Шоирлар ўлмайди

hakim bozorЮсуф Расул

Кеча Панжикентдан бир нохуш хабарни эшитиб анча мутаассир бўлдим. Қишлоғимиздан чиққан кекса педагог, шоир Ҳаким Бозор вафот этибдилар. Домла бу йил 84 ёшга тўлган эдилар.

Домла узоқ йиллар Сўжина қишлоғидаги 2- ўрта мактабда ўзбек тили ва адабиётидан дарс берганлар. Камина ҳам икки йил шу мактабда ўқиганман.

Ҳаким Бозор қаламига мансуб кўплаб қўшиқлар таниқли хонандалар томонидан куйга солинган. Таниқли хонанда Ортиқ Отажонов куйлаб келган ”Ёр ўйнади”, ”Нон азиз” қўшиқлари муаллифи ҳам бизни домламиз эдилар.

Бир умр қишлоқдан чиқмай ижод қилган Ҳаким Бозордан кўплаб шеърий ва насрий китоблар мерос бўлиб қолди.

Бундан анча йил олдин домланинг ижодларидан намуналарни тўплаб ”Ҳаким Бозор” (www.hakimbozor.yangidunyo.org) номли бир интернет саҳифа ташкил қилган эдим. Бу янгиликни эшитиб домла анча қувонган эдилар.

Кеча ярим тунда қишлоқдан қўнғироқ қилган синглим Наргизанинг турмуш ўртоғи, Ислом поччом шоирнинг дафн маросимида минглаб одамлар тўпланганини, деярли бутун Марказий Осиёдан жуда кўп ижодкорлар етиб келишганини айди. Оддий фермер бўлган поччамни Қозоғистондан келган бир ёзувчининг гаплари таажжубга солибди. ”У киши ”шоирлар ҳеч қачон ўлмайди, улар ўз ёзган шеърларида , халқ хотирасида ҳамиша яшаб қолишади” деди. Ҳақиқатдан тўғри гаплар! Шундай эмасми?”

”Ҳа, почча! Булар оддий ҳақиқат,!” дейман ўзимга ўзим. ”Шеърлар шоирлар руҳининг моддийлашган шаклидир. Шоирларнинг қалби, руҳий дунёси шеърларга кўчиб, узоқ йиллар яшаб қолади. Ижодкорнинг оддий одамлардан фарқи шунда”.

Бугун домла Ҳаким Бозор веб саҳифаларини қайта ўқир эканман, қўйидаги шеърга кўзим тушиб қолди: ”Мен асло ўлганим йўқ”, дея хитоб қилган эканлар домла….

Охиратингиз обод бўлсин устоз!

****

Хаким бобом тирик денг,
Тириклардан йирик денг.,
Яхши ишга шерик, денг –
Мен асло улганим йук.

Сизсиз яшноқи боғим,
Абад синмас алп тоғим,
Асло сўнмас чароғим-
Мен асло ўлганим йўқ..

Ўқинг, илм олинг аъло,
Бўлинг оқилу доно.
Дунё ичра СИЗ дунё –
Мен асло ўлганим йўқ.

СИЗ- ҳаётим – ўлмайман,
Меҳрингиздан тўймайман,
Ўт- оловда куймайман –
Мен асло ҳам ўлмайман.

Руҳимни ҳам айлаб шод,
БУЗУРГИМ этинг обод,
Дуоларда этинг ёд –
Мен асло ўлганим йўқ.

Бор бўлсин ёрўғ дунё,
Сизга бахт берсин Оллоҳ,
Мени ҳам айланг дуо,
Мен асло ўлганим йўқ.

Йўлу чўлга экинг тут,
Пайвандлар айланг шоҳтут,
У берар гавҳар, ёқут-
Мен асло ўлганим йўқ.

Ҳаққа тенг шоҳу дарвеш,
Фақат этинг савоб иш,
ДУО олинг, ҳам олқиш –
Мен асло ўлганим йўқ.

Фақат ҳақ йўлдан юринг,
Давру давронлар суринг,
Дунё тургунча туринг –
Мен асло ўлганим йўқ.

Жаннат аро юрибман,
Сизни кўриб турибман,
Ширин суҳбат қурибман –
Мен асло ўлганим йўқ.

Азизларим, СИЗ ўлманг,
Ёмон кунларни кўрманг,
Шайтонларга қул бўлманг –
Мен асло ўлганим йўқ.

Умримга бериб шитоб,
Хужа Бузургим – офтоб,
Сизлар манга нур китоб –
Мен асло ўлганим йўқ.

Муҳаммаджоним пайванд,
Чилтонлар берур мадад,
Ҳаётингиз асал- қанд –
МЕН асло ўлганим йўқ,

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn