Шеър меърожи шуълалари

farzonaМунаввара

Аср шоираси, шеър маликаси, шеър илоҳаси… Давр фарзонаси… Унинг эллик ёши тантаналарига бу сўзлар дебоча бўлишга арзигулик мақтовдир. Аммо у бу мақтовлардан ҳам баландда ШЕЪР фазосида эди. У самимият, камтаринлик, тамкин ва таманно томонида эди.
Мана шу тантана иштирокчиси бўлиб туриб, мен унинг қирқ беши баҳона бўлиб ўтган ШЕЪР кечасини ёдга олдим. Айни ўша кечада у айтган сўзларни хотирлаш эллик ёши тантаналарига ибтидодир. Ўшанда Фарзонахоним деганди: “Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи буюрадики: Олимларнинг ёмони амирларни зиёрат қилгани, амирларнинг яхшиси олимларни зиёрат этганидир. Фақирнинг эшигига келган амир нақадар хуш ва амирнинг эшигига келган фақир нақадар нохуш” (Румий, “Ичингдаги ичиндадир”).

Ул кеча ташкилотчиси ўша пайтдаги вилоят раиси Коҳир Расулзода (алҳол Тожикистон Бош вазири) зар қадрига етган заргар мақомида эди ўшанда. Бугун ҳам мана шундай олижаноб заргарлар бизнинг қадим Хўжандзаминда борлиги адаб аҳли учун қувонарли ҳодисадир. Суғд вилояти раиси Абдураҳмон Қодирий ташаббуси ва бевосита ҳомийлиги остида ташкил топган нажиб Арбоб қасрида ажиб ШЕЪр кечаси бизнинг юрт волийлари Румий Ҳазратлари эътироф этган амирларнинг хўби эканлигининг далилидир. Айни Фарзонахоним эллик ёши тантаналарини вилоят раиси шоира ижодининг бир ажиб нукталарини закий нигоҳи билан гўзал талқин этиб, моҳир сиёсатдон нозик шеър шинавандаси ҳам бўлиши мумкинлигини намоён этди.

Одатдаги юбилей тантаналари мақтовлару ёлғон хушомадлар “гулдаста”сига айланади. Аммо Тожикистон халқ шоираси Фарзонахоним эллик ёши тантаналари шоиранинг ўзи каби ўзига хос эди. Шоира ўз сиймосида ШЕЪрни қутларди. Аҳли ижодни қутларди. Шеърни суйгувчи Ватанни, ҳалқни қутларди. Давранинг булбулигўёси Ўзи эди. Чаманороси ўзи эди. Айни шу лаҳзаларда сухан мулкининг латиф сухандони Ул эди. Асл суҳбаторо Шоира бу кечанинг шамчироғи эди, биз парвоналар эдик. Таъбир жоиз бўлса, У Шеър гулханида ёнаётган Қақнус эди, биз унинг оташида исинаётганлар эдик. Таъбир жоиз бўлса, У Шеър осмонида Қуёш эди, биз Ундан пастда, Унинг Меҳридан қонаётган майсалар эдик. Таъбир жоиз бўлса, У қоронғу тунда бутун оламни ёритаётган Шеър Моҳи эди. Биз Унинг гирдида шу шеър мастлигида кўз ёши тўкаётган Каҳкашон бўлдик – юлдузлар эдик.

Гўё Мавлоно айтгани каби,

Чанд аз ин алфозу измору маxоз?
Сўз хоҳам сўз, бо он сўз соз.

Биз-да Қақнус эдик. Тожикистон халқ артисти Жўрабек Набиев олиб чиққан атиргуллар гулдастаси бизнинг қалблардан униб чиққан дил нолалари армуғони эди. Ватан булбули Жўрабек Набиев куйлаган қўшиқ Унинг ШЕЪР дарахти шохларига нозик сабо қанотида учиб келиб қўнган ШЕЪР ошиғи навоси, садоси эди. Ҳофиза Мастона Эргашеванинг мастона қўшиғи ёнаётган Шеър қалбидан мужда эди. Хосиятли овоз соҳибаси Хосият Ортиқованинг жарангдор овози айни Зарафшондан келаётган ШЕЪР дили навоси эди. Мирсалим Ашур қўшиғи қанотида куй келди, куйдан яралган куйган кўнгил фарёди келди. Ортиқ Қодир қироатида ШЕЪР мўъжизаси яна бир бор ЎЗини намоён этди. Зарофатли қалб соҳиби, олими нуктасанж Усмон Сафар эътирофида Фарзона фарзоналиги яна бир ўз тасдиғини топди. Муродбек Насриддин куйлаган қўшиқда ИШҚгиря қилди, ИШҚ нола қилди. Афзалшо Шодиевнинг дилошуб ва дилрабо қўшиғи эллик ёш шоир умри ёшлиги эканлигига иқрор эди. Гарчанд қўшиқ “Xавони рафт”дейилса-да, Шоир қалбидан кетмаган Ёшлик Шоира шеърларида ўз садосини бермоқда эди. Афзалшонинг бу афзал қўшиғи, қайсидир маънода, шоиранинг устози, шодравон Лойиқ Шерали табриги ҳам эди. Гулбаҳор тийрамоҳнинг тийра кунларини ёритиб турган нурафшон Шеър ўқиди, Куй қанотида яйраган қўшиқ тўқиди.

Олисдаги яқинлар яқиндан олислардан-да яқин Р.Д.Гейзер (Германия) ва Меҳди Жомий (Голландия) дилсўзлари Фарзонахоним шеъриятининг хориждаги жаранги эди.

Шогирдлар Шоиранинг Меҳри қалбидан унган безавол нахли мубораклар Нурали НУРЗОД, Абдужаббор СУРУШ, Адиба МИРЗО, Гулноз, Ҳуснигули Кўлобий, Мафтуна(Душанбе) ушбу кунги ШЕЪР базми суҳбати саролари эди. Мавлои Рум айтгани каби,
То насўзи, нест он айнуляқин,
Ин яқин хоҳи, дар оташ дарнишин.

Шогирдлар Унинг яқинида ШЕЪР гулханида ёнаётган Қақнусваччалар эди.

Яъни, Сурати ҳар одами чун косаест,
Чашм аз маънии ў ҳассосаест
(Румий).

У мисли Шеър майини қуйгувчи соқию шогирдлар бу шаробни нўш этаётган мастлар эди.

Ватан тақдирида улуғ хизмат кўрсатган АРБОБ қасри эса Унинг ШЕЪрлари садосидан нурланиб бораётган Нурхона эди.

Муҳаммад Иқбол Лоҳурий эътирофи бу кеча шиори бўлишга арзигулик битикдир.

З он навои хуш, ки нашносад мақом,
Хуштар он ҳарфе, ки гўb дар маном.
Фитрати шоир саропо xустучўст,
Холиқу парвардигори орзуст.
Шоир андар синаи миллат чу дил,
Миллате бе шоири анбори гил.
Сўзу мастb нақшбанди оламест,
Шоирb бе сўзу масти мотамест.
Шеърро мақсуд гар одамгарист,
Шоирb ҳам вориси пайғамбарист!

Ватаннинг бунинг каби ошуфта булбули, адаб аҳли ғурури, шеърсуяр қалблар сурури Фарзонахоним бу дилором Шеър кечасида бутун вужудидан Шеър тўкиб, Шеър тўқиб, Шеър ўқирди.

Шоиранинг Қуввайи ҳофизасига аҳсанта! Икки соатга мўлжалланган тадбир тўрт соат давом этса-да, бу бир кундан муҳташам сиёсат қасридан, адаб аҳли хазинаси ШЕЪР қасрига айланган бу табаррук масканни ҳеч ким тарк этгиси келмасди. У эса юрак тубидаги инжуларини – эллик йиллик умр сарҳисоби ашъори мўъжизаворини тўкарди.

Дағи довонларга ханжар кўтариб
Дағи кокилига дилдор ғарқ этган.
Дағи ишқ шароби жон жоми ичра,
Дағи ҳубоб қонда, шўх азоб қонда
(Абдували Қутбиддин).

Донишманд Кайковус дейди: “Агар қадрли бўлмоқ тиласанг, халқнинг қадрини билгил”. Фарзонабону элу юрти, Ватанни ўз ашъорида улуғлагани боис, бугун унинг ШЕЪР кечасида шу халқнинг шеърдўст инсонлари Унинг ашъорига мафтуну мадфуну маъшуқ эди.

Шеър кечасининг томирларидан бир шуълавор дарё оқиб ўтарди. У ИШҚ дарёси эди. Бу шоиранинг ЎЗИдан ЎЗИга қадар бораётган йўл шуъласи эди:

ЎЗИМГА ҚАДАР

Мен ҳаётга ишонаман қиёматгача,
Шабнам қуриб, тингунча то булбул куйлари.
То мўъжиза жўнлашгунча,
Яъни, ишқ билан
Видолашмоқ учун ярим нафас бор ҳали.
Ўлгим келса менга рухсат бермайди, бироқ,
Битта орзу – олисларда қўлим етмаган.
Қандай оддий бўлай, ўйлаб иштирокимнинг
Шартлигини бир мажлисга. Ўнда. Эртага.
Қандай қилиб оддий бўлай?
Чироқсиз қолиб,
Маҳкум бўлсам чироқсизга бергали мадад.
Қандай қилиб оддий бўлай?
Ўшал хаёлий
Шуълазорга мен уларни айласам даъват.
Қандай қилиб оддий бўлай?
Ахир бозордан
Янги кўйлак сотиб олсам ҳар бир қадамда,
Келганимда ҳар гал сизнинг кўз олдингизга,
Келтирмасам янги жонни янги баданда.
Қандай қилиб оддий бўлай?
Қачонки…
Асли
Оддийлигим ва оддийлик – гўзал, бетакрор.
Оддийлик, бу – мўъжизадан, балки, баландроқ,
Ҳали вақт бор,
Ҳали тағин ярим нафас бор.
Балки, қай бир эски тўрва, эски сандиқда
Қолгандир ишқ ва муҳаббат юқидан асар.
Туғилмоққа қадар босиб ўтай бу йўлни,
То тозармоқ,
То Худо
То ўзимга қадар!

Ҳар куни, янги ШЕЪР туғилган ҳар он шоира қалбидан озодликка чиққан қалб садолари – ШЕЪРлар эса Уни севгувчи шеърдўстлар учун янги туғилиш онлари, бетакрор Фуруғ Фаруҳзод айтгани каби “Таваллуде дигар”дир.

Бугун айни шукуҳли тантаналарда шоира яна бир бир такрор туғилди. Зеро, шоир ШЕЪРи шеърхон қалбида садо берган онда қайта-қайта туғилади, кашф бўлади. Фарзонахоним эса миллат фарзонаси сифатида ўзининг беназир ашъорида, қалб титроқларидан туғилган ажойиб ШЕЪРлари ила ҳар кун кўнглимизга кириб боради.

ҚАФАСДАГИ ОЗОДЛИК

Эй, ишқ, сени топгим келар олис ёдлардан,
Бир олманинг ол рангидан ўргангим келар.
Ё йўл излаб,
Саҳроларда тентиган сувдан
Ё гўдаклар ҳавас билан чайнаган ширин
Жўхорининг поясидан
Ёки бир гулдан.
Тўғри, ишқнинг она юрти – ёсуман гули,
Ишқ бўлсайди озодликка лиммо-лим қафас.
Салом, Мажнун,
Озодликка тўлган қафасни
Қайга олиб кетмоқдасан?
Мен ҳам бир нафас
Зоғни товус либосида кўргим келади,
Шер бўйнидан қучсам дейман мен ҳам сен каби,
Ва оҳунинг кўзларидай кўзгу – матлабим.
Кўча узра куй таралса пошналаримдан
Ва булбуллар яқин келса
Атрофимда жам.
Қара, кўзинг пардасини каттароқ очиб,
Кўчангдан ишқ аҳли ўтиб кетмоқда бу дам.
Нечун мен ишқ дейман?
Чунки, ишқ жисми озод,
Замон, макон, дину мазҳаб панжаларидан.
Ишқ занжимас, фарангимас, хуросонликмас,
Озод – япон ашёсининг тамғаларидан.
Прометей олови ҳам, Митра жилоси,
Исо хочи, ҳам Будданинг нилуфари – ишқ
Ишқ – Мусонинг кафтидаги умрбоқий нур,
Ишқ – Мустафо меърожидир, бари, бари – ишқ.
Ишқ – энг тугал хулосаси маърифатларнинг,
Англаб етгин,
Ишқ – Худога бириккан қасам.
Шундай экан, баландроқ бўл ўзингдан, зеро,
Ишқ ўлади,
Чумолига озор берсанг ҳам.

Кеча сўнггида шоира назокат билан дейди: «Мени Фарзона этган, сиз азизларим. Сизлар ФАРЗОНАсизлар!»

Кеч кузакнинг намхуш ва дилхуш куни, Қуёшнинг заъфарон нурларига қадаҳ тутган хазонрез боғлар этагида тўкилиб ётган ШЕЪР хазинаси томон кетиб борар эканман, кузакларда қалбда Баҳорни уйғотишга қодир, зимистонда Ёз таронасини айтмоққа моҳир, ҳар бир сатри сеҳр, шеърий сувратга соҳир шоира Фарзонахоним ижодига қут барака тилайман. Ва Унинг умри баҳори эллик ёш ҳаққига ўзининг ушбу шеъри сўзбошидир.

БАҲОР ҚОЛАДИ

Азизим, қайдасан, баҳор ўтмоқда.
(«Чақмоқ ҳамласи» китобидан)

Олманиг чироғи шохларда қолар,
Сув сўзи ариқда – чоҳларда қолар,
Дилим дилингга зор оҳларда қолар,
Баҳор ўтармикан ё баҳор қолар,
Баҳор қолади!

Гул умрин наҳори қайтиб келмайди,
Булбул нола, зори қайтиб келмайди,
Оройишлар ори қайтиб келмайди,
Нома ичида бир гул ёдгор қолар,
Баҳор ўтармикан ё баҳор қолар,
Баҳор қолади!

Салом, яшил нома, кўклам давоми,
Дарчани оч, кирсин кўклам саломи,
Кўзинг куйлар баҳор ўч-интиқомин,
Гар номангдан яшил ғубор қолади,
Баҳор қолади!

Олманинг чироғи шохларда қолар,
Сув сўзи ариқда – чоҳларда қолар,
Дилим дилингга зор оҳларда қолар,
Ҳурматимиз ҳаққи, баҳор қолади,
Баҳор қолади!

Шеър эса ҳамиша ўз Меърожида ўзидан нур таратади… Бу нур шоира Фарзона қалби шуълаларидир. Бу шуълага ошнолик, ошуфталик барчамизга муборак!

МУНАВВАРА
АРБОБ қасри, Хўжанд, кеч куз.

P. S.Мақолада Шоиранинг шеърлари Одил Икром таржимасида берилди.

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn