Айний сиймолар мувозийлиги

borxes_talat_solihovШарифжон Аҳмедов

Хорхе Луис Борхес ва Талъат Солиҳов…

”Хароба доиралари”га боғлама

I.

1940 йилга тааллуқли ”Хароба доиралари” тафсилотлари зукко ва эҳтимолки, миннатдор ўқувчилар хотирасида мустаҳкам ва муқаррар. Шундай бўлса-да, удумга кўра, унинг мухтасар баёнини келтиришни ўринли, деб топамиз.

”Беюлдуз тунда у қирғоққа қай тариқа яқинлашганини, ўша муқаддас гўшанинг ботқоғига ботиб сузган оғоч қайиқни ҳеч ким билмади, ҳеч ким кўрмади” деган хабар билан ”дабдурустдан” бошланади бу ҳикоя. Асар қаҳрамони ҳақида ”Жанубдан келгани ва унинг Ватани дарёнинг юқори қисмидаги тоғлар ёнбағрида сочилиб ётган, ҳали мохов касаллиги қутурмаган қишлоқларнинг бири эканлиги, у ернинг одамлари эса юноний сўзлар билан булғанмаган зардуштий лаҳжада сўзлашишлари”дан бошқа нарса маълум эмас. Сеҳрли бир кайфият билан бошланаётган асар қаҳрамонининг ягона вазифаси ухлаш ва тушлар кўришдан иборат. Афсунгар зиммасига юклатилган шу вазифани адо этмоқ учун кўҳна ибодатхона харобалари паноҳида туну кун тушлар кўради, тушларида ёруғ дунёга олиб чиқиш учун мукаммал ва комил инсон барпо қилиш билан машғул. Шу зайл унинг кўп йиллари бесамар кетади, аммо охир-оқибат ўзи истаган инсонни барча тафсилотлари билан, ўзига маълум бўлган барча илму билимларни унинг заковатига жо қилган ҳолатда мукаммал яратади. Тангрининг талаби шу эдики, вақтики келгач, афсунгар ”ўғли”ни бошқа эҳромга Олов илоҳи хизматига юбормоғи лозим. Амри илоҳий вожиб келтирилади. Орадан вақтлар ўтиб, фарзанди ҳақида – олисдаги бошқа ибодатхонада оловда куймасдан юра оладиган коҳин ҳақида муждалар келиб етади. Афсунгар ўз фарзанди – инсон эмас, балки бор- йўғи бошқа бир инсон тушларининг ҳосиласи эканини охир-оқибат тушуниб қолишидан даҳшат туяди. Ва бу қисматга тоқат қилмасдан, ўзини оловга ташлаб, барча ҳадиклардан халос бўлмоқ истайди. Аммо не кўз билан кўрсинки, атрофни забтига олган олов унга мутлақо зиён етказмайди. Ва шунда унинг ўзи ҳам кимдир биров ўз тушларида кўраётган атиги бир шарпа эканлигини англаб етади.

Борхеснинг бошқа асарлари каби замонавий адабий танқидчилик мушоҳадалари марказида қолган бу ҳикояси ҳам турфа хил нуқтаи назарлардан туриб, батафсил ва эринмасдан элаклардан ўтказилган. ”Хароба доиралари”да баъзилар ”Минг бир кеча” жозибаларидан руҳланишни кўрса, бошқалар Каббала садолари ва Голем афсоналаридан тортиб, зардуштийлик ва буддизмга қадар таъсирларни пайқайди. Жумладан, адабиётшунос Хайме Алазракига кўра, ”Хароба доиралари” билан ”Голем” достони Борхесни ҳамиша ўзига мафтун этган Каббала мистицизмига тааллуқли айнан бир мавзунинг икки хил кўринишидир. У ”Хароба доиралари” бу олам аслида кимдир кўраётган туш эканига доир буддовийлик ақидасига боғлиқ экани эҳтимолини ҳам соқит қилмайди. ”Бир афсона шамойиллари” бадиҳасида Борхеснинг ўзи билдирган мулоҳазаларни Алазраки ушбу фикрига исбот қилиб келтиради: ”Ҳиндистоннинг барча динлари, айниқса буддизм, атрофимиздаги борлиқ аслида новоқеъ бир рўё эканидан таълим беради”. Оламнинг аслида бир туш эканлиги ғояси, шунингдек, олмон файласуфи Артур Шопенгауэрнинг идеалистик назариялари ҳақида, унинг буддизм ва ирода эркинлиги борасидаги қарашлари ҳақида ўйлашимизга чорлайди. Айни шу мавзу адибнинг мўъжазгина ”Everything and nothing” асарида ҳам давом эттирилганини кўрамиз. Ўлим тўшагида ётган Шекспир – умри давомида адоқсиз кўп қиёфаларни тасвир этган Шекспир ўзининг хос моҳиятини англаш истагида Яратганга муножот қилади:

”– Мен, беҳуда шунча кўп одамга менгзанган кимса, фақат бир киши – ўзим бўлишни истайман. – Ва Яратганнинг овози унга бўрон ичра жавоб қилди:

– Мен ҳам – мен эмасман; сен ўз асарларингни яратганинг каби мен ҳам бу дунёни ўйлаб чиқардим, Шекспирим менинг ва сен – ўзим кўраётган тушнинг шарпаларидан биридирсан, худди ўзим каби, моҳияти ҳамма ва ҳеч ким бўлган худди ўзим каби.”

Алазракининг айтишича, Борхес айнан бир мавзу учун шу тариқа турли шакл ва ташбеҳлар излайди ва унинг топилмалари эса чиндан бизни ҳайратларга ошно этади. Аммо Борхес асарлари борасидаги ушбу таҳлил ва талқинлар не қадар теран ва жозибали бўлмасин, уларни шундоқ эътироф этиш билан кифояланиш ўринсиз бўлар эди. Зотан, Борхеснинг ўзи айтмаганми эди, чинакам гўзал асарлар ўқувчининг ҳузурланиши ҳаққи битилиши лозимлигини – ”Муайян асар малоҳатини эътироф қилишдан кўра амалдаги урф инжиқликларига тобе мунаққидлар китобларни батафсил таҳлил этиш, адабий тарих саналарини шодаларга тизиш машғулотига мубталодирлар. Асарлар ўқувчининг ҳузурланиши учун эмас, баайни уларнинг айни шу таҳлиллари ҳаққи яратилгандек.” ”Хароба доиралари”ни ёзиш жараёнида бошқа бирор асаримда бўлмаган завқ ва ҳаяжонлар ичра қолгандим” деган эди яна Борхес. Демак, адабий таҳлиллар нақадар теран бўлмасин, аммо ҳар қандай асарнинг, мукаммал асарнинг гўзаллигини туя билиш барибир бирламчи бўлиб қолаверади. Шу боис ҳам Борхес асарлари мутаассирлигидан униб чиққан ўзга мулоҳазалар, ўзга муқояса ва мувозий бақамтиликлар силсиласи ҳар дам ўринли эканига эътирозлар бўлмас.

II.

Борхеснинг ушбу ҳикояси манзарасида хусусий хотиралардан сўзланадиган бўлса, хаёлларда дастлаб олис толиблик йиллари собит бўлади. Толиблик йилларидан олиб чиқилган ёрқин хотира эса, адабиётга кўникилмаган ва бошқача назар билан ҳам қараш мумкинлигини, эҳтимол кўпларга илк бор, уқдирган закий инсон қиёфаси билан боғлиқ. Мен жаҳон адабиёти ва фалсафасининг тенгсиз билимдони, нафақат билимдони, балки бутун борлиғидан бадиийлик ёғилиб турган марҳум устоз Талъат Солиҳовни назарда тутаётирман. У вақтларга доир илк хотиралардан бири шу эдики, домланинг ўзбек тилида сўзлаши мумкинлиги дастлабки ҳайратимга сабаб бўлган эди. Эгнига ҳамиша ўзгармас чарм пальто илиб, бошида эса шу матоли кепка кийган ва бутун қиёфаси билан мумтоз асарлар бағридан чиқиб келган қайсидир персонажни ёдга келтирадиган бу инсон, назаримда, энг камида фаранги ва ё олмон тилида сўзлашиши табиий ва муқаррар эди. Аммо ҳадемай ўзим каби бошқа сабоқдошларнинг ҳам бу каби ҳайратлари ўрнини бошқа ҳайратлар эгаллади. Адабиёт ва фалсафага доир энциклопедик билимлар соҳиби бўлган домла сокин ва мусаффо лаҳжада сўзларкан, ўзига сомеъ толибларга Флобер ва Золядан тортиб Томас Манн меросидан, Достоевскийдан тортиб Толстой анъаналаридан жозибадор ҳикоялар сўзлар, айни пайтда Шарқ мумтоз адабиётидан ўзи саралаб терган дурлар ҳам толибларга беминнат улашиларди. Домла, назаримда, жаҳон адабиёти ўзининг барча ютуқлари билан аслида яхлит ва ягона адабиёт эканига чин дилдан ишонар ва шу боис ҳам адабий ҳикоялари давомида Навоий ва Жомийдан Борхес ва Кортасарга томон табиий тарзда, осонлик билан кўчиб ўтишини сезмай қолардик. Сабоқлари давомида ўзим кашф этган ҳолатларнинг яна бирига кўра, домла дарс ўташнинг аллақандай яширин шаклидан, назмий шаклидан фойдаланар, қадим юнон муаллифлари-ю шарқу ғарб забардаст адибларининг дурдона маҳсуллари унинг бу айрича мударрислик назмида шодалар каби тизилиб, кўнгилларни сокин завқлар билан истило қила бошларди.

Талъат домланинг маънавий шогирдларидан бири, асарларида нафис туйғуларни фусун шамойиллари ичра жойлаб, уларни нафосат билан тараннум этган Олим Отахон ҳам домланинг адабий сабоқларидан баҳраманд бўлганини шукрона билан хотирлайди: ”менинг бахтимга кечки бўлимда ўқиётганимда марҳум Талъат Солиҳов деган ўқитувчимиз Ғарб адабиётидан сабоқ берарди. Ана шу муаллимнинг фикрлари кескин ўзгартириб юборган эди бадиий адабиёт ҳақидаги қарашларимни. Инсон сифатида эса ўзининг ички оламига жудаям кириб кетган, ҳеч кимсани у ерга йўлатмайдиган бир зот эди”. Олим Отахон фикрини давом эттирсак, биз толибларга сабоқ бериш мобайнида ҳам домла, назаримда, ўзининг ҳеч адоғи йўқ ва туганмас, яширин ва сирли асарини битиш билан машғул эди гўё. Унинг бизларга сўзлаётган адабий ривоятлари, гоҳида завқ билан, гоҳида эса чуқур ўйлар гирдобида қолиб ўтаётган дарслари ўша китобининг алоҳида бўлим ва боблари бўлса, сабоқларига сомеъ бўлган бизлар эса бу асарнинг баайни турли персонажлари эдик. Ва нигоҳларидан тўкилаётган ёлқин аломатларида устознинг шогирдига нисбатан ва ёхуд ғойибона асар битаётган муаллифнинг ўз қаҳрамонларига бўлган мурувватини туярдик.

Энди ўтмишга айланган ўша вақтларда, ҳеч бир нарсадан таскин топмасдан нигилизмга хос кайфиятлар ичра қолиб ва бу ҳолатларни мувофиқ тарзда ифодалаш учун алоҳида услублар изланаётган бир давримизда домланинг руҳбахш ўгитлари Борхес олами томон етаклаган эди. Тасаввур муқоясалари шу қадар эдики, адабий хаёллар қаърида Талъат Солиҳов билан Борхеснинг ўзини айнийликда тушуниш, уларнинг ҳар иккисини қарийб мутаносиб англаш биз учун асло ғайриодатий ҳол эмасди. ”Кахолома эҳромининг коҳини” дея аталиб (таассуфки, номаълум тарзда йўқотилган), аслида Талъат домлага бағишланган ҳикояда Борхеснинг ”Тангри битиклари” асарига ҳамоҳанг садоларнинг янграши тенгсиз сабоқлардан сув ичган кўнгил эътирофларидан бири бўлган эди.

Бу ўринда ”Хароба доиралари” атрофида мулоҳазалар юритилар экан, айни ҳикоянинг фусункор кайфиятидан у йиллар мутаассир бўлганимиз бор ва бу мутаассирлик адабий уринишларимизда аксланиб улгурган, бир савқи табиийлик ҳосиласи бўлган импрессив ҳикояларнинг бирида эса, хусусан, мана бундай айрича кайфият тасвирлари ўрин олган эди:

”…нега дейсан, нега одам ухлаётганида юзи ҳиссиз кўринади, туйғудан асар қолмайди? Нега туйғусиз туйилади одам ухлаб ётганида? Барча туйғулари балки тушларига кўчгандир, тушларида бетуш юзини тадқиқ қилаётганингни англаб, тушларидаги фаолиятини яна-да зўриқтираётганми, эҳтимол. Аммо, барибир юзлари нега бетуш ва бетуйғу? Нега бетуш ва бетуйғу юзларини тушларига олиб кириб кетмайди, у ёқда шундоқ ҳам «туший» юзлар етарли бўлгани учунми? Унда уст-боши, оёқлар орасига суқилган қўллар-чи, тушларда асқотмайдими бу қўллар? Ана, тушларда оёқлар орасига суқилсин бу қўллар! Умуман, ухлаган заҳоти бутун вужуди билан тушларига ўтиб кетмайди одам – нега?”

III.

Маҳобатли бадиий тафаккур соҳиби бўлган Талъат Солиҳовнинг бутун умри Адабиёт эди, суврат ва сийрати билан у мутлақо катта Адабиётга тааллуқли эди. Ул зотнинг тафаккури маҳсулларидан ёзувчи Улуғбек Ҳамдам саралаган шодаларни ҳавола қиларканмиз, замонанинг ҳар қайси жаҳоний заколари мавқеидаги фикр теранликлари бизларга қадрли меросдир:

Адабиётнинг олдига талаб қўйиб бўлмайди, уни ўз ҳолига қўйиш зарур.

* * *

Яхши асарни ўқигач, киши поклангандай бўлади. Адабиёт бундан ортиқ нима берсин?

* * *

Ҳозирги замон адабиётида кўпроқ психоанализ талаб этилади. Чунки илгариги тафсилотли сюжетлар ушбу кун кишиси учун завқ бермай қолди.

* * *

Адабиётда баъзан мувафаққиятсиз эксперимент одатдаги асарлардан қимматлироқ бўлади.

* * *

Классик адабиётда воқеликни тасвирлаш етарли эди. Ҳозир етарли ва муҳим эмас. Бу – жўнлик.

Воқеликни тасвирлаш – синтез, тушунтириш – анализ.

* * *

Навоий воқеликнинг ўзини эмас, балки воқелик ҳақидаги ўз хаёлини тасвирлайди. Навоий – романтик шоир, унинг даҳолиги ҳам шунда. Навоийдаги савқитабиий (интуиция) ҳозир йўқ. У минг йилда бир марта дунёга келади.

* * *

Даҳо истеъдодларни қўлидан ушлаб юрадиган нарса кўпинча – интуиция.

* * *

Инсоннинг генига таъсир қилиш (яъни, ўзгартириш) жиноят. (Домла бу гапни ҳали генларни ўзгартириш, клонлаштириш каби нарсалар кўпларга номаълум бўлган ўтган асрнинг ўша 80 йилларида айтган эди.)

* * *

Импрессионизм буюк санъат. Импрессионизм – бир лаҳзада кечган муайян нарса-ҳодисани тасдиқлаш, рўёбга чиқариш, акс эттириш. Масалан, рассом маълум бир тасвирнинг қайси жилваси кўринса, ана шуни акс эттиради. Реалликда эса типиклаштирилади ва, натижада, нимадир йўқотилади. Импрессионизм ўша ниманидир сақлаб қолади.

* * *

Истеъдоднинг ўзи нима? У – эҳтироснинг энг юқори даражада намоён бўлиши.

* * *

Ўзликни намоён қилиб бўлгандан сўнг ҳақиқий санъаткор учун ҳаётнинг қизиғи йўқ.

* * *

Аҳамияти жиҳатидан ёзувчи (шоир) умумжаҳон бўлиши мумкин, лекин поэтикаси, бадиияти жиҳатидан фақат ўз миллатининг одами бўла олади, холос.

* * *

Қолиплар – стереотиплар дастлаб пайдо бўлганда ижобийдир. Улар қайтарилганда, сийқаси чиқади.

* * *

Сўз ташбеҳга айланганда бадиийлик юзага чиқади. Идеализмсиз бадиият йўқ. Идеализм бу – бор нарсани ҳар хил тушуниш.

* * *

Асар вақт ўтиши билан бошқа (асар)га айланади. Чунки уни тушуниш ҳар хил (бўлади).

* * *

Бадиий асарнинг ўзи алоҳида воқелик.

* * *

Ҳар қандай бадиий асарнинг ўз атмосфераси (ҳавоси) бор.

* * *

Томас Маннинг роман структураси миф асосига қурилган. Демак, роман-миф жанрининг бошланиши у билан боғлиқ.

* * *

Олам мифологиясидан ҳамма нарсага жавоб топиш мумкин. Мифология – универсал нарса. У инсониятнинг бутун тарихи, бутун тажрибаси.

* * *

Болалигимизда эртакдаги барча нарсаларга ишонар эдик ва ишониб тўғри қилганмиз. Ақлимиз расо бўлган сари табиийликдан узоқлашиб борамиз.

* * *

Мен асарни белгилаб бермайин, балки асар мени белгилаб берсин. Профессионал (адабиётшунослар)да асарни ўқиётгандаги лаззатланиш ҳиссиёти сийқаланиб боради.

* * *

Бадиий танқид эмас, бадиий таҳлил бўлиши керак.

* * *

Энг қийин нарса – болаликни ўзида сақлаб қолиш. Болаларда қолип бўлмайди. Адабиётшунос ана шундай бола бўлиб фикр қилса, кўп нарса ютади.

* * *

Чўлпоннинг “Бузилган ўлкага” деган шеърида миллатчилик бор. Миллатчилик – буюк ҳодиса.

* * *

Шахснинг озодлигини миллатнинг озодлиги таъмин этади. Мен аввало ўзбекман, кейин – озодман.

* * *

Инсон тафаккурида юз фоиз эркин бўлмоғи керак.

* * *

Ўз нонимиздан бир бурдасини берганга қуллуқ қиладиган халқ вакили бўлишдан мен уяламан.

* * *

Ёзувчида жасорат бўлиши зарур. Кўпчиликда шу етишмайди.

IV.

Талъат Солиҳов сабоқ берган ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида Ўзбек адабиёти бағрида янгича бир тўлқин кучга тўлиб келаётган эди. Деярли барчаси ҳали талаба бўлган ушбу йўналиш вакиллари шу вақтга қадар адабиётда урф бўлган, маиший даражадаги муаммоларни асосий мавзу ўлароқ олдинга сураётган ҳамда зўрма-зўраки тарздаги ”миллийлик”ни ялов қилиб олган анъанадор оқимга қарама-қарши тарзда – инсоннинг руҳий оламидаги эврилишларни тадқиқ этишни, ибтидодан бошланган жумбоқли саволларга (майли, самарасиз бўлсин) жавоб излашни афзал билди. Аслида улар битаётган асарларнинг барчаси (анъанадор адабиёт нуқтаи назаридан) эксперимент натижалари эди. Улар зотан экспериментлардан ҳайиқмасди. Улар ўз асарларида муайян сўзларни ҳар кўйга солиб, яширин маъноларини излаб топишдан тортиб, бир қарашда воқеалар чизиғи аввалдан маълум бўлган ҳикояларнинг кутилмаган бошқа талқинларини, ўзгача якунларини тақдим этишарди. Улар атрофда, борингки жамиятда кечаётган воқеа-ҳодисалардан мутлақо четлашиб, бир нарсалар барпо этишар, алоҳида хос дунёларини яратишга интиларди. Ўша даврнинг ”Денгизга йўл” ва ”Қаърим”, ”Кеча – бугун эди” ва ”Алқанаётган Ватанлар” каби ҳикояларида новоқеъ воқеликнинг, дастлабки асослари қўйилаётган бошқа бир оламнинг ҳали кўплар билмаган, аксар кўникилмаган манзаралари инонч ва шижоат билан чизила бошлаган эди. Шу кетишда бу янги адабий мактаб бир мамлакат сарҳадларини бемалол ортда қолдириб, кенг миқёсларда ном қозониши мумкин эди. Аммо бундай бўлмади. Кўп ўтмай маслакдошларнинг бу яхлитлиги тарқалиб кетди. Шундай бўлиши ҳам табиий эди, балки. Чунки, улар идеалист эдилар, бундан қолаверса, улар ўтакетган индивидуалист эдилар. Уларнинг барчаси ҳозир ҳар жойда. Ва умид борки, уларнинг ҳар бири ўзларининг хос, муҳташам ёлғизлик чиғаноқларига ўраниб олган кўйи бир замонлар бошланган лойиҳаларни ҳар ким ўз ҳолича тобора мукаммаллаштириш билан оворадирлар.

”Хароба доиралари” асарига бақамтиликлар ҳақида фикр юритсак, Талъат домла ҳам йиллар давомида ўзи англаб етган, унинг ҳам ўзи ўтмишнинг улуғ сиймоларидан мерос қилиб олган тафаккур ганжиналарини саноқсиз толиблари фитратига нақшлашга интилди, худди Борхес асари қаҳрамони каби унинг ҳам кўп уринишлари зое кетгандир эҳтимол, аммо, толибларининг талай издиҳоми унинг закий сабоқлари ҳосиласини ҳамон элтиб юрганларига шубҳа йўқдир. Ҳикоя эса охирлаётир эди, муқаррар интиҳо яқинлашмоқда эди. ”Ва юз йиллар аввал содир бўлган нарса такрорланди. … Ва у ёнғинга пешвоз чиқди. Бироқ олов тиллари унинг вужудини забтига олмади, билъакс эркалаб ялаб-юлқади, ювиб-таради – куйдириб кул қилмади. Ва енгил тортиб, хўрлик алами билан даҳшат ичра англаб етдики, унинг ўзи ҳам кимдир биров ўз тушларида кўраётган шарпа эди, холос.” Кеча – аслида бугун эди. Асардаги қисматнинг аёв билмас такрорлари дилгирлигидан озурда бўлган бир дўстимиз толибликнинг ўша олис йиллари бир ҳикоя битмиш ва унда бу сатрлар бормиш эди:

”Бироқ мен шуни истайман – думалоқ, дум-думалоқ доиранинг қаеридир қачондир, қаердадир, аммо барибир – дарз кетсин ва ўша жойдан, майли, бу бегона дунёга бегонасираб боқаётган, астагина даричадан пойлаётган, охир-оқибатда шаҳд билан отилиб чиқишга қарор қилган ва бу қарорини амалга оширган чақалоқнинг шиддати каби ишонч билан, тў-ўғри, ҳеч қандай қайрилишга ён бермайдиган, доиранинг ҳеч бир кўринишини ўзида пинҳон қилмаган тўғри чизиқ тўппадан-тўғри кўкка талпинганча чопқиллаб чиқсин!”

Талъат Солиҳов адабий ақидаларнинг зўраки ва муттасил такрорларига барҳам бериб, кўпларимиз учун шу тариқа бўлак манзилгоҳлар томон элтувчи янги сўқмоқларни кўрсатиб берган, одатий уфқлар ортида ҳали очилмаган яна бошқа адабий сарҳадлар борлигидан бемисл ўгитлар улашган эди. Энди эса олис юксакликлардан туриб, ушбу битикларга кўзи тушган устоз ўша беназир табассуми билан мамнунликда жилмайиб қўйган бўлса – не ажаб. Унинг ўзи таҳсил берганидек, асотирлар каби хаёлот ҳам – аслида воқелик, воқеликнинг сағал бўрттирилган кўриниши эмасми, ахир?

www.bbc.co.uk/uzbek

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn