Альбер Камю: Исён ва санъат

bd1d9ab8016099e306fa75c5898d8d6dАльбер Камю (1913-1960) – француз адиби. “Бегона”, “Таназзул” каби қиссалари, “Ўлат”, “Бахтли ўлим” романлари, “Калигула”, “Қамал ҳолати”, “Мавҳумлик” – каби пьесалари, “Сизиф ҳақида асотир”, “Асотир ва қиёфа”, “Никоҳ”, “Немис дўстга мактуб”, “Исёнкор одам”, “Таъқиб ва салтанат”, “Ижод ва эркинлик” каби эсселари билан Европа бадиий тафаккурини бойитган ва уни янги босқичга кўтарган ХХ асрнинг забардаст адиби. У адабиёт соҳасидаги хизматлари учун Нобель мукофоти соҳиби бўлган. Гарчи Камю ўзини файласуф деб ҳисобламаган бўлса ҳам фалсафий-бадиий эсселар учун уни ҳақли равишда ўз даврининг “Ақллар ҳукмдори” деб аташади. Қуйида эълон қилинаётган эсселарда санъатнинг азалий, демакким, даврлар ўтса ҳам эскирмайдиган муаммолари қамраб олинган.

Альбер Камю

ИСЁН ВА САНЪАТ («ИСЁНКОР ОДАМ» КИТОБИДАН)

Назар Эшонқул таржимаси.

Санъат бир пайтнинг ўзида ҳам эътироф, ҳам инкор этувчи ҳодисалар сирасига киради. “Биронта ҳам санъаткор воқеаликка охиригача дош беролмайди”, дейди Ницше. Бу ҳақиқат, бироқ биронта ҳам санъаткор воқеаликни четлаб ўтолмаслиги ҳам ҳақиқат. Ижод – ваҳдалул вужудга интилиш, шу билан бирга мавжуд оламдан қочиш, уни инкор қилиш ҳамдир. Бироқ у оламда ўзлигини тополмагани, бу олам ўзлигига мос келмагани учунгина инкор қилади. Бу инкор моҳиятан ибтидога, тарих занжирининг илк ҳалқаларига, олам эзгулик ва ёвузликка бўлинаётган паллаларга қаратилади. Исён – олам бўлинишидан бошланган. Шу сабабли санъат исённинг моҳиятини бизга тўла очиб бера олувчи восита бўлиши ҳам мумкин.

Бироқ ажабланарлиси шундаки, инқилобчи ислоҳотчилар ҳақиқий санъатга ёт кўз билан қараб келишган. Афлотуннинг қарашлари бу масалада ҳаммадан ошиб тушади. Унинг учун “гўзаллик ҳамма нарсадан устун, тил бор-йўғи жило берувчи восита эди”. Шу сабабли у ўз давлатидан шоирларни бадарға қилишда ташаббускор бўлганди. Замонавий инқилобий ҳаракатлар ҳам санъатни суд қилишга киришди. Жамиятга мададни табиатдан излаган Руссо санъатга хурофот деб қарарди. “Ақл тантанаси” учун ёзган дастурида ҳамма нарсани аввал момоқалдироқ гумбурлатиб, сўнг яшин билан куйдирмоқчидек таассурот қолдирадиган Сен – Жюст Ақл маъбудасини гўзаллик эмас, кўпроқ меҳр-шафқат соҳиби сифатида кўришни истади. Француз инқилоби учар журналист Демулен¹ ва мухолиф ёзувчи Саддан бошқа бирон санъаткорнинг олқишига сазовор бўлолгани йўқ. Аксинча, ўша даврдаги энг улуғ ва ягона шоирнинг боши танидан жудо этилди(2) , ягона катта ёзувчи эса Лондонга қочиб кетишга мажбур бўлди(3) ва у ерда мутассиб тақводорга айланди.

Сал кейинроқ “сенсимончилар” санъатнинг “жамият учун фойдали” бўлишини талаб қила бошладилар. “Тараққиёт учун санъат” – XIX аср ақл соҳибларининг бирдан-бир даъвоси эди, гарчи ҳақлигини исботлай олмаган бўлса-да, ҳатто Гюго ҳам шу даъво билан байроқ кўтарган эди. Фақат Валес(4) санъатни хумори қонгунча сўкишдан ва унга маълум вазифа юклашдан ўзини тийди.

Рус нигилистлари ҳам шунга яқин қарашда эдилар. Писарёв моддий фойда бермайдиган эстетикани тан олмади. “Рус Рафаэли бўлгандан кўра рус этикдўзи бўлиш фойдалироқдир”, дерди у. У ҳатто Шекспирга ҳам этик тиктирмоқчи бўлди. Кейинчалик машҳур ва катта шоир бўлиб етишган нигилист Некрасов “Пушкиндан кўра бир бурда пишлоқ менга афзал” деган эди. Санъатни “тарбия воситаси”га айлантирмоқчи бўлган Толстой қарашлари ҳаммага маълум. Улуғ Пётр саъи-ҳаракати билан Петербургдаги Ёзги боғга келтирилган ва Италия қуёшида пишган, мармари ҳозиргача ярақлаб турган Венера ва Апполондан эса Инқилобий Россия бутунлай юз ўгирди. Қашшоқлик баъзида беҳисоб бойликни кўрганда ана шундай бурнини жийиради.

Немис мафкураси айблови бундан ҳам шафқатсизроқдир. “Руҳ ноёблиги” шарҳловчилари бани башар ҳамжиҳат бўлган жамиятда санъатга ҳеч қандай эҳтиёж қолмайди, деб ҳисоблашади. Гўзаллик ҳам яшаб қолади, бироқ у бадиий тарзда эмас. Ақлга мувофиқ воқеаликнинг ўзи инсоннинг жами эҳтиёжини қондира олади. Воқеаликдан юқори турувчи шаклни танқид қилиш воқеаликка тўлиқ бўйсунувчи санъатни ҳам қамраб оляпти. Маркснинг фикрича, санъат ўз замонидан ташқарида яшай олмайди; у ўз даврининг ва ҳоким синфларнинг манфаатини акс эттиради. Фақат инқилобий санъат, ҳа, фақат ўша, инқилобга хизмат қила олиши мумкин. Воқеаликдан устун бўлган гўзаллик яратаётган санъат воқеликнинг ўзини мутлақ гўзалликка айлантирсагина ўзининг бош вазифасини бажарган бўлади. Инқилобий ҳаракатда ўз ўрнини англаган рус этикдўзи гўё гўзалликнинг ҳақиқий яратувчиси эмиш. Уни янги, инқилобий одам учун тушунарсиз бўлган, ҳеч кимга фойдаси тегмайдиган бир лаҳзалик оний гўзаллик яратган қандайдир мужмал Рафаэлга қиёслаб бўлмайди.

Шундай бўлса-да, Маркс, “нега юнон бадиияти биз учун ҳануз гўзаллигича қолмоқда”, деб савол қўяди ва шундай жавоб беради: у инсониятнинг беозор болалик даврининг инъикосидир ва биз, уларга нисбатан, катта бўлиб қолганлар, бу асарларни болаликни хотирлагандай завқланиб ўқиймиз(5). Шунда ўз-ўзидан улуғ Италия уйғониш даври шоҳ асарлари, Рембранд суратлари, хитой санъати билан бизни нима боғлаб туради деган савол пайдо бўлади. Ҳеч нарса! Санъат устидан ҳукми ҳозиқлик давом этмоқда ва бунга санъаткорлар, ақл-идрок эгалари ҳам қўшилишмоқда: улар санъатга туҳмат қилар эканлар, энг аввало ўзлари ўтирган шохга болта уришмоқда, ўзларини ўзлари шармандали равишда масхара қилишмоқда. Аслида санъаткор Шекспир билан этикдўз Шекспир ўртасидаги баҳсдан шу нарса маълум бўлдики, этик тикаётган паллада эмас, Шекспирни ўқиётган паллада инсон гўзаллик билан юзма-юз келади. Давримиз санъаткорлари тавба-тазарру қилаётган XIX аср рус дворянига ўхшайди, зеро иккаласи ҳам виждони оғригани учунгина узрхоҳликка ўтган. Мутеликни бўйнига олганлар ва муросасозлар ҳам унинг истаги билан ҳисоблашмаган ҳолда инсониятни, шу жумладан, этикдўзни ҳам ўша бой маънавий неъматдан – абадулабад маҳрум қилмоқчи, гўзалликни топтамоқчи бўлаётганлар билан бир сафда эканлигини унутмасликлари керак.

Аммо, бу зоҳидона нодонликни оқловчи асос ҳам борки, бу биз учун ҳам қизиқдир. Бу инқилоб ва исённинг эстетик инъикоси масаласидир.
Ҳар қандай исёнда исён қилинган нарсанинг мақсадга мувофиқ эмаслиги ва унинг ўрнини бошқаси билан алмаштиришдек истакларни жамлаштирган умумий талаблар акс этади. Шу маънода исён – янги дунё қуришга интилишдир. Бу санъатга ҳам тааллуқли. Исён ўз олдига, очиқроқ айтганда, эстетик талаблар қўяди. Барча исёнкор фикрлар, кўриб чиққанимиздек, ёки даъватларда, ёки янги дунёни рамзлаштирган образларда намоён бўлади. Лукрецийнинг шаҳар деворлари, Саднинг одам ўтолмас қўрғонлари, хаёл қояси ва ёлғизлик чўққиларидан иборат Ницшенинг тафаккур ороли, Лотреамоннинг илк ҳаёт океани, Рембонинг оҳанг панжараси, сюрреалистларнинг борлиқни ларзага солган бўрондан сўнг қоладиган из каби фикр истеҳкомлари, мамлакатнинг қоқ ярмини эгаллаган қамоқхона тасвирлари, конслагерлар, озод қуллар империяси – булар ҳаммаси бир бутунликни, ягоналикни ва унга бўлган иштиёқу-майлларни ифодалайди. Мана шу тасвир этилган дунёни одам тезроқ англаши мумкин: англанган дунё – янгиланаётган дунёдир.

Бу ҳолатни биз деярли барча санъат турларида учратамиз. Санъаткор дунёни ўз тушунчасидан келиб чиқиб қуради. Табиат мусиқасидагина ҳудуд ва замон йўқ. Борлиқ эса ҳеч қачон жим турмайди: ҳатто сукунат пайти ҳам у биздан таралаётган оҳангларга акс-садо бериб, ўзининг азалий куйини чалаверади. Бироқ бизга тушунарли бўлган товушдан ҳамиша ҳам оҳанг чиқавермайди ва мусиқа бўлавермайди. Шу билан бирга мусиқа ўзаро уйғунлик тугаган, оҳанг товушга айланган, бизнинг ҳиссимиз ва кечинмаларимизга мос табиатдаги тартибсиз оҳанглар тартиблашувга киришган жойдан бошланади. “Мен шунга қатъий амин бўлиб боряпманки, — деб ёзган эди Ван Гог, — тубанликка ғарқ бўлган дунёга қараб Парвардигорга баҳо бериб бўлмайди. Дунё, шунчаки, охирига етказилмаган чизги, холос”.

Ҳар бир санъаткор ана шу чизгини муфассал суратга айлантириш, унга етишмаётган манзараларни киритишни хоҳлайди. Санъат ичида энг буюги ва заҳматкаши бўлган ҳайкалтарошлик уч ўлчовли дунёда инсон қиёфасини коинот ва ўз услуби мужассами сифатида яхлит тасвирлашни истайди. Ҳайкалтарошлик мавжуд воқеликни инкор қилмайди, балки унга ҳаммадан ҳам кўпроқ эҳтиёж сезади, бироқ унга ҳеч қачон бор кучи билан ёпишиб олмайди ҳам. Уйғониш даврида унинг ютуқларидан бири ишора – кўз ифодаси ва тасвири бўлдики, бу билан у бани одамдаги ишора ва ифоданинг рамзига айлана олади. Унинг моҳияти мавжуд қиёфадан кўчириб олишда эмас, балки уйғунлаштиришда, яъни бир сониялик юз ифодаси, тана ва қомат ишорасини мангу гўзалликка, мангу ишорага айлантира олишда кўринади. Фақат шу йўл билан – намунавий ёки одатий образлар ёрдамида ҳорғинлик силласини қуритган одамларнинг эътиборини мангу гўзалликка тортиб, сершовқин шаҳарлар ҳашамига яна ҳам ҳашам қўшади. Балки муҳаббати топталган ошиқ юнон маъшуқасига бугун ҳам нафрат ва ғазаб билан қарар, бироқ бу қарашдан ҳеч қандай эстетик завқ уйғонмайди.

Тасвирий санъат ҳам ана шундай уйғунлик маҳсулидир. Делакруа ўз санъати ҳақида мушоҳада қилиб, шундай ёзган эди: “Даҳолик бу – уйғунлаштириш ва ифодалай олиш истеъдодир”. Мавзуни танлаш биланоқ санъаткор асарга биринчи ғиштни қўяди. Манзара тутқич бермайди ёки хотиранинг қайсидир бурчагига бекиниб олади. Шунинг учун ҳам манзарачи рассом ёки натюртморчи мўйқалам соҳиби макон ва замондан энг аввало тутқич бермайдиган ёки бетартиб ранглар орасида ғойиб бўладиган, бир лаҳза кўриниб сўнг мангулик ортига яширинадиган манзараларни тезроқ қоғозга тушириб қолишга шошилади. Манзарачининг биринчи вазифаси яхлит суратнинг қисм-қисмларини тайёрлашдан иборат бўлади: қисмларни тайёрлаётган лаҳзадаёқ у танлай бошлайди. Кўпинча сюжетли сурат макон ва замондаги бошқа бир ҳаракатнинг инъикоси сифатида юзага чиқади. Сўнг санъаткор тасвирни яхлитлаштиришга ўтади. Пьеро делла Франческо каби улуғ мўйқалам соҳибларининг асарлари ёз фаслининг бир сониясини ушлаб олиб, мангу тўхтатиб қўйгандек таассурот қолдиради. Унинг қаҳрамонлари гўё макон ва замонни сезмаётгандай, ундан буткул халос бўлгандай, макон ва замон хавфини назарига илмай яшашда давом этади; уни на макон, на замон ўчиришга қурби етади – санъатнинг энг мўъжизали хусусияти ҳам шунда.

Ўз ўлимидан сўнг юз йиллар ўтгач ҳам “файласуф” Рембранд йиллар шарпаси орқасига яширинган ҳолда ўша ўзи кўтарган муаммо устида сиз билан баҳслашиб ўтираверади. “Бизни нарсалар манзараси билан ўзига ром қилмоқчи бўлган, бироқ ҳеч қачон бизни мафтун қилолмайдиган бу тасвирий санъат дегани аслида бир пулга қиммат”. Бу Паскалнинг машҳур ибораси. Делакруа ҳеч бир асоссиз равишда “бир пулга қиммат” сифатлашини “ғалатироқ” деб ўзгартирган. Бир қарашда ҳақиқатан ҳам ўша нарсалар бизни мафтун қила олмайди, чунки биз уларни кўрмаймиз. У биздан узилган ҳолда абадий ҳаракатда яшайди. Исо Масиҳни қамчилаётган жаллоднинг қўлини ким кўрган? Салб юришига кетаётганлар изидан зайтунзорга сингаётган ғуборларни ким кўрган?

Бироқ буларнинг ҳаммаси гўзал ва шафқатсиз манзаралари билан бизни ўша азоб-уқубатга юзма-юз қилиш учун музейнинг совуқ деворларига зарб этилган: умри ғаму-ҳасратда ўтган Исонинг бир неча сониялик уқубати ана шу суратларга жо қилинган. Рассомнинг мўйқалами табиат сирларига, тарих қатламларига бемалол ёриб кира олади ва шуниси билан у бани олам ҳаракатининг ажралмас қисмидир. Санъат Гегель орзу қилган хусусийдан умумийга қараб интилувчи доимий ҳаракатдаги ва курашдаги ҳодисалар сирасига киради. Балки бани башар бирдамлигига интилаётган бугунги замон шу сабабли ҳам ана шу яхлитликка интилишнинг энг мукаммал намунаси бўлмиш санъатга кўпроқ эҳтиёж сезаётгандир? Бадиий тафаккур даврнинг ибтидо ва интиҳосига ҳамиша мос келади: бугунги тасвирий санъатнинг турмушга ва яхлитликка бўлган бетиним интилишини фақат бадиий тафаккур орқалигина тушунтириш мумкин. Ван Гогнинг юракни ларзага солувчи зорланишида барча санъаткорларнинг кибр ва умидсизликлари акс этган: “Мен ҳаётда ҳам, тасвирий санъатда ҳам худони четлаб ўтишим мумкин. Бироқ менинг ички “мен” им ўзидан устунроқ “мен”ни четлаб ўтолмайди, усиз менинг ижодим ҳам, ҳаётим ҳам маънисиз бўлиб қолади”.

Мустабид инқилоб томонидан ишончсизлик билан кутиб олинадиган санъаткорнинг воқеликка қарши исёни аслида эзилувчилар кўтарган онгсиз исённинг самовий юксак кўринишидир. Барча нарсага шубҳа ва инкор кўзи билан қаровчи инқилобий ҳаракат санъатда инкордан ташқари эътироф ҳам мавжуд эканлигини ич-ичида ҳис қилади: санъатдаги ҳаракат – яратувчанлик билан, гўзаллик – адолат билан тенгдир: баъзи ҳолатларда гўзаллик ўз-ўзидан адолатсизликни фош қилувчи шафқатсиз воситага айланиши мумкин. Шунинг учун биронта ҳам санъат тури фақат инкор эвазига яшаши мумкин эмас. Ҳар қандай фикр, кези келса, ҳеч нарсани англатмагани каби инқилобчилар маънисиз деб атаётган санъатда ҳам маъно ва яна нимадир мавжуд бўлади.

Инсон умумий адолат талаб қилиб, умумий адолатсизликка қарши оёққа туриши, адолатли жамият ижодкори бўлиб чиқиши мумкин, бироқ унинг дунёдаги барча нарсага ҳаммаси бир пулга қиммат деб қарашга ҳаққи йўқ. Гўзалликни ижод қилиши учун у воқеликни инкор қилиши ва айни пайтда унинг завқли томонларини кўра олиши шарт бўлади.

Санъат воқелик билан баҳслашади, бироқ ундан буткул четлашмайди. Ницше ҳар қандай аҳлоқий, илоҳий тушунча ва одатларни инкор қилиши, уларни бу ҳаётга, бу дунёга ғирт туҳмат деб аташи мумкин. Бироқ ўзининг гўзаллиги билан бизни туғилиш ва ўлим орасидаги дунёни севишга ва бу гўзалликни бошқалар билан баҳам кўришга ундайдиган бошқа бир олий тушунчалар ҳам мавжудлигини у эсдан чиқармаслиги керак. Алалхусус, санъат бизни исённинг ҳақиқий моҳиятига – унга юксак қадрият ва янгиловчи куч, абадий кураш ҳамда ички тикланишнинг воситаси сифатида қарашга ўргатади. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун ҳозир санъатнинг қайта қад ростлаш жараёнини бор қиёфаси билан акс эттира оладиган шакли – роман санъати ҳақида гаплашамиз.

РОМАН ВА ИСЁН

Маълум нуқтаи-назарга кўра, адабиёт бошқа турларга нисбатан анча муросачи эканини қайд этиш зарур – бу айблов ўтмиш даҳоларидан тортиб, янги давр даҳрийларининг қарашларигача мос тушади. Аввалги замонларда роман ноёб жанр ҳисобланарди. Унда воқеалик эмас, хаёл кўпроқ акс этарди; “Ҳабаш аёл” билан “Астрей”ни эслашнинг ўзи кифоя (6.) Моҳиятан олганда булар чўпчак, роман эмас. Янги даврда – даҳрийларда эса роман ҳақиқий жанр тусини олди, худди инқилобий ҳаракатлар каби ўз қамровини кенгайтириб, мукаммалашиб борди. Роман руҳий ва маънавий исёнкорлик маҳсули сифатида майдонга келди ва эстетик нуқтаи-назардан ҳам у исёнга интилиш эди.

Литтрнинг луғатида романга “насрий йўлда ёзилган уйдирма воқеалар” деб баҳо берилади. Фақат шуми? Бир католик танқидчиси – мен Станислав Фюмни назарда тутаяпман – масалани анча жиддий қўяди: “Санъат ўз олдига қандай мақсадни қўймасин, барибир худо билан баҳс бойлашишга киришган даҳрийликдир”. Аслида ҳам фуқаролар жамиятидаги тортишувга ғарқ бўлгандан кўра роман худога юз бургани минг маротаба мақбулроқдир. Тибода Бальзак ижоди ҳақида анча тўғри фикрни баён қилади: “Инсоният комедияси” – бу Парвардигори оламга тақлиддир”. Улуғ адабиётларнинг улуғ мақсадлари ҳам аслида бизга ўхшаш қаҳрамонлар яшайдиган ўзига хос дунё, олам яратилишидан иборат бўлиб келган. Ғарб адабиёти ҳеч қачон ўзининг улуғ асарларида кундалик ҳаётни тасвирлаш билангина чегараланмаган. У хаёлнинг улуғвор қудратига интилиб, бизнинг тасаввурларимизга ҳамиша машъала ёқиб келган, изидан хаёл дунёсига эргаштирган.

Кимки роман ёзаётган ёки ўқиётган бўлса, моҳиятан ғалати ҳолатга дуч келади. Асли ғирт уйдирмадан иборат бу воқеаларга инсон нега бунчалик эҳтиёж, ташналик сезади?! Агар бу ғалати эҳтиёжга ёзувчи ёки ўқувчидан қониқарлироқ жавоб олинган тақдирда ҳам имоним комилки, барибир одамзот яна шу уйдирма билан ўз эҳтиёжини қондиришда давом этаверади ва унга бўлган қизиқишига заррача путур етмайди. Инқилобий танқид буни воқеликни тасвирлашдан атайлаб қочиш деб баҳолайди. Оддий сўзлашув тилида жайдари бир журналистнинг уқувсиз уйдирмасини “роман” деб аташади. Бир неча йиллар муқаддам кундалик воқеаликдан устун турувчи “романтик” кайфиятдаги қизлар севимли ва ардоқли саналарди. Ўз-ўзидан ойдинки, ана шундай маҳбубанинг мавжуд воқелик ҳақида ҳеч қандай тушунчага эга эмаслиги, унинг соф хаёлий дунёси юксак қадрланарди. Бир сўз билан айтганда, романтик идеал ҳаётдан ҳамиша узилган бўларди ва бу идеалнинг нақадар мафтункорлиги ҳар кимнинг хаёлий қудратига боғлиқ эди. Шундай қилиб, роман санъати ҳақида гап кетганда, унинг ютуғи воқеликдан қанчалик устун турганига қараб баҳоланарди. Бурнининг тагидагидан нарини кўришга қувваи ҳофизалари етмайдиган кишилар бу борада Инқилобий танқид билан бир хил фикрда эди.

Хўш, биз роман ўқиш билан хаёлимизни нимадан олиб қочамиз? Қора турмуш ташвишлариданми? Бироқ ҳаётда етишмовчилик нималигини тасаввур қилолмайдиган одамлар ҳам бойлигини санашу ҳашамлардан ортган пайтлари роман ўқийди-ку? Бундан ташқари бадиий дунё эртаю-кеч хаёлимизни банд қиладиган ва бизнинг оғир меҳнатимизни, ҳеч қурса хаёлда бўлса-да, енгил қиладиган даражада оҳанрабо ва мафтункор ҳам эмас.

Бироқ шундай эса-да, Адольф нега Бенжамен Констанга нисбатан кўнглимизга яқин (7), нега аҳлоқшуносларга нисбатан бизни граф Моска (8) кўпроқ ишонтиради?! Бир куни Бальзак сиёсат ва дунё тақдири ҳақидаги узундан-узун маърузасини шундай сўзлар билан тугатган: “Энди жиддий масала ҳақида гаплашсак”. У бу билан ўзининг романларини назарда тутганди. Икки асрдан буён романнавис даҳолар бизга тақдим этаётган ва бизни мафтун қилаётган сон-саноқсиз мифларни жиддий шарҳламасдан, шунчаки, воқеликдан қочиш деб баҳолашнинг ўзи билан моҳиятни очиб бўлмайди. Романнавис ижодкорлар воқеликдан қочганлиги ёки уни четлаб ўтаётганлиги аниқ ва бор гап.

Бироқ бу четлашишни шунчаки қочиш деб бўлмайди. Гегель таъкидлаганидек, реал дунё азиятидан ўз қалбининг узлатига чекинган, ўзи учун фақат ахлоқ ҳукмронлик қилувчи бадиий дунё ясаб олган бундай четлашишни воқелик билан боғлайдиган ришта борми? Ҳатто панд-насиҳатга тўла, катта адабиётдан узилиб қолган “Поль ва Виржиния” каби кўз ёшларга тўла асарларни ўз ичига олган энг ҳикматгўй романлар ҳам бизга тасалли беришга қодир эмас.

Бор ҳақиқат шундаки, реал дунёни инкор қилаётган одам, айни замонда бу дунёдан мутлақо узилишни ҳам истамайди. Одамлар шу дунёда яшашга маҳкум этилганлар ва ундан айри яшашни ҳеч қачон тасаввур қилолмайдилар. Ўз маконида дарбадарлик ва қувғинга гирифтор бўлган бу ҳуркак мавжудот ўзи яшаётган дунёни абадий унутишни эмас, аксинча, уни яна ҳам кўпроқ ўзиники қилиб олишни истайди. Турмушнинг бутун кўламини акс эттирадиган азобу-уқубатлар ҳали кўз олдида мукаммал гавдаланган эмас; дунё фақат шундан иборат бўлолмайди. Тўғри, хохиш-истак тутқич бермайди, бошқалар хоҳиш-истаклари ортида йўқолиб кетади, сўнг бирдан бошқа бир қиёфада ўз ортидан уларни худди Танталнинг ташна лаблари сувнинг изидан беҳуда қувгани(9) каби яна бесамар югуртиради.

Хўрликка маҳкум этилган одамнинг бор-йўқ мақсади лабларини сувга тегизиш, хаёли каби тутқич бермас тўлқинни жиловлаб олиш ва уни ўз тақдирига айлантириш, холос. Бироқ бу амалга ошмас орзу: шу сабабли у хаёлан бўлса-да, орзусига етишни хоҳлайди – хаёлан бўлса-да тақдир ва ўлимдан устун келишни ва кўз олдидаги бесамар ва беадад дунёга қарама-қарши ўлароқ ўзининг хаёлий дунёсига эга бўлишни истайди.
Мана шу ердан аксарият одамларда ўзгалар ҳаётига шафқатсиз муносабат ва ҳасад билан қараш пайдо бўлади. Бу ҳаётни четдан кузатиб туриб, ундаги яхлитликни ва жамул-жамликни кўрамиз, моҳиятан шундай бўлмаса-да, биз учун бу ҳаёт енгилмас ва бўйсунмас бўлиб туюлади.

Биз фақат бу ерда икир-чикирларни эмас, юксак ва қадри баланд чўққиларни кўрамиз. Шунда биз буларнинг барини санъатга жо эта бошлаймиз, уларни ибтидоий тарзда романга киргизамиз. Шунинг учун ҳам ҳар бир одам санъатда моҳиятан ўз ҳаётини кўришни истайди. Биз, гарчи бу мумкин бўлмаса ҳам муҳаббат абадий давом этишини истаймиз – мабодо у мўъжиза туфайли бутун умр давом этган тақдирда ҳам, барибир у тугал бўлолмасди. Вақтдан устун бўлишга туганмас хоҳиш бизни мангу уқубатларга рўкач қилса, балки дунёвий уқубатларнинг моҳиятини чуқурроқ англаган бўлармидик? Эҳтимол, иродаси кучли одамлар ҳам дунёвий уқубатлар бир лаҳзалигини англаб етгандан кейин ваҳимага тушиб қолишар? Туганмас уқубатни ҳис қилгач, балки биз битмас-туганмас бахт борлигини ҳам тушуниб етармиз? Бироқ, афсуслар бўлсинки, бизнинг энг беадад машаққатимизнинг ҳам чегараси бор. Ва ажойиб кунларнинг бирида қалбимизни ҳаётга ташналик ҳисси чулғаб, биз умидсизликдан дафъатан уйғонармиз ва уқубат саналиб келинган нарсалар моҳиятан бахт эканини сезиб қолармиз?

Ўзликни англашга интилиш – бу азал-абадга интилиш воситаси холос: ундан сўнг муҳаббатга мубталолик бошланади. Биронта мавжудот, ҳатто энг оташин ва қизғин севгига мубтало бўлганлар ҳам мен мутлақ муҳаббат соҳибиман деб айтолмайди. Ошиқ-маъшуқлар айро туғилиб, сўнг яна айрилиқда ўлишга маҳкум этилган бу шафқатсиз дунёда маҳбубдан бутун умри давомида фақат ўзи учун яшашни талаб қилиш амалга ошмас орзу бўлиб қолаверади. Бундай шафқатсиз талаб қўйишга муҳаббатнинг ўзи дош бермайди. Бундай муҳаббат маҳбубни адойи тамом қилади. Ёлғиз ошиқнинг бесамар азоби бугун ўзиники бўлган маҳбубаси эртага кимнидир севиб қолиши мумкинлигини англагандан кейин яна ҳам тийиқсиз тус олади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ошиқ вақтдан устунлик ҳамда маҳбубани умрбод ўзиники қилиш истагига мубтало бўлади ва айни шу истаги билан маҳбубасини эртанги кундан жудо қилади. Дунёвий меъёрга сиғмайдиган ана шу истак ҳақиқий исёндир.

Кимки ўзи муҳаббат қўйган жами нарсадан, гарчи орзуси ҳеч қачон амалга ошмаслигини билиб туриб, абадий ҳурлик ва маҳлиёликка даъвогарлик қилиб, шу йўлда ўзини қурбон қилишга тайёр ҳис этмаган бўлса, унга исён ва унинг тийиқсиз нафрати тушунарсиз бўлиб қолаверади. Моҳият эса ҳамиша ҳам юз кўрсатмайди – у маълум бир тушунчага ҳеч қачон сиғмайди. Шу нуқтаи-назардан қарасак, ҳаёт шаклсиздир. У ўз шаклини излаб, тийиқсиз оқаётган дарёга ўхшайди. Бунинг акси ўлароқ одам ҳаётда ўзини шоҳ деб ҳис қилиш учун бетиним шакл излайди. Жилла қурса бирон-бир тирик мавжудот одам хоҳлаган шаклга кирганда эди, инсон дунё билан абадий сулҳ тузган бўлур эди.

Аммо унда одамни шакл ва йўналиш излашдек мангу уқубатдан халос қиладиган, у билан бир тану бир жон бўлиб кетадиган оддий онг соҳиби бўлмиш биронта бошқа мавжудот йўқ. Шуҳратпарасту-жанжалпарастлар, ҳашаматпарасту-инқилобпарастлар, барча-барчаси яшаш учун муросаю-мадора қилиб, бирдамликка интилаяпти: худди муҳаббат асоратидан қалби вайрон бўлган ошиқ ёки маъшуқа муҳаббат қиссасига якун ясаш учун сўнгги имкониятга, сўнгги имога ташна боқаётгандек. Ҳар биримиз ўша бирдамликка олиб борадиган сеҳрли сўзни излаяпмиз. Бизга шунчаки кун кўришнинг ўзи камлик қилади, биз ўлим араваси келмай туриб, ўз тақдиримизга эга бўлишга интиламиз. Бу шундан дарак берадики, инсон ўзи яшаётган дунёдан кўра тасаввуридаги оламни яхшироқ биларкан.

Бироқ “яхшироқ” сўзи “бошқача” деган маънони англатмайди, балки тасаввурни яққолроқ ифодалайди. Қалбимиз кўкларга кўтараётган истакларимиз гарчи нафратимизга сазовор дунё устига қурилган бўлса-да, ундан буткул узилиб кетмайди: бу шунчаки қочиш эмас, балки ўзининг мавжудлигини кўрсатишга уриниш даъвосидир. Ҳар қандай орзу-истак ва ҳаракат – хоҳ у диний, хоҳ дунёвий бўлсин, охир-оқибатда мана шу ожизона даъвога, шаклсиз ҳаётдан ўзига бошпана, шакл излашга бориб тақалади. Мана шу шижоат-хоҳ фалакка сиғиниш, хоҳ инсониятни йўқ қилиш истаги шаклида бўлсин, бутун моҳияти билан, роман ижод қилишга, ижодкорликка бошлаб боради.

Пировардида роман ўзи нима? У инсон фаолияти маълум бир шаклга кирган, дунё истак-хоҳишига мос тасвир этилган, одамлар бир-бирларига изҳори дил қилган ва ҳар бир тақдир ўз йўриғи ҳамда ёзуғига эга бўлган қандайдир ўзга дунё ифодасими?.. Романда гавдаланган дунё кўз ўнгимиздаги оламнинг инсон сийратига мос хоҳиш-истаклар асосида қайта яратилишидан бошқа нарса эмас. Зеро, у дунё ҳам азобу-уқубат, ёлғону-муҳаббатга қоришиб яшаётган ўз дунёмизнинг айнан ўзи. Унда бизнинг бор қиёфамиз, ожиз ва кучли жиҳатларимиз ифодаланган. Унинг ўзгалиги ҳам кўз олдимиздаги дунёнинг гўзаллиги ва ибратидан айро нарса эмас.

Бироқ у дунёда одамлар кўз олдимиздаги дунёдан фарқли ўлароқ, сўнгги дақиқаларгача ўз тақдирларининг эгаларидир. Уларда инсон қисмати мужассамланган. Бизни ҳайратга солувчи қаҳрамонлар – Кирилов, Ставрогин, Грослен хоним, Жюльен Сорель ёки малика Клевская – ҳаётий жўшқинликларини сўнгги қатрасигача сарфлашга қодирдирлар. Бу эса ҳаётда бизнинг қўлимиздан келавермайди. Зеро, улар биз ҳеч қачон журъат қилмаган нарсаларни охиригача етказадилар.* (*Агар роман фақат қайғую ғам, умидсизлигу тушкунликдан иборат бўлса, у ҳалоскорлик йўлини кўрсата олади. Тушкунликка исм топиш, уни тасвирлаш – уни енгишга интилиш дегани. Тушкунлик адабиёти – бу ўзига исм излаётган адабиётдир).

Лафайет(10) хоним “Малика Клевская”ни ўз ҳаётий тажрибасидан келиб чиқиб яратди. Бир томондан малика – бу унинг ўзи, бошқа томондан эса – у эмас. Фарқ шундаки, Лафайет хоним ибодатхонага кириб олиб, тарки дунё қилгани йўқ ва унинг муҳаббати йўлида бирон киши қурбон бўлмаган. Албатта, у бу муҳаббат қиссасидаги юракни титратадиган ҳисларни бошидан кечирганига шубҳа йўқ. Бироқ ҳаётда бу воқеа ҳеч қачон тугалланмасди ва агар Лафайет хоним ҳаётий ақидаги бош эгиб, бу жўшқин муҳаббатнинг давомини ўзининг беназир қалами билан қоралаб қўймаганда эди, биз ҳам унинг хотимасидан ҳеч қачон баҳра ололмасдик. Худди шундай романтик ва ажойиб воқеа Гобинонинг “Плеяда”сидаги(11) София ва Казимир ўртасида ҳам содир бўлади.

Гўзал, фозила ва жўшқин эҳтиросли, — бу ерда Стендалнинг бошқа ҳеч кимга ўхшамайдиган фавқулодда аёлгина мени бахтли қилиши мумкин деган гапини эслаш ўринли, — Софияга ошиқу-шайдо Казимир биринчи бўлиб муҳаббат изҳор қилишга журъат этади. Ҳар куни кўравариб ва бир хил изҳорларни эшитавериб, унинг жўшқин муҳаббатига кўникиб қолган София охир-оқибат ундан безийди ва уни кўрса ўзини ҳақоратлангандай ҳис эта бошлайди.

Казимир унга муҳаббатини судда гувоҳлик бераётгандай баён этарди. Ҳа, у Софияни қизнинг ўзидан ҳам яхшироқ биларди ва яна Софиясиз яшашни тасаввур қилолмайдиган бу оташин муҳаббати жавобсиз қолишини ҳам биларди. У шусиз ҳам бадастур яшаётган Софияга бутун сармоясини хатлаб беради-да, қизга амалга ошмаган орзуларини ташлаб, ўзи боши оққан чекка шаҳарга (бу Вильна шаҳри эди) кетиб, арзимас нафақа билан ғариблик ва қашшоқлик оғушида кун кечира бошлайди.

Айни пайтда Казимир Софиядан тирикчилик учун олиб турадиган нафақаси ўзининг бирдан-бир ожизлиги эканини тушунарди ва яна Софиядаги вақти-вақти билан унга фақат номи ёзилган топ-тоза қоғоз-мактуб жўнатиб туришга ҳам розилик олганди. Аввалига София ғазабланади, ҳеч нарсага тушунмайди, сўнг уни беадад қайғу чулғаб олади ва ниҳоят у Казимирнинг таклифини қабул қилади, ҳаммаси йигит режалаштиргандек якун топади: Казимир Вильнада ҳижрон азобидан ҳалок бўлади. Шундай қилиб, романдаги воқеа ўзига хос мантиқ билан якун топади. Маълум бир воқеага асосланган ҳолда фақат тушдагина содир бўлиши мумкин бўлган, бироқ реал воқелик учун ақл бовар қилмас бўлиб туюладиган бир хил мароқли ҳикоятларни тўқимасиз тасаввур қилиш мумкин эмас. Мабодо Гобинонинг ўзи Вильнага кетиб қолганда эди, зерикиб, безиб қайтиб келган ёки ўша ернинг ўзидаёқ бирон кўнгилёзар машғулот топиб олган бўларди. Казимирга эса қисматини ўзгартириш ҳам, ҳижрон азобидан ўзини халос қилиш ҳам таъқиқланган. У худди ўлимга қараб бораётган Хитклиф каби охиригача, токи маҳшар кунигача тўхтамаслиги шарт.

Кўриб турганимиздай, қаршимизда реал дунёдан акс олган бадиий дунё – азоб-уқубат токи маҳшар кунигача чўзилувчи, ғам-қайғуси ҳеч қачон бахту-саодатга айланмайдиган, одамлар тақдирини бир-бирига чамбарчас боғлаб турувчи ва қисмат шаробини охиригача сипқоришга маҳкум этувчи дунё турибди. Ниҳоят, одам романда реал воқеликда сира иложи бўлмайдиган ҳаётини маълум бир шаклга солиб, унга хотима бағишлай олади. Романни инсон қисматига олдиндан бичилган хулосаларни тикиб қўяди.

Шундай қилиб, гарчи вақтинчалик ўлим ҳукми ҳозиқлик қилса-да, у шундай лаҳзада яратувчига айланади. Ушбу нуқтаи-назарга мос келувчи барча машҳур романларни бир хил таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, романнинг моҳияти муаллифнинг ҳаётий тажрибаларини маълум бир мақсадга бўйсундириш ва унга янги маъно касб этишда кўринади. Ўз олдига на аҳлоқий, на бирор бошқа мақсад қўймаган ҳолда бундай метафизик маъно касб эттириш – яхлитлик ва бирдамликка интилишга ҳамда умумий ботиний эҳтиёжни қондиришга қаратилган бўлади. Шу маънода роман энг аввало ғам-ҳасрат ёки исёнкор туйғуларнинг ифодаси сифатидаги заковат жангидир. Бу хил заковат жангини француз аналитик романларида ёки Мелвилл, Бальзак, Достоевский, Толстой романларида кузатиш мумкин. Бироқ бизга фикримизни тасдиқлаш учун сўнгги йиллар романнавислигидаги бир-бирига ўхшамайдиган иккита анъанани – бир томондан Прустни, иккинчи томондан америка романини – йўл-йўлакай қиёслашнинг ўзи етади.

“Америка романи” баъзида инсоннинг ботинини очиш йўли билан, баъзида унинг зоҳирий муносабати ва ҳолатини тасвирлаш билан зўр бериб бир бутунликка интилаяпти. У бизнинг классик романларга хос туйғу ва жўшқинликни бирма-бир синаб ўтирмайди. У қаҳрамоннинг ҳолатини тушунтирувчи ва маълум бир хулоса ясовчи руҳий асосларни излаб, уни таҳлил қилмайди. Шунинг учун ҳам бу романдаги бир бутунликни фақат тасвирдаги бутунлик деб аташ мумкин. Унинг асосий ифода усули одамларнинг зоҳирий қиёфасини чизиш, уларнинг ҳатти-ҳаракатини четдан кузатиш, нутқни, баъзан такрордек туюладиган ички Нутқни* (*Гап XIX асрдаги Америка адабиётининг гуллаб-яшнаган даври эмас, асримизнинг 30-40 йиллари “шафқатсиз” романлари ҳақида кетаяпти) ҳеч бир таъриф-тавсифларсиз бериши, ниҳоят, ўзлари шарт деб ҳисоблаган пайтда кундалик, бир хил ҳаракатлари билан ўзларини намоён қила олишга қодир бўлган одамга муносабат масаласида яққол намоён бўлади. Бундай шиддатли жараёнда одамлар ўз-ўзидан бир-бирига ўхшаб қолади, барча қаҳрамонлари ҳатто жисмоний нуқтаи-назардан бир-бирининг ўрнини тўлдириб кетавериши мумкиндек туюладиган уларнинг ўзига хос бадиий дунёси шу жиҳати билан фарқланади.

Бу ифода усули ўзини реализм деб атайди. Кўриб чиққанимиздек, реализмнинг ўзи анча мавҳум тушунча эканлиги ҳақида ортиқча гапирмасдан ҳам бу роман дунёси ўзида воқеликни жўн ва тўғридан-тўғри акс эттирмай, балки уни маълум бир услубга бўйсундираётганини таъкидлаш жоиздир. У воқеликни атайлаб бузиб тасвирлайди. Мана шу йўл билан бир бутунликка – тўғридан-тўғри яхлитликка эмас – одамларнинг ва дунёнинг орасидаги тенгсизликни йўқотишга эришади. Бу романнависларнинг нуқтаи-назарига кўра, айнан ботиний ҳаётлари бирдамликка путур етказиб, уларни бир-бирига бегона қилиб турибди. Бу иштибоҳ фақат қисман ҳақиқатдир.

Негаки, бу санъат турининг асоси бўлган исён ботиний ҳаётни инкор қилиш оқибати бўлиб эмас, балки унга суянган ҳолда бир бутунликка қараб интилиш маҳсули бўлиб юзага келади. Уни тўлиқ инкор қилиш тирик одамни эмас, мутлақо тўқима одамни яратади. Йўқсиллар романи ҳам худди бир пайтлардаги панд-насиҳат романлари каби қуруқ сафсатадан бошқа нарса эмас. Униси ҳам, буниси ҳам ўз нодонлигидан бизга сабоқ бермоқчи бўлади **(**Бу авлоднинг йирик ёзувчиси Фолкнерда ҳам ички монолог фикр қобиғидан бошқа нарса эмас). Ўз қобиғига ўралиб олган моддий ҳаёт тасвирига ружу қўйиш асл моҳиятга қарама-қарши ўлароқ, айни пайтдаги воқеликнинг мутлақо акси бўлган заминсиз, хаёлий дунёнинг яралишига олиб келади. Бу романчилик санъатига зиддир. Моддий ҳаётдан холи бўлган ва мавжуд воқеликка бепарво қараб турган асл роман қаҳрамонлари гарчи ўзларича “ўрта одамлар”нинг хоҳиш-иродасини акс эттиряпмиз деб ўйлашса-да, бироқ улар ўзида умумжамият ботиний дунёсини мужассам этадилар. Мазкур бадиий оламда пайдо бўлган, сон жиҳатдан хийлагина кўп руҳий бемор қаҳрамонлар дунёқараши буни яна ҳам яққолроқ ифодалайди. Бу хил асарларда асосий маъно касб этувчи руҳий беморлар моҳиятан ўз хатти-ҳаракатларига уйғундирлар, зеро улар – америка ёзувчилари мавжуд воқеаликка қарши ожизона, бироқ ғазаб ва шовқинга тўла исёнларини баён қилаётган, ҳиссиз автоматлар инсон ҳаётини яна ҳам кўпроқ шиддатли-ю, бироқ мазмунсиз қилиб қўяётган дунёнинг – умидсиз ва касал дунёнинг тимсолларидир.

Пруст эса ўз олдига воқеаликни бетиним ўрганиш орқали оламнинг ва ўлимнинг бебақолиги устидан ўзининг мутлақ ғалабасини таъминлайдиган ва фақат ўзигагина тааллуқли бўладиган, ўзига хос ягона ва хаёлий дунё яратишни мақсад қилиб қўйди. У мутлақо бошқа воситалардан фойдаланди. Бу восита энг аввало романнавис ўз ўтмишининг сеҳрли лаҳзаларидан иштиёқ билан муҳаббат сонияларини бирма-бир танлаб олишда ва уни кўз олдимизга қўйишида кўринади. Кечаги кун ўзи ҳақида ҳеч қандай из қолдирмай ташландиқ ва бепоён ўлик маконга айланади. Агар Америка романлари хотирасини бой берган майиб одамларнинг дунёси бўлса, Пруст дунёси – бу фақат хотирадан иборатдир. Гап кечаги куннинг харобага айланишини ва умрнинг изсиз кетишини инкор қилувчи, хоҳлаган пайт ўтмишга бош суқиб қарай олишга имкон берувчи, кечаги ва эртага келадиган кунларнинг муаттар ҳидлари қоришиқ ҳолда таралиб турган нозиктаъблик ва зўр иштиёқ билан қурилган хотиралар дунёси ҳақида кетаяпти.

Қалбнинг улуғвор хазиналари бўй кўрсатувчи бу ботиний оламни Пруст унутишга маҳкум бўлган оламга, ғафлатга ғарқ, сўқир дунёга қарама-қарши қўйди. Бироқ буни воқеликка қайтиш ёки уни инкор қилиш деб тушунмаслик керак. Пруст ўтмишни хаспўшламагани каби Америка романларидагидек уни мутлақо четга суриб қўймайди. У бой берилган хотиралар ва айни пайтдаги кечинмаларни ўтган бахтли сониялар ва воқеаликдан узиб олиб, ягона, яхлит бир бутунликка бирлаштиради…

Ўсмирлик пайтидаги бахтли сонияларга энди қайтиб бўлмайди. Денгиз қирғоғида гул кўтариб ўтирган қиз жарангдор овозда кулади ва шивирлайди; бироқ унга маҳлиё бўлиб турган кимса аста-секин ундан узоқлашиб, унга мафтун бўлиш бахтидан маҳрум бўлиб боради ва охир-оқибат улар ҳеч қачон муҳаббат шаробини биргаликда ичолмайдилар.

Пруст мана шундай дилгир кайфият уйғотади. У бу дилгир сонияга бутун оламни алмашишга тайёр. Бироқ уларнинг орасида гунг ва ҳиссиз йиллар харсанги ётибди. У ўша бахтли ва беғубор сониялар мангулик ичига кириб, абадий ғойиб бўлишинини истамайди. У ўлимга қасдма-қасд, ўтмиш замон интиҳосидан келажак ибтидоси бўлиб, аслидагидан ҳам кўра мукаммалроқ ва мафтункор қиёфада қайта юз кўрсатишини исботламоқчи бўлгандек, бу сонияларни қайта тирилтирмоқчи бўлади.

Шу боис ҳам “Бой берилган вақт…” ўз моҳият-эътиборига кўра руҳий – ботиний таҳлил вазифасини бажаради. Прустнинг улуғворлиги шундаки, мангу ғойиблик арафасида турган, парчаланган сонияларни бир бутун яхлит моҳиятга бирлаштириб, аслида бой берилган вақтга эмас, ғойибликка маҳкум фурсатга қайта жон ато этади. Унинг ўлимни доғда қолдирган ғалабаси шундаки, у хотира ва идрок воситасида вайронага юз тутган инсон ботинини халос қилувчи ваҳдатул вужуд (бир бутунлик) тимсолини топа олди. Бу хил хусусиятга эга асарларнинг энг улуғ ютуғи шундаки, у бизни ўраб турган борлиққа нисбатан қатъий ва мустаҳкам шаклга, емириб бўлмас яхлитликка ҳамда ўзига хосликка эга. Бундай асарлар ҳар қандай тазаррудан устундир.

Шунга кўра айтиш керакки, Пруст дунёси – даҳриёна дунёдир; бироқ унда худо ҳақида сўз бормагани учун эмас, балки у ўзига хос, мустаҳкам, коинотга қараганда мукаммал, инсон хотираси ва бахтли сониясини абадият қадар чўза олиш, унга янги қиёфа бера олиш қудратига эга бўлгани учун ҳам даҳриёнадир! Бой берилган вақт…” – ўзига хос исёнкор мангуликдир. Шу нуқтаи-назардан Пруст романлари ўлим таҳдиди ва хавотирига қарши энг ибратли ва умуммиқёсдаги инсон исёнини акс эттирувчи романлар сирасига киради. У шу хусусиятига кўра қаршимизда инкор қилишга лойиқ бўлган борлиққа тузатиш кирита оладиган романчилик санъатининг улуғворлигига мисол бўла олади. Ҳеч бўлмаганда бу санъатнинг энг оддий жиҳати яратган билан баҳс-мунозарага киришиб, ўзининг абадий хўрликка маҳкум маҳлуқ эмаслигини намоён қилишда кўзга ташланади. Агар чуқурроқ қарасак, роман гўзаллик ва инсон идроки билан иттифоқ бўлган пайтда ўлим ва қисматга қарши энг қудратли қурол эканини кўрамиз. Шу сабабли ҳам романдаги исён ижодий моҳиятга эгадир.

ИСЁН ВА УСЛУБ

Санъаткорнинг воқеаликка ружу қўйишини айни пайтнинг ўзида инкор қилиш салоҳияти деб ҳам тушуниш керак бўлади. Воқеликнинг қайсидир жиҳатини ўзи яратган бадиий оламда сақлаб қолиш эса у бу зулматни ижод машъали билан ёритганидан дарак беради. Зеро, воқеалик мутлақо инкор этилса, бундай пайтда биз санъатга эмас, фақат асарнинг шаклига дуч келамиз. Аксинча, санъатга алоқаси йўқ ҳолда ёзувчи фақат воқеликка мафтунликдан чиқиб кетолмаса, биз яланғоч воқелик билан учрашамиз. Биринчи ҳолатда исён ва муроса мувозанатидан тузиладиган ижодий жўшқинлик ўзини инкорга мутлақо қурбон қилади. Бу хил воқеликдан қочишга уринаётган шаклбозлик замонамизга хос бўлиб, унинг қиёфасини очиб кўрсангиз, нигилизмни учратасиз. Иккинчи ҳолатда эса санъаткор бошқа бурча нуқтаи-назарларни менсимаган ҳолда дунёни бус-бутун, тўлалиги билан акс эттиришга муккасидан кетади. Шу йўл билан у, гарчи бу тубан бирлик эса-да, бир бутунликка бўлган интилишни намойиш қилади.

Бироқ бу билан у бадиий санъатнинг энг бирламчи талабини ҳам бажармайди. Ижодий тафаккурнинг нисбий эркинлигини инкор қилган бу санъаткор ўзини бевосита моддий оламга муте қилиб қўяди. Ҳар иккала ҳолатда ҳам ижодий салоҳиятга путур етади. Дастлабки ҳолатда воқелик фақат қисман инкор қилинган эди. Кейинги мисолда эса, воқеалик буткул инкор этилади ёки фақат угина тан олинадики, оқибатда у ёзувчи мутлоқ инкорнинг ёки мутлоқ эътирофнинг чангалига тушади.

Ҳеч қайси санъат воқеликдан буткул узилиши мумкин эмас. Шаклпарастлик қиёфасиз ижодни дунёга келтиради. Шунингдек, хаёлот иштирокисиз қуруқ реализм ҳам тубанликка айланиб қолади. Ҳатто энг яхши фотосурат ҳам қуруқ воқеликдан қочади; ҳатто у ҳам реализм ва хаёлот қоришиб кетган манзарани излайди ва ўшани ўзида зуҳр қилади. Воқеапараст ҳам, шаклпараст ҳам бир бутунликни у йўқ жойдан – ё қуруқ воқеликдан ёки воқеликни мутлақ инкор қилган қуруқ хаёлотдан излайди. Аксинча, санъатдаги бир бутунлик санъаткор воқелик билан хаёлотни уйғунлаштира олган манзарада мужассам бўлади. Воқелик ва хаёлот – бир бутунликнинг ажралмас қисмларидир.

Санъаткор воқеликдан танлаб олган унсурларни бадиий тил ёрдамида хаёлот билан уйғунлаштирувчи ва у яратган бадиий дунёнинг тугал бўлишини таъминловчи восита – услуб деб аталади. Ҳар бир санъаткор исёнкор услуб ёрдамида – гарчи бу камдан-кам даҳоларга насиб этса-да – ўз бадиий дунёсини ва унинг қонунларини яратади. “Шоирлар, — деган эди Шелли, — дунёнинг тан олинмаган қонун яратувчиларидир”.
Ибтидосидан то сўнгги намунасигача романчилик санъати бу гапнинг ҳақлигини исботлайди. У воқеликни тўлиқ қабул қилолмагани каби, ундан буткул юз ўгиролмайди ҳам.

Фақат хаёлотдан иборат санъат йўқ ва агарки, қайсидир асарда у мавжуд бўлса ва акл-идрокни ўзига жалб қилолса, ундай асар бир бутунликка интилаётган, бошқалар билан ҳам шу бир бутунликни баҳам кўрмоқчи бўлаётган руҳ эҳтиёжини қондиролмайдиган, бадииятдан йироқ асар бўлади. Чунки воқеликка суянмайдиган соф хаёлий бирлик – ёлғон бирликдир. Панд-насиҳату ташвиқий романлар санъатнинг қонунларидан четлашганлиги туфайли ҳам санъат асарлари бўла олмайди. Ҳақиқий санъат асари, аксинча, воқеликдан, фақат воқеликдан, унинг муҳаббату-ғазабидан, ҳасрату-эҳтиросидан илҳом олиб яратилади. Бироқ бу воқелик хаёлнинг шаффоф гўзаллиги билан уйғунлашади.

Люсьена Левеннинг хобгоҳда пайдо бўлишини Стендаль бор-йўғи битта жумла билан ифода этади: том маънодаги реалист ёзувчи эса бу манзарани мантиқан тўла асослаши учун майда-чуйда тафсилотларни ҳисобга олмаганда ҳам бир неча жилдда тасвирлаши лозим эди. Шунинг учун ҳам реализмнинг аниқ ҳудуди йўқ. У яхлитликка эмас, балки дунёнинг ниҳоясизлигини тарғиб қилишга хизмат қилади, шу туфайли у фақат мустабид инқилобнинг расмий эстетикаси бўла олади. Бироқ бундай эстетика ўзининг яроқсизлигини аллақачон кўрсатиб бўлди: ҳатто реалист романнавислар ҳам ўзларини ўзлари фош қилиб, воқеликни танлаб қабул қилишга ўтишди. Бироқ воқеликни танлаш учун яна бир нарса – фикр ва ифода имконияти, хаёлот эркинлиги ҳам бўлиши керак.

Ёзиш – бу танлай олиш салоҳиятидир. Ўз-ўзидан ойдинки, на реаллик, на хаёлийлик уни четлаб ўтолмайди: четлаб ўтганлари эса асарни сўқир анъанапарастликка олиб боради… Шунинг учун ҳам “социалистик реализм” деб аталаётган услуб ўзини ташвиқотчилик ва замонабоп мавзулар, панду-насиҳатлар ортига яширади. Дарҳақиқат, ижодкор воқеликка ружу қўйиши ёки уни мутлақо инкор қилиши биланоқ ўзини нигилистик санъатга яқинлаштириб қўяди.

Ижод ягона ҳолатда: шакл ва мазмун, инкор ва эътироф мувозанатини сақлаган ҳолатдагина тараққиёт билан уйғунлашади. Агар бу мувозанат бузилса, диктатура ё анархия, ташвиқот ё сафсата ҳукмронлик қилади. Моҳиятан ақл-идрок ҳурлиги бўлмиш ижод ҳар иккаласига ҳам тоқат қилолмайди. Мабодоки, у фақат жимжима-ю бошқотирмадан иборат пуч хаёлотга ва шуҳратпарастликка ёки қамчи зўрлигида яратилган қўпол ҳамда жўн воқеанависликка ён берса, унда замонавий санъат, шубҳасиз, мустабидлар ва қуллар санъатига айланиб олади, ижодкор санъати бўлолмайди.

Шаклга тушмаган моҳиятга ёки моҳиятсиз шаклга юз бурган асардаги яхлитлик қуруқ сафсатадан ўзга нарса эмас. Бошқа соҳалардаги каби бу ерда ҳам услубдан холи бутунлик парчалиниш билан баробардир. Санъаткор қайси томондан ёндашмасин, у жами ижодкорлар учун умумий ақида бўлган бир нарсани – воқелик ва руҳнинг мувозанатини сақловчи, унга шакл берувчи услублаштиришни четлаб ўтолмайди. Фақат услублаштириш орқали санъаткор ижоднинг ҳам, исённинг ҳам моҳиятини чуқур тушунтириб бера олади…

Исённинг ижодий, жўшқин жиҳати ҳам асардаги услуб ва мақсаднинг ўзаро уйғунлигида яққол кўзга ташланади. Санъат – бу ушалмас талаблар ўртага ташланадиган саҳна. Дилни вайрон қилувчи фарёдлар ва норозиликлар қатъий сўз шаклини олгач, исён ўзининг бирламчи хусусиятини йўқотади ва унинг ўзи яратувчи ижодий кучга айланади. Моҳият-эътиборан давримиз санъатининг жўшқин услуби – бу энг олий исёнга даъватни ифода этишдир. Ақлга зид равишда, санъатпарастлик – бу ўз қобиғига ўралашиб қолиш, шаклини топган исён эса даҳоликдир. Шу боис ҳам даҳолик мутлақ инкор ва мутлақ тушкунлик билан бир жойда яшолмайди…

Аммо бундан ҳар қандай услуб шунчаки устамонлик экан, деган маъно келиб чиқмаслиги керак. Агар услуб шунчаки воқеликни танлай олиш устамонлигининг ўзигина бўлса, бундай услуб тезда ўзини фош қилиб қўяди ва у бошқа турлардаги назариябозлик каби ижодий ўзлаштирувчи эмас, қуруқ нусха кўчирувчига айланадики, бундай пайтда ижоднинг асл моҳиятига путур етади.

Мабодо, услублаштиришда устамонлик талаб қилинган тақдирда ҳам, у инсоннинг воқеликка тўғридан-тўғри аралашувининг олдини олиб туради. У ўзининг воқеликка бевосита аралашувини сездирмаслиги, санъаткорнинг ижодий эркинлигига тўлиқ имкон яратиши шарт. Энг санъаткорона услуб ўзини сездирмаган, яъни асар моҳиятига тўла сингишиб кетган услубдир. “Санъатда, — деган эди Флобер, — муболағадан қўрқмаслиги керак”.

Бироқ шу гапининг изидан дарҳол муболаға “ўзини билдириб қўядиган даражада ҳаддан ошиб кетмаслиги зарур” деб қўшиб ҳам қўйганди. Ҳаддан ошиб кетган услублаштириш ҳам асарни тўмтоқлаштиради ва кўзланган жозибани бермайди. Шунингдек, асарда услублаштириш ҳеч қандай роль ўйнамай, воқелик қуруқ кўчирма бўлиб қолса ҳам бадииятга путур етади. Услуб ҳақиқий исён билан воқеликнинг уйғунлашувидан пайдо бўлган ижодий мувозанатдир.

ИЖОД ВА ИНҚИЛОБ

ХХ аср инқилоби ва санъати муросасизликнинг асосий таянчи сифатида айнан бир хил қарама-қаршиликни бошдан кечирмоқда. Амалиётда яроқсизлиги тобора ойдин бўлиб бораётган таълимотдан ўзини халос қилишга уринаётган ҳар иккаласи ҳам бебошдоқлик ҳиссидан қутулишга уринаяпти. Кечаги куннинг зиддиятидан пайдо бўлган инқилоб бугунги кунда – янги аср арафасида ўз қиёфасини ўзгартиришга киришди. Охир-оқибатда мақсади ва ваъдалари бир нуқтада туташиб кетадиган капиталистик ва инқилобий жамиятларнинг интилишлари фақат ягона саноат ишлаб чиқариши ақидасига амал қилгандагина бир бутунлик тусини олади.

Бироқ биринчиси қўллаётган воситаларига зид равишда ҳаётни тўлиқ қамраб олишга қодир бўлмаган, қотиб қолган ақидаларга таяниб ваъда бераётган бўлса, иккинчиси пировардида фақат таназзулга олиб борадиган воқеликка таянган қарашларига ёпишиб олган. Ишлаб чиқарувчилар жамиятининг қўлидан фақат ишлаб чиқариш келади, ижод қилиш эмас.

Муросасизликка муккасидан кетган замонавий санъат ҳам шаклпарастлик ва моддиятпарастлик ўртасида сарсон-саргардон бўлиб юрибди. Дарвоқе, моддиятпарастлик буржуа жамиятида бўлгани каби социализмда ҳам ўзини замонасозлик ортига яширади. Худди шунингдек, шаклпарастлик ҳам эски жамиятда қандай сафсатабоз бўлса, янги жамиятда ҳам шундай ташвиқот либосини кияди. Ақлга зид инкорга берилган бадиий тил қай тарзда алмойи-алжойиликка айланса, ақлга зид эътирофга берилган бадиий тил ҳам шу тарзда мутелик воситасига айланади. Ҳақиқий санъат ана шу икки қутб орасига манзил қуради. Мабодо, исёнкор ҳам хомхаёлга, ҳам моддият ҳукмронлигига шайдо бўлишдан қочаётган экан, унда санъаткор ҳам пуч шаклбозлигу эстетик мустабидликдан ўзини ҳимоя қилиши шарт.

Бугунги дунё, шак-шубҳасиз бир бутунликка, бироқ нигилизм билан йўғрилган бир бутунликка интилаяпти. Тараққиёт эса ақидапарастликка айланган нигилизм билан бир қаторда ақидасиз нигилизмдан ҳам воз кечсагина, ижодий фаолият билан уйғунлашиши мумкин. Ваҳоланки, санъат соҳасида ҳам охири йўқ шарҳбозлигу-вайсақиликнинг куни битиб, у ҳақиқий ижодга яқинлашаяпти.

Аммо бунинг учун санъат ва жамият, ижод ва инқилоб, инкор билан эътироф, хусусий билан умумий, шахс билан тарих мураккаб тарзда мувозанатга киришган исённинг асл моҳиятига қайтиши зарур бўлади. Исён – тараққиётнинг даракчисидир. Биз ҳозир кириб қолган боши берк кўчадан, худди Ницше “ҳакамлар ва эзилувчилар ўрнини ижодкорлик эгаллайди” деб эътироф этганидек, фақат угина бошлаб чиқа олади ва келажакка илинж уйғотади.

Бироқ бундан санъаткор шоҳ бўлган шаҳар ҳақидаги хомхаёл чўпчакни оқлаяпти, деган фикр келиб чиқмаслиги керак. Пешона тери билан битилган асарлар ижодкор қобилиятини йўқотиб, тўлиқ ишлаб чиқаришга бўйсунган давримизнинг фожеасини яққолроқ англатади, холос. Индустриал жамият меҳнатга ва унинг маҳсулотига ижодкорлик бағишламай, меҳнаткашларнинг ижодий салоҳиятига йўл очмай туриб, тараққиёт сари интилаяпти. Аслида эса бизга зарур тараққиёт бадиий ижодни шакл ва мазмундан, руҳни танадан ажратиб, тасаввур қилиб бўлмагани каби меҳнаткашларни ҳам хоҳ синф, хоҳ инсон сифатида ҳақиқий ижодкорлик руҳидан маҳрум қилмаслиги керак.

Исён ўзи даъват қилаётган тараққиётни ана шундай тасаввур қилади. Шекспир, этикдўзлар жамиятни бошқаради, деган фикрга қарши турганлиги нафақат адолатсизлик, балки мутаассибликдан бошқа нарса эмас эди, бироқ Шекспирни мутлақо инкор қилган этикдўзлар жамияти бундан ҳам даҳшатлироқ мутаассибдир. Этикдўзни инкор қилган Шекспир мустабидликнинг қуролига, Шекспирни инкор қилган этикдўз мустабидликнинг қулига айланади. Ҳар қандай ижодкорлик моҳият-эътиборига кўра соҳиблик ва қулликни инкор қилади. Биз бугунги кунда яшаётган мустабидлик ва қуллик фақат бутун жамиятда ижодий руҳ ҳукмрон бўлгандагина мутлақ барҳам топади.

Ижодийлик зарур деган гапдан ижодкорлик осон иш экан деган фикр келиб чиқмайди. Санъатдаги ижодкорлик руҳи шаклсиз воқеликка қатъий муносабатдан туғилган услубнинг мукаммаллилигига суянади. У ўз даври эҳтиросларини шаклга солган сайин ўзи ҳам шаклланиб боради. Бошқа томондан эса биз ошиқ-маъшуқликнинг жўшқин эҳтиросларидан узоқлашар эканмиз, бугунги санъаткордан де Лафайет хоним бўлиш талаб этилмайди. Шахсий ғам-ҳасратлар оммавий эҳтирослар тагида кўринмай қолган бугунги кунда санъат фақат ошиқ-маъшуқларнинг жўн эҳтирослари билан шуғулланолмайди.

У янги тарихий курашлар жараёнида оммавий эҳтиросларни ўрганиши зарур бўлади. Эҳтирослар ақлга бўйсунган, дунё қиёфаси мавҳумлашган айни пайтда санъат учун ўзини тақдир қўлига топширишдан бошқа чора қолмади; шундай бўлса-да, у ҳамон мустабидликка қарши бирликка даъват қилаяпти. Худди шу даъвати билан ўзини-ўзи хавф остига ташлаяпти. Бугун ижод қилиш – ўлим билан ёнма-ён яшашга ўхшаб қолди. Оммага хос эҳтиросни ифода этмоқ учун ҳеч қурса уни ўз жисмида синаб, бошидан кечириб кўриш керак. Бироқ бу эҳтиросларни бошидан кечирмоқчи бўлган санъаткорга унинг ичида йўқолиб кетиш хавфи ҳам мавжуд, зеро замонамиз санъат асаридан кўра кундалик матбуот олди-қочдилари изидан қувиб юради. Матбуот бизга вақтимизни беҳуда сарфлашга ўргатмоқда.

Пировардида муҳаббат ва романтик хаёлпарастлик даврининг акси ўлароқ бу эҳтирослар билан ўзини муолажа қилишга интилиш – касалликни қўзғатиб юбориш билан баробардир, негаки, оммавий эҳтиросларга маҳлиё бўлиш фақат уни деб, фақат унинг учун ўзини қурбон қилишни талаб қилади. Бугун санъатни яна ҳам юксакликка кўтариш имконияти қанчалик мавжуд бўлса, унинг таназзул хавфи ҳам шунчалик кўпдир. Ижод қирғин ва қатли ом билан бир жойда яшай олмас экан, тез орада ижодкорлар анқонинг уруғига айланади, чунки бугун ер юзи қирғин ва қатли ом бошпанасидир. Қоп-қора булут бўрон даракчиси бўлган каби ишлаб чиқаришни беадад кенгайтириш ҳам қирғин ва уруш даракчисидир. Уруш Пеги* (*Шарль Пеги(1873-1914) француз шоири ва публицисти. Биринчи жаҳон урушида ҳарбийга кўнгилли бўлиб кетган ва Марна ёнидаги жангда ҳалок бўлган) каби шоирларнинг жонини олиб, Ғарбни кундан-кун файзсиз қилиб бормоқда. Устига-устак вайроналарини тугатиб улгурмай туриб, буржуа олабўжиси ўзига қараб келаётган инқилоб олабўжисини кўриб қолди. Энди Пеги қайта туғилмайди ва яна даҳшатлиси шундаки, уруш таҳдиди Пеги бўлишни истаётганлардан ҳам шафқатсиз қасос олади. Бундан буён ижодий давомийлик мабодо ўзини ақалли битта намоянда қиёфасида тиклай олса ҳам, бундай намояндани юзага чиқариш учун бутун бир авлоднинг умри сарф бўлади…

Айни пайтда эса нигилизм кўзларини сўқир қилиб қўйган музаффар инқилоб дунёда бутунлик ва ижодийлик мувозанатини зўрға сақлаб турганларга ҳам таҳдид қилаяпти. Бугунги, демакким, эртанги тарих қиёфаси ижодкорлар билан янги мустабидлар, инқилобга ижод сифатида қаровчилар билан инқилобни нигилизм деб тушунганлар ўртасидаги курашга кўп жиҳатдан боғлиқ бўлади. Бу курашнинг хулосалари ҳақида ҳозир баҳслашиш нодонлик, бироқ бир нарса аниқ: бу курашни давом эттириш керак. Замонавий мустабидлар зулм ва зўрликни қойиллатишади, бироқ ижод қилиш қўлларидан келмайди.

Санъаткор эса ижод қила олиши мумкин, бироқ ўлдириш қўлидан келмайди. Уларнинг орасидан жаллодлар чиқиши даргумон. Шу нарса аниқки, инқилобий жамиятда санъат ҳалокатга маҳкумдир. Бироқ бундан инқилоб ҳеч нарса ютмайди. Ижодкор одамни ўлдириш билан бирга жамият ижодкор қиёфасидаги ўз куч-қувватини ҳам ўлдиради: санъат билан бирга ўз танасидаги қувватни ҳам сўриб чиқаради. Охир-оқибат мустабидлар ўз ниятларига мутлақ эришган тақдирда ҳам бу билан ер юзини жаннатга эмас, нақ жаҳаннамнинг ўзига айлантирган бўлур эдилар. Ва лекин ҳатто жаҳаннамда ҳам санъатга ўрин топилади: у абадий таназзул чўккан беадад ўлик кунлар ичра сўниб ётган умидга йилт этган илинж – тириклик бағишлаш билан ғалабаси муқаррар исён – ижодни бошлаб беради.

Ўзининг “Сибир кундаликларида” Эрнст Двингер узоқ йиллар концлагерда хўрликда яшаган бир немис лейтенанти ҳақида ҳикоя қилади: у узун тахтачада овозсиз фортепаьянога ўхшайдиган соз ясаб олади ва фақат ўзигагина эшитиладиган, уни маҳбусликнинг уқубатли ва зулмкор дунёсидан узиб олиб, олисларга ва ҳурликка етаклайдиган ғалати, сассиз мусиқалар чалади. Ва ҳатто дўзахда ҳам – асрлар оша инсон қудратини кўз-кўз қилган сирли оҳанглар, хўрлик ва ҳақоратдан юксалган гўзаллик ҳамда исён билан уйғунлашган наволар бизни зулм ва нодонликка қасдма-қасд улуғворликка чорлаб туради.

Бироқ дўзахий таназзул ҳам абадий эмас, вақти келиб ижодкор ҳаёт яна қаддини тиклай бошлайди. Балки, инсоният умрининг ҳудуди бордир, бироқ бизнинг вазифамиз интиҳога эмас, балки янги ҳаёт, янги ижодий имкониятдан дарак берувчи ибтидога интилишдир.

Санъат бизга инсон тарих қутбларига сиғмаслигини кўрсатади ва унинг табиат устидан ҳукмронлиги ҳам мана шу жиҳати билан боғлиқдир. Улуғ Пан унинг учун ўлгани йўқ*. (* Улуғ Пан – грек мифологиясидаги ҳайвонлар, ўрмон, дала, табиатнинг стихияли кучлари маъбуди. Плутархда келтирилишича, орол ёнидан ўтиб кетаётган денгизчилар “Улуғ маъбуд Пан ўлди” деган фарёдни эшитадилар. Бу антик дунё маъбудлари таназзулининг рамзидир). Ўзининг исёнга бўлган ботиний эҳтиёжини қондириш учун у талаб қилаётган бирдан-бир нарса – барча зарурий нарсалар билан бирга пировардида гўзалликка ва тенгликка олиб борадиган турмуш асосларини бунёд қилишдир. Ҳар қандай тарихни инкор қилиш мумкин, бироқ барибир ўша инкор қилинган жойда ўзимиз яшашимизга тўғри келади. Бизга меҳнат – фаровон турмушнинг асосий гарови деб тушунтираётган, табиат ва гўзалликдан бебаҳра яшаса ҳам бўлади деб ҳисоблаётган инқилобчилар шу қарашлари биланоқ ўзларини-ўзлари тарих саҳнасидан ҳозирданоқ ҳайдаб чиқармоқдалар.

Барча улуғ ислоҳотчилар Шекспир, Сервантес, Мольер, Толстойлар яратган ижод намуналарини ўрганиш орқали тарих саҳнасига чиқишга уринганлар. Дунё ҳар бир одам қалбидан жой олган озодлик ва мавжудликка интилиш ташналигини фақат ўз воситалари билан қондиришга қодир эмас. Ўз-ўзидан ойдинки, гўзаллик инқилоб билан мукаммаллашмайди, бироқ шундай кун келадики, инқилобнинг ўзи унга эҳтиёж сезади. Унинг воқеликни қамраб олиши ва бир бутунликка интилиш учун исён қонунига – ижодийлик қонунига бўйсуниши шарт бўлади. Инсон табиатини ва дунёнинг гўзаллигини мадҳ этиш билан адолатсизликни бутунлай йўқ қилиш мумкинми? Биз, мумкин, деб жавоб берамиз. Фақат бўйсунмас ва толмас ахлоқгина бизга ҳақиқий ижодий инқилоб йўлини очади. Биз гўзаллик билан ёнма-ён туриб, тарихий жараёнларнинг кўпиги бўлган яроқсиз ақидаларга эмас, санъаткор яратган ижодий оламни ўзида мужассам этган, нафратимизга сазовор дунёга янги ном, янги моҳият бера оладиган ИЖОДКОРга суянгандан сўнггина бошланажак улуғ уйғониш кунига замин ҳозирлаймиз.

ИЗОҲЛАР

Камилл Демулен (1760-1794) француз публицисти, сиёсий арбоби, француз инқилоби қатнашчисие Шенье (1762-1794) якобинчи террорчилар томонидан қатл этилган.
Франсуа Рене де Шатобриан (1768-1848) 1793 йил Англияга қочиб кетган.
Жюль Валес (1832-1885) француз ёзувчиси, журналисти, Париж коммунаси арбоби.
Карл Маркс “1857-1859 йиллардаги иқтисодий қўлёзмалар” асари.
“Хабаш аёл”, “Астрея” III-IV асрда яшаган Гелиодор асари.
Адольф – Бенжамен Констан (1767-1830) романининг қаҳрамони.
Граф Моске – Стендалнинг “Парма ибодатхонаси” асари қаҳрамони.
Тантал – грек мифологияси қаҳрамони, худоларга қарши жинояти учун мангу азобга маҳкум этилган: у бўйнигача сув ичида яшайди, бироқ ундан ичолмайди.
Лафайет Мари-Мадлен Пиош де ла Вернь (1634-1693), француз адибаси, “Малика Клевская” номли психологик роман муаллифи.
Жозеф Артур Гобино (1816-1882), француз адиби, драматурги, файласуфи ва дипломати.

Виктор Алимасов

ИСЁНКОР ОДАМ

«Исён — деб ёзади А.Камю, — инсоний кўрсаткичлардан бири, у бизнинг тарихий реаллигимиздир. Биз исёндан қочмаслигимиз, балки ундан ўз қадриятларимизни излашимиз даркор”.

Файласуф, исён Ғарб жамиятларига хос ҳодиса, -деб ёзади. Диний тартиблар ва анъаналар ҳукмрон жамиятда исён йўқ, чунки унда ҳамма нарса, ҳатто кишиларнинг ҳоҳиш ва эҳтирослари ҳам ана шу тартиблар, анъаналар назорати остида бўлади. Исён ё диний тартиботлар, анъаналар ҳали йўқ ёки улардан кейинги, ҳамма нарса ақл, идрок ва инсон талабларига қурилган жамиятда содир бўлиши мумкин. Аниқроқ қилиб айтганда, исёнкор руҳ кишининг ўз ҳуқуқларини англаб, расмий тенглик ҳаётнинг тескари эканини, улар ўртасида кескин зиддиятлар борлигини кўрганида уйғонади. ”Шунинг учун исён ўз ҳуқуқидан хабардор ва уни англаган кишининг ишидир”.

Генезиси ва асл моҳиятига кўра, исён позитив ҳодисадир. Масалан, мамлукнинг исёни хўжайинининг зўравонлигини чеклашга ва ўз бегуноҳлигини ҳимоя қилишга қаратилган. Ушбу илк исёнда мамлук ўзи билан хўжайини ўртасидаги муносабатларни бир томоннинг истак ва ҳоҳишларига қурмасликни сўраган. Тенглик ҳақидаги ғоя ҳам шу тариқа юзага келган.

Кейинги ижтимоий-тарихий жараёнлар исёнда салбий, бад ҳолатларни авж олдирди. Иккинчи жаҳон уруши даҳшатларини кузатган файласуф ёзади: “Энди биз жинояткорона режаларини устамона бажараётган даврда яшамоқдамиз. Ҳозирги ҳуқуқбузарлар айбини тан олиб, кечирим сўрайдиган содда гўдаклар эмас, улар етук ақл эгаларидир. Улар ҳатто ўз қотилликларини оқлаш учун фалсафани шум ниятларига хизмат қилдиришлари мумкин. Илгари қотиллик ҳайқириқ каби кам ҳодиса эди, энди у фалсафа, илм-фан каби универсалдир; жиноят аллақачон қонуний ҳодисага айланган”. Бир пайтлар инсонпарвар бўлган Европа энди ғайриинсоний Европадир.Ушбу фикрни исботлаш учун А.Камю метафизик, тарихий, бадиий-эстетик исёнларни, исённинг нигилизм, революциялар ва терроризмлар билан боғлиқ эканини очиб беради.

Олам ва ижтимоий борлиқ тартиблари инсонни қониқтирмайди, айниқса у ўлим билан чиқиша олмайди. Шу боис у мавжуд дунёни англаш ва ўзлаштириш учун метафизик исён кўтаради. Прометейнинг Зевс тартибларига, Ахилл ва Эдипнинг ўз тақдирига қарши чиқишларида, Ер ости худоси Аиданинг бераҳмлигини фош этувчи мифларда христианликда ўз якунига етган антик даврга хос метафизик исён бор. Исодан бошланган тарих эса Прометей издошларининг эмас, балки Қайн авлодларининг тарихидир, чунки Прометей инсонларни Зевс зулмидан халос қилишга интилди, Қайн ва Одам наслига тиғ кўтарди. Шундан бери инсоният тарихи ўзаро кураш ва қирғинлар тарихи бўлиб келади. Демак, христианликнинг пайдо бўлиши билан исён ўзининг позитив ҳодисалигини йўқотди, бироқ бунга Исо ва унинг таълимоти айбдор эмас. Христианлик илоҳий тартибларни қарор топтиришга эришди, бу шубҳасиз, аммо у туфайли одам зотидаги турғунликка ўчлик, ёвузлик каби бад сифатлар ҳам кенг, ҳатто керагидан зиёд кенг тарқалди.

Инсон оламни идрок этишга интилар экан ҳал қилаолмайдиган саволларга дуч келади. Оламнинг ибтидоси қайдаю интиҳоси қайда? Нега онгли мавжудот-одам оламни тўла билишга қодир эмас? Одам ён-атрофини ўзгартирса-да, ундан ўзи қониқмайди; у нимадир излаб сарсон-саргардон. Агар ҳаёти фақат одамнинг ўзига тааллуқли бўлса, нега у ушбу ҳаётини ўзгаларга бағишлаб яшашдан маъно қидиради? Ушбу азалий саволлар ҳақида инсон қанча бош қотирмасин, у бирор қониқарли жавоб топа олган эмас; унинг топган жавоблари ўта нисбийдир.

Инсоннинг худо тартибларига қарши метафизик исёни ҳам азалий саволлардан бошланади. Агар борлиқни, одамни худо яратган бўлса, нега улар Унинг ўзи каби мукаммал эмас? Ҳақиқатдан ҳам худо эзгулик ва иймон тарафдори бўлса, Унинг фарзандларидаги ёвузлик, қотиллик ва иймонсизлик қаердан, улар кимнинг ихтиёри билан пайдо бўлади? Исонинг қатл олдидаги “Эй Худойим, эй Худойим! Нимага Сен Мени тарк этдинг?” нидосини нега У бефарқ қолдирди? Ғарб фалсафаси ва теологияси қайта ва қайта муҳокама қилиб келаётган ушбу саволларга А.Камю ҳам жавоб бергандек. “Худо бир вақтнинг ўзида беозор фаришта ҳамда ёвуз қотил…. Ёвузлик, зўравонлик охир натижада ундан келиб чиқади ва унга бориб тақалади. Мильтон тасвирлаган иблис худо ҳақида дейди: ”У фаҳми билан эмас, зўрлиги билан устун, қолган нарсаларда биз тенгмиз”.

Шу билан бирга А.Камю худо билан инсон тенг эмаслигини қайд этади. Алҳақки, улар тенг бўлса, борлиқни тартибга солиб турган илоҳий кучнинг мавжудлиги ҳақидаги фикрлар лағвона чиқади. Худо билан одамни тенглаштириш аслида одамни худога айлантиришдир. Натижада азалият, ҳаёт ва ўлим ҳам одамнинг ихтиёрига ўтиб қолади, бу эса унинг ўзбошимчаликларини, истакларини тотал ҳодисаларга айлантиради. Чунки одам бир қўли билан дунёни барпо этса, иккинчи қўли билан уни бузади, тилида худони улуғласа, дилида илоҳий тартибларини ланъатлайди, орзуси эзгулик бўлса, амали ёмонликдан иборат. Ушбу антиномиядан у мутлақ қутулолмайди. Бад сифатлардан халос бўлиш учун кишилар бир-бирларини иноқликка, авлодларини баркамолликка ундаб яшашга мажбур.

А.Камю ижтимоий-тарихий жараёнлар билан боғлиқ исёнларнинг илк исёндан фарқ қилишини таъкидлайди. Илк исён мамлукнинг ўз бегуноҳлигини ҳимоя қилишга, тенгликни таъминлашга қаратилган эди, кейинги исёнлар эса сиёсий мақсадига эга кишиларнинг бошқалар устидан ҳукмронлигини ўрнатишга қаратилди. Илгари исён истисно ва муросага ундовчи ҳодиса эди, энди у оммавий ва тотал ҳодисага айланди. Масалан, исённинг бад кўриниши-революция ана шундай тотал ҳодисадир.

Исёнда ғоя бўлмайди, унда одамнинг ўз истакларига ҳиссий эргашиши ҳукмрон, революция эса ғояларга асосланади ва унинг ўзи ҳодисалар устидан ҳукмрон бўлишга интилади; исён аниқ воқеага, шахсга қаратилади, революция-халққа, синфларга, тузумга; исён ўз бегуноҳлигини ҳимоя қилса, ўзаро келишувни кўзласа, революция бошқаларни гуноҳкор деб билади, уларни йўқ қилишни кўзлайди; исённинг ўз чегараси, доираси бор, революция ҳудуд, сарҳад билмайди; исён мавжуд куч ва имкониятга таянади, революция янги-янги куч ва имкониятлар қидиради; исён ўз мақсадига етгач тўхтайди, революция ҳал этиб бўлмайдиган вазифаларини ўз олдига қўяди; исён пастдан юқорига қараб йўналтирилади, революция — юқоридан пастга; исён реалликка асосланади, революция-романтизмга; исённинг қуроли сўз, эътироз, мубоҳаса, революциянинг қуроли дўқ, ўқ, мабоҳасадир.

Революция азалий тартиботларни инкор этади, у инсон қалбидаги илоҳий туйғуларни топтаб нигилизмни ҳаёт тарзига айлантиради. “Бир марта ҳаётдан жой олган нигилизм, азалий маънавий тартибларини рад этиб, Цезарга сиғинишни қарор топтиради.” Маълумки, революциянинг ўз цезарлари бор; революция ўз сезарларига сиғинишни жорий этиш орқали асрлар давомида одамлар орасида яшаб келган худони, Унинг вакилларини Ердан қувғин қилади ёки уларни беаёв қатл этади. Шунинг учун файласуф Людовик XVI ни қатл қилган француз революциясини ҳам, унга маълум маънода назарий асос бўлган Ж.Ж.Руссонинг “Ижтимоий шартнома” асарини ҳам танқид қилади.

Людовик XVI гача “Худо қироллар орқали тарихда иштирок қилиб келди, энди Ерда унинг соясигина қолди.” “Ижтимоий шартнома” эса халқ суверен ҳуқуқини ҳимоя қилиб, Ердаги илоҳий куч-қиролни қувишга, ўлдиришга, шу тариқа халқнинг тотал бошқаришини ўрнатишга олиб келди. Ж.Ж.Руссо ўзининг жабрланувчилари, зоҳидлари ва авлиёлари бор янги динга асос солди.” Шунинг учун “Ижтимоий шартнома” ни А.Камю киноя билан янги “Хуш хабар” деб атайди. Француз революциясидан кейин зўравонлик ва қотиллик, халқ, адолат, тенглик номи билан амалга ошириладиган бўлди. Ўзининг сиёсий мақсадларини устамона яширганлар эса улар қарорига “демократия” сўзини ҳам қўшиб қўйдилар. “Ушбу даҳшат ва хунрезликлар қонунсизлик авж олган жойдагина содир бўлиши мумкин… Энди мусибат-бизнинг умумий маконимиз, орзу қилган жаннат монанд еримиздир”.

Нигилизм ва терроризм революцияни муқаррар ҳодисага айлантирди. Адолатсизликни, зўравонликни террор йўли билан йўқ қилиш мумкин деган ғоя нигилистлар миясида ўрнашиб олди. Рус нигилистлари эса ўз ниятларига назарий асосни Гегель фалсафасидан, унинг “абсолют”идан топдилар. Революционерлар Гегель фалсафасидан “тарихга трансцендентсиз ва иродаларнинг ҳокимият учун азалий кураши” деб қарашни ўргандилар. “Менинг “мен”им ўлди,-деб ёзган эди Бакунин Гегелдан илҳомланиб,-энди мен маълум маънода абсолют илмига яқин ҳақиқий ҳаётда яшаяпман.” Нечаев эса Гегель абсолютини революцияда кўрди.”Революционер абсолютга маҳкумдир. Унда севги ҳам, мулк ҳам, дўст ҳам бўлмаслиги даркор; у ҳатто ўз исмидан ҳам воз кечиши мумкин. Унинг бор вужуди бир нарсага бағишланиши лозим, у революциядир”. Нечаев абсолютни тан олмаганни бешафқат маҳв этишга чақирди. Ушбу даъват беиз кетмади, Муссолини, Гитлер, Сталин уни амалга оширдилар.

А.Камю фикрига кўра, Гегель фалсафада француз революциясини бошлаб берди. “Гегель ҳамма нарсани, ҳатто иррационални ҳам рационаллаштирди. Шу билан бирга у ақлу тафаккурга телбалик титроғини ва меъёрсизликни олиб кирди. Шунинг учун А.Камю уни “фалсафадаги Наполеон” деб атайди; унинг мутелик фалсафаси бир кунимас бир куни”ўз Ватерлоосини топади”. Бироқ Ватерлоони унутиб ва “абсолют” ни қарор топтириб тарихни ўз ниҳоясига етказишни истаганлар бўлган, шубҳасиз, улар яна бўлади. Улар инсонни, тўғрироғи, ўзларини “абсолют”га айлантирадилар; абсолют эса мутлақ танҳодир. Мутлақ танҳо изланмайди ҳам, адашмайди ҳам; яратмайди ҳам, бузмайди ҳам; бермайди ҳам, олмайди ҳам; у мутлақлиги боис мавҳумликка маҳкум. Мавҳумлик мавжудликнинг адувидир. Мана Гегель фалсафасидаги фожиа!

Нигилистлар абсолютни қарор топтириш учун ўтмиш билан курашишга мажбур эдилар. Бу ўринда улар “Европанинг тугалланган биринчи нигилисти” Нисшега таянадилар. Нисшенинг “Худо ўлди!” шиори уни нигилистлар даҳосига айлантирди. Унинг: ”Биз Худони рад этамиз, биз Худонинг маъсуллигини рад этамиз, фақат шу тарзда биз дунёни халос қила оламиз” хитоби XIX-XX аср нигилистларининг даҳрийона исёнига дастур бўлди. Аслида Нисше ҳам “абсолют”га интилди. Унинг Алподам (“Сверхчеловек”)и инсонни илоҳийлаштиришга даъватдир. Энди борлиқ учун фақат инсон жавобгар, ҳаёт устидан фақат инсон ҳукмдор. Инсонни худо даражасига кўтариш унинг якка ҳукмронлигини таъминлашдир; якка ҳукмронлик эса “абсолют”га даъвогарликдир. Абсолют ўтмиш, ҳозир ва келажакнинг улар орқали бутун мавжудотнинг ўзига итоат этишини ҳоҳлайди. Бунга фақат зўравонлик орқалигина эришиш мумкин. XX асрда авж олган экологик инқирозлар инсоннинг борлиқ устидан якка ҳукмронлик қилишга интилишининг натижаси эмасми? Алподам ва олий ирқ ғояси немис миллатчи-социалистларига қўл келганини унутиб бўладими?

Тўғри, А.Камю, файласуф Нисше билан миллатчи Розенбергни айнанлаштирмаслигимиз, биз Нисшенинг тарафдори бўлишимиз зарур, деб ёзади. У Нисшени оқлаш учун унинг “одам ўлдирганимда виждон азобидан ўлган бўлардим” деган сўзларини келтиради. Бироқ А.Камю Нисшенинг юқоридаги ғоялари немис миллатини, халқини бошқа миллатларга, халқларга қарши исён кўтаришга даъвати ҳам эканини негадир эътироф этмайди. Нисше фалсафасида метафизик исён “тарихий цезаризм” билан қўшилиб кетади. Демак, тарихий исён метафизик исённинг мантиқий давомидир. Нигилистлар учун эса исён ўлиш ва ўлдиришдадир.
Нигилизм амалда терроризмдир. Якка тартибдаги терроризм айрим кишиларни халқ қаҳрамонларига айлантириши мумкин. Бироқ якка терроризмдан уюшган давлат терроризми хавфлироқдир. Аслида терроризмнинг ҳар қандай кўриниши хавфли, аммо якка террористни қоралаш, ушлаш ва жазолаш мумкин, давлат терроризмини эса ушлаш ҳам мушкул.

Нигилизм, терроризм, революция давлатга қарши, уни босиб олишга қаратилган бўлади, чунки давлат пировад мақсадга етишга ёрдам бера оладиган “абсолют”дир. Давлатни қўлга киритган нигилизм, терроризм, революция, шубҳасиз, уни оммавий қирғин қуролига айлантиради. Бундай давлат нафақат ўз халқини, шу билан бирга бошқа халқларини ҳам ўзига итоат эттиришни режалаштиради.

А.Камю давлат терроризмининг назарий асосларини Гегель, Маркс, Нисше асарларида, амалдаги кўриниши фашизм ва коммунизмда акс этишни очиб беради. Агар “буюк файласуфлар” давлатнинг тотал кучга айлантиришни ёқлаб чиққан бўлсалар, фашизм ва коммунизм уни амалда кўрсатдилар. Тоталитар давлат фуқароларнинг ташаббусига, ҳурфикрликка, эркинликка ўз мақсадлари доирасидагина рухсат беради, у ўз ғояси ва мафкурасига қарши кишиларни “халқ душманлари”га чиқаради, ёвузлик ва қотиллик билан бўлса-да, жамиятда якдилликка эришишга интилади. Афсуски, А.Камю давлат терроризми келиб чиқишининг олдини олиш, қандай қилганда фуқароларнинг шахсий ҳаётига, эркинликлари ва эътиқодларига давлатнинг аралашишини чеклаш мумкинлиги ҳақида фикр юритмайди. Унинг айрим фикрлари, муаммога консептуал ёндашиши 50-йилларда чоп этилган К.Поппер, Э.Фромм, Ф.А.Хайек асарларидаги ёндашишлар билан ҳамоҳанг бўлса-да, файласуфда мавжуд ижтимоий борлиқни инсонийлаштиришга оид конструктив тавсиялар йўқ, у экзистенциал ёндашиш билан чекланади.

Исён асл маънода ахлоқсизлик ва беъманиликни рад этади; у ҳамма нарсанинг-эрк, ахлоқ, ижоднинг ҳам маълум бир чегарадан чиқмаслигини ёқлайди. Файласуф бадиий-эстетик исёнга де Саднинг ахлоққа, маънавиятга зид қарашларини мисол қилиб олар экан, садизимда ана шу чегара бузилганини очиб беради.
Сад давлат ўзбошимчалигига ва тоталитаризмга майл-эҳтирослар ўзбошимчалигини қарши қўяди. “Сад бир мантиқни тан олди-у бежилов майл-эҳтиросларга эргашиш мантиғидир. У яшашга ташналигини бир майл-эҳтиросдан иккинчи майл-эҳтиросга берилиш орқали қондирди. Бу аслида унинг ахлоқий таназзул орқали борлиқни маҳв этиш истаги эди. Шу нуқта назардан Сад бизнинг замондошимиздир”.

Майл-эҳтиросларга мутлақ эрк талаб этган Сад 26 йил умрини қамоқда ўтказди, бироқ у ўз ғоясидан воз кечмади. У бежилов майл-эҳтиросларни куйловчи асарлар ёзди ва шу тариқа ахлоқсизликка қурилган жамиятга қарши очиқ исён кўтарди. Минг ваҳки, бу исённинг ўзи мутлақ ахлоқсизликка асосланган эди.
Файласуф Садни беҳуда “замондошимиз” деб атамади. Бежилов майл-эҳтиросларга бандилик XVIII-XIX асрда яшаган Садгагина хос эмас. Фоҳишабозликни, сексни тарғиб қилаётган ёзувчилар, ноширлар ва санъаткорлар ҳозир ҳам сонсиз-саноқсиздир. Айнан уларнинг ташвиқоти туфайли садизм “инсонни тутқинликдан, бад инстинктларнинг киши руҳий ҳаётида йиғилиб қолишидан асровчи қараш”га айланган. Лекин садизм ташвиқотчилари ўйламадики, мутлақ эркин майл-эҳтирос энг аввало ушбу ғоя тарафдорларининг ўзини маҳв этади.

А.Камю бадиий-эстетик исённи Лотреамон, Рембо, А.Бретон ва бошқа сюрреалистларнинг поэтик ижодида ҳам кузатади. Улар янги ахлоқ яратишга қанчалик ҳаракат қилмасинлар, тарихий-анъанавий ахлоқ нормалари ўзгармади; Исо ўгитлари ҳамон яшовчандир. Аммо бадиий-эстетик исёнда ижодкор руҳий-ҳиссий оламини ранг-баранглаштирувчи позитив жиҳатлар борлигини, айниқса бу сюрреалист мусаввирлар асарларида кўзга ташланишини унутиб бўлмайди.

Эрк мудом нисбийдир, ушбу нисбийликни унутган исён бедодликка, қотилликка, охир натижада эса инсоннинг ўзини ўзи инкор қилишга айланади. Исён ушбу нисбийликни ёдда тутган ҳолда “ҳа” ва “йўқ” дейишни билиши, яъни яратишга қаратилган хатти-ҳаракатларга “ҳа”, табоҳликка, таназзулга элтувчи нарсаларга “йўқ” дейиши лозим.

Шунинг учун исён мантиқан адолатни, тенгликни, ахлоқни қўллаб-қувватлайди, у ўлимни, ўлдиришни, емирилишни рад этади. Ушбу маънода исён тарихни яратувчи инсоннинг фазилатидир; ушбу фазилати билан инсон ҳаётни, ундаги муқимликни асраб келади. “Агар инсон ўз кучи билан дунёга бирлик бахш этаолганида, ўз истаги билан унда софлик, бегуноҳлик ва адл ўрнатаолганида эди у Худо бўларди,-деб мулоҳаза юритади А.Камю. -Агар инсон буларга ўзи қодир бўлганида исёнга ҳожат қолмасди. Инсон шунинг учун исён кўтарадики, ёлғон, ҳақсизлик ва бедодлик унинг қисматидадир. Инсон улардан мутлақ халос бўлолмайди; у бедодлик ва ҳақсизлик мавжудлигини кўраётгани учун ҳам исёндан воз кечаолмайди. Аммо инсон улар билан келишаолмайди ҳам…

Демак, исёнкор одамга ором йўқ. У эзгулик нималигини билади, валек ўз ҳоҳишига зид ёвузлик қилади. У тарихан эришилган позитив қадриятларни қайта ва қайта қарор топтиришга мажбур, агар инсон яратилган борлиқни мунтазам қўллаб-қувватлаб турмаса, у қулайди. Инсон ўлимни, емирилишни бутунлай тўхтатиш имконига эга бўлмаса-да, уларни камайтиришга ўзининг барча қалб эҳтиросларини, кучини қаратмоғи керак. Инсон зулуматда туриб ўлимга, емирилишга ундовчи даъватларга қаршилик кўрсатиши лозим, бу унинг ягона қадриятидир”. Ана шунда нафақат Шекспир этикдўзларни, этикдўзлар ҳам Шекспирни эъзозлаши мумкин. Акс ҳолда “Шекспирни рад этадиган этикдўзлар мустабидга хизмат қиладиган мамлукка, этикдўзларни менсимайдиган Шекспир эса мустабидларни улуғлашни касб-кор қилган маддоҳларга айланади…»

Тарихни эса унга кўр-кўрона эргашадиганлар эмас, балки келажакни яратиш мақсадида исён кўтарадиган одамлар олдинга силжитади. Исёнкор одам, ҳатто умрининг қисқалигини, илоҳий мукаммаллик хом хаёллигини, ўлим ва емирилишдан мутлақ қутулолмаслигини яхши билса-да, у ҳаётни яратишга қаратилган исёндангина нажот, далда топади. Исёнкор одамнинг Европа бозорларидаги ўзини сотишга шай террористлардан, қотиллардан фарқи ҳам шунда. “Нурга тўлган дунё,-деб ёзади А.Камю ўз асарини тугатаёзиб,-бизнинг биринчи ва сўнгги муҳаббатимиз бўлиб қолади. Бизнинг авлодларимиз ҳам ушбу осмондан нафас оладилар; адолат ўлмасдир”.

http://kh-davron.uz/kutubxona/jahon/alber-kamyu

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn