Кўзга айланган кўнгил

odil ikrom3Одил Икром

ИҚТИДОРЛИ ЎЗБЕК ШОИРИ НОДИРА АФОҚОВАГА, ТАВАЛЛУД АЙЁМИ МУНОСАБАТИ БИЛАН, ҚУТЛОВ ЎРНИДА:

Қадрли Нодирахон!

Бир эронлик зиёли инсоннинг таъбири билан айтганда, Абу Абдуллоҳ Рўдакий вафот этгач, орадан минг йил ўтиб, тожик адабиётида Лойиқ Шерали туғилди… Бу хулоса – минг йилда бир шоир дунёга келади, деган ўринли ҳақиқатга гўзал ишора эди.

Ўзбек адабиётида ҳам обод руҳлари қарийб минг йилликка қадам қўяётган салафларимиздан сўнг бармоқ билан санарли чинакам шахсу ижодкорлар яралди ва ўша нодир иқтидорлар қаторида сизнинг ҳам борлигингизга, фақат, қувонишнинг ўзи камлик қилади.

Сиздаги энг нодир хислат – камтарлик. Зеро, шеърдаги ўзингизни эмас, ўзингиздаги шеърни севасиз. Инкорингиз, изҳорингиз, иқрорингизда ўзингиз яшайсиз. Бир буюк япон ёзувчиси айтгани каби “… иқрор бўлмасдан ўзингни намоён қилиш мумкин эмас”. “Кўзга айланган кўнгил” юртидаги ҳодисаларни ҳеч қандай муболағасиз, ортиқча ҳашамсиз, ўзингиз ва сўзингизга мафтун бўлмаган ҳолда, чиранмай, рўйи-рост айта олишингиз қурби – шеърхонни самимий суҳбатдошингизга айлантиради. Муҳиблар билан бу янглиғ қурбатга эришган орифназарлар жуда кам.

Шоирлик маҳорати, менимча, – ўз сўзига ишонтира олишида. Дунёга ўз дунёсидан, ўзи англаб етган умрбоқий туйғулар дарчасидан назар сололмаган ижодкор учун бу маърифатга етишмоқ – амри маҳол. Ишқи ва нафратига дунёни ишонтиролмаган шоирнинг куймаланиши – кофирларнинг ўз дунёвий манфаати йўлида барпо этган Зирор масжидида адо этилган “намоз”дан ўзга ҳеч вақо эмас. Ибодат муҳри сужуд саналгани каби, кўнгил юртидан келган ҳар нечук номангизда токи кўнглингиз муҳри бор экан, сўзларингизга, сатрларингизга, таъбир жоиз бўлса, “бахт қўйнида кўкарган армон”ларингизга ким ҳам ишонмасин, ахир.

Токи биз кўнгил қули эканмиз, кўнгил кўнглида рўй бергувчи ҳар нечук жонбахш ҳодисаларга Оллоҳ харидор эканлигини ҳеч қачон унутмагансиз. Шу боисдан ҳам, яратган ашъорингиз хоку сувига ўзингиздаги шахснинг руҳи, хислатлари ийланган бўлади. Шу боисдан ҳам, кераксиз иддаолар измида юриш, оламни ажалидан бурун кўмгувчи сохта ҳайқириқлар тасарруфида қолиш, “эшакнинг думига ҳам мадҳу сано айтгувчилар” (Ж.Румий) қаторида бўлиш – қўл келган тақдирда ҳам, қўлингиздан келмайди. Мавлоно Румий таъкидлаганидек:

Ҳазорсола раҳест аз ту то мусалмони,
Ҳазор соли дигар то ба ҳадди инсони.
(Сендан мусулмонликка қадар минг йиллик йўл бордир, мусулмонликдан инсонлик ҳадди-канори қадар яна минг йиллик йўл бор).

Кези келганда, бир кун ичра йилнинг тўрт фаслини яшай оладиган Сиздек солиҳ, ҳақпараст инсонга Комил Инсон сари элтувчи йўллар равон ва бехатарлигига қаттиқ ишонаман. Нафсу худбинлик аталмиш маҳбасдан, совуқ нафасдан, манфаат илинжида мақташдан, ҳар нечук яралмишга адоват сақлашдан сақлаган Худо ҳаққи, юрагингиз тўрида ўз қадрини топган Сўз ҳаққи: Саломат бўлинг.

%d0%bd%d0%be%d0%b4%d0%b8%d1%80%d0%b0-%d0%b0%d1%84%d0%be%d0%ba%d0%be%d0%b2%d0%b0

https://www.facebook.com/odil.ikrom?fref=nf

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn