Дунёнинг чегараси

%d1%9e%d0%bb%d0%b6%d0%b0%d0%b1%d0%be%d0%b92Ўлжабой Қаршибой

(Ҳикоя)

Машина Тошкент — Термиз йўлида секин илдамлаб боради. Рулда Қутбилло, ёнида Мадиёр, орқа ўриндиқда эса камина. Шаҳардан чиқмаганимизга ҳам анча бўлган экан. Йўл манзаралари, кенг далалар, узоқдан кўриниб турган тоғлар, бекатдаги турфа одамларни кўриб, ажаб, қачонлардир дилда собит бўлган хаёллар кўнгилга келиб, анча енгил тортасиз. Йўлнинг ўзига хос кайфияти бор: қандайдир тазарруга эҳтиёж туғилади. Оқибат ҳақида ўйлай бошлайсиз. Билганига амал қилмайдиган биз “чаламулла”лар ҳаёт йўлимизни ҳам “илмийлаштириб”, имкон қадар мураккаб қилиб юборганмизки, бу тўрдан ўзимиз-да қайтиб чиқолмай қоламиз. Ҳар нарсани “ўйлаймиз”, эҳ-ҳе дунёнинг кенглигини қаранг, биродарлар.
Этнография илмий тадқиқот марказида ишлаётганимга бир саккиз йиллар бўлди-ёв. Икки йил аспирантурада, кейин имтиҳондаги аччиқ-тизиқ гаплардан сўнг келиб қолган жойимиз шу ер — илмий марказ…

Ишхонамизда бошлиқ мен билан Мадиёрга кўпроқ ишонади. Сабаби, унинг ўзи собиқ тарихчи. Талаб эса бошқача. Ходимлар ҳам аралаш. Сарви — социолог, Маҳди — тилшунос, Венера — логопед врач, Яшин ака — эколог. Мақсадимиз этнографик жамланмаларни нашрга тайёрлаш. Нашриёт ва ноширлар эса кутиб ётишибди. Маркетингчиларни-ку сўраманг. Аммо ҳафсала бўлмаса — бари, бир.

Шу… Турсуной билан гапимиз қочиб, у кетиб қолгач, ўзимни-ўзим яхши билмаслигимни сезиб қолдим. Мадиёр ҳам шундайми дерсиз? Йўқ, у бўлак дунё. У — аксинча, дақиқа сайин, узлуксиз ўзини кашф қилишга интилади.

Агар у, Қўйлиқ бозоридан тарвуз олмаганида шунча воқеалар бўлмасмиди, шу саволлар ҳам дилга қалқиб чиқмасмиди? Бу ҳам майли, у сотувчи йигитдан “Сиз қурамамисиз, олтибекли?”, деб сўрамаганида эди, шу воқеалар рўй бермасмиди? Индамай, тарвузини пуллаш ўрнига, гап сотиб қолди ул киши ҳам.

“Бобом Пиримқул, отам Нарзулла авариядан ўлган, бобом ҳам ёш кетган, лекин иккинчи аёли олтибеклардан дегич эди, ҳув очлик замонларда, урушдан аввал бобомга тегиб қишлоғидан кетган, момоси тушгур ҳали-ҳали армон қилади, томирини излайдида… — тарвуз сотувчи тағин қўшиб қўяди – Отим Бегали, Ой… қишлоғидан…”
Зиқ бўлиб ўтирган экан-да, дейман ичимда.

Кейинроқ Мадиёрнинг айтишича, сотувчининг баъзи гап-сўзлари, шеваси ўхшаб кетаркан. Кимга ўхшаб кетаркан? Аммасига! Ё, пирай! Одамзод ўхшашини истаса ўхшатавераркан-да. Узун, қорин қўйган сариқ одам. Момосининг исми Садира эмишмией, Мадиёрнинг аммаси ҳам Сафурами, Сайронами бўлган…

Шу воқеани ҳар эслаганда Мадиёр менга нажоткорга боққандек термулиб ёрилади. Отасининг васиятини ҳам эслайди. “Излаб топинглар, аммаларинг тирик, ўшанда мажбурлаб эрга берган эдик,эридан қайтган хотин кимга ҳам ёқарди”, — деган экан отаси. Амма, шўрлик фарзанд кўрмай эрдан қайтиб келганда Мадиёрнинг раҳматли отаси опасини қувиб-солади,кучадан келган савдогарга бериб юборади,айтадики; “Туғмас бўлиб туриб қолгунча, эр кўриб, эргашиб кетган яхши”. Бу гап учун чол кейинроқ, кў-ўп афсус қилади. Шуйтиб, отасининг армони — Мадиёрда давом эта бошлади. Катталар хатосини тузатиш керак, аммасини тириклигида топиш керак. Балки турмушдан ёлчиб, балқиб-чалқиб яшаб ётгандир. Бечора амма ҳам ака-укаларини излаганмикан? Бор-йўғи бир оғиз гапга кекми? Йўқ, ундай эмас! Мадиёр менга ёрила-ёрила фикримиз қатъийлашди. Аммани излаймиз, тахминимиз бор, буёғи Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё томонларда шундай қишлоқлар кўп. Ойғоқли, Ойтамғаш, Ошув, Ошбулоқ, Ойимтоғ, Ойтош…

Машина илдам одимлайди. Ҳар ким ўз ўйи билан овора. Қутбилло хаёлида Янгиердан олиб келган гаражига харидор излайди. Мадиёр ўқиб-уқмаганига, оқибатли бўлолмаганига пушаймон бўлади. Йўқса, шу пайтгача дом-дараксиз кетган аммасини излаб топмайдими? Шаҳарнинг ташвиши баримизни ҳам гангитиб қўйган-да. Бу иккисидан ҳам кўра мен худбинман. Турсуной бечорани ўзимдан совутиб қўйдим. Оилам бузилди. “Энди мен ўзимни-ўзим алдаб яшаяпман! Турсуной, Турсуной бормисан, мени ҳеч бўлмаса заррача кечира оласанми?” Кўзимга ёш келганини сезмай қоламан. Қарасам, Мадиёр ҳам йиғлаяпти. Фақат унсиз. Хаёлларимизни Қутбиллонинг гапи бўлади.

— Шу Мадиёр ака, аммангиз Ойбулоқдан эмас, Ойирма қишлоғидан бўлса керак. Ойбулоқ ҳозирги Панжакентда. Пайариқда, Ғаллаоролдаям Ойбулоқ бор. Ойирмали одамлари тарвуз сотади. Чироқчида шундай қишлоқ бор. Агар шу гумонга тарвузфуруш сабаб бўлса… Янаям қайдам…

Йўлда, баҳаво жойда тушлик қилдик. Қутбилло у деди, бу деди, икки “йиғлоқи”га ҳалиги “қултомиссин”дан ичирди. Бу қурғур бироз гапни-гапга қўшади-да. Гурунг бошланади. Бу дунёда ҳеч бир нарса бесамар, жавобсиз эмас. Айтилган сўз – отилган ўқ. “Ассалому алайкум — ваалайкум ассалом”. “Бориш — келиш”… яна шунга ўхшаш. Бор нарса йўқолиши мумкин, йўқолган эса бир куни албатта топилади. Бирдан юксак тоғлар эътиборимни тортади. Негадир ўткинчи дунё ҳақида ўйлайман. Ҳаммамиз бу оламдан бирин-кетин ўтиб кетаверамиз, аммо бу тоғлар собит тураверади.
Пешиндан сўнг куннинг тафти ҳали қайтмай туриб, Қутбиллонинг Ғаллаоролдаги чўпон жўрасиникига бурилдик. Мезбон ҳарбийда бирга бўлган жўраси бўлиб, чўпон эмас — гўрков экан. Нима дейсиз – касбда, ризқи шунга сочилган-да. Ўзи толиқиб қолган эканмиз, мезбоннинг ҳурмати, иримига ўтирибмиз. Уёқ-буёққа ёнбош ташлашга маҳтал бўламиз. Шаҳарда одам хомиб кетган-да. Дил хира, ичганимиз дардимизни баттар қилдими, билмадим. Аксига олиб, уй эгаси ҳам одамовироқ чиқди. Борганимизда хушлагандай бўлди-ю, кейин сўррайиб қолди. Ичимни бир эзғин ҳис чулғади. Шууу… йўлда ичмаганимизда. Кейин ланжланиб қолмаганимизда балки… янаям илдамроқ юраверармидик. Бугун…излаган жойимизга етиб борармидик. Уй эгаси ҳам ниманидир сезиб, билиб тургандай. Ҳовлига жой қилди. Келган пайт эътибор бермаган эканмиз, ҳовлидан бир қадам наридаги қабристон шундай совуқ кўриниб турарди. Бола пайтимизда қоронғида қабристон олдидан ўтишга қўрққанимизни беихтиёр эсладим. Кўҳна дунёнинг олдида ҳалиям бола эканимизни кўнгилдан кечирдим. Негадир бирдан бўшашиб, шалвираб қолдим. Дастурхон ёзилди, мева-чева, қовурилган у-бу нарса қўйилди, ароқ ҳам. Уй эгаси, Мадиёр ва мен ичдик. Юмшадик, бироқ гап яна унча қовушмади. Қутбулло ҳам маъюс тортиб қолди. Аниқроғи, у рулда чарчаган, икки инжиққа ҳамроҳлик қилган. У яна бизнинг тахминимизни айтиб гапира бошлади. Яъни, Мадиёрнинг аммаси Ойбулоқда эмас, Ойирмада — Чироқчида, деб гап уқтирди. Балким. Уй эгаси қизиқ одам экан, очилмайди, лекин жим ҳам турмайди. Оти Мансур экан. Унга гап қотаман:

— Мана ёз ҳавосини қаранг, Мансуржон. Кенг жойлар, тоза ҳаво… — Гап тағин мавзумизга қайтади. – Бу қўшниларнинг ҳеч бир кайвониси бормикин, эшитганмикин кўчиш замонларини? Балки, билар?
Уй соҳибининг тунд жавоби энсамни қотирди. Ё ўзи бўлган-тургани шудир… Жой солиб ётгач, ҳамма ўз хаёли билан уйқуга кетди.

Тонг отмай уйғониб кетдик. Уй эгасига миннатдорлик билдирган бўлдик. Негадир совуқроқ хўшлашдик.
Анча йўл юрдик. Йўл ҳам одамнинг кўнгли-да: тугамасаю манзилга ҳам етсанг – одам боласи кўпинча нима истаётганини ўзиям тушунмайди. Назаримда, Чироқчи далаларига етиб келганмиз, шекилли. Манзаралар, бозорга кетаётган одамлар, мол ҳайдаб юрган болалар, манави қишлоқни Ҳувла дейишар экан. Менимча курсимизда бу қишлоқдан бир йигит ўқиганди. Биров тўхтатиб қўядигандай тез-тез, шошиб гапирарди.
Қайгадир яқинлашаяпмиз. Нимагадир юрак тез ураяпти. Қутбилло чамалаган қишлоқ шу ерларда бўлса керак. Телеэкранда кўрсатган Чироқчи кенгликлари шу ердан бошланса ажабмас. Олис тоғ этакларида катта-кичик қишлоқлар жойлашган. Чопонининг ўнгирини қайириб олган бир одам йўл четидан уч-тўрт ушоқ мол ҳайдаб кетаяпти. Машинани секинлатиб, чолга салом бердик. Меҳмон эканимизни сезди, шекилли: “Сизлар бу дейман, анави… кечаги жойгами?” деб қолди. Ва… негадир ерга қаради.

Ё, тавба, дейман, ўзимга-ўзим. Қандайдир ички туйғу қайсарликка ундай бошлади.
— Шу атрофда, Ойтамғали, Ойқочди,Ойтошми, деган қишлоқлар борми?
— Бор, бор, Ойтамғали товнинг ортида, Ойирма ҳов анови, Ойқочдисини билмаппан?, — деди чол.
— Ҳа, ҳа, — дейди Қутбулло шошилинч. — Одамлари Тошкентга бозорга қатнайди?
— Ҳа, энди шаҳар қатнаб тирикчилик қилишади-да, — қўшиб қўяди у киши — Маматга қариндошмасмисизлар?
Ҳеч ким индамади. Машина беш-олти чақирим олис тоғ қаърига йўрғалайди. Ойирмада уйлар анча тарқоқ, одамлар адир бўйлаб қаторасига уй солишган. Бурилишдан иккинчи уй олдида тўхтадик,уй олдида одам гавжум. Худди келишимизни кутишаётгандек, бир киши машинага жой кўрсатди. Ичкаридан яна бир киши чиқди. Чопон-дўппили бир йигит айвон олдига кўрпача тўшади. Уч-тўрт киши уйнинг олдида тизилиб турибди.
Кеча бу ерда аза бўлган экан. Эссиз…

Ҳаммамиз ниманидир сезгандек, хомуш тортиб қолдик. Ким ўтган, биз кимникига келдик? Аммо бунинг ўрни эмас,ҳозир.Инсоний бурчимизни бажариб, ўтириб омин қилдик. Тўрдаги киши “қуръон” тиловат қилди. Бироздан кейин тўладан келган бир сариқ киши пайдо бўлди-ю, Мадиёр иккиси… кутилмаганда қучоқлашиб кетишди. Туйқус мен таниб қолдим: бу бозордаги тарвуз сотувчи эди.
— Момомизни бериб қўйдик, биродар, — деди у. — Бечора армон билан кетди. Ота уруғидан ҳеч ким излаб келмайди, деб армонлади. Эсладим, сиз Тошкентдансиз-а? Ёзувчисиз? Телевизорда кўргандик. Айтмоқчи, қариндошингизни топдингизми, ҳеч изламадингизми?

Шу пайт бир киши ҳаммамизни ичкарига таклиф қилди.

— Қани, тортингизлар.

Ичкариладик. Уй тўла, мўйсафид, беш-олти чоллар. Яна фотиҳа. Дастурхонга шўрва тортилди. Мадиёр иккаламиз бир-биримизга маъноли қараб қўйдик: кечаги ичкиликнинг ҳиди билиниб турар эди. Шўрвадан сўнг бир-бир пиёла чой ичдик.
— Меҳмонлар, сизлар асли қаердан, кимлардансизлар? — сўраб қолди чоллардан бири менга бирров қараб, кейин нигоҳини Мадиёрда тўхтатди.
— Олтибекли авлодидан.

— Ия, бу момомиз ҳам ўзини олтибеклимиз дегич эди. Оталари Бўкага кўчиб борган, ўша ерда бобомизнинг назарига илинган. Бобомизнинг биринчи аёли ўтгандан сўнг, шу момомизга уйланган. Лекин кампир болаларни ўгай демади, оқ ювиб оқ таради. Худо бермади — бола туғмади. Меҳрини шу ўгайларига берди. Сафура бечора яхши аёл эди…
Ҳамма нарса ойдинлашганди. Марҳума Мадиёрнинг аммаси экан. Мадиёр ўпкаси тўлиб йиғлаб ўтирибди. Бир пайт тарвузфуруш овоз чиқарди. Кейин у ҳам, Мадиёр ҳам, ўрнидан туриб бир-бирини бағрига тортди. Бири момомлади, бири аммам деб бўзлайверди. Кўнгил бузилди. Биз ҳам овоз бердик. Овозни эшитиб, уйни одам босди. Ўпкаси тўлган, қирқдан ошган бир йигит энамлаб кирди. Чоллар, ҳаммаси ҳайрон қараб қолди.

— Келаркансизлар-ку, йигит. Бечора энам армонда кетди. Дунёсининг ҳам чегараси бор экан-ку?.
Бирон ўн беш дақиқадан сўнг, йўқловчилар тинчиб қолишди. Тағин тиловат қилинди, уй эгалари чопон топиб келиб кийдиришди. Дўппи, тўн кийиб, ташқариладик. Тушга яқин яна мол сўйилди. Бир уйга жой қилишди. Мадиёрнинг ҳам, уй эгаларининг ҳам ҳовури босилди. Мозор бошига ҳам бориб келдик.

Эҳ, бу кўҳна дунёси қурсин. Ким етибдики, охирига энди етишса. Эҳтимол, Мадиёрнинг отаси ўша кесатиқ гапни гапирмаганда, ростданам эрдан қайтган қиз, укаларига эргашиб юраверармиди. Унда, ўзбекча ғурур-чи, боши очиқ аёлнинг шаъни-чи? Эҳтимол айтиб, яхши қилгандир. Рўзғор кўрди, кундошининг болаларига меҳр берди, меҳр топди. Энамлаб йиғлаган манов йигитлар… соғинчичи?Бу ҳам бахт эмасми? Бир умрда бир банда шунга эришади-да. Шу томирлар уни бор қилиб туради-да, ахир. Айниқса, бугунгидай бир осойиш кунларда. Кечаси билан хотиралар жунбушга келди. Мироб уста деган кишининг гап-сўзлари янаям одамнинг ичини ёритди.

— Бу дунёда излаганини топган одамнинг армони йўқ-да, биродарлар, — дейди уста, — мен бир гурунг берайин сизларга. Очарчилик замонлари эди. Қипчоқ қишлоғида яшагич эдик. Очликдан одамлар шишиб ўлаяпти. Биров каламуш инидан буғдой топади. Буғдой-а! Бир сиқим буғдой ҳаётга тенг. Одамлар қир бағирларидан ҳафталаб каламуш инини ковлашади. Топганини пишириб ейишади. Аммо, буғдойни каламуш тишидаги заҳар заҳарлаган эди. Заҳар қўлга, қўлдан оғизга ўтиб, қишлоқ қирила бошлайди. Оми одамлар буни билишмайди. Шунда чалажон бир мўйсафид айтадики: “Бизлар энди ўлиб кетамиз. Тириклар, соғлар бу ердан қочсин!” Икки тоғ ўртасини тўлдирган қишлоқ тарқалиб, кўчиб кетади. Сизлар-ку шу ерда экансизлар. Қўйинглар энди, бу кунларни кўрманглар. Майли, кеч бўлса-да, топибсизлар, шунга шукр…
Эртасига розилашиб йўлга тушдик. Ҳа, кўҳна дунёнинг ҳақиқатлари, биздан сўрамасдан рўй бераверади, рўй бераверар экан!

Йўлда, Ғаллаоролда тўхтамадик. Қутбилло ўз ўйлари билан банд, Мадиёр, кеч бўлса-да, аммасини топганидан хурсанд. Мен эса Қутбиллога қараб-қараб қўяман. Лабимни қимирлатиб кўраман. Худди кейин гапиролмай қоладигандек. Яъни: “Дарёдан ўтгач, Турсунойнинг қишлоғига буриласан!” Ҳа, шундай демоқчиман. Одам излаганини топиши керак! Эҳ! Тириклик яхши-да, сирли, ўзига тортувчи.

Машина эса секин илгариларди….

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn