Фақатгина халқ яшар, фақатгина қолур халқ!

Ғаффор-Хотам3-225x300Ғаффор Ҳотам

Орипов ҳодисаси: кузатишлар, қайдлар, талқинлар

1.

Гоҳо шундай тўфонлар қўпади, шундай эврилиш ва ёки бўҳронлар содир бўладики, улар кимнингдир хоҳиш-иродаси ва инсоний ҳасад-хусуматдан жуда баланд туради. У биз кўниккан ҳаётни ислоҳ этиб, жиддий ўзгартиш киритади. Ва бу Яратганнинг азми-иродаси эканини тан олмай, илож йўқ.

Тафаккур тарзида фавқулодда ўзгариш ясаган, одатий тушунча ва қарашларни остин-устун қилиб юборган бу мислсиз ҳодиса қошида таъма-хусуматдан йироқ инсонлар танг қолади ва шоён ҳайратга тушиб, унга маҳлиё бўлади. Мана шу холислик ва ошуфталик янгилик ва яшаришга йўл очади, янги насллар Яратганнинг марҳаматидан баҳраманд бўлади, олам яшариб, ҳиммат ва яхшилик барқ уради.

Мудом шундай бўлган ва ҳамон шундай.

Бу ҳаёт шундайки, беш бармоқ баробар эмас. Толеида бўлмаса ҳам, мана шундай янгилик содир этишга, дунёни лол қолдириб, улуғлик тўнини кийишга ва таманно қилиб яшашга қасд қилган қавм ҳам йўқ эмас. Ва бу қавм илми-амал билан шундай ҳодисалар илдизини қирқиб, унга жон риштасини боғлайди, ундан куч олиб, одамларнинг, ҳикмат аҳлининг қонини ичиб яшайди. Мудом бадкирдорлик қилади. Бу ҳам ҳаёт, бу ҳам “санъат”. Бу ҳам  яшамоқнинг бир йўли.

Хўрланган ва ҳақоратланган пайғамбарлар ва даҳолар мудом шундай зулм ва қаршиликни енгиб ўтиб, оламга ёруғлик ташиган, халқ бўлиб яшаётган жабрдийда одамлар йўлини ёритган.

Мудом шундай бўлган ва ҳамон шундай.

Шам каби бўл, ўзгаларнинг йўлини ёрит, аммо ўзинг қаронғида тур, дейди Баҳоуддин Нақшбанд.

Бундай ҳодисалар ўз йўлида собит бўлган салобатли карвон кабидир. У золимлар қутқусини писанд этмай, ўз йўлида давом этади, тарихнинг бурилиш нуқтасини ёритиб, абадиятнинг, мангу яшилликнинг зурриёди каби барқ уриб умрбод яшайди.

Сизнинг қутқу билан зарра ишим йўқ, Шундай салобатли карвонман улуғ, – дейди Абдулла Орипов. Ёки бўлмаса қуйидаги хитобга эътибор қилинг:

Бошингга агар қўнса шу кун шарпаи иқбол,
Пойингга, элим, бош уриб Қуръон ёзажакман!

Бундай демоқ осонми? Бундай ҳадд урмоқ учун ким ҳуқуқ беради, Одам авлодига?! Ва бундай инсоний саодат қандай зотларга насиб этади?!

Гапни чўзмай, бир ҳақиқатни очиқ айтиш мумкин.

Шеърият ошиқларидан бири, Абдулла Орипов билан ким бўйлаша олади, деб сўради мендан.

– Мен билган шоирлар ичида Пушкин, – дедим унга.

Аслидаям шундай эмасми? Ҳар қандай шоир ўз даврининг фарзанди бўлади. У шу иқлимда нафас олади, шу асрнинг юки-ҳасрати билан яшайди. Ундан айри туша олмайди.

Муҳаммад алайҳиссалом замонидан буён янги эътиқодчилар неча бор дунёни бузиб, неча бор кўлмаклатди. Шундай экан, Румий билан Навоийнинг, Ҳофиз билан Низомийнинг,  ҳаттоки Гомер билан Дантенинг ҳам йўли-йўриғи бошқа, ҳар ким ўз замонига ва ҳаётига масъулдир.

2.

Албатта, ҳар қандай ҳодисанинг аввали ва охири, кўнгилни ошуфта этиб, ақл-идрокни ишғол этиш мақоми-даражаси ва унинг тилларда достон бўлиб, авлоддан-авлодга ўтиб яшаш тарзи-мароми бўлади.

Орипов ҳодисаси ҳаёт биз учун сирли ва ғаройиб янги дунёлар очган бир фаслга тўғри келади.

Бир минг тўққиз юз олтмиш тўққизинчи йилнинг жазирама ёзи. Бу дунё ўзимиз кўз очиб кўрган ва тўрт томони паст-баланд тоғ билан ўралган ғариб ва юпун қишлоқдан иборат деб билган, болалиги эгат орасида кўмилиб қолган биз – қишлоқ ёшлари, ниҳоят, одамни эзиб ташлайдиган дала заҳматидан халос бўлиб, иссиқ ўлкаларга талпинган қушлар каби йирик шаҳар оғушига ўзимизни урдик.

Киприкка инган ғубор ҳали ариган эмас, ҳали нафас ростлаб улгурганча йўқ, бу рангин дунёдан ўрин топа олмай, яна ўша дўзах азобига қайтмаслик учун, ўша уқубатдан бира-тўла оёқни узиб олиш умидида, қандай бўлмасин, университетга кириш, ўқиш ҳасратида, уйқу – нима, билган эмасмиз.

Шундай кунларнинг бирида, университетнинг кенг ва ҳаволи фойесида, китоб дўкони олдида қиз-йигитлар чуғурчуқдек бир нимага талпинганини кўриб, ҳайрон бўлдим, қарасам, пештахтада бир китоб тахланган, у талаш бўлаётир. Бир нимадан қуруқ қолгандек, мен ҳам ўзимни тўдага урдим.

Китобдан бўёқ ҳиди уфуриб турар эди. Бу соҳага кўнгил берган, унинг тузини тотган одам бу ҳид нима эканини яхши билади. У думоғига урилганида, юраги орзиқади. Уни ҳозир тандирдан узилган қайноқ нон исидан кам кўрмайди.

Ҳануз ёдимда, китоб жилди тўлиб кетган ҳасратли фалакка ўхшар эди. У йиғламоқдан бери бўлиб тургандек, гўё. Ва яна унинг бағрини ўйиб, “Онажон” деб ёзишган.

Абдулла Орипов… Биз учун тамомила янги ном. Янги бир олам эди, бу. Ҳар бир асар шоирнинг қонидан, шууридан, фитратидан оқиб чиқади. Ва унинг феъл-атвори, дарди-дунёсини ўзида намоён этади. Токи шу кунгача биз билган-ўқиган шеърларга мутлақо ўхшамаган бу асарлар Абдулла Ориповни бир бошқача, кеча ўлаатга кўчиб келган, ҳали эл бўлиб кетмаган, шу боис бир четда ётсираб турган бола каби кўзимизга сирли-ғалати қилиб кўрсатган. Бу шундай бир хилқат эдики, оҳорли, долғали, шиддаткор. Бу шеърларни ўқиб, шу тилда, шу усулда, ҳеч кутилмаган чақмоқдай фикр баён этиш мумкин эканидан қайта-қайта ҳайратга тушганмиз. Фикрнинг ёлқинли алангаси ақлни ўғирлаган, ороланган тил жилолари мудом хаёлни маҳлиё этган. Фикрлар қуюқ, салмоқли. Борлиққа, воқеликка муносабат янгича. Яна ўша китобда шеърлар қуюқ-ботиқ ёзувда бўлиб, бу ҳам шоирнинг аҳволу руҳиясидан белги берар, унинг вазмин дарди ҳасратини англатиб турар эди, гўё.

Аввало, шоирнинг “Онажон” шеъри жуда тез ёйилган. Ундан сўнг “Биринчи муҳаббатим”. Кейин “Сароб”, “Баҳор” каби мумтоз асарлар тафаккурда ислоҳ бошлаган, лекин уларнинг моҳиятини тугал англамоқ учун йиллар керак бўлди.

Бу дунёда алам бўлмас, бўлмас деб фироқ
Даста-даста китоблардан ўқирдик таълим.
Равон йўллар қаршингизда турибди муштоқ,
Дерди бизга ҳарф ўргатган ёш бир муаллим…

Бу шеър олтмиш тўққизинчи йили китоб бўлиб чиққан. Биз уни қайта-қайта мутолаа қилиб, шоирона кайфиятга берилганмиз, умрнинг турли даврларида унга мурожаат қилганмиз. Нимага десангиз, маъно-моҳиятини англашда давом этганмиз. Шеърга кўчган шундай ҳақиқатлар борки, бошинг бориб унга урилмагунча, илғай олмайсан. Ҳаёт пардаланган, сиёсат афъюн каби сеҳрловчи. Таъсир кўрсатувчи барча манба, таълим-тарбия, матбуот, радиотелевидение бир маслакка хизмат қилади. Ва уст-устига ёққан қор каби ҳақиқатни тўсиб-пардалаб боради. Қачонки ўқишни битириб, ҳаётдан ўз ўрнимизни топамиз деб қийналганда, минг уқубат билан ишга жойлашгач, ҳар қадамда таъма ва ноҳақликка дуч келганда, тушунча ва тасаввурлар кунпаякун бўлиб, бир меҳрибон дўстга, бир умидбахш сўзга зор бўлганда сиёсат ўз йўли билан, ҳаёт ўз йўли билан одимлаётганини англаб етганмиз. Ва ўзимизни кўз илғамас метин исканжа ичида кўрганмиз. Ундан қутулмоқ йўқ, халос бўлмоқ йўқ… Шоир буни шундай таъкидлайдики, чорасизлик, армон ва ҳасрат юракни тилка-пора этади:
Юрагимга бир маҳаллар кирган туйғулар Энди сендан кетгаймиз деб сўрайди жавоб. Мени бир зум ҳол-жонимга қўймайди улар, Қўймайдилар, ваъдаларинг чиқди деб сароб.
Абдулла Орипов йигирма беш ёшида, ўша қаттол замонда аччиқ ҳақиқатни баралла айтган, афсус-надомат билан ўкли хабар берган.

О, Абдулла, кўзларингни очиб қарагин,
Ким айтади бу дунёда йўқдир деб бўрон…

Шеъриятнинг беқиёслиги шундаки, шоирнинг дарди-хулосаси ҳар бир юракка зарб билан урилади ва қалб кўзини, тасаввурни туғёнга солади, мушак каби бодраган исён тафаккурни ларзага келтиради, жазб-тўлғама фикрни очишга, илгарилашга ундайди. Шунда ҳаёт ҳақидаги билиминг-тушунчанг муаллақ ва омонат эканини англайсан, лекин чора йўқ, замон оғир, чидайсан-яшайсан.

Ўша замонда мана шу иложсизлик кўп одамлар ҳаётини бузиб ташлаган. Кимнидир йўлдан оздирган, кимнингдир умрини хазон қилган.

Бир воқеа ҳеч ёдимдан чиқмайди. “Совет Ўзбекистони” газетаси таҳририятида Рустам Абдураҳмонов деган кекса бир зиёли ишлар эди. У фақат чоғиштириб ўқишга жалб этиларди. Бу одам вақтида “пролетариат доҳийси”нинг асарларини таржима қилган, кейин космополит деган сиёсий айб билан қатағон этилган. Гарчи орадан кўп йиллар ўтган бўлса-да, ҳамон тили қисиқ. Шу боис, ҳар йиғинда муҳаррир уни калака қилади, “Темир дафтар”га бизниям хатлаб боради”, деб устидан кулади, гарчи ўзи шу одамнинг тирноғига арзимаса ҳам!

Москвада СССР Композиторлар союзининг съезди бўлган, унда союз раиси Тихон Хренников узундан-узоқ маъруза қилган, шуни оқсоқол билан чоғиштириб ўқияпмиз.

Маъруза охирлаб қолганида у киши бир нафас ростлайлик деб қолди. Етиб келган жойимизга белги қўйгач, у йўлакка чиқиб, теварак-атрофга бир назар ташлади, кейин эшикни зичлаб ёпди.

– Ўғлим, сиз ёшсиз, – деди у, зўр бир тараддуд билан. – Ёзувчисиз, сиздан бир нимани сўрамоқчиман, қани айтинг-чи, нима англадингиз, шу маърузани ўқиб?

Мен ўйланиб қолдим.

Ҳеч бунга эътибор қилмаган эдим. Нимага десангиз, кундалик иш, одатдаги юмуш, шунга ўрганибкўникиб кетганмиз. Ҳайрон бўлдим. Муддаоси нима, нима демоқчи, бу одам, деб ўйладим.

– Ўғлим, сиз зийрак бўлинг! – деди оқсоқол. – Бизнинг зиёлилар бичиб ташланган, партияга яхши кўринаман деб халқни аврашдан бошқани билмайди! Газетанинг уч бетига сиғмаган маърузада маънили бир гап йўқ! Эсимни танигандан буён шу! Яна шуни унутмангки, қаерда фашизм қарор топса, ўша ерда якка партия ҳукм суради!

Шунда миям чайқалиб кетган. Бирон-бир художўй бирдан Яратганни инкор этса ёки ашаддий зиндиқ-худосиз қўққисдан иймон келтириб, эй Худо деб нидо қилса, одам шундай аҳволга тушади. Парда ортидаги ҳақиқат юз кўрсатганда, ақл шошиб қолади. Уни англаш-идрок этиш жуда оғир, саросимали. Айтиш эса, ундан ҳам оғир… Аммо айтинг, қайда қолди у ёшлик пайтим, Қайда қолди мен ишонган у ўзга ҳислар, – деб нидо қилади шоир, ўша замонда.

Абдулла Орипов шеърияти ҳаётнинг ўзидек тахир ва аччиқ, зада ва беомон. Биз бундай тарбия олган эмасмиз. Шу боис, дафъатан эсанкираб қолганмиз. Нимага десангиз, пурвиқор жаранги билан ақлни оладиган замонасоз шеърлар ўқиб вояга етганмиз, ўзимиз кўрмаган-билмаган, аммо ўша шоирлар тараннум этган коммунистик ўйдирмаларга асир-маҳлиё бўлганмиз. Ва ўзимиз ҳам темирйўл бузилишини, дарсликда ўрнак қилиб берилган пионер каби, алвон галстукни ҳилпиратиб чиқиб, поездни ҳалокатдан асраб қолишни, қаҳрамонлик кўрсатишни орзу қилганмиз. Ҳолбуки, биз томонларда темирйўлнинг ўзи бўлмаган!

Тарбия шундай уюрма-гирдоб! У ҳар қандай одамни комига тортиб кетади. Одил Ёқубов бошланғич синфда ўқиган маҳали дафтар жилдидаги Пушкиннинг расмидан, шоирнинг жингалак сочлари орасидан душман қидиргани ва ҳатто уни топгани ҳақида алам билан ёзади. Шунда у ўзини қаҳрамон ҳис этган! Ҳамма лол қолган, ҳамма унга ҳавас қилган! Ҳазилакам гапми бу, ахир! Ҳолбуки, ўша вақтда отаси ҳибсда ётган, лекин бу билан иши йўқ! Нималар бўлаяпти ўзи, нега ашаддий коммунист отам ишдан олинди, “халқ душмани”сифатида қатағон этилди, деб ўйлаш йўқ!..

Ленинча таълимот шундай сирли-жодули бўлган. Ориповнинг шеърлари эса, ўткир ичимлик томоқни куйдириб ўтгани каби жоду кучини кесар, жилвали ўйдирмалар, ясама тушунчалар юзидаги ҳижобни куйдириб ташлар эди. Шу боис, зулматни нурдай тилиб ўтган бу шеъриятни, руҳий ғалаёндан иборат ўтли-оловли нафасни борича ва аслича қабул қилиш қийин кечган.

Ёдимда, синф хонасида улкан харита доим осиғлик турар эди. Унга дунёнинг ярми жо этилган. Ва бежама ёзув билан “СССР” деб хатлаб қўйилган. Биров Ватан деса, арслонёлли шу харита кўз олдимизга келган. Чунки шундай бўлган, тарихга ҳам шундай муҳрланган ва шундай деб қулоғимизга қуйишган. Лекин, шоир қўлимиздан тутиб бизни тўхтатди ва шаҳодат бармоғи билан она юрт сарҳадларини кўрсатиб, ука, сен билан менинг Ватаним она Ўзбекистон, деб уқтирди. У Ватанни қандай севмоқни ҳам англатди, бизга:

Сен – онам, сен – синглим, ёримсан азал,
Эй жону жаҳоним, Ўзбекистоним!

Жондан азиз онангни, мунис ва меҳрибон синглингни, ҳаётингнинг мазмунига айланиб кетган оиланг аъзоларини ва яна жону жаҳонингни севмаслик мумкинми, ахир?!

Ватан шундай азиз, шундай мукаррам! Нимаики ардоқли, мўътабар бўлса, барчасини ўзида мужассам этган! Қандай қилиб уни кўзга тўтиё этмаслик, севмаслик мумкин?! Шунинг учун одамлар она заминни кўзга суртади, баҳодирлар Ватан ҳимояси йўлида жон олиб-жон беради. Тўмарис, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби фидолар юрт озодлиги деб ақл бовар этмас ғайрат-шижоат, матонат ва қаҳрамонлик кўрсатади. Шунинг учун ўлмас даҳолар Бухорий, Хоразмий, Замахшарий, Термизий, Фарғоний, Марғиноний деб униб-ўсган юрти номини бошига кўтариб яшайди. Абдулла Орипов ўша ёвқур ўтмишдошлари каби жон овози билан нидо қилади:

Ватан! Менинг бор қисматим шу бир сўзда ҳал,
Балки мен ҳам бахш этурман унга жон-танни…

Шунда жасур ва ўтюрак ўғлонларининг муборак қонига чайилиб, ота-боболарнинг хоки покига айланган, киндик қони томган замин кўз олдимизда бор бўй-басти билан намоён бўлади.

Кўз олдимда собит турар фақат шу Ватан, Кулбаси ҳам кенглик қадар чулғайди мени. Туйғуларим фақатгина унга берар тан, Юртим, мен ҳам умрим қадар севгайман сени. Мен ҳам сенинг қуёшингда ўсиб-улғайдим, Қарздорман, тупроғингда қолдирдим излар…

Шеър хаёлга ғарқ этади. Дунё дунё бўлганидан буён мана шу заминда яшаб, орзуҳавасига собит интилган ҳаёт дарёси кўз олдингдан ўтади. Бир халқ, бир миллат бўлиб, мурувват ва оқибатни азиз билиб яшаётган бу қавм ҳаёти эъзозга муносиб. У босиб ўтган йўл кишилик тарихи бўлмайин, нима?!

Тарих деб аталган қисмат бу, ахир, Қошида юзтубан ҳаттоки Худо. Кимни у камситиб, этмаган таҳқир, Кимни у юртидан қилмаган жудо? Менинг ҳам Ватаним жанглар гувоҳи, Менинг ҳам тупроғим топталганди хор. Менинг ҳам руҳимда аждодлар оҳи, Менинг ҳам қонимда қилич занги бор. Минорлар эмас бу – фалакка қасам, Қасоскор боболар кетмишлар санчиб. Мен тортган ғамни ҳам бир-бир санасам,

Ўлик фиръавнлар кетарлар сапчиб. Мана шу замин, она Ватан, мана шу халқ руҳи борлиқ тарихнинг тилсиз гувоҳидир. Ўтмишимиз, эзгу орзу-интилишимиз, келажагимиз унда мужассам. Ундан бошқа саждагоҳимиз, бош уриб борадиган жойимиз, суянадиган тоғимиз йўқ, бу оламда!

Қиблагоҳим, юпанчим ёлғиз, Сен барҳаёт онамсан, Ватан!

Шоир ноғора чалиб, эл-юртни ва она тарихни мадҳ этмайди, унинг улуғлигини асос-илдизи билан кўрсатиб беради. Санъат шу! У жўнликни ёқтирмайди. Ориповгача ҳам шундай оловли руҳ собит бўлган. Лекин, у воқеъ бўлган замонда мустабид сиёсат унинг гўрини ковлаб, кўмиб юборган, сўнг ўрнида сиёсий артел барпо этган. Шу боис, Абдулла Орипов йўқдан бино бўлган каби сирли ва ғаройиб туюлган, юракларга ҳайрат солиб, долғали из қолдирган.

4.

Абдулла Орипов биринчи синфда ҳарф ўргатган муаллим каби фақат она Ватанни танитиб қолмай, бир инсондай яшаш учун нимаики зарур бўлса, барчасидан сабоқ берган, ниманики севмоқ керак бўлса, уни эъзозлаб-ардоқлаш, нимадан нафратланмоқ лозим эса, ундан ҳазар қилмоқ илмини ўргатган. У ҳақни ноҳақдан, покни нопокдан ажратиб кўрсатган миллий шоирдир.

У “Саҳиҳ ҳадис”лардан билим олган, десак, у замонда Бухорий таъқиқ остида эди, ҳатто Расулуллоҳ қораланиб, Яратган йўққа чиқарилган. Кишилик тарихи деса, Маркснинг патак соқоли кўз олдимизга келган. Худдики, унгача ҳеч вақо бўлмаган! Худдики, ҳаёт шундан бошланган! Шундай метин-мустаҳкам девор ортидаги аслликни илғаш осон эмас, албатта. Билмадим, бунда бўлак сир бордир? Балки шоир даҳоси ўз ишини қилгандир, қонида жўш урган аждодлар хислатини ёқиб-оловлантириб юборгандир? Билмадим. Лекин нима бўлгандаям, учрар экан-да, шундай ҳодисалар! Аммо жондош халқини Ориповчалик севиб-ардоқлаган оташнафас шоир камдан-кам. Унинг Ватанга муҳаббати халқига арзи-ихлосида илдиз отгандир.

Хўш, нечун севасан Ўзбекистонни, Сабабини айтгин десалар менга, Шоирона гўзал сўзлардан олдин Мен таъзим қиламан она халқимга: – Халқим, тарих ҳукми, сени агар-да Мангу музликларга элтган бўлсайди, Қорликларни макон этган бўлсайдинг, Меҳрим бермасмидим ўша музларга? Ватанлар, Ватанлар, Майли, гулласин, Боғ унсин мангулик музда ҳам, аммо Юртим, сени фақат бойликларинг-чун Севган фарзанд бўлса, кечирма асло!

Бу шеър мавҳум якун топгандек, Ўзбекистонни нима учун севишини шоир очиқ айтмагандек бўлиб туюлади. Чунки у шеърини якунлар экан, юртини бойликлари учун севмаслигини уқтиради. Бу таъкид жон ипи пайваста халқини кўкка кўтариб улуғлашга восита бўлади. Нимага Ўзбекистонни жон қадар севасан, деса, мен аввал жондан ҳам азиз она халқимга таъзим қиламан, агар у мангу музликларни Ватан қилган бўлса, ўша музликларга меҳримни берар эдим, дейди шоир. Мен ўйлайманки, шундай дамда катта бобоси, Одам Ато бўлмаса ҳам, Турк Ёфас ўғлининг толмас руҳи унинг бош устида чарх уриб айланиб-ўргилади, шу заминда қандай илдиз отиб, палак ёзгани, қандай тарихни бошдан ўтказиб, қандай ўзидан кўпайгани ҳақида айтиб-уқтириб, қўллаб-қувватлаб туради. Унинг қавми йўқ бўлиб кетмади! Бугун бир эл, катта бир оила бўлиб яшаяпти! Бу халқ, бу миллат Одамнинг асл фарзанди! Бир ота-онадан кўпайган! Рум зафар қучади. Қуръонда айтилган. Рум Чингизхон эмас, Доро ҳам эмас! Орипов буни унутмайди. Ва ўзини шу улуғ карвоннинг бир муаррихи-куйчи шоири деб билади. Бу – мумтоз тушунча, муборак туйғу! Қани энди, ҳаммагаям шу насиб этса! Қачонки шу ҳақиқат жонингни ўртаса, оламга кўзингни очиб қарайсан! Сал пастга тушиб, оёғингни ерга қўясан. Ва Пушкин каби хор-зорларга ачинмоққа чақирасан!

Кеч куз эди, мен сени кўрдим,
Деразамдан боқарди биров.
У сен эдинг, о, деҳқон юртим,
Турар эдинг ялангтўш, яёв.
– Ташқарида изиллар ёмғир,
Кир, бобожон, яйрагил бир оз.
Дединг: – Пахтам қолди-ку, ахир,
Йиғиштирай келмасдан аёз.
Кетдинг, умри маҳзаним маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Абдулла Орипов шу халқ фарзанди, аммо фақат шу учун эмас, унинг палаги тоза, бағрибутун, даҳоси ва марҳамати беқиёс бўлгани учун иззат-икром билан уни севиб ардоқлайди. Шоирнинг “Саратон” шеърига бир эътибор қилинг.

Менинг деҳқон бобом, андак ором ол, Қуёш буровига олган палла бу. Саратон ўзи ҳам мудрайди беҳол, Оҳангсиз ялла бу, сўзсиз алла бу!
Ҳали тонг ғунчаси очмасидан лаб, Наҳор фароғатин ўйламай тақир, Кимсасиз далага кўзни уқалаб, Чиқиб кетганингни кўрдим-ку, ахир.

Кўрдим-ку, манглайинг тер билан қотиб, Бераҳм оташга берганингни тоб. Кўрдим-ку, тепангда ўзни йўқотиб, Ҳайратдан лол қотиб қолганин офтоб.

Азму шижоатинг мен ахир кўрдим, Кўрдим кўзларингда чарчоқ бир кулгу. Майли, ором олгин, эй бобо юртим, Саратон жунбушга келган пайт-ку, бу…

Юракдан отилиб чиқаётган дарднинг-ҳасратнинг худди мумтоз наво янглиғ босқичма-босқич авж пардага кўтарилиб бориши хаёлни ўраб-чирмаб олади, истайсизми-йўқми, ҳолнинг ичига кирасиз, воқеликни кўриб, юракдан ўтказасиз, бевосита иштирокчига айланасиз. Шунинг учун у сизни бедор-безовта этади ва ёдингизда муҳрланиб қолади.

Абдулла Орипов айтадики, эсимни танигач, қатор савол йўлимда кўндаланг бўлиб, идрокимни қийноққа солган. Нега халқим хор-ҳақир, таҳқирга маҳкум? Нега она тилимнинг қадри йўқ? Тарихим нега ерга урилган? Нега она Ватанни улуғлаш мумкин эмас? Шоир шу саволларга жавоб излайди. Шеърияти аслликда, тириклик сувида илдиз отади. Шунинг учун унда ҳақлик-ҳаққоният юз кўрсатади.

Эҳтимол, Илоҳнинг ўзи улуғлик тўнини ёпиб, унинг дилига шу дардни солгандир?

Эҳтимол, шунинг учун руҳий поёни чексиз, ҳасратли унлари, долғали овози-нафаси шунга монанддир? Эҳтимол, шунинг учун, Шарқни ва Ғарбни бир шеърига жо эта олар?

Эҳтимол…

5.

Агар, эътибор берган бўлсангиз, “Титаник” фильмида борлиқ қонунияти асос-илдизи ва бутун кўлами билан очиб берилган. Аввалига йўлга чиққан баҳайбат кема, ундаги серғулу ҳаёт дунё ичидаги бир дунё каби кенг ва батафсил намойиш этилади. Кибр ва бойлик, виқор ва дабдаба, мусиқий ва ўйин-кулги, киборлар таманноси ва хонимлар истиғноси. Виқорли ва муаззам ҳаёт. У бир маромда давом этади. Худдики, ҳатто Яратган ҳам унга дахл қила олмайди.

Ҳеч кутилмаганда музтоғ кемага тегиб кетади. Дунё ичидаги дунё бир чайқалади. Ҳалокат таҳдиди. Безовталик. Бесаранжомлик. Биз кўрган-билган, ўзига бино қўйган кишилар бирдан тинчини-ҳаловатини йўқотади, таҳлика ва саросима вазиятни қуюшқондан чиқаради.

Жонсараклик. Таҳлика. Ҳаёт-мамот. Жонни қутқармоқ ҳасрати. Лекин, шунда ҳам кимдир ўзини эмас, ўзгаларни ўйлайди. Уларни деб жонинини Жабборга беради.

Ниҳоят, сўнгги дам етиб келади. Улкан кема тумшуғи билан тикка чўка бошлайди. Ҳайбатли нарсанинг ҳалокати ҳам ваҳимали бўлади. Одамлар тутдай тўкилади. Уюрма уларни ямламай ютиб юбормоқда. Омон қолгани эса, ундан қочишга уринади. Яна қанча одам жон ҳалпида юқорига тирмашади, яна қанча йўловчи муваққат нарсага ёпишиб олган… Қиёмат қойим.

Худди шунга ўхшаб, шўро салтанати инқирозга учраган вақт. Ит эгасини танимайди. Талвасанинг чеки йўқ. Юраклар қапчиб кўчган, ўлиб қолиш мумкин! Лекин бу кўзга кўринмайди. Уюрма тортиб кетади. Одамлар ўзини ўтга-сувга уради. Илож йўқ. Ҳалокат чанг солиб турибди.

Таҳлика кўз очирмайди. Бундай вақтда, одатда, мараз бир тоифа пайдо бўлади. Кафанталончи. Улар вайрон бўлган уйларни “тозалаб”, ёрдамга илҳақ бўлиб ётган яримжонларни “шилиб” кетади. Худди “Титаник”да бўлгани каби, ўша тоифа жон талвасасидаги ҳаммани босиб-янчиб, ўлиб-тирилиб юқорига ўрмалайди. Юзингда кўзинг борми, демайди, уят, андиша – нима, шарм-ҳаё – нима, билмайди. Бообрў кишиларни мажлисда талабюмдалаб, юзига оёқ босади, кимдаки амал-мартаба бўлса, қашқирдай ташланиб, улуғлик тўнини шилиб олади. Кўз очиргани қўймайди, сира.

Одамлар юрак олдириб қўйган, чўчиб-ҳайиқиб қолган. Жин кўзадан чиққан. Бир ёнда митинг, жазавали хитобу даъват, бир ёнда эл аро низо-адоват. Қонли хуружлар, ўтли-оловли воқеалар. Кимдир Ўзбекистонни Косоводаги, ёки бўлмаса, Яқин Шарқдаги каби ҳеч ўчмас аланга ичига тортмоқ истайди. Ва ҳалимлик билан банд солади.

Кўзга кўринмас уруш бошланган. Қани энди, бу халқ бошида қандай балолар айланганини билса эди! Юртдан файз-барака кўтарилган! Ҳеч нимага ишонч қолмаган! Ҳаёт омонат… Бўҳрон ва тўлғама авжига чиққан, оломон қутурган ўша нотинч замонда Абдулла Орипов бир шеър ёзган, “Ишонч кўприклари” деган. Ва ҳалокат тўфони келтириб чиқарган тарихий вазият, оламшумул таҳлика ва жонсараклик унда сурат янглиғ муҳрланиб қолган:

Юздан парда кетса,
Дилдан диёнат,
Меҳр ришталари зимдан узилса,
Юракларни босса шубҳа, хиёнат,
Ишонч кўприклари бузилса;
Етимлар ҳақидан қўрқмаса биров,
Сўқмоққа айланиб кетсалар йўллар,
Қиблагоҳлар осий, туғишганлар ёв,
Ғазналарга чўзилса қўллар;
Болалар руҳига ҳаёт деган дарс
Манманлик уруғин жойласа,
Ошиқлар кўчада маъшуқасин эмас,
Кимнингдир қадамин пойласа;
Элнинг шоирлари ғаним зотлар каби
Бир-бирларин ғажиб есалар,
Минбарларга чиқса кўча-кўйнинг гапи,
Андишани қўрқоқ десалар…
Бундай юртда энди қирғин шарт эмас,
Вабо ҳам қочади ундан йироққа,
Ҳатто дарёлари қурир басма-бас,
Ҳатто тупроқлари тушар титроққа…

Шоир инқирозли воқеликни, юзага келган серғулу-таҳликали вазиятни, Ҳалакунинг кучугидай ўзини ўтга-сувга ураётган беор, бехосият ва жонсарак қавмни, мана, деб кафтига олиб кўрсатади.

Бундай юртда энди қирғин шарт эмас! Ҳатто ўлат-вабо ҳам ундан қочади. Ва бу – маҳобат эмас. Гўзал пойтахтимиз Тошкент шаҳрида шундай зилзилалар бўлганки, наинки тупроқ титроққа тушган, балки ер ўкириб-ёрилиб кетган! Унда чақмоқ чақнаб, қудуқларнинг суви қочган.

Шундай бўлган! Ва бу тарихда қайд этилган. Мана шундай вазиятда оқиллар қандай йўл тутади? Табиийки, ҳамма иллатнинг, бу балою офатнинг асосилдизини қидиради. Шифокор қўлига тиғ олиб, жарроҳлик билан банд бўлади, бесаранжомлик келтириб чиқарган ички аъзони очиб кўради. Қараса, аҳвол чатоқ, саратон босган. Соғ жойнинг ўзи йўқ. У секин этни ёпиб қўяди. Қариндош-уруғига, қўйинг, бечорага азоб бермайлик, бир-икки кун умри қопти, уйга олиб боринглар, болачақаси олдида бўлсин, дейди. Вассалом.

Жамиятнинг аҳволи бундан ҳам ёмон бўлса-да, Абдулла Орипов кўнгил узмайди. Билади, бу – дарди бедаво! Аммо у нажот истайди. Ва яна таянган-суянган азал тоғига умид билан кўз тикади:

Халқим, бундайларни кўргансан азал,
Кўп чеккансан улар озорин, доғин.
Сен енгиб ўтгансан, лекин ҳар маҳал,
Халқим, топинаман ўзингга тағин.

Агар эътибор қилсангиз, бу мумтоз шеър, бу ўтли нидо тўқсонинчи йиллар жафокаш халқ учун, миллат учун, эл-улуснинг кунига ярайман деган Жонкуяр учун қанчалик қийин ва машаққатли бўлганини ойдин бир равшанликда аниқ намоён этади. Бу эл-улус, бу миллат асрий орзу-ҳаваслари йўлида қандай сабот кўрсатгани, оёғига тушов бўлган балони қандай чидам билан енгиб ўтгани унда рўй-рост кўриниш беради!

Жанггоҳларда жон берган боболарни унутманг, Мошоқ териб нон берган момоларни унутманг. Эътиқод, иймон берган дуоларни унутманг, Фақатгина халқ яшар, фақатгина қолур халқ.

Абдулла Ориповнинг “Халқ” шеъри ана шу мислсиз курашнинг мумтоз ҳосиласидир. У буюк бир давон ошиб ўтилгач, кўзлаган манзилига талпинаётган улуғ оқимга хитоб-даъват каби янграйди. Шеър ҳар қачонгидан босиқ, ҳорғин ва залворли оҳанг касб этган. Вазмин ва салобатли, юкли ва ҳасратли. Нотинч замон ва суронли урҳо-урлар қолдирган чарчоқ унга тус бериб, маҳзун бир кайфият ташийди. Шоир ҳам олдинги Орипов эмас! У ҳаёт зардобини ютиб, ҳамон Ҳаққа интилаётган мутафаккирдир. У олам ҳодисасини чиғириқдан ўтказиб, ҳукм-хулоса чиқаради. Ва мана шу зарб бонг каби янграб, асарга залвор ва улуғлик бағишлайди. Шеър “Ҳамма нарса ўтади” деган тугал зикр билан бошланади. Бу қатъий фикр-хулоса мағзи тўқ далиллар ва унутилмас ташбеҳлар воситасида мантиқан асослангач, ҳаёт бор экан, у давом этар экан, халқ мангу яшайди, унинг юзига соя солган, ризқини талон-тарож этиб, қонини ичган золимлар йўқ бўлади, аммо каттакон йўлга чиққан орзуманд халқ абадий қолади, деган фикр таъкидлаб айтилади. Ва унда ҳаётнинг жавҳари, дунёнинг бор ҳақиқати шу, деган фикр-хулосага таъкид ва урғу берилади.

Амалпараст, лўттибоз бўлмаган қачон, ахир,
Сак бир нима емаса, оғзи бўлармиш тахир.
Бизнинг барчамиз шоҳмиз, бизнинг барчамиз фақир!
Фақатгина халқ яшар, фақатгина қолур халқ.

Вақти-соати билан қул қулдордан, мазлум золимдан, эт устухондан ажрагани каби, Эзгулик ўз ёқасини ёвузлик чангалидан халос этгани унда яққол сезилиб туради. Шоир шунга урғу беради:

Каттакон йўлга чиқдинг, йўлдошинг бўлай, халқим,
Фарзандингман, қўллайсан, қўлдошинг бўлай, халқим.
Ҳасратинг кўп дилингда, дилдошинг бўлай, халқим,
Фақатгина халқ яшар, фақатгина қолур халқ.

Дунёнинг бор ҳақиқати шу! Фозиллар, уламолар, мунажжим ва акобирлар чарх уриб ахтарган ҳикмат-хулоса шу! Қолган барчаси риё. Қолган барчаси ҳечдир. Масъум гўдакнинг бир севинчига арзимайди.

6.

Шундай қилиб, Абдулла Орипов шеърларини ўқий бошлаганимга ўттиз тўққиз йил бўлди. Шундан буён уни қўлдан қўймайман. Аксарияти ёд бўлиб кетган.

Дастлаб шоир ва унинг шахси сир бўлган. Биз ҳеч нима билган эмасмиз. “Митти юлдуз”да бир сурати бўлган. Навқирон шоир чапдаст овчи каби ички бир ўктамлик билан зийрак кўз тикиб турибди. Лекин, олдинда нималар кутаяпти, дўст – ким, душман – ким, буни ўзиям аниқ билмаган. Ҳар қанча зако бўлмасин, ёшлик ҳавоси, бари бир, сезилади.

Ҳа, яна у 1941 йил туғилгани қайдадир қайд этилган. Зоти ким? Насл-насаби қандай? Қайси шоирни яхши кўради? “Биринчи муҳаббатим”ни кимга атаб ёзган? Нима бўлган, ўзи? Биров билмайди.

Совет даврида бу ҳақда кўп айтилмас эди. Яна ўша кезлар “Комсомольская правда” шоирни “уриб чиққан”, катта йўлдаям эплаб юра олмайди, деб! Ўтмишни қумсашда айблаган! Бошқа замон бўлса, уйи куйиб кетар эди! Ҳақиқатни айтсанг, оқсуякларга ёқмайди! Нима, халқни бўлиб ташламоқчимисан, дейди! Ўдағайлайди! Ўшанда Ориповни Худо асраган! Ҳазилакам хуруж эмас эди, у! Шуни сезибми, муҳиблари шоир ҳақида, шахсий ҳаёти ҳақида билмоқ истарди, лекин маълумот бўлмаган. Бироқ даҳоси ҳамиша дилларда тўлғама ясаган.
Ўша замон ёшларига бир нима бўлган эди, ўзи! Ҳамон кўз олдимда. Танаффус пайти.
Бир талаба сабоқ хонасида, бошқа бири чиқаяпти, кимдир кириб келаяпти. Кўнгли ярим одам дардини хиргойи қилгани каби, улар Ориповни айтади, биров тинглаяптими-йўқми, иши йўқ, ҳар ким ўзича бир шеърни ёд ўқийди. Пахта терими пайти-ку, шоирга маҳлиёлик чегара билмайди. Кечқурун гулхан ёқиб, унинг атрофини олиб, йигит-қизлар шеър ўқийди. Улар бошқа биров учун эмас, ўзи учун, юрагини бўшатиб олиш, дардини тўкиб солиш учун сел бўлиб, ёниб-куйиб шеър ўқийди. Шундай ўқийдики, тавба деб ёқа ушлайсан!

Нима бу? Шундай бўлиши мумкинми?! Бўлар экан-да, шунақаси ҳам, бу дунёда! Бу – замонлар оша йиғилган қат-қат дарднинг-ҳасратнинг тўкиб солиниши! Азага борган дардини айтиб йиғлаши!

Шунга ўхшаш ҳодиса. Нима бўлгандаям, қайтиб бундай ҳодисани кўрган-учратган эмасман! Ўртаниб-отилиб чиқаётган шеърий унлар-садолар сўзлар жилваси билан ақлни шоширар, теран дард-ҳасрат оқимида ногаҳоний фикрлар чақмоқдек чақнаб, юракни ўртар, аъзойи танингни жимирлатиб юборар эди. Айниқса, “Онажон” маҳзун бир йўқлов каби дийдани ийитиб ўтарди.

Кейин кимдир: “Оҳ, қандай ўлим бу, севги ўлими, Унга на қабр бор, на бир жаноза”, – дея нидо қиларди. Бу хитобни эшитганда, ким бир сесканиб тушмайди, ким ҳушёр тортмайди.

Биз халқнинг жўн ва оддий сўзлари уйғунлашиб, шу қадар оҳор ва теранлик касб этишини, жонда ўт ёқувчи таъсирга-кучга эга бўлишини шунда англаганмиз, ҳис этганмиз.

Қизғалдоқ баргидек учар дилдан ғам,
Тошқинлар киради қалбимга маним.
Баҳоринг муборак бўлсин ушбу дам,
Менинг Ўзбекистон – дилбар Ватаним.
Фақат сен қалбимга чўктирмай малол,
Чарчаган руҳимга илҳом солурсан.
Баҳор ҳам, умр ҳам ўтар эҳтимол,
Фақат сен дунёда мангу қолурсан.

Қуйма сатрларнинг туғёнли оқими, шоирнинг ўтли-оташли нафаси ҳар бир тирик жонни чулғаб-сеҳрлаб, унинг ҳолига-дунёсига олиб кирар, ҳамма Ориповга айланар ва тун оғушида қорайиб ётган далаларга, кечасиям тиним билмай ғимирлаётган, уловда пахта ташиётган беором кишиларга, ўз қавмига, Ватанига унинг кўзи билан қарар эди…

7.

Бас, етар чолғучи, бас қил созингни,
Бас, етар, кўксимга урмагил ханжар,
Наҳотки дунёда шунча ғам бордир…
Агар шу “Муножот” рост бўлса, агар.
Агар алдамаса шу совуқ симлар,
Гар шул эшитганим бўлмаса рўё,
Сен бешик эмассан, дорсан, табиат,
Сен она эмассан, жаллодсан дунё!

Бу ўтли нидо одамни титратиб юборади, беихтиёр ларзага тушиб, дунёга шоирнинг кўзи билан қарайсан ва унинг дили билан олам ҳолини ҳис этасан, идрок этасан.

Одам авлоди шундай нола чекаяптими, демак, ҳаммаси жойжойида эмас! Унга ғам-озор ётказган золимлар сўнгги дамидаям ҳадд билмаётир! Шоир курашга ундаётир!..

Уни шундай англаганман ва шундай қабул қилганман, ўттиз тўққиз йил аввал…

Чингиз Айтматовнинг айтганича бор, Мумтоз Сўз инқилоб содир этмайди, аммо унга мустаҳкам замин яратади.

2008 йилнинг майи.

www.yangidunyo.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn