Салтанатнинг емирилиши

polat-ohun1990 йилги Душанбе воқеалари ва бугунги аҳволимизга бир назар

Пўлатжон Охунов

Ўзбекистонда тожик тилига давлат тили мақоми бериш борасида Швециядаги Марказий Осиё Жамияти томонидан илгари сурилган ташаббус ижтимоий тармоқлару халқаро радиоларда қизғин баҳсу мунозараларга сабаб бўлди.

Ҳақиқатдан, бу масала нафақат ўта долзарб, балки келажакда турли миллатларнинг маданий ва лисоний бирликлари ҳамда мамлакатимиз келажаги учун жуда катта аҳамиятга эгадир.

Ўзбекистонда ўзбек тили билан биргаликда қозоқ, тожик, қирғиз, туркман ва рус тилларининг мақомини расмийлаштириш масаласи, албатта, кенг миқёсда муҳокама қилиниши керак. Халқаро тамойиллар ва демократия принциплари шуни тақоза этади.

Ўзбек тили дунёдаги энг қадимий ва бой тиллардан биридир. Қайси мамлакатда бўлмасин ўзбек – турк тилининг ўз мавқеъи борлиги исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Шу йилнинг октябр ойи бошида “Озодлик” радиоси орқали узатилган эшиттиришда чиқиш қилган Ўзбекистон Парламентининг собиқ депутати Жаҳонгир Муҳаммад ҳам бу ҳақда ўз фикрларини билдирди:

“…Биз айни пайтда, масалан, Афғонистондаги ўзбеклар учун, Қирғизистондаги ўзбеклар учун, Қозоғистондаги ўзбеклар учун мактаблар очилсин, деб талаб қиламиз. Лекин, Ўзбекистонда ҳам ўзимиз бағрикенг булайлик”, деди у .

Жаҳонгир Муҳаммаднинг фикрича, ”ўзбек тили абадий қоладиган тиллардан биридир. Бу тилнинг илдизи чуқур, уни йўқотиб бўлмайди. Агар йўқотилганда, Афғонистонда йўқотилар эди.

Ўзбекистондаги бошқа тилларга ҳам давлат тили мақоми берилиши, ўзбек тилининг мавқеъига асло таъсир кўрсата олмайди. Шу боис, бу борада бағрикенгроқ бўлган яхши.”

Ватани ва халқини севган, умуминсоний, демократик қадриятларни ардоқлайдиган бу инсоннинг юқоридаги фикрлари айни пайтда ўз долзарблиги билан эътиборга сазовордир.

Ўзбекистонда яшайдиган турли миллатлар ва этник гуруҳларнинг тили, маданияти ва урф одатларига эътибор билан қараш, уларнинг манфаатларини ҳисобга олиш мамлакатимиз барқарорлиги таянчи эканлигини унутмаслик керак.

Баъзи инсонлар кўпинча қизиққонлик қилиб ёки ўзларининг тор манфаатларини ўйлаб, шошилинч хулосалар чиқарадилар. Ўзга миллатларга нисбатан тоқатсизлик фожиали оқибатларга олиб келиши мумкинлигини ҳақида эса ўйлаб ҳам кўрмайдилар.

Мен собиқ СССР Халқ депутати сифатида ишлаб юрган пайтимда ўзга миллатларга нисбатан тоқатсизлик оқибатларини ўз кўзим билан кўрганман.

Калтакланиб ўлдирилган, тириклай ёқиб юборилган одамлар…
Онасининг жасади ёнида йиғлаб ётган чақалоқлар…
Ёниб кулга айланган уйлар…
Аждодлари макон қурган юртларини ташлаб чиқишга мажбур бўлган халқлар…

Бундай мудҳиш воқеаларни кўрган инсоннинг дунёқараши тез ўзгаради. Бу каби воқеалар қайтарилмаслиги учун қўлингдан келганича ҳаракат қилгинг, адолатсизликларга қарши курашгинг келади.

Ўзаро низолашаётган одамларнинг тинч–тотув яшаши учун йўллар қидириб, турли фалокатларнинг олдини олиш чораларини кўришга ҳаракат қиласан.

Мен бу масала устида мушоҳада қиларкан, унга ўз ҳаётий ва сиёсий тажрибамга таяниб ечим топишга уринаман.

Тожик тили ва бизга қўшни давлатлар ҳақида гап кетаркан, 1990 йилнинг 10–15 февраль кунлари Душанбе шаҳрида юз берган фожиавий ҳодисалар ёдимга тушди.

Ўшанда бир неча ҳамфикр кишилар билан тожиклар ва ўзбеклар ўртасида жанжал чиқишини олдини олиш ва ўзаро дўстлик алоқаларини ривожлантириш учун курашишга қарор қилган эдик.

1990 йилнинг 10 февралида Тожикистон пойтахти – Душанбе шаҳрида тартибсизликлар бошлангани ҳақида хабарлар тарқалди. Мен Москвада, собиқ СССР Олий Кенгашининг қўмиталаридан бирида иш билан банд эдим. Хаёлимга дарров бундан бир йил муқаддам Фарғонада юз берган қонли воқеалар келди. Душанбедаги ўзаро низолар пайтида Фарғона сценарийси такрорланса, бунинг оқибати жуда ёмон бўлишидан хавотирга тушгандим.

Ўша куни СССР Ички Ишлар вазирлиги ва СССР Давлат Хавфсизлик Хизмати – КГБ мутасаддилари билан боғланиб, Душанбеда бўлаётган воқеалар ҳақида зудлик билан менга маълумот беришларини сўрадим. Илова сифатида расмий депутатлик сўровномасини ёздим ва уни мазкур идораларга телефакс орқали жўнатдим.

Жавоб келгунга қадар бир-икки танишим билан гаплашиб, Душанбедаги вазиятни ўрганишга ҳаракат қилдим.

Душанбега депутатлар учун ажратилган ҳукумат алоқа тармоғи орқали ҳам боғланиб бўлмади. Хабар тарқалмаслиги учун Тожикистон билан алоқани узиб қўйган бўлсалар керак, деган хулосага келдим. КГБ ва ИИВдан олинган маълумотномадан ҳам ҳеч нарса аниқ бўлмади ҳисоби. Маълумотномада ҳар доимгидай “миллатчилар, экстремистлар, халқлар ўртасидаги дўстликни, барқарорликни бузиш ниятидаги кучлар” ҳақида сўз борар, уларни аниқлаш ва зарарсизлантириш бўйича чоралар кўрилаётгани билдирилган эди.

Батафсил маълумот олиш умидида тожикистонлик депутатлар билан гаплашишга қарор қилдим. Аммо, уларнинг ҳаммаси ҳодисалар бошланган куннинг ўзидаёқ Душанбага учиб кетишган эди.

Ўша пайтда СССР Олий Советининг мажлислар зали Кремлда жойлашган эди. Мажлисларимиз ҳам ўша ерда бўларди. Мен Кремлга бориб, Олий Советнинг Миллатлар Кенгаши раиси Рафиқ Нишонов билан учрашдим.

Рафиқ Нишоновнинг бир вақтлари ўзи раҳбар бўлган Ўзбекистонлик депутатлар билан муносабатлари яхши эди. Ундан Душанбеда бўлаётган воқеалар ва Миллатлар Кенгашининг ўзаро низоларни олдини олиш бўйича амалга ошираётган ишлари ҳақида сўрадим.

Нишонов Тожикистон раҳбари Қаҳҳор Маҳкамов билан бир неча соат олдин гаплашган, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳақида унинг ҳам деярли хабари йўқлигини билган. Тожикистон раҳбарияти юзага келган вазиятни олдини олиш ўрнига каловланиб қолган, ваҳима ва қўрқув ичида экан.

“Улар вазиятни мутлақо назорат қила олмай, барча масъулиятни ҳарбийларга ташлаб қўйишган. Юзага келган воқеалар учун фақат миллатчилар ва экстремистларни айблашмоқда”, – деди Нишонов.

Бундан бир йил олдин Фарғонада содир бўлган хунрезликлар бозордаги оддий жанжалдан бошланиб кетганини айтган Нишонов анча кулги бўлган ва бу гапи учун танқидлар остида қолган эди.

“Ўшанда бу ишларни миллатчилар ва экстремистлар уюштирган, деб эълон қилишимни талаб қилишган эди. Лекин мен миллатимизга бундай айб қўйилишига сабабчи бўлишни хоҳламадим,” -деди у суҳбатимиз давомида.

Унинг айтишича, Тожикистон раҳбарияти юқоридан келган топшириқни бажараётган ва вазиятни янада оғирлаштираётган эди.

“Ҳозирги шароитда оддий халқ билан очиқ мулоқотга чиқиш, агар керак бўлса турли норасмий гуруҳлар билан алоқалар ўрнатиш керак. Шундагина бирор натижага эришиш мумкин бўларди. Мен Тожикистон раҳбариятига, ўзимизнинг тажрибамиздан келиб чиқиб, қўлдан келганча маслаҳатлар бердим. Вазият изига тушгач, бу воқеаларни Миллатлар Кенгашига қўярмиз. Ҳозирча бу ердан туриб, бошқа ҳеч нарса қила олмаймиз,” – деди Рафиқ Нишонов.

Суҳбатимиз сўнгида у мендан Ўзбекистондан сайланган депутат бўлсам ҳам бу воқеалардан нега ташвишга тушаётганим сабаблари билан қизиқди.

Тожикистон аҳолисининг салмоқли қисмини ўзбеклар ташкил этади. Айни пайтда маҳаллий ҳукуматга қарши бошланган норозиликлардан баъзи бир гуруҳлар миллий низоларни юзага келтириш учун фойдаланиб қолишлари мумкин эди. Айнан шу нарса мени ташвишга солаётгани, шу боис воқеалар шу тарзда ривожланишини олдини олиш зарурлигини айтдим.

Нишонов вазиятнинг издан чиқиб кетишига ишонмасди. У беқарорлик асосан Душанбе шаҳрининг ўзида юз бераётгани боис, бир неча кун ичида аҳвол яхшиланишига умид билдирди.

“Лекин, умуман олганда, мамлакат катта ўзгаришлар арафасида турибди. Бир неча кун олдин Марказий Кенгаш Пленумида қабул қилинган қарорнинг тарафдорлари ҳам унга қаршилар ҳам бор. Бу нохуш оқибатларга етаклаши ҳам мумкин,” – дея сукутга чўмди у.

Миллатлар Кенгашининг раиси бешинчи ва олтинчи февраль кунлари бўлган йиғилишда қабул қилинган “КПССнинг давлат бошқаришдаги ягона ва ҳукмрон партия ролидан кечиш” қарори ҳақида гапираётган эди. Ўшанда мамлакат Конституциядан олтинчи моддани олиб ташлаш таклифи тасдиқланган, бу эса етмиш йилдан ошиқ вақт ҳукм сурган собиқ иттифоқ тарихида содир бўлган энг муҳим воқеа ўлароқ кутиб олинганди. Бу қарорда собиқ иттифоқда компартиядан бошқа партиялар тузишга рухсат берилганди.

Ўша куни Рафиқ Нишонов билан мулоқотимиз шу зайлда ниҳоясига етганди. Биз бундан ортиқ очиқча гаплаша олмасдик ҳам. Негаки, у расмий раҳбарият аъзоси, мен эса уларга нисбатан мухолиф қарашдаги депутат эдим.

Душанбеда содир бўлаётган воқеалар Ўзбекистонлик мухолифат фаолларини ҳам ғоятда ташвишга солиб қўйганди. Ўша куни кечки пайт мухолифатдаги “Бирлик” халқ ҳаракатининг Андижон вилоятидаги раҳбарлари – Андижон Чет тиллар институти ўқитувчиси Қаҳрамон Мирзаматов ва Акбарали Ориповлар қўнғироқ қилиб қолишди.

“Пўлатжон, биз Душанбедаги воқеаларга муносабат билдириш учун йиғилмоқчи эдик. Эшитишимизча, у ерда бир нечта ўзбек ўлибди. Андижондаги дўстларимиз- Абдуқаҳҳор Усмонов, Муроджон ва Эркин акалар ”Пўлатжон келса, бир маслаҳатлашар эдик,“ дейишаяпди,” – муддаога кўчди Қаҳрамон ака.

Абдуқаҳҳор Усмонов, Муроджон ва Эркин акаларни (афсуски, уларнинг фамилиялари ёдимда қолмаган) тожик эканликларини билардим. Тушундимки, вазият ўта жиддий. Улар нимадандир ташвишга тушиб қолишган.

Ўша куннинг ўзида Андижонга етиб боришга ваъда бериб, улар билан хайрлашар эканман, йўлга отландим. Чунки, Москвада туришдан фойда йўқ эди.

Аэропортдаги депутатлар хонаси Душанбега учадиган махсус рейсни кутаётган мансабдор шахслар билан тўла эди.

Тошкентга қатнайдиган учоқнинг парвозига ҳали тўрт соат бор эди. Шу боис депутатлар хонасининг ресторанига ўтдим. У ерда танишлар деярли йўқ. Бир бурчакда Юрий Афанасьев ва Борис Ельцин ўтиришарди.

Мен уларга яқинлашдим ва салом бердим. ”Қарши эмасмисизлар?”, деб уларнинг даврасига қўшилишга рухсат сўрадим. Афанасьев мени таниб, “Аа, наш узбекский демократ, садись, садись…” – деди.

Афанасьев ва Ельцин Олий Советдаги мен аъзо бўлган мухолиф Минтақалараро депутатлар гуруҳининг раисдошлари эди. Улар билан гуруҳимиз мажлисларида тез–тез кўришиб турардик. Тинчлик учун халқаро Нобел мукофотининг лауреати, машҳур диссидент Андрей Сахаров ҳам гуруҳимиз раисдошларидан бири эди. Афсуски, бир неча ой муқаддам бу буюк Инсон вафот этганди.

Суҳбатдошларим компартиянинг жамиятдаги ролини ўзгартириш масаласини муҳокама қилишаётган экан. Ельцин анча ичиб олганга ўхшарди. Менинг келишим баҳонасида у яна рюмкаларни тўлдирди. Индамай ўзи кўтарди.

Ельциннинг шунақа одати бор эди. Гуруҳимиз йиғилишларидан кейин баъзида ўтиришлар бўларди. Ўша маҳфилларда ҳам индамай ичарди. Бошқа руслар сингари қадаҳ сўзи айтмасди.

Бир оз ўтмай, бир ходим келиб, учоққа чиқиш бошланганини, машина ҳам тайёрлигини айтгач, Ельцин биз билан хайрлашди.

Бундан кейин Афанасьевнинг учиш навбати экан.

Шу орада қисқача мулоқотда бўлдик.
”- Душанбеда бўлаётган воқеалардан хабарингиз борми?” – деб сўрадим ундан.
”- Ҳа, хабарим бор, лекин бу ишларга умуман ҳайрон эмасман, – жавоб берди Афанасьев. – Бу воқеаларни бир гап билан ифодаласа бўлади: агония (жон талвасаси).”

У Марказда бўлаётган воқеалар минтақалардаги сиёсий ҳодисалар билан узвий боғлиқ деб ҳисобларди. Михаил Горбачевнинг жуда кечикиб қарорлар чиқараётгани, воқеалардан ортда қолиб кетгани ва натижада жойларда вазият издан чиқиб кетаётганини куюниб гапирди. Унинг фикрича, мамлакатда бошқарув тизими издан чиққан. Кескин ислоҳотлар бошланмас экан, аҳволни ўнглаб бўлмайди. Бунинг учун бошқарув тўла шўроларга топширилиши керак.

“Яқинда депутатларнинг фавқулодда съездини чақиришмоқчи. Буни ҳозир менга Ельцин айтди. Агар шунда ҳам Горбачев кескин бурилиш қилмаса, унда барча имкониятни қўлдан бой беради ”– дея сўзида давом этди у.

Афанасьев тарихчи олим бўлгани учун ҳам жуда кучли назариётчи эди. Минтақалараро депутатлар гуруҳимизнинг барча назарий ғояларини ишлаб чиқишда Афанасьев ва Попов иккаласи бошчилик қилишарди. Лекин улар, республикалар мустақиллиги масаласида аниқ фикрга эга эмас эдилар. Баъзида, айни масалада орамизда тафовутлар юзага келарди.

Албатта, унинг “Марказдаги воқеалар жойлардаги сиёсий ҳодисалар билан боғлиқ”, деган гапида жон бор эди. У, марказдагилар ўз сиёсий ўйинларида жойлардаги халқлардан фойдаланмоқда, демоқчи бўларди. Лекин мен учун бу масаланинг бошқа жиҳатлари ҳам бор эди. Шу боис у билан ортиқча тортишиб ўтирмадим.

Ўша куни “Москва – Андижон” йўналиши бўйича учиб, Андижонга етиб келдим.

Олдинига “Бирлик” халқ ҳаракатининг вилоят бўлими йиғилишини Андижонда ўтказишни режалаштирган эдик. Лекин бунга имкон беришмади. Ўзбекистонда ҳам Тожикистондаги каби тартибсизликлар юзага келишидан чўчиган ҳукумат ҳар қандай йиғилишларга қаттиқ қаршилик кўрсатарди. Шу боис ортимиздан кузатувчилар кўпайиб кетиб, турли тўсиқлар яратиш бошланди.

Тўсқинликларга қарамай мажлисни Андижонда эмас, Шаҳрихонда ўтказдик. Йиғилишда Душанбеда бўлаётган воқеалар туб аҳолининг мавжуд режимдан норозилиги сабаб юза келгани ҳақида фикрлар билдирилди. Совет Иттифоқида бошланган демократик ва ошкоралик жараёнлари Марказий Осиё республикаларида, жумладан, Тожикистонда ҳам ҳеч қандай ижобий ўзгаришларга олиб келмаётгани, бунга маҳаллий амалдорлар тўсқинлик қилиб туришгани таъкидланди.

Ўша кунлари Тожикистонга армани миллатига мансуб гуруҳлар кўчириб келинармиш, деган турли миш – мишлар тарқатилган, халқ ичида юзага келган норозиликлар сабаби сифатида шу воқеа тилга олинаётган эди. Аслида, сиёсий кўтарилишлар илдизи бошқа ёқда эди.

Фарғонада бўлиб ўтган қонли воқеаларга маҳаллий аҳолининг месхети туркларидан норозилиги сабаб бўлганлигига урғу беришганди. Тожикистонда ҳам халқ кўтарилишини миллий низоларга боғлаш ҳокимиятда ўтирган коммунистлар ва махсус хизматлар учун синалган усул эди.

Биз йиғилишда шу масалаларни кенг муҳокама қилдик. Охирида, Душанбега бориб, воқеаларни бевосита ўрганиш учун кичик бир гуруҳни у ерга жўнатиш зарур деган хулосага келдик. Унга мени раҳбар қилиб сайлашди.

Уч кишидан иборат гуруҳга мендан ташқари Қаҳрамон Мирзаматов ва Акбарали Ориповлар киритилган эди.

Бизнинг асосий мақсадимиз тожикистондаги демократик кайфиятдаги кишилар ва миллий ҳаракат фаоллари билан биргаликда мавжуд тузумга қарши норозиликларни миллатлараро тўқнашувга айланиб кетишини олдини олиш эди. Чунки, оломон ичида миллий низоларни оловлантирувчи иғвогарлар кўп эканлиги маълум. Улар вазиятдан осонликча фойдаланиб қолишлари мумкин эканлигини яхши билардик.

Кахрамон ака касби филолог бўлгани боис тожик, ўзбек, рус тилларидан ташқари немис ва французчада хам бемалол гаплашар эди. Акбарали ака эса СССР халқ депутатининг, яъни каминанинг расмий тасдиқланган ёрдамчиси. Қонун бўйича СССР Олий Совети депутати учта ёрдамчига эга бўлиши мумкин. Ўша пайтда ”Бирлик” халқ ҳаракати раиси Абдураҳим Пўлатов ҳам менинг яна бир ёрдамчим бўлган.

Хуллас, биз эртаси куни, 16 февралда Душанбега жўнаб кетдик. Андижон аэропортида йўлимизни тўсишга уринишлар бўлди. Бундай ҳаракатларни милиция эмас, айнан хавфсизлик химатидагилар уюштиришди.

Бизни у ерда Андижон шаҳар милициясида терговчи бўлиб ишлаётган ”Бирлик”чи Абдуқаҳор Усмонов кутиб олди. Абдуқахор аканинг айтишича, транспорт милициясига бизларни самолётга чиқармаслик ҳақида Давлат Хавфсизлик Комитети – КГБдан махсус топшириқ келган, лекин милициядагилар бундан бош тортишган. “Олий Совет депутати фаолиятига тўсиқлик қилсак, катта жанжал бўлади,” деб жавоб беришган. “Шу сабабдан, эҳтиётроқ бўлишларингиз зарурлиги ҳақида огоҳлантириш учун бу ерга келдим,”– деди у.

Абдуқахор аканинг миллати тожик. Душанбега бориш ҳақидаги фикрнинг ташаббусчиларидан эди. Кейинчалик, бу ажойиб инсон давлат сиёсатига норозилик билдириб, милициядаги ишини тарк этди ва адвокатлик қила бошлади.

Абдуқахор Усмоновнинг адвокат сифатидаги биринчи иши мени ҳимоям билан боғлиқ бўлган. У киши уч йил давомида мени ҳимоя қилиб, қамоқма–қамоқ, зонама–зона юрган. Озод бўлган кунимоқ кутиб олиб, оёғим остига қўй сўйди. Ўша кундан бошлаб биз ака–ука тутинганмиз Ҳозир ҳам Андижонда адвокат бўлиб ишлаяпди, лекин сиёсатдан чекинган.
Бу эса бошқа масала.

Хуллас, ўша куни Андижон аэропортида чипталар сотиб бўлинганини айтиб, турли баҳоналар қилишди. Лекин барибир , уларга енгилмадик ва самолётга чиқиб, Душанбега учиб кетдик.

Душанбе аэропортида хам бизни йўлимизни пойлаб туришган экан. Тожикистон ССР Давлат Хавфсизлик Хизмати (КГБ) ходими шаҳарда фавқулодда ҳолат эълон қилингани ва мавжуд тартибга биноан бошқа республикада яшовчилар вақтинча шаҳарга кириши мумкин эмаслигини айтди. Унинг бу гаплари ёлғон ва келтирган важларининг барчаси ноқонуний эди.

Қўлимда СССР Олий Совета раиси Михаил Горбачёв имзолаган, давлатнинг барча жойларига, чегара, ёпиқ иншоотлар ва бошқа ҳудудларга кириш ҳуқуқини берадиган депутатлик ҳужжати бор эди. Бу ҳужжатни унга кўрсатиб: “Горбачёв берган ушбу ваколатларни бекор қиладиган қонунни ёки қарорни қўрсатсангиз, мен қайтиб кетаман”, деб қатъий жавоб бердим.

Эҳтимол, у биздан бундай ҳаракат ва гапларни кутмаган эди. ”КГБ” номини айтиб, пўписа қилсам, орқага қайтиб кетишади, деб ўйлаганмикан ёки… Мен эса унинг сўзларига эътибор бермай, шерикларим билан биргаликда аэропортдан чиқиш томонга қараб йўл олдим. Хавфсизлик хизмати зобити эса ўзини оқлаш учун: “Мендан хафа бўлманг, ўртоқ депутат, буйруқни бажардим холос. Сизнинг ҳуқуқларингизни чеклаш ниятим йўқ эди,” – дея нари кетди.

Душанбега кириб боргач икки йўналиш бўйича ҳаракат қилишга келишиб олдик. Қаҳрамон ва Акбарали акалар норасмий демократик ҳаракат фаолларини топиб гаплашадиган бўлишди. Мен эса расмий идораларга кириб, амалдорлар билан учрашиб, уларнинг фикрларини эшитишни ўз зиммамга олдим.

Келишувимизга биноан, бир неча соатдан кейин қайта учрашиб, демократик ва миллий ҳаракат фаоллари билан мулоқотни давом эттиришга қарорга келдик.

Ўша куни Тожикистон расмий идораларидаги маъсуллар билан учрашдим. Республика Олий Совети, Давлат Хавфсизлик Қўмитаси, Ички Ишлар вазирлиги, Тожикистон Компартияси Марказий Комитети ва республика Комсомол Ёшлар Иттифоқи ташкилотларида турли даражадаги раҳбарлар билан мулоқотда бўлдим.

Ушбу расмий идоралар қўрқув ва ваҳима ичида эди. Давлат ва партия сиёсати учун халқ олдида жавоб беришга масъул шахслар айни вазиятда нима қилиш кераклиги билишмасди.

Улар халқдан мутлақо узилиб қолишгани аён эди. Бу амалдорлар одамлар нима хоҳлаётганини ва нимадан норози бўлишаётганини тўла англаб етишмаган кўринарди. Жамиятда бошланган қайта қуриш ва ошкоралик сиёсати натижасида халқнинг дунёқарашида кескин ўзгаришлар содир бўлгани, одамлар ўз турмуш тарзлари ва ҳаётларида ҳам бу ўзгаришлар натижасини кўришни исташаётгани уларни қизиқтирмасди.

Мен учрашган кишиларнинг аксарияти бу воқеалар ортида Сайид Абдулло Нурий бошлиқ исломчи гуруҳлар ва бошқа миллатчилар турибди, деган қатъий ишончда эдилар. Шу боис турли миш-мишлар ва иғволарни олдини олиш ўрнига, уларни кучайишига ҳисса қўшишар, Марказга ҳам ҳақиқатга тўғри келмайдиган ахборотларни етказишарди.

Бундай ҳаракатсизлик ва ландовурлик натижасида Тожикистонда бошқа миллатларга ва энг муҳими русларга қарши қирғин бўляпти, деган шумхабар Совет Иттифоқи аҳолиси кенг ичида тарқала бошлади.

Кейинчалик, бу сохта маълумотлар натижасида СССРнинг турли ўлкаларида муддатли ҳарбий хизматини ўтаётган тожикистонлик аскарлар энг кўп жабр чекишди. Ҳеч нарсага алоқаси бўлмаган ёшларни, у хоҳ тожик ёки ўзбек бўлсин, таҳқирлаш, камситиш ва аёвсиз калтаклаш ҳолатлари юз бера бошлади. Кўплаб йигитларимиз ҳарбий қисмларда ваҳшийларча уриб ўлдирилди.

Худди шундай ҳолат 1989 йилги Фарғона воқеалардан сўнг Ўзбекистондан хизматга чақирилган аскарларга нисбатан хам кузатилган эди. Ўшанда ҳарбий қисмлардан юборилган тобутлар миллатчилик оқибатида ўлдирилган йигитларнинг сони қанчалик кўп эканлигини очиқ кўрсатганди.

Рус миллатчилари учун у ўзбекми, тожикми, қозоқми, қирғизми, туркманми фарқи йўқ, уларнинг ҳаммаси бир гўрдир…

Кейинроқ Марказий Осиё республикаларидан келган йигитларни ҳарбий қисмларда қийнаб ўлдирилиши масаласини СССР Олий Кенгаши муҳокасига қўйилишига эришдим. Шундан сўнг бу масалани ўрганиш бўйича алоҳида комиссия тузилди.

Бу орада ўша даврдаги СССР Мудофаа министри Дмитрий Язов билан учрашиб, бу масалада аниқ чора – тадбирлар режасини ишлаб чиқишларига эришдим. Бу режага асосан, минтақамиздан чиққан йигитларнинг хизмат ўтаётган жойларида депутатлар зиёратларини уюштирдик ва аскарлар билан доимий алоқа тармоғини туздик. Бу эса ўзининг ижобий натижасини бера бошлади.

Ўша пайтларда таъқир ва камситишларга учраб, ҳарбий қисмлардан қочиб кетган кўплаб аскарлар мендан нажот сўраб келишарди. Мен эса халқ депутати сифатида уларни ўз ҳимоямга олдим. Мажбурликдан ҳарбий қисмни ташлаб кетганларни жавобгарликка тортилмасликларига эришдим. Бундан ташқари кўплаб ёшларимизни хизмат ўтаётган жойларидан ватанимиздаги ҳарбий қисмларга кўчиришни уддасидан чиқа олдим.

Бу масалада, айниқса, “Бирлик” халқ ҳаракати ҳам кўплаб эзгу ишларни амалга оширди. Биз минтақамиз ёшлари ҳарбий хизматни фақат ўз юртларида ўташларини талаб қилиб чиқдик. “Ҳарбий мардикорлик” тизимини йўқотиш бизнинг асосий мақсадларимиздан бири эди. Биз бунга эришдик хам. Ва кўпдан кўп ҳамюртларимиз ҳаётларини сақлаб қолдик.

Бу мавзуга бағишлаб таниқли кинорежиссёр Абдулазиз Маҳмудов “Ой бориб, омон қайт” номли ҳужжатли фильм яратган.

Ўз фарзандлари жасади руҳдан ясаб, пайванд қилиб мустахкамланган тобутларда келган ота- оналарнинг оҳу фарёдлари ҳанузгача кўз олдимдан кетмайди. Ўша пайтда ўлдирилган асркарларни тобутдан олиб, ювиб–тараб кўмишга ҳам рухсат беришмас эди. Кўп ҳолатларда дафн маросими ўтказилгач, темир тобутнинг ўзи қабрга қўйиларди. Чунки, ваҳшийларча ўлдирилган йигитларнинг таналари кўриб бўлмас даражада бўларди…

Бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг, орадан кўп вақт ўтмай мени ҳибсга олишди.Тошкент қамоқхонасида белгиланган жазо муддатини ўтаётганимда, ҳимоячи адвокатим билан учрашувга олиб чиққан бир прапорщик йигит кўзимга иссиқ кўринди.

“Пўлат ака, мени танимадингиз… Москва областидаги ҳарбий қисмдан қочиб келганимда, мени мехмонхонадаги хонангизда бир неча кун яшириб, ҳимоя қилган, кейин уйимга – Марҳаматга жўнатиб юборган эдингиз. Сизга катта раҳмат! Сиз туфайли тирик қолдим, ўқидим, мана ҳозир ишлаяпман. Қамоқхонада ишласам ҳам бирор бир одамга ёмонлик қилмадим. Сиздан кўрган яхшиликни бошқа одамларга қайтараяпман,” – деди у.

Ҳа, ҳаётда бу каби кутилмаган ҳолатлар ҳам содир бўлиб туради. Бундай ходисаларга кўп марта дуч келганман. Сиёсий фаолиятим давомида кўплаб оддий одамлар, шу жумладан, ажойиб инсонлар билан танишган ва улардан ўз холис ёрдамимни аямаганман.

Яна Душанбе воқеаларига қайтсак.

Ўша куни Республика “Комсомол” ёшлар фаолларининг мажлисида бўлган учрашув энг ёрқин хотира сифатида хаёлимда сақланиб қолган.

Йиғилишга Тожикистондан СССР Халқ депутати бўлган Ризоали Аджоев билан бирга бордик. У билан муносабатларимиз жуда яхши эди.

Бу ерда ҳам одатдагидай Москвадан келган расмий фаоллар жамоатчиликка таъсир ўтказишар, мажлис миллатчилар, экстремистлар, диний кучларни қоралаш мақсадида уюштирилгани очиқ кўриниб турарди.

Биз кириб келганимизда Москвадан келган расмий бир вакил нутқ сўзлар эди. Мажлис одатдагидек анъанавий кўзбўямачилик руҳи билан ўтаётганди. Биз эса тез фурсатда жамоатчилик фикрини бошқа томонга буриб юборишга эришдик.

Мажлис воизи гапини бўлиб, “Кимнингдир буйруғи билан қоғозга ёзиб олган гапларингиздан фойда йўқ,” деб дастлаб ўзимни таништирар эканман, йиғилганларга Ўзбекистондан келганимни айтдим. Биз ўзбеклар ва тожиклар қондош ва дўст халқ эканлигимиз, ота -боболаримиз бу юртларда минг йиллардан бери бирга яшаб келишаётгани, дўстимизни бошига кулфат тушса, биз чеккада томошабин бўлиб тура олмаслигимиз ва бир–биримизга ёрдам беришимиз зарурлиги ҳақида гапирганимда кўпчилик мени қўллаб қувватлади.

Бу ерга келиб, ҳақиқатдан ҳам қардош тожик халқига маънавий ёрдам зарурлигини ҳис қилдим. Мен қатнашган учрашувлар ва бўлиб ўтган мулоқотларда бу халққа нисбатан катта туҳмат уюштирилаётган эди. Бўлаётган воқеалар умуман нотўғри талқин қилинарди.

“Бу ерда қандайдир миллатчилар ва экстремистлар ваҳшийликлари ҳақида гапириляпти, лекин норозиликнинг сиёсий моҳиятини ҳеч ким тан олгиси келмаяпти, ” деб гапни бошлаган эдим ҳамки, Ризоали ўрнидан туриб кетиб, тўлқинланиб гапира бошлади:

“-Тўғри! Қанақа миллатчилар ҳақида гапиряпсизлар сизлар ўзи?! Аҳир, ”миллатчи” деганларингнинг сиёсий талаблари бор- ку! Улар уйма- уй юриб, одамларнинг тинчлигини бузишмаяпти. Майдонга келиб талабларини айтишмоқда…”

У у сўзида Душанбе шаҳрида пайдо бўлган жиноятчи гуруҳларга эътибор қаратди:

“-Менда бор маълумотларга қараганда, бу шубҳали шахслар воқеалардан бир неча кун олдин шаҳарга келишни бошлашган. Одамларнинг айтишларича, улар кўпчиликка таниш бўлган жиноий гуруҳларнинг аъзолари экан. Нега милиция бу шахслар билан шуғулланмаяпди? Нега шаҳарни уларни ихтиёрига ташлаб қўйдинглар! Ўз уйларини жиноятчилардан ҳимоя қилиш учун одамлар бирлашмоқда, лекин милиция ва ҳарбийлар ҳеч қандай чора кўрмай, фақат давлат идораларини қўриқлашмоқда”.

Ўша пайтда Тожикистонда эндигина уйғониб келаётган демократик кучларга расмий амалдорлар ”Растохез” деб ном қўйиб олишган, барча айбни уларга ағдаришга урунишарди. Ризоали атайин уюштирилаётган янги ва соғлом кучларни қоралашдан мақсад республикада бўлаётган демократияга интилишни сўндириш эканлиги ҳақида ҳаяжанлаониб гапирар экан, залда жонланиш бошланди. Шу дақиқагача жим турган одамлар ўз фикрларини очиқ гапира бошлашди.

Шу пайтгача мажлис рус тилида бораётганди. Кутилмаганда залда ўтирганлар бирданига тожикчага ўтиб кетишди. Минбарда жойлашиб олган москваликлар талвасага тушиб қолишди. Чунки, бу ерда бир миллат гапирарди…

Мажлисдан кейин мен Ризоали билан хайрлашиб, Қаҳрамон ва Акбарали акалар билан келишилган жойга бордим. Улар турли тоифадаги кишилар, асосан демократик ҳаракат вакиллари билан мулоқот қилишган экан.

Хуллас, ўша куни яна кўплаб фаоллар билан учрашиб суҳбатлашдик. Демократик ҳаракат аъзолари билан қизғин баҳсу мунозарамиз кечки пайт биз жойлашган меҳмонхонада яна давом этди.

Бизни ўзаро бирлаштирган нарса, бу – минтақамиздаги тинчлик ва ҳамкорликдан шу ерда яшайдиган халқлардан ўзга ҳеч ким манфаатдор эмаслиги тушунчаси эди.

Биз ўша куни “бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил” қабилида сиёсат олиб бораётган кучларга қарши биргаликда курашишимиз ва бу йўлда асосий қуролимиз демократия ва бирдамлик бўлиши керак, деган умумий тўхтамга келдик.

1990 йил СССРда оммавий намойишлар ва митинглар йили бўлди. Айни шу йилнинг январ–феврал ойларида мамлакатнинг юздан ортиқ ҳудудларида халқ намойишлари бўлиб ўтди ва уларда миллионлаб одамлар қатнашди.

Демократия ва ислоҳотлар, комфирқа яккаҳокимлигини тугатиш шиорлари мазкур намойишларда илгари сурилган асосий талаблар эди.

Собиқ СССРнинг кўплаб жойларида бўлаётган халқ намойишларида илгари сурилган талабларни Душанбедаги шиорлар билан солиштирсак, улар бир-биридан кескин фарқ қиларди. Бошқа минтақаларда демократияга интилиш ҳисси кучли бўлса, Тожикистонда бошқа миллатларга қарши норозилик туйғуси ҳукмрон эди.

Душанбедаги воқеаларни расмий тарғибот машинаси «миллатчилар, экстремистлар ва вахшийлар жинояти» дея талқин қилганди. Бундан кўзланган асосий мақсад Совет Иттифоқида халқнинг демократия сари тобора кучайиб бораётган интилишини сўндириш ва янги пайдо бўлган, халқ ичида ҳурмат ва эътибор қозонаётган лидерларни обрўсизлантириш эди.

Комфирқа шу йўллар билан ҳокимиятни қўлдан чиқармасликка ҳаракат қилаётганди.
Марказий ҳокимият иқтидорда қолиш учун ДХҚ (КГБ) ва ГРУ (ўзбекчалаштириш керак?) хизматларида синалган усулларни ишга солди. Халқ норозилигини ўз фойдасига ишлатиш учун Фарғона, Боку ва Душанбеда оммани манипуляция қилди.

Бугунги кунга келиб замонавий Россиядаги «Болотная» майдонида махсус хизматлар айни усуллардан фойдаланганини кўрамиз. Путин норози кучларни йўқ қилиш мақсадида уларни экстремистлар ва безорилар, дея кўрсатишга муваффақ бўлди. Мавжуд ҳокимият сиёсатидан норози бўлганларни эса қаттиқ жазолади ва охир- оқибат намойишларни бостирди.

Лекин Совет Иттифоқи интиҳосида махсус хизматлар ва комфирқа қанчалик чиранмасин халқлар онгидаги сиёсий ўзгаришларни ва миллий ўзликни англаш жараёнини тўхтата олмади. Марказдаги демократия ва консерватив кучлар ўртасидаги тўқнашув алал оқибат минтақамиз давлатларига мустақилликни туҳфа этди.

Афсуски, Марказий Осиёда мустақил бўлган давлатларнинг биринчи раҳбарлари озодлик, мустақиллик, биродар халқларнинг дўстлиги ва эътиқоди учун курашган одамларни йўқ қилган комфирқа таълимини олган кишилар эди. Бу раҳбарлар бугунги кунда ҳам Ленин ва Сталин сиёсатини қўллаб, асрлар давомида бирга яшаб келган қардош халқларни бўлиб ташлашга уринмоқдалар. Улар ҳозир ҳам минтақамиз халқларини бир–бирига душман қилиш эвазига ўз ҳокимиятларини сақлаб туришибди.

Минтақамиз давлатлари мустақилликка эришганига йигирма беш йил бўляпти. Шу йиллар давомида ўлкада иқтисодий–сиёсий иттифоқ тузиш йўлида бирон жиддий ҳаракат кўзга ташланмади. Ўзаро қондош ва биродар халқлар яшайдиган давлатларда иқтисодий-сиёсий ҳамкорлик ва интеграцияни кучайтириш ўрнига, ўртада симли тиканлардан ясалган тўсиқлар мустаҳкамланяпти. Чегаралар миналаштирилмоқда. Ҳарбий иншоотлар қурилмоқда. Чегара ҳудудларида яшайдиган кишилар эса бошқа жойга кўчирилмоқда.

Бу билан минтақа мамлакатлари ҳар томонлама кучли, тараққий этган давлатларга айлана олмайди.

Марказий Осиё республикаларининг сиёсий ва иқтисодий юксалиши учун ягона бир йўл бор, у ҳам бўлса, ўртадан чегараларни кўтариб, интеграция ва умумий иттифоқ сари қадам ташлаш. Ишончим комил, халқларимиз бундай қадамларни олқишлар билан кутиб олади.

Минтақамизда кучли сиёсий-иқтисодий иттифоқ пайдо бўлишини биздан бошқа ҳеч ким хоҳламайди. Агар бу ҳолатни тўғри тушуниб ҳаракат қилмасак, Туркистон ва Турон ғоялари ҳеч қачон амалга ошмайди. Марказий Осиё Россия ва Хитой ўртасида хомталаш бўлади.

Туркистон – умумий уйимиз! Минтақа халқлари қадим -қадимдан бир заминда яшаб келишган. Бундан кейин ҳам уларнинг ўртасига ҳеч ким тўсиқ сола олмайди. Биз тили бир, дини бир, урф -одатлари бир бўлган халқлармиз.

Бугундан бошлаб, бу масалага янгича ёндошмасак келажак авлодлар бизни асло кечиришмайди.

****

Муаллиф ҳақида:

Пўлатжон Охунов (Ахунов Пўлатжон Олимжон ўғли) — 1962 йилнинг 12 мартида Андижон вилоятининг Шаҳрихон шаҳрида туғилган.
1991 йилнинг сентябрида СССР Олий Советига депутат бўлиб сайланган. СССР илк демократик парламенти таркибида таниқли диссидент, Тинчлик учун Нобел мукофотининг лауреати Андрей Сахаров ва кейинчалик Россия Президенти бўлган Борис Ельцинлар раҳбарлик қилган депутатлик гуруҳида ишлаган. Ўзбекистон ”Бирлик” халқ ҳаракати асосчиларидан бири.
1995 йилдан буён Швецияда истиқомат қилади. 5 нафар фарзанди бор.

Манба: ”Дунё ўзбеклари”.

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn