Суҳайлий лирикаси

СУҲАЙЛИЙ – (Қоражон Қодиров) 80 ёшда!

Адабиёт, айниқса, шеърият ижодкорни илоҳий дунё билан боғлаб туради. Шоир шеър ёзаётганда руҳи покланади, қалби тозаради, жисми эса қушдек енгил бўлиб қолади. Майда туйғулар асирига айланган бадбин одамлардан юқорига кўтарилади. Мен айтаманки: ”Асло шеър ёзаётган одамга халақит берманг, у ибодат қилаётган бўлади”.
Бугун саксон ёшлик тўйларини нишонлаётган шоир Суҳайлий шеъру ғазалларини ўқиган одам ибодат ҳиссини туяди. Домла Қуръони каримни шеърий йўлда ўзбекчага юксак маҳорат билан таржима қилган эдилар. Бу каби катта истеъдод, оғир меҳнат,  илм ва тафаккур  талаб этадиган ижодий ишга ҳамма ҳам журъат эта олмаса керак.

Суҳайлий домла доимо ижод билан банд. У кишидан ҳали кўплаб янги асарлар, таржималар кутишга ҳақлимиз.

Қуйида Суҳайлий домла ижодларидан айрим намуналарни эълон қилмоқдамиз.

Юсуф Расул

xxxx

НАСЛИНГ ЎЗБЕГИМ

Меҳнаткаш элимсан, мардона, жасур,
Пок ва ҳалолликда оламга машҳур.
Меҳнатинг гаштидан қиласан ҳузур,
Саховат пешадир аслинг, Ўзбегим,
Шакларнинг авлоди наслинг, Ўзбегим!

Кўҳна тарих гувоҳ ғам-ташвишингга,
Бугун муяссарсан ўз хоҳишингга.
Олам аҳли қойил қилган ишингга,
Саҳийлик, тантилик аслинг Ўзбегим,
Массагет авлоди наслинг, Ўзбегим!

Ўзинг ҳон, ўзинг бек, мулки Туронсан,
Неча бор қўзғолган довул, бўронсан!
Маърифат маскани, илму урфонсан,
Оламда танҳодир аслинг, Ўзбегим,
Тўмарис, Широқлар наслинг,Ўзбегим!

Бахтинг кулиб боқди, гўё туш бўлди,
Омадинг келди-ю, Ҳумой қуш бўлди!
Элинг яшамоқда, кўнгли ҳуш бўлди,
Юзлар уруғидир аслинг, Ўзбегим,
Алпомиш авлоди наслинг, Ўзбегим!

Белингга чулғониб дарёлар оқар,
Ҳуснингни кўрганлар суқланиб боқар.
Баркамол авлодлар машъала ёқар,
Буюклар буюги аслинг, Ўзбегим,
Темурнинг авлоди наслинг, Ўзбегим!

Ўзлигинг танидинг, келди ҳур замон,
Дўстлар қудратингга тан берур, ҳайрон!
Ғанимлар қалбини айладинг вайрон,
Кўҳна Туронимдир аслинг, Ўзбегим,
Истиқлол авлоди наслинг, Ўзбегим!

Илму фан ривожи чиқди фалакка,
Фарзандларинг ўхшар Алп, малакка.
Жаҳон майдонида эмассан якка,
Навоий, Бобурдир аслинг, Ўзбегим,
Буюк даҳолардан наслинг, Ўзбегим!

Мовий осмонингда ҳилпирар байроқ,
Бағрингда авлодлар ўсади қувноқ.
Уларнинг қўлида машъала – маёқ,
Неча минг тарихдир аслинг, Ўзбегим,
Ислом авлодидир наслинг, Ўзбегим!

Неча давонлардан ўтдинг соғ -омон,
Омадинг чопди-ку, келди ҳур замон!
Суҳайлий сенга мард ва жасур ўғлон,
Мардларнинг мардидир аслинг, Ўзбегим,
Мустақил эл бўлди наслинг, Ўзбегим!

хххх

ҲУРУ МАЛАККА

Оҳу фиғоним чиқиб
кетар гоҳо фалакка,
Арзу, додим айтмоқчи
эдим ҳуру, малакка!

Саҳро, биёбонларда
Мажнун сифат сайр этсам,
Дардкашим, дилкашим йўқ,
ўзим қолибман якка.

Боғу, бўстонлар аро
сайр этиб юролмасман,
Киши билмас пана жой
мен учун макон, пакка.

Дарвешона ҳаётнинг
мен учун кераги йўқ ,
Иштиёқим бор, ахир
сенла сайр айламоққа.

Қалбимда ишқ мухаббат,
севги ҳам бисёр эрур,
Сенга ҳар дам шай эдим
бир ширин сўз демакка.

Шеъру, ғазаллар ўқиб
берсам ўзингга танҳо,
Рухсат берсанг хиргойи
қилиб, куй куйламакка.

Бу Суҳайлий кўйингда
саргашта, сарсон бўлди,
Санам, мурувват айла
унга кўмак бермакка.

xxxx

ВАСЛИНГА БЎЛСАМ МУЯССАР

Васлинга бўлсам муяссар,
бахтиёр бўлгай эдим,
Кўрсатиб меҳру, вафони,
мангу ёр бўлгай эдим.

Турфа гуллар дасталаб,
армуғон айлаб сенга,
Тиз чўкиб олдингда гоҳи,
пойидор бўлгай эдим.

Чун малаксиймо ўзинг
ҳам парилар сарвари,
Шоду, миннатдорлигимдан
хокисор бўлгай эдим.

Эй санам, сен фурсатингни
тутмагил асло дариғ,
Гар дариғ тутсанг мабода,
хору, зор бўлгай эдим.

Айлагил лутфу, карам,
меҳрибонимсан ўзинг,
Жон нисор айлаб йўлингда,
умидвор бўлгай эдим.

Иззату, ҳурмат билан
меҳру, мурувват айласанг.
Тахт уза султон янглиғ
тождор бўлгай эдим.

Сен ёнимда бирга бўлсанг,
мақсуд бўлурким ҳосила,
Энг узоқ манзил аро ҳам
шаҳсувор бўлгай эдим.

Бу Суҳайлий бахтиёрдир
дунеда сен бор учун,
Гар вафо қилсанг ғарибга,
улуғвор бўлгай эдим.

xxxx

Ўзбекистоним!

Сени озод кўрмоққа
миллат зор эди,
Фитрат, Чўлпон, Носирлар
интизор эди.
Сенда яшаб улғаймоқ
ифтихор эди,
Боғларингда тўрт фасл
навбаҳор эди,
Хазонсиз боғ, яшнаган
кенг гулистоним,
Гулла, яшна, камол топ,
Ўзбекистоним!

Авлодларинг бахтиёр,
жаҳон кезади,
Истибдоднинг занжирин,
қулфин бузади.
Ақл, идрок, илм-ла
иш юргизади,
Истиқболингни ўйлаб,
режа тузади,
Мустақил ва мустаҳкам
уй – ошиёним,
Гулла, яшна, камол топ,
Ўзбекистоним!

Қуёш порлаб нур сочди,
бўлди Истиқлол,
Дунё қойил ишингга,
кўрган бўлар лол.
Чунон омадинг келди,
кулди бахт – иқбол,
Беминнатдир бойлигинг,
топганинг ҳалол,
Фахрланур Суҳайлий,
боғим – бўстоним,
Гулла, яшна, камол топ,
Ўзбекистоним!

СУҲАЙЛИЙ.
(Қоражон ҚОДИРОВ)
Андижон.

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn