Чўлпон шеърларининг асл нусхалари: ”Булоқлар” тўплами

 

Cho'pon 1922-26 yillariИккинчи китоб: БУЛОҚЛАР

Ўзбекистон Давлат Нашриёти, Тошкент, 1924.

“БУЛОҚЛАР” ҳақида

Хайрулла Х. Исматулла, АҚШ.

ЧЎЛПОНнинг “Булоқлар” номли иккинчи шеърлар тўплами 1924 йили Ўзбекистон Давлат Нашриёти томонидан чоп этилган бўлиб, бу тўпламда ҳам шоир шеърлари қуйидаги бўлимларга бўлиб берилган:
1-бўлим “Шарқ учун” [“Бузилган ўлкага”, “Амалнинг ўлими”, Ёнғин”, “Тўфон”, “Гелиёрсун!”]; 2-бўлим “Сезгилар” [“Яшайиш”, “Ётоқдан”, “Эркинлик истаги”, “Мастликда”, “Қилич ва қон”, “Қизларнинг дафтарига”. “Кўклам қайғуси”, “Бинафша”]; 3-бўлим “Севгили” [“Тун”, “Ниманинг ҳиди”, “Ишқ йўли”, “Кет”, “Алданиш”, “Ишқ (Усмонлича)”, “Битди”]; 4-бўлим “Қора йўллар” [“Маҳмуд Хўжа (Беҳбудий) хотираси”, “Кетдинг”, “Ўлимдан кучли”, “Улуғ йўловчига”] ва 5-бўлим “ Қор қўйнида” [“Яна қор”, “Оппоқ ой”] деб номланган бўлиб, жаъми бу тўпламдан шоирнинг 27 шеъри ўрин олган.

Чўлпоннинг бу тўплами унинг энг кучли шеърларидан бири саналган “Бузилган ўлкага” шеъри билан очилади.
“Булоқлар” тўпламининг биринчи бўлини “Бузилган ўлкага” шеъри билан бошланиши бежиз эмас. Шоир Чўлпоннинг бу шеъри ўта муҳим бўлганидан проф. Эдвард Оллвортт ҳам бу шеърни ўз ишида ҳам асл нусхада – ўзбек тилида келтириб, шеърнинг инглизча таржимасини ҳам беради. Бундан ташқари, америкалик олим бу шеърга оид илмий мушоҳадалар ҳам чиқаради [Бу ҳақда қаранг” E. Allworth, “The Source of Knowledge” … IN: Central Asian Journal” vol. X, No.1, 25].
Бу атоқли олим у билан қаноатланмайди. У Чўлпон шеърини Ғайратийнинг “Тузалган ўлкага” шеъри билан қиёслаб, хақиқий шоир Чўлпон фойдасига хулосалар чиқаради:

Чўлпон: Эй, тоғлари кўкларга салом берган ҳур ўлка,
Нима учун бошингда қуюқ булут кўланка?

Ғайратий: Эй, тоғлари кўкларга салом берган ҳур ўлка,
Энди солмас бошинг узра қора булут кўланка.

Туркистоннинг зиё аҳли ўша вақтларда ҳам халқ бошида “қуюқ булут кўланка” солиб турганлигини яхши биларди. Ғайратийнинг шеъри “муз ўлкалардан келган қўноқлар”нинг кўрсатмаси билан битилганлигини машҳур Колумбиа университетининг профессори эмас, оддий китобхон ҳам англаб етганди.
***
Бир қатор журнал, тўпламларда Чўлпонга нисбат берилган талайгина шеърлар эълон қилинган бўлиб, бу каби шеърларнинг айримлари ҳам мазмун, ҳам тузилиши жиҳатидан шоирнинг машҳур “Бузилган Ўлкага” шеърига ўхшаб кетади.
Мен бу ўринда шоирнинг шундай шеърларидан иккитасини сизнинг эътиборингизга ҳавола қилмоқчиман:
“Бузилган Ўлкага” ўхшаш шеърларнинг биринчиси “Гўзал Фарғона” деб аталади:

Гўзал Фарғона

Эй, гўзал Фарғона қонли кўйлагингдан айланай,
Тарқалиб кетган қора, ваҳший сочингга боғланай.
Ваҳший бир ўрмон каби бағрингни босмиштир қамиш,
Кўзларингда ҳеч кўринмас бир олов, бир ўт ёниш.

Кенг чўзиқ яйловларинг ёвларга очмиш кўксини,
Бир қора парда босибдир тупроғингнинг устини.
Кўзларинг сўлган, ўлик руҳинг билан боқдинг менга,
Қутулишнинг юлдузу асло кўринмасми сенга?

Ул баланд зўр тоғларинг нега тўсолмас ёв йўлин?
Йўқмидир ўткур қилич кесмакка ёвларнинг қўлин?
Биз бутун ожиз, заиф, бағри эзилган сен учун,
Бул қадар қонлар тўкилди ул дахидир сен учун.

Йиғлама, юртим, агарчи бул кунингда йўқ баҳор,
Келгуси кунларда бахтинг юлдузи ўйнаб қолар.

Шу ва шунга ўхшаш халқ орасида кенг тарқалиб кетган шоирнинг шеърлари асосида кейинчалик, уруш ҳамда урушдан сўнгги йиллари халқ Чўлпоннинг номидан бошқа шеърлар яратиб, куйлаб юргани сир эмас. Шу сингари шеърлардан яна бири “Гўзал Туркистон” саналади:

“Гўзал Туркистон”

Гўзал Туркистон, сенга не бўлди?
Сахар вақтида гулларинг сўлди.
Чаманлар барбод, қушлар ҳам фарёд,
Ҳаммаси маҳзун. Бўлмасми дил шод?
Билмам не учун қушлар учмас боғчаларингда?

Бирлигимизнинг тебранмас тоғи,
Умидимизнинг сўнмас чироғи.
Бирлаш, эй халқим, келгандир чоғи,
Безансин энди Туркистон боғи.
Қўзғал, халқим, етар шунча жабру жафолар!

Ол байроғингни, қалбинг уйғонсин,
Қуллик, асорат – барчаси ёнсин.
Қур янги давлат, ёвлар ўртансин.
Ўсиб Туркистон, қаддин кўтарсин,
Яйраб, яшнаб ўз Ватанинг гул Боғларингда!

[Бу шеърлар хақида тўла маълумот олиш учун қаранг ” Хайрулла Исматулла, Чўлпон ва Жаҳон. IN: Reform Movements and Revolutions in Turkistn: 1900-1924; pp. 232-234]

***
Хорижда Чўлпоннинг шеърий ижоди бўйича энг кўп ёзганлардан яна бири Боймирза Ҳайит бўлади. Б. Ҳайит ўзининг бир қатор асарларида шоир шеъриятига тўғри баҳо беради: “Чўлпоннинг инсонлар қалбини ларзага келтирган, туркистонликлардаги миллий туйғунинг дил ифодаси бўлган “Уйғониш”, “Булоқлар” ва “Тонг сирлари” шеърий тўпламлари унинг хеч вақт адабиёт тарихидан ўчириб бўлмайдиган бир сиймо ҳолига келтирган. Балки Чўлпон ўз вақтида ижодининг юксак поғонасига етган бўлуви мумкин.” [Қаранг: Б. Ҳайит, “Туркистон Янги Адабиётида Икки Сиймо – Қодирий ва Чўлпон” (немис тилида). Журнал “Ислом Дунёси”, 1964 йил, IХ жилд, 1-4-сон].

Б. Ҳайит ҳам Чўлпоннинг “Булоқлар” тўпламидаги “Бузилган ўлкага” шеърини батафсил таҳлил этган ҳамда бу шеърни немис тилига таржима ҳам қилган.

“Булоқлар” тўпламидан шоирннг усмонли турк тилида ёзилган “Гелиёрсунг” ва “Ишқ” шеъри ўрин олган. Ўз ижоди давомида Чўлпон, мутахассисларнинг аниқлашича ўн битта “усмонлича” шеърлар ёзган. Профессор Темур Хўжа ўғлининг гувоҳлик беришича, “…Чўлпон гарчи Туркияга бормаган бўлса-да, у Истанбулдан турк газета ва журналларини 1922 йилгача олиб турган ҳамда у Туркия туркчасида ўн битта шеър ёзган. Чўлпон турк шоирлари Намик Камол, Тавфиқ Фикрат, Яҳё Камол шеърларини ўқиб борган…” [Қаранг: Темур Хўжа ўғли, “Чўлпоннинг шеърларида ҳуррият туйғуси” (турк тилида) “Турк Адабиёти” журнали, 1993 йил, 242-сон, 45-бет].

Чўлпон хеч қачон Туркияга бормаган. Бироқ андижонлик “тадқиқотчи” Сайфиддин ҳожи Жалилов Чўлпонни Истанбулда бўлган деб, ҳисоблайди. [Қаранг: С. Жалилов, “Бахтинг юлдузи ўйнаб қолар”, “Халқ Сўзи” газетаси, 1997 йил, 24 сентябр, 4-бет].
Чўлпон Туркияда бўлмаган бўлса-да, у турк шоирлари ижоди билан мунтазам равишда танишиб борган.cholpon-buloqlar-toplami.jpg

****

МУНДАРИЖА

1-бўлим: ШАРҚ УЧУН

Бузилган ўлкага …………………………………………………………….
Амалнинг ўлими ………………………………………………………………
Ёнғин ………………………………………………………………………..
Тўфон (Анатолу Қишлоғининг Музаффар Ўрдулариге) ……………………
Гелиёрсун! (Шарқ Қурултойи Вакилларига )

Йўлдош Файзулла Сайида армуғоним

,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,,

2- бўлим: СЕЗГИЛАР

Яшайиш ……………………………………………………………………
Ётоқдан ……………………………………………………………………
Эркинлик истаги ………………………………………………………………
Мастликда …………………………………………………………………..
Қилич ва қон ……………………………………………………………….
Қизларнинг дафтарига ………………………………………………………..
Кўклам қайғуси ……………………………………………………………
Бинафша ……………………………………………………………………

3-бўлим: СЕВГИ

Тун …………………………………………………………………………..
Ниманинг ҳиди ……………………………………………………………….
Ишқ йўли …………………………………………………………………….
Кет ……………………………………………………………………………
Алданиш ………………………………………………………………………
Ишқ (Усмонлича)_ ……………………………………………………………
Битди ……………………………………………………………………………

4-бўлим: ҚОРА ЙЎЛЛАР

Махмуд Хўжа (Беҳбудий) Хотираси …………………………………………..
Кетдинг …………………………………………………………………………
Ўлимдан кучли ………………………………………………………………..
Улуғ йўловчига ……………………………………………………………….

5-бўлим: ҚОР ҚЎЙНИДА

Яна қор …………………………………………………………………………
Оппоқ ой …………………………………………………………………………
***

1-бўлум: ШАРҚ УЧУН

БУЗИЛГАН ЎЛКАГАcholpon-buloqlar-toplami-2.jpg

Эй, тоғлари кўкларга салом беран зўр ўлка,
Нега сенинг бошингда* қуюқ булут кўланка?
Учмохларнинг кавсаридек покиза,
Садафларнинг донасидек топ-тоза
Салқин сувлар тоғдан қуйи тушаркан,
Томчилари ёмғир каби учаркан,
Нима учун йиғлар каби инграйлар?
Ёв борми, деб тўрт тарафни тинглайлар?
Табиатнинг ўтини йўқ ўтида,
Шарақ-шарақ қайнаб чиққан булоқлар
Ҳар қоронғи, қўрқинч туннинг бетида
Шифо истаб келмасин дер, қўноқлар.
-Бу нега?
Айт менга.
Кўм-кўк, гўзал ўтлоқларинг босилғон,
Устларида на пода бор, на йилқи,
Подачилар қайси дорға осилғон?
От кишнаши, қўй маъраши ўрнига
-Оҳ, йиғи,
Бу нега?

Туморчалар хамойиллар тақинган,
Далаларда лола барги ёпинган,
Тоғ-тошларда ўйин қилган,
Чопинган
Гўзал қизлар, ёш келинлар қаерда?
Жавоб йўқми кўклардан-да, ердан-да,
Хароб бўлган элдан-да.
От минганда, қушлар каби учгувчи,
Эркин-эркин ҳаволарни қучғувчи,
От чопганда, учар қушни тутқувчи,
Учар қушдай ёш йигитлар қаерда?
Тоғ эгаси – сор бургутлар қаерда?

Сенинг қаттиқ сир – бағрингни кўп йиллардир эзганлар,
Сен безсанг-да, қарғасанг-да, кўкрагингда кезганлар.
Сенинг эркин тупроғингда ҳеч ҳақи йўқ хўжалар,
Нега сени бир қул каби қизғанмасдан янчалар?
Нега сенинг қалин товшинг “кет” демайди уларга?
Нега сенинг эркли кўнглинг эрк бермайди қулларга?
Нега тағин танларингда қамчиларнинг кулиши?
Нега сенинг турмушингда умидларнинг ўлиши?
Нега ёлғиз қон бўлмишдир улушинг?
Нега бунча умидсиздир туришинг?
Нима учун кўзларингда туташгувчи олов йўқ?
Нима учун тунларингда бўриларнинг қорни тўқ?
Нима учун ғазабингни уйғотмайдир** оғу-ўқ?
Нима учун борлиғингда бу даража бузғунлик?
Нима учун ўч булути селларини ёғдирмас?
Нима учун куч тангриси бор кучи-ла солдирмас?
Кел, мен сенга қисқагина достон ўқий,
Қулоғингга ўтганлардан эртак тўқий.
Кел, кўзингнинг ёшларини суриб олай
Кел, ярали танларингни кўриб олай, тўйиб олай.
Нима учун ағдарилган, йиқилган
Оғир тойнинг заҳар ўқи кўксингда?
Нима учун ёвларингни бир замон
Йўқ қилғундай темирли ўч йўқ сенда?
Эй, ҳар турли қулликларни сиғдирмаган ҳур ўлка,
Нега сенинг бўғизингни бўғиб турар кўланка?

Андижон, 1921 йил

АМАЛНИНГ ЎЛИМИ

Кўнглимда йиғлаған малаклар кимлар?
Шарқнинг оналари, жувонларими?
Қаршимда инграган бу жонлар кимлар?
Қуллар ўлкасининг инсонларими?

На учун уларнинг товушларинда
Ўтган асрларнинг оҳанги йиғлар?
На учун ёзмишнинг ўйнашларинда
Ҳар юриш кўнглимни ништардек тиғлар?

Кенглик хаёллари учдими кўкка,
Бутун умидларни ёвларми кўмди?
Мангу тутқунликка кирдими ўлка,
Хаёлда порлаган шамларми сўлди?

Кечанинг жон олғич қоронғилиғи,
Ҳаёт юлдузини хаёлми билди?
Шунча тутқунларнинг ҳақи, хақлиги
Бир ҳовуч тупроққа қурбонми бўлди?

Оҳимнинг ўтидан чиққан шуълалар
Шарқнинг кўкрагида бир жой топмасми?
Кўксимдан қисилиб чиққан наъралар
Ухлаган дилларга силжиб оқмасми?

Ҳар кеча кўкларда ўйнаган юлдуз
Айтар эди менга: “Эрклик юлдузи –
Тутқин еллар учун само кундузи.”
Кўнгилда қолғуси унинг бир изи”.

У бир из кўзимнинг нурларидан ҳам
Юксакдир. Мен уни ўпмак истаймен,
Агар топилмаса, бу юртлардан ҳам
Кўчиб йироқларга кетмоқ истаймен.

Йиғлаган, инграган амал қизими?
Кўкдаги юлдузлар унинг изими?

1921 йил.

ЁНҒИН

Таланмаган, йиқилмаган ер йўқ.
Гўдаклар найза бошида…

(Хабар.)

Нега менинг қулоғимда тун ва кун
Бойқушларнинг шумли товши бақирар?
Нега меним борлиғимға ҳар ўюн
Ва ҳар кулги оғу сепар, ўт қўяр?

Кўнглим каби йиқиқ уйлар, қишлоқлар,
Бойқушларга бузуқ кўксин очганми?
Ота-она, таниш-билиш, ўртоқлар
Юртни ташлаб, тоғ ва тошга қочқанми?

Шундай катта бир ўлкада ёнмаган,
Йиқилмаган, таланмаган уй йўқми?
Бир кўз йўқми қонли ёши томмаган,
Бутун кўнгил умидсизми, синиқми?

Подаларнинг яйловида бўрилар
Қонга тўйгач, увлайдиларми кўплашиб,
Йиқиқлардан ўлкаларни тўплашиб,
Ўтми қўяр алвастилар, парилар?

Табиатнинг бутун ёмон томони
Шу ўлкага фақат жилва қилдими?
Мўминларнинг оқ виждони, имони
Шам сўнгандай тинсизгина сўндими?

Қиличларнинг тилларида қизил қон,
Булоқларнинг суви янглиғ тошдими?
Яланг бола, яланг гўдак – маъсум жон
Найзаларнинг бошларидан ошдими?

Кенг яйловга ўтми кетди, ёндими?
“Маданият” истагига қондими?

1921 йил.

1

ТЎФОН

(Анадўли Қишлоғининг Музаффар Ўрдаларига )

Эй Инону, эй Сакария, эй истиқлол эрлари,
Миллий Мисақ олинганча тўхталмасдан илгари!

Биламиз, ким жаннат каби тупроғингиз ёвларнинг
Гўдакларни ястағучи оёқлари остида.
Биламиз, ким товушингиз ҳақсиз чиққан давларнинг,
Инсофсизча шовқинларнинг, хурушларнинг пастида.

Биламиз, ким “маданият” бешигида ўлтурган
Жаллодларнинг бутун таъма ва ҳислари сизларда.
Биламиз, ким “озодлик” деб шовқин қилган, бақирған
Бўриларнинг оч кўзлари, олтин тўла ерларда.

Биламиз, ким унлар сизни яшамоққа қўймайлар,
Биламиз, ким қонингизни томчи-томчи ичалар,
Биламиз, ким унлар сира ювош халқни севмайлар,
Биламиз, ким тупроқ учун инсонлиқдан кечалар.

Биламиз, ким сиз йўқсуллар сўнг чоғда
Шундай ёмон душманларнинг қўлида
Мангу асир, мангу тутқун бўлишни
Истамасдан қўлга яроғ олдингиз.

Биламиз, ким қатор-қатор қишлоқлар
Синасига нон тўлдирған тупроқлар,
Ўт ичинда, шунинг учун ўлишни
Ортиқ кўруб, жонни ўтқа солдингиз.
Жонни қонға –ўққа ўтқа солдингиз.
Фақат бу кун тотли бир ўч олдингиз,
Яна бир қўр тарихларда қолдингиз!

Эй истиқлол, эй Сақария, эй Инону эрлари,
Юр, мазлумлар тўфонининг ўч олғучи селлари!

***

ГЕЛИЁРСУНГ!

(Шарқ Қурултойи вакилларига)

Йўлдош Файзулла Сайидга армуғоним.

Гелиёрсунг дағ, тепелер ашарақ,
Гелиёрсунг су, денгизлер гечерек,
Гелиёрсунг амалине-қошарақ,
Гелиёрсунг ўз ёлинги сечерек.

Чоқдан бери сўнмиш олан гунешинг
Тепелерин енг башиндан гўрунди,
Чоқдан бери юз дўндурмиш мехвешинг
Эмелингинг нурларина бурунди.

Ҳер сафхаси алчалмани язарак,
Сенинг учун қан ағлаян тарихинг,
У ёллари хаялиле бозарак
Язмададир парлайишин ярнинг.
“Шарқ гўзели” дейе ғарби яндиран
Кара сачли, кара гўзли у сенинг
Гўзел қизинг, ўлумлери андиран
Чехресиле ағлиёрду: Бен онунг
Гоз яшлари арасинда батиёр,

Боғулуёр ўлуёрдум… Гелмиёр
Гелмиёрди имдадима хеч киши
Кесилмишди санки жахан нефеси.

Дағ, тепелер, ашип евет сен гелдинг
Бен де шимди алиёрум генг нефес;
Сен де затен рухен эсир дегилдинг,
Ялгиз сенинг вужудуну кисарди
Алчак ғарбинг гейдирдиги дар кафес…
Вужудунга пек дарди.

Гелиёрсун дағ, тепелер ашарак,
Гелиёрсун чўл, сахролар гечерек
Беклиёрум бен де хаят ичерек,
Йулларина гул лалелер сачарак,
Кучағими ачарак!
Хараретли, селамими кабул эт
Хурметими бутун Шарка такдим эт!

***

2-бўлум: СЕЗГИЛАР.

ЯШАЙИШ

Оғир-оғир ва фақат қайғидан йироқ уйқу,
Нечун узоқларга қочдинг, ки кўп ямандир бу!

Кўзум очилди, бироқ кўрмадим гўзалликни,
Кўнгулда ёш ила кўрдим бутун тубанликни…
Йўқ эрмас эрди гўзаллик билан чиройлилик,
Фақат улар тубида жилваланди ҳайвонлик…
Кулиб қарар эди дунёси гоҳ-гоҳлари
Фақат кулушлар ичинда, фиғон ва оҳлари!

Нечун очилди кўзим, қайга кетди уйқуларим?
Бу уйғонишда тўлиб тошди қайғуларим…

***

ЁТОҚДАН…

Оғриқ олди, қайғу олди, зор олди,
Сўнук кўзли, бағри эзик ёр қолди.

Қайда қолди Мулла Бозор – девона,
Қулоғимга ўқир эди афсона:
Эзгу жойга оқ от билан кирган(и)ни,
Дил каъбасин ўқлар билан бузган(и) ни…

Йиқиқлардан, қабрлардан товушлар;
Ўлукларнинг саломини ўқийлар.
Борлиғимни қўрқинч ўтлар ҳовучлар,
Хонақоҳлар фано тўри тўқийлар.

Сирли сирдан қилдай бўлсин хабар йўқ,
Йўқса ул-да* ўтганлардек сўндими?
Оқ деб, пок деб юрганларда дил бузуқ,
Йўқса фано майсалари ундими?

Алам олди, фироқ олди, қон олди,
Амал қолди… Кўзи ёшли жон қолди.

1922 йил, Январ 21, Бухоро [Ҳарбий Хастахона].

ЭРКИНЛИК ИСТАГИ

Эркин кўнглим чидай олмас бу сиқиқ,
Бу боғланған, бу “эгалик”* турмушда.
Агар шундай кета берса, бу аниқ,
Тилак учун қила олмас бир иш-да!

Шунча чоқлар чидаб келган кўнглимга
Бу кунгина ўз чизиғи тор келди.
Гўё унинг қўл тегмаган бўйнига
Ип боғланиб, жуда қаттиқ тортилди.

Ул интилиб, ул уриниб ётадур,
Тор қафасдан қутқарғали ўзини.
Теваракка аччиқ қарғиш отадир,
Билмадим, ким қон босганми кўзини?

Бундан бурун ул кўп оғир тинларни
Чидам билан, тинчлик билан ўткарди.
Қаршисида авраб турган жинларни**
Кўра туриб қурамади, кеткарди,

Шунинг учун тубанларнинг тубани
Ёвуз, бузуқ кишилар ҳам эркинча
Таларларди, эмарларди-да уни
Сўкарларди орқасидан ҳар кеча.

Ул қандай тор, қандай сиқиқ ерларда
Қандай бузуқ чизиқларда бўлмади?
Ул қандай хор***, қандай тубан ерларда
Қилини ҳам қимирлатмай турмади?

Энди ул-да тор чизиқдан безгандир,
Қайтиб унга киришликни истамас,
У маъносиз “эгаликлар” эзгандир,
Улар билан бир тин бўлсин туролмас.

Ул эркинлик, ўзбошлилик истайдир,
Кетга қараб – ўлим бўлсун – кетмайдир.

1922 йил.

МАСТЛИКДА

Х…га.

Май бу кун шишадан тошиб чиқмишдир,
Унинг бир томчиси ерга тушмасун.
Уни хаёлимиз амал демишдир,
Амаллар мажлисдан четка кўчмасун.

Майлар шишаларда қўшуқлар айтиб,
Бизнинг ийдимизни қутлаб турадир.
Майнинг кўпуклари минг қатла қайтиб,
Мажлис лаззатини сўзлаб турадир.

Майнинг атрофинда эски ўртоқлар,
Йиғилиб ўлтуриб, суҳбат қилалар,
Мажлис шодлиғини кўруб оппоқлар”
Ҳурмат юзасидан салом бералар.

Майнинг кўпуклари тутқун ўғлини,
Қайғу чоқларида юпатиб турсун,
Мастликда ўрганиб ўнг ва сўлини
Ўксук болалари у йўлдан юрсун.

Майнинг кўпуклари кўзнинг қораси,
Мастлар ўлсалар-да “эслик” қилғуси.

***

ҚИЛИЧ ва ҚОН

Қиличим қинда қолмасин, чиқсин,
Тиғиға тилларим томизсин қон,
Амалим қонли тиғим ўпсун,
Қолмасин қонни севмаган бир жон.

***

ҚИЗЛАРНИНГ ДАФТАРИГА

Кўнгил, тинмас кўнгил, энди етар, кўз тикма гулларга,
Гўзалдир, ёшдир ул гуллар… фақат алданма унларга,
Ки қизғанмас, кўнгул қўймас сенингдек оқ кўнгулларга!

***

КЎКЛАМ ҚАЙҒУСИ

Эй қоронғи, узун қишнинг хаёли
Кўклам чоғи кўзларимда ўйнама!
Айрилиқнинг чидаб бўлмас малоли
Кўкат, майса юзларида қайнама!

Бироз… бироз кўнгил берай кўкламда
Шафтолининг гўзал, қизил юзига.
Бироз… бироз алданайин кўнглимда
Бош чиқарған йигитликнинг сўзига.

Қаршимдағи кулиб турған юмшоқ қиз,
Кўмкўк майса ўртасида бир гулдир.
Кўп йиғладим… ёшларимни қатор чиз
Ва қаршимда гўзал қизни бир кулдир!

Кўклам чоғи … сайроқ булбул сайрамас,
Не учун, ким тамбуримнинг тили йўқ.
У гўзал қиз чин қараш-ла қарамас,
Не учун, ким умидимнинг йўли йўқ.

Тилларимда ҳар кўкламнинг қўшиғи,
Юрагимда ҳар гўзалнинг севгиси,
Кўзларимда ҳар қайғидан бир йиғИ,
Юзларимда алданишнинг белгиси…

Ёлғиз менми кўклам чоғи йиғлаған?
Ёлғиз менми ҳар умидда алданған?
Ёлғиз менми кўкрагини тиғлаған?
Ёлғиз менми севинч билан бўлмаған?

Эй кўкламнинг кўз тортғучи келини,
Нима учун йиғлатасен бир мени?..

***

БИНАФША

Ёз қайғуси.

Бинафша сенмисен, бинафша сенми,
Кўчада оқчага сотилган.
Бинафша менменми, бинафша менми,
Севгингга, қайғунгга тутилган?

Бинафша, нимага бир озроқ очилмай,
Бир эркин кулмасдан узилдинг?
Бинафша, нимага ҳидларинг сочилмай,
Ерларга эгилдинг, чўзилдинг?

Бинафша,
Айт менга,
Кимлардир улар, ким
Игналар бағрингга санчалар?
Бинафша,
Бир сўйла,
У қандай қўллар, ким
Узалар, ҳидлайлар, янчарлар?
Бинафша, шунчалар чиройли юзинг бор,
Нимага узоқроқ кулмайсен?
Бинафша, шунчалар тортгувчи тусинг бор,
Кўнглимга эркинлик тўкмайсен?

Бинафша, йиғлама, бинафша, кел бери,
Қайғингни қайғумға қўшғил,
Бинафша, сенингчун кўкрагим: эрк ери,
Бу ердан кўкларга учғил!

Бинафша, гўзалим, қайғилим келмайсен,
Қайғинг зўр, қайғимни билмайсен,
Менга бир кулмайсен!..

1922 йил.

***

3-бўлум: СЕВГИ ТУН

Эркин шеър

Тун ёмон, тун қоронғи,
Тун қўрқинч, тун азоб!
Тунда эски ва янги
Ҳар нарса хаёл ва сароб!

Туннинг узунлиги,
Чуқурлиги кўп ёмон.
Туннинг бузуқлиги,
Ёлғизлиги беомон!

Тунда ҳар нарсанинг товуши
Йироқдан гувиллаб келар,
Тунда кўп чоғлар юзимга
Жинларнинг қўллари урилар.

Оҳ, туннинг қалин пардаси
Қандай гуноҳларни яширмас,
Оҳ, туннинг товушсиз наъраси
Ҳеч жонни қўрқитмай қолмас.

Туннинг яширин қучоқларида
Ўлимлар, қонлар тўлғандир!
Унинг алдамчи боғларида
Қанча ёш гуллар сўлгандир!

Тинчланиб ўлтуриб юлдуздан
Эртаклар эшитмак бўлсам,
Ё ўзим истаб топқан қиздан
Бир қараш, бир кўриш сўрасам,

Ҳар ердан қанча товушлар
Девлардек наъра солурлар.
Теграмда найза-қиличлар
Жонимга ҳамла қилурлар.

Салқин сув кони булоқлар
Кундузлар чанқағанимда
Шир-ширлаб кўнглимни йўқлар.
Мен дарров олмағанимда,
Баттарроқ қайнаб оқарди.
Бир хўплаб шунда мен ичсам,
Кайфимга қанча ёқарди?
Истардим, қўйнига қочсам!
Оҳ, тунда оғу бўлар ҳар
Манбадан томчи сув ичсам,
Оҳ, тунда нозли булоқлар
Кўнглимга тарқаталар ғам.

Бу тунда севгили ёрим,
Қолдингми мендан узоқда?
Билмайсен, оғриқли бағрим
Қон йиғлар тунда, бу ёқда.

Бу тун ким сирли, қоронғи,
Йўлларда шарпа-да йўқдир.
Кўнглимда тўп-тўла қайғи,
Оҳ, йўллар қанча узоқдир.

Кел, энди ташлама, қўйма
Бу туннинг қўйнида ёлғиз.
Ҳижронни бошима ёйма,
Эй, тундек сочи қора қиз!.

1922 йил

***

НИМАНИНГ ҲИДИ

Билмаймен бу ҳидлар ниманинг ҳиди?
Руҳим ҳидлаш билан англаған эди!..

Мевжуд жаннатларнинг энг гўзалида,
Энг гўзал малика атирлар сочди,
Кўкларнинг энг нозли, ўйноқ париси
Атир қутисининг оғзини очди.

Кўнгилни мулойим қитиқлагучи,
Ўзида ҳар турли сир сақлагучи,
Бу ҳиддир, ким ҳорган, чарчаган дилга
Янги умид, тоза қувват бергучи…
Муҳаббат булбули берилди тилга!
Узулиб-узулиб тиғлаған кўнгил,
Азалдан юмшоқлик кўрмаган кўнгил,
Гуллик боқчаларда юрмаган кўнгил,
Ўзини гулларга урмаган кўнгил
Азал малагидан бир ҳид хидлади,
Эсриди, йиқилди, ўзи билмади…

Ҳидсиз тилакларнинг тотли умиди
Сонсиз ҳавасларни кўнглимга солди,
Оппоқ маликанинг тарқатган ҳиди,
Танимни, жонимни, руҳимни олди!

Эй тотли ҳаваслар сўнгучи ҳидни
Руҳим ҳидлаш билан англаган эди!..

***

ИШҚ ЙЎЛИ

(Эркин шеър)

Сабрнинг косаси тўлгандир,
Бу оғир айрилиқ тўйдирған,
Оҳ, қанча азоблар* бўлгандир,
Гўзалим, хабаринг бўлмаған!

Оч ахир, очгил, ким кўксингни;
Бир нафас ўзимни унутай.
Унутмоқ бутунлай “ўзлик”ни,
Оҳ, шундан нажотни мен топай.

Кечалар… кечалар, оҳ сонсиз ва ойсиз.
Бир кеча менга худди бир йилдир.
Қайтариб айталар: Кечалар – рўёсиз,
Олдинда… “Кўп оғир бир йўлдир!

Эй дарвеш, бу йўлда биргина йўлчи,
Кетавер, бир куни сўнгиға етарсен!..”

***

КЕТ!

Кет, кўзимни алдағувчи хоин нур,
Кет, оловли чизиғимдан нари юр.

Кет, заҳарли қизғалдоқни ирғитма.
Кўнглимдаги сўнг умидни йўқ этма.
Кет, илоҳий виждонимни булғама.
Бутлар билан тегарамни чулғама.
Кет эй, тўққиз пари кўзли* қора қуш,
Йиқиқ бўлған кўкрагимдан четда уч!
Кет, севгимнинг улуғ ёви, кўринма,
Лаънат сочиб, ёнларимда юринма.

Эски дўстлар йўл адашиб ўлдилар.
Янги дўстлар бунинг учун кулдилар.
Янги йўлга оёқ босмай тўхтасам,
Бу йўлларда қутулишлик йўқ десам,
Сен ул чоқда қайси йўлға солардинг,
Фалокатдан қандай тортиб олардинг?
Сенинг қўпол…, қийнагувчи қилиғинг,
Кет, мангулик йўққа кўчсин борлиғинг.
Кет, малаклар достонини ўқима,
Кет, аслсиз эртакларни тўқима.
Кет, севгили кўкрагимга тинчлик бер,
Кет, сенинг-чун қучоқ очган қора ер..
Кет, жонимни қийнагувчи жоду-ҳур,
Кет, кўнглимни алдагувчи ёлғон нур!

1922 йил.

***

АЛДАНИШ

(Разочарование)

Беш йиллик ёнишим бир йил учунми?
Эркалаб ўткувчи бир ел учунми?

Кўзимга кўринган саробми эди?
Мен шунга алданиб тоғларми ошдим?
Севгимнинг боқчаси харобми эди?
Шу боқча ичида йўлми адашдим?

Кўзимни ўраған киприкми эди
Ёки кўк тусида пардами эди?
Кўнгил шу чоққача тирикми эди?
Жоним кўклардами, тандами эди?

Қўлимни тегиздим…. Одам эди-ку!
Кўзимда ўйнаған бир нур эди-ку!
Сезгим-да соғ, тетик, бардам эди-ку!
Бўйнимга қўл солған бир ҳур эди-ку!

Нега мен севмадим? Ўт эмасмиди?
Шул ўт ичидаги мен эмасмидим?
Каъбамга осилган бут эмасмиди?
Бутни “Тангри” деган мен эмасмидим?

Мен уни хаёлий, тотли бир севиш,
Илоҳий бир муҳаббат, ишқ билан севдим.
Беш йил! Шунинг учун беш йил англайиш…
Ёниш, куйинишларим… оҳ, энди билдим.

Оҳ, энди билдим, ким барчаси хаёл,
Барчаси бир тотли, роҳат туш экан.
Кет, йўқол кўзимдан, ҳақиқат, йўқол,
Бағримга ботмоқда оғули тикан.

Чиндан-да мен у кун ёлғизми қолдим,
Чиндан-да у ўтли севги битдими?
Чиндан-да турмушдан оғизми олдим?
Чиндан-да умидим буткул кетдими?

Чиндан-да кўнглимда севги ўтлари
Чўғсиз ўчиб қолган шамдек ўчдими?
Чиндан-да каъбамнинг санам, бутлари
Кул-парча бўлдими, буткул кўчдими?

Чиндан-да мен букун севмасми бўлдим?
Чиндан-да муҳаббат ўтими сўнди?
Чиндан-да мен букун тиканми юлдим?*
Кўнглим бу алданишга, оҳ, қандай кўнди?

Севгимнинг яшаши бир йилми эди?
“Ғув” этиб ўтгувчи бир елми эди?

1922 йил.

ИШҚ

(Усмонлича)

Илк эввел гўзими ишқ ила очдим. ,
Ишқинг мейданина қаними сачдим.
Ишқсиз ўлкалерден у энди қочдим,
Не замон боғладим зунноре ишқи.

Ишқ дея айрилдим диндан, имандан,
Англамам ҳеч бир СЕЙ/ жой инсоф, виждондан.
Ишка сажда этдим, бўлдим у ондан,
Не замон қатл этдим куффор-и ишқи.

Жаннат беним учун қуруқ саҳродир,
Ишқнинг саҳроси, ким банга маъводир.
Аксини сен банга не қадар қондир.
Қонмам, чунки билдим гулзор-и ишқи.

Ишқинг мейдонинда бир пехливаним*,
Бир махшар қўпарур ҳар дамда қоним,
На буюк беним, бақ, ишққа имоним,
Ера диз чўтирдим жаббар-и ишқ.

Бен ишқинг мулкига ягона ҳоқон,
Банга бўйин эгар бил жумла-и султон.
Инанир* ўрдума шуйла бир боққан,
Кўр нижа саф биста ашкор ишқи.

Сўйларкан дилларим на ёмон,
Ёзаркан қаламим на ҳазин ағлар,
Соддадил бунлардан на маъни англар,
Билмас куч ўлдуғи исҳор-и ишқи.

1922 йил.

***

БИТДИ!

Бер қўлингни, шу титраган қўлим билан сўнг дафъа
Бир қисайин, сўнгра ортиқ у қўлларга тегмак йўқ.
Кўзларингни сўнгги марта тушур хира кўзимга,
Кўкрагимга кирпикларинг сўнг мартаба отсин ўқ.

Кўкимизда ҳануз учмай қараб турган юлдузнинг
Кўр юзини, айрилиқнинг кўзи билан сарғайган…
Сен кетасен, юлдуз учар, ёлғизликда ташланган
Ўсугингга ҳаёт бермас ёғдулари кундузнинг.

Бер қўлингни сўнг мартаба, ёлғиз қолган ўксукка,
От ўқингни сўнг мартаба, алам кутган кўксимга!..

1922 йил.

4-бўлум: ҚОРА ЙЎЛЛАР

МАҲМУД ХЎЖА (Беҳбудий) ХОТИРАСИ

Жилгисиз қабрингни қора тунларда
Амалимнинг шамин ёқиб, изладим.
Қизил ва пок қонинг исларин сочгач,
Кучсиз кўйи юришимни тезладим.

Амалимнинг юлдузи, ким кўз тикди
Қора, жирканч… ўлим қони ерларга.
Савол бердим: “Йўқотганим қайда?”- деб,
Ўзимни ҳам ютмоқ бўлган ерларга.

Қўлидаги тутам-тутам гулини
Қабринг топиб, сочмоқ учун тиришди.
Гул ўрнига заҳар тилар муҳитда
Унинг қилган бу ишлари бўш ишди.

Мен-да ожиз – у муҳитнинг олдида
Қабринг топиб кўз ёшимни тўкмакка.
Ҳамда аччиқ ҳиддатим-ла ул ерда
Оқ каллалик-қора девни сўкмакка.

Шунинг учун юлдуз каби ярқираб,
Элда қолган исминг билан турамен.
Шул исмни эслаб, чизған йўлингдан
Йироқ кетмай, қимирламай юрамен.

Азиз отам, қўлимдаги гулларнинг
Мотам гули эканини билмайсен.
Шодлик гули кўпдан бери сўлганин,
Ер остида, пок руҳинг-ла сезмайсен.

Ана сочдим қалбимдаги гулларни
Термак учун чақирамен қўлларни..

1920 йил.

***

КЕТДИНГ!

Марҳум Раҳматулла Султоновга.

Йўлдошим, замзама бўлдинг-да, кетдинг,
Бор эдинг, йўқолдинг, ўлдинг-да, кетдинг,
Гул эдинг,, очилмай сўлдинг-да, кетдинг,
Йўқлик денгизига тўлдинг-да, кетдинг.

Қичқириб орқангдан югурдим, чопдим,
Ғариблар мозорин истадим, топдим.
Кўрай деб сўнг чоғда телмуриб боқдим.
Сен эсанг юзингни бурдинг-да, кетдинг.

Элингнинг тилаги етимми қолди,
Бошига қайғини ўлимми солди?
Жонингни тангриси севибми олди?
Айтмадинг, оғзингни юмдинг-да, кетдинг.

Боқчангға ёш қўллар экалар гуллар,
Очилмоқ истайлар лола, сумбуллар,
Фироқ куйларини куйлар булбуллар,
Сен бўлса, йўқлиққа урдинг-да, кетдинг,
Кўкармай, яшармай қурдинг-да, кетдинг.

***

Қитъа

ЎЛИМДАН КУЧЛИ

-Ўлим, сендан кучли бошқа куч борми?
Тарафингдан бир марҳамат бўлганми?
-Мендан кучли, мендан қувватлилар бор:
Мана, мендан ҳеч қўрқмайдилар одамлар.

***

УЛУҒ ЙЎЛОВЧИГА

А.М. руҳига:
“Дунёға ишлар учунгина келганмен.”

(Ўз сўзи)

Боқчаларда гуллар сўлди, сезмадим,
Ўстирганлар етим бўлди, сезмадим,
Кўнгилларга қора толди, сезмадим,
Сездим сенинг кетганингни кўнгилдан…

Кетган йўлинг йироқ йўлдир, кети йўқ,
Бошланиши қуруқ ва кенг бир бўшлиқ.
Тугалиши: яна чексиз бир йўқлик,
Бироқ қайтмоқ йўқдир тушкан йўлингдан…

Кетдинг, бироқ изларингда кўз қолди,
Тилларингда айтилмаган сўз қолди,
Ўксиз бўлиб, ётлар эмас, “ўз” қолди,
Чуқур маъно истаб эски сўзингдан.

1921 йил.

***

5-бўлум: ҚОР ҚЎЙНИДА

ЯНА ҚОР

Яна қор! Оқ кафан ўралди яна,
Яна кўк қўйди ерга парларини.
Қарғанинг тиллари бурилди яна,
Яна қиш чорлади нафарларини…*

Қоп-қора дев каби булут йиғини
Қоплаб олди яна қуёш юзини.
Ётқизиб ёз ботир “енгиш туғ”ини**,
Уйқудан очмади сира кўзини.

Кутдилар ёз қизи – баҳор ойининг
Янги кунда*** ясалгуси тўйини.
Ёз каби турли гулга кўп бойнинг
Дедилар: “Болғуси чечак ойини,”

Қариган қиш бобой чидолмасдан,
Тўй кутилганда қилди бир босқин.
Нега эргашди унга қорли бўрон?
Кўп қўпол эрди, асти ул озғин.

Бир фақат қарғалар қор устида,
Қоғлашиб қиш бобойни олқайлар.
Тўнгдирғувчи заҳар совуқ тунда
Бева-бечоралар ёмонлайлар.

Ҳар етим кўзда томчи-томчи заҳар,
Ҳар фақир уйида инглайиш ва йиғи.
Ҳар сариғ юзида сўнги шуъла сўнар,
Ҳар томон, ҳар тарафда бир қайғи…

Яна қиш… Қор кафан ёпилди яна,
Қарғага тўй… Ўйин топилди яна.
***

ОППОҚ ОЙ

Қучоғингда қалтираймен, титраймен
Ортиқ сендан безди кўнглим оппоқ ой.
Йўлни очсанг, энди бундан кетамен,
Кўклам яқин келган дейлар – бир қарай!

Кўкдан тушкан енгил, оппоқ парлардан
Қудрат қўли сенга кўйлак тўқийдир.
Учиб келиб узоқ-яқин ерлардан
Бир тўп қарға мадҳиянгни ўқийдир.

“Кўклам яқин!” деган сўзни эшитиб,
Кўзларингга замҳарирдек ёш келди.
У ёшларинг жам бўлишиб, уюшиб,
Осилдилар… бўйнинг ерга эгилди.

Ҳовуз юзи икки қарич муз бўлган,
Ёш болалар тийғанишиб ўйнайлар.
Ушуб, тўнғиб масжиддаги чол ўлган,
Етим қолган болалари йиғлайлар.

Жар қишлоқнинг йўлида ҳам шахарга
Қаймоқ ва сут келтирувчи бир бола
Тўнғиб ўлган, ҳар кун эрта саҳарда
Шундай қилиб бир неча жон йўқола.

Қучоғингда жуда совуқ, оппоқ ой,
Кўклам келсин, бир севинай, бир ўйнай.

1922 йил.

***

Изоҳлар:

“БУЗИЛГАН ЎЛКАГА”
*О.Ш. нашрида бу ўринда “бошинг узра” деб ўқилган [Қ.: Ўша асар, 415-бет].
**О.Ш. нашрида бу сўз “уйғотмайди” деб ўқилган [Қ.: Ўша асар, 416-бет].

“ЁТОҚДАН”
* Бу ўринда О.Ш. нашрида “йўлда” деб берилган [Қ.: Ўша нашр, 427-бет].

“ЭРКИНЛИК ИСТАГИ”
• Мазкур шеърнинг Ҳ.Ўз. нашрида бу ўринда “эгишлик” деб берилган [Ҳ.Ўз. нашри, 338-бет].
** О.Ш. нашрида “жонларни” деб берилган [Қ.: Ўша ншр, 450-бет].
*** Бу сўзни О.Ш. “ҳур” деб ўқиган. [Қ.: Ўша нашр, 450-бет].

“ИШҚ ЙЎЛИ”
* О.Ш. бу сўзни “ғазаблар” деб ўқиган [Қ.: Ўша асар, 423-бет].

“КЕТ!”
* О.Ш. нашрида бу сўз ўрнига “гўзал” берилган [Қ.: Ўша нашр, 456-бет].

“АЛДАНИШ”
* О.Ш. нашрида бу сўз “илдим” бўлиб қолган [Қ.: Ўша нашр, 458-бет].

“ИШҚ”
* О.Ш. нашрида бу сўз “яхду оним” деб берилган [Қ.: Ўша асар, 459-бет].
** О,Ш. нашрида бу ўринда “илашур” дерилган [Қ,: Ўша асар, 459-бет].

“ЯНА ҚОР”
* нафарлар – аскарлар [Ношир изохи].
** енгиш туғи – зафар [Ношир изохи]
*** янги кун – Наврўз

Нашрга тайёрловчи, сўзбоши ва изоҳлар муаллифи Хайрулла Х.Исматулла, АҚШ
2008 йил.

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn