Нигора САЙДАЛИЕВА: Тўрт ҳикоя

Nigora SaydalievaНигора Сайдалиева 1971 йилнинг 13 февралида  Тошкент шаҳрида туғилган.  1988 йилда Андижон шаҳридаги 42-ўрта мактабни тамомлаган. Ижодий фаолиятини   “Андижон ҳафтаномаси” газетасида бошлаган.  Андижон вилояти хотин-қизлар қўмитаси муассислигидаги нашр этиладиган  “Иқбол” газетасининг ижодий ходими.  Ўнлаб мақола ва бадиий  асарлари “Оила ва жамият”, “Холис”, “Ҳуқуқ оламида”, ”Олтин водий”, “Иқбол”, “Суҳбатдош”, “Ҳамроҳ”, “Ҳимоя” республика ҳамда вилоят газеталарида чоп этилган.

ЯНГИ ЙИЛГА СОВҒА

«Одам Яратгандан фарзанд сўраш билан бирга болага имон-инсоф, меҳру оқибат ҳам тилаши керак экан…» Уйда тўшак қовиб ўтирган аёлнинг вужудини шу каби ўйлар қамраб олганди.
– Ҳа, қўшнижон, ўтирибсизми? – дея, шу топда остонада маҳалладоши Қумри хола пайдо бўлди. – Уйингиз иссиққина экан-а?!
Салом-аликдан сўнг, яна эски ярани кўчириш мақсадида у «чимдиб-чимдиб», товлаб-товлаб гап бошлади:
– Вой Насибахон-ей, бир эмас, беш ўғил-а, беш ўғил ўсган хонадон деб ким айтади-я, бу уйни? Ҳа, бири анави уйни бузиб, тахталарини суғуриб кетиб янги уй қуриб олди ўзига. Яна бири шипрларини олиб кетган бўлса! Бир томонда кичик акангиз «Тезроқ ҳовлини сотгин-у, пулини тенг бўлишайлик», деб кўз қулоғи шу томонда бўлиб қолган бўлса? Қандоқ чидайсиз, жон синглим?.. Жигар-бағирдан пешонангиз келишмаганига яраша, бу эрингиз ҳам тўрт болани ёлғиз сизга ташлаб, ўзи эрта қачон ўлибгина қолди-я! Вой, пешонангиз шўр экан-а?!
– Ундай деманг, Қумри ая,- деди Насибахон ёмон бир ходисани эслагандек, таъби тирриқ бўлиб. – Умрни ҳаммага Худонинг ўзи тақсимлаб беради. Энди… акаларимга келсак… улар ҳам оилали, рўзғор аравасини тортишлари керак.
– Э-э, шунчалар қилишсаям бари бир акаларим, дейсиз-а? – унинг гапини бўлди Қумри ая. – Бундан буёғига ўзингизни ўйланг. Ҳовлини сотинг, харидор ҳам бор. Мана, ён қўшнингиз Аброр ҳожи дада: «Сотса, мендан ошмайди», – деяптимиш…
– Нима?! – саволомуз боқди Насибахон қўшнисига. – Уйни сотиб, ўзимиз қаерга борамиз?
– Ҳа, учта бир хонали «дом» оласиз-да. Қизингизни турмушга узатиб юборсангиз, уч ўғлингизга учта макон бўлади-қолади. Ўзи бу ҳовлида тўрт девордан бошқа яна нимаси қолди, ўзи? Нураган уйингизни сотиб оламан деган ҳожи дадага қуллуқ қилинг сиз.
– Бу уй отамдан қолган, – деди Насибахон қўлидаги тўшакни нари суриб. – Бу ҳовлида ҳеч нарса қолмаган бўлса-да, отамни, онамни эслатиб турувчи ширин хотиралар бор. Мен уларнинг руҳларини шод қилиш учун ҳам шу ғарибхонанинг чироғини ёқиб ўтираман!
– Вайронага айланиб қолган уйингизни кимсан – ҳожи дада сотиб оламан, деса-ю, сиз рози бўлаверинг, эгачи! Чунки «Кийгиз сотсанг – қўшнингга сот, бир чеккасида ўзинг ўтирасан», деган гап бор. Шу гапга амал қилинг-а, кам бўлмайсиз.
Қумри ая қошини чимириб, лабини бураркан, гапида давом этди:
– Ҳожи дада ҳовлисини кенгайтирмоқчи экан, Агар иссиғида рози бўлмасангиз, четдан биров келиб, ҳароба кулбангизга ҳеч ким харидор бўлмас-ов? – деди у, «харидор» сўзини ошкор пичинг билан товлаб.
– Сиз кўп ўйланманг, бари бир менинг сотиладиган уйим йўқ!
– Бўпти-да, ў-ў-ў… Ўзингиз биласиз. Сизга яхшилик қилай десам, тавба… Ҳа эрта-индин ҳожи дада ўзи чиқиб, таклифини айтармиш, йўқ деманг…
Қўшни шундай дея кетишга чоғланди.
Насибахон Қумри аяни дарвозадан кузатиб ортига қайтаркан, ҳолсизланиб тўшакка омонат ўтирди. Ногоҳ уй эшиги ёнида бир текисда саф тортишиб кетаётган чумолиларга кўзи тушди. Улардан бири мажолсиз ётган шеригини ўзининг нозик қўл-оёқлари билан ҳаракат қилиб судраб кетарди. Насибахон бир зум уларга қараб қолди. Юраги ачишди, ҳўрлиги келди. «Шу қурт-қумурсқаларчалик қадр-қимматинг бўлмаганидан кейин, дунёда одамман деб бош кўтариб юришнинг қанчалик маъноси қолдийкин?..» ўйлади аёл.
Атрофга шом чўкканда совуқ авжига чиққандай бўлди. Уйдаги чироқ ёруғи дераза ойналаридан ҳиёл ташқарига тушиб турар, ёғаётган қор парчалари чироқ ёғдусида ялтир-юлтир либосини кўз-кўзлагандай, ўйноқлаб ерга тушарди.
Насибахон болаларига дастурхон ёзиб, қайноқ сувга нон тўғради. Устига озгина шакар солиб берди-ю, печкага ўтиндан сола бошлади.
Болалари бир-бирларига сўз бермай, тинмай кулишар, «Овқатимизни еб бўлиб, яна қор ўйнагани чиқамиз-а, ая?!» – дея онасига ора-орада гап ташлашарди.
Насибахон уларга бурилиб қаради, юзида лоқайдлик ифодаси бор эди унинг. «Мен нима ғамдаман-у, булар нима дейишади-я?» – ўйлади онаизор чуқур ҳўрсинаркан. Болаларнинг чиннидаги юмшоқ нонни иштаҳа билан еб ўтиришганига кўзи тушиб, кўнгли тўлиб кетди. Кўзларидан қайноқ ёшларини мўлт-мўлт оқизиб, деразадан ташқарига боқди. Қор бир маромда ёғар, лекин бу гўзаллик уни маҳлиё этмади, балки қор унинг ичига ёқаётгандек эди, гўё.
«Эй, Худойим-а! Нима учун хаста дилимга даво бермайсан? Қалбим ҳору-зорлик чангалида қолганини кўриб турибсан-ку. Бир тарафда – ташналик, иккинчи тарафда – сероблик, шодлик. Одамзот бир-бирига мадад беролмаса, бир-бирига ёрдам кўрсатолмаса… Бир қориндан туғилишган жигарлар ўртасида улкан тоғ! Нима учун бундай яралган ўзи бу дунё?!»
…Насибахон оилада ёлғиз қиз ва кенжаси бўлгани учунми ота-онаси ҳам, акалари ҳам унинг кўзига қараб туришарди. Фарзандларининг ҳаммасини уйли-жойли қилиб бўлгач, ота-она оламдан ўтишди. Насибахоннинг эри ҳам автоҳалокатга учраб, боқий дунёга рихлат қилди. Тўрт норасида билан қолган бева аёл борар жойи бўлмагач, охири ота эшигини қора тортиб келди. Акалари эса аллақачон «уйим-жойим» деб, алоҳида ҳовлида яшайдилар. Ўзларига тинч ҳаммаси. Афсус, болаликдаги покиза туйғулар, беғубор ришталар улар вояга етгач сўниб борди…
Норғул беш ўғлон ҳеч йўқ бир бурдадан нон тўплашганда ҳам бир эҳсон ўтарди. Ҳаммалари йиғилишиб, ота-оналарини хотирлаб, бир-бирларидан ҳол-аҳвол сўраб юришса, туғилиб ўсган ҳовли жойга файз кирарди. Аммо бундай оқибат, бир-бирларига меҳр улашиш каби тушунчаларга уларнинг беэътиборлиги, акаларининг ойда-йилда бир келишлари, келганларида ҳам каталакдек ҳовлини сотиб, пулини тенг бўлиш можаролари сингилни ўқтин-ўқтин қийноққа соларди, дилини ачиштирарди, юрагини эса беаёв сиқувга оларди. Аёл бундай аламларга дош беролмай ҳар куни йиғларди. Ичга ютиб йиғлагани эҳтимол танасига дард келтирар, аммо оғриқдан бутун вужуди чарчаса ҳам падари бузрукворидан қолган кулбани сотмасликка қасд қилганди.
Кечаси-ю, кундузи бировларнинг кўрпа-тўшагини қовиб тирикчилик ўтказаётган бу муштипар аёлнинг таъмадан, маккорлиг-у, ҳийладан мусаффо қалби фақатгина меҳру-мурувватдан яшарди. Заифани бемурувват турмушнинг қақшаткич азоблари ичида қийналишга мажбур қилган куч, балки отасига бўлган ўша меҳру-муҳаббатидир. Тунни тонгларга улаб қимирламай игна санчиб ўтирар, елкалари ачишиб оғришига, белининг мадорини, кўзининг нурини олишга мажбур қилган куч, балки волидаи муҳтарамасига бўлган яна ўша меҳру-муҳаббатидир, эҳтимол? Очлик ва муҳтожликнинг қайтариб бўлмас шафқатсиз буйруқларига бўйсуниб, тўрт гўдаги – вужудининг тўрт иссиқ парчасини акаларининг болалари каби кийим бошни пўрим қилиб кийинтиролмаганида, ҳафталаб қора қозони қайнамаганида, «аяжон, нон…» деб жигарлари хун бўлган полопонларини тўйғизолмаганида тинмасдан йиғлашга, шўрпешоналигини айтиб қақшашга мажбур қилган куч…тилинг бўлса айт, эй фалак, балки турмуш ўртоғига бўлган ҳамон ўша вафо ва садоқатидир?! У ҳам тўрт болани тўрт томонга ташлаб, ўзи фароғатда яшаши мумкин эди-ку! Йўқ, у бундай қилолмайди…
Қани энди, шу охори тўкилган либос остида шишадек тиниқ қалбни, ўзининг кир дилини тилла зебу-зийнатлар билан яширишга интилаётган Қумри аядай кибор оламининг маликалари кўрсайди… Таассуф, улар бундай тоза қалбни кўролмайдилар. Чунки гўзал кўнгилни фақат қалб кўзи очиқлар кўра олади!
…Қумри ая ер остида илон қимирласа биладиган қув хотин. У узоқдан Аброр ҳожи даданинг Насибахонларникига йўл олганини фахмлади-ю, у томон иддао билан бостириб келди.
Насибахон бу вақтда кўча тарафдан ҳожи даданинг овозини эшитган заҳоти, қандайдир бир ваҳм билан унга пешвоз чиқди.
Меҳмонлар билан саломлашиб, уларни уйга таклиф қилди. Ҳожи дада дуога қўл очди, юзига фотиҳа тортгач Насибахонга юзланди. Аёл эса гуноҳкор одамдай кўзларини ерга олди. Кейин марҳамат тилагандек ғамгин, эзгин боқиш билан гоҳ девордек ҳиссиз Қумри аяга, гоҳ ҳожи дадага термулди. Бироздан сўнг ялинувчи бир товуш билан бўғилиб, куйиниб гапирди:
– Ҳожи дада… биз… ҳалиги… уйимизни сотмайдиган бўлдик…
Ҳожи дада хиёл табассум қилиб, изоҳ бера бошлади:
– Она қизим, – деди мўйсафид вазмин оҳангда, – ён қўшни – жон қўшни, дейишади. Шу… бир ҳол сўраб қўйгани кирдим, холос. Уйингизни сотмоқчилигингизни эшитиб мен ҳам бунга қарши эканимни айтмоқчи бўлиб юрувдим. Чунки ҳеч ким ота уйини сотиб бири – икки бўлмаган, қизим.
Шу сўзлардан кейин Насибахон дили бирдан ёришганини, ичида қувонч уйғонганини сезди. Бу олижаноб, инсоний сезгини ва унда ҳеч маҳал кўринмаган бу хил ажойиб қувончни уйғотган нарса – меҳру-оқибат эди.
– Она қизим, байрам ҳам яқинлашиб қолди, – дея сўзида давом этди қария. – Кеча катта ўғлим келганди. Байрамга деб, қопда ун, гуруч, мева-чева дегандай… олиб келибди. Бугун эса кечга яқин ўртанча ўғлим ширинликлар, қанд-қурс олиб келадиган эди. Ҳалимахон аянгиз тинмай: «Янги йил қўшниларсиз ўтмайди», – деб сизларга насиба илинаётганди. Ҳалироқ келин билан бирга сизларникига чиқиб қолишади…
Насибахон сесканиб кетди. Отахонга «ялт» этиб қаради. Аброр ҳожи даданинг юзидаги оталарча меҳрни кўриб, кўзлари намланди.
– Ҳа, айтмоқчи, катта ўғлим баҳорга чиқиб, Худо хоҳласа уйларингизни таъмирлатиб беради.
– Йўғ-е, нега ахир? – ҳайратланди Насибахон ҳижолатдан юзи қизариб.
– Энди қизим, мен қўлимдан келадиган мурувватни кўрсатмоқчиман, холос. Бу ҳеч қандай қарз ҳам эмас, сиз тўғри тушунинг. Менинг ҳам қатор-қатор невараларим бор, уларга ҳали тўйлар қиламан. Мана, сизда уч ўғил бор. Насиб қилса, яхши кунларимизда ўғилларингиз хизматда бўлишади. Демоқчиманки, бир-биримизда қолиб кетмайди, қизим. Ҳали бу фарзандларингиз бир йигит бўлсин! Йигит кишининг қўли тош орасида қолмайди.
Э-э, бу бевафо дунёда вақтлар келиб оламдан ўтсам, мени эслаб ҳақимга дуо қилиб турсангизлар бас, бошқа ҳеч ниманинг кераги йўқ…
Насибахоннинг юзидаги аламли жиддият узоқ яшамади. Юзига табассум ранги югурди.
Қумри аянинг эса кўзларига қон уюлди, юзи тиришди. Ёмон кўрган нарсасини кўрган кишидай жирканиб деди: «Бўпти, мен борай! Анча ишимдан ҳам қолдим-а!»
– Биргаликда турамиз энди, – деб ҳожи дада кафтларини дуога бирлаштирди.
Ҳожи дада айтганидай кечга яқин кампири – Ҳалимахон ая ва келини бир дунё совға-салом билан Насибахонларникига кириб келишса бўладими?… Катта ўғли эса қопда ун, гуруч, қутиларда ширинликлар олиб кираркан шундай деди:
– Насиба опа, кўмир билан ўтин ҳам олиб чиққан эдик, уларни қаерга жойлаш керак?..
…Насибахон ва унинг ёш болажонлари учун Янги йил чинакамига хайрли келди. Кечагина юзини ўгириб олган бахт унинг хонадонига бугун яна қучоқ очиб кириб келган эди… Лекин негадир қалбининг бир чети кемтик эди, аёлнинг. Чунки Насибахон бу мурувватларни ўз жигарларидан умид қилган эди, бегоналардан эмас…

****

ОТАСИЗ КЎНГИЛ FАРИБ

Улуғбек тунги сменадан кеч қайтди. Маҳалласига бурилаётиб кўча бошидаги қайсидир хонадон эшиклари ёнидаги оломонни кўриб кўнгли алланечук ғаш тортди. «Ҳар ҳолда шодиёна эмас-ов. Тўйнинг ҳавоси бошқача бўлади-ку, ахир», – ўйлади у.
…Эрталаб онаси уни уйғотмади. «Яна бироз дам олсин, ишдан жуда кеч қайтган», – ҳаёлидан тўтказди у. Сўнг кўча дарвозасини очмоқ ниятида зулфга қўл узатган ҳам эди-ки, субҳи содиқ бағрини нохуш хабар тилиб кетди:
– Мадаминжон аканикига жанозага-а-а-а-а!!!
«-Йўғ-е, бу қандоқ бўлди?… – ўйлади она. – Ахир, кеча шом маҳал бир тўп мўйсафидлар билан масжидга кириб кетаётувди-ку? Ҳатто касал ҳам эмасди. Ҳа… ҳар бандага осонидан берсин экан…»
Аёлнинг лаблари пичирларкан, беихтиёр кўзларига ёш қалқидир.
Дарров зиналардан кўтарилиб ўғли ётган уй деразасини оҳиста чертди:
– Улуғбек, турақол, болам. Қўшнимиз Мадаминжон тоғанг оламдан ўтибди. Жанозага чақиришяпти. Бош суқиб, оғирига елка тутиб тургин, болам, турақол… – деди онаси ва қуйилиб келаётган кўз ёшларини кўйлагининг енг учига артаркан, аста зиналардан пастга тушиб нонушта тайёрлагани ошхонага ўтиб кетди.
– Мадаминжон аканикига жанозага-а-а-а-а!
Улуғбек сесканиб кетди. Бир зум шифтга тикилиб ётди-да, ёстиғи тагига бош суқиб кўзларини маҳкам юмиб олганча пичирлади: «Мадаминжон аканикига…» Нечук бундай бўлди? Нечук?… Наҳот бағритош оталар бемалол сиғиб юрган кенг жаҳонга Мадаминжон отадай дилкаш, оилапарвар, ёт-бегонага-да бирдек меҳрибон инсон сиғмай қолди, нечук?! Нима учун ҳаёт бу қадар қарама-қарши? Мадаминжонлар кўп экан-у, ота деган ном битта экан-да…»
Шу топда йигитни олис хотиралар ўзига чорлади.
…Улуғбекнинг дадаси Мадаминжон аёлига, бола-чақасига дийдаси қаттиқ чиқди. У ўқишни тугаллагандан сўнг, ўз мутахассислиги бўйича қайси шаҳарга ишга юборилмасин, ўша жойни «гуллатди», фидойиларча хизмат қилиб юрди. У оиласини олиб ижараларда сарсон-саргардон яшаб юрди. Қайлиғи Насиба эса эрига таъна-дашном қилиш у ёқда турсин, бу тўғрида «чурқ» этиб оғиз очмаганди. Бироқ, ҳамма нарсанинг поёни бўлгани каби, ҳисобсиз кўч-кўчлар, феъли тор уй эгаларининг қош-қовоғи, зулукдай сўрадиган ижара ҳақлари… охири аёлни абгор қилди. Шундагина у эрига бир куни аста сўз очди:
– Бир эмас, икки ўғлимиз ҳали замон бирин-кетин улғайиб қолишади. Топганимизни ижарага бераверсак косамиз оқармайдиганга ўхшайди. Дадаси, келинг, ўзимизнинг юртимиз – Андижонга қайтайлик. Ахир, бировлар юртида шоҳ бўлгунча…
Мадаминжон хотинининг оғзидан гапини юлиб олди:
– Уйда ўтирволиб еб-ичишдан бошқа нарсага ярамайсан-у, яна топган гапингни қара-я! – деди у илкис сўз отиб. – Кўп валдирамай, сен ҳам иш топиб ишла, ундан кўра!
Ўшанда Насибаучинчи фарзандига ҳомиладор эди. Ичгани ҳам кир ювишга ҳам кўчадан сув ташиб ишлатарди. Бир куни иккита пақир тўла сувни кўтариб дарвозадан хатлаб ўтаётиб қоқилиб кетди. Оёғи қайирилиб ён томони билан ерга кулади. Уни кўрган жажжи Улуғбек онажонисига ёрдамга шошди. Базўр ўрнидан тураётган Насибага кўзи тушган эр тутоқиб кетди:
Э-э, сенчалик бола туғадиган аёл йўқми-а? Намунча эплай олмайсан? Бизларни ҳам она туққан: олти-еттитани, «воҳ» демаган! Сен қанақа латта хотин бўлдинг-а? Кимга ўхшадинг-а?!
Насиба яна «чурқ» этмади. Шу зайл кунлар ойларга, ойлар йилларга йўл берди. Турмуш машаққатлари ўз ҳунарини кўрсатди. Муҳаммаджон хотинининг ишидан игнадай нуқсон топса туядай қилиб кўрсатарди. Куни келганда у бечорани не куйларга солмади.
Улуғбек яшаётган оила туйғулар кўз-кўз қилинавермайдиган, муносабатлар бир қадар вазмин-сипо хонадон бўлганиданми, у меҳрга зор эди. Ва шу чашмадан симирган сари ташналиги тобора ортиб борарди. Отаси онасига нисбатан қаҳрли экани уни ўқтин-ўқтин қийноққа соларди.
Бора-бора оғзи тўла кулгу, қувноқ бола ўчди-қолди. Ҳали мактаб ёшига етмай, болаларга хос бўлган шодмонлик уни тарк этди.
Бир куни дадаси уйга шошиб кириб келди-ю:
– Наси, мен шошилинч кетяпман, Тошкентга… – деди. – «Катталар» иш билан жўнатишяпти. Мен аввал бориб жойлашиб оламан, кейин сизларни келиб олиб кетаман.
Шу кетганича у икки ой йўқ бўлиб кетди. Насибанинг ёнида майда икки бола, қорнида бола… Бир ёқда уй эгаси ижара пулини қистаб туриб олди. Бир ёқда тирикчилик оғирлашиб қолган. Муштипар аёлнинг роса боши қотиб тоқати тоқ бўлди. Кейин у бисотидаги охори тўкилмаган иккитагина кўйлагини сотиб, ижара қарзига берди-да, болаларини етаклаб отасиникига – Андижонга кетиб қолди.
Насиба камтарона ҳаётга, чекланган имкониятларга кўникиб яшайдиган аёл эди. Лекин яқин инсони томонидан берилган зарбаларга ҳеч чидаш бермади. У отасиникига кириб келаркан, кўзларида ёш билан ночорликдан тиш ёрди:
– Дада, у одам билан яшайдиган бўлсам, иззат-нафсимни унутишга мажбурман. Чунки у ҳамиша мени ҳақорат қилиб, мислсиз хўрлайди!
– Ҳаётнинг зарбаларига енгилма, она қизим. Турмуш сени абгор қилишига йўл берма. Хўжайинингга ҳам инсоф кириб қолади, – деб таскин берди, отаси.
Бу каби тасаллилар Насибанинг хилвираб турган юрагига тоғдек суянч бўлди. …Учинчи фарзанд – ўғли дунёга келди. Болалар бир-бирларидан бир ёш-икки ёшдан фарқ қилгани деярли тенг катта бўлишарди.
Бир куни Улуғбек кўчада ўйнаб юрганди. Дадасининг келганини кўриб қолиб, ўйинини ҳам ташлаб югуриб бориб бўйнига маҳкам осилиб олди. Шундай ҳолатда у узоқ туриб қолди. Рости… дадасини жуда соғинганди, у.
-Ўғлим, бор, онажонингни чақир, мен уйга кирмай қўяверай,-деди отаси. Бола-бола экан-да, ҳеч нарсадан хабари йўқ онасига суюнчилагани уйга югурди.
– Келинг, дадаси…
Муҳаммаджон салом йўқ, алик йўқ ғазабини сочиб юборди:
– Сен нега бева хотиндай отангникига келиб ўтирибсан?! Турмушли аёл эри ўлса ўлади, тирик юрса тирик яшайди!
– Тўғри… мен эрли аёлман, лекин меҳрдан бебаҳраман,-деди Насиба ҳам илк бор унга тик боқиб. – Эрим эканлигингиз мени муттасил хўрлаш, қийноққа солиш ҳуқуқини бермайди-ку, ахир!
– Нима?.. – ҳайратландиэр. У ҳеч қачон хотинидан ортиқча сўз эшитмаганди.
– Ҳали тилинг ҳам қаричдай бўлиб, ҳақ-ҳуқуқдан гапиряпсанми? Ҳа, ўша меҳри дарё отангникида тўйгунингча яшайверасан энди, билдингми? Сенинг ёнингга ялиниб келганим йўқ. Жавобингни бердим! Бошинг очиқ энди. Хоҳлаганингча яша, шу хонадонда!-Муҳаммаджон ғудраниб-ғудраниб, э йўқ, бе йўқ терс ўгирилиб ортига қараб кетиб юборди.
Насиба турган жойида карахт бўлиб қолди. Муҳаммаджон шу кетганича қайтиб келмади. Кейинроқ бошқа бир қандайдир бола кўрмаган аёлнинг уйига кириб яшаётганини эшитишди. Ичида куйинса-да сиртига чиқармади. У энди фақат болаларини деб яшарди.
Аёл ўғилчаларини кипригининг устида катта қилди, ёлғиз. Уларни иссиқ меҳр билан алқади. Она болаларини ҳар доим ишига илҳомлантирар, қўлидан келганича уларга дардкаш ва кўмакчи бўларди. Имкони борича ўғилларига кўрсатарди. Яхши кун келишига шунчалик эътиқод қўйган одам унинг ижобати учун ҳам кўп хизмат қилди. Аёл болаларининг яқин маслаҳатчиси, ишонган дўсти, уларга юпанч ва умидворлик бағишлаган ягона кишисига айланди.
Уч ўғлон учун ҳар тонг онасининг дуосини олиб, сўнг ишга киришмоқ, нонуштада иссиқ нонни асалга ботириб танаввул қилмоқ каби енгил ваҳаловатли кечарди.
… Таассуфки, укаларига қанақа билмайди-ю, лекин Улуғбек учун она меҳри камлик қилди. Унинг томирида оқаётган отасининг қони устун келди. Волидасидаги шунчалик фидойиликни кўриб, билиб турса ҳам… О, бу кўнгил-а, отасиз ғариб экан бари-бир… Ҳар замонда атрофни тўлдириб унинг кўз ўнгида отаси намоён бўлаверади.
…Ўшанда Улуғбек олти ёшдаги бола эди.
Укалари билан маҳалла этагидаги қуюқ ўсган майсалар устида думалашиб ўйнаётганди. Бир пайт енгил машина қаттиқ сигнал чалиб улар ёнидан маҳаллага кириб кетди. Машина ортидан эса бир қанча болакайлар: «Муҳаммаджон акам келди-и-и-и-и!!!» дея қийқиришиб югуришди. Дадасининг номини эшитган Улуғбек даст ўрнидан турди-ю, машина кетган тарафга тикилиб қолди. Кейин укаларини ўрнидан турғазди.
– Юринглар, ука, дадам… Дадам келди, шекилли… Дадам, дадажони-им… У шундай дея севинчидан ичига сиғмагудай бўлиб, укаларининг қўлидан етаклаганича машина кетган тарафга шошиб-шошиб чопди.
Етиб боргунларича машина тўхтаган жойда одам кўпайиб кетган эди. Болакайлар оломон ичидан уриниб-туртиниб олдинроққа ўтиб қарасаки… Йўқ, бу уларнинг дадаси эмас, балки маҳалласидаги Муҳаммаджон ака ҳарбий хизматдан қайтган экан. Аскар машинадан тушгач, унинг устидан тангалар, ширинликлар сочилиб кетди. Болалар ер билан битта бўлиб ётган конфетларни териш билан овора, ҳамма хурсанд эди. Фақат у… Фақат Улуғбек жойидан жилмай қотиб турарди. Севинчдан юзларига югурган илиқлик ўрнини кучли алам, ўкинч эгаллаб олганди. У мўлтираб турган кўзларини гуноҳкор одамдай ерга қадади. Кейин… Кейин шитоб ортига бурилди-ю, укаларининг қўлларини маҳкам қисганича кетиб қолди. У шунчалар тез юрарди-ки, гўё ҳамма нарсани унутиб қўйгандай. Шу пайт укаси йиқилиб тушди. Уни базўр ўрнидан турғазди-да, ўзи чўккалаб ўтириб қолди. Шу ўтирган кўйи Улуғбек укасини маҳкам бағрига босаркан деди:
– Қаттиқ йиқилдингми-а?..
Укажониси жон оғриғидан йиғлай бошлаган бўлса, Улуғбек эса қалб оғриғига дош беролмай унсиз фиғон этди. Бир пайт аскарни ташлаб қайтаётган енгил машинанинг ўткир овозидан болалар бир қалқиб тушишди. Сўнг Улуғбек ўрнидан аста туриб укалари қўлидан ушлаб йўлнинг четига ўтди. Ёнидан ўтиб кетаётган машина ортидан болалар ёшинқираган нигоҳлари билан мунғайиб қараб қолишди. Бир зум нима қиларини билмай ўзини йўқотиб қўйди-да, кейин укасининг ёноғидаги алам томчиларини кафтлари билан меҳр ила артди:
– Ёмон оғрияптими-а?..-деди раҳми келиб.
Шу топда Улуғбекнинг жажжи юрагида улкан азоб, хўрлик ҳислари бош кўтарди. Унинг болалик онги панд берибми, бу азоб-уқубатларга чидаш душвор эди. Болакайнинг юраги, юрагига қўшилиб қалби, қалбига қўшилиб бутун вужуди йиғлар, озғин юзларини қайноқ ёш ювиб тушар эди.
… «Ўҳ-ҳ-ҳ!!!» Улуғбек бир энтикиб кетди. Кўзининг бир четига тўпланиб қолган томчи ёш юзидан сирпаниб, оппоқ жилдли ёстиғини ҳўл қилди. У аста ўрнидан турар экан, уфқда ҳали чиқмаган қуёш шуълаларининг қизил аксига кўз ташлади. Улуғбек қирмизи осомнга боқиб, уни… ўзининг ғариблик ва соғинч зулмидан қон бўлган юрагига ўхшатди.
«-Муҳаммаджон отаникига жанозага-а-а-а!!!».
Ўша куни пойқадами билан барчани хурсанд қилган аскар бугун қазо қилди, бугун ҳаммани йиғлатди… «Нечун бундай бўлди?! Яхши оталар узоқроқ яшашса бўлмасмиди?»
… Яна онасининг «Жон болам, турақол энди, укаларинг аллақачон чиқиб кетишди», деган ёқимли, майин ва бир вақтнинг ўзида ялингансимон товушлари эшитилди. Улуғбек ташқарига чиқаркан, айвондаги сўрига омонат ўтирди. Онаси унга яқинлашди-да ўғлининг қизарган нам кўзларига меҳр билан боқиб:
– Нима бўлди, болам? – деб сўради.
Улуғбек волидасининг офтобдай иссиқ истарали юзларини кафтлари орасига оҳиста оларкан, деди:
– Бу кўз ёшларим қисматини сиз билан бўлишолмайман, онажон! Бу ғам фақат меники… уларни ўз ҳолига қўяверинг…

****

ТАҚДИР

Жаҳонгир уйга кириб келди-ю, кўзлари яшнаб кетди.
– Ие, онажон, тинчликми? – деди уй ўртасида безатилган хонтахтага нигоҳи билан ишора қилиб.
– Торт, гуллар… нимани нишонлаяпсизлар, айтақолинг?
– Оилавий аҳилликни, меҳру-оқибатни! – деди онаси меҳрли овозда. – Ахир, бугун йигитларнинг байрами-ку, нима ёдингдан кўтарилдими?
– Ие, ҳа-а, шунинг учун кўчадагилар ҳаммаси: «Байрамингиз билан», деб бир-бирига табрик айтишаётган экан-да?..
– Кимлар?.. – савол ташлади онаси.
– Қизлар-да, қизлар мени табриклашди, – деди кулиб Жаҳонгир.
– Ҳа-а, – ним табассум қилди онаси ўғлига. – Қизлар дегин?.. Келиним эшитиб қолмасин, яна. Сени рашк қилиб қолмасин.
– Келинингиз ўзи қани? – деди Жаҳонгир. Шу топда уни аллақандай соғинч ҳисси ўртаб кетди.
– Ошхонада, «жиз-биз» қиляпти!
… Узун хонтахта устидаги нозу-неъматлар, пишириқлар, яхна ичимликларни кўриб Жаҳонгирнинг томоғи тақиллаб кетган бўлса-да, иззатни сақлади.
У ошхонага ўтиб, қайлиғига билдирмайгина унинг ҳаракатларини бироз кузатиб турди.
– Вой! – Жаҳонгирни кўз қири билан кўриб қолган Дилнавоз чўчиб тушди.
– Йўталиброқ кирмайсизми? – ҳиёл эрка овозда гапирди у. – Қачон келдингиз?
Жаҳонгир қайлиғи ёнига яқин келди: « – Хо-в ҳали келдим», – деди-да, унинг бурнидан чимчилаб қўйди.
– Бугун сизнинг байрамингиз, а? – деди Дилнавоз майин оҳангда. Сўнг, Жаҳонгирни дунёдаги энг чиройли сўзлар билан сийлади.
– Сиз суйган таомни пиширяпман, – деди у, кейин қўшиб қўйди:
– Энди менга ҳалақит берманг-да, эсли-хушли бола бўлиб меҳмонхонага кириб ўтириб туринг. Мен ҳам бир зумда орқангиздан чи-қа-ма-а-н.
– Хўп бўлади-да!.. – Жаҳонгир кулиб ортига қайтди.
Ниҳоят онаси ҳаммани уйга киришга чорлади.
…Бениҳоят ажойиб, ҳузурбахш оқшом чўкди атрофга. Оилавий байрам тантанали, хурсандчилик билан файзли ўта бошлади.
– Энди навбат ўйинга! – деди Жаҳонгир. Сўнг улар уй ўртасидаги хонтахтани устидаги бор неъматлар билан бир четга суришди. Рақс майдончаси ҳозир бўлгач Жаҳонгир уй чироғини ўчириб қўйди.
– Ана, холо-о-ос! – кимдир қаҳ-қаҳ отиб кулди.
Қандилдаги чироқлар ўчди… Устундаги ёриткичлардан эса одамни таниб бўлар даражадагина ёғду таралиб турарди. Ҳамма иккитадан бўлиб роса рақсга тушишди. Жаҳонгир ҳам рафиқаси Дилнавоз билан хиром этаркан, бутун вужудини бахт ва ором қамраб олганлигини ҳис қилди.
Ўртача овозда янграётган қўшиқ ширали, айни чоғда ғамгин ҳам эди. Куй одамни ўзига тортар, қалб торларини охиста чертиб ўтарди. Дилнавоз Жаҳонгирнинг елкасига бош қўяркан, шивирлади:
– Қаранг-а, онажонимнинг шунча ташвишлари бўла туриб байрам кунини ҳам унутмабдилар…
– Ҳа, меҳрибон мунисамиз кимга нима ёқишини биладиган зукко аёл-да! – деди Жаҳонгир.
– Қувончдан ўзимни сиғдиролмаяпман. Мана буни ҳамжиҳатлик деса бўлади. Бутун оиламиз жамулжам… – Дилнавоз энтикиб-энтикиб сўзларди.
– Самимийлик, очиқкўнгиллик оила ўртасидаги ишончни мустаҳкамлайди. Ҳар қандай муммони биргаликда ҳал қилишга ёрдам беради, агар билсангиз, – деди Жаҳонгир уни эркалатиб. – Хонадонимизга кириб келганингизда сизга қўшилиб уйимизга файз-у барака ҳам қадам босган, десам ишонинг.
Турмуш ўртоғининг самимий сўзларидан руҳланган Дилнавоз ўзини яна-да, бахтиёр ҳис этди. Яратган унга берган иқбол-у тахтдан рози бўлди.
Чиндан ҳам Дилнавознинг фикри тиниқ, кўнгли очиқ, тили қанд-у асал эди. Гўзаллигига ой тенглашолмасди, гўё. Шунинг учун уни ҳамма ҳавас қилиб: «Келин қилиб олсам эди», дея орзуларди.
Бу икки ёш бир-бирига гўё узукка кўз қўйгандай эди. Аслида, Жаҳонгир ҳам жуда ақлли, мулоҳазали йигит. Ота-онасини қаттиқ ҳурмат қилади.
…Ўсмирлик пайтида синфдоши Маҳлиёга кўнгил қўйганди. Аммо қизнинг онаси уни бошқа йигитга узатиб юборди. Ўшанда Жаҳонгир ҳарбий хизматга кетаётган пайти эди. Маҳлиё йигитга учраб, тўй куни белгиланганини айтиб роса йиғлади.
– Мени ҳам бирга олиб кетинг, ўзим пул топаман сиз билан бирга кетишга, – деди Маҳлиё. – Кейин… кейин қайтиб келсак… эҳтимол бизни кечиришар… уйдагилар?..
Қизнинг сўзларидан Жаҳонгирнинг кўнгли алланечук ғалати бўлиб кетди. Йиғлаб турган севгилисига раҳми келди ҳам, аммо бир вақтнинг ўзида негадир қиз билан тақдирини боғлашни истамай қолди… Чунки… Севган инсони билан бирга бўлиш учун ота-она юзига оёқ босишгача етиб борадиган, яқинлари обрўйини ўйламаган қиз, кейинчалик оила шаънини сақлай оладими? Оила қуриш оддий ҳавас эмас, ахир. Ҳаётда иссиқ-совуқ, паст-баланд, оқ-қора деб аталмиш синовлар бор. Шундай довонлар бўлади-ки, ундан ўтишда йигит киши учун унга садоқатли, қаноатли ҳамроҳ кўмаги зарур бўлади-ку? Бу қиз эса… тўй куни белгиланган бўлса-да, бош олиб бошқа жойларга кетмоқчи. Эл-юрт орасида «Қочиб кетишибди…» деган гап-сўз тарқалса яхши бўладими?
Жаҳонгир узоқ ўйланиб турди.
– Кетамизми? – деди қиз унга умидвор тикилиб.
Шу пайт Жаҳонгир дилидан ўтаётганини тилига кўчирди:
– Ундай дема, Маҳлиё… Биз қаерга кетмайлик, ота-онамизнинг норизолиги бизга етиб боради. Ҳаётимиз алғов-далғов бўлиб кетади бари-бир. Мен ахир, шунчаки ўйнагани эмас, балки ҳарбий хизматга отланяпман. Мен… йигитлик бурчимни адо этиш ўрнига эл-юрт назаридан қолиш учун йўлга чиқаётганим йўқ-ку…
…Сўнгги учрашув шу бўлди. Жаҳонгир ҳарбий хизматга кетди. Қиз эса йиғлаб-йиғлаб, ота-онаси танлаган йигитга турмушга чиқди. Лекин, Маҳлиёни эрта турмушга беришгани учунми, ҳар тугул у она бахтига эришолмади. Доим ҳомиласи нобуд бўлаверди. Қизнинг шошқалоқ онаси эса қилган ишидан пушаймон бўлиб, кўп афсус чекди, аммо кеч бўлганди, вақтни ортга қайтариб бўлмасди…
Жаҳонгир билан Дилнавознинг тақдир бирлашиши ҳам ажойиб бўлган. У хизматдан уйга қайтаётганди. Машинадаги йўловчилар ўз манзилларида тушиб қолишди. Автовокзалга етай деганда оёқ остида ётган паспортга кўзи тушди унинг. Қўлига олиб кўрди. Ёнида ўтириб келган аёлга тегишли ҳужжат эканини англади. Шунда Жаҳонгир ҳайдовчига илтимос қилиб, яна ортга қайтишни илтимос қилди. Ҳайдовчи эса:
– Ука, уйингизга шошилмайсизми-я? – деди бамайлихотир. – Керак бўлса ўзи излаб келади. Ҳозироқ изига қайтади ўзи…
Лекин йигит сўзида туриб олди, аёл киши экан, овора қилишни, аниқроғи, унинг сарсон бўлишини хоҳламади.
– Майли, – деди ҳайдовчи йигитнинг қатъийлигига лоқайдлик билан қараб. – Кира ҳақига қўшиб берасиз, олам гулистон…
Жаҳонгир паспортдаги манзил бўйича қидириб борди. Топди. Ҳовли эшигига ўрнатилган қўнғироқ тугмачасини босганди, зум ўтмай ҳушрўйгина бир қиз эшик очди. Йигитнинг мақсадини англагач, қувончи ичига сиғмагудай бўлиб уйга чопқиллаб кириб кетган қиз онасини чақирди. Бир пайт остонада таниш чеҳрали аёл пайдо бўлди.
– Ўғлим, раҳмат сизга, қаердан излайман экан, деб қаттиқ ташвиш чекиб ўтиргандим-а! Умрингиздан барака топинг, Яратган бахтингизни бутун қилсин!.. Раҳмат!
Аёл Жаҳонгирни тинмай дуо қилди.
…Кейинроқ Жаҳонгир шу маҳаллага яна келди, қиз кўнглига ёққан чоғи. У қизни сўраб-суриштирди. Кўпчилик Дилнавоз ҳақида фақат илиқ гаплар айтишди. Вақтлар келиб, катталарнинг розилиги билан икки хонадонда файзли тўй бўлиб ўтди.
Дилнавознинг онаси доим: «Куёв эмас, Жаҳонгир менинг ўғлим!» – дея қувончи ичига сиғмайди, уйининг тўрисига ўтқазади, дастурхон ёзиб топганини олдига қўяди.
Яхшилик ҳеч қачон тош орасида қолиб кетмайди экан, бир кун келиб эзгулик гиёҳ каби ерни ёриб бўлса-да униб чиқади экан.
…Дилнавоз ўзиниг ҳайҳотдек ҳовли-жойида яшаб юрган пайтларида ҳам эрта-ю кеч ҳаммаёқни саранжом-саришта қилиб қўярди. Энди иссиқ суви, совуқ суви бўлган уйга келин бўлиб тушганида эса яна-да, Худо берди: кўз юмиб очгунча атрофни чинни-чироқ қилиб, ҳар тонг ўзи ўтирган уйнинг тўртинчи қаватидан то биринчи қаватигача супуриб сидириб, ялаб-юлқаш билан овора. Баъзида қайнонаси бирон жойга – маросимларга бориб келиб, уйини таниёлмай қоларди: стол-стуллар жойи ўзгарган, гулдонларда анвойи гуллар, уй хоналари ёруғ, тоза ҳаво билан лиммо-лим тўлган, шинам, ҳар томон ораста.
Она бош чайқаб, мийиғида кулиб қўяди. Дилнавоз қўл ювгани қайнонасига дарров обдаста тутиб, кейин остонада қордек оппоқ сочиқ узатиб туради. Келин шундай ширинсухан эди-ки, қайнота-қайнонасини доно мулоҳазалари билан эритиб, ўз мақсадига изн беришларига эришарди. Уйдаги катталар ўз ўрнида келинчакнинг истакларини тўғри қабул қилишарди, доим.
Қайнота-қайнонаси келинининг беминнат хизматларидан диллари яйраб, уни дуоларга кўмиб ташлашарди. Келинчак катталарни тўрига жойлаб, ўзи пойгакда, бежирим, ўзига ярашиқли либосларда очилиб ўтирарди. Дастурхонда эса қарияларга ёқадиган халим-халим таомлар…
Бугун ҳам шундай бўлди. Қайнонаси беозоргина қилиб келинига дашном берди:
– Қуш тинади-ю, сиз тинмайсиз-а, болам, – деди стулга елка ташлаб ўтираркан. – Ахир, ой-кунингиз яқин бўлса… Ҳа, деб ўзингизни ўтдан чўққа урманг, чарчаб қоласиз.
– Йўғ-е, онажоним, «дом»да қанақаям иш бўларди-я? Чарчаганим йўқ, – дейди Дилнавоз ҳижолат тарзда қўлидаги оппоқ докани айлантириб тахларкан. – Кўзгуларни артаётгандим, ҳозир тугатаман…
– Неварам соғлом туғилиши тарафдориман, холос, қизим…
Дилнавоз оғироёқ бўлгани билан оёқ-қўлидан ўт чақнарди. У кийик чаққонлигида ҳаракат қиларди. Унинг қадами файзли эди, ҳосиятли эди. Шундан бўлса керак, хонадонда доим хурсандчилик, ҳаммаларида байрамона кайфият.
…Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай яна бир соғлом гўдак дунёга келди. Оилада ўғил фарзанд туғилди!

****

“СИЗДАН УМР ҚАРЗДОРМАН”

Шерзод маҳаллада кетаётиб йўл четида сумка кўтариб турган бир аёлга кўзи тушди. У танишдай туюлди. “Ласетти”сини тўхтатгунча нарироққа ўтиб кетди. Кейин ортга тисарилар экан, ҳиёл эгилиб ташқарига қаради. Устози – Мукаррамхон ая экан. Шерзод машинадан енгил сакраб тушаркан, аёлнинг ёнига борди.
-Ассалому алайкум, устоз! Мени танидингизми? Шерзодман, собиқ ўқувчингизман, – қувончини очиқ ошкора қилди у.
Мукаррамхон ая кўзойнагини қўлига олиб, йигитга синчков тикилди. Саломига алик оларкан, ҳол-аҳвол сўради.
Шерзод аёлнинг қўлидаги сумкани олишга изн сўради. Кейин машинага чиқишга таклиф қилди.
-Қани, юринг, устоз. Сизни ўзим машинада элтиб қўяман.
-Майли…
Мукаррамхон ая транспорт кутиб, совуқда узоқ туриб қолгани учунми, Яратганнинг марҳаматидан бениҳоят хурсанд бўлди, ҳозир.
-Ўғлим, йўллар сирпанчиқ экан, мошинани шошилмай бошқар…
-Хўп бўлади…
-Ҳа, айбга буюрмайсан, нечанчи йилда битиргансан мактабни, болам? – сўради аёл.
-…98 йилда битирганман мактабни, устоз. Тўғри, сиз юзлаб ўқувчиларга сабоқ бергансиз. Шунинг учун ҳаммамизни бирдай эслаб қололмайсиз.
-Тўғри тушунганинг учун раҳмат, ўғлим… – устоз майин табассум билан унга қараб қўйди. Кейин:
-Қаридик… Қарилик юкини тан олмасак бўлмайди… – деди бироз сокин овозда.
Шерзод машина тезлигини пасайтирди-да, яна савол ташлади:
-Ҳа, байрам арафасида қаерга йўл олдингиз, устоз?
-Ҳа… айтмоқчи байраминг муборак бўлсин, ўғлим! – деди Мукаррамхон ая бир нимани эслагандай минг бир ҳаяжон билан.
-Раҳмат, раҳмат…
-Бугун “Ватан ҳимоячилари куни” экан… – деди Мукаррамхон ая машина ойнасидан ташқарига боқиб. Кейин яна, Шерзодга қаради.
-Шу… ҳар байрамда хонадонимизни меҳмон босади-да, ўғлим. Ҳеч тинч ўтирмаймиз, – ҳазил аралаш кулиб қўйди.
-Ў-ў, яхши-ку?! – Устозини руҳлантирмоқчи бўлди Шерзод. – Меҳмон кутишни мен ҳам жуда яхши кўраман.
-Тўғри айтасан, уйимизнинг тўриси меҳмонлар билан тўлса қандай яхши?.. Кўнглинг ёришади, хонадонинг файзга тўлади, барака ёғилади…
– Ҳа, албатта…
-Икки қизим куёвлари билан болаларини олиб бизникига келишмоқчи бугун. Дадасини табриклашади-да, байрам билан. Шунга бозорга бориб, ул-бул нарса олиб келиб қўяй дегандим. “Сизга совға олиб келаман, дадаси”, деб ҳазил билан бир амаллаб чиқдим-да. Бўлмасам, мени бир қадам ҳам ўзимни ёлғиз чиқармайди кўчага!
Беозор кулги кўтарилди.
Шерзод устозининг иссиқ истарасига меҳр билан боқди. Унинг пешона ва юзларида ўтган умрнинг муҳри – катта-катта чизиқлар бор эди… Кийиниши ҳам оддийгина, лекин ўзига ярашимли. Кўринишидан талабчанлиги яққол сезилиб турса-да, мураббийларга хос меҳр юз-кўзидан ёғилиб турарди.
Шу топда негадир унинг юраги безовта урди. Оғир ҳўрсинар экан, ортда қолган бебаҳо, шунингдек, роҳатбаҳш ва дилхуш лаҳзаларни эслагиси келди.
ХХХ
…Ўшанда Янги йил арафаси сабаб, байрам кечасини ўтказиш учун синфдошлар орасида тайёргарлик катта эди.
Шерзод тонгда чўчиб уйғонди. Тушида синфдоши Гулруҳсорни кўрибди. Қиз Шерзодга қараб турармиш ва: “Мен ҳам сизни ёқтираман” деяётганмиш. Шерзод боғу-бўстондан узиб келтирган гулдасталарни Гулруҳсорга узатаётганда баногоҳ қиз ғойиб бўлиб қолармиш.
Шу куни Шерзод мактабга борибоқ кўрган ёқимли туш ҳақида ўзига яқин тутиб юрган оғайниси – Сардорга айтиб берди. Бироқ кутилмаган вазиятлар юзага келди. Сардор танаффус пайтида бу гапни бутун синфга ёйиб ташласа бўладими? Шунда Гулруҳсор аччиқланиб Шерзодга норози қиёфада қараб олди-да:
-Устозимиз кирсин, кўрасан, ҳаммасини айтиб бераман, уқдингми?! – деди жаҳл билан.
Кейин синфда ўқувчилар орасида “висир-висир”лар, “пиқ-пиқ” этиб кинояли кулишлар бошланди. Шерзоднинг ичи “шув” этиб кетди. Сардордан қаттиқ ранжиди. Қалбида бардош бериш мушкул бўлган озорлар ғалаён кўтарди. Ўтирган жойида қўлларини мушт қилиб тугди. Бироқ, жим туролмади. Даст ўрнидан тураркан, бориб Сардорни бир четга тортди:
-Қалбимга тарсаки тушириб, кўзимни очдинг, раҳмат! Сени дўст деб билгандим. Аслида сенинг бу қилмишинг олдида ҳеч ким ип эшолмайди. Киши билмас илон экансан!
Бу гап Сардорга чивин чаққанчалик ҳам таъсир этмади. Балки, ўзига номуносиб ҳаракатлар қилди. Кейин ундан бироз узоқлашиб Шерзодга қараб бесўнақай тиржаяркан: “Мажнун…” – деди мазҳараомуз…
Шу орада синфга ўқитувчи кириб келди. Тезда ҳамма ўз ўрнини эгаллади. Ўқувчилар бараварига салом беришди. Муаллим саломга алик оларкан, ўтиришга рухсат берди. Ўзи ҳам хотиржам стулга ўтираркан, қўлидаги журнални стол устига қўйди. Бир вақт Гулруҳсор ўрнидан ирғиб турди:
-Устоз, манабуни қаранг, – деди у Шерзодга қўлини узатиб. – Унинг тушига кирибман. Тушида эса мен уни севиб қолибман.
Шерзод ўтирган ўрнида қотиб қолди. Дарди дунёси зимистон бўлиб кетди. Бошини хам қилиб эгаркан, нафас олмас даражага етди. Чунки унинг ардоғидаги инсон лоқайдларча, менсимаслик оҳанги билан, қўлларини “арра-арра” қилиб устозга гапни “милтиқ” қилиши Шерзодга қаттиқ таъсир этганди. Агар териси етти қават бўлмаганидами… бу дард сиртига тешиб чиқиши аниқ эди.
Шерзод бошини базўр кўтарар экан, муаллимнинг кўзларига маъюс қаради.
Мукаррамхон ая ўрнидан аста туриб, у ўтирган партага қараб юра бошлади. Шерзоднинг юраги қинидан чиқиб кетгудек бўлаёзди шу топда. “Нималар қилиб қўйдим? Севгимни кўнглимда пинҳона сақласам бўлмасмиди? Нега буни Сардорга айтдим-а? Нега унга ишондим? Устозим нима деса, шу ерда ҳал қилсин-да. Синфдан ташқарида – ўқитувчилар хонасига олиб чиқиб, бутун устозлар олдида таъзиримни берадиган бўлса борми? У ёқда директор… Бунақа шармандагарчиликдан кўра ўлганим афзал. Ҳа, яхшиси, ўзимни ўзим ўлдираман!” Бу шум фикр яшин тезлигида хаёлидан чарх уриб ўтаркан, у қарорида қатъий эди.
Мукаррамхон ая Шерзодга яқинлашди:
-Ўғлим! – деди у мулойим оҳангда. – Бунақа гапларни гапирмагин… Ҳали вақтлар келиб мустақил ҳаётга қадам босасан. Ўшанда севги тўғрисида ўйлашиб кўрарсан. Ҳозир фақат ўқишни ўйла. Бошқа фикрлар эса сени чалғитади, холос…
Ҳалитдан бери унинг ичини кемираётган ички олишув бирдан тўхтади. Шерзод партага қўлларини устма-уст қўйиб ўтирганча, устозидан кўзини узмади. Аммо юрагининг туб-тубидан бош кўтарган аламли изтироблари кўзларига қалқди. Бир-бирини қувлашиб чиқаётган ёшлари қароқларидан сизиб-сирғалиб тушиб билагини куйдирди. Болани йиғлатган аччиқ сабабнинг бири: унинг нозик кўнглини парчалаб, ишончини суистеъмол қилган “дўст”нинг хоинлиги бўлса, кейинги баҳона эса, ғамга ботганда бошини бағрига қўйиб йиғлай оладиган суянчиғининг борлиги, онасидай меҳрибон бўлган зотнинг беминнат тасаллиси эди…
Мукаррамхон ая Шерзоднинг яноғига томаётган ёшларни кўриб, кўнглида унга нисбатан шафқат туйғулари яна-да, қўзғалди. Ўқувчи балоғат ёшида эмасми, бундай пайтда у зиғирдай танқидни кўтаролмайди. Сал нарсага ғурури аланга олиб кетади. Тариқдай нарса ҳам унинг асабини силкитиб юборадиган даражага чиқади. Буларни эса зукко устоз яхши англайди. Боз устига, ҳозир унинг юз ифодасидан умидсизланаётганини илғаган муаллим тездагина ёрдамга шошди.
-Нега йиғлайсан, ўғлим? – деди жиддий туриб ва ёшларини кафтлари билан охиста артиб қўйди.
-Йигит киши йиғламайди. Севиш гуноҳ эмас-ку, болам. Фақат муносиб одамни севиш керак. Сен дадил бўл! Мактабни яхши баҳоларга тугаллаб олганингдан сўнг, яна олий ўқув масканларига ўқишга кириб таҳсил ол! Ота-онангга, қолаверса, шу яшаб турган Ватанингга муносиб фарзанд бўл! Ана ўшанда асл муҳаббатингни топишинг ҳам осон бўлади, болам.
Мукаррамхон ая энди доска томон юрди. Ва изоҳ беришда давом этди:
-Сизлар ҳозир бир-бирингизни ҳурмат қиласизлар, менинг ҳам ҳавасим келади сизларга. Айниқса, йигитлар қизларга нисбатан ғамҳўр, меҳрибонсизлар. Шунинг учун “севиб қолдим”, деган хаёлга борасизлар. Аслида, бу каби ҳис-туйғулар – ўзаъро ҳурмат, оқибат ва мурувват ҳисобланади, болаларим. Демак, меҳр билан севгини алиштириб юбормаслигимиз керак экан. Тушуниб олдик-а?
Синфда ўтирганларнинг барчаси бир мунча жонлангандай бўлдилар. Бир-бирларига миннатдорона нигоҳ ташлаб олдилар.
-Бир-бирларингизнинг камчилигингизни ахтариб эмас, кемтик томонларингизни меҳр билан тўлдириб юришга ўрганинглар, жон болаларим. Кейин… Ҳозиргидай хато-камчиликни кўпчилик орасида тилга олиш ярамайди. Чунки ҳаммамиз ҳам хатокормиз. Асосийси, қилган хатони такрорламаслик лозим. Энди, ҳамма диққатини дарсга қаратсин. Уйга берилган вазифани бир кўрайлик-чи, қани?
…Мукаррамхон ая – доим шогирдлари ёнида, бемалол унга суянса арзийдиган кучли аёл. Ўқувчиларининг бахтиёр юзини кўришдан кўра улуғроқ мукофот йўқ унинг учун. Ҳамма нарсага хотиржам ёндошади. Қандай муаммо чиқмасин, вазиятни юмшатиш мақсадида куйиб-пишади. Хулоса чиқаришга, бировни айблашга ва жазолашга шошилмайди. Устознинг оқилалиги ўқувчиларнинг камолга етишишида кўп асқотган. Айниқса, Мукаррамхон ая болаларнинг қизиқишларини эринмай суриштиради. Ота-оналар билан ўқувчиларнинг ўртасида элчи бўлади. Буларнинг ўзи бўлмайди, албатта! Болаларнинг инжиқликлари, ҳар бирининг ўзига хос характери бор. Шунинг учун ҳам ҳар бирига мослашиш керак, уларнинг кўнглига қараб, ўз кўнглидагини ҳам тўғри ифодалай олиш лозим.
Устоз ўз ўрнида талабчан ҳам эди. Мақсад – ўқувчилар саводсиз қолмаслиги учун юксак маънавий иқлим яратиш, уларнинг ўзбошимча, бебош бўлиб кетишдан асраш эди.
Шу воқеа сабаб бўлиб Шерзод атрофга тийрак кўз билан боқишга, хушёр қайнашга ўрганди. Устознинг бола қалбини улуғлашидан унинг кўнгли ўсди ва илмга яна-да, ихлос қилди.
…Мактабда охирги қўнғироқ тадбири бошланди. Сардор қилиб қўйган ишидан қаттиқ пушаймон эканини ўшанда тан олди.
-Оғайни, – деди у, Шерзоднинг ёнига келиб. – Қуёшга қараб тупурган одамнинг ўзини юзи ифлос бўларкан. Мени кечир! Мана, мактабдаги ўқиш ҳам тугади, энди ҳаммамиз ҳар тарафга сочилиб кетамиз. Умрбод айбдорлик ҳисси билан яшаб ўтишга маҳкум этма мени.
Шерзод оғир ютинди ва сўзсиз-садосиз мактаб остонасидан чиқиб кетди. Сукут сақлаш эса, албатта, ризолик белгиси эди…
ХХХ
Беихтиёр: “Эссиз, Сардор деган исминг”, – деб пичирлади Шерзод.
-Бир нима дедингми, ўғлим, – сўради Мукаррамхон ая.
-Йўқ… – ҳижолат бўлди Шерзод. – Бироз хаёлга толибман. Эътибор қилманг, устоз…
Хотиралар қуюни билан бўлиб машинани қандай бошқариб келиб қолганини ҳам билмай қолди у. Сўнг, улар бирга бозор айланишди.
-Новвойларнинг қўли дард кўрмасин-ей! – муаллим таҳсин айтиб юборди.
Сўнг атрофга аланг-жаланг боқди. Гавжум бозордаги одамларнинг юзидаги кўтаринки кайфиятни кўриб, меҳри жўш урди. “Жаннатмакон юртимизга кўз тегмасин, илоҳим!” – дея пичирлаб қўйди кувониб.
Мукаррамхон ая расталарни тўлдириб турган, турли шаклдаги катта-кичик оби-нонларни қўлига олиб олди-орқасини кўздан кечираркан, ич-ичидан “офарин” деди.
-Инсон юзига қараб кулиб туради-я, бу кулча-ю патирлар?!
-Шунисини олайликми, устоз? Сизга ёқди, а?
Кейин ширинликлар сотадиган растага ўтишди. Мева-чеваларгача ҳарид қилишди. Устознинг кичкинтой набираларига деб, Шерзод алоҳида совғалар сотиб олди. Қайтиб бориб машинага ўтиришганда эса Мукаррамхон ая астойдил эътироз билдирди:
-Шерзодбек, мени бугун жуда ҳижолат қилдинг-да, ўғлим?! Ахир, катта ҳаражат қилиб юбординг-ку?.. Ҳаражатлар ҳисобини қандай узаман, болам?
-Устоз! – деди Шерзод астойдил ўртаниб. – Асло ундай дея кўрманг. Сиздан мен умр қарздорман! Тушуняпсизми? Умр қарздорман сиздан. Сиз бўлмаганингизда, ғўрлигим, ношудлигим боис мен аллақачон бу дунёдан армон билан ўтиб кетган бўлармидим?.. Тўғри, ота-онам жисмимни дунёга келтиришган. Лекин сиз мени кўкларга юксалишни ўргатдингиз. Одам бўлиб камол топишимда ёрдам бердингиз. Асосийси, ҳаётда қоқилмасдан, тўғри йўлдан қадам босишимга сиз сабабчи бўлдингиз, устоз! Аслида сиз мендан рози бўлинг. Негаки… умрбод сизнинг хизматингизда бўлсам ҳам, умр қарзимни узолмайман!
Мукаррамхон ая бир зум негадир сўзсиз бўлиб қолди. Қиров оралаган кипригига илиниб турган ёшни яшириш илинжида машина ойнасидан ташқарига боқар экан, энтикиб қўйди. Бу эса олижанобликнинг қадрига етиб камол топган собиқ ўқувчисига нисбатан қониқиш белгиси эди.
-Раҳмат, болам… Бугун кўнглимни тоғдек ўстирдинг, раҳмат сенга. Йўлда кетаётиб, ишларинг зарурлигидан тўхтамай ўтиб кетсанг ҳам бўлаверарди. Аммо озми-кўпми сенга берган илмим ҳурматини қилибсан, кексалигимни инобатга олиб мени қадрлабсан, сендан мингдан-минг розиман!
-Устоз, сизга телефон рақамимни қолдираман, майлими? Қачон бирон жойга бормоқчи бўлсангиз, тортинманг, дарров менга қўнғироқ қилинг. Доим хизматингизга тайёрман!
…Улар манзилга етиб келишгач, Шерзод Мукаррамхон аянинг тушишига кўмаклашди. Уйдан хурсанд чиқиб келган набиралар бувиси билан қучоқ очиб кўришишар экан: “Бувижон, биз келди-и-и-к, нималар олиб келдингиз, бувижон?!” – деб сакрашди.
-Қаерларда юрибсиз, онажон? Нега оввора бўлдингиз? – дея катта қизи Гулчеҳра илдам юриб келаркан, Шерзоднинг қўлидаги сумкаларни олишга ошиқди.

Нигора САЙДАЛИЕВА.

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn