Гулчеҳра Нур: ”Йиғларман”

gulchehra-21995 йилда ёзилган шеърлар.

ШИДДАТ ЭДИ МЕНГА АРДОҚЛИ, САРА,
ШИДДАТ ЭДИ МЕНИНГ САЙРОҚИ ҚУМРИМ.
… ДЕРАЗА ОЛДИДА БИР ХИЛ МАНЗАРА:
АЛДАМЧИ СУКУНАТ ЧЎЗАР ЎЗ УМРИН…

****

Умримга чидамни метин истарман,
Кўксимга тафаккур ўтин истарман.
Мени шикаста, деб қилманг маломат,
Ғам чекиб, бахтингиз бутун истарман…

7. 02. 1995.

х х х
х

Уфқларда яраланди нур,
Мен мажнунвор кўйига тушдим.
Йўлда қувонч араз-ла янур,
Йўлда омад тугади муштин.

«Сен учун йўқ ўзгача тақдир… –
Шивирлайди лабим муттасил. –
Шифокорин кутаётир нур,
Бўл ақалли улар биттаси…»

Кетаяпман… Шилади пўстим
Чакалаклар, очганча қучоқ…
Қалам – менинг камсуқум дўстим,
У ҳам емиш бошидан пичоқ…

07. 02. 1995.

х х х
х

Нимадан норози, нимага исъён? –
Кўкни тўлдирибди қушлар лашкари.
Титради дарахтлар… Тўкилди хазон…
Ҳаммада бесарлик, мендан ташқари…

Чумолилар ташлаб муқим йўлларин,
Буткул пароканда, дайдиб қолдилар…
Кун бўйи изғувчи болариларим
Инларин беғалва жой деб қолдилар…

Шитоб ёмғир ёғди. Ёғдими хатар?
Қайга ғойиб бўлди қушлар лашкари?!

Борки жон панада биқиниб ётар,
Ҳаммада кўникиш, мендан ташқари…

Шитоб ёмғирларга юз тутсам, дейман…

07. 02. 1995.

х х х
х

Бир қизалоқ турар йўлим бошида:
Бошяланг, бўзкўйлак, сочи жамалак…
Мовий само кулар унинг қошида,
Кулар атлас рангли нафис камалак…

Бир қизалоқ турар йўлим бошида:
Гўё у қондаги ажиб анъана:
Ҳаммага меҳр бор кўз қарашида,
Ҳаммага ишонч бор кўксида яна…

Бир ҳадик бўрони руҳимда учар,
Тўхта! – дер, олдинга бир қадам ўтсам…
Гўё қашшоқликка бўлурман дучор,
Ўшал қизалоқдан олислаб кетсам…
27. 02. 1995.

х х х
х

Олисда тинмаган булоғим, салом!
Тегрангизда бормиш янтоқ, тиканлар.
Йўлингиз беркитмоқ қасдига мудом
Тушган эканлар.

Қуёш ўпар эмиш юзларингизни,
Ўзин топар эмиш баҳор сизлардан.
Булоғим, Худойим асрасин сизни
Ёмон кўзлардан…

04. 03. 1995.

х х х
х

Беёғин, беуқув, сийрак булутлар
На кетмас, на кўкни ўраб ўрамас.

Мен беҳад севгувчи шиддатлар, ўтлар
Ҳолим сўрай, демас, ҳолим сўрамас.

ШИДДАТ эди менга ардоқли, сара,
ШИДДАТ эди менинг сайроқи қумрим…
… Дераза олдида бир хил манзара:
Алдамчи сукунат чўзар ўз умрин.
04. 03. 1995.

х х х
х

Боқаман… Боқаман… Кўзларим оғрир,
Излаганча майса, чечак, хандалар.
Менга бу муҳитнинг ҳавоси оғир,
Оғир ғилофдаги жумбоқ бандалар.

Яшарлар, айбларин олиб панага,
Руҳан етукликни руҳдан соқитлаб,
Хона ҳавосини қамаб хонага,
Ўз сассиқ ҳидларин ўзлари ҳидлаб…

04. 03. 1995.

х х х
х

Айб менда, тинчингизни буздим билмайин,
Айб менда, солиб қўйдим сизни йиғига.
Юрак буни кўтаролмас. Кетмоғим тайин…
Омонатман кўзингизнинг қорачиғига.

Сиз кўзгусиз. Мен ўзимни кўп кўрдим унда,
Яшарканман кескин, сиздай юкиниб эмас.
Мардлигини ёстиқдошга пичирлаб тунда,
Кундузлари ҳадиклардан тўкилиб эмас…

Балки дерсиз: «О, сўзлари ўқ отар сўз-ку…»
Сиз-чи, мени ўлдирасиз қул бўлиб… сассиз…
Омонатман – қаршингизга қўйилган кўзгу.
Нечун унга бундоқ боқиб, ўзни кўрмассиз?..

05. 03. 1995.

х х х
х

Яшабман-ку очиқ, дея, юмуқ қалбимни,
Йиллар гуноҳ-хатосини ололмай уқиб.
Энди билсам, яратибди яккаш қабримни
Йиллардаги қанча ёлғон, қанчалар ниқоб.

Мен бўлсам-чи, сира кўрмай мардум ёшларин,
Ёзганмидим у йилларга гоҳо қасида?!
… Энди қалбим алам билан юва бошладим
Оҳор истаб умр шомин бўсағасида…

06. 03. 1995

х х х
х

Умр ўтиб борар баландлаб, пастлаб…
Узун туюлади бизга у дастлаб,
Бўлмас, яшамасанг ақлингни ростлаб…
Умр ўтиб борар…

Алдов ичра яшаш – қанчалар сағир…
Нодон етагида – яна-да оғир…
Куйинг чал, куйинг чал, куйинг чал, бағир,
Умр ўтиб борар…

07. 03. 1995.

х х х
х

Сизни десам, хотирамда мукаммал сиймо:
Битта бўлиб кўринарди сурат ва сийрат.
Сиз – жасорат. Сиз – маҳорат, эътиқод, иймон…
Сиз – Навоий байтидаги насталиғ бир хат…

Йўллар бизни бир-бировга танитди ҳаргиз…
Сезгандирсиз нималарга қилганим имо.
Узоқлашинг… Узоқлашинг… Хотирамда сиз –
Ақли расо, жасур, латиф, мукаммал сиймо…

08. 03. 1995.

РУБЕНС ХАТЛАРИНИ ЎҚИБ…

Мактуб эмас, нуроний юз, ҳалим сўзлар у,
Ҳакимларнинг малҳами-ю серлатофат гул…
Одамларга меҳр ила боқар кўзлар у,
Пойгак бўлиб, сизни тўрга чорловчи кўнгил…

Бизлар бўлсак… Юраклари айланмиш тошга,
Манфаати орқасидан югурмиш илдам…
Бизлар бошқа… Бизлар бошқа… Биз буткул бошқа…
Оҳ, айрилиб бўлибмиз-ку ҳалим кўнгилдан…

09. 03. 1995.

х х х
х

Хориждаги бирликчи дўстларимга

Хона маҳбусиман. Занжирбанд руҳим
Эзгин хаёлларнинг бағрига инди.
Эй, сиз, жўмардларим, умрим шукуҳин
Менга топиб бериб, қайдасиз энди?

Ўзгалар панага ўтганда пусиб,
«Тилим» деб, тиллари қайрилганларим…
Саф-саф темир тобут йўлларин тўсиб,
«Элим» деб, элидан айрилганларим…

Шу тупроқ умрига тилаб истиқлол,
Шу тупроқ бағрига сиғмаган жонлар,
Мен учун энг ёруғ, энг оғриқ хаёл,
Мен учун ифтихор, менга армонлар…

Ўзи шундай доим… Дунёни таниб,
Бошин эгик кўрдим – мардликдир, ҳақдир.
Буюк жасоратлар, орлардан тониб,
Сизни қай кунжакка ирғитди тақдир?!

Умр боғларингиз қанча оралай,
Сиз учун азобни ҳотам кўряпман.
Ва лекин, офарин, қачон қарамай,
Ёниқ кўксингизда Ватан кўряпман.

Аввал ғурурланиб, кейин айрилиб,
Сизни соғинади ўксиган Ватан.
Қайта топган куни кўзёшлар қилиб,
Маҳкам босгувсидир кўксига Ватан.

Бир йўла ой боқиб, кун боқиб сизга,
Кўнгли яримларим, тўлиб қолгайсиз.
Сингиб кетажаксиз бир-бирингизга,
Ватан – сиз, сиз – Ватан бўлиб қолгайсиз.

Ўшал саодатга букунда туриб,
Хонанишин ҳолда назар ташларман.
Хаёлий шавқларга кўксим тўлдириб,
Буюк учрашувга интиқ яшарман.

10. 03. 1995.

х х х
х
Шоирлардан бирига

Сўзланг, дедим. Жим турдингиз… Сўзлолмадингиз…
Сездим: титраб, қай офатдан олдингиз ҳадик.
Гўё бошда тиғ тутганди у кезлар Чингиз,
Кўпларимиз қўрқувларга қул бўлган эдик.

Нари кетдим… Чанқоғимни қондирди ўзга…
О, ўшал мард… Арзир кўзга сурсам пойини…
Шундан сўнг мен ихлос қўйдим беҳадик сўзга,
Шундан сўнг мен иймонимда билдим жойини.

Беҳадик сўз оҳор олиб келди букунга.
Ажаб, унинг арқоғига энди ҳамма – бўз…
Сўз айтасиз… Лоқайд қулоқ тутаман унга…
Сўз айтасиз… Мен зор кезлар айтилмаган
сўз…

10. 03. 1995.

х х х
х

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Сиз – мен учун мубҳам бир ҳилқат,
Сўқмоқлари – қоронғи, узун…

Сиз – мен учун янги бир хилват,
Хилватки, ҳеч кўрмаган кўзим…

Манманликдан тутгансиз қалқон,
Манманликдан кийгансиз совут.
На ўқ ўтар улардан бирон,
На уларни куйдиради ўт.

Ақл-у фаҳм – сиз учун абас,
«Мен-мен»лашдан топасиз шукуҳ.
Ким айтарки, чириган эмас
Совутингиз ичидаги руҳ…

10. 03. 1995.

х х х
х

Ҳаёт сизни юрар эди қушдай учириб,
Оғушига босар эди онадай мунис.
Сархуш-сархуш шарбатларин сизга ичириб,
Дабдабалар қаршингизда чўкар эди тиз.

Ажаб, букун булар бари – туш каби гўё,
Ажаб, букун сизга боққан изтироблар мўл…
Ўйланг: кимга бўлгандингиз оғриқли дунё?
Ўйланг: қандай гуноҳларга ургандингиз қўл?

10. 03. 1995.

СТАЛИН ВА УНГА ЎХШАГАНЛАРНИНГ
ДЕГАНЛАРИ

Қаранг, оқ келажак яқин, шоирлар,
Илҳом чамбарини тақинг, шоирлар,
Мендан мукофотлар, мендан унвонлар,
Менга ҳамд-у сано ўқинг, шоирлар.

Дориламонларни чиқаринг йўққа,
Мендан ўзгаларни тиқинг балчиққа,
Биргина ўзимман даҳо борлиққа,
Менга ҳамд-у сано ўқинг, шоирлар.

Мақтовдан толсам-да, буюксиз, дея,
Сўзлашдан қолсам-да, буюксиз, дея,
Каллангиз олсам-да, буюксиз, дея,
Менга ҳамд-у сано ўқинг, шоирлар.

Йўлларим сиздайлар супураверсин,
Мадҳия, қарсаклар кўпираверсин,
Майлига, келажак тупураверсин,
Менга ҳамд-у сано ўқинг, шоирлар…

12. 03. 1995.

х х х
х

Қоп-қаро тун – усти-боши чанг,
Бошим узра ўлтирмоқчимиш.
Менинг тоза, азиз, курашчан
Кундузимни ўлдирмоқчимиш.

Нафратимни шахт айтдим тунга,
«Ўзни сенга бермасман», – дедим.
Ахир мен бу курашчан кунга
Умр бўйи орзуманд эдим…

18. 04. 1995.

МАЪСУМА

«Ўшами?..» – деб боқманг беписанд,
У – дунёлар бахтига молик.
Берган тонгги саломларига
Фаришталар олишар алик.

Қулоғига турар урилиб
Сиз эшитмас жаннатий саслар.
Сал «оҳ» чекса, ғамгузор бўлиб,
Осмон пастлар, юлдузлар пастлар.

Ўзингизча шарҳин сўйламанг,
Кўриб кўздан дув оқар ёшин…

Тун олдида хам, деб ўйламанг
Нур олдида эгилар бошин…
У – дунёлар бахтига молик…

19. 04. 1995.

БАҲОР. ДАЛА ХОВЛИДА

Ёмғир куни билан ёғиб муттасил,
«Эрта ҳаво очиқ», – девди кунботар…
Қуёшда нозланиб келинчак фасл,
Анҳор қирғоқлари буғланиб ётар.

Гўё бу оламда йўқдайин алам,
Гўё мунг руҳимни этмаган қамал…
… Яланг оёқларим ювади шабнам,
Ҳорғин яноқларим ўпади шамол…

19. 04. 1995.

ИККИЛИК

Олис бўлмоқ суллоҳ таъмадан –
Туморликка арзирли маъдан…

19. 04. 1995.

х х х
х

Умр йўлдир. Мендай басир йўқ.
Яна мендай унга асир йўқ.
Мен – йўл узра барг тўкар дарахт,
Одамлардан яширар сир йўқ…

19. 04. 1995.

х х х
х

Мен қайрағоч қулоғига айтмагайман сир,
Оҳим тошдай дийдасига этгайми таъсир?!

Юрагимни яширгайман ёнғоқлардан ҳам,
Пўсти қаттиқ… Дардларимни кўролмас баҳам…

Мағрур, найнов терак ила қилмам мулоқат,
Юқоридан боқишларга йўқ менда тоқат…

Эркалагим келган маҳал беминнат бахтим,
Қучоқлайман анжирни… У – менинг дарахтим…

21. 04. 1995.

х х х
х

Яна бирликчиларга

Қайда ўксик кўрсам ҳақликни,
Кўрдим сизда жонҳалакликни.
Сиз – равона оқар сувнимас,
Танлагансиз чархпалакликни…

21. 04. 1995.

х х х
х

Қават-қават ердай юрагим,
Қандай конлар пинҳон – билмасман.
Пармаларга тутиб ўз таним,
Неларнидир топмоқдан мастман.

Эзгуликка тўймагай дилим,
Тер тўкаман бетаъма, холис.
Билмам, сизга кондан топганим
Қўрғошинми, олтинми ё мис?!

21. 04. 1995.

х х х
х

Сенгина ҳормайсан, қуёшим, хушлан!
Қолган умрим каби ҳилол бир тишлам…

Уфқда кўринмас шафақлар рақси,
Икки яноғимнинг ўчгандай нақши…

Юлдузлар милтиллар митти ва беҳол,
Чақноқ кўзларимдан кетгандай мажол…

Булут яхлит эмас, минг қийқим нусҳа,
Ёзган шеърим мисол бўй-басти қисқа…

Сенгина ҳормассан, қуёшим, хушлан!
Қолган умрим каби ҳилол бир тишлам…

24. 04. 1995.

х х х
х

Ерни кўриб бефайз, беҳусн,
Баҳор кўзларини ёшлайди.
Дарахт, қирғоқ, адр… лар юзин
Йиғлаб-йиғлаб, ўпа бошлайди.

Нечоғ меҳр истарди тупроқ,
Эриб, дилни эритади ёш… –
Ва дарахтлар ёзади япроқ,
Ва майсалар кўтаради бош…

26. 04. 1995.

КАФТ ЧИЗИҚЛАРИГА БОҚИБ…

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Жирканасиз олтин кузнинг хазон-хасидан,
Ўтмагайсиз тор кўчалар баланд-пастидан.

Ўтлар босган сўқмоқлар ҳам буткул бегона,
Силлиқ шаҳар шоҳкўчаси манзур ягона…

Ақл таниб, биронтага бермагансиз ён,
«Ҳақман» деган муқим қараш муқим ҳукмрон…

Сизга ёқар юмшоқ курси, тавозе, жимлик,
Сиз – дабдаба токчасида ўсган ўсимлик…

Бўлса ҳамки қадам эгри, иштаҳа ўғри,
Сизнинг тақдир чизиғингиз нечоғлик тўғри…

Бирон ерда узилмаган, бўлмаган камон,
Сизни элтгай тўппа-тўғри… НАФРАТЛАР томон…

29. 04. 1995.

х х х
х

Бирдан ҳаммаёқни тутиб унлари,
Бирдан шаҳд келтириб қўрқоқ ғашини,
Нечоғ хуш кўраман, баҳор кунлари
Момақалдироқлар гумбурлашини…

Кейин шаррос ёмғир… Томчилар яйраб,
Ёпиқ деразам-ла «тук-тук»лашади…
Кейин найкамалак… Нечоғ сахий қалб…
Руҳ боғим бир зумда кўм-кўклашади.

Зумда ғариба дил кетади бойиб…

30. 04. 1995.

х х х
х

О, қушларим, бунчалар сиз меҳрибон юрак,
Пастлаб учиб, ёмғирлардан берасиз дарак.

О, дарахтлар, баргларингиз тўкиб уч-учдан,
Огоҳлайсиз қаҳратон қиш – қаҳрли кучдан.

Юракларнинг меҳроби деб билгайман сизни,
О, одамлар, дарахт, қушча бўлолмайсизми?!

30. 04. 1995.

х х х
х

Сўзи бошқа, иши бошқа юракларга зид, чапман,
Товонтешар тошли йўлда оёқяланг кетяпман.

Кечар эди кунларим тинч, ёзмасам-да қасида,
Ёлғонларга «оқ йўл» десам ҳаёт чорраҳасида..,

Ўзгалардай муросага кўна қолса куй-сайдим,
Иғволарни иғво деган тилгинамни тийсайдим..,

Алдовларни кўра туриб, кўрмаганга олса кўз,
Ситамларга лутф айласам: «Сизда, хоқон, йўқ мугуз…»

Йўқ-йўқ… Асло… Худоси йўқ юракларга зид, чапман,
Эркин қушлар ҳузурига ҳузур қилиб кетяпман…

30. 04. 1995.

х х х
х

Чимён чўққилари турар оқариб,
Савр кесолмабди қорларнинг кучин.
Бир ҳафта кўрмовдим, кетибди қариб
Узум япроқлари ток оши учун…

Излайман… Шимолга солиб йўлларин,
Турналар хайр-хўш айтиб бўлибди…
Аслини соғиниб атргулларим
Наъматак ҳолига қайтиб бўлибди…

… Ҳурлик довонлари мудом чорлар-у
Яшасанг бутун халқ енгиб пайдар-пай,
Савр эритмоққа ожиз қорлар-у
Аслига қайтолган атргуллардай…

02. 05. 1995.

х х х
х
Ҳадича опамга
Қулоқ тутар асаларига,
Туюларми «виз-виз»и «Ушшоқ»…
Бўғот тўла каптарларига
Ҳар кун тонгда сепади ушоқ.

Томчилардан тинглайди садо,
Ёмғир ўхшар ёмғирмас, ёшга…
Хонқизини кўрса мабодо,
«Бахт рамзи», – деб, қўяди бошга.

Ҳақиқ гилос узра ёприлар
Дайди қушлар – гала, очофат…
«Шуларнинг ҳам ризқи-ку», – деяр,
«Кишт»ламоққа тополмайди ҳад.

Эзгуликка қўйганча ихлос,
У яшайди мўъжиза кутиб…
… Хонқизисин ўлдирманг бехос,
Каптарларин қўйманг ҳуркитиб…

04. 05. 1995.

х х х
х

Юраман… Йўл иссиқ… Манзилим олис…
Чидайман ғамда кўп, бахтда камликка.
Шунданми, нозиктаъб, оқкўнгил Қавс
Мени танлаб олган ҳамқадамликка.

Қиш ёзнинг, ёз қишнинг қаҳрин ютади,
Ўқиймиз умрнинг нурли хатини.
Қавс менга оппоқ қор завқин тутади,
Мен эса Саратон ҳароратини…

05. 05. 1995.

х х х
х

Қучоқлар, ардоқлар,
Ўпар тонгларим
Лолақизғалдоқлар –
Болажонларим.

Улар – мен ичиккан
Сурурли тақдир.
Улар – менинг чеккан
Оҳимга таҳрир…
05. 05. 1995.

х х х
х

«Баҳор – дилгинамнинг дилдораси», – деб,
Севинган онимда қуйиб берди сел.

«Сен – умид уйининг вайронаси», – деб,
Чирқирашга тушди шунда мажруҳ дил.
Шунда оҳларимдан ёш оқди чак-чак,
Шунда чўкиб кетди самбитдай қаддим.
Шеъргинам, қалбимни бир сендан бўлак
Ўзгага тузукроқ англатолмадим…

«Йўлдошлар кулфатда бир бўлса…» – дедим,
Сўзларимда ўтинч, сўзларимда ёш.
Бетаъма, беозор қўл чўзган эдим,
Чўзиқ қўлларимга ташладилар тош.
Шунда бўронларга тўлди дил воҳам,
О, бўлди ерпарчин эгилган қаддим.
Шеъргинам, қалбимни ҳатто сенга ҳам
Англатолмадим…

05. 05. 1995.

МАҲЗУНЛИКНИ ЕНГИШ УЧУН
АҚЛТАРБИЯ

Беандиша, беибо айём
Юрагингни янчиб ўртади…
Бош кўтаргил:
Фаришта аёл
Бир бурчакда тасбеҳ тортади…

Бош кўтаргил:
Шамалоқ гилос
Шоша-пиша бўлибди қизил…
Бош кўтаргил:
Наъматак қийғос…
Барг остида довучча тизим…

Тикка юргил.
Тарқалгай дудлар,
Йўқса умринг наҳангдай ютар…
Тикка юргил…
Қара: булутлар
Оппоқ туғин кўтариб ўтар…

05. 05. 1995.

х х х
х

Тақдирим битмишлар тор қўли ила,
Қалб кўзим очмишлар ор қўли ила.
Очмишлар бахтига беқиёс фидо,
Бахтига беқиёс зор қўли ила…
Қанчаларни билдим: бўлмиш жувонмарг
Қилвир зулм қўли, дор қўли ила…
Ўзни чўққа урдим, эрк кўрмоқ учун,
Дўст-у аҳбоб қўли, ёр қўли ила.
Қолди баланд орзу, очолмай юзин,
Азмида истибдод бор қўли ила…
Ёраб, асаббузар режаларин қиш
Бажармоқда совуқ, қор қўли ила…

06. 05. 1995.

х х х
х

Кўнглингизга елимланиб ёпишар озор,
Миянгизга ғувурларин тўлдирар бозор.

Озорингиз мен беозор ола билсайдим,
Бозорингиз камёб моли бўла билсайдим.

Бўлолсайдим кўзларингиз ғамхонаси мен,
Таскин топган сўзларингиз шукронаси мен…

Маъзур тутинг, юртдошларим, озори лак-лак,
Яролмадим корингизга, йиғлашдан бўлак…

06. 05. 1995.

х х х
х

Сиз бу муҳит маҳсули эмас,
Намойишга келгансиз гўё.
Қилсин, дея, одамлар ҳавас,
Мўъжизасин кўрсатмиш дунё.

Сизга бўлган парилар доя,
Энагангиз малаклар балким.
Меҳрингизга йўқдир ниҳоя,
Сўзларингиз шакарким, болким, –

Мен девона, тикиламан лол,
Мен мастона, эшитаман жим, –
Дилдошликка арзимай, алҳол,
Йўлдошликнинг билмай иложин…

07. 05. 1995.

х х х
х

Бу баҳор баҳорга ўхшамас сира,
Ваъдалари бисёр, ёмғирлари йўқ.
Шабадаси эмас сарин, бокира,
Соялари эмас оромбахш, қуюқ…

Иссиқ танангизни қилади лоҳас,
Саврга кўчгандай асаднинг шаҳди.
… Туккан ғўраларин дув тўкиб бехос,
Қуриб қолмасайди умид дарахти…

07. 05. 1995.

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn