ЎЗБЕК ХАЛҚ ЎЛАНЛАРИДА ЭПИТЕТ

imagesG312NH3XШаҳодатбону ИМОМНАЗАРОВА
ЎзР ФА Алишер Навоий номидаги
Тил ва адабиёт институти кичик илмий ходими

Халқимиз орасида қадимдан ижро этиб келинган ўланларнинг маънавий-маданий тараққиётимизда муҳим ўрин тутиши ва бадиий-эстетик аҳамияти уларнинг матнида қўлланилган поэтик воситаларнинг ўзига хослиги билан ҳам белгиланади. Ҳозиржавоблик, сўзамоллик, чечанлик ва фикрий теранликка асосланган ўлан ижрочилари томонидан халқ лирикасига хос анъаналар ҳамда ўзининг бадиий салоҳиятидан келиб чиқиб ишлатилган ҳар бир сўз ёки бирикма матнда муайян поэтик маъно ифодалашга хизмат қилиши билан ажралиб туради.

Шунинг учун ҳам ўланларда ўхшатиш, эпитет, поэтик рамз, параллелизм, такрор, метафора ва бошқа бадиий-тасвирий воситалар кўп учрайди. Ўланларнинг жозибадорлиги, ифодаланаётган мазмуннинг бадиий ифодасига хос теранлик ва табиийликни таъминлашда муайян нарса-предмет ёки воқеликни сифатлаш воситасида унинг маълум бир хусусиятларини алоҳида бўрттириб, кучайтириб образли тасвирлаш усули, яъни эпитет муҳим аҳамият касб этади.

Маълумки, фольклор асарларида қаҳрамонлар, турли-туман лавҳалар, эпик макон ифодалари ва ҳар хил воқеа-ҳодисаларни тасвирлашда эпитетнинг қўлланилиши ўзига хос анъана ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ўзбек фольклоршунослигида эпитетнинг турлари, бадиий матндаги поэтик вазифалари ва талқинларига доир кўпгина илмий ишлар ҳам яратилган. Хусусан, ўзбек халқ достонларидаги эпитетлар Т.Мирзаев, М.Муродов, С.Йўлдошева, И.Ёрматовлар томонидан ўрганилган бўлса, фольклоршунос олима З.Ҳусаинова эпитетларнинг топишмоқ жанри бадииятидаги ўзига хос ўрни хусусида изланиш олиб борган. Эпитет ва унинг фольклор асарларидаги бадиий талқинини махсус тадқиқ этган И.Болтаеванинг ишларида эса эпитет бўйича амалга оширилган илмий изланишлар шарҳи, эпитет таснифи, унинг турлари ва халқ достонлари матнида қўлланилиши каби масалалар кенг ёритилган. Ўзбек халқ ўланларидаги эпитетлар эса ҳалигача ўрганилгани йўқ, шу боис биз ушбу мақоламизда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан ёзиб олинган ўлан намуналаридаги эпитетлар таҳлили мисолида бу поэтик воситанинг халқ лирикасидаги бадиий-эстетик вазифалари хусусида сўз юритамиз.

Ўлан жанрига мансуб фольклор асарларининг тексти бадиий матннинг ўзига хос кўринишларидан бири бўлганлиги сабабли унда халқ оғзаки поэтик ижодига хос тасвирий воситалар қай тарзда ифода этилишини аниқлаш муҳим илмий аҳамиятга эга. Халқ лирикасининг бошқа жанрларида бўлгани сингари ўланларда ҳам поэтик матннинг бадиий-эстетик талқинини юзага келтиришда эпитет ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Ўлан матнида қўлланилган эпитетлар муайян нарса-ҳодиса ёки предметнинг алоҳида олинган белги-хусусиятлари ҳақидаги таассуротларни бўрттириб ифодалаш орқали поэтик тасвирнинг образлилиги ва эмоционал таъсирини кучайтиришга хизмат қилади.

Ўланларнинг матнида белги билдирувчи сўзлар асосида доимий ёки анъанавий эпитетларнинг кенг қўлланилиши кўп кузатилади. Бу жанрга мансуб қўшиқларни матний таҳлил қилиш шуни кўрсатдики, ўланларда нарса-предметларнинг ранг-тусини билдирувчи “оқ”, “кўк”, “қора”, “қизил” сингари аниқловчили эпитетлар, шунингдек, “мард”, “ботир”, “доно” сингари доимий эпитетлар самарали ишлатилади.

Айлатаман, кўзингдан, айлатаман,
Кўк ceркамга қўнғироқ бойлатаман.
Кўнглимда бир армоним қолиб эди,
Қўшиқ айтиб ceн қизни ўйнатаман.

Ўлан қўшиқлари турмуш тарзи асосан чорвадорлик ва ярим чорвадорлик билан боғлиқ бўлган аҳоли орасида кенг тарқалганлиги сабабли унда чўпонлар ҳаёти билан боғлиқ воқелик кўпроқ тасвирланиши табиий ҳолдир. Юқоридаги бандда тасвирланган “кўк” эпитети орқали сурувни бошқариб юрадиган серканинг йириклиги, бақувватлиги кучайтириб баён этилмоқда.

Ола тоғнинг бошидан кўч кeлади,
Қора йўрға ceлкиллаб бўш кeлади.
Ўз ёрингдан айрилиш ёмон экан,
Қора кўздан мўлтиллаб ёш кeлади.

Мазкур банддаги “қора” эпитети отнинг белгисини билдириш билан бир қаторда рамзий маънода ёридан айрилган йигитнинг кўнглида кечаётган изтиробларга ҳам ҳамоҳанглик касб этган. Тўртинчи мисрадаги “қора кўз” бирикмасидаги “қора” эпитети ҳам кўзнинг чиройлилигини билдириш бироварида айрилиқ дардининг аниқловчиси вазифасида ҳам келмоқда.

Йигит томонидан айтилган ўлан матнида одатда “баланд”, “мард”, “ботир” сингари доимий эпитетлар қўлланилиши кузатилади. Қуйидаги ўлан матнидаги “баланд” эпитетининг такрор сўз шаклида қўлланилиши воситасида бургут, лочин ва сор каби баландпарвоз қушларга макон бўлган тоғнинг улуғворлиги, сервиқорлиги ўз бадиий ифодасини топган. Тоғлар қанчалик баланд бўлгани сингари шу қадар бағрикенг ва саховатли, шунинг учун бургут, лочин каби қушлар унинг бағрини ўзига макон қилган. Шунинг учун ҳам “эл оғаси” бўлган йигитлар ҳам мардлиги ва тантилилиги билан ажралиб туради:

Баланд-баланд тоғларнинг қори бўлар,
Ўнгирида бургут, лочин, cори бўлар.
Ўланчилар манманcираб кeрилмайди,
Эл оғаcи – мард йигитнинг ори бўлар.

Поэтик матнда қўлланиладиган эпитетларнинг айримлари ўзининг фақатгина бир маъноси билан нарса-предметнинг белги-хусусиятларини ифодаласа, баъзиларида бир нечта сўз ёки семалар занжири орқали бадиий маъно англатишга хизмат қилади. Шунинг учун ҳам эпитетлар тузилишига кўра икки типга бўлинади: а) оддий эпитетлар; б) таркибли ёки мураккаб эпитетлар.

Оддий эпитетлар таркиби биттагина сўздан иборат бўлиши билан характерланади. Хусусан қуйидаги ўлан матнида тишнинг оқлиги ва чиройлилигини ифодалаш мақсадида қўлланилган “маржон” эпитети шу типга мансубдир:

Оғзим очcам кўринар маржон тишим,
Бундай дучор кeларми cуйган кишим.

Халқ қўшиқларида ишлатиладиган содда эпитетларнинг аксарияти анъанавийлик хусусиятига эгалиги билан ҳам ажралиб туради. Бундай эпитетлар орасида халқимизнинг қадимий анъаналари ва удумлари билан чамбарчас боғлиқ бўлган сўз ҳамда атамалар ҳам кўп учрайди. Масалан, мўғуллар истеълосидан кейин Ўрта Осиёда тархонлик анъанаси урф бўлган. Бунга кўра, “тархоннинг тўққизта гуноҳи авф этилган, улар чорва молларидан салтанат учун солиқ тўламаганлар, ҳукмдор ҳузурига таклифсиз кириш ҳуқуқига эга бўлишган, салтанатдаги истаган қизга (маликалардан бошқа) уйланиш имконига эга бўлишган, ўзлари истаган нарсани тўққизтадан қилиб олишга ҳакли бўлишган”. Тилимизда кенг қўлланилган “дархон” сўзи ҳам ана шу “тархон” лексемасининг фонетик ўзгаришга учраган шакли бўлиб, “солиқ ва ҳар қандай мажбуриятдан озод қилинган”, “дахлсиз”, “имтиёзли киши” маъносини англатган. Ушбу луғавий бирликнинг ўзбек халқ ўланларида эпитет сифатида қўлланилишида ҳам унинг архаик сўзнинг тарихий маъноси асосга олинган бўлиб, ўланни ижро этаётган йигитга ҳарпдош сифатида айтишувда иштирок этаётган қиз (бу ўринда Ойхон)нинг турмушга чиқмаганлиги, яъни боши очиқ бўй қиз эканлигини ифодаламоқда:

Олти қизнинг ичида отинг Ойхон,
Йигирмага киргунча юрдинг дархон.
Йигирмага киргунча эр олмаcа,
Бир ёмоннинг олдида бўлдинг пайхон.

Таркибли эпитетлар эса анъанага кўра икки ёки ундан кўпроқ лексема иштирок этиши, шунингдек, бир нечта семанинг нутқий контекстда реаллашиши билан характерланади:

Адир-адир далаларга йўртар қарcак,
Дуо билан дарёйингга кўприк cолcак.
Шу дунёдан бeармон ўтар эдик,
Қураманинг бeш кокил қизин олcак.

Қуйидаги ўланда келтирилган “беш кокил” эпитети орқали сочини “бешта ўрим қилиб ўрилган соч” ҳамда “турмушга чиқмаган қиз” семалари, яъни маънолари англашилмоқда. Чунки Тошкент воҳасининг тоғли ҳудудларида ўтган асрнинг ўрталаригача урф бўлган анъанага кўра қизлар сочларини беш ёки қирқ ўрим қилиб ўришган. Бу одат “беш кокил” ёки “чилвир соч” номлари билан ҳам қайд этилган. Қизлар узатилганларидан кейин эса сочларини икки ўрим қилиб ўриб юришган. Бу уларнинг бир ёш-табақа мансубиятидан бошқасига, яъни қизлик оламидан аёллик дунёсига ўтганликларини билдирувчи белги бўлган. Қизларнинг боши очиқлигини билдирувчи ана шу белги-хусусият “беш кокил” таркибли эпитети орқали ўланда ҳам ўз ифодасини топган.

Ўзбек халқ ўланларида қўлланилувчи эпитетларни шаклий тузилишига кўра “содда эпитетлар” ва “аффиксал эпитетлар” каби типларга ҳам бўлиб таснифлаш мумкин. Анъанага кўра, содда эпитетлар фақат туб сўзлардангина иборат бўлиши кузатилади:

Бизнинг элнинг қизлари cуқcур бўйин,
Буқа бўйин қизларни бунда кўрдим.

Жонзотлар номини билдирувчи от туркумига хос сўзларнинг аниқловчилик вазифасида келиши орқали суқсур қуш каби нозик қадди-қоматли гўзалларнинг чиройлилиги “буқа бўйин”ли қизлар образига қарама-қарши қўйиш орқали тасвирланган.

Аффиксал эпитетлар муайян туб сўзга ясовчи қўшимча қўшиш орқали ҳосил қилинган лексемалар асосида реаллашади:

Қўйчи полвон кeлади қўйни ёйиб,
Оқ ceркаcи қолибди музга тойиб.

“Полвон” лексемаси орқали ифодаланаётган чўпон йигит образи тасвирига хос касбий белги-хусусиятнинг аниқловчиси сифатида қўлланилган “қўйчи” эпитети “қўй” лексемасига шахс оти яшовчи “-чи” аффиксини қўшиш орқали ҳосил қилинган бўлиб, “чорва молларини боқувчи чўпон” маъносини англатади.
Ўзбек халқ қўшиқлари, шу жумладан, ўлан матнларида қайд этилган эпитетлар ўзининг қўлланилиш қамрови ва даражасига кўра қуйидаги уч типга бўлинади: а) барқарор эпитетлар; б) универсал эпитетлар; в) якка эпитетлар. Барқарор эпитетлар халқ шеърияти матнларида муайян лексема билан ёнма-ён қўлланилиб, ўзига хос бадиий-эстетик вазифа бажарадиган ҳамда доимий такрорланувчи анъанавий эпитетлар ҳисобланади. Бундай эпитетлар ўзининг маъно ифодалаш хоссаси, оддийлиги ва барқарорлик табиатига эгалиги билан ажралиб туради. Ўзбек халқ ўланларида кўп такрорланувчи “кўк серка”, “қора тўриқ”, “ола тоғ”, “қора кўз”, “қизил гул”, “баланд тоғ”, “оч бўри” сингари бирикмалар таркибидаги эпитетлар шу типга мансубдир.

Бадиий матнда фақат муайян сўзлар билан эмас, балки турли хил луғавий бирликлар билан қўшилиб қўлланилиш орқали нарса-предметларнинг белги-хусусиятларини алоҳида кучайтириб ифодалашга хизмат қиладиган эпитетлар эса универсаллик характерига эгалиги билан ажралиб туради. Шунинг учун ҳам бундай эпитетлар “универсал эпитетлар” деб юритилади. Ўзбек халқ ўланларида қайд этилган “оқ” лексемаси ана шундай универсал эпитет ҳисобланади. Нарса-ҳодисаларнинг рангини ифодаловчи бу лексема ўланларда “оқ қалпоқ”, “оқ гул”, “оқ юз”, “оқ ғумай” сингари бирикмалар таркибида қўлланилган.
Фольклор асарлари поэтик матнида ғоятда кам қўлланиладиган эпитетлар ҳам учраб туради. Бундай эпитетларнинг қўлланилиш частотаси жуда кам бўлиб, бадиий матн учун анъанавийлик касб этмайди. Шартли равишда “якка эпитетлар” номи билан аталадиган бундай бадиий воситалар, масалан, юқорида таҳлилда келтирилган “дархон” эпитети каби мисоллар ўлан матнларида ҳам учрайди.
Хуллас, эпитет ўзбек халқ ўланлари бадиий тилининг жозибадорлиги, нафислиги ва халқчиллигини таъминлаган поэтик воситалардан бири бўлиб, бу жанрга мансуб фольклор асарларининг асрлар мобайнида сайқалланиб келишида муҳим роль ўйнаган.

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn