Нууман САЪДИ: ЎЗЛИГИНГНИ УНУТМА, ОДАМ БОЛАСИ!

Nuumon SadiЗамонавий қирғиз ёзувчиси Нууман Саъдининг китобхонлар эътирофига сазовор бўлган ”Ўзлигингни унутма, Одам боласи!” номли қиссаси ўзбек тилида нашр этилди. Табиат билан юзма-юз бўлган инсон руҳиятининг эврилишлари, ўзлигини унутган одам боласининг ҳалокат сари юз тутаётгани ҳақида ҳикоя қилувчи ушбу асарни Авлиёхон Эшон ўзбек тилига ўгирган.
Ушбу қиссанинг айрим бобларини эътиборингизга ҳавола этишни лозим топдик.

(Қиссадан парчалар)

ОИД

– О-о-о-и-и-ид! – Туйқусдан янграган бу овоздан довдираб қолдим. Унинг қаердан келаётганини дарҳол илғай олмаганим учун ажабландим. Назаримда, бу овоз жуда олисдан, айни чоғда, жуда яқин масофадан эшитилаётганди. Кўп ўтмай бу овоз негадир тоғ чўққисидан… кейин тўсатдан водий этагидан эшитилди.
– О-о-о-и-и-ид! – Яна ўша овоз қулоғимга чалинди. У менга ғоят таниш ва айни чоғда, тамоман бегона туюлди. Овоз эгасини таний олмадим: у кимга тегишли? Эркакками, аёлга? Бундан ҳам ажабланарлиси, мен қаерда эканимни ҳозирга қадар эслай олмайман. Бундай ғалати ва тушунуксиз туйғудан эс-ҳушимни йўқотишимга оз қолди. Мен ҳайратда эдим…
– О-о-о-и-и-ид! – Мен бу овозни тағин эшитдим. Ё, Аллоҳ, менга нима бўлди ўзи?! Бу ҳолдан эсанкираб, бошим тарс ёрилгудек бўлди. Шундай лаҳзаларда одамнинг миясига телба-тескари хаёллар келади: чиндан ҳам бошим ёрилиб кетса-я?! Унда руҳимдан айрилиб, танамни ҳис этмай ном-нишонсиз гум бўлиб кетишим мумкин. Миямга келган бу телба-тескари фикрлардан чинакамига қўрқиб кетдим. Шу боис, аввал ўзимни қўлга олиб, аҳволимни таҳлил қилмоқчи бўлдим. Йўқса, бошим ростдан ҳам ёрилади.
– О-о-о-и-и-ид! – Овоз акс-садо берди.
– Ҳа-а-а! – деб жавоб қайтардим мен ниҳоят исмимни илғаб. Чунки, Оид менинг номим. Мурожаат қилган кишига жавоб бериш фарз экани ёдимга тушди. Руҳимда одатдагидан фарқли ўлароқ ажиб инсоний туйғу кўз очди. Овоз келаётган томонга қадам қўяр эканман, унинг эгасини кўриш ниятида эдим. Ҳайратланарли жойи шундаки, мен ”Ҳа-а-а!” деб жавоб қайтаришим биланоқ ўша таниш ва нотаниш овоз бутунлай ўчди… Қанчалик уринмай, уни қайта эшитиш менга насиб этмади. Лоақал, овоз яна бир марта янграганида, мен уни эшитибгина қолмай, қайси томондан келаётганини ҳам аниқлаб олган бўлардим. Афсуски, уни қайта эшитмадим.
Жимгина ўтириб, теварак-атрофга қулоқ тутдим: фойдасиз. Бироздан сўнг ўрнимдан ирғиб туриб, бошим оққан томонга қадам ташладим. Аввалига тез-тез юрдим, кейин эса югуриб кетганимни ўзим ҳам сезмай қолибман. Гўё шу лаҳзада думалоқ тошга эврилиб, тепаликдан аввал секин, бора-бора тез-тез думалаб, пастликка эна бошладим.

Думала, думала, менинг тошим!
Думала, думала, менинг тошим!

Бу сўзлар маъноси унчалик ҳам тушунарли эмас. Лекин болалик пайтимда тилимдан тушмагани учун бу ғалати иборалар хотирамга муҳрланиб қолганди. Бир пайтлар бу икки сатрни бор овозим билан қайта-қайта такрорлаган эдим! Болаларнинг барчаси ўзининг тоши кўпроқ думалаб, олисроққа етиб боришини истарди. Биз ўзимиз танлаган тошга куч-қувват бахш этмоқчи бўлиб, ҳалиги сеҳрли сўзларни қичқириб айтардик. Бугун ўзимни болалигимдаги тошга эврилиб қолгандек ҳис қила бошладим. Бутун олам энди мени қувватлаётгандек бор овози билан ҳайқирарди:

Думала, думала, менинг тошим!

Шовқиндан битаёзган қулоғим остида кимдир ўша сўзларни бор овози билан такрорламоқда эди:

Думала, думала, менинг тошим!
Думала, думала, менинг тошим!

Ё, Аллоҳ, бу сирли ва сеҳрли сўзлар таъсирида мен осмону фалакларда парвоз қилаётган эдим, бироқ учиб бораётиб, бирданига сувга йиқилиб тушдим ва ўша заҳоти совуқдан титрай бошладим. Соҳилга чиқиб чўзилишим билан кўп ўтмай йўқолган овоз тағин янгради:
– О-о-о-и-и-ид!
Мен атрофга астойдил қулоқ тутиб, жимгина ётавердим. Яна қулоғимга овоз чалинди. Бу гал у аввалгидан анча баланд эди:
– О-о-о-и-и-ид!
Шошиб кўзларимни очиб қарасам, Ланбаг дарёси соҳилидаги дарахт соясида ётибман. Атрофимда оппоқ қанотли турналар чўчимай, беҳадик юришарди.
– Аҳволингиз нечук, оққушларим! – деб уларга мурожаат қилдим.
Қушлар жавоб ўрнига баробар товуш чиқазиб, оқ қанотларини силкитиб, ”Маза!” демоқчидай бўлишарди. Патлари остидан эсган майин эпкиндан турмуш ҳаловатини топган одамдай лаззатланардим.
– Хўш, сиз-чи? – Сувда ўйноқлаб сузиб юрган балиқларга мурожаат қилдим.
Балиқлар сўровимга ”Ажойиб! Ажойиб!” демоқчидай сув юзасига сапчиб, қайтадан дарёга шўнғишарди. Бундан кўксим қувончга тўлмоқда эди.
– Хўш, ҳаётингиз қандай кечмоқда? – Энди бу саволни теграмни ўраб турган мафтункор табиатга бермоқда эдим. Назаримда, борлиқ ҳам менга ўзгача сурур билан назар ташламоқда. Дарё тўлқинлари соҳилдаги харсангларга урилиб, яна шўхлик қилиб ортига қайтарди. Шамол қўзғалиб, ям-яшил ўрмон сирли товуш чиқазмоқда эди: ”Шов-в! Шув-в!” Гўё дов-дарахтлар бир овоздан ”Яхши-и! Яхши-и!” демоқчидай бўларди.
– Жуда соз! Бу оламда ҳаётдан ўзга чиройли ҳеч нарса йўқ!
Мен чуқур-чуқур нафас олиб, ерда ётганимча осмонни томоша қила бошладим. Бу сеҳрли табиат бағрида ўзимни энг бахтли одам ҳисоблаб, қувончга тўлиб кўзларимни юмдим. Қалбим тубидан оққан маҳзун ва қувноқ оҳанглар қулоқларим ёрдамида менга ҳаётнинг ғоят ширин ва абадий эканидан мужда етказмоқда эди.
– О-о-о-и-и-ид ! – Ногаҳоний овоз мени чўчитиб юборди.
Аввалги чақириқ қайта янгради. Шундагина бу овоз Виянники эканини сезиб қолдим! Ҳайрат ва қувончдан кўзларим каттароқ очилди.
Яшавор! Охир-оқибат таклифимни қабул қилиб, Виян меникига меҳмонга келибди! Эҳ, бу жуда узоқ кутилган қувончли воқеа эди.
– Ҳа-а-а! – дея ҳаяжонимни босолмай ҳайқирдим. Шу заҳоти Вияннинг дилкаш овозини эшитдим:
– О-о-о-и-и-ид !
У менинг чорловимга жавоб берар экан, истиқболига пешвоз чиқиш учун яна овоз бердим. Иккимиз товуш бериб, бир-биримизни ахтармоқда эдик… Мен унинг ҳузурига тезроқ етиб бориш учун кенг сайҳонликка йўлимни бурдим. Назаримда, Виян ҳам товушимни эшитиб, мен турган томонга юзланганди. Қадамимни тезлатдим.
– О-о-о-и-и-ид !
– Ҳа-а-а!
– О-о-о-и-и-ид !
– Ҳа-а-а!
У танҳо эди. Кейин унга бир нафар ҳамроҳ бўлди…

ВИЯН

Бедаво ҳисобланмиш оққон касалига йўлиққанини билганидан кейин афтода ҳолга тушган Виян ўз юртини ташлаб кетишга мажбур бўлди. Юртида ҳаммаси ажойиб эди: обу ҳаво мўътадил, ёғингарчилик тез-тез бўлиб тургани сабабли, дов-дарахтлар қиш ва куз фасли нималигини билмай, борлиқни яшилликка буркаб ўсарди. Бу юртнинг яна бир ўзига хослиги, илм аҳлининг бисёрлигида эди. Деярли ҳар бир оилада олим кишилар бор эди. Донишмандлар илмий кашфиёт қилиш учун кеча-ю кундуз тиним билишмасди. Таомни фақат эҳтиёж юзасидан тановул қиладиган бу кишилар нималарнидир ёзишар, ўзаро баҳслашишар, қайдномалар битишар, лойиҳалар чизишар, хуллас, ниманидир ижод қилишарди… Олимларнинг туни нотинч ўтарди, чунки кундузи туғилган янги фикрлар кечаси кўзлардан уйқуни ўчирарди. Бу аҳвол узлуксиз давом этар, ниҳоясиз лаборатория таҳлиллари қандайдир натижа бергачгина, иш тўхтатиларди. Ташқаридан кузатган одамга улар катта йўлдан бораётган афандинамо ёки бемор одамларга ўхшаб кўринарди. Бошқа юртдошлари қатори Виян ҳам бу ишлардан четда турмай, кечаю кундуз астойдил изланиб, илм ўрганарди. Кимёвий ва биологик лабораториядан деярли ташқарига чиқмасди. Бунинг устига, илмий иши мавзуси ғоят қизиқарли эди: ”Юксак тараққий этган биомуҳит тизимида Ҳомо Сапиенснинг мудроқ имкониятларини уйғотиш ва фаол ҳаракатга келтириш”. Ҳомо Сапиенс учун ўтказилган ҳар бир тажрибадан сўнг кашфиёт ўрнига янада кўпроқ сир-асрор ва ечилмаган тугун пайдо бўларди. Бу Вияннинг руҳиятига ёмон таъсир кўрсатар ва у тажрибасидан кейин танлаган мавзуси қийинлигини ўйлаб ўзини ожиз сезар, шу боис, қўлларини осилтириб, анча маҳалгача хомуш ўлтирарди. Унинг саволлари минг-минглаб эди. Баъзида қайсидир бир саволига жавоб тополмай Ҳомо Сапиенсни кўмакка чақириб, у билан баҳсга киришиб кетарди.
– Ҳомо Сапиенс, сенинг биологик эволюциянг юксак даражага етдими?
– Йўқ! – Қатъий ва терс жавоб берарди Ҳомо Сапиенс. – Башариятнинг ўзи ядровий қишни бошлаб, доимий тараққий этишим учун монеълик қилмаса, ҳеч қандай куч мени тўхтатолмайди.
– Юксак даража – энг содда жонзотлардан биомуҳитдаги биологик эволюция – Ҳомо Сапиенсга қадар эришилган ютуқ сенинг тараққиёт чўққинг ҳисобланадими?
– Йўқ! Бу тараққиётнинг юксак чўққиси ҳисобланмайди! – Эътироз билдиради Ҳомо Сапиенс. – Агар тоза сифатли хирал полимерлар ҳалок бўлмаса, менинг авлодим ҳеч қачон тугамай, тобора ўса бошлайди.
– Ҳомо Сапиенс, эҳтимол, бу илмий таъриф эканини биларсан? Ҳозиргина ўзинг айтган, хираллик аралашмалар тобора ривожланиб бориб, кечасими-кундузи, оқшомдами, тонгдами, кимёгарлар айтганидай, охир-оқибат оддий тупроққа айланмайдими? Сен бунга нима дейсан?
– Сиз хиралга тегишманг. Эҳтиёт бўлинг, тоза сифатли органик хираллик – аммиокислота ва қанд. – Гомо Сапиенс ўз фикрини тасдиқлаётгандай бармоғи билан ишора қилди. – Сенга маълум, тирик табиатга хираллик тозалик зарур бўлади. Рацемистик моддалар жараёнга кирмаслиги учун ўнг ва чап изомерлар миқдори муносабатларидан хабардор бўлиб туриш керак. Ана ўшанда сиз ютасиз. Гап шундаки, оқсиллар фақат чап аммиокислоталарни сақласа, нукленний ишқорлар ўнг қандни белгилайди. Бу моҳият ва моҳиятсизликни ажратиб турувчи белги ҳисобланади. Ҳозир биомуҳит таъсири кундан-кунга катта куч билан ўсиб бормоқда. Бунинг қандай оқибат билан тугашини заррача бўлса-да, тасаввур қила оласизми?
–Албатта, тасаввур қиламиз! Биомуҳит таъсири оқибатда муҳит рацемизациясига олиб келади. Бу мудҳиш аломат ҳисобланади. Чунки, бундай пайтда нафақат тириклик олами маҳв бўлади, балки ўлик материядан тоза хираллик жонзот яратувчи ўсимликлар дунёси ҳам йўқ қилинади. Бу биомуҳит тўлиқ ёки қисман ҳалок бўлишини билдиради.
– О, буни қара-я, билар экансан! Қадимдан айтиб келинаётган Қиёмат қойим дегани – мана шу! – У фикрини қувватлаш учун бармоғини яна юқори кўтарди. – Ана ундан кейин ҳаммасини буюк Нолдан бошлашга тўғри келади. Йўқликка маҳкум этувчи оқибатни билатуриб, ўз нафсингизни тиймай, табиатни бузиб, негадир ўз танангизни вируслар билан заҳарлаш учун ҳаракат қиляпсиз. Сен толидомик тортишув нималигини биласанми?
– Асаб таранглигини бўшаштирувчи дорими бу?
– Ҳа, сен учун бу ”дори” ҳисобланади! – масхараомуз рози бўлди Ҳомо Сапиенс. – Асаб бўҳронидан қутилиш учун осонгина тўғри йўл топганингиз каби оқибатини ўйламай, бу ”дори”дан тежамсиз фойдаландингиз. Қандай натижага эришдингиз? Бу нимага олиб келди? Илмий нуқтаи назардан айтганда, аёлларингиз патологик жиҳатдан ўзгарган жониворларни дунёга келтира бошлади. Бошқача айтганда, Ҳомо Сапиенсдан чекиниб, орқага Ҳомо Ректусга йўл очдингиз.
– Ҳомо Сапиенс, агар менга ишонсанг, бугунги тараққиёт даражасини сақлаб қолиш учун биомуҳитга табиат инъом этган улуғ ва сирли одам мўъжизаларини ҳамма томонлама ўрганишни мақсад қилиб олган инсон тўғрисидаги илмни ривожлантириш зарур.
– О, бу яхши ғоя. Лекин уни ҳаётга қандай татбиқ этасан? – сўради Ҳомо Сапиенс синчковлик ва қизиқиш билан.
– Бунинг учун бир неча поғона талаб этилади. Шундай қадамлардан бири инсон тўғрисида академик институт ташкил этиш ҳисобланади. Бу ҳозирги давр учун жуда зарур. Инсон институти муваффақиятга эришмоғи учун дастлаб бундай эпимарказнинг зарурлиги тўғрисида изоҳ бериб, бошқаларнинг тушунмоғи ва қўллаб-қувватлашига эришмоқ лозим. Фақат институтда инсонни тўлиқ ва батафсил ўрганишга кенг йўл очилади.
– Сени нега бу савол қизиқтиряпти? – Ҳомо Сапиенс навбатдаги саволни берди.
– Биласанми, Ҳомо Сапиенс, нима учун? Ҳозирги пайтда инсоният ўз тараққиётининг шундай чўққисига кўтарилдики, ҳатто коинот тақдирини ҳам ўз зиммасига олди. Ҳозир инсон табиатдан кўра кўпроқ кучга эга. Бу ҳақиқатни ҳеч ким рад эта олмайди. Тўғрими? Ана шундай тенгсиз кучга эга бўлган инсонга ким қарши тура олади? Унинг ўзи. Унга ким ёрдам қўлини чўза олади? Яна инсоннинг ўзи. Ер юзидаги ҳаёт учун жавобгарликни инсондан бошқа ҳеч ким зиммасига ололмайди. Инсон шунчалик буюкки, айни пайтда, унга тенг келадиган бошқа куч йўқ. Инсоният шундай даражага эришдики, энди у ҳаммаси – сув тозалиги, дарахтларнинг гуллаб-яшнаши, ер юзида ҳаётнинг давом этиши, наботот ва ҳайвонот, ҳатто бизни ўраб турган борлиқда экологик тозалик сақлаб қолиниши, коинот, ҳатто янада ёрқин ва кўпроқ порлаб турувчи қуёш учун ҳам масъулдир. Ҳомо Сапиенс, ҳозир инсоният оламни кафтида тутиб турувчи қудратли Атлантга айланди. Цивилизациянинг гуллаб-яшнаши ва тақдири инсон ақли, мақсадли ва қатъий қадамига боғлиқ. Яқинлашаётган мудҳиш ҳалокатларнинг даҳшатли оқибатларини ҳис қилиб, бу мавзуда яна ҳам кўп меҳнат қилиш зарур, деган хулосага келдим.
– Сен инсоният юксак ақли билан ўзи яратган қўрқинчли фалокатларни енгиб ўтади, деб ўйлайсанми? Энди хавфни бартараф этиш учун тўғри йўл танлай оладими? – Ҳомо Сапиенснинг истеҳзоли саволи янгради. – Нима учун инсон асрлар давомида ақли ва куч-қувватини сарфлаб олдинга қараб интилди?
– Бу гапингга рози бўлолмайман. Биз ҳеч қачон орқага бурилмаймиз. Мен инсоният борасида илм яратиб, уни ривожлантириб, ҳозирга қадар инсон вужудида яширин, ҳатто ақлига бўйсунмайдиган сир-асрорни очаман.
– Сен инсон вужудида ҳали яна очилмаган сир-асрор бор, деб ўйлайсанми? – кулди Ҳомо Сапиенс.
– Сен кулма, Ҳомо Сапиенс, инсон табиат инъом этган беназир куч ҳисобланади. Унинг вужудида туғён, кўзимиз билан илғай олмайдиган имкониятлар яширин. Ҳомо Сапиенс, мақсадим турли хавфли вирусларга қаршилик кўрсатувчи, шунингдек, радиация хатарини мағлуб эта оладиган Ҳомо Сапиенс яратиш. Наҳотки, инсон вужудида кимёвий препаратларга қарши тура оладиган хусусият бўлмаса? Ишончим комил, ҳатто инсоннинг ўзини муҳофаза қилиш инстинктидан мусбий натижаларни топиш мумкин. Мен ихтиро қиладиган ақлли Ҳомо Сапиенс вирус, радиация ва нурланиш каби ташқаридан бўладиган хатарларни писанд қилмайдиган бўлади.
– Борди-ю, портлаш бўлиб қолса-чи? – Ҳомо Сапиенс Вияннинг оғриқли нуқтасига тегиш учун айёрона савол берди. – Ядро портлашини қандай бартараф этасан?
Виян саволни жавобсиз қолдирди.
Виян боши берк кўчага кириб қолган кишидек, оғир ўйлардан чарчаб, кўзларини ҳолсиз юмди. Лекин миясини ғужғон фикрлар ҳеч қачон тарк этмасди. Баъзан хаёлларини бир нуқтага жамлаш учун шундоққина лабораториянинг ўзида ухлаб қоларди. Бир куни плактонда ўтказилган тажриба таҳлилларини кўздан кечира туриб, озгина дам олиш умидида бошини столга қўйди-да, туйқусдан қаттиқ уйқуга кетди. Бу плактон қайсидир уммон тубидан келтирилганди. Уммон яқинида тез-тез ядровий портлашлар тажриба сифатида ўтказиларди. Стол устида ухлаб қолган Виян ядро портлашларига эътибор бермай бемалол кулиб юрган Ҳомо Сапиенсни туш кўрди. Виян қувончга тўлиб уйғонди. Кўрган туши ўзини хурсанд қилгани учун кайфияти яхшиланиб, уни руҳлантириб юборди: ”Мен бошлаган ишимни ҳар қандай шароитда, тўсиқларга қарамай, давом эттиришим керак. Мен кашф этадиган илм инсоният яшаб қолиши учун энг сўнгги зарурат ҳисобланади, – деди у ўзига қатъий ишонч билан. – Мен яратаётган илм ҳатто планетада ядро портлашларидан сўнг ҳам хавфли минтақаларда яшаб қолиши мумкин бўлган одамлар учун яхши ва фойдали натижа бериши керак. Шундай бўлсагина, инсон авлоди яшаб қолиши мумкин”.
Илмий тажрибалари устида узоқ ва тинимсиз ишлаб, бор кучи, ақлий қувватини сарфлаб, ўзини аямаган Виян давоси йўқ оққон хасталигига дучор бўлганини жуда кеч билиб қолди. Демак, биомуҳитнинг бир парчаси сифатида яшамоғи учун вақт оз қолибди. Энди у ҳаммасига қўлини силтаб, саломатлигини ўйламоғи ва боши берк кўчадан чиқиш йўлини топиши лозим. Умрининг қолган қисмини ер юзининг бирор-бир ажойиб бурчида ўтказишни орзу қилиб, ўзи учун яқин бўлган кишиси кутаётган манзилни хаёлига келтирди. Хурсанд бўлиб кетган Виян иккиланиб ўтирмай, ўша ерга отланди.
Бу гўшани ҳеч қачон кўрмаган бўлса ҳам, Виян учун жуда таниш туюлди. Бу ерларни нега таниди? Чунки Оид Виянга юборган ҳар бир хатида бу табиати гўзал жойнинг таърифини келтириб, батафсил ёзиб юборарди. Ўзига юборилган мактубларни эслаган Виян илмий ишига қаттиқ берилиб, уларни эътиборсиз қолдирганидан афсусланди. Энди у ҳаётини сақлаб қолиш учун дўстининг таклифини қабул қилиб, бу ерларга келиб қолди.
– О-о-о-и-и-ид !
– Ҳа-а-а!
– О-о-о-и-и-ид !
– Ҳа-а-а!
Ниҳоят иккиси учрашди.
– Бу ерга тамоман келдим, энди ҳеч қачон орқага қайтмайман, – деди Виян дийдаси намланиб.
– Нега? – таажжубланиб сўради Оид.
– Мен бедаво дардга йўлиқдим.
– Бедаво дард? – Оид ҳайрон бўлиб дўстининг юзига тикилди, – Давоси йўқ хасталик ҳам бўлиши мумкинми? Қандай касалликка чалинган бўлсанг ҳам, биз уни даволаймиз.
Оиднинг ишонч билан гапираётганини кўргач, тақдирига тан бериб юрган Вияннинг кўнглида умид нишоналари пайдо бўлиб, қувонч билан унга тикилди:
– Биз деганинг ким?
– Биз деганим – атрофимизни ўраб турган улуғ Табиат! – деди Оид ўзгача ғурур билан қўлини атрофга ёзиб. – Улуғ Табиат хасталикни бериб, яна ўзи даволайди.
Ё, Аллоҳ, бу қандай мушкул ва айни чоғда, осон аксиома!
Чиндан ҳам бир ой ўтар-ўтмас улуғ Табиат Виянни тамоман тузатди. Ўшанда у ўзи учун ҳайратомуз кашфиёт қилди: ”Демак, табиатдаги жонзотлар ўзаро боғлиқ бўлгани ҳолда, бир-бирига меҳрибон ва биродар ҳам экан”.
У танҳо эди. Энди унга бир нафар ҳамроҳ бўлди…

БУВИ

Сир-асрорга тўла, ташвишлари етарли дунёда у яна аввалгидай танҳо қолди. ”Сени ташлаб кетишди, – кўнглидан ўтказди Оид. – Сени ташлаб кетишди-и-и!”
”И-и-и-и!”– Бу овоз чақин сингари янграб, борлиқни қучди.
Оиднинг қулоғи остида дарё садоси эшитилди-ю, кейин ўтиб кетди. Сувнинг жонбахш таронаси қалдирғоч каби парвоз қилиб, тобора узоқлашиб, ниҳоят, уфққа сингиб кетди. Йигит овоз қайтиб қолар, деган умидда жойидан қимирламай жимгина кутди. Қалдирғочдан хабар бўлмагач, Оид умидини узиб тупроққа тиззалаб чўкди-да, ерга қулоғини қўйди. Лекин, ҳайҳот, энди ер остидан сувнинг шовқини эшитилмасди. Оид мутлақо танҳо қолганини тушунди.
Сершовқин ва ғала-ғовурли дунёда сирли ва мудҳиш осойишталик ҳукмрон эди. Лекин қаттол сукунат Оидни бўға бошлади, у ҳолсизланиб, ерга чўзилди. Ногаҳон қулоғига сирли овоз эшитилди. ”Фиғ-фиғ” деган ғалати товуш, ростини айтганда, йигитни аввалига чўчитиб юборди. Сўнгра Оид ўзини қўлга олди-да, вазиятни таҳлил қилиб кўриб, сирли товуш ўз бурнидан келаётганини сезиб қолди. Энди у бу поёнсизликда ғариб ва нотавон ҳолда танҳо қолганини тушунди. Тушунди-ю, бошидан ҳуши учиб, кўз олдини қоронғилик қоплади.
Нима бўлса ҳам умид инсоннинг доимо ёниб турувчи чироғи ҳисобланади. Сувнинг ҳаётбахш куй-қўшиғини соғинган Оид тағин бир марта ерни қучиб қулоғини тутди, лекин замин юраги тўхтаб қолгандай эди. Лекин кўп ўтмай шовқинга ташна қулоғи ажойиб садони илғаб қолди: уни бир замонлар эшитган эди. Нега ёдидан чиқиб кетган бу овоз қайта эшитилмоқда? Бу овоз ғоят сеҳрли ва дилкаш эди.
Оид нечоғлик уринмасин, дилга ором бағишловчи сўзларни қай маҳал эшитганини англай олмай, бошини кўтарди ва қаршисида, ё, Аллоҳ, оппоқ кўйлакли, кумуш сочли, нуроний юзли, муқаддас юлдуз сингари чиройли … онахон ўтирарди. Аёл Оидга таниш бўлган майин овозда алла айтаётган эди:

Улуғ тоғдан ошиб, бири-бирига
Йўл бермайин келар Одам авлоди.
Мангу ўтиб бўлмас йироқ жойлардан
Одим ташлаб келар Одам авлоди.
Абад орзусида адам томонга
Шошиб-шошиб келар Одам авлоди.

Онахон Оидга умуман эътибор бермай, осойишта ўтирганча замзама қилмоқда эди. Энди йигит унга астойдил синчиклаб қаради. Ё, Аллоҳ… қаршисида аллақачонлар йўқотиб қўйган улуғ бувиси ўтирарди! Қаттиқ қўрқиб кетганидан Оиднинг юраги қинидан чиққудай бўлди.
– С-сиз қаердан келдингиз? – тутилиб сўради Оид.
Фақат ўшандагина бувиси ”Э-ҳа, сен ҳам шу ердамисан?” дегандай, Оидга ўгирилиб қаради. Унинг сўровига жавоб бермай, қор каби оппоқ бармоқлари билан набирасининг сочини силади:
– Оҳ, нуридийдам, сен ҳам қариб қолибсан, соч-соқолинг оқариб кетибди.
Ажабо, Оид нималарни эшитяпти? Ахир, у ҳозиргина ёш йигит эди-ку? Кампирнинг кўзига нега бундай кўриниб қолибди? Наҳот, чиндан ҳам шундай бўлса?
Оид қаттиқ қўрққани боис, бўғзидан ихтиёрсиз равишда аламли фарёд отилди:
– Нималар деяпсиз, бувижон! Қандай қилиб кексайиб қолибман? Ё, Аллоҳ! Сиз рост гапиряпсизми?!
Оид бувисининг гапига ишонқирамай, қайта-қайта юзини ушлаб кўрди. Қўрқув туфайли кўзлари қинидан чиққудай бўлиб, чўкка тушган ҳолича ўтириб қолди. Онахон унинг юзига астойдил тикилиб сўради:
– Буни қара-я, сен ҳали катта бувингга ишонмайсанми? – Бироз сукут сақлаб турди-да, кейин гапини давом эттирди онахон. – Эсим қурсин, хаёлимдан кўтарилибди, сизлар аллақачон бир-бирингизга нисбатан ишончни йўқотган эдингиз. Оғзаки қасамнинг қадрига етмай, ёзма баёнот ҳам ёзгандингиз, ахир. Буни қандай қилиб ёдимдан чиқазибман? Агар гапларимга ишонмасанг, мана, ўзинг кўр! Яхшилаб қара, энди ўзинг ишонарсан!
Онахон тошойнани унинг қўлига тутқазди. Кичик тошойна ҳам кампир сингари жуда эски эди. Оид хавотир ичида эҳтиёткорлик билан кўзгуни қўлига олиб, унга аста назар ташлади ва шу заҳоти бадани жимирлаб кетди: ойнадан соч-соқоли оппоқ мўйсафид қараб турарди.
– Бу… Ким бу? – Шошилиб сўради Оид онахондан.
– Худди ўзингсан, қўзичоғим, – жавоб берди у.
Оид яна кўзгуга тикилди. Ундан боқиб турган мўйсафид ўзи эканига иқрор бўлиб, аччиқ ҳақиқатни тан олиб, зор-зор йиғлади: нима учун йиғлаётганини ҳис қиларди-ю, лекин ўзининг ғамгинлиги сабабини ақли ила тушуниб етмасди. Мана шу фожиали лаҳзада бувисининг тасалли берувчи сўзларини эшитгиси келди. Лекин атайлаб қилгандай, бувиси ҳеч нима демади. Бирор таскин берувчи сўз айтмади. Бувисининг азалдан болаларнинг йиғисига эътибор бермай, жим бўлишларини қатъий талаб қилиши Оиднинг ёдига тушди. Шундан сўнг ҳар қандай боланинг кўз ёши ўз-ўзидан тинарди. Бувиси йиғлаётган болага тасалли бериб овутиш ўрнига, уларнинг онасига танбеҳ берарди: ”Худо дегин, боланг йиғласин! Нодон бўлма, йиғи болага юздан тўқсон тўққизида фойда келтиради. Гўдак йиғлаб-сиқтаб улғайса, бақувват ва соғлом бўлади. Нозикниҳол бўлмайди, нозу фироғдан холи, аразни билмайдиган бўлиб ўсади”.
Бувиси ўзиники-ю бегоналар деб ажратиб ўтирмай, барчага бирдек қаттиқ-қаттиқ гапирарди. Буни қаранг, рихлат қилганидан кейин ҳам шу одатини ташламабди. Сут билан кирган жон билан чиқади, деган ҳикматли гап беҳуда айтилмаган экан. Мана, бувиси ҳаётлигида қандай бўлса, кўз юмгандан кейин ҳам шундай қолибди.
Онахон Ранкат водийсини узоқ кузатиб, қаттиқ ғам-қайғуга ботди:
– Ланбаг дарёси умр бўйи қирғоғидан тошиб, мавжланиб оқарди. Ҳаётбахш дарё эди! Шўрлик қуриб қолибди. Мана, дунё ғаройиботи! Демак, одам боласигина эмас, балки дарёлар ҳам вафот этар экан.
Оиднинг бошига тоғ қулагандай бўлди. Бувисининг оёғи остига бош қўйиб, гуноҳига иқрор бўлиб, ”Бувижон, биз дарёга жабр қилдик. Уни хафа қилдик, уни ҳалок қилдик”, дегиси келди. Лекин куч тополмади, қўрқди, чунки Ланбагнинг йўқ бўлиб кетишида ўзининг ҳам ҳиссаси борлигини Оид яхши биларди. Шу боис, гуноҳ юки уни қаттиқроқ эзиб, дилига оғриқ бермоқда эди.
Онахон Ланбаг дарёсидан нишона излаётгандай, Аллоҳнинг беқиёс неъматини ёдлаб, қўшиғини давом эттирди:

Тошқин дарё, равон сувларни кечиб,
Тошиб-тошиб келар Одам авлоди.
Одам юрмас дара, чўққидан ўтиб,
Кўчиб-кўчиб келар Одам авлоди.
Ўзи учун дараю дарёларни
Маҳв этиб келар Одам авлоди.

Бувиси болалик чоғларида уйқудан аввал уни иссиқ бағрига босиб, қулоғи остида ширали ва ёқимли овозда алла айтарди. Ўша замонларда баланд чўққилар қуршовида, хушбўй ўт-ўланлар орасидаги чўпонлар ўтови ўртасидаги ўчоқда часир-чусир қилиб учқун сочиб ёнаётган арча шохларига ҳайрат ва мароқ билан тикилиб, онасининг алласини тинглагани Оиднинг элас-элас ёдига тушди. Ўшанда бу лаҳзаларнинг ҳеч қачон ниҳоя топмаслигини орзу қилиб, қайта-қайта алла эшитгиси келарди. Алладан лаззат туйиб, қандай қилиб ухлаб қолганини билмасди. Ҳатто уйқусида ҳам алла садо берарди. Қандай яхши, орадан шунча йил ўтиб, яна бу руҳпарвар қўшиқни эшитди. Фақат овозни эмас, азиз бувисини ҳам топганига шукур қилди. Бундан Оид масрур бўлиши лозим эди, лекин на ботини, на зоҳирида заррача қувонч сезилмасди. Нега бундай? Бир умр йўқотганини топди-ку, ахир? Нега суюнмаяпти? Йўқ, у хурсанд бўлолмайди, бўлолмайди! Дилида бир пайтлар ширин ҳислар жўш урарди, лекин у туйғулар энди йўқ… Гўдаклигида бор эди, энди эса йўқ, йўқ!
– Қўзичоғим, нега ерга чалпак бўлиб ётибсан? – Қўшиғини тўхтатиб сўради бувиси.
Оид ўзига келиб, биринчи марта кекса аёлнинг рухсорига тикилиб қаради. Ажабо, бувисининг пешонасидаги ажинлар чизиқ-чизиқ эмас, балки ўргимчак тўрига ўхшаб кетарди.
– Ерни тинглаётган эдим, – деди Оид бувисининг тўр боғлаган манглайидан кўз узмай. Умрида бундай манглайни кўрмагани учун ҳайрон бўлиб, унинг сир-асрорини билгиси келди. Эҳтимол, ўша ерда, бугунга қадар бувиси маскан тутган у дунёда, манглай хати шундай тўрга ўхшаса? Эҳтимол, чизиқли битиклар бугунги кун нишонаси-ю, тўрмонанд хатлар нариги дунё белгисидир? Наҳотки, у дунёда ҳам яхши кунлар оз бўлса?
– Нимани эшитаётган эдинг? – дея сўради бувиси.
– Дарё овозини, – деди Оид ҳали ҳам тўрга ўхшаган ажинларни ўйлаб.
– Хўш, эшитдингми, ахир?
– Йўқ. Эшита олмадим. Ўша кундан бошлаб дарё садоси…эшитилмай қолди.
”Қанчалик аблаҳман, – дея ногоҳ кўнглидан ўтказди Оид. – Бувим ўша кунги ҳодисани билмайди-ку!”
Бувиси учун эмас, ўзи учун айтаётгандай пичирлади:
– Дарё биздан ранжиб, ер остига кетиб қолди ва энди кўзга кўринмай оқаётир…
Оид охирги сўзларини баланд овозда айтиб, бувисини асл воқеадан воқиф қилмаганига хурсанд бўлди.
– Қандай серсув дарё эди, – дея оҳ тортди бувиси. – Баҳор фаслида суви кўпайганида, гўё бири қора танли, бошқаси сабза рангли паҳлавон оламни ларзага келтириб югурарди. Улар орасидан яшил либосли баҳайбат дев наъра тортиб, гоҳида тоғни ялаб, гоҳида ўтлоқзорни оғушига олиб, соҳилларни ортда қолдириб шаҳд билан олдинга югурарди. Дарё девининг ҳайбати шунчалик эдики, одамлар яқинлашишга қўрқишарди. Бахтсизликни қаранг, шундай паҳлавон дарё қуриб қолибди! Одамнинг ишонгиси келмайди…
Бувиси чуқур оҳ тортди-ю, энди Оид ёддан биладиган қўшиқни куйлай бошлади. Лекин бу гал Оид сўзларнинг мазмунини англамай, фақат икки сатрни илғаб қолди:

Тошқин дарё, равон сувларни кечиб,
Тошиб-тошиб келар Одам авлоди.

Бувиси этагини қоқиб, ўрнидан қўзғалди. Қаддини кўтараётган кампирга боқиб, Оид кўрганларидан қўрқиб кетди… Бувисининг чап кўксида қимиз тўрваси каби алланарса осилиб турарди. Оиднинг аъзойи баданини қўрқув чулғаб олди. Ақлини таниганидан буён бирор марта бунчалик қўрқувга тушмаганини ҳис қилди, қаттиқ ҳаяжони туфайли лабларига учуқ тошди. Томоғи қуриб, тили тутилган Оид анчадан кейин зўрға овоз чиқазиб сўради:
– Бу-у…нима-а?!
– Э-э, буми? – Бувиси бепарволик билан тўрвани кўтариб қўйди. – Бу менинг эмчагим.
Онахон тўрвани қандай бепарволик билан кўтарган бўлса, яна ўшандай ҳолда пастга туширди. Бўшатилган сийна соат мили сингари уёқ-буёққа бориб, ерга осилди.
– С-сийна… Ё, Худо, тавба, бу сийна э-экан! – дея ғулдиради Оид қўл-оёғи бўшашиб. Ўзининг ҳушдан кетиб, йиқилиб тушмаганига ҳайрон бўлди.
Тўсатдан бувисининг хотиржам овози қулоғига чалинди:
– Э, ақлсиз содда болам, қўрқдингми? Қўрқма… О, бу болани боқадиган оддий эмчак, нодонгина.– Кейин кўкрагини силаб, маъюсланди. – Афтидан, авлодимдан кимдир одобсизлик қилиб сувга пешоб қилибди. Бу хил қилмишни такаббур ёки кўнгил нималигини билмайдиганлар қилади. Ундайлар сувга сийиб, нонни топташади. ”Ким сувга пешоб қилса, онасининг эмчаги шишиб кетади”, деган гап бор. Менимча, сувга пешоб қилган одам бу нақлни билмайди ёки билса ҳам бу ҳикматга амал қилишни лозим топмайди. Мана, кўриб турибсан, авлодимнинг ярамас қилиғи сабабли кўкрагим шишиб кетди. Қаттиқ оғриққа чидай олмай дунёни кезаман-у, юрагим таскин топмайди.
Бувиси маҳоватли сийнасини кўтариб, учини силаб-силаб соғди. Кўксидан сут келди. Сут сарғиш рангда эди.
– Афсус, шўрликнинг сути бузилибди, – деди ғамгин товушда бувиси.
Ё, Аллоҳ! Бу қандай мурдорлик! Оид қотиб тураркан, тирноғидан сочига қадар музлади: ”Бувимга берган азобим учун майли, мени ер ютиб юборсин. Ҳар қандай даҳшатли жазо ҳам мен учун озлик қилади. Аҳмоқона қилмишимдан бувим азият чекмоқда. Шунинг учун мени бир марта ўлдириш камлик қилади! Мен одам эмасман! Мен…мен қўрқинчли маҳлуқман! Менинг исмим йўқ! Менга раҳму шафқат бўлмаслиги керак! Маҳлуқнинг ўлиги ҳам бу азиз тупроққа кўмилмаслиги керак! Оналар, мени лаънатланг! Лаънатланг! Кимнинг сийнаси шишиб кетган бўлса, мен гуноҳкорман! Гуноҳим ернинг оғирлигидан ҳам тўқсон марта оғирроқ. Менинг гуноҳимни дарё, денгиз ва ҳатто уммон сувлари ҳам юва олмайди. Мен айбдор ва мурдор ҳайвонман!”
Боши эгик Оид ўз гуноҳларини шундай баҳолади.
Бу пайтда бувиси кучли оғриқдан азоб чекиб, тўрва сингари баҳайбат сийнасини ерга соғмоқда эди. Оид бир оғиз сўз айтишга куч топа олмай, бувисининг ҳаракатларини жимгина кузатиб турди. У қилмиши учун кечирим сўрай олмасди, лекин ўз айбини очиқчасига тан олишни ҳам истамасди.
О, шўрлик оналар, болангиз учун чеккан азоб-уқубатингиз қачон тугайди? Бечора бувим! Азобу уқубатингни бу ақлсиз тойчоғинг қандай енгиллатиши мумкин? Кўксидан юрагини юлиб тошга урса, дардинг чекинадими? Ўша пайтда Оидни кечириш ёки унга заррача бўлса ҳам таскин бериш учун имкон туғиладими?
Ўзини унутган Оид бирданига бувисининг кўксига ёпишиб, унинг мўътабар сийнасини силаб-сийпалаб, эмчагининг учини оғзига солиб эма бошлади. Оид буни шунчалик тез амалга оширдики, бувиси дастлаб нима бўлаётганини тушунмади. Оиднинг қилиғини кўриб, қўрқиб кетди:
– Ҳой, нима қиляпсан? Ақлингни йўқотдингми, тарбиясиз бола!
У ипакдай майин бармоқлари билан Оиднинг бошини силаб, бўйнига секин шапатилаб қўйди.
– Ҳой, уятсиз, ҳали шунақа ярамас одатинг ҳам борми?
Оид бувисининг гапига эътибор ҳам бермасди. У ғалати ташналик билан сийнани эмаверди. Оид бир томчи сут қолмагунча эмишни истарди. ”Майли, қорним шишиб ёрилиб кетсин! Майли, мен кўпикдай ёрилай! Майли, фақат мен азоб чекай!” Бу фикр унинг хаёлини тамоман эгаллаб олди.
– Э, бўлди! – Бувиси охири сабри чидамай Оиднинг оғзидан эмчагини тортиб олди. – Сенга нима бўлди? Ақлингни едингми? Бу, ахир, айниган сут! У қорнингни оғритади!
– Майли, мен розиман, оғритсин! Фақат қорнимни эмас, бутун танамни ҳам оғритсин! – деди Оид эшитилар-эшитилмас.
– Эҳ, сени қара-ю, манови тарбиясиз қўзичоққа қаранг! – Бувиси эмчагини кўтариб елкасидан ошириб ортига ташлади. Унинг сийнасидан томаётган сутни кўриб, Оид кўзларини осмонга қадади. Худо сақласин, бу нимаси? Осмонда қуёш йўқ эди!
– Буви, ҳой, буви, қуёш қани? – дея ҳовлиқиб сўради Оид.
– Нима, билмайсанми? – Кампир унга ҳайрон бўлиб тикилди. – Қуёш кўкрагим шишиб кетганидан буён йўқолган. Энди қуёшсиз қолдингиз, ақлсиз нодонларим!
Кампир хайрлашмасдан кетмоқчи бўлди.
– Қаерга борасиз? – Оид ғамгин овозда сўради. Чунки унинг ўзи ҳам бу ҳудудсиз ерларда қолмоқчи эмасди. Ким ҳам ёлғизликни истайди? Ҳеч ким. Ҳамма раҳм-шафқат қилмай уни ташлаб кетди. Ҳеч ким у билан қолишни истамади. Энди севимли бувиси ҳам ҳатто саволига жавоб бермасдан кетмоқчи бўляпти. Шишиб кетган кўкрагини эҳтиёткорлик билан ушлаб олган кампир тескари ўгирилиб, ундан узоқлаша бошлади. Бувисининг осилиб қолган эмчагидан сарғиш тусдаги сут томчиламоқда эди.
– Буви, буви! Мени ҳам ўзингиз билан олиб кетинг! Мен ҳам кетишни истайман! – дея ёлворди Оид.
Аллақачон узоқлашган бувиси унга жавоб бермади, ҳатто, ортига ўгирилиб ҳам қарамади. Сал ўтиб Оид ўзи айтган сўзлар мағзини чақиб кўриб, бошини чангаллади. Бувиси аллақачон вафот этган. Шундай экан, бу ерга нима учун ва қачон келди? Сувга пешоб қилганларни жазоламоқ учунми? Шишиб кетган кўкраги туфайлими? Қандай мақсад ва эҳтиёж уни бу ерга етаклаб келди?
Ниҳоят, Оид атроф-теваракни астойдил кузата бошлади: жарлик ёнида Ланбаг дарёси йўқ эди. Бувиси кетган томонга қараб кампирнинг изини ҳам, қорасини ҳам топмади? Осмонга тикилди, лекин кўкда қуёш кўринмасди. Шундагина у ҳаммасини йўқотганига қатъий ишонди.
Ҳудудсиз кенгликда Оиднинг кўнглини қайғу-алам қоплади. Хафа бўлиб, муштини ерга урди. Мушти қуриб қолган қум ичига ботиб кетди. Оид афсус чекиб ёлворди: ”Мени кечиринг, буви! Турна-ю балиқлар, мени кечиринг! Покиза сув, гуноҳимдан ўт! Мени кечир, Она-Замин! Бизни кечир, улуғ Қуёш, кечир!”
Юз марта узр сўраб ялиниб-ёлворса ҳам ўзининг кечирилгани тўғрисида бир оғиз гап эшитмади. Афсус, улар ўзлари ичадиган сувни, зиё сочадиган қуёшни йўқотиб қўйишди. Одам боласи ҳаммасини йўқотгани, наҳотки, рост бўлса?
У танҳо эди. Кейин унга тўрт нафар ҳамроҳ бўлди. Беш нафар киши бир жойга йиғилганида…

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn