Гўзал Рўзиева: Кузнинг ярми (Шеърлар)

Рўзиева Гўзал Сатторовна, 1986 йил 31 октябрда Бухоро вилояти, Жондор тумани, Тобагар қишлоғида туғилган.1993-2004 йилларда Жондор туманидаги 22-ўрта умумтаълим мактабини, 2004-2008 йилларда Файзулла Хўжаев номидаги Бухоро давлат университети тарих факультетини тугатган.
2004 йилда “Тонг сабоси” номли шеърлар тўплами нашрдан чиққан.

 

Дедилар:Севмоқ-гуноҳ…

Дедилар:Севмоқ-гуноҳ,
Оллоҳдан бошқасини.
Дедим:Мен ишқ туфайли,
Кўрдим Унинг аксини.

Дедилар:Севги-ёлғон,
Ишонма чўпчакларга.
Дедим:Дунё қурилган,
Аслида эртакларга.

Дедилар:Кўзингни оч,
Осия бўлгайдирсан!
Дедим:Фақат мен билан,
Бахтингни кўргайдирсан.

Дедилар:Охири йўқ,
Бу йўлингдан қайт ахир.
Дедим:Менга ҳисларинг,
Айт уларга,айт ахир!..

Дедилар:Афсус…Шайтон
Эгаллабдир жисмингни.
Дедим:Тирикманки,то
Такрорлайман исмингни!..

Дедилар:Эҳ,девона!
Қаранглар тилагига.
Дедим…
Дедим:Ўлсам бир куни,
Кўминглар юрагига…

Юрагига кўминглар,
Руҳим шод бўлса шояд.
Мени десангиз,кейин
Қалбин айланг зиёрат!..

 

 

Кузнинг ярми

 

Энди кузнинг ярмисида-қовжироқ дунё
Қолган ярми-хазонларга айланган япроқ.
Энди кузнинг тенг ярмиси-авжи саратон,
Қолган ярми-оловларни ўртаган титроқ.

Энди кузнинг ярми-ҳижрон сарғайтган хотир,
Қолган ярми-хиёбонда қўним топган ҳис.
Энди кузнинг ярми-соғинч ,ярми хавотир,
Қолган ярми-эшигингга келолмаган из…

Гўзал фасл-кузмас энди,ярми қаҳратон,
Қолган ярми-қалбларгача кириб борган қиш.
Энди кузнинг ярми-танча илитмаган уй,
Қолган ярми-ниманидир интизор кутиш…

Энди кузнинг ярми-нурин йўқотган қуёш,
Қолган ярми-тунлар сарсон тентираган ой.
Энди кузнинг ярми-чертилмаган дераза,
Қолган ярми-пиёлада совиб қолган чой.

Энди кузнинг ярми-ишқни эслатган сурат,
Қолган ярми тушуниксиз,қолган ярми ғайб.
Қачон бунча маҳзун бўлди биз севган фасл,
Азизим,биз бахтсиз бўлсак,кузда нима айб?..

 

***

 

Мен кўкдан тушаман бир куни,
Пойингга пояндоз бўлишга.
Кўзларинг қаърига чўкиб жим,
Лабларинг тафтида ўлишга.
Мен кўкдан тушаман бир куни…

Ишонгин,ҳаммаси ўткинчи,
Бу дардлар,
Бу ҳижрон,
Бу ҳасрат,
Бариси тан берар тақдирга,
Абадий ишқ яшар,ишқ фақат!
Қолгани бариси ўткинчи.

Дийдамда тош қотди бу соғинч,
Йиғладим,лек сенга бормадим.
Ойналарга чертиб ўксиди ёмғир,
Унгада кўнглимни ёрмадим.
Дийдамда тош қотди бу соғинч…

Уфққа қуёш ботар ҳар кун бетиним,
Қанчалик азоб-жим кузатмоқ.
Сен-ерда,мен-кўкда ҳар куни,
Соғинчни тунларга узатмоқ.
Соғинч бўлиб ботар қуёш бетиним!

Сезяпман,бормоғим тайиндир,
Фақат…Етармикан сендаги сабр.
Ахир,сен ғурури кўкдаги қизга,
Қалбингнинг тубида қазгансан қабр.
Сезяпман…Бормоғим тайиндир!..

Сен фақат кут мени!..
Кутгин…
Кутақол!..

 

КАЛЕНДАРНИ ЁМОН КЎРАМАН…

 

Календарни ёмон кўраман,
Бахтли он йўқ унда мен учун.
Қувонч тақсим қилиб барчага,
Мени ёддан чиқарган очун.

У шунчаки оддий ҳисобот,
Зерикарли,фараҳсиз кунлар.
Шодон юлар саҳифаларни,
Фақат тўрт-беш бахти бутунлар!

Сонга тўла шилдироқ қоғоз,
Босиб борар юрагимга гард.
Тушимда ҳам сиз йўқламас кун,
Сизсиз ўтган саккизинчи март…

Бадбахт ишқни эсламай бир бор,
Такрор келар саналар тинмай.
Юрагингни ўлдирган кунни,
Хотирлайди тўққизинчи май!..

Ҳиссиз дунё,қора сукунат
Ўпқонига тортади беун.
У-тақвимда энг машъум сана,
У-иккимиз хайрлашган кун…

Бас!
Парчалаб ташлайман уни,
Сўнди мана қалбда сўнгги чўғ.
Календарни ёмон кўраман,
Чунки,унда сиз келар кун йўқ!..

 

***

 

Юрагингда музлар бор эди,
Чўғлар тутган қўлим совқотди.
Қалбингга илиқлик берай,дедиму…
Умримнинг ёзини йўқотдим.

Юрагингда музлар бор эди,
Айтолмадим ҳеч ҳаддим сиғиб.
Ёнишларим , о,бекор эди,
Кўклам кетди,гулларин йиғиб…

Юрагингда музлар бор эди,
Нима қилай,аритолмадим!..
Қай биримиз гуноҳкор эдик,
Куз қуёши эритолмади.

Буёғи қиш.Қўрқаман энди.
Фақат,сўзим малолга олма.
Қандай бўлсанг,бўлгин илтимос
Қородамга айланиб қолма!..

 

Нима бўпти…

 

Ёдингизни кўнглин тоқига илиб,
Нима бўпти,сизни соғинса бир қиз…
Борлигингизнида бахти деб билиб,
Хотира альбомга овунса бир қиз…

Кўксига кечалар урганда ханжар,
Болишга дардларин айтиб йиғласа.
Дунё кенг,чарх рангин бўлсаю агар,
Сиз сабаб…
Сиз сабаб сиғмаса…

Қуёш тингламаса,уфққа беркиниб,
Моҳни қийнамаса қалбининг оҳи.
Бир сизга интилиб,сизга юкуниб
Яшагани бўлса,ёлғиз гуноҳи…

Қиз юраги ўзи шундай муммо,
Салга бу борлиқдан тўяди.
Унутади,бхтли бўлади,аммо
Нари борса…
Севгига ишонмай қўяди…

Нима бўпти …

 

Баҳор бўлсам…

Баҳор бўлсам,боғингиздан кетмас эдим,
Бошингиздан сочиб қийғос куртакларни.
Тунги еллар аро сизга шивирлардим,
Бахтли якун топган барча эртакларни…

Баҳор бўлсам,қизғалдоқлар тўшар эдим,
Пойингизга,олиб келиб чўққилардан.
Шошқин сойга,шаршарага ўхшар эдим,
Уйғотардим сизни минг йил уйқулардан.

Ялпиз бўлиб унар эдим бағрингизда,
Бўйингизга гултуморлар тақармидим…
Азизимсиз-юрагимнинг кафтидаги,
Айтинг,баҳор бўлсам сизга ёқармидим?..

 

***

 

Яхшиям йўллар жим,
Гапирмас йўллар,
Яхшиям тошларнинг тошлиги бор гап.
Агар,тилга кирса баногоҳ улар
Чақириб келарди сизни атайлаб…

Яхшиям осмоннинг осмонлиги ҳақ,
Йўқса,соғинчимни сизга айтарди.
Ёмғирга айланиб кўз ёшларимдан,
Кўксингизга тўкилиб қайтарди!..

Яхшиям симларнинг тили йўқ ҳали,
Эшитади холос,сўзлаганимни.
Фақат у-телефон билар тунлари,
Гўшакка осилиб йиғлаганимни…

Яхшиям дарахтлар шовуллар фақат,
Қўрқаман бир куни қолсалар сўзлаб.
Исмингиз ўйилган сершох пўстлоққа,
Миллион марталаб босган эдим лаб…

Яхшиям Сиз борсиз соқов дунёда,
Турналар,қушларнинг борлиги каби.
Гоҳ рўё,гоҳида жаннатий туҳфа-
Оромбахш тушларнинг борлиги каби.

Яхшиям Сиз борсиз тилсиз дунёда!..

 

***

 

Бир нурки…
Эгасиз ҳарорат,
Бир нурки,қуёшнинг тафти бор.
Бир куни келасан сен албат,
Бу нурга бир сени ҳаққинг бор…

Бир қалбки…
Оташи,гулхани,
Ёндирса…Ўт қўяр оламга.
Бир дардки,адоқсиз маҳзани,
Билмайсан,оғир бир одамга.

Бир малак…
Бир хилқат…
Бир суврат…
Энди ҳар ёнингда кезади.
Бир юрак…
Бир тақдир…
Бир қисмат…
Айт,қачон бахтини сезади?!

Бир назар,
Ҳечқурса бир назар..!
Дил ўзга орзуни тиламас.
Сенсизлик…
Ва бир мен вафодан
Ўзгасин ёнига йўламас.

Бир куни,
Йиғлаган,ёзиқ соч.
Кўргандинг,телбаҳол тургандим.
У-кунмас,эслагин…Соғингач,
Ноилож…
Тушингга киргандим!..

 

Сен кетгач…

 

Дарахтлар йиғлади…
Ёмон йиғлади!..
Булутлар ўксиди,хўрсинди осмон.
Сен кетгач,дунёга дунё сиғмади,
Биз кетгач,мунғайиб қолди хиёбон.

Тоғлар сени сўраб,келди қошимга
Шамол тўфон солди,ҳайқирди тенгсиз.
Ёмғирлар муз бўлиб ёғди бошимга,
Айт,
Ёлғиз кўтара олсамми сенсиз?..

Ажабо!..
Мен жимман,карахтманми ё,
Қизиқ,қароғимда айланмади ёш.
Фақат,бир нуқтадек кичрайди дунё,
Фақат,шу нуқтага сиғмади қуёш…

Сен кетгач,осмонга чиқмади қуёш,
Атроф рутубатга айланиб қолди.
Қара,мағрурмисан,чархнинг тақдири,
Сенинг ташрифингга бойланиб қолди…

Майли,номим юлгин қалб дафтарингдан,
Энди гўё фарқсиз,йўқдек зиёни.
Мен ўлиб бўлганман,раҳм қил ахир
Лоақал,қутқариб қолгин дунёни!..

 

***

 

Бир нарса истовдим юрагингизга,
Тонгги насимдек хуш,
тундек осуда.
Капалакдек ҳарир либос буркаган,
Бир туйғу илинган эдим мен жуда.
Бир нарса истовдим юрагингизга,
Чашмиоб у, тиниқ,
шаффоф,
бокира.
Чўққидан улуғвор,
уммондан теран
Ҳеч кимга сезмадим бу ҳисни сира.
Бир нарса истовдим юрагингизга,
Ялпиз тароватли,атиргул бўйли.
Парвардигор,ўзинг берсанг бўлмасми,
Унгаям…
Мендаги хоҳишни,ўйни!
Бир нарсани жондек хоҳловдим унга,
Ўша ҳис қонимда гупураяпти.
Наъматак қалбимда гуллаётгандек,
Димоғимга ҳиди уфураяпти.
Саҳрода томчига муштоқ ташнадек,
Руёга интилиб чопгандек интиқ.
Нега бу истакка айланган умрим?
Қайдан бу саробга бўлдим мустаҳиқ?..
Недир у-қонимни оловлаган чўғ,
Токай ёлғиз ўзим сазоман,бандман.
Худойим,одамдек яшаганим йўқ,
Шу истак туфайли мавжуд эмасман!
Бир нарса истовдим жон қадар азиз,
Муҳаббатми,оташ эди у чоғи.
Ёки мендан олгин,ё унгаям бер…
Ахир,бир ўзимга жудаям оғир!

Бир нарса истовдим…

 

* * *

 

Эсламаймиз бир-биримизни,
На бирор хат ,на бир қўнғироқ.
Биз тескари магнитлар гўё,
На яқинмиз,лекин на йироқ.
Сўнг келасиз.
Ўйчан қиёфа,
қаддингиз тик,нигоҳингиз ўқ.
Шу лаҳзада англайман бирдан,
Оламда сиз!
Бошқа ҳеч ким йўқ.
Кўйлагимнинг нақшларига,
Кўзларимга термуласиз жим.
Дейсиз:-Йўлим тушди шу томон,
Сизни ҳам бир кўрай деб кирдим.
Ичидан чирт синади ногоҳ,
Ташрифингиз хуш ёққан кўнгил.
Лаҳзалик бахт сезар зирқироқ,
Кўзларига тортилгандек мил…
Сўнг чекасиз,ўрлайди тутун.
Сизни ўрар халқали туман.
Бахтимизни асрий туманлик,
Қоплагандек ғашлик сезаман…
Кетасиз!
Қалб гулдурослари
Сизга етмас,қайтаролмайди.
Аммо…
Соғинч нуқси ўтириб қолган
Кўзларингиз алдаёлмайди!
Хайр демам,кузатолмайман,
Юрагимда номаълум ҳадик.
Изингиздан сурилар парда.
Тик қаддингиз тортгандек эгик.
Хаёлларга бераман изн,
Кўксим тобор тортаверар ғаш.
Кўйлагимнинг нақшларидек,
Нега бизнинг тақдирлар чалкаш..?
”Хайр” оғир,
”Алвидо” азоб,
Дарпардани ғижимлайман жим.
Ишқимизнинг гулгун юзига
Қай кун парда тортдик,азизим?
Келгандингиз,демадим “Қолинг…”,
Сизни эмас,ўзни алдадим.
Шу лаҳзада…
Тепада кимдир
иккимизни ёмон қарғади!..

 

Баҳорни соғиндим…

 

Пойимга гулларин тўшаган,
Бир гўзал ифорни соғиндим.
Меҳрда синглимга ўхшаган,
Баҳорни соғиндим…

Қизғалдоқлар қучган тоғларни,
Хуш насимлар эсган боғларни,
Олиб келган дилхуш чоғларни,
Баҳорни соғиндим…

Арғимоқда учган ҳисларни,
Ўсма сурган сирдош қизларни,
Ўрик гули тўккан изларни,
Баҳорни соғиндим…

Қорлар эзган маъюс торкўча,
Чучмомага интиқ зор кўча,
Охир айтди дардларин кеча,
“Баҳорни соғиндим!..”

Капалакман,асли гулдаги,
Соғинчми у оғриқ,дилдаги
Йиғламадим!..
Йўқ,йўқ шунчаки,
Баҳорни соғиндим…

 

Ҳолат

 

Сиз менга бир олам мавҳумот,
Ва ундан ортикрок алам бердингиз.
Билмадим,қалбимнинг бекик уйига,
Қайси ғафлат қолган
Кунда кирдингиз…

Сўнг бўлдик борини,
Қувончлар сизга.
Андуҳни мен олдим,билмайсиз.
Бахтга энг яқин йўл Сизга тегишди,
Мен тиканзордаман…
Келмайсиз!..

Уфқ қадар туташган кўнглимнинг,
Саҳнида елдингиз,чопдингиз.
Шамолга совуриб туйғуларимни,
Айтинг,нима?
Нима топдингиз?..

Аламми?
Нафратми?
Шу тилакмиди?
Кўринг,мухаббатни мавжуд,демайман.
Сиз пора қилган сунг,
У-юракмиди…
Мен энди,
Мен энди севмайман!..

Келманг,
Саркаш хислар хаққи,илтимос.
Дард бўлди сиз берган,
Ишқнинг озори.
Ишонинг,куксимда турган-юракмас,
Аллакачон ўлган ҳислар мозори…

Бағримни қон қилган нима у ўзи,
Синовми,кўксимга отилган ўқми?
Наҳотки,мозорга қадаб ўтгани,
Лоақал бир дона гулингиз йўқми?..

 

Видо

 

Кечирдим…Борингиз,қайтмангиз ортга,
Видодан сўнг ахир,қайрилмоқ нечун?..
Қўрқманг,тўлдирмайман чархни фарёдга,
…Ва..Сиз ҳам кечиринг,севганим учун!.

Авф этинг,умрингиз саҳфаларини,
Сиз туймаган ҳисга бўяб яшадим.
Кутдим,кутилмаган лаҳзаларимни…
Илинжга жонимни суяб яшадим.

Ўйлардимки,меҳрим енгар барини.
Бешак,ишқ илоҳий атамайдилар.
Аммо,музлар босмиш кўзлар қаърини,
Билдимки,нигоҳлар алдамайдилар!..

Энди,мен осмонга чиқиб кетган Нур,
Энди,Сиз-ўйлаш ҳам гуноҳли хаёл.
Сезяпман,бу қадар севмаганимда,
Бахтли бўлармидик,эҳтимол…

Суъратимни беринг,қувончимни ҳам,
Унутаман,илк бор изҳорингизни.
Ҳеч нарса қолмасин,қайтариб олинг,
Олинг,қалбга берган озорингизни…

 

Билсайдинг…

 

Билсайдинг…
Минг йилки,жонимда аччиқ бир сезим,
Минг йилки,бўғзимда оловли нидо.
Дунёнинг бошидан сўнг қадар кездим,
Унинг юрагига етмадим,Худо…
Танимда-соғинчдир,қон эмас мани,
Бир сенга,бир унга сезилмас додим.
Умрим-ишқ дайрида сарсон кемами,
Эй,жонимга қасдим,кўзи жаллодим!..
Малак эдим,кўшкдан тушдим қачонлар,
Минг йилки,пойингда сарсон лоламан.
Қара,чақирмоқда хуру-ғилмонлар,
Кутмаган кунингда кетиб қоламан..!
Билсайдинг…
Ҳар куним минг китоб ҳасрат,
Сен уни на кўрган,на ўқий олган.
“Кетаман”,дейману…Дейману,фақат,
Иложсизман,ахир қалб сенда қолган!..
Лабимни ёдингга босдим пичирлаб,
Номинг қўшдим ҳатто ибодатгача.
Майлига,сен сарсон дилни кечирма,
Билмайсанда…
Бу ишқ қиёматгача!…

Билсайдинг…

 

Ёлғизим

 

Ёлизим!..
Ёлғизлик ҳеч сизни ҳам қийнайдими?
Қалбингизни мубҳам,шум хаёллар тирнайдими?
Нега бизни худойим азобларга ташлаган,
Ўзи яратиб қўйиб,ҳолимиз билмайдими?!

Орамиз кўз-қош йўли,икки қутб одамимиз,
Мағрурмиз!Дийдор томон оғирдир қадамимиз.
Балки,тақдир йўлида тўқнашган хатоми биз?
Ёлизим!..
Ёлғизлик ҳеч сизни ҳам қийнайдими?..

Минг бора тердим ўша қадрдон рақмларни,
Яна минг бор ўчирдим,эсладим қасамларни.
Бунча ғам чулғаяпти ахир биз одамларни,
Ёлизим!..
Ёлғизлик ҳеч сизни ҳам қийнайдими?..

Шамол бўлсам,сочингиз тараб ўтган бўлардим,
Ҳилол бўлсам,ойнадан қараб ўтган бўлардим,
Шу гапни ўзингиздан сўраб ўтган бўлардим,
Ёлизим!..
Ёлғизлик ҳеч сизни ҳам қийнайдими?..

Ўша дамда мени бир кўргингиз келмайдими?..

 

***

 

Биз томондан эсган шамоллар,
Сизга мени эслатяптими?
Хотиралар,сокин хаёллар
Қалбингизни йиғлатяптими?!

Сезяпсизми,майин бир ифор
Юзингизни силаганини?
Ўйламассиз,кимдир шу лаҳза
Сизга бахтлар тилаганини…

Кутяпсизми кимнидир илҳақ,
Эшик хомуш,қўнғироқлар жим…
Интиламан!
Хоҳлайман!
Наҳот?
Боролмайман,энди азизим?!

Йўллар бефарқ,дунёлар бефарқ
Айирмоқда бизларни тақдир.
Кечиб кетдик бир-биримиздан,
Кечолмадик севгидан ахир!..

Орзу оппоқ,тақдирлар қора,
Зулматли тун,юлдузлар кулмас.
Ишқдан ёдгор юраклар яра
Лекин,ҳамон унутиб бўлмас…

 

АРМОН

 

Кўрдим мана,
Қайданам кўрдим!
Кўзларингиз…Эримас муздек.
Бу дунёда бахтсиздан бахтсиз,
Яралмаган жавобсиз ҳисдек.

Бу не қараш,
Бу не совуқлик!
Нур истадим,
Сиз…Сиз тунддайсиз.
Қуёш бўлиб отдим сиз томон,
Сиз-туманлар босган кундайсиз.

Азал нотенг яралган дунё,
Мувозанат бузилган асли.
Кўклам бўлиб гуллар элтган дам,
Сизда…
Сизда қаҳратон фасли.

Туйғуларсиз яшамоқ қандай,
Қалб бўлурми шунчалар фақир.
Бу дунёда ёмондан ёмон,
Кўзга боқиб ҳиссизлик ахир!

Наҳот кўндим,озурдаликдан
Юрагимнинг тилинишига?!
Лекин,қандай қўл силташ мумкин
йўлларимиз бўлинишига…

Ҳажр тунин кафтида ханжар,
Жонни сўяр ойнинг ўроғи.
Бу дунёда азобдан азоб-
Эгаси йўқ ишқнинг сўроғи!..

Бепарвосиз, энди фарқи йўқ,
Ёмон кўринг.
Илло,ушбу дам
Билмайсизки…Ёлғиздан ёлғиз
Туйғулари жавобсиз одам!

 

МАЙЛИГАМИ?

 

Майлигами,
Сиздан кетсам ортга қарамай,
Юрагимни тилмаса ҳам дардли бир нола?
Худо бизга атаб бахтни олиб қўйганда,
Биз айрилиб кетаверсак яна тобора…
Қўрқмайсизми,
Эсламасам,ўйламасам ҳеч?
Сизсизликдай мотам энди дард бўлмай қолса!
Нималардир ўтиб кетса,кейин бўлса кеч,
Ва ундан сўнг келишингиз шарт бўлмай қолса…
Тошдан қаттиқ,
Тиғдан кесгир соғинч фарёди
Бўғзингизда қотиб қолса,йиғлолмасангиз.
Бахт манзилин остонасин зўрға топган чоғ,
Нима учун колганингиз эслолмасангиз!..
Воҳ,бу неки кўзингиздан ёш бўлиб томсам,
Кўксингиздан кетсам мангу
…унга қайтмасам.
Муҳаббатни таҳқир қилган дунё эшигин
Ёпаётиб ҳатто,”севдим” дея айтмасам.
Чидайсизми,
Ҳаёт деган бу тор сўқмоқда,
Йўллар тикка тушганда ҳам боқмасам сизга?
Кўнасизми?
Кўнасизми?!
Кўниксам агар,
Ортиқмени ҳаётимда йўқлигингизга!..

***

Орзу-камалакранг,
Умид-зангори,
Севги…Қиш қоридан ҳам оппоқ эди!
Меҳр яшилликни олган майсадан,
Нафрат-тун.
Йўқ,ундан қорароқ эди.

Соғинч-заъфаронроқ эди кузакдан,
Япроқдек дилдираб елни кутарди.
Ишонч-пушти мисол,
Ҳаяжон-олранг,
Қувонч-шаффофликда сувдан утарди.

Алам….
Йўқ,аламнинг рангги ёқмади.
У жонни қийнаркан,қонталаш экан.
О,буюк мусаввир,ҳаёт расмида
Кўрдим,барча ранглар аралаш экан.

Балки,у шу сабаб оҳанграбо куч,
Аммо,мени қийнар бир савол ҳамон.
Қўлга қалам олиб,тақдирим учун
Қайси рангни маъқул кўрдинг,Художон?..

***

Айтинг унга бориб,
Эсламайди денг,
Бедор ҳислар топган уйқуларини.
Кўзингизни қўмсаб йиғламайди, денг,
Айтинг,
Дунёга сочяпман кулгуларимни…

Айтинг,”Осмонида юлдузлар энди,
Кўксида жимирлаб,нурларни сочган.
Бағрига бир озод қалдирғоч инди,
Умри харобамас…
Бойқушлар қочган!

У-Қаҳкашон ҳозир,
Бахтданда бахтли !
Ўлиб,тирилгани сезилмайди”,денг.
Cўлган қалбни кўмди,аъзадор эмас,
Нимагадир бундан эзилмайди,денг…

Илтимос,барини,барини айтинг,
Фақат,оқ рангларни қўшиблар сўзланг.
У-тошқин дарёдир,бир ирмоғи ҳам,
Сизга қуюлмас,денг!..
Жўшиблар сўзланг.

Умрин кузакларин хазонлар ёпди,
Энди тўкилмоққа нима ҳам бор,денг.
У қайта туғилган,бирам чиройли…
Унинг энди тўртта фасли баҳор,денг!

Суянчим,дўстимсиз,ишонганим-сиз,
Барча гапим айтинг,илтимос,териб.
Ҳа,шундай бахтлиман.
Ақлдан озиб,
Исмимни унутиб қўйгандан бери…

Ўзимни унутиб қўйгандан бери…

 

Нола

 

Сиз билмайсиз,қалбнинг изтиробидан
Дўзах оловида ёқилмоқ надир.
Пажмурда руҳ билан жонсиз танада
Энг равон йўлда ҳам қоқилмоқ надир…

Исмингизни унсиз пичирламоқни,
Қовжироқ ва ҳаёт сўнган лаб билан билан.
Ёдингизла ўтмоқ шавқатсиз вақтнинг
Асрий cимтиканли чегарасидан…

Билмайсизки,уфқнинг алвонтоб ранги,
Дил қонин симириб ботаётганин.
Ҳар бир тонг борлик ва йўқлик оралаб,
Сарсонликлардан сўнг отаётганин…

Сиз билган у-тийрак,мағрур нигоҳ қиз,
Бамисоли хонгул-ҳуркак бир оҳу.
Фақат сиз билмайсиз…
Нечун билмайсиз?
Ахир қайта-қайта яраланган у…

Англаганмисиз ҳеч жароҳат надир,
Лаҳзада миллион тиғ ботганми сизга?
Сукунатнинг мудҳиш муҳри каби-Ой,
Қуёш оловли ўқ отганми сизга?..

Шундай азоб билан яшаганмисиз…
Қийноқлардан жони қутулсин,кетсин.
Келинг,номингизни олинг лабидан,
Кейин…
Соғингани-Худога етсин!..

 

 

Венецияга бормоқликни орзуларди қиз…

 

Ёмғир сирли шивирларкан ҳар гал ойнадан,
Қалбда жунбуш ураверар кўп йиллик бир ҳис.
Томчиларнинг шўхчан рақсин кузатиб маҳзун,
Венецияга бормоқликни орзулайди қиз.
Кўз олдида гавдаланар қадимий шаҳар,
Ва йилларки бузилмаган сокин бир маром.
Икки қирғоқ-тош кўчалар,ёйсимон кўприк,
Тўлқинларга раҳм қилмас чинқироқ паром.
Ана ўзи,ўтирганча борар қайиқда,
Кўзларида бахтнинг акси-жилвали ёғду.
Бармоқлари сувни ўйнар,энгашиб ҳар он,
Ва…
Қайиқда эшкак эшиб борар масрур у.
Ажаб,қизни мафтун этмас жонли Прерия,
Саккарада туя миниб чопгиси келмас.
Париж-севги шаҳри бўйлаб яёв кезгиси,
Ёлғиз юриб,Эйфелни ҳам топгиси келмас.
Биттагина ният қилар,
Венеция…
Қайиқ…
Чунки,малъун тақдир унга урган қаттиқ дўқ.
Эшкак эшиб ўтирганча,сувда кезса бас,
Чунки…
Чунки қизгинанинг оёқлари йўқ!
Шунда ҳам жим чиқаверар самога қуёш,
Яна ҳеч гап бўлмагандай кўкда ой тўлса.
Кўксинг тилган ўқни қучиб йиғла,Ер,наҳот,
Орзунинг ҳам оёқлари кесилган бўлса?!

 

Математика ёхуд қавсдаги одам ўйлари

 

Қандай аянч,риёзиётни ёмон кўрсанггу,
Қасд қилгандек амалларга қолсалар кунинг.
Ҳисобичи?..
Охири не?..
Буни тўлаб қўй…
-Тўловларни жин чалсин!-деб чиқмаса унинг.

Билиб турсанг,каср бўлса умринг тобора,
Сен эса жим-қуруқ сурат,турсанг шўппайиб,
Манфаатлар-манфур махраж…
Бўлинаверсанг!
Математика дарсларидан кулса шум ҳаёт,
Тенглик бўлмай,сен енгилсанг,юлинаверсанг.

Қандай ёмон,формулалар кириб келсалар,
Уйингга.
Кўнглингга.
Маҳкам ўрнашолса кўзингга.
-Яхшилик қилдингми,қайтарсин…
-Қимматбаҳо совға қилгин-ишинг тушади…
…Ва бир куни ойнага боқиб,чидаёлмайсан,
Фаришта ниқобидаги жирканч ўзингга.

Рақамлар кўпайса,сонлар кўпайса,
Унга ажратилган онлар кўпайса,
Сен эса-нўноқ ўқувчи унга тортилаверсанг.
Икки карра қувонч-мусибат,
Уч карра бахт бахтсизликдан кичик туюлса,
Камига елкангга гуноҳлар ҳам ортилаверса….

Яшаш деган илдиз ости ютворса қалбинг,
Қўшсанг,айирсанг,лекин ҳисобларинг бузилаверса.
Ҳаёт деган қора тахта тобор беаёв,
Ўчирғич йўқ,фақат,фақат ёзилаверса!

Ва бир куни…
Чарчаб баридан,
Дунёнинг четига чиқиб бақирсанг:
-Ахир,бундай тирикликдан кўнгил тўлмайди!
Энг ёмони,сезиб қолсанг сиқиқлигингни-
Қавсда эканингни!
Заҳарга айланган кўзёшларингни ичингга ютиб,пичирлайсан жим –
…-Қавс ҳаётида ечим бўлмайди…

 

 

Қачондир…

 

Қачондир дарахтлар унутадилар,
Замину,борлиққа хосликларини.
Қачондир япроқлар ергамас,
кўкка сочилгай.
Қачондир миллиардлаб пилдироқлардек.
Юлдузлар тупроқда яшнаб очилгай.
Қачондир бутун ер тўлгайдир,
Шафтоли гулининг куртакларига.
Ўшанда тоғлар шод кулгайдир,
Елларнинг ҳузурбахш эрмакларига…
Қачондир оламда кўкламдан
Бошқа ҳеч бир фасл бўлмайди.
О,унда одамлар туғилар аксар,
О,унда одамлар ўлмайди…
Ўша келажакда Одам Атодан
Тарқаган маймунлар кезмайдилар,йўқ.
Ўттизга кирмайин уч юз йил умр
Кўргандек ҳаётдан безмайдилар,йўқ!
Унда тиғ-тиғ бўлур номича,
Атиргул тиконла гулламас.
Ўшанда расталар виждонни,
Ҳамият,ғурурни пулламас.
Ўшанда кечалар бағрини ёрмас
Эзгин руҳнинг маъюс титроқликлари.
Нилуфарлар унган гулбоғлар бўлгай,
Қурийди дунёнинг ботқоқликлари.
Ай,бу ер,бу само тўймади
Қалбимни ўлдириб,ўлдириб…
Ўшанда яралгум қайтадан,
Оламни чаҳ-чаҳга тўлдириб.
Биламан ўшанда дўст аниқ,ёв аниқ,
Меҳрим синиқларин термайман.
Кечиргин заминдош,унда боламга
Бу дунёмиз ҳақда айтиб бермайман..

 

Зарафшонга

 

Кабутардек потирлаб кўнглим,
Кенгликларни соғинади гоҳ.
Зарафшоннинг бўйидаги чим,
Дўнгликларни соғинади гоҳ.

Мен қишлоқдан чиқиб кетгандим,
Покиза ҳис,тиниқ қалб билан.
Доғлар тўлган,ямоқ юракни
Олиб ортга қандай қайтаман?!

Ўлчовлари сарҳадсиз шаҳар,
Тўртбурчак уй,тўртбурчак томлар.
Тўрт бурчидан тугунлаб қалбни,
Яшар экан бунда одамлар…

Онам кирлар осган дорарқон,
Тушларимга киряпти бот-бот.
Орзуларим илган ипларни,
Силкиб бунда ўйнайди ҳаёт.

Отам дерди,тўқмоқли ҳақ сўз,
Аммо,борин сўзлаб юргандим.
Бугун ҳар не кўргач,балиқдек
Гунг яшашни ўргандим!..

Тош йўл,
Тош уй,
Тошдан юраклар…
Соғиндим чанг йўлда изимни.
Эслайсанми,онажон қишлоқ
Шаҳарлик тошкўнгил қизингни!

Кечир мени,зарлар дарёси,
Айтолмайман энди қолганин.
Сезаяпман,қайтаман бир кун,
Кечмишларни ювиб олгани…

 

Кел,дунёни кўтариб қўйгин…

 

Кел,дунёни кўтариб қўйгин…
Ўтиб кетай унинг остидан.
Гапимга ё йиғла,ё кулгин,
Юриб бўлмай қолди устида.

Кел,дунёни кўтариб қўйгин…
Тоза еллар тегсин кўксига.
Милиард йилки кўзи тўла мунг,
Миллион йилдан бери ўксиган.

Кел,дунёни кўтариб қўйгин…
Қуёш биздан узоқлашяпти.
Ойнинг доғи кўринмай қолди,
Зуҳал бунча йироқлашяпти…

Кел,дунёни кўтариб қўйгин…
Подалардан тўзон қадамлар.
Динозаврлар чопиб юрганди,
Унда оғир чиқди одамлар.

Сенга нима дема,Художон,
Шамдек сўниб турган дунё бу.
Ҳаммадан менга қадрдон,
Бобом,момом кўрган дунё бу.

Кел,дунёни кўтариб қўйгин…
Бўшлиқ уни тортиб бормоқда.
Кўксидаги яралар вулқон,
Ортганидан ортиб бормоқда!..

Кел,дунёни кўтариб қўйгин…

 

Фарқ

 

Болаликда ғалатийдим-ўйинчоқлар ўйнамасдим,
Хаёлчанроқ,ўйчан эдим,боладайин қувнамасдим.
Аммо,бугун тақдир мени қўғирчоққа ўхшатмоқда,
Юрагимни юлиб олиб,билганича ўйнатмоқда.

Эслаяпман,болаликда само тўла юлдуз эди,
Онам алла айтса-кеча,сўнг қолгани кундуз эди.
Бугун энди осмонимнинг юлдузлари йўқолгандек,
Дунёга тун этак ёйган,кундузлари йўқолгандек…

У дамларда кўчалар ҳам шўху-шандон қадам эди,
Бегона йўқ-унда ҳамма меҳри иссиқ одам эди.
Бугун дилни ачиштирар шўр сўзларнинг тузлари-ей,
Одамга ўхшамай борар,одамларнинг кўзлари-ей!..

Эҳ,у онлар!..Осмон шундоқ қўл узатсам яқин эди,
Замин эса юмшоқ, тафти мисол қайноқ чақин эди.
Бугун мана само олис масофага тенгигандек,
Ер тобора нураб борар,бўшлиқ томон сингигандек…

Ўжар эдим,айтганимга эришмасам қўймас эдим,
Қўл чўзганим беришмаса,йиғлаб-йиғлаб тўймас эдим.
Эвоҳ,бугун эришмаган орзуларга тўлаяпман,
Гарчанд,кўзлар туби ёшли,мағрур туриб кулаяпман!..

Хуллас,энди ёпиб бўлмас,юрагимнинг дарзларини,
Армон билан тўлаяпман,шод кунлардан қарзларимни…
Қачонлардир жамалаклар таққан сочим қисқарибди,
Она,катта бўлгунимча дунё шунча ўзгарибди…

 

Ҳаёт

 

Умр ўтиб бораркан,ҳайҳот
Яшагинг ҳам келмайди баъзан.
Оқу-қора рангли бу ҳаёт,
Бирдек ўтиб кетавераркан.

Бир лаҳзалик умрни гоҳи,
Тутиб қолмоқ бўлдим ўзимча.
Асрга тенг йиллар бегона,
Эрта-бугун,
Эрта-бу кеча!..

Ҳушёрлигу,уйқу…Яна шу.
Бу бир хиллик ҳаётдан тўйдим.
Наҳот,оқу-қорадан бошқа,
Рангларни мен йўқотиб қўйдим?!..

 

Нидо

 

Мендан ўзи нени кўзлаётирсиз,
Нечун сизга ёқмас,кулса кўзларим?
Қадамимдан хато излаётирсиз,
Нима қилдим ахир,сизга дўстларим?!

Юрагимни босиб ўтаётирсиз,
Бу бигиз пошналар,тиғли қадамлар.
Ахир,мендан нима кутаётирсиз,
Айтинг,нима қилдим сизга одамлар?!

Мудом тарозингнинг палласи нотенг.
Ҳақ томонга бир бор боқмадинг қиё.
Сен билан бўлмадим сира ёқа-енг,
Нима қилдим ахир,мен сенга дунё?!

Яратмишинг-хато,яралмишим-танг,
Бекор қилгандайсан,ато қилиб жон.
Борлигим-пушаймон,топганим-аттанг,
Шунга лойиқ нима қилдим,художон?!

Эй юрак!Қонбағир,фақат сен жимсан.
Гарчанд кўзларингда азобли ёҳу.
Нега кўксим ёриб кетмадинг бирдам?
Канча жабр бўлса,сенга қилдимку!..

 

 

Қиш

 

Боғларда ваҳимот…
Қузғунлар ҳоким.
Олам рутубатга бурканди гўё.
Ҳотирга бир ғашлик ўрмалар сим-сим,
Қишдан иборатдек туюлар дунё.

Мўриларнинг кўкка ўрлар оҳлари,
Қаҳратон чимчилар,ўртар юракни.
Қайга кетди кузнинг тийрамоҳлари,
Она,печга яна ўтин керакми?

Бу фасл-андуҳлик,
Йўқ кўргани кўзим,
Дарвозам олдида қорлар…
Изингиз!
Сизни кутаяпман меҳри иссиғим,
Қиш йўқ дунёларга олиб кетинг Сиз…

Ёки такрор айтинг,
Абадиймас,денг.
Совуқ еллар мудом елмаслигига.
Ишонтиринг ахир,ғариб дунёнинг
Қаҳратондан иборат эмаслигига!..

Қишдан ташкил топган туюлар дунё…

 

Қўнғироқ

 

Урилди қаттиқ зарб,
ингради соққа
Сўнгра мис деворга бош урди.
Даранг!
Ўзи англолмади нима бўлганин,
Фақат оғриқ сезди,бўғзида жаранг.
Кўксидан отилди зирқироқ фарёд,
(Ҳиссиз юракларни титратди,бироқ!)
Кунда минг зарб кўрар,
Сўнг ғофилларни
Уйғотиб борарди қўнғироқ.
Раббано,
Майлига кўксимда кадар,
Юрагим йиғласа,кўзимда кулсам.
Дард бергин майлига,
Оғриқ бер,оғриқ-
Розиман,бир умр қўнғироқ бўлсам!
Уйғотсам,кўк қадар соврулса оҳим
Майли,изтиробда қоврулсам,ёнсам.
Кул бўлган жисмимдан озод бўлса руҳ,
Шунда дийдорингга умид уйғонса.
Дунё-кабирлашиб бораётган чўл,
Одамзод-сарбонин йўқотган карвон.
О,ўша саргашта карвонни йўлга
Бошлаган қўнғироқ қилгин,Художон!
Минг йиллар сукути чўмган кўзларда,
Бир ёлқин,
Кўксларда авж нола бўлсам.
Моҳ босган,қоронғу,чиркин қалбларга
Қуёшнинг нуридан бир тола бўлсам.
Зарб бергин майлига,
юксалгум тобор
Кулиб қаршилайман кулфатларингни.
Маҳшар кун қўнғироқ бўлиб чорлагум,
Сен томон расулинг умматларини!..

 

Гладиатор қиссаси

 

Қонга ўч оломон қалқийди бирдан,
Ҳаяжонла гувраниб олар арена.
-Демак,бугун ўлимгача боради бу жанг,
Ахир,Цезарь келаяпти қаранглар,ана.
Бу чоғ эса кўзи қонга тўлган йўлбарснинг
оч нигоҳи гладиатор бўйлаб изғийди.
Абжир эди қул,бечора лекин қуролсиз,
(Чунки,у исённинг йўлбошчисийди!..)
Аввал қўрқув,сўнгра ғазаб ўт олди танда,
Жангчи ўзин унутди бас,ҳатто отини.
Фақат…
Фақат кўз олдидан кетмасди сира,
Чавақланган икки ўғли,
бўғизланган қари онаси
ва…бадном қилинган хотини.
Энди унда жондан бўлак йўқотгувчи йўқ,
Шу ўй билан аренага кўз солди саросар.
Барчасига сабабкордир бу жирканч муҳит
Ва бош йўлбарс-ҳирс,нафс,зулмдан қондек ивиган
чирик танин оппоқ тога бекитган Цезарь.
Аммо,осмон лом-мим демас,маъбудлар ҳам жим!
О,минг лаънат! Бу курашга ёлғиз ўзи ташланди.
Бунда эрк ва истибдоднинг рақси бўлар чин,
Хўрлик ва зулмнинг нотенг жангги бошланди…
Томошабинлар орасида бир сенаторнинг
Жажжи ўғли турар эди,даҳшатга тўлиб.
Афсусланар,бечорага ёрдам берарди,
Келганида бунга,митти ханжарин олиб.
Бола онги пичирлайди:Бу не разолат,
Йўлбарс билан қуролсиз жанг?!
Унсиз сўзлари.
Она,менга бу беғубор негадир таниш,
Она,менга ўхшаб кетар унинг кўзлари!
Лекин,шу он ҳаяжонга тушди оломон,
Чайқалди,сўнг мозор жими чўкди бир оғир.
Гладиатор ўлган эди!
Халққа ўлиммас,
бу саҳнанинг тугагани ёқмади чоғи…
Она,хобга қандайдир тиғ ботар тунлари.
Уйғонаман қора терга тушганда гоҳи.
Узун кеча,тушларимда қилади таъқиб,
Ўша мазлум эрксеварнинг ғамгин нигоҳи.
Бироқ,тарих-қайсар чолдир,
айтгани-айтган.
Ўзгартирар йўллар ёпиқ,мурватлар ҳам берк.
Аммо,мени қийнайверар-ўша саҳнада
Жангчи эмас,
қул қилинган Эрк ўлганди,Эрк!
Нега?
Нечун?
Не сабабдан?
Жавобсиз ҳислар…
Бугун шундай саволларга ёмон тўлганман.
Тангрим,кўнглим сезаяпти,қай бир умримда
Сенаторнинг ўша ожиз ўғли бўлганман…
Фақат,тарих-қайсар чолнинг ўгитлари кўп,
Барисидан тўғри йўлни кўрмоқлик керак.
Ҳимоясиз Эрк курашга чиқса,ёрдамчун
Лозим пайтда ханжар олиб юрмоқлик керак!

www.munosabat.org

 

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn