Илинж (ҳикоя)

shahodatbonuШаҳодатбону Имомназарова

Куз сариқ пояндоздан иборат матосини кўз-кўз қилиб атрофга сочган. Қишлоқ дўкони олдидаги иккита тут дарахти ўртасига маҳкамланган ёғоч ўриндиқ бўш. Эртадан кечгача эзмаланиб ўтирадиган чоллар ҳам бугун кўринмайди. Ариқ ёқасидаги қурий бошланган райҳонларга тут барглари илиниб қолган.
Кампир дўконга кирганда, ерга чўккалаб сақич қоғозларини бир-бирига уриб ўйнаётган болакай ичкарига қараб бақирди.
– Дада, одам келди.
– Ассалому алайкум, келинг хола, келинг. Анвар пештахта ортидан кампирни илиқ қарши олди.
– Айланай, Анваржон болам, яхшимисан, келин тузукми, болаларинг катта бўляптими? Бу катта ўғлингми? Аясига ўхшабди. Кампир боланинг олдига яқинлашиб, пешонасидан ўпди.
– Мени кирганим, яхши қанд-қурсларинг борми? Ўтган ҳафта нариги маҳалладаги Марям чеварнинг боласи хизматдан тўртта аскар дўстлари билан кириб келибди. Марям тушмагур меҳмонлар олдига қўяй деса, тузуқроқ ширинлиги йўқ экан, шошиб қўшниларга чопиб чиқибди. Маъракада хотинлар тоза гап қилишди. Ўтган ойда ўзингдан олиб кетган кампитларим эскириб қолди. Рустамжоним ҳам бугун-эрта келиб қолса, дастурхонга шуларни қўйгани кўнглим бўлмаяпти. Тўрт-беш хил сара қандларингдан яна бир килодан бер. Фақат “темир дафтар”инга ёзиб қўй. Пенсияга ҳам оз қолди, оламану, пулини келтириб бераман.
– Бўлди момо, бугун тушдан кейин базага бораман. Атайин Сизга атаб “тоза”ларидан олиб келаман. Эрталаб болалар уйингизга элтиб беришади. Пулидан хижолат бўлманг, бир қишлоқдан бўлсак, қочиб кетмайсизку!
– Барака топ болам, онанг раҳматлик ҳам яхши одам эди. Рустамжон келса, бу яхшиликларингни бирини ўн қилиб қайтаради. Айтмоқчи, ўтган ҳафта Янгибозордаги ромчига бориб келдим. Ўғлингиз тирик, катта одам бўлиб кетган, сизни соғинибди, тез кунларда кириб келади, деди. Одамлар мақтаганича бор экан, тўғри топди.
– Э, астағфурилло, Рустамжон ўладиган бола эмас, хола. Хизматга кетмасдан олдин ҳам бир ўзи бештасига бас келарди. Биздан икки синф пастда ўқиса ҳам, гап талашиб-тортишгани қўрқардик. Соғ-омон қайтиб келса, зиёфатнинг бошида ўзимиз турамиз.
– Худойи қилиб, қўй сўяман, болам. Ўтган бозор Мамажон қассобга илтимос қилиб, боқиб юрган қўйимни каттароғига алмаштириб келдим.
– Чолларга худойи, бизга зиёфатда, – илжайди Анвар.
Кампирнинг юзи ёришди, ёғоч хассасини қўлтиғига тираб, икки кафтини очиб дуо қилди.
– Илойим, айтганинг келсин, болам. Ўғлим эсон-омон кириб келиб, уйим тўйхона бўлсин. Сен ҳам бола-чақангнинг орзу ҳавасини кўргин.
Анвар дуога қўшилиб, юзига фотиҳа тортди. Кампир ташқари чиққандан кейин, чуқур хўрсиниб, сигарета тутатди. Ўйинни қайтадан бошлаган боласига “йиғиштир шақир-шуқурингни” дедию, дўкон ичкарисига кириб кетди.
***
Кампир Нодира фолбиннинг уйига етиб келганида, кун пешиндан оққан эди. Ёғоч дарвозани секин очиб, ичкарига мўралади. Тўртта темир устун устига шифер ташлаб омонат қилинган соябон тагидаги ўриндиқда ўтирган хотин кампирга ўгирилди.
– Тезроқ кириб дарвозани ёпинг. Одам кириб чиққанини мелиса кўриб қолмасин экан.
Хотин ўрнидан туриб, кампир билан сўрашди. Ўриндиқда сурилиб қолган тўшакни тўғрилади. Сожида кампир ўтириб дуо қилди.
– Омин, тинчлик-омонлик, мўл-кўлчилик бўлсин, ҳар ким ниятига етсин.
Кўнгли сезиб турсада, хотиндан Нодира фолбиннинг уйи шуми деб сўради, тасдиқ олгач, хотиржам бўлди. Кейин икки хотиннинг гаплари ўз-ўзидан бир-бирига уланди.
– Ичкарида биров борми?
– Бир хотин кириб кетувди, бир соат бўлди, нимадан фол очираяпти билмайман.
Кейин кампирнинг терлаган пешонасига қараб сўради.
– Узоқдан келаяпсизми, хола?
Ҳа қизим. Эрталаб йўлга чиқувдим. Учта аптовуз алмашиб келдим. Уйи анча ичкарида экан. Сўраб-сўраб топиб келдим. Ўзиз қаерликсиз?
Меники унча узоқ эмас. Олдин бу фолбин ҳақида эшитмаган эканман. Хотинлар “янги чиқди, кучли дейишган эди”, келувдим.
Кампир истиҳола қилиб, сабабини сўрамаган бўлса ҳам хотиннинг ўзи гап бошлади.
– Хола, ҳозирги қизлардан қўрқиш керак экан. Пешонамда тилаб-сўраб олган ёлғиз ўғлим бор. Дадаси билан папалаб ўстирдик, ўқитдик, таниш-билиш билан яхши ишга жойлаштирдик. Патинка фабрикада ҳисобчи бўлиб бинойидай ишлаб юрувди. Бир қизга илакишдию, ҳамма нарсани эсдан чиқарди. Уйлансам, шунга уйланаман, деб туриб олди.
– Энди қизим, ёшлар шунақада. Бир-бирига кўнгил қўйган бўлса керак-да.
– Э, эна, келиб-келиб гулдай болам шу қизга кўнгил қўядими-а? Бориб маҳалласидан суриштирдим. Бир қўшниси тайин гап айтмади. Уч уй наридаги қўшнисидан сўрасам, “бир-иккитаси билан олдин яхшигина “юрган”, онаси ҳам зиқна, “паст” хотин” деди. Қизни кўрсангиз, андига ўхшайди.
– Қўйинг, бировнинг қизини ундай деманг. Ўғлингизга ёқса, қаршилик қилманг, айланай.
– Эна, мен ҳам орзу-ҳавасли хотинман. Дадаси билан топганимизни тўйга деб йиғиб ётибмиз. Боламга кимлар қизини бермайди? Ўқишини битирмай туриб, куёв қиламан деганлар қанча бўлди. Ёлғиз боламни, йиллаб йиққанимизни шу андига топшираманми? Дадаси билан ўғлимни қаттиқроқ қисувга олувдик, жаҳл қилиб, ишга ҳам бормай, уйдан ҳам чиқмай ётволди.
– Болангизга жавр қилманг. Кўнгил иши қийин экан.
– Энди буёғини эшитинг. Булар иккаласи бир байрамда тасодифан бирга расмга тушиб қолишган экан. Хотинлар “қиз ўғлингизни шу расм билан “ўқитган”, “иссиқ-совуқ” қилган дегандан кейингина каллам ишлади. Ҳаммасини тушундим. Иккита фолбинга бориб қайтариқ қилдим, фойдаси бўлмади. Қани бунисини ҳам бир кўрайчи, деб келувдим.
Анча ҳасрат қилиб юрагини “бўшатган” хотин жим қолди.
Рустамжон келса, ўзи танлаган қизини олиб бераман, – ўйлади кампир. Анди бўлса ҳам майли, ўзига ёқса бўлди. Тўхта! Бу йил йигирма тўққизга кирди. Синфдошларининг олди икки болалик бўлишди. Ё ўша ёқларда уйланиб олганмикан? Учкўприкдаги фолбин “уйланган, бола-чақаси ҳам бор” деган эди-ку. Хотини қим экан? Русми, татарми, арманми? Ўша мегажин чулчит бўлса ҳам майли. “Қизим-қизим” қилиб тилини ҳам, кўнглини ҳам топаман. Хотини қайтариб олиб кетиб қолса-я! Бунисига ҳам майли. Боламни бир кўрсам бўлди!..
Хотин кампирнинг ёшини ҳурмат қилдими ёки узоқдан келгани учунми навбатини унга берди. Анчадан кейин кампир ичкаридан хурсанд чиқди.
– Айланай, қизим! Болам тирик. Мана, бу ҳам тирик деб айтди. Қайси фолбинга борсам, шундай деяпти. Майли мен борай, Рустамжон келиб қолса, уйда бўлиб турай.
Ҳеч нарсага тушунмаган хотин кампирни елкасини силаб хайрлашди. Кампир дарвоза тарафга юриб, шошилганидан қўлидаги ҳассасини ерга нотўғри босдими, сал қалқиб кетиб, яна ўзини ўнглади. Ичкарида эса фолбин у қолдирган бир кийимлик латтага суқланиб қараб тасбеҳ ўгирар, тинмай “боболарим ёлғонни кечиринг” деб пичирлар эди.

***
Муштипар бўлиб сандалда ўтирган кампирнинг тепасида, шундоқ токчанинг ёнидаги михга бир тишлам тишланган нон осиб қўйилган. Азбаройи пўпанак босиб, кўкариб кетмасидан аввал қотиб улгурган нон. Рустамжон ўзи тишлаб кетган нон. Онанинг мунгли нигоҳларини кўп ўзига синдирган нон. Бошқа михларда эса қалампирмунчоқ, кўзтикан, яхши ниятларда осилган туморлар. Бошқа михларда Рустамжон учун аталган насибалар бор. Кампирнинг одати шундай: тўй-маъракларда “илинган” неъматлар, унга аталган насибалар тугунда етиб келиб михга илинганича қолиб кетган. Бу михларнинг бирида, осиғлиқ туравериб қуриб қолган гўшт бўлса, яна бирида новвот, кирлаган парварда ва ҳоказо. Кампир зўр-базўр қўзғолиб катакка, яъни товуқхонага йўл олди. У тўртта тухумни этагига солиб, товуқхонадан чиққанида эшик тақиллади. Ая, уйдамисиз?- аёл кишининг овози келди.
– Кираверинг. Ким у? – ҳовли этагидан жавоб қилди кампир. Дарвоза очилиб, Озода муаллим билан, икки боланинг боши кўринди.
– Келаверинг, – муаллимани таниган кампир таклифни такрорлади.
Озода муаллиманинг орқасидан супурги, белкурак, пақир кўтарган бир тўда болалар ховлига ёпирилишди.
– Мумкинми, ая!
Кампир тухумларни чорпоядаги тўшак устига қўйиб, муаллимага пешвоз чиқди.
– Келинглар, айланайлар, келинглар! Болалар бирин-кетин кампирга салом беришди.
– Синфимиз билан келишиб, Сизни маҳалламизнинг кекса онахони сифатида оталиққа олдик. Энди болалар билан тез-тез келиб хабар олиб, уй ишларида қарашиб турамиз. Дарслар тушдан кейин бўлганлиги сабабли эрталабдан келавердик, ая!
– Айланай сизлардан, раҳмат. Минг раҳмат. Фақат болаларни оввора қилибсиз. Ҳовлидаги ишларга маҳалланинг ёш-яланги бор, барака топишсин. Қизим ишга ўтганда-қайтганда ҳол сўраб кетади. Рўзғорга ҳали ўзимни кучим етади.
– Майлида ая, озгина фойдамиз тегса ҳам, хурсанд бўламиз. Бир томондан болалар ҳам ёшлигидан меҳнатга ўрганади. Сиздай онахонларни суҳбатини олади, оқибатли бўлиб ўсади.
– Қани болалар, бошланглар, бўлмасам. Муаллиманинг рухсатини кутиб турган болалар ўзлари билиб, дарров ишга киришишди. Ўғил болалар томорқага, қизлар ҳовлига сув сепиб супургани ариққа чопишди.
Кампир муаллимани уй саҳнидаги чорпояга таклиф қилиб, ўзи ичкарига кириб кетди. Сал ўтмай тол саватчада сабзавотлар, косада гуруч, лаганча ва пичоқ кўтариб чиқиб, муаллима олдига бориб ўтирди. Муаллимани, болаларни дуо қилди. Чорпоя суянчиғидаги дастурхонга қўлини узатган эди, ниятини сезган муаллима қаршилик қилди.
– Аяжон, дастурхонга овора бўлманг. Болалар ҳам, мен ҳам уйдан нонушта қилиб келяпмиз.- Кейин саватчага ишора қилди. – Ундан кўра пичоқ берсангиз, сабзавотларни тўғрашиб ўтираман. Меҳмон кутаяпсиз, шекилли?
– Меҳмон келиб бўлди, қизим. Сизлар меҳмон бўлмай ким? Болалар ишлаб қорни очади, уйга бориб чой ичмай, дарсга югуришади. Тушликлари бугун шу ерда бўлади. Райҳон солиб, мастава қилиб бераман. Аксига олиб гўшт сал ҳидланиб қолибди. Бўлмаса, кеча қассобдан олиб келувдим. Болаларнинг таъби нозик бўлади, ҳиди овқатга урса, ичмай кетишмасин. Гўштнинг ўрнига тухум чақиб бераман. Сиз малол келмаса, гуручни бир қараб беринг. Қаричилик кўзим ўтмай қолаяпти.
Кампирни бу раъйидан қайтаролмаслигига кўзи етган муаллима косани қўлига олди.
– Ўзиз яхши юрибсизми. Уйлар тинчми, ишлар яхшими?
– Раҳмат, ая. Ҳаммаси яхши. Ўзингиз биласиз, куним мактабда ўтади. Пенсияга чиқишимга ҳам икки йил қолди. Барибир шу синфимни битиртириб қўйиб чиқаман, деб турибман. Бировга бергани кўзим қиймайди, шўхлигини айтмаса, ақлли, одобли болалар.
Ўтинхона тарафдан ниманидир гуппиллагани, болаларнинг кулгани эшитилиб, ўқитувчининг гапи бўлинди.
– Тинчликми, болалар?
– Бу ерда қум тўлдирилган қоп бор экан, Зокир ураяпти, – болалардан бири жавоб қайтарди
Кампир хавотир билан бостирма тарафга қаради.
– Қўйинглар, болаларим, устингларга тушиб кетади. Ўзи омонат илиниб турибди. Болалар тинчигандан кейин, хотиржам бўлиб, муаллимага юзланди.
– Рустамжонники. Ўзи ўша ерга осиб кетган эди. Ҳар куни эрталаб ва кечқурун урмаса кўнгли жойига тушмасди.
– Биламан, ая, Рустамжоннинг ҳам синф раҳбари ўзим бўлганманку. Ўғлингиз синфнингина эмас, бутун мактабнинг фахри эди. Бокс бўйича қаерга мусобақага борса, ғолиб бўлиб келарди. Жисмоний тарбия ўқитувчиси ҳалигача болаларга ўрнак қилиб, гапириб юради. Синфдош қизларнику бировга хафа қилдириб қўймасди. Битирув кечасида расмга тушганда “мен муаллимани ёнида тураман” деб болалар билан жанжал қилгани ҳам ҳамон эсимда.
– Шундай боламни салкам ўн икки йилдан бери кўрмадим, Маъмурахон. Боламни соғиндим. Ҳар куни беш-олти марта чиқиб йўл қарайман. Кечаю кундуз дарвозани қулфламайман. Кўчада машина тўхтаса, юрагим шувиллаб кетади. Уйга саҳарлаб кўрпача солиб, дастурхон ёзиб, кечқурун йиғиштираман. Кечалари кўзим илинмайди, ўзим билан ўзим гаплашиб чиқаман. Кўрпа-тўшакларини янгилаб қўйганман, ёз бўлди кун ора офтобга ёйиб, қайтариб тўшайман. Товуқларнинг бир дона тухуми томоғимдан ўтмайди, келиб қолса, овқатим пишгунча, қовуриб берарман, деб. Келмаяпти, Маъмурахон, келмаяпти…
Кампирнинг гапи ҳам, тўғралаётган пиёзнинг ширтиллаган овози ҳам тўхтади. Муаллима кампирнинг кўзларига қараб, косани қўйди. “Пиёзданми ёки ростдан йиғлаяптими?”. Болалар тарафга қаради. Ҳаммаси ўзлари билан ўзлари овора, астойдил ишлашаяпти.
– Мени соғинмадимикин? Кетишида бирор нима деб, кўнглини оғритиб қўйганмикинман? Тўғри, етти йил кутиб, олдинма кетин бир қиз, бир ўғилли бўлдим, пешонамда биттам деб, армияга боришига қаршилик қилдим. Раҳматли отаси уруш фахрийсиман, гапим ўтади, олиб қоламан, бормайсан, деб тоза қистади. Уришдик, ялиндик, барибир кетди. Давлат ҳам жондай боламни совуқ бир жойларга жўнатди. Пўстин кийиб, қурол ушлаб тушган расмини олган кунимиз уйда байрам бўлди. Эркак кишига барибир экан, отаси мени болам аскар деб кўксига уриб юрди. Бир йил ўтиб, бир ҳафтага келиб кетди. Ўртоқлари билан кўчага чиқиб кетавериб, дийдорига ҳам тўймадим. Беш ой ўтар-ўтмас военкомат билан қайси миллат билмайман, бир харбий киши темир тобутни юк машинага ортиб келди. Ўрисчалаб, нима деди, нима қўйди, тушунмадим. Отаси тобутни қучоқлаб ўкирганида сезиб қолдим. Кейин участковой билан отасини эргаштириб, бир соат ичида қишлоқ қабристонига олиб бориб кўмишдию кетишди. Ичидаги менинг боламми, бошқами, билолмай қолдим. Одамлар таъзияга келишганда йиғлашимни ҳам, йиғламаслигимни ҳам билмай кузатдим.
Муаллима ноқулай аҳволда қолди. Кўзларидан шашқатор ёшлар оқиб, юрагининг тубида йиллаб йиғилган хасратларини тўкаётган кампирни юпатишни ҳам, жимгина қараб ўтиришини ҳам билмасди.
– Ўлганига ишонмайман. Ичимда нимадир боланг тирик деб айтади. Кутаман, фақат кутаман. Отасининг ҳам шу ҳасратда кўзи очиқ кетди. Ёшим саксондан ошди, қаддим букилди. Беш кунлигим борми, йўқми, худонинг ўзи билади. Фақат Рустамжоним кўзим юмилган куннинг эртасига кириб келса-чи? Мен боламнинг кўзларини кўрмай кетсам, болам келиб мени тополмаса, руҳим шу ҳовли тепасида чирқираб юраверадими? Шуларни ўйлаб, худодан эртаю кеч озгина, яна озгина умр бер деб сўрайман.
Муаллима ўзини қўлга олиб, даст туриб, кампирнинг ёнига ўтди, бошини қучоқлади. Бир томчи кўз ёши кампирнинг рўмолига тўкилди.
– Қўйинг, ая! Хафа бўлманг. Хали келади, бағрингиз тўлиб, бу кунларингиз эсдан ҳам чиқиб кетади.
Бироз шу ҳолатда ўтиришгач, кампирнинг кўзи ҳовлидаги болаларга тушди. Кўз ёшларини кўйлагининг этаклари билан артди. Рўмолини ечиб, кумушранг сочлари устидан қайта ўради. Муаллимага қараб жилмайди.
– Қўйинг болам, Сиз нимага келдингизу, мен нима қилиб ўтирибман. Қаричилик қурсин, одам сергап бўлиб қолар экан. Рустамжон келиб қолса, Сизни кўрсам, бугунги қилиғимга уялиб юраман. Сизни яқин оламан деб, кайфиятингизни ҳам бузиб қўйдим шекилли. Мен туриб овқатни бошлай, тушликка тақалмасин. Болалар ҳам бундай ёзилиб ўтиришсин.
…Кампир болаларни кўчагача кузатиб чиқди. Ҳаммасини қайта-қайта дуо қилди. Ота-оналарига салом айтди. Фақат бир гапни айтгандан кейингина кўнгли жойига тушди
– Худо хохласа, Рустамжон эсон-омон қайтса, ҳаммангизни Боғишамолга олиб бориб, ўйнатиб келади.

***
Омонат топшириладиган вақт келди. Кампирнинг жон чиқари, назъ ҳолати ҳаммани ўртаб юборди. Ҳа жон чиқмайман деб туриб олса ёмон бўларкан. Иши бор қўни-қўшнилар ошкора айтмаса ҳам кампирнинг бошида турганларида “қачон узиларкин” деган тусмолни ичларидан кўп ўтказдилар. Ахийри Азройил Рустамжон қиёфасида эшикдан кўриниш берди шекилли тилдан қолган кампир эшик томонга қараб ўзгача ҳолатда жилмайиб омонатини эгасига топширди… Рустамжоннинг дўстлари, қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар расамадини келтириб кампирни тупроққа топширишди.
***
Хазонрезги очун баҳор каби лолақизғалдоқлардан иборат қирмизи гиламини қабристонга ёймади, лекин баргларни учириб келиши билан ўзгача пойандоз солди. Куз ёмғирлари билан қабр тошлари ва панжараларни обдан ювди. Барқ уриб кетган ўт-ўланлару чирқиллаб ўйнаётган чигирткаларга танбеҳ бериб, сукунат ўрнатди. Дарахтларни ҳам қабристон кайфиятига мос ўйга чўмдирди.
Кампирнинг қабри устини эса нимқатқалоқ қилиб сувади, нишон сифатида қўйилган ғиштни маҳкамроқ бостирди. Шамол увиллатиб, тиловат қилдирган бўлди.
Сал наридаги қабрда ётган, катта бир сир деб сақлаётгани энди ҳеч нимага арзимай қолган темир тобут эсига тушиб, уф тортди. Дарахтларнинг япроқлари узилиб ерга тўкилди. Япроқлар раҳматли кампирнинг қисматга илинж билан қараган юзлари рангида эди…

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn