Назар Эшонқул: Мен нима учун ёзаман?

ef4148bce8c54a696e53aa44b73925dfИжод — ёзиш қизиқ жараён. Ёзувчи қўлига қалам олар экан, энди у бошқа, биз билгандан ўзга одамга айланади. Умуман, қандай куч инсонни ёзувчига айлантириб, қаламга боғлаб қўяди. Назаримда, бу фақат истеъдод эмас. Бунда қандайдир ўзгача сир ёки бошқа бир ҳолат мавжуд…
«Гулистон» журнали 2014 йил 6-сонида анъанавий саволлардан фарқли ўлароқ асар ёхуд унда қаламга олинган бадиий образу тимсоллар хусусида эмас, аксинча, асар битишга туртки бўлган сабаб ва омиллар, ижод жараёни билан боғлиқ саволларга жавоб топиш мақсадида бугун миллий адабиётимизда ўз сўзи ва ўрнига эга ёзувчиларимизга уч савол билан мурожаат қилди. Бугун ушбу саволларга жавоб берган таниқли адиб Назар Эшонқул фикр-мулоҳазаларини тақдим этамиз.

■ 1. ИЖОДКОРНИ ҚЎЛГА ҚАЛАМ ОЛИШГА УНДАЙДИГАН ОМИЛ НИМАДА ДЕБ ЎЙЛАЙСИЗ? БОШҚАЧА АЙТГАНДА, ЁЗУВЧИ ЁКИ ШОИРНИ ҚЎЛГА ҚАЛАМ ОЛИШГА ҚАНДАЙ КУЧ ДАЪВАТ ЭТАДИ ?

■ 2. АСАР БИТИШНИ ДЕЯРЛИ БАРЧА ИЖОД АҲЛИ МУРАККАБ ҲОЛАТ ДЕБ АТАШАДИ. СИЗДА БУ ЖАРАЁН ҚАНДАЙ КЕЧАДИ?

■ 3. ФАРАНГ АДИБИ ВИКТОР ҲЮГО «МЕН СИЗ ҲАҚИНГИЗДА ГАПИРАР ЭКАНМАН, АЙНИ ПАЙТДА ЎЗИМНИ ТУШУНТИРГАН БЎЛАМАН», ДЕЯ ЭЪТИРОФ ЭТАДИ. ШУ МАЪНОДА АСАРДА ИЖОДКОРНИНГ ҒОЯВИЙ-БАДИИЙ МИССИЯСИ — МАҚСАДИ ҚАЙ ДАРАЖАДА АКС ЭТАДИ?

01
НАЗАР ЭШОНҚУЛ
МЕН НИМА УЧУН ЁЗАМАН?
Шермурод Субҳон ёзиб олди
02

04Назар Эшонқул 1962 йил 15 июнда Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги Терсота кишлоғида туғилган. ТошДУнинг журналистика факултетини тамомлаган (1986). Дастлабки асари — «Уруш одамлари» 1988 йилида нашр этилган. Шундан сўнг ёзувчининг «Момо кўшиқ», «Маймун етаклаган одам», «Шамолни тутиб бўлмайди», «Момо қўшиқ», «Гўрўғли», «Мендан «Мен»гача» ва бошқа китоблари нашр этилган. Хуан Карлос Онеттининг «Ҳикоялар ва қиссалар»ини, Албер Камюнинг «Эсселар»ини, Чеховнинг «Болохонали уй» ҳикоясини ва бошқа кўплаб дунё адабиёти намуналарини ўзбек тилига таржима қилган.

02

1. Ижод ўзи нима? Бир қарашда, ижодни, ижодкорликни таърифлаш осондай туюлади. Аммо бу саволга Аристотелдан бошлаб, ҳатто ундан олдин ҳам жавоб изланган бўлса-да, ҳозиргача қониқтирадиган фикр айтилгани йўқ. Бу ҳақдаги ҳар бир фикр, қарашлар тўғри ва айни пайтда тўлиқ эмасдай. Шу сабабли менинг бу борадаги фикрларим ҳам фақат хусусий аҳамиятга эга. Менимча, сиз назарда тутаётган катта маънодаги ижод, ижодкорлик — ўзини ўраб турган олам, атрофдаги одамлар, воқеалар, ҳодисаларни ва ўзини ўзи ўқий олиш салоҳиятидир. Бунақа салоҳият ҳаммага берилавермайди. Ўзини ўраб турган оламни ҳамма кўради, воқеа-ҳодисаларга гувоҳ бўлади, ўзини ҳар куни кўзгуга солади. Лекин нари борса, у ташқаридаги рангларни, фасллар алмашишини, ўзининг танасидаги ўзгаришларни кўриши, воқеликни миш-миш ё чўпчак шаклида қабул қилиши мумкин, лекин ўзига, ўша арзимасдай кўринган воқеа-ҳодисаларга яширинган ёки ҳар куни кўриб ўрганган кўз олдидаги дунёга битилган ҳикматларни, бадиийликни, маънони ўқий олмайди.

Аслида бизни ўраб турган олам ҳам, биз билан бирга яшаётган одамлар ҳам ва ўзимиз ҳам яшаш, хулоса қилиш, сабоқ олиш, англаш ва ҳушёр тортиш учун абадият лаҳзаларига битилган бир китобмиз: бу китобни, унинг ичини ўқиш, англаш, ҳис этиш ва ўқиганларини бошқаларга етказиш эса фақат ижодкорнинг, санъаткорнинг қўлидан келади («санъаткор» деганда тўйга, оммавий томошаларга хизмат қилаётганларни назарда тутмадим). Ижодкорлик ана шу улкан ва абад-азал ёзувлари муҳрланган китобни ўқий олиш, ўқиганларини бошқаларга етказа олиш дегани. «Ўқиганларини» рассом бўёклар билан, бастакор оҳанг билан, шоир ва ёзувчи сўз билан етказади. Қанчалик баландпарвоздай туюлмасин, ижодкорликни мен шундай тушунаман.

Ўзини гарчи ижодкор санаса-да, кимки, ана шу китобни ўқишга қодир эмас экан, у ижодкор эмас, у шунчаки ижодкорга тақпидчи. У ўзини асл Маънони ўқиётгандай қилиб кўрсатаётган тақлидчи. Ижодкорлик асл Маънони уқий олиш ва оошқаларга етказа олиш дегани. Айнан шунинг учун ҳам ижод илоҳиятга дахлдорликдир.

Ижодкор ўзини ўраб турган оламдан, ўзи яшаётган муҳитдан, атрофидаги одамлардан, ўзининг кўнглидан, руҳидан «ўқиган»ларини бошқаларга етказиш учун ёзади. Сиз айтган «қўлга қалам тутқазиш омили» ана шу деб ўйлайман.

Ҳар бир даврнинг ўз битиги бор. Уни ўқиш, уқиш ва ёзиш ижодкорликдир. Кийимлар, қуроллар, бадиий воситалар, шиорлар, одатлар, урфлар даврлар ўтиши билан эскиради, аммо эзгулик ва ёвузлик, гўзаллик ва хунуклик, улуғлик ва тубанлик, яъни дастлабки бадиий асарлар таърифлаган Раҳмон ва Шайтон ўртасидаги кураш мавзуси эскирмайди. Бу кураш жараёни шаклини, қиёфасини ўзгартириб, даврга мослашиб, давр талаб қилган кўринишларга ўтиб туради, холос. Инсон кўнглида эзгуликка, гўзалликка, яратувчанликка, шафқатга, меҳрга, муҳаббатга эҳтиёж турар экан ва буларга қарши хавф-хатар бор экан, ижодкорга иш топилади.

Биринчиси каби охирги ижод намунаси ҳам худди Раҳмон ва Шайтон ҳақида бўлади деб ўйлайман…

2. Асар битиш ижодкор учун ўз кўнглида дунёни, оламни қайта яратишдай машаққатли жараён. Эҳтимол, Парвардигори олам дунёни, тирикликни, коинотни яратишдаги қудратни, улуғворликни, машаққат ва залворни, мақсад ва завқни, тугаллик ва мукаммалликни инсон озгина бўлса ҳам туйсин деб унинг руҳига ижодкорликни киритиб қўйгандир? Ҳар қалай, ижодкорлик мен учун илоҳ билан боғланиш, уни туйиш, завқ олиш ва унга томон юксалиб, мукаммалликка интилиш, Яратганнинг яратганларига тақлид қилиш бўлиб туюлади. Асар битиш ана шу ҳисларни бошдан кечириш дегани. Унинг машаққати ҳам, завқи ҳам шу ерда. Шу сабабли «менда шундай содир бўлади» дейиш менга эриш туюлади. Ёзиш жараёни қандай кечганини ҳар бир асарнинг ўзи айтиб туради. Асар қандай ёзилганини билиш учун асарнинг ўзини синчиклаб ўқиш кифоя. Дўконлардаги айрим оммабоп «асарлар»ни бир кўздан кечиринг, икки саҳифа ўқимасдан, қандай ёзилганини, неча пулга арзишини билиб оласиз. Бундай асарларга қизиқиш айримларимизнинг китобхонлик савиямизни кўрсатиб турибди.

З.Ҳюго ҳақ: ҳар бир ижодкор асарда, энг аввало, ўзини акс эттиради. Чунки олам ҳам, одам ҳам ижодкорнинг ўзида аксланади. Ижодкор ана шу ўзида аксланаётган дунёни ўзининг билими, савияси, мақсадидан келиб чиқиб, бошқаларга ҳам етказади.

Ғоявий-бадиий миссия барибир ижодкорнинг савияси, диди, мақсадининг ҳосиласи ўлароқ намоён бўлади. Лекин шундай бўлса-да, ижодкорнинг битта миссияси бор: у ҳам бўлса, эзгуликни, гўзалликни, шафқатни, меҳрни, инсоннинг кўнглини ҳимоя қилишдир. Унга шу вазифа юкланган ва у буларни ҳимоя қилишга мажбур. Эзгулик ва гуманизмга ёт бўлган барча ғоялар, миссиялар, ёзувлар, битиклар ижодкорлик эмас, ижод намунаси эмас. Ижод ҳисси, ижод завқи инсонга инсонни, эзгуликни, имонни ҳимоя қилиш, асраб-авайлаш, камол топтириш учун берилган. Ижод номи билан бошқа мақсадга хизмат қилиш — ижодкорликка хиёнат қилишдан бошқа нарса эмас.

Ҳар қандай асарда ижодкорнинг ўзи, «мени» бўй кўрсатиб туради. Ижодкорлик шундай кўзгуки, айрим ҳолларда муаллиф ёзганларини қанчалик бежамасин, жимжималаштирмасин, ҳар хил бадиий ўйинлар ортига яширмасин, қай мақсадда дунёга келганини, ортида нима мақсад турганини, ҳатго қаламкашнинг арзимас ғарази-ю, адабий сатанглигигача, савия-саводи-ю, ўзида йўқ нарсани кўрсатаман деб чиранишигача асарнинг ўзи айтиб, фош қилиб туради. Хоҳлаган асарни синчиклаб ўқинг, унда ижодкорнинг ўзини, қиёфасини, яширин ботинини кўрасиз. Адабий асар фақат бошқаларни эмас, уни дунёга келтирган шахснинг ўзини ҳам фош қилувчи адабий ҳужжатдир.

http://kh-davron.uz

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn