Чўлпон шеърларининг асл нусхалари: ”Соз” тўплами

 cholponЧЎЛПОН: СОЗ

Ўзбекистон Давлат Нашриёти, Тошкент -1935

***

Чўлпоннинг “СОЗ” шеърлар тўплами ҳақида.

Хайрулла Х. ИСМАТУЛЛА, АҚШ.

Чўлпоннинг “Соз” тўпламига 26 та шеър киритилган. Бу шеърларни кўпинча адабиётшунослар “қизил шеърлар” деб аташади.
Шўро тарихидан аёнки, СССР ташкил этилганидан сўнг, 1924 йилдан кейин, барча республикалар ҳаётида аста-секинлик билан чекланишлар, тазйиқлар бошланди. Олдин кичик-кичик гуруҳлар, кейинчалик катта миқёсдаги халқ ҳаракатларига чек қўйилди, алоҳида ёрқин шахслар ҳибсга олиниб, йўқотиб юборила бошланди. Бу ҳол бизнинг Туркистон зиёлилари учун 1920-йилларнинг иккинчи ярми ва 30- йилларнинг бошида-ёқ сир бўлмай қолганди.

Иқтидорли, буюк адибларга советлар қилган тазйиқларнинг бир томони борки, у шу кунларгача очиқ-ойдин тавсиф этилмаяпти, у ҳақда кўпроқ ёзилмаяпти. Бу – “Махсус ташкилот”нинг ўзларига мухолифатда турган буюк инсонларнинг турмуш ўртоқларига [хотинларига ёки эрларига] жинсий таъсир ўтказиб, ўша оилани бузиш гуруҳи. Бу гуруҳ аъзоларининг ҳатти-ҳаракатлари СССР-нинг Осиё қисмидаги ҳудудларда одатда ёпти-ёпти қилиб юборилган, бундай жирканч ҳаракатлар халқ ҳукмига қўйилмаган.
Маълумки, Чўлпон тўрт марта уйланган. Биринчи хотини Моҳирўй ҳамда иккинчи хотини Обида билан узоқ яшамаганлигининг сабаблари жуда аниқ эмас. Чўлпоннинг ҳар иккала хотини ҳам, айтишларича, анча чиройли ва одобли бўлган. Шоирнинг учинчи хотини махалласидаги гўзал қиз Солиҳа бўлиб, бу сафар халқнинг оғзига элак тутиб бўлмаган. Севгига асосланган Солиҳа билан Чўлпоннинг тинч, оилавий ҳаётига, биз юқорида эслатиб ўтган “Махсус ташкилот”нинг махсус тайёрланган аъзоси Баҳром Иброҳимовнинг жинсий тазйиқи туфайли Чўлпоннинг бу оиласи ҳам бузилган [Бу ҳақда тўла маълумот олиш учун қаранг: Наим Каримов, Чўлпон , маърифий роман, “Шарқ” нашр., Тошкент, 2003, 350-353-бетлар].
Мавзудан бир оз ЧЕКИНИШ: 60-йилларнинг биринчи ярмида мен ТошДУ аспиранти эдим, ва табиийки, барча аспирантлар каби ҳар бир нарсага қизиқардим. Ўша йиллари Тошкентда бир миш-миш тарқалди. Эмишки, шоир Чўлпоннинг хотинига жинсий тажовуз қилган шахс чет элдан Тошкентга қайтиб келиб, Фанлар Академиясининг Шарқшунослик институтида ишлаётганмиш… Бу хабар биз ёшларни ўта даражада қизиқтирган эди. ФА-нинг Шарқшунослик институтинини у ерда акам ишлаганлиги учун мен яхши билардим, Акам арабшунос бўлганлиги ва Чўлпон даврида нисбатан ёш бўлганлиги сабабли бу воқеага қизиқмади. Мен акамнинг домласи, улуғ олим ва буюк инсон Убайдулла Каримов домлага мурожаат қилдим, мақсадимни тушунтирдим. Убайдулла Каримов домла мени тушуниб, Баҳром Иброҳимов ҳақида барча билган ҳамда эшитган гапларни айтиб бергандилар. Ва ҳатто “Ана ўша киши Баҳром Иброҳимов бўлади,” деб менга кўрсатиб, “Лекин сиз у билан гаплашмаганингиз маъқул,”деб огоҳлантирган ҳам эдилар.
Мен у шахс билан, албатта, гаплашмаганман. Шундан сал ўтмай ФА-нинг Шарқшунослик институтида партия мажлиси бўлиб, унда “Махсус ташкилот”нинг вакиллари қатнашган ва “Нима сабабдан Баҳром Иброҳимов билан ҳеч ким гаплашмайди, уни чиқиштиришмайди?” деган масалани ҳал қилишга ҳаракат қилишган, Баҳром Иброҳимов уларнинг фойдали ходими эканлигига урғу беришган ва институт коллективини қаттиқ огоҳлантиришган…
Бироқ 60-йиллларнинг ўрталарига бориб, ҳеч ким ўша “Махсус ташкилот”дан ҳам, унинг огоҳлантиришидан ҳам қўрқмайдиган бўлиб қолган эди.
Гапнинг хулосаси шуки, буюк шоир Чўлпоннинг қасдини зиё аҳли унинг душманидан мана шундай йўл билан олган эди…
***
Охирги марта Чўлпон Катя исмли рус қизига уйланган. Яна “Махсус ташкилот”нинг одамлари гап тарқатишган: “Чўлпоннинг бу хотини рус эмас, балки руслашган немис экан. Қаранг, у “овчарка”ни, немис итини ҳам севади. Намунча, бу шоир немисни яхши кўрмаса?!.
Ўша йиллари Чўлпонга қарши мана шундай куракда турмайдиган бўҳтонлар билан ҳужум қилинаётган эди.
***
Ўтган асрнинг 30-йилларида адабиётимизнинг буюклари Чўлпон, Фитрат, Қодирий ҳамда уларнинг ҳамфикрлари ҳам қандай бало бостириб келаётганлигини сезишган ва унга қарши нимадир қилишга уринишган, тайёргарлик олиб боришга ҳаракат қилишган.
Абдулла Қодирийнинг “Обид Кетмон” қиссаси, Чўлпоннинг “Соз” тўпламига киритилган шеърлари мана шу қатағон даври яқинлашувида яратилган асарлар сирасига киради.
Биладиган одамларнинг айтишларига қараганда, ўша давр Ўзбекистон КП-нинг Биринчи котиби Акмал Икромов ва Республика Вазирлар Кенгашининг Раиси Файзулла Хўжаев ҳам мамлакатимизнинг етакчи ёзувчиларига ёрдам қўлини чўзишга ҳаракат қилишган экан. Шундай инсонларнинг гапларига кўра, Акмал Икромов Абдулла Қодирийга колхоз ҳаётидан бир асар ёзишни тавсия этиб, “Обид Кетмон” қиссаси тайёр бўлганидан сўнг, биринчи бўлиб уни ўзи ўқиб чиқиб, нашрга тавсия этган экан. Худди шунингдек, Файзулла Хўжаев Чўлпон ва Фитратларга ёрдам беришга ҳаракат этган. Даставвал, Чўлпонни 1921 йили Бухорога таклиф этиб, “Бухоро ахбори” газетасининг муҳарирлигига тайин қилган. Кейинчалик совет воқелигини ёритишга бағишланган шеърлар ёзишни тавсия этган.
1930-йиллардан бошлаб, Чўлпоннинг “Октябр”, “1 Май”, “” XVI -нчи”, “Диёрим”, “Янги мен”, “10 йил Ленинсиз”, ”Бизнинг Ватан”, “Бу куннинг шоири”, “Яна олдим созимни” каби шеърлари майдонга келган.
“Соз” тўпламига киритилган шеърлар ичидан, сиз, азиз ўқувчилар, шоирнинг “Уйғониш”, “Булоқлар” ҳамда “Тонг сирлари”га киритилган буюк ва гўзал асарларни топа олмайсиз. Аслида Чўлпон ижодининг энг чўққиси мана шу уч тўпламга киритилган шеърлар ҳисобланади.
Чўлпоннинг “Соз” шеърлар тўплами унчалик катта эмас; унга яъми 26 шеър киритилган бўлиб, у фақат 44 саҳифадан иборат.
Мазкур тўпламдаги шеърларнинг бир нечтаси “Яна олдим созимни” тўпламида ҳам [Адабиёт ва Санъат нашриёти, Тошкент, 1991] берилган.
Мазкур тўпламдан шоирнинг ушбу шеърлари жой олган:
[Шоирнинг шеърлари “СОЗ” тўпламининг 7-бетидан бошланади. Чамаси, китобнинг 3-5-бетларидан “Сўзбоши” ёки “Кириш” жой олган бўлса керак. Кейинчалик, шоир ҳибсга олинганидан кейин, маълум сабабларга кўра у “йўқотилган”га ўхшайди.].

МУНДАРИЖА*

Шеърнинг номи _ бет

[1] Яна олдим созимни ………………………………………………………. 7
[2] Янги мен ……………………………………………………………,… 8-9
[3] Бир лавҳа (Шанхай воқеаларидан) ……………………………………… 10-11
[4] 10 йил Ленинсиз …………………………………………………………. 12-13
[5] Бизнинг Ватан (Эски йўлда) ……………………………………………… .14
[6] Қўшуқ (“Хуш келдингиз Хоразмга” куйига) ……………………………..15
[7] Бу куннинг шоири (Октябрнинг XVII йиллиги кунида) ……………………..16
[8] Ҳенри Ҳейнедан (Таржима)………………………………………………….17
[9] ЭМАР ………………………………………………………………18-19-20
[10] Хитой мотивлари. Хизматчи бола қўшуғи (Торт наърангни, Хитой”
пъесасида ўзини ўлдираётган хизматчи бола айтади) ………..…………..21
[11] Жан-зи ……………………………………………………………………….21
[12] Қадоқчи қўшуғи (“Ҳужум “ пъесасида Қашқарлик қадоқчи куйлайди
“Ушалди хумморим” куйига) ……………………………………………. 22
[13] Олисларга қарайман (Ла-Сзин-Ван шеъри; таржима) ……………………….. 22
[14] Ўрдак овози (Вей Ин У шеъри; таржима) ………………………………….. 23
[15] Тоғда тунадим… (Вей Ин У шеъри; таржима) …………………………….. 23
[16] Отмишларга (1934 йилда Москвада Юқори мактаб битирган отмиш
йигитимизга бағишланган) ……………………………………………24-25
[17] Чиммат қўшуғи (“Ўзганча”га) …………………………………… 26
[18] Октябр (7 ноябр) ………………………………………………27-28-29-30
[19] Эски йўлда. Дарё бўл (Ғафур Ғуломга) ………………………… .… 31
[20] Нил қизи (Биринчи қўшуқ) ………………………………………………. .32
[21] (Иккинчи қўшуқ) ……………………………………………….. 33
[22] I Май ………………………………………………………………….. 34-35
[23] Норин дарё ………………………………………………………….36-37-38
[24] XVI -нчи ……………………………………………………………,,…,39-40
[25] Куз …………………………………………………………………..…41-42
[26] Диёрим (Ўзбекистоннинг 10 йиллигига) ………………………………..43-44

***

ЧЎЛПАН

САЗ “Бир неча йил қантарғач,
Яна алдим сазимни …”

Ўзбекистон Давлат Нашриёти
Тошкент – 1935. 1)

1) 1935 йилги Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси шу кунги ўзбек алифбосига бир қатор ҳолларда – унлиларда ҳам ва ундошларда ҳам мос келмайди. Шуни назарда тутиб, биз мазкур тўпламга кирган шеърларни ўтган асрда қўлланган Лотин алифбосида беришни лозим топмадик.

ЯНА ОЛДИМ СОЗИМНИ!

Бир неча йил қантарғач
Яна олдим созимни,
Энди айтиб йиғламас
Кўнгулдаги розимни.

Кўнгулдаги кудурат
Кўтарилди ниҳоят.
Энди, илҳом манбаи –
Қайнаб ётган шу ҳаёт!

Қилларидан созимнинг
Тўкилажак шан куйлар,
Ҳур ўлканинг хур қизи
Сингари қашанг** куйлар.

Қурулиш дастонлари
Пардалардан оқажак.
Эҳ, кўнгул, янги дардлар
Тағин сени ёқажак!

1934 йил, ноябр.
7

ЯНГИ МЕН 1)

Менда энди қайғулар йўқ,
Мен баҳорлар каби шанман.
Кечаларнинг ўлумига
Қаҳқаҳалар солган менман!

Ўлик руҳли кечалардан
Сир кутишлик менда йўқтур,
Мен истамам, – қора савдо,
Кишанингни мажнунга ур!

Менинг янги ватанимда
На мажнун бор, на-да занжир!
Мунда ҳар бир ишлаганнинг
Бахти қучоғида келур!

Мунда меҳнат бир ҳукумдор:
Амр этади, чарчатмайди,
Чунки машшоқ ўз созига
Севгисини йўқотмайди.

Мунда меҳнат қувнаб-қувнаб
Мўжизалар яратади.
Мунда ҳар кун шўх қўшиқлар,
Куйлар ила тонг отади.

1) Бу шеърнинг асли Озарбайжон туркчасида ёзилган.
[Шоир изоҳи].

8

Миллионларнинг бири каби
Мен ҳам ҳар кун тер тўкаман.
Ҳар кун янги ҳаяжонлар,
Зафарларга кўмиламан!

Миллионларнинг бири каби
Мен ҳам қувноқ, мен ҳам шанман,
Кечмишларнинг ўлимига
Қаҳқаҳалар солган менман!..

1934 йил, Август.

9

БИР ЛАВХА

(Шанхай воқеаларидан)

“Нагасаки” лиманидан жилди пароход,
Бир пароход эмас, балки улкан бир флот!
“Вампо” дарё сувларини қоплади тўлқин;

“Сизинван”нинг ҳавосини заҳарлик тутун –
Бир ҳафтадан бери бирдак босиб туради,
Тоғ тўплари кемаларга олов уради!

“Сеттилмент”дан ташқарида бу мудҳиш учиш
Кеча-кундуз оғир тушдай давом этади.
Оғир ўқлар ер бағрини ёриб титади!

Кенг майдонда ўликлар йўқ, ўлганлар сонсиз!
Кўп “маданий” уруш бўлди ўлуксиз, қонсиз:
Ҳар бир ўлук бир нечага бўлиниб кетган,
Ё қўлини, ё путини бирдан ғойб этган;
Бири қумлар орасида аранг кўринар,
Бири оёқ остларида қолиб сурунар …

Кўп “маданий” уруш эмиш – ўликсиз, қонсиз!
Обрўйлик бир газетда қайси виждонсиз
Шу мазмунда ёзув ёзиб жар чақиради.
Хўжайини дам чиқармай элни қиради!

10

Иккови ҳам “ваҳшийлар”ни йўлга солмоқчи,
Иккови ҳам “ваҳший эл”да туриб қолмоқчи,
Иккови ҳам “ваҳшийлар”ни ёмон кўради,
Кўча-кўйда кўринганда юз ўгиради.
Иккови ҳам “ваҳшийлар”нинг кучига хуштор!
“Ваҳшийлар”га бу севгидан нима фойда бор?

“Сеттилмент”дан учиб ўтди хунук қора қуш!
Ресторанда билинмади бу мудҳиш учиш,
Чунки унда жаз шовқини қулоқ ёради.
Ташқарида оч бир хитой ҳей ёлворади,
Ҳей ёлворади!..

1932 йил, феврал.

11

10 ЙИЛ ЛЕНИНСИЗ 1)

Ўн йилимиз, ўн йилимиз ўтди Ленинсиз!
Шу ўн йилда кемамизни шу очиқ денгиз
Ўз қаърига тортиб кўрди неча марталар!
Оҳ, нималар кечирмади бу буюк сафар!

Бизни очиқ денгизларга бошлаган Ленин,
Энг даҳшатли онларда ҳам – гўзал ва майин –
Кулишини тарк этмасдан, сурди кемани,
Ҳар этапда усталикла бурди кемани!
Энг биринчи тўлқинларни у билан енгдик,
У биринчи енгишларга қандай севиндик!..

Фақат 10 йил мундан бурун улуғ капитан
Кўзларини мангу* юмиб кетди орадан …
Очиқ денгиз қўйнидайди ҳали кемамиз,
Кемамизга жон бағишлаб бизлар ҳаммамиз,
Ундан сўнги тўлқинларга мунтазир эдик!
Фақат бутун кўнгулларда бир алам сездик…

Шунда бизнинг энг яхшимиз ва энг сарамиз
Сўз олди-да, миллионларга юзлана деди:
-“Ўлган одам ҳақиқатан зўр одам эди,
Кемамизни тўғри йўлга бошлаган эди,
Миллионларни зўр курашга ташлаган эди,
Унинг ўткур кўзларида “даҳо”2) порларди,

1) Партиянинг XVII қурултойи чоғида ёзилган.
2) Гений [Шоир изоҳлари].

12
У ҳар қандай оғирлиқни тинч қаршиларди.
Бу бошланган катта ишни битирмак учун,
Кемамизни паккасига етирмак учун
Унинг улуғ тадбирига мухтож эдик биз…

… Энди бизни қўллаяжак у қолдирган из!
Биз у издан кемамизни сура берамиз,
У кўрсаткан тўғри йўлдан юра берамиз!
Унинг айткан сўзларидан машъал тутамиз,
У машъал-ла оғир йўлни босиб ўтамиз!.”

Шундай дегач энг яхшимиз ва энг сарамиз,
Кўзимизни унга томон тикдик ҳаммамиз,
Орамизда қандай қувват борлигин сездик,
“Хотиржам бўл, эй, кўзлари юмулган” дедик.
Энг сарамиз капитанлик ролини олди,
Кемамизни яна оғир йўлларга солди.
Тоғлар қадар тўлқунлар-ла олишиб ҳар кун,
Кечалари кундуз каби чалишиб ҳар кун,
Ҳар қадамда ўнгу-сўлга зарбалар бериб,
Бўронларга темирлардан қанотлар кериб,
Ленин унга қўйиб кеткан майин кулиш-ла
Кемамизни ўн йил бўйи сурди олдинга,
10 йил бўйи тўхтамасдан юрди олдинга.
Билаклари пўлат эди, кўкраги олов,
Унинг қайтмас изми билан забун бўлди ёв!

Очиқ денгиз ўртасида яна кемамиз,
Капитаннинг буйруғини кутиб ҳаммамиз,
-Улуғ Ленин чизиб кеткан йўлларга содиқ, –
XVII нчи даврамизни яна қуршадик.
Эй, инқилоб кемасини олдин сурган эр!
Қани, мана – бизлар тайёр:
Буйруғингни бер!..

13

БИЗНИНГ ВАТАН

(Эски йўлда)

Ер юзинда ўзга бир олам эрур бизнинг ватан,
Бошқа ҳар бир ўлкадан кенг, ҳар диёрдан каттакон.

Ҳар томондан юксалиш сорига ташлаб зўр қадам,
Дашту-саҳроси анинг гул-гул очилмишдир чаман!

Дарёси, аввалгидек, ердан олиб қочмас ўзин,
Чунки пойига унинг маҳкам урулмишдир кишан.

Мунда меҳнат – ҳурлик олган, барча меҳнат аҳли – ҳур,
Кимки меҳнат қилса – қувноқ, кимки меҳнат қилса – шан.

Фан билан меҳнат иковлон қўл беришкан, иттифоқ,
Эркин-эркин яйрашиб, ижод этар меҳнат ва фан!

Янги жамият қуриб, дунёга ўрнак бўлгали
Барча меҳнат аҳли бирга, ҳамма бир жон, бир бадан.

Бу ватанни жон билан сақлашга, Чўлпон, ҳозир ўл,
Кимки қасд этса анга, кийсин пушаймондин кафан!

1934 йил, август.

14

ҚЎШУҚ*

(“Хуш келдингиз Хоразмга” куйига)

Бузиб эски турмушларни,
Бажардингиз зўр ишларни;
Адо қилинг юмушларни,
Ҳорманг энди, колхозчилар!

Оқ олтинлар ривожланди,
Кўп ишлаган, кўп қозонди,
Меҳнат душманлари ёнди,
Ҳорманг энди, колхозчилар!

Интизомни жойланг сафга,
Ғайрат солиб ҳар тарафга –
Эришдингиз зўр шарафга,
Ҳорманг энди, колхозчилар!

Қўлга олиб тупроқ-конни,
Азиз кўриб ишлаганни –
Бажардингиз зўр планни;
Ҳорманг энди, колхозчилар!

Фирқа сизнинг раҳбарингиз,
Бузулмайди сафларингиз,
Шараф тўла дафтарингиз,
Ҳорманг энди, колхозчилар!
1933 йил.

15

БУ КУННИНГ ШОИРИ
(Октябрнинг XVII йиллиги кунида)

Шоирнинг қалами кўнгилдан куч олиб
-Шу куннинг шанига –
Ҳар йил бир янги куй тўқийди.
Шу улуғ кунларда миллионлар олдида,
Муаззам майдонда ўқийди!

Шоирнинг кўнглида барқ урган туйғулар
Муаззам майдонлар туйғуси!
Чўллардан жаннатлар яраткан янги синф –
Миллионлар, миллионлар туйғуси!

Миллионлар тилмочи – янги синф шоири
-Бу кунга бағишлаб-
Ҳар йил бир янги куй тўқиркан,
У куйни ҳар жойда , ҳар колхоз аъзоси,
Ҳар совхоз ишчиси ўқуркан;

Ҳар ишчи дастгоҳ бошида ўзича,
У куйни оҳиста куйларкан,
Шоирнинг ўзини кўрмаган пионер
Шеърининг махтовин сўйларкан;

Шоир ҳам миллионнинг биттаси бўлганин,
Ҳар жойда, ҳар онда сезади;
“Бу ишим – миллионлар иши!” деб ўйлайди,
-Ва муни-
Ҳам жонда, ҳам қонда сезади!..

1934 йил, ноябр.

16

ҲЕНРИХ ҲЕЙНЕдан

(Таржима)

Ҳамма эснаб турди, қулоқ солмади,
Қайғумни гапириб берган вақтимда.
Мени алқамаган киши қолмади,
Қайғумни назимга терган вақтимда.

1927 йил, март.

17

ЭМАР

Ҳали ҳам арабчанинг,
Узун думлик “я”сини,
Атторлик растасининг
Атирли хулжасини –
У ёқа камзулининг
Чўнтагида сақлайди…
Мажлис бўлса, сўз олиб,
-Қичқирмоқдан йўталиб –
Лотинчани “ёқлайди”…

Кўча-куйда оғзидан
-Бир томчи ҳам! – ярамас,
Зарарлик сўз тўкмайди.
Раис дегандай: “эпчил,
Иш дегандан қўрқмайди!”

Колхоз унинг фикрича,
Гуллайдиган бир нарса!
Фақат, “шўро бир озроқ,
Кенглик билан қараса…
Ки яъни:
Олиқ-солиқнинг,
Коммунист – фирқаликнинг
Ипини тортиб қўйса…

-Муштумзўрсан, Матмуса,
Тур нарига! – демаса,
Молияда ўтирган

18

“Шўро душманлари”га
Кўп ҳам ҳурлик бермаса…
Бозорларни ёпмаса,
Ёт унсурни топмаса!”

Шунда: колхоз гуллайди;
Эл барчаси бир бўлиб,
Колхоз душманларига
Муштини тугунлайди!..”

* * *
Ҳали хам арабчанинг
Узун думлик “нун”ини
Дастмоя қилиб олиб,
Баъзи эчки эмарлар –
Ейди колхоз нонини!

Хорижда дўстлари бор,
Оқ ниқобли газетда
Сўкадилар колхозни;
У қутурган бўрилар
Сўкадилар – ошикор,
Кўнгулдаги заҳарни
Тўкадилар – ошикор!

Сунгилар, кеча-кундуз,
Уларни, чегарада
Кузатиб ялтирайди!

Беригилар солмайди
Кимсага қовоғини;
Дойим кулиб туради.
Қўллари ишдан кўпроқ,
Чаппаклардан қаварган…
Ҳар тадбирга тарафдор,
Ах, қандай яхши “дўстлар”!

Улар бизнинг орада;
Ҳар қонаган ярада –

19

Ўткур тирноқлари бор!
Ҳар бир доғдан, қорадан,
Пучак бўлган сарадан –
Хиёнатлари томар!…
Ҳали хам арабчанинг
Даманалик “мим”ини
Тортиб қоғоз бетига
Эмар колхоз мингини!
Ҳар куни туя қилиб
Миллионларнинг нонини,
Оқлайди жон борича
Ўз синфий виждонини!..

20

Хитой мотивлари

ХИЗМАТЧИ БОЛА ҚЎШУҒИ

(“Торт наърангни, Хитой” песса*сида ўзини
ўлдираётган хизматчи бола айтади).

Томиримни ҳакимлар қачон кўради?
Жон олувчи бўронлар қачон юради?
Куз барглари тўкилди: сап-сариқ сомон!
Йўқсулларга тириклик ўлимдан ёмон…
Бу қоронғи кечалар бойлар учун соз,
Биздек бояқишларга ўлумдан ҳам ноз…

1928 йил.

ЖаН-ЗИ

Шоли десанг, доирангда, Жан-зи,
Бошоқлари ҳар ёнда, Жан-зи,
Бойлар ҳар кун ош еса, Жан-зи,
Камбағаллар ҳайрон-да, Жан-зи.

Қамиш баланд ўсади, Жан-зи,
Ўсиб йўлни тўсади, Жан-зи,
Ҳамма чиққан, генарал, Жан-зи,
Камбағални кесади, Жан-зи.

1928 йил.

21

ҚАДОҚЧИ ҚЎШУҒИ

(“Ҳужум” песасида қашқарлик қадоқчи куйлайди.
“Ушалди хумморим” куйига)

Ҳаволарда қулоч отиб келган турналар,
Бизнинг Қашқар эллариндан йўқми бир хабар?

Бизнинг эллар довонларнинг кетида қолди,
Золим фалак бошимга айрилиқ солди…

Олис йўлларга қараб телмирган ёрим,
Бу йил қайтай десам, найлай*, етмас мадорим!

Ҳаволарда қаторлашиб учкан** турналар,
Омонда*** борми элда қолған ота-оналар?,,

1927 йил.

***

ОЛИСЛАРГА ҚАРАЙМАН

(Лу-Сзин-Ван; таржима).

Туғилған ерлардан айрилиб
Яшайман шу йироқ “Сан-ба”да.
Бир куни шипангдан қайрилиб
Қарадим: баҳор кўп озода…

Толғали сойларнинг бўйида
Бир таниш кишини кўрмасам,
У олис элимнинг ўйида
Мумкинми ёнмасам, куймасам?

***

22

ЎРДАК ОВОЗИ

(Вей Ин У шеъри; таржима)

Севгили юртимни қолдириб келдим
Йироқда,.. йироқда… алла қайларда.
Баъзида ўйлайман ёниб юрагим:
“Аҳ, қачон бўламан ўскан жойларда?”
“Ху-Ан-Нан” оқшоми…
Куз фасли…
Ёғмир…
Мунғайиб тураман болахонамда.
Тинглайман: учмоқда тепамда, томда –
Юртимдан келувчи ўрдаклар гур-гур!

1930 йил.

ТОҒДА ТУНАДИМ…

(Вей Ин шеъри; таржима)

Шу юксак тоғларнинг бошига
Учағон булут ҳам етолмас.
Ҳар томон туманли…
Қуюқ нилгунлик…
Кўзларни хиралик ва парда босмоқда.
Тонг чоғи…
Бир дамда мингларча дарахтда
-Дам очиб, дам ёпиб-
Нурларла ўйнар ой.
Саноқсиз тоғларнинг кетида,
Кузларнинг мусаффо сувлари
Тубанга чопмоқда…

1930 йил.

23

ОТМИШЛАРГА

(1934 йилда Москвада Юқори мактаб битирган отмиш
йигитимизга бағишланған)

Эй, 60 баҳодир,
60 азамат!
Сизга чин кўнгулдан
Олқиш ва хурмат!
Эй, 60 азамат,
60 курашчи!
Машина бошида
Кутади ишчи!

Эй, 60 курашчи,
60 билимдон!
Далада кутади
Колхозчи деҳқан.

Сиз буюк ўлкада,
Буюк ишдасиз!
Тарихда мисли йўқ
Қурулишдасиз!

Букунги кунингиз
Шонли ва порлоқ.
Эртаги кунингиз
Яна шонлироқ!

24

Сиз ўқиб чиққансиз
Яратмоқ учун;
Дунёни биз томон
Қаратмоқ учун.

Сиз ўқиб чиққансиз
Ободлик учун.
Яшатиш, яшнатиш
Ва шодлик учун.

Сизнинг билимингиз
– Иш билан бирга,
Севинчлар сочади
Осмонга, ерга!

Ўшқириб келмайди
Фабрикачи бой.
Ишлайсиз эртанинг
Ғамини қилмай!

Эртанинг ипи ҳам
Ўз қўлингизда.
Ўтилмас ғов йўқдир
Бу йўлингизда.

Борингиз, билакни
Маҳкам шимариб,
Ёруғлик сочингиз,
Зулматни ёриб!

Билимни иш билан
Ясантирингиз!
Ишни ҳам билимга
Хўп қондирингиз!

Эй, 60 билимдон,
60 инженер!
Улуғ ватанингга
Билимингни бер!

1934 йил, Июн.

25

ЧИММАТ ҚЎШУҒИ

(“Ўзганча”га)

-Чимматимни кўтариб кўрди хушторим,
Дедим: “Тирикликда шудир мозорим!”

Чимматимнинг қиллари юзимга ботар,
Бу қафаслар ичида қачон тонг отар?

Чимматимни ташласам, ҳеч ким олмайди,
Ота-онам ҳолимга назар солмайди.

“Чиммат ”, “чашвон” дегани ҳаммаси бир гап,
Кўп чиройлик кўзларнинг ёшига сабаб…

Чиммат теккан юзларим сўлиб боради,
Кўнгулдаги умидларим ўлиб боради…

Чимматимни ирғитай, ушла, хушторим!
-Паранжини қўшиб ташла, озодсан, ёрим!

1927 йил, феврал.

26

ОКТЯБР (7-Ноябр)

1

Эй, букун, эй бу кун
Дунёлар сарсилди!
Фикрлар, хаёллар,
Рўёлар сарсилди!

Эй, букун оловлар
Дунёни ёндирди!
Инсонлар оч ерни
Қонларга қондирди!

Эй, букун кўкларда
Қуёшлар тутулди.
Эй, букун шамоллар,
Бўронлар қутурди!

Эй, букун жаҳаннам
Оловлар пушкурди;
Эй, букун вулқонлар
Зулматка тукурди!*,

Эй, букун чақмоқлар
Чақдилар, чақдилар…
Эй, букун тўфонлар
Оқдилар, оқдилар…

27

Эй, букун дўл келиб,
Оламни йиққан кун!
Эй, букун куррамиз
Меҳвардан чиққан кун!..

2

Йўқ, дўстим, ҳовлиқма,
Хаёлга берилма,
Ортиқча ҳашамга
Берилиб, сўз дема.

Ҳеч нарса бўлмади:
На тўфон, на вулқон.
Ёлғиз, хақ йўлларда
Оқди қон, оқди қон…

Ёлғиз бир ҳаракат,
Қимирлаш кўрилди,
Чайладан чиқилиб,
Ўрдага юрилди.

Осилди “йўқ” – ”бор”га,
Йўқсуллар бойларга,
(Ҳеч нарса бўлмади
Кун, булут, ойларга.
Табиат жим қолди;
На иссиқ, на совуқ.
Октябр ойида,
Куз кеткан,
Қиш ёвуқ.)

Қўзғолди оч қолған,
Энтиккан, бир йиғин,
Ўлимнинг кўзига
Кўз тиккан бир йиғин.

28

Қўзғалди бечора,
Яланғоч жамият,
Кўксида ёнарди,
Лекин бир ҳамият!

Ўлимга завқ ила
Судраган ҳамият!
Ўлимдан ўзгани
Кўрмаган ҳамият!

Ҳамият, ё ғазаб,
Ё шиддат…
Бари бир!
Ёлғиз у – дунёнинг
Фотихи, оламгир!

Ана шул ҳамият,
Ана шул жамият,
Ана шул ирода,
Ана шул хақ ният

Золимнинг қўлидан
Қудратни олди-да,
Ўзининг махсули –
Зиндонга солди-да,

Ўзича яшашнинг
Йўлини қаради,
Ўзига бир олам
Қурмоққа яради.

Шугина:
Дўл келиб,
Оламни йиқмади,
Ва ернинг курраси
Мехвардан чиқмади.

29

3

У куннинг куйи ҳам,
Шеъри ҳам кўп содда,
Лекин у соддалик,
Равонлик олдида:

Дўлларнинг оламни йиқиши:
Ҳечдир!
Курранинг меҳвардан чиқиши:
Ҳечдир!

1930 йил.

30

Эски йўлда:

ДАРЁ БЎЙИ

(Ғафур Ғуломга)

Бу Учқўрғон ажаб обу-ҳавоси дилнавоз эрмиш,
Хусусан дарёнинг қирғоқлари куз фасли соз эрмиш.

Талатум айлашиб сувлар чопармиш телба мажнундек,
Қирғоқлар бевафо маҳбублардек йўлда ғоз эрмиш…

Тиниқ ой нурлари сувлар юзинда ўйнашиб тунлар,
Тонг отгунча уларнинг ишлари минг турфа ноз эрмиш.

Бўлак жойларда тан роҳат тополмай чекса заҳматлар,
Бутун ёз ўткунча дарё сувида “аббоз” эрмиш..

Кўриб Норинни 1) таъби уриб, бир-икки сўз айткан
Аруздан баҳрасиз бир – Чўлпон отлиқ бенамоз эрмиш.

1931 йил, август.

1) Фарғона водийсидаги Норин дарёси. Шоир изоҳи].

31

НИЛ ҚИЗИ

(Биринчи қўшуқ)

Гўзал Нил бўйидан
“Фаллоҳ”1) қизиман.
Аҳромлар йўлида
Карвон изиман.

Тошқиндан туғилдим
Эрта баҳорда,
Илиқ нурлар эмдим
Кундан наҳорда.

Тўкилган хурмолар
Емишим бўлди…
Оловли севгилар
Елга тутилди.

Севганим қул бўлиб
Сотилиб кетди;
Мингларча қулларга
Қотилиб кетди…

1) Миср деҳқони [Шоир изоҳи].

32

Бутун ҳаётимни
Бир заҳар сирди:
Қўйнимга севмаган
Бир эркак кирди!

Онамдан айрилдим
“Она” дегунча,
Отамни кўрмадим
Кўзим тўйгунча…

Нилнинг баракаси
Дунёга татир;
“Фаллоҳ”нинг бахтини
Кимлар уйғотур?..

(Иккинчи қўшуқ)

Мунбит Нилнинг меҳнатсевар “фаллоҳ” қизийдим,
Мунбит ерлар, далаларнинг шан юлдузийдим.

Нил сувлари қирғоқлардан ошгач туғилдим,
Кўзни очгач, қум аралаш сувларга кулдим.

Бошқалардай бу дунёга яйраб келувдим,
Оиламга, бир қуш каби, сайраб келувдим.

Бу унумли тупроқларда тўярман дердим,
Ёшлигимда бор меҳримни шуларга бердим.

Кеча-кундуз ишлаганим қора ер бўлди,
Бор кучимни хашлаганим қора ер бўлди.

Меҳнатимга роҳат кўриб, яйрайин дердим,
Хурмозорлар орасида сайрайин дердим!

Фақат дунё йўқсулларга жуда тор экан,
Золим фалак йўқсуллар-ла кўп ўйнар экан…

Ёш умримни меҳнат билан нобуд қилдилар,
Ўлмай туриб, кенг дунёни тобут қилдилар.

1934 йил, март.

33

1 МАЙ

1.

Бу буюк кун йиллар бўйи зўр ўрмонларнинг
Қуёш тушмас жойларида қарши олинди.
Ёхуд чуқур ва қоронғи ертўлаларнинг
Зах бағрида нафас, баъзан, ичка солинди.

Қизил байроқ алангадек ловуллар экан,
Хуштак чалиб ўтган ўқлар бағрини тилди.
Уни қўлдан бермайман деб Май кунларида
Кўп ишчилар тикланолмас бўлиб йиқилди.

Эй буюк кун, ҳар йил келиб, ўз теграсига
Қуйилардан янги-янги қувват тўпларди,
16 йил бундан бурун кеч куз фаслида
У зўр қувват душманларнинг сафини ёрди!

2.

Шундан бери у зўр кунни, ҳар келганида,
Миллион-миллион кулар юзлар қарши олади.
Байналминал* овозлари юксалар экан,
Бор шундайлар нафасини ичка солади…

Миллион-миллион кулар юзлар ҳар йил шу кунда
Бир қайрилиб – ўтканлари йўлга қарайлар:
Шундай улуғ довонларни нечик ошганлар,
Нечик мунча тез кетканлар … англаёлмайлар.

34

Тарих бўйи ҳеч бир қувват ботинолмаган
Жуда оғир, жуда мушкил бир йўлни тутиб;
Ўтиш учун лоақал икки-уч аср
Керак бўлган узун йўлни беш йилда ўтиб,
Қари тарих бетларига шараф битканлар,
Ер юзини ҳайрон қилиб гангиратканлар!

Фақат, яна қизил байроқ ҳилпирар экан,
Миллионларнинг ўткур кўзи – тағин йўлларда.
Янги ҳаёт, синфсиз ҳаёт қуриш истаги:
Миллион-миллион
Эркак, хотин, қиз, ўғилларда!…

1933 йил, май.

35

НОРИН ДАРЁ

Бош кўтарган қуллар каби ҳиддат билан,
Хужум қилган қўшин каби шиддат билан
Тўлқинлардан ўркач отиб юксакларга,
Аччиқ билан ўзни уриб тирсакларга,
Оч йўлбарсдай наъра тортиб келишинг бор!
Асов отдай телбаланиб елишинг бор!

Бир оз тўхтаб, дам олишни билмайсан ҳеч!
Ҳей*, чопасан, югурасан – эртаю-кеч!
Ўкуришинг авж олади кечалари!!
Юракларга хавф солади кечалари!
Кечаларнинг жимлигини битирасан!**
Аммо лекин жинниликни қотирасан!

Йўлларингда оч саҳролар энтикади.
Ташна тупроқ суқи кириб кўз тикади!
Қуриб ёткан ариқларнинг кўзи сенда!
Кўп бўғиннинг ҳасрат тўла сўзи сенда!
Сенда, кошки бир айланиб қараш бўлса,
Қирғоқлардан*** ҳолу-аҳвол сўраш бўлса!
Шу оқиш-ла юз йилларни оқизғон – сен!
Кўп бўғинни товутига ётқизғон – сен!
Сенга қолса шу оқишла яна юз йил,
Яна минг йил, мингларча йил…

Бас энди! Бил:
Юз йилларнинг ихтиёри сенда эмас!
Одам бугун ҳеч бир кучка банда эмас!

36

Сен, азамат, шундай ердан ўтасанким,
Сенга ўхшаш узиқора дарёлар – жим,
Ўкурмасдан, бўкурмасдан оқадилар;
Буйруқ кутиб, қирғоқларға боқадилар!
Сендан асов, сендан ёмон дарёлар ҳам
Бўйин эгиб келиштилар бирам-бирам!

“Днепир”ни билармидинг ? – Бола эди!
“Мен телбага кишан борми, қалай?” дерди.
Озод меҳнат бир ҳамлада ушлаб олиб,
Оз фурсатда одам қилиб – йўлга солиб,
Ўз эркида ўйнатади у телбангни!
Шошма, ҳали, тизгинлайди бир кун …
“Ганг”ни…1)
Сен мағрурсан! Сенга, ҳали тегмаганлар,
Сенинг темир иродангни эгмаганлар.
Ҳали сени пўлат қўлға олмаганлар,
Йўлларингни оч чўлларга солмаганлар,
Қуриб ёткан ариқларға оққанинг йўқ!
Оқ олтиндан шокилдалар таққанинг йўқ!
Электрик юлдузларни ёққанинг йўқ!
Лампа кўз-ла мамлакатка боққанин тўқ!

Эрта-индин сен жиннига тегажаклар!
Иродангни – метин бўлсин – эгажаклар!
Сени пўлат қўллариға олажаклар!
Йўлларингни оч чўлларга солажаклар!
Қуриб ёткан ариқларға оқажаксан!
Оқ олтиндан шокилдалар тақажаксан!
Электрик юлдузларни ёқажаксан!
Лампа кўз-ла мамлакатка боқажаксан!
Ниагара 2) қари, сендан анча катта,
Днепр ҳам ундан кичик шу фурсатда.

1) Ҳиндистонда каттакон дарё [Шоир изоҳи].
2) Амриқада машҳур шар-шара (шалола) [Шоир изоҳи]..

37

Ниагара кўпдан бери тизгинланган.
Унинг асов елкасига одам минган.
Фақат уни, биласанми, кимнинг қули?
Паррасини айлантирган кимнинг пули?
Бошқаларнинг терисини оқизғанлар,
Банкларга пулларини ётқизғонлар,
Йўқсулларни зулук каби сўрувчилар,
Манфаъатка ўзларини урувчилар,
Бировларнинг елкасида яшовчилар,
Миллионларнинг луқмасини ошовчилар!

Днепр-ла сенинг ўрнинг ундан юксак!
Сизга эга: буюк меҳнат, улуғ емак!
Сизга эга; ўз кучи-ла ишловчилар;
Луқмасини ҳалол қилиб тишловчилар!
Қул зотини озодликка бошловчилар,
Хақ курашга миллионларни ташловчилар!
Улар сизни ҳақ йўлларда оқизажак,
Кўз нуридай азиз қилиб боқизаяк!
Ҳеч бир кучни қўймаяжак тексин сизга!
Қонға боткан қўлларини эгсин сизга!

1934 йил, март

38

XVI -нчи.

Ўн олти мартаба тўпландик бизлар –
Тутқун оталарнинг эркин авлоди.
Пўлатдек пишиқлик, матонат берди
Темир кишиларнинг даҳшатли ёди.

Ўн олти мартаба тўпландик бизлар
Асрнинг чораги ўтмасдан туриб,
Биз, янги етишкан – навқирон кучмиз.
Матлабга етамиз чопиб, югуриб.

Бизнинг асабимиз неча минг йиллар
Кишанлар остида шу қадар пишди,
Ки шунча оғирлик ичида асло
Шошмадик, душманлар ҳайрон қолишди!

Бизнинг сафимизни оралаб баъзан
Душманнинг заҳарлик фикри кирса-да,
Биз сергак одамлар ва қаршимизда
Сақланиб қололмас ҳеч қандай парда!

Бизнинг йўлимизда оғирлик сонсиз,
Бирма-бир уларни енгмай қўймаймиз!
Биздаги бу иймон сенда йўқ асло,
Эй душман, негаким: кўнглимиз тамиз!

39

Ўн олти мартаба тўпланиб бизлар
Режалар тортишдик янги ишларга.
Нима дейишини билмайди душман,
Бир* режа бўйича югуришларга!

Ўн олти мартаба тўпланиб бизлар
Қўл солдик ҳаётнинг томирларига!
Ўзимиз хаётни тебратувчи куч!

Жонлилар қайрилиб боқмаяжаклар,
Шафақлар қизариб оқмаяжаклар,
Ўлим олқишини юксалтиражак,
Зулмат ғурублардан салом беражак:
Ҳаётнинг ёлғончи амирларига!…

1930 йил, июл.

40

КУЗ

Дарахтлар танига тирмашди изғирин,
Шохларга илондай чирмашди изғирин.
Қўллари баргларнинг бетида сурунди,
Баргларнинг бандини қирт этиб кесишка
Урунди…

Ер бети қопланди малла ранг чойшап-ла;
Боқчалар* ранг-баранг чойшап-ла!
Қиш, қиров орқали жўнатти номасин,
Яқинда чалажак ёқимсиз нағмасин…
Гуппи тўн вазминин солажак бус-бутун,
Ишига қайтажак ўт, ўтин!

Лекин биз қош-қовоқ солмаймиз куз каби,
Юзларга ғам ранги олмаймиз куз каби.
Юлдуздай ёнувчи кўзларни ўйнатиб,
Шу катта,
Думалоқ курранинг –
6-дан бирига қараймиз!
Қишу-ёз
Бир хилда ишлаган,
Шу тинмас
Ва саёқ курранинг
6 дан 5 ини ўзига қаратган;
Ишлаш-ла тишлаган
41

Ерига қараймиз!
Ишлашда – буюк завқ,
Меҳнатда – улуғ шавқ,
Ижодда – ўлмаслик
Ва фоний бўлмаслик
Кўрамиз!
Кузда ҳам,
Қишда ҳам,
Баҳорлар шавқи-ла,
Айланар куррамиз!

Майли,
Ҳар дарахтка тирмашсин изғирин!
Шохларга, илондай чирмашсин изғирин!
Майлига,
Қиш агар
Йўлласа номасин!
Бошласа
Бетаъсир,
Ёқимсиз нағмасин
Биз
Қишдан
Ёзларнинг ризқини оламиз!
Қишни ҳам,
Ёзни ҳам
Режага соламиз!..

1934 йил, ноябр.

42

ДИЁРИМ*

(Ўзбекистоннинг 10 йиллигига)

Титилиб, ўқилмас бўлганда тарихинг,
Ҳасрат-ла аламга тўлганда тарихинг,
Хазоннинг баргидай сўлганда тарихинг –
Кўзимнинг нурини аямай ўқидим.

Ҳеч қайдан мен куткан зарварақ чиқмади,
Игнадек ялтираб бир варақ чиқмади,
Ҳасрат-ла аламга бир қироқ чиқмади –
Миямда беҳуда хаёллар тўқидим…

Ҳар ерда бош кесар хонларнинг таърифи,
Беҳуда шуҳратлар, шонларнинг таърифи,
Дарёдек оқувчи қонларнинг таърифи –
Шул эди минг йиллаб битилган тарихинг.

Фуқаро ким эди одам деб саналса?
Бир раҳбар кўрдими жон бериб, жон олса?
Бир ҳаким топдими бемордан қон олса?
Шул эди саждалар этилган тарихинг.

Бемаъни тарихни ёндирди инқилоб,
Сен қўйғон талабни қондирди инқилоб,
Қарғалғон* кечмишдан тондирди инқилоб –
Келажак меҳрини кўнгулга жо айлаб!

43
Шоирлар, адиблар, ҳакимлар ёнмади,
Маъқулдан, инқилоб, ҳеч қачон тонмади,
Кечмишнинг барчасин сафсата санмади;
Ўрганиб ётади кечнишни бел бойлаб.

Диёрим, каттакон рўзғорда бир тансан,
Қандай жой, нима иш, кўп яхши билгансан,
Дунёга янгидан туғилиб келгансан;
10 йилда бошқатдан ясанди тарихинг!

Дунёлар тарихи жой берди кўксидан,
Хавфинг йўқ гардишнинг ҳар қанча аксидан,
Йўлдошинг – меҳнатдир, ўртоғинг – илму-фан;
Тарихлик номини қозонди тарихинг!..

1934 йил, ноябр.

***
==========
44

ИЗОҲЛАР

1-бет: * Китобнинг бизга етиб келган нусхасида “МУНДАРИЖА” берилмаган.
“Мундарижа”ни ўзимиз киритдик,
. ** қашанг – шўх [шоир изоҳи].

8-бет: * Бу шеърнинг асли Озарбайжон туркчасида ёзилган [шоир изоҳи].
12-бет: * Партиянинг XVII қурултойи чоғида ёзилган [шоир изоҳи].
** Бу сўз асл нусхада “манги” деб берилган.
*** “даҳо” – гений [шоир изоҳи].

15-бет: Шоир хамма вақт “қўшуқ” деб ёзади. Биз кўп ўринларда шоирнинг
ўз услубини сақлаб қолишга ҳаракат қилдик.
21-бет:`* Шоир “пъеса” сўзини шундай ёзган.

22-бет: * “найлай” сўзи О.Ш.да ишлатилмаган, “тушириб” қолдирилган кўринади.
[О.Ш. = Озод Шарафиддинов масъул муҳаррирлигида чиққан “Чўлпон, Яна олдим созимни”, Тошкент, 1991 йил].
** Чўлпон шеърияти тилида ўтган замон сифатдоши ясаш учун жарангсиз
ундошлардан кейин –кан қўшимчаси қўшилади: ўт-ўт+кан > ўткан;
уч+кан> учкан.
*** О.Ш. нашрида бу ибора “омон борми” деб берилган.

27-бет: * Асл нусхадаги “зулматка тукурди” О.Ш. нашрида “зулматга тупурди”
деб берилган.

32-бет: * фаллоҳ – Миср деҳқони [Шоир изоҳи].
34-бет: * Шоир бу сўзнинг шева шакли “байналмилал”ни қўллаган,
36-бет: * О.Ш. нашрида [Қаранг: 546-бет] “Ҳей” сўзи “Қай” деб берилган.
** Бу сўз биринчи лотинча нашрда “батирасан” шаклида хато терилган.
*** Биринчи лотинча нашрда бу сўз “Қрақлардан” (36-бет) шаклида хато
терилган.
37-бет: *Ҳиндистондаги катта дарё [Шоир изоҳи]
** Америкадаги машҳур шаршара [Шоир изоҳи]..

40-бет: * О,Ш. нашрида бу сўз “бу” деб [536-бет] хато ўқилган.
43-бет: * Лотин алифбосига асосланган биринчи нашрда “Диярми” шаклида хато
берилган.

Нашрга тайёрловчи, сўзбоши ва изоҳлар муаллифи Хайрулла Х.Исматулла, АҚШ.

***

www.munosabat.org

 

 

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn