Аччиқ ҳақиқат (шеърлар)

mahmud yuldoshevМАҲМУД ЙЎЛДОШЕВ

Ҳақиқат изласанг топмайсан уни,
Мен ҳақман, дегинда бошингни кўтар.
Доимо бўйнингда ненингдир хуни,
Ожиз тамшанасан шимиб муаттар.

Миллат бўб уйғонсанг миллатсизлар кўп,
Босқинчи тарихинг бўйнингдадир тавқ.
Тарих бу доимо қонли тало тўп,
Ҳақ, деб кураш тушсанг кўкракда бир завқ.

Инсонлик оятин шивирлагин жим,
Маддоҳ тарихчингни орқага сургин,
Сен ўзинг юлдузсан, ўзинг мунажжим,
Олчоқ бу нафсингга бойлагин тизгин.

Мен ҳам яшайман, де, тенглар қатори,
Менинг ҳам тариху номим бор, дегин.
Шунда сен ўзингнинг ўзинг сардори,
Шунда сен ўзингсан, ўзинг Алп Тегин.

Ҳақиқат излама, ҳақиқат йўқдир,
“Аналҳақ” нидоси Мансурда кетди.
Сенда бори битта, номаълум тақдир,
Ўлсанг айтишади: “Ҳа, куни битди”.

Шунингчун мақсадинг битта бўлсин бот,
Мансур хитобини кўксингга жо қил.
Боязид ридосин ечиб от озод,
Парво ҳам қилмагил аташса “Жоҳил”.

Сен ўзинг ўзинг бўл, ягонадирсан,
Бир марта келасан бу жаннат узра.
Ғамга ҳеч ботмагин, яшагин хурсанд,
Ўз айшу ишратинг, ўзлигинг кўзла.

25.01.13

ТУВАКДАГИ ГУЛ МОНОЛОГИ

Ўзимни тувакда кўргандан буён,
Ромга қўйиб ҳар кун сўниқ бошимни,
Оламга қарайман ойна ортидан,
Ҳавасла кузатиб онадошимни.

Тақдирим шул экан тувакдир ватан,
Бийдай далалардан тегмади бир жой.
Қуёшнинг жилосин баргларда кўрсам,
Менга пичинг қилар деразадан ой.

Қисматга қойилман иссиқ жой берган,
Турмуш ташвишидан бўлганман озод.
Қуртларга маконмас қувраган баргим,
Фасллар жабридан чекмайман фарёд.

Уйда яшашнинг ҳам ажиб гашти бор,
Саратон жумбуши сўлингни сўрмас.
Қишда ҳам гуллайсан, гулку мўътабар,
Тарсонинг узишга журъати бўлмас.

Қуёшнинг қўллари майсалар бошин,
Сийпалаб қўйганда шўх шамол бўлиб,
Вужудим титрайди сесканиб тошиб,
Соғинчда ёнаман хўрлигим келиб.

Ошуфта қалбимга бу сунъий ҳаёт,
Ортиқча ўйноқи ғулу солади.
Доимий баҳорга ўқиб шўх баёт,
Ўзимни ҳаётга ургим келади.

Баъзан очилганда бироз деразам,
Туваклар ёдимдан чиқади бирдан.
Руҳим енгил тортиб кенгаяр олам,
Кечиб юбораман уйнинг баҳридан.

Очиқ довулларга ортади орзум,
Ўйнагим келади шамол куйига.
Майли, оёқ ости қилса шўх оҳу,
Бир бор битсам эди ариқ бўйига.

1976-77

ҚОЗОҚ ДЎСТИМГА

Ҳар куни тонг отар дўстим ўйласам,
Қуёш ўз йўлини унутмайди ҳеч.
Айтчи овулингда бобойлар бардам
Дуога қўл чўзиб журма эрта кеч?

Жайловда молларинг омонми, дўстим,
Оқсоб қолғон жўқма бедов оёғи?
Тун кеча бир тўзон, тўполон эсди,
Ўтовинг омонми, ийик таёғи?

Тўполон ҳар ҳолда табиий бир куч,
Унинг табиатин аниқ билмадим.
Кўп синди оғочлар, уйлардаги синч,
Сен шошиб қолгандинг, хабар олмадим.

Қозони қайнаса этла ҳар куни,
Тўқчилик нафсига ҳар инсон мойил.
Жигар бовурини унутиб ўзи,
Гўё бу дунёни қилгандай қойил.

Бизлар ҳам шундай бир ҳолни кечдикми,
Қипчоқ, ўғиз, қарлуқ – олмай қўйдик тан.
Манқуртлик шаробин билмай ичдикми,
Буюк Турон бизга эдику Ватан.

Қайга ҳам бораман ўзимдан чиққан,
Қайбир кас от солар Жалол устига.
Дарбадар Широқ у форсларни йиққан,
Бугун пахта терар бормай дарсига.

Ол кетди тортишув тинмади ҳеч вақт,
Тала-тўполонда балки адашдик.
Мардларнинг номини “босмачи” атаб,
Ўзимиз сезмайин дўстла курашдик.

Сарҳадсиз далалар, яйловлар номи,
Наҳот қуриб қолар Орол ҳам бугун.
Танда оқиб турган боболар қони,
Бизларда омонат келажак учун.

Дўст, жўлдос деб ёздим дўстлик ҳурмати,
Қадрингни тан олиб турганимку бу.
Ҳайдалган даштларинг ошнинг курмаги,
Бизлар ҳам пахтадан топмадик обрў.

Аччиқ ҳақиқатни дўстинг айтади,
Кўп буюк фарзандлар бизда ҳам бадбахт.
Олжасти туҳматтан зинҳор асрагин,
Ҳақиқат синмайди, эгилар фақат.

Ошкора айтмоққа жазмим етмади,
Ҳар тараф ошкора бўлса ҳам бугун.
Олма-ота тўполон, шум хабар келди,
Фақат келажакдан бордир умидим.

Келажак, келарми ўшал келажак,
Ҳар бир халқ камалак ранггин жилоси.
Ҳеч қачон тузатиш кирмаса андак,
Халқлар тарихининг бутдир имлоси.

10.02.86

* * *

Китобларнинг қатларида қолиб кетаман,
Журналлардан балки излар келажак авлод.
Ўз ўзимча мен ўзимни ким деб атамам,
Бугунда ҳам, келажакда моҳият – савод.

Бир вақтлари миххат билан донг ҳам таратдим,
Саҳроларда қолиб кетдим тошлар бағрида.
Менга ҳеч ким билдирмади дилдан ҳамдардлик,
Битганларим қолди бари юнон даврида.

Китобларни титкилайман кимларни излаб,
Бобларнинг расми ҳам йўқ – аҳмоқ ақида.
Бегонанинг этагини ушладим сизлаб,
Авестом йўқ эъзозласам уйнинг тоқида.

Яна бугун саводимни санайман аста,
Алжабрни рўкач қилсам энса қотади.
Бирда айтсам тарихимни ўлмас Манасда,
Чингиз, Амир, Отиллолар ёр-ёр айтади.

Ўтмиш билан ғурурланиб яшамоқ осон,
Аммо бугун ўзим кимман, ўзлигим қани?
Бон, Лондонлар қаторида йўқку Хуросон,
Наҳот эски китоблардан излайди мени.

Апрел 2010 йил 24-апрел

* * *

Замонлар ўтди,
Унутди тарих,
Ўз бағрида бўлган улуғ сўзларни.
Қадимдан бор бўлган гўр сўзи қолиб,
Арабий нурларга сиғиндинг халқим.

Юзинг қора бўлди,
Зангги деганда.
Зантупатиларни унутдинг толиб.
Ҳали ҳалигача Зангги оталар
Бу аҳли жаҳонда ҳурматли, ғолиб.

Юз йиллаб тобелик дардини чекдинг,
Отаули бўлиб отилдинг Ғарбга,
Тили ғализ ғарблик Атилла атаб
Қайтариб бермади ғолибни Шарққа.

Яна қолиб кетдинг тобеликларда,
Чин ўзингдан хон чиқмагунича.
Чин ўз хонингни Чингизхон атаб,
Яна босқинчи деб сиғиндинг унга.

Аслини олганда темирчи халқим,
Темуринг чиққанча яна оввора,
Маҳмуд ялавочни сотқинчи атаб,
Файзулло, Акмалга сиғиндинг қара.

Яна кетиб борар замона аста,
Яна зеромакслар арабистонда.
Қонингдан айланай эй туркий ота,
Сен араб бўлмайсан Аллоҳ деганда.

О, Тангрим, Олтойни асрагин,
Олтинданку ул,
Сабр берсин сенга Тангрим сўрагин,
Боши очиқ, поёнсиз сабрдир Сибир.
Тарихимсан эй турким,
Мен сенга бир қул.
Мен сенинг мулкингман,
Мук тушиб тавоф қилгум,
Шуни эътироф этгил.

1. Зангги уруғбоши
2. Отаули Отилло, Атилла
3. Чингизхон чин ўз хон

* * *

Эй, соқий, кетиргин заҳрижомингни,
Бугун ҳисоб куни, охират эмас.
Дўстларим олдида тўкай қонимни,
Бундай ҳолат менга бошқа берилмас.

Олинган қарзларни узмоқлик зарур,
Бўсалар нархини айтинг гўзаллар.
Яшаган кунларим қилайин таҳрир,
Даллоллик қилмоқда энг азиз золлар.

Онам ҳаққин тўлай олмоғим мажол,
Ҳар бир алласига Элбурс пасанги.
Отамдан қарздорман то абад, азал,
Май билан ёритгил эй соқий тонгни.

Қуёш, қарзимни айт, сочим силадинг,
Эй тупроқ. кўксингга ботди оёғим.
Сенку сен бағримга силсила солдинг,
Сенсиз чиқмас эди ҳеч битта оҳим.

Висол эҳромига охирги сажда,
Охир бор ҳаётнинг оёғин ўпай.
Заҳри маҳагингни сипқорай аста,
Қалбим кўпригидан мен дадил ўтай.

Соқий, кетир жоминг, заҳри қотилдан,
Бутун қарзларимни сипқорай қониб.
Биламан қарзларим ҳаммаси тилдан,
Тилим ҳақни айтди, яшадим ёниб.

* * *

Ҳайит куни бодом еган бола мисоли,
Томоғимда тинч тонгларнинг таъми яшайди.
Ёшлигимни аллалаган чайла висоли,
Ҳижронларнинг кечалари ҳали хушлайди.

Эҳ, ёшлигим, қолиб кетдинг қайларда пайхон,
Аччиқ бодом данагидай туфланиб қайда.
Сенга соғинч сўзин битиб яшайман ҳамон.
Бу замоннинг енгил елпи ҳийлаларида.

Ўз ютуғим, мағлублигим кўрмайман ҳамон.
Наҳот шулар қисқа умрим дафтари ахир.
Наҳот оҳим кетиб борар бўғзимда бийрон,
Кимга умрим олиб борай қилишга таҳрир.

Қани айтинг ўшал заргар, бу қандай ўкинч.
Қандай қилиб кўтарайин бу оғир бошни.
Ёта олмам, ёта олмам мозоримда тинч,
Атаганку Зардўшт бобом менга қуёшни.

* * *

Тун, бунча узоқсан, бунчалар узоқ,
Мен тонгни кутганим етмадими ҳеч.
Умримга аслида тунми, кун тузоқ,
Ахир сен айтасан эрта: “бўлди, кеч”

Заҳар, заққумларинг ботди жонимга,
Юлдузлар санашдан роҳат қолмади.
Қўрқинч кириб келди сир жаҳонимга,
Дард, ҳижрон жонимни ҳеч ололмади.

Агар зоҳидликни танлатмоқ бўлсанг,
Бошқа бир усулинг йўқми айт ахир.
Қақнус тумшуғида зор йиғлаб ўлсам,
Абадлик дарди ҳам тахирдир, тахир.

Қора тун, шунчалар узоқ бўлсанг гар,
Осмон гумбазини ёп жаҳолатга.
Сен қачон топгайсан умрингга самар,
Чек қўйгин, сирли тун, мавҳум ҳолатга.

Тун, кечмишинг шунча узоқ туюлди,
Юмшоқ ёстиқлар ҳам ботди бошимга.
Сўнмас саволларим тинмай қуюлди,
Заҳар абадлигинг қотма ошимга.

15.07.10

* * *

Туғилмаган неварам Анахитага

Жавдираб қарайман дераза томон,
Гўёки кўрмоқчи бўлиб ўзимни,
Кўча, ташқарида шовуллар замон,
Менчи, соғинаман дўмбоқ қизимни.

Қизим, туғилмадинг бир бор ака деб,
Сенинг рафторингни соғинар уканг.
Сунбула сочингга балдоқлар қадаб,
Етаклаб чиқмади бу шоир отанг.

Шундай, сулоланинг қонида урҳо,
Қиз бола туғилар – ҳар сафар Бодом.
Ёки коинотда юрган бир Зуҳро,
Туғилмай орзуга айландинг болам.

Сен болам парисан менинг кўзимда,
Ҳурлар қаторида сен абад қолдинг.
Алп, Тегин фарзандлар қолар изимда,
Лекин юрагимга бир орзу бўлдинг.

Орзулар айб эмас, қани, неварам,
Сен бир туғилсангчи, жонимга тўзим.
Сочингга тақайлик олтину зар ҳам,
Менинг чанқаб кутган невара қизим.

17. 07.10

***

Мен ҳавас қиламан боғлар кўркига,
Дарахтлар сафлари сарвдек ойжамол,
Олма олимдайин чиқар ўртага,
Қиздай уялади яшил мажнунтол.

Тутдай тўкилишни қилади орзу,
Онаси одида ҳар бир чин фарзанд.
Сада соясида босганда уйқу,
Оғзингда эрийди нашвати бир қанд.

Мен чинор умрида кўраман тимсол,
Чинор боболарнинг ҳаёт рамзини.
Юртимнинг кўркидир ҳар бир оқсоқол,
Улардан ўргандим ҳаёт тарзини.

Боғлар сиздан ўрнак олиб яшадим,
Тўлишиш, етишиш, тўкилишни ҳам.
Мен ҳам сизлардайин муқум, шошмадим,
Менинг ҳам қалбимга шу тупроқ малҳам.

22.07.10

* * *

Мен хаёл сураман: қизлар, оҳулар,
Узоқ узоқлардан ҳуркиб қарайди.
Ёшлигим сарҳади, гўзал бир ҳурлар,
Инжу сочларини нурда тарайди.

Қуёш ялангликка сочади сепин,
Нурлар жилосида тобланар майса.
Менчи, чувалтириб хаёл ипини,
Шўх-шўх парилардан оламан бўса.

Бирдан қучоғимда потирлаб бири,
Жимгина сочимни оққа бўяйди.
Очилиб қолади хаёллар сири,
Наҳот парилар ҳам биздай ўйлайди.

Хаёлдан узилиб ерга тушаман,
Сийқа остонада турар бир ковуш.
Ёшлигим орқамдан қувар, пушаймон,
Мен кулиб боқаман хаёллар хомуш.

Хомуш хаёлларни орқага қувиб,
Ҳаёт лаззатидан тамшанаман шўх.
Неварам сакрайди қаҳқаҳа уриб,
Бундан гўзал бахтнинг билсам ўзи йўқ.
30.07.10

* * *
Осмон фариштаси кўзимга қўнди,
Бугуннинг дардини унутдим мана.
Кумушни учратдим кеча Қўқонда
Қодирийлар ҳамон қамоқда яна.

Тоғларнинг тошида ўсмоқда лола,
Ғазода жўҳитлар солмоқда урҳо.
Ҳаёт ғилдирайди, эски арава,
Демак, етишмайди Тоҳирга Зуҳро.

Кўклам бўй чўзади осмонга майса,
Камон унутилган, Ғиротлар расм.
Жаҳонда жоҳиллар тинмай кўпайса,
Наҳот Қоработирлик бўлади касм.

Кел дўстим осмондан кўчган юлдузни,
Улуғбекдай кўкга илиб қўяйлик.
Бугун кун оламга энг ширин сўзни,
Ақлдан ранг олиб нурга бўяйлик.
01.08.10

* * *
Тун асрни қувиб бормоқда,
Йўлда қолиб кетмоқда умр.
Увушган бир майин бармоқда,
Чанг солади унга шум давр.

Хонасидан чиқади ковуш,
Дод солмоққа тополмай мажол.
Уйқусидан турар Сиёвуш,
Ўн ёшига тўлган ушбу чол.

Жон соати чиқиллар ҳамон,
Гавда уйни тарк этолмайди.
Тан олинар ҳатто оломон,
Аммо уни ер ютолмайди.

Мен асрни қувиб кетаман,
Аммо бунинг фойдаси нима.
Этак қоқиб агар кетолсам,
Сен буюксан, ортимдан кулма.

Кулгин аччиқ аср устидан,
Тишларингнинг ғичири синсин.
Асаримнинг ушбу қисмидан,
Мени излаб қалбинг исинсин.
15.08.10

* * *
Дарғаларнинг елкасида дард,
Итаради олдинга томон.
Дунё дардин сотмоқчи мен сарт,
Бозор излаб сарсонман ҳамон.

Касод бугун қуллар бозори,
Дардларини олмайди замон.
Савдода бир нашаванд ҳожи,
Сотилиши албатта гумон.

Мен дардимни сотиб юборсам,
Азобингда қоламан бедард.
Оқармаган синиқ бу косам
Тешилипти, яна бир ҳасрат.

Мен ҳам елкам тутиб яшадим,
Дард изладим атроф муҳитдан.
Дарғаликга қадам ташладим,
Қарздор ўтдим ҳар дайди итдан.
15.08.10

* * *
Яшил мавжудотдан бир кўйлак кийиб
Араб саҳросига салом бераман.
Шу етмиш ёшимда балким мункайиб,
Кимгадир – намуна, кимга – қаҳрамон.

Синчил саҳройидай оламга қараб,
Ҳар бир барг дардини билиб оламан.
Минг бор бош урсам ҳам бўлмайман араб,
Шиддатли туркийман, шундай қоламан.

Авлод аждодларим суянган сўзга,
Эзгу Авестони дунё тан олган.
Яҳудий чўнтагин тўлдирган танга,
Аслида садақа, бизлардан қолган.

Ўйчан чўнтагимни ковладим ҳайрон,
Ундан чиқиб келди минг бир латифа.
Туркийда сўйлайман ҳам охир замон,
Арабнинг Оллоси бўлмасин хафа.

Худо, Тангри, Оллоҳ ягона дерлар,
Аслида мен ҳамку эмасман Ҳаллож.
Мен туркий, дунёга етган хабарлар,
Туркийлик Тангридан берилган илож.

* * *
Айтишга осон гап бу ҳаёт жоми
48 мавзуга бўлар эмиш жо.
Кўчада куйласанг дарвиш каломи,
Мавзулар сафидан бўлгайми жудо.

Ошиқлар дардини биринчи атаб,
Қай тартиб бергайлар Машраб дардига,
Фароб тарихига битилса китоб,
Қамиш излаб борай кимнинг боғига.

Биринчи сафларда Қоработирлар
Ўзликни изламак ўрни қаерда.
Ҳадислар, Авесто, буюк сатрлар,
Нечанчи қаторда ватаннинг гарди.

Ҳар қалай, мавзулар сони аниқмиш,
Менинг қон томирим ўлчами каби.
Балки шундан ахир қилмиш, қидирмиш,
Айтинг эй Ғаззолий, кимда ҳисоби.
06.09. 08

* * *
Яна хазон рақси бўм бўш кўчада
Яна қувроқ барглар шамолга эрмак.
Яна шумшаяди шўрлик мусича,
Яна шитирлайди яланғоч терак.

Сувлар қуюқлашиб қорайди ранги,
Ҳамма мавжудотда вужуд заъфарон,
Жўякларда қатор токлар қалами,
Деҳқон юрагида туганмас армон.

Куз билан кўксимга кирар сарҳисоб,
Ҳаёт дафтаримда йиртиқ варақлар.
Умрим ўтиб борар – таҳрирсиз китоб,
Йиртиқ варақ мағзин ким ҳамки алқар.

Жоним жандасидан бичайми китоб,
Бойлигим боламдир бошқаси бекор.
Боламнинг умридир мендаги ҳисоб,
Болам ҳаётида мен яна такрор.
2008 – 2010-09-01

* * *
Нетай тунда тишим тушди бехосдан,
Оғзимда тамшаниб сўзларим қотди.
Қўйсам сунъийсини танлаб олмосдан,
Ўз сунъий сўзларим ўзимга ботди.

Зарурат жомини кўтариб кўрдим,
Ўз билган ёғимга ўзимни доғлаб.
Сунъий тишларимдан чиққан ҳар сўзим,
Мени бўғар эди қўлларим боғлаб.

Одамлар оғзига қарайман ҳайрон,
Сунъий тишларининг порлайди нури.
Фақат мен эмаску, умидвор замон,
Бизни мот қилади сунъий ғурури.

* * *
Ёзнинг исссиқ кунлари кетиб,
Салқин олиб келмоқда тунлар.
Алангали ғубор тарқалиб,
Серраймоқда эски устунлар.

Фавворалар шиддати сўнган,
Боши эгик томчиларнинг ҳам.
Эгилмайди қушчалар қўнган
Шохчаларнинг беллари бардам.

Замон аста ўзгариб борар,
Келаяпти кузнинг ғовури.
Кеча фойда берган риболар,
Бугун ўтмиш қарзларнинг сири.

Эртага куз, баргларда хазон,
Донлар олар хирмонларга йўл.
Кимда орзу, кимларда армон,
Табиатнинг ўзи қаттиққўл.
08.09.10

* * *
Энг қаттиғи менинг қалбимга
Шиблий отган лой бўлиб тегди.
Дўстим сенинг охирги дамда
Айтган сўзинг бошимни эгди.

Кўр, оммадан қўрқмадим мудом,
У доимо танламай ейди.
Оқни қора ҳалолни ҳаром,
Айт деса у “ҳа шундай”, дейди.

Тарихда ҳам “жаллод пичоғи
ўткир бўлсин”, дея тилашган.
Чала пичоқ ўтмаснинг доғи,
Аччиқ сўздай дилга илашган.

Эҳ, валлоҳи умрим охири,
Яқинлардан дил панд емасин.
Тангри билган ҳаётим сирин,
Яқинларим ёлғон демасин.

* * *
Кимдир туғилади балки шаҳарда,
Кимнинг киндигининг қони саҳарда,
Кимдир туғилганда онаси зарда,
Кимдир туғилгандан у ола қарға.

Қишлоқ соғинаман шаҳарда яшаб,
Шаҳарлик орзуси тинч қишлоқ жийда.
Шоир шеър ёзади тунда зор қақшаб,
Арбобнинг қилмиши эрта кеч ҳийла.

Тонглар зорланаман қишлоқ соғиниб,
Қўшним “дом” олдида кетмон уради.
Кимдир олтмишида куйлар севгини,
Қаранг, яна битта ёлғон янгради.

Қишлоқда ҳам бугун яшаса бўлар,
Аср имконлари ҳамма жойда бор.
Замонадан ортда қолмасанг агар,
Замондошлар сени излагай, топар.

* * *
Кеча ёлғиз боғда кезиб
Кўзларимни ёшладим.
Шунда аста қўшним келиб
Ўз дардини бошлади.

Ушбу гапни ҳамма айтиб
Одатда гап бошлайди.
Дурустроқ гап йўқми десанг,
Ҳайрон бошин қашлайди.

Қўшиқларга тўлиб кетди
Экран, саҳна, далалар.
Қўшиқларда ватан йўқку,
Қандай яшар болалар.

Мактабларнинг маъноси йўқ,
Муаллимлар муттаҳам.
Ёш болалар юрар саёқ,
Биттаси бор бизда ҳам.

Пора бермай яшаб бўлмас,
Замон бугун шу эмиш.
Ўндан бирин сайла десанг,
“бу не деган маргумуш”.

Оғзи тўла ота деса,
Санайди у саккизни.
Саноқда йўқ Замахшар ҳам,
Қолганлари туз изза.

Ижод аҳли бефарқликдан
Бузиб чиқа олмади.
Орамиздан бирон виждон,
Қон ютиб ҳам қолмади.

Яна аста хаёл сурдим,
Бу лоқайдлик қаердан.
Ахир мен ҳам кўп югурдим,
Тўхтатмади бир инсон.

“Сўз беринг” деб саҳналарга,
Жавлон уриб чиқмадим.
Нотиқлик қиб бурчакларда,
Ҳеч бир обрў топмадим.

Жаҳон аҳли қўшилмоқда,
Чегараси йўқ дунё.
Бизда ҳамон русдан қўрқиб,
Яшар ҳамма бор зиё.

Орзу атаб балки асли,
Пуч дардни дедик қайғу.
Қачон тугар халқнинг сабри,
Уйғон тезроқ ҳур туйғу.

Уйғон ахир қанот ёзиб,
Ухлаб ётган турк улус.
Ғафлатга бир қабр қазиб,
Порлагин туркий юлдуз.

Олам бугун қара бошқа,
Одамлар одил, чаққон.
Ердан токи қуёшгача,
Талпинишга бор имкон.

* * *
Ҳар замон оламнинг оёғин ушлаб,
Дод солиб йиғлайди ҳар бир гуноҳкор.
Мен эса дунёдан кўнглимни хушлаб,
Ўтмоқни истадим, ўтдим хокисор.

Бу олам сатҳида нени кўрдик биз,
Унга итоатни қилдиларки зарб.
Менчи, ихтиёрни танладим ҳаргиз,
Менга ҳамроҳ бўлди мардона бир қалб.

Саховат бобида бул табиатдан
Буюкроқ соҳибни кўрмади олам.
Юзимни ўгирдим ҳар саховатдан,
Сахий табиатдан тубандир одам.

Ҳар бир мавжудотнинг кўзини боғлаб,
Жаннат ваъда қилиб дод солди динлар.
Мен ўзим ўзимнинг кўнглимни доғлаб,
Ғанимат санадим ҳар ўтган кунлар.

Олам яшайверар, коинот чексиз,
Унинг ҳисобини билмайди инсон,
Мен жаннат атадим ҳаётни сўзсиз.
Шундан мен ҳаётни севаман нодон.

* * *
Бўм бўш осмон қаърига қараб,
Санай кетдим юлдузлар сасин.
Бўм бўш қалбим қўрига қараб,
Санай кетдим унинг ярасин.

Санаб ўтдим илк бор йиқилган
Болаликнинг нозик қадамин.
Орзулардан эртак тўқилган,
Ушалмаган орзулар барин.

Ўсмирликка ташладим қадам,
Санай кетдим қизлар холини.
Ўз ўзимча мен катта одам,
Йўқ билмасдим ҳижрон ҳолини.

Йиллар ўтди армонлар сонсиз,
Санашимга келмади замон.
Санай санай юрагим жонсиз,
Саноққа ҳам керакдир имкон.

Санамайман ўз зафаримни,
Саноқларим санайди йиллар.
Тинмай ёзган дил хатларимни,
Қалби дарё ватаним билар.

* * *
Тонг отар, кун ботар, айланар гардун,
Уммон ҳавзасидан чиқиб кетмас ҳеч.
Бир бурда нон билан ўтар битта кун,
Фақат эл наздидан четда қолма ҳеч.

Ҳар бир дилда юрар доим бир армон,
Биларсан бу дунё доим битта кам.
Интизор ётганда бир рангги сомон,
Бориб кўра олсанг сен унга ҳамдам.

Тангрига тиловат қилгин доимо,
Тирик нафасингнинг дами борида.
Балки сен уламо, балки умаро,
Нафи йўқ дод солсанг ажал дорида.

Излаб ҳам юрмагин на ёзу қишинг,
Билгин юрагингда сен излаган зот.
Умрбод излайсан ўзингни ўзинг,
Ҳечам тополмайсан, дод солмагин, дод.

* * *
Кўнглим қучоғига отдим ўзимни,
Жонталаш, қонталаш изладим сабоқ,
Ўзим инкор қилдим айтган сўзимни,
Қалбим шудгор эди, қўлларим қадоқ.

Бу воқий оламни изладим балки,
Балки излаганим воқийлик эмас.
Қалбимда йиғганим ҳиссиёт мулқи,
Қалбим юрагимнинг ғамини емас.

Вужудим оғзидан уфуради сўз,
Саркаш хаёлларим бошин қашламас.
Ҳар бир отилган ўқ учар радифсиз,
Ўқувчим мени деб кўзин ёшламас.

Мен ўзим кўнглимнинг сайди сайёди,
Мен ўзим ўзимга овунчоқ, нажот.
Мен билан кетади оламнинг ёди,
Менга насиб этди биргина ҳайҳот.
14.10.10

* * *
Оламда эшитдим не бир қиссалар,
Замона зорини юрагим ютди,
Замондан нолиди Зардўшт, исолар,
Бахтлиман деганни замон унутди.

Қудуқ тагида ҳам анор дарахти
Ёнингдан чиқаркан сен шунда бахтли.
Туянинг устида юрсамда агар
Баъзан мени топиб дайди ит қопди.

Шунда юрагимда бошланиб исён,
Бутун вужудимни қоплаб олади.
Мен бахт деб атаган ҳиссу ҳаяжон,
Бахт нима дейдию ўйга солади.

Бахтнинг бошин излаб келдим бу уйга,
Во дариғ бу уйнинг туйнуги ҳам йўқ.
На бахт тополмадим, на бирон қайғу,
Аммо кетсам керак кўнглим бўлиб тўқ.
20.10.10

* * *
Араб азонидан хаёлим қочиб,
Ўзимни панага олдим бир беҳол.
Ашага қалбимдан бир дарча очиб,
Шўнғиган чуқурим бўлди шу хаёл.

Яна хаёл қочиб тикилдим кўкка,
Юлдузлар сочарди ой бир ойжамол.
Этимни ғижимлар эътироз, ўпка,
Дардларим айтишга етмайди мажол.

Шўхлигим тутдида тош олиб отдим,
Митти қушчаларга келтириб озор.
Юрагимни эзди буддавий ҳиссим,
Қалбимни қоронғу айлади мозор.

Аслида азондан сесканган одам,
Аша ва Буддани эслаб ҳам олдим.
Ҳаёт ҳақиқати оддий бир гандум,
Аросат сендан мен чиқолмай қолдим.
21.10.10

* * *
Шеър бу мен ўйлаган ўйлар боласи,
Унга сиғдирмоқни истайман ўзим.
Шер бу табиатнинг севган боласи,
Ҳайвонлар ичида айтар ўз сўзин.

Оҳанг бир, овоз бир, бири нафосат,
Ойни киприкларда сақлайди мажоз.
Бири жисмоний куч, йўқдир фаросат,
Оч бўлса йиртқич у кутмайди бироз.

Шеър бу тафаккурдан туғилган бино,
Осмон унда жамдир, юлдузлар садаф.
Шер циркда морбоздан кутади имо,
Бир туюр гўшт учун кўзларин қадаб.

Мен кимман нафосат изладим келиб,
Ё кучга ишониб яшашим керак.
Наҳот ўтмоқ керак шоҳга тикилиб,
Унда фарқим йўқку, мен шер, мен эрмак.
31.10.10.

* * *
Боғда болаларнинг шовқинин кўриб,
Безовта руҳимда ҳаяжон ортди.
Қирғоқда мажнунтол кўзёшин сўриб
Паришон хаёлим ўзига тортди.

Ғижим куз ҳавоси баргларни юлиб
Саркашлик қиларди турбат олдида.
Мегажин ялмоғиз кампирнинг қўли
Боғларда кўланка расмин қолдирди.

Биргина санобар чеккада беғам,
Кузнинг намлигини сўрарди майин.
Кийиниш ўрнига ечинар боғим,
Ақлим етишмайди тушуниш қийин.

Бизлар кўп нарсага ҳайрон ўтамиз,
Азада кулишган муртадларга ҳам.
Негадир куздан биз нажот кутамиз,
Ҳаёт мағзига у бўлар деб ҳамдам.
01.11.10

* * *
Ҳар тонг боболарнинг миххатин эслаб
Жонзотлик, жонимга оро бўламан.
Ҳали ўқилмаган энг буюк салаф,
Ўз туйғум ўзимга бўлади ҳамдам.

Кузнинг шарпасидан узилган бир барг,
Ҳамду сано айтиб кетиб боради.
Заминни силкитган жажжигина дард,
Тинмай томиримда елиб юради.

Кимдир тонгга менгзаб ушбу сирларни,
Ечилган тўн каби осади дорга.
Менчи, яна эслаб сарбадорларни,
Ўзимни тикаман ушбу қаторга.

Туннинг этагини ўйнайди сабо,
Тонгда боболарни эсладим савоб.
Менга тоқат беру ишонч бер Худо,
Сиру асрорингга қилайин тавоб.
07.11.10

* * *
Қалбимда қалбимнинг мозори додлар,
Шу жойда жойлашган дунё бозори.
Ҳар бир бурчагида музлаган дардлар,
Тинчлик билмас танам, тинмайди зори.

Фаластин ярасин тирнайди жўҳид,
Арцах деб боғларга ўт қўяр арман.
Ўзин портлатмоқда тунда мужоҳид,
Дунё дардларига фақат мен дармон.

Кеча Чамбил белда йиғлади Барчин,
Фарҳоднинг додини ёзар Алишер.
Ҳамма ошиқларнинг йиғлагани чин,
Қалбим ҳеч бирига ишонмайман дер.

Во дариғ, қандайин яшашим керак,
Дунё деб, кўнгил деб йиғламоқ нечун.
Наҳот ўз бошимга тортайин тупроқ,
Яшайлик оғайни, бу охирги кун.
09.11.10

* * *
Ҳаёт ҳам қайтади ўз ўзанига,
Бир нафас шошмагин, онажоним, юрт.
Очкўз овчигина кир қозонига
Шошиб тўлдиради ё бақа ё қурт.

Бағри кенг бу юртга келгувчилар кўп,
Бири қишда келса бири келар ёз.
Лайлак турналари зеб бўлар келиб,
Билсанг, қарға келиб чақирар аёз.

Кўм кўк кабутарни саҳрода кўриб,
Лол қолиб ортидан югурма жоним.
Улар учиб кетар, бекор лоф уриб,
Тўкиб юбормагин турна маржонин.

Қайсибир қушларга вақтинча ватан
Бўлиб хизмат қилсин шу азиз тупроқ.
Мавсумий қушларни отмагин болам,
Улар вақтинчадир, билишинг керак.
12.11.10

* * *
Ўтар экан кунлар ва тунлар,
Болалик ҳам ўтар экан, оҳ.
Юрагингда йиғилган унлар,
Ғамларингдан қиларкан огоҳ.

Алоҳида яшар экан руҳ,
Ҳар бир инсон қонида азал.
Кимда бўлса болалик мажруҳ,
Ёзар экан у ғамгин ғазал.

Етимликни кўрмади болам,
Етим руҳим қийнади мени.
Бугун келиб қилади алам,
Бағрим эзди ҳаёт дегани.

Мана энди ёшлигим ўтиб
Кексаликка қўйганда қадам,
Ёш боладай йиғлайман ўксиб,
Хафа қилса бировни болам.
14.11.10

* * *
Хотирам бағрида бўламан мулзам,
Аё ким экан у ўзбек аёли.
Ўтмишга қўл чўзиб бугунни билмам,
Менга муқаддасдир юртим хаёли.

Жонимга жон эрур шу азиз тупроқ,
Тўмарис эканда Сароймулк хоним.
Ўзбек аёлининг бағрида чироқ,
Зиёга элтади бутун жаҳоним.

Зорланиб меҳирга тўймайман ҳамон,
Чапани яратган бўлса ҳам Тангри.
Момоҳаво ўзбек бўлгани гумон,
Аммо ўзбек эрур севганнинг бари.

Менга берилгандир буюк бир имдод,
Ўзбек аёлининг меҳрига зорлик.
Бир ўзбек синггари айтгум қасамёд,
Аёл зотигадир ушбу хморлик.
14.12.2010

* * *
Агар қучоғига тушсанг бир марта,
Кўзларингдан олов чақнайди ҳар дам.
Агар бармоқлари тегиб кетсама,
Қўлингга олмайин қолмайсан қалам.

Тунда оғушига олса у сени,
Оппоқ сийнасидан қамашар кўзинг.
Энг гўзал кўринар шу қизнинг ҳусни,
Ширага айланар ҳар битта сўзинг.

Унинг кўчасидан ўтиб қолсанг гар,
Аёллар ҳаммаси Монна бўлса ҳам,
Фақат шу маконга қиласан сафар,
Гўзаллар номила такрорлаб қасам.

Эй одам, аёлнинг лаззати фақат,
Унинг номи билан киради дилга.
Севги деб аталган битта ҳақиқат,
Минг йиллаб такрордир такрордир тилда.
17.12. 10

* * *
Асов фикрларим оқсаб қолмасин,
Доғланган пиёздай шалвираб ҳоли.
Ҳеч вақти қалбимга ғулу солмасин,
Озод оҳуларнинг бевақт заволи.

Мен турким тупроғин тавоф қиб ўсдим,
Тинмай ҳидоятга етаклади у.
Топталган гул кўриб доғланди кўксим,
Юрак вужудимга тўпланди қайғу.

Бугун умидимга олқишлар айтиб,
Келажак сенга деб ёйдим пойандоз.
Мана бормоқдаман ҳур байроқ тутиб,
Тангри ўзинг айла бахтим сарвироз.

Кўринг, шижоатга қўлим очаман,
Истиқлол мулкимни сақлайман омон.
Жангу жадаллардан энди қочмайман,
Ҳурликни бой берсам кечирмас замон.

* * *
Тун, туман, этлар музлаган,
Бутун шаҳар қучоғимга зор.
Биргина мен бедор сени излаган,
Юрагим тубида гуллаган мозор.

Ўт, олов, юрагим ёнар,
Шиддат бўсағаси титрайди.
Биргина сўз билан пуч бўлди қарор,
Мен қирқ чоткесари, сен бир кегайли.

Сўз, савол, жавобсиз бир туш,
Нуктадон топилмас ҳолат бу.
Юз йиллик орзулар бўлар фаромуш,
Қулоғимга етиб келса бир лутфи.

Имкон, хоҳишнинг ўзи йўқ.
Сув аслида булут кемаси.
Мовий орзуларнинг кўзлари кўм кўк,
Осмонга тақинчоқ қуёш маммаси.

Тун, туман, этлар музлаган,
Лайлининг ортидан қуваман.
Орзуманд одамман ишқни излаган,
Адашдим, топмадим сени Қувадан.
04.01.11.

* * *
Кўзимда бир ёлқин юрагимда ўт,
Хайбар довонида муздек елвизак.
Хуросон қайдасан, юртим мени кут,
Қиш чиқиб улгурди, йиртилди кузак.

Афғон даштларида янки оёғи,
Каззоб, ўғриларга отмоқдаман тош.
Буғдойзор нега йўқ кўкнор маёғи,
Муғбачча бошингга кўтаргин қуёш.

Туркий лаҳжаларнинг дониш устози,
Лутфий жаноблари айтинг бир калом.
Бирикмоқ истайди дилларнинг рози,
То тирик оламга тилим бардавом.

Ҳирот тупроғида қадамжоларим,
Боғдод боғларида савтим садоси.
Ҳайт дедим, бугундан қўлласин пирим,
Ҳар бир томиримда мингйиллар саси.

Кел эй дўст, дунёни қайта қурайлик,
Биз ҳам камалакга бўлайлик бир ранг.
Бугун кун дунёда минг бир қулайлик,
Наҳот яшаб бўлмас айтмасдан “аттанг”.

* * *
Шумерлик қонимда унган заҳоти,
Дунё гўзаллигин олди тафаккур.
Жонимда туркийлик абадий қотди,
Лилит вужудимда, минг бир ташаккур.

Сен ҳаво, мен тупроқ, Тангримиз қодир,
Уруку Шибирлар бизгадир ватан.
Осмон худосига сиғиндик собир,
Ҳаво, Тупроқ, Олов бизга жону тан.

Ўз эзгу сўзимиз дунёда қолди,
Буюк китобларда биз яратган из.
Туркий овозимиз тинмай жар солди,
Лойиқ ўрнимиз бор ҳаётда ҳануз.

Шу эзгу фикрда лойиқ қолайлик,
Бу олам эзгулик, қалбларга малҳам,
Эзгу сўзимизга амал қилайлик.
Боболар руҳига лойиқмиз биз ҳам.
13.01.11

* * *
Йўл узоқ, кўзимни юмган чоғимдан
Юлдузлар шодаси жаранглайди соз.
Оловдай ловуллар гул қучоғимда,
Ойнинг оқ шуласи менга оқ қоғоз.

Шу оппоқ шуълага қалбимни ёзиб
Базбарак қилмоқни истаб қоламан.
Тўсатдан учраган дилни фаёз деб,
Пойидан чанг олиб тавоф қиламан.

Ҳар бир дил шуълага ёзади тарих,
Ибтидо кунидан интиҳо томон.
Мен ҳам шу бандалар бири қатори,
Тарих саҳнасидан номсиз ўтаман.

Сиздан илтимосим азиз одамлар,
Дилим қувончига ҳеч соя солманг.
Мен ўтган кунларга алвидо айтиб,
Маҳмудни ғам билан ҳеч тилга олманг.
17.01.11

* * *
( сонет)
Жимирлаб қор ёғар мана очунга,
Муаллақ дунё бу, муаллақ осмон.
Дунё қадамини атарлар замон,
Замоннинг қадами ўхшар лочинга.

Далалар оқ нурдан чойшабин ёпиб,
Бошин қиров босган одамга ўхшар,
Уларни алдайди бу қадим башар,
Одамлар алданар бошлари қотиб.

Менинг ҳам кўзимни оқлар қоплади,
Кўзим қоплаб у ҳеч лаззат топмади,
Шундан мен нурларга топмадим қиёс.

Ҳарна излаганим ўзимман ўзим,
О Тангри қалбимга ўзинг бер тўзим,
Балки мен ҳам бир дам бўларман Илёс.
23.01.11

* * *
Яна қушлар қайтади юртга,
Яна улар боғлар кезади,
Кеча баҳор оқарган тутга,
Бугун ипак сепин ёзади.

Келгин шамол бир дам даминг ол,
Майсалардан бўсалар олиб,
Сен ҳам унинг бағрида бир қол.
Ўз бахтингдан ўзинг жар солиб.

Мен баҳорни кутган эдим зор,
Қалдирғочга хатлар ёзгандим.
Мана бугун боғ кезиб баҳор,
Гул очилиб куйлар тараннум.

Кўкрагимни ёзиб баҳорга,
Қушлар билан суҳбат қураман.
Азиз баҳор, азизим ҳорма,
Юрагимдан чиқардинг армон.
27.01.11

* * *
Гулнинг ўз фасли бор баҳор аталмиш,
Обрўнинг тиланиб тургани ёмон.
Чирқираб куйлайди най бўлиб қамиш,
Донога нотавон келганда замон.

Золимлар ичида аслида золим
Вақт деб аталади билсанг эй инсон.
Нодон жоҳилни ҳам кечир илоҳим,
У ҳам бир дунёга чап келган меҳмон.

Фақат илҳомнинг ҳеч оғзин ёпмагин,
Дардини куйласин бу ожиз қалам.
Ожизлар дунёдан шафқат топмаган,
Бунга гувоҳликни беради олам.

Иффат тозалиги виждон муҳридир,
Қўрсликка менгзама ҳар бир ҳақ сўзни.
Тарих ҳақиқатни қилмайди таҳрир,
Баҳор, йиғлатмагин гул бўтакўзни.

* * *
Аждодим шумерлар қуёш фарзанди,
Турнинг авлодиман боболар машҳур,
Шу тупроқ, шу ерда яшаб келдик ҳур,
Фақат биз қуёшга асил арзанда.

Еру кўк осмоним туркнинг маскани,
Унинг қудратига андилар ҳайрон,
Бизга ҳавас билан қарайди жаҳон,
Тикла машҳурлигинг туркнинг аскари.

Бугун кун жаҳонда сиёсат базми,
Ҳаркимга ўзининг қондоши нозли,
Мана шу дунёда энг азиз ҳилқат.

Кўкмисан, оқмисан, аждодингку бир,
Сен буюк вакилсан, дунёйи кабир,
Бирикган ютади шулдир ҳақиқат.

* * *
Хаёлимдан йиллар ўтади,
Юрагимда йўқдир ҳаловат.
Қай ишончнинг тилсиз куртаги,
Қалбгинамга солади вот, вот.

Мана, осмон елкамга тушиб,
Етаклайди черковга томон.
Мен бечора ипдай эшилиб,
Дилга мачит излайман ҳамон.

Мукка тушиб судраламан жим,
Кўз олдимда ҳашамли дацан.
Қайда қолдинг бобо мунажжим,
Авестодан бўш қолган ҳарам.

Ҳамма дин ҳам тилар истиғфор,
Вишну, мачит, калисоси ҳам.
Мен тақдирга бўлмадим иқрор,
Тополмадим дилимга малҳам.

Энди мачит изламайман ҳеч,
Кераги йўқ менга Калисо.
Қалбим дейди дацандан воз кеч,
Сен ўзингга ўзингсан Исо.
18.02.11

* * *
Хуросон, Хиваю Ҳиротда бугун
Не бир даҳоларнинг излари қолган.
Уларни атасам қадимий булбул,
Туркийлик туйғуга уларку қалқон.

Хўжанддан чиққанда оҳ урса кимдир,
Унинг дардларидан ёнар Ҳамадон.
Бугун ҳам душманлар нақадар қитмир,
Ўлсанг қаторингда турар ёнма ён.

Осмону фалакга оҳларим отиб,
Ерда тополмадим Бобур хаттини.
Лондону Парижга китоблар сотиб,
Бўғузлай олмадим нафсим ҳаддини.

Даҳо деб бировинг кўтарсам бошга,
Оёқдан тортишинг қолмади бўтам.
Сен ҳам бир умрингда ғазовот бошла,
Шунда юрагингда авж олар ўт ҳам.

Шу ўтга сиғингин, буюк аланга
Юрак юракларда порласин доим.
Бахтингга ҳавасла қарасин ҳамма,
Турким, омадингни берсин Худойим.
22.02.11

*** Яссавийона…..
Яссавийдек бошим олиб тупроқ кетсам,
Ўз қалбимга тузлар сепиб забун этсам,
Қуёш қолиб хаёлимда ойга етсам,
Топарманми лазат деган афсонани.

Чанқоқ босмас узум қони ичган билан,
Ошиқ қилиб келавергай ҳар йил кўклам,
Хатоларим такрор қилар нега болам,
Қайдан топгум дунё деган майхонани.

Юрагимда қизил қоним байроқ қилдим,
Гўзалларнинг сиймосига қалбим илдим,
Мен нотавон ошиқликни афзал билдим,
Дунё менга роз кўрмади жанонани.

Афсоналар ўқийвериб мажнун бўлдим,
Маъшуқамга етолмасдан гулдай сўлдим,
Майу ҳижрон тўртасига мешдай тўлдим,
Кечир мендек бир нотавон ҳайронани.

Оташларга сиғиндиму авло дедим,
Хочларидан санам ясаб Худо дедим,
Излаб излаб оламлардан тополмадим,
Қалбимдаги каъба деган вайронани.
07.03.11

* * *
Мен ўзим Қатағон, мен ўзим Маҳмуд,
Мен ўзим Машрабман, дарди девона.
Оламга сиғмадим, тор менга ҳудуд,
Дунёда топилмас мендай парвона.

Севдим ширинликдай бу дунёсини,
Кулба хонам бўлди кафан майхона.
Эй, ёр деб ўпмадим бой синглисини,
Ҳамду сано битдим шу бор замона.

Қонлиғ бу танамга ишқ бўлди либос,
Замондан нолиди шоҳу гадолар.
Ҳаётни севганлар олар иқтибос,
Менинг оҳларимдан ясаб гулчамбар.

Аршнинг кунгурасин тепганим бўлсин,
Бу олам Иброҳим дўкони эмас.
Теримни шилдилар мисли силовсин,
Бўйнимда арқону бурним қонамас.

Халлож акам ўтди, устоз Насимий,
Физулий боғидан лолалар тердим.
Чин ашъор битиш бу Журъат қадимий,
Шогирдлик ҳассасин Маҳмудга бердим.
03.03.11
* * *
Яна сувга эгилипти тол,
Яна мени кутиб йиғлапти,
Яна кўкдан кутиб у иқбол,
Сочларига гуллар бойлапти.

Мен нотавон сезмай ўтибман,
Тол қонида юрган баҳорни.
Тол боқади атрофга ҳайрон,
Кўнглидаги соғиниб ёрни.

Баҳор сени алдаптику тол,
Баргларингни шамолга бериб.
Сен бечора сурасан хаёл,
Қоматингга баргчалар териб.

Баҳор яна келаверади,
Сен ўзингни алдатмагин тол.
Сув бор экан теварагингда,
Сенга ошиқ ўтади ҳилол.

Сен ҳилолга ошиқ ўтасан,
Билмайсанда ҳилол самода.
Мен ҳам сенга қачон етаман,
Бунга жавоб фақат Худода.
13.03.11

* * *
Сочлар сумбатингга ярашипти тол,
Баҳор варрагини ўйнамагин, қўй.
Кўйлагинг йиртади беҳаё шамол,
Гулларинг тугиб ол ёғмасидан дўл.

Ана, ёнгинангда ўрик гуллапти,
Қарагин у шошар бесабр қиздай.
Гулинг куйдирмасин қуёшнинг тафти,
Маҳлиё қарайди қуралай кўзлар.

Пойингда ниш уриб ялпиз ётар маст,
Антиқа ҳидила чақирар мени.
Кўзлари нам тортиб кулади гилос,
Сезилиб бормоқда баҳор қадами.

Сен доим наврўзнинг шодасисан тол,
Сенмисан зардўштлар атаган барсам.
Сен ўзинг ечимсан, сен ўзинг савол,
Сени деб мен ҳам жим ичаман қасам.
21.03.11

* * *
Кўчалар кўрпаси оёғим ўпар,
Шаффоф сувлар мени имлайди сойга,
Кел жоним ёнимга кўнглимни кўтар,
Биз ҳам етаклайлик йўлни саройга.

Кўнглимиз боғидан гуллар терайлик,
Тош қотган юраклар бир лаззат олсин.
Қанча биз алдаймиз ўзни – кўргулик,
Мавҳумлик орқада бир сабил қолсин.

Секин етаклайди кўчалар чанги,
Оёғим остида шитирлайди барг.
Ювилган латтадай оламнинг ранги,
Майхона излайди девона бу қалб.

Ойу кўк жунун жой, дунё майхона,
Юрган йўлларимда шароб кўзёшим.
Нега туғдинг мени эй мушфиқ она,
Мен Зардўшт эмасман, йўқдир қуёшим.
26.03.11

***
Доно санар жим ўтириб кутганларни,
Шоир санар туюқ, ашъор битганларни,
Халқ тилида қадрлашар ўтганларни,
Кутдим, битдим, ўтдим пана жойлардаман.

Бугун баҳор тол баргига менгзаб қолдим,
Олқиш айтиб қўлларимга қадаҳ олдим,
Гул барглари нозик уни қийнаб солдим,
Қолдим, олдим, куйга солган ойлардаман,

Ҳар баҳорда тол баргига ошиқ бўлдим,
Баҳор кетиб тол йиғласа ғамга тўлдим,
Мен шу хомуш тол ёнида гулдай сўлдим,
Бўлдим, тўлдим, кўз ёшидек сойлардаман.
11.04.11

***
Вужудим сесканиб ёниб туради,
Кимдир юрагимга излар экан йўл.
Яна қайси бир султон сўнгаги,
Икром отадек сўраса кангул.

Мен ҳам ўз ўзлигим дунёси узра,
Йиғлайман, куламан, чекаман азоб.
Баъзида Ҳайёмдек кўтариб кўза,
Майнинг ботқоғидан излайман савоб.

Айниқса ўзимдан қўрқаман, ногоҳ
Гулларнинг баргини синдирдимми деб.
Бошдан оёқ ҳамон қилганим гуноҳ,
Қайга интиламан азобимни еб.

Вужудим сесканиб ёниб туради,
Мен ўзим ўзимни излаган ҳамон.
Атрофда майсалар – жаннат суврати,
Тепамда муаллақ, кулади осмон.
21.04.11

***
Мен ўзимни изладим ҳамон,
Хато қилдим умрим борида.
Ўзни излаб топишим гумон,
Ўзни кўрдим ўз нигоримда.

Вақт жиловин боғламоқ бўлдим,
Шаддот дедим ундан додладим.
Ҳаёт деган бу тубсиз кўлдан,
Лаззат топмай чиқди дудларим.

Шўришликда ўтди ҳар бир кун,
Мен изладим жонимга тартиб.
Кўзларимдан ўт чиқди, тутун,
Яшаб келдим неларни кутиб.

Кечроқ билдим оддий ҳақиқат,
Ҳаёт мағзи ўзликдан дарак.
Изламоққа сарф қилмай тоқат,
Асли ўзни яратмоқ керак.
19.05.11

***
Араб келди бинни бўлдинг,
Дин талашиб жинни бўлдинг,
Ўрис келди ов вов дединг,
Ҳалол ҳаром қўшиб единг,
Ўз қалбингга боқгин турким.

Тарих қати қасирғалар,
Бу жангларда овозинг бор,
Келиб кетди не дарғалар,
Бўлди баъзан дунё ҳам тор,
Шажарангда қолгин турким.

Массагету манас эдинг,
Бажноқ бўлган талас эдинг,
Тегин, амир, хон ҳам бўлдинг,
Кушон, Турон қумга тўлдинг,
Ягона турк бўлгин турким.

Имлода ҳам илғор эдинг,
Алифбега ағдар дединг,
Энасойда изинг қолган,
Келди юзинг қизил ҳолга,
Бир имлода бўлгин турким.

Қачонгача як бўласан,
Турон бўлиб қолсин номинг,
Шу замондан чиқсин сасинг,
Бут бўлади шунда нонинг,
Сен замонга мос бўл турким.

Имло дегин, талашмагин,
Замон бугун интернетда.
Тил топишда адашмагин,
Уят деган қалбда, бетда,
Олға босгин собит турким.

Ўтди Лутфий, ўтди Собир,
Асли ватан ҳаммага бир,
Қайта қайта санаб бир бир,
Дарғаларни санаб ўтгин,
Унутмагин ўзинг турким.

Афросиёб Тур ўғлони,
Алпомишинг қайда қолди.
Ватан деса тикган жонни,
Бугун элинг майда молли,
Қани, кенг феъл бўлгин турким.

Тонглар отмас Тўмариссиз,
Амазондай полвон қизсиз,
Мард майдонлар нега ҳиссиз,
Тарихку танг асли сенсиз,
Уни қўлга олгин турким.

Хон ҳам чиқсин манасдай бир,
Чиқмас асли ўрисдан пир,
Пир деб ата дунёни бир,
Доно бўлсин ҳар бир кампир,
Қизни ҳурмат қилгин турким.

Ипак эди йўлинг кеча,
Карвон ўтди неча неча,
Интернетдан очгин дарча,
Сен ҳам ясаб ойдан кулча,
Бугун йўллар очгин турким.

Қонунларинг қаймоқ бўлсин,
Асосида Ясо қолсин,
Тафаккуринг тираб туркга,
Замонсозлик йўлинг бўлсин,
Сен демократ бўлгин турким.

Карвонга “Ҳайт” дейиш одат,
“Ҳорма” демоқ белга мадад,
Жонинг борда жонбоз бўлгин,
Келди муддат кучга тўлгин,
Сен ҳам суянч бўлгин турким.

Мен ҳам куйиб ният ёздим,
Ният билан битмайди иш.
Мана салкам ўтди ёзим,
Ҳадемай тез келади қиш,
Номга содиқ қолгин турким.
31.05.11

***
Мен бода изладим аёқу лабдан,
Кўзлар жодусидан синди юрагим.
Юзим мунг қоплади, куч кетди қаддан,
Эй аёл, дунёда сени изладим.

Ой чиқди йўлимга осмонни ташлаб,
Осмон юлдузларни отди ҳар ёна.
Мен кетиб бораман кўксимга муштлаб,
Сенга тавоф қилиб дарди девона.

Шоҳ ҳам иймонини ўртага ташлаб,
Онт ичар Лайлосин топса у Мажнун.
Мен ҳам борлиғимни келаман бошлаб,
Бу юрак қонига битилган қонун.

Саҳрога ўт қўйдим дарёлар ёнди,
Аммо юрагимда эримас музлар.
Бирдан вужудимда ихлос уйғондаи,
Иффат қучоғидан отилди қизлар.

Вале, ўзлигимга қайта бошладим,
Ойу ойқизларни сирли деб топдим.
Боши берк кўчада қадам ташладим,
Оҳ, аёл макридан мен тошдек қотдим.

Яна вужудимда сирлар тўфони,
Яна бир парининг этагида қўл.
Мендан юксак эмас дунё фиғони,
Ишқдан кечиб келдим, олдимда йўқ йўл.
10.06.11

***
“Оч қорним тинч қулоғим”
“Ой”, десанг, “вой” дейди, “тинчлигим яхши”,
Ётиб емоққа ҳам тайёр бу одам.
Совуб қолмасин деб наҳорги оши,
Шайтонга азонда бўлади ҳамдам.

“Фалон жой безовта”, деб айта кўрсанг,
“Бизда тинчлик”, дея, инжиқ, кулади.
Энг яқин қардошин ҳолини сўрсанг,
“Наҳот, ўтиптими” иғво қилади.

Интернет, феесбок, клону бало,
Улардан гап очманг тинчлик бузулгай.
“Бизнинг юқорилар муғомбир, доно”,
Оғзида сўлагу кўзи сузилгай.

Асрим қанотингда панада юрган,
Ё нодон, муғомбир ушбу халққа сен,
Қачон ҳам айтасан “Эй Худо урган,
Уйғон, бошқалардай яшагин, инсон”.

Атом белбоғингни олдилар тортиб,
Клонга дахлинг йўқ, номинг “учинчи”.
Ҳамон яшаяпсан тиришиб қотиб,
Қара, номинг сотар қайси бир жарчи.

О, халқим, қачон сен кўзинг очасан,
Дину иймон демоқ миллатнинг бурчи.
Юз йиллаб мудрадинг, кўзинг оч бўтам,
Қандай яшаяпсан, бир ўйлаб кўрчи.
25 06 11. Бахмал

***
Ғазалнинг қонуни қонимда эмас,
Сарбастга сирларим ишонмадим ҳам.
Юрагим доғлари қитъага сиғмас,
Хома йўқ, ручка йўқ, компютер – қалам.

Кимдир сонет ёзди гулчамбар ясаб,
Бошқаси танкада кириб келмоқда.
Кимдир ривоятла бузади асаб,
Сўз қудратин ёйиб оддий бармоқда.

Дунёда шакллар, йўналишлар кўп,
Фақат халқ тарихи кузатар – укки.
Шотландга ярашган яримта бир килт,
Ўзбекга ёқмайди, уники дўппи.

Фақат шакл излаб маъно йўқотдим,
Шеър бу аслида кўнгилнинг иши.
Курсини безайди ақлли ходим,
Гўзалдир иккисин мос ҳам келиши.
27.07.11

***
Баҳорнинг ўз авжи, ноласи ҳам бор,
Салқин соялари ўзгарар тонгда.
Унинг келишидан беради хабар,
Ёмғирнинг тагида ювилган тангга.

Қишлоқда баҳорнинг илк элчиси бор,
Ҳа уни атаймиз менсимай ялпиз.
Элчилар сафига бойчечак сардор,
Бойчечак ўйнашга уялади қиз.

Илк баҳор ҳавоси ҳали ўта нам,
Майсалар жунжикиб жунжикиб ўсар.
Баҳорнинг энг гўзал чучмомаси ҳам,
Энтикган қушларнинг йўлини тўсар.

Юр, булбул ноласин уйғотайлик биз,
Баҳорнинг энг гўзал мақоми ўша.
Баҳор ҳам уйғонмай қолади усиз,
Уйғонмай қоларкан шу митти қушча.
29.07.11

***
Тонгдан то кечгача учиб юрган гард,
Нолалар нелигин билмайин ўтдинг.
Сенинг вужудингга битилган қудрат,
Номсиз бир ном ила аталар кукун.

Қуёш нурида ҳам ўйнадингку гард,
Вужудинг қийқириб тўлди қувончга.
Сени киприкларим алқади куйлаб,
Сен қайга шошасан, шошмагин бунча.

Сирлар саноғини қалбингда олиб,
Қайга учмоқдасан, шамолга малай.
Мубҳам сирларингга мен мангу толиб,
Орқангдан чопаман, шошма айланай.

Иккимиз икки хил гардлар тимсоли,
Шамолга ўйинчоқ, тақдирга бир қул.
Сени қийнамайди жаннат висоли,
Менга ҳам жавоб йўқ, саволлар нуқул.

***
Тинмай тақдир кездим,
Неларни изладим адир гиёҳдан,
Ойнага бир қараб мажнунлик сездим,
“Ҳой, сен кимсан, келдинг қаёқдан”.
Ўгрилиб орқамга қарадим,
Сен ким, деб сўрамоқ умидим,
Орқамда турарди қувончу алам
Икки невараю ва икки ўғлим,
Ўтмишим,
Тўрт қатор шеъриму
Бир неча китоб,
Ойнадан кўзлари бигиздек менга
Тикилиб турарди таниш бир ўртоқ.
Тўхта, оғайни, қўлингни бергин,
Имкон бер сипқорай ҳасрат жомини.
Қулоқ тут, сенга бу таниш саргузашт,
Бу қатор ажинлар бузар қонимни,
Мана бу кал калла мен адашган дашт.
Сескандим,
Бир зумда ўзимга келдим,
Йиғиб кир муштимга тиртиқ ҳисларим,
Ўжар одамлардай бежо бақириб
“Алданган аслида сен ўзинг” дедим.
Мен эмас адашган,
Сен,
аксим.
Сен ўзинг коммунист,
Сен ўзинг муслим,
Мен фақат сен билан юрган йўловчи,
Қўй мени алдама, бошқача исмим,
Можаро кўтарсанг босаман қамчи.
Ёдингдами шудгор,
пахта даласи,
Биласан, мен асли онамдан ёдгор,
қулоғимда ярим она алласи.
Яна ойнага тикилдим,
Менга боқар эди кўркам бир йигит.
Шошиб ўз аксимга тавозе қилдим,
Кўзлар косасидан чиқиб кетмади.
Шундай шляпамни деворга илиб,
Хотира уммонига
юр кетдик дедим.
Ёдингдами илк бора ҳарф таниганим,
Бувим эртаклари ёдингдадир,
Айт,
Нега жимиб қолдинг,
Ажин босган кал.
Ана, бўса хотираси сўлагинг чўзди.
Кўрдингми, масалангку ҳал,
Сени қутқаролмас на қиз жувонлар,
Сен улар қонига азоблар солдинг,
Ҳар сафар севдим деб жонларин олдинг,
Қўй, жигар, қийнама,
Қизлар қўйнидан
Сен вафо ҳарфин ҳам излаганинг йўқ.
Сен фақат излардинг ўзингни ўзинг,
Бу ҳаёт уммонин сипқориб охир,
Топган матоҳинг ҳам мана шу,
Тепакал бошингу, чақчайган кўзинг.
Аксим,
Ойнадан бақрайма,
Сен мени кечир.
Кел дўстим бир қатра қоннинг устида,
Ойнадан ўч олиб юрмайлик,
Жим,
Бу ҳаёт сирларин билмайди
Ҳеч ким.
06.08.11

***
Коллайдерда нурлар тўқнашиб
Авестонинг кўзёши бўлди.
Минг йилларча инсон адашиб,
Инсонликка чин етиб келди.

Клон атаб ўзин аксини,
Бомбаларда портлатмади, йўқ,
Эплайолмай ёвуз ҳиссини,
Ёвузларни танлаб отар ўқ.

Аммо ҳамон баъзида ожиз,
Кўкка боқиб юлдуз санайди,
Юлдузларни қувиб изма из,
“Ҳаёт борми” мунгли сўрайди.

Ҳали ҳамон сувнинг қаърида,
Ожизлигин тан олади жим.
Алжабрнинг ўлмас хокида,
Бўлса ҳамки у бугун ҳоким.

Яна нени излаб топади,
Яна нелар бўй эгар унга.
Изловчанлик унинг одати,
Сиғинмайди сариқ Қорунга.

Тафаккурда елпиниб олға
Ўзиб кетди ўзидан ўзи.
Тўхтамайин излар қўнолға,
Айтилганмас охирги сўзи.

Қайга шошиб борар одамзод,
Қайда унга сўнгги бир макон.
Тафаккурда у буюк озод,
Ўзи соҳиб, у ўзи ҳоқон.
280811

***
Мусаввир расмимга бўёқ тортган пайт
Кўзимдан чақмоқлар отилиб кетди.
Шу заҳот тинчидим, йўқолди ғайрат,
Бутун бор ҳаётим олдимдан ўтди.

Бўёқлар чапланди қуюқлашди ранг,
Матодан ҳўмрайиб юзим кўринди,
Менга қўрс боқарди тушмай шаштидан,
Нотаниш файласуф, қандайдир анди.

Сочлари патила, маллабир одам,
Синчиклаб қалбимга боқар эди жим.
Оёқлари йўқ, юрмай бир қадам,
Менга вужудила қиларди ҳужум.

Бир дам кўзларига боқдим ҳадиксиб,
Унинг нолаларин эшитган бўлдим.
Мен ўзим дардларим елкага олиб,
Секин холстдан чиқиб жим қочиб қолдим.

Мен кетиб бораман ортга қарамай,
Сен энди Дориан аксисан холстда.
Хато қилсам Шагрен вужудим, камай,
Бўғзимдан олақол билдирмай аста.

Мана мен иккига бўлиндим, эвоҳ,
Бирим сийрат бўлса бошқаси суврат.
Бири такрор такрор қилади гуноҳ,
Бошқасин қийнайди ҳаётий ҳайрат.
02.09.11

***
Тунлар безор бўлдим ойнинг юзидан,
Кунлар безор бўлдим бойнинг қизидан,
Эмаклаб бораман кимнинг изидан,
Айт, қалбим, қайларга кетиб борамиз.

Мен ҳам бир сайёра, атроф коинот,
Учмоқни истайман йўқ менда қанот,
Энг ёмони шунда, жоним омонат,
Айт, дилбар, қайларга кетиб борамиз.

Излаган бойлигим бир парча нондир,
Оч қолсам юрагим тонггача қондир,
Шу аҳволда хоҳиш кўлбар илондир,
Айт, дўстим қай чўлга кетиб борамиз.

Заҳри қотил дея едик илонни,
Топсак қувондик бир бурда нонни,
Абадлик изладик, қийнадик жонни,
Айт, Тангри, қаерга кетиб борамиз.
11.09.11

***
Мусаввир расмимга бўёқ тортган пайт
Даҳшат худосининг чексиз сиймоси
Кўзларим олдидан ўтди бир ҳайрат.
Наҳот, дердим ўзимга қувончлар қатор,
Борку, ахир бор, кичкина бир сўз бор,
Унинг тагида кўплар уввоси,
Унинг номи дор.

Омма томошога талпинди шу он,
Унинг кўзларида қувонч ва туғён.

Замонлар ўзгариб ранглар ўзгарди,
Даҳшат худоси ҳам ўмбалоқ отди,
Ранглар жилосида дорнинг ранги ҳам,
Қилич ва кундага айланиб қотди.
Қиличда чопилди сўзлар жилоси,
Кундага урилди қоннинг уввоси.

Омма чапак чалди, дарё оқди қон,
Очкўз бу оммага керак эди нон.

Яна замон ўтди, ўтди асрлар,
Шоҳлар нон тарқатиб базм беришди.
Ўзини билмаган ландаҳур омма,
Яна томошога зимдан эришди.
Энди сўз судларда жонини берди,
Судларни уйида кўрарди ҳамма.

Очкўз омма алданди яна,
Энди у куларди уйда бачкана.

Дору қиличларни ихтиро қилиб,
Неларга эришдинг бани одамзод.
Бугун кун аслида Лондонда туриб,
Озод Африкани уриб йиқитдинг.
Наҳот сен шундайин абад қоласан,
Томошога ўч бир нодон боласан.

Ҳамон чапак чалар бу очкўз омма,
Ҳаммамиз кирамиз бу сўзга “ҳамма”.
12.09.11

***
Кузнинг хазонлари жонимга тегди,
Ранглар жилосила алдайди мени,
Умримнинг тиғ кузи қаддимни эгди,
Қулоқга ярашмас тақдирнинг эни.

Ландавур мезонлар учади пастқам,
Умрмнинг бир исқирт кунлари каби.
Энди қариликнинг оҳ воҳи ҳамдам,
Микробдай беҳисоб дардлар насаби.

Куннинг қовоғидан қор ёғар мудҳиш,
Совуққа ҳарорат беролмайди тоб.
Дераза ортидан кўринади қиш,
Қайга кетди бирдан мен севган офтоб.

Биргина умиднинг жилоси майин,
Қотган юрагимга беради илинж.
Куз ҳам ўтиб кетар, ўтиши тайин,
Эрта қиш келади кўтариб қилич.
29.10.11

***
Виждонсиз дунёдан виждон изламанг,
Бу ҳар бир одамнинг виждон ўлчами.
Широқ бўлсангиз сиз жон деб бўзламанг,
Широқнинг қонида гуллар чамани.

Дорога ном бериб босқинчи атаб,
Виждонин сотганни кўрмасангиз сиз,
Сизга наф бермаган ёшликда мактаб,
Умрингиз заволдир, қолмас сиздан из.

Не бир ривоятлар айтмайин бугун,
Уларнинг ҳаммаси ҳаётдан сабоқ.
Аммо инсон учун бу ҳаёт тугун,
Виждон калитила очилгай жумбоқ.

Яшамоқ, ҳаётнинг мағзи ҳам шунда,
Виждон, ҳақиқатни англаб етмоқлик,
Бирда биз болтаю, бирда биз кунда,
Тим қора ишларга излаймиз оқлик.
03.11.11

***
Бехос узоқларга мунгли боқиб жим,
Ўтган қувончларни эслайман кулиб.
Келгуси ғамларни сезган юрагим,
Қонга бўялади мадорсиз юриб.

Тагимда қирчанғи ҳаёт оти ҳам
Бепарво судралиб оёқ ташлайди.
Унда ҳам аҳвол танг, шиддатсиз қадам,
Мен билан кўнгилсиз суҳбат бошлайди.

Қувонган кунлари ҳаёт мағзидан
Ўзингга бир ибрат ололдингми айт.
Ғамгин кунларинг ҳам ҳаёт оғзидан
Наҳот тинглай олдинг бир ибратли байт.

Бизку суворийлар топмасак маъно,
Сиздай қирчанғилар айтмас тасанно.
07.11.11.

***
Агар саховатдан гап очилса гар,
Сенинг инъомларинг ёзиб ташлайман.
Сахийлик санъату сен унда заргар,
Қайбири қолди деб бошим қашлайман.

Ўз айбларим менга достондай аён,
Сендан айб излашга ҳеч кимда ҳақ йўқ.
Бош уриб тоғларга бормайин қаён,
Ўз тилим ўзимга отилгайдир ўқ.

Ҳаёт лаззатидан шароблар ичдим,
Бу сенинг азобинг, ситаминг эди.
Мен фақат ўзимдан чиқолмай қочдим,

Атрофда нодонлар “Сен аҳмоқ” , деди.
Майли мен ноҳақлик қурбони бўлай,
Фақат сен ҳақ бўлсанг бўлди, айланай.
08.11.11.

***
Оғзимга мой солиб
Ширин гапирдим.
Ширин хаёлларнинг тугдим этагин,
Сенга етолмаган бенаво толиб,
Яна берк кўчага билмайин кирдим.
Илтижом қабул эт,
Узоқ кетмагин,
Орзуларим асли ойга беланчак,
Самода муаллақ кезади булут.
Икардек имкон йўқ сенга етгали,
Наҳот орзуларга етмай қолурман.
Қайсидир ҳовлида сен шўх келинчак,
Аммо иложим йўқ ташлаб кетгали.
Ҳижрон қармоғида яшайман ожиз,
Хаёллар оҳудек тинмайди бир зум.
Мени тинч қўй, тинч қўй,
Эй мастона қиз,
Юрагимни эзмасин нолайи азим,
Мени тинч қўй, тинч қўй,
Самода орзуманд сайёра юрган
Шўх шодон юлдуз.
13.11.11

***
Ҳар баҳор шундайдир, такрор бу олам,
Ёмғирнинг йиғиси дилларга нажот.
Буни сен ҳам такрор қиласан болам,
Ҳар дилда шу сирдан барқ урар ҳаёт.

Токи дудоқларда ўйнар табассум,
Мажнунлар дунёга келаверади.
Бахт асли яшамоқ, бўлса ҳам бир зум,
Муҳаббат сирини Тангри беради.
18.11.11

СОҒИНЧ
Ҳар қалай зувалам пишиқ, зўр эди,
Кўзларим қуралай, қошларим қалам,
Оҳ ўтган ёшлигим, ишқим ғўр эди,
Оҳ сени соғиндим, соғинган бўлсам.

Кимлардир партия, форумлар тузган,
Менга бу баъзида қилади алам.
Оқиллар уй солган, бебошлар бузган,
Замонни соғиндим соғинган бўлсам.

Замон қалтис бўлиб Тангридан тонган,
Фақат Алп ўз номин ёқлаган билсам.
Шу юрт фидойиси, ”Босмачи” бўлган,
Отамни соғиндим соғинган бўлсам.

Ҳамон қошларини бўяйди қизлар,
Бугун ҳам кечадай ўзгармас олам.
Баҳорда кўрпадай ёқимтой бўзлар,
Онамни соғиндим соғинган бўлсам.

Дунёни билмасдан ўтамиз чоғи,
Ёш ҳам ўтаяпти қилади алам.
Ташвишдан кимнингдир бузуқ қовоғи,
Ўзимни соғиндим соғинган бўлсам.

***
Ишқ уфуриб турган юрагимни қўлимга олиб,
Ой музи парчасидан совуқ кафтга қўйдим.
”Бу нима”, деган савол бўкириб турар эди унинг кўзида.
Сувни сув, ўтни ўт, лолани гул деб тушунтирмайдилар.
Мен ҳам, бу юрак, демадим.
Юрагим питирлаб жон берди унинг қўлида.

***
Эркни эркинлар билади,
Қуллик не бу қуллар билмас.
Бу қулларнинг йўқ адади,
Қулларда ҳеч ҳавас бўлмас.
Қул қалбида зўр очкўзлик,
Пул, маишат унга орзу.
Имкон бўлса қулда зўрлик,
Унда йўқдир тош тарозу.
Қул интилар юқорига,
Унга имкон, илож керак.
Ана энди оч қоринга,
Ютади у ҳатто терак.
Қул мансабнинг асли қули,
Мансабга у минса борми,
Ўзидан ҳам кутар улгу.
Озод қул ҳам асли қулку.

***
Оҳ сизга шеър ёзолмадим,
Қонимда қолди изи.
Мен излаган ранг олмада,
Ёрнинг юзи қирмизи.

Ойда от ўйнар хаёлда,
Тамшанар уйда бузоқ,
Мен севган у қоши долга,
Элтувчи йўлдир узоқ.

Шаҳарлар бўм бўш вужуддир,
Жонимга бермас ором.
Денгизларнинг қалбида дур,
Улар бўлмас дилором.

Оҳ қонимда қорнинг изи,
Совуб кетди вужудим.
Тутган йўлим Тангри изми,
Мен унга бир мутаржим.

Хаёлимда гулнинг расми,
Интиламан дил мажнун.
Наҳот шу гул гуллар асли,
Наҳот у бир ҳумоюн.
30.11.11

***
Мен қуёш парчасин қадоқлариман,
Синиқ қатларимда ярқирар қуёш,
Оҳ менинг бағримга битилган армон,
Қотиб қолган инжу, марварид кўзёш.
Синиқ инжуларни топтаманг санам,
Осмон гумбазида ёнар мўъжиза.
Севиб ардоқлайди қуёш сизни ҳам,
Бахт ато қилади сиздайин қизга.
Фақат мен дилимда соғинчга ботиб,
Қуёш нурларига талпиниб ётгум.
Сиз эса қалбларга наштарлар отиб,
Севгида йиғлатмоқ атайсиз удум.
Балки асрларнинг чексиз излари,
Сиз айтган удумга инжудир санам.
Мен чекиб улгурган дардларнинг бари,
Бир кун ором берар балки менга ҳам.
10.12.11

***
Олам бор, одам бор, ҳар бири олам,
Бу дунё зарралар макони эмас.
Агар ким интиқиб тутаркан қалам,
Унинг юрагида уйғонди бир сас.

У шоир ҳам эмас, оддий бир одам,
Оддийлик шаънининг ғуруридир у.
Оддийлиги билан ҳаммага ҳамдам,
Унинг бошидадир бир олам қайғу.

Ички бир оламга ўралганмиз биз,
Она чаранасин ташлаб кетмадик.
Дилимиз ёқади ёшлик, севгимиз,
Яшаш йўлимизда қилмадик мардлик.

Мана бу юракга қўл чўзиб кўринг,
Тафтида дўзахнинг ҳарорати бор.
Зимдан қарамасанг оддий итбурун,
Жаннат гулларидан тарқалар уфор.

Ҳар бир дил ўзича қолдиради из,
Ўз қалбин сирларин ўзи битади.
Биримиз ирмоғу биримиз денгиз,
Ҳаёт бу минг такрор, ўтиб кетади.
13.12.11

***
Баъзан қалбим қайнаб юпанч излайман
Озод юлдузларнинг даврасин кезиб.
Бирдан ғимирлайди дилда пушаймон,
Бўғзимни бўғаман ғаюрлик сезиб.

Ачитар қўлларим қонли қадоқлар,
Аскар саночида тугадими ўқ.
Бокира Марямдек гўдак ардоқлар,
Ўзи оч бир гадо, гўё қорни тўқ.

Ачинган ҳолларим айта олмадим,
Кўплашиб куйламоқ бизда урф эмас.
Қатрондан умид йўқ, ювилмас қадрим,
Сенсиз ардоқлансам мени ит емас.

Даврада бир бора уввос солмадим,
Балки бўшармиди тош қотган дийдам.
Эски у дўстларинг аслида малъун,
Эрта тонгдан олқиш куйлаб турса ҳам.

Халқим, мунисим, юртим, маконим,
Сен ҳам бир давра бўб куйлаб юборгин.
Дилингга билим ол йиғлоқи иним,
Тобелик руҳини қонига қоргин.
17.12.11

***
Нақадар нозик бу дунё қаноти,
Тақдир деб ёзилган куйнинг баёти,
Англаб етилмас сир инсон ҳаёти,
Қайдан учиб келдинг нозик капалак.
Гўдаклик – дунёга дод солдик билмай,
Ҳаётни сипқордик текин деб – мўмай,
Қайларга кетдинг сен болалик ҳай-ҳай,
Қайда сайр этдинг сен нозик капалак.
Яшаш шу – мен турган лой супа, дедик,
Сузилдик қошларга: “жон ука”, дедик,
Тўймадик ҳаётдан, не келса едик,
Қайга кетмоқдасан нозик капалак.
Қайдан учиб келдинг нозик капалак,
Қанча учиб елдинг нозик капалак,
Қайга кетмоқдасан нозик капалак:
Келдим, елдим, кетдим, бўлибман ҳалак.
18.12.11

***
Етакчи танлаганлар – тўда, қонун танлаганлар – халқ!
Аристотель:
Биз ҳамон халқ эмас, бошлиқ сайлаймиз,
Халқ бўлсак бир куни танлармиз қонун.
Келажак буюк, деб йўл белгилаймиз,
Эртадан кечгача сўрамиз афюн.

Кўр эмас, кўрамиз дунё бу бозор,
Аммо харидда биз кичкина бола.
Қўлга таёқ олса қайбир дилозор,
Ихтиёр ўшанда, ҳуқуқ ҳавола.

Меҳнатдан тинмаймиз, товонлар ёриқ,
Меҳнат натижасин сўрашга онг йўқ.
Дам олиш пайти ҳам киямиз чориқ,
“Ҳа, майли, тинчликку, мана, қорин тўқ”.

Тарих зарварағин кўз-кўз қиламиз,
Қон ютган пайтларни унутамиз жим.
Асрлар саноғин чала биламиз,
Саждага чопамиз юзимиз ғижим.

Кимлардир атомни ихтиро қилса,
У билан биз тинмай ўтин ёрамиз.
Ёлғон мақтов билан бир медал илса,
Оёғин ялашга қайтиб борамиз.

Халқим, қачон сен ҳам одам бўласан,
Ўзингга бошлиқмас, қонун яратиб,
Онгли бир муҳитда меҳнат қиласан,
Қачон ўрнатасан мустаҳкам тартиб.

Фақат ўзинггамас атрофга қара,
Шахдам қадам ташла очилсин кўзинг.
Дунё жуда катта, сен бир ҳужайра,
Ўзингни излама яратгин ўзинг.
28.12.11

***
Танамдаги томирларим
Тортиб тортиб туради.
Изтироблар кўпиради
Ҳарорат билмай.

Пешонамда ажинларим,
Юрак тинмай уради.
Талпинади ҳаяжонлар,
Қовоқларим юради.

Осмон излаб эрта тонгда
Нигоҳим тентирайди.
Жунжикади юрак содда,
Кулгудан дарз қулайди.

Кулмагин ҳой қутурган қон,
Ҳали сенга нон керак.
Орзумандга келар бир он,
Осмондан сўнгсиз дарак.
21.01.12

***
Бу жаҳонда ҳар нарсанинг
Нархи бору навоси бор.
Менинг нархим ким қўяди,
Унинг қанча баҳоси бор.

Мол бўлса бас бозор уни
Нархлайди жим кунга қараб.
Нархлагувчи ўшал сўзни
Айтармикан ўтган араб.

Садақа деб сўмлар бердим,
Баҳом ошди ўта қиммат.
Итялоқдан инжу терсам,
Ортармиди кимда ҳиммат.

Ким тўлайди менинг нархим,
Етмиш йиллик умрим унда.
Қадрланмай ўтдик дўстим,
Нархлаб юрманг қазо кунда.
26.01.12

***
Шафақ ичиб қўйди туйғуларимни,
Шамол ялаб кетди ҳисларим болин,
Қўл чўзиб артмоқчи бўламан кўкнинг
Ой аталмиш ғамгин ғамбода холин.
Шунда сой шивирлаб ўшак айтади,
Майсалар титрайди гуноҳларидан.
Беҳол бақачанинг ҳаваси келиб
Шеър ўқий бошлайди ўз оҳларидан.
Мен ҳам юлдузлардан шодалар териб
Ҳис ҳаяжонда чопаман сарсон.
Бутун нозиклигинг қалбимда сезиб
Сенга юкунаман ватан, онажон.

***
Кўчадаги оппоқ қор
Пахтага ўхшар экан,
Пахта ердан чиқади,
Қор осмондан тушади.

Пахта ушласанг юмшоқ,
Қор ушласанг тишлайди.
Пахтадан кийим тўшак,
Қор кўчада қишлайди.

Пахтадан қилади қор,
Янги йилда арчага.
Бу ёлғон асли ёқар
Болалару барчага.

ЎТМИШДА ВА БУГУН

Ўтган боболарнинг этагин тутиб,
Улар даҳосидан тополдик сайқал.
Баъзан ҳидоятни самодан кутиб,
Иноят ўрнига топдик биз ажал.

Боболар руҳига таянмоқ учун,
Мурғак қалбимизни динларга отдик.
Баъзи боболардан қолган чин афюн
Ақлимиз ром қилди, ҳайратда қотдик.

Само юлдузлари порлаган каби,
Туркийлар осмони юлдузга бойдир.
Бизга ҳамдам доим замон талаби,
Боболар ақлига замонлар қойил.

Асрий боболардан Зардўшти кабир,
Жаҳон пештоқига ёзиб кетди фан.
Будда деб аталмиш ул зоти дабир,
Кўплаб элатларга ҳамон у ҳамдам.

Арабу кимларга имлолар ёздик,
Туркий имломизни унутдик сойда.
Баъзан фалсафада сезиб саёзлик,
Атомни майдалаб айладик майда.

Сопол тахтачалар қатига битиб,
Боболар даҳосин етаклаб келдик.
Сиёсат бобида “Қутадғу билик”,
Қомусин қўлтиқлаб қайларга елдик.

Луғатлар чоп қилдик Қашғардан чиқиб,
Рангго ранг достонлар ҳамон ғурурбахш.
Туркий сўз жилоси “Хамса”лар битиб,
Абадул абадга порлатдик оташ.

Мақтанмоқ фасли бор, баъзан ярашар,
Ўтган боболарнинг этагин тутмоқ.
Биз бугун ким ўзи, кузатар башар,
Қани тилга киргин замондош ўртоқ.

На Нилдан Фарғоний асосин олдик,
Синолар фанида ўрнимиз қани?!
Алжабир фанида орқада қолдик,
Фороб сиёсати йўқотди маъни.

Эй дўстим, кел бугун ёнимда бўлгин,
Бизку туркийларнинг энг бош бўғини.
Биз билан жаҳоннинг кемтиги тўлсин,
Жаҳон бо тан олсин туркнинг ўғлини.
05.02.12

***
Гул юзингга юзимни суртиб,
Баргларингга бошим қўяйин.
Шунда бир кун ҳажрингга тўйиб,
Ошиқларга шоҳ ҳам бўлайин.

Боғда гуллар сараси кўпдир,
Ҳаммасининг барглари нозик.
Сен шабнамга юзингни ўпдир,
Гул ва шабнам тақдирга ёзиқ.

Этагингни титкилар насим,
Бош қўймоқчи баргларингга у.
Ёмғир йиғлар тепангда сим-сим,
Камалакнинг товланар ранги.

Мен эмраниб сени ўпганда,
Тиконингни урма қалбимга.
Ошиқ аҳли чин висол кунда,
Мубталодир асли жунунга.
11.02.12

***
Замон, замон дедим, замон жонимда,
Туркий боболарнинг қони қонимда,
Ташвишли бу дунё қайнар қозондай,
Ҳамқадам яшайман ўз замонимда.

Субҳидам сафарга чиққан боболар,
Ҳануз мозийдан ҳур келар садолар,
Ҳазин куй чорлайди эрта азонда,
Муаззам жаранглар дилбар наволар.

Қувончла оламга қучоқ очаман,
Юртим вужудингда гуллайди чаман,
Дил тошиб куйлагин ҳар эрта тонгда,
Фақат қайда қолди мен минган саман.

Ўтган боболарнинг руҳи шод ўлсин,
Она юрт қучоғинг гулларга тўлсин,
Толеим порлаган ушбу замонда,
Озод замондошим саломат бўлсин.
11.02.12

***
Майу майхонадир ҳамон маконим,
Беватан қуш каби – маъно муаллақ.
Фақат тош отмагин: “бу ким”, деб иним,
Таҳқир сўз оғирдир, қотади қулоқ.

Қасрлар қурмадим, ҳожатин билмай,
Майу майхона ҳам жонимга тегди.
Балки шу мавҳумлик менгадир қулай,
Ёр нози, май кайфи қаддимни эгди.

Замона сатҳига изларим чиздим,
Рангдор бўёқларда танир замондош.
Ўз домига олди ёқимтой “изм”,
Ундан ҳам қутулдим тўкганча кўзёш.

Яна бош кўтардим эркин қуш каби,
Яна соҳилларни сархуш изладим.
Яна бири ўзин атади “Набий”,
Унинг “алқов”идан яна бўзладим.

Шу жаҳон майидан тўймай кетайин,
Ё раб, майхонадан бурма йўлимни.
Онг берган ўзингсан, ўлишим тайин,
Фақат узоқ қилгин мудҳиш ўлимни.
17.02.12
.
***
Юракларни бурдалаймиз кўкракдан юлиб,
Гўё юрак қон бўлгани етмаганидай.
Не мажнунлар бизга қарар мажнундай кулиб,
Биздан бошқа ошиқ аввал ўтмаганидай.

Биз ўзимиз тепкилаймиз тупроққа қориб,
Бизга ёқар Айюб мисол яра тирнамоқ.
Ҳатто “Нола деволи”га тавбага бориб,
Севгимизни тан олмаймиз бўламиз тонмоқ.

Еру кўкга қаранг сиғмас оҳимиз булбул,
Қучоқларга сиғдириб ол нолаю оҳим.
Фақат тепма, фақат ўпма, висол ваъда қил,
Висол истар, висол истар қақраган қалбим.

***
“Сэм тоға”ни оқламайман,
Қоралайман Саддамни.
Нима десанг дегин болам,
Ёнган Ироқ меники.

Тинчлик деб тинмас овозим,
Дўстлик дея бақирдим.
“Федераллар босқинчи” деб,
Лаънат ёзган бир ўзим.

Ҳар бир танга икки томон,
Рости ҳам бор, русти ҳам.
Чапда турса бутун жаҳон,
Мен окопдан ўнг томон.

Олмотога овоз бердим,
Ўша пайти йиғладим.
Ўшда қолди ўчмас дардим,
Турк бағрини тиғладим.

Минг эскимос тирик экан,
Тирик экан ҳали жон,
Олам дардин менга бергин,
Курашга чиқ, қалқ жаҳон.
29.02.12

***
Яна молберт мунгли, қўлимда қалам,
Яна қоғоз олиб ғижимлаб отдим,
Не бир хаёлларда гувиллар калла,
Молберт, қоғоз, кампу фикр уйғотди.

Ой ўроқ мисоли осмонни ёриб
Бизга қараяпти, икки шаҳарга.
Тақдир, дунё, турли хаёлга бориб,
Тунни тимдалайман тинмай наҳорда.

Қайбир адир узра эгиз оқ қўзи
Илк бор оёқ қўйди оламга қараб.
Бу ҳам эмиш ахир Тангрининг сўзи,
Биз яшаб келамиз тақдирни алдаб.

Қўзилар кабобга амр қилинган,
Биз яшаб келамиз кабобдан ёмон.
Бизнинг вужудимиз чин кабаб бўлган,
У тутаб ёнмоқда, ёнмоқда ҳамон.
09.03.12

***
Нақадар мақтайди ватанни,
Кўрмаган у бошқа бир жонни,
Нақадар мақтайди у танни,
Кўрмаган у бирор оқ танни.
Нақадар мақтайди кафанни,
Аслида уку бир афанди.
Эшилиб мақтайди бир анди,
Эсда ҳам қолмайди бу жинди.
Нега у мақтайди ҳаммани,
Улар шу, ҳамманинг бандаси.
Бундайлар ўлмайди ўлдирсанг,
Ўлиб ҳам аслида тинмайди.
Шу аҳмоқлар бўлмаса миллат,
Аслида миллат ҳам бўлмайди.
10.03.12

***
Кўчада лопиллаб қор ёғаяпти,
Дарахтлар куртаги уйқуда ҳали,
Этларинг уюшиб кетдими элим,
Қачон келар экан юртнинг баҳори.

Бўрону музларни сезган бир пайти,
Қиш ўз қучоғини пана деб айтди.
Қору қасирғадан қўрққан бир нодон,
Бизга орзу бўлди юртнинг баҳори.

Оқ қорлар бағрига ўрандик – момиқ,
Тансиқ таом дедик есак буломиқ,
Мана жонга тегди совуқ ва қори,
Қачон келар экан юртнинг баҳори.

Қўшни қишлоқда ҳам ёғаяпти қор,
Аммо сезилади инжу бир баҳор,
Бизнинг тилимизда аёзнинг зори,
Қачон келар экан юртнинг баҳори.

Мақтанган мангқанинг қусури ҳам бор,
Ҳар бир “ҳимоячи” бўлолмас баҳор,
Баҳорга интилмоқ будуннинг кори,
Виждондан бошланар юртнинг баҳори.
11.03.12

ҚОНИМ САДОСИ

Қон томирларимда уфурган садо,
Кимни уйғотмоққа шошиб борасан.
Кетиб бораяпсан адашган гадо,
Сенинг қўлингдаку йўқотган ҳассам.

Энди сен йўлтопар, энди сен басир,
Мендаги ўйноқи садолар сўнди.
Энди юрагимни қийнамайди сир,
Қонимга қайғулар қушлари қўнди.

Сен ҳам Прометей ибратин олиб,
Жоним оловини оламга бердинг.
Энди мен қонимдан хабарсиз қолиб,
Мунглик оламига айландим маҳкум.

Амалинг гўзалдир қоним садоси,
Майли вужудим ҳам сеники бўлсин.
Эрта кеч жаранглар қалбим дуоси,
Сендай соф дуога бу олам тўлсин.
17.03.12
***
Нолалар рутбасин ёзмоқ истадим
Мастман,
Хасталар дардига бўлолдим мардум
Хасман,
Эй дўст, менга бир йўл кўрсат
Борайин олға,
Муштоқ кунларингга балким ярадим
Дўстман.

Кўнглимиз баҳори обдон кечикди
Гул йўқ,
Бизни деб яқинлар обдон ичикди
Пул йўқ,
Изладик яқинлар кўнглига малҳам
Топмадик,
Ноилож шўнғидик топиб ичкилик
Йўл йўқ.

Тақдир деб Тангрининг номини тутдик
Нажот,
Билмадик шундайин умримиз ўтди
Ҳайҳот,
Вақтнинг гарданидан тутиш ўрнига
Баҳона
Биз асли ўзликни унутдик
Войдод.

Нолалар кемирган ҳаётни топмадик
Пушаймон,
Бир зум дам бермай қийнадик отни
Иймон,
Дил хун, дарахт экиб уй солдик
Ўғлимиз ёнда,
Қаранга, ҳаммаси жойида, биз нега
Ҳайрон.

***
Етим чайлаларга бошимни тиқиб,
Саратон сайлидан қочган маҳаллар…,
Гард, тупроқ йўлларда олдимдан чиқиб,
Илондай судралган сўнгсиз хаёллар.

Чўлдаги қизғалдоқ билмайди ҳасрат,
Чигиртка азонин тушда айтади.
Оққурай баргида титрар ҳарорат,
Тириклик гулшани чўлга қайтади.

Мен тинмай тонгларга орзуқиб ўтдим,
Каррак ва ковулдай ўқидим номоз.
Мени боғлаб олган минг битта удум,
Эркин яшашимга бермас эди роз.

Орзумга интилиб ҳар бир қора кун,
Болалик руҳида яшадим карахт.
Менинг орзуларим ушалсин учун
Тик туриб ибодат қиларди дарахт.
04.04.12

***
Жаннат кошонаси – яшамоқ ўзи
Жонга тегиб кетганда ҳам
Кимнингдир сўзи.

Нақадар оромбахш яшамоқ ўзи
Қўшнингга узатиб тонгда коса май
Доим шундай бўлсин, айланай.

Ташвишли дунёнинг ташвишли сўзи
Душманнинг гуноҳин кечириб алҳол
Кечиб дунёлардан яшаш керакдир ўзи.

Тирикмиз Тангрининг биздадир кўзи
Ҳаёт қисқа жуда тарих бу ҳ илол
Шундай экан лаззатку яшашнинг ўзи.

Оддий нафас олиб яшашдир гўзал
Мен топган ақида ҳаммадан афзал
Яшаш ўзи жаннат – Маҳмуднинг сўзи.
13.04.12

***
Ҳар бир гўзалликга суқли қарайман,
Не қилай гуноҳсиз яшай олмасам,
Шайтон баданимда, шунга ҳайронман,
Гуноҳлар, сизларда қанчадир ҳиссам.

Бирор кун ёлғонсиз яшай олмайман,
Ёлғон ҳам қонимга ёзилган абад.
Ҳар бир эрк сўзига кўнгил боғлайман,
Савоблар излайман қилиб харажат.

Ҳамма луқмаларим ҳалолми бугун,
Мен ҳалол деганим кимгадир ҳаром.
Хитойда қуртларни қиришди бутун,
Қурбонлик, келтирдим қўйларга қирон.

Озод инсон эдим кийгизди кўйлак,
Замин совуқ дея фикрим булғади.
Ҳаёт ерда десам алдади фалак,
Қонунлар чиқарди ғалат ғалати.

Яшамоқ истайман нурга интилиб,
Эркин жонзотларнинг оиласида.
Гўзаллик бағрида чин сўзим айтиб,
Тирик инсон ҳаёт қоидасида.
22.04.12

***
Уйғониш қийиндир
Уйғониш азоб.
Билмай ётаверасан карахтлигингни,
Қўзғолмай интилсанг
Осмонга қараб
Сезмай ҳам қоласан дарахтлигингни.
Қуёш бу маммача интиласан роз,
Оёғинг тагидан оқиб турса сув.
“О мен яшаяпман” берасан овоз,
Ўзингча ўйлайсан ҳамма қитмир, қув.
Аслида жонсарак яшаганингни
Сезмайсан.
Тобутни тахт дейсан ўзинг овутиб,
Вақтнинг елкасида кетаверасан.
Бир бора очсанг гар кўзларинг йиртиб,
Атрофда жонзотлар, қуртлар…
Ҳатто капалак…
Бир дамлик умрига шошиб боради…
Азизим!!! Уйғонгин!!!
Уйғон Ота Шарқ.
Ибодатга ҳам вақт бергин,
Майли…
Аммо кампларни ҳам унутма…
Атом бомбасига ҳам қувон…
Бу фан…
О, Шарқ…
О, турк…
Уйғон!!!
28.04.12

***
Биз тикон изладик гулга маст бўлиб,
Ойлар хуруж қилди дард, кушандалик.
Оёқдан тиззага лойга ботгандик,
Лайлининг дардида мажнунлик қилиб.

Сароб саҳросида сув беришдилар,
Ўлмас овқат берди, текинга уй ҳам.
Аммо бир нарсани олиб қўйдилар,
Ўзликни олишди, йўқ эди “дийдам”.

Сийқа сатрларни ялтироқ дедик,
“Нажот қалъаларга” уриб келдик бош.
Тўрт ҳадис мағзидан гўё маст эдик,
Мағзава ўтмишдан кутардик қуёш.

Бирдан қуёш чиқди, ярқиради нур,
Ҳамон оғзимизда бўтқанинг таъми.
Қотган дийдамизда уйғонмас ғурур,
Кимгадир туюлар эрк ҳам бемаъни.

Атрофга кўз очиб қара, замондош,
Ҳар бир ҳабаш бунда турфа бир олам.
Фақат ўз қалбингда ўстиргин қуёш,
Шунда камалакранг бўласан болам.
07.05.12

***
Йўқ дунёни ташлаб кетмайлик
Маддоҳларга, тили йўқларга,
Қўл келмайди ҳам шаттакилик,
Чидамайди кўкрак ўқларга.

Оҳ урганда онгли одамлар,
Адашади ҳатто зиёли.
Шоир ёзган мунгли оҳанглар,
Куйдиради – улар ҳаёли.

Дардлашганда кариму ёдгор,
Карим кучи ёдгорида йўқ.
Икки ёнда иккала абгор,
Лоппичилар уришади дўқ.

Йўқ, дунёни ташлаб кетмайлик,
Чап ва ўнгда маддоҳлари кўп,
Тили борлар дадил сўзлайлик,
Шунда бўлар ёлғон тало тўп.
02.06.12

***
Комил Мажиднинг Феесбокда босилган: “Асли бу дунёнинг гийбатларидан, ” шеърига назира.
Дунё ғурбатлари жонимда жодир,
Уларсиз тасаввур этилмас аср,
Хилватлар комига кўчирса тақдир,
Ногаҳон портлайди мендаги сабр.

Тақдир деб алдаймиз ҳаёт зарбасин,
Ўйин кулгини ҳам белгилар – тақдир.
Қалблардан излаймиз тақдир кулбасин,
Алданиб қолмоқлик аслида ҳақдир.

Куйган вақтимизга куюнмаймиз ҳеч,
Суйганни йўқотсак суюнамиз кеч,
Шайтонга фирибдан дарс бериб асли,
Шайтонлик номини тан олмаймиз ҳеч.

Жонимиз Жабборга бериб яшаймиз,
Аслида Жабборни тан олмай дилда.
Жабборни ҳам йўлдан урмоқга шаймиз,
Ва алал оқибат муслиммиз тилда.

Оллоҳим ҳукмингни кўз-кўз қиламиз,
Ёзган тақдирингни тан оламиз жим.
Ғингшиқ нолишларни атаб бетамиз,
Сенинг ҳукмингга ҳам қиламиз ҳужум.

Не қилдик тақдирнинг синоларига,
Учиб ҳам турамиз имоларига,
“Бизни лақиллатиб кулганда тақдир”,
Қувонамиз ҳаётнинг ҳийлоларига.

***
Беруний бобонинг ибратин эслаб,
Қазо шарпасига кўнгил бермайлик.
Ҳатто заҳар бўлса ютиб лаболаб,
Ҳаёт дамларини гулгун кўрайлик.
Бизга умид берган ул Зоти шариф,
Ғаззолий демишким – ирода ҳосил.
Токи тик қадларда сиймойи алиф,
Эртадан умидвор бандайи ғофил.
Майли, Туркистоннинг бугуни мавҳум,
Умид уруғининг ниши урмоқда.
Орзу улғаяди мана кундан кун,
Режалар битилгай қораю оқда.
Туркнинг шажараси бақувват, бардам,
Эртасини тилаб қилайлик дуо.
Фақат шунда бизга ижобат ҳамдам,
Фақат шунда биз билан бўлажак Худо.
23.06.12
***
Ийманади ғамдан олдин юз очгани,
Орзуларни дил тахтига михлаб қўйдим.
Яна қанча муддат керак кўз очгани,
Мен шундоқ ҳам йигирма йил ухлаб қўйдим.
Б. Фазлиддин
Нурга интилади ҳар бир дил, куртак,
Ҳатто уйқуда ҳам орзуда ёниб.
Тиллари тамшаниб жилмаяр гўдак,
Эмиш имконидан дилдан қувониб.

Жигарим Фазлиддин уйқу ҳам ширин,
У ҳам табиатнинг асли имкони.
Бизларчи ухладик етмиш йил иним,
Ғафлат уйқусидан асрасин сизни.

Боболар оғуни сўрдилар билмай,
Оғу ҳам аташди диллар далдасин.
Катта оғалари узатарди май,
Қадаҳ сўз ўрнига айтиб алласин.

Сипқоринг эрк деган ширин чашмадан,
Туринг, чор атрофга наъралар тортинг.
Замон Ғиротини ҳўпга қўшмасдан,
Туроннинг дардини елкага ортинг.
01.07.12

***
Қирмиз қоним олов ранги товланар,
Гуноҳларим сўйди мени бўғзим қон,
Ёлғон айтиб яшай билиш ҳам ҳунар,
Гуноҳларим бор эканки оғзим қон.

Овоз бериб аниқлашга илож йўқ,
Гуноҳ, савоб чегарасин англайман.
Ўзни алдаб яшашимдан кўнглим тўқ,
Жаннатиман, дўзахиман билмайман.

Дунё борки китоб кўпдир инонсанг,
Ҳаммаси ҳам жаннат ваъда қилади.
Гуноҳ қилмай иложим йўқ, мен инсон,
Дил жаннатга, тил дўзахга элтади.

Миллиард йил ҳаётдан сабоқлар олган,
Инсон ақли тафакурга тавалло.
Жаннату дўзахга дилдан йўл солган,
Сенга талпинаман яратган Худо.
12.07.12

***
Баҳор қайта қайта келаверади,
Фақат қайтмас бевақт сўнган ғунчалар.
Гул бўғзин босганда қай бир арава,
Ғилдирак гуноҳи неда ўлчанар.

Сор қушлар баҳорни олиб келмайди,
Бу хизмат қалдирғоч бўйнида доим.
Баҳор қизғалдоқдан кўйлак киймайди,
Қалдирғоч айвонга қўймас экан ин.

Қоқигул бошида оппоқ салтанат,
Бу ҳам бир абадлик сатҳига мезон.
Палапон учмайди чиқмасдан қанот,
Илк қадам ҳаммага абадий азон.

Яхшилик, ёмонлик ҳаммаси бор гап,
Қалбимизда тинмай улар ўлчанар.
Баҳорнинг бўйнига турналар садаф,
Оққушларни отманг зинҳор овчилар.
16.07.12

***
Гулнинг нигоҳида мен бир тиконман,
Саждага бош урган гуноҳкор ўзим.
Юрагим тубида қайнайди армон,
Қоним аччиқ шароб, юрагим узум.

Ҳақнинг кўзидаги шабнам экан гул,
Шу ҳалим намликда ҳаёт куртаги.
Гуноҳ азобидан сайрайди булбул,
Ишқ аталмиш ёлғон, ҳаёт эртаги.

Мен сизга саждамни инкор этмайман,
Ёлвориш ҳам аммо келмас қўлимдан.
Мен шерлар вакили, сизчи Сулаймон,
Озод руҳ қалбимга бўларкан ҳамдам.

Сув олов юзида ранг олар жило,
Биз олов қалбидан чиққан вужудмиз.
Жаҳонга битилган энг буюк имло,
Фақат биз иккимиз, фақат иккимиз.
16.07.12

***
Нолалар рутбасин ёзмоқ истадим
Мастман,
Хасталар дардига бўлолдим мардум
Хасман,
Эй дўст, менга бир йўл кўрсат
Борайин олға,
Муштоқ кунларингга балким ярадим
Дўстман.

Кўнглимиз баҳори обдон кечикди
Гул йўқ,
Бизни деб яқинлар обдон ичикди
Пул йўқ,
Изладик яқинлар кўнглига малҳам
Топмадик,
Ноилож шўнғидик топиб ичкилик
Йўл йўқ.

Тақдир деб Тангрининг номини тутдик
Нажот,
Билмадик шундайин умримиз ўтди
Ҳайҳот,
Вақтнинг гарданидан тутиш ўрнига
Баҳона
Биз асли ўзликни унутдик
Войдод.

Нолалар кемирган ҳаётни топмадик
Пушаймон,
Бир зум дам бермай қийнадик отни
Иймон,
Дил хун, дарахт экиб уй солдик
Ўғлимиз ёнда,
Қаранга, ҳаммаси жойида, биз нега
Ҳайрон.

***
Етим чайлаларга бошимни тиқиб,
Саратон сайлидан қочган маҳаллар…,
Гард, тупроқ йўлларда олдимдан чиқиб,
Илондай судралган сўнгсиз хаёллар.

Чўлдаги қизғалдоқ билмайди ҳасрат,
Чигиртка азонин тушда айтади.
Оққурай баргида титрар ҳарорат,
Тириклик гулшани чўлга қайтади.

Мен тинмай тонгларга орзуқиб ўтдим,
Каррак ва ковулдай ўқидим номоз.
Мени боғлаб олган минг битта удум,
Эркин яшашимга бермас эди роз.

Орзумга интилиб ҳар бир қора кун,
Болалик руҳида яшадим карахт.
Менинг орзуларим ушалсин учун
Тик туриб ибодат қиларди дарахт.
04.04.12

***
Менинг орзум фиғон эмас,
Гул кўтариб чопмоқ холос.
Ҳар оҳимдан гумроҳ сармаст,
Ҳатто дўстлар кулгани рост.

Мен йўлларга тош қададим,
Гилам тўшаб сувлар сепдим.
Келарсан деб йўл қарадим,
Ялмоғизлар лабин ўпдим.

Тошларнинг ҳам сабри тугаб
Бир кун улар тош қотади.
Фақат менинг сабримда лаб,
Тушлар бўлиб уйғотади.

Йўқ, чекганим афғон эмас,
Юрагимнинг шоналари.
Суйганларин кутар, тинмас,
Ўзбегимнинг оналари.
18.07.12

***
Катта ўзгаришлар асри ҳам келди,
Сизга ҳеч келмади аталган нома,
Ҳаммада янгилик, недир бор дилда,
Сизнинг оғзингизда эски ҳангома.

Сиз ҳамон ўшасиз, нечанчи авлод,
Бўйинда бўйинбоқ, оғизда кўпик.
Миллат борасида чин чаласавод,
Ўзни эълон қилиб жаҳонга кўприк.

Балким, нийятингиз ўта яхшидир,
Балки, сиз ҳам ахир одам боласи.
Балки, Тангримизнинг бергани шудир,
Жаҳолат ўтмишнинг бугунги саси.

Ҳар осий банданинг қилмиши доим,
Хатланиб борармиш умри давоми.
Бир кун келар ахир қиёмат қойим,
Алданганин сезар ғофил зиёли.
21.07.12

****
Кўзларимга мунча маюс боқма, болам,
Вайрон дилим вайрон этма, ёқма, болам.
Насибангни йўлда итлар талаб кетди,
Менга таъна қилиб киприк қоқма, болам,
Кўзларимга мунча маюс боқма, болам.
Ёдгор Обид
Кўзларимга кулиб боқиб келдинг болам,
Муштоқ дилим ҳаяжонга солдинг болам,
Насибангни Оллоҳимдан олдинг болам,
Менинг орзум яна ўйнаб кулгин болам,
Ўз даврингда давронингни сургин болам.

Аждодларинг шу юртни деб хаёл сурди,
Олтойдан то Каъбагача ғиз югурди,
Сен ва бизга шу муқаддас тупроқни деб,
Куйганларга лойиқ фарзанд бўлгин болам,
Суйганларга содиқ фарзанд бўлгин болам.

Онанг қувнаб бошингда у айтди алла,
Мен ҳам ахир наъра тортдим саҳар палла,
Эҳтиёт бўл очунда бор ҳар хил калла,
Сен ҳам эркин ўз наърангни тортгин болам,
Ўз юкингни ўз елкангга ортгин болам.

Она меҳри она меърос сайқал топган,
Сенинг бошинг Зардўшт бобонг, қуёш ўпган,
Ёдда тутгин боболаринг Алп бўб ўтган,
Уларни деб заҳмат бўлса тортгин болам,
Ўз юкингни ўз елкангга ортгин болам.

Билгин болам меҳнат эрур бахт томири,
Унутмагин ҳар иккининг сен ҳам бири,
Қўллаб юрсин сени Ўзи, Алплар пири,
Қувончимга қувонч қўшиб юргин болам,
Турк элидай дунё борки тургин болам.

Ҳар бир элнинг бахти турар тартибида,
Ўғил қизи, ҳарбийсининг таркибида,
Бахт излагин у бор бўлса ер тубида,
Бахтга қараб элинг билан боргин болам,
Душман бўлса уни қонга қоргин болам.

Насибангни бировларга бермагин ҳеч,
Эл юрт дея тинчлигингдан аҳд билан кеч,
Замон келса тўйларда мард камаринг еч,
Сахий бўлгин бойликларинг сочгин болам,
Шу юртни деб кўкрагингни очгин болам.

Дунё борки адолатга интилади,
Зардўшт бобонг сен бизни деб кун тилади,
Эзмаларга қулоқ берма қон қилади,
Қон келганда қонни Алпдай кечгин болам,
Бир ғариб деб камарингни ечгин болам.

Умр берсин яхши ният тилаб яша,
Ҳеч кимга ўч қасд қилмагин замон оша,
Оғиз бурун ўпиш дўстла минг йил яша,
Орзуларим қадамингда битсин болам,
Отанг сендан чин миннатдор ўтсин болам.

***
Мен курашда чиниқмадим,
Мен навбатни бой бердим,
Дўст, душманга шошма дедим,
Ўз бағримдан гул тердим.

Бу гулларим сўлган эмас,
Бу гулларим ҳали бор.
Аммо кимлар қайтиб келмас,
Бошқасидан йўқ хабар.

Тобутларга тош отдилар,
Ўлганларни тепкиллаб.
Ош, ош дея зир чопдилар,
Тонг азондан чопқиллаб.

Нодон доим ошга тўймас,
Билган илми унинг ош.
Ёмон ёмонлигин қўймас,
Баъзан ҳақлар сўққабош.

Кимнинг йўли тўғри экан,
Байроқ кетди Гандида.
Турорларнинг қони текган,
Жойномозим сен кимда.

Вақт аслида йўқ бир нарса,
Ким ҳақлиги келажак.
Қайда қолдинг виждон насли,
Алдадими бир “Гажак”.

Бугун тонгда ёритқичга,
Илтижомни айтдим тик.
У ҳам айтди ҳали чида,
Порлайди олий битик.
27.07.12

***
Қулоқларга қомат бериб,
Ўз ҳолимга қўймади.
Ушбу шаҳар мени ямлаб,
Оч офат ҳеч тўймади.

Оёғимни судраб келиб,
Оёғини ўпдим мен.
Сиёсатдан синди белим,
Хафақондир ҳамдамим.

Беткайдаги тўла уйим,
Ўз ўрнида қаср эди.
Катакларга базўр кўндим,
Автолар тонг сайради.

Ҳа тўғрия шу шаҳарда,
Ўқиб ўсдим яйрадим.
Кампуларда тонг саҳарда,
Дунё бўйлаб айландим.

Бир оёғим ҳали ҳамон,
Қишлоқни деб тортади.
Аммо юрак қонга ботган,
Дард ҳар куни ортади.

Ўлсам мени қишлоқи деб,
Қайта қайта айтинглар,
Шаҳарига кулим сочиб,
Шеърларимга қайтинглар.
29.07.12
***
Озодлик руҳига инонмам,
Одамлар рўёга интилар,
Аслида уларнинг ҳаммаси,
Ўзлари руҳига қулларлар
Қуллик руҳин енгмоқлик учун,
Сен қуёшни етаклаб кетгин.
Ахир сен бир дунёда учқун,
Ўзлигингдан сен ўзинг кечгин.
Шунда осмон чегаранг бўлар,
Шунда замин сеники билсанг.
Шунда дўстинг йиртқич бўрилар,
Шунда фақат озод ўларсан.

***
Йиллар менинг армоним десам,
Армонларда ўтади кунлар.
Соат милин соғиндим десам,
Соатларда қолади улар.
Шовқинларни соғиндим десам,
Мен улардан безор бўлганим,
Шовқинлардан қочган эканман
Шовқинлардан озор еганим.
Эҳ билмадим қайси бири рост
Қайси бири менинг елкамда.
Бу саволни ёритгин қуёш
Ҳар кун мени алқаб эркала.
Мен сувларни кечиб ўтайин,
Сиёсатнинг бетига туфлаб.
Сиёсатда ҳамма бетайин,
Қатиғини ичади пуфлаб.
Мен эркини елкалаб олган,
Қамоқдаги қушга ўхшайман.
Ҳаёт бир ён, эрксиз мен саман,
Чидар, арқон, қайга кетаман.
10.08.12

***
Кетаяпман уфққа қараб,
Оёқларим қумга ботса ҳам.
Кетаяпман уфққа қараб,
Мубҳамлиги дилда ортса ҳам.

Кетаяпман уфққа қараб,
Зорларимни айтиб Худога.
Кетмам дейман оёғим тираб,
Юрак тўла аччиқ нидога.

Уфқ менга бостириб келар,
Қалб қўримга сепмоқчидай сув.
Мен ва уфқ учрашган кунлар,
Бахт аталмиш у ёлғон дув-дув.
10.08.12

***
Турк олами бир туғ бўлсин деб,
Бир кун қутлуғ бўлар қонимиз.
Турк тупроғин тинмай ғамин еб,
Юраклардан тилак ўқиймиз.

Садо чиққан ҳар бир турк эли,
Аждодлардан сабоқ олсин айт.
Турк тупроғин ҳар чечак гули,
Келажакга куйлайди баёт.

Шажарасин сўзлаб ёвузлар,
Ўзни қай бир юртдан излайди.
Турк аталган қуралай кўзлар,
Бутун будун туркдан сўзлайди.

Иноқ яшанг лаҳжалар доим,
Ягона турк номин унутманг.
Шунда олам сизга мулойим,
Шу бирликга талпиндим мен ҳам.
9.07.12

***
Ерда туриб учолмасдан,
Мен осмонни соғиндим.
Зилол сувлар ичолмасдан,
Мен замонни соғиндим.

Болам бели синмасин деб,
Мен қамишдай қайишдим.
Эрксизликнинг мевасин еб,
Заҳар атаб май ичдим.

Нолаларим фиғон бўлди,
Ижобатдан йўқ дарак.
Юракларим қонга тўлди,
Бундай дунё не керак.

Ерда туриб интиламан,
Қанотларим орзулар.
Кўзларимга қумлар тўлган,
Юрагимда сўз ўлар.
15.08.12

***
Кеча дардимни ёзган
Энг ўтмас қалам бўлди.
Орқамда қолар жаҳон
Ва икки болам бўлди.

Дунёнинг ўз дарди бор,
Мендан у ҳол сўрамас.
Аттанг келмаймиз ду бор,
Англаймиз алас-алас.

Золимдан зориқамиз,
Қушларга отамиз тош.
Юзимиз майдан қирмиз,
Ишламай тилаб маош.

Мен дунёни англадим,
Унинг номи қаноат.
Жон ширин, исён қилдим,
Четга сурди сиёсат.

Ёнимда ҳар кун Дажжол,
У менинг нафсим экан.
Нега келдим? Бу савол,
Тангридан таскин экан.

Бўғзим қон, вужудим қон,
Яшаган кунлар қани???
Яшаш ўзи бир армон,
Қайғуларнинг макони.

Йироқ, яқин алвидо,
Айтади ҳар бир одам.
Менда ҳам ўша нидо,
Такрорлаб ўтдим мен ҳам.
17.08.12

***
Ҳаво – бўғиқ.
Нафаслар – бўғиқ.
Ё. Обид
Кимлар сотди майдон аро ётган танамни,
Кимлар отди майдон аро ётган танамни,
Руҳимизга сингиб қолди бу бўғиқ ҳаво.

Оҳ, Андижон қалъасининг қатида борман,
Сиз сотқинлар бўғзига бир келар баҳорман,
Руҳингизга сингиб кетсин бу бўғиқ ҳаво.

Қайбир жойда ивирсийсиз, қайларда борсиз,
Етолмаган орзунгизга, то ҳамон зорсиз,
Руҳимдаги бўғиқ ҳаво тозарар бир кун.

Узоқлардан ўт ёқдингиз Андижонимга,
Юзингизни беркитдингиз қизил қонимга,
Руҳимдаги бўғиқ ҳаво тутади бир кун.

Сотқинларнинг иблислигин худога солдим,
Юрт тинчлигин қоним билан олдини олдим,
Руҳим менинг шу юрт билан қолади ҳар кун.

Балки иблис империя қўли ҳам бордир,
Юртим эрки энди сўнмас машъал баҳордир,
Руҳимдаги бўғиқ ҳаво тарқалар бир кун.

Бир кун келиб оқни оққа очаман ҳали,
Қизил иблис тугунини ечаман ҳали,
Руҳим шунда тозаради келар ўшал кун.

Оҳ, қолганлар, бир бирингиз қораламанг ҳеч,
Душман тишдан, ё ичимдан чиқар эрта кеч,
Руҳим билан қасам ичай, келар ўшал кун.

Шу юрт дея жон берайлик, қўяйлик кекни,
Бизда низо чиққан маҳал, юртга ўт кетди,
Душман руҳин қон қилайлик келар ўшал кун.

Биз талашсак душман кулиб чапак чалади,
Натижалар кўрсатдику, душман кулади,
Душман руҳин қон қилайлик келар ўшал кун.

***
Нега ой нурининг ранги мулойим,
Тошларга урилиб йиғламайди ҳеч.
Унинг камтарлиги хабарку тайин,
Сен ҳам ўз ғуруру даъвойингдан кеч.

Кўкат унадию донга айланиб,
Маъюс юрагини қилади инъом.
Нега сен уларнинг меҳрига қониб,
Миннатдор бўлмайсан эй мағрур одам.

“Ҳазрати инсонман”, дея даъвода
Қурту қумурсқага берасан озор.
Аслида уларла яшаб маъвода,
Умринг гулшанини айлагин гулзор.

Мен ҳам мағрур эдим ёшлик йиллари,
Ой, кўкат тилларин кўп англамадим.
Мана йиллар ўтиб кексайган сари,
Қалб тилим майсага ҳамроздир бугун.

Биз нечун яшадик билмас эканмиз,
Демакки озорга ҳеч ҳаққимиз йўқ.
То танда оқаркан қонимиз қирмиз,
Ҳаёт гўзал дея кўтарайлик туғ.
23.08.12

***
Ёдгор Обиднинг “Дард” шеърига
Етим бўлган бола йиғлар, зор йиғлар,
Алданган бир хола йиғлар, ор йиғлар,
Тақдир ҳукми шу бўлдими, Нидерланд,
Юрак, қулоқ, оғиз бурун зор йиғлар.

Жомадонинг ёстиқ бўлди бошингга,
Не фаррошлар кулиб боқар ошингга,
Чегарачи ҳайрон паспорт ёшингга,
Тушунмайин аҳволингга мор йиғлар.

Ўз оғайнинг бугун душман ўзингга,
Доллар эмас юан тиқар кўзингга,
Ҳатто афғон ишонмайди сўзингга,
Мардикор ҳам чидолмайин зор йиғлар.

Хаёл сени олиб қочар ортингга,
Ортда қолиб гуллаб турган юртингга,
Онанг юрар боғда бирам туртинган,
Истеъдодинг устидан замон йиғлар.

Юртда сени кечиргулик сўз кутар,
Юрт аталмиш бу катта бир Ўз. кутар,
Кечиргули ҳар бир қаро кўз кутар,
Кечирмоққа юрт, онайи зор йиғлар.

Кўр, ҳассангни бир олдирдинг, оғажон,
У “Ғурбатда” сени кутмас “тоғажон”,
Кел, бирга бир баҳам кўрсак битта жон,
Юрт кечирсин, кечирган ҳазор йиғлар.

***
Шеър ёзаман орзум бағрига,
Қатор қатор шеърлар ёзаман.
Ҳаяжоним сиғмас бўғзимга,
Бўғзим қондир уни сезаман.
Қанот қоқиб учаман дебон,
Қанотларим патин сезмайман.
Эрк фикримга қўрқинч соябон,
Эрк тошини эркин термайман.
Гап отади ўнгдаги сўлоқ,
Чапгиси ҳам аямайди ҳеч.
Мен жимгина қулоқ тутаман,
Ва эртамга йиғолмайман куч.
Шундай ўтиб боради куним,
Шундай яшаб ғафлатга ботдим.
“Мен” деб ёзиб охир бор мана,
Ўзлигимни ва охир топдим.
“Тургин, бўтам, эмакламагин,
Тургин сен ҳам оёққа тургин.
Тиз чўкиб яшамоқ ўлимку ахир,
Тик туриб одамдай сен ҳам бир ўлгин.
Аввало қалбингда қулликни ўлдир,
Ғирромлик манбайи пулликни ўлдир,
Кўнгил ғазотидан бошла ўзликни,
Қулликдан сағана тулликни ўлдир.
Шунда кўк осмонинг мовий бўлади,
Шунда ўз ироданг ровий бўлади,
Шунда бу жаҳоннинг жандаси сенга,
Эрк туғи аталмиш олий бўлади.
31.08.12

***
Ўтган асрлардан келади садо,
Боболар мағлублик қонини ичмиш.
Эй Тангри овоз бер,
Сўйлагин Худо,
Туркнинг ухлагани ҳамон бир миш-миш.
Ёвқур боболарим ўтган эдику,
Бошларида кулоҳ, қўллари қадоқ.
Огоҳлик унутиб хуш кўрди уйқу,
Эрк кулоҳин ташлаб ўрашди салла.
Наҳот турк ўзини унутган бўлса,
Наҳот Энасойдан олмади хабар.
Алпомиш Барчиндан олмади бўса,
Наҳот тахтга келди Охун дарбадар.
Баъзан қон қайнатар мағлублик сана,
Онажон ҳақ сўйлаб сен бергин хабар.
Ўриснинг аскари тепган саллани
Нега асраб қўймадинг она.
Баъзан синиқ қилич таянч бўлади,
Мағрур қад кўтариб турмоққа яна.
Нега йиллар ўтиб менга аллани,
Ўта силлиқ қилиб куйладинг она.
Мана бу тупроқнинг энди мен гарди,
Мен сенинг қалбингдан ўсган бир мужда,
Муқаддас ватаннинг энди ҳар дарди
Бугун менинг дардим, инонгин она.
Осмон тиниқ келди туркнинг тўйига,
Уларнинг анчаси озоддир бугун.
Душман ўйлаб етмас ўзин ўйига,
Бугун бирикмоқда ҳур туркий будун.
Олчоқ фикрлардан қутуламиз тез,
Ватанни ягона туркий атаймиз.
Қирғизнинг қалпоғи ўзбек белбоғи,
Ёқут, гагаузга бўлади мадад.
Мен улар бирлигин куйламоқ бўлдим,
Онажон биламан, сен менга ҳамдард.
Майли, истонлардан кечмайлик, майли,
Ягона Туронга кўтарайлик туғ.
Келажак биздадир бирлик туфайли,
Олға, онажоним, келажак қутлуғ.
02.09.12

***
Исминг ёдингдами, болажоним, турк,
Тарих пучмоғидан ўта олдингма?
Бир вақтлар саночинг қолганди қуруқ,
Бу ҳақда узоқдан узоқ ҳангома.

Маъюс ҳол арз қилиб қолдим Худога,
Эй Тангри, айтгинчи, бу аҳволим не?
На бир қанот бердинг ва на бир нажот,
Ўйлаб топганларим ўзимга ваъда.
Тақдир деб ўзимни алдайман ҳамон,
Ҳар на тилаганим арзимас чўпчак,
Аммо шу чўпчак ҳам – ижоби гумон.
Шунда мен ўйланиб қолдим бафуржа,
Ёнимга дўппимни қўйдим ва ҳайрон …
Қачон ҳаёт бўлдик қуёш буржида,
Ва қачон битилди у қутлуғ Қуръон.
Мана шу хаёллар олиб қочаркан,
Узоқ тарихларга ташладим назар.
Ва унда яҳудий набилар кўрсам
Ўзимдан минг бора қилардим ҳазар.
Беш ярим минг йил аввал туркийлар
Сопол тахталарга миххатлар билан
Умр боқийлигин битдилар алар.
Икки минг йил ўтиб Зардўшт боболар,
Якка худоликни хатлаб қўйдилар.

Ҳар бир жон, жонзотни жуфтлаб яратган
Ул олий фитратга айтиб тасанно,
Тангри жаннатида қайтама қайта,
Хаёлга ботарди Одам пурмаъно.
Одамато Аршда мамнун кезарди,
Бокира Лилитла айш ила мағрур,
Ненингдир етмасин дилдан сезарди,
Ахир у ҳам инсон, инсон – такаббур.
Шунда у Лилитга ҳирс билан қараб,
Ўзни устун қўйди бузулди тенглик.
Эркаклар устун деб битди ул араб,
Лилитга тор бўлди бу дунё, кенглик.
Абадий бу тенглик бузилгани он,
Аёл ва эркаклар жиққа мушт бўлди.
Халқлар ҳам бир бирин қилдилар қирон,
Не бир пайғамбару тангрилар ўлди.
Ҳар бири ҳақман деб келтирди иймон.
Биз ҳам халқ, биз ҳам эл яшардик ўроз,
Ушбу афсонани миххатла битиб,
Жаҳону бандага қилдик сарафроз.
Тарих саҳнасида олдинга ўтиб,
Биз ношукур бандалар ўшанда ҳам тинч
Юрмадик, ҳасадла боқиб Худога.
Боқий яшамакни айладик орзу,
Бу ношукур фикрла бизлар ўшанда,
Қайта туғулишга қилдик тавалло.
Қайта туғулар деб ҳар битта Будда,
Буддалар авлодин атадик Олло.
Ер юзи, жаннатдек ушбу маконда,
Ака ва укалар етишди озод.
Ва роҳат излаган ҳар битта танда,
Акадан укага бошланди ғазот.
Бу жанглар натижа берди маконда,
Яҳудий набийлар кўпдан кўпайди.
Қайбир пайғамбарни истаса банда,
Боласин исмини мусо атайди.
Яна ҳасад босиб кетди дунёни,
Яна набийликга талаблар катта.
Талабку бор жойда туғилар таклиф,
Пайғамбарман дегувчи чиқар албатта.

Яҳведан Мусога берилмиш шитоб,
Тора деб аталган ушбу қонунлар,
Сопол миххатидан олинган битик.
Ҳаёт талаб қилди ўзгарди улар,
Талмуд деб аталди кўчирма китоб.
Жаҳон кезиб юрган ушбу китоблар,
Асли худосизлар ғашин келтирди.
Араблар юртида бузилди хоблар,
Ака ва укалар ғижмушт этилди.
Қашшоқ яҳудийлар юртини кўрган,
Савдогар араблар ўйланиб қолди.
“Бизнинг ўз набимиз бўлади”, деган
Бутун кенгликларга янги жар солди.
Араблар савдодан тинмай кучайди,
Карвонлар юритди дарёлар оша.
Кучсизроқ аҳволда кимки учради,
Алдаб сулдаб секин қиларди ошна.
Фақат ошначилик эп бўлмади кўп,
Қандайдир янги бир куч керак эди.
Шунда бир савдогар доно Муҳаммад,
Ўзин “Элчи” қилиб Пайғамбар деди.
Сўз ва қилич унда бирикди собит,
Уҳуд жангларини эслайлик ахир.
Сиғинчу балбаллар аталди сарқит,
Дунё динлари шарт қилинди таҳрир.
Қон билан туркийлар кўкракга муштлаб,
Ислом дунёсига сўзин қўшдилар,
Яккахудо бўлган Тангрини ташлаб
Араб Оллосига мукка тушдилар.

О, Лилит, жаннатни нега тарк этдинг,
Нега у Одамни ташладинг якка.
Жуфтлик қоидасин мустасно этдинг,
Момоҳаво яқин чиқди юракга.

Мен ҳамон орзумни опичлайман бот,
На қанот топаман учгали мағрур.
Бизга маълум эмас қайдан бу ҳаёт,
Аммо ҳеч тинмайди “Менман” урҳо-ур.

Ва ҳамон жангларнинг охири йўқдир,
Ва ҳамон пайҳамбар бўлғувчи кўпдир.
08.09.12

***
“Менга таъна қилиб киприк қоқма, болам…”
Ёдгор Обид
Уй ёмон деб ўзга уйда ётма болам,
Ёмон қуш деб калхатга тош отма болам,
Ҳар нарсанинг бу дунёда ҳисоби бор,
Хом ҳисоблаб дўппингни ҳеч сотма болам.

Ҳақиқатдан кўзинг олиб қочма болам,
Лофлар уриб ёлғондан сўз очма болам,
Пиёдадан оқ эшшакнинг бори яхши,
Хиёнатнинг уруғини сочма болам.

Бир кам дунё ўйлайвериб жигарим қон,
Юз эллик йил босқин бўлди юртим вайрон,
Эрта кунни яратишга ҳисоб керак,
Кўзингни оч, ёмондан сўз очма болам.

Мен бегуноҳ, деб ёлғонни айтолмайман,
Фалончи деб эрк йўлидан қайтолмайман,
“Ҳар бир уйнинг ўз дарди бор” бўлганидай,
Уйда борин достон қилиб айтма болам.

“Эркин меҳнат”, деган ёлғон сўрди қоним,
Бугунги кун лофчилардан чиқди жоним,
Ҳамдардликдан ҳар бир умид топар камол,
Умид билан ҳар кун бир ғишт қўйгин болам.

Ҳаммага боп подшо ҳеч вақт туғилмайди,
Қолоқларни илғорлари кўз илмайди,
Ҳатто Бобил бир кунда ҳеч қурилмайди,
Бўлмас ишнинг бошин ушлаб ётма болам.

Тангри ҳам ул ҳаракатни сендан деган,
Меҳнат қилган мард нонини ёғла еган,
Имкон борки олға босгин, шижоат қил,
Аммо ҳеч вақт беҳуда ўқ отма болам.

Ризқ рўзингни қаёқлардан излама ҳеч,
Иғво ўқин душман отса бўлади кеч,
Насибанг ҳам, мард номинг ҳам шу бир тупроқ,
Яхши имкон излаб олис кетма болам.

Бугун юртнинг нафасида оғирлик бор,
Замонанинг бойлигига у ҳам чин зор,
Сен қақнус бўл ота юртим олға юрсин,
Йўл кўпку деб юртни ташлаб кетма болам.

Умр берсин, ҳар бир инсон нажот топсин,
Ғафлатию, ғашлигини қалбдан отсин,
Эл орзуси ушалганди бўлади тўй,
Юрт тўйидан четда қолиб ётма болам.
22.09.12

***
Ҳар ҳолда қуёшнинг нурида
Эски суякларин тоблаган араб
Оёғига суйканган улоқни ҳайдагандай
Сиз билан бизни ҳайдамасин ўз меҳридан
Умрбод эзилиб қурганимиз мана шу эски чайла.

Нега ҳеч коптларнинг дардини тингламайди
Бу босқинчи араблар, Болқон сербларига ўхшаб
Бенедикт ўн олтининг бузуқ аравасидай
Ассанж хабарларидан жумбушга келган
Тьерри Джонс биламан – ўйлаганинг ҳийла.

Ироқ, қонларингда беланган севги ётади
Афғон гўдагининг онасига бўлган меҳридай
Биламан, Боғдоднинг кўчалари совуқ, увушади тан.
Қадим туркнинг Энасойдаги тошқабрлар уюмини
Эскилик Купидони – тарих баралла куйла.

Обама, аҳмоқ бўлма оламни ўзгаради деб
Бу олам ўзгармас ўзгарувчанлиги билан
Саҳройи араб олмонга уйланди нима ҳам ўзгарди
Ўзгармас оламнинг ўзгарувчанлиги ёқади
Мана шунга тинмайин айтаман алла.

Жаҳоннинг ҳамма жойда косаси битта
Аммо ҳамтовоқлар доимо бошқа бошқадир
Лўқ қилма кўзингни бу менинг ёвғоним
Ҳар бир сиёсатчи ичади ўз шўрвасини
Ҳа, мана шуни мақтаймиз жумбуш, баралла.

Мен ўзимга мухолифман ўзим қарсакбоз
Бир томоним Аҳмад, бир томоним Нажод
Не Таним қулоқ солар Не яг ху ес ху
Сабот сўрайман ёрилмаган бомбадан
“Намоз ўқисин”, “Ибодат қилсин”, “Чўқинсин” ҳамма.

Катта дала пайкал, интернет “Айпад”
Бир коса сув, бир коса шароб, мана гўзаллик
Оломон оғайнимсан, тинч яшагин чукча
Қўлни қўлга беринг, мана ҳамкорлик
“Ғоялардан” ёрилиб кетаяпти бу қовоқ калла.
03.10.12

***
Юртни соғиндингми, қочоқ қондошим.

Ҳарқалай бу дунё ўткинчи бир жой,
Ўзга бир жонзотга бермайлик озор.
Илм аҳли сиз ҳам кўрсатинг бир рой,
Нодон бандасига айтинг “бу бозор”.

Юртни соғиндингми, қочоқ қондошим.

Қочоқлар дардини қочган билади,
Бири асл қочоқ, бири алданган.
Асл моҳиятни сотқин билади,
Кимга чин бу дунё кимгадир ёлғон.

Юртни соғиндингми, қочоқ қондошим.

Мардларга писандмас жоннинг оғриғи,
Дилинг чирқирайди, қочоқ қондошим.
Яширмоқ бўласан кўксингда доғни,
Наҳот дард туюлди “бепул” у ошинг.

Юртни соғиндингми, қочоқ қондошим.

Ватанга талпиниб яшайсан ожиз,
Ватан сендан узоқ билмайсан уни.
Ватан деб куйлайсан, куйлайсан ҳаргиз,
Унутма ватанга доғ урган кунни.

Юртни соғиндингми, қочоқ қондошим.

Нени ҳам талашдинг беш кун дунёда,
Олтин, лавозимга шунча ўчмидинг.
“Халқим”, деб қайларга чопдинг пиёда,
Аслида недандир тубдан умидинг.

Юртни соғиндингми, қочоқ қондошим.

Юртда зирқирайди ўтмишинг, пуштинг,
Бировнинг гилами сенга бир палос.
Қафасдан қочдим деб қафасга тушдинг,
Қилғилиқни қилиб лоф урма холос.

Юртни соғиндингми, қочоқ қондошим.

Энди сен кўзёшдан умидинг узгин,
Кўзёш ҳам мардларнинг нодир туйғуси.
Ҳатто суягинга эга йўқ – бузғун,
Мана шу ҳаётнинг асл имлоси.

Юртни соғиндингми, қочоқ қондошим.

Сиёсий маҳбуслар ҳар доим бўлган,
Сиёсат ўзи шу шахмат ўйини.
Сиёсий қочоқлар тириклай ўлган,
Улар кўролмайди юртнинг тўйини.

Юртни соғиндингми, қочоқ қондошим.

Сен Бобур эмассан қайта юрт қурсанг,
Оврупо Ҳинд эмас оёқ остингда.
Нодон шия ҳам йўқ сиёсат сурсанг,
Келсанг қувиб чиқар сомон пўстингга.

Юртни соғиндингми, қочоқ қондошим.

Меҳнат муҳожири у эркин бир қул,
Сенда унингчалик мавжудмас имкон.
Юртига қайтади у эртага буткул,
Сенинг вужудингчи – бузулган бир қон.

Юртни соғиндингми, қочоқ қондошим.

Меҳнат муҳожирин алқамоқ бўлдинг,
Унга ҳавас қилиб яшайсан, ўйлан.
Мободо бир куни хорижда ўлдинг,
Хокингни хокига олмайди Ватан.

Юртни соғиндингми, қочоқ қондошим.

Юрт деб яшайдилар юртнинг ичида,
Ақл қайрамоққа Навоий устоз.
Ҳақлар таянади халқнинг кучига,
Муҳитга ён бериб бергайлар овоз.

Юртни соғиндингми, қочоқ қондошим.

Кимгадир ёқади кимгадир ёқмас,
Мен юртнинг ичида курашгаман шай.
Менинг бу фалсафам, Гандидан ҳавас,
Таёқ еганда ҳам кўтармам вой-вой.

Юртни соғиндингми, қочоқ қондошим

Ҳар куни бир ғиштдан қўйсак ҳам агар,
Шу юртнинг қаддини айлаймиз Бобил.
Айт сендан не фойда, айтгин дарбадар,
Нени ҳам ғурбатда айладинг қойил.

Юртни соғиндингми, қочоқ қондошим.

Баъзида ўзидан кетади тўра,
Олчоқ оёғила кимнидир тепиб.
Тургин, тузатайлик ғофилни жўра,
Ҳақ сўзга мук тушиб, ҳақ сўзни ўпиб.

Юрт деб яшайдилар юртнинг ичида.

Юртни соғиндингми, қочоқ қондошим.

***
Бир бобом эшоннинг ҳурматин ўта,
Ошириб ошириб бажо қиларди,
Менинг ёш дилимда бу катта хато
Сезилмай нафратла сингиб қоларди.

Мана йиллар ўтди,
Ҳаёт йўллари
Не бир эшонларга дучор қилмади.
Бири оддий инсон,
Қадоқ қўллари.
Қайбири такаббур яшайди ҳамон,
Менинг боболарим одам санамас.
Улар қора эмиш
Қора суяклар.
Қаю тарихимга кўзим ташласам,
Дарёнинг қонидан кўзим аримас,
Қутайба, Қобусдан эмас фалсафам,
Мен…
Туркнинг шаъниман ўзим англасам.
Келгинди форсийлар,
Келгинди араб,
Охирги келгинди мужик, оққулоқ.
Эшону хўжалар, сен бир итчалоқ,
Энди оёғинг бос кўзингга қараб.

***
Томчилар тоғларда ташкил топади,
Яна интилади тоғларга томон,
Жараён абадий давом этади,
Тўхтаб қолишику албатта гумон.

Ҳар бир дин негадир Тангрига бориб,
Тақалиб тўхтайди, нарёғи туман.
Сиз жавоб изламанг мия қабариб,
Динсизга чиқасиз ёки ёсуман.

Биз якка эмасмиз дунё юзида,
Яккалик Худога нисбат берилган.
Ўзни биз излаймиз дўстнинг кўзида,
Ўзга шахс бўлмаса биз ҳам даргумон.

Жамият одамдан ташкил топади,
Одамлар интилар одамга томон.
Ҳар бир шахс кимнингдир суюк маҳбуби,
Дунёда муҳаббат ҳақдир батамом.
19.11.12

***
О заҳар заққумлар,
Инсон юрагида жойлашган ҳасад,
Нонни ҳам кўп есанг эрта тонг саҳар,
Заҳарга айланар, бунда не мақсад.
Олов ҳам ёқимли, меъёр борида.
Ёмонлик меъёрин билмайди душман.
Яхшилик меъёрин ўрнатиб дилда,
Унинг тарозусин қайдан топаман.
Дўстгаку яхшилик қалбнинг иззати,
Душманга яхшилик нодонлик эмиш.
Менга қолса асли ҳаёт лаззати,
Яхшилик қилмоқлик то умрим бори.
Ҳамманинг дилида бордир бу орзу,
Фақат қайда экан урфон бозори.
01.12.12

***
Сочларимга оқ тушаяпти,
Юрагимда вақтнинг шиддати,
Қаранг энди ҳисларим босиқ,
Қариликнинг ушбу ҳикмати.
Йўқ ҳали ҳам дилда кўнглм ёш,
Тушган сочлар менга дўст эмас,
Қанча қанча тўкилди кўзёш,
Эсга тушар алас ва алас.
Аммо қуёш нурига боқиб
Аша сени кўрганим аниқ.
Бахт дамларим ҳайқириб ўтди,
Ҳаёт сени севаман қаттиқ.
Кеча бошим силади дадам,
Кал бошимдан кулди у ҳайрон.
Қўяяпман етмишга қадам,
Мен дадамга боламан ҳамон.
04.12.12

***
Адирлар, заяклар қўйнида ўсган,
Баҳор, қизғалдоқнинг этагин ўпган.
Бугун киприкларим супурар асфалт,
Айтгин, сени ташлаб қандай кетаман.

Баҳор ёмғиридан киярдим чопон,
Шаддод ҳисларимга мен ўзим чўпон,
Шаҳар, симёғочга салом бераман,
Шаҳарлик чолларнинг ҳаммаси шайтон.

Ёз чиқиб саратон уфурса дамин,
Ҳаёт меҳроби уй, яшардим амин,
Шаҳарда ҳар бир уй катак тимсоли,
Бу ерда торайиб кетгандай замин.

Куз келиб карраклар шитир бошларди,
Бегона дарди ҳам кўзим ёшларди,
Меҳринг қайда қолди доғули шаҳар,
Қишлоқда қўшнига аза бошлайди.

Илк қорга қорхатлар ёзар эдик биз,
Пардоз қилмасидан гўзал эди куз,
Шаҳарда кампир ким, қиз ким билмадим,
Кўпда алданаман, алдандим ожиз.

Бўронда панада туғар эди қўй,
Чорвадор чўпонни қийнайди бир ўй,
Бунча ҳам беғамдай шаҳар дегани,
Гўёки эрмак йўқ, тонг саҳардан тўй.

Мана, чегаралар пайхон ҳам бўлди,
Интернет, телефон, телелар жанги,
Бу ёлғон жангларга шайтон ҳам кулди.
Барибир тенгсиздир қишлоқнинг тонги

***
Ватан деб остонам – сени айтаман,
Ватан бу – бир чимдим тупроқдир азал,
Кўзимга тўтиё аждодлар юрти,
Ватан бу – кўнглимга битилган ғазал.
Ватан бу – мен десам менда кўринган,
Борлиғу ўтмишим, келажагим шу.
Тангрининг нури бу менга берилган,
Ватанга бахт излаб интилмоқ – қайғу.
Ҳаёт бордир балки Арши аълода,
Уни кўрган эмас ҳеч бир зот ҳамон.
Ўша жойда ҳам мен айтиб Худога,
Менга ватан дейман ястанган Турон.
Ватан деб остонам сени айтаман,
Ватан менга асли бир чимдим тупроқ.
Юрагим ураркан ҳар бир дам, замон,
Менга ватан эрур туркийлик – қуроқ.
18.12.12

***
“Яхшиларга тўсиқ қўйилган,
Ёмонларга мана очиқ йўл”.1
Лолаларнинг чаноғи тўлган,
Юлар уни мудҳиш, ёвуз қўл.

Анча вақтки булут кўзи ёш,
Саратонда уради аёз.
Елкамизга текканда қуёш,
Кимнинг боғин дўл уради ёз.

Умидим бир эзгу фикрда,
Қачон эзгу сўзлар айтилар.
Ялангликдан илонхўр турна…,
Оқ амалга қачон қайтилар.
30.12.12
1. Дадахон Ўзбек сўзи

***
Менинг ҳам бошимда ҳаёт ташвиши,
Ҳар куни чопаман, турли курашлар,
Бир кун улгуролсам, дунёнинг иши,
Бошқа кун улгурмай ғамнок юришлар.
Мана, шиддат қувар ҳаёт уммони,
Елкамда ташвишлар, чўнтакда пул йўқ.
Шу пайт кўриб қолдим бир чала жонни,
Эмраниб қиларди бечора қуллуқ.
Бирдан ўз ўзимни ёқамдан олиб,
Шу банда олдида тиз чўкмоқ бўлдим.
Ахир у инсоний ғурурдан ғолиб,
Садақа сўрарди ҳаётдан мағлуб.
У мендан садақа сўрайди ожиз,
Менинг имконимни билмайди нодон.
Мен ўзим дунёдан қанчалар қариз,
Елкамда рўзғордек бир чуқур уммон.
Наҳотки мен ғолиб ҳаёт олдида,
Қарзларим узмоққа чопаман шошиб.
Балки гадо ғолиб, Тангри олдида,
Ёлғон ғурурлардан қутулиб қолиб.
02.01.13
***
Ҳақни излаб осмонга учсам,
Бўшлиқ тутмас, йиқилиб тушдим.
Сен – Лайло деб бир қизни қучсам,
Ширинларга қочарди ҳушим.

Қон тўкишда Або Муслимдек,
Шафқатсизлик қила олмадим.
Шаҳид бўлди қанча Турор, бек,
Йўқ мен тирик, ҳамон ўлмадим.

Ва изладим, қани майхона?
Ҳақ, ҳақиқат шаробда жоми?
Шунда бир сўз янграр мастона:
“Ҳақни излаб бўлмагин оми.

Ҳақ, ҳақиқат заминда йўқдир,
Муҳит узра борини кўргил.
Акс ҳолатда сени шум тақдир,
Парчалайди синдириб чил-чил”.

Бу даҳшатни эшитган ҳамон,
Иродамга изладим туҳфа.
Ҳақиқатдан қайтмам ҳеч замон,
Ғаззолийдан олдим фотиҳа.
06.01.13

***
Қўлга қалам олиб ёза бошладим… ,
Жўнамас бу хатдан…
Кўзим ёшладим.
Тангрининг даргоҳи аниқ эмас ҳеч,
Жаннатдами у ҳурлари билан,
Ё дўзах оловин қўзғаб турмоқда.
Қаранга бу қандай ҳолат бу ахир,
21 ёшли онам кўркидан
86 ёшли отам шошмасми?
Биламан онам бир фаришта бўлган,
Унга жаннат асли аталган жойдир.
Художўй, соф инсон, юрарди отам,
Ҳатто душманлари қоларди қойил.
Биридан уч ёшда ажралиб қолдим,
Армоним то ҳамон эзади юрак.
Олтмиш уч ёшимда жон узди отам,
Умид орзуларга билдириб тилак.
Бир кун бошим олиб бораман мен ҳам,
Елкамга ортганча савоб гуноҳим.
Уларни жаннатдан топаман десам,
Дўзахдан чиқмасми охирги оҳим.
Мен дўзах қаърига раво бўлсам гар,
Жаннатни тарк этиб келади онам.
Раво бўлса агар охирги самар,
Бунга чидай олмас дуогўй отам.
Шундай муаммога чулғаниб қолдим,
Жўнатмоқ манзилин билмай бу хатнинг.
Жонимни ҳовучлаб қўлимга олдим,
Жўнамас бу хатни қулочлаб отдим.
09.01.13

***
“На уйим бор ва на мозорим…”
Ёдгор Обид
Баҳор яқин баҳор олдинда,
Қуёш нурин сочаяпти зўр.
“Озодлик”нинг остонасига,
Дўстим бошни бир дам қўйиб кўр.

Қор тагида уйғоқ бойчечак,
У зиёни кўради албат.
Тор торайиб узилар ичак,
Бобо қуёш тўкар салобат.

Орзуни жим кутар садоқат,
Озодлик боғида остона.
Доимо умидвор адолат,
Дўстим, ахир бу Ватан она.
14. 01.2013

***
Юриб ушбу замин узра бир офатда,
Етолмам кавсари оби балоғатга,

Интилтириб инжулари зор айлатди,
Ҳар кун саҳар имлаб мени фароғатга.

Мен ҳамон сарсон кезарман ринду амал,
Ўзгалар ўз жоми ила саломатда.

Оҳлар уриб сўнгги қадаҳ майни тўкиб,
Тавоб қилдим майхонани надоматда.

Неки Журъатла итаргай тоқи афлок,
Ул заминда чидайсан дер бу ҳолатга.
18.01.13

***
Уйғониш қийиндир
Уйғониш азоб.
Билмай ётаверасан карахтлигингни,
Қўзғолмай интилсанг
Осмонга қараб
Сезмай ҳам қоласан дарахтлигингни.
Қуёш бу маммача интиласан роз,
Оёғинг тагидан оқиб турса сув.
“О мен яшаяпман” берасан овоз,
Ўзингча ўйлайсан ҳамма қитмир, қув.
Аслида жонсарак яшаганингни
Сезмайсан.
Тобутни тахт дейсан ўзинг овутиб,
Вақтнинг елкасида кетаверасан.
Бир бора очсанг гар кўзларинг йиртиб,
Атрофда жонзотлар, қуртлар…
Ҳатто капалак…
Бир дамлик умрига шошиб боради…
Азизим!!! Уйғонгин!!!
Уйғон Ота Шарқ.
Ибодатга ҳам вақт бергин,
Майли…
Аммо кампларни ҳам унутма…
Атом бомбасига ҳам қувон…
Бу фан…
О, Шарқ…
О, турк…
Уйғон!!!
28.04.12

***
Бахт ранги камалакдир,
У кўзларнинг жилоси,
Етмаганлар ҳалакдир,
У дилларнинг нидоси.

Бахт ранги жўшқин оҳанг,
Нозик эрур пардаси.
Бахтда диллар ҳамоҳанг,
Табиатнинг алласи.

Бахт ўзи бир сарвиноз,
Унинг ҳамма гадоси.
Бахтлида мағрур овоз,
Бахтсизнинг чиқмас саси.

Мана сизга бахт ранги,
Қайси ёқса олинг бот.
Сиз ва бизга бергани,
Бахт ўзи ушбу ҳаёт.

***
Осмонга чирмашиб кетади ҳислар,
Булут қўлтиғида учар бир малак,
Эрк излаб учади қалбдаги қушлар,
Буни тушунолмай ҳаммамиз ҳалак.

Эй осмон мен сени соғиндим жуда,
Айниқса малаклар парвози орзум.
Ҳой малак сенмисан ўшал мавжуда,
Тўхтагин ҳуснингга тўйайин бир зум.

Тўхтагин сен ҳам бир табиат сири,
Сенинг ҳам вужудинг қайларга шошар.
Сени ҳам ёқдими муҳббат атри,
Ҳар бир ишқ аҳли бу – ёнар қуёшлар.
14.02.13

Армон
Қўрғонларнинг гард, тупроғи товонимда,
Қачонлардир улар ҳам бир шаҳар бўлган.
Ўтмишдаги армонлар бор томоғимда,
Улар менга боболардан мерос қолган.

Ҳар бир аср, ҳар бир замон ўз дардини
Айтиб ўтган қўрғонлару эҳромларда.
Биз авлодлар кўриб келдик армонларда.
Фазодаги мардликларнинг чанг гардини.

Ҳар бир шахснинг бошин силаб қуёш турса,
Балки армон бўлмас эди ушбу дилда.
Ҳар бир Широқ, Тўмарислар даврин сурса,
Ич-ичидан ободмиди ҳар бир кулба.

Биз ҳам бугун тинмай қуриб қўрғонларни,
Бахт излаймиз, тахт излаймиз тинмай ҳамон.
Наҳот дилдан ювиб бўлмас армонларни,
Дилда қолар энг бўлмаса битта армон.
21.06.07

***
Эсиз, оёғидан боғлиқ бургутлар,
Тутқунликни кўрмай учмоқ истайди.
Эсиз, тез пишиб тўкилар бу тутлар,
Қафаслаги шер наъраси пуч дайди.

Ломакон дарёлар аталади сел,
Шиддати ўзанда тинчиб қолади.
Дўстгинам, бу юртни тузатайлик кел,
Десам кўзлар ўзин четга олади.

Балки нийят тоза тутқун бургутда,
Асли насли унинг бургутку ахир.
Нийят соф бўлмайди ҳар дайди итда,
Чумоли ётмайди кемирар тақдир.

Сувда савлатини кўриб баҳайбат,
Ночор белидан у нолиб қўяди.
Бир чимдим ғизодан тўпланади бахт,
Бир тишламдан йиғиб халқ ҳам тўяди.
16.02.13

***
Биргина муаммо – бу менинг ўзим, 1
Ўнгга борай десам чапни танлайман.
Дунё шалдир-шулдир тортади кўзим,
Ўзимни битта деб, ўзим талайман.

Биргина муаммо – бу менинг ўзим,
Шоҳларга адолат сўзин тутқазиб,
Кўзимда кўзёшлар гўёки узум,
Адолат бобида пойга ютқазиб.

Биргина муаммо – бу менинг ўзим,
Камалак нурига ранглар чаплайман.
Ён атроф дўстларга тилайман тўзим,
Товуслик ролини ўжар эплайман.

Биргина муаммо – бу менинг ўзим,
Қачон қарамайин юрагим тимда.
Эй олам, наҳотки қолмайди изим,
Амалда суюқман, буюкман тилда.

Биргина муаммо – бу менинг ўзим,
Эй ҳаёт, тинч қўйгин, тизгинимни бер.
Осмон, бошим сила, юпатгин ўзинг,
Гуноҳим шунча кўп, кўтаролмас ер.

Биргина муаммо – бу менинг ўзим,
Ишгамас, гапимга олқиш айтаман.
Биргина муаммо – бу менинг ўзим,
Сўроққа мен ўзим келсам қайтаман.

Биргина муаммо – бу менинг ўзим,
Наҳот мен ўзимдан мен ўзим кечдим.
Мен ўзим тилайман ўзимга тўзим,
Мен ўзим муаммо – мен ўзим ечим.
10.02.13
1. Мусалламбону сўзи

***
Қанчалар қарасам қалбим тўрига,
Чақалар жаранги қулоқдан кетмас.
Сариқ чақалар бу манглай шўрига,
Бир қултум сувга ҳам қуввати етмас.

Бобомку Сибирда сувлар симирди,
Москов метросининг қазди чуқурин.
Ватанга қайтгум деб тошлар кемирди,
Ватан сен кутдингми айтса узурин.

Уку қулоқ эди, асл “босмачи”,
Менинг не айбим бор қулоқ боласи.
Ватан, сўрагин сен нега оқ сочим,
Менинг умримда ҳам қулоқлар саси.

Эрк қуши учганда кўксимни очиб,
Сажда бажо қилдим она тупроққа.
Ғофилнинг оғзидан таноби қочиб,
Босқинчи русларни бўярди оққа.

Ҳеч бир босқинчида шафқат бўганмас,
Оқми у қизилми, бари босқинчи.
Рус босқинчиси мустасно эмас,
Санайвер тарихни, булар нечанчи.

Оғир бу кунларда туриб бер танти,
Битта ғишт бўлса ҳам кўтаргин болам.
Ғафлат уйқусидан уйғот ватанни,
Ватан озод бўлсин нодонликдан ҳам.

Биласан, оғир дард оддий нодонлик,
Унинг ҳамтовоғи дину жаҳолат.
Тур, болам, Ватанга дардман бўлайлик,
Бугун қийин, аммо ўтар бир ҳолат.
07.02.13

***
Асрлар расмидан жой олган,
Даҳшат худосининг чексиз сиймоси,
Кичкина оддий бир сўз бор,
Унинг тагида кўплар уввоси,
Бу сўз даҳшатлидир
Унинг номи дор.

Омма томошога талпинди шу он,
Унинг кўзларида қувонч ва туғён.

Замонлар ўзгариб ранглар ўзгарди,
Даҳшат худоси ҳам ўмбалоқ отди,
Ранглар жилосида дорнинг рангги ҳам,
Қилич ва кундага айландиб қотди.
Қиличда чопилди сўзлар жилоси,
Кундага урилди қоннинг уввоси.

Омма чапак чалди, дарё оқди қон,
Очкўз бу оммага керак эди нон.

Яна замон ўтди, ўтди асрлар,
Шоҳлар нон тарқатиб базм беришди.
Ўзини билмаган ландаҳур омма,
Яна томошога зимдан эришди.
Энди сўз судларда жонини берди,
Судларни уйида кўрарди ҳамма.

Очкўз омма алданди яна,
Энди у куларди уйда бачкана.

Дору қиличларни ихтиро қилиб,
Неларга эришдинг бани одамзод.
Бугун кун аслида Лондонда туриб,
Озод Африкани уриб йиқитдинг.
Наҳот сен шундайин абад қоласан,
Томошога ўч бир нодон боласан.

Ҳамон чапак чалар бу очкўз омма,
Ҳаммамиз кирамиз бу сўзга “ҳамма”.
12.09.11

***
Ranglarga ko’chadi dardlarim…
Матода қотади гул бўлиб.
Тўзонлар қувади баргларни,
Ҳазонлар ўйнайди қулф уриб.
Қорийди бўёқни машшота,
Тақдирга эътибор бермайди.
Белимга боғладинг бир фўта,
Қувватим – ҳеч ечгим келмайди.
Жилода жозиба ёнади,
Тасвирдан излайман ўз аксим.
Нозларинг қайларга судради,
Ranglarga ko’chadi dardlarim…
19.01.13

Бугуннинг қадри

2005 19 УП куни Сенат йиғилишида Президент ўта куюниб “ўзининг шахсий манфаатларини, бугунги ва эртанги ҳаловатини халқ манфаатидан устун қўйиш, ҳар эҳтимолга қарши, ким билади, эртага замон ўзгарса, мен қай аҳволда қоламан, қандай мансаб ва имтиёзлардан жудо бўламан, деб ўйлаш ва шундай фикр билан яшаш – айрим вазифа курсисида ўтирган шахслар учун одатга айланиб қолгани ҳам, афсуски, ҳеч кимга сир эмас”, деди.

“Бугуннинг қадрига етгин, биродар,”
А. Орипов
Қумурсқа ларзони четда қолмасин,
Бугуннинг бир дами йилга баробар.
Қўлда меҳнат бўлсин, белинг толмасин,
“Бугуннинг қадрига етигн, биродар.”

Жаҳон шиддат билан елади доим,
Бизларга бир пана бугун бўлса бас.
Бошқалар дунёни қиларкан қойил,
Сендачи лаззатга сўнмасин ҳавас.

Дунёда абадий қолади меҳнат,
Ҳавас ҳам қолади, ҳасадку доим.
Арзийди, арзийди фақат бир шуҳрат,
Ва унинг лаззати асл мулойим.

Миллиард юлдузларнинг акси абадий,
Халқу миллат дея қотирмагин бош.
Жаннатга етади фақат соф сабий,
Мавҳумдир кимларнинг наздида қуёш.

Бошингда тик турар экан бошпана,
Дақиқа ўтмасин куйла барқарор.
Балки эрта индин чекарсан оҳ-воҳ,
Бугунни ўйлагин, бадбахт, биродар.

* * *
Замон, сенга бир қарасам
Аждаҳонинг кўзи билан.
Жаҳон, сенга бир қарасам,
Нақ Исонинг кўзи билан.
Замон,
Жаҳон, сенга бир қарасам,
Зардўшт бобом кўзи билан,
Мазда номи бўлсин қасам,
Ҳақиқатнинг сўзи билан.
Будда, сенга сиғинсамми,
Ахир жоним қайтиб келар.
Таврот, Инжил, ҳаммасини,
Йиғиб берсам балки бўлар.
Дунё юзин тўзон босса,
Авлод сўзи қолса номсиз,
Қўлимдаги синиқ ҳасса,
Кўкармайди жонсиз, қонсиз.
Ҳа,я жаҳон, Сенга асло,
Афлотунлар керак эмас,
Сенда бугун тубсиз тўфон,
Суяклари синган Кубро.
Даҳшат кўзи ёниб турар,
Мўлтирайди ишқ нигоҳи.
Ўлдир деган янграр қарор,
Илтижонинг инграр оҳи.
Қай кўз билан қарай сенга,
Кўзларимда қон тўла ахир.
Қай юз билан қарай сенга,
Юзим шувут, хаёл бетаҳрир.
Кўзларимдан оқиб борар нур,
Лек юракда қайнайди ғурур.
Ҳа, мен ҳам яшадим, кулдим,
Эрк деганни севдим ялиниб.
Юрагимда якка бир белги,
Мен ҳам инсон эканман, ажиб.
Мана энди кўзларим очиқ,
Аммо кўрмас дунё нелигин.
Эҳ, дунёю дун, Сенку бир қанжиқ,
Наҳот билсанг менинг кимлигим.
Биласанми, мен ҳам бир одам,
Тунлар бошим қашийман ҳориб.
Нима экан ушбу шум олам,
Сўрайманку албатта бориб.
Дунё, сенга назар солмадим,
Саллам олиб қилдим пайтава.
Мен ўзимга ўзим муаллим,
Ўзим дарду мен ўзим даво.
Ўчоғимда атом бомбаси,
Косов унга компютер, малай.
Клонларга мамма наннаси,
Яшаяпмиз биз ҳам ҳарқалай.
Жаҳон, сенга назарим тушди,
Севиб қолдим кўрган заҳоти.
Аммо замон тишимни тўкди,
Мендайларнинг синди қаноти.
27.09.09

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn