БИЗ НЕГА ШУНДАЙ?

Маҳмуд Йўлдошев

Инсон табиати, айниқса унинг тийнатига айланувчи бир хусусияти жуда ранг-баранг. Биз ўйлагандан минглаб рангинлиги билан ажралиб туради. У ўзини тинмай такомиллаб боришга қодир бўлгани билан, унинг табиатида инсон руҳининг энг оддий ва энг салбий хусусияти, ялқовлик ҳам узвий таркибидан жой олган. Айнан мана шу ялқовлик, кундалик кўникмалар доирасидан чиқа олмай қолиш, ҳар бир инсон учун ижтимоий ўлим билан баробар кучга айланиб қолиши мумкин. Ялқовлик чангалига тушган ҳар бир шахс тўрга тушган балиқдай ҳаёт гирдобида талпина – талпина ўзи тушган аҳволни ва унинг тўлиқ даҳшатини идрок қилмасдан, биринчи ўринда ижтимоий оламдан кейинчалик биологик жиҳатдан жон бериши турган гап.

Аммо инсон учун дунё, жамият шунинг учун ҳам гўзалки, унинг аъзоларидан бири ухлагани, яна бири ижтимоий ўлим жари ёқасига келиб қолгани билан бошқалари олдинга интилишдан тўхтамайди, жаҳон ва алоҳида бир жамият тараққиёти тинмай илгари кетаверади. Биров қилични ихтиро қилса иккинчиси ундан фойдаланади. Фақат мана бу илгарилаб кетиш мусобақасида орқада қолиб кетганингни сезсанг ёки бошқалар сенга “эээ у (улар) орқада қолиб кетган, у (улар) билан гаплашиб вақтингни йўқотиб ўтирма”, деган пайтлари ўзингни қандай сезишинг, ўз миллатинг ва давлатинг вакили сифатида бу масалаларга муносабатинг билан уларга боғлиқлигинг кўринади.
Бир вақтлар одамлар орасида китоб ўқийдиганлар кам бўлган ва китоб ўқишни билган кишилар бошқаларга китоб ўқиб берган, керакли жойларини ўз дунёқараши ва билими доирасида изоҳлашган, қарабсизки, айнан ўша одамларнинг баъзилари бошқаларнинг, яъни кўпчиликнинг китоб ўқиши, уларнинг ҳам билимдон бўлишига тиш тирноғи билан қарши бўлишган. Негаки, ҳамма китоб ўқийверса, ҳозир ҳам баъзи бировлар тилидан эшитилиб турадиган, оддий қилиб айтганда, молни ким боқади, дейишган. Ваҳоланки, бу ўринда ўша шахснинг ўзини бошқалардан устун сезиши, жамиятдаги ўз мавқеини бошқаларга бермаслик ҳисси ушбу шахсда устунлиги кўринади. Қолганларда эса юқорида айтилган ялқовлик, ривожлангандан ривожланаверади. Мен ҳам ўрганиб олсам бўладику, деган фикрдан нарироқ юрувчилар кўплик қилади.
Бу ҳолатни жуда кўп йўналишлардан мисоллар олиб кўрсатса бўлади. Сиёсатда диктаторларнинг умрбод тахтдан ажралиб қолмаслик учун қилган ҳаракатлари, жамиятда оддий оқсоқолнинг ўз мавқеини тобора кучайтиришга ҳаракати, табиатда куч ва имкониятни қўлдан бермасликка бўлган ҳаракатлар доимо тасдиқлаб туради.
Шу билан бирга бу ҳолатни фақат онг, инсон онги адолат доирасига кирита олишини унутмаслик керак. изловчан онг доимо жамиятда адолатли қонунлар ишлаб чиқиш ва ўша қонунлар доирасида яшашга интилган ва асли тараққиётнинг ҳаммаси мана шундан бошланган. Ҳозир, жаҳонда тараққий қилган мамлакатларда айнан мана шу ақида, қонун ҳар қандай, ҳатто маданий ёки маърифий, айниқса шахсий, деб тан олинган нормалардан ҳам устунлигини тан олиш уларнинг илғорлигини таъминлаб келмоқда.
Ахир, бир пайтлари радио чиққанда, бу ўринда араб мамлакатларининг бирида радио тўлқинларини 1937 йилдагина эфирга узатишга ижозат беришган, уни охирзамоннинг белгиси, ҳалажингир, деб тушунтирганларини қариялар эсласа керак, телевизорку охирзамонни салкам бошлаб берган эди. Бугунги кундаги замонавий телефонлар ва интернетни энг зарарли, деб таърифлайдиган жоҳилларни дунёнинг қайси давлатидан излашни кўпчилик билса керак. Аммо, баъзан мана шундай кишилар ёнингдан чиқиб қолганда лол қотасан ва ҳайратдан бирор гап айтишга сўз тополмайсан. Чунки унда гўёки бизнинг маънавиятимизга тўғри келмайдиган яланғоч расмлар чиқиб қолиши ва бошқа сабаблар рўкач қилинади. Бир томондан бу гапларда бироз ҳақиқат ҳам борга ўхшайди. Ахир ҳозирги пайтда келининг, қизинг билан бирга овқатланиб ўтирганингда “тампокс”ни тарғиб қилиб қолишлар учраб туради. Бу техниканинг, айнан алоҳида олганда мана шу телевизорнинг, аслини олганда уни бошқараётганларнинг, унда ишлаётганларнинг камчилиги холос.
Бугунги кунда яхшиямки “ўша кўпчилик” воқеа ва ҳодисаларнинг шиддат билан тез ўзгариб кетаётганидан бу янгиликларни жиддий танқид қилиб ҳам ўзлари улгура олишмаяпти. Ахир улар ҳали қўл телефонларнинг биринчи вакиллари доирасида фикр юритиб болаларга салбий таъсир қилади, уларнинг миясини нурлантиради дейишдан нари ўтолгани йўқ. Уларнинг кўпчилиги қўл телефонларининг охирги вакиллари имкониятларини, уларни санаб ўтишнинг ўзи бир неча саҳифани банд қилишини, улардан фойдаланишни ҳатто ўзлари билишмайди.
Улар бир пайтлари радиони кўп танқид қилгани билан кейинчалик поездни, автомашинани, телевизор ва бошқа янгиликларни жиддий танқид қилиб улгуришмай қолишди. Бугунги кунда уларнинг телевизорни, қўлтелефонни, компютерни, интернетни танқид қилиши катта йўлдан 200-300 километр тезликда шиддат билан ўтиб кетган автомобилнинг орқасидан эшак миниб қувишдан бошқа ҳолатни эслатмайди.
Бу йўналишда (ёшгина журналистлар ёзган) баъзан матбуотимизда чиқаётган мақолаларни жилмайиб, ҳатто кулиб ўқишдан бошқа илож йўқ. Уларни ўқиб муаллифлари юқорида келтирилган, бир вақтлари бошқаларга китоб ўқиб берган чаласаводларни эслатади, деб қўясан киши ва уларнинг дунё янгиликларига бунчалик қарши туришларини, бошқаларга ўзлари ҳали тўлиқ тушуниб етмаган нарсалар ҳақида ақл ўргатмоқчи бўлганларини кўриб инсоннинг ялқовлиги ва нодонлиги чегара билмас шах хусусияти, катта куч эканлигига амин бўласан.
Яқинда бир мақолада яхшигина таниш журналист, “Мен бекатда автобус кутиб турган эдим, икки қиз ҳам шу ерда суҳбатлашиб турарди, кейинчалик улар қўлтелефонларида бировлар билан суҳбатлашдида ёнларида турган янги машинага шартта миниб жўнаб қолишди, бизнинг қизларга ўзларини бундай тутишлар ярашмайди, қани миллий менталитетимиз, ҳаё, ибо қаерда қолаяпти”, деб оғиз кўпиртиради.
Оғайни, сизда машина бўлмаса бошқалар ҳам машина минмасинми, ўйлаб гапиринг ахир, ёки автомобил заводимизни, қизларимиз ҳам машина миниб кетаяпти, деб тўхтатайликми?!
Юқорида айтиб ўтилган, яъни, араб мамлакатларининг бирида радиога нисбатан бўлган муносабат яхшиямки бизда баъзи сабабларга кўра юзага келмади. Радио, телеграф ва бошқа техник янгиликлардан ўз вақтида, аслини олганда жаҳон тараққиётидан анча кечикиб кечикиб фойдаланиб келдик.
Аммо биз негадир бугунги кунда мана шундай воқеа ва ҳодисаларни охирги пайтларда кўпинча салкам такрорлаш олдида турамиз баъзан. Бўлмаса нима сабабдан ҳалигача ручкада қитирлатиб “ижод” қилаётган мухбирларимиз, ўзларининг ўтмишдаги “китобхон” боболарига ўхшаб компютернинг зарари ҳақида мақола беришади. Қуруқсўзли бўлмасдан бунга бир мисол келтирайлик.
Республикамизда номи таниш, турли совринлар соҳиби бўлган бир журналистга, бир йил бўлди у пенсияга чиқди, ака сиз нима учун компютерда ёзмайсиз, интернетдан фойдаланмайсиз, деганимда у “Улар менга керак эмас”, ручкада ҳам яхши ёзаяпманку, мукофотлар олаяпман, интернетдаги янгиликлар, ундан фойдаланишни ҳам билмайман, бизга тўғри келмайди, деб жавоб берган эди.
Бу жоҳилликми ёки нодонликми. Балким, мана шундай “жоҳил эмас” журналистга “содиқлигигина” учун совринлар берган жамиятимиз, жамиятимизни бошқараётган ўзини энг улуғ “китобхон” санаётган баъзилар миллий тийнатимизни билмайдиган, ўтмишда ким бўлганимиздан фақат фахрланувчига айланган, аммо уларга содиқ ворис бўлишни билмайдиган нодонлармикан, деб ўйланиб қоласан киши. Бунга ҳали ҳамон оддий бир этнопсихолог сифатида ҳам жавоб топа олганим йўқ. Аммо психолог, инсон руҳига алоқадор фан мутахассиси сифатида айтишим мумкин, бу шахснинг, шундай шахслар йиғмаси бўлган жамиятнинг ўз кўникмалари доирасида қотиб қолиши, тараққиётга интилмаслик, яъни ялқовлик дардига мубтало бўлганлиги, кейинчалик эса бу албатта ушбу оддий шахсни ва ҳатто бутун жамиятни ижтимоий ўлимга олиб келадиган жиддий омил ва далилдир. Бундай ялқовлик дардида бўлган шахсларнинг “ижтимоий ўлимини” ҳаётда ҳар куни кўриб кўпинча эътибор бермаймиз. Тарихда эса бундай жамиятларнинг инқирози, давлатларнинг йўқ бўлиб кетганлиги ҳақидаги маълумотлар жуда кўп.
Фарзандига қўл телефон олиб беришнику хаёлига келтирмаган, ҳатто ўзининг чўнтагида дурустроқ қўлтелефони бўлмаган кишилар қўлтелефоннинг зарари ҳақида ҳурматли газеталар саҳифасида мақола беришади. Болаларга қўлтелефоннинг зарари ҳақида оғиз кўпиртирамизу, аммо тўйлардаги карнайлардан чиқаётган юқори герцдаги овознинг инсон соғлиги учун жиддий зарари ҳақида, катталарга мумкину ёшларга мумкин эмас, деган тушунчада лом мим демаймиз, мунофиқлик қиламиз. Ҳозирги кунда тараққий қилган давлатлар ёшларининг 80-90 фоизининг қўлида қўлтелефон борлигини унутамиз, аниқроғи билишни хоҳламаймиз.
Тўғри, бу давлатлар ёшлари ҳам ўз ўрнида бу телефонларнинг нафақат ижобий ҳолатини, унинг салбий томонлари борлигини ҳам кўришди. Аммо, улардан фойдаланишда биринчи ўринда таъқиқ эмас, тарбия устун туришини ҳаётий тажриба сифатида босиб ўтишди.
Асрлар давомида халқимизнинг зиёлилари томонидан жиддий танқид қилиб келинаётган юзлаб, ҳатто минглаб одамларга бир неча кунлаб ош бериш ва дабдабали тўйлар қилишдан ўзимизни ҳалигача тиёлмаймиз. Хўп, шундай экан, нима учун жамият ва унинг ташкилий таркиби давлат бу ҳолатни қонун, яъни норма сифатида зарур ва керакли йўлга солмайди?. Яна юз хотирлик, бировни хафа қилиб қўймаслик, деб ўзимизни алдаймиз.
Янги, замонавий техникани қўллаш борасида бир ўхшатиш келтирайлик. Нима учун журналистлар, масалан, бугунги кунда медицинада қўлланиладиган илғор усуллардан бири, компютер томографияси ёки магнит резонанс усуллари, уларнинг зарари ёки фойдаси ҳақида ёзишмайди. Чунки бу алоҳида соҳалар усули бўлиб уларни соҳа мутахассислари оқлашади. Агарда шундай мақола журналист томонидан ёзилганда ҳам соҳа мутахассислари “ўзингиз билмаган нарсага аралашиб нима қиласиз”, деб янгиликларнинг афзаллигини кўрсатиб журналистга тушунтириб қўйишади.
Бугунги кунда компютерлар мактаб, таълим тизимининг алоҳида бир ускунаси сифатида қўлланилиб келинаётган пайтда нега журналистлар ушбу компютерларнинг зарари ҳақида оғиз кўпиртиради, ахир улар педагог эмасларку.
Мана, кечагина компютернинг зарари ҳақида яна бир мақола чиқди. Бунга нима дейсиз. Ахир болага билимни нимада олиш масаласи билан боланинг нимани ўрганиши бошқа бошқа тушунчалар эканлигини алоҳида қайд қилишнинг кераги борми. Бугунги кунда ёшлар китоб ўқимайди, деб нолувчилар кундан кунга кўпайиб бормоқда. Аммо айнан бугунги кунда яқинда америкада ўтказилган таҳлилларга қараганда ҳар беш китоб ўқувчисининг уч нафари китобни фақат электрон вариантида ўқир экан. Уларда яқин йилларда илмий ва кўпгина журналларнинг қоғоз вариантлари чиқиши тугатилиб келинмоқда. Энди айтинг, бизда электрон вариантда китоб ўқийдиганлар солиштирмаси қайси фоизда эканлиги ҳақида ўйлаб кўрдингизми? Бизда охирги йилларда нечта электрон китоб чиқиб (Аудио вариантдаги китоблар ҳақида ҳали гапиришим жуда кўпларга тушунарли ҳам бўлмаса керак.) интернет сайтларига қўйилди? Шу жойда айтиб ўтайин, бирор аудио китобни “қулоққа илиб” Тошкентдан машинада Самарқандга етгунча ўқиб тугатиш мумкин. Бу маълумотлардан хабардор “Илғор” журналистларимиз борми? Ёки улар мукофот олиш учун маддоҳлик мақолаларини ёзишдан қўллари тегмаяптими? Шунинг ўзи бизнинг қай даражада техник жиҳозланишда, ундан фойдаланиш жараёнида орқада эканимизни кўрсатмайдими?!
Кимдир қоғоз китобни ўқишни афзал кўрар. Аммо бугунги кунда компютер билан оғизланган болалар китобни компютерда ўқиётганини инкор қилолмаймизку. Интернетдаги китоблар тўғрисида алоҳида маълумотларни келтириб ўтирмайин, аммо мен ҳар куни интернет орқали ўнлаб китобларни кўриб чиқаман, бу деган сўз мен китоб ўқимаяпман, ёки китоб ўқишда компютер ахир китоб эмас, деган хулосага келолмайман.
Аммо, мендан мана шу “китобхонлар”дан бири, яқин орада қандай китоб сотиб олдиб ўқидингиз, деб сўраб қолса “Бир йиллар бўлди”, фалончининг китобини сотиб олдим, чунки у интернетда йўқ экан, десам, китоб ўқимас жоҳилга чиқариши турган гап.
Республикамизда бугунги кунда чиқаётган китобларнинг электрон вариантлари китоб палатамизда, марказий кутубхоналаримизда сақланаяптими ёки уларни бир неча йилдан кейин яна катта пул сарфлаб электрон вариантига кўчирамизми. Бу катта муаммо. Китоб чоп этиш маданияти ҳам бизда вақт, замон талабидан ортда қолиб кетаяпти. Шаттаки ноширларимиз 4 ёки беш китобни ҳатто мажбурий топширишлари шарт бўлган жойларга топширишмайди, уларнинг электрон вариантларини топширишнику айтмаса ҳам бўлади.
Бундай дейишимнинг сабаби, яқинда Алишер Навоий номидаги энг улуғ кутубхонамиздан ўз китобларимни излашимга тўғри келди. Не кўз билан кўрайки, 20 та чиққан китобимдан атиги 3таси кутубхона каталогларида қайд этилган, 200га яқин турли мавзулардаги, асосан тарбия ва психологик йўналишдаги мақолаларимдан 45 тасини излаб топиб беришди. Аммо уларнинг биронтасининг электрон варианти кутубхонада алоҳида қайд қилинмаган, бошқалари эса турли сайт ва саҳифаларда “сайр” қилиб юрипти, ҳатто қайта нашр қилинганлари бор экан.
Жаҳондаги, Россия, Эрон, Туркия, Афғонистон ва бошқа қўшни давлатлардаги, тили яқин ёки мен билган тилларда чиқадиган, айтайлик, гагаузлардаги, Республикамиз ва қўшниларимиздаги кўпгина газета ва журналларни мен электрон вариантлари орқали кузатиб бораман. Аммо биздаги журналлардан кўпчилиги ўз маҳсулотларини интернетга қўйишмайди. Журналларнинг бирида ишлайдиган бир ходим билан бу ҳақда суҳбатлашиб унинг журналнинг электрон вариантига бутунлай қаршилигини кўриб ҳатто салкам низолашиб ҳам қолган эдик у билан.
Интернет орқали Тотористон, Туркия, Эрон, Россия ва бошқа жаҳон электрон кутубхоналарига кириб китоб ўқишни яхши кўраман. Ҳар куни соатлаб компютерда китоб ўқийман. Уларнинг кўпчилигини ўз компютеримга кўчириб олиб ўртоқларимга ҳам кўчириб бераман. Ёнимда доимо олиб юрадиган флешкамда, телефонимда беш ўнта янги китоб юради. Улар ҳақида суҳбатлар бўлиб қолганда дарҳол ўртоқларимга кўчириб бераман. Аммо, ўзимиздаги китобларнинг электрон вариантлари интернетда бўлмаганидан уларни ҳозир мажбуран қоғозда ўқийман. Шунинг учун балки китоб ўқувчиси сифатида солиштирганда мен бугунги кунда жуда кам китоб ўқийдиган кишилар қаторига кираманми.
Мулоҳазалардан хулоса қилиб айтадиган бўлсак, одамзодга ренген нурининг фойдаси ва зарари каби, атом заррасининг портлатилиши каби, оддий қилич ёки ғилдиракнинг ихтироси каби компютер, қўлтелефон ва бошқа ҳарқандай замонавий техник воситалар ҳам бола тарбиясига ҳам салбий ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Масала бошқа томонда, болангиз телефондаги секс саҳналари ёки эшиттиришларини ёқтирадими ёки экрандан зўравонлик филм кўришни, балки интернетдан порно сайтларга киришни яхши кўрар. Бу унинг муаммоси эмас, аслида ота она сифатида биринчи ўринда сизнинг муаммонгиз, унинг тарбияси билан боғлиқ муаммо эканлигини ўзингиз биласизми? Жамиятга жамиятнинг етук аъзосини етказиб бериш биринчи ўринда катталарнинг вазифаси, ундан кейингина жамиятга лойиқ аъзо бўлиб етишиш ёшларнинг бурчи эканлигини англаб етишимиз, ўз бурчимизни бошқаларнинг елкасига, бу ўринда ёшларнинг елкасига ортмаслигимиз керак. Шахсимиз, хусусиятимиз, ҳатто миллий тийнатимизга сингиб кетган лоқайдлик, ўзибўларчилик, дангасалик дардларидан қутулиш вақти аллақачон етиб келди, акс ҳолда дунёнинг қолоқ миллати ва давлати бўлиб қолаверамиз.
Ҳа, мана масаланинг энг нозик томони ҳам мана шунда. Аввал фарзандингизга илм излашни ўргатинг. Қай йўл билан излаш бу албатта замон имконияти ва талабларига боғлиқ. Фарзандингизнинг ялқовлашувига, танбаллашувига йўл қўйманг, бу жараённи назорат қилинг. Самарқанду Бухорода эмас, ҳатто Тошкентда ҳам йўқ китобни интернетнинг жаҳон электрон кутубхонасидан излаб топиб ўқишни ўргатинг, шундан кейин компютер ва интернетнинг зарари ҳақида ёзишга бир қадар бўлса ҳам ўйланиб киришасиз, деган фикрдаман.
Масаланинг яна бир томони шундаки, ушбу бугунги техник янгиликларни ўз ичига олмаган, улардан фойдаланишни, айниқса қандай қилиб ва қайсиларидан фойдаланиш билимларини ўзига сингдирмаган ёшларсиз юртимизда баркамол авлодни тарбиялаб бўлмайди. Албатта бу йўналишда ёшларимизнинг кимлари ўта игарилаб кетганлари ва шу билан бирга улар орасида компютер ва телевидениядаги секс, порно кўрсатувларга ўралашиб қолганлари ҳам йўқ эмас ва албатта бўлади. Бундан қутулишнинг иложи йўқ. Фақат иккинчи гуруҳга кириб қолганлари бизда мумкин қадар озчиликни ташкил қилсин, деган умид билан ва ҳаракат билан яшашимиз лозим.
Уч яшар неварам компютерда ёзишни, компютер экранида фотошоп программасида расм чизишни, мултфилм кўришни, қўлтелефонда бошқалар билан гаплашишни яхши кўради. Бу нарсалар унинг учун оддий ҳол. Неварамга буларни аллақачон ўргатганман. Унинг келажаги қўлтелефону компютерлар билан чамбарчас боғланиб кетган. Тинимсиз қиладиган ишим, ҳар кунлик асосий вазифам эса, унинг маънавий улғайиш томонига эътиборни кўздан қочирмасдан компютерда ўтин ёрмасликни ўргатиш.
Психология фанлари номзоди
Маҳмуд Йўлдошев.

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn