Дўстимга мактуб

%d1%8e%d1%81%d1%83%d1%84-%d1%80%d0%b0%d1%81%d1%83%d0%bbЮсуф Расул

Дўстим Ўткирбек!
Сизни мендан озроқ ранжиб ёзган фикрларингизни ўқиб, ўйланиб қолдим. ”Токи мен эсламасам бир йўқламайсиз ҳам….” деб ёзибсиз.

Ҳақиқатдан, олдин менга ёзган хатларингизни ўқиб кўрсам, аксариятида, ҳол – аҳвол сўраб ёзган мактубларингизга жавоб сифатида шунчаки арзимас фикрлар қолдирган эканман. Шу ҳам инсофдами? Ахир болалик кунларим бирга кечган синфдош дўстимга шундай муносабатда бўлиш уят эмасми?
Балки, ишларим кўпдир. Балки истамагандирман… Одатдаги кўнгил сўраш деб ўйлаган бўлсам бордир. Лекин бунинг учун сиз айбдор эмассиз-ку!

Эътибор бераяпсизми? Шу оддий дўстона муносабатларда ҳам албатта ёлғон аралашади.

Биз ўзимизни шахсий ҳаётимиз, турмушимиздаги янгиликлар, аҳвол – руҳиятимиз ҳақидаги саволларга истанг- истаманг тўғри жавоб бермаймиз. Кўпинча ҳаётимиз муаммоларга тўлиқ бўлса ҳам, ҳамма ишларимиз яхши деймиз. Соғлигимиз издан чиқиб касалхонада ётган бўлсак ҳам соғ- саломат юрибман, деб ўзимизни ҳам, савол бераётган дўстимизни ҳам алдаймиз. Нега шундай? Нега биз одамлар рост гапиришни билмаймиз ёки истамаймиз? Тўғри гапириш, ҳар бир нарсани ўз номи билан аташ, наҳотки, шу қадар қийин бўлса?!.

Бундай ҳолат бошқаларда ҳам бўлиши табиий-ку! Шундай эмасми? Ким ҳам ”Ишлар қандай биродар?” деган саволга, ”Ишларим жуда ёмон” деб жавоб беради? Менимча ҳеч ким. Жавоб берувчи бундай вазиятда биринчи навбатда ўз ҳаётидаги муаммоларга дўстини аралаштиришни истамайди ёки уни аяйди. Кейин, шахсий ҳаётимда нимаики бўлса ўзимга тегишли, бунинг учун бошқаларни безовта қилиш шарт эмас, деган фикрга бориши мумкин. Бошқа томондан ўзини ношудлигини яшириш мақсади ҳам бор бу ерда.

Муаммога қайси томондан ёндошманг, одамлар ўз ҳаётлари ҳақидаги саволларга жавоб беришар экан, албатта ёлғон гапиришларига гувоҳ бўласиз. Ёлғон – камчиликларни яшириш учун энг қулай восита эмасми? Нафақат бирор шахс, балки катта – катта жамоалар, корхона ва ташкилотлар, ҳатто давлат идораларида муаммоларни яшириш ва йўқ нарсани бор қилиб кўрсатиш учун ёлғон ёрдамга келади. Ёлғон одам болалари учун яшаш усулига айланиб қолган, десам асло ранжимассиз, деган умиддаман.

Дўстим, мени тўғри тушунинг, ҳеч ким ёлғон гапиришни истамайди, лекин ҳамма ёлғон гапиради. Ёлғон гапираётган одам ўзини рост гапираяпман, деб ишонтирмоқчи бўлади. Ўзи ҳам ўзини ёлғонларига гарчанд улар ёлғонлигини яхши билсада ишонгиси келади. Худди Афанди билан содда болалар ҳангомасига ўхшаш ҳолат бу.

Афанди бозордан бир кило ёнғоқ олиб, уйига қайтаётганда, кўчада ўйнаб ўтирган бир тўп болаларга дуч келиб қолади. Уларни алдаш учун қўлидаги ёнғоқларни кўрсатиб: ”Ҳой болалар, нариги кўчада катта ёнғоқ дарахтини қулатишибди. Ҳамма териб олаяпти. Югуринглар”, дебди. Болалар суюнганларидан Афанди кўрсатган томонга чопиб кетишибди. Болаларни қийқириб югуриб кетаётганларини кўрган Афанди, ”Ҳақиқатдан ёнғоқ дарахти қулаган бўлса, мен ҳам қуруқ қолмай”, деб уларни орқасидан чопган экан.

Дўстим, булар шунчаки, оддий фикрлар холос. Балки, мен хато ўйлаётгандирман. Лекин инсон руҳиятини чуқур ўрганган Зигмунд Фрейд бутун умри давомида ўтказган тадқиқотлари натижасида тўқсон тўққиз фоиз одамлар ёлғон гапирадилар деган хулосага келган.Бу ниманинг аломати экан?. Фрейддек буюк руҳиятшунос олимни бундай фикрга келиши боиси нимада? Шу ҳақда ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Нега одамлар ёлғон гапиришга уста бўладилар?

Эътибор берганмисиз? Эндигина ёруғ оламга келган мурғак чақалоқ онасини эътиборини тортиш учун албатта йиғлайди. Аста – секин чақалоқда ёлғондан йиғлаш инстинкти кучайиб боради. Сал каттарса ўз хоҳиш ёки истакларини амалга ошириш учун яна ёлғондан йиғлаш усулидан фойдаланади. Кейин эса болалик даврида яна ёлғон фикрларга зўр беради. Турли эртак ва афсоналар ҳам болада ёлғон тасаввурларни кучайтириб юборади. Масалан, ота- оналар ёлғондан йиғлаётган болаларини овутиш учун ”Бўжи”, ”Жўжи”, ”Баба” ”Ялмоғиз”, Жин- ажина”лар каби ҳаётда йўқ ёлғон тимсоллардан фойдаланишади. Бу билан катталар болаларда ёлғон ҳиссини кучайтирсалар, бошқа томондан уларда қўрқув туйғусини улғайтириб борадилар. Руҳияти ва тафаккури ёлғон ва қўрқув натижасида шаклланган ўспиринлар катта бўлганларида бир умр бу туйғулардан воз кеча олмайдилар. Ёлғон ва Қўрқув бир умр уларни таъқиб қилиб юради.
Дўстим, балки сиз, инсон ҳаёти ёлғон асосида қурилмаган, дерсиз. Дунёда Гўзаллик, Муҳаббат, Ҳақиқат каби азалий туйғулар бор ва улар албатта инсонни ёлғон зулматидан қутқара олиши мумкин. Шундай эмасми?

Сиз каби инсоннинг ҳаётдаги асосий мақсади ҳақсизлик, риёкорлик, зулм ва адолатсизликларга тўлиб тошган дунё ёлғонларига қарши курашишдан иборат деб ўйлайдиган одамлар сонмингта. Лекин Ёлғон Ҳақиқатдан устун келса, Нафрат Муҳаббатни енгса, Гўзаллик майда манфаатлар асирига айланса, бундан ортиқ фожеа борми?

Агар диққат билан қарасангиз бир- бирини алдаб яшаётган одамлар, ўз шахсий манфаати учун дўстини сотаётган корчалонлар, сохта сайловлар эвазига ҳокимиятга ёпишиб олган амалдорлар,ўзга сайёралардан келиб қолган одамлар эмас. Улар шу юртнинг, шу заминнинг ёлғонларидан озуқланиб улғайган… Сабабсиз Оқибат бўлмайди, дўстим. Улар Оқибат холос, Сабаб эса биз ўзимизмиз.

Узр, узундан узоқ хат ёзиб сизни анча толиқтирдим. Баъзан, яқин дўстингга кўнглингдаги гапларни айтиб енгил тортасан. Мен ҳам шундай қилмоқчи бўлдим шекилли… Агар ёзганларимда ёлғонлар кўп бўлса мени кечиринг. Гапнинг рости ҳам шу…

Ҳурмат билан дўстингиз ЮР.

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn