Бир сурат тарихи

Гўзал Рўзиева

Кеча расм албомларни кўраётиб, мана шу суратларни топиб олдим. Роппа-роса бир мучал ёшини яшашибди ўзиям. 2004 йилда Зоминда, ёш ижодкорларнинг VII-семинарида қатнашганимда тушган эканман. Уларни томоша қилаётиб, ўша кунларнинг ҳаяжонли хотиралари қалбимда уйғонди.

Кўкка ўрлаган тоғлар бағридан шаршара бўлиб оқиб тушувчи зилол сув тоғлар пойини зерзавқ сойга айланиб ювиб ўтар, бу каттагина сойни маҳаллий халқ Ўриклисой деб аташаркан. Атроф табиат шунчалар мафтункор ва унинг гўзаллигини кўзларимга шу қадар жойлаб олган эдимки, мана ўн икки йил ўтиб ҳам кеча кўргандекман, гўё. Аммо, бу жозибани ифодалаш учун ҳозир ҳам муносиб таъриф топа олмайман.

Ана шу Ўриклисойнинг икки қирғоғи бўйлаб семинарда қатнашувчилар учун палатка шаклидаги уйчалар тикланган, ҳамхонам Моҳидил опа иккимиз жойлашган уйчанинг рўпарасида – сойнинг нариги томонида Абдулла Ориповнинг каттагина “палатка”си жойлашганди.

Тадбирнинг иккинчи куни кечга яқин тоғ сайридан қайтгач, Моҳидил опа икковимиз деразадан шундоққина кўриниб турган шоирнинг қўноқгоҳига бормоқчи, суҳбатини олмоқчи бўлдик. Аммо, буюк шоирнинг хаёлан ҳам салобати шунчалар босар эдики, бир муддат қандай борамиз, нима деймиз каби саволлар билан тараддудланиб қолганимиз ҳали-ҳали эсимда. Сўнг бир амаллаб журъат йиғиб олдикда, сойнинг нариги бетига ўтдик.

Абдулла бобо бу пайтда икки ўнг оёғи ярмигача сувга кириб турган сўри тиргагига суяниб ўтирганча қуёш аста ботиб, олис чўққилар узра сўнгги шуълалар рақс тушаётган манзарага тикилиб қолган, хаёл билан бўлиб бизнинг у тарафга ўтганимизни ҳам пайқамаган эди. “Шоирнинг ўйини бузма, балки шу лаҳзада қалби ва онгининг туташ бир ерида янги бир шоҳ асарнинг тарҳи чизилаётгандир!” (Ойбек, “Навоий” романи) деган ўй миямда чақиндек чақнади-ю, менимча Моҳидил опада ҳам шу ўй кечди, тўхтаб қолдик.

Бир лаҳза хаёлимдан “ортга қайтсакчи” деган ўй ўтди ва шу ўй таъсирида ҳаракатимни ҳам ўзгартирган бўлсам керак, Моҳидил опа биқинимдан чимчилаб, “Ўзи базўр шу ергача келдик, энди қайтмаймиз!” деб шивирлади. Сўнг мендан нажот йўқлигини сезгач, ўзи аста томоқ қирди-ю, салом берди. Мана шунда шоир биз томонга ўгирилди-ю, хаёлчан анча тикилиб қолди. Кейин тадбирда кўргани ёдига тушдими, алик олганча, бизни сўрига таклиф қилди.

-Келинглар, ўтиринглар. Мен ҳозир елкамга бирор нарса илиб чиқай, сал салқин тушди, назаримда,- Абдулла бобо шундай деркан ичкарига кириб кетди.

Кўп ўтмай, эгнига қалин жемфер кийиб чиқди. Сўрида ўтирибмиз, дам Моҳидил опа менга, дам мен унга, дам иккимиз шоир бобога, дам ўртадаги ноқулай жимликка ўз шовқини билан халал беришга уринаётгандек кўринаётган сойнинг асов тўлқинларига қараб қўямиз.

Устоз шоирнинг қаршисида сўридан оёғимни осилтириб ўтиришга ўзимда ноқулайлик сезиб, ўртароқ сурилиб ўтирдим, аммо қаники руҳимдаги диққатпазлик тарқаса!

-Хўш, қизларим, қаердансизлар?

– Бухородан,-иккимиз ҳам баробар жавоб берибмиз.

Шоирнинг бояги бироз тунддек кўринган хаёлчан чеҳраси ёришди.

-Пирлар юртидан экансизларда! Икковингиз ҳам назм бўйичами?

-Ҳа,- яна бирваракайига гапирдик.

– Хўш, сен ўқи-чи бирор нарса,– бояги хаёлчанлик билан менга қаради. Сўнг бошидаги такясини қўлига олиб, қайта кияркан, яхши бир нарса эшитишга тайёрлангандек, кўзларини юмиб, сўри тиргагига суянди.

Мен ўзимча Абдулла Ориповга шеъримдан ўқиб бериш илинжида шеър дафтаримни қўлтиқлаб, сойдан ўтган бўлсамда, буни кутмагандек довдираб қолдим. Қўлим титраганча, дафтаримни варақларканман, ўзимнинг назаримда зўр бўлган шеърларимдан эмас, бутунлай бошқа шеърни ўқий бошладим. Тўрт бандлик шеърни ўқиб бўлгунча, шу кўриниб турган тоғлардан бирини ағдариб, орқалаб келгандек қора терга ботдим.

– Ҳм… Шеър ёзаётганда, умуман ижод қилаётганда нимани ҳис қиласан? –

Шеърим тугаб, орада бирон дақиқалик жимлик ҳукмрон бўлгач, кўзларини очмай, сўради.

Мен ҳайрон бўлиб, Моҳидил опага қараб қўйдим. У ҳам тушунмагандек қараб турар, қийин саволга жавоб излаган талабадек қўлидаги қоғозларни ковлаштирарди. (Ўшанда чиндан ҳам Моҳидил Пўлатова БухДУда филология факультетининг иккинчи курс талабаси, мен эса мактабни тугатиш арафасидаги ўсмир қиз эдим).

Ҳарчанд уринмай, шеър ёзаётганимда нимани ҳис қилишим шу тобда хотиримга келақолмас, миямдаги хаёлларим алғов-далғов эди. Аксига олгандек, келганимдан бери мени мафтун қилган бу тиниқ сувли сой бетизгин шовуллаши билан шу дамда умуман ёқмай қолганди. Нима бўлса-бўлар дедим-у, миямга келган фикрни айтдим.

– Мана шу сой каби тўлганликни, тизгинсизликни, гоҳида ўзимни ҳам ҳалок қилишга қодир пўртанани ҳис қиламан.

Абдулла бобо шу дамда кўзларини очди, менга бир муддат тикилиб қолдида, сўнг узоқ қорли чўққига қараганча, давом этди.

-Ана ўша пўртананинг номи дарддир. Ана ўша тўлганлик ижодкорни қўлига қалам олишга ундайди. Аммо, сен ўша лаҳзада ўзингдан ўтиб турган дардни шундай тасвирлашинг, шундай ифодалашинг керакки, сенинг ўқувчинг ёзганингни ўқиётиб, ўша оғриқни ҳис қилсин. Ўшанда ёзганларинг инсонлар қалбига етиб боради.

Кейин шеригим ўз шеърларидан ўқиб берди. Унга ҳам шу каби маслаҳатлар бўлди.Сўнг устоз бугунги адабий жараён, жамият ривожида унинг ўрни ҳақида бир қанча фикрларни айтди. Бу пайтда кеч тушиб қолган, қаерлардандир узоқ-узоқлардан ёввойи қушларнинг ғалати сайрашлари эшитиларди. Сойнинг нариги тарафидаги уйчаларнинг барчасининг чироқлари ёнган, кечки ҳаёт қайнашни бошлаганди. Қайсидир бирида магнитофондан шўх бир қўшиқнинг садоси эшитиларди.

Сўнг устоз билан хайрлашиб, ортимизга қайтдик. Ҳа-я, ундан олдин бизни “чегара”нинг нариги тарафига юришимиздан руҳланган бир неча тенгдош қатнашчилар аллақачон бу ёққа ўтишиб, сўри атрофини эгаллаб олган, биз бошлаб берган шеърхонлик ўз-ўзидан адабий гурунгга айланиб кетганди. Сўнг ушбу лаҳзаларни тарихга муҳрлаш учун расмга тушгач, хонамизга қайтдик.

Абдулла Ориповнинг ўша сўзлари тадбир якунигача, ундан кейин то шу кунгача қулоғимда ҳамон жаранглаган каби туюлади. Гоҳида ўзимни мажбурлаб бирор қатор ёзмоқчи бўлганимда ёки тузган қаторларим ўзим учун ғайритабиий, носамимий туюлганида негадир сой бўйидаги ўша суҳбат бот-бот ёдимга тушаверади…

14947674_1800674866876584_8455668597162070203_n( Суратларда А.Орипов, чапда(биринчи суратда) Моҳидил Пўлатова ва ўнгда мен Гўзал Рўзиева)

www.munosabat.org

 

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn