АДАБИЁТГА КИРИБ БОРИЛАДИ…МИ?

рахимжон-рахмат-224x300Адабиётшунос Раҳимжон РАҲМАТ билан мулоқот

Кўкдаги юлдузларни томоша қилиб ётган бола онасига савол беради:
– Она, юлдузлар осмоннинг чироқларими?
– Билмадим, – дейди она кулиб.
– Юлдузлар осмоннинг чироқлари, тонгда ўчириб, кечқурун ёқиб қўядилар, – дейди бола ўйланиб.
– Бу ғалати гапларни қаердан оляпсан?
Онаизор ҳайрон. Чунки бола улғайган сари “ғалати” гаплари кўпайиб боряпти-да. “Яхшилаб тингланг, шамоллар куй чаляпти”, дейди бир кун. “Чақмоқдан қўрқиб кетган булут йиғлаяпти”, деганига нима дейсиз? Чиндан ҳам ғалати-ку! Ҳа, ҳаммаси шундай бошланади.

Она ўғлининг юрагига адабиёт кириб келаётганидан ҳали бехабар. Ҳақиқий ижодкорга адабиётнинг ўзи кириб келади. Адабиётга кириб борилмайди. Адабиётга кириб борганлар шунчаки адабий меҳмонлар, холос! Улар туғма эмас, суртма талантлардир! Ҳақиқий ижодкорлар адабиётга мезбонлик қиладилар.

Раҳимжон ака, сиз билан қайси мавзуда суҳ­батлашсам экан, деб узоқ ўйладим. Шу ўйлар кечаётган кунларнинг бирида журналимизга “адабиётга кириб келган”лардан бири келди-ю, бизга шу мавзуни очиб берди.
Аввал бу гурунгни эшитинг:
– Ростини айтсам, шеърларингизни анча пишитишингиз керак, – дедим андак истиҳола билан.
– Нимасини пишитасиз? – меҳмоннинг авзойи бузилди.
– Шу… ўз устингизда…
– Ака, мен ўзимга, талантимга ишонаман! Ўтган йили Республикадаги энг нуфузли танловларда биринчи ўринни олганман, – деди у. Сўнг олдимга қаторлаштириб тўртта китобини таш­лади. Тўртта! Эндигина коллежни тугатаётган бола-я!
Адабиёт учун эмас, танловлар учун чоп қи­линган китобларни варақлай туриб амин бўл­димки, битта эмас, ўнта танловда биринчиликни олса ҳам бу “талант”дан шоир чиқмайди. Энг ёмони шундаки, у ўзини ҳам, адабиётни ҳам алдаб юрибди. Бунга ўхшаганларнинг ҳаммасини эса Танловлар чув туширяпти.
Раҳимжон ака, энди бу болани ҳам, танловларни ҳам тинч қўямиз. Бу воқеани шунчаки суҳбатимизга мавзу бергани учун эсладим, холос. Сиз менга чинакам шоирнинг туғилиши ҳақида, ўзингиз яшаган, ҳис этган туйғулар хусусида айтсангиз…
– Бадиий ижодга қизиқиш туғма бўлади. Қонида бадиий ижодга муҳаббати бўлмаган боладан адабиётга йўналтирилган махсус таълим ёрдамида ёзувчи ёки шоир тарбиялаб бўлмайди, албатта. Ўз навбатида юрагига Худо истеъдод юқтирган бола ҳарбий мактабда ўқиса ҳам, шубҳасиз, келажакда ижод кишиси бўлиб етишади. Лекин, биламизки, адабиёт ўқитувчиси, университет профессори бўлиш учун алоҳида ижодий қобилият шарт эмас. Аълочи ва тиришқоқ мактаб ўқувчилари келажакда адабиёт профессорлари бўлиб етишишлари мумкин. Олим бўлиш учун, атоқли адабиётшунос Озод Шарафиддинов айтганларидек, шим керак, холос. Бу дегани столда кўп ўтириб ишлайдиган одамнинг шимининг орқаси тез йиртилади. Олим одам кийган шимнинг орқаси илвираган бўлади.
Олимлик – тизимли таълим ва сабр-тоқат маҳ­сули.

Шоирнинг пайдо бўлишини эса мантиқ билан тушунтириб бўлмайди. Шундайки, йиллар да­вомида тақир бўлиб ётган тупроқдан кутилма­ганда қип-қизил лолақизғалдоқ пайдо бўлади. Ҳайрон бўласиз: илгари бу жойда лолақизғалдоқ кўкарганини ҳеч кўрмагандим, уруғи қайдан келиб қолди экан. Ёки йиллар давомида тупроққа қоришиб ётган лолақизғалдоқнинг уруғи қулай шароит туғилиб жонланиб қолдимикан.

Истеъдоднинг пайдо бўлишини ирсият билан ҳам изоҳлаб бўлмайди. Чунки жуда кам ҳолларда машҳур шоирнинг ўғли ижод кишиси бўлиши мумкин. Шоирлик кутилмаган ҳодиса. Бу шунга ўхшашки, боғингизга ёнғоқ экканингиз йўқ, лекин баҳорда кичкина ёнғоқ ниҳоли униб чиққанига кўзингиз тушади. Қарға боғингиз тепасидан учиб ўтаётганда қаердандир олиб келаётган тумшуғидаги ёнғоқни тушириб юборгандир…

Бизнингча, муҳит ва тарбия йўналиши туғма истеъдоднинг юзага чиқишини тезлатиши ёки секинлатиб қўйиши мумкин, холос. Шунингдек, жуда кўп мутоллаа қилиш билан ҳам шоир ёки ёзувчи бўлиб етишиб бўлмайди. Бадиий ижоднинг ўткир ақлга ҳам унчалик дахли йўқ. Чунки ижод – илҳом маҳсули. Илҳом деганлари тўсатдан ёғиб қоладиган жаладай гап. Лекин билим керак. Абдулла Қаҳҳор айтмоқчи, муҳит кўрмаган ва етарли билим олмаган шоир бахши бўлиб қолади.

– Ҳазрат Алишер Навоийнинг шоир Осафийга айтган машҳур гапини эшитгансиз. Келинг, эшитмаганлар учун эслаб қўямиз: содда Осафий Навоийга айтибдилар:

– Кеча бозордан уч тангага бир шам сотиб олиб, шу шам ёниб тугагунча уч минг мисра ғазал битдим.
– Ҳазрат, унда кечаси билан уч тангалик ғазал битибсиз-да, – дебди қувлик билан бизнинг Ҳазрат.
Осафийлар Навоий замонида қолиб кетган эмас. Ҳар замоннинг ўз осафийлари бор. Назаримда осафийлар истеъдод деган жойгача етиб келолмаган ижодкорлардир. Аммо шунча йўл бос­гандан кейин улар ҳам қуруқ қолмаганлар. Ма­ҳорат кашф этганлар! Ўқисанг, ҳаммаси жойида, аммо бирор нарса юлиб ололмайсан. Энди уни том-том қилиб “сайланма” қилишдан бошқасига ярамайди. Шунақалар йўқ деб ўйлайсизми? Майли, бу ҳақда ўйлаганларингиз ичингизда тура турсин, сўрамоқчи бўлганим: шоирлик истеъдоди нима-ю, шоирлик маҳорати нима экани ҳақида, шоирликнинг асосий хусусияти ҳақида…

– Биласизми, дард, изтиробнинг сурункали ҳолатга ўтиши истеъдод дейилади. Танаси заиф одамларда касалликларнинг тузалиши қийин кечади. Иммун тизими кучли одамларга унча-мунчага касал юқмайди, юққан касал эса тезда тузалиб кетади. Шунга ўхшаш бир нарса сабаб шоир юрагида пайдо бўлган дард-ҳасратнинг кетиши оғир бўлади. Худо инсонни шундай яратган: асло чидаб бўлмас дарду азобдан шеър ўқиш ёки шеър ёзиш орқали халос бўламиз.
Ақлли одамлар осонгина қутулиб кетадиган дард шоирона қалб эгаси учун ҳаёт-мамот масаласига айланади.
Бизлар бешта туйғу орқали оламдаги воқеа, ҳодиса, ранг ва товушларни билиб оламиз. Бу маълумотларни миямиздаги турли марказларга асаб толалари олиб боради. Шоирлар, умуман, санъат аҳлида кишини ташқи олам билан боғлайдиган мана шу асаб толалари нозик, таъсирчан ва ҳассос бўлади. Шунинг учун улар биз кўрмаган нарсаларни кўради, эшитади, ҳис қилади.

Деярли ҳар бир одам ёшликда севгани билан топишолмайди. Лекин ҳеч ким шоирчалик айрилиқ қисматидан улкан фожиа ясамайди. Демак, шоирлик бир фожиадан халос бўлиб, иккинчисига боши билан шўнғишдир.
Киркегорнинг шоирлар тўғрисида ажойиб таш­беҳ-ўхшатиши бор. Қадимда, дейди у, жиноятчиларни жазолаш учун мисдан ичи ғовак улкан ҳўкиз ясашган. Жиноятчини шу ҳўкиз ичига қамаб, тагидан ўт ёқишган. Мис ҳўкиз қизигани сайин ичкаридаги жиноятчи иссиққа чидай олмай бақирган, қичқирган, ўкирган, унинг жон аччиғида бўғзидан отилиб чиқаётган нолалари эса ҳўкизнинг бурнидан ёқимли мусиқа бўлиб таралган. Яъники, шоир қалбида дўзах азобини кўтариб юради ва шу азобни гўзал образлар ёрдамида сатрлар бағрига жойлайди. Бизлар эса унинг оҳангдор сатрларини тинг­лаб эстетик завқ оламиз. Қизиқ-ку, шоир қалбидаги дўзахий азоб шеърга кўчиб кўнгилларга ёқадиган жаннатий мусиқага айланяпти.

Айрим шоирлар дард чекишни касбга айлантириб олади. Маҳорати ошиб, дейлик, ёридан айрилган ошиқ кўнглидан қандай ҳислар кечишини ўзлаштириб олган шоир, нонвой эрталаб туриб хамир қориб, зувала узгандек айрилиқ мавзуидаги мисраларни қаторлаштириб ташлайди. «Бир кечада ўнта шеър ёздим!» – деб мақ­танади кейин. «Мен ҳар куни шеър ёза оламан», – деб керилиб гапирадиган шоирлар ҳам топилади. Уларнинг шеър­ларида оҳанг ҳам, таъсирли ҳис-туйғу ҳам етарли, аммо руҳи ўлик бўлади. Палағда тухумни чиройли рангга бўяб кўз-кўз қилганингиз билан унинг ичидаги бадбўйлик ўзгармайди.

Билишимча, жамиятда шоир бўлиб танилганларнинг тўқсон фоизи ўз қалбидан росмана кечмаган мавзуларни ё бошқа шоирдан ўзлаштириб ёки бирор манфаатни кўзлаб шеър қилиб ташлайди. Изтироб ҳаммада бўлади, лекин ўша изтиробнинг сурункали дардга айланиши бор, мана шундагина чинакам шеър туғила бошлайди. Деярли барча шоирларнинг илк ижод намуналарини қизиқиб ўқиб ёд оласиз, кейинчалик эса уларда шеър ёзиш мажбуриятга айлана бошлайди. Яъни қалин-қалин китоб чиқариш, унвонга эга бўлиш каби дунёвий орзу-ҳавасларга интилган шоир қаторлаштириб руҳсиз, лекин шоирлик маҳорати сезилиб турган шеърлар ёзиб ташлайди. Шунинг учун мен «Шоирлик ҳунар ҳам, касб ҳам эмас, балки тез-тез хуруж қилиб турадиган бедаво бир дарддир», – дейман доим. Китс шоирликни салбий одат дейди. Бағрим оғрияпти деб шеър ёзасиз-у, лекин ёзганларингизда оғриқ сезилмаслиги мумкин. Тош тушган жойига оғир дейилади. Масалан, докторлар касалликларнинг клиник белгиларини аниқ-тиниқ айта оладилар. Бироқ уларнинг гапидан у ёки бу касаллик тўғрисида назарий маълумот оласиз, холос. Буйрак-тош касали хуруж қилиб инграниб ётган беморни кўргач эса бунақа касаллик нақадар оғриқли кечишини ростакамига билиб оласиз. Демак, руҳи ўлган шоирнинг ёзганлари касаллик белгилари тўғрисида гапираётган докторнинг сўзларидир. Ҳар нарсани чин маънода ўз қалбидан кечирган шоирнинг ёзганлари эса хас­талиги хуруж қилган беморнинг инграшларидир. Бундай инграшлар буюк шоирлар ижодида кўп эшитилади.

– Одамзот ерга тушгандан бери ўзига ҳи­моя излайди. Руҳига таскин, айрилиқ ярасига шўрпахта ахтаради. Адабиёт шу изланишларнинг самарасидир.
Тун кечалар дод айласам,
Ҳар дам Сени ёд айласам,
Ишқингда фарёд айласам,
Кел, кўр мани ишқ найлади?
– дейди Юнус Эмро. Сўфий шоир айрилиқдан ловуллаб ёнаётган кўнглига шунақа қилиб сув сепади. Ва бу “сув” асрлар оша минглаб юнусларнинг куйган кўнглига малҳам бўлади. Бу, одамият учун шеъриятнинг камсуқумгина хизматидир!

Ҳарқалай, мен шундай ўйлайман-да. Ҳар қан­дай шеър руҳий эҳтиёж ортидан дунёга келишига ишонгим келади. Сизнингча-чи, шеър қандай ёзилади? Умуман, шеър ёзиш ёки шеър ўқиш билан одам ўзини дарддан қутқариши мумкинми? Ижтимоий ҳаёт машаққатлари одамни шоир қилиб юбориши мумкинлигига нима дейсиз?

– Шеър ёзиш кўнгилдаги аламли туйғулардан халос бўлиш усулидир. Мисол учун, мен бир пайтлар ўта оғир айрилиқ аламидан телбалардек ба­қириб шеър ўқиш ёрдамида халос бўлганман. Ўша пайтлар кун ва тунимнинг асосий қисмини баъзан ўкириб, баъзан инграниб шеър ўқиш билан ўтказардим. Ўшанда «Лайли ва Мажнун» ва «Демон» достонларини ўқирдим. Фақат шу иккала дос­тонда акс этган фожиа, дард менинг қалбимдаги мусибатга мос келарди.

Менинг илк ўқиган шеърий китобларим Шарқ адабиёти классикларидир. Уларни биров менга тавсия қилмаган, ўзим қишлоқ кутубхонасини титкилаб топганман, ёққани учун севиб мутолаа қилганман. Кейинчалик университетда ўқиб юрганимда кўплаб классик шоирларимиз сўфий эканлигини ҳар хил олимларнинг мақоласидан ўқиб билдим. Улар сў­физмга тегишли истилоҳлар ёрдамида Машраб шеъриятининг сўфиёна фалсафасини очишга ури­нишарди. Рости, уларнинг мақоласидан кейин болалигимда севиб ўқиган Машраб шеърларини тушунмай қолардим. Ҳурматли олимларимиз: «Машраб сўфий шоир, унинг шеърларини сўфизм фалсафасисиз тушуниб бўлмайди», – деб ёзишарди. Наҳотки, болалигимда Машраб ғазалларини тушунмай севиб ўқиган бўлсам. Тушунмасам, нега севиб ўқидим экан?
Кўрдим юзингни, девона бўлдим,
Ақлу ҳушимдан бегона бўлдим
деган мисраларни ёдлаб юрган кезларим бола эдим ва қалбимда ҳам росмана севги уйғонмаган эди. Нега шу мисралар бола қалбимга мойдек ёқди экан?

Наср – кўпроқ инсоннинг ҳаётий тажрибаси ва камолоти билан боғлиқ ижод тури. Истаймизми-йўқми инсоннинг ҳаёт ҳикмати моҳиятига етиб бориши ёш билан боғлиқ. “Қари билганни пари билмайди”, деган гап бор гап. Эллик ёшдан ўтганидан кейин барча касб эгалари фаолиятини тугатиш ва нафақа ҳақида ўйлаб қолади. Ёзувчи учун эллик ёш бадиий ижоднинг бошланишидир. Яъни тенгқурлари нафақага ҳужжат тўғирлаб юрган пайти ёзувчи ижодий меҳнатга росмана киришган бўлади.
Нисбатан ёш пайти роман ва қисса ёзганларнинг асарларида барибир ҳаётий ҳикматдан кўра шоирона кечинма ва тасвирлар кўпроқ бўлади. Ёзувчининг эллик ёшнинг нари-берисида ёзган асарида эса ҳақиқий наср учун керакли чин ҳаёт ҳик­мати бўлади.

Шоирлик гуллар оламига саёҳат, ёзувчилик эса илдизлар дунёсига киришдир.

Билишимча, ёлғизланиб қолиш, меҳр кўр­мас­лик одамни шоир қилиб юборади. Айрим аёл ва эркаклар кексайганда кутилмаганда шеър ёзиб, кимларгадир ўқиб беради. Аслида ёзилган шеърни шоир бировга ўқиб бермаса, шеър ёзилган ҳисобланмайди. Шеър ҳис-туйғуларингни ўзгага бил­дириш учун ёзилади. Шеър – ҳаётдан, ўз тақ­дирингдан нолишнинг жуда гўзал ва одамни шармандаликдан қутқарадиган воситаси. Шеър ёзилишига асос бўлган бадбин туйғуларингизни бировга очиқ гапириб берсангиз туси ўзгариб сизга ачинади, гоҳида эса сиздан наф­ратланиши ҳам мумкин. Инсоннинг биологик табиати заиф ва кучсизларга шафқат қилмайди, балки охиригача янчиб ташламоқчи бўлади. Шунинг учун камроқ нолиб, мушкул аҳволга тушиб қолганингни яқин қариндошинг ва дўстларингга ҳам билдирмаслигинг керак. Одам фақат Аллоҳга ўз ҳолини билдирсин.
Қўшни қишлоқлик бир киши, мактабда бош­ланғич таълимни ҳам тўлиқ ўзлаштирмаган, «е» билан «й»нинг фарқига бормайдиган саводсиз, ёши элликдан ўтиб тўсатдан шеър ёза бошлади. Кўп ёзарди. Бир кечада икки тийинлик катак дафтарни тўлдириб ташларди. Менинг китоб ўқишга иштиёқимни, хусусан, шеърий китобларни ўқиб юришимни билгани учун кўпинча янги ёзган шеърини биринчи менга ўқиб берарди. Кейин эса кўчага чиқиб, қаерда одам тўпланиб турса, ўша жойга бориб ёзганларини ўқишга тушарди. Тўйларда эса атай ўртага чиқиб узоқ-узоқ одамларни «шеърият шароби» билан сийларди. Фарзандлари эса дадасининг бу ишидан уялар, ўзларини айбдордек ҳис қиларди. Мени нима учун бу одам кексайганда шеър ёза бошлади экан деган савол қизиқтирарди. Унинг ёзганларида туроқ ва қофия деган нарса деярли бўлмасди. Барининг мавзуси битта – одамларни бир-бирига меҳрибон бўлишга чорлаш эди.

Озғин, бўйни ингичка, гапирганда калласи силкиниб турадиган кишининг нима учун фақат шу мавзуда шеър ёзишини кейинроқ билдим. У болалигида ғирт етим ўсган, болалик пайти меҳр кўрмаган, жуда кўп хўрликларни, қашшоқликни бошдан кечирган экан.

Ҳаммаси аён, бу одам меҳр кўрмаслик инсон учун жуда оғир дард эканлигидан огоҳлантиряпти. Болаликда, қўйингки, бутун умр меҳр кўрмаган қалб у дунёга кетиш олдидан исён кўтаряпти. Дарвоқе, у киши шеър ёзишни бошлаганидан икки йил ўтиб тўсатдан вафот этди.

Шу ўринда яна бир гап. Жуда эрта истеъдодини намоён қилган, ҳис-туйғулари жўшиб турадиган санъаткорлар ва шоирларни кўрсам, «Шунинг умри қисқа бўлади-ёв», – деб ўйлаб қоламан. Чунки қалб жисм қўрғони қачон вайрон бўлишини олдиндан аниқ билади ва ўлим яқинлашган сайин қайнаб-тошаверади. Ва тошаётган вақти тиниб улгурмасдан осмонга учиб кетади. Ўлим туйғусининг жонланиши ҳар қандай одамни шоирга айлантириб юборади. Соғлом одамда ўлим туйғуси мудроқ бўлади. Ҳаммамиз биламизки, умр мангу эмас, дунёдан ризқимиз узилган куни омонатимизни эгасига топширамиз. Лекин бу ҳақиқатни билишимиз бизларни унчалик изтироб ва ваҳимага солмайди. Ўлим туйғуси жонланиб қолса-чи? Ҳаёт тарзимиз ва психикамизда ўта кескин ўзгаришлар содир бўлади. Масалан, руҳий касал одамларни энг ёмон қийнайдиган туйғу ўлим ваҳимасидир. Улар шу ваҳимага чидай олмай, ундан халос бўлиш учун ўз жонларига қасд қиладилар. «Ўлим ҳақидаги ўйлардир ҳаёт» (Рауф Парфи).

– “Мен ўзимдаги барча яхши фазилатлар учун китоблардан миннатдорман”, дебди аҳ­ли билгичлардан бири. Одамият шу вақтгача китобдан-да яхшироқ дўст, дилдош ва дарддош тополмади. Назаримда инсониятнинг кашф этганлари орасида энг қийматлиси ҳам шу китобдир! Лекин бугунгидек талотўп бир замонда, бу ҳақиқатни ҳар кимнинг ҳам олдига қўёлмайсиз. Ҳазрат Замахшарий айтмоқчи: “Тумов киши гулнинг ҳидини сезмаганидек, аҳмоқ киши ҳикмат лаззатини билмайди”.
Минг ваҳки, бугун кўпчилигимиз “тумов”га гирифтормиз. Гул билан тиконни фарқлаёлмай қолаётган ёшларимизнинг энг катта муаммоси ҳам шу – “ҳид” билмаслигидир. Ваҳоланки, кундан-кун таҳликалари кучайиб бораётган XXI аср кўчасига бунақа “юпун” ҳолатда чиқиб бўлмайди. Акс ҳолда ўзингизни ҳам, руҳингизни ҳам бой бериб қўясиз. Чунки “юпун” одамга “иссиқ жой” кўрсатсалар бўлди, қолгани билан иши йўқ.

Китоб адабиётчи ёки олим бўлиш учун ўқилмайди. Китоб Одам бўлиш учун ўқилади.
Раҳимжон ака, сиздаги китобхонлик “касаллиги” қандай бошланган? Бунга атроф-муҳитнинг таъсири бўлганми?

– Мен улғайган оила адабиётдан жуда йироқ эди. Оиладаги муҳит сабаб мен ҳам жуда кўп тенгдошларим каби бир қўлимда молнинг арқони, бир қўлимда кетмон ушлаб катта бўлганман. На мактабда, на оилада китоб ҳақида гапирилмас эди. Болалигимда ҳеч ким менга китоб совға қилмаган ва адабиётга қизиқишим ҳеч қачон рағбарлантирилмаган. Аксинча, қишлоқ кутубхонасидан олганим китобни берилиб мутолаа қилиб, молларга ўт солиш эсдан чиқиб қолган пайтлар катталардан тузуккина дакки ҳам эшитганман. Ҳатто, айрим пайтлар қўлимдаги китобни юлқиб олиб йиртиб ташлашлар ҳам бўлган. Нафақат бизнинг оила, балки бутун қишлоқда китоб деган нарса ерда ётган хазончалик қимматга эга эмас эди. Лекин биз ёшлар, гарчи китобхонлик муҳити бўлмаса-да, кўп китоб ўқирдик.

Хазонни тўплаб молга бериш мумкин, китобни эса мол емайди. Ҳозир ҳам бизнинг қишлоқда кўпчилик кўчада китоб кўтарган одамни девонага тенг кўради ва китоб ўқишга қизиққан йигитга унча-мунча оила қизини бермайди. Қалин-қалин китоб­ларни ўқиш руҳий таназзул белгиси ҳисобланади. Маҳалланинг энг бадавлат кишилари, тўйларнинг тўрида ястаниб ўтирадиган казо-казолар умрида на бирон марта китоб сотиб олган, на битта бадиий асарни охиригача ўқиб чиққан. Мен шу ёшимгача биронта қишлоқдошимнинг шаҳарга борганида китоб магазинига кириб ўзига ёки ўғил-қизига китоб сотиб олганини эслолмайман. Бундан анча йиллар илгари онам кўйлак олиб кий деб берган пулига «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»ни сотиб олгандим. Ўша ҳодисани онам ва бу ишимдан хабар топган қўни-қўшнилар ҳозиргача кулиб эслаб туришади.

Шундоқ. Мен улғайган муҳитда одамлар еган бир коса оши ва тинч ўтган кунига шукр қилар эди. Ўқийман, олим бўламан, тақдиримни ўзгартираман деб бир нарсаларни орзу қилган ёшлар маҳалла одамлари орасида ғийбат объектига айланарди. Мабодо, у яхши жойларда ўқиб, тоза ишларда ишлай бошласа одамлар унга ҳасад қиларди.

Хуллас, ўшанда онам айтгандек қилиб кўйлак сотиб олганимда тақдирим ҳозиргидан озгина бошқачароқ бўлармиди. Чунки бизнинг қишлоқ қиз­лари қалин китоб кўтарган боладан кўра чиройли кўйлак кийган йигитни яхши кўришади… Холаси ёки аммасининг гапи билан учрашувга чиққан қиз уялинқираб йигитнинг юзига қараёлмайди, ерга боқиб туриб «харидори»нинг кийган шими ва туфлисини кўради, агар шим ва туфли чиройли бўлса, тез орада тўй бошланади.

Биласизми, ўзбек совет шоирлари мени жуда қаттиқ алдаган. Ўзбекчага таржима қилинган Шарқ классик шоирларининг ижодини бир сидра мутолаа қилиб бўлгач, шеър ўқишга эҳтиёжимни қондириш учун қишлоқ кутубхонасидан кўзимга кўринган шеърий китобларни уйга таший бошладим. Бу китобларнинг аксари ўзбек совет шоирларининг тўпламлари эди. Ҳаммасини бир бошдан ўқиб чиқдим. Лекин, айрим, жуда кам шеърларни ҳисобга олмаганда, уларнинг ҳеч бирида ўзим излаган кечинмаларни топа олмадим. Кейинчалик университетда ўқиб юрганимда билдимки, коммунист шоирларнинг ёзганлари шеъриятга умуман алоқаси йўқ нарсалар бўлиб, улар коммунистик мафкуранинг оддий тарғиботчилари экан. Ўша қалин-қалин китобларни ўқишга кетган вақтимга ачиндим.
Университетда ўқиб юрган кезларим адабий танқидга қизиқиб, устозларнинг катта-катта китоб­лари мутолаасига киришдим. Аввалдан айтиб қўя қолай. Мен устозларимни мақолаларини эмас, му­лоқотда бўлганларимнинг ўзларини ҳурмат қи­ламан. Чунки уларнинг ҳаммаси, ҳатто энг ёмони ҳам ўзи ёзган мақоладан яхши ҳисобланади…
«Минг хайф хашакка интилса оташ», – дейди Бедил. Ўшандай мен ҳам шоир бўламан, адабиёт илми билан шуғулланаман деб коммунистик давр меваси бўлган мафкуравий адабиёт отлиғ «хашак»ка рўбарў бўлдим.
Бу «хашак»лар адабиётга ҳеч қандай алоқаси йўқ бўлса ҳам, лекин бу майдонни бутунлай эгаллаб олганди. Адабиёт майдонига кирган одам узоқ вақт «хашак»лар орасида тентираб юришга мажбур эди. Талай истеъдодли шоир ва олимлар шу «хашак»ларни чин адабиёт деб ўйлади, ўзлари ҳам «хашак» яратиб ташлади.
Фақат ўқишга кириш мажбурияти юзасидан ўзбек совет шоирларининг мактаб дарслигида бе­рилган бир парча-ярим парча шеърларини ёд ол­дим, холос. Ўқишга тайёргарлик жараёнида ада­биёт фанидан дарсликларни қўлга олишга безил­лаб қолгандим. Дарслик ёзган олимларнинг нима де­моқ­чилигини ҳеч тушунолмасдим. Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари охири эди ўшанда. Бу пайтда мен йигирма беш ёшга етгандим. Ҳозир ўйласам, совет даврида ёзилган адабиёт дарсликлари ўқувчиларнинг адабиётга муҳаббатини бутунлай сўндиришга қаратилган экан. Яхшиям мактабда адабиёт фанига қизиқмаганим, йўқса мендаги бадиий сўзга муҳаббат бешикдалигидаёқ бўғилиб ўлган бўларди. Мактабда адабиёт фанидан ўтилган дарслардан жуда кам нарса ёдимда қолган. Кўйлагининг тугмаланган жойлари таранг тортилиб киндиги кўриниб турадиган адабиёт ўқитувчимизнинг «Милтиқли киши» пьесаси…» деб бошланадиган гап­лари ёдимда қолган. Нега айнан шу ҳолат хотирамга муҳрланганини ҳануз тушунмайман…

– Бир пайтлар… “Адабиёт майдонига кирган одам узоқ вақт «хашак»лар орасида тентираб юришга мажбур эди”. Аммо кейинчалик бу “хашак”ларни янги давр шамоллари учириб кетди ва шу билан ҳаммаси барбод… бўлмади. Ҳа, бу “хашак”ларнинг янги-янги турлари пайдо бўлди. Уларнинг китоб ҳолида чоп этилиши, муаллифининг ”одамгарчилиги”га қараб эътироф этилиши, бир сўз билан айтганда, рағбатлантирилиши адабиётнинг қийматини тушириб юборди.
Айниқса, “тушиб кетиш” жараёни шеъриятимизда яққол намоён бўлди. Қофиясини топган одам шоир бўлаверди ва бу кўпайиш жараёни ҳамон тўхтагани йўқ. Бугун шеърнинг зўрлигини адабиётшунос эмас, хонандалар бел­гилаяпти! Рост гап. Туппа-тузук шоирларнинг шеъриятига бағишланган мақолаларни ҳам би-ир ўқиб кўринг! “Сўнгги йилларда бу шоирнинг ўнлаб шеърлари қўшиқ бўлди”, дея эътироф этилади. Ёзган шеърингизнинг қўшиқ бўлиши алоҳида фазилат саналадиган бўлиб қолди. Хонанда эътироф қилдими, демак, шеърингиз зўр! Ёзаверинг, “кучлироқ сев”аверинг!
Хўш, бу “хашак”ларга нима дейсиз? Яна шамолларни кутамизми? Унгача ўзимиз “шамоллаб” қолсак-чи…

– Бир куни маҳалламиздаги ёшгина йигитча уялинқираб «Шеърларимни кўриб берасизми?» – деб қолди. Дарҳол савол бердим: «Қаерда ўқийсан?» Маълум бўлишича, қизларга хос ал­лақандай уятчанлик сезилиб турган бу бола темир йўл коллежида ўқиркан. Яхши, уйимда ўқийман деб қўлидан ижод намуналарини олдим. Уйда ўқиб кўрдим. Содда, саёз ва беғубор шеърлар. “Севганим севмади, чунки мен камбағал эдим”. “Дадажонимни соғиндим”, “Онажоним азиздир” мазмунидаги шеърлар. Уларни қишлоғимиздаги отарчилар қўшиқ қилиб айтса тузук, аммо асло қишлоқдан ташқарига опчиқиб бўлмайди. Йигитчадан қайси шоирларнинг ижоди билан танишлигини сўрадим. Йўқ, биронта эътиборли шоирнинг шеърларини ўқимаган. Нега шеър ўқимай шоир бўлмоқчисан деб сўрайман ундан. Жавоб йўқ. Кулиб турибди, холос. Дадаси анча йиллар олдин автоҳалокатда вафот этган, у ота меҳрини кўрмай ўсганди. «Эшакка ўхшаб ҳанграйдиган отарчиларнинг қўшиғини тинглайвермай, катта шоирларнинг шеърларини ҳам ўқиб тур. Шеърият – санъат! Тушундингми?» – дедим унга жаҳлим чиқиб. Нега жаҳлим чиқмасин. Ахир Абдулла Орипов ёки Эркин Воҳидовнинг китобини қўлида ушлаб кўрмаган йигитча бақрайиб: «Шеър ёздим, китоб чиқармоқчиман, сўзбоши ёзиб беринг», – деса жаҳлингиз чиқадими, ахир?!

Ёшлигимда унча-мунча мисраларимни туман газетасига кўтариб боргани роса уялардим. Қиш­лоғимизга яқин Қўқон шаҳрида эса «Илҳом» деган адабий тўгарак борлигини билардим. Лекин тўгаракка боришдан ҳайиқардим. Ўйлардимки, у ердагилар жуда билимдон, дарсликка кирган ҳамма шеърий парчаларни ёд олишган, мен эса дарсликдаги биронта шеърни ҳам билмайман, уларнинг даврасида уялиб қоламан. Хуллас, муҳитга кўп муҳ­тож бўлганман.

Инсондаги таъмагирликнинг чеки-чегараси йўқ. У энг гўзал ва юксак нарсаларни ҳам ўз манфаатига бўйсундира олади.
Яқинда бир танишимдан ўзим туғилган туманда яшаб ижод қилаётган шоирларнинг ўттизга яқин китобини сўраб олдим. Мақсадим: улардан энг яхши шеърларни саралаб марказий матбуотда эълон қилиш эди. Турли ҳажмдаги китобларни ўқиб пичоққа соп бўладиган яримта ҳам шеър топа олмадим. Айрим тўпламларнинг сўзбошисида бу китоб муаллифнинг ўн учинчи тўплами деган ёзув ҳам бор экан. Шеър учун танланган мавзуларнинг барига таъмагирлик деган заҳар ичириб ўлдирилган. Мисралар аро бачкана манфаат итлари думини ликиллатиб, қилпанглаб турибди.

– Раҳимжон ака, мароқли суҳбатингиз учун сизга раҳмат!

Биласиз, биз бугуннинг қаричи эртага тўғ­­ри келмаётган шиддатли бир даврда яшаяпмиз. Кундан-кун атрофимизда фитналар, ал­довлар қуюни қуюқлашиб бормоқда. Нима қил­моқ керак? Кеча-ю кундуз эшик-деразани бекитиб ўтирамизми? Аммо бу билан муаммо ҳал бўлмайди-да.

Ҳа, калаванинг бир учи ўзимизнинг ичимизда. Ички таълим-тарбияни тўғри йўлга қўймоқ мажбуриятидамиз. Бугун бевосита маънавиятимизга, маданиятимизга таҳдид соладиган ғоялар, қарашлар бўҳрони адабий жараёнга ҳам кириб келди. Фоҳишабозлик, ўғирлик, ўлдириш саҳналаридан иборат жилд-жилд китобларни шунчаки кўриб кўрмасликка олиб турибмиз. Ваҳоланки, инсон қалбини ўлдирадиган бу адабий қуроллардан ҳеч кимга фойда йўқ. Бу адабий қуроллар қалбни яксон қилади, бузади. Бузилган қалб хоиндир! Ҳар хатонинг боши ва ҳар қандай гуноҳнинг манбаи бузуқ қалбдир! Ташқи душман бунчалик хатарли эмас. Бу ғанимни ўзимиз боқамиз, ўзимиз ардоқлаймиз ва ўзимиз унга қурбон бўламиз.
Шундай экан, бу борадаги масъулиятли вазифа, миллат ойдинларининг, ижодкорларнинг зиммасига тушади. Зеро, ҳақиқий ижодкор ўз даврининг виждонидир.

Суҳбатимиз асносида айрим аччиқ-тизиқ гаплар ўтган бўлса-да, мақсадимиз зимдан бировларнинг томорқасига тош отиш эмас. Бу, хатоларни тузатиш ва ўзимизни ўнглашга бўлган кичик бир уринишдир.

Суҳбатдош: Алишер НАЗАР

(Суҳбат ”Ёшлик” журналининг 2014 йил 7-сонида эълон қилинган).

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn