Шавкат Жўрабек: Иккимиздан қолган хотира

shavkat jurabekИқтидорли шоир Шавкат Жўрабек, 1983 йил Бухоро вилояти Когон туманида туғилган. ”Иккимиздан қолган хотира” номли илк шеърлар тўплами нашр этилган.

***

Сиз шунчаки кўнгил бера олмайсиз,
Мен шунчаки кўнгил уза олмайман.
Менчалик сиз мени севаолмайсиз,
Сизчалик мен сизни унутолмайман.

***

Бир куни тарк этар танани руҳ ҳам,
Ризқим тугаб қолар бўлса ногаҳон.
Фақат Оллоҳдандир бу фазлу карам —
Яратганга қайтгусидир жисму-жон.

****

Телбаликка соламан гоҳ ўзимни,
Мажнунвашлик шоирларга оддий ҳол.
Жазавага йўйманг фақир сўзимни,
Жунун – ҳисларимга элчи эҳтимол.

***

Чўзган қўлинг чўққига етмас,
Шижоатсиз, ғайрат отисиз.
Ҳар не-ки кор, ниятсиз бўлмас,
Битмас тангри иноятисиз…

***

Уйқу ширин туюлади гоҳ
“Ҳаром” дерлар, ғафлатда қолмоқ.
Балқмай шафақ, отмасидан тонг,
Файзли эрур ҳалол уйғонмоқ…

САДОҚАТ

Садоқат — қувончдир!
Титраган дил, лаб,
Меҳр-муҳаббатга эришмоқ, висол.
Садоқат шундайки, Миллиард йиллаб
Қорни қучиб турган чўққилар мисол.

Садоқат — ишончдир!
Йўқламас кинни,
Ҳаётнинг ранг-баранг нафаси, таъми.
Садоқат шундайки, Она заминни
Ўраб авайлаган озон қатлами.

Садоқат — баҳордир!
Гуллар эрта-кеч,
Инсоннинг беғубор болалигидай.
Садоқат кўнгилдан айрилмайди ҳеч,
Эт билан тирноқнинг оралиғидай.

Садоқат — қуёшдир!
Само гулхани
Нуридан унган ер тупроғи, тоши.
Садоқат — гўёки, тўлган ой каби
Тугаб бораётган ернинг бардоши…

ШЕЪРИЯТ

Туғилдинг аламли тўфонларимдан,
Гоҳ синдинг бошимга, ёғду сочган нур.
Айт, нечун шунчалар сингиб қонимга,
Не учун тунларим этдинг беҳузур?

Тобландинг кўнгилнинг тафтида роса,
Гоҳ тилди кўксимни зулфиқор тиғинг.
Булоқдек қайнадинг, шаффоф ва тоза –
Муҳрингни дилларга қулф этди туғинг.

Ҳамон дард оқади ҳошия аро,
Томирда оққандек қондаги зардоб.
Ҳамон нур таратиб, оламда якто
Кўнгилни ёритар сендаги офтоб.

Сен ила тирикдир, мангу ёдлари,
Гоҳида алардан сўйлагувчисан.
Не-не улуғ каслар, шоир зотлари
Ўтиб кетдилар-у, Сен абадийсан!

“ Айтгил дўстим, нима қилдик Ватан учун?”
Иқбол Мирзо.

ШУКРОНА АЙТ

Сажда айла! Чўк муқаддас тупроққа тиз,
Қолдир кўнгил кўчасида нурафшон из,
Ўзлигингни қилмоқ учун бир лаҳза ҳис,
Шошил, дўстим, шукрона айт, шукрона айт!

Ўтган кунинг, бугунга боқ, эртангга боқ,
Йўлларингда ёнсин умид янглиғ чироқ,
Токи олам ичра бордир васлу фироқ,
Шошил, дўстим, шукрона айт, шукрона айт!

Кин, ғаразлар қалбни айлар ночор, юпун,
Иймонингни иблислардан асра бутун,
Муқаддас юрт келажагин кўрмоқ учун,
Шошил, дўстим, шукрона айт, шукрона айт!

Болам дея, юртим дея куйган бу эл,
Данагидан мағзин устун қўйган бу эл,
Миллатини, ўзлигини суйган бу эл,
Шошил, дўстим, шукрона айт, шукрона айт!

Осмонимиз ўртанмасин дард-аламда,
Она Ерни суйдим, жон бор то танамда,
Бундан ортиқ не керакдир? Ҳар қадамда
Шошил, дўстим, шукрона айт, шукрона айт!

***

Юрак ишқдан тағин қувонди,
Куйган эди аввал доғида.
Қалбда таниш ҳислар уйғонди
Куз ва баҳор оралиғида.

Шаббодалар беҳадик елди,
Ўзни тоблаб офтоб тиғида.
Оқ орзулар қоплади ерни
Куз ва баҳор оралиғида.

Зулмат ёди уйғонмас, карахт
Оймоманинг пора дилида…
Куртак отди барг тўккан дарахт
Куз ва баҳор оралиғида.

Армон ўзин ошкор этганди
Хотиралар қорачиғида.
Қалбда қорлар эриб кетганди
Куз ва баҳор оралиғида.

Соғинч эзар маъюс кўнгилни,
Қўшиқ куйлаб қушлар тилида…
Кўрганмисиз гуллаган гулни
Куз ва баҳор оралиғида?..

***

Ой нурин кулбага эриниб
таратар, сукунат ҳукмрон.
Турмулиб оловли жилвага
Ҳасратин тўкади бир жувон.

Жувоннинг зафарон юзин жим
Ёритар шам нури қийналиб.
Сизарди оловли кўзидан
Шамнинг кўз ёшлари ийманиб.

Дераза томондан шаббода
Кезарди уй ичра оҳиста.
Титкилар хотира дафтарин
Энг ширин туйғулар олисда.

Хотира жонланар бир нафас,
Ажиб ҳис жунбушга келади.
Шам нури жувонга рақс этар
Кулбада ёруғлик кезади.

Бу кулба ичида армон бор,
Бор жувон қалбида бир савол.
Ўлтирар келгандек дунё тор —
Кулбанинг ичида бир аёл…

УЧЛИКЛАР

Бўлар эдим, балки, этикдўз,
Сўз берардим, сўрамасдим сўз,
Агар ҳунар ўрганганимда.

***

Тўкилмасди томчи гавҳарим,
Кулмас эди мендан ғамларим,
Бўлганимда эди афсунгар.

***

Ташлар эдим нафсни чавақлаб,
Қоғоз титиб, китоб варақлаб,
Агар илм ўрганганимда.

***

Тухмат, ғараз кетмасди йиқиб,
Тоғ олмасди елкамга чиқиб,
Ақллироқ бўлганимда мен!..

***

Ўлтирмасдим бедор ярим тун,
Ўлмас эдим тирилмоқ учун,
Кўрсатмаса Оллоҳ бир карам.

****

Ойлар ўтар, ўтар йиллар кўзга билинмай,
Ўтар ёшлик, давру-даврон суролмаганим.
Илм – давр танламайди, не тонг уринмай
Тинчлик бермас, «Шавкат Раҳмон» бўлолмаганим!

***

Кўрдим, борарди бир чумоли беҳол,
Ташир эди буғдой донасин қирдан.
Босиб олмоқликни қилгандим хаёл,
Оллоҳнинг қудратин эсладим бирдан.
Ризқим илинжида чопсам беҳадик,
Талпинсам ҳар лаҳза луқма, донимга.
Ногоҳ хатар етса, чумоличалик,
Кимдир ачинарми менинг жонимга?!..

***

Мен билган дунёнинг ичида
Поёнсиз саҳролар кенг экан.
Мен билган саҳролар ичида
Муҳаббат дунёга тенг экан.

***

Тўлқинлар денгизда жонланар,
Қирғоққа бош урар оҳиста.
Сув сирти офтобда товланар,
Мавжланар илоҳий бир тусда.

Осмонда булутлар парчаси,
Сузади ер узра ўрмалаб.
Қиялаб булутнинг пардасин
Жилмаяр қуёш ҳам мўралаб.

Тўлқинлар урилар қирғоққа,
Ва ортга чекинар, изига.
Уринар хаёлни енгмоққа,
Хаёлим шўнғийди денгизга…

***

Дераза ёнида қизалоқ,
Кўйлаги шоҳидан менимча.
Сочлари зангори, қўнғироқ,
Белида белбоғи тугунча.

Дераза ёнида қизалоқ,
Ой нури шуъласи аксида.
Таралар янада майинроқ,
Туйғулар маъсума юзига.

Дераза ёнида қизалоқ,
Ё жажжи фаришта ё оққуш.
Хушсурат, кўнгилга яқинроқ,
Кўрганим ўнгмиди ёки туш?

Дераза ёнида қизалоқ,
Кимнингдир қароғи, гавҳари.
Менга не ишқ бердинг, эй Оллоҳ,
Бу кимнинг энг буюк асари?!

****

Водариғ, садақа тилаган қўлмас,
Садақа узатган қўл қалтирайди.

Одил ИКРОМ

Қанақа замон бу? Ҳақиқат билмас,
Товонга суқулиб қил қалтирайди.
Дейдилар: ҳақиқат букилар, синмас
Ҳақиқатни сўзлаб тил қалтирайди.

Қанақа замон бу? Заиф ҳукмрон,
Аёлнинг макридан ер қалтирайди.
Ё балким келдими охира замон,
Оҳунинг олдида шер қалтирайди.

Қанақа замон бу? Мағрурлик сўлса,
Қоядан думалаб тош қалтирайди.
Эркаклар аёлнинг ишини қилса,
Ҳатто-ки самода арш қалтирайди.

Қанақа замон бу? Уч-қуйруғи йўқ,
Ҳаво, сув, оташ ва гил қалтирайди.
Олимлари танбал, шоирлари тўқ,
Бемаъни сўзлардан дил қалтирайди

Ҳикматли сўздан…

Тоат машаққати кетар дейдилар,
Қолса ҳам савоблар қолади ахир.
Гуноҳнинг лаззати ўтар дейдилар,
Лек унинг жазоси оғирдир, оғир.

***

Келишингни билмаскансан, ҳатто кетганинг,
Буни фақат Тангри билар, банда билмаскан.
Фойда қилмас куюнганинг, минг уринганинг,
Насибадан ортиғига қўлинг етмаскан.

***
Охирги кунингни яшаётгандек
Ибодатда тургин, кўнглинг тўлади.
Яхшилик улашгин, яша инсондек,
Бир кунинг албатта шундай бўлади.

***

Дерлар: Кушойишлар калити – сабр,
Тириклик сабр ила ёришган кундир.
Бандаси қанчалар қилмасин макр,
Оллоҳнинг тадбири ундан устундир!..

***

Молу дунё талабгори – ташнадир,
Тўлса ҳам-ки ёрилмайди қирғоғи.
Улар – денгиздан сув ичган кимсадир,
Ичган сари босилмайди чанқоғи .

***

Ширин сўз – каломдан бир улуш демак,
Тинглаган кишининг дили яйрайди.
Яхши сўз – гўё-ки гўзал қуш демак,
Яхшилар қалбида сайрайди.

***

Орадаги риштани узмоқ учун,
Кифоя қилинар экан битта сўз.
Орадаги риштани тузмоқ учун,
Етмас экан умринг, етмас экан сўз.

***

Таҳдид ила бармоғингни тиғлама менга!
Кимлар қадри сўзинг билан ерга топталган?
Қайтар дунё, ҳар амалинг қайтар ўзингга,
Уч бармоғинг қайрилганча сенга ўқталган!

***

Мени маъзур тутинг, жаноби Ньютон!
Физика ҳам яратганнинг қудрати.
Олам яралганким, ҳали ҳам, ҳамон,
Бизни тортар Оллоҳнинг муҳаббати.

***

“Ундан¹ қўрқасанми” дейишса агар:
Индамай қўя қол, сўйлама охир.
Ёлғончи бўласан, “ҳа” десанг агар,
Агарда “йўқ” десанг бўласан кофир.

***

Бир дона дарахтдан милион дона
Гугурт сирларини яратиш мумкин.
Бир дона гугуртни чақиб сўнг яна
Милион дарахтни қурутиш мумкин.

***

Унутиш бу – кечириш демак,
Унутилди дегани эмас.
Кечириш бу – унутиш демак,
Кечирилди дегани эмас.

***

Дунё азал шундайдир, гулим,
Ёмонлар кўп, яхши жуда кам.
Уларга бас келмоқ бу – ўлим,
Улардан жирканар шайтон ҳам,

Кўнгли тўлган қора қурумга,
Буни ўзлари ҳам билади.
Нафратим бор, яна уларга
Менинг фақат раҳмим келади.

***

Шаббадан унар куртак,
Куртаклар бўй чўздилар.
Бугун барг, эрта хазон,
Буни фасл дейдилар…

ИТ БЎЛУР ЭШШАК БЎЛУР…..

Ишлов бериб темирга,
Ҳар қанча йўнмагин тош.
Темир темирлигича –
Тошлигича қлар тош.

***

Шарқдан эсаверар тўзғиган шамол,
Шовуллаб ўтади, йўлни чангитиб.
Ортидан булутлар келинчак мисол,
Кўчаларга ўтар, кўлоб сув сепиб.

***

Мажнунтол ёлини ювдирар сойга,
Сув оҳиста силар унинг сочларин.
Тунлари аксини кўрсатиб ойга
Эслатиб қўяди ёшлик чоғларим…

***

Бизлар нима учун шоирмиз?
Ғам қувончни шеърларга йўйдик.
Жавоб оддий, ишққа доҳилмиз —
Қанча суйсак — шунчалар куйдик…

***
Барча ажин дилгинамда, ғамлар қошимда,
Илҳақ бўлиб қалбим қолар нурни ахтариб.
Гуллаб турган баҳоримда, йигит ёшимда
Аллақачон ич-ичимдан қолганман қариб…

***

Қуёш чўкди. Оқшом ҳам келди,
Сабр этдим шу кунга қадар.
Ой чиқмади, ҳафсалам тўлди.
Ойни излаб бўлдим дарба-дар.

Булут тўсди ойнинг юзини,
Боқсам булутларни кўраман.
Ойни ўраб олди лаънати,
Мен булутни ёмон кўраман.

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn