш тамом.
P.S. Ишдан шу тарзда ҳайдалган Султонова бир неча муддатдан сўнг вазифасига қайтадан қабул қилинди.

57.

Халқ депутатлари вилоят советининг (у пайтлар шундай деб аталарди. Ўша давр атамалари қандай айтилган бўлса, бундан кейин ҳам шундай берилади. М.Х.) сессияси бўлди. Муҳаррир мени ҳам газета совет қурилиши (Советлар (маҳаллий кенгашлар) ҳаётини ёритиш) бўлими мудири сифатида мажлисга олиб борди. Сессия ўтадиган жойга борганимизда ҳамма залга киритилган, фақат бир неча киши кириш эшиги олдида туришганди. Икки салобатли раҳбар бир чеккада алоҳида суҳбатлашишар, етти-саккиз ташкилотчи эса, улардан узоқроқда, сергак туришарди. Муҳаррир сервиқор икки киши олдига шошиб борди; мен ҳам эргашдим.
–Нормуҳаммад Жўраевич, бугунги докладингизни ёзган молодой редактор мана шу, – деб Мухторовни кўрсатди серсавлат кишилардан бири иккинчисига.
Новча Нормуҳаммад Жўраевич ҳеч нарса демай, муҳаррирга қўл узатди; менга қарамади ҳам. Нарироқда турган қорамағиздан келган ташкилотчилардан бири менга еб қўйгудек тикилди-да, осилиб турган ўнг қўлини деярли қимирлатмай, кафти ва кўзлари билан “у ердан қоч” ишорасини қилди. Орқага тисарилдим. Муҳаррирга биринчи бўлиб қўл чўзган пурвиқор киши:
–Бектош Раҳимович, ичкарига кирамиз, –деди.
Шунда бу икковидан бири вилоят партия қўмитасининг биринчи котиби Бектош Раҳимов эканини билдим. Сессия бошланиб, унинг ишида Республика Министрлар советининг раиси Нормуҳаммад Жўраевич Худойбердиев иштирок этаётгани айтилди. Маърузасини муҳаррир ёзиб берган киши шу экан.
Мажлисда бошқа масалалар қатори, вилоятда чорвачиликни ривожлантириш муаммолари ҳам муҳокама этилди. Сўз навбати Худойбердиевга берилганда у киши Мухторов ёзган нутқ матнини кўкрак чўнтагидан чиқарди-да, минбарнинг четига қўйиб, қоғозсиз, ўзбек тилида гапира бошлади…
Мажлис тугаганидан кейин биз таҳририятга қайтдик. Муҳаррир мени чақириб, столи устидаги жомадондек келадиган тасмали магнитофонга ишора қилди-да:
–Мана бунда Нормуҳаммад Жўраевични сессияда сўзлаган нутқи ёзилган. Облисполкомдан шуни рус тилига таржима қилиб беришни сўрашди, – деди. – Уни хонангизга элтиб, русчалаштиринг.
“Ҳурматли депутатлар, ўртоқлар!” деб бошланган эди нутқ. “Мана, бугун ҳаммамиз сессияда ўтирибмиз. Жонажон Коммунистик партиямиз ветеринария соҳасига катта эътибор бераётганини биласизлар. Вилоятларингиз ҳар йил гўшт, сут, тухум, жун топшириш планини ошириб бажараётгани докладда айтилди. Шу темпни туширмаслик керак. Биздан партияни талаби шу. Ветеринария соҳасига ўртоқ Леонид Ильич Брежнев ҳам, политбюро аъзолари ҳам, айниқса, КПСС политбюроси аъзолигига кандидат, ҳаммамиз учун ҳурматли Шароф Рашидович Рашидов ҳам биринчи даражали вазифа деб қарашади (қарсаклар чалинган. М.Х.). Бу меҳрибонликни битта мисол билан исботламоқчиман: Ўзбекистон Компартияси марказий комитети бюроси аъзоси, Ўзбекистон ССР Олий Совети раиси (Олий Совети Президиуми раиси бўлиши керак. М.Х.) Назар Маткаримович Матжонов, аввало, ветеринар, кейин ҳур Республикамиз қонун чиқарувчи органи раиси. Бу билан ҳар бир депутат фахрланиши керак. (Нутқ гулдурос қарсаклар билан бўлинган.М.Х.). Партия ва ҳукуматимиз бундан кейин ҳам облисполком (халқ депутатлари вилоят кенгашлари ижроия комитетлари раислари демоқчи. М.Х.) раисларини ветеринарлардан сайлаш тажрибасини давом эттиради. (Аслида партия ҳам, ҳукумат ҳам бу орган ишига аралашмаслиги керак. М.Х.). Бу тажриба ўзини оқлаяпти. Қонун чиқарувчи орган тепасида ветеринар турса, ҳам чорвачилик ривожланади, ҳам қонун чиқарувчи орган иши жонланади (?)”.
(Дарҳақиқат, шундан кейин Республика мустақилликка эришгунича халқ депутатлари Самарқанд вилоят совети ижроия комитети раиси бўлиб ветеринарлар – А.Йўлдошев ва Т.Қиличев ишлашди. М.Х.).
Министрлар совети раисининг нутқида на таҳлил, на далил бор эди. Чорвачилик маҳсулотлари топширишда “темпни туширмаслик керак”, деган қуруқ кўрсатма ва қонун чиқарувчи ҳокимият тепасида ветеринар бўлиши керак деган мантиқсиз гапдан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Уни таржима қилиб, муҳаррирга топширдим.
Шу сессиядан кейин Аҳмаджон Мухторов Н.Худойбердиевнинг барча катта маърузаларини ёзиб берувчи республикада ягона кишига айланди. Министрлар совети раиси маъруза қилмоқчи бўлса, Аҳмаджон Мухторов машинкачи хотин билан Самарқанддан Тошкентга хизмат сафарига чақириларди ва бир неча кун шу иш билан банд бўларди.
Таҳририятда совет қурилиши бўлими мудири сифатида маҳаллий советлар фаолиятини ўрганиш билан жиддий шуғуллана бошладим. Бу орган партия ташкилотларининг “думига” ўхшарди. Бирор ишни партия ташкилоти кўрсатмасисиз бажармасди. Партия ташкилоти нима билан шуғулланса, ўшани такрорларди, холос. Худойбердиев айтган “ҳур (мустақил) республикамиз” Олий совети эса Москвадан кўрсатма бўлмагунича, бирорта қонун қабул қилолмасди. Халқ депутатлари советлари жаҳондаги демократик сиёсат амалиётига тақлид сифатида, яъни уч ҳокимиятнинг алоҳида-алоҳида фаолият кўрсатиши тамойилига гўёки амал қилинаётганини кўрсатиш учун тузиб қўйилганди. СССРда бошқарув тизгини, чинакам демократик мамлакатлардагидек, қонун чиқарувчи, ижроия, суд ҳокимиятлари қўлида эмас, асосий ва ҳеч қаерда учрамайдиган тўртинчи ҳокимият – партия ташкилоти тасарруфида эди. Халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари раислари бир йўла ҳам қонун чиқарувчи, ҳам ижроия ҳокимиятга раҳбарлик қилишарди. Улар республика ва ҳатто СССР Олий Совети депутати ҳам бўлишарди. Бу эса демократия талабининг бузилганлигини кўрсатарди, яъни, қонун чиқарувчи ва ижроия ҳокимиятларнинг бир-биридан мустақил орган сифатида фаолият олиб бориши тамойилини бузарди. (Бир киши ҳам қонунчилик, ҳам ижроия ҳокимият раҳбари эди).
Шу ўринда чекиниш қилишга тўғри келади. Республикамизнинг нуфузли журналларидан бири яқинда мамлакатимиз парламентаризми масалаларига бағишлаб бир сиёсатшунос олимнинг мақоласини чоп этди. Олим унда Республикамиз парламентаризми ҳозир жаҳон демократик парламентаризми талабларига тўла жавоб беради деб ёзди. Ваҳоланки, советлар даврида вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари қандай тузилган бўлса, у органлар ҳозир ҳам шундайлигича қолмоқда. Яъни, халқ депутатлари вилоят, шаҳар, туман кенгашлари раислари ҳам қонунчилик (маҳаллий кенгашлар) органи, ҳам ижроия ҳокимиятга (ҳоким сифатида) раҳбарлик қилишади. Вилоят, айрим шаҳар ва туманлар ҳокимлари республика Олий Мажлиси Сенатининг аъзолари. Бунда “уч ҳокимият” тамойили бузилган.
Совет тузуми шароитида қўғирчоқ республиканинг қўғирчоқ парламенти фаолият кўрсатарди, дейиш мумкин. Бу органлар иши хусусида яна бир мисол: халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ижроия комитетининг раиси Акрам Худойқулов раҳбарлигида бир гуруҳ вакиллар Туниснинг Кайруан шаҳрига сафарга бориб келган. Ўшанда Самарқанд билан Кайруан биродарлашган эди. Муҳаррир делегация раҳбари Худойқулов билан суҳбатлашиб, газетага сафар таассуротлари ҳақида, у кишининг номидан, мақола тайёрлашни топширди. Худойқулов билан учрашдим. Серсавлат, сўтактийнат (соддафеъл), оқсоч раис Тунис таассуротлари ҳақида ошиб-тошиб гапирди.
–Укажон, бу Тунис дегани зўр жойакан, – гап бошлади у киши. – Аэропортдан бир ресторанга олиб бордилар, биллоҳ, бундоқчакин маишатни ман кўрмаганман. У ердаки буди-будойни (буди-будой – қўшиқ номи. М.Х.) эшитсангиз…Сўғун бир мачитни кўргаздилар, ана бузургворлик, мана бузургворлик. Бизни Регистонлар уни олдига басо (кўп) майда кўрунаду, ука. Шу мачитни олдига байтул латаф деган иморат боракан. Бизни тилга фоҳишахона дейдулар. Шаҳар мэри манга кўз қисиб: “таманно, таманно”, дейду. Тушунмай, переводчицадан сўрадим. “Истагинг қандой?” деб перевод қилди. Бир ишкал чиқаришидан қўрқуб, бизга мамну (тақиқланган), деб, бақавли баччага ўхшаб басо кулдим. Сўғун Кайруанга бордук. У ерга ҳам маишатни зўр қилдилар. Хуллос, батанг (зерикиш) бўлмадук, жўра. Ўзимизга ўхшаб у мамлакатга зиндиқ (Худога ишонмайдиган) ҳам, диндор ҳам кўпакан. Янгангизга ёқасига синжоб (олмахон териси) тикилган бир палту олдим. У ерга беқадракан; иссиғ-дия. Локин сабиҳ (гўзал) заифалари ҳам бисёр. Акун улар бизга келаду, жўра. Биз ҳам шундой кутиб оламиз. Меҳмондорчилигимизни биласиз-ку…
Бу ижроком раисининг таассуротлари эди. Газета учун ҳеч нарса ололмадим.
–Бирор нарсани ёзиб олмадингизми? – қизиқдим.
–Э-э, жўра, ман сиздак роқимми (роқим – хат ёзувчи)? Ҳаммасини айтиб бердим-ку. Ҳа, айтгандак, газит учун бир янгилик айтишим мумкин. Кайруан мэри манга:
–Усмон Мусҳафи сизларга. У жудо ноёб нерса деди. Ман Усмонниям, Мусҳафниям тушунмадим. Охир певодчица: “Қуръонни бир нусхаси сизлардаякан. Ўшани атаёпту”, деди. Қуръон бизларга кўп. Қайси нусхани айтаёпту, деб боз сўрадим. “Усмон нусхаси” деди. Усмон Қуръонни кўчирган хаттотми, ким у деб савол бердим. Переводчица кулмоқдан иштонини ҳўл қилди-ёв. Кулмоқдан тўхтади-дия, Усмон бу – халифа, Муҳаммадни халифаси деди. Хай, подруга, ман, коммунист, халифани қаёқдан билай, дедим-дия, акун сан бу мэрингга ўзинг билган гапни перевод қил. Ман бу саволингни ваабше тушунмадим, дедим. Сўғун ресторанга ўтирганимизда переводчицадан Усмонниям, Қуръонниям бафуржа сўраб олдим. У Кайруан мэрига нима деб тушунтирганини Худо билади, ўзи билади. Сиз бу ҳақда эшитганмисиз? – менга мурожаат қилди, ижроком раиси.
–Ҳа, биламан, – дедим.
–Ана-а, ундой бўлса, ишимиз осон кўчаду. Сиз билганингизни мани номидан ёзаберинг, жўра.
Таҳририятга келиб нима қилишни билмадим. Университет кутубхонасига бордим-да, Тунис ҳақида нима бўлса, сўраб олдим ва уйга келиб, у мамлакат давлат тузилиши, иқтисодиёти, маданияти ва бошқа кўп нарсалар ҳақида талай маълумот тўпладим, Акрам Худойқулов номидан катта мақолани тайёрлаб, газетага бердим. Орадан бир неча кун ўтиб, вилоят миқёсида уюштирилган бир йиғилишга бордим. Акрам Худойқулов мени узоқдан кўрди-ю, шошиб олдимга келди.
–Э, жўра, Тунисга ман борганми, сиз барганми? – ҳаяжон билан сўради. Ҳаммасини кўргандак ёзибсиз-ей. Ман у гапларни сизга айтмаган эдим-ку!? Уларни қандой билдингиз? Ҳаммаси тўғри. Ўша биз борган бузургвор мачитни номигача тўғри ёзибсиз. Газитга ўқиб, ёдимга тушди, қойил-е-е! – қўлимни қисиб, силкитди.

58.

Муҳаррир мени хонасига чақириб, ёнида ўтирган одамга ишора қилди-да:
–Акани танийсизми? – деди.
–Йўқ.
–Вилоятимиздаги таниқли юристлардан бири, – изоҳ берди. – Маҳаллий советлар ҳақида мақола келтирибдилар, кўрасиз-да.
Шу пайт эшик очилиб, Бобоқул Имомов кўринди. Ичкарига кирди-ю, “яхшимисизлар?”, деганча, қўлидаги машинкада босилган мақолани муҳаррирга узатди ва шошиб чиқиб кетди.
–Имомовни кибри жудо баланд-дия, – аллақандай киноя оҳангида гапирди маҳаллий советлар тўғрисида мақола келтирган киши.
–Йўғ-е-е, – эътироз билдирди Мухторов, – танишмисизлар?
–Бир гузарданмиз. Кўрдингиз-ку, мен билан ҳатто сўрашмади. Яқинда худойига таклиф қилгандим, кирмади ҳам.
–Бирон нарса деб хафа қилгандирсиз-да. У кишида кибр деган нарсанинг нишонаси ҳам йўқ. Аксинча, баъзида хоксорликни меъёридан ошириб юборади.
Меҳмон келтирган мақолани олиб, хонадан чиқдим. Таҳририятда ишлайдиган уч қиз йўлакдан қаҳ-қаҳ уриб келишаётган эди. Бобоқул ака қўлида чинни чойнак билан уларга рўбарў бораётганди. Қизлар яқинлашишганда Бобоқул ака орқасини деворга қилиб, уларга йўл бўшатди ва ўнг қўлини кўкрагига қўйганча, кўзларини ерга тикиб: “хўш, хўш”, деди. Қақажон қизлар бунга эътибор ҳам беришмади. Бу ҳолатдан ажабланиб, “Сиз нега уларга йўл бўшатдингиз, ахир, акси бўлиши керак-ку”, дедим.
–Ҳа, акун ёшлар-дия, укажон. Улар йўл бўшатди нима-ю, ман бўшатдим нима? Киринг, чой ичамиз.
Бу одам жуда ғалати эди. Маҳалладошининг ҳозиргина айтган гапи ҳам мени қизиқтириб қўйганди. “Чой ичгани” кирдим. Ул-бул ҳақида гаплашиб ўтирдик.
–Муҳаррир хонасидаги киши маҳалладошингиз экан-а, – ўсмоқчилаб сўрадим.
–Ҳа, у кишиям Ялангбек гузаридан.
–Бизга мақола келтирибдилар, қандай одам? – қизиқдим.
–Ямон йўғ, ҳаммадак.
–Ҳаммани ичида яхши ҳам бор, ёмон ҳам…
–Ҳа, акун ямондан кўра яхши кўп, укажон. Гузаримизга ҳар хел одам бор. Баъзелари камбағалдан юлиб, Худога қарз берадулар. Ҳ-ў-ў, охиратга жойимни жаннатга қилсун деб. Ундой хайрлардан узоқроғ юрган яхши, укажон.
Муҳаррир меҳмонининг: “Яқинда худойига таклиф қилгандим, кирмади ҳам”, деган гапининг маъносини энди тушундим.
–Кеча магнитафун кўтариб юрганийдингизми? – савол берди Имомов.
–Ҳа, Нормуҳаммад Худойбердиевни сессиядаги маърузаларини таржима қилдим.
–Қандой, зўр гапурибтиларми?
–Э-э-й, бир ғалати бемаъни гапларни гапирибдилар.
–Иби-иби, Худойбердиев жонибига (тўғрисида) ундой деманг, укажон. У одам валий! Сиз у кишини билмасакансиз-дия.
–Сиз яхши танийсизми?
Бобоқул ака оғзини юмиб, “ҳм” деди-да, қошларини силади.
–Ман у одамни тизасига ўтурганман, – суҳбатдошим кулди.
Ҳайратланганимни сезиб:
–Э-э, укажон, бу гапларга кўп замонлар бўлди. Акун гапурсанг, баччала чол матал айтопту, деб калака қиладулар.
Чойдан қуйди-да, бир ҳўплаб, анча вақт жимиб қолди.
–Авволки редактур Лутфулло акани Малик Наврўзуф деган муовини бор эдилар. Бир йил қиш жудо қаттиғ келди. Обкумга (вилоят партия қўмитаси) йиғилиш бўлиб, биринчи секретар: “Фориш (у пайтлар Жиззах вилоятининг Фориш тумани Самарқанд вилоятига қараган) тарафларни қор босиб кетган. Алоқа йўқ. У ёғдаки бечораларни аҳволи нима бўлобту, билмаймиз”, дебтула. Шу йиғилишга иштирок қилган Малик ака мани чоқуриб: “Эртага Форишга бир ҳафтага камандировкага борасиз. Чорводорларни аҳволидан хабар олиб, репортаж ёзасиз, обкум секретарини бир қойил қилайлук”, дедилар. Форишни бир сафхўзига (совхозига) минг азоб билан бордим. Идорадан ҳеч кимни тополмадим. Одамлардан қўй отарлари қаердалигини сўраб, пиёда йўлга тушдим. Қор шундоқчакин кучлик ёғоптики, кўз очиб бўлмайду. Бир соатлар юрганимдан сўғун арқамдан бир занжирлик трактор етиб келди. Кабинада икки киши бор эди. Трактор олдимга келиб тўхтади. Тракторчи эшикни очиб: “арқага илашиб олинг, бирга кетамиз”, деди. Чунки ичкарида учинчи киши сиғмасийди. Ҳаво шундоқчакин савуғки, ҳич айтадигандак емас. Тракторни прицеп тоқадигон темури устига чиқдим-дия, қўлимни палтумни енги ичига тортиб, кабинани ушлаб олдим. Ярим соатлар юргандан кейин савуққа чидаш қийин бўлди. Аёқларим ҳич нерсани сезмайдигон бўлди. Трактор тўхтади. Ҳайдавчи олдига ўтирган одам эшикни очди-дия:
–Кабинага киринг! – деди.
–Сиғмайман-ку, – дедим.
–Чиқинг, чиқинг, сиғамиз! – фармон берди у одам.
Кабинага кирдим. Жой йўқ эди. Мани чоқурган киши: “тизамга ўтуринг!” деди. У кишини тизасига ўтуриб, бир қишлоққа бордук. Унгача каронғу тушди. Бу қишлоқ сафхўзни бир отделениясиякан (бўлими экан). Сўраб-суриштириб, идорасини топдук. Битта қаравулдан башқа одам йўқ. Ҳамроҳим тракторни қайтариб жўнатди. Қаравул бизни бир хонага олиб кирди. Қаравулхона бўлса керак, битта каравот, печкадан башқа нерса йўғакан. Ўйча иссиғгинаякан. Мезбон чой қўйди-дия: “началник отделения сафхўз марказига кетиб, келолмай қолди, башқа хўжайин йўқ”, деди. Ўша оқшам қаравулни хоначасига қолдук. У бизга шўрво тайёрлаб берди, чой дамлади-дия, ухлагани ўйига кетди. Хоначага битта каравот, учта кўрпача боракан. Ҳамроҳим билан жой қилдук. “Сиз каравотга ётинг, ман ерга, кўрпачани устига чўзиламан”, дедим. У кўнмади. Ман каравотга, у ерга ётадигон бўлдук. Печкага ўтун тиқиб, гангур-гунгур чақ-чақлашдук.
–Сиз ким? – деди ҳамроҳим.
Ман “Ленин йўли” газитини мухбири Имомовман дедим.
–Ха-а, Шароф Рашидов ишлаган газитданакансиз-дия, – деб ҳайрон бўлди. Сўғун, – мани исмим Нормат, – деди шеригим.
Кундузи чарчаган эмасмизми, икавам ухлаб қолибмиз. Бир чоқ савуқ қотиб ўйғондим. Бир нерса шитир-шитир қиладу. Кўзларимни очмай Норматжон, шу печкага тўртта ўтун ташланг, ўй совуди, дедим. Нормат, “ҳа, печкани ёқобман”, деди. Шундой қилиб тонг оттурдук. Отделенияни буғалтири келди. Нормат унга бирон телфун-пелфун топинг, район билан гаплашайлук, деди. Буғалтир:
–Идорадаки телфунни сими узилган, ишламайду. Бирта ратсиямиз борийди, уям ишдан чиғган, – деди.
Нормат уни бир четга тортди-дия, қулоғига бир нерса деди. Буғалтир таёғдак қотиб, сўғун: “ҳозир, ҳозир”, деб чопиб кетди. Бир соатлардан сўғун ратсия топиб келди, район билан алоқа ўрнатди. Нормат гўшакни олди-дия:
–Алло, ким билан гаплашаёпман? – деди.
Райондаки, “Сан ким?” деб сўради. Авоз бизгаям эшитилиб турганийди. Нормат:
–Райкумни биринчи секретари билан боғла! – деб буйруқ қилди.
У тамондан:
–Райкум билан гаплашадугон маҳмодоно ким бўладулар? – деб мазох қилди.
Норматни жони чиқиб кетгандак бўлди-дия:
–Ман совминни раиси Номуҳаммад Жўраевич Худойбердиевман! – деб додлади…
Ана шундоқчакин гаплар, укажон. Ман совминни раисини тизасига ўтуриб, унга кечаси: “Норматжон, шу печкага тўртта ўтун ташланг”, деб фармон берганман. Худойбердиев шаънига ямон гапурманг, укажон. У одамни ман биламан.
–Кейин нима бўлди? – қизиқдим.
–Сўғун бир верталут келиб, бизни Ғаллааролгача олиб кетди. Чўпонлар ҳаётидан репортаж қилолмадим. Бўлган воқеани ёздим. Локин сензура газитга бердурмади. Яхши репортаж чиғган эди-дия. Обкумниям қойил қилолмаддук…

59.

Бобоқул аканинг ҳикояси шу жойга етганда, бўлим мудири Қудратилла Мизомов келди. Тўрдаги жойига бориб ўтирди-да, бир мақолани олиб, кўздан кечира бошлади. Озроқ ўқигач:
–Бобоқул ака, “билан” сўзи “блан”, “Пиримов” “Примов” шаклида ёзилмайди деб сизга неча марта айтиш мумкин? – деди жаҳл аралаш.
–Хай, акун, Қудратилложон, бизлар ўқуган замонларга шундой ёзилайди-дия.
–Сиз ўқиган замондан ўргилдим.
Мақолани столининг бир четига суриб қўйди-да, ташқарига чиқиб кетди. Бобоқул ака бир варақ қоғоз олиб, тошбақа изига ўхшаш хати билан “Жаҳил келса, ақил қочади” деб ёзди ва Мизомовнинг столи устидаги ойна тагига тиқиб қўйди. Кўп вақт ўтмай, мудир қайтиб келди ва ёзувга кўзи тушиб, диққат билан ўқиди.
–Пенсияга чиқишингизга қанча вақт қолди? – сўради Имомовдан.
–Бир ярим йил, нима эди?
–“Жаҳил” эмас, “жаҳл”, “ақил” эмас, “ақл” бўлади, акажон. Яна бир ярим йил умримни ер экансиз-да, – деб, мушти билан ойнани бир уриб, парчалаб ташлади.
–Ақилни қочгани ана шу, Қудратилложон, – Бобоқул ака яна у кишининг жиғига тегди…
Икки кундан кейин летучка (газетанинг бир неча сони таҳлил қилинадиган йиғилиш) бўлди.
Муҳаррир:
–Летучкани бошлашдан олдин бир масалага аниқлик киритмоқчиман, – деди. – Манноп Нажмиддинович тўрт кун ишга чиқмади, бирон ҳужжат ҳам келтирмади. Шуни тушунтириб берсин.
Манноп ака ўрнидан турди-да, негадир, андижонча дўпписини қўлига олди. Тепакал боши атрофида дўппининг чуқур изи кўриниб турарди ва терисининг дўппи ичида турадиган қисми оқ-у, ташқариси буғдойранг эди. Хиёл ҳаяжонланаётганди. Ўзини қўлга олиш мақсадида йўталди.
–Аҳмаджон Ғуломович, кутилмаган иш бўлди, – гап бошлади у киши. – Тўрт кун аввал бир ўртоғимиз Москвага учиши керак эди. Уч-тўрт киши уни кузатгани аэропортга чиқдик.Самолёт учишига икки соат вақт бор экан. Ресторанга кириб, ҳалиги зормандадан қиттак-қиттак олдик. Кейин олаверибмиз. Самолёт зинасигача борганимни элас-элас эслайман. Бир пайт кўзимни очсам, учиб кетяпман. Радио карнайдан: “Ҳозир самолётимиз Москва шаҳри аэропортига қўнади”, деб эълон қиляпти. Дўстлар учиши керак бўлган киши ўрнига мени чиқариб юборишган (у пайтлар самолётларда ҳозиргидек текшир-текширлар йўқ эди). Шуйтиб, пулсиз, кийимсиз Москвага кетиб қопман, узр.
Ҳамма кулди. Суръат Орипов:
–Эх, ака, мениям оп кетмабсиз-да, – дея ҳазиллашди.
–Шу ичишингиз бўлса, Суръатжон, сиз ҳали Аддис-Абебага учиб кетасиз. – киноя қилди Мухторов. – Очиғини айтсам, бу сархуш журналистлардан безидим. Ўзбек журналистикаси тақдири шуларга қолиб кетди. Бу ҳолатдан чиқишнинг бирдан-бир йўли – редакцияга кўпроқ ёшларни жалб қилиш. Бундан ташқари ишлаётган ёшларни партия сафига олиш. Масалан, Хўжаевни навбатдаги партия йиғилишида партия аъзолигига номзодликка қабул қилишни тавсия этаман. Манноп Нажмиддинович, сиз, партия ташкилоти котиби сифатида, бу ишни тезлаштиринг.
Фотомухбир Ғулом Алиев луқма ташлади:
–Аҳмаджон Ғуломович, – ишга ёшларни оламиз дейсиз-у, кейинги ойларда мухбирликка ёши бир жойга бориб қолганларни қабул қилдингиз. Масалан, шулардан бири Аброр Жумаевни Самарқанд тумани газетасида ишлаб юрган пайтидан биламан. У ердан нима сабабдан кетганини ҳам кўпчилик эшитган бўлса керак. Иккинчиси, Тошмурод Маманиёзов. Сирдарё вилоят газетасидан нима учун кетганини ўзи айтиб берсин.
Муҳаррир Маманиёзовга қаради. У киши ўрнидан дадил турди.
–Жоним билан айтаман, – деди, дангаллик билан. – Якшанба куни эди, уйда Манноп ака айтган зормандадан озроқ олдим, камлик қилди. Яна бир шиша олиш учун дўконга борсам, бир гала хотин-халаж колбасага навбатда турган экан. Қарасам, навбатсиз арақ олишнинг иложи йўқ, қайтиб чиқдим. Дўкон олдидаги боғчага тикилиб тургандим, хас-хашаклар орасида бир илон юрибди. Бошидан ушлаб олдим-да, кўйлагим этагини оғзига яқинлаштирдим. У жаҳл билан тишлади. Этакни бир тортиб, илоннинг тишларини суғурдим, чақолмайдиган қилдим-да. Кейин уни билагимга ўраб, енгим ичига яширдим ва дўконга қайтиб кирдим. У ердаги нарсаларни томоша қилаётган кишидек, бир чеккага бориб, илон ўралган қўлимни пештахта устига қўйдим ва жониворни колбаса сотилаётган томонга қўйиб юбордим. У мендан қутилганидан “қувониб”, тез сирғаниб, одамлар олдига борди-да, тарози бараварига бошини кўтарди ва навбатда биринчи турган хотинга қараб тилини чиқарди, “фишш” қилди. Колбаса олаётган хотин шилқ этиб йиқилди. Бошқалар, “вой, дод!”, ”это ужас!”, деб тим-тарақай қочишди. Дўкондор чопиб келиб, йиқилган аёл юзига сув сепди, у ўзига келди. Мен илонни яна бўғиб олиб, билагимга ўрадим. Аёллар дўконга киришдан қўрқиб, ташқарида чуғуллашиб туришганди. Уларга мурожаат қилиб: “бир шиша арақни навбатсиз олсам бўладими?” дедим. Бир кампир: “Ой, ты, наш герой, бери сколько хочеш, дорогой”, деб алқади. Бошқалар ҳам “қаҳрамонлигимни” кўриб, таҳсинлар айтишди. Эртаси муҳаррир “аризангизни ёзинг”, деди. Нега десам, “кечаги қаҳрамонлигингиз учун”, деди. Илонни пештахтага қўйиб юборганимни бир чеккада турган фаррош кўрган экан. Бор гап шу.
Хонада қаттиқ кулги кўтарилди. Мухторов:
–Биродарлар, Тошмурод ака яхши журналист, – ғала-ғовурни босиб гапирди. – У киши Нарпай туманимиздан. Обкомнинг биринчи котиби Бектош Раҳимович ҳам нарпайликлигини биласизлар. У киши озиб-ёзиб, мендан битта илтимос қилдилар, “шу Тошмуродни ишга олинг”, деб. Бу киши энди илонлар билан ўйнашмайди.

60.

Шундан кейин летучка бошланди. Таҳлилчи Анвар Жўрабоев (кейинчалик, Аҳмаджон Мухторовдан сўнг, “Халқ сўзи”, ”Народное слово” газеталарига бош муҳаррирлик қилган) газетанинг қайси сонида қанақа мақола босилганини санай бошлади. Мухторов унинг сўзини бўлиб:
–Бизга қайси кун нима чиққанини айтиш керак эмас, ўша мақолаларнинг яхши-ёмонини кўрсатинг, – деди.
Анвар бир оз каловланиб турди-да, баъзи мақолаларни мақтади. Кейин:
–Қишлоқ хўжалиги бўлими ходими Бобоқул Имомовнинг “Қишловга шаймисиз?” сарлавҳали мақоласи мақтовлигини ҳам, танқидлигини ҳам билиб бўлмайди, – деди.
Муҳаррир бўлим мудири Қудратилла Мизомовга қаради. У киши тутақиб, ўрнидан турди.
–Аҳмаджон Ғуломович, бу Бобоқул ака соясидан ҳам қўрқади. Бирон масалада танқид ёзинг десангиз, қалтироқ босади. У киши билан қандай ишлашни билмайман, – деди.
–Бобоқул акани редакция музейига экспонат қилиб қўйсак бўлади, – ярим жиддий, ярим ҳазил оҳангда гапирди муҳаррир. – Тасаввур қилинг, у кишини қарийб қирқ йил аввал Шароф Рашидов редакцияга ишга олган. Қўрқоқлиги нимаданлигини биласизми, Қудратилла Мизомович? Бу одам ўттиз етти, ўттиз саккизинчи йилларда йигирма ёшда бўлган. Ўша пайтдаги қизил террорни, одамларни кечалари олиб кетиб, далилсиз, исботсиз, судсиз отиб ташлаганларини кўзлари билан кўрган. Шунинг учун соясидан ҳам қўрқади. Биргина Бобоқул ака эмас, бутун бошли миллат шунақа қаролфеълга айлантирилган. Бугун буни тушунишимиз қийин.
Аҳмаджон Мухторов бирмунча тин олди.
–Бу гапларни қўйинглар, – Нажмиддинов ва Маманиёзов саргузаштларидан кулавериб, кайфияти кўтарилган муҳаррирнинг энди бошқалар таъбини хира қилгиси йўқ эди. – Бугунги летучкамиз хурсандчилик билан ўтяпти. Келинглар, яхшиси, Бобоқул ака университетга қандай киргани, битирганини гапириб берсин, – таклиф қилди раҳбар.
Бобоқул Имомов хижолат тортиб, турди.
–Хай, акун, ўртоқ Мухторуф, ниманиям гапураман? Шундой бўлганди-дия.
–Қандай бўлганди? Тортинмай гапираверинг, – далда берди муҳаррир.
Бобоқул ака яна анча хижолат тортиб турди.
–Бир катта мажлисга бордим, – гап бошлади у киши, – танаффуз чоғи мани Шароф ака (Ш.Рашидов) кўриб қолдилар-дия, олдимга келдилар. Қўл бериб, пурсу-пос қилдилар (сўрашдилар), “Ҳа, жўра, аҳволинг қандой?” дедилар. У киши мандан бир ёш катта-ю, локин жўра дейдулар. Шундан сўғун ўша ердаки ҳамма роҳбарлар ман билан қўл бериб, пурсу-пос қилди. Саркотиб (Республика партия ташкилоти бош котиби демоқчи) тирсагимдан ушлаб, бир четга тортдилар-дия: “унверсетни битирдингми?” деб сўрадилар. Йўқ, кирганим эмас, дедим. “Э-э-э, Бобоқул, камтарлигинг қолмади-қолмади-дия. Воҳид Абдуллога (академик Воҳид Абдуллаев ўшанда Самарқанд Давлат университетининг ректори бўлган) мани номимдан айт, сани унверсетга имтиҳонсиз олсун”, деб хайрлашдилар. Шундан сўғун арадан бир неччи йил ўтди. Бир кун ена бир мажлисга борсам, Шароф ака туруптилар-дия. Қочай десам, кўзлари тушти. Имо билан чоқуриб, пурсу-пос қилдилар, “Унверсетга кирдинми?” дедилар. Бахудо (Худо ҳақи), мани обу арағ (тер) босди, акун кираман, акун кираман, дедим.
Имомов шу гапларни ҳикоя қилаётганидан ҳам қизариб, терлаётган эди. Рўмолчасини олиб, манглайи, бўйни, энсасини артди ва сўзини давом эттирди.
–Мабодо Шароф ака боз дохил бўлуб, унверсетни сўрасалар нима дейман деб, бисёр азият чокдим. Сўғун, ноилож, Воҳид Абдуллога бориб айтдим. Бечора мани унверсетни филалўгия факултасига завучни олди. Шундой қилиб, диплом берди.
–Шароф Рашидович бу кишини жуда қадрлайдилар. Редакцияда ким орден олган? – Савол берди муҳаррир. – Фақат Бобоқул Имомов. Бу орденнинг берилиши тарихи ҳам қизиқ. Биз акани “Шавкатли меҳнати учун” медалига тавсия қилган эдик. Марказкомда (партия марказий қўмитасида) мукофотланувчилар рўйхатини Москвага жўнатишдан олдин Шароф Рашидовичга кўрсатганлар. У киши “Шавкатли меҳнати учун” медали” сўзларини ўчириб, ўзлари “Ҳурмат белгиси” ордени” деб ёзиб қўйганлар. Шунақа гаплар, биродарлар. Бобоқул ака, хоҳласа, бугун шу газетага муҳаррир бўлади. Лекин у киши бундай қилмайди.
Бир оз тин олди-да:
–Кимда яна қандай гаплар бор? – дея мурожаат қилди Аҳмаджон Мухторов.
Ғулом Алиев:
–Ман котибиятдан хафаман. Шеърларимни газетага беришмаяпти, – эътироз билдирди.
–Умуман беришмаяптими? – Ўсмоқчилади муҳаррир.
–Бир ойда битта шеъримни беришяпти.
Мухторов қизариб-бўзариб кетди. Чунки Алиев туширган суратлари орқасига ёзадиган матнларида имловий, мантиқий хатолар қиларди-ю, шоирлик, ёзувчиликка даъвогар эди. Битган масал, шеър, ҳикояларини ёш журналистларга кўрсатиб, имловий, мантиқий хатоларини, шеър техникасидаги нуқсонларни тузаттириб, газетага бердирарди. Муҳаррир буни биларди. Қарасам, яхши кайфият билан ўтган летучка охири жанжал билан тугайдиганга ўхшайди. Дарҳол гапга аралашдим:
–Ғулом ака, ҳар ой битта шеърингиз газетага чиқяптими?
–Ҳа-да!
–Демак, бир йилда, камида, ўн икки шеърингиз матбуот юзини кўрар экан. Навоий ҳам шоирман деб ўтган экан-да. Умри давомида газетага битта ҳам шеъри чиқмаган. Бу масалада сиз ундан ўтибсиз! – дедим.
Ўтирганлар кулишди ва муҳаррир ўзини босиб, йиғилишга якун ясади-да:
–Қудратилла Мизомович билан Хўжаев қолишсин, бошқаларга жавоб, – деди.
Хонада учаламиз қолганда Мухторов:
–Қудратилла ака, сизга зўр иш топдим, – деди.
–Йўғ-е, қанақа иш экан?
–Республика Давлат теле-радио комитети Самарқандда алоҳида мухбирлар бўлими ташкил қиляпти. Унга раҳбар керак эмиш, обкомда айтишди. Улар учун алоҳида жой ажратиляпти, теле-радио комитетнинг вилоят бўйича ҳамма мухбир, тасвирчи ва бошқа ходимларига битта раҳбар керак экан.
–Билмадим, мен теле-радио ишини тушинмайман, қандай бўларкин?
–Сиз фақат раҳбарлик қиласиз, материал тайёрламайсиз.
Қудратилла Мизомов ўйланиб қолди.
–Алоҳида машинаси бўлади, – қўшиб қўйди муҳаррир.
Мизомовнинг ранги бирданига ўзгарди.
–Ундай бўлса, обкомга айтаверинг, розиман.
Бўлим мудири хонадан хушҳол чиқиб кетди. Мухторов ҳам елкасидан тоғ ағдарилгандек:
–Уф-ф, хайрият-э, бир тўнкадан қутилдим, – деди. – Бу ғаламислардан шунақа қилиб редакцияни тозаламасам, ўлгунича жойини бўшатмайди.
Аҳмаджон ака қўлидаги ручкани ўйнатиб, ўйланиб турди.
–Гап бундай, оғайни, манга сизга ўхшаш иш берадиганлар керак, Қудратдақа чаласавод, ақл ўргатувчилар эмас, – паст овозда гапирди суҳбатдошим. – Яқинда сизни партия аъзолигига номзодликка қабул қиламиз. Вилоят партия комитетида матбуот ишлари билан шуғулланувчи киши ўзимиздан бўлиши керак. Марди Нуриддинов у ердан вилоят теле-радио комитетига раис бўлиб кетганини биласиз. Ўша сектор раҳбарлигига сизни кўзлаб турибман. Фақат битта “но”си бор: обкомга камида уч йиллик партия аъзолиги стажига эга бўлган кишиларни олишади. Сиз ҳали аъзоликка номзод ҳам эмассиз.
Шундай деди-да, ўйланиб қолди.
–Ничево, буни Пўлат Мажидович (П.М. Абдураҳмонов ўшанда вилоят партия комитети ташкилий бўлими мудири эди. Кейинчалик Самарқанд вилояти партия комитетининг биринчи котиби, вилоят ҳокими бўлиб ишлади) билан гаплашаман. Барот Бойқобилов (шоир) партия марказий комитетида ишлайди. Яқинда обкомни биринчи секретари Бектош Раҳимовичга учрашиб, матбуот секторига райондоши Абдурашид Абдураҳмоновни тавсия қилибди. Пўлат Мажидович манга телефон орқали айтди. Лекин Абдурашидни у ерга олинмайдиган қилдим.
Мен ҳайрат билан қараб турганимни сезиб, гапини давом эттирди:
–Пўлат Мажидовичга Абдурашидни кабинетингизга чақириб, ташқарига чиқармасдан, рус тилида таржимаи ҳолини ёздиринг. Обкомга мос эмаслигини биласиз, дедим. У русчадан бўм-бўм. Пўлат Мажидович шундай қилиб, жавобини берди. Энди сиз айтган кандидатурани кутамиз, фақат тезлаштиринг деди. Шошилишимиз керак.
Аҳмаджон ака бу гапларни жуда сирли тарзда айтди. Таҳририят, вилоят партия комитетида бунақа ўйинлар борлигидан ажабландим. Мухторов:
–Умуман, кайфият қандай, келинни соғлиги яхшими? – деди бир мунча тинчланганидан сўнг.
–Келинингизнинг бод касали юрагига таъсир қилибди, ҳозир шифохонада даволаняпти. Врачлар камида уч марта Кисловодскка олиб бориш керак деб маслаҳат беришяпти, – ҳасрат қилдим.
–Нега шу пайтгача айтмадингиз? Энди нима қилмоқчисиз? – Меҳрибонлик билан сўради.
–Билмайман…
Муҳаррир ўйланиб қолди.
–М-м, да-а, – деди-да, – мен ўн кунлардан кейин Кисловодскка учмоқчиман. Обкомдан битта путёвка (йўлланма) беришди. Ўшани сизга бераман, келинни олиб, учинг. Партия аъзолиги қочиб кетмайди. Пўлат Мажидович мен билан маслаҳатлашмай, у ерга ҳеч кимни олмайди. Бу ишларни кейин қиламиз. Сиз қайтиб келгунча партия аъзолиги учун зарур бўлган тавсияномаларни тайёрлаб турамиз…
Бу одамга миннатдорчилигимни қандай изҳор қилишни билмадим. Эр-хотин Мухторовга мўлжалланган йўлланма билан Кисловодскнинг машҳур санаторийларидан бирига учиб кетдик.

61.

Санаторийдан қайтгунимча таҳририятга яна ёши ўтган Самад Норқулов билан Эмин Аъзамов деган икки киши ишга келибди. Улар илгари ҳам бу ерда меҳнат қилишган ва, турли сабабларга кўра, кетиб қолишган экан. Самад ака новча, танасини сал олдинга эгиб юрарди. Ўнг қўли ўрта бармоғининг бир бўғини ва кўрсаткич бармоғи тўла кесилган эди. Ёшлар у киши билан ҳазиллашиб: “Ишлар қалай, Самад ака?” дея сўрашишса, ҳамиша уч яримта бармоғини кўрсатиб, “Ишлар беш”, дерди. Эмин ака бир кун Самад акадан, ҳазил аралаш:
–Бармоқларингизга нима бўлган? – деб сўради.
–Болта билан нохос кесганман, – жавоб берди у.
–Чапақаймисиз? – яна ўсмоқчилади.
–Йўқ, нима эди?
–Шахсиятингизни аниқлаяпман.
–Шахсимни бармоқ билан нима алоқаси бор, Эминжон?
–Алоқаси бор-да. Сиз йигирма еттинчи йилда туғилгансиз-а?
–Ҳа.
–Ана, кўрдингизми? Қирқ тўртинчи йилда, яъни, уруш қизғин пайтда, ўн етти ёшда бўлгансиз. У вақтда бу ёшдагиларни урушга олиб кетган. Масалан, тенгдошингиз, шоир Душан Файзий жанг қатнашчиси. Демак, сиз урушдан қочгансиз.
–Э, Эминжон, ҳазилни қўйинг, – безовталанди Самад ака.
–Бу ҳазил эмас. Мана, ўйлаб кўринг, чапақай эмассиз-у, чап қўлингиздаги болта билан ўнг қўлингизни айнан милтиқ тепкисини босадиган бармоқларини кесиб ташлагансиз. Бу гапга ҳамма ишонса ҳам, ман ишонмайман.
Ораларида жанжал чиқмасин учун гап мавзусини ўзгартирдим:
–Самад ака, сиз бир пайтлар “Ленин йўли”да “Қизил олма фалсафаси”ми, шунга ўхшаш сарлавҳа остида фельетон эълон қилдирган эдингиз. Унда университетнинг фасафа фани ўқитувчиси хотини, фарзандларини ташлаб, бир қизга уйлангани ёзилганди…
Шундай деганимни биламан, Эмин ака ҳа-ҳолаб кулди.
–Точкага урдингиз, ука, – у елкамга қоқиб, кулишдан тўхтамасди.
Мен эса ҳайрон эдим. Кулгисини бир оз тийди-да:
–Самад акадан теле-радио комитетдан нега ишдан кетдингиз деб сўранг…
–Ўҳ-ўҳ, – иштони йўқ тиззаси йиртиққа кулган экан, – гап қотди Самад ака. – Ўша комитетдан ўзлари нима сабабдан кетганларини ҳам айта қолсинлар энди.
–Тушунтириброқ гапиринглар, ҳеч нарсани англамаяпман, – эътироз билдирдим.
–Бу гаплардан бехабар экасиз-да, укажон, – Самад ака тушунтира бошлади. – Эминни “Ленин йўли” редакциясида бир жўраси бор эди. Иккаласи бирга ичиб юришарди. Бир гал жўраси кундузи уйига келса, хотини Эмин билан бир тўшакда ётган эмиш. У, галварс, буларга юзини тескари ўгириб:
–Эмин, жўра, бу қилиғинг коммунизм қурувчисини ахлоқ кодексига мутлақо тўғри келмайди. Афсуски, коммунистман-да, бўлмаса, бошқача йўл тутурдим, – деб кўчага чиқиб кетибди. Эртасига теле-радио комитет партия ташкилотига ариза ёзиб, Эминни хулқини муҳокама қилишни сўрабди. Эминбой шунинг учун у комитетдан ишдан ҳайдалган.
–Энди ўзлари ҳақларида ҳам айта қолсинлар, –киноя қилди Эмин ака.
–Эй, бор-е, сен билан пачакилашиб ўтирганни ўзи аҳмоқ, – дея жаҳл билан жўнаб кетди Самад ака.
–Самад ака ўша ўқитувчини фельетон қилди-да, кўп ўтмай, ўзи ҳам хотини, болаларини ташлаб, қизи тенгига уйланди. У киши ҳам шу қилмиши учун теле-радиодан ҳайдалди. – Эмин ака ўчини олди…
Таҳририятдаги турфа феълли кишилар орасида закийлигини пеш қилмай, астойдил ишлайдиганлар ҳам, журналистика шавкатига маҳлиё бўлиб, адашиб кириб қолганлар ҳам, бу жабҳани шуҳрат, бойлик орттириш воситаси деб билувчилар ҳам бор эди. Бундай жамоага раҳбарлик қилиш учун киши гоҳ фариштасифат, гоҳида тулкитийнат бўлиши керак. Мухторов бу ишни қойилмақом қилиб бажарарди. Гапини иккита қиладиган, муҳаррирлик ўрнига кўз олайтириши мумкин бўлганларни аста-секин “кўтариб” юбора бошлади. Илгари айтганларим – Очил Тўйчиевни вилоят теле-радио комитетига бош муҳаррирликка, Қудратилла Мизомовни Республика теле-радиосининг вилоятдаги мухбирлар бўлими раҳбарлигига, касаллиги туфайли иш бермай қўйган Самариддин Сирожиддиновни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими масъул котиблигига, Ҳоди Мардиевни “Ленин йўли” ва ”Ленинский путь” газеталари бирлашган нашриёти директорлигига, каминани тезда партия аъзолигига номзодликка қабул қилдириб, “ўз одами” сифатида, вилоят партия комитетига ўтказиб юборди.
Вилоят партия комитети назаримга шу ҳудудда ҳақиқат ва адолатни қарор топтирадиган энг пок ташкилотдек кўринарди. Бир ой ишлагандан кейин бундаги муҳитни ҳеч жойда кўрмаганимни ҳис этдим. Ҳатто Бухородаги ит овловчилар ташкилотида ҳам кишилар бу ердагидан эркин эдилар. Ит овчилари истаган гапларини сўзлаб, хоҳлаганча бақир-чақир қилиб юришаверарди. Вилоят партия комитетида эса ҳатто овоз чиқариб йўталишдан қўрқишади. Ҳамма, гўё, бир-бирининг ортидан пойлоқчилик қилаётганга ўхшарди. Мансаб пиллапоясидан юқорига кўтарилиш илинжида юрганлар топширилган ҳар қандай ишни сўзсиз бажаришга, ҳатто уддалашнинг иложи йўқлигини билиб туришса ҳам, бажараман, дейишга мажбур эдилар.
Мен, тўнка, ишимнинг иккинчи ойидаёқ бу қоидани бузиб қўйдим. Иш куни тугаши арафасида биринчи котиб қабулхонасидан қўнғироқ қилиб, мени “ўзлари” чақираётганликларини айтишди. Вилоят раҳбари олдида комсомол комитетининг биринчи котиби, вилоят партия комитети бюроси аъзолигига номзод Собир Аҳмедов ўтирган экан. У билан таниш эдик. Камина 6-мактабда пионер етакчиси бўлиб ишлаган пайтимда Собир шаҳардаги 14-мактабда шу вазифани бажарарди. Аммо у, нисбатан, тез кўтарилган эди.
–Хаджаич, обком комсомол ташаббус билан чиқибди, – деди бирини котиб Бектош Раҳимов, – мана бу қоғозда ҳаммаси ёзилган. Шу ташаббусни бугун газетага бериш керак, эртага чиқсин, – қўлидаги ҳужжатни менга узатди.
Унда макажўхорини аллақандай янги усулда экиш ҳақида сўз борарди. Ташаббус рус тилида ёзилган бўлиб, бир қанча чизмалари ҳам бор эди. Газетага бериш учун, ававло уни ўзбекчага ағдариш, чизмаларни ўзбекчалаштириб қайта чизиш ва улар нусхасини босмахонада рухга кўчириш лозим. Расмни рухга кўчириш камида ўн-ўн икки соат вақтни оларди. Қисқаси, бу ишни бугун бажаришнинг техник имконияти йўқ эди. Бажарилганда ҳам газета бир кун кечикиб чиқиши керак. Ташаббус ҳақида газета муҳаррири Аҳмаджон Мухторовга телефон орқали айтдим. У киши довдираб қолди.
–Ахир, буни техник имконияти йўқлигини биласиз-ку, – деди у киши жаҳл ва ҳаяжон аралаш.
–Шундай деб биринчи котибга айтинг, – маслаҳат бердим муҳаррирга.
–Буни жуда осон деб ўйлайсиз-да, а?! Манга қаранг, шу оддий гапни биринчи секретарга айтолмасангиз, сизни у ерга нима учун юборганман?
Даҳақиқат, ўша гапни Мухторов айтди нима-ю, мен айтдим нима, деб ўйладим ва биринчи котиб хонасига қайтиб бордим. Собир ҳали ҳам ўтирган экан. Ичкарига кириб:
–Бектош Раҳимович, ташаббусни бугун газетага беришни иложи йўқ, – дедим.
–Нега? – Ажабланди котиб.
–Чунки расмларни рухга тушириш жараёни кўп вақтни олади ва газета эртага чиқмайди.
–Ундай бўлса, расмларни бермасдан ташаббусни ўзини босинглар.
Бектош Раҳимовга Собир эътироз билдирди:
–Расмлар берилмаса, мазмунни тушуниб бўлмайди, Бектош Раҳимович.
–Э-э, боринглар, билганларингни қилинглар, – жаҳл билан гапга хотима ясади раҳбар.
Аҳмаджон Мухторовга хабарни етказдим ва ташаббусни газетага эртага берадиган бўлдик. Эртаси куни иш билан узоқ туманга сафарга жўнадим. Кечқурун қайтиб келсам, бўлим мудирим жаҳл ва ҳаяжон билан “Сени “ўзлари” кун бўйи сўрадилар. Нима қилиб қўйдинг?” деди. Айтишларича, эрталаб, Собир Аҳмедов Бектош Раҳимов олдига келиб, “Хўжаев кечаги топшириғингизни бажармабди. Ташаббус газетага чиқмади”, деган. Бектош Раҳимов мени чақиртирган. Бўлим мудиримга бўлган гапни айтдим. Унинг нафаси ичига тушиб кетди.
–Вой-в-о-о-й, шундай деб айтдингми?! Йигирма бир йилдан буён партия аппаратида ишлаб, ҳали биринчи котибга бир марта бу ишни бажариб бўлмайди, демаганман. Икки ой ишлар-ишламас, бундай дейишга қандай ҳаддинг сиғди? Ахир карьерангни тугатиб бўлибсан-ку!
Бу ерга “карьера” учун келганлигимни шунда билдим.

62.

Биринчи котиб қабулхонасига борсам, “у киши кетдилар”, дейишди. Ўша оқшом масалага аниқлик киритолмадим. Бу ўзбошимчалигим содир бўлганидан буён бир кеча-кундуз ўтганлигига қарамай, бўлим мудирим, ўзи айб қилиб қўйган кишидек, таҳликада эди.
–Ҳозироқ бориб, Бектош Раҳимовичдан кечирим сўра, у кишини Собир Аҳмедович чалғитганини тушунтир. Бўлмаса, аппарат йиғилиши ёки бюро мажлисида бўлимимиз шаънига ёмон гап айтилади, – деди.
Қаердандир ўқиганим: “Подшоҳнинг кўзига тик қараган чинакам эркин бўлади”, деган ақидани қулоғимга қуйиб олганлигим ва вилоят партия комитетига тасодиф-у, бировнинг хоҳиши туфайли тушиб қолиб, мансаб, манфаат деган илинжим йўқлигиданми, бу гаплар менга дахлдор эмасдек эди. Шундан бўлса керак, мудиримнинг бу қадар ташвишланишидан ҳайрон эдим. У кишининг маслаҳати билан яна биринчи котиб хонаси томон жўнаётганимда:
–Ҳовлиқма, ажали етган ҳўкиз болтадан тоймайди деганларидек, ўлимингга қараб бунча шошмасанг, – деди, – мана бу газетани ол, комсомол ташаббуси чиқди, деб кўрсат! – “Ленин йўли”нинг мақола босилган сонини узутди.
–Бектош Раҳимович бу газетани кўрганлар, почтани ҳар кун тонгда кўздан кечирадилар-ку, – газетани олгим келмай, эътироз билдирдим.
–Кашу маслом не испортиш, яна бир марта кўрсалар, ҳечқиси йўқ, – мудир ўзиникини маъқуллади.
Газетани олиб, “ўлимим” томонга жўнадим. Биринчи котиб ёрдамчисига мени ўзлари чақирганлар дедим.
У раҳбар хонасига кириб:
–Хаджаевни чақирган экансиз, – деди.
Хона эшиги қия очиқ турганлиги боис гап эшитилаётганди.
–Хаджаевни? Қайси Хаджаевни? – Раҳимов ажабланди. – Ҳеч қанақа Хаджаевни чақирган эмасман.
–Мени чақирганлар деб кепти…
Раҳимов бир оз ўйланиб турди-да:
–Э-э, Хаджаичми, ҳа, уни кеча сўраган эдим-ку!? Кирсин, – деди.
Ичкарига кириб, ассалому алайкум, дедим. Самарқанд вилоятига раҳбар бўлиб келишдан олдин Хоразм ва Андижон вилоятлари партия ташкилотларига бошчилик қилган, социалистик меҳнат қаҳрамони Бектош Раҳимовнинг қошлари ҳамиша бир оз чимирилган, бетида табассум бўларди. Ҳозир, тажанглигидан бўлса керак, юзларида у белгилар кўринмасди. Демак, мендан хафа деб ўйладим. Котиб саломимга “ва алайкум” деб жавоб қайтарди.
–Хаджаич, партия интизомини билмайсизми? – Зарда аралаш сўради.
–Биламан…
–Унда топшириғимни нега вақтида бажармадингиз?
–Комсомол ташаббусини бугун газетага бериб бўлмайди, берсак, газета кечикиб кетади деб ўша кун айтдим-ку, Бектош Раҳимович.
Раҳбар сергаклангандек бўлди.
–М-д-а-а, тўғри, айтгандингиз, безобразие, комсомол мени чалғитибди-да.
Столи тагидаги тугмачани босиб, ёрдамчисини чақирди. У эшикдан кўринганида:
–Ахмедова быстро ко мне! – дея буйруқ қилди.
Раҳимовнинг бетларидаги табиий хусусиятлар тағин пайдо бўлди – қошлари чимирилиб, юзига табассум югурди. Қўлидаги ручка билан ўқиб ўтирган нарсасига имзо чекди-да, менга қарамай:
–Сиз ҳамиша шунақами? – деди.
–Тушунмадим, Бектош Раҳимович?!
–Бюро мажлисида сизни ишга тасдиқлаётганимизда Виталий Павлович (В.П.Куксенко – вилоят партия комитетининг иккинчи котиби) қулоғимга “он какой-то не ординарный, чудак” (ординарный – оддий, чудак – тентаксимонроқ) деганди. У киши тўғри айтганга ўхшайди. Иккинчи котибни ҳам бирон топшириғини бажармаганмидингиз? – Ҳазил оҳангида сўради.
–Виталий Павлович менга ҳеч қанақа топшириқ бермаганлар.
–Унақада чудаклигингизни қаёқдан билади?
–Билмадим.
–Иккалаларинг ҳеч ҳам учрашмагансизларми?
–Шу ерга ишга олинишимдан олдин у киши мен билан суҳбатлашганди.
–Нима деб суҳбатлашдинглар?
Биринчи котиб, негадир, мен билан қизиқиб қолганди.
–Виталий Павлович “редакцияда нима вазифада ишлайсиз?” деб сўрадилар. –Тушунтира бошладим. – Партия турмуши бўлими мудириман, дедим. У киши “Хўш, ундай бўлса, ҳозир партия ташкилотлари ҳаётида қандай ўзгаришлар бўляпти?” деб сўрадилар. Витайлий Павлович, мен партия турмуши бўлими мудири бўлиб атиги беш кун ишлаганман, Мухторов тезроқ обкомга ўтказиш учун мени бир ҳафта пропаганда бўлимига, беш кун партия турмуши бўлимига мудир қилиб тайинлади-да, меҳнат дафтарчамга шуларни ёзди. Бўлмаса сени обкомга олмасликлари мумкин, деб шундай қилганди. Мен партия ташкилотлари ҳаётида нима ўзгаришлар бўлаётганини билмайман, дедим. Мени суҳбатга олиб кирган Павел Иванович (Павел Иванович Липов –вилоят партия комитети ташкилий бўлими мудирининг ўринбосари) сонимдан қаттиқ чимчилаб олди. Мен жон ҳовлида “э-э, руку уберите!” дегандим, жуда жиддий ўтирган Виталий Павлович кулиб юборди.
Бу гапдан сўнг Бектош Раҳимович ҳам кулди.
–Кейин нима бўлди? – У киши яна қизиқди.
–Кейин Виталий Павлович “Хўш, беш кун олдин нима иш қилардингиз?” деди. Беш кун эмас, ўн икки кун олдин совет қурилиши бўлими мудири эдим, деб жавоб бердим. “Ундай бўлса, советлар ҳаётида қандай ўзгаришлар бўлаётганини гапиринг”, деди. Мен сўзлаб бердим. Орамизда бўлган гап шу.
Биринчи котиб, анграйган кишидек, оғзини хиёл очганча, самимий жилмайиб турарди.
–Яхши, бугун сизга бошқа бир топшириқ бермоқчиман, – деди Раҳимов.
Қўл остидаги яна бир қоғозга имзо чекди-да:
–Самарқандда холод бор, солод бор, Бронштейн ўзимизда, лекин яхши пивомиз йўқ, тушундингизми? – деди.
Ҳеч нарсани тушунмадим-у, яна бир ишкал чиқишидан қўрқиб, тушундим, дедим.
–Боринг, ана шу вазифани бажаринг!
Хонадан гарангга ўхшаб чиқдим. Раҳбар нима топшириқ берганини мутлақо англамасдан, уни бажаришга отландим. Қаёққа боришни ва бу жумбоқни кимдан сўрашни билмасдим. Хонамга киришим билан, ортимдан мудирим келди.
–Газетани кўрсатдингми? – Ҳаяжон билан сўради.
–Йўқ.
–Шу ишни ҳам эплай олмакслигингни билгандим. – Жуда надомат чекаётганди у киши. – Ахир, сенга тушунтириб айтдим-ку, газетани кўрсат деб!?
–Газетани кўрсатиш имконияти бўлмади…
–Унда Бектош Раҳимовични кабинетига нега кирдинг?
–Ҳақлигимни исботлаш учун.
–Хўш, исботладингми?
–Ҳа.
–Қандай қилиб?
–Бўлган гапни эслатдим.
–У киши нима деди?
–У киши Собир Аҳмедовни чақиртирди.
–Кейин нима деди?
Жумбоқни ечиш имконияти топилганидан қувониб, гапирдим.
– Самарқандда холод бор, солод бор, Бронштейн ўзимизда, лекин яхши пивомиз йўқ, шу вазифани бажаринг,– деди.
Мудир:
–При чём тут пиво? Он что, свихнулся что-ли? (Пивонинг бунга нима дахли бор? У жинни бўлганми?), – дея ажабланди.
–“Холод” – совуқ бўлса керак, “солод” билан “Бронштейн”ни тушунмадим, – деб сирни ошкор қилдим мудирга.
–Қизиқ, солод нималигини билмайсанми?
–Йўқ.
–Пиво тайёрлаш учун ишлатиладиган асосий хомашё. Бронштейн –республикадаги энг зўр пивопаз, холодни билар экансан, – тушунтирди раҳбарим. – Энди нима қилмоқчисан?
–Пиво тайёрлайман.
–Ҳазилни қўй, газетада ташаббус вақтида чиқмаганлиги учун бўлимга гап тегмайдган қилдингми, шундан гапир.
–Собир Аҳмедов у кишини гиж-гижлаганини яна тушунтирдим.
–Ў-ҳ-ҳ, хайрият-е, – енгил тортди мудир.

63.

Ишларимни қўйиб, Бронштейннинг манзилини топдим. Ашкинази яҳудийларидан, аёл киши экан. “Кечикдинг, Тошкент пиво заводи раҳбарияти билан келишиб қўйдим, кетяпман”, деди. Биринчи котибнинг бу топшириғи ҳам бажарилмайдиган бўлди. У киши ҳам бу масалани бошқа сўрамади…
Аммо Раҳимовнинг навбатдаги чақириши бу ердаги фаолиятим билан бевосита боғлиқ эди. Вилоят раҳбари хонасида яна икки киши ўтиришганди. Бектош Раҳимов:
–Хаджаич, устозингизга етмиш икки айб қўйиб, Леонид Ильичга (Леонид Ильич Брежнев – КПСС Марказий комитети бош секретари, СССР Олий совети президиумининг раиси) ёзишибди, – деди.
Биринчи котиб кўпинча мана шундай жумбоқли гапирарди. Яна фикрини унча англай олмадим. Меҳмонлар ёнига ўтирганимда:
–Касбдошларингиз – Шарофжон билан Нуралибек ўзимизни ЦКдан (“ўзимизнинг ЦК” – Ўзбекистон Компартияси Марказий комитети) шикоятни текширгани келишган, – гапини давом эттирди Раҳимов. – Улар Самарқандда неча кун бўлишса, бирга юрасиз.
Бектош Раҳимов меҳмонлар билан хайрлашди. Текширувчилар – Ўзбекистон Компартияси Марказий комитети матбуот сектори мудири Шароф Убайдуллаев ва ёзувчи Нурали Қобул экан. Айтишларича, Аҳмаджон Мухторов устидан “Ленин йўли” ва ”Ленинский путь” газеталари бирлашган нашриёти директори Ҳоди Мардиев шикоят ёзибди.
Меҳмонлар ишни эртага бошлаш ниятида шикоят хатини менинг темир сандиғим (сейф)га қўйиб, дам олгани меҳмонхонага кетишди. Ишимни, ҳар кунги одат бўйича, соат йигирма иккиларда тугатиб, уйга келдим. Матлуба: “Сизни Аҳмаджон Мухторов сўраб келдилар”, деди. Шу аснода эшик тақиллади. Аҳмаджон Мухторов экан. Ичкарига киришни истамади ва “ташқарига чиқинг”, деди. Остонадан ҳатлашим билан қучоқлаб олди-да, елкамга бошини қўйиб: “Ёлғиз йигитман, тақдирим қўлингизда”, дея, йиғлаб юборди. Бу кишининг “тақдири қўлимдалиги” ва ортимдаги чўнг тоғим дея ишонганим шу қадар ожизлигидан ажабландим. Мухторовнинг кўзларида ёш йўқ эди.
–Шикоят хати сиздами? – деди дабдурустдан.
Ҳа дейишни ҳам, йўқ дейишни ҳам билолмай, гангиб қолдим.
–Тўғрисини айтаверинг, текширувчилар хонангиздан чиқиб кетишаётганда, қўлларида ҳеч нарса йўқ эди. Мен узоқдан кузатиб тургандим, хат сизда, – узил-кесил хулоса қилди у киши.
Муҳаррир жавобимни кутиб турмасдан, билагимдан ушлади-да, кўчага етаклади. Ногаҳонда бундан ўн беш йил аввал қишлоғимда дадамнинг ўғрилик содир бўлаётганини билиб туриб, хуфтон намозини ўқиб чиққанлари воқеаси кўз ўнгимга келди. Яшашнинг шафқатсиз бўҳронлари, ўзинг истамаган ҳолда, комига тортиб кетиши шу экан, ҳаром жамиятда ҳалол яшашнинг иложи йўқ деб ўйладим. “Буларга одам қандай яшашини кўрсатаман”, деган иддаом хаёлимда сароб сингари пароканда бўлаётгандек эди.
Машина вилоят партия комитети биносига яқин бормай, қоронғиликда тўхтади. Шу ерга келгунча Мухторов ҳам, мен ҳам миқ этмадик. Бу ишга ложарам (иложсиз) бош қўшганлигимни иккаламиз ҳам билиб турардик. Ишхонамдаги барча хоналар чироқлари ўчирилган, кириш эшиги олдида турадиган милиционердан бошқа киши йўқ эди. Хонамга кириб, ўриндиғимга ўтирдим, темир сандиқ ичида илон тургандек, юрагимда ваҳима бор эди.
Автоҳалокатда вафот этган иқтидорли журналист Ҳожиқурбон Ҳамидов илгари шу хонада ўтирган. Марҳум ўта ҳақсўз одам эди. У киши Афлотуннинг: “Шаҳардаги тутум тутруқсизлигини ундаги ҳуқуқшунос ва шифокорлар сонининг кўплигидан бошқа белги яхшироқ исботлай олмайди”, деган фикрини қачонлардир қоғозга ёзиб, стол устидаги ойна тагига тиқиб қўйган. Менгача бу хонада ким ишлаган бўлса ҳам ўша ёзувни олиб ташламаган. Шу қоидани мен ҳам бузмагандим. Кўзим ёзувга тушди. Инсоният тарихида энг “эркин жамият” – коммунизм барпо этишни даъво қилган тузум ғояларини инсонлар онгига етказишни бурчи деб билган газета бош муҳаррирининг қилмишлари текширилар экан, демак, шу тафтишчиларга (Афлотун айтган ҳуқуқшуносларга) эҳтиёж катта ва бу тутумнинг тутруқсизлигини кўрсатади деб ўйладим. Беихтиёр муштимни тугиб, ёзув устига қаттиқ урдим. Ойна чил-чил бўлиб синди. Хонам кўп қаватли бинонинг иккинчи қаватида, зинадан чиққан жойда эди. Овозни эшитган милиционер югуриб чиқиб, “Тинчликми?” деди. Тинчлик, ойна устига нарса тушиб кетди, дея уни алдадим.
Шикоят хатини олиб чиқдим ва таҳририятга бордик. Мухторов хатни ўқий бошлади. Айблов бандларидан бирида: “Муҳаррир ҳособдан чиқарилган Газ -21 русумли хизмат машинасини, ҳеч ким билан маслаҳатлашмасдан, ҳайдовчиси Зиё Тошбоевга берди”, деб ёзилганди. Бошқа бир бандда: “Шаҳар ижрокомидан ажратилган уйни навбатда турган ёш ижодкорларга бермасдан, шаҳарда ҳовли-жойи бор ҳайдовчиси Зиё Тошбоевга навбатсиз бердирди. Таҳририят касаба уюшмаси қўмитаси шу ҳақда қарор чиқарди”, дейилганди.
Мухторов қабулхонада ўтирган хизмат машинаси ҳайдовчиси Зиё Тошбоевни чақирди.
–Тезда Пулимуғобга (Пулимуғоб Самарқанд шаҳри яқинидаги қишлоқ) бориб, Ғулом Алиевни олиб келинг! – деб буюрди.
Ғулом Алиев таҳририят касаба ушмаси қўмитаси раиси эди. Ҳайдовчи чиқиб кетгач, Нормуҳаммад Худойбердиев маърузасини ёзиш учун ҳамиша Тошкентга олиб кетадигани машинкачи хотин – Фаина Сагдиевага қўнғироқ қилиб, “Такси тўхтатиб, тезлик билан таҳририятга келинг”, деди. Фая опа келиши билан касаба уюшмаси қўмитасининг Зиё Тошбоевга уй бериш тўғрисидаги қарорини ўзгартирди. Қарор ижарада яшаб юрган мухбир Адҳам Ҳайитов (А. Ҳайитов ҳозир ўша газета (“Зарафшон”) масъул котиби) номига қайта ёзилди. Унгача Ғулом Алиев ҳам келди. Бу гапни эшитиб, у киши тажанглашди.
–Қарор шаҳар ижрокомига жўнатилган-ку! – деди.
Мухторов:
–У ёғини ўзим ҳал қиламан, – деди-да, телефон гўшагини кўтариб, рақам терди.
Нариги томондан жавоб берилгач:
–Ассалому алайкум, Акрам ака! – дея жуда илиқ сўрашди. – …Акрам Худойқулович (Илгариги боблардан бирида халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ижроия комитети риси А. Худойқуловнинг Тунисга саёҳати ҳақида ҳикоя қилинган эди) бир шепитилний иш чиқиб қолди-да, – хижолатомуз гапирди муҳаррир. – Бизга бир квартира ажратилганидан хабардорсиз. Ўша масалада чиқарилган қароримиз ўзгарадиган бўлди. Ўни эрталаб етказсак майлими?
Худойқулов розилик берди. Мухторов чапак чалиб юборди.
–Энг ёмони шу эди. Бу ҳал бўлди. Энди Ҳоди Мардилар шикоятини пишириб есин! – Хурсандчилигидан ўрнидан туриб кетди.
Кейинги айбловда: “Мухторов газетанинг ҳар кун тайёрланадиган янги сонини уйига келтиртириб, ўқийди”, дейилганди. Муҳаррир айтганидек, қолган гаплар унча муҳим эмас ва уларни исботлаш ҳам қийин эди.
Шу тарзда шикоятдаги барча айбловлар бўйича чоралар кўрилди ва арзимасларини эртага қилишга келишиб олишди. Хатни тағин темир сандиғимга солиб қўйдим…
Текширувчилар эртаси куни дастлаб Ҳоди Мардиевни чақиришди. У давангирдай савлатли, бежазб, узоқни кўзламаганнинг кичик мақсади ҳам бўлмаганидек, риндтабиат (бепарво) киши эди. Мен билан йўлакда кўриша туриб:
–Устозчангизни жойини солдим, – деди ғурур билан.
Шароф Убайдуллаев:
–Комиссиямиз таркибига бир холис журналистни қўшишни вилоят партия комитети раҳбариятидан сўраган эдим, улар илгари “Ленин йўли”да ишлаб кетган журналист Нусрат Раҳматни қўшишни таклиф қилишди, сиз нима дейсиз? – деди Мардиевга.
Мардиев фикрни маъқуллади.
–Хўш, – деди Убайдуллаев, – ёзганларингиз санадлими (санад–далил, ҳужжат) ўзи?
–Бўлмасамчи, Шароф Ортиқович. Битта фактни ўзи билан Мухторовни ишдан олиш мумкин.
–Қандай факт билан? – Қизиқди Нурали Қобул.
–Журналистлар ижорама-ижора яшаб юрган бир вақтда Мухторов горисполком ажратган ўйни шофири Зиёга очиратсиз бергани.
Шароф Ортиқович менга юзланиб:
–Горисполкомга қўнғироқ қилинг, Зиё Тошбоевга уй берилсин деб таҳририятдан юборилган қарор нусхасини келтиришсин, – деди.
Мазкур ҳужжатни бир соатга қолмай келтиришди. Унда “…уй мухбир Адҳам Ҳайитовга берилсин” деб ёзилган эди. Шароф Убайдуллаев қарорни ўқиб, ажабланди.
–Бунда Зиё Тошбоев ёзилмаган-ку!?
У қоғозни Мардиевга узатди. Ҳужжатга тикилиб турган директорнинг пастки лаби осилиб қолди, семиз юзининг ранги кўпчиган хамир тусига кирди. Хатни қайта-қайта ўқиди. Пешонасида пайдо бўлган терни артиб:
–Коммунистик виждоним билан айтаёпман, Худо урсун-ки, қарорни горисполкомда кўзларим билан кўрганман, охи! Зиё Тошбоевга деб ёзилганийди!
–Бу туҳматчилигингиз учун сизни Худо эмас, КПСС уради, – деди Нурали Қобул.

64.

Мухторов ишдан кетар экан дея пишанг берилган миш-мишлар бутун Самарқандга тарқалди. Аҳмаджон Ғуломович лавозимларга “кўтариб” юборганлар тийиқсиз аламларини олиш пайига тушдилар. Улар вилоят теле-радио комитети қошида Мухторовга қарши курашувчилар “марказини” ташкил қилиб, суриштирувлар жараёнига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатишга уринардилар.
Йиғи чиққан хонадан ҳар ким ҳар хил мутаассир бўлади: биров куйинса, бошқаси, “яхшиям йиғи менинг уйимдан чиқмаяпти” деган хаёл билан ички бир ҳузур туяди. Ана шундай йиқилганни тепиш савқида юрганлар бу талхкомликлардан хушҳол эдилар. Камина, муҳаррирнинг вилоят партия комитетидаги “ўз одами” сифатида, хонамда бўлаётган гапларни, ҳар кун кечқурун, телефон орқали етказиб турдим.
Текширувчилар гуноҳкор муҳаррир суриштирувнинг иккинчи ёки учинчи кунида юкуниб келади деган кайфият билан ишлашаётганди. Навоий “Огоҳсенсан – шоҳсенсан”, деганидек, саркаш Мухторов суриштирувчилардан бир қадам олдинда юрганлиги ва ҳар бир ҳаракатдан огоҳлиги туфайли мутлақ хотиржам эди. У киши қарийб ўн кун давом этган текширувлар пайтида нафақат юкуниб келмади, умуман, бежурм (гуноҳсиз) кишидек, биз томонга қадамини ҳам босмади.
Шикоят хатидаги айбловлар тасдиқланмагани сайин Ҳоди Мардиев ўзини текширувчилардан олиб қочарди. Келганида ҳам суриштирув олиб бораётганлар шаънига санохонлик (мақташ) қилишдан нарига ўтмасди. Талотумлар охирлаша бошлаганида нашриёт директори саргашта айиқ ҳолатига тушди. Уни кечга яқин менинг хонамга чақиришди. Самарасиз ишдан батанг бўлаётган Шароф Убайдуллаев:
–Сизни кўргандаёқ лакаловлигингизни билгандим-у, бу қадар беибосиз деб ўйламаган эканман, – деди Мардиевга.
–Иби-иби, Шароф Ортиқович, бадлаҳжалик қилманг, ман ҳоли қўл кўтарганим йўқ, – дашномдан юзларига қон урилганлигига қарамай, бепарводек гапирди директор. – Иккинчи фронтни очамиз, ҳа-ҳа-ҳа, – зўр гап айтганидан ўзи завқланди.
–Черчилль (Уинстон Черчилль – иккинчи жаҳон уруши йилларида Буюк Британия бош вазири) бўлишингизга ҳали анча бор, – киноя қилди Нурали Қобул. – Сиз Мухторовни қувлиги, буни устига, рутбаси (мартабаси) баландлигини билмасмидингиз? Вилоят партия комитети аъзоси, вилоят кенгаши депутати шаънига доғ туширмоқчи бўлдингиз, тўнгкалла, бухти (нортуя)!
Мардиев бу даккидан сўнг ҳовриқиб қолди.
–Ман серёзни фактни биламан. Локин хатимга ёзмаганман, – ўнғайсиз ҳолатдан чиқмоқчи бўлди у.
–Қанақа факт? – Сўради Убайдуллаев.
–Мухторовни ўйноши бор…
Ҳамма жимиб қолди. Сукунатни Убайдуллаев бузди:
–Шикоятда кўрсатилмаган нарсани текширишга ҳақимиз йўқ.
–Ундай бўлса, Ҳоди Мардиев шуни ёзиб берсин, – маслаҳат ташлади Нурали Қобул.
–Ўйнаши борлигини қандай исботлайсиз? – Ажабланди Шароф Ортиқович.
–Ўйношидан бир ўғли бор – бақавли (худди) Мухторуфдак, – далил келтирди директор.
Хонадагилар кулишди.
–Яна нима билан исботлайсиз? – кулгисини тийиб, сўради Убайдуллаев.
–Енами? Ена ўша татарка ўйношилигини ҳамма билади. У биринчи ЖЭК (жилищно-эксплуатационная контора – уй-жойлардан фойдаланиш идораси)ка ишлайди.
–Бу далиллар камлик қилади, – эътироз билдирди Убайдуллаев.
–Ҳа, айтгандак, бир тўйга ўша ўйноши билан бир жойга ўтирганини фотомухбир Ғулом Алиев суратга туширган, – келтирган далилини мустаҳкамламоқчи бўлди Мардиев.
–Ҳа-а-а, – деди Шароф Ортиқович, – муҳаббат – табиий савқ. У ҳаммага хос. – Лекин бу савқни ЗАГСсиз (ЗАГС – запись актов гражданского состояния – фуқаролик ҳолатларини рўйхатга олиш) қондириш, айниқса, коммунист шаънига хилоф иш. – Башарти шу гапни далиллай олсангиз, Мухторовни тақдири ҳал бўлди деяверинг.
Нурали Қобул кафтини кафтига уриб:
–Мана бу бошқа гап! – деди.
–Бугун кеч бўлди, шикоятингизга қўшимчани эртага эрталаб келтирасиз, – гапга хотима ясади Убайдуллаев.
Текширувчилар меҳмонхонага кетишди. Хонамда Мардиев билан қолдик.
–Сизни жуда ақлли одам деб юрардим, – дабдурустдан ҳужум қилдим унга, – Мухторов ўйнаши билан бир кўрпада ётганида ёнидамидингиз? Ё бировлар гувоҳлигида бу ҳақда акт (далолатнома) тузиб қўйганмисиз? Бу даъвонгизни мутлақо исботлаб бўлмайди-ку! Қазган қудуғингизга ўзингиз тушиб кетяпсиз-у, уни янада чуқурлаштирмоқчисиз.
Мардиев тааммулга (чуқур ўйлаш) тушди.
–Шуни ўйламабман, – у қилган хатосини тушунди.
Кўчага чиққанимизда:
–Энди нима маслаҳат берасиз? – деди.
–Маслаҳат шуки, бу ҳақда ҳеч нарса ёзиб бермайсиз. Акс ҳолда бутунлай қўлга тушасиз.
Эртаси куни Мардиев келмади. Котибаси телефон қўнғироғига: “У киши бугун ишга чиқмадилар”, дея жавоб берди. Марказком вакиллари газета таҳририятига бориб, Мухторов билан суҳбатлашишди.
Шароф Убайдуллаев билан Нурали Қобул кейинги кунларда менинг хатти-ҳаракатларимдан шубҳаланишаётганини сезгандим. Улар энди ҳеч нарса чиқмаслигига амин бўлиб, Тошкентга кетиш тараддудида эдилар. Шунга қарамай, қўшимча айбловни Мардиевсиз ва менсиз ўтказмоқчи бўлишган. Бу ҳақда менга билдиришмади. Кеча директор тилга олган 1-ЖЭКка қўнғироқ қилиб, у ерда ишлаётганлар рўйхатини сўрашган ва вилоят партия комитетига келтириб, Хўжаевга берилсин, дейишган. Мардиев “ўйнаш”нинг исми, отасининг исмини айтган эди. Тушликдан кейин кириб келаётганимда эшик олдида турган милиционер: “Сизга 1-ЖЭКдан хат бор”, деди. Кўнглим дарҳол сезди ва ўзингизда турсин, кейин оламан, деб хонамга чиқдим. Таҳририятдан қайтиб келган Убайдуллаев: “ЖЭКдан хат келтиришмадими?” деди. Мактуб келмаганлигини айтганимдан сўнг, улар нарсаларини йиғиштириб, йўлга отланишди.
Меҳмонларимнинг бугун кетишини билганлигим боис, Мухторовни олдиндан огоҳлантириб қўйган эдим. У киши совға-салом тайёрлаб, кутаётганди. Текширувчиларни кузатиб, хонамдан Аҳмаджон Ғуломовичга қўнғироқ қилдим. У киши аэропортга чиқиб, уларни кузатиб қўйди ва шунча кун ичида биринчи марта хонамга кириб келди. Мени маҳкам қучоқлаб, бетимдан ўпди. “Бу хизматингизни ўлгунимча унутмайман”, деди.
Текширув натижалари бўйича партия марказий комитетида тайёрланган маълумотномани вилоят партия комитети бюроси мажлисида муҳокама қиладиган бўлишди. Бюро қарори лойиҳасини тайёрлаш, шу соҳа мутасаддиси сифатида, менга топширилди. Мухторовни хонамга чақириб, маълумотнома билан таништирдим. Аслида бундай қилмаслигим керак эди. Маълумотномада ҳисобдан чиқарилган машинанинг Зиё Тошбоевга берилганлигидан бошқа “айблов”лар тасдиқланмаганлиги ёзилганди. Унда, шунингдек, “Ҳоди Мардиев тафтиш жараёнида ўзини жуда носамимий тутди, текширувнинг охирги кунларида комиссия аъзоларидан қочишдек, коммунистга хос бўлмаган ҳаракатлар қилди”, деб таъкидланганди. Бюро мажлиси учун тайёрлаган маълумотномада ҳам камина Мухторовни, имкон қадар, фариштасифат қилиб кўрсатишга уриндим.
Бюро мажлисида биринчи котиб Бектош Раҳимов ҳам, бошқа бюро аъзолари ҳам Мухторов тўғрисида илиқ гаплар айтишди. Бектош Раҳимов:
–Масала КПСС Марказий комитетигача маълум, шунинг учун Мухторовга чора кўрмасликни иложи йўқ. Муҳаррирга ҳайфсан эълон қилишни таклиф этаман, – деди.
Бюро аъзолари бу фикрни қўллашди.

65.

Бюро мажлисида Ҳоди Мардиев ҳаракатларига ҳам баҳо берилди. Унинг даъволари деярли тасдиқланмаганлиги, текширув чоғида ўзини носамимий тутганлиги таъкидланди. Директорлик вазифасида қолиш-қолмаслиги масаласини кўриб чиқиш вилоят матбуот бошқармаси раҳбариятига топширилди.
Биринчи котиб:
–Узбекская пословица гласит: человек без штанов высмеивался над… над…, – деди-да, – ҳалиги иштони йўқ тиззаси йиртиққа кулибди, деганни русчага қандай перевод қиладилар? – ўтирганларга мурожаат этди.
Дабдурустдан айтилган мақолни ўша заҳоти ҳеч ким “перевод” қилолмади. Анча жимликдан сўнг кимдир:
–Менимча, голый высмеивался над полуголым, деса бўлар, Бектош Раҳимович? – деди.
–Во-о! – маъқуллади Раҳимов. – Мардиевни ўзи иштонсиз экан-у, тиззаси йиртиқ Мухторовни устидан кулибди.
Аслида иштонсиз Мухторов-у, тиззаси йиртиқ Мардиев эди. Аммо Аҳмаджон Ғулломович уни чув туширди. Бунда менинг ҳам ҳиссам борлигини тушундингиз. Журналист Абулфайз Баратов “Ленин йўли”да ишлаган даврлари ҳақида ёзганларида: ”…таҳририятда Бобоқул Имомов билан Миршариф Хўжаевдек пок кишини бошқа учратмадим”, дебди. Қорним оч, устим юпун, “бошимни силагувчи бир меҳрибон қўл“ (Ғ.Ғулом) топилмаган пайтларда “одам бўлишни кўрсатаман”, дея қилган аҳдимни бузганим учун ўшанда бошимни сийпалаган қўлдан “нажас ҳиди” келиб турганидан безовталигимни Баратов билмаган…
Бюро мажлиси тугаганидан кейин муҳаррир хонамга келиб, яна миннатдорчилик билдирди-да:
–Энди бу худобехабар Ҳоди Мардига мос иш топиб бераман, – деди.
Ўша ҳафта Мардиев вазифасидан бўшатилиб, вилоят худосизлар жамияти (атеизм уйи) раиси қилиб тайинланди.
Шундан кейин таҳририятда Мухторовнинг мавқеи жуда мустаҳкамланди. Чунки у кишига тўғаноқ бўладиганлар энди йўқ эди. Газета эса у пайтларда Тошмурод Маманиёзов билагига ўралган тишсиз илон сингари, авомни исталган кўйга соладиган қурол ҳисобланар, ахборот воситаси орқали партия ташкилоти бировни “оқ” деса, оқ бўлар, “қора” деса, топталарди.
Шу жиҳатдан ҳам “Ленин йўли”га ишга жойлашиш анча мураккаб эди. Масалан, ҳозир Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Сулаймон Ҳусаинов ёшлигида ўн йилдан ортиқ вақт давомида оддий мухбирлик вазифасига киролмаган. Айтишича, ёзувчи Нурали Қобул ёрдамида Самарқанд вилояти партия комитетининг ўша даврдаги иккинчи котиби Евгений Березиков тавсияси билан ишга олинган. Шунда ҳам Мухторов: “Сени синаб кўраман, ишнинг уддасидан чиқсанг, оламан, бўлмаса, Худо тавсия қилса, ҳам кетасан”, дея шарт қўйган.
Олий партия мактабини битирганимдан сўнг яна вилоят партия комитетига юборишди. У ерда ишлагим келмади ва, Мухторовнинг таклифи билан, муҳаррир ўринбосари бўлдим. Таҳририятдан кетганимдан кейин бу ерга анча ёшлар ишга жойлашибди. Уларнинг аксарияти иқтидорли йигитлар эди. Офият Бону деган ёш бир шоира ҳам маданият бўлимида фаолият кўрсатарди. Айтишларича, анча иқтидорли эмиш. Бўлим мудири Эмин Аъзамов шоира нимаики ёзса, қўл тегизмай, босишга рухсат берарди ва мен, мақолалар талаб даражасида эмаслиги учун, қайтаришга мажбур бўлардим. Бу ҳол жуда жонимга тегиб, мудирга дакки бердим.
–Офиятни билмас экансиз-да?! У билан ҳатто муҳаррир ҳам эҳтиёт бўлиб гаплашади, – ҳайрат ва иддао оҳангида гапирди у.
–Зўр шоирами?
Аъзамов жавоб қайтармай, илкис ортига бурилиб, чиқиб кетди ва бир неча сониядан сўнг қўлида газета ҳамда бир китобча билан қайтиб келди.
–Мана буни ўқинг.
У “Ленин йўли”нинг бундан бир неча ой олдин чиққан сонини узатди. Газетанинг тўрт бетида вилоят партия комитети биринчи котибининг вилоят партия ташкилоти конференциясида қилган маърузаси матни босилганди. Аъзамов бу билан нима демоқчилигини тушунмай, бир унга, бир газетага тикилдим.
–Тўртинчи бетга қаранг, – ўша саҳифадаги тагига қизил қалам билан чизиб қўйилган сатрларга ишора қилди мудир.
Унда: “…волоятимиз аҳли ўзбек шеъриятининг Офият Бону сингари юлдузи етишиб чиқаётгани билан фахрланиши керак. (Гулдурос қарсаклар)”, деб ёзилган эди.
–Шундай юлдуз борлигидан бехабар эканман-да, – ажабландим.
–Биринчи котибни ўзлари шоирани таҳририятга ишга олишни муҳаррирга тавсия қилган эмишлар, – изоҳ берди Аъзамов.
–Ким айтди?
–Офиятни ўзи. Биринчи котиб “Хоҳласанг ишла, истамасанг, мана бу франсузски духини сепиб, таралла-бедод қилиб юравер”, деганлар, дея ҳар кун бўлмаса-да, ҳафтада бир эслатиб қўяди.
Эмин Аъзамов қўлидаги ҳажми тахминан уч босма табақ келадиган юмшоқ муқовали китобчани тутқазди. Офият Бонунинг “Тонг юлдузи” деб номланган шеърлар тўплами экан. Беихтиёр “Ватан” деб аталувчи биринчи шеърни овоз чиқариб ўқидим.
“Ватан – менинг туққан онамсан,
Компартиям – забардаст отам”,…
деб бошланарди у. Ўқишдан тўхтаб:
–Офиятнинг онаси яқинда чақалоқ қилганми? – сўрадим Аъзамовдан.
–Йўғ-е, онаси қари бўлса керак, – кинояни тушунмаган мудир жиддий жавоб қайтарди.
–“Менинг туққан онам”, дебди-ку?!
Ҳазилни англаган Аъзамов кулди.
–Ҳа, келишик қўшимчаларини ўрнида ишлатишни билмайдиган “юлдуз”лар биллоҳил-азим кўпайиб кетди, – дардини очиқ айтди суҳбатдошим.
Партиянинг баланд минбаридан таърифланган “юлдуз” “асарини” кўздан кечириб, масала моҳиятини тушунгандек бўлдим. Бу ҳол қўрслигимни оширса- оширдики, сусайтирмади. Бону тайёрлаган моқолалар сурункасига қайтаверди. Аъзамов билан орамизда бўлган суҳбатдан сўнг бирор ҳафта ўтгач, хонамга Бонунинг ўзи кириб келди.
–Салом! – деди у қошларини чимириб, юзларида аллақандай нафрат ва эътироз аралаш истеҳзо билан.
–Ва алайкум ассалом.
–Саломингиздан бил-лдик-к, ўз-збек экансиз. Ҳозирги ёшлар саломга ва алайкум ассалом деб эмас, салом деб жавоб қайтарадилар. Значит, старамоднисиз. Бу, биринчиси. Иккинчидан, шеъриятдан бехабарлигингиз билиниб турибди. Учинчиси, мен тайёрлаётган материалларни қайтаряпсиз-у, ўзингиз нима каромат кўрсатдингиз?
Шоира ушлаган сичқони қочиб қутилолмаслигини билган мушук ҳолатида эди: мени истаган кўйга солиб, ўйнатишига ишонарди. Ҳар қанча бефарқ қарашга уринмай, охирги гапи таъсир қилди.
–Каромат кўрсатадиган авлиё эмасман. Лекин сизнинг шаҳвоний ҳирсларга тўла шеър деб аталувчи сандироқларингизни чап қўлим билан эмас, чап оёғим билан ёзаман, билдингизми?! – жаҳл билан айтдим.
–Ўҳ-ҳў, бундан чиқди, сиз ҳали бу ерга ким томонидан қўйилганингизни билмас экансиз.
–Буни менга қизиғи йўқ. Лекин бундан кейин фаолиятингиз шу тарзда давом этадиган бўлса,таҳририятда ё мен, ё сиз ишлайсиз.
–Мен ишлашим аниқ, сиз тайёргарлигингизни кўраверинг!
У бошқа гапирмасдан, шашт билан чиқиб кетди. Ярим соатлардан сўнг муҳаррир чақираётганини айтишди. Мухторов безовта эди.
–Бир қанжиқ таҳририятда юрса-юрар, у билан ўчакишдан не суд?
Муҳаррирнинг гапидан маълум бўлишича, шоира унга арз қилган.
–Дуруст ишласин-да, келганимдан буён пиччоққа илинадиган бирорта нарса ёзолган эмас, ахир.
–Буни биламан, биринчи котиб уни ишга олдирган. Тишимни-тишимга қўйиб юрибман, нима қиламиз энди.
–Биринчи котибга арз қилса, муовиним уни ишлагани қўймаяпти, денг, –маслаҳат бердим.
–Муовинингга сўзинг ўтмаса, нима қилиб юрибсан, демайдими котиб?
Бу ёғини ўйламаган эканман. Шу гапдан кейин ҳам шоирага нисбатан муносабатимни ўзгартира олмадим. Кўп ўтмай, муҳаррир меҳнат таътилига чиқди. Газета имзом билан босила бошлади. Офият ҳам ишга чиқмай қўйди. Тўрт-беш кун ўтгач, касаба уюшмаси қўмитаси вакиллари унинг аҳволидан хабар олгани уйига боришди. Қўшниларининг айтишича, Офият бирор ҳафта илгари қаёққадир кетган эмиш.
Партия турмуши бўлимининг мудири Аброр Жумаевни (А.Ж. 2013 йил октябри бошида оламдан ўтди. М.Х.) Офият туғилиб ўсган қишлоққа хизмат сафарига жўнатдим ва колхоздан репортаж уюштириб, йўл-йўлакай, бирор вакил билан, Бонунинг ота-онасиникига кириш, унинг аҳволидан хабар олишни топширдим. Жумаев ҳам Офият икки ойлардан буён қишлоғига бормаганлиги хабарини келтирди. Шундан сўнг касаба уюшмаси қўмитаси раиси Ҳамид Низомов ва Аброр Жумаевдан Бонунинг ўз уйида ҳам, ота-онасиникида ҳам йўқлиги ҳақида ёзиб беришларини сўрадим ва Самарқанд аэропорти раҳбарига қўнғироқ қилиб, шоира ишга чиқмаган кундан бугунгача Офият Бону деган фуқаронинг бирор шаҳарга учган ёки учмаганлиги тўғрисида маълумот беришини илтимос қилдим. Аэропортдан юборилган хатда шундай киши бир неча кун аввал Душанбе шаҳрига учганлиги ёзилган эди.
Муҳаррир ишга чиқиши арафасида Офият ҳам таҳририятда пайдо бўлди. Ходимлар бўлимидан билдиришларича, ишга чиқмаган кунлари учун касаллик варақаси келтирган эмиш. Варақани экспертизадан ўтказишни сўраб, вилоят соғлиқни сақлаш бўлими (ҳозир бошқарма дейилади)га юбордик. У ердан касаллик номи варақада очиқ кўрсатилмагани, у юқумли трихомоноз хасталигига йўлиққани, бунинг устига, ҳужжат бемор яшайдиган ҳуддуддан берилмаганлиги, яъни қалбакилиги хусусида маълум қилишди.
Шу аснода бир киши келиб: “Офият Бонуни “Душанбе” меҳмонхонаси кириш эшиги олдида совхоз директори Йўлчиев деган киши билан кўрганлиги, директор унинг юзига тарсаки урганини” хабар берди. Барча ҳужжатларни жамлаб, Бонуни хонамга таклиф қилдим. Бугун унинг илгариги шашти йўқ эди. Ўзини афтодаҳол қилиб кўрсатди.
–Саломатлигингиз яхшими? – ўсмоқчиладим.
–Жудаям мазам қочди. Биров хабар ҳам олмади, –киноя қилди.
–Нега ундай дейсиз? Уйингизга бир неча киши борди, йўқ экансиз.
У бир оз безовталанди.
–Ҳа, эсим қурсин, энамникида эдим. Ўша ерда даволандим.
–Энангизникидан ҳам топишолмади-ку?!
Шоиранинг ранги бўзарди.
–Нима, ортимдан пойлоқчи ёллаганмисиз? Тинч яшагани қўясизми, йўқми?
–Тўғри ишласангиз, тинч яшайверинг, ким сизга халал етказяпти?
–Сиз қўймаяпсиз, жанжал энди катта қозонда қайнайдиганга ўхшайди.
–Менга қаранг, ўзингизни доно тарашлаб, бошқаларни гўл ҳисобламанг. Мана бу хат уйингизда йўқлигингиз тўғрисида, – олдига касаба уюшмаси раиси ёзган маълумотни ташладим. – Буниси, энангизникига икки ойдан буён бормаганлигингиз ҳақида, буниси Душанбе шаҳрига Йўлчиев билан учиб кетганлигингиз тўғрисида, мана буниси эса касаллик варақангизнинг қалбакилиги ҳақида. – Ҳамма маълумотномаларни олдига улоқтирдим.
Шоиранинг ранги ўзгарди. Қўллари қалтираб, қоғозларга нигоҳ ташлай бошлади.
–Қўшимчасини ҳам айтай: “Душанбе” меҳмонхонаси эшиги олдида Йўлчиев бетингизга тарсаки ураганларигача биламиз. Гапни, ўзингиз айтгандек, катта қозонда қайнатмоқчи бўлсангиз, фақат эрингиз ва болаларингизга хабар бериш қолган, холос.
Офият Бону икки қўлини кўтарди.
–Бўлди, мен сизни бу даражада жоҳил деб ўйламагандим, таслимман. Ижод аҳлини кўнгли бўш бўлади, мен сизни кечирдим. Аризамни бериб кетаман.
–Фақат менинг битта шартим бор: башарти кетсангиз, бу ишга Мухторовнинг умуман алоқаси йўқ ва шунинг учун обкомнинг биринчи котибига у киши ҳақида бир оғиз ножўя сўз етиб борадиган бўлса, ишингиз “катта қозонда қайнашини” унутманг.
Бону ишдан бўшади-ю, муҳаррир билан орамизга илк совуқлик оралади

66.

«Партиянинг» «адабиётга» «муҳаббати» можароси туфайли азият чекиши мумкинлигидан хавотир олган муҳаррир Бону ишдан кетган дастлабки кунларда ўзини қўярга жой тополмади. Орадан уч ҳафталар ўтди, Мухторов бу давр мобайнида биринчи котиб билан қайта-қайта учрашди. Аммо у киши муҳаррирга Бону ҳақида ҳеч гап айтмаган. Шундан сўнг мени хонасига чақирди-да:
–Меҳнат таътилига чиқиб кетаётганимда Офият Бону сизни ишдан ҳайдатмоқчи эди, – деди. – Таътилдан қайтсам, ўзи ариза ёзди. Бунинг устига, биринчи котиб ҳам шу пайтгача бу ҳақда гап очмади. Ҳеч нарсани тушунмадим. Бир ой ичида нима қилдингиз?
–Яхши ишла, дедим.
–Шоира сизнинг битта гапингиз билан яхши ишлайдиганлар тоифасидан эмас. Сиз уни бир нима деб қўрқитгансиз.
–Орқасида Социалитстик Меҳнат Қаҳрамони, вилоят раҳбари, қолаверса, вилоят газетасининг муҳарриридек ҳимоячилари бор кишини мен қандай қўрқитишим мумкин?
–Билмадим, билмадим. Иш қилиб охири бахайр бўлсин-да. –Муҳаррир ҳамон безовта эди. – Илгари “пальто ўғрисини ушлаймиз”, деб, кейин уни қўлга туширганингизда ажаблангандим. Офият Бону масаласи ундан ҳам сирли бўлди. Баъзан одамлар сизни КГБ айғоқчиси деганига беихтиёр ишонгим келади.
Аҳмаджон Ғуломович катта синовдан муваффақиятли ўтганидан сўнг эски ҳовли-жойини тубдан қайта таъмирлаш ва қизи номига ер олиб, янги ҳовли қуришга киришиб кетди. Бу масалада Аброр Жумаев яқин маслаҳатчи эди. Газета иши асосан ўринбосарлари зиммасида қолди. Шундай кунларнинг бирида ёши олтмишларни қоралаган, гулли матодан олди ва енглари исқирт тўн кийган, соқоллари ўсиқ бир киши кириб келди. “Тайлоқ туманининг “Ўзбекистон” колхозиданман”, деди. Айтишича, “Жигули” машиналарига техник хизмат кўрсатувчи корхонада қоровуллик қиларкан. Унинг ҳовлисини ишлайдиган корхонаси билан бир девор ажратиб тураркан. Бошлиғи «ишхонада ётдингиз нима-ю, уйингизда ухладингиз нима, шунга ҳам маош берайми?», деб бир неча йилдан буён ҳақ тўламас экан. Меҳнат дафтарчамни беринг, бошқа жойга ишга кирай деса, ҳужжатни ҳам бермабди. У киши ариза ёзиб кетди-ю, орадан икки кун ўтгач, қайтиб келди. “Меҳнат дафтарчамни берди, энди газитга ёзманг”, деди. Ҳужжатни қўлимга олиб, беихтиёр охирги иш жойидан бўшатилгани ҳақидаги ёзувга кўз ташладим. Унда “Самарқанд вилояти қоракўлчилик совхозлари трестининг механизациялашган кўчма колоннасига ишга қабул қилиниб, аризасига кўра озод этилди”, деб ёзилганди.
–“Жигули”ларга техник хизмат кўрсатиш корхонасида ишлаганман, дегандингиз, бу ҳужжатда кўчма колоннада ишлади деб ёзилган-ку?! – дедим.
–Унақа корхонани билмайман.
–Ундай бўлса, эрта бир кун дафтарчангиздаги қалбаки ёзув билиниб қолса, жавобгар бўласиз, – дегандим, шикоят муаллифи ташвишга тушди.
–Шундай бўлса, газитга ёзинг, – жавоб берди у киши.
Дафтарчадаги ёзув чиндан ҳам қалбакилиги маълум бўлди ва уни текшириб, “Алдагани… катта яхши” сарлавҳали фельетон ёздим. Ҳали газетага босилмаган танқидий мақолани кўрган Эмин Аъзамов:
–Кимни фельетон қилаётганингизни биласизми? – деди.
–Уни кўрдим, суҳбатлашдим.
–Кимнинг қариндошилигини биласизми, деяпман, – гапига аниқлик киритди у. – Вилоят прокурорининг қариндоши.
–Бўлса-бўлар, нима қилибди?
–Ҳа, энди, айтдим-қўйдим-да…
Танқид газетага босилди. Мақола эълон қилинган кун эрталаб хонамдаги телефон жиринглади.
–Вилоят прокурори ёрдамчиси, Харьков шаҳрининг фахрий фуқароси Каграмановман, – деди қўнғироқ қилган киши.
Ўзимни таништирдим.
–Кимлигингизни билмасам, телефон рақамингизга қўнғироқ қилмасдим, – терс жавоб берди прокурор ёрдамчиси. – Газетага ёзган фельетонингиздаги даъволарни исботлаб бера оласизми? – Ўшандай дағаллик билан сўради у.
–Исботлай олмасам ёзмасдим.
–Қандай қилиб исботлайсиз?
–Сиз мени телефон орқали тергов қилмоқчимисиз? Терговни бошлаган бўлсангиз, қонунга кўра, менга чақирув қоғози юборинг, ўшанда суҳбатлашамиз, – дея мен ҳам қўрслик билан гўшакни қўйдим.
Орадан бир кун ўтгач, олдимга қорамағиздан келган йигит ташриф буюрди. Вилоят прокуратурасининг терговчиси экан.
У ўзини терговчидек тутмаётганди, аллақандай безовта ва сертакаллуф эди.
–Мени бу ерга хўжайин юбордилар, – хижолатомуз гапирди терговчи. – Газетада босилган масалани бир ёғлик қил, дедилар. Бу масала бизнинг фойдамизга ҳал бўлиши керак дейилгани. Сиз билан очиқчасига гаплашмоқчиман, ака. Ўзим Жомбойлик камбағал оиладан чиққанман; вилоят прокуратурасига яқинда келдим. У ерга ишга жойлашиш нима эканини билсангиз керак. Масала прокурор айтганидек ҳал бўлса, яхши. Акси бўлса, мен иш билан хайрлашишим керак…
Йигитнинг мақсадини тушунмай:
–Мендан нима истайсиз? – дедим.
–Агар ҳолатимга ачинсангиз, газетага ёзилган гапларнинг орқасини суриштирмаслигингизни илтимос қиламан. У ёғини шикоятчи айтгандек ҳал қилиб бераман.
Очиғини айтсам, терговчига ачиндим. У емаган сомсаси учун куйиб кетиши аниқ эди.
–Бўпти, ука, фақат, шикоятчининг меҳнат дафтарчасини тўғрилаб, ишлаган йиллари учун маоши тўланса, мақоланинг орқасини суриштирмайман, – дедим.
Эртаси куни газета масъул котиби Ҳабиб Темиров хонамга кирди. (У киши ҳозир республика “Қишлоқ ҳаёти” газетаси бош муҳаррирининг ўринбосари, таниқли ёзувчи).
–Пастда сиз танқид қилган ПМК (механизациялашган кўчма колонна) бошлиғи билан унинг бош инженери, бизнинг қариндош, олдингизга кирмоқчи бўлиб туришибди, – деди Ҳабибулла.
–Нима исташаркан? – қизиқдим.
–Мақолада кўтарилган масаланинг орқасини суриштирмасангиз, сизга бир уй қуриб беришмоқчи.
Прокуратура терговчисига бу ҳақда кеча ваъда бериб юборганимни Ҳабибуллага айтмадим (У киши ҳалигача буни билмайди. Мана бу ёзувлардан билиб олиши мумкин). Сиз учун шундай қиламан, – деб, Ҳабибуллага баҳомни кўтариб қўйдим.
Шу гапдан кейин икки ҳафталар ўтгач, шикоятчи келди. У жуда хурсанд эди. Хонамда анча вақт гапириб ўтирди. Нимадир демоқчи-ю, айтолмаётганини сезиб турардим. Охири ўрнидан турди-да, исқирт тўни қўйнидан бир даста пул чиқарди ва менга узатиб, “Бу сизни ҳақингиз”, деди, хижолатпазлик билан. Пулни болаларингизга, узоқ вақтдан буён фалаж бўлиб ётган хотинингиз кам-кўстига ишлатинг, десам, кўзларига ёш олди. Кўрсатилган “хизмат” учун ҳақ олмаслик мумкинлигига мутлақо ишонгиси келмасди унинг.
Кунлар ўтиб, муҳаррир “якшанбада чўмилгани борамиз, эрталаб уйингиз олдида туринг, олиб ўтаман”, деди. Якшанба чошгоҳда Мухторовни кутиб турдим. Нотаниш машина олдимга келиб тўхтади. Ҳайдовчи олдида муҳаррир, орқа ўриндиқда миқти гавдали бир киши ўтиришганди. Жўнаганимиздан кейин Мухторов менга қараб:
–Фирдавс Акбаровични танийсизми? – деди.
–Йўқ.
–Ие, вилоят прокурорини танимайсизми? – ажабланди у киши.
Прокурорнинг Фирдавс Акбарович Аббосзода эканини билардим-у, кўрмаган эканман. Самарқанддан кунчиқарга қараб бир соатга яқин йўл юрдик ва Каттақўрғон сув омбори қирғоғига келиб тушдик. Меҳмонларни сочи устара билан қирилган, тўладан келган барваста киши ва икки ёш йигит кутиб олишди. Уларнинг салобатлиси туман прокурори экан. Биз учун тайёрлаб қўйилган жойга қирғоқ бўйлаб бораётганимизда йўл устига қўйилган темир ўчоқда ловуллаб ўт ёнарди. Қозонда эса ёғ қайнаяпти. Йигитлардан бири сувга қармоқ ташлаб ўтирибди. У қозондан унча узоқда эмас эди. Ёнида иккита катта-катта балиқ кап-кап қилиб, оғзини очиб, юмяпти. Уларга раҳмим келиб, оёғим билан сувга итариб юбордим. Буни кўрган туман прокурори:
–Э-э, нима қилдингиз, меҳмон? Уларни сизларга кўрсатиб, тириклай қозонга ташламоқчи эдик, – деди.
Этим жунжикиб, аллатавр бўлдим. Тайёрланган жойга бориб ўтирдик. “Хизматкор”лар яна балиқ ушлашди, айтганларидек қилиб қовуришди. Мухторов билан прокурор ечиниб, сувга киришди. Коняк, арақ очилди. Оз-оздан ичилди. Мен, ёввойи, азалдан ичмайман, бунинг устига, кўз ўнгимда балиқларнинг тириклай қозонга ташланаётганидан кўнглим беҳузур бўлиб, ҳеч нарса емадим ҳам. Кайфи бир оз ошган вилоят прокурори:
–Ўринбосарингни кўрсат, кимлигингни айтаман, деганлар, Аҳмаджон Ғуломович, – деди киноя билан.
–Бу йигитни қилиқларига эътибор берманг, Фирдавс Акбарович, у шанақа, ғалатироқ, – жавоб қайтарди муҳаррир. – Ичмаслигини билардим-у, бунчалик раҳмдиллигини ўзим ҳам энди кўрдим, шоиртабиат-да.
Фирдавс Акбарович ўрнидан турди.
–Бу раҳмдил ўринбосарингизни кайфиятини ўзим кўтараман, – деди-да, қирғоқда турган қайиққа қараб юрди.
Менга имо қилиб:
–Кетдик, ўринбосар, сувда сайр қилиб келамиз, – деди.
Прокурор моторли қайиқ ичига тўшалган юмшоқ кўрпа устига ялпайиб ёнбошлади. Йигитлардан бири келиб, моторни ўт олдирди-да, уни қандай бошқаришни менга тушунтирди. Анча ичкарига кирганимизда қайиқни тўхтатдим. Прокурор “Ҳайдайверинг”, деди. Яна юрдик. Қирғоқдан жуда узоқлашганимизда, олдимиздан чиққан кичик бир оролчадан ҳам ўтиб кетдик. “Кайфиятини кўтараман”, деган киши шунча йўл юриб ҳам миқ этмади. Қўшхонамиз оролча ортида қолиб, кўринмасди. Оролчадан ўтиб ҳам узоқ суздик.
–Тўхтатинг, – буюрди прокурор.
У кўзларини юмиб, қуёшга товланарди. Мотор ишлаяпти. Фирдавс Акбарович ўрнидан турди. Миқти гавдасини у ён, бу ёнга буриб, керишди.
–Келганимиздан буён бир марта ҳам сувга кирмадингиз. Сузишни билмайсизми? – сўради.
–Сал-пал биламан, – дедим-да, оёқларим чигалини ёйиш учун ўрнимдан турдим.
–Сал-палми?
Прокурор шундай деди-да, қайиқнинг бир ёнини илкис босиб юборди. Мувозанатимни йўқотиб, сувга қуладим. У кулиб:
–Қани сал-пал сузишингизни бир кўрайлик-чи, – дея, қайиқни ҳайдаб кетди.
Аввалига ҳазиллашаяпти деб ўйладим. Лекин қайиқ қўшимиз томон бир текис кетиб борарди. Турган жойимдан ҳеч бир қирғоққа сузиб боришнинг имкони йўқ эди.
Бундан йигирма йил аввал Қорақум саҳросининг қоқ марказида жойлашган ҳарбий гарнизонимиздаги ягона ҳовузда бўлинмамиз командири Виртос деган молдаван лейтенант биз, саҳройиларга, сувда сузишни мажбур қилиб ўргатганида, гап билан, унинг авлод-аждодини дўзах оловига “куйдирганмиз”. Чунки Қорақум саҳросида сузиш у ёқда турсин, ичиш учун бир қултум сув топиш маҳол эди. У эса: “Эй, кўрнамаклар, бир кун келиб менга раҳмат айтасизлар”, дея, қистаб суздирарди. Ҳозир лейтенант Виртос ўргатган усулда – сув устида чалқанча ётиб дам оляпман-у, командирим шаънига ўшанда айтган қарғишларимни Худо қайтариб олсин, деб хаёл суряпман. Прокурор “у нохос чўкиб кетди”, деб шерикларимни ишонтирса, ҳеч ким излаб келмаслигини биламан. Сув устида қанча ётиш мумкин? Орадан анча вақт ўтди. Ҳеч ким қидириб келмади. Энди онам, болаларим, хотиним ҳақида ўйлай бошладим. Хотинимга бир пайтлар: “Узоқ вақт келмай қолсам, кечалари Ойга тикилсанг, мен ҳам унга тикиламан. Ой воситасида суҳбатлашамиз”, деб ҳазиллашардим. Ўшанда Қуёшга ҳам тикил демаган эканман-да, деган бемаъни хаёл миямда айланади.
Мушакларим толиқаётгани сезила бошлади. Ҳеч қурса, сувга чўкиб жон бериш қанақалигини билиб ўламан-ку, дея кўнглимга таскин бермоқчи бўламан. Кўзларимнинг олди қоронғилаша бошлади. Шу аснода узоқдан мотор овози эшитилди. Бошимни кўтариб, разм солдим. Қайиқ биз ёнидан ўтиб келган оролча атрофида айланаётган эди. Демак, мени излашяпти. Аста-секин мотор овози яқинлаша бошлади ва етиб келди. Унда Мухторовнинг бир ўзи эди.
–Тушунмадим, Фирдавс Акбарович сизни оролчада дам олгани қолди деди-ку!? Қандай қилиб бу ёққа келдингиз?
У кишининг биринчи саволи шу бўлди. Жавоб қайтармай, қайиққа чиқдим. Прокурор ётган кўрпа устига, беҳол, чўзилдим. Кўзларим жиққа ёшга тўлди… Мухторов қайиқ моторини ўчирди. Бир оз ўзимга келдим-да, ўрнимдан туриб, муҳаррирни қучоқлаб, бетидан ўпдим.
–Бу хизматингизни ўлгунимча эсимдан чиқармайман, – дея у кишининг ёзишмалардан қутқазиб қолганимда айтган гапини такрорладим.
–Менга қаранг, сиз яқинда ёзган танқидий мақола прокурорнинг қариндоши тўғрисидалигини билармидингиз?
–Ҳа…
Мухторов ўйланиб қолди.
–Нега бу ҳақда менга айтмадингиз?
–Айтсам, газетага бердирмасдингиз-да.
У киши яна хаёлга чўмди.
–М-да…Сизни биламан, деб ўйларканман. Билмаслигимни энди тушуняпман…

67.

Раҳбарим моторни ўт олдирмасдан, эшкакларни сувга туширди ва қайиқни қўшимиз томон жилдирди-да:
– Энди нима қилмоқчисиз? – деди.
Очиғини айтсам, прокурордан ўч олиш лозимлигини ўйлардим-у, бунинг учун нима қилиш кераклигини билмасдим. Шу боис саволга жавоб бермасдан, сўрадим:
–Ўрнимда ўзингиз бўлганингизда нима қилардингиз?
Мухторов ўйланиб қолди. Эшкакни қўйиб юбориб, ўнг қўлини сувга тиқди-да, кўкрагини ҳўллади.
– Худога солардим.
Содиқ коммунист, ашаддий худосиздан бу гапни кутмагандим. Чамаси бир ой бурун атеистик тарбия ҳақида ёзган бош мақоласида баён этган фикрлари билан бу гапи ўртасида ер билан осмонча фарқ бор эди.
– Худога ишонасизми?! – Ҳайратимни яшира олмадим.
Муҳаррир менга синчков назар ташлади ва яна эринчоқлик билан эшкак торта бошлади. Доимий одати – иягини чап ва ўнг томонга кериштирди.
–Сиз ҳам, мен ҳам художўйлар оиласида ўсганмиз. Ким нима деса, деяверсин, Худо бор, оғайни, Худога солинг.
Бу гап мен яшаётган жамиятнинг асосий иллати – мунофиқликнинг яққол далили эди. Ҳақиқий эътиқодни сир тутиб, мажбуран сингдирилаётган ғояга “содиқлик” деярли ҳар бир кишининг одатий ишига айланганди. Коммунист дадамнинг яширинча намоз ўқишлари, динсизликни тарғиб қилиб, ўзи “Худо бор”, деб турган муҳаррирнинг хатти-ҳаракатидан ҳеч ким ажабланмасди. Шуларни ўйлаб:
–Худога-ку солдим, лекин судга ҳам бераман, – хаёлимга келган дастлабки фикрни айтдим.
Мухторов эшкак тортишни тўхтатди.
–Соддасиз-да, оғайни, соддасиз. Суд вилоят прокурорига чора кўради деб ўйлайсизми? Нима деб даъво қиласиз?
–Қутқармаганингизда чўкиб кетардим! Сиз гувоҳ-ку!
–Прокурор сизни бу ерга ташлаб кетганини ҳеч ким кўрган эмас. У “Ўринбосарингиз оролчада ёлғиз дам олгани қолди”, деб ҳаммани ишонтирди. Даъво қилсангиз, оролчадан нарига ўзи сузиб борган, деб айбини тан олмайди. Сиз уларни билмайсиз. Шунинг учун судда ютиб чиқишингизга ишонмайман.
Қайиқ моторини ўт олдирдим ва шерикларимиз томонга ҳайдадим. Қирғоқдаги иккита катта-катта соябон тагида икки прокурор бетларига газета ёпиб, ухлашаётганди. Бошқалар овқат пишириш билан оввора эди. Қайиқдан тушиб, кийимларимни кийдим ва Аҳмаджон Ғуломовичга мен кетдим, дедим.
–Қаёққа кетасиз? Дам олишни ҳаром қилманг энди, – эътироз билдирди муҳаррир.
Ҳеч нима демасдан, катта йўл томон жўнадим.
–Тўхтанг, машинада чиқариб қўйишади.
Шундай деди-да, туман прокурори машинасининг ҳайдовчисига мени Бухоро – Самарқанд йўлига чиқариб қўйишни буюрди…
Шу воқеадан кейин кўп вақт ўтмай, прокурор вазифасидан кетди. Икки йиллардан сўнг вафот этди. У ҳали ёш эди.
Душанба куни эрталабки режалаштиришдан олдин муҳаррир билан саломлашгани хонасига кирдим. У мени, илгаригидек, самимий кутиб олмади. Тил учида сўрашди-ю, котибани чақириб:
–Бугун соат учда летучка (жорий ишлар таҳлил қилинадиган йиғилиш) бўлади, ҳамма ижодий ходимлар қатнашиши шарт деб эълон ёзинг, – деди.
Эрталабки режалаштиришдан сўнг масъул котиб ўринбосари Ибодулла Ўлмасов хонамга кирди. У киши барваста қоматли, қорамағиздан келган, босиқ, нигоҳи боши кесилган қўйнинг очиқ қолган кўзлари сингари сузик эди. Олий маълумоти йўқлигидан бўлса керак, муҳаррирга ўзини жуда яқин тутишга уринар, ёш ходимлар, кўча-кўйдан келганлар олдида эса виқор билан юрарди.
–Летучкада фотомухбир Ғулом Алиевни иши ҳам муҳокама қилинаркан, Аҳмаджон айтди (Ўлмасовнинг ёши муҳаррир ёшидан катта эди. Шунинг учун норасмий ҳолатларда раҳбар номини юқоридаги тарзда айтарди), – деди у. – Редактурга яқин кишисиз. Бу шепитилни гапни очиғ айта қолай: Алиев ҳозир редаксияда Аҳмаджонга беписанд қарайдугон ягона одам. Уям кетса, каллектив тинчийди. Фотомухбир ишидан қониқмаёпмиз деб тўрт киши гапуриши керак. Шулардан биттаси сиз. Буни шеф айтди. Гланий ударни Хўжаев қилиши керак, Алиевга аввол бир вигавор берамиз, сўғун ена бир чора кўруб, ишдан ҳайдамиз, деди. Так што тайёрланинг. Локин иш буюропту деб мандан хафа бўлманг, топшуруқни бажаропман, халос. Добри? (“добро?” демоқчи).
Муҳаррир шу пайтгача бунақа “шепитилни” гапларни ўзимга айтарди. Энди воситачи орқали билдираётганига қараганда, менга ҳам ишончи камайган. “Главний ударни” қилиш учун газетамизнинг ярим йиллик тахламини хонамга келтирдим ва Алиевнинг шу муддат оралиғида бажарган ишларини бир-бир кўздан кечирдим. Фотомухбир мени ўзига жуда яқин тутишини Мухторов биларди. Шу боис, аввал, у билан орамизни бузмоқчи ва жамоадаги охирги қайсардан бизнинг ёрдамимизда қутилмоқчи деб ўйладим.
Муҳаррир илгаригидек навбатчи таҳлилчига сўз бермай, летучкани ўзи очиб, столи устидаги газеталардан бирининг ички бетидаги аллақайси мақолага кўз югуртирди-да:
–Ман кейинги пайтларда ишга олинаётган айрим кишилар билан суҳбатлашиш, пучини-пучга, сарагини-саракка чиқаришни ўринбосарим Хўжаевга ишониб топширганман. У киши Холмуҳаммад Нуруллаевни мақтаб, мухбирликка қабул қилдирганди. Мана бу мақолани Нуруллаев ёзибди, – деди ва газетанинг ўзи қараб турган бетини бошқаларга ҳам кўрсатди. – Шу ҳам мақола бўлдими? Туфта бу!
Таҳририятда шунча йил ишлаб, муҳаррирдан биринчи марта дакки эшитаётгандим. Мухторовнинг гапида жон бор эди. Нуруллаев ёзаётган мақолалар ҳали талабга жавоб бермасди. Муҳаррир тутақиб гапирарди:
–Редакцияда кейинги пайтларда тўрт-бешта шунақа балластлар (фойда бермайдиган одамлар) тўпланиб қолди. Биродарлар, билиб қўйинглар, бунақалардан у дунё, бу дунё журналист чиқмайди. Ҳозир қўлимни қаёққа чўзсам, етади. Шу имкониятдан фойдаланиб, яхши-яхши ишларни бошини тутиб олинглар, ман ёрдам берай.
Аҳмаджон Ғуломович ҳаяжонини босиб олиш мақсадида, газета тахламини варақлай бошлади.
–Партия турмуши бўлими – редакцияни юраги. Бўлим мудири Аброр Жумаевни ёшларга ибрат қилиб кўрсатмоқчиман, – муҳаррир гап мавзусини ўзгартирди. – У киши партия ҳаётини ёритишда материаллар географиясига қатъий риоя қилади. Бу масалада махсус жадвал тузган. Шунинг учун вилоятдаги ҳар бир йирик партия ташкилоти ҳаёти газета эътиборидан четда қолмайди.
Муҳаррир партия турмуши бўлими ишини фақат мақолалар географияси (мақолаларда вилоят ҳудудини қамраб олиш даражаси) масаласида мақташи мумкин эди. Чунки улар тайёрлаётган материаллар сифат жиҳатидан талабга жавоб бермасди. Аброр Жумаев муҳаррир уй-жойи қурилишида асосий маслаҳатчи эканини илгари ёзган эдим. Шу боис бугун раҳбар содиқ ходимни маънан қўллаётганди.
Жумаев устидан таҳририятга тинимсиз имзосиз хатлар келар, у кишининг, шикоят текшириш баҳонасида, қилаётган таъмагарликлари хусусида ёзилган бўларди. Уларни муҳаррирга кўрсатганимда, темир сандиғига солиб, “Аброр ака билан гаплашиб қўяман”, дерди-ю, аммо хатларнинг кети узилмасди.
Навбат Ғулом Алиев масаласига келди. Сўз Ибодулла Ўлмасовга берилди. Масъул котиб ўринбосари ва у кишидан кейин гапирган икки бўлим мудири фотомухбир ишидан қониқишмаётганини айтишди. Сўз менга берилди.
–Таҳририятда тўққизта бўлим бор, – деб бошладим гапни. – Фотомухбир эса бир киши. Ғулом Алиевнинг ярим йил давомида қилган ишини назардан кечирдим. Олти ойда газетамизнинг 130 та сони чиққан. Уларда Алиевнинг икки юз олтмиш бешта сурати босилибди. Ҳар бир сонга, ўртача, иккитадан расм берган. Уларда энг чекка районлар ҳам, шаҳарлар ва яқин ҳудудлар ҳам, халқ хўжалигининг барча соҳалари ҳам қамраб олинган. Яъни, расмлар тематикаси ва географияси талабга жавоб беради. Мендан олдин сўзга чиққанлар “фотомухбир ишидан қониқмаяпмиз”, дейишди-ю, нимасидан қаноатланишмаётганини айтишмади, мен уларни тушунмадим.
Гапим белгилаб қўйилган режага, илгари айтилган гапларга зидлигидан муҳаррир ҳам, сўзга чиққанлар ҳам безовта эдилар. Мухторовнинг асосли гапни қўллашдан бошқа иложи қолмаганди.
–Хўжаев фотомухбир фаолиятини яхши таҳлил қилибди, демак, Алиев ишини қаноатланарли деб айтсак бўлади, – деди у киши.
Йиғилишдан кейин хонамга келган Ғулом Алиев мени қучоқлаб олди.
–Редактор менга виговор бермоқчилигини билмасмидингиз? – сўради у.
–Билардим.
–Унда нега бундай қилдингиз?
–Нима, тескари иш қилишим керакмиди?
– Ҳоди Мардиев бу онағарни устидан ёзганида қандай ёрдам қилганимни, ҳеч ким билмаса ҳам, сиз билардингиз. Нонкўр маразни кўряпсизми? Яна ўз қавмимдан-а! – Суҳбатдошим нафратининг чеки йўқ эди.
Шу воқеадан кейин фотомухбир ва муҳаррир ўртасидаги “жарлик” янада “чуқурлашди”. Йиллар ўтиб, Ғулом Али “Иблиснинг сурати” номли роман ёзди. (Бу ҳақда илгариги бўлимлардан бирида эслатиб ўтган эдим. Унда каминани Миршароф Хўжабеков номи билан ижобий қаҳрамон ва муҳаррирни салбий персонаж қилиб тасвирлади. Китоб Тошкентдаги “Шарқ” матбаа аксиядорлик кампаниясида босмадан чиққан)…
Аҳмаджон Ғуломович энди мени ёнига бўлар-бўлмасга йўлатмас, муносабатимиз кундан-кун совиб борарди. Шундай кунларнинг бирида Тоҳир Маннонов деган курсдошим сўроқлаб келди.
–Сенга арз билан келдик, – деди у безовталик билан.
–Шеригинг ким? – қизиқдим.
–Ҳамроҳим – қишлоқдошим, магазин директори. У сени олдингга киришга рози бўлиб шу ергача келди-ю, эшикдаги “Аброр Жумаев” деган ёзувга кўзи тушиб, ўша ёққа кириб кетди.
–Жумаевда бирон иши бўлса керак-да?
–Ҳа, унга ҳозир пора беради.

68.

Тоҳир жуда безовта эди. Айтишича, куни-кеча қишлоқдоши директорлик қиладиган универмагга Аброр Жумаев бориб, унга “устингдан таҳририятга шикоят тушган, эртага олдимга бормасанг, ишинг чатоқ”, деб келган. Бугун эрталаб директор пул (пора) билан Жумаевни тинчитиш мақсадида бу ёққа йўл олганида, Манноновга дуч келган ва арзини айтган. Тоҳир “редакцияда менинг курсдошим бор, юр, пул бермасдан ишни ҳал қиламиз”, дея иккаласи келган. Қабулхона рўпарасидаги эшикда “Аброр Жумаев” деган ёзувга кўзи тушган директор, “гапни чигаллаштирмай, масалани Жумаевнинг ўзи билан ҳал қилиб қўя қолай”, деган-да, шеригининг фикрини рад этиб, у хонага кириб кетган.
–Ташқарига чиқиб, директорни хонамга олиб кел, фақат Жумаев билмасин, – дедим Тоҳирга.
Кўп ўтмай, у шериги билан кирди. Гуруҳдошимнинг таниши Пайариқ туманидаги Пиримқул Нурмонов (Совет иттифоқи қаҳрамони) номли жамоа хўжалиги ҳудудидаги универмагда ишлар экан. Жумаев чиндан ҳам шикоят хатини унга кўрсатиб, ўқиб берган. Қизиғи шундаки, мазкур универмаг ишидан норозилик билдириб ёзилган хат ҳақиқатдан ҳам яқинда таҳририятга келган ва уни ўзим савдо бўлимига жўнатганман. Универмаг директори айтаётган гаплар ўша хатда ҳам ёзилган эди. Лекин шикоят партия турмуши (савдо иши билан мутлақо шуғулланмайдиган бўлим) бўлими мудири қўлига қандай тушганлигини билиб бўлмасди. Директорнинг гапларини тинглаб:
–Шикоят хатини кўрдингизми? – сўрадим.
–Ҳа, у яна бир марта ўқиб берди.
–Пулни нима қилдинг? – деди Тоҳир.
–Жумаевга бердим.
–Шу ҳақда газета муҳаррири номига ариза ёзсангиз, текшириб кўрардик, – маслаҳат солдим.
–Акажон, жўрамни жўрасиякансиз, манга жабр қилманг. Жумаев хатни кўз ўнгимда йиртиб ташлади. Энди гапни чувалаштириб юрмай, илтимос…Сан гапур, Тоҳир! – У курсдошимни бу можарога аралаштирганидан жуда норози ва саросимада эди.
Бу ҳолат мен учун ҳам қизиқ жумбоққа ўхшарди. Уни аниқлаш мақсадида хатлар бўлимига қўнғироқ қилиб, шундай ариза тушганмиди дея сўрадим. Мудир Матлаб Эрмуҳаммедова:
–Шикоят вилоят Ички ишлар бошқармасини ОБХССига (отдел борьбы с хищениями социалистической собственности – социалистик мулк ўғирлигига қарши курашиш бўлими) текшириш учун юборилсин деб ўзингиз виза қўйган экансиз. Савдо бўлими уни нусхасини кўчириб, ОБХССга жўнатди, – деди.
Шикоятнинг таҳририятда қолган асл нусхасини хонамга юборишни Эрмуҳаммедовадан илтимос қилдим. Хат олдимда ўтирган директор устидан ёзилган эди. Мактубни унинг қўлига тутқаздим. Боёқиш тилсим қилинаётгандек лол бўлди.
–Э, ака, шу хатни ҳозир Жумаевни қўлида кўрдим-ку!? Фақат уни устида мана бу варақча йўқийди, – шикоятга хатлар бўлими илова қилган ва мен имзо чеккан қоғозни кўрсатди.
Ўзим ҳам ҳайрон эдим.
–Демак, универмагингизни ОБХСС энди текширади, Жумаевнинг қўлидаги шикоят ҳақиқий эмас, – дедим.
–Э, онасини… Ҳам пул бераман, ҳам текширишадими? Редактурга ариза ёзаман! – Важоҳат билан гапирди директор.
У воқеани батафсил ёзиб, имзо чекди. Аброр Жумаев тушликка чиқиб кетибди. Қайтиб келаётганида хонамга таклиф қилдим. Универмаг директорини кўриб, қути учди.
–Бу кишининг устидан ариза тушган эканми? – Бамайлихотир сўрадим.
–Ҳа, – ҳафсаласиз жавоб берди Жумаев.
–Масала ҳал бўлдими? – ўсмоқчиладим.
–Ҳал бўлди, ҳал бўлди, – саросималик билан гапирди мудир.
–Шикят хати сиздами?
–Менда.
–Кўрайлик-чи, нима деб ёзилган экан.
Шундай дейишим билан Жумаев орқасига ўгирилиб, ташқарига чиқди. Ортидан эргашдим. Хонасига кирди-да, стулига ўтириб:
–Кечирасиз, бир аҳмоқлик қилдим-да, – деди ялинган оҳангда.
–Нима бўлди? – Ўзимни тушунмаганликка солдим.
–Шикоят йўқ, уни йиртиб ташладим.
–Ие?! – Гўё ажабландим. – Таҳририятга келган шикоятни йиртдингизми?
–Шундай бўлди, узр-да энди.
–Хўш, йиртилган парчалари борми ахир?
–Фаррош аёл пол ювадиган сатилга (пақирга) ташладим.
–Кўрсатинг-чи!
У бемажол кишидек ўрнидан турди ва ҳожатхона томон юрди. Фаррош пақирини кўрсатиб:
–Мана, йиртиқлари, – деди.
Пақир қуруқ эди.
–Ҳаммасини йиғиштириб олиб, хонамга юринг! – буюрдим.
Жумаев шикоят хати парчаларини ҳовучлаганча орқамдан эргашди. Бир неча бўлакка бўлинган хатни стол устида бир-бирига уладик. Уни бемалол ўқиса бўларди. Иккала шикоят ҳам бир киши томонидан ёзилган эди. Таҳририятдаги нусхада “Тайлоқ туманидаги 62-мактаб комсомоллари” деб ёзилган ва ўн тўрт кишининг исми, фамилияси келтирилган ҳамда имзо чекилган. Йиртилган хатда фақат: “Тайлоқ туманидаги 62-мактаб комсомоллари” ёзуви бор эди.
–Нега пул олдингиз? – дабдурустдан савол бердим.
–Пул олганим йўқ.
–Ҳе онангни… Худобехабар! – Жаҳл билан бақирди универмаг директори.
Пора олганлигини энди чалғитиб бўйнига қўйиш мумкин эди, холос. Тўғри гап билан ишимиз битмасди.
–Аброр ака, сизга пора берилишини биз бошдан билардик, – дедим таваккал қилиб. – Шунинг учун пулларнинг рақамини ёзиб олганмиз. Ҳозир улар ё хонангизда ёки чўнтагингизда.
–Ҳа, мана бу вараққа ёзилган, – илгаридан келишиб қўйилгандек, гапимни маъқуллади Тоҳир ва кўкрак чўнтагидаги аллақандай қоғозни чиқариб кўрсатди, – яхшиликча берсангиз майли, бермасангиз, ҳозир милицияни чақирамиз, – деди.
Жумаев таслим бўлди.
–Пул хонамда, келтирайми? – Менга мурожаат қилди у.
–Келтиринг, – дедим ва яна ортидан эргашдим.
Бўлим мудири хонасига кирмай, биринчи қават томон шошилди. “Тўхтанг, тўхтанг”, дейишимга қулоқ солмай, йўлак охиридаги ҳожатхонага қараб кетди ва эшикни тортди. Унинг бахтига қарши ҳожатхонани таъмирлаш учун эшиги михлаб ташланган экан. Жумаев азбарои шошганидан турган жойидан иккинчи қаватдаги ҳожатхонага йўл борлигини ҳам эслай олмади ва “уф-уф”, деганча изига қайтди. Мени кўрмаётгандек, ёнимдан ўтиб, зинадан кўтарила бошлади.
–Шарманда бўлишни истамасангиз, хонамга киринг! – дедим.
Ҳамма тушликда эди. Югур-югуримизни кириш эшиги олдида турган қоровул – Флора холадан бошқа ҳеч ким кўрмади. Жумаев чўнтагидаги пулларни йўқотиш ҳаракатида эди. Иложини тополмай, хонам томон юрди. Ичкарига кириб, пулни менга узатди.
–Биринчидан, сизга пул берганим йўқ, – дедим, зарда билан, иккинчидан, пора олганлигингизга иқрор бўлиб, ёзиб берсангиз, пулни эгаси олади. Бўлмаса, милиция ходимлари келгунича ёнингизда туради. Улар рақамларини биз ёзиб олган пулларни чўнтагингиздан топишади. Олдингизда икки йўл бор, танланг.
Жумаев эшикка қаради.
–Эшик қулфланган, калит менда, энди қочолмайсиз, – унинг шум хаёлини тушунганимни англатдим.
Мудирни қалтироқ босди.
–Бародарлар, раҳм қилинг. Минбаъд бу п…ни емайман. Хом сут эмган банда деб шуни айтадилар-дия, илтижога ўтди у.
–Ҳалиям раҳм қилиб, милицияни чақирмай турибмиз, – ҳаракатимизга изоҳ бердим, – яхшиси, айбингизни ёзиб тан олинг, бошқа иложи йўқ.
Таҳририятнинг “юраги” бўлган бўлим мудири, ҳаммага ибрат қилиб кўрсатиладиган кишининг дабдурустдан “порахўрман”, деб ёзиб бериши осон эмас эди, албатта. Аммо чорасизлигини ҳам тушуниб турарди. Манглайида пайдо бўлган реза-реза терни чап қўли кафти билан артиб:
–Розиман, қоғоз беринг, – деди.
–Энди учалангиз ҳам тушунтириш хати ёзинг! – ҳар бирига қоғоз ва ручка узатдим.
Аброр Жумаев тушунтириш хатида, жумладан, бундай ёзган: “…Тайлоқнинг 62-мактабида ўқитувчилик қиладиган қизим ўқувчилар билан Пайариқ туманига пахта теришга борган ва универмагга кириб, директор билан жанжаллашиб қолган. Шикоят ёзиб, таҳририятимизга жўнатган. Уйга келганида менга бу ҳақда айтди. Ўша хатни ўзимга берсанг, текширардим-ку, дегандим, у яна битта шикоят ёзиб берди…Универмаг директоридан 100 (юз) сўм олдим. Бу аҳмоқликни қайта такрорламайман деб сўз бераман…”.
Тушунтириш хатларини йиғиштириб, шу воқеа ҳақида далолатнома туздик ва тўрталамиз имзо чекдик. Тушликдан кейин Мухторовнинг хонасига кирдим.
–Аҳмаджон ака, Аброр Жумаевни пора билан қўлга туширдим, – дегандим, муҳаррир ўқиётган қоғозидан бош кўтармай:
–Бунақа гаплар билан ҳазиллашмайдилар, – деди.
–Ҳазиллашмаяпман.
Муҳаррир илкис бош кўтарди.
–Тушунмадим, Аброр Жумаевни пора билан қўлга туширдингизми?
–Ҳа.
–Қўйсангиз-чи, келиб-келиб, Аброр ака қўлга тушадими?
–Тушди-да…
–Пора олдим деб иқрор бўлдими?
–Ёзиб берди.
Аҳмаджон Ғуломович жиддий хавотирга тушди. Бир оз хаёл суриб турди-да:
–Энди нима қиласиз? – деди.
–Менинг ишим тугади. Энди партия ташкилоти у кишини партия сафидан ўчиради, кейин ҳужжатларни терговга оширамиз.
Мухторовнинг авзойи ўзгарди, қуйи жағини кериштирди; узоқ ўйга толди.
–Ха, оғайни, редакцияда битта ҳаромхўр юрса-юрибти-да, шунга шунча ота гўри-қозихонами? – деди.
–Ундай бўлса, ҳаромхўр юраверсин, мен кетаман, – кесатиб айтдим.
Муҳаррир масалага бунчалик жиддий ёндашишимни кутмаган шекилли:
–Нима деяпсиз, сиз қаёққа кетасиз? – дея ажабланди. – Хўп десангиз, бир таклифим бор: Аброр Жумаевни аризасини олиб, ишдан бўшатамиз. Уям одам-да, бола-чақаси, қуда-андаси олдида уятли бўлмасин. Ким хато қилмайди дейсиз. Шу ҳам унинг учун катта жазо. Яқинда унга шаҳардан янги уй бераётганимиздан хабардорсиз. Ёши бир жойга етганида ҳам ишидан, ҳам уйдан ажралади.
Таклифга рози бўлдим. Мухторов котиба орқали Жумаевни чақирди. У муҳаррир хонасига кириб, эшик олдида тўхтади.
–Аброр ака, яхши бўлмабди-да, – бошини қоғоздан кўтармай, деди муҳаррир.
–Ишончингизни ҳалол меҳнатим билан оқлайман, Аҳмаджон Ғуломович! – Тантанавор гапирди мудир.
–Ҳалол меҳнатни булғадингиз! – Жаҳл билан гапга аралашдим.

69.

Муҳаррир ариза ёзинг, дейишга қийналаётганди.
–Бир балият (бало) чиқишидан ҳамиша хавотирда юрардим. Қойим (бардам) бўлинг, – чайналиб айтди у киши.
Жумаев эса жуда тажанг эди:
–Бағайри ҳақ ишни бақавли якка ман қилгандак гапурасиз-а, Аҳмаджон Ғуломович! Манда нима номаъқулчилик бўлса, шафесиз (ҳимоячи) деб қилганман, – деди буқамўйин гавдаси вазнини бир оёғидан иккинчисига ташлаб.
Мухторов сири очилишидан хавотирга тушди.
–Аҳмаджон ака ариза ёзинг деяптилар, – раҳбаримни ўнғайсизликдан чиқариш мақсадида сўз қотдим.
Бўлим мудири сарварига савол назари билан боқди.
–Ҳа, Аброр ака, бошқа иложи йўқ.
–Ҳозирми?
–Бугун.
–Нима деб ёзай?
–Тайлоқдан шаҳарга қатнашга қийналяпман денг.
–Манга бериладугон ўй нима бўладу? – Ҳеч истиҳола қилмай сўради.
–Уй масаласи энди муаммо… Фақат бу гаплар учаламизнинг орамизда қолиши керак.
Жумаев билан ўша кун ҳисоб-китоб қилинди. Унинг ишдан бўшаганини билганлар ҳайрон эдилар. Собиқ бўлим мудири муҳаррир кўмагида Тайлоқдаги ветеринария илмий тадқиқот институтига ишга жойлашди. Энди шу жамоа фаолияти ҳақида оммавий ахборот воситаларида мақолалар бериб бориши лозим эди.
Кўп ўтмай, биринчи мақоласи газетамизда босилди. У ўша кун таҳририятга келиб, ҳеч нарса кўрмагандек, ҳамма билан апоқ-чапоқ бўлиб юрди. Бу ердагилар эса “ибратли” мудирнинг нима сабабдан кетиб қолганлигини билишмасди. Чунки муҳаррирнинг: “бу гаплар учаламизнинг орамизда қолиши керак”, деган илтимосини рад этмай, ҳеч кимга ҳеч нарса демаган эдим. Жумаевнинг бу ерга келиб юриши иззат нафсимга теккандек бўлди ва барча бўлим мудирларини Жумаев келтирадиган мақолаларни газетага бермасликлари тўғрисида огоҳлантирдим. Шу орада порахўрлик тўғрисидаги миш-мишлар кўчадан таҳририятга кириб келди. Тоҳир Маннонов билан универмаг директори гапни тарқатиб юборишган. Энди бу ҳақда ҳамма мендан сўрай бошлади. Билмайман деганимга ишонишмади.
Таҳририят бўлим мудирлари Жумаев мақолаларини қайтара бошлашди. Шундай кунлардан бирида навбатчи муҳаррир сифатида газетани ўқиб ўтиргандим. Мухторов кечга яқин хонамга мўралади-да:
–Учинчи бетни мен ўқидим, кўриб ўтирманг, – дея қайтиб кетди.
Бирор соатдан кейин мусаҳҳиҳ қиз келиб:
–Аброр Жумаев мақолалари берилмасин деган гапни эшитгандим. Бугунги сонда мақола кетяпти-ку!? – деди.
Муҳаррир “мен ўқидим”, деган учинчи саҳифада чиндан ҳам Жумаевнинг катта мақоласи бор эди. Демак, Мухторов материални кўриб, саҳифадан олиб ташлашимдан хавотирлангани учун, уни ўзи ўқиган. Негаки, муҳаррир чиқишига рухсат берган мақолани, қоида бўйича, саҳифадан олиб ташлашга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ эди.
Аҳмаджон Ғуломович икки ўт орасида қолган эди. Аброр Жумаевга кўмаклашмасликнинг иложини тополмас, менга эса “нега бундай қиляпсан?” дея олмас эди. Очиғини айтсам, у кишига раҳмим келарди. Аҳмаджон ака, тўсатдан тоби қочиб, шифохонага ётди. Жумаевнинг мақолалари тағин босилмай қолди. Энди гап нимадалигини ҳамма биларди. Институтдаги ишлар ҳақида мақола босилиб туриши шарт бўлган. Чунки Жумаев шунинг учун маош олган. У рус тилида ёзишни билмасди, вилоят миқёсида чиқадиган ўзбек тилидаги газета эса битта эди. Хуллас, Аброр аканинг иши юришмай қолди.
Котиба хонамга кириб, “Жумаев сиз билан гаплашмоқчи эмиш”, деди бир кун. У кишини ичкарига таклиф қилдим.
–Салом, – деди, кириб.
Тил учида ҳол-аҳвол сўрашдик.
–Сиздан хафаман, – дабдурустдан мақсадга кўчди у. – Мақолаларимни берилмасин дебсиз.
–Келганингиз яхши бўлди. Сиз билан гаплашиб, пора олганлигингиз тўғрисида жамланган ҳужжатларни терговга оширмоқчи эдим, – дедим.
Ўтирган жойида “уф”, деди-ю, боши шилқ этиб, орқасидаги деворга урилди. Котиба – Шоира Зоҳидова меҳнат таътилида бўлганлиги боис унинг ўрнига Гули Муҳаммаджонова деган жиккаккина қиз ўтирарди. Уни чақириб, сув келтиринг, дедим. Гули қорни қирралик графин олиб кирди ва кафтига бир қултум сув қуйиб, Жумаевнинг бетига сепди. У кўзларини очди. Жўртага ҳушидан кетгандек қилди деган гумонда:
–Э, артистсиз-ку, – дедим.
Шу аснода унинг бути орасидан шариллаб сув келди ва пастдаги линолеум устидан Гули томонга оқа бошлади. Озғин, нозиктабиат, бокира қиз, тасодифан илон кўрган кишидек, чўчиб кетди ва:
–Иби, иби, ман мурам (иби-иби ман ўлай), – дея ирганиш билан орқага тисарилди.
Шўрлик Жумаев қўрққанидан бир муддат ҳушини йўқотиб, пешобини тутиб туролмаган. Қиз бола олдида бу безбетликни ўзим қилгандек, уялиб кетдим ва вужудимни тер босди. Котибага қараб, жон ҳовлида:
–Чиқинг бу ердан! – дедим.
Хонага пешоб ҳиди тарқалди. Деразани очдим-да:
–Шундай кўргиликка тушгандан ўлганинг яхши эмасми? – дея бақирдим, сенсираб.
Жумаев жуда афтодаҳол, гапиришга ҳам, қимирлашга ҳам мажоли йўқ эди.
–Таҳририятга иккинчи марта қадам боссанг, ўзингдан кўр! – дея дағдаға қилдим.
У ўрнидан туриб:
–Бу ерга қадам боссам, ўлай агар, – дея, орқаси билан эшикдан чиқди.
Қабулхонада Гули серрайб турарди.
–Фаррош хотинни чақиринг, хонани тозаласин, мана бу курсини муҳаррир хонасига киритиб, бошқасини бу ёққа олиб келинг, – дея Жумаев ифлос қилган стулни кўрсатдим.
Шу аснода масъул котиб Ҳабиб Темиров кириб келди ва ердаги “сув”га кўзи тушиб:
–Бу нима? – деди.
–Аброр Жумаев шу ерга ёзилди, – киноя қилдим.
Муҳаррир билан орамизни, ўзим истамаган ҳолда, совутаётганлигимни сезиб турардим. У киши менга нисбатан мутлақо ёмонлик қилмаётганди. Офият Бонунинг ишдан “сирли” ҳайдалиши, муҳаррир билан маслаҳатлашмай вилоят прокурори қариндошининг танқид қилиниши, раҳбарнинг яқин “маслаҳатчиси” – Аброр Жумаевнинг бу тарзда ишдан кетиши-ю, мақолаларининг газетага берилмаслиги ва охирги “ҳушсизланиш” воқеаси тўлиқ каминанинг “айби” билан содир бўлаётганди. Шунга қарамай, муҳаррир ҳаммасига чидаётганди. Бошлиқ ўринбосари сифатида ваколатим доирасидан чиқиб кетаётганлигим аниқ эди.
Суқрот насронийлик ахлоқи меъёрларини мазкур дин пайдо бўлишидан бир неча юз йил аввал тарғиб қилганлиги учун уни жамиятнинг қарор топган русумлари илдизига болта ураётган, ёшлар фикрини чалғитаётган киши сифатида ўлим жазосига маҳкум этганларини биласиз. Буюк файласуф устидан дастлабки ҳукм чиқарилаётганда 501 ҳакамнинг кўпчилиги уни ўлдиришга рози бўлмаган. Қурмагур қайсар чол иши иккинчи марта кўрилганида: “Шундай ахлоқни тарғиб қилаётганим учун жамият менга умримнинг охиригача нафақа тўлаши керак”, деб ҳакамларни ҳам мазах қилган ва улар донишмандни ўлим жазосига ҳукм этганлар. Суд қарори асосида заҳар ичиб ўлаётганида ҳам қилган ишидан афсусланмаган. Шогирдига қараб: “О, Кони, Асклепийдан бир хўроз қарздорман”, деб жон таслим қилган экан. (Асклепий – қадимги Юнон табиблари Худоси. Суқротнинг заҳар ичиб, бу ғалвали дунё билан видолашишига тўсқинлик қилмаган Худо – Асклепийдан шу иши учун бир хўроз қарздорлигини киноя билан айтган).
Суқротнинг тирноғига ҳам арзимайман-у, бу “саркашлик”ларим охируламал бошимга етишини била туриб, ўзимни тиёлмасдим.

70.

Шаънини қадрлаган миллат улуғ подшоҳини эъзозлайди; “балоғат”га етмаган қавм ҳар қандай султонига сиғинади ва унинг ўлимидан сўнг устидан кулади.
Пётр I ботқоқликда Cанкт-Петербургни барпо қилиш учун юз минглаб кишиларнинг қонига зомин бўлган. Унинг шведлар ва бошқалар билан қилган жангларида ўлдирганлари сон-саноқсиз. Наполеон Бонапарт Европага ҳужумни беш юз минг лашкар билан бошлаб, мағлубиятидан кейин Парижга йигирма минг жангчиси билан қайтган дейдилар. Аммо руслар ўз подшосини “қонхўр Пётр”, фаранглар императорини “пакана Наполеон” демайди. “Пётр великий”, “улуғ Наполеон” дея эъзозлайди.
1917 йил октябрь давлат тўнтаришигача ва ундан кейинги бир неча йил давомида Амир Темур ҳарбий амаллари ибрат сифатида Россия ҳарбий академияларида ўрганилган. Ўша ўқув даргоҳларида таҳсил олган Аркадий Голиков (Гайдар – Ҳайдар) ўғлига Темур деб ном қўйган, Амир Темур ҳаётига ҳавас қилиб, “Тимур и его команда” номли асар ёзган. Ҳозиргача ўзбекка турмушга чиққан рус қизи ўғлига, албатта, Темур исмини қўяди. Ўша ҳарбий академияларда ўқиган инқилоб лашкарбошиларидан бири, молдаван Михаил Фрунзе ўғлининг оти ҳам Темур бўлган. Россия армиясининг жанговар танк дивизияларидан бири “Кантемировская” (Хонтемур (Темурхон) дивизияси) деб аталади. Французларнинг ҳам, русларнинг ҳам Амир Темурга ихлоси жуда баланд бўлган.
Бу билан нима демоқчиман? Демоқчиманки, дунё халқлари номини, том маънода, ифтихор билан тилга оладиган, ўзбек давлатчилигига асос солган, туркийлар уйғониш даврини бошлаб берган (Амир Темур бўлмаганида Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур ва бошқалар бўлмасди) амиримизни “Темурланг” деб мазах қиламиз ва бундан қаролсифат ҳузур туямиз. Ишонмасангиз кўчага чиқиб, дуч келган уч кишидан “Амир Темур ким бўлган?” деб сўранг. Улардан иккитаси: “Амир Темур – қонхўр”, дейди. Шу далилнинг ўзиёқ ўзбек ҳали шаъни, миллий туйғуси хусусида дурустроқ ўйламаганлигини кўрсатади…
Кеча “инсоният қуёши”, “ҳаммамиз учун ҳурматли” дея улуғлаб, сиғинганларимиз, кўкракларига қўша-қўша Қизил юлдузлар таққанларимиз устидан бугун кулаётганлигимиз ёлғон эмас. “Абадият қуёшлари” раҳнамолик қилган империя қулашига атиги беш-олти йил қолганида у чокларидан дарз кета бошлади.
Бу эврилишлар эпкини таҳририятимиз эшикларига ҳам урилди. “Қайта қуриш”, “пахта иши”, “ўзбек иши” деган гаплар, янги-янги “даҳолар” чиқди. Ҳали бу “авлиёлар”нинг устидан ҳам кулишимизни билмасдик. Яна кўпларга сиғинамиз, қайта-қайта куламиз. Бир жойда эслатганимдек, Фридрих Нитше “Авом халқнинг авлиёси кўп бўлади, авомнинг онги ошиб боргани сайин авлиё сони камаяди”, деб бежиз айтмаган. Авлиёмиз кўпми, демак ҳали анча ғўрмиз.
Ўзбекистон компартияси марказий комитети ХVI пленуми республикадаги порахўрлик, қариндош-уруғчилик, мансабфурушлик, уюшган жиноятчилик сингари иллатларни фош этиш ва мамлакатда бошланган алғов-далғовлар таъсирида вафот этган Шароф Рашидов ўрнига марказий комитетнинг янги раҳбарини сайлашга бағишланди. Биринчи котиб қилиб Иномжон Усмонхўжаев сайланди. (Ҳозир Усмонхўжаев устидан ҳам кулиб юрибмиз). Пленум қарори, барча жойлардаги сингари, таҳририятимизда ҳам муҳокама қилинди. Йиғилишда сўз олган муҳаррир: “Баъзи бировлар редакциямизда порахўрлик қилинади, деган уйдирмаларни тарқатишяпти. Бу пок жамоа шаънига мутлақо туҳмат. Биз бунақа бузғунчиларга қарши курашишимиз керак…”, деди. Ўтирганларнинг ҳаммаси гап кимга тегишлилигини билиб турарди. Аммо ҳеч ким бу фикрни рад этмади. Камина туришга мажбур бўлдим ва муҳаррир фикрига биринчи марта ошкора қарши чиқдим…
Ғўрлик ва қўрслик қоришиқ феълим муҳаррир билан орамизни бутунлай бузди. Ишимдан хато излай бошлашди. Хафақон касали тез-тез хуруж қиладиган бўлди. Шифокорлар бу ишдан кетмасанг бўлмайди, дея огоҳлантиришни канда қилишмади. Деярли ҳар кун, бўлмаса кунора тез тиббий ёрдам чақиришади. Бу тарзда узоқ ишлай олмаслигимни англаб, таҳририятдан кетиш таҳликасига тушдим. Қашқадарё вилоят партия комитети ташкилий бўлимига бордим. Бўлим мудири Қиём Очилов деган кишига учрашдим. У мени танимади. Мен эса танидим. Очилов ўрта мактабда математика фанидан бизга дарс берган эди.
–Қашқадарёда туғилиб, ўсиб, Самарқандда нима қилиб юрибсан? Кел, у ердагидан зўр иш топиб бераман, – деди Қиём ака.
Қувониб, Самарқанд вилояти партия комитетидан розилик олдим ва юртимга кетишга ҳозирлик кўра бошладим. Бу гапни эшитган Ғулом Алиев:
–Ҳеч қаёққа кетмайсиз, ман сизни битта укам деб билганман. Бу онағарлар билан ўзим курашаман, – деди.
Аммо қарорим қатъий ва Қаршидан Қиём Очиловнинг қўнғироғини кутаётгандим. Орадан бир ойдан ортиқ вақт ўтди, хабар бўлмади. Охири ўзим бу гапдан воқиф амакиваччамга қўнғироқ қилиб, сўрадим.
–Э, ака, Қиём Очиловни ҳозир сиз ҳақингизда ўйлашга вақти бўлмаса керак. Вилоят партия комитетини биринчи котиби Рўзмет Ғойипов ўзини пичоқлаб қўйди, – деди.
Юртимга қайтиш илинжи ҳам Социалистик меҳнат қаҳрамони Рўзмет Ғойипов фожиаси билан якун топди. Энди тақдирга тан бериб, ишлашдан бошқа иложим йўқ эди. Таҳририятда менга хайрихоҳлар сони ҳам ошди. Ғулом Алиев, Ҳабиб Темиров, Жаҳонгир Маматов (Жаҳонгир Муҳаммад) ва бошқалар ҳар бир гапда мени қўллайдиган, далда берадиган бўлишди. Жамоамиз, биз истамаган ҳолда, икки гуруҳга бўлиниб қолди. Аҳмаджон Ғуломович мен билан мутлақо гаплашмасди. Топшириқларни ҳам бировлар орқали ёки қизим сенга айтаман, келиним сен эшит қабилида берарди. Таҳририятда “бузғунчиларга қарши кураш” бошлангани боис ўзимни ҳимоя қилишдан бошқа чорам қолмаганди.
Кўз илғамас зиддият ортиб борган шу кунларнинг бирида Ҳабиб Темиров: “Ишга яқинда олинган корректор якшанба куни Мухторовнинг уйига сўйилган бир қўй келтирди”, деди кулиб. Ўша куни навбатчи эдим. Иш чўзилиб кетди. Соат 23 лар атрофида Темиров эслатган корректор йигит хонамга газетанинг навбатчи муҳаррир ўқийдиган саҳифасини олиб кирди. Уни кўриб, масъул котиб айтган гап эсимга тушди-да:
–Ука, бир дақиқага ўтиринг, – дедим унга.
Йигит курсига чўкди.
–Кеча – якшанбада муҳаррирникига битта ҳўкиз сўйиб келдингиз-а? – дедим қўққисдан.
Ғўр йигитча саросимага тушди.
–Йўғ-е, ака, ҳўкиз келтирганим йўқ, – деди ўшшайиб.
–Биламан, ҳўкиз эмас, қўй сўйиб келдингиз.
Мусаҳҳиҳ безовталанди-ю, гапирмади.
–Гап бундай, ука, – бамайлихотир сўзладим, – сиз қўй гўштини ортиб келган машина, кимга топширганингиз, ҳамма-ҳаммасини милиция ходими суратга туширган. Улар “шу йигитдан тушунтириш хати олиб, бизга берасиз. Пора олган редакторга бу топшириқни айтолмаймиз“, дейишди. Шунинг учун ҳозир ўша воқеа тафсилотини мана бу вараққа батафсил ёзинг, – деб, олдига қоғоз ва ручка қўйдим.
Йигит ўрнидан турди. Мен ҳам турдим-да, эшикни ичкаридан қулфладим. Мусаҳҳиҳ кўзига ёш олиб:
–Шуни эртага ёзиб берай, – дея илтижо қилди.
–Укажон, менга қолса, умуман ёзмасангиз ҳам майли. Лекин бу давлат органини порхўрликка қарши олиб бораётган иши билан боғлиқ. Улар натижани бугун кутишяпти, – деб уни алдадим.
–Менга нима бўлади? – Аллақандай мутелик билан сўради.
–Ёзиб, айбингизга иқрор бўлсангиз, сизга ҳеч нарса бўлмайди, менга ишонаверинг, – тинчлантирдим.
Йигит кўзларида ёш билан тушунтириш хати ёзди. Эрталаб бу ҳақда муҳаррирни, албатта, огоҳлантиришини биламан. Мен эса тушунтириш хатини Ҳабиб Темировга тутқаздим ва роса кулишдик.
Шу воқеадан кейин Мухторов менга нисбатан бир мунча юмшади. Илгари эрталабки режалаштиришга кириб, салом берганимда, алик олмасди. Энди бош ирғаб жавоб берадиган бўлди. Бироқ ичида мендан ҳадиги борлигини сезиб юрардим.
Мақтанди деманг-у, Қарши чўли, Қорақум саҳроси, қадимий шаҳарлар – Бухорою Самарқанд тор кўчалари чангини ютиб, калтакесакка ўхшаб ҳаётгузаронлик қилган каминага қарши бирор таъсирли чора ўйлаб топиш осон эмас эди. Фақат бу ерга ишга кираётганимда бўлим мудири Матлаб Эрмуҳаммедованинг “Иби, бо қашқадарёликми?” дея ҳайратланганини эсласам, таҳририятда, дуо кетганга ўхшаб, тағин қашқадарёлик билан самарқандлик ўртасида тарафкашлик бўлаётганидан хижолат тортардим.
Битикларимда баёнчилик ошиб бораётганидан ҳам ўнғайсизланаман. Бадиийлаштирай десам, ёлғон қўшишга тўғри келади. Шунинг учун буларни ўқиётган ҳурматли биродарлардан узр сўрайман.

71.

Ташқаридан Суръат Ориповнинг баланд овозда сўкинаётгани эшитилди. У киши арақ ичиб, ишга келибди. Ичмаганида ипакдек юмшоқ юрадиган одам ташқарида шердек ўкираётганди:
–Ман бу эрони бачча билан орани очиқ қилишим керак! Қўйворинг, мани!
У “эрони бачча” деб муҳаррирни назарда тутаётганди. Бу гаплар Мухторовга ҳам эшитилиб турганди. Чунки иккаламизнинг хоналаримизга бир қабулхона орқали кириларди ва яқин эди. Менга эшитилган гап муҳаррирга ҳам етиб бориши аниқ. Ташқаридагилар маст шоирни тинчлантиришди. Ориповнинг кайф устида айтган гапидан жижолат тортиб, йўлакка чиқдим. Ғулом Алиев хонаси эшиги олдида турган экан.
–Бир пиёла чойга…, – деди, ҳар галгидек.
Нохуш хаёлларимни чалғитиш учун бордим. Ичкарида Мухторов “балласт” ҳисоблайдиган икки йигит Ғулом Алиев “шеър”ларини таҳрир ва муҳокама қилишаётганди. Алиевнинг баъзан ўйламай гапириш одати бор эди.
–Манга қаранг, – деди у чой узута туриб, – қўлингиздаги ҳужжатлар билан шу сиволучни йўқотиб юборсак бўлади-ку. Шу иш қўлимиздан келади-ю, нимага индамай юришимиз керак? – деди бехосдан.
Бизга унча хайрихоҳ бўлмаган ходимлар олдида муҳаррир ҳақида бундай дейиш яхши эмаслигини Алиев ё ўйламаган ёки атайлаб айтди.
–Ғулом ака, мен бу ишни ҳеч қачон қилолмайман, – дедим жиддий оҳангда, – чунки биринчидан, шу “сиволуч”ни тузини кўп еганман. Бир марта туз еган жойингга қирқ марта салом бер, дейдилар. Қирқ марта туз еб, ҳали бир марта ҳам салом берган эмасман. Иккинчидан, у “сиволуч” сизни қавмингиздан. Бошқалар шундай деганида ҳам сиз гапирмаслигингиз керак. Учинчидан, шу даргоҳга сизни ҳам, мени ҳам ишга олган шу “сиволуч”. Тўртинчидан, у менинг устозим. Устози, ким бўлишидан қатъий назар, шогирд унинг ёқасидан олишга ҳақли эмас.
“Шеър” муҳокама қилаётганлар беихтиёр бизга қарашди.
–Бир мамлакатда зўр полвон пайдо бўлибди, – ривоят бошладим, – ҳеч ким уни енга олмас экан. Полвоннинг довруғи подшоҳнинг қулоғига етибди. Шоҳ: “Наҳот шундай катта музофотимда бир полвонга тенг келадиган киши топилмаса?” дея ажабланибди. Вазирларидан бири: “Унинг устози бор, балки ўша енгар”, деган экан, шоҳ: “Устозини топинг!” дея амр қилибди. Чопарлар устозни келтиришибди. Машҳур полвон билан бир чол олишар эмиш деган дув-дув гап ҳамма ёққа тарқалиб, тумонат одам тўпланибди. Иккаласи давра ўртасида юзма-юз бўлишганда, чол: “Ҳой, инсофсиз, келиб-келиб устозингнинг ёқасидан олишга уялмайсанми?” дебди. Ўзидан кетган полвон: “Ҳа, устоз, энди бизнинг давримиз келди, хафа бўлмайсиз”, дебди, ғурур билан. Шунда қария шогирдининг ёқасидан олиб, бир ҳаракат билан уни ерга ағдарибди. Хижолат тортиб, ўрнидан турган полвон: “Устоз, ҳозир ишлатган амалингизни менга ўргатмаган экансиз-да”, деганида, чол: “Бир кун эмас, бир кун, мана шундай ҳаёсизларча, ёқамдан ушлашингни ўшандаёқ билганман, шунинг учун битта амални, ҳар эҳтимолга қарши, сендан яшириб қолгандим”, деб жавоб қайтарган экан. Мен устозим йиқитишидан қўрқмасам ҳам, ёқасидан олишдан қўрқаман.
–Бу – сизни бефойда фолософиянгиз, – деди Алиев.
Ўша ҳафта Мухторовни Тошкентга чақиришди. Нима учун кетганини ҳеч ким билмади. Уч кундан кейин қайтиб келди ва, кутилмаганда, мени хонасига таклиф қилди. Эшикдан кириб, ҳар галгидек, “ассалому алайкум”, дедим.
–Ваалайкум ассалом, – негадир алик олди.
Кайфияти яхши эмас эди. Чўнтагидан сигарета чиқариб:
–Мани “Қишлоқ ҳақиқати” газетасига муҳаррирликка таклиф қилишди, –деди.
–Табриклайман!
Узоқ танаффусдан кейин илк бор суҳбатлашаётган бўлсак-да, гапимиз авзойида хусуматга хос оҳанг сезилиб турарди.
–Табрикка ҳожат йўқ, ЦК (партия марказий комитети)да суҳбатдан ўтказишмади, – надомат билан айтди. – Манимча, бу ёқдан кимдир телефон қилиб, устимдан мағзава ағдарганга ўхшайди.
Ўзимни ўнғайсиз сездим. Зийрак Мухторов буни пайқади.
–Хижолат бўлманг, сиз эмаслигингизни биламан.
Ҳайратим яна ортди. Сигаретасини чуқур тортти-да, тутунни тепага уфурди. Тамаки дудидан ачишган кўзини юмиб, очди.
–Сизга ҳайронман, оғайни. Нимангизга ишониб, бунча қўрслик қиласиз? Самарқандда на бир суянадиганингиз, на бойлигингиз бор. Шунга қарамай, қайсарлигингиз оламни бузгудек. Аввалига ихлос қилдим, яқин кишим деб ишондим, кейин душманга чиқардим. Ҳозир яна ҳайрон бўлиб ўтирибман.
Шундай деди-да, сигарета қолдиғини мармардан ўйиб ясалган кулдонга босди ва гапини давом эттирди:
–Ғулом Алига ўтган ҳафта мен ҳақимда айтган гапларингизни етказишди. Очиғи, буни кутмагандим. Кўнглимда хусуматим йўқлигини биласиз, – бир оз тин олди. – Гоҳ пирдан, гоҳ муриддан, дейдилар. Келинг, бу гал узрхоҳлик пирдан бўлақолсин. Мендан кечирим сўрамаслигингизга аминман. Манноп ака айтганида ишонмагандим.
Жуда уялдим. Қўрслигимдан нафратлангандек бўлдим. Нима дейишни билмадим.
–Тошкентга кетишимдан олдин Суръатжонни кўрсатган наъмаларидан хабардор бўлсангиз керак. – Муҳаррир хижолат тортаётганимни сезиб, гап ўзанини бошқа ёққа бурди. – Уни бадмастлиги жонга тегди. Бугун жавобини бермоқчиман. Нима дейсиз?
Таҳририятга келишимга, маълум маънода, сабабчи бўлган кишининг ишдан ҳайдалишига қандай хайрихоҳлик беришим мумкин? Бунинг устига, бир мунча муддат илгари муҳаррир шоирни ишдан бўшатмоқчи бўлганида орага кирган эдим. Иккинчи марта бундай қилолмасдим. Рози бўлишдан бошқа илож тополмадим. Муҳаррир хонасидан чиққач, вилоят китобсеварлар жамиятининг (шундай жамият бор эди) раиси Турди Ширинбоевга қўнғироқ қилиб, Суръат Ориповга бирорта иш топиб беришини сўрадим.
Раҳбарим билан бўлган бугунги суҳбатдан кўнглим ёришди. Ўзимни койидим. Муҳаррир мен билан яна апоқ-чапоқ бўлиб кетди. Аҳмаджон Ғуломович суҳбатдан ўтмолмасдан келганидан кейин икки ойлар чамаси нохуш кайфиятда юрди. Навбатчилик қилаётган куним кечга яқин мени чақириб:
–Эртага соат тўққизда ЦКда бўлишим керак, – деди. – Яна “Қишлоқ ҳақиқати” масаласида чақиришяпти. Бу гапни сиздан бошқа ҳеч ким билмайди. Шунинг учун Тошкентдан келгунимча газетани менинг имзом билан чиқариб турасиз. Мени сўраганларга “шу ерда” денг.
Шу кетгани бошлиғимиз бир ҳафта келмади. Ҳамма ҳайрон эди. Газета у кишининг имзоси билан чиқяпти-ю, ўзини биров кўрмайди. Бу орада қўнғироқ ҳам қилмади. Ўн кун ўтганда таҳририятда пайдо бўлиб, тағин мени таклиф қилди.
–Энди табрикласангиз бўлади, “Қишлоқ ҳақиқати”га редакторликка тайинлашди, – деди қувониб. – Бир ҳафта давомида янги жамоа билан танишдим.
Табрикладим. У киши ўрнидан туриб, қаршимга келиб ўтирди.
–“Ленин йўли”га ким редактор бўлади? – сўради.
–Обком (вилоят партия комитети) кимни айтса, ўша бўлади-да, – дедим бамайлихотир.
–Рашид Салоҳиддинович (Р.С.Ашуралиев – Самарқанд вилояти партия комитетининг ўша пайтдаги биринчи котиби) “Сиз кимни тавсия қилсангиз, ўша редактор бўлади”, деди.
–…
–Сизни тавсия қилмоқчиман.
Бу таклифни кутмагандим; ўйланиб қолдим.
–Русларда генерал бўлишни орзу қилмаган жангчи жангчи эмас, деган нақл бор. Мен редактор ўринбосари бўлдимми, демак, редакторликни ҳам хоҳлайман; сохта камтарлик кимга керак? – дедим.
–Яшанг, – фикримни маъқуллади.
–Лекин бу саломатлигим билан олти ойдан ортиқ редакторлик қилолмайман-да. Болаларим ёш. Ярим йил редактор бўламан деб, фарзандларим етим қолишини истамайман.
Муҳаррир мендан бу фикрни кутмаган шекилли, анграйиб қолди.
–Унда редактор бўладиган йўқ-ку!? Ҳабиб Темиров ёш, Манноп Нажмиддинов (вилоят партия комитетининг биринчи секретари Рашид Ашуралиевнинг андижонлик эканлиги учун ёши олтмишга яқинлашиб қолган андижонлик Манноп Нажмиддиновни Мухторов муҳаррир ўринбосари қилиб тайинлаганди. Ўшанда Манноп аканинг ёши ўтиб қолган-ку, деганимда, муҳаррир “биринчи секретарь ҳамюртини қайтармайди, ўзимизга яхши бўлади“, деган эди) қари. Бошқа ким бор?
Иккаламиз ҳам жимиб қолдик.
–Редактор бўладиган бор, – дедим, сукунатни бузиб.
–Ким?
–Марди Нуриддинов.
Бу гапим Мухторовга, устидан совуқ сув қуйгандек, таъсир қилди.
–Э, қўйсангиз-чи, у мақсумчани! – кесатиб айтди муҳаррир.
Гап шундаки, Ҳоди Мардиев КПСС Марказий комитетига Мухторов устидант шикоят ёзганида, илгариги бўлимлардан бирида таъкидлаганимдек, Марди Нуриддинов раҳбарлигида муҳаррирни ишдан олишга уринганлар гуруҳи вилоят теле-радио комитетида “штаб” тузиб, иш олиб боришганини суҳбатдошим биларди. Шу боис у жуда тажанглашди. Орамизга тағин сукунат чўкди. Муҳаррир менинг номзодимни ҳақиқатан ҳам таклиф қилмоқчими ёки синаш учун айтдими деган гумон билан:
–Номзодимни чиндан тавсия қилмоқчимисиз? – дея сўрадим.
–Ҳазиллашаяпти деб ўйлаяпсизми? Хавотир олманг. Якравлигингизни айтмаганда, ёмон йигит эмаслигингизга амин бўлганман.
–Ундай бўлса бир таклифим бор: Нуриддиновни редакторликка тавсия қилиб, мени теле-радио комитет раислигига айтинг. Шу баҳонада саломатлигимни тиклаб оларман.
Мухторов бу сурбетлигимдан эсанкирагандек, кўзларини лўқ қилиб, тикилиб қолди.
–Қанақа мактабда таҳсил олганлигингизни билмайман-у, аммо ниҳоятда пихини ёргансиз-ей. Майли, яна пирдан, мурид дам олаверсин.
Ўрнидан турди-да:
–Қўлни беринг, сиз вилоят теле-радио комитетини раисисиз, табриклайман! Аммо мақсумча бу илтифот сиз туфайлилигини билармикин? – деди.

www.facebook.com
www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn