Миршариф Хўжаев: ”Ҳодарвеш шамоли” (давоми)

mirsharif akaХотира – қисса

(72 – 99  қисмлар)

72.

Вилоят теле-радио комитетида январь ойида иш бошладим. Ҳамма билан танишгач, ўринбосарим – Омонбой Йўлдошевдан “мен кўрмаган яна ким қолди?” деб сўрадим.
–Қоровулимиз Абдурасул ака уйида бетоб ётибди, – деди муовин.
Касал кўргани бордик. Абдурасул ака эски шаҳарнинг Зомини маҳалласидаги торгина, хароб ҳовличада яшаркан. Кўрпа-тўшак қилиб, ётиб олибди. Салом-аликдан кейин аҳвол сўрадим. Синиқ жилмайди-да:
–Акун пешонага бори-дия, укажон, – дея кўзларига ёш олди.

Дийдасидан оққан сувни кафти билан сидириб:
–Локин бачала ҳоли ёш-дия, биттасиниям хонадор қилганим емас, – деди.
Шу аснода бетлари сарғиш, ориқ аёл кириб, ерга дастурхон ёзди, биз келтирган иккита нон, мева-чеваларни қўйди. Бекадан доғланмаган оқ ёққа буланган моғорлаган нон ҳиди келарди. Хона четида мудраб ўтирган мушукча дастурхон ёзилганини кўриб, югуриб келди-да, нонни ҳидлади. Хижолат тортган Абдурасул ака “пишт-э”, дея уни ушлаб, четга улоқтирди.
–Нима безовта қилади? – касаллиги билан қизиқдим.
–Давлени, ука, давлени.
–Нечига чиқади? – яна сўрадим.
–Бир юз қирқга тўқсан.
Бу гапни эшитиб, кулгим қистади.
–Ундай бўлса, ҳозир ўрнингиздан ирғиб туринг, – буюрдим, кулгидан ўзимни зўрға тийиб.
Чойнак кўтариб хонага кирган бека бу гапимни эшитиб:
–Иби-иби, ука мулло, ўлиб қоладула, ундой қилманг. Ман бу бир доман (этак) баччани қандоқ катта қиламан!? – дея ҳаяжонланди.
Абдурасул ака ҳам ҳайрон эди.
–Ҳазил қилмаёпсизми, раис? – безовталаниб сўради.
–Ёшингиз нечада?
–Эллик иккига.
–Мен қирқдаман. Ҳозир қон босимим бир юз элликка юз, – дедим уй соҳибини тинчлантириш учун.
–Йўғ-е, – ишонқирамай, ажабланди Абдурасул ака.
–Эртага касаллик варақасини ёптириб, ишга чиқасиз. Бачаларингизни биргалашиб хонадор қиламиз, ҳар бир тўйда иккаламиз бир рюмкадан вино ичамиз, – ҳазиллашдим.
(Олдиндан айтиб қўяй, Абдурасул аканинг ҳамма ўғил-қизларини уйлантириб, чиқардик ва ҳар бир тўйида шу гапни эслатиб, барчанинг кўз ўнгида бир қултумдан вино ичдик. У кишининг ёши саксондан ошди. Ҳали тетик).
Хайрлашишимиздан олдин қоровул:
–Янгангиз ҳам, балоғатга етган уч ўғлим ҳам бекор, ўйга ўтурубту, – дея арз қилди.
–Ҳаммаси келсин, ишга оламиз, – ваъда бердим.
Абдурасул аканинг хотинини фаррошликка, бир ўғлини қоровулликка, яна бирини омбор мудирлигига, учинчисини, идорамиз ҳовлисида битта қурт еган олма ва битта ўрик дарахти бўлишига қарамай, боғбонликка ишга қабул қилдик. Қилич Абдурасулов деган ходимимиз “Булар кимингиз бўлади, ҳаммасини ишга олдингиз?” деб сўраганида, Абдурасул аканинг хотини холам, дея ҳазиллашдим.
Февралнинг бошларида Республика Давлат теле-радио комитети маҳаллий эшиттиришлар бошқармасидан Бурҳон Зиёев деган киши қўнғироқ қилиб, янги вазифага тайинланганим билан қутлади-да:
–Устингиздан биринчи шикоят тушди, Қилич Абдурасулов ёзибди, бу билан ҳам табриклайман, – деди. – Ходимларнинг январь ойи учун оладиган маошлари кечиктирилибди.
Буни билардим. Чунки вилоят комитети ҳар йил бошида Республика комитети томонидан молиялаштирилар экан. Бу йил бош идорамиз мазкур масалани бирмунча кечиктирган, яъни бизнинг айбимиз йўқ эди. Янги иш жойимда молиялаштириш жуда қизиқ экан. Бир йилга комитетимизга жами бир юз йигирма минг сўм ажратилиб, сарфланмай қолган маблағ, ҳатто бетоб бўлиб ишга чиқолмаган ходимларга тегишли пулларни ҳам, йил охирида Молия вазирлиги қайтариб оларкан. Ҳали шикоят ҳақида эшитмай, масалага аниқлик киритгандим. Очиғини айтсам, бу қашшоқ ташкилотга ишга келганимдан афсусландим ва ҳисобчига ўзимиз пул ишлаймиз, дедим. У кулди.
Вилоят теле-радио комитети деб аталарди-ю, телевидение йўқ эди. Бир кеча-кундузда ўзбек, тожик, рус ва қрим татар тилларида жами бир соатлик радио эшиттиришлар тайёрланарди ҳамда, белгиланган вақтда, Тошкент радиоси эшиттиришлари тўхтатилиб, вилоят дастури эфирга бериларди. Мабодо Республика радиоси вақтидан бир дақиқа уриб қолсак, махсус назорат бўлими маълумоти асосида, мени Давлат теле-радио комитети ҳайъати мажлисида турғазиб, тергашарди. Шунга қарамай, эфир орқали пул ишлашга қарор қилдим.
Тошкентдан Бурҳон Зиёев яна қўнғироқ қилиб:
–Укажон, икки ой ишлар-ишламас, устингиздан иккинчи шикоят тушди. Буни ҳам Қилич Абдурасулов ёзибди, – деди.
Бу шикоятда Қилич: “…раисимиз идорани қариндош-уруғчилик маконига айлантирди. У холасини, унинг эрини, уч ўғлини ишга олди. Бир оиладан беш киши, раиснинг ҳам ўша уруғданлигини ҳисобласак, олти киши бир идорада ишлайди. Совет ташкилотида шундай уруғ-аймоқчилик бўлиши мумкинми?” дея арз қилибди.
Идоранинг иқтисодий муаммолари ҳаддан ортиқ кўп-у, қилар ишини билмай, тентираб юрувчи ходимлари ундан ҳам кўп эди. Тўрт тилда фақат хабарлар берилади. Хабар ҳам қайси чўпон бир совлиқдан қанчадан қўзи олди, кимнинг сигири серсут, пахта топшириш режасини ким биринчи бўлиб бажарди тарзидаги олди-қочди гаплар эди. Том маънодаги хабардан хабар ҳам йўқ эди. Шу тутруқсиз эшиттиришлар учун режиссёр лавозими ажратилган. Ўзига бино қўйган режиссёрТоҳир Султонов деган йигит сочларини елкасига тушириб, ҳар кун ширакайф юради. У билан Шуҳрат Садинов деган мухбирни чақириб:
–Радио орқали реклама ташкил қиласизлар, – дедим.
Узоқ йиллардан буён режиссёрлик маошини олиб келаётган Тоҳир:
–Рекламани эфирга бериш учун вақтни қаердан оламиз? – деди.
–Тошкент радиоси вақтидан ўн беш дақиқа ажратиб бераман, – ваъда қилдим.
–Ҳм, – деди Султонов кибр аралаш ишонсизлик билан. – Буни учун қамаб юборишади, ўртоқ раис! Тошкент радиоси вақтидан бир минут олинса, нима бўлишини биласизми?
–Биламан, сиз айтганимни қилинг. Қамашса, мени қамашади, – гапга узил-кесил якун ясадик.
Шу тариқа ҳар кун эфирга ўн беш дақиқалик эълон бера бошладик. Рекламачи Султонов билан Садинов аввалига нуқул ўз яқинларини бепул табриклашдан бошлашди. Эфир орқали табрикланмаган қариндош-уруғлари қолмагач, хаёлларига келган номни айтиб, қутлашар, сўнг битта ашула беришарди. Иш бошлаганимизга уч ой бўлибди ҳамки, четдан бирор киши келиб, эълон бермайди. Одамлар ҳали бунақа нарсага кўникишмаганлигидан, биров эътибор қаратмасди. Ишимиз юришмаётган шундай кунлардан бирида Султонов хонамга кириб:
–Ўртоқ раис, бу ишимиз бўлмади, энди тўхтата қолайлик, – деди.
–Йўқ, Тоҳиржон, – дедим, – бу ишни энди тўхтатиб бўлмайди. – Бир иш қиласизлар. Мен ҳозир эълон матнини ёзиб бераман, диктор эфирга ўқисин.
Шундай дедим-да, матнни тайёрлашга киришдим. Унда: “Диққат, диққат! Самарқанд туманининг Мотруд қишлоғида яшовчи Эшмурод бобонинг эшаги йўқолди. Эшакнинг белгилари: ранги оқ, устида тўқуми бор. Яғринида халачўпнинг излари қолган. Уни топишга ёрдам берганларни мукофот кутмоқда. Эшак ҳақида маълумотга эга бўлганлар вилоят теле-радио комитетига хабар беришлари мумкин”, деб ёздим. Тоҳир уни ўқиб, қўрқиб кетди.
–Э, ўртоқ раис, ҳазилашмаяпсизми? Тошкент радиоси вақтини ўғирлаганимиз учун қамамаса ҳам, КГБ буни учун ҳаммамизни олиб тиқади.
Бу эълонимиз шов-шув бўлиб кетди. Йўқолмаган эшакни топдим деб биров келмади ҳам. Шу-шу бўди-ю, радиомизга одамлар эълонлар берадиган бўлишди. Идорамиз ҳисобхонасига пул туша бошлади. Бош ҳисобчи:
–Ҳисоб рақамимизда бир неча минг сўм пул пайдо бўлди, нима қиламиз? – деб сўради.
–Ишлатаверинг, – бамайлихотир жавоб бердим.
–Уни ишлатиб бўлмайди.
Пул ҳисоб-китобидан мутлақо бехабар мен учун бу кутилмаган гап эди.
–Ишлатиб бўлмаса, уни тўплаб нима қиламиз? – ажабландим.
–У маблағни ишлатиш учун аввал, ҳужжатлаштириш керак, – тушунча берди ҳисобчи. – Биринчи навбатда, жамоани тўплаб, реклама ташкил қилажагингиз ҳақида маълумот берасиз. Жамоа розилигини олгандан кейин, реклама бўлимининг низомини тайёрлаш, сўнг тўпланган пулнинг қанча фоизини қайси мақсадда ишлатиш сметасини тузиш керак ва ҳоказо.
Ҳисобчи айтганларини қилиб, маблағни ишлата бошладик. Намуна кўрсатиб меҳнат қилувчиларга минг сўмгача мукофот пули ажрата бошладик. Бу жуда катта маблағ эди ўшанда. Ходимлар маошига қўшимча ҳақ тўлайдиган қилдик. Ҳамма хурсанд. Фақат ўзим бир тийин ҳам олмайман. Чунки бу ноқонуний ҳаракатим эрта бир кун очилиб қолса, жавоб беришим мумкинлигини ўйлардим ва ўзи ҳам манфаат кўрган деган айб қўйилмаслиги учун шундай қилардим.
Ўйлаганимдек бўлди. Номимга Москвадан, СССР Давлат теле-радио комитети раиси Аксёнов имзоси билан телеграмма келди. Унда: “Как нам стало известно Самаркандский областной комитет по телевидению и радиовещанию передаёт платную рекламу. Это противоречит принципам советского радио. Запрещаю. Аксёнов», деб ёзилганди.
Телеграммани фақат ўринбосарим билан бош ҳисобчига кўрсатдим.
–Энди нима қиламиз? – сўради ҳисобчи.
–Ишни давом эттирамиз.
Орадан бир йилдан кўпроқ вақт ўтди. Москвадан тақиқланган ишни давом эттиряпмиз-у, ичим така-пука. Ҳеч қурса Республика комитетига хабар берай, деган хаёл билан, маҳаллий эшиттиришлар бошқармаси бошлиғи Леонид Рабиновичга қўнғироқ қилиб, реклама ҳақида айтдим. У киши бирданига тутақиб кетди. “Бу ўзбошимчалигинг учун суд олдида жавоб берасан! Мен ҳозир комитет раиси Инқилоб Турсуновна Юсуповага айтаман, эртагаёқ Тошкентда бўл!” дағдаға қилди. Ўринбосарим билан бош ҳисобчини чақириб, рекламамиз тугади, дедим. Учаламиз ҳам тушкун ҳолатда ўтиргандик, телефон жиринглади. Леонид Самойлович соф фарғонача шевада гапирди:
–Манга қара, Хўжаев, бу рекламани қандоқ ташкил қилдинг? Инқилоб Турсуновна қизиқиб қолдила. Шу ҳақда подробно ёзиб юбора оласанми?
“Подробно” ёзиб юбордим. Республика Давлат теле-радио комитети ҳайъатининг навбатдаги мажлисида кўрилган масалалар орасида “Самарқанд вилояти теле-радио комитетининг пулли реклама ташкил этиш бўйича тажрибасини маъқуллаш ва Республикага кенг ёйиш” тўғрисидаги масла ҳам бор эди. Ҳайъат қарорида: “Барча вилоятлар, Республика Давлат теле-радио комитетларидан бир ҳисобчи ва бир журналист Самарқанд вилояти комитетига ўн кунга хизмат сафарига юборилсин ва реклама ташкил қилиш тажрибасини ўрганишсин. Самарқанд комитети тажриба ўрганиш учун борадиганларга меҳмонхона ва бошқа шарт-шароитларни ташкил қилсин”, деб ёзилганди. Девона билан таваккалчининг ишини Худо тўғрилайди, деб шуни айтсалар керак.

73.

Халқ депутатлари Самарқанд вилоят кенгаши ижроия комитетига чақириб, депутатлик гувоҳномаси ва депутатнинг кўкракка тақадиган нишонини беришди. Демак, депутатликка сайлашганини билмай қолганман.
1987 йилнинг 6 июнида халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдаги сессияси бўлди. Унда Ўзбекистон ССР Олий совети президиумининг раиси (атамалар ўша пайтда қандай ишлатилган бўлса, шундайлигича бериляпти) Рафиқ Нишонов иштирок этди. Сессияга вилоят партия комитетининг биринчи котиби Рашид Ашуралиев раислик қилди. Биринчи масала муҳокамасидан сўнг Ашуралиев:
–Сессия кун тартибидаги иккинчи масала – сайловчилардан тушган наказларни назоратдан чиқариш бўйича сўз халқ депутатлари вилоят кенгаши ижроия комитети масъул котиби Абдували Пиримовга берилади, – деди (рус тилида сўзлади, албатта. У пайтларда ўзбек тилида гапирилмасди).
Абдували Пиримов минбарга чиқиб:
–Ҳурматли депутатлар! Самарқанд шаҳрининг Обираҳмат маҳалласидан бир гуруҳ сайловчилар маҳаллалари ҳудудидан оқиб ўтадиган Обираҳмат ариғи сувининг жуда ифлослангани, уни тозалаш лозимлиги хусусида депутатимизга наказ беришган эди. Ариқнинг суви тозаланди. Шу наказни назоратдан чиқаришларингизни сўраймиз, – деди.
Ашуралиев:
–Мазкур наказ назоратдан чиқарилсин деган депутатлар қўл кўтариб, тасдиқлашларини сўрайман, – дея масалани овозга қўйди.
Депутатлар ёппасига қўл кўтаришди.
–Қаршилар борми? – деди раислик қилувчи.
Ўрнимдан туриб:
–Мен қаршиман, – дедим.
Залдаги мингга яқин киши менга қаради.
–Кеча – 5 июнда Халқаро атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни муносабати билан вилоят радиосидан Обираҳмат ариғининг суви етти рангда товланиб оқяпти дея фельетон берилди, – гапимни давом эттирдим. – Унда ўша ариқ қирғоқларида жойлашган кўн заводи, пиллакашлик ва пахта титиш фабрикалари директорлари, маҳаллада яшовчи сайловчилар интервью бериб, мазкур корхоналар ишлатадиган бўёқлар, кимёвий моддалар, барча чиқиндилар шу ариққа ташланади, дейишди. Биргина менинг овозим билан наказни қайтадан назоратга олмайсизлар, албатта. Аммо биз радио тингловчиларга нима деб жавоб берамиз?
Залга сув сепилгандек сукунат чўкди. Ҳеч ким гапирмасди. Абдували Пиримовнинг қўлидаги қоғозлари титрай бошлаганига эътибор бердим. Ашуралиев Нишоновга қаради. Олий совет президиумининг раиси жимликни бузди. У киши ўзига хос ингичка, бўғиқ овозда:
–Товарищ правильно говорит, так что наказ возмите обратно на контроль, – деди.
Ашуралиев:
–Кто за то, чтобы данный наказ обратно взять на контроль прошу проголосовать, – дея мазкур масалани яна овозга қўйди.
Ҳамма депутатлар қўл кўтариб, ўттиз йилдан кейин ҳам суви тозаланмаган ариқ масаласини қайтадан назоратга олдилар.
Кўп ўтмай вилоятимизда ҳам, Республикамизда ҳам биринчи раҳбарлар алмашишди. Самарқандда Назир Ражабов вилоят партия комитетининг, Республикада Рафиқ Нишонов компартия марказий комитетининг биринчи котиблари бўлишди.
Ўша йил кузида КПСС марказий комитети пленуми қарорида иттифоқдаги барча республикалар ва вилоятлар партия комитетлари пленумлари ўтказилиши, уларда бюролар ҳисоботи тингланиши зарурлиги кўсатилди. Саксон еттинчи йилнинг 27 декабрида вилоят партия комитетининг пленуми чақириладиган бўлди. Анжуман бошланишидан уч кун олдин вилоят партия комитетида ишлаётган Фармон Тошев (ҳозирги кунда собиқ “Ленин йўли” “Зарафшон” газетаси бош муҳаррири, сенатор) қўнғироқ қилиб, “пленумда музокарага чиқасизми? деб сўради. Хонамда радионинг рус тилидаги эшиттиришлари таҳририяти раҳбари Эдуард Данильян ўтирганди. Телефон гўшагини кафтим билан ёпиб:
–Пленумда сўзга чиқишни таклиф қилишяпти, нима дейсиз?” – дея сўрадим.
–Биринчи котиб Ражабовни танийсизми? – У ҳам савол берди.
Танимайман деганимдан кейин:
–Ражабов шундай даражага етиб келиш учун қанчадан-қанча «марҳум»лар жасади устидан ҳатлаб ўтганини билмайсиз-ку, ўзингизни тиққа уриб нима қиласиз? – деди.
Тошевга сўзга чиқмаслигимни билдирдим.
Эртаси куни КПСС марказий комитети ташкилий бўлими мудирининг пленумда қатнашиш учун Самарқандга келган ўринбосари оммавий ахборот воситалари раҳбарлари ва вилоят мухбирлари билан учрашди.
–Вилоят партия комитетининг оммавий ахборот воситаларига муносабати қандай? – деб сўради у барчадан.
“Совет Ўзбекистони” газетасининг вилоят бўйича мухбири Жаҳонгир Маматов (Жаҳонгир Муҳаммад) бу саволга “ёмон”, деб жавоб берди.
–Ёмонлигини исботлайдиган далилларинг борми? – яна сўради москвалик меҳмон.
Камина бир неча далил келтирдим. Марказий комитет вакили:
–Шу далилларни эртага пленумда айтасиз, – деди.
Музокарага чиқишни таклиф қилишди, рози бўлмадим. Сизга шу далилларни бераман, ўзингиз гапиринг дедим. У ҳам хоҳламади.
27 декабрда пленум бошланди. Унинг ишида Ўзбекистон компартияси марказий комитетининг биринчи котиби Рафиқ Нишонов иштирок этди. Назир Ражабов маъруза қилди. Залдаги биринчи қаторнинг энг чеккадаги ўриндиғида ўтиргандим. КПСС марказий комитети вакили ҳайъат аъзолари билан келиб, саҳнанинг камина рўпарасидаги стулга ўтирди.
Биринчи котиб ва барча бюро аъзоларининг чиқишлари тинглангач, музокаралар бошланди. Москва вакили менга минбарни кўрсатиб, сўзга чиқасан ишорасини қилди. Бош ирғаб, йўқ дедим. Бир оздан кейин у яна имо қилди. Бу гал ҳам кўнмадим. Учинчи марта шу ҳаракатини такрорлаганидан сўнг розилик билдирдим ва бир вараққа “менга сўз беринг”, деб ёзиб, пленумга раислик қилаётган вилоят партия комитьети иккинчи котиби Сергей Васильевнинг қўлига тутқаздим.
Бироқ каминага сўз беравермади. Москвалик меҳмон ёнида ўтирган кишига мени кўрсатиб, бир нима деди. У ҳам ёнидагига, хуллас ҳайъатда Васильевгача қатор ўтирганларнинг ҳаммаси бир-бир менга ишора қилиб, сўз берилишини раисга етказишди. Васильев шунда ҳам сўз бермади. У ўрнидан турди-да:
–Ўртоқлар музокарага чиқиш учун ўттиз бир киши ёзилган. Йигирма бир киши гапирди. Энди навбатдаги сўзни марказий комитетнинг биринчи котиби ўртоқ Рафиқ Нишонович Нишоновга берсак-да, шу билан музокараларни тўхтатсак, деган таклиф бор, – деди.
Рафиқ Нишонов ўрнидан турди. Васильев эса биринчи котибнинг турганига эътибор бермай:
–Сўзга чиқишни қаттиқ талаб қилувчилар йўқми? (настаивающих нет?), – дея гапини давом эттирди.
Ўрнимдан туриб:
–Я настаиваю, – дедим.
Рафиқ Нишонов жойига қайтиб ўтирди. Васильев довдираб, Назир Ражабовга қаради. У кўзи билан гапирсин ишорасини қилди. Залда жуда ўнғайсиз ҳолат юз берди. Раис кимлигимни эълон қилмасдан:
–Вам слово, – деди.
Минбарга чиқиб, ўзимни таништирдим. Назир Ражабов зарда билан:
–Мы вас знаем, – деди.
Аммо у ҳали мени билмасди.
–Очиғини айтсам, сўзга чиқмоқчи эмас эдим, – дея гап бошладим. – Бироқ биринчи котибнинг маърузасини, бюро аъзоларининг чиқишларини тинглаб, сўз олишга мажбур бўлдим. – Бу қанақа гап? Бюро аъзолари ҳисобот бериш ўрнига, яна эскичасига, пленум аъзоларидан ҳисобот талаб қилишяпти. Мендан олдин сўзга чиққан обком котиби Маҳмуд Умаров “у ишимиз ёмон, бу ишимиз ёмон”, деди. Маҳмуд Акбарович, ишингиз ёмонлигини биламиз, сиз вилоят партия комитетининг котиби, бюро аъзоси сифатида ўша ёмон ишларни яхшилаш учун нималар қилмоқчилигингизни гапирмадингиз-ку?! Вилоят касаба уюшмалари иттифоқи (совети) раиси, бюро аъзоси Марям Шодиеванинг гапини қаранг. “Вилоят партия комитетига Назир Ражабович биринчи секретарь бўлиб келдилар-у, музлар силжий бошлади”, дейди. Кечирасиз, Марям Баҳриддиновна, музлар Назир Ражабов биринчи котиб бўлганидан кейин эмас, Михаил Сергеевич Горбачёв КПСС марказий комитетининг бош секретари бўлганидан сўнг силжий бошлаганди.
Рафиқ Нишонов “правильно”, деди. Тентакнинг жойи тўрда, деганларидек, биринчи котибнинг бу далдаси руҳлантириб юборди.
–Назир Ражабович кеча журналистлар билан учрашувда “Самарқанд ёғоч-тахта омборида ўғрилар ин қуриб олган. Бирорта газета ёки теле-радио бу ҳақда миқ этмайди”, деди. Вилоят радиоси шу масалада икки марта танқидий чиқиш қилган ва бир фельетоннинг нусхасини вилоят партия комитетининг иккинчи котиби Сергей Васильевнинг иш хонасига келтириб, қўлига топширганман. Натижа қани? Айбни нега бизга қўясиз? Бугун эса ўша ўғрилар макони тобе бўлган таъминот бошқармасини маърузангизда мақтадингиз. Сизнинг, биринчи котиб сифатидаги, позициянгизни тушунмадим.
–Ёғоч-тахта омбори таъминот бошқармасига қарамайди, – жаҳл билан луқма ташлади Назир Ражабов.
–Ўша бошқарма тасарруфида, – бўш келмадим.
Ражбов гапини яна такрорлади.
–Ундай бўлса, ҳозир суриштириб билишингиз мумкин, лекин менинг вақтим чегараланган, гапиришга халал етказманг, – маслаҳат ва дашном бердим.
Қотиб қолган залда гуриллаб кулги кўтарилди. Васильев:
–Маъруза учун ажратилган вақтингиз тугади, – дея мени огоҳлантирди.
Пленум иштирокчилари полни тепиб, “Қўйинг, гапирсин!” деб бақира бошлашди.
–Бу киши белгиланган уч дақиқа ўрнига аллақачон етти дақиқа гапирди, –ўзини оқламоқчи бўлди раислик қилувчи.
–Пусть говорит, – деди Рафиқ Нишонов.
– Кеча Марказком вакили вилоят партия комитетининг оммавий ахборот воситаларига муносабати қандай деб сўради. Биз ёмон дедик. Мана сизга мисол: шу йил июнида халқ депутатлари вилоят кенгашининг сессиясида Обираҳмат ариғи масласи кўтарилганди. Сиз, Рафиқ Нишонович, ўша воқеага гувоҳсиз, – дегандим, Нишонов:
–Было дело, – дея яна маъқуллади.
–Мана, орадан олти ой ўтди. Биз Обираҳмат ариғи ҳудудидан оқиб ўтадиган Сиёб туман партия комитети, туман ижроия комитети, ариқ сувини ифлослантираётган корхоналар, вилоят табиатни муҳофаза қилиш комитетига мазкур масалани ҳал этиш керак деб, ёзма тарзда, бир неча мартдан мурожаат қилдик. Улар ҳатто ёлғондан ҳам жавоб ёзишмади. Оммавий ахборот воситаларига муносабат мана шунақа. Сайловчилар накази нима бўлди?
Гап таъсир қилдими, Нишонов:
–Д-а-а-а, – деди, чўзиб.
Оммавий ахборот воситаларига беписанд муносабатда бўладиган раҳбарларни, ипини узган ҳўкиздек, бир бошдан “сузиб” ташлайвердим. Уларнинг айримлари эътироз билдирмоқчи бўлиб ўрнидан турганида, мени тўхтатолмаётган Васильев:
–Да ты сиди! – дея, ўшқириб, жойига ўтқазиб қўярди.
Пленум иштирокчилари эса сукутга кетгандек жим эдилар.
–Аллақачон ўн етти дақиқа гапирдингиз, – залдагиларнинг эътироз билдиришидан истоила қилиб, секин луқма ташлади Васильев.
Шундан кейин ўзимга келгандек, гапимни мухтасар қилдим.
“Қаҳрамонона” чиқишимдан сўнг Ражабов сўз олди-да:
–Ёғоч-тахта омбори таъминот бошқармасига тобе экан, Хўжаев ҳақ, – деди ва менга тегизиб, бир нималарни гапирди.
Унинг сўзларидан ҳеч нарсани англамадим. Миясига қурт тушиб, гир айланадиган қўзидек у шўрликнинг ҳам боши гангиб қолганди. Шундан сўнг Рафиқ Нишоновга сўз берилди. У киши кўп гапирмади. “Пленумларинг танқидий руҳда ўтяпти”, дегани эсимда. Каминанинг ”доно” фикрларидан кейин гапириш ортиқча деб ўйлаганми, билмадим. Аслида, Рафиқ Нишонов айтиши мумкин бўлган гапларни камина, тап тортмай, сўзлаб қўйгандим.
Биродар! Бу гапларни зинҳор-базинҳор мақтаниш деб билманг. Каминанинг мазкур чиқишлари, жамиятда шаклланган ахлоқ меъёрларига кўра, одобсизлик ва андишасизлик деб баҳоланади. Гапингизни эшитган танишу нотанишлар учрашганда елкангизга қоқишади-ю, орқангиздан маломат қиладилар. Авом маломатига учрайдиган иш билан эса мақтаниб бўлмайди. Буларни ёзишдан мақсад: бадиий адабиётнинг баъзан кишини воқеликка реал баҳо беролмайдиган, омилкорликни билмайдиган, хулқ-атворини ғайритабиий қилиб қўйиши мумкинлигини таъкидлаш. Ҳатто фарзандларим ҳозиргача “Сиз яшашни билмайсиз”, дея дашном беришади ва изимдан бормай, тўғри қилишади деб ўйлайман.
Р.S. Сессия ва пленумда қилган чиқишларимнинг юзлаб гувоҳлари бор. Маърузалар матни давлат архивида сақланади. Жаҳонгир Муҳаммад ўшанда танаффус пайтида олдимга келиб: “Шундай гапларни қандай қўрқмай гапирасиз?” деганди. Кейинчалик тап тортмай сўзлашни ўзи каминадан ҳам ўтказиб юборди.

74.

Ҳар қандай бағрикенг ҳам ғайирлик қилгандан ўч олишга мойил бўлади. Шу табиий савқни енга олган кишигина бағрикенг дейилади. Пленумда мен, ҳақирнинг, ҳамоқат билан чиқишим яқинда вилоятга биринчи раҳбар бўлган – Назир Ражабовнинг ғашини келтирмаслиги мумкин эмас эди. Бир ярим йил давомида елиб-югуриб, вилоят пария комитети биноси ёнида – шаҳарнинг бош майдонида (Ленинга қўйилган ҳайкал рўпарасида), тўрт ошёнали теле-радио марказ қуришга киришгандик. Унинг лойиҳаси Москвада тасдиқланган, АПЗ (архитектурно-планировочное задание) қилинган, қурилиш бошланиши лозим эди. Пленум ўтган куннинг эртасига Ражабов марказ қуриладиган ерда куймаланиб юрганларни кўриб, ёнидагилардан:
–У ерда нима қурилмоқчи? – деб сўраган.
Теле-радио марказлигини билгач:
–Ҳеч қанақа теле-радио марказ қурилмайди, бу ердан уни йўқотинг! – деган мутасаддиларга.
Бизга вилоят партия комитетининг орқа томонидаги ташландиқ пастқамликдан ер ажратдилар ва барча ишларни қайтадан бошлашга мажбур бўлдик. Илгариги жойни тайёрлаш учун сарфлаган маблағларимиз куйиб кетди. Шунда, ҳазиниятда, илк бор, ғалвачилигим учун, ўз-ўзимни ғадабладим, дардимни ҳам, “айбим”ни ҳам ҳеч кимга айтолмадим.
Вилоят партия комитети бюросининг доимий иштирокчиси сифатида навбатдаги мажлисга борганимда, “Ленин йўли” ва “Ленинский путь” газеталарининг муҳаррирлари – Марди Нуриддинов билан Борис Щеголихин аллақандай ғашлик билан саломлашишди.
–С твоим дурацким характером ты допрыгаешся (аҳмоқона феълинг билан бир балога гирифтор бўласан), – деди Щеголихин, қўл узата туриб.
–Биз ҳозир Назир Ражабовичнинг олдидан чиқдик, – Щеголихиннинг гапини давом эттирди Нуриддинов. – Пленумда музокарага чиққанлар нутқлари матнини бир ҳафтадан буён бермётганди. Кириб сўрашга мажбур бўлдик. У киши ҳамма сўзга чиққанлар маърузаси матнини бир даста қилиб столининг бир четида, сизнинг сўзларингиз стенограммасини алоҳида олиб қўйибди. Сўраганимизда, Назир Ражабович: “Из-за выступления этого мудака (мудак – ношуд, қайсар, шилимшиқ) Ходжаева, не знаю что делать” (бу ношуд Хўжаевнинг чиқиши туфайли нима қилишимни билмай турибман), деди.
Шўрлик Ражабов каминанинг чиқишим матнини газеталарга қандай қилиб беришни билолмаган ва қоғозни ручка билан чизиб, муҳаррирларга узатган. 1988 йилнинг январи бошида ўша нутқлар (жумладан, меники ҳам) газеталарда босилди. Сўзларим қуйидагича эди: “Пленумда гапирмоқчи эмасдим-у, сўз олишга мажбур бўлдим. Эътиборларингиз учун раҳмат”. Уни энг қисқа нутқ сифатида Гиннес китобига киритса бўлар деб ўйлайман. “Доно” фикрларим билан газеталар орқали танишганлар ҳайрон эдилар…
Шу бўлди-ю, биринчи котиб каминага ўчакишиб қолди. Бу ғашланишимиз тўққиз ой давом этди. Ниҳоят раҳбарнинг сабр косаси тўлди ва ўрнимга одам излашга тушишди. Жаҳонгир Маматовни теле-радио комитетга раисликка тавсия қилмоқчи бўлишибди, деган миш-миш қулоғимга етди ва кетишга тайёргарлик кўра бошладим. Ҳайфким, 1988 йилнинг октябрида Ражабовни қамадилар…
Водийда месхет турклари билан ўзбеклар ўртасида можаро қўпган, Самарқандда бошларига дуррача ўраган аллатавр ўспиринлар халойиқни стадионга йиғиб, “аз хоби гарон хез!” (ғафлат уйқисидан уйғон!) дея, Самарқанду Бухорони Ўзбекистондан ажратиб олиш дағдағаси билан юришибди. Кўчаларда одамлар, дайди ит кўргандек, бесаранжом. Шоир Ҳаёт Неъмат вилоят партия комитети биноси олдида, бир қанча сиёсий талаблар билан, очлик эълон қилган. Ўзи оч оломон қорни тўқнинг бу ишидан ажабланиб, томошага келган. Милиция уларни тарқатолмай оввора.
“Спартак” стадионида “аз хоби гарон хез!” дея ҳайқириб югураётганларни томоша қилиб ўтирганлар орасида вилоят партия комитетининг мафкуравий ишлар бўйича котиби Фароғат Шукурованинг қарсак чалаётганини кўрдим. Стадиондан чиқиб кетаётганимда у:
–Ҳа, томоша ёқмадими? – деди.
Шундай томошалар туфайли Тожикистонда юз эллик минг бегуноҳ қурбон бўлди.
Шу ғалвали кунларнинг бирида ишдан кейин уйимдаги телефон жиринглади. Қўнғироқ қилган халқ депутатлари волоят кенгаши ижроия комитети раисининг ёрдамчиси экан.
–Сизни дачада (вилоят ижрокоми меҳмонхонаси) Сарвар Азимов сўраяптилар, – деб қолди.
–Укажон, Сарвар Азимов мени танимайдилар, хато қиляпсиз, – дедим.
Йўқ, сизни сўраяптилар, дея туриб олди. Бордим. Республика Ташқи ишлар вазири Сарвар Азимов чиндан ҳам каминани сўрабдилар. Иккаламиз ёлғиз бир соатдан ортиқ гаплашдик. У киши нуқул давлат қурилиши, мустақиллик масалаларида гапга олди. Билганларимни айтдим.
–Шулар ҳақида раисингиз Наим Ёвқочевичга айтганмисиз? – сўради вазир. (Наим Ёвқочевич Ғойибов Республика Давлат теле-радио комитетига раисликка тайинланган эди).
–Йўқ, у киши билан бу масалада гаплашган эмасмиз.
–Ундай бўлса, шу фикрларингизни қоғозга тушириб, Ташқи ишлар вазирлигига, менинг номимга жўнатинг.
–Наим Ёвқочевич билиб қолсалар, устимдан сакраб Ташқи ишлар вазирига мурожаат қилибсан, деб хафа бўладилар-да.
–Тўғри, имзо қўймасдан юборинг.
Сарвар Азимов нима учун мени чақирди, камина ҳақимда кимдан суриштирганлигини ҳалигача билмайман. У кишига ёзиб ҳам юбормадим. Шу суҳбатимиздан кейин бир ҳафта ўтиб, Наим Ёвқочевич қўнғироқ қилди.
–Эртага Самарқандга, сайловчиларим билан учрашувга бораман, аэропортда кутинг, – деди.
Раисимиз вилоятимиздан Республика Олий советига депутатликка сайланган экан. Ғойибов кутиб олишим билан:
–Сарвар Олимжоновични қаердан танийсиз? – деди.
–Газета, телевидение орқали билардим.
–У киши сизни қандай таниган?
–Бундан бехабарман.
Ғойибов ўйланиб қолди.
–Сарвар Олимжонович бир ҳафтада сизнинг масалангизда икки марта қўнғироқ қилди. “У йигитни Тошкентга олиб келиш керак”, дейди. Ҳайронман, сиз уни танимасангиз, нега бундай қилди?
Азимов билан учрашганлигимиз тафсилотини сўзлаб бердим.
–Ҳа-а, шундай демайсизми? – хотиржам бўлди суҳбатдошим. – Сиз тўғрингизда ўзимнинг ҳам режаларим бор. Бизда реклама яхши кетмаяпти. Бу иш умуман, Республика бўйича ёмон. Фақат сизда яхши ташкил қилинган. Шунинг учун яқинда муовинликка олмоқчиман.. Бу ҳақда ҳозирча ҳеч кимга оғиз очманг. Ҳозир Пўлат Мажидовичнинг ота-онасини кўргани борамиз.
Пўлат Абдураҳмонов ўшанда халқ депутатлари Тошкент вилоят совети ижроия комитети раиси вазифасида ишларди. У кишининг ота-онаси Лев Толстой кўчасидаги пастқамгина ҳовличада яшашаркан. Наим Ғойибов Абдураҳмоновнинг холасига уйланган. Қария Мажид ака жуда сергап, дангалчи одам, кампир эса камгап, ҳалимдек мулойим ва камсуқум. Уларнинг туриш-турмуши вилоят ижрокоми раиси (Ундан олдин Республика Министрлар совети раисининг ўринбосари эди) ота-онаси тутумига ўхшамасди. Рўзғорлари ҳамма қатори, ортиқча дабдаба, зийнатсиз. Чолу кампирга меҳрим тушди – ота-онамга ўхшатдим.
Вилоятимизга, эски қадрдонимиз, Пўлат Абдураҳмонов биринчи котиб бўлди. Сайланганидан уч кун ўтгач, дабдурустдан, идорамизга кириб келди. Ҳамма ҳайрон эди. Чунки бунгача вилоят раҳбари ҳеч қачон бу ерга ташриф буюрмаган.
–Радио орқали уч тилда интерью бермоқчиман, – деди, у киши хонамга кириб.
Рус ва ўзбек тилларида яхши гапирди. Тожикчани эса эплай олмади.
–Кетдик, хонамга бориб гапираман, – дея ўрнидан турди.
Тожик тилидаги эшиттиришлар таҳририяти раҳбари Норқул Остозода идорамиз машинасида, биз – Пўлат Мажидович билан у кишининг уловида вилоят партия комитетига келдик. У ерда биринчи котибни кутиб олганларнинг мен, ҳақирга, қилган хушомадларини тасвирлашни тилим эплай олмайди. Баъзилар ҳатто елкамдаги гардларни қоқа бошлашди. Бир бюро аъзоси:
–Пўлат Мажидовични ёнларида сизга ўхшаганлар жуда зарур, – деди.
Улар каминани вилоят партия комитетига каттароқ лавозимга келади деб ўйлашган бўлса керак. Биринчи котиб хонасига кириб, тожик тилидаги интервьюсини ёзишга киришдик. Энди муҳаррирнинг диктофони ишламади. Хуллас, бу тилдаги чиқишни бермасликка келишдик. Пўлат Мажидович дастлабки ойларда мени ёнига яқинлаштира бошлади. Камина ҳам энди ақлимни йиғиб оламан, биринчи рағбар билан орамни бузмайман, дея ўзимга сўз бердим.
Ўша кунларда Республика телевидениеси ходимлари Самарқандга келиб, Ҳанафия мазҳаби шариат китоби “Ал-Ҳидоя” муаллифи Бурҳониддин Марғиноний ва улуғ имом Абу Мансур Мотрудий ҳақларида кўрсатув тайёрлади (Бу тўғрида илгариги бўлимлардан бирида ёзган эдим). Бу мамлакатимизда мазкур алломалар хусусида тайёрланган илк кўрсатув эди. Унда ўн беш дақиқага яқин чиқиш қилгандим.
Коммунистик партия мавқеи пасайиб, вилоятда ҳокимият Советлар қўлига ўтди. Энди Абдураҳмонов вилоят совети раиси ҳисобланарди. Бир пайтлар тавсиям билан газета таҳририятига ишга кирган ва бунинг учун Мухторовдан дакки эшитганим Холмуҳаммад Нуруллаев Пўлат Абдураҳмоновнинг ёрдамчиси бўлган. Нуруллаев “Самария” китобидан имом Мотрудий ҳақида бир варақ матнни кўчириб, Абдураҳмоновга берибди. У киши Совет мажлисига кириб келди-ю, ўтирмасдан:
–Самарқандда имом Мотрудий деган киши яшаб ўтган экан, мен-ку билмайман, сизлар ҳам билмайсизлар. Бугун мажлисимизда шу кишининг номини абадийлаштириш тўғрисида қарор қабул қиламиз, – деди.
Ўрнимдан туриб:
–Пўлат Мажидович! Самарқандликлар учун Мотрудийни билмаслик уят! – деб юборибман.
Навоий вилояти партия комитетининг иккинчи котиблигидан бўшаб, яқинда Самарқандга келган Ҳожиқул Худойқулов ёнимда ўтирганди. Этагимдан тортиб:
–Мамашариф (у киши каминага шундай деб мурожаат қиларди), ҳеч бўлмаса Пўлат Мажидовични тинч қўйинг, – деганидан кейин яна хато қилганимни пайқадим. – Лекин фикримни давом эттирдим. – Мотрудийни билмаганлар, демак, кўпларни билмайди. Мана, шу биз ўтирган бинонинг жанубида Амир Темур пирларидан бири Бурҳониддин Соғаржий, кунчиқарида Нуириддин Басир, Даҳбед қишлоғида оёғи учида ўн етти подшоҳ кўмилган Махдуми Аъзам ва бошқалар дафн этилганлар. Уларни ким билади? Бундан чиқди, нафақат имом Мотрудийнинг, балки барча буюкларимизнинг ноларини абадийлаштиришимиз зарур.
Абдураҳмонов тикилиб қолди-ю, ҳеч нарса демади. Орадан ўн беш кун ўтгач, навбатдаги мажлисда:
–Бугун ўртоқ Хўжаевнинг ўтган мажлисда бизга берган топшириқларини бажарамиз, – деди киноя билан. – Бу мажлисимизда Махдуми Аъзам хотираларини абадийлаштириш тўғрисида қарор қабул қиламиз.
Мажлисдан чиқиб, ичимда: “ўзингни уриб кетган экан, ўл бу кунингдан”, деб койиндим.

75.

Республиканинг иккинчи шаҳри – Самарқандда йигирманчи асрнинг тўқсонинчи йилларигача телевидение йўқ эди. Ҳаваскорлик телеускуналари ёрдамида норасмий кўрсатувлар тайёрлаб, марказий каналлар дам олиш соатларида ҳаво мавжларига қўя бошладик. Телевидение ташкил қилиш мумкинлигига амин бўлганимиздан сўнг Давлат теле-радио комитетига телестанция очиш учун рухсат берилишини сўраб хат ёздик. Самарқандда бир қанча техник сабабларга кўра телевидение ташкил қилиш мумкин эмаслиги хусусида жавоб хати олдик. Мактубни Республика теле-радио комитети маҳаллий эшиттиришлар бошқармаси бошлиғи Леонид Рабинович тайёрлаб, раисга имзо чектирган ва бизга жўнатган эди.
Ихтиёримизда ҳаваскорлар ишлатадиган битта видеокамера билан иккита видеомагнитофон бор, холос. Улар ҳам бировларники. Телекўрсатувларни видеотасмага ёзиб, шаҳарнинг кунчиқаридаги Чўпонота тепалигида жойлашган теле-радио сигналларни узатиш станциясига элтиб, эфирга берамиз. Тошкентга навбатдаги боришларимдан бирида видеотасвирчини ҳам олиб кетдим ва “худомиз” Леонид Рабиновичдан Самарқанд ҳақида радио эшиттириш тайёрлаяпмиз, шаҳримиз ҳақида фикрингизни ёзиб олмоқчи эдик, дея интервью олдик. У киши:
–Радио эшиттириш бўлса, нега видеокамерага ёзяпсизлар? – дея ажабланди.
Видеотасвир эсдалик учун дедик. Сўнгра “Самарқанд сайёҳлар шаҳри” мавзусида кўрсатув тайёрладик-да, Леонид Самойловичнинг интервьюсини ҳам унга қўшдик. Умрида камера олдида гапирмаган Рабинович анча таҳликага тушиб сўзлади: “Самарканд сайкали руйи заминаст дейдилар. Бу кадимий шахар на самом деле является жемчужиной Востока. Ман Самаркандга келишни жуда-жуда яхши кураман…”.
Раҳбаримиз Самарқандга келишни чиндан хуш кўрарди ва қадимий шаҳардан кўра ҳинд қора чойи, нони осиё, данак шўракни кўпроқ эъзозларди. Биз эса у кишининг бу галги ташрифини ўзидан ҳам ортиқроқ интиқлик билан кутардик. Ниҳоят Рабинович шаҳримизга келадиган бўлди. Кўрсатувимиз эса айнан шу ташриф учун тайёрланган эди. Уни эфирга беришни ипидан игнасигача ўйлаб қўйганмиз: камина Рабиновични аэропортда кутиб олишим, хонамга келтириб, олдига чой қўйдиришим, кўрсатувни олиб борувчи қизимиз намойиш пайтида бизга чой қуйиб бериши сингари икир-чикирларгача ҳисоб-китоб қилинган. Леонид Самойлович хонамга кириб, ўриндиққа чўкди. Сухандон қизимиз чой олиб кирди. Келишувимиз бўйича кўрсатувни бошлаш ҳақида ходимларга имо қилишим керак. Ҳаммаси ўйлаганимиздек бўлди. Чой қуяётган қизимиз хонадаги телевизорни қўйди. “Самарқанд сайёҳлар шаҳри” ёзуви экранда кўринди ва чой қуяётган қизнинг акси пайдо бўлди. Рабинович эса қора чой таъмидан сармаст эди. Телевизорга мутлақо эътибор бермади.
–Самаркандни кара чайига беш кетаман-да, – деди у бамайлихотир. – Шундан бир кило топиб берасан.
–Ҳа-ҳа, икки кило олиб бераман, – кўзларимни экрандан узмай, жавоб бердим.
Раҳбаримиз кўрсатувимизни кўрмасдан у тугаб қолишидан ҳаяжонланаётганимизни сезмаётганди. Айтсам бўларди-ю, сценариймиз бўйича ўзи билиб қолиши керак эди. Сухандон яна экранда пайдо бўлди-да:
“Биз она шаҳримизда Ўзбекистон Давлат теле-радио комитети маҳаллий эшиттиришлар бошқармасининг бошлиғи ҳурматли Леонид Самойлович Рабиновични ҳам учратиб қолдик ва Самарқанд ҳақидаги таассуротларини сўрадик”, деди.
Ўз номини телевизордан эшитган Рабинович анграйиб қолди. Энди камина ўзимни бепарводек тутиб:
–Леонид Самойлович, чойдан ичинг, – дедим.
–Подожди, подожди, это что такое?
У Тошкент телевидениесидан ўзини кўрсатишяпти деб ўйлади. Интервьюси тугагунча гапирмади. Сўнг чой қуяётган қиз экранда кўринди. Рабинович бир қизга, бир экранга тикилиб, ҳеч нарсани тушунмади. У нима дейишни билмасди. Охири Тошкентда олган интервьюмиз эсига тушди-да:
–Ну ты, Ходжаев, – деди.
У аллақандай ҳаяжонда эди.
–Я – еврей, но ты хуже еврея. Меня обвёл вокруг пальца, да? (Мен – яҳудийман, сен яҳудийдан ҳам бадтарсан. Мени лақиллатдингми?).
Леонид Самойлович астойдил кулди.
–Кара чайдан куй. От нас какая помощь тебе нужна?
–Ҳеч қандай ёрдамингиз керак эмас. Фақат халақит бемасангиз бўлди.
–Но, всё-таки…
–Унда ҳозир комитет раиси Наим Ёвқочевичнинг телефон рақамини тераман, у кишига шу ҳақда айтинг, – шартимни қўйдим.
Наим Ғойибов

76.

Нукусдан келтирилган телестанция видеотасвирни тасмага ёзмасдан, тўғридан-тўғри эфирга узатарди. Аммо ундан чиққан сигнални Чўпонота тепалигидаги узатиш станциясига етказиб берадиган ускуна (релейка) ҳам йўқ. У жуда қиммат туради, олишга маблағимиз етмайди. Телестанциямиздан чамаси бир километрлар узоқликда вилоят алоқа бошқарамасининг релейкаси бор, унинг ёрдамида кўрсатувларимизни Чўпонота тепалигидаги асосий узатиш марказига бериш мумкин. Лекин унга ҳам сигнални етказиш имкони йўқ. Алоқа бошқармаси релейкасигача махсус (коксиал кабель) кабел тортишга қарор қилдик. Бунақа кабель фақат Тошкентдаги махсус механизациялашган кўчма колоннада бўларкан-у, сотилмас экан. Телефон орқали у корхона раҳбарини топдик. “Кабельни ерга ётқизиб берди деб ҳужжатлаштирсанг ва ер қазиш ишлари учун ҳам пулини тўласанг бераман”, деди. Шартига кўндик ва одам бўйидан баланд келадиган ғалтакни олиб келдик.
Энди Самарқанднинг қоқ юрагидаги ўнга яқин марказий кўчаларни қазишимиз лозим эди. Бу ишни бажариш учун ўндан ортиқ ташкилотдан рухсат олиш лозим эмиш. Хуллас, муаммо устига муаммо чиқарди. Ўйлаб-ўйлаб ҳеч кимдан рухсат сўрамасдан йўлларни қазишга қарор қилдик. Радио рекламани бошлаб берган Тоҳир Султоновни чақириб:
–Ёнингга ўн кишини қўшиб қўяман, ҳар бирига юз метрдан ер ажратиб берасан. Уни қазса, минг сўмни нақд санаб олади, – дедим.
–Йўлларни қазиш учун рухсат керак, – Тоҳирнинг ҳам бу таваккал ишга бош қўшгиси йўқ эди.
–Рухсат олишга яна бир йил югуришимиз керак. Шунинг учун ишни бошлайверинглар. Ким сўраса, телефон сими ўтказамиз, денглар, – маслаҳат бердим.
Шу тарзда ишни бошлаб юбордик. Ҳамма кўчаларни қаздик. Шаҳар бедарвоза эмас дейдилар. Самарқанд ўшанда бедарвозалигига амин бўлдик. Маркзий кўчаларни бир ой давомида ағдар-тўнтар қилдик. Аммо бир мутасадди келиб, “нима қиляпсизлар?” демади. Бу ишда чумчуқни ҳам қассоб сўймагани билинди. Коксиал кабель ўта нозик нарсалигини билмай, устидан автобусу троллейбусларни ўтказиб юбораверганмиз. Кабелни чуқурга ётқизиб, телесигнал берсак, ўтмади. Симни ишдан чиқариб қўйибмиз. Ҳаммасини ёзаверсам, зерикасиз. Тағин кабель излашга тушдик ва охири сигнални вилоят алоқа бошқармаси релейкасигача етказиб бердик. Бу ишимиз давомида алоқа бошқармасининг аллақандай махфий алоқа тармоқлари симларини ҳам кабелимизга қўшиб судраб кетибмиз. Кўтарилган жанжалу ваҳимани тасвирлаб беролмайман. Бизга бир неча юз минг сўмлик жарима солишди. Айбимизни тан олмай туравердик.
Минг бир азоб билан телесигнални Чўпонота тепалигига етказадиган қилдик ва телестанциямиз ёрдамида дастлаб студиядан ўзбекча, русча ва тожикча хабарлар беришни бошладик. Чунки тасвирни ёзиб оладиган видеомагнитофонимиз йўқ эди. Ўзбек ва рус тилларидаги эшиттиришларимиз ёмон чиқмади. Тожик тилидаги хабарларни ўқишни радио сухандони Хайринисо Валихўжаевага топширдик. Видеокамералар олдида ҳеч қачон гапирмаган Хайринисони тер босди. “Мабодо хато қилсанг, ҳеч нарса бўлмагандек, ўқишни давом эттиравер”, унки гапларинг тўғри эфирга чиқиб кетади, дея маслаҳат бердим. Режиссёр “бошладик”, деб ишора қилди. Валихўжаева:
“Ассалому алайкум, шунавандагони киромий, им рўз”, деди-да, яна “ассалому алайкум, шунавандагони киромий” дея такрорлади. Сўнгра икки кафти билан юзларини ёпиб, “иби ман мурам, хато кадам” (сўзлар Самарқанд шевасида бериляпти. Иби ман ўлай, хато қилдим), деди. Давом эттир, дея берган маслаҳатимизни тушунмасдан: “Чо кунам? (нима қилай?)” деб савол берди. “Ўқийвер!” жаҳл билан шипшидим. Рўпарасидаги мониторга кўзлари тушиб: “Иби Худо мана гирад, ҳаммеша ин ношин дойсас-ку?” (Иби мени Худо урсин, ҳаммасини бу кўрсатяпти-ку) деб бутунлай ўзини йўқотди. Шундай қилиб, эфирда кутилмаган комедия кўрсатдик.
Бу тарзда кўрсатув бераверсак, бир кунмас, бир кун эфирга кутилмаган бирор номаъқул гап кетиб қолади-ю, бошимиз билан жавоб беришимизга тўғри келади. Видеомагнитофонсиз ишимиз юришмаслигини тушундик. Тошкентга, навбатдаги йиғилишлардан бирига бориб, тўғри Давлат теле-радио комитети техника бошқармаси бошлиғининг хонасига кирдим. Ҳали видеомагнитофон ҳақида гап очмасимдан у кишининг телефони жиринглади. Гўшакни кўтариб:
–Да, – деди.
Нариги томондан келаётган овозни эшитиб:
–А-а, Евгений Петрович, здравствуйте, как там, в Москве? Всё нормально? – дея иссиқ сўрашди. – Жимиб қолди-да, – два видеомагнитофона? Они нам очень нужны, однако, денег нет, – деди.
Бу тефон қўнғироғи гўё мен учун атайлаб уюштирилгандек, қулоқларимга ишонгим келмасди. Бошқарма бошлиғи:
–Ну что-же, молдаванам, так молдаванам, передайте, мы не осилим, – дея гапини тугатмоқчи бўлди.
Тушунишимча, Москвадан Ўзбекистон телевидениеси учун иккита видеомагнитофон ажратилган. Аммо Тошкент телевидениесининг уни харид қилишга пули йўқ. Ундай бўлса Молдавия телевидениесига ажратилади. Бошлиқнинг гапини бўлиб, жон ҳовлида:
–Мен оламан, – дедим.
Бошқарма бошлиғи кулди-да:
–Евгений Петрович, Самаркандский областной комитет якобы хочет купить, – деди, ишончсиз киноя билан.
–Бир ҳафта муҳлат берсин, кейин ҳисоб рақамини ёзиб олинг, – шошиб айтдим.
Бошлиқ гўшакни қўйди-да:
–Ҳазиллашмаяпсизми? Давлат комитети тополмаган 70 минг сўм (рубль)ни сиз қаёқдан топасиз? – ажабланди.
–Топаман.
Аммо бунча пулни қаёқдан топиш хаёлимда ҳам йўқ эди. Ололмасам, отиб ташлашмайди-ку, бир ҳафта кутса кутар дея ўзимга-ўзим далда бердим. Йўқ жойдан пул топиш, тижорат масалаларида яҳудийлар билан арманиларга тенг келадигани бўлмайди. Комитетимизнинг тожик тилидаги радио эшиттиришлар таҳририятида Борис Завулунович Нектолеев деган яҳудий, рус тили таҳририятида, илгари эслатганим, армани Эдуард Борисович Данильян ишлашарди. Иккаласини хонамга таклиф қилиб, видеомагнитофон учун қаердан пул топиш мумкин? деб сўрадим. 70 минг рубль у давр учун ниҳоятда катта маблағ ҳисобланарди. Иккаласи ҳам ўйланиб қолди.
–Биласизми, ҳозир лизинг деган бир гап чиққан, – сўз бошлади Данильян. –бирорта пуллик ташкилот ускунани сотиб олиб, қарзга бериб туради, биз аста-секин уни узамиз. Бунинг учун пуллик ташкилотни топиш керак.
–Пули кўп ташкилот – банк-да, – гапга аралашди Нектолеев.
–Дарвоқе, яқинда Самарқандда “Шарқ” деган биринчи тижорат банки очилди. Унинг бошлиғи танишим. Ўша билан гаплашиб кўрай-чи, – фикр билдирди Данильян.
“Шарқ” банки бошлиғи олдига Эдуард Борисович билан бордик. У Самарқандда биринчи телевидение очилишига холисона ёрдам беришдан фахрланишини айтди ва шартимизга рози бўлди. Банк бизга ҳар бири ўттиз беш минг рубль турадиган видеомагнитофонларни харид қилиб, ижарага беришни, биз уларнинг пулини ўн беш йил давомида узишни бўйнимизга олдик. Банк билан шартнома тузиб, пулни Москвадан олинган ҳисоб рақамига ўтказдик. Бир ой ичида магнитофонлар Самарқандга келди.
Республика теле-радио комитетининг навбатдаги ҳайъати мажлисида комитет раиси каминанинг ишбиларманликдаги истеъдодимни кўкларга кўтариб мақтади. Ҳамма вилоят комитетлари шундай ишлаши лозимлигини айтди. Республика коммитети ололмаган иккита профессонал видеомагнитофонни, пул сўрамасдан, сотиб олганлигимизга ишонмаётганини қайта-қайта таъкидлади.
Ҳамкорлар билан ўн беш йилга шартнома тузганимиздан кейин уч ой ўтиб, банкдан хат олдик. Унда “Шарқ” банки синганлиги муносабати билан қарзини бир ой ичида қайтаришимиз зарурлиги ёзилганди. Боши берк кўчага кириб қолдик. Ҳар бири одам бўйича келадиган видеомагнитофонларни сотамиз десак, харидор йўқ. Банкка қайтариб ол десак, олмайди. Республика теле-радиоси раисидан, бетимни шувит қилиб, пул сўрашдан бошқа иложим қолмади. Шўрлик раис ўзига ололмаган видеомагнитофонларни биз учун харид қилишга мажбур бўлди. Леонид Самойлович ҳайъат мажлисидан чиқиб:
–Я же говорил, что ты хуже еврея, – деб кулди.

77.

Ҳирси жиловини тортолмаганнинг жиловини ҳирси тортади.
Ибронийлик ибтидосида амал қилган фарисейлик, саддукейлик, ессейлик оқимларига дунёвий тарих ва замона амалиёти нуқтаи назаридан қараганда, Исо Масиҳ ессейлик таъсирида камол топиб, христианлик таълимотига асос солган. Ессейлар нафснинг ҳар қандай кўринишини (бойликка, мансабга, эркакнинг аёлга, аёлнинг эркакка ҳирси ва ҳоказо) тияолишни юксак фазилат ва Ҳаққа етишнинг асосий шарти деб билишган. Ҳатто тасаввуф таълимоти илдизи ессейликдан сув ичган. Ажабким, ”Коммунистик партия манифести” муаллифлари, авлод-аждоди иброний ўтган Карл Маркс ва немис Фридрих Энгельс ҳам ессейлик ақидаларига сиёсий тус бериб, коммунизм қуриш назариясини яратишган.
Гапларим ғалатидек туюлдими? Унда ессейлик ҳақида эшитинг: уч минг йиллар аввал пайдо бўлган оқим аъзолари хусусий мулкдан нафратланганлар (коммунистларнинг хусусий мулкчиликка қаршилиги); таркидунёчилик қилганлар (исломдаги зоҳидлар, католикликдаги черков роҳиблари); коммуналарда яшаганлар ва жамоа бўлиб ишлаганлар (коммунистларнинг коммуналари, коллектив хўжаликлар, Манифестнинг қишлоқларда меҳнат армиялари ташкил этиш тўғрисидаги талаби); ҳалолликни ҳар нарсадан устун қўйганлар (тасаввуф таълимоти ва коммунизм қурувчисининг ахлоқ кодекси талаби); оппоқ кийим кийганлар (суфийлар кийиниши); сафларига кирмоқчи бўлганларни бир йил синаганлар (коммунистик партияга кириш учун бир йил номзод бўлиб юриш устав талаби эди); бошқа жойдан келган ессей иккинчи ессейникига кириб, ўз уйида тургандек, эркин яшаган (коммунистлар коммунизм даврини шундай тасаввур қилганлар), ҳамма бойликлари ўртада бўлган (социализм шароитидаги жамоа мулки) ва ҳоказо.
Ессейлик таълимотидан хабар топдим-у, коммунистик жамият қуриш ғоясига садоқатим дарз кетди. Ношуд ессейга айланишимга бир бахия қолди. Баъзи сиёсатшуносларга олдиндан айтиб қўяй: каминани ессейликни тарғиб қиляпти, бу миссионерлик деган хаёлга борманг. Чунки у оқим, ҳаётий эмаслиги оқибатида, уч минг йил аввал барҳам топган. Маркс, Энгельс ва бошқаларнинг у таълимотни замонавийлаштириб, янги (социалистик) жамият қуриш йўлидаги ҳаракатлари ҳам йигирманчи аср охирларида инқирозга юз тутди. Инсондан биллурдек покликни талаб қилиб, шахсий манфаатини инобатга олмаган таълимот асосчилари бошдаёқ адашишган.
Бу гапларни энди айтяпман. Бундан йигирма беш-ўттиз йиллар аввал мутлақо бошқача фикрда эдим. Бойлик орттириш мешчанлик деб ўйлардим. Акс ҳолда ўша пайтлар давлат теле-радио комитетини бойитиш, Самарқандда биринчи давлат телевидениесини ташкил қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатимни хусусий телевидение очиш учун сарфлаганимда бугун Ўзбекистоннинг энг бойларидан бирига айланишим мумкин эди. Чунки ҳаётда шундай бўлганини кўрдим.
Вилоятда биринчи телевидение ташкил қилганлигимизни кўрганларнинг айримлари талвасага тушиб қолишганди. Дастлаб вилоят комсомол комитетининг биринчи котиби Бекзод Зокиров қўнғироқ қилиб, ёшлар телеканали ташкил қилмоқчилигини айтди, шу масалада ёрдам ва маслаҳат беришимни сўради. “Ёнингизга бўлим мудиримни юбораман”, деди.
Эртаси куни вилоят комсомол комитетининг бўлим мудири Фирдавс Абдухолиқов деган йигит келди. У гапи орасига тожикча аралаштириб, русча сўзлади. Жуссаси гирдиғумлигини яшириш учунми, гапи ва ҳаракатларида сунъий салобат аломатлари сезиларди. Ёшлар телевидениеси ташкил қилмоқчилигини билдим; маслаҳат бердим, профессионал, ҳеч бўлмаганда, ярим профессионал телеускуналар олиши зарурлигини айтдим. У пайтларда бундай техника воситалари кишиларга сотилмасди. Ҳаваскорлик техникаси ёрдамида эфирга чиқишга эса рухсат беролмасдик. Абдухолиқов биз айтган техника воситаларини тополмади ва деярли бир йил идорамизга қатнади. Телестудия очолмаслигига кўзи етгач, “Мени ўринбосар қилиб олинг”, деган таклиф билан келди. Афсуски, ўринбосарлик ўрни ҳам банд эди.
Вилоят кенгашининг (ҳозирги ҳокимлик) навбатдаги йиғилишларидан бирида раис Пўлат Абдураҳмонов каминага мурожаат қилиб:
–Ёшлар телестудия очамиз деб бир йилдан буён орқангиздан юришган эмиш, нега рухсат бермайсиз? – деди.
Сабабини тушунтирдим.
–Ўзингиз ҳам бошида ҳаваскорлик техникаси ёрдамида эфирга чиққансиз-ку, буларга ҳам рухсат берсангиз ҳеч қиси йўқ, – гапни қисқа қилди вилоят раҳбари.
Шундан кейин Фирдавс Абдухолиқов валангор “Жигули”да, бир қути шоколад билан ишхонамга келди. У пайтларда оммавий ахборот воситаларини рўйхатга олиш, лицензия бериш деган қоидалар йўқ эди. Фирдавс телестудиясига ТКС (Телекомпания Самарканд) номини қўяман, деди. Бир варақ қоғозга рухсатнома ёздим. Унда: ”Рухсатнома №1. Биринчи нодавлат телекомпания – ТКСга (кейинчалик СТВ деб аталадиган бўлди) Самарқанд вилояти ҳудудида давлат телеканаллари кўрсатувлари танаффус эълон қилган соатларда телеэфирга чиқишга рухсат этилсин. Самарқанд телерадио комтетининг раиси” деган ёзув бор эди. Муҳр босиб, имзо қўйдим. Шу мазмунда буйруқ чиқардик. Абдухолиқов бир қути шоколад билан Ўзбекистон тарихида биринчи нодавлат телекомпанияни ташкил этди. ТКСга рухсат бердим-у, бошим ғалвадан чиқмай қолди.
Вилоят кенгаши йиғилишларидан бирида Пўлат Абдураҳмонов рус драм театри янги бинога кўчиши, унинг эски жойи қўғирчоқ театрига берилажаги ҳақида гапирди. Биномиз торлик қилиб қолганлиги сабабли Қўғирчоқ театрининг бўшайдиган биносини бизга беришларини сўрадим. Абдураҳмонов рози бўлди. Лекин Пўлат Мажидович ҳар бир йиғилишда: “Вилоят ҳокимлиги янги телестудия очди. Туман, шаҳар ҳокимликлари унга ҳомийлик ёрдами кўрсатишсин. Хўжаев раҳбарлик қилаётган СТР (Самарқанд телерадиоси)нинг пули кўп, унга кўмаклашиш шарт эмас”, деб очиқ айта бошлади.
Абдухолиқов эса қўғирчоқ театри кўчишини билгач, ТКС ташкил қилинганлигининг бир йиллигини нишонлаш тадбирини уюштирди. Танатанани қўғирчоқ театри залида ташкил қилиб, вилоят раҳбарини таклиф этишди. Абдураҳмонов йиғилишда сўзга чиқиб, “Қўғирчоқ театрининг мана шу биносини ТКСга ҳадя қиламиз”, деди. Ҳоким икки йиғилишда икки хил ваъда берди.
Пўлат Мажидович атрофидагиларнинг айримлари у кишининг юмшоқфеъллилигидан фойдаланишга уринишарди. Қўғирчоқ театри масаласида ҳам шундай бўлди. Биз у жойни оламиз деб ҳозирлик кўриб турган пайтда, Фирдавс Абдухолиқов қўйган “қармоққа” вилоят сардори илиниб, ваъдасини ўзгартирган эди. У киши ТКС орқали чиқиш ҳам қилди. Ҳаваскорлик техникаси ёрдамида ёзиб олинган тасвир жуда сифатсиз бўлиб, вилоят етакчисининг боши телеэкраннинг чап томондаги юқори қисмида, танаси эса ўнг тарафдаги пастки қисмда акс этди. Аммо бизнинг профессионал ускуналар ёрдамида ишлаётган телеканалга интервью бериш ҳақидаги таклифимизни рад этди.
Бундай шароитда тулки ёнида айёрлик, шер теграсида ботирлик қилинади, биродар. Камина тулкилик тийнатини ишлатдим: халқ депутатлари вилоят кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Алишер Мардиевдан интервью беришини сўрадим. У киши рози бўлди ва студияга вилоят кенгаши расининг ўринбосари Акрам Худойқулов билан вилоят партия комитетининг биринчи котиби Содиқ Нишоновни эргаштириб келди. Меҳмонлар студияларимизни кўриб ажабланишди.
–Шунча иш қилибсизлар-у, вилоят раҳбарияти бехабар-ку, – деди Алишер Мардиев. – Биздан нима ёрдам керак?
–Қўғирчоқ театри биносини берсанглар, бўлгани, – дедим, ҳеч гапдан бехабардек.
Аслида қўғирчоқ театри биносини ТКСга бериш ҳақида Абдураҳмонов айтган гапдан меҳмонларим бехабар эдилар.
–Пўлат Мажидович у бинони сизларга берамиз деб вилоят кенгаши йиғилишида айтдилар-ку!? – ажабланди Акрам Худойқулов.
Вилоят раҳбарининг гапидан қайтганини айтдим.
–Унда сизга бошқа бинони берамиз, – гапга аралашди Алишер Мардиев.
Телесигналларни релейкага етказиб берадиган кабелимиз қўғирчоқ театри биноси ёнидан ўтганлиги боис бизга шу жойнинг қулайлиги, бошқа ердан жой ажратилса, техник жиҳатдан эфирга чиқишимиз мумкин эмаслигини тушунтирдим. Меҳмонлар бу масалани Абдураҳмоновга тушунтириб, бинони олиб беришга ваъда қилишди ва сўзларининг устидан чиқишди. Фирдавс Абдухолиқов усулини қўллаб, бу гал уни енгдик.

78.

Ит эгасини танимайдиган турфа-турфа замонлар келди. Салтанат йўлга тушиб қолган қопчиғ-у, ким топса, ўшаники бўладигандек. Биринчи нодавлат телевидение, яхшими, ёмонми, ишга тушгач, Самарқандда телестудия очиш “мусобақаси” бошланди. Халқ депутатлари шаҳар кенгашининг раиси Носир Ёқубов ва Республика телевидениеси вилоят мухбирлари бўлимининг собиқ раҳбари Геннадий Зубков шаҳар телевидениесини ташкил қилишибди. Бу хабарни Г.Зубковнинг “Ленинский путь” (ҳозирги “Самаркандский вестник”) газетаси мухбирига берган интервьюсидан билдик. Зубков вилоят давлат телеканали ишлаётганлигини билатуриб, интервьюсида: “Давлат телерадио комитети телевидение ташкил қилолмаяпти… Шунинг учун студия очдик. Келаси якшанба соат ўн учдан йигирма дақиқа ўтганда биринчи кўрсатувимиз эфирга узатилади. Унда шаҳар кенгашининг раиси Носир Норович Ёқубовнинг чиқишини томоша қилишингиз мумкин”, дебди.
СССРнинг матбуот тўғрисидаги қонуни ва Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг мазкур қонун асосида “Ўзбекистон ССРда оммавий ахборот воситаларини рўйхатга олиш тартиби тўғрисида” 1990 йил 15 октябрда чиқарган қарорига кўра, улар студияларини вилоят телерадио комитетида рўйхатдан ўтказишлари лозим эди. Аммо Ёқубов бундай дахмазаларга вақт сарфлашни истамаган. Студия ташкил қилгани билан телерадио комитет рухсат бермаса, эфирга чиқишнинг иложи йўқлигини эса билишмаган. Интервью газетанинг жума кунги сонида босилганди. Ишхонамдагиларга шанба, якшанба кунлари Самарқандда бўлмайман, деб чиндан ҳам шаҳардан чиқиб кетдим.
Икки кун каминани излашган. Шаҳар партия комитети котиби Арслон Рустамов якшанбада ҳатто уйимга борган. Йўқлигимни билгач: “У яшириниб юрибди. Керак бўлса, КГБ ходимлари ёрдамида топтирамиз”, дея дағдаға қилган. Хуллас, эшиттиришлари эфирга чиқмади.
Бу гапларни, оқизмай-томизмай, ёзиб, “Правда Востока” газетасига бердим. Орадан уч ҳафта ўтди. Навбатдаги жума куни эрталаб хонамга икки киши кириб келди. Давлат хавфсизлик комитетидан экан. Йигитларнинг бўйи баланди, раҳбари бўлса керак, э йўқ, бе йўқ:
–КГБ билан муносабатингиз қандай? – деди.
–Яхши ҳам эмас, ёмон ҳам эмас, – ажабланиб, жавоб бердим.
–Бизнинг идора билан яқин орада муносабатингиз бузилган эмасми?
Улар билан ҳеч қачон яхши-ёмон бўлмаганимизни айтдим. Меҳмонлар ҳайратланишди. Новча йигит анча вақт ўйланиб турди-да:
–Очиғини айтсам, нима учун келганимизни ўзимиз ҳам билмаймиз, – деди.
Унинг бу гапи янада ажаблантирди.
–Очиқроқ гапиринг, мен умумман ҳеч нарсани тушунмаяпман, – дедим.
–Гап шундаки, – деди меҳмон, – бугун тонгда Республика КГБсининг раиси ўртоқ Мелькумов (Я.А.Мелькумов) электр соқол олгич билан соқолини қиртичлаётган пайтда Республика радиоси газеталар обзорини бераётган экан. Радио сухандонининг: “Самарқанд вилояти телерадио комитети раисини КГБ ходимлари ёрдамида топтирамиз деган” гаплари у кишининг қулоғига узуқ-юлуқ эшитилган. Мелькумов гап нимадалигини тушунолмай қолган ва ўша заҳоти Самарқандга қўнғироқ қилиб, бошқармамиз бошлиғига: “…Нима гап? Аниқла!” деган. Бор гап шу. Нималигини биз ҳам билмаймиз.
Гап нима ҳақдалигини дарҳол тушундим ва “Правда Востока” газетасига берган мақоламнинг столим тортмасида турган қўлёзмасини уларга узатдим. Унда ўша гаплар ёзилган эди.
–Демак, мақола бугунги сонда босилган, бирон кишини газета дўконига юбориб, келтиртиринг! – буюрди меҳмон.
“Правда Востока”ни (Газетанинг 1990 йил 21 декабрь, жума кунги 292 (22458-сони) келтиришди. Унда индан ҳам мақола босилган эди. Мана у:

«ТЕЛЕСКАНДАЛ В САМАРКАНДЕ

Уже более трёх недель в Самарканде не утихают страсти по поводу объявленной, но не вышедшей в эфир передачи альтернативного телевидения. В адрес государственных органов сыплются обвинения в зажиме гласности, бюрократизме и монополизме. Мы попросили прояснить ситуацию председателя областного телерадиокомитета Ш.Ходжаева.
Вот что он рассказал.
После принятия закона СССР «О печати и других средствах массовой информации» в Самарканде организовано несколько телестудий, и среди них – «Самаркандтелепресс». Оно было организовано решением Самаркандского горисполкома. Планы у этого объединения широкие: создание собственных телепрограмм, коммерческого телеканала, редакционно-издательская деятельность, ремонт и прокат видеотехники.
30 ноября в областной газете «Ленинский путь» было опубликовано интервью с директором объединения Г.Зубковым, которое называлось «Телевзгляд из Самарканда». В нём сказано: «В воскресенье, 2 декабря, смотрите по восьмому каналу первую передачу самаркандского телевидения. Любопытно сам факт, что это будет передача не государственного, а альтернативного телевидения…» Далее говорится о времени выхода в эфир и о том, какую программу самаркандцы могут посмотреть. Однако телевзгляд не состоялся.
Почему же телевизионная передача не вышла в эфир?
На основании Закона СССР о печати Совет Министров Узбекской ССР 15 октября 1990 года принял постоновление «О порядке регистрации средств массовой информации в Узбекской ССР».
Там сказано, что студии обязаны предварительно зарегистрироваться в Гостелерадио УзССР или же в областном комитете по телевидению и радиовещанию, в зависимости от мощности передатчика на радиотелевизионном передающем центре (РТПЦ).
Вряд ли Г.Зубков не знал об этом, да мы его и предупреждали. А ответственные работники Самаркандского горкома партии, активно способствовавшие выходу в эфир незарегистрированного альтернативного телевидения? Неужто не знали, что без регистрации ни один областной комитет по телевидению и радиовещанию не может дать разрешение на выход в эфир?
Думается, в объединении были уверены, что Самаркандский горком партии, в обход существующих правил и положений, используя свой авторитет, сможет обеспечить эфир. И только поэтому, не иначе, он не согласовал свои намерения с соответствующими организациями и смело дал интервью корреспонденту газеты, где конкретно указал день и время предачи.
Но когда газета вышла, тысячи самаркандцев, оповещённые о передаче, готовились посмотреть её, а с эфиром ничего не получилось.Устроители телевзгляда беспрерывно звонили мне домой, добиваясь разрешения на выход в эфир. Кстати, я в это время был в отъезде. Тогда один из работников горкома просил передать мне: если они не получат разрешения на выход в эфир сегодня, то произойдёт политический скандал, что меня найдут сотрудники КГБ. Утром в день объявленного выхода в эфир приехали даже домой, но меня, естественно, не застали.
Словом, изрядно попортили настроение мне и моим близким. А надо было лишь сделать всё по закону.
Здесь есть ещё один момент. В этом же газетном интервью Г.Зубков назвал и время выхода в эфир – 13 часов 20 минут. А ведь оно совпадает с профилактическими работами телепередатчика Самаркандского радиотелевизионного передающего центра. Начальник РТПЦ Б.Борухов и главный инженер центра М. Фельдкорен поражены: с какой это стати «Самаркандтелепресс» самочинно решил отменить профилактику? Кто дал ему такое право?
И ещё. Зубков, не имея никакого отношения к государственному телевидению, без тени сомнения говорит и от его имени. Вот цитата из интервью: «…Но создать у нас – вот сейчас – государственное телевидение не удалось! Что делать? Ждать его годы? Решил попробовать сделать это на коммерчесой основе… Думаю, до нового года ещё дважды выйдем в эфир. Уже обдумываем новогодную программу». Желание, конечно, похвальное, но это не причина нарушать закон».

Ит эгасини танимайдиган турфа-турфа замонлар келди, деганим шу.
Дарвоқе, “Ҳодарвеш шамоли”нинг 77-қисмини ҳурматли укам Отамурод Абдуллаев ўз саҳифаларига кўчириб босибдилар. Бундан беҳад қувондим.Уни ўқиган биродаримиз Камол Холмуродов мана бундай фикр билдирибдилар:
“Камол Холмурадов Фирдавс Абдухолиқовни оқламоқчи эмасман. Қилмишига яраша совғасини олаяпти. Фақат ушбу мақола ярим йил олдин ёки аввалроқ нашр этилганида муаллифга тасанно айтган бўлардим. Ҳозирги кўриниши эса ”ёв қочса мард кўпаяди” ни эслатмоқда…”
Камина у кишига қуйидагича жавоб қайтардим:
“Миршариф Ходжаев Камолиддин, бу гапингиз тўғри. Аммо Абдухолиқовдан бизнинг қўрқадиган ва муттаҳамлик жойимиз йўқ. Телевидение ташкил қилганлигим тўғрисида ёзганимда ҳали Фирдавс ҳақида ҳеч гап йўқ эди. Воқеа каминанинг ёзиш пайтига тўғри келганлигидан ўзим ҳам ҳайронман. Ҳатто баъзиларга шов-шувларни Худонинг ўзи бу битикларга тўғрилади деб ҳазиллашдим. Мазкур гаплар бўлмаганида ҳам воқеаларни айнан шундай тасвирлардим. Абдухолиқов кетгани билан у кишини қўллаган Пўлат Абдураҳмонов ва бошқалар ҳаёт, у гапларга гувоҳ. Шунинг учун Сиздан хафа ҳам эмасман, ўзимни оқлашни ҳам истамайман. Аксинча, Абдухолиқовнинг бу кўйга тушганидан, инсон сифатида, жуда таассуфдаман. Қўрққанимда бундан ёмонроқ гапларни олдинги бўлимларда ёзмаган бўлардим. Саломат бўлинг”.
Шунақа гаплар чиқмасин деб, “Правда Востока” газетасида босилган мақолани тўласинча келтирдим.

79.

Турли йиғинларда телба-тескари чиқишларим билан вилоят ташкилотлари раҳбарлари орасида минди қилинмаган (ҳали минишга ўргатилмаган) қашқа отдек бўлиб қолган эдим. Самарқанд шаҳри раҳбарлари устидан газета орқали баён этган арзим ўтга мой қуйгандек бўлди.
Ҳақсизликни кўрмаганга дард айтсанг, ишонмайди. “Ҳодарвеш…”нинг 77, 78-қисмларида бунга гувоҳ бўлдингиз. Юқорида эслатганимдек, тележанжал ҳақидаги мақола ҳам “Правда Востока”нинг жума кунги сонида (“Ленинский путь”даги сингари) босилди.
Оғир бетоб ётган, дадамни кўриш учун шанба, якшанбада қишлоғимга бориб келишим керак эди. Давлат хавфсизлик комитети ходимларини кузатиб, сафар тадоригини кўрдим-у, Республика телерадио комитети маҳаллий эшиттиришлар бошқармаси бошлиғи Леонид Рабиновичга қўнғироқ қилдим. Дам олиш кунлари Самарқандда бўлмаслигим, ўрнимга бир муҳаррирни (ўринбосарим меҳнат таътилида эди) вақтинча раис вазифасини бажарувчи деб буйруқ чиқарганимни айтдим. Леонид Самойлович:
–Выходнойда ўрнингга раис тайинлаб нима қиласан, ё мани калака қивоссанми? – деди.
–Ҳар эҳтимолга қарши-да.
–Суббота, воскресеньеда приказ мнам ўрнига одам қўйвотган ненормальнийни биринчи марта кўрвомман, валяй! – таажжубини яширмади раҳбарим.
Якшанба куни кечга яқин Кешдарёдан (Қашқадарё) уйга қайтганимда, хотиним ҳаяжон билан кутиб олди:
–Яшинмачоқ ўйинларингиз билан бирон кун бизни ҳам, ўзингизни ҳам бир балога гирифтор қиласиз! Бу телефон ўлгур икки кундан буён тинган эмас.
Демак, хато қилмабман. Ўйлаганимдек, шанба, якшанбада тағин излашган. Шу аснода телефон яна жиринглади. Гўшакни кўтардим. Леонид Самойлович тутақиб бақирди:
–Ходжаев, что ты за человек!? Уже два дня сани излаймиз!
–Сизни огоҳлантирган эдим-ку, Леонид Самойлович.
–Леонид Самойлович бўлмай ман ўлай! Ты что натворил, знаешь?
–Билмайман.
–Ах ты, безвинная овечка! Весь Ташкент переполошил. Ты представляешь, секретарю ЦК товарищу Хамидову из Москвы сам Ислам Абдуганиевич звонил! Ты кашу заварил, мы расхлёбываем.
Леонид Рабиновичнинг айтишича, ўшанда Ўзбекистон компартияси марказий комитетининг биринчи котиби Ислом Абдуғаниевич Каримов СССР Олий Советининг депутати сифатида СССР Олий Советининг1990 йил 17 декабридан 26 декабригача ўтган IV съездида иштирок этаётган бўлган ва Тошкентдан юборилган газеталар орасида “Правда Востока”нинг “Телескандал в Самарканде” сарлавҳали мақоласига кўзи тушган. Шундан сўнг Ўзбекистон компартияси марказий комитети котиби Хайрулла Ҳамидовга қўнғироқ қилиб, масалага аниқлик киритишни сўраган. Х.Ҳамидов эса Республика Давлат телерадио комитети раиси Ганжа (Кенжа) Ёқубовга қўнғироқ қилган. Шу тарзда, “масалага аниқлик киритиш” мақсадида, каминани излаш бошланган.
–Эртага Самаркандга ответработник ЦК борвотти. Статьянгни разбор қилади, – гапини якунлади Леонид Самойлович.
24 декабрь куни эрталаб вилоят партия комитетининг биринчи котиби Содиқ Нишонов қўнғироқ қилиб, марказий комитет масъул ходими келганлиги ва вилоят партия комитетига тез етиб боришим кераклигини айтди.
Нишонов хонасига камина газетада танқид қилган кишилар тўпланган эди. Тўрда Содиқ Нишонов билан университетдаги курсдошим ва ўртоғим Ўткир Раҳматов (ҳозир “Халқ сўзи” ва ”Народное слово” газеталарининг бош муҳаррири) ўтиришибди. Содиқ Нишонов Ўткир Раҳматовни марказий комитет вакили деб таништирди. Мақола муҳокамаси бошланди. Раҳматов:
–Ўртоқ Хўжаев телерадио комитет функциясини тушунадими ўзи? – деди дабдурустдан.
Ўрнимдан туриб:
–Кечирасизлар, бу ерда мен эшитадиган гап бўлмайдиганга ўхшайди. Шунинг учун масалани ўзларинг муҳокама қилаверинглар, – дея хонадан чиқдим.
Газетадаги мақолада Самарқанд шаҳар партия комитети раҳабарияти қонунни бузмасин, дегандим, холос. Аммо тўпланганларнинг авзойи ва ўртоғимнинг биринчи луқмасиданоқ маълум бўлдики, улар айбдорларни эмас, гапни ташқарига чиқарганни муҳокама қилмоқчи бўлишган. Масалага қандай “аниқлик киритилганини” ҳозиргача билмайман.
Республика телерадио комитети ҳайъатининг шу воқеалардан кейин бўлган йиғилишида муҳокама этилган мавзулар орасида Республика ва вилоятлар телерадио комитетларида реклама фаолиятидан олинаётган тушумларнинг аҳволи масаласи ҳам бор эди. Республика комитети молия бошқармаси бошлиғи маърузаси тугагач, Ганжа Ёқубов, биринчи бўлиб, каминани минбарга таклиф қилди ва “Самарқандда бу иш ёмон ташкил қилинган”, деди. Реклама ишини мамлакатда биринчи бўлиб ташкил қилган ва бу жабҳадаги фаолияти ҳам намуна сифатида мақталиб келинган комитетимиз ҳақида биринчи марта бундай гапни эшитиб, аввалига эсанкирагандек бўлдим. Кейин:
–Ишимизнинг яхши ёки ёмонлигини билиш учун Самарқандга бориш керак, – дедим.
Ёқубов бу гапни кутмаган шекилли, индамай қолди ва бир дам жим тургач:
–Унда Икромхўжаев (Давлат телерадио комитети молиявий ишлар бўйича тафтиш гуруҳининг раҳбари. Афсуски, Икромхўжаевнинг исми хотирамдан кўтарилибди, аниқласам, кейинчалик киритарман. Биладиганлар, балки кўмаклашишар. Чунки бу бўлимда ёзиладиган гапларга кўпчилик ишонмаслиги табиий. Икромхўжаев ҳам, Ганжа Ёқубов ҳам бу битикларни ўқишларини жуда-жуда истардим) бошчилигида гуруҳ ташкил қилиниб, Самарқанд комитетининг ҳам молиявий, ҳам ижодий, умуман, барча соҳаси ёппасига текширилсин! – деди, ёнида ўтирган биринчи ўринбосарига қараб, – сизга жавоб, – каминага ўтириш учун рухсат берди.
Қашқадарё вилояти телерадио комитетининг ёнимда ўтирган раиси – Қурбон Эгамбердиев:
–Энди вазифангиздан умидингизни узаверинг. Икромхўжаевнинг қўлидан ҳали ҳеч ким омон чиққан эмас, – деди.
Бухоро вилояти комитети раиси Аминжон Шукуров бу фикрни маъқуллади. Икромхўжаев билан муносабатимиз илгаридан бузуқлигини улар билишарди. Ўша ҳафта Икромхўжаев ва у киши раҳбарлик қиладиган гуруҳ (бу гуруҳда Республика радиоси муҳаррири пахтачилик Дилмурод, Комитет ходимлар бошқармаси вакили Гуййо хоним (бу ажойиб кишилардан бирининг фамилиясини, иккинчисининг исмини эсимдан чиқарганман) ва бошқалар бор эди) ўн беш кун текширув ўтказиш учун Самарқандга келди. Хонамга кирган тафтишчилар раҳбари:
–Сиз билан учрашишни анчадан буён кутардим, – деди “қўлимга тушдингми?” маъносида. – Бошдаёқ айтиб қўяй, мен ҳеч ким билан ош емайман. Яқинда Сирдарё комитетини текширдим. Раиси Турғун ўртоғига қўнғироқ қилиб, розилигимни сўрамай, “бизга ревизор келган, кечқурун уйга ўт, ош бўлади”, дейди. Ошига бормадим.
Икромхўжаев мен, ҳақирнинг, тақдиримни узил-кесил ҳал қиладиган кишидек тутарди ўзини.
–Қирқ йилдан буён ревизорлик қиламан, – гапини давом эттирди тафтишчи. – Қанчадан-қанча министрларни қаматдим. Телерадио комитетга ишга ўтгунимча Республика Мева, сабзавот ва вино саноати министри Алимовни ишини текширганман. Актни тузиб, хонасида ўқиб бергандим, министр эсини йўқотиб, йиқилди…
Тафтишчининг ишни каминани қўрқитишдан бошламоқчилиги билиниб турарди. У қанча вазир, қанақа раҳбарларни қаматгани ҳақида узоқ гапирди.
–Эсингизни йўқотмаслик учун тайёрланаверинг, – гапига хотима ясади у.
–Биринчидан, сизни ошга таклиф қилмайман, – терс гапирдим. – Иккинчидан, актни тузинг, ким эсини йўқотишини ўшанда кўрамиз.
Текширувчи бунақа гапни умрида эшитмаган бўлса керак, гангиб қолди.
–Шунақами? Унда коллективни йиғинг!
Жамоани тўплаб, Икромхўжаевга сўз бердим.
–Меҳмонхонага бормайман, манга шу ердан бир комната ажратиб, шароит яратасиз, – биринчи талабини айтди у киши. – Ҳар бир эшик олдига биттадан эълон ёпиштирасиз. Уни текстини ёзиб бераман. Эълонда ҳар бир ходим олдимга кириб, кўнглидагини айтиши кераклиги ёзилади. Ман билан келганларни бир гуруҳи, ижодий ишларни, иккинчиси, кадрлар ва бошқа соҳаларни текширади. Раис ҳақида ҳар қандай гапни айтишларинг мумкин. Қўрқманглар, бу строго секретни сақланади.
–Ҳеч ким раисдан ҳадиксирамасин, ким нима дейишининг мен учун мутлақо аҳамияти йўқ. Билганингизни тафтишчиларга етказинг, – Икромхўжаев фикрини қувватладим.
Текширувчилар шаҳар меҳмонхонасига жойлаштирилди. Фақат Икромхўжаевга идорамиздаги хоналардан бирини жиҳозлаб бердик. Эрталаб ишга келганимда гуруҳ раҳбари хонасига кириб, саломлашаман ва кечқурун, уйга кетаётганимда, хайрлашаман. У киши фақат бош ҳисобчи билан ишлайди. Иккаламиз кун бўйи бошқа учрашмаймиз.
Бошида катта гапирдим-у, бари-бир, ҳадикда эдим. Тўрт-беш кун ўтгач, бош ҳисобчи кириб:
–Икромхўжаев жинни бўлай деяпти. Ҳалигача бирорта камчилик тополган эмас, – деди.
Ҳисобчидан кейин хонамга ижодий ишлар бўйича текширув ўтказувчилар раҳбари Дилмурод кирди.
–Ака, биздан хавотир олманг, – деди у. – Мен бош муҳарриримиздан аниқ кўрсатма олганман. У киши сиз чиқиш қилган ҳайъат йиғилишига иштирок этган эканлар. Комитет раисига айтган гапингиз ҳозир ҳамманинг оғзида. Бош муҳарриримиз: “Самарқанд комитети раисини қўллашимиз керак, унинг иши ҳақида ёмон фикр билдирманглар”, деб бизга яширинча кўрсатма берганлар.
Дилмурод чиқиб, орқасидан Гуййо хоним кирди. У ҳам айнан илгариги суҳбатдошимнинг гапларини такрорлади. Комитет ходимлар бошқармасининг бошлиғи, истеъфодаги полковник Казанцев ҳам комитет бош муҳаррири берган топшириқни айтибди.
Дунёда яхшилар кўп. Дилмурод ва Гуййо хоним гапларини эшитиб, бўғзимга тош тиқилгандек бўлди. Умримда кўрмаганим, танимаганим ўша одамларни қучиб, раҳмат айтгим келди. Гуруҳнинг Икромхўжаевдан бошқа ходимлари ишларини бир ҳафта ичида тугатиб, маълумотларни раҳбарларига топширишган. Айтишларича, маълумотномаларни ўқиган шўрлик тафтишчи, тутқаноқ касали бордек, типирчилаб қолган. Чунки у ҳужжатларда фаолиятимиз хусусида бирор оғиз ҳам салбий фикр ёзилмаган. Текширувнинг тўққиз куни ўтди. Бош ҳисобчининг берган маълумоти бўйича, Икромхўжаев ҳам молиявий фаолиятимиздан мутлақо ҳеч нарса (камчилик) тополмаган.
Ўнинчи куни эрталаб, одатдагидек, тафтишчи билан саломлашгани хонасига кирдим. Шунча кун қовоғини очмаган меҳмон бу гал каминани очиқ чеҳра билан кутиб олди.
–Хонангизга кирсам бўладими? – Савол берди у.
Тўққиз кун давомида иккаламиз мутлақо суҳбатлашмаган ва у бирор марта хонамга қадам қўймаган эди. Изимдан эргашиб келди. Курсига ўтирди-да:
–Қирқ йиллик ревизорлик ишимда биринчи марта панд едим, – деди, надомат билан. – Тўққиз кун ўзимни ўзим қийноққа солдим. Биласизми, шунча кундан буён фақат қайноқ сув билан қуруқ нон ейман.
–Тушунмадим, нега? Очлик эълон қилдингизми?
Меҳмон жилмайди.
–Яқинда қизимизни узатишимиз керак. Олган командировочний пулларни кеннойингизга қолдириб, тўй учун ул-бул ол, дегандим. Самарқандга пулсиз келганман. Бугун келинга айтиб, битта ош қилдирасиз. Бу, биринчиси. Иккинчиси, командировочним тугашига ҳали беш кун бор. Сиздан бир нарсани илтимос қилмоқчиман. Шу кунларда Зоминдаги синглим ўғлини уйлантиради. Командировочнимга Самарқандда ўн беш кун бўлди деб муҳр қўйиб берсангиз, ўша тўйга борардим. Текширув актини ёзиб қўйганман. Ҳеч қандай камчилик тополмадим.
Очиғини айтсам, ишимиз тўғрилигини билардим-у, бу даражада деб ўйламагандим. Учрашувимиз аввалида: «…сизни ошга таклиф қилмайман, …актни тузинг, ким эсини йўқотишини ўшанда кўрамиз», деганим қанчалик тўғри чиққанига ишонгим келмасди. Шунча кун қовоқ-димоғ қилиб юрган тафтишчининг бугунги ҳолати ҳам ачинтирган, ҳам жаҳлимни чиқарган эди.
–Сизни ошга таклиф қилмайман, дегандим-ку! Кейин, командировочнингизда кўрсатилган муддатдан беш кун олдин қандай жавоб бераман? Бу жиноят-ку? – Синамоқчи бўлдим уни.
Икромхўжаевнинг кайфияти бузилди.
–Шундай дейишингизни билгандим. Майли, тағин беш кун хонамда оч ётаман. Омон бўлинг.
Ўрнидан туриб, ташқарига чиқди. Орқасидан эргашдим. Текширув натижаси ҳақида тайёрлаган далолатномасига имзо чекиб, ош бергани уйга олиб келдим…
Олти кундан кейин Республика комитети молия бошқармасининг бошлиғи қўнғироқ қилди.
–Икрамжоджаева и Якубова в лужу посадили, молодцы! – деди у ҳаяжон билан. – В истории Гостелерадио такого ещё не было. Даже по итогам проверки приказ не могли издать. А хвалить вас не хотят. Зато Икрамходжаев свою долю от Якубова получил.
Давлат телерадиоси ҳайъатининг навбатдаги йиғилишида Икромхўжаевга “Самарқанд вилояти телерадио комитети раисини ишдан оладиган қилиб масла тайёрлайсиз”, дея кўрсатма берган (бу гапни эшитганлар каминага етказишганди) Ганжа Ёқубов билан очиқчасига гаплашмоқчи бўлдим. Афсуски, у йиғилишгача раисни ишдан бўшатишди. Аламим ичимда қолди.

80.

Ўзбекистон компартияси марказий комитетидан Шавкат Яҳёев деган воиз (лектор) келиб, минг кишилик катта залда халқаро мавзуда ваъз айтди; рус тилида жуда равон ва мантиқли гапирди. Маъруза тугагач, раҳбарим – вилоят партия комитети бўлим мудири (у пайтлар вилоят партия комитетида ишлардим) Нойил Қўшаев Яҳёевга каминани таништириб:
–Мени марказкомга чақиришяпти, бу ходимимиз сизга Самарқандни кўрсатади, – деди.
Яҳёев билан шаҳарни айландик. Тиллакори мадрасаси гумбази ичидаги тилла суви югуртирилиб чизилган ғаройиб нақшларга тикилаётган меҳмон, шунчаки сўз қотди:
–Гапиришингизга қараганда, самарқандликка ўхшамайсиз.
Бу ерлик эмаслигимни айтдим.
–Тушунарли, ўқишга келиб, самарқанд гўзали кўнглингизни ром қилган-у, шу ерда қолиб кетгансиз, шундайми?
–Ўқишга келганим рост. Лекин самарқандлик эмас, “Қўқон жонони кўнглимни ром этган”, – Ҳофиз Шерозийнинг машҳур ғазалига пайровона гап қилдим.
Гумбаз шифтига маҳлиё бўлиб турган Яҳёев қўққисдан менга қаради.
–Шунақа денг!? Келин Қўқоннинг қайси гузаридан?
–Галабаққоллик.
Яҳёевнинг таажжуби янада ошди.
–Галабаққолдан? Кимнинг қизи?
–Мелибой Абдуллаевнинг набираси. У кишининг ҳовлисида улғайган.
–Қизиқ, Мелибой Абдуллаев ён қўшнимиз. Хотинингизни кичиклигини эслайман.
Маълум бўлишича, Мелибой Абдуллаев оиласи билан Шавкат Яҳёевнинг ота-оналари ҳозир ҳам қўшни экан. Шу баҳонада Яҳёев билан қадрдонлардек бўлиб қолдик. Вилоят телерадио комитетига раисликка тайинланишимдан олдин партия марказий комитети ва Республика Далат телерадио комитети раҳбарияти суҳбатидан ўтгани бордим. Телерадио комитет раиси Инқилоб Юсупова хонасида уч-тўрт киши ўтирган экан. Улардан бири Шавкат Яҳёев эди. У киши камина билан илиқ сўрашди.
–Сизлар танишми? – Сўради Инқилоб Турсуновна.
–Ҳа, биз илгариги ишимиз бўйича танишиб қолганмиз. Бу киши бизнинг Қўқонга куёв бўладилар, – жавоб берди Яҳёев.
Тўпланганлар Телерадио комитет раисининг ўринбосарлари бўлиб, Шавкат Яҳёев телевидение бўйича биринчи муовин ҳисобланаркан. У кишига танишлигим туфайли вилоят телерадио комитети раислигига тайинлаш учун уюштирилган суҳбат ҳазил-мутойиба билан ўтди. Аммо бу вазифада иш бошладим-у, Шавкат Яҳёев ҳам, Инқилоб Юсупова ҳам бирданига ишдан кетишди.
Орадан маълум муддат ўтгач, Шавкат Яҳёев Республика президентининг матбуот котиби бўганлигини эшитдим ва қўнғироқ қилиб:
–Телерадио комитетнинг навбатдаги раисини табриклайман! – дедим, дабдурустдан.
–Перестань болтать! – норози оҳангда гапирди суҳбатдошим.
Шундан кейин, кўп ўтмай, Яҳёев, чиндан ҳам, Республика Давлат телерадио комитетига раис бўлди. Ҳақирнинг куним туққандек эди-ю, вилоят ва Самарқанд шаҳри раҳбарлари билан муносабатимиз тобора кунпаякун бўлиб борарди.
Телесигналларни мўътадиллаштириб берувчи СТС (стабилизатор телевизионных сигналов) деган ускуна бўлади. Ўша ишдан чиқса, телекўрсатувни эфирга узатиш мумкин эмас. Биздаги атиги бир дона СТС тез-тез бузилади. Сотиб олиш учун юз эллик минг сўм (рубль)имиз йўқ. Шунча маблағни вилоят молия бошқармаси қарзга бериб турса, ускуна сотиб олардик ва пулни яна қайтарардик, деган илтимос билан вилоят раҳбари Абдураҳмоновга мурожаат қилдим.
–Чўпонота тепалигидан ўтадиган Самарқанд-Тошкент автомобиль йўли билан шаҳарнинг Садриддин Айний кўчасини туташтирмоқчимз. Шунга юз эллик минг сўм тополмаяпмиз, – деди у киши.
Бу гапга ишондим. Бироқ кўп ўтмай, ТКСга Самарқанд шаҳрини тараққий эттириш жамғармасидан (ўшанда шунақа жамғарма ташкил этишганди) ўн миллион сўмни беғараз ёрдам сифатида ўтказишди деб эшитдим. Бунга ҳам ишондим. Чунки Фирдавс Абдухолиқов шу гап тарқалганидан сўнг телестудияси учун уч қаватли янги ҳашаматли бино қуриб, замонавий ускуналар билан жиҳозлади. Абдураҳмонов эса “ТКС вилоят кенгашининг телестудияси” дейишни канда қилмасди. Охири вилоят раҳбари номига расмий хат ёзиб, “ТКС вилоят кенгаши студияси бўлса, халқ депутатлари вилоят кенгаши ижроия комитетининг телерадио комитети мақомини аниқлаб беринг“, деб талаб қўйишга мажбур бўлдим. Вилоят кенгашининг навбатдаги йиғилишида Абдураҳмонов мактубимни эълон қилиб, хатда масала тўғри кўтарилган, бугундан ТКС Самарқанд шаҳар кенгашига қарашли деб қарор чиқарилсин, деди.
Шу тарзда раҳбарият билан муносабатимиз чигаллашиб бораверди. Ўша пайтлар Республика мустақилликка эришиш арафасида эди. Шу боис жойлар, кўчалар номи ва коммунистик партия ҳамда советлар тузуми билан алоқадор атамаларни ўзгартириш ҳаракати кимўзарига бошлаб юборилди. Вилоятда ўттиз-қирқ кишидан иборат ном қўйиш комиссияси бўлиб, вилоят раҳбари унинг раиси ҳисобланарди. Самарқанднинг таниқли фан ва маданият арбоблари, вилоят ташкилотларининг раҳбарлари, нуронийлар вакиллари ва бошқалар унга киритилган. Камина номим, кўплаб бошқа комиссиялар сингари, бу гуруҳга ҳам тиркаб қўйилганди.
Комиссия ишини вилоят раҳбарининг ўринбосари Маҳорат Боқиева бошқарарди, Баҳодир Қобулов (ҳозир фейсбукдаги дўстларимиздан бири, истеъдодли ёш ёзувчи) масъул котиб эди. Гуруҳнинг навбатдаги йиғилишларидан бирида Баҳодир Қобулов Иштихон туманидаги қайси бир колхозга ўша хўжаликка бир пайтлар раислик қилган Азиз Йўлдошев деган кишининг номини қўйиш ҳақидаги қарор лойиҳасини ўқиди.
–Марҳум Азиз Йўлдошев “Ҳурмат белгиси” ордени билан мукофотланган, – деди Қобулов.
Боқиева масалани овозга қўйди. Комиссия аъзолари таклифни бир овоздан маъқуллашди.
–Ким қарши? – Сўради Маҳорат Орзиевна.
Қўл кўтариб:
–Низомимизда “Номи абадийлаштириладиган киши камида Республика миқёсида танилган бўлиши керак”, деб ёзилган. Шунча йил вилоят оммавий ахборот воситаларида ишлаб, Иштихонда Азиз Йўлдошев деган Республикага танилган раис борлигини билмас эканман. Демак, биз низом талабини бузиб, у кишининг номини абадийлаштиряпмиз, – эътирозимни билдирдим.
Вилоят ветеранлар (у пайтларда “Нуроний” жамғармаси шундай аталарди) кенгаши раиси Саид Солиҳбоев:
–Жуда тўғри, мен ҳам узоқ йиллардан буён вилоят раҳбарларидан бири сифатида, шундай раис ўтганлигини билмайман. У кишининг номи абадийлаштирилишига қаршиман, – дея фикримни қувватлади.
Кўпчилик овоз билан тасдиқланган қарор бекор қилинди. Баҳодир Қобулов иккинчи қарор лойиҳаси Жомбой туманидаги “Коммунизм” колхозига шу жамоага раҳбарлик қилган марҳум Хўжам Низаматов номини бериш ҳақида эканини билдирди. Бу таклиф эълон қилингач, вилоятда узоқ йиллар раҳбарлик лавозимларида ишлаган (ҳозир ҳам “Нуроний” жамғармасининг раиси) Ҳасан Нормуродов:
–Жуда маъқул. Мен Жомбойда райкомнинг иккинчи котиби, вилоят партия комитети котиби сифатида ишлаган давримда Хўжам Низаматовни яхши билганман. У кишининг номини абадийлаштирса арзийди, – деди.
Боқиева бу қарорни тасдиқлаб беришни сўради. Тағин ҳамма қўл кўтарди. Раислик қилувчи яна “қаршилар борми?” деди.
–Комиссиямизда таниши бўлган кишилар номи абадийлаштириладиган бўлса, мен иштихонлик Азиз Йўлдошевни танийман, биринчи фикримдан қайтдим, – дедим. – Негаки, Йўлдошев ҳам, Низаматов ҳам бир даражадаги одамлар. Иккаласи ҳам “Ҳурмат белгиси” ордени билан мукофотланган, иккаласи ҳам колхозга раис бўлган. Фақат Низаматовни Ҳасан Норбекович таниганлиги у киши номини абадийлаштириш учун асос бўляпти. Ё Йўлдошев номини ҳам абадийлаштиришимиз ёки Низаматов номини ҳам абадийлаштирмаслигимиз керак.
Қарор лойиҳасини аввал тасдиқлаш учун овоз берганлардан бир неча киши бу фикрга қўшилди. Мазкур лойиҳа ҳам қайтарилди. Комиссия масъул котиби:
–Ургут туманининг “Октябрь” колхозида Акрамов деган бригадир ўтган. У киши Ленин ордени билан мукофотланган. Туман кенгаши колхозга шу бригадир номини бериш тўғрисида қарор қабул қилган, – деди.
Баҳодир Қобулов гапини Маҳорат Орзиевна илдириб кетди:
–Ҳа, ўртоқлар, кеча Ургут туман кенгаши раиси ўртоқ Маҳматмуродов қўнғироқ қилиб, “колхоз номини Акрамов эмас, Акрамобод деб қўйсак маъқул бўлади” деган таклифни айтдилар.
–Жуда тўғри таклиф, бунинг устига Акрамобод деса сих ҳам, кабоб ҳам куймайди, – луқма ташлади кимдир.
–Унда шу масалани овозга қўяман, ўртоқлар, – хурсанд бўлди Боқиева.
Таклиф маъқулланди.
–Қаршилар борми? – раислик қилувчи, биринчи навбатда, каминага қаради.
Безбетлтик билан ўрнимдан турдим.
–Ҳозир хаёлимдан бир фикр кечяпти: қани энди шу ном қўйиш комиссияси тарқаб кетмасдан ўлсайдим. Бу гуруҳдагиларнинг ҳаммаси мени танийди. Яхшими, ёмонми, бир вилоят ташкилотининг раҳбариман. Вафот этсам, номимни боплаб абадийлаштиришарди-да, деб орзу қиляпман, – дедим жиддий оҳангда.
Ҳамма кулди.
–Юқорида икки раиснинг номини абадийлаштиришга қарши чиқдик, –фикримни давом эттирдим, – ургутликлар колхозни Акрамов эмас, Акрамобод деб аташ масаласида жуда ақлли иш қилишибди. Бир таклиф бор: Азиз Йўлдошев номи бериладиган кохозни Йўлдошобод, Хўжам Низаматовни Низаматобод деб атасак, сих ҳам, кабоб ҳам куймас экан-ку? Марҳум раисларнинг руҳини ҳам чирқиратмаймиз. Ахир бригадир номи абадийлаштирилиб, раис қолиб кетса, яхши эмас.
Гуруҳда алланечук безовталик бошланди. Мазкур қарор лойиҳаси ҳам, Ургутдаги Комаров номли пионер лагерини Набиев деб аташ ҳақидагиси ҳам шу тариқа қайтарилди.
Эртасига атамалар комиссияси маъқулламаган қарорлар тасдиқланганлиги ва ўша номлар абадийлаштирилганлиги тўғрисида вилоят радиосига хабар келди. Комиссиянинг навбатдаги йиғилиши бошланиши олдидан, юзимга чарм қоплагандек, Маҳорат Орзиевнага мурожаат қилиб, ўтган йиғилишимизда қайтарилган қарорлар нега тасдиқланганлигини сўрадим.
–Пўлат Мажидович Абдураҳмонов, биз маъқулламаган қарорларни, комиссия раиси сифатида, тасдиқладилар, – деди у киши.
–Ундай бўлса, Пўлат Мажидович комиссия аъзоларига бу қарорларини асослаб берсинлар. Асосламасалар, бу гуруҳда, устида тажриба ўтказиладиган қуёндек, ўтиришни истамайман, – дея шарт қўйдим.
Маҳорат Боқиева тутақиб кетди.
–Вилоят раҳбарига бу гапни қандай қилиб айтаман? Сиз айтинг!
–Комиссия биз Абдураҳмоновга бу гапни айтолмаймиз, фалончи шу ишни бажарсин, деб каминага ваколат берса, айтаман, – янада безбетлик қитлдим.
Бу йиғилишимиз ҳам тўс-тўполон билан ўтди. Кейинги йиғилишимизда тағин ўша маслани кўтардим. Маҳорат Орзиевна Абдураҳмоновга у шартни айтмаганлигини маълум қилди. Ўрнимдан туриб, унда бу комиссия ишига қатнашолмайман, деб чиқиб кетдим.
Шундан кейин Пўлат Мажидович камина номимни бошқа барча комиссиялар такибидан ўчиртирди.

81.

Ҳақ сўз айтган тазйиқ остига олинадиган жамиятда тараққаёт секинлашишини инсоният тарихи бот-бот исботлаган. Бундай жамиятда зиёлининг сукут сақлаши, авом шуурида ҳадик куртак отиши, ўша сиёсатнинг ҳайбаракаллачилари кўпайишини ким бимлмайди?
Даҳаю деҳалардан бир коммунист номини олиб, иккинчи коммунист номини қўяётган ва бу амали билан жамятни ўтмиш юкидан озод этяпмиз деб ўйлаган атамалар гуруҳининг биз, банда, таклифимиз билан қабул қилган кейинги қарорлари бир киши томонидан бебасарона бекор қилиниши ўша жамоага тўпланган орифлардан ақалли бирортасининг пинагини бузмаганига дардо демасдан иложинг йўқ.
Самарқанд дор ус-салтанасида ўн йилга яқин ҳукумат қилган Абдураҳмонов ва ном қўйиш комиссиясининг инсон хотирасини абадийлаштиришдек муқаддас ишга бу қадар беидрокона ёндашуви бу вилоятга хос ҳол бўлмай, бутун Республикани исканжасига олган қизил офатга айланди.
Вилоят раҳбарининг ҳам, комиссиянинг ҳам ношойиста ҳаракати ўшанда жамиятда оммавий тус олган нифоқликнинг (иккиюзламаликнинг) самараси эди. Дариғо, орадан, нари-бериси билан, йигирма йил ўтди-ю, хотиралари мангуликка дахлдор деб ўйланган коммунистлар номларининг барчаси тағин абадият рўйхатидан ўчирилди. ( “Географик объектлар номланиши тўғрисида” 2011 йил 12 октябрда қабул қилинган қонун билан бу бошбошдоқликларга чек қўйилди).
Ижодининг ибтидосидан тушкунлик таълимоти тарафдори деб қораланган Фридрих Нитше асарлари гултожи – “Зардушт таваллоси”да: “Бахтиёрликлари , идроклари, фазилатларидаги қашшоқлик, нопоклик ва ғарибона қаноат қабиҳлик бўлиб кўрингандагина кишилар чексиз ҳазар туядилар”, дейди ( рус тилидан муаллиф таржимаси).
Муаллиф ўша асарида: “Учишни ўргатолмаганингизга тезроқ қулашни ўргатинг”, дея маслаҳат беради. Зардушт тилидан айтилган бу иборада гап қулаётган шахс ҳақида эмас, нарса, аниқроғи, умрини ўтаб бўлган давр, ахлоқий меъёрлар тўғрисида боряпти. Нитше шундай қулашни тезлаштириш ва йиқилаётган нарса ўрнида тикланадиган янги ҳаёт тарзининг тезроқ қарор топиши тарафдори.
Икки минг етти юз йил муқаддам юртимизда яшаб ўтган Зардушт тилидан берилган бу ўгитлар битилган китобнинг рус тилидаги бир нусхаси, ҳозир таърифланаётган замонда, Самарқанд Давлат университети бош кутубхонасининг тақиқланган адабиётлар сақланадиган хонасида занжирбанд қилиб ташланганди.
Қароллик исканжасида юрганини сезмаган, биз, ҳақирлар, ҳали бундай гаплардан бехабар эдик. Ўзимизни бахтиёр, идроку фазилатларимиз етук деб билдик. Илло коммунизм деган хомхаёл оғушида уларнинг барчаси қашшоқ бахти-ю, ғарибона қаноат эканини ва ҳазар лаҳзасини илғамасдан, коммунистик келажак умрини узайтиришга уриндик.
Вилоят раҳбари ҳоким деб аталадиган бўлди. Шундай ғалвали кунлардан бирида Давлат теле-радио комитетининг раиси Шавкат Яҳёев қўнғироқ қилди. Салом-аликдан сўнг:
–Пўлат Мажидович билан ораларингдан қора мушук ўтдими? – дея сўради.
–Йўқ, ҳеч гап бўлган эмас, – сир бой бермадим.
–Вилоят раҳбаридан тушунтириш хати сўраган эмишсан. Менга тефон орқали шундай дейишди.
–Ким бўлибман-ки, ҳокимдан тушунтириш хати сўрасам. Гап сал бошқачароқ бўлганди, – дедим-да, ном қўйиш комиссиясида юз берган воқеа тафсилотини тушунтирдим.
–Демак, улар ёлғон айтишмабди. Ўзингни ўққа тутиб нима қилардинг. Абдураҳмонов сени ишдан бўшатиш учун розилигимни сўради, рад этдим.
Шу гапдан кейин вилоят теле-радио комитети фаолиятини текшириш учун ҳокимликда комиссия тузилди. Вилоят “Ленин йўли” (“Зарафшон”) газетасининг бош муҳаррири Ҳабиб Темиров комиссия раиси, “Ленинский путь” (“Самаркандский вестник”) газетаси бош муҳаррири В.Пустовалов, шоир Душан Файзий, вилоят ҳокимияти масъул ходимлари – Ғани Икромов ва Нормуҳаммад Сайфиддинов комиссия аъзолари сифатида иш бошлашди. Ҳабиб Темиров:
–Ўзимга яқин киши сифатида очиғини айта қолай: Пўлат Мажидович, масалани сизни вазифангиздан оладиган қилиб тайёрлашимизни топширди, –деди.
Текширувчилар тўрт кун ишлагандан сўнг Пўлат Абдураҳмонов билан учрашдим. У киши жуда совуқ қарши олди.
–Сиздан хафаман, – деди, қўққисдан. – Алишер Мардиев (А.Мардиев вилоят кенгаши раисининг собиқ биринчи ўринбосари, ўша пайтда Республика адлия вазири эди) вилоятга ҳоким бўлиш учун атрофига одам тўплаб, иш олиб бораётган эмиш. Сиз ҳам ўша гуруҳда деб эшитдим.
Пўлат Мажидовичдан ном қўйиш комиссиясидаги бебошлигим ҳақида дакки эшитишни кутгандим-у, бу гапдан бехабар эдим. Бу туҳмат эканини айтдим ва ҳақлигимни исботлаш учун бир неча мисоллар келтирдим. Вилоят раҳбари ўйланиб турди-да:
–Тушунарли, боринг, ишлайверинг, – деди.
Абдураҳмонов гапини комиссия раиси – Ҳабиб Темировга айтдим. У киши ҳам ажабланди. Эртаси куни текшириш тўхтатилди.

82.

Волий (ҳоким) билан ўчакишиб, мағлуб бўлмаган қул ҳақида эшитмаганман. Ишимизни тафтиш қилаётган гуруҳ, ҳоким кўрсатмасига кўра, қайтиб кетса-да, камина “бебошлигим” кечирилмаганлиги маълум эди.
Ўша кунларда халқ депутатлари вилоят кенгашига навбатдаги сайловлар ўтадиган бўлди. Депутатликка номзоди кўрсатилган ҳар бир кишига, дастурини эълон қилиши учун, вилоят телевидениесида тўққиз дақиқадан вақт ажратилиши ҳақида юқоридан кўрсатма берилди. Тарғибот-ташвиқотлар авж олган кунларнинг бирида депутатликка номзод, туман ҳокимларидан бири Ўтаган Нарзуллаев идорамизга келди. У киши илгари ён қўшним бўлганлиги ва яхши танишлигимиз ҳурмати учун, тартибни бузиб бўлса-да, унга ўн беш дақиқа вақт ажратдик. Сайловлар ўтди-ю, мансабдор танишим депутатликка сайланмади деган гап тарқалди.
Икки ўт орасида қолган кишига қийин. Бир пайтлар “Ленин йўли” газетаси муҳаррири Аҳмаджон Мухторовга айтиб, таҳририятга ишга олдирганим – Муҳаммад Нурматов ўшанда вилоят ҳокимининг ўнг қўл сипоҳларидан эди. Хушфеъл, камсуқум, ишчан йигит қачондир қилган “хизматим” эвазига бўлса керак, ҳамиша ярим чин, ярим ҳазил аралаш “устоз” дея муомала қиларди. Сайловлар ўтгандан кейин Муҳаммад ҳокимиятга чақирди ва хонасига киришим билан хижолатомуз:
–Битта сиёсий хато қилдингиз-да, устоз, – деди.
Гап нимадалигини англамаганлигимни тушуниб:
–Сизни деб бир ҳоким ишдан кетяпти, мана буни ўқинг, – қўлимга қоғоз тутқазди.
У Ўтаган Нарзуллаев томонидан ёзилган ариза бўлиб, расман рўйхатга олинган, юқоридаги чап томон бурчагида қора рангда “Айбдорга нисбатан чора кўрилсин” деган ёзув ва вилоят ҳокимининг имзоси бор эди. Аризачи вилоят кенгашига депутатликка сайланмай қолганлигининг сабаби телевидениедан дастури эълон қилинмаганлигида деб ёзган ва бунинг учун айбдор Хўжаевга нисбатан чора кўрилишини сўраган. Шикоятни ўқиб, ажабланиб ўтирганимда Муҳаммад:
–Хўш, устоз, энди нима қиламиз? – деди.
–Ўтаган Нарзуллаев телевидение орқали дастурини эълон қилганида депутат бўларди деб ўйлайсизми? – саволга савол бердим.
–Албатта, бўларди-да.
–Унда акамиз депутатликка икки марта сайланиши керак эди.
–Нима учун?
–Чунки телевидениедан дастурини эълон қилган ҳамма номзодларга тўққиз дақиқадан вақт берилиб, Нарзуллаевга ўн беш дақиқа ажратилганди.
–Йўғ-е, ажабланди, ҳокимият бўлим мудири.
Депутатликка номзод Нарзуллаевнинг чиқиши телевидение орқали намойиш этилган ва унинг видеотасвири туширилган тасма архивда сақланаётган эди. Суҳбатдошим билан гаплашяпман-у, нигоҳимни хатдан узолмайман. Шикоят битилган кунга эътибор қаратиб, кўзларимга ишонгим келмади. Ариза сайловлар ўтмасдан олдин ёзилган ва умумий бўлимда ўша кун рўйхатга олинган. Қайта-қайта қарадим, хато қилмаётган эдим. Дунёда шунақа ўйинлар бўлади деб эшитардим, аммо гувоҳ бўлмагандим. Ҳозир эса ғаламисчасига уюштирилган лўттибозликнинг иштирочисига айлангандим.
Жаҳл аралаш:
–Ҳамиша сиздан иш ўрганганман, дейсиз, мени устоз деб биласиз-а? – деб сўрадим Нурматовдан.
–Яхшиликларингизни ҳеч қачон унутмайман.
–Қанчалик устозлик қилганимни билмайман-у, лекин ўшанда устимдан хат ташкил этишни ўргатмаган эканман-да, – дедим.
Муҳаммад ноҳақ ишга аралашиб қолгани ва буни камина сезиб турганимдан жуда хижолат тортаётган эди.
–Нега бундай деяпсиз? – Ажаблангандек бўлди.
–Сайловлар қайси кун ўтгани эсингиздами?
–Албатта, эсимда. Нима эди?
– Ўтаган Нарзуллаев аризаси сайловлар ўтмасдан олдин ёзилган-ку…
Нурматов қўлимдаги аризани олди-да, кўз югуртириб, қизариб кетди.
Хатнинг биринчи бетини пастга қилиб, столи устига қўйди-да:
–Ўтган гапга саловат, устоз, – бир оз ўйланиб тургач, – янгиликни эшиттингизми? Аҳмаджон ака ишдан бўшаб, Самарқандга келибдилар, – деди.
Гап устозимиз – Аҳмаджон Мухторов ҳақида эди. Аҳмаджон Ғуломович 1985 йил охирларида Республика “Қишлоқ ҳақиқати” (ҳозирги “Қишлоқ ҳаёти”) газетасига, 1991 йил 1 январда янги ташкил этилган “Халқ сўзи”, “Народное слово” газеталарига бош муҳаррир этиб тайинланган ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ҳайъатига ҳам, жамоатчилик асосида, раислик қиларди. У киши сўнгги чақириқ СССР Олий советига журналистлар уюшмасидан депутат қилиб сайланган, Олий совет съездларида қилган чиқишлари туфайли кўпчиликнинг, жумладан, Республика президентининг ҳам назарига тушганди.
Шу боис устоз Тошкентга кетганидан сўнг орамиздаги алоқа деярли узилган, нуфузли раҳбар Самарқандга келганида ҳам казо-казолар кутиб олишибди, кузатиб қўйишибди, деган гапларни орқаворатдан эшитиб қолардик. Муҳаммад Нурматовнинг ҳокимиятдаги мавқеи ҳам Мухторов туфайли эди. Чунки бош муҳаррир “Халқ сўзи” чиқа бошлагач, аввал, Ҳабиб Темировни Самарқанд вилояти бўйича махсус мухбирликка олди. Кейин бир вилоятга иккинчи мухбир қилиб Нурматовни ҳам ишга қабул қилганди ва, ниҳоят, вилоят ҳокимлигига ўтишига шулар сабаб бўлганди. Обрўли танишимизнинг дабдурустдан ишдан бўшаши биз учун янгилик эди.
–Ундай бўлса, устоздан бир кўнгил сўраб қўяйлик, – таклиф қилдим Нурматовга.
–Ҳа, албатта, бориш керак.
Муҳаммаднинг гапи авзойидан, боргиси йўқлиги билиниб турарди. Бу хабарни эшитганимдан кейин устимдан ташкил қилинган шикоят хусусидаги хитлик ҳам хаёлимдан кўтарилган эди.
–Кетдик, – дедим, ўрнимдан туриб.
–Хай, майли, сиз бораверинг, мен кейин ўтарман.
Ишим кўп деёлмади, чунки тушлик вақти бўлиб қолганди. Иккинчи марта таклифимдан сўнг, ноилож, бормаслигини очиқ айтди.
–Аҳмаджон ака нима сабабдан ишдан кетганлиги ҳали номаълум… шунинг учун сиз ўтаверинг…, – чайналди у.
Мухторовнинг ҳовлиси олдида ҳеч ким кўринмади. Дарвозани Анбар янга очди.
–Хайрият, хўжайинниям сўроткан боракан! – саломимга алик олмай, ҳайратини изҳор қилди хўжабека. – Кираверинг, укамулло, акайиз китоб ўқиб ўтирибтила.
Аҳмаджон Ғуломович ўрнидан туриб, қучоқ очиб келди.
–Ассалома алайкум ва раҳматулоҳи ва баракотуҳу, – дея бағрига босди, кейин қўл бериб, – Ҳа-а-а, мулло Миршариф, бормила? – деди кинояомуз.
Стол устида авар шоираси Фазу Алиеванинг рус тилидаги шеърлари тўплами турарди. Устоз кўрмаганимдан буён бутунлай ўзгарганга ўхшарди. Исмимни ҳеч қачон “мулло” қўшимчаси билан айтмасди, саломлашишида ҳам даҳрийликдан кечиб, мусулмонлик томон бурилаётганлигимизнинг таъсири сезиларди. Гапи, ҳаракатларида киборлик аломати бор эди.
Дарвоқе, жамиятимизда, кўпдан ажралмаслик учун, иззатталаблик билан динга сунъий эътиқодни кўз-кўз қилиш ўша дамлардан бошланган эди. Ҳозирги кунда бу иллат ўта авж олди. Намоз ўқимайдиган ҳожи, арақ ичувчи имомлар шу қусур ҳосиласидир.
Мухторов чеҳрасида тушкунлик, надомат аломатини кўрмадим. Гап асносида:
–Тошкентда беш-олти йилдан ортиқ қолмайман, деб кетгандингиз, мана, олтинчи йил ўтяпти, энди Самарқандга келсангиз ҳам бўлади. Мен чарчадим, Пўлат Мажидовичга айтиб, ўрнимни бўшатиб бераман, – дедим, ўсмоқчилаб.
Чунки ҳоким билан зиддиятимиздан кейин бу жойда узоқ ишламаслигимни билиб турардим.
–Йўқ, жойимга қайтаман, – ишонч билан айтди, суҳбатдошим. – Бу иблис Шавкатни иши (Шавкат Йўлдошев – Олий совет президиумининг раиси), Ислом Абдуғаниевич ҳали воқеадан бехабар. У кишининг чет элга кетишидан фойдаланиб қолди-да палакат.
–Бир каттанинг, бир кичикнинг гапига кир, дейдилар. Кичик сифатида маслаҳатим – борди-ю, жойингизга қайтсангиз ҳам ярим йилдан кўп ишламанг. Йўлдошев бари-бир ўч олади, – кўп нарсани биладигандек насиҳат қилдим.
–Ўзим ҳам шу фикрдаман.
Апоқ-чапоқ хайрлашдик. Кўп фурсат ўтмай, Мухторов “Халқ сўзи”, “Народное слово” газеталари бош муҳаррирлигига қайтадан тайинланди. У кишининг президент олдидаги мавқеига чиндан ишондим. Лекин айтганимни қилмай, узоқ вақт у вазифада қолиб кетди.

83.

Энди Аҳмаджон Мухторов вилоят ва Республика миқёсида бир неча йиллар раҳбарлик қилган Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва, умуман, журналистикамиз ҳақида икки оғиз сўз.
Яқинда бир танишим арз қилди: “Лицейимизга Республиканинг нуфузли газетасидан мухбир келиб, жамоангиз ҳақида ёзаман, деди. Нимасини ёзасиз десам, топамиз-да, дея, сирли гап қилди. Яхшисини топасизми, ёмонини, деганимда, у ёғини ҳимматингиз кўрсатади, дея очиқчасига таъмагирликка ўтди. Уни танисангиз керак”.
Мухбирни танир эканман. Самарқанд Давлат университети журналистика бўлими фаолият юритган йилларда талабаларга “Маҳорат сирлари”, “Журналистика социологияси” сингари фанлардан дарс ўтганман. Бу мухбирга ҳам сабоқ берган эканман.
Айнан шу йигит ўқиган гуруҳ сардори бир кун:
–Домла, зачёт билан имтиҳон бир пайтга тўғри келди, нима қиламиз? –деди.
Дарслар жараёнида инсоний фазилатлар, журналистика одоби хусусида баландпарвоз гаплар айтиб юрардим-у, бугун дабдурустдан:
–Зачёт учун икки минг, имтиҳон учун уч минг сўмдан (унда пулнинг қадри баланд эди) сардорга топширасизлар, вассалом, – жавоб бердим, жиддий оҳангда.
Каминани ҳақиқатпараст деб фараз қилиб юрган талабалар ҳангу-манг бўлиб қолишди. Биринчи қаторда ўтирган Анвар исмли икки кўзи ҳам ожиз ажойиб йигит гапнинг ҳазиллигини тушунмай:
–Домла, нарх сал ошиб кетмадими? – деди.
Кулгимни тиёлмасдан, сир бой бериб қўйгандим. Ўшанда порахўрлик, барча касблар қатори, журналистикада ҳам ўта ярамас ҳол эканлиги хусусида узоқ суҳбатлашгандик. Вовайло, ўгитим кор қилмаган экан.
Бугун журналистикани (кўп ҳолларда) от ем ейдиган тўрвага ўхшатгим келади ва журналистман дейишга, баъзан, уяламан. Мазкур соҳа шу ҳолга тушиб қолишининг сабаблари кўп, албатта. Улардан бири – нуфузли журналистик ташкилотнинг йўқлиги бўлса керак. Бу хусусда кейинроқ ёзаман.
Ҳозир эса оммавий ахборот воситаларининг жамиятда тутган ўрни ҳақида ожиз фикримни билдирмоқчиман. Журналистика жамиятни уйғотиши ҳам, ухлатиши ҳам мумкин. Айни пайтда у “ғарибона қаноати”дан сархуш ҳолда ғафлат уйқисига кетганга ўхшайди. Бу гапларни умрини шу жабҳага бағишлаган ва шундан қарийб ўн йилини собиқ цензурага раҳбарлик қилган киши сифатида ёзяпман. Собиқ СССР даврида ҳам, Республика мустақилликка эришганидан кейинги дастлабки йилларда ҳам қонунларимизда “цензура йўқ”, деб ёзиларди-ю, у бошқача ном билан иш юритарди. Бу назорат амалда тақиқланганига раппа-роса ўн икки йил бўлди. Ҳозир бирор бош муҳаррирга “бу мақолани нега бердинг? дейдиган киши йўқ. Лекин муҳаррир ҳамон қатиқни пуфлаб ичади.
Фейсбукда саҳифа очишимга бир ҳолат сабаб бўлганди. Бу ҳақда саҳифамни очган дастлабки кунларда ёзган эдим. Ўша битикларимни биров ўқиб, биров ўқиёлмаганди. Гап шундаки, марҳум Омон Мухторнинг Давлат мукофотини олган “Навоий ва рассом Абулхайр” романи ҳақида баъзи фикрларни қоғозга тушириб, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасига юборгандим. Аммо бош муҳаррир “Газетамизни президент ўқийдилар, у роман эса Давлат мукофотига сазовор бўлган. Мақолага у кишининг кўзлари тушса, нима бўлишини биласиз-ку”, дея каминани тинчитган эди. Хуллас, гапни кўпайтирмай ўша мақолани сўзбошиси билан ҳукмингизга ҳавола қиламан ва кейин гапни давом эттирамиз.

КИТОБИНГИЗНИ ЎҚИДИМ

ДЕВОРДАГИ СУРАТ

Давлат мукофоти соҳиби Омон Мухтор ижоди таърифу тавсифга муҳтож эмасдир. У назмда ҳам, насрда ҳам қалам тебрата олишини исботлади. Ёзувчининг 2006 йилда “Шарқ” нашриёт-матбаа аксиядорлик компанияси бош таҳририятида чоп этилган “Навоий ва рассом Абулхайр” романи ўзбек адабиётида кейинги йилларда яратилган ижод намуналари орасида тасвир услуби жиҳатидан оҳорлилиги билан ажралиб туради.
Муаллиф улуғ мутафаккир асарларида баён этилган айрим тафсилотлар асосида шоир ҳаёт йўлини тадқиқ қилади; у яшаган давр, турмуш тарзи, замондошлари, адабий жараён ҳақида бой маълумот тўплагани кўриниб турибди. Бу эса кишидан, таъбир жоиз бўлса, жасорат, қатъият ва оғир меҳнатни талаб қилиши табиий.
Бадиий жанрда ёзилган бу асарни навоийшуносликка қўшилган ҳисса дейиш ҳам мумкин. Ёзувчининг муваффақиятлари тўғрисида талай илиқ гаплар айтса арзийди. Аммо бу мақолада номи юқорида тилга олинган роман ҳақида айрим мулоҳазаларимни билдирмоқчиман.
Китобни ўқиш жараёнида, дастлаб, ундаги оддий имловий ва мантиқий хатолар ажаблантирди. Жумладан, 17-бетда: “Карвон ортидан бўйнига ғулу солинган бир тўда қуллар … бормоқда. Ана, улардан бири. Негадир эгнида қора костюм…”, дейилади (қорайтиришлар бизники. М.Х.). “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да: “ғулу – ғалва, жанжал, ғулғула, ғам, ташвиш” маъноларини билдириши ёзилган. “Ғул” сўзига эса ўша луғатда: “айбдорнинг бўйин, оёқларига кийгизиб қўйиладиган жазолаш асбоби; кишан”, деб таъриф берилган. Бу арзимаган хатони мусаҳҳиҳлар ўтказиб юборишган деган фикрга бордим. Афсуски, бундай эмас экан. “Ғулу” сўзи ўша бетда икки марта, 119-бетда яна шу тарзда ёзилган. Демак, сахв мусаҳҳиҳдан ўтмаган. Ғалва, жанжални эса қул бўйнига боғлаб бўлмайди. Бунинг устига, ХV асрда костюм кийган қулни кўз ўнгимга келтиролмадим.
Китобда, шунингдек, “гуриллаб” сўзи “гуруллаб”, “кетяпти”- “кетаяпти”, “кўнгил” – “кўнгул”, “ҳар ҳолда” – “ҳарҳолда”, “шабихун” – “шабохун”, “ассалому алайкум” – “салом алайкум”, “димоғ” – “думоғ” ва ҳоказо сўзлар ана шундай имловий хатолар билан битилган.
Бундан ташқари гаплардаги сўзларнинг жуда кўп қисми бош ҳарфлар билан ёзилган. Жумладан, “…Навоийнинг Бутун Ҳаёти ва Бутун ижодида – унга хос Ташқи Осойишталик ва Қатъиятга тескари ҳолда – Ички бир ЗИДДИЯТ кўзга ташланади…” (9-бет) жумласида ва бошқа бетларда бу ҳолни кўриш мумкин. Ўзбек тилининг имло қоидасидан бунга изоҳ тополмадим. Асардаги кўплаб имловий хатолар, тил қоидасида учрамайдиган ислоҳлар номдор муаллифга ҳам, мамлакатнинг салмоқли нашриётига ҳам иззат келтирмайди, албатта.
Бу, шунчаки, китобат қилиш жараёнида ўтказиб юборилган арзимас камчиликлар, шунга ота гўри қозихонами, дейишлари мумкин. Китобхон эса бундай деб ўйламайди. Шунга ўхшаш “арзимас” хатоларни кўргандан кейин, тирноқ остидан кир излагандек, ҳар бир жумлага диққат қарата бошладим. 8-бетда: “То рўзи маҳшар тарки хоб айлаб”, деган ибора бор. Мир Алишер эса: “…то субҳи маҳшар тарки хоб айлаб”, деганлар. 73-бетда: “Жаҳондин нотамом ўтмак – ҳаммомдин нопок чиқмоқ”, дейилган. Навоийда: “Жаҳондин нотамом ўтмак – биайниҳ эрур ҳаммомдин нопок чиқмоқ” тарзида келади. Ёзувчи Навоий сўзларини ўзлаштирма гапга айлантирган десанг, улар қўштирноқ ичига олинган. Демак, бу алломадан айнан келтирилган иқтибос ҳисобланади. Яна ўша 8-бетда: “Ҳали ҳеч ким Бу Осмон қаърига кўтарилмаган”, иборасига кўзингиз тушади. Бу энди ширкка ўхшаш гап. Оллоҳнинг арши осмон қаърида бўлса, у ерга Муҳаммад алайҳиссалом кўтарилган, дейдилар.
Романнинг 9-бетида: “Биз Ҳусайн Бойқаронинг ўн бир хотини исмини биламиз. Бека Султон бегим, Чўли бегим, Шаҳри бону бегим, Поянда Султон бегим, Хадича оғо бегим, Попо оғоча бегим ва бошқалар”, дейилган. Булар ва бошқа хотинлар, чиндан ҳам, Ҳусайн Бойқаронинг жуфти ҳалоллари бўлишган. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам унинг хотинлари эмас. Негаки, ислом шариати бир мўминга тўрттадан ортиқ хотин олишга ижозат бермайди. Демак, ёзувчи айтган ўн бир аёлдан фақат тўрт киши унинг хотинлари, қолганлари канизаклари бўлишган. Ҳатто Ҳусайннинг бобокалони Амир Темур ҳам бу ақидани бузмаган. Жумладан, Ибн Арабшоҳнинг ёзишича, Мирзо Улуғбекнинг отаси Шоҳрух Мирзо Амир Темурнинг никоҳидаги канизакдан туғилган.
Алишер Навоий аруз вазнининг донишманди эканлиги ва унинг бу соҳадаги билимини шубҳа остига олиш ақлга тўғри келмайди. Бироқ, романда шоир ғазалларидан келтирилган иқтибосларда аруз вазни қоидаси бузилганлигини кўрасиз. 14-бетда:
“Ўз қаттиғ ҳолимға ўлмасдин бурун мотам тутай”,
деган мисра бор. Навоий асарида у қуйидаги тарзда берилган:
“Ўз қатиғ ҳолимға ўлмастин бурун мотам тутай”.
Мисрада битта ундошнинг ортиқ ишлатилганига шунча ваҳимами, дегувчилар топилади. Афсуски, бундай эмас. Бу мисрада “қаттиғ” сўзи икки “Т” ундоши билан ёзилса, аруз вазнининг рамали мусаммани мақсур шаклида битилган ғазал афоили бузилади, яъни қоидадан чекинилади. Бу ҳам мусаҳҳиҳ хатосидир деган андиша билан ўқишни давом эттирамиз. 72-бетда мутақориб баҳрининг мусаммани мақсур шаклидаги:
“Мени ишқдин манъ этар содда шайх”
мисраси учрайди. А.Навоийда у:
“Мени ишқдин манъ этар сода шайх”
тарзида берилган. Бунда ҳам юқорида таъкидланган ҳолат такрорланган.
Энди Алишер Навоий ва Ҳусайн Бойқаро ҳаётлари, ўзаро муносабатлари хусусидаги тасвирларга эътибор қаратамиз. Асарнинг 11-12-бетларида:
“Алишер кўчада кетаётиб, болохонада, дарча олдида ўтирган қизни кўрган,
бир қарашдаёқ телбаларча севиб, ҳаяжондан титраб кетган! …улар бир-
бирларига ўргана бошлашади.
Қизнинг сингилчаси аксар кўчада, эшик олдида ўйнаб юради.
Алишер сингилчани қўлга олади. У орқали Қизга хат ва шеърлар юбориб туради…кейин, ниҳоят ўтиб кетаётган Алишерга (қиз.М.Х.) дарчадан гул ташлайди”, деб ёзилган.
Ислом шариати қатъий амал қилган XV асрда боғбон қизи Гулининг, деярли, нотаниш ва номаҳрам кишига дарчадан гул ташлаши воқеаси ўқувчига ХХ аср “комсомолка, спортсменка” қизлари ҳаракатини эслатади.
Яна 12-бетда:
“Шу кунлар кимдир тасодифми, Алишерга нисбатан ғайирлик-душманлик қилибми? – Ҳусайн Бойқарога Боғбоннинг Гўзал Қизи ҳақида хабар етказади.
Ҳусайн маҳрамларига буюриб, оёғини ерга теккизмай, Қизни саройга келтиради…
Ҳусайн Қизнинг васлига етишолмайди.
Уйланишга қарор қилиб, уйланолмайди ҳам.
Қиз норозилик билдиради.
Кескин қаршилик кўрсатади…
…Қиз Алишерга кўнгил берганини подшоҳга айтмайди. Айтолмайди… ”, дейилган.
Султон саройига келтирилган канизакнинг подшоҳга қаршилик кўрсатиши у давр учун мутлақо нотабиий эди. Буни қарийб бир ярим минг йиллик, мусулмончилик билан боғлиқ, тарихимизнинг исталган давридан мисол келтириб, исботлаш мумкин.
Масалан, Бухоронинг сўнгги манғит амирлари саройига канизаклар келтирилиши мисолида бу ҳолатни таҳлил қиламиз. Аҳмад Донишнинг ёзишларича, айрим бухороликлар амир саройига ўз қизларини келтириб, “дарборбоп матомиз бор”, дея боргоҳга қолдириб кетишган. Фақат амир хоҳласа, қизга доманраслик (доманраслик – қизга тегинмоқ маъносида) қилган, акси бўлмаган. Айрим доманрас бўлган, (баъзан доманрас бўлмаган канизаклар ҳам), ҳукмдор амри билан, дарборнинг бева эркакларига тортиқ этилганлар. Канизакнинг фикри ҳеч қачон сўралмаган.
Ёки XV аср охири XVI аср бошлари (айнан Ҳусайн Бойқаро яшаган давр) га оид далилни олинг: Мирзо Бобур Шайбонийхон билан Самарқанд учун курашда опаси Хонзода бегимни, сулҳ шартига кўра, рақибига қолдириб, бу ердан чиқиб кетгани ва Шайбоқхон Хонзода бегим билан беш йиллар чамаси яшаб, ундан ажралгани воқеаси кўпчилик замондошларимизга маълум. Шундан кейин Хонзода бегимни Шайбонийхон холаваччаси Саид Ҳодихожага хотинликка беради. Бу шароитда ҳатто темурийзода Хонзода бегим эътироз билдиролмаган. Боғбон қизининг подшоҳга “норозилик билдиргани” ва шоҳнинг “уйланишга қарор қилиб, уйланолмагани” кишини таажжублантиради, албатта.
Романда бу воқеалар тасвирлангандан кейин муаллиф бундай деб ёзади:
“Ўшанда унинг (Навоийнинг. М.Х.) Ҳусайн билан муносабати бузилганмиди?! Йўқ.
Орадаги “яқин”ликка озгина соя тушади, холос…
Агар Алишер билан Гули воқеаси чиндан рўй берган бўлса…
бу воқеа Алишернинг 16 ёшдан узоғи билан 28 ёшга киргунча вақтни
қамраб олиши мумкин.
(Ҳусайн биринчи хотинига 18 ёшида уйланган эди.)
Энди қаранг! Бу даврда (Алишер 16 ёшдан 28 ёшгача бўлган пайтда) Хуросон подшоҳи Ҳусайн Бойқаро эмасди! …Бу даврда Алишер у билан кам кўришган. …Шундан кейин 7 йил (35 ёшгача) Ҳусайн саройида хизматда бўлган Алишер ёш қиз Гули билан яширин алоқа ўрнатиб, учрашиб турганига эса ақл бовар қилмайди (у энди Хуросонда машҳур) …Демак, муҳаббат можаросига Ҳусайннинг дахли йўқ!…Бу воқеа Ҳусайндан олдинги Хуросон ҳукмдори (Хуросоннинг Ҳусайндан олдинги ҳукмдори. М.Х.) Султон Абусайид даврига тўғри келиши мумкин эди…” (16,19-бетлар).
Бу гаплар ҳақиқатга яқин. Ундай бўлса, юқорида Алишер билан Ҳусайнни бир-бирига қарама-қарши қўйиб, муаллифнинг “…орадаги “яқин”ликка (Алишер ва Ҳусайн орасидаги. М.Х.) озгина соя тушади, холос. (Бу соя кейинчалик гоҳ-гоҳо кўзга ташланади)”, деб ёзишидан мақсад нима?
Қиз можароси, ёзувчи таъкидлаганидек, Султон Абусайид билан боғлиқ деб фараз қилайлик. Романда Абусайидга бундай баҳо берилади:
“…Абусайиднинг ўзига бино қўйгани, нодонлиги, жоҳиллиги, ёвузлигини (Навоий. М.Х.) кўради.” (20-бет).
Хўш, энди Гули Абусайид саройига келтирилди, деб тасаввур қилинг. Шундай “жоҳил, ёвуз” шоҳ қизнинг унга маҳрам бўлиш ёки бўлмаслигини сўраб ўтирармиди?
Воқеа давомида:
“Султон (Абусайид.М.Х.) Алишердан қандай қутилишни ўйлайди. У суръатли бир равишда Алишерни Самарқандга сургун қилади…(ҳеч қандай сургунсиз, ўз ихтиёри билан кетган бўлиши ҳам мумкин.)”, дейилади (21-бет).
“Суръатли бир равишда Алишерни Самарқандга сургун қилади”, дея қатъият билан таъкидлангандан кейин: “ўз ихтиёри билан кетган” деб гумонсираш ўқувчида ҳам шубҳа уйғотади. Адабиётшуносликда олиб борилган кейинги тадқиқотлар ҳам Алишер Навоийнинг Самарқандга сургун қилиниши масаласини шубҳа остига оляпти (жумладан, профессор Ш.Сирожиддинов). Бадиий адабиётда эса, афсуски, ўқувчи ҳамон чалғитиляпти.
Алишернинг Гули билан муносабатига хотима қўйиш учун муаллиф:
“Мабодо 28 дан 35 гача оралиғда унга (Алишерга. М.Х.) муҳаббат
Буюрган бўлса-чи?!
Бу ҳолда унинг севгилиси – Гули эмас!
(олдинги Воқеа Бу Даврга сиғмайди!)
Буниси барибир (бари бир. М.Х.), кейинги Муҳаббатми?! Иккинчисими?!
Гули – Биринчи бўлиб қолаверади…” деб ёзади (22-бет).
Буни қандай тушуниш мумкин? “Севгилиси – Гули эмас-у…Гули Биринчи бўлиб қолаверади…”!?
Асарнинг “Иккинчи дафтар”ида Ҳусайн Бойқаро шажараси келтирилади:
“Ҳусайн Мирзо бинни Ғиёсиддин Мансур бинни Бойқаро бинни Умаршайх бинни Амир Темур.
У она томондан ҳам Темур авлоди. Феруза бегим – Темурнинг яна бир ўғли Мироншоҳ Мирзонинг қизи эди.
Ҳусайн – каримут-тарафайн, икки тарафдан Темурга туташ… ”(27-бет).
”Ўзбекистон миллий энциклопедияси”да бундай деб ёзилган: “Ҳусайн Бойқаро…онаси темурийлардан Мироншоҳнинг набираси…” 11-том, (397-бет).
Дарҳақиқат, Ҳусайн ота томондан Амир Темурнинг чевараси, она томондан эса эвараси ҳисобланади. Демак, онаси Феруза бегим Мироншоҳ Мирзонинг, романда айтилганидек, қизи эмас, набирасидир.
31-бетда шундай жумла бор: “…У (А.Навоий.М.Х.) Машҳад, Ироқ, Сабзавор,…шаҳарларида…сарсон-саргардон кезади”. Ироқ деган шаҳар бўлмаган ва ҳозир ҳам йўқ.
Тўртинчи дафтарда тасаввуф хусусида фикрлар билдирилади. Маълумки, Шарқ адабиётини ўша даврнинг ҳукмрон мафкураси – ислом фалсафасисиз, яъни тасаввуфсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Е.Э.Бертельс: «Навоий тасаввуфнинг барча ахлоқий томонларини қабул қилди, тасаввуф алалоқибат эришадиган мақсадларни ўз олдига идеал сифатида қўйди, аммо тақдир унга раво кўрган муҳит билан алоқаларини узмади. У тасаввуфнинг оташин мухлиси, қалбида суфий, ушбу таълимотнинг билимдони эди, бироқ у амалиётчи суфийга айланмади», деб ёзган эди. Ҳужвирийнинг фикрича, Навоий усул соҳиби – мутасаввиф, яъни тасаввуф илмидан хабардор, олим (проф. И.Ҳаққул фикри).
А.Навоий амалиётчи суфийга айланмаганлиги, унинг тасаввуфона шеърлар ёзмаганлигини билдирмайди, албатта. Шоир ижодида ҳам дунёвий, ҳам илоҳий ишқ бир хилда аксини топган деса бўлади. Тасаввуф ҳақида мукаммал фикр билдиришни даъво қилмасдан, фақат бир гапни айтмоқчиман: “Навоий ва рассом Абулхайр” романида шоир асарларидан келтирилган иқтибосларнинг, кўп қисми муаллиф томонидан дунёвий ишқ мадҳи сифатида таҳлил қилинганга ўхшайди. Ваҳоланки, фикримча, у ғазаллар орасида соф суфиёна руҳда ёзилган асарлар бор. Бунга кўплаб мисоллар келтирса бўлади. Бироқ бу ишни мутасаввиф олимлар ҳукмига ҳавола қилиб, А.Навоийнинг, романда тасвирланган, муҳаббати ҳақида мулоҳаза юритсак. Ёзувчи:
“…Буюк Шоир…Бошқа Номаълум гўзални севмаслиги мумкин эмас… Шу ўринда айтаман. Номаълум Гўзал бўлмаса, фақат ғазаллар эмас, Алишер “Хамса”ни ёзганида ҳам, Лайли ва Мажнун, Фарҳод ва Ширинлар ишқини “тўлиб” чизолмас эди! Унга ҳатто Гули ҳам “ёрдам” беролмас эди!)
…Алишер Номаълум Гўзал билан бот-бот учраша бошлайди. Улар орасида чинакам МУҲАББАТ ДАМЛАРИ кечади. Лекин атрофдагилар ҳеч нарсани кўрмайдилар! Эшитмайдилар! ”, дейди (90-91-бетлар).
Навоий иккинчи (Номаълум) гўзални севди, деб ишонайлик. Давлат
арбоби – муҳрдор, вазир, Хуросонда, мавқе жиҳатидан, Ҳусайн Бойқародан кейин иккинчи, бойликда ҳам Мовароуннаҳр ва Хуросонда Хўжа Аҳрордан
кейин турувчи мулкдорнинг севгисини бошқалардан яширишига сабаб нима? Ошкора никоҳдан ўтишига нима монелик қилган? У тарки дунё қилган зоҳид эмас эди-ку! Муаллиф шоир билан номаълум гўзални – никоҳсиз, бир-бирига номаҳрам кишиларни, яширинча учраштириб, ўзи хижолат тортгандек: “…эҳтимолки, аввалдан Алишер бирон дўсти, сирдоши (Паҳлавон Муҳаммаддек киши)ни чақириб, Номаълум Гўзал билан ўртага бир коса сув қўйиб, махфий никоҳдан ҳам ўтган (мен бунга зиғирча шубҳаланмайман)! У Худодан қўрққан жиддий тариқат кишиси ,” деб ёзади.
Гап “эҳтимолки” деб бошланади-да, охирида “бунга зиғирча шубҳаланмайман”, дейилади. Бу жумлада эҳтимол тўғрими, шубҳаланмасликми? Муаллиф бир гапнинг ўзида ҳам шубҳаланяпти, ҳам шубҳаланмаяпти. Умуман, беш юз йил аввал салт-сувой ўтган Навоийнинг ётоғидаги тўшагини бугун титкилашга ҳожат борми? Мана бу гапларга эътибор беринг:
“…ривоят бўйича, Давлатбахт деган канизакни Хадича (Ҳусайн Бойқаронинг хотини. М.Х.) “имтиҳон учун ” бир оқшом Алишернинг уйига киритиб юборади (яна никоҳсиз эркак билан аёлнинг махфий учрашуви. М.Х.). Улар туни бўйи суҳбатлашишади… Алишер билан Давлатбахт бир-бирига нисбатан аввалдан яқинлик сезган. (Бу романдаги учинчи муҳаббат. М.Х.) Бўлмаса, Алишер уйида канизакнинг қолишига изн бермасди. Давлатбахт ҳам Хадичанинг “шумлиги”га қараб, “шарт”ни бажаравермасди. Ўша давр шароити…ни минг инобатга олганда ҳам, Кўнгул Ҳукми! Менимча, шундай”. (87-бет). 99-бетда эса ёзувчи: “Унга (Навоийга. М.Х.) “ўйинқароқлик” либосини кийдириш муносиб эмас”, дейди. Навоийни номаҳрам қизлар билан махфий “учраштириб”, ҳатто уларни бир кеча бир уйда қолдириб: “бир-бирига нисбатан аввалдан яқинлик сезган”, дейиш унга ўйинқароқлик либосини кийдиришдан бошқа нима бўлиши мумкин?
Бундай тафсилотлар Ғарб адабиётига хос ҳол. Алишер Навоий тимсолини насронийлар адабиётидаги Дон Жуан сингари образларга ўхшатиш бизга ярашмайди.
“Навоий ва рассом Абулхайр” романини жанр мезонига қўйганингизда ҳам унинг бу талаблар андазасидан чиқиб кетишига гувоҳ бўласиз. Аниқроғи, асарда, жанрнинг энг муҳим талабларидан бири – зиддият (конфликт) йўқлиги кўзга ташланади. Бу эса, ўз навбатида, кульминация ва зиддият ечими билан боғлиқ муаммони келтириб чиқарган.
Алишер Навоий билан Ҳусайн Бойқаро ораларидаги муҳаббат можароси романнинг асосий зиддияти деб қаралса, буни муаллифнинг ўзи инкор
қилган. Бундай можаро бўлмаган, дейди ва бу тўғри. Султон Абусайид билан боғлиқ, Самарқандга сургун масаласими, десангиз, тағин ёзувчи: “ҳеч қандай сургунсиз, ўз ихтиёри билан кетган бўлиши ҳам мумкин”, дея бу фикрни ҳам шубҳа остига олади. Ҳатто сургун воқеаси юз берганида ҳам, романда бир жумла билан тасвирланган бу ҳолатни, жанр талаби нуқтаи назаридан,
зиддият деб бўлмайди. Романнавис дарғалардан бири – Лев Толстой эса: зиддият тасвири бўлмаган асар муаллифнинг истеъдодсизлигидан дарак беради, деган.
Балки “зиддият”, “кульминация” сингари тушунчалар ҳозирги адабиётшунослик назарияси тан олмайдиган масалаларга айлангандир. У ёғи менга қоронғи.
Асардаги таъсирдорлик – ҳаққонийлик (бадиийлик мезони), яъни китобнинг ўқувчини қай даражада ҳаяжонлантира олиши ёки акси ҳақида ҳам узоқ вақт баҳслашиш мумкин. Бунга юқорида талай мисоллар келтирилди.
Ҳурматли ёзувчимиз Омон Мухтор “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2012 йил 8-сонида босилган “Бефарқ қараб бўлмайди” сарлавҳали мақоласида мамлакатимиздаги адабий жараён хусусида куйиниб ёзган. Аммо, афсуски, мақолада айтилган танқидий фикрлар, менимча, чумчуққа милтиқдан отилган сочма ўққа ўхшайди. Танқид, деярли, ҳеч кимга тегишли эмас.
Адабиётимизда содир бўлаётган ва Омон ака тилга олган шунга ўхшаш
ҳолатларнинг асосий сабаби: “менга тегма, сенга тегмайман” қабилида иш тутилаётганида деб ўйлайман. Адабиётшунослигимиз ҳам ўзбекона андишани бузиш ниятида эмасга ўхшайди. Танқидчиларимиздан бири ўзбек адабиётида Омон Мухторчалик кўп роман ёзган муаллиф йўқ деганидан воқифмиз. Лекин адабиётда сон ортидан қувиш нима эканлигини Алишер Навоий беш юз йил муқаддам айтиб қўйган эди. Бундай ҳолатдан фақат ҳақиқий адабиёт ютқазади.
О.Мухтор романнинг бошида: “Навоий тўғрисида юзлаб китоблар ёзилган. Аммо кўнглим тўлмади. Буларнинг аксарида у тирик одамдан кўра кўпроқ девордаги суратга ўхшайди”, дейди (7-бет). Асарни ўқиб, оддий адабиёт мухлиси сифатида, ўша суратнинг девордан пастга тушганлигига сира ишонгим келмади.

84.

Романга адабиётнинг дурдонаси сифатида давлат мукофоти берилди. Бундан чиқди, биз билган ўзбек насрининг азимуш-шаъни бугун ё шу асар даражасигача пастлашган (бунга ишониб бўлмайди) ёки унинг қадди-бастини ўлчайдиган мезон шайинида шайн (нуқсон) бор.
Мамлакат адабиёти ва санъати муршидлигига даъвогар асосий оммавий ахборот воситалари эса (роман ҳақидаги мазкур мақола “Шарқ юлдузи” журналига ҳам юборилган эди) шу ҳақиқатнинг тарқалишига муқобиллик қилишди. Бош муҳаррирнинг: “Газетамизни президент ўқийдилар, у роман эса Давлат мукофотига сазовор бўлган. Мақолага у кишининг кўзлари тушса, нима бўлишини биласиз-ку”, дейиши, юмшоқ қилиб айтганда, жамият манфаатига хиёнатдир.
“Навоий ва рассом Абулхайр” романини мукофотга президент тавсия қилмаган-ку. Соҳанинг нуктадонлигини бўйнига олганлар уни совринга лойиқ топишган. Оммавий ахборот воситаларининг масъуллари шу мутахассисларни ҳимоя қилишяпти, холос.
Ҳофизаи ожизамиз мамлакатдаги барча оммавий ахборот воситаларини асоссиз ёмон дейишдан тийилиб, ўзимиз тўқнаш келган нашрлар хусусида фикр айтдик.
Гап шу журналистика мактабига кўп йиллар фатво бериб келган Аҳмаджон Мухторов ҳақида эди. У киши “Халқ сўзи” ва ”Народное слово” газеталари бош муҳаррирлигига қайта тайинланганидан кейин Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг съезди бўлди. Тошкентдаги Матбаачилар кўчаси, 32-бино мажлисхонасида ўтган анжуманни Республика Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари Эркин Самандаров олиб борди. Аҳмаджон Ғуломович Журналистлар уюшмаси ҳайъатининг жамоатчилик асосидаги раиси сифатида ҳисобот берди ва раҳбарликни ўзидан соқит қилди. “Бундан кейин уюшма раиси жамоатчилик асосида эмас, маош олиб ишлайдиган бўлади. Бу вазифага Луфулла Кабиров номзодини тавсия этаман”, деди.
Эркин Самандаров:
–Ташкилий масалани танаффуссиз кўрамиз. Раисликка номзод кўрсатиш масаласида бошқа таклифлар йўқми? – дея вакилларга мурожаат қилди.
–Бу лавозимга Жаҳонгир Маматов номзодини таклиф қиламан, – мажлисхонанинг бир чеккасидан овоз берди кимдир.
–“Учительская газета”нинг Ўзбекистон бўйича мухбири Усмонов номзоди ҳам рўйхатга олинсин, – яна луқма ташланди.
Тартиб ўйлаб қўйилган йўсиндан чиқиб кетганидан ташвишланган Самандаров:
–Балки Жаҳонгир Маматов номзодини қайтариб олар? – деди.
–Йўқ, номзодим олинишини истамайман, – вакиллар орасида ўтирган Маматов эътироз билдирди.
Аҳмаджон Мухторов қайтадан минбарга кўтарилди.
–Республика Олий Мажлиси депутати Жаҳонгир Маматов менинг одамим. Жомбой гўшт комбинати раҳбариятига айтиб, Жаҳонгир номзодини депутатликка ўзим кўрсаттирганман. У Самарқанддек вилоятни бошқаришга қодир йигит. Журналистлар уюшмасида коцелярская крисага айланиб қолади. Бу ерда унга нима бор? Шунинг учун номзодини қайтариб олгани маъқул, – деди.
Маматов ўрнидан туриб, бу таклифни ҳам рад этди. Ташкилий масалани дам олмасдан кўрамиз деган Самандаров ўн дақиқа танаффус эълон қилди ва:
–Вилоятлар газеталари муҳаррирлари фалон хонага, вилоят телерадио компаниялари раислари фалон хонага кирсинлар, – деди.
Биз тўпланган хонага Республика давлат телерадио комитети раиси кириб:
–Биродарлар, уюшма раислигига Кабиров сайланиши кераклиги тўғрисида бизга кўрсатма берилган. Мабодо Маматов ўтгудек бўлса, теримизга сомон тиқилади. Шунинг учун вилоятлардан келган вакилларга тушунтиринглар, Кабировга овоз беришсин, – ўтинди.
Шу гапдан кейин йўлакка чиққанимда Жаҳонгир Маматов билан юзма-юз келдик.
–Ҳеч бўлмаса Аҳмаджон аканинг ҳурматини қилмадингиз-да, – кинояомуз гапирдим.
–Ака, аҳволимни ҳозир тушунмайсиз. Олий Мажлисдаги мен раис ўринбосари бўлган комитет каминани деб тугатиляпти. Журналистлар уюшмасига илинмасам, кўчада қоламан, – қатъият билан айтди у.
Ташкилотчиларнинг маълумотига кўра, Лутфулла Кабиров Жаҳонгир Маматовдан битта кўп овоз олиб, Журналистлар уюшмасининг раисилигига сайланди.
Кўп ўтмай, Жаҳонгир Республика Телерадио компанияси раисининг биринчи ўринбосари – телевидение бўйича мутасадди қилиб тайинланди. Ўшанда унинг: “Журналистлар уюшмасига илинмасам, кўчада қоламан”, деганини эслаб, ажаблангандим. Бу лавозимда у кўп ишламади. Камина ҳатто бориб табриклашга улгурмадим. Маматов Республикадан чиқиб кетди. Мухторов тағин ишдан ҳайдалди. У кишини кўргани борганимда кайфияти, илгаригидек, кўтаринки, жойига қайтиб боришига ишонарди. Бу гал ҳам Шавкат Йўлдошевдан хафа эди. Аммо ҳадеганда ишига қайта тикланмади; у киши ҳақида узуқ-юлуқ гаплар тарқала бошлади; ёлғизланиб қолди.
1995 йилнинг 21 феврали эди. Ишхонамга Нусрат Раҳмат келдилар.
–Ҳозир “Зарафшон” ва ”Самаркандский вестник” газеталари бош муҳаррирлари билан учрашдим. Эртага Аҳмаджон Мухторов эллик тўққизга киради. Газеталарингга у киши ҳақида бирор нарса ёзиб берай, десам, иккаласи ҳам қўрқди, рози бўлмади. Сизга келдим, нима дейсиз? – деди.
Мухторов ҳақида кўрсатув тайёрлаб, телеэфирга узатдик. 22 февраль куни қабулхонада ўтирган котиба хонамга кириб:
–Аҳмаджон ака келганларига анча бўлди. Сизнинг бўшашингизни кутиб, қабулхонада ўтирибдилар, – деди.
Бу гапни эшитиб, инсон зотининг шу қадар мўртлигидан этим жунжикиб кетди. Мухторов хонага кириб, эшикни ичкаридан қулфлади. Бўйнимга ёпишиб, йиғлаб юборди.
–Кўр эканман. Нусратиллони ҳамиша ўзимга душман деб юришимни билардингиз, – ўпкасини босиб, биринчи айтган гапи шу бўлди. – Шундай кунимда мани қўллайди деб ҳеч ҳам кутмагандим. Мана, одам зоти қанақа ғўр бўларкан. Манга қаранг, бу кўрсатувни тайёрлаш ё сизни ташаббусингизми?
–Йўқ, мани хаёлимга ҳам келган эмас, – иқрор бўлдим.
–Унда Нусратиллони отасига раҳмат.
Анча ўйланиб ўтирди-да:
–Шу Нусратиллони ҳеч қачон тушунмаганман, жиним ёқтирмаслигини сизга кўп марта айтганман ҳам. “Эрк”ми-ей, “Бирлик”ми-ей, қайси бир мухолифатдаги партиялар сафида юрганидан хабарим бор. Ўша курашларда пишган у.
Мухторов билан анча гаплашиб ўтирдик.
–Тушлик вақти ҳам бўлибди, – безовталанди меҳмон, – ман энди кетақолай.
–Тушликни бирга қиламиз.
–Ҳали кечаги кўрсатувингиз учун товон берасиз. Ман билан юриб, бошингизга яна бало орттирмоқчимисиз?
–Мабодо жиноятчи эмасмисиз?
–Худо сақласин.
–Қонунбузар бўлганингизда кўчада бемалол юрмасдингиз. Демак, сиздан ҳадиксираётганлар иккаламизни яна бир марта кўришсин. Ҳозир машинани ўзим ҳайдайман, сиз олдинги ўриндиққа ўтирасиз. Кўрмаганлар кўриши учун овқатдан олдин шаҳарни уч марта айланамиз, – ҳазиллашдим.
Иккаламиз тушлик қилгандан кейин, у кишини уйида қолдириб, ишга қайтдим.

85.

Ҳайрато! Демократия билан ўйнашилган жойда зулм ва залолат туғиларкан. Кураи арзнинг олтидан бир бўлагида ястаниб ётган, Иттифоқ деб аталувчи, ватангоҳимизда энг “одилона” демократия бўлганини биласиз ва бу ўйин эди. Ноҳақнинг ҳақликни даъво қилишидан ортиқ ҳақсизлик бўлмаганидек (Афлотун), у лўттибозликнинг ҳосиласини ҳам кўрдик. Улкан нарсанинг қулаши ваҳимали бўлади. Аммо Иттифоқдек сару сомонсиз империянинг инқирози бизни ташвишга солишдан кўра қувнатди.
Юртимиз минбаъд эркин нафас олишидан шодландиг-у, Иттифоқ деярли бир аср гезлаб (яшириб) келган газаклар бўй кўрсатди. Дастурхонимиздан бир бош оқ қанд (рафинад) топилмай қолди. Гезланган яралардан яна бири – ишсизлик эди. Орадан йигирма йил ўтиб, бугун қадрсизланган оқ қандни дастурхонимизга қўйишдан орланамиз. Рўзғоримизга барака инаётганини шунинг ўзи кўрсатяпти.
Иқтисодиёт ҳақида гап кетганда эса, очиғи, расмий статистика маълумотларига бир умр шубҳа билан қараб келганман. Аммо Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котиби жаноб Пан Ги Мун 2010 йил апрелида Ўзбекистонга келиб, жаҳон иқтисодий инқирозидан дунёда фақат тўрт давлат, жумладан, Ўзбекистон ҳам, катта талофатсиз чиқяпти, дегани бу борадаги гумонларимни пароканда қилди ва бу гапга ишондим. Негаки, Бош котиб холаваччамиз эмас, унга пора бериб ҳам, қўрқитиб ҳам бу таърифни эшитиб бўлмайди. Мухолифатдаги биродарлар нима дейишса, дейишар, илло бунга Парвадигор ҳам гувоҳ.
Шундай бўлишига қарамай, камина ҳикоя қилаётган давр – мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида аҳвол мутлақо бошқача эди. Айниқса, бир иқтисодий тизимдан бошқасига ўтишнинг энг оғриқли муаммоларидан бири – ишсизлик ёш давлат учун катта офатга ўхшарди. Ҳадиси шарифда аҳли аёлингни бозор билан тегирмонга чиқарма, дейилишига қарамай, аҳли аёлимиз оддий бозорга эмас, мардикор бозорига чиқиб кетди. Самарқанднинг ҳалқа йўлида ўз-ўзидан аёллар мардикор бозори пайдо бўлди.
Телевидениемиздан журналист Дилбар Восиева шу бозордан катта репортаж тайёрлади. Аёл мухбир ўзига ўхшаш қишлоқ заифасидан олган интервьюсида:
–Бу ердан ҳар кун иш топасизми? – деб сўраган.
–Йўқ, ҳар кун клент (клиент–мижоз) топиш қийин.
–Уйга қуруқ қайтасизми?
–Қуруқ қайтиб бўмайди. Учта бачам ўйга қараб ўтурубду.
–Иш берувчи бўлмаса, қандай пул топасиз?
–Дугонажон, аёлакансиз, сизга айтсам бўладу, кемпингга борамиз.
–Кемпинг нима? – мухбир чиндан ажабланади.
–Иби, кемпингни билмайдугон мухбирам бўларакан. – Мардикор аёл ҳам лол қолади. –Охи (ахир) Турсия, Эрондан келадугон катта грузавой мошинла тўхтайдугон жой-дия.
–Юк туширасизми?
–Ҳа-ҳа-ҳа…, – у кулиб, бир оз жим туради-да, – юк тушурмаймиз, устимизга юк ортамиз.
–Қанақа юк?
–Бир эркакни…
Репортаж икки қисмдан иборат бўлди. Мардикор аёлнинг кемпинг тўғрисидаги сўнгги гапларини қирқиб ташладик ва цензурага кўрсатмасдан, биринчи қисмини эфирга бердик. Эртаси куни вилоят ҳокимининг ўринбосари Илҳом Рашидов ҳокимиятга чақирди.
–Нима қилаётганингизни биласизми? – тажанглик билан сўради, хонасига кирганимда.
–Албатта.
–Ахир, халқни ҳукуматга қарши қўяяпсиз-ку!…
Бир-биримизни тушунмадик. Ишхонамга бориб, бу суҳбат ҳақида ҳеч кимга гапирмадим ва репортажнинг иккинчи қисми бугун эфирга берилишини айтдим. Орадан бир ҳафталар ўтгач, ҳокимият ишимизни тешириш учун тағин бир гуруҳ жўнатди. Шу кунларда Республика телерадио компанияси раиси Шавкат Яҳёев қўнғироқ қилди.
–Энди тахта-ўқлоғингни йиғиштиравер, репортажинг ҳақида қайси бир чет эл радиостанцияси хабар тарқатибди. Шов-шуви каттанинг қулоғига ҳам етиб келибди. Кеча Вазирлар Маҳкамаси Мажлисида ҳокиминг шу масалада қаттиқ гап эшитди, –деди ва қўшиб қўйди, – Тошкентга келасан, бирга ишлашамиз.
Биз, ҳақир эса вазифадан бўшатишларини сўраб, Яҳёев ва вилоят ҳокими номларига ариза ёздик. Цензурани тан олмайдиган қаҳрамон бўлсанг, ўзинг шу вазифани бажар дегандек, ҳақирни вилоят цензурасига бошлиқ қилиб тайинлашди…
Республикамиз Конституцияси ва “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунда эса Ўзбекистонда цензурага йўл қўйилмайди, деб ёзилган. Шунинг учун янги корхонам матбуот ва бошқа оммавий ахборот воситаларида давлат сирларини сақлаш инспекцияси деб аталарди. Бу мамлакатимизда демократик жамият қуриш йўлидаги дастлабки уринишлар эди.
Бундай жамият борпо этиш эса Конституцияда қайд қилинган. Унда: «Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланади», дейилган. Демак, демократиянинг жаҳон ҳамжамияти тан олган асосий принципи бош қомусимизда эътироф этилган. Аммо бу тамойилга амал қилиняптими? Конституциямиздаги шу ва шунга ўхшаш айрим хусусиятлар ҳақида маълумот олиш ҳамда таклиф тарзида, банда, Республика Конституциявий судига мурожаат қилдик:
“Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси демократия тамойиллари талабларига тўла амал қилинган ҳолда яратилганлиги тўғрисида оммавий ахборот воситаларида кўп марта ёзилди. Бу, нисбатан, тўғри. Аммо ҳар қандай янги иш қусурсиз бўлмаганидек, мамлакат бош қонунининг айрим моддаларида демократия талабларидан қисман чекиниш ҳолатлари борга ўхшайди.
Масалан, Конституциянинг II боб 11-моддасида: «Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланади», дейилган.
Демак, мамлакатда бир-бирига бўйсунмайдиган уч мустақил ҳокимият фаолият кўрсатиши керак. Амалда эса Конституциянинг бу талаби бузилгандек.
XXI бобнинг 102-моддасида: «Вакиллик ва ижроия ҳокимиятини тегишлилигига қараб вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари бошқаради», дейилган. Шу бобнинг 99-моддасида эса: «Вилоят, туманлар ва шаҳарларда…ҳокимлар бошчилик қиладиган халқ депутатлари кенгашлари ҳокимиятнинг вакиллик органлари бўлиб…», дейилади.
Конституциянинг 11-моддаси талаби фақат давлат миқёсида қисман амал қилади. Ҳокимиятнинг қуйи бўғинлари – вилоят, туман ва шаҳарлар даражасида уч ҳокиятга бўлиниш принципи бузиган. Яъни, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари бир йўла ҳам ижро этувчи, ҳам вакиллик идораларига раҳбарлик қиладилар (102, 99-моддалар). Бундан ташқари вилоятлар, айрим туман ва шаҳарлар ҳокимлари Республика Олий Мажлиси Сенатининг аъзолари ҳисобланишади. Бу ҳолатда, ҳатто Республика миқёсида ҳам, уч ҳокимиятга бўлиниш тартиби бузилган.
III боб 16-моддада: «Бирорта ҳам қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормалари ва қоидаларига зид келиши мумкин эмас», деб таъкидланади.
Давлат ҳокимияти тўғрисидаги қонунлар ва Конституциянинг ўзида (102-модда) эса қонун чиқарувчи (вакиллик, сенат), ижро этувчи ҳокимиятларнинг қўшилиб кетиши принципи мустаҳкамланган. Бундан чиқди, давлат ҳокимияти тўғрисидаги қонунлар ва Конституциянинг 102-моддаси Конституциянинг 11, 16-моддалари талабига зид.
Бош қонуннинг 87-моддасида: «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қонун лойиҳаларини тайёрлаш ишини олиб бориш…»и лозимлиги таъкидланади.
84-модданинг иккинчи хатбошида: «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қонун қабул қилинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига юборилади», дейилган. Шу модданинг биринчи хатбошида: «Қонун Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенат томонидан маъқулланиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзолангач ва қонунда белгиланган тартибда расмий нашрларда эълон қилингач, юридик кучга эга бўлади”, дейилган. Яъни, шу тўрт босқичдан ўтмагунча бу ҳужжатни қонун деб аташ хато. У ҳали лойиҳа ҳисобланади.
Қонун чиқарувчи (Олий Мажлис) Конституцияда фақат бир жойда (87-модда) бу иборани тўғри ишлатган. Бошқа ўн бир ҳолатда лойиҳа нуқул қонун деб аталган. Мисоллар: «Қонун (лойиҳаси. М.Х.) Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенат томонидан маъқулланиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзолангач ва қонунда белгиланган тартибда расмий нашрларда эълон қилингач, ЮРИДИК КУЧГА ЭГА БЎЛАДИ”. (Ажратиб кўрсатишлар бизники).
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қонун (лойиҳаси. М.Х.) қабул қилинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига юборилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати маъқуллаган қонун (лойиҳаси. М.Х.) имзоланиши ва эълон қилиниши учун Ўзбекистон Республикаси Президентига ўн кун ичида юборилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан рад этилган қонун (лойиҳаси. М.Х.) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига қайтарилади.
Агар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан рад этилган қонунни (лойиҳасини. М.Х.) қайта кўриб чиқишда Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози билан қонунни (лойиҳани. М.Х.) яна маъқулласа, қонун (лойиҳа. М.Х.) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан қабул қилинган ҳисобланади ҳамда имзоланиши ва эълон қилиниши учун Ўзбекистон Республикаси Президентига Қонунчилик палатаси томонидан юборилади», Ўзбекистон Республикаси Президенти «Ўзбекистон Республикасининг қонунларини имзолайди ва эълон қилади; қонунга (лойиҳага. М.Х.) ўз эътирозларини илова этиб, уни такроран муҳокама қилиш ва овозга қўйиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қайтаришга ҳақли» ва ҳоказо.
Маълумки, юридик кучга кирган қонунга нисбатан «эътироз билдириш», уни «қайтариш», «рад этиш»га Сенат ҳам, Президент ҳам ҳақли эмас. Улар ҳужжатни лойиҳалик пайтида қайтаришлари, эътироз билдиришлари мумкин. Демак, Конституциядаги бу моддаларнинг барчасига «лойиҳа» сўзи қўшилиши керак.
108-модданинг тўртинчи хатбошида: “Конституциявий суднинг раиси ва аъзолари сиёсий партиялар ва ҳаракатларнинг аъзоси бўлишлари…мумкин эмас”, дейилган. Бешинчи хатбошида: “Конституциявий суднинг судьялари дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланадилар”, олтинчи хатбошида: “Конституциявий суднинг судьялари ўз фаолиятларида мустақилдирлар…” деб ёзилган.
Конституциявий суднинг судьялари дахлсиз-у, фаолиятларида мустақил бўлсалар, суднинг раиси бу ҳуқуқлардан маҳрумми? Башарти “судьялари” деганда, суд раиси ҳам назарда тутиладиган бўлса, унда, тўртинчи хатбошида нега “Конституциявий суднинг раиси ва аъзолари сиёсий партиялар ва ҳаракатларнинг аъзоси бўлишлари…мумкин эмас”, деб, суд раиси билан аъзолар алоҳида алоҳида санаб ўтилган? Демак, бу бандлар “Конституциявий суд раиси ва судьялари…” тарзида ўзгартирилиши керак.
102-модданинг иккинчи хатбошида: “Вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қонунга мувофиқ тайинланади ҳамда лавозимидан озод этилади”, дейилган.
Шу модданинг учинчи хатбошида: “Туман ва шаҳарларнинг ҳокимлари тегишли вилоят ҳокими томонидан тайинланади ва лавозимидан озод қилинади ҳамда тегишли халқ депутатлари кенгаши томонидан тасдиқланади”, дея таъкидланган.
Тайинланган ёки лавозимидан озод қилинган туман ва шаҳар ҳокимларини тегишли халқ депутатлари кенгашлари тасдиқласа, вилоят ҳокимларини тасдиқламайдими? Конституцияда бу кўрсатилмаган-ку.
Мамлакатнинг бош қонуни тумтоқ тилда, мантиқий ва имловий хатолар билан ёзилганлиги ҳамда чоп этилганлиги киши энсасини қотиради. Айрим мисоллар келтираман: 98-моддада ”Ўзбекистон Республикаси Президенти тақдим этилган Бош вазир лавозимига номзодни кўриб чиққанидан кейин ўн кун муддат ичида уни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг кўриб чиқиши ва тасдиқлаши учун тақдим этади”, дейилган. Бу гапни, менимча, қуйидаги тарзда бериш мумкин эди: (Ўзбекистон Республикаси Президенти Бош вазир лавозимига тақдим этилган номзод тўғрисидаги маълумотлар ва унинг ўзи билан танишганидан кейин ўн кун…). Шунда жумла, бир қадар, ўзбекона бўлармиди.
84-модданинг тўққизинчи хатбошида: “Агар қонун аввалги қабул қилинган таҳрирда тегишинча…” иборалари мавжуд. Ўзбек тилини етарли даражада биладиган киши амалда камдан-кам қўлланиладиган “тегишинча “ сўзи ўрнига “мутаносиб тарзда” иборасини ишлатади. “Тегишинча” сўзи эса Конституцияда бир неча марта қўлланган. Бу, фикримча, жиддий хато эмас, бироқ унча тўғри деб ҳам бўлмайди.
127-модда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиришлар тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисмидан иборат кўпчилиги томонидан қабул қилинган қонун ёки Ўзбекистон Республикасининг референдуми билан киритилади” тарзида берилган.
У: “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисмидан иборат кўпчилиги томонидан қабул қилинган қонун ёки Ўзбекистон Республикасида ўтказилган референдум натижалари асосида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиришлар киритилади” шаклида берлса, маъқулроқ бўларди деб ўйлайман. Афсуски, бу муқаддас ҳужжатда шунга ўхшаш таҳрирталаб жойлар талайгина.
Эҳтиром билан, Миршариф ХЎЖАЕВ”.
Конституциявий суддан жавоб олдик.

86.

Республика Конституциявий судининг жавоби:
“M.Хўжаевга
Сизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига юборган мурожаатингиз ўрганиб чиқилди.
Мурожаат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз:
1. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 77-моддаси иккинчи қисмига кўра Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати ҳудудий вакиллик палатаси бўлиб, Сенат аъзоларидан (сенаторлардан) иборат. Шундан келиб чиқиб, мазкур модданинг учинчи қисмига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг тегишли қўшма мажлисларида мазкур депутатлар орасидан яширин овоз бериш йўли билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тенг миқдорда – олти кишидан сайланади. Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг раиси ҳоким ҳисобланиб, ҳоким ҳам кенгашнинг депутатидир. Ҳоким нафақат жойларда ижро этувчи ҳокимиятнинг бошлиғи, балки вакиллик ҳокимиятининг ҳам бошлиғи ҳисобланади ва шунинг учун ҳам у Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, яъни вакиллик органи аъзоси бўлиши тўғридир.
2. Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида”ги Қонуни 29-моддасига мувофиқ Қонунчилик палатаси қонун лойиҳасини, қоида тариқасида, бир неча ўқишда кўриб чиқади. Яъни, қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилингач, қонун ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида”ги Қонуни 24-моддасига мувофиқ Сенат масъул қўмитанинг хулосасини олгандан кейин қонунни муҳокама қилади ва уни маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Яъни, Сенат қонун лойиҳасини эмас, балки қонунни маъқуллайди ёки рад этади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 84-моддасига мувофиқ эса қонун Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенат томонидан маъқулланиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзолангач ва қонунда белгиланган тартибда расмий нашрларда эълон қилингач, юридик кучга эга бўлади.
3. Ўзбекистон Республика Конституциясининг 108-моддасида қайд этилган “Конституциявий суд судьялари” ва “Конституциявий суд аъзолари” сўзлари бир хил юридик маънога эга. Миллий ва хорижий қонунчиликда бундай амалиёт учрайди. Масалан, “сенатор” ва “Сенат аъзоси” бир хил юридик маънога эга.
4. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 102-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қонунга мувофиқ тайинланади ҳамда лавозимидан озод этилади. Ушбу норма Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуни 2-моддаси иккинчи қисми билан тартибга солинади. Яъни, вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими номзодлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тегишли халқ депутатлари Кенгашларидаги партия гуруҳларининг ҳар бири билан маслаҳатлашувлар ўтказилгандан сўнг ҳалқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашига тасдиқлаш учун тақдим этилади.
“Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 19-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Спикери, Олий Мажлис Сенатининг раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида тўртдан бир қисмидан иборат депутатлар гуруҳи, Олий Мажлис Сенати аъзолари умумий сонининг камида тўртдан бир қисмидан иборат сенаторлар гуруҳи, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси, Олий хўжалик судининг раиси ва Бош прокурори Конституциявий судда кўриб чиқиш учун масалалар киритиш ҳуқуқига эга. Масала Конституциявий суднинг камида уч судьяси ташаббуси билан ҳам киритилиши мумкин.
Сизнинг мурожаатингиз юзасидан Конституциявий суд мажлисида кўриб чиқиш учун судьялар ташаббуси билан масала киритишга асос топилмаганлигини маълум қиламиз.
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий судининг
судьяси Г.Пиржанов”.
Олий мақомга эга ҳуқуқшуноснинг мазкур жавоби биз, ҳақирга, ҳурматсизликдек туйилди ва уни бу саҳифада шарҳлашни эп кўрмадик.

87.

Конституция бир бандида уч ҳокимиятчилик принципини тан олиб, бошқа бандида уни инкор қилганлиги сабабини сўраб ёзилган хатга Коституциявий суд берган жавоб судларнинг ҳали мустақил ҳокимият сифатида шаклланмаганлигидан далолат. Бу гапларни ўқиган бир таниш “Судлар мустақил фикрга эга бўлмаган жамиятда шу гапларни айтишдан қўрқмайсанми?” деди. Йўқ, десам, ишонмади. Негаки, ҳозир қўрқадиган замонлар ўтиб кетганига аминман.
Гап жамиятни демократлаштириш хусусида. Аҳмад Дониш Бухоро мадрасасида қозонлик татар мулланинг мударрислик қилгани ва у юртидан галош кийиб келгани ҳақида ёзадилар. Галошда юрилганда, ковушники сингари овоз чиқмаслиги маълум. Мударрис шаҳар кўчаларида овоз чиқармай юриб, дабдурустдан қозию уламолар олдида пайдо бўлиб қолганида, кўкнор кайфи билан кетаётган амалдорлар чўчиб тушишар экан. Татар мулланинг бу қилиғидан безиган уламолар “мусулмон юртига шайтон ковуш келтирди”, дея айблаб, уни шариф шаҳарларидан бадарға қилишган. Татар мулланинг галоши кейинчалик уни қувғин қилган халқнинг миллий пойабзалига айланишини ким ҳам ўйлабди дейсиз.
Конституциявий судга хат ёзиб, демократия тамойили бош қомусимизда бузилган дея қилган даъвомизни татар мулланинг “шайтон ковуш” кийганига қиёслагимиз келди. Бу фикрнинг тўғрилигини битикларимизнинг бундан олдинги қисмларига биродарлар билдирган муносабатлардан англаса бўлади. Яъни, Конституциявий судга ёзган гапларимизни биров тушунди, биров тушунмади, бошқаси “тушунмасам ҳам, тушундим”, деб ёзди. (Муллани ҳам ўшанда англашмаган). Аксарият ўқувчилар, танишимга ўхшаб, қўрқиб кетгандек, ҳеч қандай муносабат билдиришмади. Ҳатто Ўзбекистонда демократия йўқ дея даъво қилаётган хориждаги мухолифатчилар ҳам бир нима айтишмади. Кўплар саҳифамизни ўқиёлмаслиги маълум, албатта.
Гап уларнинг ўқиши ёки ўқимаслигида ҳам эмас. Конституциямиз қабул қилинганига йигирма йилдан ошди-ю, ундаги номутаносибликлар хусусида бирор ҳуқуқшунос ёки сиёсатшуноснинг ақалли шама қилмагани ажабланарли. Аммо сиёсатшунослик фанлари номзоди Матлуба Мусаева бундан уч йиллар аввал “Тафаккур” журналида Конституциямиз дунёдаги энг мукаммал қонунлардан эканини таъкидлаган эди. Ўшанда журнал бош муҳарририга, эътироз тариқасида, мактуб ёзган эдик.
Демократия ҳақида гапириш осон. Афлотун фақат ва фақат демократия ҳукм сурган жойда, бошқача айтганда, эркинлик меъёридан ошган ердагина зўравонлик юз беради, деган. Нусрат Раҳмат ҳам шунга ўхшаш фикр билдирган. У киши демократияни водопровод жумрагига ўхшатади. Кўп очсанг, ҳамма ерни сув босади, ёпсанг, қақрайди, дейди.
Бундан ташқари, демократия тамойилларини ҳамма жойда бир тарзда қўллаб бўлмайди ва дунёда унинг тақлид қилинадиган ягона кўриниши ҳам йўқ. Кўпчилик кўкка кўтариб мақтайдиган АҚШ демократияси ҳам ҳозир орзу қилишга арзимай қолди. Биргина мисол: АҚШ Конституциясига илк марта киритилган ўнта тузатишнинг бирида инсон ва сўз эркинлигидан устун турадиган ҳеч қандай қадрият йўқлиги таъкидланган. Шунингдек, ўша тузатишда: АҚШ парламенти инсон эрки ва сўз эркинлигини бўғадиган қонун қабул қилиш ёки мавжуд қонунларга шу хусусда ўзгартириш киритиш ҳуқуқига эга эмас, деб ёзилган. Бундан чиқди, Америка Қўшма Штатларида киши истаган гапини айтиши мумкин ва бунинг учун у таъқиб қилинмайди. Афсуски, бугун шунинг аксига гувоҳ бўлиб турибмиз: АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги ходими Эдвард Сноуден ўзи хизмат қилган агентлик инсон ҳуқуқларини бузиш (Конституция дахлсиз деб белгилаган ҳуқуқ – телефонда сўзлашиш сирини очиш ва шу сингарилар) билан боғлиқ фаолият олиб бораётганлигини ошкор қилганлиги учун таъқиб остига олинди. У Россия Федерациясидан сиёсий бошпана сўрашга мажбур бўлди. Демак, Америкада ҳам инсон истаган гапини айтиш ҳуқуқига эга эмас ва бу ўша мамлакат Конституцияси талабининг бузилишидир.
Буюк Британияда, тарихда биринчи марта, инсон, унинг хусусий мулки, чегаралардан ўтиши дахлсиз деб ёзилган билл эълон қилинганига қарийб саккиз юз йил бўлди. АҚШ Конституцияси ўша билллар таъсирида ёзилган ва узоқ тарихга эга. Демак, атиги йигирма йиллик тажрибага эга бўлган Ўзбекистоннинг “нирғай” демократияси АҚШ “оқсоч” демократияси олдида уялмса ҳам бўлади.
Энди тетапоя бўлаётган демократиямизни ҳозир ҳар қанча танқид қилсак бўлади. Лекин бу танқид чақалоққа бардам қадам ташлай олмаяпти дея берилган дашномга ўхшайди. Шунга қарамай, Конституциявий суд аъзосининг: “Сизнинг мурожаатингиз юзасидан Конституциявий суд мажлисида кўриб чиқиш учун судьялар ташаббуси билан масала киритишга асос топилмаганлигини маълум қиламиз”, дея берган жавоби бу масаладан озми-кўпми хабардор ҳар қандай киши энсасини қотиради. Қизиғи шундаки, бу гаплар фейсбукда эълон қилинганидан сўнг “Ҳалқ сўзи” газетаси 2014 йилнинг 28 мартида чиққан сонида “Олий Мажлис Қонунилик палатаси давлатимиз раҳбари томонидан таклиф этилган, Конституцияга киритилаётган тузатишлар тўғрисидаги муҳим қонунни қабул қилди” деган сарлавҳа остида биринчи бетида катта шарҳ берди.
Мазкур шарҳнинг бошида: “…Ушбу ҳужжат, аввало, давлат ҳокимияти тизимини янада демократлаштириш, давлат бошқарувининг энг муҳим принципларини амалга оширишнинг конституциявий механизмларини такомиллаштириш – ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд тармоқлари мустақиллиги ва тенглиги, ваколатлари мутаносиблигини, улар ўртасида ўзаро тийиб туриш (“тийилиб туриш” бўлиши керак. М.Х.) ва манфаатлар мувозанати тизимининг самарали ишлашини таъминлашга қаратилган”, дейилади.
Ҳали бу қонун қабул қилинмасдан камина Конституциявий судга юборган хатда эса бундай дейилган:
“…XXI бобнинг (Конституциянинг. М.Х.) 102-моддасида: «Вакиллик ва ижроия ҳокимиятини тегишлилигига қараб вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари бошқаради», дейилган. Шу бобнинг 99-моддасида эса: «Вилоят, туманлар ва шаҳарларда…ҳокимлар бошчилик қиладиган халқ депутатлари кенгашлари ҳокимиятнинг вакиллик органлари бўлиб…», дейилади.
Конституциянинг 11-моддаси талаби фақат давлат миқёсида қисман амал қилади. Ҳокимиятнинг қуйи бўғинлари – вилоят, туман ва шаҳарлар даражасида уч ҳокиятга бўлиниш принципи бузиган. Яъни, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари бир йўла ҳам ижро этувчи, ҳам вакиллик идораларига раҳбарлик қиладилар (102, 99-моддалар). Бундан ташқари вилоятлар, айрим туман ва шаҳарлар ҳокимлари Республика Олий Мажлиси Сенатининг аъзолари ҳисобланишади. Бу ҳолатда, ҳатто Республика миқёсида ҳам, уч ҳокимиятга бўлиниш тартиби бузилган.
III боб 16-моддада: «Бирорта ҳам қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормалари ва қоидаларига зид келиши мумкин эмас», деб таъкидланади.
Давлат ҳокимияти тўғрисидаги қонунлар ва Конституциянинг ўзида (102-модда) эса қонун чиқарувчи (вакиллик, сенат), ижро этувчи ҳокимиятларнинг қўшилиб кетиши принципи мустаҳкамланган. Бундан чиқди, давлат ҳокимияти тўғрисидаги қонунлар ва Конституциянинг 102-моддаси Конституциянинг 11, 16-моддалари талабига зид”.
Эътибор берган бўлсангиз, Президент таклифи билан Конституцияга киритилган ўзгаришлар ҳақидаги шарҳда: “…ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд тармоқлари МУСТАҚИЛЛИГИ ВА ТЕНГЛИГИ, ВАКОЛАТЛАРИ МУТАНОСИБЛИГИНИ, УЛАР ЎРТАСИДА ЎЗАРО ТИЙИБ ТУРИШ ВА МАНФААТЛАР МУВОЗАНАТИ ТИЗИМИНИНГ САМАРАЛИ ИШЛАШИНИ ТАЪМИНЛАШГА ҚАРАТИЛГАН” (ажратиб кўрсатиш бизники (М.Х.), дейилади.
Биз ҳам шу талабни қўйган эдик. Аммо Конституциявий судда мурожаатимиздан “…судьялар ташаббуси билан масала киритишга асос топилмаганлиги” қизиқ. Топса бўлар экан-ку. Президент таклифида ҳали айнан биз тил текизган муаммо кўтарилмаган ва Олий Мажлис Қонунилик палатаси бу масалани кўрган эмас. Эртами-кечми, улар ҳам Конституциямизда аксини топишига аминмиз. Негаки, қонун чиқарувчи (вакиллик органи) ва ижроия ҳокимиятга бир кишининг раҳбар бўлиши, бунинг устига, у шахс сенат аъзоси қилиб сайланиши бу масаладаги халқаро ҳуқуқ меъёрларига ҳам, Европа Кенгашининг “Маҳаллий ўз-ўзини бошқариш Европа хартияси” талабига ҳам зиддир.
Француз алломаси Алексис де Токвиль деярли икки юз йил аввал Америка демократиясини танқид қилган эди ва ҳозирги кўринишдаги демократия охир-оқибат барҳам топади, деб ёзганди. Бизнинг демократия ҳам икки юз йил яшаса, нима бўлишини ўшанда кўрамиз.

88.

Ёни-веридагиларнинг муттасил олқишидан хавотирланмаган – ғофил, дебдилар. Тағин дебдиларки, у тоифа иззатталаб эмиш. Илоҳо, битикларида иззатталабликка даъвогар бандаи ҳақирингни паноҳи ҳикматингда асраб, шу умидидан бенасиб эт, дея қилган илтижомиз ижобат бўлганга ўхшайди. Нью-йорклик нотаниш биродар тасвирланаётган қаҳрамонлардан бири ҳақидаги таърифларни ўқиб, “…ўша кишининг тирноғига арзимайдиган одам экансиз…, партократсиз…, Жомбойда яшовчи отам “Ленин йўли” (ҳозирги “Зарафшон”) газетасини мунтазам ўқийман, лекин Хўжаев деган журналистни билмайман, дедилар”, деб ёзди. Ҳақ гап.
Камина журналист номига ҳавасманд бўлдим-у, даъво қилолмадим. Мукаммал оммавий ахборот воситаси мақомини ололмаган газета ва теле-радиодан косиб сифатида фойдаланган, амалиёти фашистлик сиёсатига тенглаштирилган коммунистик партия идорасида, тузумнинг цензурасида хизмат қилиб, бугун, жичча имконият туғилганида, демократлик, ҳатто либерал демократликни даъво қилаётган киши шаънига ҳар нима айтса арзийди.
“Ҳодервеш…”ни қоралашни бошлаганимда биродарим Мурод Муҳаммад Дўст Томас Вулфга ўхшаб икир-чикирларни ёзаверинг, охирини кўрасиз, деган эдилар. Томас Вулф романларидан бирининг қаҳрамони Жорж Уэббер ҳам, бандага ўхшаб, кўрган-билганлари ҳақида тўғрисини ёзгани учун, барча таниш-билишлари юз ўгиришади. Мурод Муҳаммад Дўст ҳақир “ёзувчи”ни шунга ўхшаш қисмат кутаётганидан огоҳлантирган эдилар ва ҳақ бўлиб чиқдилар.
Ёзувларнинг Ўзбекистон Конституциясига бағишланган кейинги қисмларини ўқиган баъзи дўстлар, мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма йили қолиб, бугунги кунлар ҳақида ёздингиз-ку? дея ажабландилар. Аслида илгарилаб кетилган эмас. Конституциямиз қабул қилингандан буён ундаги айрим масалалар хусусида ўйлардик. Энди шу гапларни айтиш кези келганлиги сабабли ёздик.
Цензура, демократия ва бир қавмнинг иккинчи қавм эътиқодини оёқ ости қилишга уриниши муаммоси эса бугуннинг гапи эмас. Абулқосим Фирдавсий “Шоҳнома”да:
Зи шири шутур хўрдан-у суси мор,
Арабро ба ч,ое расидаст кор.
Ки тахти коёнро кунад орзу,
Тфу бар ту, чархи гардун, тфу!
(Туя сути ичиш ва илон этини емоқдан бошқасини билмаган арабнинг куни туғди – у коёнийлар (араблар истилоси даврида Эронда ҳукмронлик қилган сулола) тахтига даъвогар бўлди. Шунга йўл қўйганинг учун туф, сенга, чархи гардун, туф!) деб ёзганига минг йилдан ошди. Бу гап бир қавмнинг (арабларнинг) бошқа қавм (форслар) руҳий оламига таҳдидига исён бўлди.
У замонларда биз билган цензура йўқ эди. Илло шу гапларни ёзган улуғ шоир вафотидан сўнг жасадини мусулмон қабристонига қўйишга изн бўлмади. “Цензура” ўзига хос ўч олди.
1962 – 1963 йилларда Бухородаги Биҳиштиён қабристони бузилгани, унинг тупроғини “ўлчаганим” хусусида ёзгандим. Ислом оламида Мадинаи мунавварадаги Жаннатул Бақия, Маккаи мукаррамадаги Жаннатул Муалло қабристонларидан кейинги ўринга даъвогарлик қилган Самарқанддаги Чокардиза қабристони ҳам 1948 йилда текисланиб, аҳолига уй-жой қуриш учун ажратиб берилгани, бу ҳақда камина, кейинчалик, Республика телевидениеси орқали чиқиш қилганим тўғрисида эслатган эдим.
Калом илмининг асосчиси – Абу Мансур Мотрудий (араб дунёсида имом ал-Ашъарийни калом асосчиси деб ҳисоблайдилар), суннийликдаги энг йирик мазҳаб – Ҳанафия шариат китоби – “Ҳидоя фи фуруъ ал-фиқҳ” муаллифи Бурҳониддин Марғиноний ва бошқа юзлаб алломалар дафн этилган Чокардизадаги қабрни бузиб, уй қуриш учун абдол мусулмон, аввал, динидан чиқиши керак.
Коммунистлар бунинг йўлини топишган: халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ижроия қўмитаси (раиси яҳудий миллатига мансуб Хонимов бўлган) қабристон ҳудудини уй-жой қуриш учун яҳудийларга бўлиб берган. Абу Тоҳирхожа “Самария”сидаги мана бу гапга эътибор беринг: “Ҳазрат шайхда (имом Абу Мансур Мотрудийда. М.Х.) ажойиб (бир) ҳолат (ҳам) бор эди. У гоҳо яҳудийлар маҳалласига бориб “ибодат қилинглар ёхуд ўлинглар”! деб хитоб қилар эди. Бу сўзни эшитганлар имон келтирмасалар, ўша чоғдаёқ ўлардилар”. (Тошкент, “Камалак”, 1991 йил. 38-бет).
Чархи гардуннинг қалтис ўйинини қаранг-ки, орадан минг йил ўтиб, ўша яҳудийлар авағаларининг авағалари (аваға – чевара) Абу Мансур Мотрудий файз осор мазори ўрнини ҳожатхона қилдилар (ўша ҳожатхона ва Имом Мотрудий қабри ёнида дафн этилган имом Бурҳониддин Марғиноний қабри ўрнига ит катаги ясалганини видео тасвирга олиб, Республика телевидениеси орқали намойиш этган эдик).
Бу гапларни қўзғаб, шундай ҳам аламзада, яҳудийларни бадном қилмоқчи эмасмиз, алҳазар! Бу ишлар ўша давр сиёсатининг ҳосиласи эди. Насоро тамал тошини қўйган коммунистик ҳаракат яҳудий қўли билан мусулмон эътиқодига тиғ санчди.
Телевидение орқали чиқишимиздан кейин мазкур маҳалла вакилларидан бир гуруҳи ўша пайтдаги ишхонамиз – вилоят теле-радио комитетига келиб, ҳақирни туҳмат уюштиришда айблашди, “мақсадингиз уй-жойларимизни буздириш”, дея даъво қилишди. Ғалвалардан натижа чиқмади. Шундан сўнг камина вилоят цензурасига раҳбар қилиб тайинланган эдим.
Минг йиллар у ёки бу кўринишда амал қилган энг нодемократик ташкилот – цензурадаги фаолиятимнинг биринчи куни ёлғончи дунёнинг ёлғонига гувоҳ бўлди. Идорамиз ходими Мардон Маҳмудов машинкада чоп этилган бир китобча матнини тутқазиб:
–Бунда ёзилган тарихга тишим ўтмайди, ўзингиз кўриб берақолинг, – деди.
“Самарқанд қабристонлари” деб номланган китоб ўзбек, рус ва инглиз тилларида бўлиб, Абу Тоҳирхожанинг “Самария”сидан узиб-юлиб, ямалганга ўхшарди. Фақат муаллиф – тарих фанлари доктори, Самарқанд Давлат университети профессори, Чокардиза ҳудудида пайдо бўлган маҳаллада яшовчи Моше Абрамов шу қабристон ҳақидаги маълумотига “янгилик” киритган эди. У “Имом Абу Мансур Мотрудий ва имом Бурҳониддин Марғиноний суяклари иккинчи жаҳон уруши йилларида Чокардиза қабристонидан Мотруд қишлоғига кўчирилган”, деб ёзганди. Маълумот мазкур маҳаллани бузилишдан сақлаб қолиш мақсадида атайлаб китобга киритилган. Уни нашр этишга рухсат беролмасдик, албатта. Домладан янги маълумотни асословчи ҳужжат сўрадик.
–Э-э, мулло, уни қайси источникдан олганим хотирамда йўқ, теперь қандой топишни билмайман, – деди М. Абрамов.
Китобни босишга рухсат йўқлигини айтганимизда, муаллиф сири очилганини фаҳмлади ва қабрлар кўчирилганлиги ҳақидаги ёлғонни қўлёзмадан ўчиришга рози бўлди.
Китобни нима сабабдан инглиз тилида ҳам чиқараётгани билан қизиққанимизда:
–Мулло, биз яқинда хорижга кўчамиз. У ёқдаки бародарларга англизчасини савғо қиламиз, – деди муаллиф.
Аммо Моше Абрамов хорижга кетолмади – китоб босилгач, вафот этди ва жасади Чокардиза шимолидаги яҳудийлар қабристонига қўйилди. Юқорида айтилганидек, бу китоб цензура раҳбари сифатида кўрган биринчи ишим эди. Самарқандлик танитқли тарихчи Комилхон Каттаев:
–Моше Абрамов бунчалик тез вафот этар экан. Сиз цензурага ишга келмаганингизда, бу ёлғон кимсан, тарихчи профессор номидан китобга чиқарди. Воқеада бир ҳикмат бор – ўша бобокалонларимизнинг руҳлари сизни цензурага судраб келган, – деди.
Алқисса, руҳ судрадими, Худо урдими, цензор бўлиб қолдик.
Республика Вазирлар Маҳкамасининг “Имом Абу Мансур ал-Мотридий таваллудининг 1130 йиллигини нишонлаш тўғрисида” 1999 йилда қабул қилган қарори асосида Фанлар академияси археология институти олимлари Чокардизанинг қадимда Тали муҳаддисон (Муҳаддислар тепалиги) деб номланган ҳудудида барпо этилган ҳовлилардан кўплаб қабртошлар, ёзувли қайроқ тошлар топдилар, уларни тадқиқ қилдилар. Имом Абу Мансур Мотрудий, Бурҳониддин Марғиноний ва бошқа буюкларнинг ёдгорлик тошлари ўрганилди. 2000 йилда шу ҳуддудда имом ал-Мотрудий қабри ўрнига маҳобатли мақбара барпо этилди ва аллома таваллудининг 1130 йиллиги мамлакат миқёсида нишонланди.

89.

Эй, сухандон, сўзинг – ўқ-ку, нетиб эрк топсин? Ҳур калиманг ўқ бўлиб, қўксингга санчилса, алам-о!
Фусунгар лўливаш нафасидан толеини билувчи элатнинг эркни англаши азоб. Не тонг-ки, у эгнидаги қароллик хирқаси улоқтирилганига инонгиси келмай, қўмсайди; мирзоси коммунист тутумини табдил қилди, русум ўзгарди, Конституцияси, қонунига «цензурага йўл қўйилмайди», деб битди, магар коммунистнинг цензураси қолдирилди. Додхоҳлик даъвосида отани аямаган камина – котиб, цензурага раҳнамо бўлди…
«Зарафшон» газетаси бош муҳаррири Ҳабиб Темиров:
–Ходимларимиз «Мунажжим башорати»ни тайёрлашни эплай олмаяпти, бўш вақтингизда шу ишни бажаролмайсизми? – деди.
Юлдузларга қараб толени аниқлаш «фусунгар лўливаш»нинг иши. Рози бўлдик ва фол очиб, газетанинг ҳар бир сонига бера бошладик. Янги амалимизнинг ҳайратланарли жиҳати шу бўлдики, бу «қармоқ»қа, аввало, «журналистлар» илиндилар. Башорат нимаси биландир тўғри чиққанини кўрган, салобатидан фил ҳуркадиган, мухбирлар навбатдаги ҳафтада уларни қандай қисмат кутаётганини сўрашарди. Ишонқирамайдиганлари башоратларни камина қандай ёзиши ҳақида ходимимиз Зайнаб Юсуповадан сўрашаркан. У:
–«Каромат»ларни шифтга қараб ёзадилар, бошқасини билмайман, – дер эмиш.
«Довруғимиз» Тошкекнтга етди. «Даракчи» муҳаррири Анвар Намозов қўнғироқ қилиб, ҳафталиги учун шундай «каромат»лардан беришимизни сўради. «Зарафшон»га мўлжалланган фолларни «Даракчи» ҳам боса бошлади. Маълум вақт ўтганидан кейин Намозов тағин қўнғироқ қилиб, «башоратлар тўғри чиқаётгани ҳақида таҳририятимизга хатлар келяпти. Мухлислар сиз билан учраштиришни сўрашяпти», деди. Айтишларича, қайси бир юлдуз остида туғилганларни огоҳлантириб, «бу ҳафта кўчада юрганда эҳтиёт бўлинг, шикастланишингиз эҳтимоли бор», деб ёзибмиз. Бир шўрлик ҳафта давомида уйидан чиқмабди…Эшиги олдидаги зинадан йиқилиб, қўли синибди…
Алҳақ, буни кутмаган эдик. Фол ва афсунгарликка ишонган улус сўз, шахс эркинлиги, демократияни қандай англаркин?
Одам боласи бебошлигини синамоқчи бўлсангиз, мирзоси авомидан гўлроқ элатга «эркинсан», денг. Оғзимга қум, оғзимга қум, ундай қилманг. Америкача эркинликни ўзларига татбиқ этиб, қўлга таёқ олган айрим қўшни қавмлар «демократия»гача ёнларида яшаган ҳамсоялари бугун қаердалигини билмайдилар-у, «султоним», деб сажда қилган раҳнамолари ўғрибошилигини англаб олдилар.
Бандани цензура тарафдори демоқчисиз. Адашдингиз. Қароллик тавқидан озод эл қаролфеълликка ҳам барҳам бериши лозим, демоқчимиз.
1997 йилда “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси матбуотда эълон қилинди. Ҳужжатдаги оммавий ахборот воситасининг чиқарилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш деган моддада ”Оммавий ахборот воситалари фаолиятини тўхтатиш муассис, суд ва уни рўйхатга олган ташкилотга берилади“, дейилган эди. Қонун шу тарзда қабул қилинса, мазкур масалада суд ва ижроия ҳокимиятлар фаолияти қўшилиб кетарди ҳамда Конституцияда таъкидланган ҳокимиятнинг учга бўлиниш принципи бузиларди.
Лойиҳа бўйича фикрлар сўралганда “Оммавий ахборот воситаси фаолиятини тўхтатиш ёки тугатиш фақат муассис билан суд зиммасида қолдирилсин, ижроия ҳокимиятни моддадан ўчириш керак. Акс ҳолда ижроия ҳокимият оммавий ахборот воситаларини назорат қилиш ҳуқуқига эга бўлади”, деган таклиф бердик. Олий Мажлис уни инобатга олмади ва лойиҳадаги мазкур модда шундайлигича қабул қилинди.
Республика Олий Мажлиси матбуот ва ахборот қўмитаси раиси Ўткир Ҳошимов раҳбарлигида Олий Мажлис депутати Иброҳим Ғафуров, президент девони вакили ва бошқа нуфузли меҳмонлар Самарқанд вилояти ҳокимлигида оммавий ахборот воситалари раҳбарлари, журналистлар билан учрашдилар, демократия, сўз эркинлиги масалаларида суҳбат уюштирилди.
Президент девони вакили: ”Яқинда ”Туркистон“ газетаси ”Шароннинг найранглари“ деган мақола чоп этди. (Ариэл Шарон ўшанда Исроил бош вазири эди. М.Х.). Бош муҳаррирни телефон орқали койидим. Негаки, бундай чиқишлар Исроил давлати билан Ўзбекистон ўртасидаги дўстона муносабатларга раҳна солади. Лекин бунинг цензурага алоқаси йўқ“, деди. Ваҳоланки, муҳаррир фаолиятига бу тарзда аралашиш цензорлик ҳисобланади.
Шунда “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамаси пайтида таклиф берганимиз, аммо унинг инобатга олинмаганлиги, натижада, ҳозир президент девони ходими айтганидек, ижроия ҳокимият вакили ҳам бош муҳаррир фаолиятига аралашиши учун қонун асосида имконият яратилганлигини эслатдик. Ўткир Ҳошимов:
– Олий Мажлисга оммавий ахборот воситаси фаолиятини тўхтатиш ёки тугатиш фақат муассис билан суд зиммасида қолдирилсин, деган таклиф тушган эди. Бироқ уни қабул қилишга рухсат бўлмади, –деди.
Ким рухсат этмаганлигини айтмади. “Қонун лойиҳасида демократиянинг Конституция қўйган талаби бузилганлигини Олий Мажлис депутатлари билиб турса-ю, бу номутаносибликни тўғрилашга кимдир рухсат бермаса, сўз ва матбуот эркинлиги, демократия ҳақида гапириб ўтиришга ҳожат борми?” дея тағин ўнғайсиз савол ташладик. Муҳтарам ёзувчимиз йиғилишни олиб бораётган вилоят ҳокимининг ўринбосари Абди Маматовга “цензор бўла туриб, шунақа саволлар беради-я”, деб ажабланган экан (Бу гапни каминага учрашувдан сўнг етказишди).
Орадан маълум вақт ўтгач, Ўткир Ҳошимов бошчилигида яна бир гуруҳ меҳмонлар Самарқандга ташриф буюриб, тағин журналистлар билан учрашишди. Бу йиғилишда “Муштум” журналининг бош муҳаррири Ашурали Жўраев сўз олиб:
–Кеча Жиззах вилоятида ўтказилган шундай учрашувда бир журналист ажойиб гап айтди. У оммавий ахборот воситаларини халқ билан ҳукумат ўртасидаги кўприкка ўхшатди, – деди.
Терс феълимиз бу дафъа ҳам панд бермади.
–Оммавий ахборот воситалари “кўприк” бўлса, уларнинг тўртинчи ҳокимиятлиги қаерда қолади? Бу фикр унча тўғри эмас. Ахборот воситалари расмий уч ҳокимият фаолиятини норасмий назорат қилувчи тўртинчи ҳокимият вазифасини ўташи, ҳукуматга мухолифатда тургандек муносабатда бўлиши керак. Аниқроғи, улар ўрмондаги санитар бўри вазифасини бажариши лозим, – дея луқма ташладик.
Эртаси куни “Зарафшон” газетасининг биринчи бетида Ашурали Жўраев билан суҳбат чоп этилди. Мухбир:
–Айрим журналистлар оммавий ахборот воситаларини халқ билан ҳукумат ўртасидаги кўприкка ўхшатишади. Сиз бу фикрга қандай қарайсиз? – деб савол берган.
Ашурали Жўраев:
–…Йўқ, оммавий ахборот воситалари ўрмондаги санитар бўри вазифасини ўташи лозим, – дея жавоб қайтарган.
Олий Мажлисда оммавий ахборот воситаларига дахлдор қонунлар лойиҳасини тайёрлаб, қонун шаклида маъқулловчи депутат, мамлакатнинг нуфузли журналисти-ю ёзувчиси сўз ҳамда матбуот эркинлиги масалаларида шундай фикрласа, авом нетсин?
Ҳо, дарвеш, ўт билан ўйнашма! 2007 йилда Олий Мажлис “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунни тағин янги таҳрирда қабул қилди ва бу гал биз илгари берган таклиф ҳам инобатга олинди. “Оммавий ахборот воситаси фаолиятини тўхтатиш фақат муассис билан суд зиммасида қолдирилди. Энди, қонунга кўра, ижроия ҳокимият, яъни, оммавий ахборот воситасини рўйхатга олган ташкилот аризасига кўра оммавий ахборот воситаси фаолияти тўхтатиб турилиши ёки тугатилиши суд қарори билан амалга ошадиган бўлди.
Жаҳон матбуот эркинлиги куни муносабати билан Тошкентдаги “Интерконтиненталь” меҳмонхонасида Олий Мажлис депутатлари, журналистлар иштирокида сўз ва матбуот эркинлиги масалаларига бағишланган анжуман уюштирилди. Олий Мажлис депутати “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунни янги таҳрирда (2007 йилги) қабул қилишдан олдин Республикадаги нуфузли оммавий ахборот воситалари таҳририятларига, таклиф беришларини сўраб, факс орқали хатлар юбордик. Афсуски, бирорта ҳам таклиф тушмади”, деди.
Ваҳоланки, ўшанда Олий Мажлис факсига бир неча таклифлар юборгандик. Депутатнинг бу гапидан кейин қараб туролмадик ва таклифларни Олий Мажлис факси орқали қабул қилиб олишганини, уларни ё кўрсатишмагани ёки депутат тўғрисини айимаётганини билдирдик. Қонунимизнинг илгариги таҳрири учун таклиф берганимиз бу гал эътиборга олинганини эслатиб, мамлакат аҳолисига холис ахборот тарқатиш муаммосига эътибор қаратдик. Республикадаги барча нуфузли оммавий ахборот воситалари (нафақат улар) ҳукумат назоратида эканлиги ва бу ҳол воқеа-ҳодисаларни холисона ёритишга халал етказиши муқаррарлигини таъкидлаб:
–Чинакам демократияга эришмоқчи бўлсак, бизга “Халқ сўзи”, ”Народное слово” сингари давлат газеталари ёки Миллий теларадио компания деб аталувчи давлат телерадиоси керакми? – дедик.
Бир маромда ўтаётган йиғилишнинг бу ўзанга бурилишини кутмаган олиб борувчи нима дейишни билмади. Миллий телерадио компания раиси ўрнидан турди ва масалага жиддий тус бергиси келмай:
–Сиз Хўжаев экансиз, мен ҳам Хўжаев, сиз самарқандлик экансиз, мен ҳам самарқандлик. Бир неча йил аввал қонунчилик масаласида Олий Мажлисга берган таклифингиз биринчи марта инобатга олинмагани билан, кейин эътиборга олинибди-ку. Бу фикрларингиз ҳам бир кун эмас, бир кун амалга ошар, ахир, – деди.
Иншооллоҳ.
Дунёда оммавий ахборот воситалари устидан назорат ўрнатишни, сўз эркинлигини чеклашни истамаган бирор ҳукумат бўлганини билмаймиз ва ҳозир ҳам йўқ. Шу касаллик белгиси ўлароқ бугун мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари фаолиятини назорат қилиш расман тўхтатилгани билан, бош муҳаррирлар учун сиёсий одоб тушунчаси ҳар қандай цензурадан устунлик қиляпти.

90.

“Халқ сўзи” газетаси бош муҳаррирлигидан иккинчи марта бўшатилган Аҳмаджон Мухторов ишхонамизга дабдурустдан кириб келди. Кайфияти яхши эди. Китоблар жавонига териб қўйилган “Большая Советская энциклопедия”нинг барча жилдларига кўз югуртирди-да:
–Иккинчи ва йигирма учинчи томларни манга совға қиласиз. Маникини кимдир олиб кетибди, – деди.
Розилигимни кутиб ўтирмай, ўрнидан турди ва тилга олган жилдларни жавондан суғурди. Жойига қайтиб ўтириб:
–Телефонингиздан Крайновга (Георгий Крайнов – Республика президентининг ёрдамчиси. М.Х. ) битта қўнғироқ қилай, – деди.
Телефон рақамини териб: “Здравствуйте, Георгий Алексеевич! Мухтаров беспокоит”, деди мулозамат билан.
Ҳол-аҳвол сўрашгач, ўзбекчалаб:
–Георгий Алексеевич, Ислом Абдуғаниевични (И.А.Каримов – Республика президенти. М.Х.) қабулларига кирмоқчи эдим, ёрдамингиз керак, – илтижо оҳангида мурожаат қилди.
Крайнов ваъда берди. Аҳмаджон Ғуломович жуда қувонди. Крайновни “ажойиб одам”, деб, мақтади.
–Ўзбек – пешонаси ярқираган халқ, Ислом Абдуғаниевичдек президенти билан фахрланса арзийди, – дея Республика раҳбарини ҳам олқади.
Икки кун ўтгач, келиб, тағин Крайновга қўнғироқ қилди.У яна ваъда берди. Кейинги ҳафта учинчи марта сим қоққанида, кимдир президент ёрдамчисининг йўқлигини айтди. Шундан кейин бизнинг телефондан бир неча кун сурункасига қўнғироқ қилди. Крайнов ҳамон “йўқ” эди.
–Ўзи йўқни кўзи йўқ, дейдилар, энди Тошкентга бориб, Крайнов билан юзма-юз гаплашмасам бўлмайди, – деди суҳбатдошим.
Шу орада у кишига “Гулистон” журнали ва “Зарафшон” газетаси бош муҳаррирлигини таклиф этишган. Иккаласига ҳам рози бўлмаган эмиш. Чунки ўзи асос солган “Халқ сўзи”, “Народное слово” газеталарига учинчи марта бош муҳаррир бўлишига ишонарди…
Пойтахтдан афтодаҳол қайтди.
–Ҳамма ёқни ғаламис босибди, йўллар ёпиб ташланган, – надомат ва жаҳл билан гапирди Мухторов.
Гап нимадалигини тушунмадим.
–Крайновни ҳам қўлга олишибди, – фикрини давом эттирди.
–Қанақа йўллар ёпилган?
–Президентга кириш йўли, арзингни эшитадиган одам йўқ, – афсус оҳангида айтди, – Крайнов ҳам яҳудий-да, дарров сотилибди.
Гапининг мазмунидан Мухторов президент қабулига киролмаган. Энди ҳар келганида давлат сиёсатининг нотўғрилиги, президентнинг ўзи яхши-ю, атрофидаги “яҳудий ва яҳудийсимонлар” (Мухторовнинг ибораси) у кишини йўлдан оздираётгани, булар тўғрисида китоб ёзаётгани ҳақида гапирарди.
Кузакнинг рутубатли кунида вилоят ҳокимлиги биноси ёнидаги “Зилол бахт” ресторанида “Зарафшон” газетаси раҳбар ходимларидан бирининг олтмиш йиллигини нишонлашди. Тантана бошланиши олдидан у ерга борганимда, майдалаб ёмғир ёғаётган бўлишига қарамай, Аҳмаджон Ғуломович ресторан эшиги олдида ёлғиз турарди. Ичкарига таклиф қилдим.
–Алишер Мардиевич (А.Мардиев – вилоят ҳокими. М.Х.) юбилейга келаркан, қизим масаласини гаплашмоқчиман (судья бўлиб ишлаётган қизи ишдан бўшатилган эди). Қабулига киргани қўйишмаяпти. Менга ёнингиздан жой олиб қўйинг, – деди.
Ичкарига кириб, ўтирган столимиздан битта жойни банд қилдим. Ундан кейинги ўриндиққа Ғулом Али (А.Мухторов ҳақидаги “Иблиснинг сурати” номли роман муаллифи. У киши тўғрисида илгариги қисмларда ёзилган эди) ўтирди. Илгари бундай тадбирларда давранинг тўрида бўладиган Мухторов ресторанга кириб келганида, ҳеч ким эътибор бермади. Ишорам билан ёнимдаги ўриндиққа келиб чўкди. Ғулом Али эса, тантанали тарзда, ўрнидан туриб, бошқа жойга кетди. Буни Мухторов сезмаслиги мумкин эмас эди.
Тантанага ҳоким келмади.
–Мардиев юбилейга бораман, деган экан. Демак, мен билан учрашмаслик учун келмади, – деди Аҳмаджон Ғуломович.
Ўтирган столимизга каминага косагулилик қилинг дейишди. Арақ қуйиб бера бошладим. Қанча қуйсам, Мухторов шунча ичди ва маст бўлди. Тантана сабабчисини бирин-кетин олқишлашди. Мухторовга сўз беришмади. Ёшлар, бебурд мусиқа садолари остида, телбанамо рақсга тушиб кетишди. Столимиздагилар туришди. Мухторов ўзи юрадиган ҳолатда эмас эди. Қўлтиғидан олиб, ташқарига етакладим. Рестораннинг кийимлар илинадиган бўлмасига келганимизда:
–Одил (Одил – Мухторовнинг ўғли. М.Х.) келиши керак, – деди.
Стул келтириб, ҳамроҳимни ўтқаздим. Ширакайф бир киши келиб:
–Ассалому алейкум, бародари азиз! Ман сизни жудо яхши тонидим, – дея, ҳаяжон билан Аҳмаджон Ғуломовичнинг тиззасига қўйиб ўтирган ўнг қўлини кафтлари орасига олди ва қаттиқ силкита бошлади.
Мухторовнинг ияги осилган, кўзлари уни “яхши тониган” кишини танимай, бефарқ тикилиб турарди, боши эса, силкитишнинг зарбидан, беихтиёр орқа ва олдинга чайқаларди.
–Ман сизни телевизирга ҳам кўраман. Ёдинггизга борми, ман ленинскадаки дўконга мудурман. Ҳ-ў-ў, “Юбилейни” рестуранига ўтуруб, чақчақ қилган эдук.
Суҳбатдошининг ҳеч нарсани тушунмаётганини тушунмай, ҳовлиқиб гапирарди мудир. Кейин каминага қараб:
–Братишка, бу братан аққол одам-дия, – деди.
Тилла топгандек қувонгани бефойдалигини билган маст:
–Хай, майлаш, баҳаз (бемалол) ўтурунг, сўғун бафуржа чақчақ қилами-и-з, – деб, қўл силтаб, ресторанга кириб кетди.
Ҳамроҳимнинг аҳволи дақиқа сайин ёмонлашаётган эди. У киши шу таҳририятга раҳбар бўлганида соясига салом берган ходимлар олдимиздан, маст-аласт, ўтишарди-ю, собиқ бошлиқларига бурилиб қарашмасди. Бугун улар аллақандай мунофиқ “шер”га ўхшашарди. Бу ҳолатдан жуда ажабландим ва ресторан даҳлизида ўзимни ҳам хўрлангандек ҳис этдим. Ичкарига кириб, Мухторовни уйига олиб кетиш учун “Зарафшон” бош муҳаррири Холмуҳаммад Нуруллаевдан машина сўрадим. Рақсга тушаётган бош муҳаррир ҳайдовчисини чақириб, топшириқ берди. Шофёр машина рестораннинг орқа томонидалигини айтиб, у ёққа қандай ўтишни тушунтирди. Аҳмаджон Ғуломовични қўлтиқлаб, ташқарига чиқдим. Аллақандай хандақнинг сийғанчиқ қирғоғидан амаллаб ўтганимизда, ҳамроҳим қўлини қўлимдан бўшатди-да, тўхтади.
–Бу – номард дунё-ё-ё, Миршар-р-и-и-ф-ф! – деб, елкамга бош қўйди. – Қорнимга эмас, қадримга йиғлаяпман, оғайни-и-и! Мани маст деб ўйламанг, мастман-у, ҳаммасини тушуниб турибман…, эҳ-ҳ-ҳ!
Машинага чиққанимизда кафтлари билан кўз ёшларини аритди…
Эртапишар мевалар етилган палла эди. Шаҳар марказидаги Мармар бозорига у-бу нарса харид қилгани кирдим. Бўтакўздек катта-катта гилосни сотувчи билан савдолашдик. Пул чиқарганимда, сотувчининг орқасида ёғочдан ясалган қути устида тескари ўгирилиб ўтирган киши ўрнидан турди ва:
–Гилос бепул берилади, – деди.
Пештахта ортида соқоли қирилмаган Аҳмаджон Ғуломовични кўриб, гангиб қолдим.
–Ҳовлидаги гилосларни майна қурғур еб кетяпти, набираларга тердириб, келтирдим, бу укамиз сотиб беряптилар, – гилос ўлчаган йигитга ишора қилиб, айбдор ўзини оқлагандек, “ҳисобот” бера бошлади Мухторов.
Мевани олишни ҳам, қолдириб кетишни ҳам, у кишини нима деб тинчлантиришни ҳам билмадим. Инсон қадрининг юксалганини-ю, “оёқ ости” қилинганини кўрган кишигина бу ҳолатни тушунади. Шундан кейин Мухторов ишхонамизга, деярли, келмай қўйди.
“Халқ сўзи”га қайтиб боролмаслигини тушунган Аҳмаджон Ғуломович кунларнинг бирида “Зарафшон” газетаси таҳририятига келиб, каминани ҳам бош муҳаррир хонасига чақиртирди (инспекциямиз газета таҳририяти билан бир бинода жойлашган эди). Устоз машинкада чоп этилган бир даста шеърлардан тўрт-бештасини ажратиб, узатди ва:
–Овоз чиқариб ўқинг! – деди.
Ўқидим. Бир шеър хотимасида, тахминан: “Ердаги фисқу фасодларни қузғунларга қўй, кел, учайлик фазоларга”, деган сўзлар бор эди.
–Зўр-ку, ўзингизникими? – қизиқдим.
–Йўқ, авар шоираси Фазу Алиеванинг шеърлар тўпламини ўзбекчага ўгирдим, – Аҳмаджон Ғуломович бош муҳаррир Фармон Тошевга қаради ва, – шуларни газетангизга берасизми? – деб сўради.
Муҳаррир рози бўлди.
–Қайси кунда чиқади?
–Келаси ҳафтада.
–Унда корректурасини Миршариф ўқийди, кейин мени чақиради, кўриб бераман, – гапига хотима ясади Аҳмаджон Ғуломович ва хайрлашди.
–Қизиқ бўлди-ку?! – савол ва ҳайрат назари билан қаради муҳаррир. – Сиз –цензор, Аҳмаджон аканинг ҳолатини биласиз (у “қувғинда” деган маънода айтилди). Шеърларнинг таржимони сифатида у кишининг номини газетага қандай берамиз?
–Унда ваъда қилмаслик керак эди, – ажабландим.
Бош муҳаррир ўйланиб қолди. Ажаб замон эди. Жиноят содир этмаган кишидан, ҳазар қилгандек, ҳаммамиз ўзимизни четга олардик. Маслаҳатлашиб, таржимон сифатида, Мухторовнинг шу газетада муҳаррирлик қилган даврида ишлатган “А.Ғуломов” тахаллуси билан шеърларни босишга келишдик.
Ваъдалашилган вақт келганида Тошев газета жуда муҳим материаллар билан бандлиги сабабли шеърлар бу ҳафта ҳам берилмаслигини айтди ва Мухторовни огоҳлантиришимни сўради. Сим қоқиб, шеърлар бу ҳафта босилмаслигини айтдим. У киши тутақиб кетди.
Орадан яна бир ҳафта ўтгандан сўнг шеърлар саҳифага қўйилди. Мусаҳҳиҳ сифатида ўқидим ва, келишувимиз бўйича, Мухторовга қўнғироқ қилдим.
–Корректурасини ўқидингизми? – сўради.
Ўқиганимни айтдим.
–Ундай бўлса, бормайман, – деди.
Бирор соатдан сўнг газетанинг ўша саҳифасини цензор назоратидан ўтказиш учун тағин келтиришди. Унда “…кел, учайлик фазоларга” деб якунланган шеър йўқ эди. Цензура раҳбари сифатида шеърни босишга рухсат бердим-у (аслида уни босмасликка ҳеч қандай асос йўқ эди), у бошқалар томонидан тақиқланганига ажабландим ва таҳририятга бориб, буни навбатчи муҳаррирга айтдим (бош муҳаррир йўқ эди).
–Газета учун мен жавоб бераман! – деди, кесатиб, навбатчи муҳаррир.
Ўшанда (ҳозир ҳам) муҳарриру мухбирнинг “сиёсий ҳушёрлиги” сабабли цензурага ҳеч қандай ҳожат бўлмаган.
Эртаси куни Мухторов идорамизга келди; важоҳати бузуқ эди.
–Цензура сиздақа қўрсларнинг жойи, – деди, зарда билан. – Саҳифадан олиб ташланган шеърда қанақа давлат сири бор? “Қузғун”лар сони яна биттага кўпайибди…
–Хит бўлманг,– собиқ раҳбаримни тинчлантиришга уриндим.– Ёшлигимизда, деярли ҳар бир йиғилишда, баъзиларга қўлингизни бигиз қилиб, “Сизлардан у дунё, бу дунёда жарналист чиқмайди, вақт борида мухбирликнинг баҳридан кечинг!” деб такрор-такрор айтардингиз. Шеърни саҳифадан олиб ташлаган навбатчи муҳаррир ҳам ўша “журналист чиқмайдиганлар” орасида бўларди. Бугун улар журналист-у, сиз “”шу дунёда”ёқ журналистикадан чиқдингиз.
Жаҳл билан ўтирган меҳмон кулди. Ҳаяжонини босиб:
–Э-э-э, к… мурдасига (тожик тилидаги ҳақоратлаш сўзларини ишлатди. М.Х.), бу фисқу фасодларни қўйинг, оғайни, келинни аҳволи қалай? Шундан гапиринг. Сиз келинга айтинг, ман учун бир норин тайёрласин. У пиширган норинларни Тошкентда ҳам топмаганман.
Шу суҳбатимиздан кейин кўп ўтмай, Мухторов амнезия бўлибди деган хабар тарқалди. Кўргани бордим. Устознинг ҳовлиси дарвозаси қия очиқ эди. Ичкарига мўраладим. Анбар янга ҳовлида куймаланиб юрган экан.
–Келинг, келинг, ука мулло! – илтифот билан ичкарига таклиф қилди.
Дарвозахонада ёғоч чорпоя устидаги хонтахтага дастурхон ёзилиб, қанд-қурс қўйилган.
–Ўтириб туринг, ҳозир акангизни чақираман, – янга шундай деб уйга кириб кетди.
Аҳмаджон Ғуломович уйдан жилмайиб чиқди ва қулоч очиб келди. Қучоқлашдик, хонтахта ёнига ўтирилгач, овоз чиқариб, “омин, Оллоҳу акбар”, дея, қўлларини юзларига сурди. Астойдил сўрашди. У кишининг хатти-ҳаракатида ҳеч қандай касаллик аломати сезилмади. Тарқалган миш-мишлар ёлғон экан-да, деган хаёлга бордим. Шу аснода мезбон кўзларимга тикилиб:
–Кимсиз? – деди.
Амнезия тўғрисида кўп эшитганман, фильмларда кўрганман. Аммо чинакамига бу хасталикка йўлиққан одам билан биринчи марта учрашиб тургандим. Аллатавр бўлдим ва у киши мен билан ҳазиллашаётгандек хаёл қилиб, кулгим қистади.
–Миршарифман, – дедим, кулгидан ўзимни тийиб.
–Миршариф, Миршариф, – дея, кўзларини бир нуқтага тикиб қолди.
Янга чой келтирди.
–Ман билан ишлаганмисиз? – сўроқни давом эттирди устоз.
–Ҳа, бирга ишлаганмиз.
–Ким бўлиб ишлагансиз?
–Ўринбосарингиз эдим.
–Ха-а-а.
У киши ўйланиб турди.
–Эслагандай бўляпман. Яна бир ўринбосарим бор эди. Ўша ким эди?
Ўринбосар бўлган кишиларни бир-бир санадим. Бирортасини тан олмади. “Йўқ, у эмас”, деб тураверди. Ўша ёки бошқалигини қандай билаётганини тушунолмасдим. Охир ўринбосар бўлмаган бир ходимнинг номини айтдим.
–Ҳа-а, ана шу, у иблис, – деди.
Навбатдаги хабар Мухторовнинг вафоти ҳақида бўлди. У киши ўпка касалидан қазо қилибди. Бу гапни эштитиб, орамизда бир нечча йиллар аввал содир бўлган бир арзимас воқеа эжсимга тушди. Ўшанда бош муҳаррир ўринбосари эдим. Аҳмаджон Ғуломович хонасига кираётганимда эшик оилди-ю, ичкаридан ёзувчи Бобомурод Даминов чиқди. Хонага кирганимда, Мухторов темир сандиғидан “Тройной одеколон” русумли атир билан қўлларини юваётган эди.
–Тинчликми? – дея ҳазиллашдим.
–Ана у туберкулёз чол келганди, шундан жиркандим, – бетларини буруштирди.
Бебақо чархнинг ўйинини кўрингки, “туберкулёз чол”дан жирканган Аҳмаджон Мухторов (2000 йилда) олтмиш тўрт ёшда, ўпка хасталигидан, Даминов эса тўқсон бир ёшда (2005 йилда) юрак хуружидан вафот этишди.

91.

Самарқандлик ва кешдарёлик (қашқадарёликлар) толиблар “мен зўр, сен кам”, деб фитна қилишибди. “Самарқандлик” тўнғичимиз ота юрти йигитларига терс бориб, таёқ ебди. Уйга келиб, зарда билан:
–Қашқадарёликлар одам эмас! – деди.
Онаси:
–Ўйлаб гапиряпсанми, отанг қетлик? – дея жеркиди.
Ўғил довдирамади:
–Қашқадарёдан бор-йўғи битта дуруст одам чиққан. У ҳам – дадам, – деди ғурур билан.
Худойим бандаларини яратганида “Киндик қонинг томган жойдан жилма, акс ҳолда ўрнингни бошқалар эгаллайди, ўзга юртда сени келгинди, сойкелди, дея камситадилар”, деб “васият” қилмаганига ҳайронман. Маҳаллотчилик эса инсон яралганидан буён бошига битган бало. Америкалик қайси бир тиниб-тинчимас Парвардигорнинг шу “камчилиги” учун уни судга берибди. Суд: “Жавобгарнинг яшаш манзили аниқ бўлмаганлиги сабабли даъво тўхтатилсин”, деб қарор чиқарибди.
Бугун дунёнинг қай бир кунжида ғурбат бўлса, негизида маҳаллотчилик ётибди. Флистим (Фаластин) ботири Голиаф билан Яҳудия (Иудея) ботири Давид (ҳазрат Довуд) “бу ерлар сеники эмас, меники” дея бошлаган ғалва уч минг йилдан буён давом этади ва миллионлаб одамнинг бошини еди.
Бу ва шунга ўхшаш мудҳиш тарихлардан хулоса чиқармаган Самарқандлик зуллисонайн шоир Ҳаёт Неъмат йигирманчи асрнинг саксонинчи йиллари охирида “Самарқанду Бухоро ўзбекники эмас, тожикники”, дея очлик эълон қилгани ҳақида илгариги қисмлардан бирида эслатилган эди. Ўшанда Олий Мажлис депутати, ёзувчи Примқул Қодиров Самарқандга келиб, “Ҳаётбек, шартингни айт, оч ўтирма”, дея қилган илтижодан сўнг шоир бошқа даъволар қаторида Самарқанд ва Бухорони Тожикистонга бериш керак деган шартни ҳам қўйди.
Бу муаммо тарихи қизиқ. Бухоро манғит бийларидан учинчиси – Шоҳмурод бий салтанатда аталиқ ва бийлик унвонларидан воз кечиб, амирликни жорий қилди ҳамда Зомин, Ёмин, Андижон, Тошкент, Урганж, Бухоро, Шаҳрисабз, Чироқчи, Ғузор, Ургут ва бошқа жойлардан халойиқни кўчиртириб, “меникию сеники” оқибатида ҳувиллаб қолган Самарқандни одам билан тўлдирди. Шаҳар ва унинг атрофида юқорида саналган номлар билан аталувчи маҳаллалар ҳозир ҳам шундай деб юритилади ва барчасида тожик тилида сўзлашувчилар яшашади. Бундан чиқди, бугун тожикликни даъво қилувчиларнинг асл келиб чиқиш жойи ўзбеклар яшаган ҳудудлардир. Самарқанд билан чегарадош бир қишлоқ “Ўзбеккенти”, бошқаси “Қавчинон” деб аталади. Икки деҳада яшовчилар ҳам тожик тилида сўзлашишади. Ўзбеккентиси тушунарли. “Қавчинон” эса – “қавми чин”, яъни, “чинлик” (хитойлик), аниқроғи, ўзбекнинг тўқсон икки уруғидан бири – қавчин уруғидан дегани. Уларнинг тили тожикча бўлгани билан, томирида туркийлар қони оқади. Етти пуштни билиш – қарз, дейдилар-у… Шу гапларни эслатаётганим учун ҳам ўзимни ўзбекпараст миллатчидек ҳис этяпман. Ундай эмас. Бу икки қавмдан қай бирини камситишса, ўксинаман.
Ўшанда Ҳаёт Неъмат оч ўтиришдан воз кечиши учун дъволари вилоят радиоси орқали ўқиб эшиттирилишини ҳам шартига киритди. Ғалвага тезроқ чек қўйиш мақсадида катталар бунга ҳам рози бўлишди.
Шоир овқат еди ва эртаси куни даъволарини эфирга бериш учун, шериклари билан, вилоят телерадио комитетига келди. Даъво бир неча банддан иборат бўлиб, бирида: “ХХ аср бошларида Самарқандда яшовчи тожиклар паспортига, мажбурлаб, “миллати ўзбек” деб ёзилган. Шу ноҳақликка барҳам бериш керак”, дейилган.
Бу гапларни эфирга бериш учун телерадио комитет раиси сифатида каминанинг рухсатим керак эди.
–Фикрларингга қўшиламан, бироқ бу даъвони исботловчи ҳужжат бўлмаса, эфирда айтилишига рухсат беролмайман. Эртага КГБ (Давлат хавфсизлиги комитети) “туҳматни нима асосда эълон қилдинг?” деб сўраса, қандай жавоб қайтараман? – дедим.
Иккинчи даъвода: “Тожик тилида таҳсил берадиган мактаб ва олий ўқув юртлари йўқ”, дейилган. Уни ўқиб:
–Ҳаммаларинг Самарқандда мактаб ва олий ўқув юртларида ўқиганмисизлар? –деб сўрадим.
“Ҳа”, дейишди.
–Барчангиз тожик тилида ўқиганмисиз?
Тағин маъқуллашди.
–Ундай бўлса, тожик тилида ўқитиладиган мактаб ва олий ўқув юрти йўқ деб айтиш мумкинми?
Ҳар бир даъвода шунақа ноаниқликлар бор эди. Уларни эфирга беришнинг имкони йўқлигини билган Ҳаёт Неъмат:
–Бу одам ўзбекларга сотилган, у билан гаплашиб ўтиришнинг ҳожати йўқ, – деб, ўрнидан турди.
Эртаси куни вилоят партия комитетида шу масала муҳокамаси уюштирилди. Биринчи котиб Содиқ Нишонов йиғилишни очиб, гап нимадалигини тушунтирди. Биринчи бўлиб Самарқанд Давлат университети профессори, академик Ботирхон Валихўжаев сўз олди ва миллатлар ўртасига нифоқ солиш, бундай даъватларни радио орқали эълон қилиш яхшиликка олиб келмаслигини таъкидлади. Ҳаёт Неъмат:
–Домло, сиз – ўзбекларга сотилган тожиксиз. Гапирмасангиз ҳам бўлади, – деди.
Муҳтарам академик ўрнидан туриб, “Бундай давраларда ўтиролмайман, мени кечиринглар”, дея, одатий камтарлиги билан, хонадан чиқиб кетди. Иккинчи бўлиб Самарқанд тиббиёт институти ректори, профессор Субҳонқул Орипов сўз олди ва Валихўжаев фикрини маъқуллади. Ҳаёт Неъмат у киши билан ҳам тортишди. Профессор ҳам хафа бўлиб, йиғилишни тарк этди. Навбатдаги сўзни камина олдим.
–Милиция бошқармасидан маълум қилишларича, ҳозир Самарқанд атрофидаги туманлар марказларида минг, икки мингга яқин йигитлар қўлларига таёқ олиб, Самарқандга борамиз, бу шаҳарни Тожикистонга берамиз деганлар билан гаплашамиз, деб туришган эмиш. Худо кўрсатмасин, уларни милиция ходимлари қўйиб юборишса, шу даъво билан чиққан ҳурматли дўстларимиз “Шампань” виноси шишаси оғзидаги тиқиндек отилиб, Тожикистонга бориб тушишади, – дедим, қўпол тарзда.
Ҳаёт Неъмат тутақиб:
–Бу одамлар билан гаплашишнинг иложи йўқ, – дея тарафдорлари билан залдан чиқди.
Тожикистон, Эронда анча ном чиқарган Ҳаёт Неъмат “Тожигингман, ўзбегимсан” деган шеърини ҳар бир даврада айтади ва олқиш олади. У киши очлик эълон қилганидан кейин орадан йиллар ўтди, вилоят матбуот ва бошқа оммавий ахборот воситаларида давлат сирларини сақлаш инспекцияси бошлиғилигимда миллий хавфсизлик хизматидан идорамизга машинкада чоп этилган учта китоб келтиришди ва “цензор” сифатида асарларнинг мазмуни тўғрисида холисона хулоса беришимизни сўрашди. Шоир асарлари қўлёзмасини Эронга олиб кетаётганида Тошкент аэропорти ходимлари уларни олиб қолишган ва мазмунини аниқлаш мақсадида Республика оммавий ахборот воситаларида давлат сирларини сақлаш бошқармасига топширишган. Бошқармада тожик тилини билувчилар йўқлиги ва муаллиф самарқандлик бўлгани сабабли асарлар бизга жўнатилган. Улар Ҳаёт Неъматнинг тожик тилидаги иккита тарихий драмаси ва битта шеърлар тўплами эди. Шеърларнинг иккитасидан бирида миллатчилик “ҳиди бурқиб” турарди. Миллий хавфсизлик хизмати ходимига Ҳаёт Неъмат билан ўттиз йиллик танишлигимиз, бундан ташқари, у киши сиёсий шартлар қўйиб, очлик эълон қилгани ва ўша даъволарни вилоят радиоси орқали эълон қилишни талаб этганида, ўзаро келишмай қолганлигимиз ҳамда бошқа сабабларга кўра китобларга холисона фикр билдириш камина учун қийинлигини айтиб, уларни қайтардим.
Кўп ўтмай, Республика оммавий ахборот воситаларида давлат сирларини сақлаш бошқармаси бошлиғи Эркин Комилов қўнғироқ қилди ва ишда “ошна-оғайничилик” кетмаслиги, китобларга хулоса беришимиз зарурлигини айтди. Асарлар тағин келтирилди. Хулоса ким томонидан берилганлигини Ҳаёт Неъмат билмаслиги керак, деб, миллий хавфсизлик хизмати ходимига шарт қўйдим. У рози бўлди ва хулосани ёзиб бердим. Бир неча кундан сўнг Самарқанд шаҳрининг Сиёб тумани прокурори қўнғироқ қилиб, идорасига таклиф этди.
–Ёзган хулосангизни Ҳаёт Неъмат ўқиб, “Хўжаев тожик тилини тушунмайди. Шунинг учун шеърларимнинг мазмунини англамабди”, дея эътироз билдирди, – деди прокурор.
Хулосамиз сир тутилиши ҳақидаги шартимиз бузилганидан ҳайратландим ва “Ҳаёт Неъмат тўғри айтибди. Биз берган хулосани инобатга олманг. Самарқанд Давлат университети тожик филологияси факультети профессор-ўқитувчилари, ўзбек филологияси факультетидан академик Ботирхон Валихўжаев ва тожик тилини мукаммал билувчи бошқа мутахассислардан иборат комиссия тузиб, уларнинг фикрини олинг. Фақат биз ёзган хулосани кўрсатманг”, деб маслаҳат бердим. Прокурор юқорида таъкидланган мутахассислардан иборат комиссия тузиб, хулосамизни ҳам уларга тутқазибди. Ўша гапимиздан кейин бир ҳафта ўтгач, тағин прокуратурага чақириб, комиссия хулосасини кўрсатишди. Мутахассислар камина берган хатни айнан кўчириб, прокуратурага топширишган экан.
–Ҳаёт Неъматнинг устидан жиноий иш қўзғаб, ҳибсга олиш учун асос бор, – деди ҳуқуқ ҳимоячиси.
–Очлик эълон қилиб, бир марта Самарқандда “миллий қаҳрамон” бўлган кишини қамасангиз, иккинчи марта “қаҳрамон”га айлантирасиз. Шоирнинг миллатчилик руҳидаги шеърларини ҳар бир кишига тушунтиролмайсиз. Уни ҳақиқат қурбони деб улуғлай бошлашади, – дея эътироз билдирдим.
–Ундай бўлса, шоирнинг айбини бўйнига қўйиб, номаъқулчилик қайта такрорланмайди, деган мазмунда тушунтириш хати оламан, – деди прокурор.
Шундан сўнг кўп ўтмай, Ҳаёт Неъмат ишхонамга қўнғироқ қилиб:
–Менга “Зарафшон” бош муҳаррири Фармон Тошевнинг телефон рақами керак”, – деди-да, ўзини таништирмади.
–Идорамиз телефон рақами давлат сири ҳисобланади, лекин уни топибсиз. Фармон Тошевнинг телефон рақамлари эса газетасида аниқ қилиб ёзилган ва минг-минг нусхада тарқатилади. Уни биздан сўрашингиз қизиқ, биродар шоир, тўғриси, камина билан гаплашмоқчилигингизни айтинг, – дедим.
–Сиздан хафаман, – гина қилди шоир.
Нусрат Раҳмат бетоб шоирни кўргани борганида, устимиздан арз қилибди. Биродаримизга узоқ умр, ижодий баркамоллик тилайман. У кишидан хафа эмасман. Миллати ғамини еган кишини улуғлайдилар…

92.

Айримлар осон келган шуҳрат осон кетишини билишмаса керак. Журналист Йўлдош Зокиров Москвадан қайтди. Газетамиз масъул котиби Самариддин Сирожиддинов муҳаррир Аҳмаджон Мухторовга мақола тутқазиб:
–Йўлдошвой Мария Биешудан (Мария Биешу – машҳур опера куйчиси, СССР халқ артисти, Социалистик меҳнат қаҳрамони, Ленин мукофоти совриндори.М.Х.) ажойиб интервью олиб келибди, – деди.
–Молдаванка Мария Биешуданми? – ажабланиб сўради Мухторов. – Жуда соддасиз-да, Самариддин ака, шунга ишондингизми? Йўлдошвойингиз – кўчирмачи. У енгил-елпи шуҳрат ортидан қувади.
–Йўғ-е, наҳотки? Интервьюни бермаймизми?
–Берамиз. Укамиз интервьюни Москванинг қайси бир газетасидан кўчирган. Буни исботлай олмайсиз.
Мухторов шундай деди-да, хонасига кириб кетди.
–Бу Аҳмаджон қизиқ-да, Йўлдошни кўчирмачилигини қаёқдан билади?! – Ҳайрат аралаш гапирди Сирожиддинов ва Мухторов қайтариб берган интервьюни узатди, – эртангги сонга жойлаштиринг.
Интервью “Ленин йўли”да босилди. Ўшанда иккаламиз ҳам муҳаррир гапига ишонмадик. Орадан уч йиллар ўтиб, камина вилоят партия комитетига ишга, Йўлдош Зокиров эса Советобод (ҳозирги Нуробод) туман газетаси муҳаррирининг ўринбосарлигига ўтиб кетдик. Партия комитетида оммавий ахборот воситалари сектори раҳбари бўлганлигим туфайли, вилоят ҳудудида чиқадиган барча газеталар нусхалари келтириларди. “Советобод тонги” газетасининг бир неча сонида Йўлдош Зокировнинг машҳур чўпон ҳақидаги очерки босилди. Ундаги воқеалар, тасвир усули жуда танишдек туйилаверди. Эринмай ўқиган киши очеркнинг Чингиз Айтматов қиссаси эканини англаши қийин эмас эди.
Сир очилди. Шундан кейин у касбдош ва вилоят газетаси таҳририятида бирга ишлаган киши сифатида, каминага орқа қилиб, вилоят партия комитетига келди. Айбини тан олди, “аҳмоқлик қилдим, жўра”, деб ўтинди ва вилоят партия комитети котиби Тельман Абдушукуров қабулига кириши учун ёрдам беришни сўради.
–Райком (Советобод туман партия комитети.М.Х.) мени партиядан ўчирмоқчи, Тельман Рустамовичдан шу масалада ёрдам беришини илтимос қилмоқчиман, – деди касбдошимиз, бечораларча.
Илтимосни эшитган Абдушукуров: “кирсин, кирсин”, деди, хуш кайфиятда. Масала осон кўчганидан қувонган Йўлдош:
–Хўжайинни настраенияси қандай? – деб сўради.
–Кайфияти зўр, – таскин бердим, ҳаяжонланаётган шеригимга.
Котиб қабулига бирга кирдик.
–Ты, случайно, не Айтматов? – кўзонагини қўлига олиб, дабдурустдан сўради Абдушукуров.
Йўлдош ерга қараб, сукут сақлади.
–Что, стыдно, да?
Ўзимни жуда ўнғайсиз сездим.
–Мне что нибудь сказать хотел? – сўроқни давом эттирди котиб.
–Нет, – деди шеригим.
–Тогда, убирайся от сюда! – хитоб қилди раҳбар.
Котиб қабулига кириб, атиги битта “нет” сўзини айтган Йўлдош партия сафидан чиқарилди.
Коммунистик партия тақиқланиб, ўрнига халқ демократик партияси ташкил қилингандан сўнг Зокиров шу партия Каттақўрғон туман кенгашининг газетасига муҳаррир бўлди. Газета А-3 бичимда, икки бетли бўлиб, вилоят босмахонасида минг нусхада чоп этиларди. Навбатдаги сонларидан бирини матбуотда давлат сирларини сақлаш инспекцияси назоратидан ўтказиш учун келтирди-да, уни топширишдан аввал:
–Жўрамсиз-а? – деди.
Фикрини қувватладим.
–Ундай бўлса, шу сонга эътироз билдирмайман, деб сўз беринг!
Цензура ва давлат сирларини сақлаш идораси олдига бундай шарт қўйиш жуда ғалати эди. Ортиқча гап бўлмаса, эътироз билдирмаймиз, дея ваъда бердим.
–Очиқ гапиринг, эътироз билдирасизми, йўқми? – қатъий жавоб берилишини талаб қилди.
–Қонун оммавий ахборот воситалари олдига қўйган талаблар бузилмаган бўлса, эътироз билдирилмайди.
–Қанақа талаблар?
“Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддаси талабларини санадим.
–Газетангизда Ўзбекистон Республикасининг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват қилиш, уруш, зўравонлик, терроризм, диний экстремизм ва шунга ўхшаш бошқа ғояларни тарғиб этиш билан боғлиқ масалалар ёзилмаган бўлса, босишга рухсат этилади.
–Гап битта, ҳа? Мана, ўқинг! – Газетани узатди.
Ойига бир марта чиқадиган газетанинг биринчи бетида аллақачон ўтиб кетган йиғилишлар ҳақидаги олди-қочди хабарлар берилган. Орқадаги бетда яхлит битта мақола босилганди. Унда Каттақўрғон туманида порахўрлик авж олган. Даромад берадиган ҳар бир лавозим сотилади. Туман ҳокими Аллаёр Худоёров – порахўр, деган гаплар ёзилган ва қайси лавозим учун қанча пул олиниши кўрсатилган. Бир саҳифалик мақола: “Порахўр Худоёровни туманга ҳоким қилиб қўйганлиги учун вилоят ҳокими Эркин Рўзиевни кўрарга кўзим йўқ”, деган гаплар билан якунланган эди.
Даъволар бирорта далил билан исботланмаган, қуруқ туҳмат эди.
–Сизни туҳматчи сифатида жазолашади, – огоҳлантирдим.
–Энди гапни кўпайтирманг, жўра! Ваъда бердингиз, – зарда билан сўз қотди Йўлдош.
–Дўстим, оддий милиция ходимини танқид қилиш давлат сири сифатида рўйхатимизга киритилган, сиз туман, вилоят ҳокимларига очиқчасига туҳмат қиляпсиз…
–Йигитмисиз? Ахир, мақолада конституциявий тузумни ағдараман, демаяпман-ку! Порахўрни порахўр дейдилар-да? – Зокиров ўдағайлади.
Унинг гапида жон борга ўхшарди. Мақола туҳматдан иборат бўлса-да, давлат сири билан алоқаси йўқ эди. Рухсат берилди, газета босилди. Тартибга кўра, босмахонадан унинг бир нусхаси идорамизга юбориларди. Газетанинг барча нусхалари Каттақўрғон туманига олиб кетилган. Орадан икки кун ўтгач, ишхонамизга ўша газетани сўраб келувчиларнинг сони, муболаға бўлса ҳам, мингдан ошди (газетанинг ўзи минг нусхада чиқарди). Одамларга ҳақиқат эмас, шов-шув керак. Нашр нусхасини кўпайтиришнинг бундай “усули”ни “обуначи топиб беринг”, дея ҳокимиятларга ялиниб юрган бош муҳаррирларга эслатгинг келади, баъзан.
Мазкур масалада камина Тошкентга – бош бошқармага чақирилиб, “суҳбат” ўтказилди. Йўлдош Зокиров суд қарори билан, туҳматчи сифатида, икки миллион сўм тўлайдиган бўлди.
Аҳмаджон Мухторовнинг неча йиллар аввал: “Йўлдошвойингиз – кўчирмачи. У енгил-елпи шуҳрат ортидан қувади”, дея зукколик билан айтган гапларини эслаб, тан бермасликнинг иложи йўқ эди.

93.

Танаси озод, хаёли “кишанланган” қул кўзлаган манзилини тополмайди. Коммунистлар иттифоқидан мустақил мамлакатга қолган мерос – цензура – ўша занжирбанд хаёл (фикр)нинг эшикоғаси эди. Айтадур ҳам, қайтадур ҳам қабилида ишловчи бу идорада оммавий ахборот воситаларида берилиши тақиқланган мавзулар, номлар рўйхати вақт-вақти билан тўлғазилиб туриларди. Мазкур тизимга Тошкентдан туриб раҳнамолик қилувчи Эркин Комилов қора рўйхатга киритиладиган мавзуни телефон орқали айтарди. Кунларнинг бирида қўнғироқ қилиб: “Чингиз Айтматов, Шерали Жўраев”, деди. Жўраев тўй-маъракада нохос бирор сўз айтиб юборган бўлиши мумкин, аммо Айтматовни нима жин урди экан деган хаёл билан, у номларни такрорладим. Комилов “ҳа”, деди-ю, гўшакни қўйди. Бу – Чингиз Айтматов билан Шерали Жўраев ҳақида оммавий ахборот воситаларида ҳеч нарса берилмасин, дейилгани эди.
Аксига олгандек, шу гапдан кейин “Даракчи” муҳаррири Анвар Намозов Тошкентдан қўнғироқ қилиб (газета Тошкенда тайёрланса-да, Самарқандда рўйхатга олинганлиги сабабли, цензура назоратидан ҳам шу ерда ўтарди), “Шерали Жўраев ҳақида бир мақола бор эди, берсак бўладими?” деди. Хонанда номи қора рўйхатга тушганлигини билдирмасдан, бир оз сабр қилинг, дедим. Орадан икки ҳафталар ўтгач, Эркин Комилов телефон орқали:
–Нега Шерали Жўраев ҳақидаги мақолани босишга рухсат бермадингиз? –деди.
Топшириқ ўзидан чиққанлигини эслатдим. Ўйланиб турди-да:
–Бўпти, бўпти, тезроқ чиқаринг! – буюрди.
Цензурадан ҳам “зўр” борлиги билиниб турарди. Айтадур ҳам, қайтадур ҳам, дегани шу. Бахтимизга, цензура расман тақиқлангунча (2002 йилнинг майигача) Чингиз Айтматов ҳақида бирорта оммавий ахборот воситаси мақола бермади ва биз қўлимизни “булғамадик”.
Ўшанда “Даракчи” Шерали Жўраев ҳақида навбатдаги чиқишларни бошлаб берган эди. Индаллосини айтганда, оддий аскар ёки милиция сержантини оммавий ахборот воситасида танқид қилиш ман этилган шароитда туман ва вилоят ҳокимларининг, чумчуқнинг қулоғидек газетада, “порахўр, кўрарга кўзим йўқ”, деб танқид қилиниши цензура ичидан “маддалаган”лигини кўрсатарди.
Университетда чорак аср Ғарб тарихидан воизлик қилган Тошпўлат Раҳматуллаевнинг “Самарқанд” газетасига бош муҳаррир қилиб тайинлангани етук журналистликка даъвогарларнинг кулгисини қистатди. Улар “тарихчи даврамизга адашиб кирди,тезда чиқиб кетади”, деб ўйлашди. У эса даврани тарк этиш ўрнига, йигирма йилдан буён “устоз”ларга ақл ўргатади.Ўшанда чиқарган газетаси айримлар учун ола-бўжига айланганди. Раҳматуллаев газетасининг навбатдаги сонларидан бирини назоратдан ўтказиш учун келтирди-да:
–Бизга шу дахмаза цензура керакми? – деди.
–Керак эмас.
Бундай жавобни кутмаганиданми, ишонгиси келмади.
–Шу ҳақда ёзсам, чоп этгани қўймайсизлар-да! – шубҳа аралаш сўради.
–Нега қўймаймиз? Ўшанақа ботир журналистни кутиб юрибмиз, – киноя қилдим.
Газетасининг навбатдаги сонида “Бизга цензура керакми?” сарлавҳали мақолани жойлаштириб, келтирди. Уни босишга рухсат бердик. Мақолани Республиканинг цензура назоратидан ўтмайдиган ягона газетаси – “Ҳуррият” кўчириб босди (1997 йилда).
Каминани бу масалада ҳам Тошкентга чақириб, “қайси томонда”лигимизни суриштиришди. Вилоят ҳокимлиги ва Республика агентлигидаги айрим раҳбарлар эса биздан қандай қутилишни билишмасди.
Шундай кунлардан бирида вилоят ҳокимлигининг матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи қўл остида ишлайдиганларга таништириладиган бўлди. Йиғилишда вилоят ҳокимининг ўринбосаи Илҳом Рашидов сўз олди. Матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғлигига Маҳмуд Эралиев тасдиқланганлигини айтиб, тасарруфидаги барча соҳалар ишини таҳлил қилди. “Ёмон” ишлаётганлар номини бир-бир санади. Инспекциямиз ҳам улар қаторида тилга олинди. Ваҳоланки, ҳоким ўринбосари ва, умуман, ҳокимият давлат сирини қўриқловчи инспекция фаолиятига аралашмасди, табиийки, ишимиз тартибини билишмасди ҳам. Лекин “ёмон” ишлаётганимизни айтди. Кўпга келган “тўй” деб эътибор бермадик. Раҳбар маърузаси сўнгида:
– Матбуот ва бошқа оммавий ахборот воситаларида давлат сирларини сақлаш инспекцияси раҳбари (яъни, камина. М.Х.) бир газетанинг рўйхатдан ўтмасдан чоп этилишига рухсат берди. Биз унинг ишини прокуратурага топширишимиз мумкин эди, аммо раҳм қилдик, – деди.
Аслида бундай бўлмаган эди. Рашидов тилга олган газета, бошқа оммавий ахборот воситалари сингари, расман рўйхатга олиниб, рухсатнома берилганди. Шунинг учун:
–У газета рўйхатга олинган, – дедим.
–Газета чиқдими, йўқми? – савол берди у.
–Газета чиқди, лекин сиз айтгандек, лицензиясиз эмас.
–Хўш, газета чиқдими? – шу гапга ёпишиб олди.
–Сиз гапни ё тушунмаяпсиз ёки тушунишни истамаяпсиз, газета лицензия асосида чиқди. Яна қизиғи шундаки, вилоят бўйича рўйхатга олинган оммавий ахборот воситаларидан бирортасининг ҳужжатлари нусхасини олмасдан, сиз айтган, шу газета ҳужжатлари нусхасини олиб қўйганмиз. Бунинг устига, ўша газета муассисларини сиздан оғзаки рухсат олишга ҳам юборганмиз. Ўзингиз розилик ҳам бергансиз, – дедим.
Кўпчилик олдида айтилган бу гапдан ҳоким ўринбосари тутақиб кетди. Бошқарманинг янги раҳбари Маҳмуд Эралиевга қараб:
–Бу одамни ишдан ҳайданг! – деб буйруқ берди.
Йиғилиш тугагач, янги раҳбаримизни табриклагани хонасига бордим. Эшикни очиб:
–Мумкинми? – дедим.
Жойида айланадиган ўриндиққа талтайиб ўтирган Эралиев қия боқиб:
–Келинг, жаноб Хўжаев, – деди беписандлик билан.
–Сизни табриклагани келдим, бу – биринчиси…
–Раҳмат, иккинчиси нима?
–Иккинчиси, тил топишиб ишламоқчи бўлсангиз, биз билан гаплашганда оҳангни ўзгартирасиз, – кесатдим.
–Ўзгартирмасам-чи?
–Тўнимиз тескари ўгирилса, ўнглаб олишга қийналасиз.
–Ух, ти… – Эралиев ўриндиқда қоматини ростлади.
Изимга қайтаётганимда:
–Сиз тайёрланинг, яқинда коллегияда ҳисоботингизни эшитамиз, – деди, қўрқитмоқчи бўлиб.
–Унда, аввал, бизнинг қўлимиздаги ҳужжатларни кўриш учун миллий хавфсизлик хизматидан рухсат оласиз. Мабодо, ишимиздан бирон нарсани англаб ололсангиз, уни фақат иккаламиз муҳокама этамиз. Коллегиянгизда давлат сирлари тўғрисида ҳисобот беролмайман, – дедим.
–Буни ҳал қиламиз, ҳамманинг олдида ҳисобот берасиз.
Энсам қотди.
–Бу масалани, ҳали-ку сиз, раисингиз Рустам Шоғуломов ҳам ҳал қилолмайди. Бунинг учун “Давлат сирлари тўғрисида”ги қонунга, фаолиятимизни тартибга солувчи Низомга ўзгартиришлар киритиш керак бўлади.
–У ёғи бизни проблема…,– сўзида туриб олди хўжайин.
Айтганларининг уддасидан чиқолмагач, Тошкентдан Эркин Комиловни Самарқандга таклиф қилди. Раҳбар бизни яраштирмоқчи бўлди.
–Мен бу одам билан ишлашни истамайман! – зарда билан деди Эралиев.
Бу гапга кулдим.
–Ана, кўрдингизми, Эркин Саломович, – устимдан кулади, – арз қилди бошлиғимиз.
–Кулгили гап айтдингиз-да, сиз мен билан ишлашни истамаганингиз билан, мен кетишни хоҳламайман-ку, – тағин жиғига тегдим. – Умуман, Эралиев ёмон одам эмас, фақат у икки ўт орасида қолган, – гапни давом эттирдим. – Вилоят ҳокимининг ўринбосари кўпчилик олдида жуда қийин вазифа топширди – мени ишдан бўшатиши керак. Шуни қандай уддалашни билолмай оввора. Ҳозир сизни Илҳом Рашидовнинг олдига олиб боради…
–Илҳом Ваҳобовични бу гаплардан мутлақо хабарлари йўқ. Ўзим бу кишини ишдан ҳайдамоқчиман, сизни келишингизни ҳам Рашидов билмайдилар, – ҳаяжон билан деди Эралиев.
Шу аснода телефони жиринглади. У гўшакни олиб, ўрнидан ирғиб турди:
–Ассалому алайкум, Илҳом Ваҳобович! –Ҳа, ҳа, Эркин Саломович келдилар, ҳозир олдингизга борамиз…,– ҳовлиқиб гапирди.
Бу ҳолатда фақат муте сирини ошкор қилиши мумкин. Эралиев меҳмон олдида ҳозир айтган гапи ёлғонлигини ўз тили билан ошкор қилди ва ранги ўзгармади. Кимгадир бу ёлғонга ўхшар, лекин Илҳом Рашидов ҳам, Маҳмуд Эралиев ҳам, узоқ умр кўришсин, бу гапларни ўқишса, балки энди уялишар? Қолаверса, Эркин Комилов бунга гувоҳ.
Раҳбарларим Илҳом Рашидов олдига маслаҳатлашгани кетишди.

94.

Бир авбошни афв этиш шунча бўлар-да. Сиёсатни қўлламоқ вазифасини оқ қилиб, “Вовайло, мени жазоламоқчилар, дея алоло айтмоқ – аввал мушт кўтариб, сўнг арз этгандек…”.
Алқисса, Комилов вилоят ҳокими ўринбосари қабулидан авзойи бузуқ келди.
–Ишингизни текшираман, – деди, иддао билан.
Астойдил изласа ҳам нуқс тополмади. Китоб жавонини титкилади. Ўн йиллар аввал Москвада чиққан “Коммунист” журналига кўзи тушди.
–Аҳ-ҳа-а, шунақа журналлар ўқийсизларми ҳали!? – деб қувонди.
Топилган “айб” шу бўлди. Вилоятдаги раҳбарларимиз марказдан келган хўжамизга кўп илтифотлар қилдилар. Комилов кетиш олдидан:
–Текширув натижаси ҳақидаги справкани секретни почта орқали оласизлар, –дея огоҳлантирди.
Орадан бир ой ўтди. “Секретни почта” Комилов хулосасини келтирмади. Самарқадлик раҳнамомиз эса безовта эди. Охири чидай олмай, жамоа орасида гап тарқатди. Эмишки, Республика матбуот ва ахборот агентлиги бош директори Рустам Шоғуломов Самарқанд вилоят инспекцияси ишидан жуда норози экан. Шу масалада бошқарма бошлиғи Эралиевни Тошкентга чақирибди.
Бошлиқ қайтиб келгач, каминани хонасига таклиф қилди.
–Ассалому алайкум, – деди хуш кайфиятда. – Шоғуломов ишингиз бўйича чақирган экан, бориб келдим.
Кўнгилсизликлар барҳам топибди-да, деган хаёлга бордим.
–Шоғуломов сиздан жуда хафа, – гапини давом эттирди раҳбар, – ишдан статья билан ҳайда, деди. – Шунча йилдан буён салом-аликмиз, қандай қилиб сизни статья билан бўшатаман? Яхшиси, ўзингиз ариза ёзинг, ака.
Комилов билан Эралиев учун биздан қутилишнинг бошқа йўли йўқ эди.
–Ҳимматингиз керак эмас, Шоғуломов айтгандек, буйруқ чиқаринг, вассалом. Туман судига ариза ёзаман, ишимга қайта тикланиб, маънавий зиённи чўнтагингиздан ундиртираман, – кескин жавоб бердим.
Ўрнимдан тураётганимда телефон рақамларини тера бошлади, у томондан жавоб берилгач:
–Эркин Саломович, бу ариза ёзмайман, деяпти, ўзингиз гаплашасизми? – деди, ҳаяжон билан.
Шеригининг сўзлашгиси келмади шекилли, телефонга чақирмади. Хонамга кириб, Шоғуломовга қўнғироқ қилдим ва “статья” билан ҳайдалишимнинг сабабини сўрадим.
–Бу гапни ким айтди? – Ажабланди раҳбар.
–Эралиев.
–У эсини ебдими? Биринчидан, сиз ҳақингизда нима гап борлигидан бехабарман, иккинчидан, билар-билмас буйруқ берадиган аҳмоқ эмасман. Ўн дақиқалардан сўнг қайта қўнғироқ қилинг, нималигини айтаман, – дея гўшакни қўйди.
Шу аснода вилоят ҳокими Алишер Мардиевнинг ўзи кўтарадиган учта рақамли телефонига қўнғироқ қилдим.
–Тинчликми? – сўради ҳоким, ажабланиб.
–Ҳоким бўлганингиздан буён табриклай олмай юргандим, табриклагим келди, – ҳазиллашдим.
–Кечроқ киринг, бафуржа гаплашамиз, – деди.
Кирганимда:
–Нима гап? – дея қизиқди раҳбар. – Тошкентда айтганларингиз ростми?
(Илгариги қисмлардан бирида телерадио компания раислигидан бўшаганимдан кейин, кўчада тасодифан Алишер Мардиев билан учрашиб қолганлигимиз (у пайтда Мардиев адлия вазири эди) ва ишдан бўшашимга, маълум маънода, у кишининг ҳам “ҳиссаси” борлиги (вилоятнинг ўша пайтдаги ҳокими Пўлат Абдураҳмонов “Мардиев вилоят ҳокимлигини оламан деб гуруҳ тўплаб юрибди, сиз ўшалар орасида эмишсиз” дегани ва ҳоказолар)ни айтганим тўғрисида ёзган эдим. Мардиев ҳозир ўша гапни сўраётган эди).
–Абдураҳмоновнинг у гапини ўшанда Ҳабиб Темиров (Ҳ.Темиров ҳокимлик ташкилий бўлими мудири. М.Х.)га айтганман, чақириб сўрашингиз мумкин, – аниқлик киритдим…
Эралиев ва Шоғуломов билан бўлган гапларни тушунтиргандим, ёрдамчисини чақириб, русча гапирди (ёрдамчи карис (кореец) эди):
–Этому дураку – Эралиеву скажи, что пока я хоким, Ходжаев будет работать начальником цензуры!
Темировнинг айтишича, вилоят ҳокими: “бу киши беҳуда азият чекибди, дурустроқ иш топинг”, деган эмиш. “Дурустроқ” ишга боришни эса истамадим. Эртаси эрталаб Эралиев тағин чақирди.
–Ассалому алайкум, – деди ҳеч гап бўлмагандек, – ўтган гапга салавот, ака, қўлни беринг, энди бирга ишлашамиз.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари Илҳом Рашидов эса Эралиевга: “Бу одамни ишдан ҳайданг!” деб берган буйруғидан кейин икки ой ўтгач, вазифасидан бўшатилди. Шундан кейин Алишер Мардиев ҳам лавозимидан олинди.
Меҳнат таътилига чиқиш учун ариза ёздим. Котиба:
–Маҳмуд Усанович аризангизга имзо чекмадилар, ўзингиз ҳузурларига киринг, – деди.
Кирдим. Бошлиқ тағин, илгаригидек, қовоқ-димоғ билан гапирди.
–Сиз билан ишлаб бўлмаяпти, фаолиятингизни текширтираман. Шунинг учун отпускага кетмай турасиз, – дағдаға қилди.
Ваҳоланки, шу пайтгача ишимиздан камчилик топилмаган ва Эралиев билан орамизда келишмовчилик ҳам йўққа ўхшарди.
–Мардиев ишдан кетди, энди бундан қутилсам бўлади, деб ўйлабсиз-да, – дабдурустдан луқма ташладим. – Афсуски, яна хато қилдингиз. Мободо раҳбарни таянч деб билсангиз, вилоятнинг янги ҳокими – Эркин Рўзиев билан олий партия мактабида бирга ўқиганмиз. Энди ўзларига қийин бўлди! – Бу гал камина пўписага ўтдим.
Эралиевнинг қути учди.
–Ака, қўлни беринг, ўтган гапга салавот, энди бирга ишлашамиз…

95.

СТВ (Самарқанд телевидениеси) хусусий телевидениеси асосчиси – Фирдавс Абдухолиқов «Даракчи» газетасини ташкил қилди. Йигирманчи аср тўқсонинчи йилларининг ўрталарида Самарқандда «Шанс» деган ягона реклама рўзномаси рус тилида чиқарди ва анча тилга тушган эди. «Даракчи» рус ҳамда ўзбек тилларидаги иккинчи реклама ва кўнгилочар газета бўлди. Ишхонамизга Вагиф Ҳамидов деган киши келиб, «Шанс»нинг асосчиси бўламан», дея таништирди ўзини. Талмовсираб турди-да:
–«Шанс»га редактор излаяпман, – деди.
–Ҳозиргиси -чи? – сўрадим.
–Ҳозиргиси бўлмайди. Бирор кишини тавсия қилолмайсизми?
Таниш русзабон журналистлардан уч-тўрт кишининг номини тилга олдим.
–Йўқ, улар тўғри келмайди.
–Бошқа тавсия қиладиганим йўқ.
–Менга маъқул бўладиган киши бор-у…, – деди-да, ўйланиб турди.
–Унда сўраб нима қиласиз? – ажабландим, – ўшани тайинланг-да.
–Рози бўладими, йўқми, билмайман.
–Демак, ишингиз менсиз бажарилар экан, – дея гапни қисқа қилмоқчи бўлдим.
–Йўқ, ака, сизсиз ҳал бўлмайди…
Ҳамидовнинг илмоқли гаплари жиғимга тегди ва:
–Очиқроқ гапиринг, – дедим.
–Очиғини айтсам, у редактор – сиз, – деди.
–Нега айнан мен бўлишим керак? Қолаверса, инспекция бошлиғи сифатида муҳаррирлик қилолмайман. Умуман, мени сизга ким тавсия этди?
–Биласизми, ака, менга редактор эмас, «Даракчи» газетаси редактори билан баҳслаша оладиган қайсар одам керак. Вилоят босмахонасининг директори Гулсара Нурматова сизни тавсия қилди.
– «Даракчи» газетаси билан нега баҳслашишингиз керак?
–Улар Москва ва Тошкент телевидениелари дастурларини Республика бўйича тарқатиш ҳуқуқини олишган. Менинг газетам «Даракчи»га рақобатчи бўлганлиги сабабли, дастурларни бизга беришмаяпти. Теледастурларсиз газетамни ҳеч ким олмайди. Шу масалани ҳал қиладиган одам излаяпман.
Ҳамидов мўлтираб турарди. Камина эса уни бу ночор аҳволдан чиқариш ҳақида ўйлай бошладим. Хаёлимга бир фикр келди-да:
–Вилоят матбуот ва бошқа оммавий ахборот воситаларида давлат сирларини сақлаш инспекцияси бошлиғи сифатида газетангизга муҳаррир деб фамилиямни қўйишга розилик беролмайман. Фақат отамнинг исмларини фамилия қилиб, “Умаров” деб ёзишга рози бўлсангиз, бу муаммонгизни ҳал қиламиз, – дея ваъда бердим.
У рози бўлди.
–Ўртоқ муҳаррир, газетанинг навбатдаги сони учун теледастурларни қаердан оламиз? – ҳазилу чин аралаш гап қотди.
Рақобатчидан дастурларни сўрашнинг ҳожати йўқ эди.
–Душанбе шаҳрида танишингиз борми? – сўрадим.
–Бор.
–Телефон орқали ўша танишдан Москва телевидениелари дастурларини топиб, факс орқали юборишини илтимос қилинг. Тошкент телевидениеси дастурларини телерадио компаниядаги танишларим орқали топдираман, – дедим.
Шу тариқа теледастурларни «Даракчи» таҳририятидан олмасдан, рақобатчилардан аввал, «Шанс»га берадиган бўлдик. Газетани Ҳамидовнинг ўзи тайёрлайдиган, унда фақат фамилиям қўйилиши ва масъулиятни бўйнимга олишга келишдик.
Газета босилган кун инспекциямиз ходими Мардон Маҳмудов «Шанс»га муҳаррир бўлганлигим билан табриклади. Бу гаплардан унинг хабари йўқ эди ва «Умаров» мен эканлигимни ҳам билмасди. Ҳайратландим, буни қандай билганлигини сўрадим.
–Газетада «муҳаррир Хўжаев» деб ёзилган-ку, – у ҳам ажабланди.
Вагиф Ҳамидов келишувимизни бузиб, фамилиямни газетага қўйиб юборган. Ундан ўксиндим, муҳаррирлик қилишга рози эмаслигимни айтдим. Ҳамидов ёлвора бошлади.
–Бугун «Даракчи»дан Баҳодир Қудратов келиб, дастурларни биздан ўғирлагансизлар, деб даъво қилди. Уни сизга жўнатдим, – деди.
Бировга яхшилик қиламан деб, ғалати ҳолатга тушган эдим. Қудратов келди:
–Ака, деди у босиқлик билан, – мен ҳам, Фирдавс Абдухолиқов ҳам сизни ҳурмат қиламиз. Лекин «Шанс» муҳаррирлигини олиб, яхши қилмабсиз. Биз билан ўчакишманг. Бунинг устига, дастурларни биздан ўғирлабсизлар…
–Дастурларни ўғирламасликлари учун яхшироқ яшириш керак-да, – киноя қилдим. – Уларни ҳар қанча яширманг, топамиз ва сиздан аввал газетага бераверамиз. Шунинг учун сиз биз билан ўчакишманг.
«Шанс»нинг навбатдаги сонида муҳаррир «Умаров» деб берилди. Ҳамидов эса нохуш хабар билан келди. Кечаси идорасига ўғри тушиб, нарсаларини ағдар-тўнтар қилган, компьютерларини олиб кетган. Шундан кейин газетасининг учинчи сони чиқди. Ҳамидов тўртинчи сонни тайёрлашдан бош тортди. Унинг ранги-қути учган эди.
–Кеча қоронғида олдимни бир неча йигитлар тўсди. «Жить надоело?» деб сўрашди. Ҳаётим газетамдан қиммат туради, ака, – деди.
Шу тариқа «Шанс» ёпилди. Камина унинг уч сонига муҳаррир деган ном билан «тарих»да қолдим. Ҳамидовни ўшанда ким қўрқитганини ҳалигача билмаймиз.
Ҳар қанча бағрикенг бўлманг, хом сут билан танангизга кирган алам туйғуси кўксингизни тимдалайверади. Вилоят ҳокимлигида журналистлар билан уюштирилган йиғилишлардан бирида Тошпўлат Раҳматуллаев сўзга чиқиб, «Даракчи» газетаси ҳақида салбий фикр айтди. Ундан кейин камина сўз олдим.
–«Даракчи»симон газеталар «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги қонунни қўпол тазда бузиб, Россиянинг «Аргументы и факты», «Труд-7», «Известия», «Совершенно секретно» сингари газеталаридан турли олди-қочди мақолаларни кўчириб босишяпти, мақола олинган манбани кўрсатишмаяпти, – дедим.
«Даракчи»нинг йиғилишда қатнашаётган мутасаддиларидан яна бири Баҳодир Шаропов турди:
–Тилим бор деб, билар-билмас, гапираверасизми, газетанинг охирги бетида «Барча ҳуқуқлар ҳимояланган» деб ёзилган-ку! – дея эътироз билдирди.
Бу дашном маддалаб турган аламга туз сепгандек бўлди. Гап шундаки, бундан икки ойлар муқаддам Тошпўлат Раҳматуллаев, Ўктам Ниёзов ва камина Москвага бориб, номлари юқорида тилган олинган «Аргументы и факты», «Труд-7», «Известия» ва бошқа газеталар таҳририятлари ходимлари билан учрашган эдик. Ўша суҳбатлар асносида мазкур газеталар раҳбарлари мақолаларини сўроқсиз босаётган «Даракчи» билан, улар номидан, судлашиш ваколатини беришди. Баҳодир Шаропповнинг таънасидан сўнг шу гапни айтдим ва:
–Шу кундан бошлаб Москва газеталаридан кўчириб босаётган мақолалари учун уларнинг розилигини билдирадиган ҳужжат кўрсатилмагунича «Даракчи» ҳафтаномасини чиқаришга рухсат берилмайди, – дедим.
Бу инспекциямиз ваколатига кирмайдиган иш эди. Негаки, идорамиз «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги қонун ижросини таъминлаш билан шуғулланмасди. Бошқача айтганда, бу дағдаға ўзимизга ортиқча ваколат олиш эди. Аммо буни ўшанда ҳеч ким англамади – цензура зиммасига шу вазифа ҳам юклатилган деб ўйлашди.
Йиғилишдан сўнг «Даракчи»нинг навбатдаги сони келтирилди. Бироқ, биз талаб қилган ҳужжатлар йўқ эди. Газетани босишга рухсат бермадик. Кечқурун Баҳодир Шаропов уйга қўнғироқ қилди.
–Акажон, яхши-ёмон бўлиб юрмайлик, газетани босишга рухсат беринг, –деди.
Ҳужжат тақдим этасиз, деб туриб олганимдан сўнг:
–Газетанинг чиқмай қолиши қанақа сиёсий гап бўлишини биласизми? – Шаропов масалага сиёсий тус бермоқчи бўлди.
Бу гаплардан натижа чиқмагач,:
–Шу сонга рухсат беринг, кейингилари масаласини юқоридагилар билан келишамиз, – деди у илтимос оҳангида.
Бу сонга рухсат берилди. Бир ҳафтадан сўнг навбатдаги сони масаласида ҳам ўша гаплар такрорланди. Бечора Шаропов қонунларни титкилаб, ҳуқуқини билиб олиш ўрнига, гоҳ дағдаға қиларди, гоҳ ялинарди. Тағин илтимос билан рухсат олди. Учинчи мартасида:
–Сиз бизни ишлагани қўймаяпсиз, энди Республика Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори Рустам Шоғуломовга Фирдавс Абдухолиқовнинг ўзи мурожаат этиб, муаммони ечади, бу ҳафта ҳам розилик беринг, – деди.
Тўртинчи ҳафтада Баҳодир Шаропов тағин кечаси уйга қўнғироқ қилиб, масаламиз Шоғуломов билан ҳам ечилмади. Энди Москвага вакил жўнатдик. Сиз айтган газеталар таҳририятлари билан шартнома тузиб келади. Ҳозирча рухсат беринг, – деди.
Навбатдаги ҳафтада Шаропов мутлақо бошқача оҳангда гапирди:
–Акажон, ишимиз Москвада ҳам чигаллашди. Улар розилик беришмади. Фирдавс Абдухолиқов (Ф.Абдухолиқов ўшанда Республика президенти девонининг масъул ходими эди. М.Х.)нинг гапини сизга етказмоқчиман. У киши (мақтовга эътибор беринг): «Даракчи»нинг босилиши учун Тошкентда Шоғуломов рухсат берса-ю, Самарқандда Хўжаев рози бўлмаса, газета чиқмайди. Шунинг учун менинг номимдан илтимос қилинг. «Даракчи» газетасига ака бир кўзини юмиб қарасин», дедилар.
Бу гапларнинг қанчалик тўғри ёки ёлғонлиги Баҳодир Шароповнинг виждони ва сўзамоллигига ҳавола, албатта. Аммо инсон табиатидаги мақтовга ўчлик «Даракчи»га нисбатан каминанинг бир кўзини эмас, икки қўзини ҳам «юмиб» қўйганди.
Республика миқёсида «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги қонун талабларини ҳаётга татбиқ этиш, яъни, муаллифлик ҳуқуқи ҳимояси билан шуғулланувчи муассасалар ходимларининг кўзлари эса ҳамиша юмуққа ўхшайди.

96.

Республика Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти бўлим бошлиғи Миравзал Миракуловнинг Республика Адлия вазирлиги, Бош прокуратураси, Конституциявий суди, Олий суди, Олий хўжалик суди муассислигида чиқадиган «Ҳуқуқ ва бурч» журналининг 2014 йил 5-сонида босилган «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви» сарлавҳали мақоласи камина ҳикояти йўсинини буриб юборди. «Ҳодарвеш…»нинг 85,86-пораларида мамлакатда бир-бирига бўйсунмайдиган уч мустақил ҳокимият фаолият кўрсатиши лозимлиги Конституцияда қайд этилгани аммо бош қомусда ҳам, амалда ҳам бу тамойил бузилаётгани ҳақида Республика Конституциявий судига ёзган хатимиз, унга олган жавобимиз тўғрисида ҳикоя қилинган эди.
Шундан кейин Республика Президенти таклифи билан давлат ҳокимиятининг уч бўғини фаолиятини мувозанатга келтириш тўғрисидаги масала Олий Мажлис палаталарида муҳокама қилиниб, Конституцияга ўзгартиришлар киритилди. Бу ҳақда ҳам битган эдик. Мамлакатнинг барча оммавий ахборот воситаларида илмий даражаси жуда баланд ҳуқуқшунослар, сиёсатчилар Конституциямиздаги бундай камчиликнинг тузатилгани жуда асосли эканини бот-бот таъкидладилар. Ваҳоланки, жичча бурун Конституциявий судга ёзган хатимизга шу суднинг судьяси Г.Пиржанов: «Сизнинг мурожаатингиз юзасидан Конституциявий суд мажлисида кўриб чиқиш учун судьялар ташаббуси билан масала киритишга асос топилмаганлигини маълум қиламиз», дея жавоб ёзган эди.
Асос борлиги кўрга ҳассадек маълумлигини билганимиз сабабли, кулиб қўя қолдик. Президент ҳузуридаги мониторинг институти бўлим бошлиғи Миравзал Миракулов эса бу хусусда «Ҳуқуқ ва бурч» журналида фикр ёзиб, тағин кулгимизга ва мавзуга қайтишимизга сабаб бўлди. Муаллиф бундай дейди: «…давлат ҳокимиятининг учта субъекти, яъни давлат бошлиғи бўлган Президент, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлар ўртасидаги ваколатларнинг янада мутаносиб тақсимланишини таъминлаш учун зарур шарт-шароитлар юзага келмоқда».
Бу гапда суд ҳокимияти тилга олинмаган-да, ўрнига “Президент” ҳокимияти деб таъкидланган. Валлоҳи аълам! Президент ҳузуридаги мониторинг институти бўлим бошлиғи Конституцияда қайд этилган давлат ҳокимияти уч бўғини – қонун чиқарувчи (муаллиф айтганидек, Президент эмас), ижро этувчи ва суд ҳокимиятилигини билмас экан, деса ишонармидингиз? Бунинг устига «Ҳуқуқ ва бурч» журнали мақонанинг айнан шу бўлагини, иқтибос тариқасида, алоҳида жойга қўйиб, мана, буни кўринглар, дегандек, бошқа рангда босган.
Ё-ё-ё, дарвеш! Бу ғалвага бош суқиб нетардинг? Ахир давлат ҳокимиятини бўлиш тўғрисидаги ғоялар бугуннинг гапи эмас-ку. Деярли икки ярим минг йил аввал Афлотун, Арасту, Полибий, улардан кейинроқ Жон Локк, Шарл Монтескье ва бошқалар қанча битиклар қолдиришган-ку, ахир. Замонавий демократияга асос қилиб олинган ҳокимият тармоқлари бўлиниши тамойилини дунёдаги кўплаб давлатлар, жумладан, Ўзбекистон ҳам, қабул қилган.
М. Миракуловнинг мақоласини ўқиб, Ж.Локкнинг: «…масалан, ҳуқуқий монархия давлатида зодагонлардан иборат парламент – қонун чиқарувчи, қирол – олий ижро этувчи ҳокимиятлар бўлиши, суд ҳокимиятини эса зодагонлар ва демократик қатлам вакиллари ўртасида тенг бўлиш мумкин», деган фикри ёдга тушди.
«Ҳуқуқ ва бурч» журналидаги мақола муаллифи балки чалғиб, ҳокимиятлар бўлиниши назариясини инсоният тарихида биринчи марта амалда қўллаган Америка Бирлашган Давлатлари Конституциясидаги ҳолатни мисол келтиргандир.Унда Конгесс – қонун чиқарувчи, Президент – ижро этувчи ва суд ҳокимиятлари қайд этилган.
Ўзбекистон Конституциясида эса: «қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти» амал қилиши таъкидланган. Ҳурматли биродаримиз мамлакатимиздаги уч ҳокимият тармоғидан бири «давлат бошлиғи бўлган Президент», деб ёзганда Конституция талабини ё билмаган ёки эсдан чиқарган.
Киши хато қилиши мумкин. Бироқ нуфузли ижтимоий-ҳуқуқий журнал таҳрир кенгаши ва таҳрир ҳайъати рўйхатига назар ташлаб, ёқангни ушлайсан. Демак бу фақат Миравзал Миракуловнинг хатоси эмас. Журнал таҳрир кенгаши таркибига эътибор беринг: Ниғматилла Йўлдошев, Рашитжон Қодиров, Бахтиёр Мирбобоев, Бўритош Мустафоев, Козимджан Камилов; таҳрир ҳайъати: Қўчқор Тоғаев, Узоқ Бозоров, Собиржон Холбаев, Светлана Ортиқова, Улуғбек Муҳаммадиев, Гулноза Раҳимова, Алижон Очилов.
Номлари юқорида келтирилган кишилар, одатда, таҳририятлар тажрибасида учраганидек, мазкур мақолани босишдан олдин кўрмаган бўлишлари мумкин. Бироқ бу нуфузли ва Республикада катта ҳурматга лойиқ кишиларни масъулиятдан озод қилолмайди.
Камина демократия ундоқ бўлиши керак, ҳокимият бундоқ бўлиниши лозим, дея тоғдан лоф урганда, боғдан унинг тескариси эшитилса, алам-о!
Икки оғиз тағин демократиямиз хусусида. Баъзи сиёсатшунослар Ўзбекистонда Президент, давлат раҳбари сифатида, ҳокимиятнинг барча тармоқларини ўз қўлига олган, деб ёзишади.
Аслида, “президент” сўзи лотинчада «олдинда ўтирувчи» маъносини англатади, яъни пешво сифатида давлатнинг уч ҳокимияти фаолиятини мувофиқлаштириб бориш унинг вазифаси. Лекин мухолифатдаги биродарлар «бу ҳолатда президент ижроия ҳокимиятни ҳам бошқаради, демак демократия ҳақида гап бўлиши мумкин эмас», деб даъво қиладилар.
Энди юқорида таъкидланган гап: Америка Бирлашган Давлатлари Конституциясида Президентнинг ижро этувчи ҳокимият эканига нима дейсиз?
Бу гапларни олдинроқ саҳифага бериб юбориш мумкин эди. «Ҳуқуқ ва бурч» журналининг 5-сони июнь ойида қўлимизга тушди ва ундаги мақолани ўқиб, ўйланиб қолдик. Негаки, 27 июнь – оммавий ахборот воситалари ходимлари касб байрами куни эди. Хуш айём арафасида эса биров шаънига қаттиқ сўз айтилмайди…

97.

Эрк йўқолган жойда кун илтимос билан ўтади; ўша дамдаги заъфарон рангинг туси жамият «юзи»га уради. Илтимоси кўп қишлоқ аҳли – жоҳил, толеи паст келади.
Кенжамиз ўқийдиган университет ҳуқуқшунослик факультети раҳбарияти талабалар ота-оналарини йиғишди. Проректор Муслиҳиддин Муҳиддинов сўзга чиқиб, “Фарзандларинг дарслардан бўш вақтларида университетдаги тўгараклар машғулотларига келмасдан, турли оқимларга қўшилиб кетишяпти”, деди. Савол-жавоблар бўлди.
–Тиббий ва психологик талабларга кўра, бир чоракда ўқитилиши керак бўлган ўн икки фан ўрнига 18 та, яъни, меъёрдагидан 6 та фан ортиқ ўқитиляпти. Бу эса уларнинг руҳий ҳолатига, саломатлигига салбий таъсир қиляпти, – дедим.
–Савол тушунарли, – деди декан, – талабалар пахта теримида бўлган даврда фанлар ўтилмай қолгалиги учун шундай қилинган.
–Унда бошқа савол бор, – сўзимни давом эттирдим. – Пахта терими – ҳаммага келган “тўй”. Нега Тошкент олий ўқув юртлари талабалари теримга чиқарилмайди-ю, Самарқандликлар жалб этиладилар? Университет ректори Жўрақул Сатторов, Самарқанд олий ўқув юртлари ректорлари кенгашининг раиси сифатида, масалани ҳукум олдига қўйса бўлади-ку? Яқинда Республика президенти иштирок этган йиғилишда сўз олган ректор талабалар дарсларни қўйиб, далада пахта теришяпти, дейиш ўрнига, “…шаҳар ҳокимияти ҳалигача менга квартира берган эмас”, деб арз қилди. Ваҳоланки, ўша кунларда талабалар далада эдилар.
–Гапингиз тўғри, – деди проректор, – бу масалани биз Республика раҳбарияти олдига қўямиз.
Йиғилишда иштирок этаётган юздан ортиқ ота-онадан ақалли бир киши бу фикрни қувватламади-ю, учрашув тугаганидан сўнг каминани йигирмага яқин одам ўртага олишди. Давангирдай киши қўлимни қисиб:
–Маладес, жўра, одам ана шундой дангалчи бўлиши керак! – деди.
Бошқалар гапни маъқуллаб, қўлимни сиқишди. Биров:
–Бачангиз шу ерга ўқиса, бо (боз – тағин) ишини чатоқ қилмасунла, – дея меҳрибонлик кўрсатди.
“Бачам”ни иши чиндан “чатоқ” бўлди. Нуқул аълога ўқиётган ўғил қайсидир фан имтиҳонидан бир хол паст баҳо олибди. Шу имтиёзли ҳужжат олишига тўсиқ бўлган. Ўша фандан қайта итиҳон топширишни сўраб, деканатига мурожжат этса, бу масала ректоратда ҳал қилинади, дейишибди. Ректоратдагилар у билан гаплашишни ҳам исташмабди. Ўғилнинг илтимоси бўйича, проректор Аҳмаджон Солиев деган киши қабулига кирдим.
–Илгари қайта имтиҳон топширишга рухсат бериларди, ҳозир тақиқланган, – деди домла.
Қоида ўзгарганлигини ўғилга айтдим. У киноя билан жилмайди.
–Проректорнинг гапига нега ишонмайсан? – ажабландим.
–Керак бўлганда, қоидани бузишаверади, майли, қўяверинг, – тинчлантирмоқчи бўлди у.
–Қоида бузилганлигини тасдиқловчи асосинг бўлса, айт.
–Асос шуки, биз билан ўқийдиган бир талабанинг баҳолари учу тўртдан ўтмасди. Отаси университет катталаридан бирига айланди-ю, дафтарчасидаги баҳоларнинг ҳаммаси аълога ўзгарди.
–Буни қандай исботлаш мумин?
–Босқичимизда ўқийдиган барча талабалар имтиҳон дафтарчаларининг ранги бир хил-у, ёлғиз ўша талабанинг тафтарчаси ранги бошқача. Ҳозир шу рангдаги дафтарчалар бериляпти…
Эртасига тағин Аҳмаджон Солиев ҳузурига бориб:
–Домла, бошқалар қайта имтиҳон топшираётган экан-ку?! – дедим.
У киши ўзбекча гапини унутдими, тутақиб, дабдурустдан русчалади:
–Вы шантажируете меня? Этим делом не занимался и заниматься не буду! Идите, куда хотите!
Ҳурматли проректорнинг жиғига текканимдан хижолат тортдим.
–Битта имтиҳонни қайта топшириш учун рухсат олишга ҳаракат қиламан, фақат сиз хафа бўлманг, – дея чиқиб кетдим.
Танишимга арзимни айтгандим, у ректорга киришни маслаҳат берди. Янги ректор – Рустам Холмуродов очиқ чеҳра билан кутиб олиб:
–Хизмат? – деди.
–Ўғлимнинг бир хол паст баҳосини кўтариш учун қайта имтиҳон топширишига рухсат сўрагани келгандим.
–Бир хол баҳо учун рангингизни сарғайтириб юрибсизми? Аҳмаджон Солиевичга айтмабсиз-да, – хайрихоҳлик билан гапирди ректор.
Проректор ”ҳозир мумкин эмас”, деганини айтдим. “Қизиқ”, дея телефон гўшагини кўтарди.
–Аҳмаджон Солиевич, бу одам бир хол баҳо учун менга кириб юрибди-я…, – деди-да, жимиб қолди.
Аҳмаджон Солиев “мумкин эмас”, деди шекилли, ректор жаҳл билан:
–Тўғриланг! – гўшакни зарб билан қўйди ва – боринг, ҳал қилади, – деди.
Проректор каминани ректорнинг таниши деб ўйлаган бўлса керак. Аслида у киши билан биринчи марта учрашган эдик.
–Ўғлингизга айтинг, ариза ёзиб келсин, – зарда билан айтди Солиев.
Ўғил ариза ёзди. Уни олиб, тағин проректорга бордим. Имтиҳон қайси фандан қайта топширилиши кераклигини билган проректор, негадир, ҳаяжонланди:
–Йўқ, бўлмайди. Бу Зиёдулла Муқимовнинг кафедраси-ку! Мумкин эмас.
–Нега бўлмайди? – ажабландим.
–Имтиҳонни қайта топширишга рухсат берсам, профессор Муқимов ёзади.
–Нимани ёзади?
–Имтиҳон қайта топширилганлигини…
Қайта имтиҳон топшириш ман этилган бўлса, нега аввал, розилик берди, мумкин бўлса, Муқимов нима учун ёзади? Бу жумбоққа ўхшарди.
–Муқимов устингиздан ёзмайман деса, аризага имзо чекасизми? – сўрадим.
Солиев астойдил кулди.
–Эҳ-ҳа-а, ҳали-ку сиз, Муқимов ректорни ҳам тан олмайди, нима деб ўйлаяпсиз?
Гап шундаки, бундан анча вақт илгари бир киши китоб босиш учун рухсат олгани инспекциямизга келган эди. Асарига рухсат бердим. Муҳр қўйилган қўлёзмаларни олди-да:
–Ака, бир нарсани тушунмадим. Шу асарни бир неча кун олдин инспекциянгиз ходимига кўрсатган эдим. У алланималарни баҳона қилиб, қайтарди. Эътироз билдирган жойларини тузатмасдан, тағин келдим ва сизга учрашдим. Ҳеч қандай эътирозсиз босишга рухсат бердингиз. Тўғрисини айтсам, бу иккинчи китобим. Биринчиси ҳам айнан шундай бўлган эди, – деди.
Балки ходимимиз кўрган нарсага кўзим тушмагандир, дея баҳона қилдим. Меҳмон хайрлашаётганида:
–Университет ҳуқуқшунослик факультетининг декани – Муқимовман. Бирон хизмат бўлса, тайёрман, ака, – деди.
Буни қаранг-ки, орадан шунча йил ўтиб, Муқимовга хизмат чиқиб турибди ва шуни эслаб, Солиевга катта гапирган эдим.
–Муқимов балки ректордан қўрқмас, лекин шу масалада устингиздан ёзмаслигини айтса, имтиҳонни қайта топширишга рухсат берасизми? – гапимда туриб олдим.
–Рухсат бераман.
Таваккал қилиб, Муқимовнинг хонасини излаб кетдим. Эшикни очгандим, таниди.
–Э-э, ака, бормисиз, келинг?! – Самимий кутиб олди. Чой узатди, – хўш, хизмат? – деди.
–Сиз ректорни ҳам, проректорни ҳам тан олмас эмишсиз, – гапни мақтовдан бошладим.
Муқимов кулди:
–Буни сизга ким айтди?
–Солиев домла айтди.
–Йўғ-е, Солиев шундай дедими?
–Шундай деди.
–Нега?
Негалигини тушунтиргандим, Муқимовнинг ранги ўзгарди; олдинги кайфиятидан асар қолмади.
–Тўғри айтибди. Сиз илтимос қилмаганингизда, ёзардим.
Имтиҳон қайта топширилди… Шундан кейин ўғил Тошкент юридик институти (ҳозир юридик университет) магистратурасига кириш учун ҳужжат топширди. У ўқимоқчи бўлган гуруҳга бор-йўғи етти киши қабул қилинар экан. Имтиҳонлардан 225 балл олиб, саккизинчи ўринни эгаллабди. Кирганлар рўйхати илинган эди. Етти киши орасида бирови 215 балл, бошқаси 205 балл билан магистратурага кирибди-ю, ўғлимиз 225 балл билан қолиб кетибди. Қабул комиссиясининг раисидан сўрагандим, бу масалани ректор ҳал қилишини айтди. Ректорнинг қабулига киргани қўйишмасди ва фақат телефон орқали у кишининг ёрдамчиси билан гаплашиш мумкин эди. Ёрдамчи ҳар кун “ректор йўқлар”, дерди, холос. Шу тариқа, ректорга битта савол бериш учун, ўн беш кун институт эшиги олдида ўтирдим.
Ўн олтинчи куни эшик олдидан тағин қабул комиссиясининг раисига қўнғироқ қилдим.
–Масалани фақат ректор ҳал қилади, деб айтдим-ку, яна нима дейсиз? – ўшқирди раис.
–Ўзингизни кўрмоқчи эдим.
Ичкарига киришга рухсат берди. Раис тўладан келган аёл экан. Хонаси эшигини очиб:
–Ассалому алайкум, – дегандим , алик олмай, – нима ишингиз бор? – дея ўшқирди.
–Магистратурага қабул қилишда ноҳақлик бўлаётганини билмаяпсизларми? – Саволига савол бердим.
–Нима демоқчисиз? Масалангиз фақат ректор орқали ҳал этилади, дедим-ку, у киши ҳозир йўқлар, – бошини ўқиётган қоғозидан кўтармади.
–Ўғлим кирмоқчи бўлган гуруҳга олий ўқув юртини сиртдан битирганлар, лавозимдорларнинг фарзандлари олинганлиги ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Лекин 215 ва 205 балл билан кириб, 225 балл олган қолиб кетганини тушунмадим…
–Ҳа, у паст балл олганлар Англияда ўқишган, – ҳушёр тортгандек бўлди аёл.
–Унда Англияда ўқиганлар Ўзбекистонда ўқиганлардан паст балл олса ҳам магистратурага биринчи бўлиб қабул қилинади, деган асосли ҳужжат кўрсатинг, акс ҳолда, яхши бўлмайди, – дағдаға қилдим.
Шу аснода хона эшиги очилиб, бир жувон кирди-да:
–Домла, сизни ректор чақиряптилар, – деди.
Комиссия раиси ўнғайсизланди.
–Исмингиз нима эди?
Исмимни айтдим.
–Ташқарига чиқиб, ўн беш дақиқалардан кейин менга қўнғироқ қилинг, гапингизни ректорга етказаман.
Қўнғироқ қилдим.
–Ректор ўғлингизнинг фамилиясини ёзиб олдилар, тўқсон тўққиз фоизга кирди, деяверинг, – каминани қувонтирмоқчи бўлди раис. – Самарқандга кетаверинг, менга қўнғироқ қилсангиз, натижасини айтаман.
Бу гап айвгуст ойида бўлди. Шундан кейин сентябрь, октябрь ва ноябрь ойининг ярмигача институтга қўнғироқ қилдим. Масала ҳал бўлмади. 2002 йилнинг 15 ноябри – жума куни эди. Ҳуқуқшунослик институти қабул комиссиясининг раисига сим қоқиб, бу сўнгги қўнғироғим экани, душанба куни Тошкентда бўлишим ва ўша айтганим – “яхши бўлмаслиги”ни эслатдим. Аёл таҳликага тушди:
–Деярли юз кун кутдингиз, тағин икки кун кута оласизми? – сўради, ташвиш билан. – Душанбада сизга “ҳа” ёки “йўқ”лигини аниқ айтаман.
Душанба куни қўнғироқ қилдим. Комиссия раиси гўшакка чинқирди:
–Ока, ёнимда бўлганингизда, қучоқлаб, ўпардим! Маладессиз, ўғлингиз магистратурага кирди!
Бу – илтимоси кўп қишлоқнинг заъфарон рангли бир фуқароси саргузашти…

98.

Прокуратор Понтий Пилат Худонинг ўғли (Исо алайҳиссалом)ни хочга михлатганига икки минг йил бўлибди ҳам-ки, одамлар прокурорни четлаб ўтадилар. Прокуратор, аксарият ҳолларда, қонун ҳимоячиси эмас, унинг қарашқулига айланганга ўхшайди. Қарашқул эса боғча ва полиз даласини товуқмия қушлар бебошлигидан асрайди, холос. «Ҳуқуқи»ни жичча биладиган қуш унинг чинакам қўриқчи эмаслигини пайқайди-да, алмисоқдан қолган телпаги устига қўниб, табиий ҳожатини чиқаради…
Ўзбекка ҳурлик келиб, худосизлар пароканда бўлдилар, Оллоҳ «тирилди». Самарқанд даҳрийлари етакчиси (атеизм уйи директори) Ҳоди Мардиев лавозими шикаст еб, вилоят радиосига мухбирликка ўтди. Бу мухбир, Худо нари турсин, унинг ўғлини қатл эттирган прокуратордан ҳам ҳайиқмасди. Шу киши ишхомнамга қўнғироқ қилиб:
–Манга қаранг, биз бир обедга спор қилдук, ёнимдаки маладой Лондон Англияниям, Великобиртанияниям пойтахти деёпту. Бир шаҳар қандой қилиб икки давлатга пойтахт бўладу, охи (ахир)? – деди.
–Спорни ютқазибсиз, обедни олиб берасиз, – ўз лаҳжасида улар тортишувига хотима ясадим.
–Иби-иби, сиздан бу жавобни кутмавдим.
Хатосини тушунди шекилли, ўйланиб қолди.
–Хай, бародар, бу гапларни қўюнг, радио фельетонни эшитдингизми?
–Йўқ, қанақа фельетон?
–Пуркурор Абдухолиқзода тўғрисидаки танқидим ҳозир Республика радиосидан эшиттирилди, – аниқлик киритди гапига. – Келинг, ювамиз…
Орадан тўрт кун ўтгач, ишхонамизга миллий хавфсизлик хизмати ходими келди.
–Ҳоди Мардиевни танийсизми? – сўради у.
Танишимни айтдим.
–Пора оладими?
–Бу ҳақда менга айтмаган, – ярим чин, ярим ҳазил оҳангида жавоб қайтардим.
Тағин, шунга ўхшаш, бир неча савол берди-да, чиқиб кетди. Демак, Ҳоди Мардининг изидан тушишибди, прокурор ҳам анойи эмас, деб ўйладим ва вилоят телерадио компанияси бош муҳаррири Омонбой Йўлдошевга сим қоқиб, «Ҳоди Мардиев менга бир учрашсин», дея илтимос қилдим. Аммо у келмади. Эртаси куни компания ходими Абдурасул Ашуровдан ўша гапни Мардиевга айтишини ўтиндим. Яна келмади. Учинчи куни компания ходими Дилбар Восиева хонамга келди. Унга «Мардиевни шу кунларда пора билан қўлга туширишади, айтинг, эҳтиёт бўлсин», дедим. Тўртинчи куни Мардиев каминани излаб келган. Энди мен бўлмаганман. Бешинчи кунда телерадио компанияга, уни излаб, ўзим бордим. Бу гал Мардиев йўқ эди. Эртасига Мардиевни пора билан қўлга туширдилар.
Еттинчи куни миллий хавфсизлик хизмати ходими ишхонамга жилмайиб келди.
–Кетганлар ҳақида гапирмайдилар, – деди у ҳайрат билан қараб турганимни кўриб.
–У кимдан ва нима учун пора олди? – Қизиқдим.
–Самарқанд шаҳар прокуратураси ходими Талъат Абдухолиқзодадан.
–Мухбир прокурордан пора олибдими? – Ҳайратим янада ошди.
–У мухбир эмас, рэкетир (қўрқитиб, товламачилик қилувчи) экан-ку!?
Хавфсизлик хизмати ходимининг (вазифасига тескари ўлароқ) сўзамоллиги тутди.
–Абдухолиқзода бировдан олти минг доллар қарз олиб, бир неча йил бермай юрган, – дея сўз бошлади йигит. – Пулини қайтариб олишга кўзи етмаган киши, умидсизланиб, танишига арз қилибди. У: «Ҳоди Мардиев деган мухбир бор, шунақа жанжалларга аралашиб юради, ўшанга айт», деб маслаҳат берган. Мардиев жабрдийда арзини тинглаб, қўлига диктофон берибди ва «Прокурор нима деса ёзиб ол», дебди. Ҳовлисига пул сўраб келган кишига Абдухолиқзода «Прокуратурада ишлашимни биласан, қаматиб юбораман», қабилида роса дўқ урган. Жабрдийда бу гапларни диктофонга ёзиб, Мардиевга берган. Мухбир эса ундан фельетон ясаб, Республика радиосидан эшиттирган. Оқибатда Абдухолиқзода ишидан бўшатилган. Шундан кейин пул берган киши собиқ прокурор уйига бориб, «Мендан олган пулинг орадан ўтган йилларда, фоизи билан, йигирма минг доллар бўлади, энди шунча берасан!» деб даъво қилган. Абдухолиқзода: «Бирданига йигирма мингни тополмайман, ҳозирча асосий қарз – олти мингни берай, қолганини кейин узаман», дебди. Даъвогар рози бўлган ва: «Пулни фалон кун, фалон кафеда, Ҳоди Мардиевга берасан», деган. Абдухолиқзода эса миллий хавфсизлик хизматига: «Ҳоди Мардиев деган мухбир мендан пора сўраяпти», дея арз қилган. Оқибатини кўрдингиз…
Ҳоди Мардиевга ўн бир йил иш бердилар.
Бу орада инспекциямиз фаолияти тугатилиб, каминани «СТВ – Самарқанд» телерадио компаниясига бош муҳаррирликка таклиф қилишди.
Якшанба куни эди. Навбатчи муҳаррирлар, мухбирлар, тасвирчилар режадаги ташвишлари билан машғул. Ишларимни саранжомлаб, чиқиб кетаётгандим. Таҳририятга, прокурор кийимида, давангирдай икки киши кириб келди. Уларни танимадим. Олдинда келаётгани боши кесилган ҳўкизнинг очиқ қолган кўзларидек «сузик» нигоҳи билан каминага тикилиб:
–Бу ерда хўжайин ким? – дея дўқ урди.
–Мана шу киши, – деди, мени кўрсатиб, ёнидагиси.
«Сузик» кўзли ўнг қўлини истар-истамас чўзди-да:
–Бизга Артурни (Артур Гюлназаров – телетасвирчи эди) беринг! – деди.
–Артур режадаги кўрсатув учун тасвир ишларига чиқиб кетяпти, у сиз билан боролмайди, – босиқ жавоб бердим.
–Генеральный директорингиз билан келишганмиз, Артур биз билан кетади!
–Бош директор билан келишган бўлсангиз, у кишининг хонасига боринг, бошқа тасвирчи топиб беради, Артур банд, – ётиғи билан тушунтирдим.
–Бермайсизми?
–Афсуски, беролмайман.
–Фамилиянгиз!? – бор овозда бақирди меҳмон.
–Сизга ўхшаганларга фамилия айтилмайди, бош директорга арз қилинг, ҳам тасвирчи беради, ҳам бош муҳаррирнинг фамилиясини айтади, – ўша босиқлик ва терслик билан жавоб бериб, ташқарига йўл олдим.
Кўчага чиққандан кейин бу меҳмонларнинг кимлигини билмаганимдан афсусланиб, изимга қайтдим ва ходимларимиздан сўрадим.
–Бу – Талъат Абдухолиқзода-ку, наҳот танимайсиз? – ажабланди Артур.
–Ундай бўлса, ҳозир прокурорнинг хатти-ҳаракати тўғрисида далолатнома тузамиз, – дедим.
Журналистлардан бири дарҳол далолатнома матнини ёзди, ҳамма имзо чекди. Душанба куни эрталабки режалаштиришдан сўнг телевидение директори Геннадий Григорянц:
–Кеча нима гап бўлди? – деди.
Бўлган гапни тушунтирдим ва прокурор ҳаракатлари тўғрисида далолатнома тузганлигимиз, ҳозир вилоят прокурори олдига бормоқчилигимни айтдим.
–Шу масалада вилоят прокурори бош директорни, мени, сизни кутяпти, – деди Григорянц.
Учаламиз прокуратурага бордик. Йўл-йўлакай «Абдухолиқзода чақирган бўлса, кирмайман», дея шарт қўйдим. Чиндан ҳам вилоят прокурори эмас, Абдухолиқзода чақирган экан. Прокурор ҳузурига йўл олгандим, Григорянц:
–Абдухолиқзода прокурор ўринбосари, у бизни раҳбари олдига олиб киради, –деди.
Гапига ишондим. Абдухолиқзода прокурор ўринбосари эмаслигини билмас эканман. Кичкина хонада бизни кеча ишхонамизга борган икки киши кутиб олишди. Ўтиришимиз билан Абдухолиқзода:
–Вы что, бляди, хотели показать, что вы четвёртая власть, да?! – деб чинқирди. – Один такой представитель четвёртой власти Ходи Мардыев был, я его в говно посадил! Хотите к нему идти, суки!?
–Извините, Талъат ака, мы виноваты, – дўнғиллади бош директор Озод Солиев.
–Да, да, Талъат Аббасович, это наша вина, – бош директор фикрини маъқуллади директор.
–Подождите, если виновного ищете, то, по вашему, это я. Однако я себя виновным не считаю, – гапга аралашдим.
–Вот, видите, какие люди у вас работают! – зарда билан гапирди Абдухолиқзода.
Жанжал тўлиқ рус тилида борди. Ҳурматли ўқувчини қийнамаслик учун тасвирнинг бу ёғини ўзбекча давом эттираман.
Шундан кейин тағин гапга қўшилдим.
–Бизни ҳақоратлашга сизга ким ҳуқуқ берди? – сўрадим Талъат Аббосовичдан. – Бу – биринчиси, иккинчидан, бегона ташкилотга бориб, ўзингизни таништирмай, қўполлик қилишга нима ҳақингиз бор?
Бундай саволни кутмаганидан, у шошиб қолди. Кўзларини лўқ қилиб, гапиролмай турди. Сўнг ўзини қўлга олиб:
–Биз прокурор кийимида эдик, – деди.
–Прокурор кийимида кўчада қанча товламачи юрганини билмайсизми?
–Аҳ-ҳа-а, бизни товламачи деяпсизми? – у ташаббусни қўлдан бераётганидан ташвишланиб, тағин қўрқитмоқчи бўлди.
–Сиз айтгандек, тўртинчи ҳокимият вакилиман ва нима деяётганимни биламан, бунақа дағдағангиз билан бошқаларни қўрқитарсиз. Мен эса тўртинчи ҳокимият қанақа бўлишини сизга кўрсатаман. Ҳоди Мардиев бу ҳокимият номини сотиб юрган киши эди.
Каминанинг дўғи мезбонникидан кучлироқ жаранглади.
–Кеча ишхонамизга бориб қилган бебошликларингиз тўғрисида жамоа бўлиб далолатнома тузганмиз, – дағдағани давом эттирдим. – Зўр бўлсангиз, ҳозир прокурор ҳузурида суҳбатни давом эттирамиз. Бу ерда гаплашадиган бошқа гапим йўқ. Мабодо раҳбарингиз сизни қўлласа, Республика бош прокурори ҳузурида суҳбатлашамиз. Бу идора сиз ишлайдиган жой эмас.
Шундай деб, ташқарига чиқдим. Иккала директорим шошиб, орқамдан эргашишди. Ишхонадан чиқаётганимда далолатномани олишни унутган эканман. Григорянц машинасига ўтқазди ва корхонага бордик. Директор йўл-йўлакай арз қилди: «Ҳозир ишимизни Республика ва вилоят прокуратуралари текшираётганидан хабарингиз бор. Улар ёмонликка олишса, мен куйиб кетаман. Жон ака, шундай қилманг», дея ялина бошлади.
Унинг гапига кирдим. Ўша оқшом ишхонамдаги темир сандиқни синдириб, тузган далолатномамизни олишди.
Орадан етти йиллар ўтиб, Ҳоди Мардиев қамоқдан бўшади. Талъат Аббосович эса Оқдарё туман прокурори бўлди-ю, кўп ишламай, пора билан қўлга тушди ва тўққиз йилга қамалди.
Машинада кетаётган эдим. Ҳайдовчи радиоси овозини кўтарди. Вилоят радиосининг мухбири гапираётган экан.
–…Ҳоди Мардиевич, Оқдарё туман прокурори Талъат Абдухолиқзода пора олаётганида қўлга тушиб, қамалди. Шу ҳақда нима дейсиз? – сўради жарналист.
–Биравга чоҳ қазсанг, ўзинг тушасан, дейдилар, ука. Абдухолиқзода манга чоҳ қазди, локин унга ўзи эмас, ман тушдим. Буни кўрунг-ки, унга Худо чоҳ қозди. Ман сизга айтсам, Худо бор, ука…
Худосизлар уйига бир неча йил директорлик қилган Ҳоди Мардиев Оллоҳ тўғрисидаги шу иқроридан кейин кўп вақт ўтмай, вафот этди. Талъат Абдухолиқзода эса шу кунларда Бекободдаги қамоқхонада ўтган-кетган воқеаларни таҳлил қилиб ётибди. Алҳазар.

99.

Қозиси зўравон, мирзоси товламачи рикобнинг қай бир тониғин айтай, эй, савод!? Телекўсатувлар директори Геннадий Григорянц ўрнига Аъзам Салоҳиддинов келди. Тушликка яқин қолганда хонамга қўнғироқ қилиб:
–Ёнимда бир киши ўтирибди, гапларини унчалик тушунмаяпман (у киши рус тилида таҳсил олган), ўзингиз суҳбатлашиб кўринг, – деди.
Меҳмон вилоят ҳокимлиги инжиниринг компанияси муҳандиси Худойназар Тўрақулов экан. Раҳбари – Примқул Собиров устидан арз қилиб келган.
–Бошлиғимиз тайинланган йиғилишда бу ташкилотда қўшиб ёзишлар кўплиги, уларга чек қўйиш лозимлигини айтгандим, – деди у киши. – Орадан бир неча ой ўтди, лекин ўзгариш бўлмади. Навбатдаги йиғилишда ўша гапни яна такрорладим. Тағин натижа чиқмади. Учинчи марта айтганимда, мени ишдан ҳайдади.
Тўрақулов ҳаяжонланиб, кўзларига ёш олди.
–Ишдан ноқонуний бўшатган бўлса, судга ариза ёзмадингизми? – сўрадим.
–Эй-й, ука, мен айтай, сиз эшитинг. Вилоят касаба уюшмасига ариза ёздим. Келиб текширишди ва бошлиғим мени ишдан бўшатишда Меҳнат кодексининг саккизта талабини бузганлигини аниқлаб, жойимга қайта тикланишим лозимлигини маълум қилишди.
Бир қоғозни узатди. Унда компания раҳбари ишдан бўшатишда қанақа хатоларга йўл қўйганлиги саналган эди.
–Ишга қайтариб олмадими?
–Нима деяпсиз? У ҳатто ўйлаб ҳам кўрмади. Шундан кейин Самарқанд шаҳар фуқаролик судига ариза ёздим. Суд «Ишдан тўғри ҳайдалган», деб қарор чиқарди. Аппеляция тарзида вилоят судига ёздим. Улар ҳам шаҳар суди қарорини тўғри деб топишди. Мана, ўша қарорлар.
Шикоятчи қоғозларини стол устига қўйди. Чуқур уф тортди-да:
–Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Аббосхон Баҳромов қабулига кирдим, – деди. – Хонасига қадам қўйишим билан, салом-аликсиз, ўшқира кетди. Воқеадан хабардор экан. Арзимни айтмасдан, изимга қайтдим. У орқамдан чиқиб, чақирди. «Ишга тиклаймиз», деб ваъда берди. Бир неча ой ўтди, лекин фойда бўлмади. Нафақага чиқишимга бир йил қолган. Бошлиққа кириб, бир неча ой ишлаб турай, нафақамни расмийлаштириб, кетаман, деб ялиндим. Қаёқда… Вазиримизга ариза ёздим. У ёқдан ҳам «Ишдан тўғри ҳайдалгансиз», деган жавоб келди. Республика бош прокурори, Миллий хавфсизлик хизмати, Адлия вазирлигига ёздим. Ҳамма жойдан «…тўғри ҳайдалгансиз», деган бир хил мазмундаги жавоблар олдим. Охири ўзимни осмоқчи бўлдим…
Рўмолчасини чиқариб, кўзларини аритди.
–Шу ердан ўтиб кетаётган эдим, «телевидение» ёзувига кўзим тушиб, кирдим, –сўзини давом эттирди меҳмон. – Бу гапларимдан фойда йўқлигини биламан, лекин шу ноҳақлик ҳақида, ҳеч қурса, кўпчиликка маълум қилиб ўлсам яхши эмасми, деган фикрга келдим…
Соат ўн иккида бошланган суҳбатимиз тўрт соат давом этди. Телевидение директори номига ариза ёздирдим.
–Республикада ҳеч ким ечолмаган масалани ҳали шу телевидениеча ҳал қилсайди-я, – деб кулди.
Эртаси куни журналист Инобат Ҳасанова билан бир телетасвирчини ариза муаллифига қўшиб юбордик. Улар Тўрақулов айтган қўшиб ёзишлар юз берган қурилиш иншоотларида бўлиб, талай далилларни олиб келишди. Бир коллеж қурилишида фақат электр таъминотини йўлга қўйиш учун йўғон симлар тортиш ва электр трансформатори ўрнатиш билан боғлиқ ишларнинг ўзига ўттиз икки миллион сўм қўшиб ёзилган. Иккинчи иншоотда, 22 миллион сўм, учичисида, 9 миллион сўм ва ҳоказо ўзлаштиришлар бўлган. Ариза муаллифининг гаплари асосли эди.
Республика бош прокурори номига Тўрақулов номидан иккинчи марта хат тайёрладик. Унда гап нимада эканини батафсил ёздик ва текшириш ўтказиладиган бўлса, тафтишчилар рўйхатига Тўрақулов ҳам киритилиши шарт эканини таъкидладик. Тез орада вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари имзоси билан Тўрақулов номига жавоб хати келди. Унда аризада ёзилган масалаларни текшириш учун комиссия тузилгани, унинг таркибига Тўрақулов ҳам киритилгани маълум қилинганди.
Прокуратура тузган комиссия такибига Тўрақуловдан ташқари телевидение мухбирлари ҳам киритилди. Қўшиб ёзишлар туфайли давлат маблағи ўғирланганлиги тўғрисида комиссия раиси интервьюси, комиссиянинг хулосаси олинди. Хулосада: «…Бир коллеж қурилишида фақат электр тармоқларини ўтказиш учун сарфланиши керак бўлган маблағдан беш юз миллион сўм ўғирланган. Бу ғайриқонуний ҳаракатлар содир этилган қурилиш иншоотларини вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Аббосхон Баҳромов раҳбарлигидаги комиссия аъзолари қабул қилиб олишган», деб ёзилган эди. Бундай ўмаришлар бир неча иншоотда аниқланган.
Вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари комиссия хулосасидан кейин Тўрақулов номига иккинчи хатни жўнатди. Унда аризачи кўтарган камчиликлар тасдқланганлиги, айбдорлар устидан жиноий иш қўзғатилганлиги маълум қилинганди. Биз эса шу далиллар асосида телекўрсатув тайёрладик. Аммо телевидение директори Аъзам Салоҳиддинов уни эфирга бердирмади. Кўрсатув бир неча кун таҳририятда турди. Шу орада Салоҳиддинов бетоб бўлиб, уйида ётиб қолди. Бу «имконият»дан фойдаланиб, кўрсатувни эфирга бериб юбордик. Кўрсатувда комиссия хулосасидаги: «Бу ғайриқонуний ҳаракатлар содир этилган қурилиш иншоотларини вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Аббосхон Баҳромов раҳбарлигидаги комиссия аъзолари қабул қилиб олишган», деган ёзувни катта-катта ҳарфлар билан тасвирга тушириб, телевизор экранида бир неча сония сақлаб турадиган қилиб кўрсатдик.
Эртасига вилоят прокуратурасидан келиб, кўрсатув дискларини олиб кетишди. Сўнг Аъзам Салоҳиддиновни прокурор чақираётганини айтишди. Бетоб директор таҳририятга келди.
–Икки кун йўқлигимда ҳамма ёқни расво қилдинглар, – деди важоҳат билан. – Прокурорга нима деб жавоб бераман энди?
Орадан ярим соатлар ўтганидан кейин директор хонамга қўнғироқ қилиб:
–Прокурор вилоят ҳокимини (А.Баҳромов ўшанда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи эди) телевидениеда шарманда қилишга ким сенга рухсат берди, тушнтириш хати ёз, деяпти, – ўзбекчани ва, умуман, нима деб ёзишни билмаяпман, – алақандай ташвиш оҳангида гапирди.
–Оммавий ахборот воситаси раҳбаридан унинг профессионал иши юзасидан тушунтириш хати олишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Прокурорга буни тушунтиринг, – маслаҳат бердим.
–Тушунтириш хати ёзмасанг, прокуратурадан чиқмайсан деяпти, – янада ваҳималироқ қилиб айтди директор.
Телефон орқали тушунтириш хати ёздик. Прокуратуранинг айби нимада эканини асосладик, прокуратура жиноятчилар бир томонда қолиб, телевидениега ўринсиз даъво қилаётгани ва шу тушунтириш хатининг ёздирилаётгани ҳам қонунга хилоф эканини таъкидладик. Орадан кўп ўтмай, директор ишхонага келди. У, кўкка парвоз қилаётгандек, хурсанд эди.
–Сенсираб пўписа қилган прокурор тушунтириш хати ёзганимдан кейин хушомадгўйлик билан, сизлаб, кузатиб қўйди, – оғзининг таноби қочган директор ҳаяжонини яширолмасди…
Тўрақулов ишига қайта тикланиб, айбдорлар жазоландилар. Самарқанд вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Аббосхон Баҳромов ўн тўққиз йилга қамалди. Фақат биз кўтарган масала юзасидан эмас. Бу гаплар улар қилган жиноятлар олдида урвоқ ҳам бўлмади.
Прокуратор – қарашқул десам, кимдир ўксинади. Илло пок прокурор ёки миллат мирзоси – журналист номини булғаётганларни ҳамма кўриб турибди.

www.facebook.com
www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn