“Пайғамбарлар тарихи” китоби ҳақида

domla va liderМуҳаммад Солиҳнинг 65 йиллигига

Бошидан айтиб қўймоқчиман,маълум маънода динлар тадқиқотчиси ҳам, “Қуръони каримдан мухтасар сабоқлар”, “Ҳадиси шариф ўгитлари”, “Ислом асослари” каби рисолалар муаллифи бўлсамда “Пайғамбарлар тарихи”га шарҳ ёзиш, уни баҳолаш даражасига етмадим ҳали. Уни реал баҳолаш учун бу асарни ҳеч бўлмаганда муаллиф даражасида билиш лозим бўлади.

Бунинг устига, муаллифнинг ўзи бу асарнинг аҳамияти ва моҳияти ҳақида китобнинг “Ўқувчига” деган жойида лўнда ва тушинарли қилиб баён қилган. Булардан ташқари, шоир Мақсуд Бекжон ҳам бу китоб ҳақида ўз мақоласида фикрларини айтиб ўтган. Менинг бу асар ҳақидаги қуйидаги битигимни оддий бир ўқувчининг мулоҳазалари, деб тушинишингизни истардим.

“Пайғамбарлар тарихи” китоби ҳақидаги бу мақоланинг айнан М.Солиҳнинг 65 йиллиги муносабати билан ёзилаётганида бир ҳикмат бор. Ҳикмат шуки, М.Солиҳ ўз ҳаёти давомида кўплаган китоблар ёзган. Унинг айрим китоблари бир воқеа сифатида баҳоланган. Лекин унинг 4-томлик “Пайғамбарлар тарихи” китоби М.Солиҳ ижодининг гултожи, 65 йиллик умрининг мазмуни деса хато бўлмас.sozboshi

Ўрни келганида бир ривоятни айтай. Ўзининг “Анал Ҳақ”и билан танилган Мансур Ҳалложнинг пири муршиди шайх Зуннун Мисрий дейди:

“Бир илм келтирдим, аъвом қабул қилмади (тушунмади), хос қабул қилди. Аввал бир илм келтиргандим, аъвом ҳам хос ҳам қабул қилганди”

М.Солиҳнинг “Пайғамбарлар тарихи” китоби шайх Зуннуннинг келтирган аввалги илмига ўхшайди, уни барча – сиёсатчи ҳам, олим ҳам бирдай қабул қилади.
Бу асарни Ўрта Осиё уламоларининг пешвоси бўлган шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам ўқиганини эшитганимиз бор. Бироқ у киши бу китоб ҳақида бирон нарса айтмади ва ёзмади. У кишини тушиниш мумкин, Ўзбекистонда яшаб М.Солиҳ номи билан боғлиқ бирон ижобий нарса айтиш катта риск.

Бу китобни Швецияда яшаётган имом О.Назаров ҳам ўқиган. Лекин у киши ҳам бирон нарса ёзмади китоб ҳақида. Балки қори аканинг ҳам менга ўхшаб салоҳияти етмагандир бу китобни баҳолашга.

Аҳамияти беқиёс бўлган ва сиёсатга алоқаси бўлмаган бу капитал асарни китоб ҳолида ўқиш Ўзбекистонлик ўқувчиларга насиб этмаётганига ҳамма қатори биз ҳам ҳайронмиз.

М.Солиҳнинг шеърияти ва унинг “Нақшбандия тариқати”, айниқса, манашу “Пайғамбарлар тарихи” китобларини ўқиган кўпчилик қатори менда ҳам –“Муҳаммад Солиҳ ўз вақти ва салоҳиятининг сиёсатга сарфланган қисминида шеърият ва диний адабиётга сарфлаганида А.Орипов, Э.Воҳидовлар қаторидаги шоир, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфлардай шайх бўлиб адабиётга, динга, ҳалқига кўпроқ нафи тегармиди”, деган фикрлар туғён урабошлайди. Мендаги бу фикр, олим ва ижодкорни ҳарқандай сиёсатчидан устун деб билишим билан боғлиқдир балки.

Имконият бўлганида М.Солиҳнинг “Йўлнома” китоби бўйича ўз бошимдан кечирган бир тафсилотни ҳам айтмоқчиман. 2005 йилнинг ёзи эди. Профессор Отаназар ака Ориповнинг Ипакчи кўчасидаги (Тошкент шаҳри) уйига навбатдаги борганимда М.Солиҳнинг “Йўлнома” китобини кўриб қолдим. Уни енгил бир варақлаб чиқдим-да –Бу китобни уйда ўқиш учун олиб кетсам бўладими?, деб сўрадим Отаназар акадан.
Отаназар ака: -Майли, ичинга солиб, яшириб олиб кет. Биров сўраса, Чуқурсойдаги бозордан бировдан олдим дегин, деб тайинлади. Китобни қўрқа-писа уйга обориб яшириб қўйдим. Ҳамма ухлаганидан кейин ўқий бошладим уни. Бир ҳафтада ўқиб битирдим. Бу ҳақда ҳечкимга айтмадим.

Бир куни кечаси ҳожатхонага чиқай деб уйғонсам, ёнимда ётган хотиним йўқ. Ҳожатхонага чиққандир, деб қарасам, у ерда ҳам йўқ. Уни қидирабошладим. Бошқа хонадан чиқиб келди ва: -Уйқум қочганидан сизнинг мемуарингизни ўқиётгандим, деди.

Эртаси ярим кечада хотиним яна “йўқолиб” қолди. Секин бошқа уйнинг ойнасидан мўраласам, менинг китобимни эмас, мен яшириб қўйган жойдан топиб “Йўлнома”ни ўқияпти. Тонга яқин секин келиб ётди ёнимга. Мен индамадим.

Шу тариқа “Йўлнома”ни ксерокисдан ҳам чиқариб “Олмазор” маҳалласи аҳолисининг кўпчилиги ўқиди. Қизиғи шундаки, бу китобни ўқиганларини бир-биридан яширишарди.

Шунга ўхшаш ҳолат менинг қизил китоб деб танилган “Илмга бахшида умр” мемуарим нашрдан чиққанида (2001) ҳам рўй берганди. Китобда ўз кирдикорлари ҳақида ўқиган СНБнинг агенти К.Нуржон катта бир йиғилишда чиқиб: “Хориждаги М.Солиҳдан кўра, Ўзбекистонда яшаб юртбошимизга тил теккизилган китобини нашр қилишнинг уддасидан чиққан Муҳаммад Солиҳ соний (А.Хоразмий) хафлироқ биз учун”, деб бу китобни йиғиштириб олишга кўрсатма беришган.

Шундан кейин бу китоб -“Унда И.Каримов танқидланган эмиш”, деб қўлма-қўл, талаш бўлиб кетганди. Шу билан менинг лауреат, профессор унвонларим яна бирга кўпайиб, уларнинг қаторига Каримовчилар берган “Муҳаммад Солиҳ соний” унвони ҳам қўшилди.

Бундан икки кун олдин Тошкентдаги шогирд(аспирант)ларимдан бири телефон қилиб: “Хоразмдаги мансабдор дўстларимдан бирининг катта саломини етказиб, сизнинг Хоразмни бирлаштириш ҳақидаги мақолаларингиз ҳамманинг оғзида экан, деди.

Қайси дўстим салом айтиб етказди шу гапни десам, унинг исми шарифини айтаолмаслигини, акс ҳолда унинг боши кетар экан, деб ҳайратимни янада оширди.
Бошқа канал орқали суриштирсам бундан бирнеча ой олдин интернет сайтларида эълон қилинган менинг Хоразмни бирлаштириш ҳақидаги мақолаларим Хоразмда қўлма-қўл бўлиб юрган экан.

Уларни йўқотишга ҳаракат қилганлари сари у мақолалар кўпаярмиш. Шундан кейин тушундим, кейинги пайтлар мен Хоразмга ёзган салом хат ва суратларнинг эгаларига етиб бормаётганининг боисини.

Аввалдан ҳам нимани ўқиш манъ қилинса одамлар қаердан бўлсада шуни топиб ўқишарди. Ўзбекистонда мухолифат сайтларининг биронтаси ҳам очилмайди. Бироқ ундаги мақолаларни одамлар йўлини топиб ўқишаяпти, ўқийдилар ҳам.
Фурсатдан фойдаланиб “Пайғамбарлар тарихи”нинг муаллифи бўлмиш Муҳаммад Солиҳни 65 ёши билан муборакбод этамиз. Унга узоқ умр баракали ижод тилаймиз.

Динлар тадқиқотчиси, профессор Ахмад ҳожи Хоразмий.
Буюк Британия. Стокпорт шаҳри.

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn