Рамиз Равшан: Айрилиқ

ramiz ravshanОзарбайжон халқ шоири Рамиз Равшаннинг ”Айрилиқ” шеърини бир йўла уч киши – Носир Муҳаммад, Карим Баҳриев ва Хосият Рустамова ўзбек тилига ўгиришган. Ўзбекчадаги нусхасида бу гўзал шеърнинг аслияти ва руҳи қанчалик сақланиб қолган? Мутахассислар ва шеърият ихлосмандларига буни аниқлаш ва ҳис қилиш қийин бўлмаслиги учун таржималар билан бирга ”Айрилиқ” шеърининг оригиналини ҳам илова қилдик.

Ayriliq

Yene bu şeherde üz-üze geldik,
Neyleyek, ayrıca şeherimiz yox.
Belke de, biz xoşbext ola bilerdik,
Belke de, xoşbextik, xeberimiz yox.
Aradan ne qeder il keçib gören, –
Tanıya bilmedim, meni bağışla.

Men ele bilirdim, sensiz ölerem,
Men sensiz ölmedim, meni bağışla!
”Ölmedim” deyirem, ne bilim axı, –
Belke de, men sensiz ölmüşem ele,
Qebirsiz-kefensiz ölmüşem ele.

Belke de, biz onda ayrılmasaydıq,
Ne men indikiydim, ne sen indiki, –
Ayrıldıq, şeytanı güldürdük onda;
Bu ilin, bu ayın, bu günündeki,
Ele bu küçenin bu tinindeki
meni de, seni de öldürdük onda.

…Sağımız-solumuz adamla dolu,
Qol-qola kişilə r, qadınlar keçir.
Özünden xebersiz, ömründe min yol
Özünü öldüren adamlar keçir.

Keçir öz qanına qaltan adamlar,
Bir de ki, qan hanı?
Qan axı yoxdu.
Hamı günahkardı dünyada, amma
Dünyada heç kesin günahı yoxdu.

Bizsiz yazılmışdı bu tale, bu baxt,
Sapanddan atılan bir cüt daşıq biz.
Belke bu dünyada on-on beş il yox,
Min il bundan qabaq ayrılmışıq biz.

Halal yolumuzu deyişib, nese
Çaşmışıq, bir özge yoldan getmişik.
Belke min il qabaq sehv düşüb nese,
Min illik bir sehve qurban getmişik.

Deyişib yerini belke qış, bahar,
Qarışıb dünyanın şeheri, kendi.
Belke öz bə tnində ögey analar
Ögey balaları gezdirir indi.

Ömrüm başdan-başa yalandı belke,
Taleyim başqaymış doğrudan ele.
O yoldan öten qız, anamdı belke,
Belke de, oğlumdu bu oğlan ele.

Bu yalan ömrümde
gören sen nesen?
Belke heç sevgilim deyilsen menim.
Anamsan, bacımsan, nenemsen, nesen? ! ..
Birce Allah bilir, neyimsen menim.

Bizi kim addadar bu ayrılıqdan,
Çatmaz dadımıza, ne yol, ne körpü.
Ölüsen, dirisen, her nesen, dayan!
Dayan, heç olmasa elində n öpüm…

Deyirsen: ”Ölüyem, ölünü öpme..”
Elimin içinde, soyuyur elin.
Deyirsen: «Sen allah, elimi öpme,
Elimden, deyesə n, qan iyi gelir..»

Ramiz Rövşen

****


Рамиз РАВШАН,
Озарбайжон шоири

АЙРИЛИҚ

Яна бу шаҳарда юзма-юз келдик,
Найлайлик, бошқа бир шаҳаримиз йўқ.
Балки биз бахтиёр бўла олардик.
Балки, бахтиёрмиз хабаримиз йўқ…
Орадан неча йил ўтди ел каби,
Танимай қолибман сени, кечиргил.
Мен сенсиз ўламан, деб ўйлаб эдим,
Ва лекин ўлмадим, мени кечиргил.
“Ўлмадим” дейману, сўзламоқ оғир,
Балки, ўлгандирман ҳижронда сенсиз.
Қабрсиз, кафансиз ўлганман ёлғиз,
Ўлимдан оғирроқ айрилиқ ахир…
На мен аввалгиман, на сен эндиги…
Айрилдик, шайтонни кулдирдик у дам,
Бу йилу бу ойнинг бу куни юрган,
Мана шу кўчада учрашиб турган,
Мени ҳам, сени ҳам, ўлдирдик у дам…
Ўнгу сўлимизда одамлар тўла,
Қўл ушлашиб эркак-аёллар ўтар.
Ўзидан хабарсиз хаёллар билан,
Ўзини ўлдирган одамлар ўтар.
Ўтар ўз қонига ботган одамлар,
Десамки, қон қани? Дод, оҳ, йўқдир…
Ҳамма гуноҳлар дунёда, аммо,
Дунёда ҳеч кимнинг гуноҳи йўқдир.
Бизсиз ёзилмишдир бу толе, бу бахт,
Сопқондан отилган жуфт тошдек беиз
Балки бу дунёда ўн-ўн беш йилмас,
Минг йил бундан аввал айрилишдик биз…
Тўғри йўлимиздан адашиб ногоҳ,
Ўзга йўллар билан кетибмиз, ишон.
Балки, минг йил аввал чеккандирмиз оҳ,
Минг йиллик хатога бўлганмиз қурбон…
Ўрнини алмашган балки қиш, баҳор,
Қоришган дунёда қишлоғу шаҳар.
Балки ўз қорнида ўгай оналар,
Ўгай болаларин кўтариб юрар.
Умрим бошдан охир ёлғондир балки,
Толеим аслида бошқа бир достон.
Ҳов йўлдан ўтган қиз онамдир балки,
Балки ўз ўғлимиз ана у ўғлон.
Бу ёлғон умримда кўрган сен кимсан?
Балки, севгилим ҳам эмассан, асли.
Онамсан, опамсан, балки, бувимсан,
Бир Аллоҳ билади, сен кимнинг насли.
Бизни ким қутқарар бу айрилиқдан,
Додимизга етмас на ер, на само.
Ўликсан, тириксан, ҳар инсон чида!
Кел қўлингни ўпай, ғанимат дунё…

Носир МУҲАММАД таржимаси

АЙРИЛИҚ

Яна бир шаҳарда юзма-юз келдик,
Начора, бошқа бир шаҳаримиз йўқ.
Эҳтимол, биз бахтли бўла олардик,
Эҳтимол бахтлимиз,
хабаримиз йўқ.
Орадан шунча йил ўтиб кўрганда
Таний олмадим мен,
мени кечиргин.
Ўйлардимки, сенсиз ўлиб қоларман,
мен ўлмадим сенсиз,
мени кечиргин!
“Ўлмадим…” — деяпман, не билай, ахир?
Эҳтимол, мен сенсиз ўлиб қолганман,
қабрсиз, кафансиз, ўлиб қолганман.
Эҳтимол, биз унда айрилмасайдик,
на мен эндигийдим,
на сен эндиги —
Айрилдик, шайтонни кулдирдик унда:
бу йилнинг
бу ойнинг
бу кунидаги
мана шу кўчанинг шу бурчагида
мени ҳам, сени ҳам ўлдирдик унда.
Сўлимиз, соғимиз одамга тўла,
қўл ушлашиб эрлар, хотинлар ўтар.
Ўзидан хабарсиз,
умрида минг бор
ўзини ўлдирган одамлар ўтар,
ўтар ўз қонига ботган одамлар.
Дарвоқе, қон қани?
Қон, ахир, йўқдир…
Ҳамма гуноҳкордир дунёда,
аммо
Дунёда ҳеч кимнинг гуноҳи йўқдир.
Бизсиз битилмишдир бу толе, бу бахт,
палахмондан учган бир жуфт тошмиз биз.
Балким, бу дунёда
ўн-ўн беш йилмас,
бундан минг йил аввал, айрилмишмиз биз.
Ҳалол йўлимизни қўйиб,
не учун
Адашдик, бир ўзга йўлдан кетдик биз?
Балким, минг йил аввал сахв тушиб недир,
минг йиллик хатога қурбон кетдик биз.
Алмашди ўрнини, балким, қиш — баҳор,
қоришди дунёнинг шаҳари, кенти.
Балким, ўз ичида ўгай оналар
ўгай болаларни кўтарар энди.
Умрим бошдан-оёқ ёлғондир, балким,
Толеим ўзгадир ростдан ҳам менинг.
Ҳув йўлдан ўтган қиз
онамдир, балким,
эҳтимол, ўғлимдир бу ўғлон менинг.
Бу ёлғон умримда
сен ўзинг несан?
Балким,
ҳеч севгилим эмассан менинг.
Онамсан,
синглимсан,
момомсан,
кимсан?!
Фақат Аллоҳ билар кимимсан менинг.
Бизни ким айирар бу айрилиқдан?
Етмас додимизга на йўл, на кўприк.
Ўликсан, тириксан, ҳар несан, тўхта!
Дегайсан: “ўлганман мен, ўликни ўпма…”
Қўлимнинг кафтида
қўлинг увишар.
Дегайсан: “хайрингни берсин, қўлимни ўпма,
қарагин, қўлимдан қон иси келар…”

Карим БАҲРИЕВ таржимаси

АЙРИЛИҚ

Яна бу шаҳарда юзма-юз келдик,
На илож, бошқа бир шаҳаримиз йўқ.
Балки биз бахтиёр бўла олардик,
Эҳтимол, бахтлимиз, хабаримиз йўқ.
Орадан, о, қанча йил ўтиб кетди,
Танимай қолибман, кечиргин мени.
Ўйлардим, мен сенсиз ўлиб қоламан,
Мен сенсиз ўлмадим…
Кечиргин мени.
“Ўлмадим,” — дейману, бу сўз кўп оғир,
Ўлиб бўлгандирман балки мен сенсиз.
Қабрсиз, кафансиз ўлганман аниқ,
Ўлимдан оғирдир ахир айрилиқ.
Балки биз ўшанда айрилмасайдик,
На мен аввалгиман, на сен эндиги.
Айрилдик, шайтонни кулдирдик у дам,
Бу йилу, бу ойнинг бу кунидаги,
Мана бу кўчада учрашиб турган,
Мени ҳам, сени ҳам ўлдирдик у дам.
Ён-атроф тўладир одамлар билан,
Қўл ушлашган эркак-аёллар ўтар.
Ўзидан бехабар хаёллар билан,
Ўзини ўлдирган одамлар ўтар.
Ўтар ўз қонига ботган одамлар,
Ҳолбуки, қон қани?
Оҳ-воҳлар йўқдир.
Ҳамма гуноҳкорлар дунёда аммо,
Дунёда ҳеч кимнинг гуноҳи йўқдир.
Бизсиз ёзилмишдир бу толе, бу бахт,
Сопқондан отилган бир жуфт тошмиз биз.
Балки бу дунёда ўн-ўн беш йилмас,
Минг йилдан кўпроқдир айрилиғимиз.
Биз йўлда адашиб кетдик ногаҳон,
Бир манзилни кўзлаб йўлга чиққан он.
Фироқда яшаймиз минг йилдан буён,
Минг йиллик хатога бўлганмиз қурбон.
Эҳтимол, алмашиб қолган қиш-баҳор,
Эҳтимол, алмашган қишлоғу шаҳар.
Балки ўз қорнида ўгай оналар
Ўгай болаларни кўтариб юрар.
Балки бошдан оёқ ёлғондир умрим,
Балки, толейим ҳам аслида ёлғон.
Ҳов йўлдан ўтган қиз онамдир, балким,
Балки, ўғлимиздир анави ўғлон.
Бу ёлғон умримда сен ўзи кимсан?
Балки, севгилим ҳам бўлмагандирсан?
Балки онамдирсан, опам, бувимсан,
Бир Оллоҳ билади — Сен кимсан, кимсан?
Бизни ким қутқариб олар фироқдан?
Оҳимизга етар на само, на ер,
На ўлик, на тирик. Аммо йироқсан,
Кел, ҳеч йўқ ўпаман. Қўлларингни бер!
Дейсанки, мурдаман. Мени ўпмагин,
Кафтларим ичида совуқ ер қўлинг.
Дейсан, раҳминг келсин, мени ўпмагин,
Қўлимдан ҳидлари келар ўлимнинг.

Хосият РУСТАМОВА таржимаси

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn