Суҳайлий: НАСИҲАТНОМА (Достон)

qorajon qodirov

Қуръони Каримни шеърий йўлда ўзбек тилига ўгирган шоир ва таржимон Суҳайлий (Қоражон Қодиров) айни кунларда  80 ёшлик тўйларини нишонламоқдалар. Домланинг панду насиҳатлари ва фалсафий фикрлари шеър ўлароқ кўплаб ўқувчиларимиз онгу шуурини забт этиб улгурган. Суҳайлий жасоратли шоир сифатида кўпчиликка танишдир.

1. ОДОБ ВА АҲЛОҚ ҲАҚИДА

Инсон учун зарур нарса-.
меҳр-мурувватдир, болам,
Катталарга ҳурмат билан
кичикка иззатдир, болам!
Одамийлик ҳар нарсадан
ғоятда қимматдир, болам,
Менинг сенга айтар гапим:
панду насиҳатдир, болам.

Унинг маънолари кенгдир,
бари бу -ҳикматдир, болам!

Ҳар жойда ҳам одоб керак,
одоб бирла сақла сукут,
Одобсизлик қилмагин ҳеч,
қўполликни буткул унут!
Ушбу ҳақда доноларнинг
ўгитларин ёдингда тут,
Гап келганда ўйлаб гапир,
шошилмайин, навбатни кут,
Р и о я л и , а н д и ш а л и
бўлмоқ бағоятдир, болам!

Нафс-у, ҳирсга берилма ҳеч,
доим сенда бўлсин одоб,
Дастурҳонда таом турса,
унга қўлинг урма шитоб!
Ҳар бир ишга фикр керак,
ҳар жойда бор ҳисоб-китоб,
Шошқалоқлик-ақлсизлик
қилсанг-ишинг бўлгай сароб,
Одоблилик аломати-.
сабр ва тоқатдир, болам!

Инсонларнинг инсонлиги
гапи билан сўзидандир,
Сийрат билан сифати ҳам
фақатгина ўзидандир!
Феъл-атвори, важоҳати
боқиб турган кўзидандир,
Иймон, инсофнинг борлиги
нур ёғилган юзидандир,
Дуо олиб юрмоқлик ҳам
энг яхши одатдир, болам!

Меҳмон кутган чоғингда ҳам
одаб бирла ҳурмат сақла,
Мезбон бўлиб, иззат қилиб,
ўз бурчингни бажар, оқла!
Керак бўлса, кўриш майли,
лозим бўлса гар, қучоқла,
Улар кўнглин олмоқ учун
суҳбат-у гапларин ёқла,
Иззат-ҳурмат қилмоқлик ҳам
яхши фазилатдир, болам!

Мискин, фақир бечоралар
ёрдамга муҳтожлар эрур,
Меҳр-мурувватли бўлсанг,
улар сени яхши кўрур!
Йўлда, чўлда гадолар кўп,
садақалар сўраб турур,
Улар холис бандалардир,
бу оламда шундай юрур,
Инсонларга меҳрибонлик-.
хайру саҳоватдир, болам!

Умр боқий эмасдурким,
ўтганлигин билмайсан ҳам,
Ҳаёт ташвишлари кўпдир,
балки парво қилмайсан ҳам!
Кўплар билан бир сафдасан,
аммо ортда қолмайсан ҳам,
Ўз ғамингни ўзинг ейсан,
балки оғир олмайсан ҳам,
Келажагинг кўра олсанг-.
бу бир башоратдир, болам!

2. ДИНУ ДИЁНАТ ҲАҚИДА.

Мўмин қуллар бу дунёда
балки роҳат кўрмайдилар,
Ва ёки ғам-ташвишларсиз
масрур бўлиб юрмайдилар!
Тақдирда не бўлса кўрар,
йўлин четга бурмайдилар,
Умр ўтиб кетгандан сўнг
қайта умр кўрмайдилар.
Демак, умр асли қисқа,
доим камоматдир, болам!

Чарх айланиб ўтар экан
шиддат билан йил ва замон,
Одамлар ҳам бўлар экан
феъли яхши ва ё ёмон.
Албат яхши одамларда
мустаҳкамдир дину иймон,
Иймонлилар кўпайсинлар,
бўлсин улар соғ ва омон,
Мўмин-мусулмон бандалар
Расулга умматдир, болам!

Чин умматлар бу дунёда
бир-бирларин ранжитмайди,
Ёмон сўз ва гаплар билан
дилларини оғритмайди.
Чунки улар ўз кўнглида
хирсу таъма қўзғотмайди,
Бесабабдан ҳеч кимсага
балки озор ҳам этмайди,
Фақат дилни ранжитгувчи
гина, адоватдир, болам!

Оллоҳ айтган фарз амалин
адо этмоқ яхши одат,
Барчасига лойиқ бўлиб
юрмоқлик ҳам бахт-саодат!
Бу дунёда яшамоқлик
банда учун қисқа муддат,
Лекин ўша қисқа муддат
ўтар экан ғоят шиддат,
Оллоҳ Ўзи мақбул кўрса,
қилгуси раҳматдир, болам!

Истаранинг иссиқлиги
банда учун зебу зийнат,
Гўзал ҳулқу одоб эса,
инсонларга зўр фазилат.
Пайғамбарнинг айтганлари
умматларга эрур суннат,
Фарз ва суннат амалларин
бажарганлар бўлгай уммат,
барча амалларни қилмоқ
асли шарофатдир, болам!

Гар бандалар Оллоҳ демай,
кофир бўлиб ҳаддан ошса,
Кофирлару, норасолар
билан олам тўлиб тошса,
Мўминлар ҳам ҳақ йўлидан
тўғри юрмай гар адашса,
Бесабрлар тоқат қилмай
ва охират томон шошса,
Шунда Оллоҳ қаҳр қилса,
рўзи қиёматдир, болам!

Беномуслик ҳаддан ошса,
Оллоҳнинг ҳам қаҳри келар,
Қаерда не бўлганини
фақатгина Ўзи билар!
Беҳаёлар, беномуслар
ўзгаларга жафо қилар,
Шу боиским, бандаларга
турли балолар ёғилар,
Бундай қаттиқ бало, офат
барчага кулфатдир, болам!

2. ТАҚВОДОРЛИК ҲАҚИДА

Тақводорлар харом-хариш
нарсалардан ҳазар қилар,
Оллоҳидан ўзларига
ҳалолу пок ризқлар тилар.
Чунки улар нафсу хирсни
жиловлашни яхши билар,
Шу боиским, бари улар
Оллоҳ севган банда бўлар,
Ҳалолу пок йўл аслида
дину диёнатдир, болам!

Мўмин-мусулмон бандага
фарзу суннат эрур намоз,
Қанча намоз ўқисалар
Оллоҳ учун шунчалар оз!
Ҳар ракаат намозлари
ўзларига айтар дилроз,
Тақводорлар у дунё-ю,
бу дунёда бўлар эъзоз,
Инсонларни эъзоз қилган-.
билсанг ибодатдир, болам!

Бандаларнинг гуноҳи кўп,
ҳар бирида бисёр бўлур,
Тақводорлар бундан огоҳ,
улар ҳар дам ҳушёр бўлур.
Кофир зотлар гуноҳ сабаб,
ғариб ва хокисор бўлур,
Шу боиским, барча учун
тавба қилмоқ даркор бўлур,
Ҳақ йўлида юрган одам
соғу саломатдир, болам!

Охиратнинг ишларини
бажармоқлик вожиб эрур,
Буни яхши билган зотлар
ибодатда бардам турур.
Тақводлар, рўзадорлар
у дунёда мағрур юрур,
Оллоҳ севган бандаларнинг
дилларида шодлик, сурур,
Диёнатли зотлар учун
у дунё роҳатдир, болам!

Золимлару қотилларнинг
гуноҳлари кечирилмас,
Охиратда Оллоҳ Ўзи
уларга ҳеч шафқат қилмас!
Риёкор ва мунофиқлар
охират нелигин билмас,
Улар дўзах маҳкумидир,
гуноҳлардан фориғ бўлмас,
Жаҳаннам нелигин билсанг-
бир қаро зулматдир, болам!

Ўлгандан сўнг мункарнакир
сўроқ-савол қилар эрмиш,
Марҳум гўрга қўйилгач сўнг,
дарҳол унга кирар эрмиш!
Дадил жавоб беролмас,
гурзи билан урар эрмиш,
Қиёматда ўликлар ҳам
сарсон бўлиб юрар эрмиш,
Шуларни гар ўйлар бўлсанг,
ниҳоят ваҳшатдир, болам!

У дунёнинг қандайлигин
биров бориб кўрган эмас,
Дўзах ёки жаннатда ҳам
сайр қилиб юрган эмас!
Навбат кутиб одамлар ҳам
жанжал қилиб турган эмас,
Тақводорлар жаннатларда
давру даврон сурган эмас,
Лекин унинг ваҳиймаси
қўрқинчли, даҳшатдир, болам!

4. ТОАТ-.ИБОДАТ ҲАҚИДА

Бандаларни Оллоҳ Ўзи
яратмишдир синов учун,
Ибодатга сарфламоқ
лозим эрур борлик кучин.
Шунда барча адо қилгай
Оллоҳга бандалик бурчин,
Иймони бут зотлар учун
у дунёнинг борлиги чин,
Мўминларнинг қилар иши
тоат-ибодатдир, болам!

Бу дунёда кимки яшар
савоб ишлар қилмоғи шарт,
Унинг ажр-мукофотин
борлигини билмоғи шарт!
Охиратнинг роҳатини
кўрмоққа интилмоғи шарт,
Бир умрга ҳақ йўлида
мўмин бўлиб қолмоғи шарт,
Ҳар банданинг олий бурчи
Оллоҳга итоатдир, болам!

Пайғамбарлар умматларин
ҳақ йўлига чорлаганлар,
Улар машъала кўтариб,
юлдуз мисол порлаганлар!
Оллоҳ таоло ҳақ йўлин
дилдан ихтиёрлаганлар,
Барча мўмин-мусулмонни
ўзларига ёрлаганлар,
Чун уларнинг касбу кори
бари кароматдир, болам!

Ҳақ йўлини билмаганлар
бу дунёда ғофил бўлгай
Чиндан иймон келтирмаса,
албат, улар кофир бўлгай!
Дини Исломни билмаса,
бадкирдору жоҳил бўлгай,
Бераҳм ва жоҳил одам
хатто баттол, қотил бўлгай,
Ғофилликда ўтмоқлик ҳам
афсус, надоматдир, болам!

Иймонлилар ҳақ йўлида
савоб ишлар қилар фақат,
Чун уларда ортиқ эрур
инсонларга меҳр-шафқат.
Меҳр-шафқат бўлсагина
тотувлик бор дарҳақиқат,
Бундай зотлар орасида
бўлмас асло ғитна, ғийбат,
Иймонлилар муддаоси
фарз ила суннатдир, болам!

Мўмин банда ҳақ йўлида
амалларни қилгур албат,
Ислом динин арконларин
барчасини билур албат.
Иймонлилар ҳақни таниб,
чин мусулмон бўлур албат,
“Ло илаҳа Иллаллоҳ” деб,
иймон билан ўлур албат,
Умматларнинг қилар иши
“Қуръон” тиловатдир, болам!

То тириксан, умринг борки,
ҳақ йўлида ибодат қил,
Намоз ўқиб, рўза тутиб,
юрмоқликни чин одат қил!
Гоҳо бошга мушкул ишлар
тушса, сабр ва тоқат қил,
Илм аҳли, уламолар
билан доим мулоқот қил,
Инсон умри билсанг агар,
қисқа бир муҳлатдир, болам!

5. НАМОЗ ВА НАМОЗҲОНЛИК

Пайғамбарга уммат бўлмоқ
ҳар бандага ифтихордир,
Мусулмонлар учун албат,
“Қуръон” билан ҳадис бордир.
Намоз ўқиб, рўза тутиб
юрган қуллар дўсту ёрдир,
Барчалари у дунёнинг
борлигидан хабардордир,
Дини Исломнинг ҳақ йўли
доим имоматдир, болам!

Беш вақт намоз ўқимоқлик
мўмин-мусулмонга хосдир,
Бунинг учун иймон билан
зарур нарса чин ихлосдир!
Оллоҳ фарзи, пайғамбарнинг
суннатлари ҳақ асосдир,
Покдомонлик бандаларнинг
ниятларига ҳам мосдир,
Намоз ўқимоқнинг боши
аввал таҳоратдир, болам!

Намоз ўқиб, рўза тутиб,
ҳақ йўлида юрганлар кўп,
У дунёнинг ишлари деб,
ўз аҳдида турганлар кўп.
Икки дунё роҳатини
бу дунёда кўрганлар кўп,
Ғам-ташвишдан фориғ бўлиб,
давру даврон сурганлар кўп,
Ундайларга Оллоҳ Ўзи
қилгай ҳидоятдир, болам!

Барча аъзо соппа-соғдир,
ниҳоятким, ҳеч каминг йўқ,
Уй-рўзғорнинг ташвишини
қилмагайсан, ўй, ғаминг йўқ!
Қайғу, мотам қилмагайсан,
дийданг узра ҳам наминг йўқ,
Бу дунёда бахтиёрсан,
ўзга манзил-оламинг йўқ,
Оллоҳимга шукрлар қил,
тилда тиловатдир, болам!

Ёмонларга ёндошма ҳеч,
улар билан бўлма улфат,
Улфат бўлсанг ўз бошингга
солар турли-туман кулфат!
Кулфат билан жабру жафо
тортмоқ сенга кони ғурбат,
Ғурбат аро умринг ўтса,
тортажаксан минглаб заҳмат,
Ҳақ йўлидан адашмоқлик
бу бир залолатдир, болам!

Ҳақ йўлидан адашмагин,
энг тўғри йўл ушбу йўлдир,
Ушбу йўлдан тўғри юрсанг,
самараси жуда мўлдир!
Ҳақиқатнинг калити ҳам
ва ўзи ҳам бари шулдир,
Чунки барча бандалар ҳам
Оллоҳ учун фақат қулдир,
Ҳақ йўлини тутмоқлик бу-
дину диёнатдир, болам!

Ҳаққа берган ваъдаларга
ҳар бир банда амал қилсин,
Чун Оллоҳнинг ҳақ йўлини
муқаддас деб, аниқ билсин!
Рўзадор-у, намозҳоннинг
у дунёда бахти кулсин,
Рўза ҳайит, Қурбон ҳайит
мўминларга қутлуғ бўлсин,
Жумъа куни ҳайит бўлса,
билки арофатдир, болам!

6. БИЛИМ ВА БИЛИМДОНЛИК

Бу ҳаётнинг йўллари кўп,
барчаси ҳам пасту баланд.
Доно, оқил инсонларнинг
суҳбатидан бўл баҳраманд!
Улар илмин дилга жойлаб,
бор зеҳнингни айлагил банд,
Неки илм бўлса, уни
қалбингга сол, айла пайванд,
Илм, билим ўрганмоқлик
суҳбат, мулоқотдир, болам!

Инсонларнинг орасида
билимдонлар топар ҳурмат,
Чун уларнинг билимлари
ҳар нарсадан эрур қиммат!
Билимдонлар, донишмандлар
пайғамбарга аъло уммат,
Фузалолик ўзи асли
инсон учун олий неъмат,
Илм, билим инсонларга
обрў ва зийнатдир, болам!

Қори, муфти бўлмасанг ҳам,
илм, билим ўрган, майли,
Илмлилар сафларида
савлат тўкиб тургин, майли!
Олим, файласуфлар билан
ширин суҳбат қургин, майли,
Уламо-ю, қози, калон,
домла билан юргин, майли,
Билимдонлик асли билсанг,
ҳузур-ҳаловатдир, болам!

Илм олмоқ-игна билан
қудуқ қазимоққа тенгдир,
Билимдоннинг ақли юксак,
бағри ниҳоятда кенгдир.
Илм ва фан сирларини
сақлайдиган ақл-онгдир,
Илмлининг йўли порлоқ,
келажаги гўзал тонгдир,
Олимликнинг асослари-.
сабр-қаноатдир, болам!

Олим, фозил бўлиб олсанг-.
доноликдир қилар ишинг,
Муҳлисларнинг саноғи йўқ,
беҳисобдир шогирд кишинг!
Ҳар нарсага қурбинг етар,
бисёр эрурким хоҳишинг,
Дилингда ҳеч армон қолас,
кўнгилда йўқдир нолишинг,
Айтар сўзинг одамларга
илму ҳикматдир, болам!

Яхши, ёмон фикрларни
мулоҳаза қилмоқ керак,
Ҳаёт учун сабоқни ҳам
ва улардан билмоқ керак!
Ёмонликдан йироқ бўлиб,
покликка интилмоқ керак,
Ҳар кимсага ибрат бўлиб,
улуғ инсон бўлмоқ керак,
Ушбу фазилат манбаи-.
ақлу фаросатдир, болам!

Инсонларнинг мукаммали,
кўркамлари эрур бисёр,
Шу боиским, улар ушбу
дунё узра энг бахтиёр!
Лек уларнинг ўзларида
мутлақо йўқдир ихтиёр,
Ҳусну кўркни бор қилгувчи,
йўқ қилгувчи Парвардигор,
Гўзаллик ҳам инсонларга
сийрат ва сифатдир, болам!

7. ЁШЛИК ВА ЙИГИТЛИК

Ёшлик давринг қисқа муддат,
уни ушлаб тутолмайсан,
Маҳкам ушлаб турмоқ учун
тутқун, банди этолмайсан!
Лекин порлоқ хотиротин
асло унутаолмайсан,
Минг бор армон қилган билан
яна унга қайтолмайсан,
Бу даврнинг ўтиши ҳам
ниҳоят шиддатдир, болам!

Куч, билимнинг борлигида
ҳар бир ишни қилиш керак,
Илм бирлан чекланмасдан,
ҳунарни ҳам билиш керак!
Кексаларнинг ўгитларин
дилга жойлаб олиш керак,
Ҳар доимо юксакликка,
олдинга интилиш керак,
Йигитни мард, жасур қилган
куч бирла ғайратдир, болам!

Ёшлигингда илм ўрган,
қариганда даркор бўлгай,
Барча сенга муҳлис бўлиб,
хизматингда тайёр тургай.
Илм. билим ўрганганлар
элга саркор бўлиб юргай,
Илмсизлар сарсон бўлиб,
ишсиз қолиб, бекор юргай,
Билимдонлик кексайганда
роҳат, фароғатдир, болам!

Ёшлигингда сабот бнлан
касбкорли, ҳунарли бўл,
Беҳудага кун ўтмасин,
танлаб олгин энг тўғри йўл!
Ширин забон бўлсин тилинг,
машғул бўлсин меҳнатда қўл,
Нигоҳингдан қолмасин ҳеч
назоратда ўнг ила сўл,
Инсонларни мағрур қилган
касбу маҳоратдир, болам!

Ёшлик давринг бир мавсумдир,
куч-қувватга тўлган чоғинг,
Шунда ғоят кўпаюрким
улфатларинг, дўст-ўртоғинг.
Содиқлари бўлгай сенинг
энг суянган баланд тоғинг,
Чунон сени яхши кўрар
қариндош, уруғ-аймоғинг,
Йигитларнинг шаъни билсанг,
виждон ва ориятдир, болам!

Аёл зоти шайтон бўлар,
бўш келсанг гар йўлдан урар,
Ақлу ҳушингни ўғирлаб,
ширин боқиб, кулиб турар.
Тобеланиб, кўнгил берсанг,
сени ўзи томон бурар,
Аҳду вафо қилурман деб,
балки сен-ла турмуш қурар,
Йигитларни Мажнун қилган
севги-муҳаббатдир, болам!

Ғайрат билан билим олгин,
даврингга хос олим бўлгин,
Ақлу идрок, фаросатда
камол топиб, кучга тўлгин!
Илмлининг, зеҳнлининг
ранглари ҳеч бўлмас сўлғин,
Умр бўйи кўрганларинг
тажрибада синаб кўргин,
Ҳаёт сиррин билмоқлик ҳам
айни башоратдир, болам!

8. ҲАЛОЛЛИК ВА ПОКЛИК

Таъмага ҳеч ўрганмагин,
порахўрлик жуда ёмон,
Пок ва ҳалол яшаганлар
соғлом бўлур, доим омон!
Таъмагирлик етаклайди
фақат сени дўзах томон,
Харом-хариш еганларнинг
умрлари ҳам даргумон,
Шундай ҳолга тушган зотлар
асли ачофатдир, болам!

Одамларнинг жинси, зоти
аввало пок, тоза бўлсин,
Ўлганда ҳам қабрлари
обод бўлсин, нурга тўлсин!
Тирикликда шодон юриб,
омад келиб. бахти кулсин,
Ақлу идрок, фаросат-.ла
бу дунёни афзал билсин,
Ақлсизлик ҳам аслида,
билсанг, қабоҳатдир, болам!

Беақллик одамларга
зинҳор смара бермайди,
Нодон, ношуд кимсалар ҳеч
рўшнолик ҳам кўрмайди.
Чунки улар оқил, доно
зотлар билан ҳеч юрмайди,
Ўгит олиб, сўзин тинглаб,
ширин суҳбатлар қурмайди,
Бундай кишиларнинг йўли
гумон, аросатдир, болам!

Инсонларда турли-туман
гап-сўзлар ҳам бўлиб турар,
Баъзилари ўзгаларга
ёлғон сўзлар ташиб юрар.
Кимлар ғазаб, ҳасад билан
бўлар-бўлмас хаёл сурар,
Ёлғончилар, бўҳтончилар
ҳовлиқишиб, кўп гупирар,
Билиб-билмай гапиришлик
ёлғон ва тўҳматдир, болам!

Ўзи қилвир, ниятлари
бузуқ зотлар ҳам йўқ эмас,
Улар ёмон ишлар қилур,
аммо ўзим қилдим демас.
Қилмишидан пушаймон-у,
ва хаттоки ғам ҳам емас,
Иймонли ва диёнатли
зотларга бу мумкин эмас,
Қинғир-қийшиқ йўл поёни
бало, касофатдир, болам!

Бировлардан нарса олма,
олснг-ўз ўрнида қайтар,
Қайтармасанг-берган одам
сенга албат, лаънат айтар!
Ҳар қалай пок шаънинг учун
бўлар-бўлмас гаплар айтар,
Ҳасис, нокас бўлса у зот,
сенга бир кун таъна этар,
Мабодо қарз бўлиб қолсанг,
бу ҳам маломатдир, болам!

Тўғри юриб, тўғри турсанг,
иззат-обрўйинг ҳам ошар,
Сенга гина. ҳасад қилган
зотнинг эса ақли шошар.
Атрофингда гиргиттонлар
парвонадек тўлиб-тошар,
Барчаси ҳам садоқат-ла
сенга хизмат қила бошлар,
Пок ва ҳалол юрмоқлик ҳам
айни ҳақиқатдир, болам!

9. ЯХШИЛИК ВА ЁМОНЛИК

Яхшиларга бўлгин ҳамроҳ,
ёмон билан юрма зинҳор,
Йўлдан урар сени ёмон,
балоларга этгай дучор!
Ундайлардан бир сен эмас,
барча одам эрур безор,
Раҳм-шафқат йўқ уларда,
ҳар кимсага бергай озор,
Бу зотларнинг қилар иши
бало, касофатдир, болам!

Бу оламда инсонлар кўп,
бири яхши. бири ёмон,
Нафинг тегса ёмонлар ҳам
бўлиб қолурлар сен томон.
Лек уларнинг мақсади не,
билиб бўлмас, бу даргумон,
\Ким ҳам сенга ишонади,
кимдир эса қилар гумон,
Бало, туҳматга қўйгувчи
билсанг ҳусуматдир, болам!

Барча инсон муддаолик,
тирикчилик бордир албат,
Яхши инсон ҳар кимсага
дўст ила ҳамкордир албат.
Ишқ-муҳаббат риштаси бор,
қадрдон дўст-ёрдир албат,
Узоқлашиб кетсалар ҳам
бир-бирга зордир албат,
Яхши одам ҳар кимга ҳам
дўст ила улфатдир, болам!

Ёмон одам яхшиларга
ҳар доимо қўйгай тузоқ,
Ҳушёр бўлсанг ёмонларнинг
ҳийласидан бўлгин узоқ!
Зеҳнли бўл, ақлли бўл,
ўзгалардан бўл яхшироқ,
Ялқов, нодон кимсаларнинг
фикрлари ҳам тумтароқ,
Ақл-идрок фурсати ҳам
айни балоғатдир, болам!

Бировларга дашном берма,
ширин сўзу мулойим бўл,
Тўй, маърака, ўлим бўлса,
хизмат айла ва қойим бўл!
Ҳаста, беморлар дардига
малҳам бўлсанг-ҳар доим бўл,
Тақво билан ибодат қил,
рўза тутиб ва сойим бўл,
Бунинг ажрлари бисёр,
мангу ва роҳатдир, болам!

Душманга ҳам ёмонликни
асло раво кўрмагин ҳеч,
Гина, ғараз, адоватни
хаёлда ҳам сурмагин ҳеч!
Фитначилар, бўҳтончилар
даврасига кирмагин ҳеч,
Шундай суҳбат бўлган жойда
мутлақо ўлтирмагин ҳеч,
Бу сўзларни тингламоқ ҳам
асли хиёнатдир, болам!

Гар қўлингдан келар бўлса,
мискинларга айла ёрдам,
Бечораҳол ғарибларга
мадад бергин ишда ҳар дам!
Пайғамбарнинг умматлари
бир-бирига эрур ҳамдам,
Қариндошдир ҳар бир инсон,
Одам Ато ўғли одам,
Инсонларга меҳрибонлик-.
вафо, садоқатдир, болам!

10. МЕҲНАТ ҲАҚИДА

Меҳнат қилиш осон эмас,
унинг ҳам ўз меъёри бор,
бу меъёрга баъзи одам
мутлақо бермас эътибор!
Пок ва ҳалол ишлаганлар
ҳар бир ишда бўлур илғор,
Шу боиским, кўпаймоқда
ишбилармон ва тадбиркор,
Иш унумин бидсанг агар,
сифат ва суръатдир, болам!

Ҳар қандайин меҳнатнинг ҳам
иш унумин бўлмоғи бор,
Ишлаганлар фойда билан
зарарни ҳам билмоғи бор.
Ишчи, деҳқон ва фермерлар
шунга амал қилмоғи бор,
Билмаганлар билганлардан
ибрат, сабоқ олмоғи бор,
Шундай мусобақа шарти,
ютуқ, рақобатдир, болам!

Она ердан ҳосил олмоқ
жуда қийин, осон эмас,
Аммо буни билмаганлар
балки уста деҳқон эмас!
Ўз-ўзидан бўлмайди у,
ер ҳосилга бир кон эмас,
Меҳнат қилиб. дур терурсан,
бу гап чиндир, ёлғон эмас,
Мўл ҳосилнинг гарови ҳам
шарафли меҳнатдир, болам!

Барча одам меҳнат қилар,
ҳеч бир киши турмас бекор,
Халқимизда бир мақол бор:
“бекорчидан худо безор”.
Ишлаганлар кун ва тунни
ўтказишар хатто бедор,
Иш билганга илҳом, ижод
бўлур албат куч ва мадор,
Моддий неъмат инсон учун
ютуқ ва рағбатдир, болам!

Эр кишининг мардлигини
куч ва қувват кўрсатади,
Эл ва юртнинг орасида
иззат-ҳурмат кўрсатади!
Сидқи дилдан иш қилиши
ва меҳнати кўрсатади,
Меҳнат билан унинг топган
шон-шуҳрати кўрсатади,
Йигитларни мағрур қилган
ғайрат, жасоратдир, болам!

Ҳеч ҳунаринг бўлмаса гар,
ерлар очиб. бўлгил деҳқон,
Деҳқонларнинг иши яхши,
даласида у бир ҳоқон.
Чунки дала ҳар қандайин
мева билан ҳосилга кон,
Мўл даромад олсанг агар,
сенга бўлур зўр шараф-шон,
Деҳқончилик асли билсанг,
бу бир зироатдир, болам!

Барча одам турли-туман
ишлар қилиб, ижод этар,
Ижод, меҳнат қилган киши
касбу камолга ҳам етар!
Лекин умр қисқа эрур,
оз фурсатда ўтиб кетар,
Ақлу фаросат с о ҳ и б и
бир ҳунарнинг бошин тутар,
Касбу корнинг энг аълоси
билсанг тижоратдир, болам!

11. СОҒЛИК-.САЛОМАТЛИК

Оллоҳ сени инсон қилди,
ақл деган неъматинг бор,
Тўғри юриб, тўғри турсанг-
инсонаро ҳурматинг бор.
Оллоҳимга шукрлар қил,
танангда куч-қувватинг бор,
Ҳусну чирой ҳам жойида,
кўркам, мағрур савлатинг бор,
Сени ўктам қилиб турган
бу қадду-қоматдир, болам!

Томирингда қонлар жўшиб,
юрак доим уриб тургай,
Ақл ишдаб, қулоқ тинглаб,
икки кўзинг кўриб тургай.
Билак кучли, бел бақувват,
оёқларинг юриб тургай,
Бутун жисминг соғ-саломат,
давру даврон суриб тургай,
Сени тирик ушлаб турган
танда хароратдир, болам!

Инсон учун зарур нарса
соғлик-саломатлик эрур,
Соғлом одам ҳар доимо
бардам, тетик, мағрур юрур.
Бундай одамлар ҳаётда
узоқ яшаб, даврон сурур,
Баъзилари ва хаттоки
бир асрлик умр кўрур,
Узоқ яшамоқлик ўзи
бахту саодатдир, болам!

Ожиз, ночор бандаларнинг
соғломидан ночори кўп,
Беморларга малҳам бўлган
чора, тадбир ва дори кўп!
Ҳасталикдан азоб чеккан
дили вайрон, афгори кўп,
Қилмишидан пушаймон еб,
хор бўлгани ва зори кўп,
Барча ночор бандаларга
шифо табобатдир, болам!

Соғлигингни мустаҳкамлаб,
ҳушёр, тетик бўлгин ҳар дам,
Бутун аъзо, жисминг учун
ғамхўр эрур, бергин ёрдам
Соғлом одам ҳар доимо
шаҳдам юрар, тетик, бардам,
Беҳавотир бўлиб юрар
ҳар қаерда соғлом одам,

Билсанг агар танангдаги
жон ҳам омонатдир, болам!
Кўп еганнинг ризқи тугар,
оз еганлар кўпроқ яшар,
Оз еганнинг халқ олдида
ҳурмат, обрўси ҳам ошар.
Кўп ейман деб, баъзи одам
ҳақ йўлидан ҳам адашар,
Нафсу хирсга берилганлар
сабр қилмай, обдон шошар,
Оз еганнинг умри узоқ,
тани саломатдир, болам!

Оллоҳ берган бу умрга
ҳар дам шукр қилмоқ керак,
Лек ана шу умрни ҳам
ғанимат деб билмоқ керак.
Бу ҳаётда ҳар доимо
олдинга интилмоқ керак,
Дилда алам бўлмасин ҳеч,
йиғламасдан, кулмоқ керак,
Яшамоқнинг чин маъноси
роҳат-фароғатдир, болам!

12. ҲУКУМАТ ИШЛАРИ
ВА РАҲБАРЛИК
Бу дунёда элатлар кўп,
миллатлар кўп ниҳоятда,
Ҳар бири ҳам куч-қудратли,
кенг каттадир ниҳоятда.
Бир-биридан қолишмайди
р а қ о б а т у сиёсатда,
Ким ўзарга баҳслашар
бу оламда жамиятда,
Ҳар бири мустаҳкам ўлка,
ҳар бири давлатдир, болам!

Давлатлар ҳам бисёр эрур,
бир-бирига туташ, яқин,
Ҳудудлари кенг, бепоён,
ерларига тушмас чақин.
Сиёсати, йўли бошқа,
келажаги порлоқ, ёрқин,
Уларнинг кўп ишларидан
билиш мумкин яъни фарқин,
Қонун, сиёсат юргизгувчи
Олий ҳукуматдир, болам!

Ҳукуматни бошқаргувчи
оқил, доно раҳбарлар бор,
Ҳар соҳани қамраб олган
режа, қонунлар устивор.
Ўз ишларин билгувчидир,
фуқаролар беихтиёр,
Жамиятда кимлар ғариб,
кимлар эса шод. бахтиёр,
Мамлакат ва давлат иши
қонун, сиёсатдир, болам!

Қўйиб берса барча одам
кенг жаҳонга тарқаб кетар,
Балки улар ўз ҳолича
турли нарса кашф этар.
Бош-бошдоқлик билан улар
бўлар-бўлмас йўллар тутар,
Ва ёки ҳеч итоатсиз,
якка-ёлғиз бўлиб кетар.
Одамларни бирлаштирган
қонун-сиёсатдир, болам!

Манcабдорлар одамларнинг
е т а к ч и с и , раҳбаридир,
Чунки улар йўл бошловчи,
олижаноб сарваридир.
Барчага ҳам чин меҳрибон,
яъни инсонпарваридир,
Ақли етук, куч-қувватли,
ҳар бир ишда саркаридир,
Улар учун зарур нарса
иззат ва ҳурматдир, болам!

Бундай зотлар ҳузурига
кирмоқ учун нима даркор,
Ҳар бирига ёрдамчи бор,
ёнларида муовин, сирдор.
Бутун ишни улар қилар,
ниҳоятда тажрибадор,
Шулар билан тил топишиб,
аввало сен бўлгил ҳамкор
Бундай жойда одоб билан
руҳсат, ижозатдир, болам!

Раҳбарларни Оллоҳ сайлар,
шунинг учун ҳурмати зўр,
Ишонмасанг, сен уларнинг
сирли юзин, савлатин кўр!
Мансабидан тушганда ҳам
улар асло бўлмайди хўр,
Чунки улар юрт, Ватанга
ва халқига эрур ғамхўр,
Уларни хўп улуғ қилган
қалб ила сийратдир, болам!

13. ЯШАШ ТАРЗИ.
БЕВА-БЕЧОРАЛАР

Бу оламда инсонлар кўп,
турли-туман ҳамда ҳар хил,
Бири оқил, бири доно,
бири саҳий, бири бахил.
Кимдир ҳушфеъл, мулойимроқ,
кимдир эса ўта жоҳил,
Одамларнинг сифатимас,
ақл-идрокини фарқ қил,
Бари Оллоҳ бандалари,
ҳа, инсониятдир, болам!

Бу дувнёда кўплар яшар
мулкли, давлатли бўлиб,
Гўзал ҳусн-у, сарв қомат
ва ёки савлатли бўлиб.
Баъзилари бахт-омадли,
ҳамда саодатли бўлиб,
Кимлар яшар фақир, мискин,
доим камоматли бўлиб,
Барча инсон бир хил эмас,
бу ҳам аломатдир, болам!

Одамларнинг тақдири бор,
маълум умр берилгандир,
Баъзи инсон бу умрдан
мағрурланиб, керилгандир.
Кимдир қаноат қилмасдан,
ўтдан чўққа урилгандир,
Ва ёки ҳеч қўним билмай,
у ён-бу ён сурилгандир,
Бевақт ўлим сабабчиси
бирон фадлокатдир, болам!

Гоҳо инсонлар бошига
тушиб қолар ҳижрону ғам,
Бу ғамларнинг ташвишидан
тортар ғоят қайғу-алам.
Шундай чоғда яқин дўстинг
дардларингга бўлгай малҳам,
Аста-секин қайғу, алам
йўқолади топиб барҳам,
Бундай ташвиш, ғам боиси
жудолик, фурқатдир, болам!

Қаро ерга элтиб кўмар
ўлган кунинг қариндошлар,
Айрилиқда қолиб эса,
фарзандларинг кўзин ёшлар.
Қолган мерос, бор-бурдингни
улар бари бўла бошлар,
Хайру эҳсон бериб элга,
тарқатишар нону ошлар,
Хайру эҳсон қилмоқлик ҳам
асли садоқатдир, олам!
Фақат яхши ишлар билан
киши обрў, ҳурмат топар,
Бу мавқеъга етмаганлар
сарсон бўлиб ҳар ён чопар.
Нодон, ношуд одамлар-чи,
кўринганни итдек қопар,
Муғомбир ва айёр зотлар
ўз айбини ўраб-ёпар,
Ўз-ўзини бошқармоқлик
бу ҳам заруратдир, болам!
Ўз мулкингни ўзинг асра,
унга мутлоқ эга бўлгин,
Ўзгалардан сўрама ҳеч,
бирор нарса, огоҳ бўлгин.
Зарур бўлган тақдирда ҳам
муҳтожликдан йироқ бўлгин,
Текинхўрлик ёмон нарса,
бунга албат ҳушёр бўлгин,
Бировлардан нарса олсанг-
бу ҳам омонатдир, болам!

14. ОЛАМ-ЖАҲОН,
САЙРУ САЁҲАТ

Одам Ато, Момо Ҳаво
энг аввало яралганлар,
Инсон зоти ўшалардан
Ер юзига таралганлар.
Аждодлару авлодлардан
насил-насаб қолганлар.
Ниҳоятким башарият
инсон номини олганлар,
Ушбу бизнинг тарихимиз
узоқ ривоятдир, болам!
Кенг оламнинг ҳар бир жойин
имкон бўлса кўрган яхши,
Муқим бўлиб турмоқликдан
чор атрофда юрган яхши.
Ўз юртини тарк этмасдан
лек бир жойда турган яхши,
Дилда армон билан кетмай,
давру даврон сурган яхши,
Вақтинчалик яшамоқлик-
билсанг бу ҳижратдир, болам!
Сафар қилсанг узоқларга
якка-ёлғиз юрмагин ҳеч,
Ва ё хилват жойларда ҳам
бемаҳалда юрмагин ҳеч.
Ташвиш, алам, изтиробда
ўй-хаёллар сурмагин ҳеч,
Шайтон лайин бирла гоҳо
базми Жамшид қурмагин ҳеч,
Оқибати ёмон бўлур,
асли бу кулфатдир, болам!
Ўз юртингни ташлаб кетиб,
ўзга юртда сарсон бўлма,
Не қиларингни билмасдан
ўй ўйланиб, хайрон бўлма.
Мусофирлик жуда ёмон,
музтар бўлиб, гирён бўлма,
Ёлғизликдан ғамга ботиб,
юрак-бағринг қонга тўлма,
Юрту ватандан айрилиш
кулфат ва ғурбатдир, болам!
Бу оламда ғов-тўсиқ кўп,
барчасидан ўтолмайсан,
Ва ёки сен бахт қушини
ҳар доимо тутолмайсан,
Ғойибдан бир бахт келар,
дея уни кутолмайсан,
Манзиллар кўп, йўллар узоқ,
барчасига етолмайсан,
Бу оламнинг ишлари кўп,
бари аросатдир, болам!
Бутун олам жуда кўркам,
табиати хилма-хилдир,
Табиатни безаб турган
қуёш ва ой, фасл-йилдир.
Йил, фаслнинг айланиши
бир меъёрда, муттасилдир,
Она Ернинг саҳовати
билсанг агар мўл ҳосилдир,
Табиатнинг инъомлари
бу нозу неъматдир, болам!
Халқимизда йигит учун
қирқ ҳунар ҳам оз дейдилар,
Ҳунари бор йигитларнинг
қилган иши соз дейдилар.
Чунки ҳунар ҳар бир ишга
бергувчи пардоз дейдилар,
Ҳунармандни халқ ҳам севиб,
айлар эъзоз дейдилар,
Инсонларни азиз қилган
касбу маҳоратдир, болам!

———–
15. РОСТГЎЙЛИК ВА
ДЎСТЛИК ҲАҚИДА

Ёлғон сўзни ҳеч айтмагин,
ўз рост сўзингдан қайтмагин,
Хатто ёлғон сўзлашни сен
фарзандга ҳам ўргатмагин!
Таъмагирлик ҳиссини ҳам
дилларингда уйғотмагин,
Билиб-билмай ўзгаларга
узоқлардан тош отмагин,
Бўҳтон қилиб сўзламоқлик
айни ҳамоқатдир, болам!
Инсонларни бир-бирига
яқин қилган тили бўлар,
Меҳр нурини таратган
тоза қалби, дили бўлар.
Барча ёру дўстларнинг ҳам
бир неча тур, хили бўлар,
Улфатчилик, дўстликнинг
ҳам самара-ҳосили бўлар,
Бир-бирини яқин қилган
дўстона суҳбатдир, болам!
Садоқатли дўстинг бўлса,
аввал синаб, сўнг бўл сирдош,
Меҳринг дарё бўлса агар,
хатто ётлар бўлур қардош.
Сафар қилсанг, мўмин, қобил
бандаларга бўлгин йўлдош,
Иш қилишда шошилма ҳеч,
сақла доим сабр-бардош,
Одамларни чин дўст қилган
вафо, садоқатдир, болам!
Дўстингга ҳам, душманга ҳам
ҳушёр бўлиб, яхши гапир,
Ҳар банда ҳам яхши гапнинг
гадосидир билсанг ахир!
Сўз ва гапинг ширин бўлсин,
бўлмасин ҳеч нордон, тахир,
Муғомбир ва айёр зотлар
ниҳоятким сўзга моҳир,
Дўстдикни ҳам йўқ қилгувчи
бўҳтон, ҳамоқатдир, болам!
Биров дилин оғритмагин,
ногоҳ сендан кўнгли қолар,
Яхши сўздан одамларнинг
дили яшнаб, ором олар.
Меҳр бўлса гар дилида
чин муҳаббат ҳам қўзғолар,
Ҳақорат ва ёмон сўзлар
дўстликка ҳам раҳна солар,
инсон таъби жуда нозик,
бу нафсониятдир, болам!
Биров берса сақлаш учун
сенга агр бир омонат,
Сен унга ҳеч қўл текизма,
асло қилмагин хиёнат!
Пок ва ҳалол юрмоқлик бу
умматларга эрур суннат,
Мўмин-мусулмон бандада
бўлгай албатта диёнат,
Хиёнаткор бўлмоқлик ҳам
ўта разолатдир, болам!
Фисқу фужур бўлган жойга
яқин келма, узоқроқ юр,
Шундай зотларни кўрганда
ҳеч қарама, юзингни бур!
Гуноҳлардан фориғ бўлиб,
тинч юрурсан озод ва ҳур,
Бегуноҳнинг кўзларидан
ёниб тургай энг тоза нур,
Ҳалолу пок инсонларда
энг тоза хилқатдир, болам!
———-

16. УМУМИЙ ХУЛОСАЛАР

Ҳамду сано айтиб фақат
ҳақ йўлида юрмоқ керак,
Бунинг учун бедор бўлиб,
ҳар тонг саҳар турмоқ керак!
Ибодатда Оллоҳ билан
ширин суҳбат қурмоқ керак,
Фикрин, зикрин жойлаб туриб,
ҳақиқатга бурмоқ керак,
Дину диёнатсиз юриш
асли жаҳолатдир, болам!
Қинғир ишлар қилар бўлсанг,
одамларнинг меҳри қочар,
Бир-бирига шивирлашиб,
иғво қилиб, сиринг очар.
Сохта дўстлар ошингни еб,
хатто сенга заҳрин сочар,
Туҳмат, балоларга қолсанг,
хаёлингдан нелар кечар,
Ноҳақликнинг сабабчиси
бўҳтон, маломатдир, болам!
Бу оламда сон-саноқсиз
қабила ва элатлар кўп,
Халқлар ҳам ҳаддан зиёд,
турли-туман миллатлар кўп.
Улар учун озиқ-овқат,
мева, нозу неъматлар кўп,
Инсон борки тек турмайди,
қилар иши-меҳнатлар кўп,
Йил ва замон етакчиси
билсанг бу жамиятдир, болам!
Ота-онангни ҳамиша
ҳурмат айла, ғанимат бил,
Шширин сўз ва таом билан
кўнглин олиб, хизматин қил!
Хизмат қилган чоғингдаам
нодон бўлма, бўлгил оқил,
Иззат-ҳурматларин доим
бажо айлаб, сир сақлагил,
Улар учун зарур нарса
роҳат-фароғатдир, болам!
О т а . . о н а дили нозик,
уларга дўқ урмагин ҳеч,
Гап гапирса, лаббай дегин,
лабларингни бурмагин ҳеч!
Изн бермас бўлса улар,
бемаҳалда юрмагин ҳеч,
Нодон, ножинс зотлар билан
бирга давра қурмагин ҳеч,
Падар-модарларга ҳам дам
рағбат иноятдир, болам!
Ҳар бир инсон бу дунёда
орзу билан яшайдилар,
Мард ва жасур зотлар фақат
олға қадам ташлайдилар!
Ҳар қандайин ишларни ҳам
қўрқмай, дадил бошлайдилар,
Ватан ва халқ ғамин еган
инсонлар кўп яшайдилар,
Инсонларни бахтли қилган
покиза ниятдир, болам!
Дуо олиб яшагин сен,
бу дунёда кўрма завол,
Орзу, мақсадингга етиб,
улғайиб ўс, топгин камол!
Бировларни алдамасанг,
топганларинг бари ҳалол,
Суҳайлийнинг пандин олсанг,
ҳеч бир сўзи келмас малол,
О л л о ҳ Ў з и сени доим
қилгай ҳидоятдир, болам!
———.

С У Ҳ А Й Л И Й,
Ў з б е к и с т о н.

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn