С.Равоний: БЕТАЙИН ТУЛКИ

said-aka(масал)

Тулки думини кўп мақтар эрди,
“Думим нечоғли чиройли”, дерди.

Дерди: “Нечоғли кимхобу момуқ,
Қишда, ўралсам урмайди совуқ.

Думим нафақат маним безагим,
Думим асосий муҳим ўзагим.

Ишлайди думим аврагани ҳам,
Чалғитиб издин, алдагани ҳам.

Зотан, думимсиз яшолмам асло,
Ўлсам думимдин кечмам ҳеч асно!”

***

Шу Тулки бир кун овга чиқибдур,
Қишлоққа ит кўп бошни тиқибдур.

Мақсади эрди товуқ ўмариш,
Иш олди аммо бошқа йўлалиш.

Ташланди анғо бир гала итлар –
Пўстаги виж-виж кана ва битлар.

Итлар аёвсиз Тулкини қопди,
Бу гал лек анинг омади чопди.

Ғажилса ҳамки жуссаси ёмон,
Бир нави қочди итлардин омон.

Келса иниға қонлари сизиб,
Қолибди итлар думуни узиб.

Йиғлаб бечора ғуссаға ботди,
Кўп кунлар инда ул ҳаста ётди.

Шериклари чин йўқлаб турушди,
Ўлжаларидин тўқлаб турушди.

***

Соғайди буткул Тулки ниҳоят,
Ҳар қайда қилди мағрур ҳикоят.

Беш-олти итға ногоҳ келиб дуч,
Қилибди гумдон нафарини уч.

Қолғонлариға раҳм этиб андак,
Берибди имкон урмоққа жуфтак.

Дум ҳақда эмди бошқача деркан,
Мутлақ дум анғо керакмас эркан.

Думдин қутулиб кўб шодон эмуш,
Қимдаки дум бор ул нодон эмуш.

Ки тулкилар кўп анғо инонди,
Қирқиб думуни асру қувонди.

***

Ҳисса: Мусоҳиб, огоҳ этайин,
Асрагил ўзни касдин бетайин!

***

С.Равоний.

– – –

Рукнлар:

Фаълун, фаувлун, фаълун, фаувлун.

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn