ОЛИМЛИК – ИСТЕЪДОД

Nusratullo JumaxojaНусратулло ЖУМАХЎЖА

Биз мустабид тузумда ҳам яшадик.
Тўғри, бу тузумнинг таълим услубиётига ҳам, шуб­ҳасиз, катта зарари теккан. Лекин ўтган давр таълими ютуқларини бутунлай инкор этиш инсофдан эмас. Чунки ўқитувчи ва мураббийлар, ҳукмрон мафкуранинг тазйиқига қарамасдан, минг йиллик миллий таълим-тарбиянинг тараққийпарвар тамойилларидан унумли ва маҳорат билан фойдаланганлар. Миллий адабиёт, ахлоқ, маданият, илм-фанни жорий мафкура исканжасини ёриб чиқиб, ёш авлод онгига сингдирганлар. Акс ҳолда, халқимиз азалий ва абадий маънавиятини сақлаб қололмас, унинг умумий саводхонлиги юқори даражага кўтарилмас эди.
Афсуски, бу масалага саёз ёндашув онда-сонда учраб турибди. Жумладан, “Ёшлик” журналининг 2014 йил 7-сонидаги “Адабиётга кириб борилади… ми?” сарлавҳали Раҳимжон Раҳмат билан мулоқотда ана шундай нуқтаи назар асосий ўрин тутади.

Р.Раҳмат адабиёт дарсликлари ҳақида шундай ёзади: “Ўқишга тайёргарлик жараёнида адабиёт фанидан дарслик­ларни қўлга олишга безиллаб қолгандим. Дарслик ёз­ган олимларнинг нима демоқчилигини ҳеч тушунол­масдим. Ҳозир ўйласам… адабиёт дарсликлари ўқув­чиларнинг адабиётга муҳаббатини бутунлай сўн­ди­ришга қаратилган экан. Яхшиям мактабда адабиёт фа­нига қизиқмаганим, йўқса мендаги бадиий сўзга му­ҳаббат бешикдалигидаёқ бўғилиб ўлган бўларди”. Ҳаётий ҳақиқатдан нақадар йироқ гаплар! Ахир, Иззат Султон, Матёқуб Қўшжонов, Озод Шарафиддинов, Умарали Норматов, Иброҳим Ғафуров, Азиз Қаюмов, Абдуқодир Ҳайитметов сингари юксак ақлий салоҳият соҳиблари, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов каби мутафаккир шоирларимиз ва уларнинг даврдошу даврадошлари, издошлари – бир қанча авлод вакиллари ўша дарсликлардан таълим олиб улғайганлар-ку. О.Шарафиддинов ўз мақолаларида бир неча марта мактабдаги адабиёт ўқитувчиси Қудрат Ахмедовни ҳурмат билан тилга олиб, унинг адабиётни тушунишида, адабиётшунос бўлиб етишишида ушбу муаллимнинг хизмати катта бўлганини таъкидлаган. Бундай муаллимлар кам бўлмаган. Улар ҳар бир шаҳар, туман, қишлоқда билим ва маҳоратларини сафарбар этиб, ўша Р. Раҳмат тушунмаган дарсликлар асосида таълим берганлар.
Тўғри, ўша даврларда мустабид мафкура тазйиқи ва таъқиби остида миллий адабий меросимизнинг катта қисми “диний-мистик адабиёт” ҳамда “феодал-клерикал адабиёт” таснифи асосида дарслик-мажмуаларга киритилмаган, шўро мафкурасига мувофиқ келадиган қисмларигина таҳлилга тортилган, нотўғри талқинлар, хато ва камчиликлар кўп бўлган. Бугунги мустақиллик мафкураси нуқтаи назаридан қараганда, улар маънан эскирган эди. Бироқ уларни ўша даврдаги илғор фикрли миллий зиёлиларимиз ёзган. Улар адабиётга муҳаббат уйғота олган ва тили тушунарли эди. Шу сабаб бу дарсликлар узоқ муддат барқарорлигини сақлаб келган.
Биз устозларимиз Умарали Норматов ва Бегали Қосимов раҳбарлигида, Ёзувчилар уюшмаси раҳ­на­мо­лигида 25 мутахассис ҳамкорликда 90-йилда иш бошлаб, мустақиллик даврида янги дарсликлар авло­дини яратдик. Эски дарсликлардаги хато ва камчиликлар тузатилди. Адабиёт дарсликлари концептуал янгиланди. Уларнинг катта қисми илмий-ижодий, мафкуравий янгилиги туфайли дарслик-тадқиқот сифатида майдонга келди.
Суҳбатда олимлик шаънига айтилган мана бу бе­писанд гапларга асло зарурат йўқ эди: “… адабиёт ўқитувчиси, университет профессори бўлиш учун ало­ҳида ижодий қобилият шарт эмас. Аълочи ва тиришқоқ мактаб ўқувчилари келажакда адабиёт профессорлари бўлиб етишишлари мумкин. Олим бўлиш учун, атоқли адабиётшунос Озод Шарафиддинов айтганларидек, шим керак, холос. Бу дегани столда кўп ўтириб ишлайдиган одамнинг шимининг орқаси тез йиртилади. Олим одам кийган шимнинг орқаси илвираган бў­лади”. Аввало, олимликдек муқаддас салоҳиятга нисбатан шундай ҳурматсиз сўзлар равомикин.
Қолаверса, ҳар қандай тиришқоқ ва аълочи ўқувчи ёки талаба олим бўлолмайди. Бунга жуда кўп мисолларни келтириш мумкин.
О,Шарафиддиновга нисбат берилган гапга келсак, устознинг “Олим бўлиш учун шим керак, холос” деган гапларини бирор манбада учратмаган эканмиз.
Суҳбатда таъкидланганидек, “Олимлик – тизимли таълим ва сабр-тоқат маҳсули”гина эмас. Олимлик ҳам шоирлик сингари Худо юқтирган алоҳида илоҳий истеъдоддир. Ҳатто, тарихда кўп олимлар авлиёлик хис­латига ҳам эга бўлганлар. Ана шундай истеъдодга қўшимча равишдагина муттасил ўтириб ишлайдиган меҳнат илмий самара бериши мумкин. Муттасил меҳнатсиз илоҳий хислат ҳам, илоҳий хислатсиз меҳнат ҳам олимлик эмас. Бу ҳаётий тажриба давомида кўп илм талабгорлари тақдирида кузатилган.
Айримлар олимлик учун илоҳий истеъдодгина кифоя деб ўйлайдилар ва адашадилар. Олим бўламан деган одам илоҳий истеъдод билан бирга жисмоний куч-ғайрат, сабр-тоқат, журъат, жасорат ва матонат, муттасил ўтириб ишлайдиган мустаҳкам иродага ҳам эга бўлиши шарт. Акс ҳолда, истеъдод имконияти зое кетади. Олимлик истеъдоди – юксак ақлий салоҳият, донишмандлик, ҳассос қалб ва жисмоний баркамоллик уйғунлигидаги ижодий фаолиятдир.
Олимликнинг илоҳийлиги шундаки, биринчи олим Яратганнинг ўзидир. Олим – Яратганнинг номлари ва сифатларидан бири ҳам. Оллоҳ борлиқни ижодкорлик салоҳияти маҳсули ўлароқ яратган. У ўзидаги энг олий фазилат – мутафаккирлик, ижодкорлик, ақлий са­лоҳият, олимлик истеъдодини жамики мавжудот ичра фақат ва фақат оламда мужассам этган.

Коинот гултожи инсондир азал,
Ундадир энг олий тафаккур, амал.
(А.Орипов)

Олимлик илоҳийлигининг яна бир далолати Ислом оламида олимларнинг даҳоси Муҳаммад пай­ғамбар эканлигида. Яратган эгамиз шунинг учун ҳам Қуръони каримни Ул зотга нозил этди. Муҳаммад (САВ) Оллоҳнинг пайғоми – Қуръони каримни бутун ҳо­латда инсониятга етказди. Ислом арконлари ва шариат аҳкомларини жорий қилди. Ҳадиси шарифларни баён этди. Ислом назарияси ва амалиётини ҳаётга татбиқ этди. “Олимлар – пайғамбарнинг ворисларидирлар” деган ҳадиси шариф ҳам олимлик илоҳий ис­теъдод эканлигини тасдиқлайди. Алишер Навоий ана шу ҳадиси шарифни асос қилиб олиб, олимликни улуғ­лайди ва олимларни пайғамбарнинг издошлари, меросхўрлари сифатида эъзозлайди:

Кишиким қилса олимларга таъзим,
Қилур гўёки пайғамбарга таъзим.
Ҳадис ўлмиш набийдин ўйла ҳодис
Ки, олим келди пайғамбарга ворис.

Р.Раҳматнинг ўзи ўсиб улғайган муҳит ҳақидаги фикрлари жуда таажжубланарли: “Мен улғайган оила адабиётдан жуда йироқ эди… На мактабда, на оилада китоб ҳақида гапирилмас эди. Болалигимда ҳеч ким менга китоб совға қилмаган ва адабиётга қизиқишим ҳеч қачон рағбатлантирилмаган… Ҳатто, айрим пайтлар қўлимдаги китобни юлқиб олиб йиртиб ташлашлар ҳам бўлган. Нафақат бизнинг оила, балки бутун қишлоқда китоб деган нарса ерда ётган хазончалик қимматга эга эмас эди… Ҳозир ҳам бизнинг қишлоқда кўпчилик кўчада китоб кўтарган одамни девонага тенг кўради ва китоб ўқишга қизиқ­қан йигитга унча-мунча оила қизини бермайди…” Бу гапларга ишониш-ишонмасликка ҳай­рон­сан одам. Унинг қишлоқдошлари бу фикрларга қўши­лишар­ми­кин, шу иснодни кўтара олишармикин? Ўтмиш­ни-ку тушуниш мумкиндир, лекин наҳотки ҳозир ҳам бу­тун бошли қишлоқда бирорта маърифатпарвар зиёли бўлмаса? Наҳотки, бу қишлоқ одамлари шу қа­­дар қолоқ? Ахир, бундай тасвирдаги макон жа­ҳо­лат уясига айланиши хавфи бор-ку. Бизнинг мам­ла­катимизда тамаддундан узилиб, ўз қобиғига ўра­либ қолган қишлоқлар ҳануз борми? Ватанпарвар, мил­лат­парвар, маърифатпарвар укамизнинг ўзи қиш­­лоқ­дошларини жаҳолатдан қутқариш учун бирор иш қил­димикин? Мулоқотни ўқирканмиз, ана шундай са­воллар гирдобига ғарқ бўлдик.
Айниқса, ҳозирги адабий жараёндаги саёзликлардан ҳасратлар, босилиб чиқаётган адабий маҳсулотни хашакдан олиб хашакка солишлар…
Суҳбатдаги айрим гаплар соғлом фикрлашга ўх­шамайди: “Мактабда адабиёт фанидан ўтилган дарслардан жуда кам нарса ёдимда қолган. Кўйлагининг тугмаланган жойлари транг тортилиб киндиги кўриниб турадиган адабиёт ўқитувчимизнинг “Милтиқли киши” пъесаси” деб бошланадиган гаплари ёдимда қолган. Нега айнан шу ҳолат хотирамга муҳрланганини ҳануз тушунмайман…” Диққати ўқитувчиснинг “кўйлагининг тугмаланган жойлари транг тортилиб киндиги кўриниб турадиган” ҳолатига қаратилган ўқувчининг эсида ни­ма ҳам қоларди. Мулоқот муаллифлари билимли эканлиги, жиддий ва дардли мулоҳазалар ҳам борлиги сезилиб турибди.
Савия эътибори билан ягона бўлмаган бундай мулоқотлардаги пасту баланд гапларни “шунчаки муаллифларнинг шахсий мулоҳазалари-да” дея бепарво бўлмаслигимиз лозим. Оммавий ахборот воситаларининг тўртинчи ҳокимият сифатидаги ролини ҳам унутмаслигимиз керак. Унинг ҳокимлик қудрати шундаки, ўқувчиларда умумий фикрни шакллантиради.

Нусратулло ЖУМАХЎЖА

”Ёшлик” 2014 йил, 10 сон.

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn