БИР ПАРИ ФАСЛ

orziqul-ergashОрзиқул Эргаш

Эссе

(Бетакрор шоиримиз Абдулла Ориф хотирасига бағишлайман)

Шабнам шовуллайди боғлар қўйнида,
Салқин туман ичра бўзарар тонглар,
Қуёшнинг эринчак ёғдуларида
Нафис ялтирайди барги хазонлар…

Бу мисраларни илк бор эшитганимда ҳали ўсмир ёшида эдим. Ўшанда мактаб ёпилган, ҳаммамиз пахтада эдик. Бизга кўз бўлиб юрган ориқ, рангпаргина адабиёт ўқитувчимиз бир куни тушлик пайтида даврамизга келиб қўшилди. У ёқ-бу ёқдан гаплашган бўлди-да, кейин «шеър эшитасизларми?» деб қолди. Чинданми ё кўнглига қарабми, «майли эшитамиз, соғинганмиз», дедик.

У мактабга янги келган, ўзи ҳали университетнинг кечки бўлим талабаси эди. Кўпи билан тўрт-беш ёш катта бўлганидан биз билан тенгқурдек муомала қилишга уринар, белига этак тутиб пахта терар, биз билан тенгма-тенг латифа айтишар, Худо ёрлақаб ёғин-сочин бўлиб қолган кунлар қувончимизга шерик бўлиб, биз билан қўшилишиб тўп суришиб ҳам кетаверар эди. Шунақа одатлари учун тегишли одамлардан даккилар ҳам эшитиб олганидан хабарим бор…

Хуллас, у чўнтагидан газета олди-да, тахини ёзди. Унинг бир одати — дарсга ҳам ҳар хил газета-журналлар кўтариб кирар, амаллаб вақт орттириб уларда чиққан шеър, ҳикоялардан ўқиб берарди. «Билиб қўйган яхши, булар дарсликка киритилмайди», дерди.

Юргил, далаларга кетайлик, дўстим,
Диққинафас уйда ётмоқ пайтимас.
Олтин Ўзбекистон тупроғи бу кун
Бир пари фаслнинг оғушида маст.
Шабнам шовуллайди боғлар қўйнида…

У шеърни ғалати ўқирди, тўғрироғи, бизга шундай туюларди. Чунки, бошқа муаллимларимиз шеърни қироат билан, тантана билан ўқишар, биздан ҳам шуни талаб қилишарди. Бу йигит бўлса овозини кўтармасди. Худди бир нарсани ҳикоя қилиб бераётгандек сокин, осойишта ўқирди. Бу бизга ғалати туюлар ва ана шу ғалатилиги туфайлими, бош¬қаларни билмадиму, лекин менда шеъриятга нисбатан бўлакча муносабат пайдо қилган эди…

Менинг она халқим…
Эй қадим ҳалол,
Ризқи она ерга сепилган халқим,
Увоқ чигитни ҳам этмай деб увол
Ҳар битта эгатга эгилган халқим.

Мутаассир бўлганим шунчаликки, ўқитувчимдан газетани сўраб олишдан ўзимни тиёлмадим. Ва икки-уч кўз югуртиришда ёд олдим. Ҳолатимни тушунган ўқитувчим шоирнинг яна бир неча шеърини келтириб берди. Тасодифми, билмадим, булар ҳам куз ҳақидаги шеърлар эди…

Шу пайтгача туймаган ҳиссиёт ичида қолдим. Атрофимда авжи куз. Ҳавода мезонлар ялтирайди. Қуёш нурлари эринчоқ ва тафтсиз. Ариқлардаги тиниқ сувлар дув-дув тўкилган япроқларни бетиним оқизади. Мен бўлсам, дефоляциядан қовжираган ғўза баргларини босиб-янчганча кун чиқишдан кун ботгунга қадар эгат оралайман. Гоҳида белим қотиб қаддимни ростлайман-да, атрофга кўз ташлайман. Атрофимда…

«ажойиб бир фасл: ўйчан, баркамол —
қиздай маъюсгина туради куйлаб…»

Мисралар хаёлимда чарх ураркан, беихтиёр узоқ-узоқларга кетиб қолгим, дарё бўйидаги чоғроқ толзорга борибми, хазонларни босиб, хаёлчан айланиб юргим келади… Ён-веримда япроқлар учиб туради, оҳиста ўйнаб-ўйнаб шарпасизгина ерга қўнади, дарахтлар эса сокин бир салобатла хаёлчан туради, туйқусдан оралаб ўтган шабада уларнинг хаёлини тўзғитади, безовта шовур қўзғалади, энди битталабмас, ўнлаб, юзлаб япроқлар шовуллаб тўкилади, мен бўлсам япроқлар ёмғири остида сархуш одимлайман…

«Боғларда хазонлар ёнади лов-лов…»

Шундай ҳою ҳаваслар турткиси билан ўрнимдан туриб кетаману, дарҳол шаштимдан тушаман: белимда этак, оёғимда зилдай этик, қаршимда пахтаси «оқиб ётган» эгатлар. Булар мени ҳушёр торттиради. Руҳсиз, ҳафсаласиз теримга тушаман. Андак фурсат ўтиб дилим равшан тортади. «Ҳа, майли, — дейман, — бир ғайрат қилайин-да, нормани бажарай. Ана ундан кейин кетаман толзорга…»

Қароримдан овуниб, эгат оралашда давом этаман. Овунган кўнглим тағин шеър истайди. Севимли шоир мисралари хаёлимда чарх ура бошлайди…

Кузак шамоллари эсдилар яна,
Сокин юрагимда туйғулар қўзғаб,
Келгил, паривашим, келгил жимгина,
Келгил самолардан мезонга ўхшаб…

Юрагим орзиқади. Атрофга дилгир аланглайман. Қани эди, анови қайсар қиз оҳларимга етса-да, менга ҳамроҳ бўлиб йўлга тушса. Қўл ушлашиб боғларни сайр этсак. Бошимиздан олтин япроқлар ёғилиб, пойимизга тўшалиб турса…

Атрофда авжи куз эди. Ҳавода мезонлар учар, қуёш майин нур сочар, баъзида «қурре-қурре»лаб турналар арғимчоқ ташлаб ўтар, олис бир толзорда олтин япроқлар тўкилиб турар, мен бўлсам, азондан шомгача оғир этикларимни судраб пахта териб юрардим. Гоҳ-гоҳида ҳаммасига қўл силтаб кетиб қолгим келарди-ю…

Ниҳоят, ғўзалар хивчинга айланди. Сўнгги чаноқлар ҳам териб олинди. Шундан кейингина аҳд қилибми, бошим оғибми, дарё бўйидаги ўша толзорга бориб қолдим. Қарасам, кечикибман: куз бу ердан аллақачон кетиб бўлибди. Негадир унча ачинмадим. Зарари йўқ, келгуси йил яна куз келади, дея ўзимни овутиб, изимга қайтдим…

Ростданам кейинги йил яна куз келди. Бироқ у ҳалиги толзорни топа олмади. Чунки, пахта пайкаллари йил сайин кенгайиб бораётган эди…

“Шабнам шовуллайди боғлар қўйнида…”

Бу бетакрор мисралар илк бор қулоғимга чалинганига қирқ йилдан ошди. Ҳануз хотирамдан ўчмайди. Дам бадам қўмсаб, ўқиб, такрорлаб тураман. Ва ҳар гал улар билан боғлиқ ўй-хаёлларим, армонларим ёдга тушади…

Даставвал офтоб тиғини ҳис этаман, елкаларим чимиллаб ачишгандек бўлади. Эгни бошим тердан шаллаббо, кўнгил лоҳас, кўзларим тиниб бораётганини туяман. Аллақандай бад бўй димоқни ачиштиради. Кўнгил айний бошлайди…

Ёхуд бемаврид қор-ёмғирлардан кейинги изғиринлар ёдга тушади. Этиклар ботмон лой, ҳўл, оғир этак боғичлари белга, бўйинга айилдай ботади. Тиззалар кўзида сирқираган оғриқ. Бармоқлар кўкариб, тарам-тарам ёрилган.

Ўқитувчиларимизнинг «Ҳа, болалар, ғайрат қилинглар, бу ёғи оз қолди», дея ортимиздан маъюс эргашиб юришлари, табелчи, бригадирлар олдида ҳисоб бериб туришлари, ўтилмай қолган дарслар, ғўза барг-хазонларидек тупроққа қоришиб кетган болаликнинг бокира орзу-ҳаваслари…

Буларни бир-бир эслайверсам, юрагим қат-қатларида симиллаган оғриқ қўзғалади… Бир оғриқки, ҳамиша ўз ортидан шукрона туйғулар, некбин хаёлларни бошлаб келгайдир…

Мезонлар учмоқда, ҳаво биллурдан…
Яна ҳисларимга кел, деб ёлвордим.
Хазонлар тўкилди, мен ҳам қалбимдан
Бадбин ўйларимни қувлаб юбордим.

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn