“Бизларни … тушунишмайди…”

Бойсунқур

Бугун мутаффаккир шоир Рауф Парфининг туғилган куни. “Бир шоир ҳақида мақола ёзиш, унинг туғилган кунига эътибор бериш шартмикан, ўзи шундоқ ҳам бутун Ўзбекистонни шоир босиб кетган. Одам шоирлардан безиб кетди”, дерсиз. Ҳақ гап. Ўзбекистонда шеър ёзадиганлар кўпчиликни ташкил этади, қизиқ ҳолат. Таҳлил қилишга арзигулик мавзу. Нега Ўзбекистонда ушбу сўзбозлик санъатига қаттиқ қизиқишади?

1850 йилларда Фарғона водийсига сафар қилган академик Миддендорф ёзади:” Сартлар онггида эзгуликка рағбат сезилиб туради, шунингдек, уларнинг қалбида латиф поэтик нафосатни илғаб олиш мумкин. Мен уларда ҳам катта бир иллатлатлар йўқ демоқчи эмасман. Аммо бу камчиликлар уларнинг яхши сифатлари олдида кўринмай кетади.”

Миддендорф яна ёзади: ”Сартлар гулларга жуда меҳр қўйишган, бу ҳолат уларнинг феълидаги юмшоқликни, латифликни келтириб чиқаргандай. Атиргул, чўл ёввойи лоласини эъзозлашади. Сартнинг ҳовлисини ҳар хил турдаги гуллар безаб туради. Энг ўқимишсиз сартнинг ҳовлиси ҳам гул билан безанган туради, сўзлаганда эса хаёлий-поэтик ибораларни ҳаяжон билан қўллайди. Улардаги латифлик ҳайвонлар билан муносабатда ҳам сезилиб туради. Қушлар уларнинг дилини яйратади. Қалдирғочлар лой ташиб айвони бурчагига уя қуришади, уй жиҳозларини лой қилади, сартларнинг эса жаҳли чиқмай, аксинча дили қувнайди. Каптар сартни эгаси деб билади, эриниб –суриниб ҳовлиси атрофида учади. Қанотлилар сартнинг атрофида қўрқмасдан учиб юради. Булбулнинг консертини тинглаб ҳайрон қоласиз. Бу манзараларни кўриб одамнинг кўнгли чоғ бўлади.”

Шунингдек, Миддендорф “Айтганча, Европада бундай ҳолат, манзарага кўзингиз тушмайди”, деб ўкинади.
Миддендорф Ўзбекистонга саёҳат қилганидан буёғига 165 йилча вақт ўтди, у тасвирлаган манзаралар қисман ўзгармаган, аслида. Аммо? Аммо Рауф Парфи ижодини ўқир эканмиз аянчли манзараларга ҳам кўзимиз тушади. Бу унинг нигилизми деб айтишингиз мумкин. Йўқ. Рауф Парфида нигилилизм йўқ, аксинча, совет давридаги ва ҳозирги адабиётда бу қусур яққол кўзга ташланади.

Нигилизм адабиёти дунёни бир ўлчамли кўради. У ҳамма нарсани-аввало моҳиятни ташқаридан қидиради. Бу адабиёт яшаб қолиш учун, қорин ғамида, доим ўз хатти-ҳаракатини оқлайди ва унинг фикри-ўйи ўзини оқлашдан иборат бўлади. У адабиёт ўзича қандайдир йўқ нарсалардан чиройли бино қурмоқчи бўлади. Негадир реалликка қарагиси келмайди, воқелик билан ҳисоблашгиси келмайди. Бу адабиётни кимдир қачондир қаттиқ хафа қилгану у шундан қаттиқ лат егандай. Руҳи сўнган. Жумладан, бу адабиёт жамиятнинг характерини ҳам белгилаб беради.

Бу адабиёт ёки жамият дунёларни бўлиб, қирқиб ташлайди ва маънавий дунёни эртага, ўлгандан кейин келади деб ўзини ишонтиради. Бу адабиёт мафкураси миллий дунёқарашни саёзлаштириб юборган. Аммо бу адабиёт ўзбек жамиятда асрлаб ўтказилмаган ислоҳотларнинг инъикоси ҳам. Шундан Ўзбек жамияти ботинига қарашдан қўрқади, у билан муомала қилишдан қўрқади. Муомалани эртага қолдиради: фақат жисмонан ўлгандан кейин, дейди.

Ўзбекларнинг шеърга мойиллигининг яна бир сабаби бор. Жамиятда фикр тараққиёти ва унинг моддийлашуви-зуҳурга келиши учун конструксиялар яратилмаган. Қадимда, бундан 10 аср олдин,масалан, Форобий, Сино, Беруний феноменлари юзага чиққан эди. Бу позитив конструксиянинг маҳсули эди, албатта. Сўнгра, Улуғбек даврини эсланг. Улуғбек шундай конструксия яратаётган эди. Аммо яна ўша нигилистлар бу тархни бузиб ташлашди. Уларнинг фалсафаси жуда оддий ва жўн: “одам жисмоний ўлганидан кейин реалликка етишади фақат”, деб аслида реалликни ботин кўзи- фикр тараққиёти билан кўришни инкор этишади. Одамнинг потенсиали юзага чиқишига тўсқинлик қилишади. Ўзбек жамиятининг охир- оқибатда тўю ҳашамга ўчлиги шунинг натижада келиб чиққан, аслида. Жумладан, ўзбекларнинг шеър ёзишга муккасидан кетиши ҳам жамиятда илм-фан тараққиётига ҳам моддий ҳам маънавий тўсқинлик қилишнинг натижаси ўлароқ юзага чиқти.

Ўзингиз ўйлаб кўринг, камида 11 асрдан бери ўзбек жамиятида бирор бир фундаментал асар ёзилмаган. (Форобий, Ибн Сино, Беруний асарлари кўзда тутилмоқда) Орада мутаффаккир Нақшбандийнинг метафизик қарашларини шогирди Муҳаммад Порсо китоб қилган. Эътибор беринг, мисол келтирилган ушбу мутаффакирларнинг фикрлари жамиятда доим ҳам воқеликка айланмаган. Ривожлантирилмаган, фанда изчиллик бўлмаган. Доим нимадир ҳалақит қилган: замонавий тил билан айтганда, “аввал иқтисод кейин сиёсат”, реалликни кўришга, у билан муомала қилишга ҳалақит қилади.

Ўзбек шеърияти одам ичидаги потенсиалнинг ҳар хил шаклда юзага чиқмаганидан “гуллаб яшнаяпти” албатта. Миддендорф тасвирлаган гўзал қалб эгалари фақат шеър ёзибгина маънавий чанқоқлигини қондиради. Чунки қоғоз ва қалам бўлса бас. Масалан, астрофизик бўлиш учун эҳ-ҳе қанча ҳаражат талаб этилади?! Жамиятда эса фикр тараққиёти ва унинг моддийликка айланиши учун конструксиялар тузилмайди(тузилса бузиб ташланаверади)-изчил ислоҳотлар ўтказилмайди. Ҳатто бу ҳақдаги тушунчалар жамият ҳаётида акс этмаяпти ҳам. Бечора Ўзбек эса ночорликдан шеър ёзиб, ўз-ўзини алдаб умрини ўтказиб юборади.

Рауф Парфи реалликни тасвирлаганда тушкун кайфиятга берилади, албатта, жаҳолатни кўриб тургандай кейин. Бу куюнчанликдан, ҳам ботин кўзининг очиқлигидан. Аниқроқ айтганда, Яссавий, Камол Хўжандий, Навоий, Машраб, Фитрат ва Чўлпон илгари сурган консепсияни Р.Парфи давом эттиради. У бошқа кишилар кўрмаган воқеликни кўриб туради. Аввал ўзини маломат қилишдан бошлайди. Маломат мутаффакирларнинг учинчи кўзини очадиган, хира тортса равшан қиладиган латиф техно ҳисобланади, албатта. Рауф Парфи фикр тараққиётида узоққа кетиб қолади. Гўё устозларидан айрим жиҳатларда ўзгандай бўлади: “Чексизликнинг чекларига етармен”, деб ёзади.

Чунончи Рауф Парфни бундай деб ёзади: ” Менинг учта пирим бор: Яссавий –пирим, Навоий-пирим, Тҳакур –пирим.”
Айтишларича, Рауф Парфи 2004 йилнинг август ойидан умрининг сўнггигача, яъни 2005 йил 26 мартигача уйидан ташқарига чиқмаган, ўлгиси келган экан. Айтишларича, Рауф Парфи кўзига ҳамма ўз қалбини гўштдай еб ётган ҳайвондай кўрина бошлаган экан. У буни кўтара олмаган, шекилли.

Рауф Парфи шеърияти устозлари каби коинот билан одам уйғунликда яшашни тарғиб этади. Жуда қизиқ ҳолат, Фитрат, Чўлпон, Парфи ижодлари матбуотда, тв.да негадир тарғиб қилинмайди. Улар коинот билан узвий боғлиқни тарғиб қилишади. Улар ўзбек жамиятини деградасиядан -залолатдан чиқишга ундайди-ку. Қизиқ ҳолат, гўё жамият фикрнинг ибтидоий нуқтасига тушиб қолгандай. Ўзбек жамиятида фақат кам сонли шахслар автоним тарзда реалликнинг юксаклигига чиқишади. Жамиятда бу ғоялар ҳодисага-воқеликка айланмайди.

Гуманист Рауф Парфи ижоди билан танишганда юқорида айтилган фикрларнинг бадиий талқинига кўзимиз тушади, албатта.
Айтишларича, Рауф Парфи умри сўнггида айтган экан: ” Бизларни ҳеч бир ўзбек адабиётшуноси тушунмайди, англамайди.”
Рауф Парфини Аллоҳ раҳмат қилсин! Унинг эзгу фикрлари жамиятда ҳодисага айлансин ва тараққий топсин.

BBC

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn