Скептикликнинг аҳамияти ҳақида

Бертран РАССЕЛ

СЎЗБОШИ

Миллатчи, ирқчи, диний мутаассиблар ўз тарафдорларини инсонларнинг ақлига йўналган фикрлар орқали эмас, уларнинг ҳиссиётига қаратилган мантиқан саёз, етарлича асосланмаган шиорлар орқали кўпайтиришга уринади.  Инсоннинг муайян гуруҳ (миллат, дин, ирқ, партия)га мансублик туйғуси (инстинкти) уни мудом ақлини хиралаштириб, ёлғон ғояларга ишонишга ундайди. Душман қанчалик мудҳиш бўлса, гуруҳ шунчалар жипслашади. Шунинг учун ҳам раҳнамолар душман тарафнинг қанчалар ғаддорлиги ҳақида тинмай бонг уради. Муштарак жиҳатлар, умумий манфаатлар унутилиб, фарқли жиҳатларга урғу берила бошлайди. Одамлар ўз миллатдошлари, диндошлари ҳақидаги бор гапни ҳазм қила олмайди. Оқибатда эса миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенглик каби умуминсониятга хизмат қилувчи ғоялар ўрнини тоқатсизлик, мутаассиблик эгаллай боради. Хўш, бундай вазиятда йўлни йўқотмаслик, лўттибозларнинг алдовига учмаслик учун нима қилмоқ лозим?

Инглиз математиги ва файласуфи Бертран Рассел (1872-1970) икки жаҳон урушига гувоҳ бўлган инсон сифатида одамларда гуруҳий эмас, балки индивидуал ўзига хосликларни шакллантириш орқали биз юқорида эслатган иллатларнинг олдини олиш мумкин деб ҳисоблайди. Бу индивидуал ўзига хослик ва масъулият туйғуси қандай шаклланади? Инсонларга фикрни эмас, фикрлашни ўргатиш орқали. Фикрлаш эса муайян  туртки бўлмаса, ўз ўзидан юзага келмайди. Агар сиз ёш болага маълум бир фикрни мутлақ асосланган ҳақиқат ўлароқ ўргатсангиз, унинг фикрлашига эҳтиёж йўқ. Унинг учун ўзгалар бош қотириб масалани ҳал қилиб бўлган.

Инсон табиатан тақлидчи бўлиб туғилади. Зеро бола ўзи туғилган миллатнинг тилини ўрганиши, ижтимоий зарур меъёрларни ўзлаштириши учун тақлидчилик жуда зарур. Тақлид қила олиш қобилиятисиз боланинг ижтимоий адаптацияси тўхтайди. Бироқ бу хусусият баъзиларда барвақт йўқолса, баъзиларда умр бўйи сақланиб қолади. Айримларда эса қисман. Инсон эволюцияси жараёнида пайдо бўлган бу хусусият ёш бола учун фойдали, катта одам учун эса зарарли. Таълим гўдакни шахсга айлантириши учун ундаги тақлидчилик инстинктини заифлаштириши керак. Бу қандай бўлади? Тақлидчилик ва ишонувчанликка энг катта зарба берувчи хусусият инсондаги скептикликдир. Тўғри, баъзилар скептиклик деганда ҳар нарсага ҳуда-беҳуда шубҳаланаверишни тушунади. Бироқ Рассел тақлидчилик ва ишонувчанликка зиддизаҳар сифатида таклиф қилаётган скептиклик етарли асослар бўлмагани ҳолатда ҳар қанақа ғоя, фикр ёки таълимотга ишонишни номақбул ҳисоблашни англатади. Яъни фикр, ғоя унинг асоси билан бирга берилиши зарур. Асосларсиз айтилган фикр эътиборсиз қолдирилади. Бир қарашда содда кўринган бу принцип инсонни мустақил шахсга айлантиришда қўл келади.
Нима учун оддий одамлар скептиклик, шубҳаланишни ҳуш кўрмайди? Чунки одамларнинг ишонувчанлигидан фойдаланиб давр даврон сураётганлар буни истамайди. Барча нарсага даво “дори-дармон”ларнинг, харид қилмасангиз ҳаётингиз мазмунини йўқотадиган матоҳларнинг сотилиши, хайрия ҳисобига кун кўрувчи, керак бўлса, жаннатдан жой ваъда қилувчи лўттибозларнинг тақдири ишонувчан, содда инсонларнинг борлигига чамбарчас боғлиқ. Улар скептикларга қарши тинимсиз курашади, ишонувчанликни эса инсоний фазилат сифатида кишилар онгига сингдиради. Ишонувчанлик эътиқод ва садоқат билан, шубҳакорлик эса эътиқодсизлик, принципсизлик ва бетайинлик билан боғлаб тушунтирилади. Оқибатда китоб, газета, журналда нима ёзилса, обрўлироқ шахс нимани айтса, шунга сўзсиз ишонадиган ақлан сўқир авлод пайдо бўлади.

Кўр-кўрона эргашиш инсонда масъулият ҳиссини ўлдиради. Қарорни мен чиқармаганман, таълимотни мен яратмаганман, умуман, мен туғилганимда ҳаммаси шундай эди, ҳамма нарса бизгача қилиб бўлинган қабилидаги баҳоналар тараққиёт кушандасидир.

Ўқувчи эътиборига ҳавола этилаётган ушбу эссе 1928 йили ёзилган (Қаранг: Bertrand Russell. Sceptical Essays. London: Routledge, 2004, 1-14 pp). Унда ўша давр Европадаги ижтимоий-сиёсий кайфият сезилса-да, муаллифнинг рационаллик ва иррационаллик, ишонч ва унинг асосланганлиги масаласида билдирган фикрлари ва ёндашуви бугунги кун учун ҳам аҳамиятини сақлаб қолган. Зеро инсон табиати бир-икки асрда ўзгариб қоладиган ҳодиса эмас.

Таржимон

****

Сиртдан қараганда хийла парадоксал ва зарарлидек туюлиши мумкин бўлган таълимотни муҳокама учун ўқувчи эътиборига ҳавола этиш истагидаман. Унинг моҳияти шундай: тўғри деб ҳисоблаш учун ҳеч қандай асос бўлмаган мулоҳазага (пропозиция) ишониш номақбулдир. Бироқ бу каби қоидага барча бирдек амал қилиши ижтимоий ҳаётимиз ва сиёсий тизимимизни – улар ҳатто мукаммал шаклланган бўлса ҳам – ўзгартириб юбориши мумкин. Бу эса ушбу таълимотни рад этишга имкон беради. Яна шунга аминманки (буниси янада жиддийроқ), мазкур қоида – хоҳ ҳозир, хоҳ келажакда бўлсин – тақдирланишга арзигулик иш қилмаган содда кишиларнинг иррационал орзу-умидларидан фойда фойда ундириб кун кўрувчи башоратгўйлар, букмейкерлар, епископлар ва бошқаларнинг нонини яримта қилиши мумкин. Ана шу каби муҳолиф аргументларга қарамай, ўз нуқтаи назаримни ҳимоя қилишга уриниб кўраман.

Аввало, мени кескин мавқени тутганликда айблайдиганларга жавоб берсам. Мен муросасозлик ва мўътадилликка инглизларга хос севгиси бўлган британ вигиман (либералиман). Пирронизм (скептицизм авваллари шундай номланарди) асосчиси  Пиррон таъкидлайдики, бир хатти-ҳаракат бошқасидан яхшироқ эканини ҳеч қачон била олмаймиз. У ҳақда шундай ҳикоя бор. Бир куни кечки сайрга чиққанида, фалсафа муаллими (у шу муаллимдан таълим олган эди) ариққа йиқилиб, чиқолмай ётганини кўриб қолибди. Бир оз мулоҳаза қилиб, уни ариқдан тортиб олиш яхши ишлигига ҳеч қандай асос йўқлигини ўйлаб, йўлида давом этибди. Нисбатан мўътадилроқ скептиклар эса, муаллимни ариқдан чиқарволиб, Пирронни бераҳмликда айблашибди. Бироқ шунда ҳам ўз принципларига содиқ қолган муаллим Пиррондаги фикр ва амал бирлигини мақтабди. Мен бу каби “қаҳрамонона” скептицизмни ёқламайман. Мен оддий кундалик соғлом фикрга таянган ишончни, назарий жиҳатдан бўлмаса-да, амалий жиҳатдан маъқуллайман; фаннинг мукаммал асосланган хулосаларини шубҳадан холи ҳақиқат деб билмасам-да, улар хатти-ҳаракатимизни рационал йўлга солишимиз учун етарлича тўғри дейман. Агар фалон куни ой тутилади дейилса, бу башорат ўша кунни кутишга арзийди. Пиррон эса бошқача ўйлаган бўларди. Айни шу нуқтаи назардан ўрталиқдаги мавқени ҳимоя қилишимни оқлаш мумкин.

Баъзи масалаларда, дейлик, Ойнинг тутилиш вақтини аниқлашда мутахассислар қийинчиликсиз бир тўхтамга кела олади. Яна шундай масалалар борки, улар ҳақида мутахассислар хулосалари бир жойдан чиқиши душвор. Ҳатто барча мутахассислар фикри бир жойдан чиққанда ҳам улар хато қилаётган бўлишлари мумкин. Эйнштейннинг гравитация ёруғлик нури йўналишини ўзгартириши ҳақидаги хулосасини бир неча йил аввал деярли барча мутахассислар инкор қилган эди. Бироқ у бу борада ҳақ бўлиб чиқди. Шунга қарамай, мутахассислар муайян масала юзасидан ягона хулосага келса, ўша соҳага алоқаси бўлмаган кишилар уларнинг хулосасини нисбатан ҳақиқатга яқинроқ деб қабул қилиши мақсадга мувофиқ. Бинобарин, мен ёқлайдиган скептиклик қуйидагичадир: 1) мутахассислар якдил фикрда бўлишса, унга қарама-қарши фикр шубҳасиз тўғри деб қаралмайди; 2) агар улар якдил бўлишмаса, ҳеч бир фикрнинг ҳақиқатлиги аниқ эмас; 3) агар улар хулоса чиқариш учун етарли асос йўқ дея ягона тўхтамга келса, мутахассис бўлмаганлар ҳам бу борада хулоса чиқаришга шошилмай, уни ортга суради.

Бу қоидалар бир қарашда қатъий туюлмаса-да, амалга татбиқ этилса, инсон ҳаётини бутунлай ўзгартириб юбориши мумкин.

Одамлар астойдил ишонадиган ва, кези келганда, ўзгача фикрдагиларнинг таъқиб этилишига сабаб бўладиган таълимотлар скептицизмнинг мазкур уч қоидасидан бирига тушади. Агар етарлича далилланган бўлса, одамлар фикрни шунчаки ифодалаш ва у амалда қанчалик тўғри чиқишини текшириш билан кифояланади. Бундай фикрлар кучли ҳис-туйғуга берилмай ҳимоя қилинади. Уларга бўлган ишонч ҳиссиз, асослар эса хотиржамлик билан келтирилади. Кучли эҳтирос-ла ишониладиган фикрлар эса одатда асоссиз бўлади. Эҳтирос ишончнинг норационал эканига далолат қилади. Сиёсат ва динга дахлдор фикрлар амалда доимо ҳиссиётга қоришиб кетади. Хитойни истисно қилганда, бошқа ерларда инсоннинг дин ва сиёсат борасида қатъий қарашга эга бўлмаслиги унинг ожизлигини кўрсатади деб ҳисоблайдилар;[1]  одамлар ўз эътиқодларига муҳолиф таълимотларнинг мутаассиб тарафдорларидан ҳам кўпроқ скептиклардан нафратланади. Улар реал ҳаёт бу каби масалаларда аниқ мавқега эга бўлишни талаб қилади, ҳар бир нарсада ақлга таянсак, жамият ҳаёти издан чиқади, деб ишонишади. Мен бу каби гапларга қўшилмайман.

1920-йиллардаги ишсизлик масаласини олайлик. Бир тараф буни касаба уюшмаларининг бузғунчилигидан кўрди. Бошқа тараф уни қитъадаги беқарор вазият билан боғлади. Учинчи тараф эса, аввалги икки тараф келтирган сабабларни тан олган ҳолда, асосий айбдор сифатида фунт стерлинг қадрини оширишга уринган Англия Банкини кўрсатарди. Учинчи тараф, менга билдиришларича, асосан мутахассислардан иборат эди. Сиёсатдонлар партия баёнотларига киритиб бўлмайдиган фикрларга қўшила олмасди. Оддий одамлар эса айбни душманларнинг ҳийла-найрангига тақайдиган томонни маъқулларди. Оқибатда кимдир номувофиқ чора-тадбирларни ёқлаш, яна кимдир уларга қарши курашиш билан овора бўлди. Нисбатан рационал нуқтаи назарни тутган озчиликни ҳеч ким эшитмасди, чунки улар айтаётган гап ҳиссиёт уйғотмас эди-да! Улар одамларни ўз фикрларига ишонтиришлари учун Англия Банкини бузғунчи қилиб тасвирлашлари керак бўларди. Лейбористларни ишонтириш учун Банк директорларини касаба уюшмаларига душман деб, Лондон епископини ишонтириш учун эса уларни “ахлоқсиз” деб айблашлари лозим бўларди. Шундан кейингина Банк валюта масаласида хатога йўл қўйганига уларнинг эътиборини қаратиш мумкин эди.

Бошқа бир мисолни олайлик. Социализмнинг инсон табиатига зидлиги ҳақида кўп гапирилади. Бу фикр қанчалик ҳиссиёт билан ҳимоя қилинса, социалистлар ҳам уни ўшандай қизғинлик билан инкор қилади.  Доктор Риверс ­­– унинг вафотидан қайғумни сўз билан ифодалаш қийин – ҳаётининг сўнгги дамларида мазкур масала борасида Коллеж Университетида ўқиган маъруза унинг вафотидан кейин “Психология ва сиёсат” номли китоб бўлиб босилиб чиқди. Бу  ҳозирча мен билган ягона илмий таҳлилдир. Унда социализм инсон табиатига зид эмаслигини кўрсатувчи меланезияликлар ҳаётидан антропологик маълумотлар келтирилган. Шунингдек, муаллиф меланезиялик ва европалик инсоннинг табиати бир хил ёки турличалиги бизга номаълумлигини таъкидлайди. Сўнгида шундай хулоса чиқаради: социализм европалик инсон табиатига мувофиқ келадими ёки йўқ – буни амалда синаб кўргачгина биламиз. Бу хулосаси билан доктор Риверс лейбористларнинг номзоди бўлишга жазм қилса, ажабмас. Бироқ сиёсий баҳсларда алангаланган ҳиссиётлар оловини айтарли кучайтира олмаслиги тайин.

Одамлар босиқлик билан муносабат билдириши қийин бўлган никоҳ мавзусини олайлик. Ҳар бир юрт аҳолиси ўзиникига ўхшамаган никоҳ шаклини ахлоқсиз деб билади. Баъзилар ўзларининг тийиқсиз ҳаёт тарзларини оқлаш учун ҳукмрон қарашларга қарши курашадилар. Ҳиндлар беванинг қайта турмуш қилиши ҳақидаги ўйданоқ даҳшатга тушади. Католик мамлакатларида никоҳдан чиқишни бузуқлик деб билсалар-да, бироқ баъзида жуфтига хиёнат қилишга, йўқ деганда бу эркак томонидан содир этилса, тоқат қилинади. Америкада ажралиш эркин, бироқ никоҳдан ташқари муносабатлар қаттиқ қораланади. Мусулмонлар эса биз зарарли ҳисоблайдиган кўпхотинликка ижобий қарайди. Бу каби турфа фикрлар таассуб-ла ҳимоя қилинади, тақиқларни бузганлар оғир жазога дучор этилади. Бироқ бу давлатлардаги бирор кимса ўз халқининг удумлари ўзга халқларнинг удумларига нисбатан инсонни кўпроқ бахтлироқ қила олишини асослашга уринмайди.

Ушбу масала юзасидан илмий адабиётларни, дейлик, Уэстермаркнинг “Никоҳ тарихи”ни варақласак, омманинг хурофий ишончидан мутлақо фарқли манзарага дуч келамиз. Инсон табиатига мутлақо зид деб ўйлаганимиз одатлар инсоният тарихида кўплаб бўлганини кўрамиз. Биз кўпхотинликни золим эркаклар аёлларга мажбурлаб ўтказган деб ўйлаймиз. Бироқ Тибетдаги “бир хотинга кўп эркак” одатини қандай изоҳлаш мумкин? Тибетга саёҳат қилганлар у ердаги оилалар Европадагидек бир маромда, уйғун ҳаёт кечиришини айтишади. Бу каби адабиётлар билан танишиш холис фикрловчи ҳар қандай инсонни скептикка айлантириб қўяди. Зеро бир никоҳ шакли бошқа биридан яхши ёки ёмонроқлигини асослаш учун афтидан далил йўқ. Жамиятдаги деярли барча кишилар умумқабул қилинган меъёрларга итоат этмайдиганларга нисбатан шафқатсиз ва тоқатсиз муносабатда бўлади. Шуни ҳисобга олмаганда, уларни боғлаб турувчи бошқа умумий жиҳатлар йўқ. Афтидан гуноҳ ҳам жўғрофий ҳудудга боғлиқ, яъни нисбийдир. Ана шу хулосадан “гуноҳ” ҳам бир иллюзия экан, уни содир этганларни шафқатсиз жазолаш эса ортиқча, деган хулосага томон бир қадам қолади. Айнан ана шу хулосани кўпчиликнинг онги қабул қила олмайди.  Шафқатсизлик билан жазолаш ва айни дамда виждонни “тоза” сақлаб қолиш моралистларга завқ бағишлайди. Мана шунинг учун улар дўзахни ўйлаб топишган.

Мужмал масалалар қаторига кирувчи ўта кучли эътиқодларнинг ёрқин намунаси миллатчиликдир. Дангал айтиш мумкинки, Жаҳон уруши ҳақида илмий асар ёзаётган тарихчи ҳозир чиқараётган хулосаларини ўша даврда айтганда борми, урушаётган қайси давлатда бўлмасин, уни шубҳасиз қамоққа тиқишарди. Хитойни ҳисобга олмаганда, ўзи ҳақидаги ҳақиқатга чидаб берувчи бирорта халқ йўқ. Тинчлик вақтида ҳақиқатни рўйи-рост айтиш шунчаки одобсизлик, уруш даврида эса жиноят деб ҳисобланади. Ўзаро қарама-қарши эътиқодларнинг ёлғонлигини уларнинг фақат муштарак миллий манфаатларга эга кишиларгагина маъқул келганидан ҳам билса бўлади. Ўтмишда диний эътиқодларни мантиқан таҳлил қилиш қанчалик бузғунчилик деб ҳисобланган бўлса, бугун миллатчилик руҳидаги эътиқодларга “тош отган”ларга шундай айб қўйилмоқда. Агар одамлардан бундай масалалардаги скептицизмга салбий муносабати боиси нимадалигини сўрасангиз, жавоб битта – миф урушларда ғалаба қозонишга ёрдам беради, ақлга таянган миллатлар ўлдирмайдилар, аксинча, ўлдириладилар. Хорижликлар ҳақида турли ёлғон-яшиқ уйдирмаларни тарқатиш орқали ўз нуқсонини яширишга уриниш шармандалик эканлигини, билишимча, квакерларни истисно қилсак, профессионал моралистлар ҳозирча тан олмаяпти. Оқил миллат барибир урушдан тийилиш йўлини топади, деган фикр олға сурилса, ҳақоратли жавоблар янграйди, холос.

Хўш, оқил скептицизмнинг одамлар орасида кенг ёйилиши қандай оқибатларга элтиши мумкин? Инсоннинг хатти-ҳаракатлари эҳтирослар ва уларга эш бўлиб келувчи мифлар таъсирида бўлади. Психоаналитиклар лунатикларда ушбу жараённинг очиқ ва яширин намоён бўлишини ўрганишган. Ҳаётида қаттиқ таҳқирланган, хўрланган инсон турли уйдирма фаразларни ўйлаб топади. Масалан, ўзини Англия қироли деб атайди ва ўз мақомига муносиб эътибор берилмаётганини асослашга уринади. Бироқ яқинлари унинг иллюзиясига ишонмайди ва бир хонага қамаб қўядилар. Агар у ўзининг эмас, ўз миллати, синфи ёки эътиқодининг буюклигини таъкидлаганда эди, ҳаттоки унинг гаплари холис кузатувчида жиннихона аҳлининг бемаъни валдирашидек туюлса ҳам, саноқсиз тарафдорларга эга бўлар, сиёсий ёки диний раҳнамога айланарди. Шу тарзда жамоавий ақлдан озиш индивидуал шахснинг ақлдан озишида кўринадиган қонуният асосида пишиб етилади. Ўзини Англия қироли санайдиган лунатик билан тортишиш хавфли эканини ҳамма билади, жуда бўлмаганда уни бир хонага қамаб енгиш мумкин. Агар бутун бошли халқ шундай ёлғонга ишониб қолган бўлса-чи, даъволари инкор қилинса, ўша лунатик ғазаблангандек ғазабланса-чи – бунақа вазиятда урушдан бошқаси бу халқнинг ақлини киритиб қўёлмайди.
Инсон феъл-атворида интеллектуал омил қанчалик роль ўйнаши масаласида психологлар орасида ягона бир қараш йўқ. Икки тур савол бор: 1) эътиқодлар хатти-ҳаракатларга қанчалик таъсир этади? 2) эътиқод қанчалик мантиқан изчил далилларга таянади ёки умуман далилга таяниши мумкинми? Ҳар икки саволга жавоб берар экан, психологлар интеллектуал омил таъсири ўйлаганимиздан кучсиз эканини таъкидлайдилар. Ушбу омилнинг таъсири озлиги масаласида умумий қараш мавжудлигига қарамай, умумийлик манзарасида турлича муносабатлар ҳам бор. Келинг, бу икки саволни кетма-кет кўриб чиқайлик.

1) Эътиқод хатти-ҳаракатларга қанчалик таъсир этади? Саволни назарий таҳлил қилмайин-да, оддий инсоннинг кундалик ҳаётидан сўз очай. У бирор нарсага ишонгани учун эмас, балки одат бўлиб қолгани учун ҳам эрталаб ўрнидан туради, нонушта қилади, поездга шошилади, газета ўқийди, ишига боради. Ҳаммаси одатга мувофиқ бўлади. Қачонлардир бу одатлар шаклланаётганда, камида иш жойини танлаётганида эътиқоди роль ўйнаган. Эҳтимол, у ўша дамда унга таклиф қилинаётган иш ўзи истагандек эканига ишонган. Аксарият кишиларда ишонч илк бор касб танлаётганда ўзини намоён қилади. Қолганлари шу танловнинг ҳосиласи ўлароқ келаверади.

Агар у оддий ходим бўлса, унинг фаолияти одатга кўра, ҳеч қандай ортиқча истак, ишонч-эътиқодга таянмай, аввалдан белгиланган маромда давом этаверади. Эътироз билдириш мумкин, агар у ҳисоб-китоб билан шуғулланса, ўзи қўллаётган арифметик қоидаларнинг тўғрилигига ишонади. Бироқ бу ишонч эмас, теннисчининг ҳаракатлари каби шунчаки одат, кўникма. Бу қоидалар уларнинг ҳақиқатлигига бўлган интеллектуал ишончдан эмас, муаллимга ёқиш истаги сабабли ўзлаштирилган. Бу худдики кучукнинг ўз эгасидан овқат ундириш илинжида қандай ўтиришни ўрганишига ўхшайди. Таълим доимо шу тарзда бўлади демоқчи эмасман, лекин ўқиш, ёзиш ва арифметика таълими асосан шундай.

Шундай қилиб, бизнинг дўстимиз, раҳбар ҳодимми ёки йўқ, муҳим масала юзасидан қарор қабул қилиши лозим бўлиб қолди дейлик. Бундай қарорларда ишонч роль ўйнаши эҳтимоли бор. У қайси ишлар яхши, қайси бири кўнгилдагидек эмаслиги, кимлар бойиб, кимлар хонавайрон бўлиш арафасида турганини тахмин қилади. Шу каби ишончлар асосида ҳукм чиқаради. У оддий ходимдан кўра масъулияти юқори бўлгани боис одатга кўра эмас, айнан ўз ишончига кўра ҳаракат қилиши лозим. Башарти унинг ишончи тўғри чиқса, мўмайгина пул ишлаб олиши мумкин.

Оилада ҳам ишончнинг феълга таъсири айни шу нисбатда кечади. Унинг хотини ёки болаларига муносабати шаклланган одатга ёки одат таъсирида бир қадар ўзгарган инстинктга мувофиқ келади. Бироқ муҳим масалалар – уйланиш, ўғлини қайси мактабга бериш ёки хотинининг садоқатига шубҳаланганида бунга асос топиш кўпинча одатга мувофиқ бўлмайди. Инстинкт таъсирида ёки бой деб ҳисоблагани учун бирор аёлнинг қўлини сўраши мумкин. Агар бу инстинктив бўлса, у ўша аёлнинг энг фазилатли эканига шубҳасиз ишонади. Айни шу нарса ўша аёлни танлашининг асл сабабидек туюлади унга. Ваҳоланки, бу ўринда ишонч инстинкнинг навбатдаги аксидирки, унинг танловини ишончни ўртага қўшмасдан бевосита инстинкт орқали ҳам изоҳлаш мумкин. Болага мактаб танлаш ҳам муҳим бизнес қарорларини қабул қилишга ўхшаш жараёндир. Бунда ишонч каттароқ роль ўйнайди. Агар у хотинининг хиёнатига доир бирор далил топса, у ўзини инстинктларига тобе ҳолатда тута бошлайди. Бироқ бунда, аксинча, инстинкт ишонч таъсирида ҳаракатга келади.
Демак, ишонч-эътиқод феъл-атворимизнинг жуда оз қисмига бевосита таъсир ўтказса-да, у ҳаётимизнинг энг аҳамиятли дақиқаларида ҳал қилувчи ролни ўйнайди. Хусусан, диний ва сиёсий амалларимиз ишонч-эътиқод билан чамбарчас боғлиқ.
2) Энди иккинчи саволга ўтсам. Бу саволни яна икки қисмга ажратиб таҳлил қилса бўлади: а) ишонч-эътиқод қанчалик далилга таянади? б) далилга таяниши мумкинми ёки бу қанчалик зарур?

а) Ишончнинг далилланганлик даражаси ишонувчиларнинг ўзлари тасаввур қилганларидан анча паст. Нисбатан рационал ҳисобланувчи бир ҳолатни олайлик.  Лондон-ситилик йирик бир молиячи муайян бир соҳага инвестиция киритади. Унинг, дейлик, француз франки қийматининг тушиши ёки кўтарилиши ҳақидаги фикри сиёсий симпатиясига ва катта миқдордаги маблағини ана шундай қалтис ишга тика олишига боғлиқ. Банкротликка олиб борувчи энг кучли сабаблардан бири одатда қай бир даражада сентиментал омиллардир. Сиёсатга дахлдор фикрларини билдиришлари тақиқланган давлат хизматчиларининг қарашларини эътиборга олмасак, сиёсий фикрлар камдан-кам ҳолларда далилга таянади. Истиснолар бор, албатта. Бир неча йил муқаддам тарифларни ислоҳ қилиш билан боғлиқ тортишувларда аксарият ишлаб чиқарувчилар олаётган фойдаларини оширувчи тадбирларни қувватлаб чиқишди ва ўз фикрларини, гарчи айтаётган гаплари тингловчини у қадар ишонтира олмаса ҳам, етарлича далилланган деб даъво қилишди. Шу ерда вазият мураккаблашади. Фройдчилар бизга ўз хулқимизни “рационализациялаш”ни, яъни аслида иррационал бўлган фикр ва қарорларимизга рационал тус бериш механизмини ўргатишди. Шунингдек, айниқса, инглиззабон мамлакатларда, бунинг акси – “иррационаллаштириш” деб номласа бўладиган жараён мавжуд. Зийрак одам ўзи англамаган тарзда ўз эгоистик нуқтаи назаридан масаланинг кучли ва заиф жиҳатларини таққослаши мумкин. (Болаларига дахлдор масала бўлмаса, одам англанмаган тарзда эгоистик бўлмаган йўсинда мулоҳаза юритиши камдан-кам учрайди.) Англанмаганликнинг қўллови билан мақбул эгоистик қарорга келингач, одам жамият учун қанчалар катта қурбонликлар бераётганини кўрсатиш учун турли-туман сўз ва ибораларни ўйлаб топади ёки бошқалардан ўзлаштириб олади. Айтаётган гапига чиндан ишонаётган одам, ҳамонки унинг ҳаракатларидан жамият у даъво қилаётганчалик наф кўрмаётган экан, далилларни тўғри баҳолай олмаётганини тахмин қилиши лозим. Бу ҳолатда киши аслидагидан ҳам кўра кўпроқ ақлсиз бўлиб кўринади. Қизиғи шундаки, унинг иррационал жиҳати англанган, рационал жиҳати эса англанмагандир. Айни шу нарса инглиз ва америкаликларни омадли одамларга айлантирган.

Чинакам зийраклик табиатимизнинг англанган эмас, англанмаган тарафига тааллуқлидир. Бу, менимча, бизнесда муваффақият келтирувчи зарур фазилат. Ахлоқий нуқтаи назардан эса, у худбинлик билан боғлангани учун мақтагулик эмас. Шунга қарамай, у одамларни жуда оғир жиноятлардан тияди. Агар бу хусусият олмонларда бўлганда эди, улар сувости кемаларидаги жангларга асосий эътиборни қаратмас, агарда французларда бўлганида Рурдагига ўхшаш қилмишларини қилишмас, агарда Наполеонда бўлганида Амьен шартномасидан сўнг урушни қайта бошламасди. Баъзи бир истиснолар билан шундай умумий қоидани баён қилса бўлади: қачонки одам ўз манфаати нимада экани борасида хато қилса ва хатоларини тан олмай уни маъқул деб ҳисобласа, бу ўзгалар учун янада  зарарлироқдир. Бинобарин, инсон ўз манфаатлари нимада эканини билиши фақат яхшиликка хизмат қилади. Ўз манфаатига терс эканига ишонса ҳам, ахлоқий асосларга кўра бирор ишга қўл уриб бахтли ҳаётга эришган инсонлар оз эмас. Масалан, аввалги квакерлар орасида бошқаларга ўхшаб харидор билан  савдолашиш ўрнига, ўз товарлари учун у бера оладиганидан ортиқ ҳақ талаб қилмасдан сотиб юборадиган кўплаб савдогарлар бор эди. Улар фойда олиш учун керагидан ортиқ сўрашни алдов деб билишарди. Харидорларга қулай бўлганидан ҳамма уларнинг дўконига борарди, улар эса борган сари бойиб кетди. (Ҳозир буни қаерда ўқиганимни аниқ эслолмайман, лекин ишонарли манбадан эканига аминман.) Ҳар ким ўз заковатига таяниб шу йўлни тутиши мумкин эди, бироқ амалда ҳеч ким бу қадар закий эмасди. Онг остимиз ўзимиз ўйлаганимиздан кўра бизга кўп зарар келтиради. Шунинг учунми, ахлоқий талаблардан келиб чиқиб, ўзига зарар бўлишига ишонса ҳам танлаган йўлидан қайтмайдиганлар аслида ўз манфаатларига ҳизмат қилаётган бўлиб чиқади. Бошқа бир тоифа одамлар онгли ва рационал фикрлашга, имкон қадар эҳтирослар оловини ўчиришга уринадиганлардир. Яна бошқа бир тоифа инстинктив тарзда заковатлилардир. Яна бири ўзгаларни хароб қилиб, сўнгида ўзлари ҳам хонавайрон бўладиган, ёвуз ниятлари заковатларига халал берадиганлардир. Бу охирги синф Европа аҳолисининг 90 фоизини ташкил этади.

Мавзудан бироз четга чиққандек туюлишим мумкин. Бироқ закийлик дея аталмиш англанмаган ақлни (англанмаган тарзда воқе бўлувчи – тарж.) унинг англанган турларидан фарқлаб олишимиз лозим. Ўқитишнинг анъанавий методлари англанмаганликка амалда деярли таъсир этмайди. Яъни закийликни ҳозирги мавжуд таълим усуллари орқали шакллантириб бўлмайди. Ахлоқни ҳам, унинг одатлардан  ташкил топган қисмини ҳисобга олмасак, мавжуд усулларда ўқитиб бўлмайди. Доимий насиҳат ва ундовлар инсон феълида ижобий асар қолдирганини кузатмаганман. Шунинг учун мазкур соҳалардаги ижобий ўзгариш фақатгина интеллектуал воситалар орқалигина амалга ошиши мумкин. Инсонни қандай қилиб фазилатли ва заковатли қилиб тарбиялашни билмаймиз, бироқ уни қандай рационал, ақлга мувофиқ иш юритувчи инсон қилиб тарбиялашни бир қадар биламиз. Таълимга муносабатни ўзгартириш зарур. Балки келажакда инсон танасидаги турли гармонларнинг нисбатини манипуляция қилиш орқали инсонларда зарур фазилатларни рўёбга чиқара  олармиз. Лекин ҳозир ахлоқий фазилатни тарбиялашдан кўра рационалликни, яъни ўз қилмишимизнинг оқибатини аввалдан кўра билиш малакасини камол топтириш қулайроқ.

б) Юқоридаги мулоҳазалардан қуйидагича савол туғилади: инсон хатти-ҳаракати қанчалик ақлга мувофиқ бўла олади ёки бўлиши керак? Келинг, “бўлиши керак”ни аввал муҳокама қилайлик. Менимча, рационалликда муайян чегара бўлиши лозим. Ҳаётимизнинг баъзи жиҳатлари керагидан ортиқ рационаллик таъсирида зарар кўради. Лейбниц қариган чоғида ёзган бир мактубида ҳаётида атиги бир марта – ёши элликка борганда бир аёлнинг қўлини сўраганини айтади. “Бахтимга, ўша аёл ўйлаб кўриш учун муҳлат сўради. Бу орада мен ҳам ўз таклифимни яна бир бор мулоҳаза қилиб кўришим мумкин эди. Оқибатда фикримдан қайтдим”, дейди у. Унинг бу мулоҳазакорлиги рационал эканига шубҳа йўқ. Бироқ мен унинг қилмишини ёқламайман.

Шекспир яхлит тасаввур пайдо қилиш учун “лунатик, ошиқ ва шоир”ни ёнма-ён эслайди. Муаммо шоир ва ошиқни лунатикдан ажратиб, алоҳида сақлаб қола олишимизда. 1919 йили “Олд Вик” театрида “Троялик аёл” спектаклини томоша қилдим. Унда Астианактнинг юнонлар томонидан келажакда иккинчи бир Ҳектор бўлиб етишмаслиги учун жуда таъсирли ўлдирилиш саҳнаси бор. Томошабинлар орасида кўзидан ёш чиқмаган одам қолмади. Айни пайтда аудитория юнонларнинг ҳаддан зиёд шавқатсизлигини ишонарсиз деб топди. Театрда кўзёш тўккан ўша одамлар Еврипиднинг хаёлига ҳам келмаган  шавқатсизликларга қўл уришди. Улар урушдан сўнг Германияни ва Россияни блокада қилган ҳукуматга овоз беришди. Бу блокадалар сон-саноқсиз болаларнинг ўлимига сабаб бўлди. Бироқ душман давлатлар аҳолисини камайтириш мақбул иш деб кўрилди. Астианактга ўхшаган болакайлар бир кун келиб оталарига тақлид қилишлари, ҳатто улардан ўзиб кетишлари мумкин эди-да. Шоир Еврипид аудитория қалбида муҳаббатни уйғотди, аммо одамлар театр дарвозасидан ташқари чиқиши билан ошиқ ва шоир унутилди, (қотил маниак қиёфасидаги) лунатик ахлоқий фазилат ва эзгулик ҳақида ўй сурган бу эркаку аёлларнинг сиёсий истакларини назорат қила бошлади.

Лунатикни йўқ қилиб шоир ва ошиқни сақлаб қолиш мумкинми? Бу уч хусусият ҳар биримизда турлича даражада бор. Ёки улар бир-бирига шу қадар мустаҳкам боғланганки, ажратиш имконсизми? Мен бундай деб ўйламайман. Ҳар биримизда санъатда, эҳтиросли муҳаббатда ёки эҳтиросли нафратда ўзини намоён қиладиган муайян энергия мавжуд. Обрў-эътибор, давомийлик ва изчиллик – замонавий саноатлашган жамиятнинг темир интизоми ҳур ва яратувчан бўлмаслиги, турғун ва сирли қолиши учун артистик импульсларни ўлдириб, муҳаббатни турмага тиқди. Озод бўлиши керак ҳар соҳа назоратга олинди, ҳасад, шафқатсизлик ва нафрат епископларнинг узун ўриндиқларида ҳам ястаниб ётибди. Бизнинг инстинктив қурилмамиз икки қисмдан иборат: бири, яшашга ва авлод қолдиришга, иккинчиси, душманларимизни йўқ қилишга йўналган. Биринчиси ҳаётдан завқ олиш, севги ва унинг бир бутоғи бўлмиш санъатга, иккинчиси эса рақобат, патриотизм ва урушга ундайди. Анъанавий ахлоқ биринчисини жиловлаб, иккинчисини рағбатлантириш билан овора. Чинакам ахлоқ эса бунинг акси бўлмоғи лозим. Севганларимиз билан муносабатларимиз инстинктларимиз ихтиёрида, нафратланадиганларимиз билан муносабатларимиз эса ақлимиз назоратида қолгани маъқул. Замонавий дунёда биз жуда нафратланадиганлар асосан хорижликлардир. Улар ҳақидаги тасаввурларимиз мавҳумдир. Ўз нафратимизни эса адолат ва яна қандайдир юксак қадриятлар йўлидаги кураш дея хаспўшлаймиз, ўз-ўзимизни алдаймиз. Ҳақиқатни кўзимиздан яшириб ётган пардаларни йиртиб ташлаш учун эса фақат скептиклик ёрдам беради. Шундагина ўзга инсонлар йўлимиздаги тўсиқ эмаслигини тушуниш, тўлақонли ҳаётга интилиш асосига қурилган, нафрат ва кераксиз чекловлардан холи янгича ахлоқни ярата олишимиз мумкин. Шундагина ҳасад деган хасталикдан фориғланамиз. Бу утопия эмас. Елизабета даврида унга қисман эришилган. Агар одамлар ўзгаларнинг оёғидан чалишдан кўра ўзининг бахти ҳақида кўпроқ ўйласа, бу эртагаёқ амалга ошади. Бу ахлоқ ҳаддан зиёд оғир ахлоқ эмас, бунга эриша олсак, курраи заминимиз жаннатга айланади.

 

Инглиз тилидан
Хуршид ЙЎЛДОШЕВ таржимаси

[1] Муаллифнинг Хитой ҳақидаги фикрлари кейинчалик ўзгарган. – Тарж.

 

Манба: https://khyuldoshev.wordpress.com

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn