Ижод ва Эътиқод

Адабиётшунос олим Қозоқбой ЙЎЛДОШЕВ билан суҳбат

– Қозоқбой ака, бу гал сизни адабиётшунос олим эмас, фикрчан бир зиёли сифатида суҳбатга тортмоқчимиз. Шамс Табризий Жалолиддин Румий қўлидан китобни юлқиб олиб ҳовузга улоқтиргани ёки Бобо Фараж Нажмиддин Куброга китоб ўқишни қатъиян ман этгани ҳақидаги ривоятлардан воқифсиз, албатта. Бу икки вазиятда ҳам, шубҳасиз, инсонни китобдан қайтаришга даъват йўқ. Зеро, у ҳолда Шамс Табризий ҳам, Бобо Фараж ҳам жоҳил кимсалар бўлиб қолар эди. Ваҳоланки, уларнинг ҳар иккиси ҳам наинки зоҳирий, ботиний илмга-да лиммо-лим валий зотлар бўлган. Улар ўша хатти-ҳаракати билан китоб ўқишни инкор этмаган, атиги фикрлаш муҳимроқ эканини уқтирган, холос. Фикр оламида яшаётган зиёли сифатида айтинг-чи, шахс камолоти ва жамият равнақида мустақил фикрлашнинг тутган ўрни ва аҳамияти, сизнингча, қандай?

– Менимча, Шамс Табризий билан Бобо Фараж моҳият ҳақидаги мулоҳазалардан кўра Олий моҳиятнинг ўзига эътибор қаратишни маъқул кўрган. Ахир, олам ҳақидаги билимлар баъзан оламнинг ўзини одамдан тўсиб қўйиши ҳам мумкин-да. Шу боис содиқ дўстлар ул валий зотларни Яратган ҳақидаги билимларни ўрганишдан кўра Яратганнинг ўзини кўнгилдан ўтказишга, ишқ орқали унга яқинлашишга ундаган бўлса керак. Билим – ўз ҳолича қудратли қурол эмас. У бор-йўғи ўзлаштирилган ахборотлар йиғиндиси, холос. Билим одамнинг табиати, фитрати, эътиқодини кучлантириб, фикрга қувват бергандагина қудратга эврилади.

Биласиз, одам – умуман фикрлай олиши билан ўзга жонлиқлардан ажралиб турувчи хилқат саналади. Мустақил фикрлаш эса, инсон шамойилида дунёга келган индивиднинг ўз йўлини танлай биладиган ҳамда қарашлари, тутумлари, хатти-ҳаракатлари учун масъул бўла оладиган шахсга айланганини кўрсатувчи асосий белгидир. Маълумки, мен одамман, деган индивиднинг барчаси ҳам шахс эмас. Бир умр шахс бўлолмай, яъни мустақил фикрлаш босқичига кўтарилолмай яшаб ўтаётган одамлар қанча! Ҳар қандай этнос ойдинларининг илкинчи вазифаси ҳар бир миллатдошининг шахс даражасига етиши йўлида эмгак чекишдан иборат.

Энди, мустақил фикрлаш нима ва унга қандай эришилиши ҳақида сўзланг, мустақил фикрнинг фикрий бошбошдоқликдан қандай фарқи бор дейсиз-да… Айтиш керакки, мустақил фикрлаш кўр-кўрона қайсарлик ҳам, ўзбилармонлик ҳам эмас. У кишидан жиддий зўриқиш ва улкан масъулият талаб қиладиган психофизиологик жараён. Негаки, фикрнинг мустақил бўлиши унинг асосли бўлишини ҳам тақозо этади. Яъни айрича фикр билдирадиган киши ўз-ўзидан шу фикрининг ҳақ эканини муайян далиллар ёрдамида исботлаб бериши ҳам зарур.

Менимча, ҳар қандай юртнинг нечоғли мустақиллиги унда яшовчи кишиларнинг мустақиллиги даражасига боғлиқ. Шахснинг эгаменлиги эса, биринчи навбатда, унинг фикру қарашларидаги бетакрорликда намоён бўлади. Фикр мустақиллиги кишининг атрофдаги нарса-ҳодисалар борасида бировнинг оғзига қараб ўтирмай, ўзича муносабат билдиришида юз кўрсатади. Мустақил фикр – муайян воқеа-ҳодиса юзасидан маълум асосларга таянган ҳолда келинган тўхтамдир, аслида. Ҳар бир одам олам ҳодисаларини ўз кўзи билан кўргани, ўз руҳиятига мувофиқ идрок этгани ва ўз интеллекти даражасида изоҳлагани учун ҳам у ҳақда ўзига хос тўхтамга келади. Мустақил фикр ўзгаларнинг қарашларига ўхшамаслиги билан ажралиб туради.

Умуман, фикрлаш деганда, нарса-ҳодисалар ҳақида бошқалар билдирган қарашлардан фойдаланиш ва уларга тўлиқ қўшилиш ҳам кўзда тутилади. Мустақил фикрлаш эса, одамнинг олам ҳодисалари ва ҳаётий вазиятлар моҳиятини ўзгаларникига ўхшамаган йўсинда идрок этиб, уларникидан бошқача тарзда тушунтира олишини англатади.
Мустақил фикр, биринчи навбатда, шахс тафаккурининг танқидий бўлишини талаб қилади. Танқидий фикрлашга одатланмаган шахсда мустақил фикр шаклланмайди. Ўй одамига хос чин белги ҳар қандай фикрга ўз муносабатини билдиришда намоён бўлади. Танқидий тафаккур ҳаммага ҳам ёқавермайди. У танқидий эканининг ўзи биланоқ ҳамиша нимагадир тегиб кетишга, кимгадир маъқул келмасликка маҳкум. Аммо маданиятли жамият аъзолари ўзига хуш келмаган фикрларни қабул қилибгина қолмай, улардан фойдалана билиши ҳам лозим. Шундагина чинакам тараққиётга эришилади.
Фикрий якранглик ҳар қандай жамият тараққиёти учун хатарли ҳолатдир. Чунки кўпчиликнинг бир хил фикрда бўлиши, аслида, фикрламасликнинг “ёрқин” кўринишидир. Ривожланмоқчи бўлган жамият ўз аҳлининг фикрий рангинлигига интилади. Хилма-хил, ҳатто бир-бирини инкор қиладиган қарашларни ўзаро чоғиштириш ва саралаш орқалигина тараққиётга хизмат қиладиган оптимал тўхтамларга келиш мумкин.

Фикрлаш мияга тегишли мантиқий-физиологик фаолиятгина эмас, балки ҳиссиётга боғлиқ руҳий жараён ҳам бўлгани сабаб одам фикрлаш ва ўз фикрини баён қилишга одатланиши ё одатланмаслиги мумкин. Демак, мустақил фикрловчи шахслар кўпайишини истаган жамият, авваламбор, фикрлар хилма-хиллигига кўникиши лозим бўлган, албатта. Бунда оммавий ахборот воситаларининг ўрни тенгсиздир. Ривожланган мамлакатларда уларнинг тўртинчи ҳокимият даражасига чиқишига ана шу фикрий рангинликни таъминлаш функцияси сабабчи.

Боя айтилганидек, мустақил фикрли шахслари кўп бўлмаган мамлакатда мустақиллик ҳам омонатдир. Негаки, инсоннинг тафаккури қанчалик мустақил бўлса, у шунчалик ташаббускор бўлади. Одамдаги фикрлаш эркинлиги унинг изланувчан ва ижодкорлиги билан уйғунлашади. Худди шунингдек, ижодий фикр мустақил ҳам бўлади. Муайян чегара ва қолип ичидаги фикр – ижодийликка ёт. Чунки ижодкорлик учун фикрнинг парвози керак. Бир қолипда фикрлайдиган одам ҳолати қафасдаги қушникига ўхшайди: қаноти бор, аммо учолмайди. Фикрнинг чекланавериши одамни бора-бора фикрламасликка одатлантиради.

Афсуски, мустақил фикрга эга бўлиш кишига камдан-кам олқиш келтиради. Билъакс, у фикрловчига кўп ташвиш туғдиради. Ўзига хос фикрлайдиган кишини кўпчилик хушламайди. Аслида бундай кишини барча суйиши мутлақо шарт ҳам эмас. Аммо атрофдагиларнинг хушламаслиги одамнинг ҳаётини азобга айлантириб юбориши мумкин. Боз устига, бизда ўзгача фикрдан ҳуркиброқ туриш одати бор. Ҳолбуки, ўзгача фикрловчи одамнинг бизга душман эмаслигига кўникиш вақти аллақачон келган. Ҳар қандай одамнинг биз хоҳлагандан ўзгача, ҳатто бизга ёқмайдиган тарзда ҳам фикрлашга ҳаққи борлигига кўникиш, шунингдек, ҳар бир одамда нотўғри фикрлаш ҳуқуқи ҳам мавжудлигини тан олишга ўрганиш лозим. Ҳеч бир инсон бошқа бирор кимса олдида унга ёқмайдиган фикр айтмасликка мажбур эмаслигини, одамзод ўзгача нуқтаи назарга ҳамиша ҳақли эканини ҳисобга олишга одатланиш зарур.

Шу муносабат билан бир ҳолатни алоҳида таъкидлашни истардим: мустақил фикрлаш, аввало, хато қилишдан қўрқмасликдан бошланади. Хато фикрлашдан қўрқиш одамни ўйидагини айтмасликка, бора-бора эса ўйламай қўяқолишга кўниктиради. Шу сабаб, айниқса, ёшларни нотўғри бўлса-да, кўпроқ фикрлашга одатлантириш, баъзан фикрнинг сифатигина эмас, миқдори ҳам муҳим эканига ишонтириш лозим. Педагогик амалиёт тарихи кўрсатадики, ўқувчига бўлажак кадр сифатида эмас, бетакрор шахс сифатида қарашга ўрганилсагина мустақил фикрли киши шакллантирилиши мумкин.

– Лев Толстой ўзини ўзи қандай тарбиялагани ҳақида унинг кундаликларидан кўп нарса билиб олиш мумкин. У ҳар кеча уйқуга ётиш олдидан шу кунги барча ўйлаган ўй, айтган сўз ва қилган ишларини тафтиш этиб, эртанги кунию бутун ҳаёти учун зарур сабоқлар чиқариб борган. Шундай савол туғилиши шубҳасиз: агар Толстой шу асно ўзини ўзи тарбияламаса, бу қадар чўнг шахсга айлана олармиди? Бизнинг онгимизга тарбия учун ота-она, мактаб, маҳалла ва ҳоказолар масъул деган тушунча чуқур ўрнашиб қолган. Оқ-қорани фарқлай олмайдиган гўдакка татбиқан бундай ёндашув тўғри, албатта. Бироқ ақлимизни озми-кўпми таниб олган чоғимиздан бошлаб ўз тарбиямиз учун ўзимиз кўпроқ масъул эмасмизми? Балки аввал-бошданоқ ҳар бир ўғил-қизга ана шуни уқтириш, уларни ана шунга ҳозирлаш керакдир? Сизнинг бу ҳақдаги фикрингизни ҳам билишни истардик.

– Аввало, масаланинг жуда тўғри қўйилганини айтгим келади. Бировни биров учун масъул қилишдан кўра самарасиз юмуш йўқ. Ўзбекда“Ҳар кимнинг гўри бошқа”ёки“Ҳар ким ўз бошига ёққан қорни ўзи курайди”деган гаплар бор. Буюк шоирнинг“Тақдирин қўл билан яратур одам”деган қаноатида ҳам шаккоклик йўқ, балки ҳар бир одам ўз қисматини ўзи қуради, ўз тақдири сари элтадиган сўқмоқни ўзи очади, ўз қилмиши учун ўзи жавобгар, дегандек ҳақ тўхтам бор. Албатта, жуда йирик шахс ёхуд оламшумул фикрлар айтгувчи мутафаккир бўлиш учун эмас, балки шунчаки бир шахс бўла билиш учун ҳам, биринчи навбатда, одамнинг ўзи масъулдир.

Халқ орасидаги“Бир болага етти маҳалла – ота-она”деган гап эса, ёш бўғиннинг тўғри улғайиши учун кўпчилик масъул, деган эзгу қарашни ифодалайди, холос. Аслида ҳар бир одамга ўзининг ҳар бир хатти-ҳаракати учун фақат ўзи масъул экани болаликдан сингдириб борилиши керак. Бизда бировларнинг қилмиши учун атрофдагиларни айбдор қилишга уриниш анча кенг ёйилган. Бюрократик бошқарув тизимига шундай ёндашув маъқул келади. Чунки ҳамиша унга ҳисоб берадиган қандайдир шахс ёки тузилмани топиш мумкин.

Оламдаги энг етук юз психологдан бири, таълим жараёнидаги интерфаол усуллар деб аталган инқилобий ёндашув йўсинига асос солган швейцариялик мутафаккир Жан Пиаже айтадики,“Инсоният пайдо бўлганидан бери ҳали бирорта ўқитувчи бирорта ўқувчини ўқита олган эмас”. Бир қарашда ўринсиздай туюлгувчи бу қараш, агар чуқур ўйлаб кўрилса, тўғри экани маълум бўлади. Чиндан-да, очундаги ўқитувчи зоти борки, барча шогирдларига бир хилда таълим бергани ҳолда ҳар хил натижага эришади. Қанчалик уринмасин, ўқувчиларининг ўзлаштириш даражаси ҳар хил бўлаверади. Демак, ўқитувчи ўқитмайди, балки ҳар бир ўқувчи ўз истеъдоди, истаги, ҳаракатига яраша ўзи ўқийди. Ўқитувчи ўқита олганида эди, барча шогирдлар бир хил натижани қўлга киритган бўларди. Пиаженинг ушбу тўхтамида таълим-тарбияни инкор этиш эмас, балки ҳазрат Навоий “Маҳбуб ул-қулуб”да айтганидек,“Қобилға тарбият қилмоқ зулмдир ва ноқобилға тарбият ҳайф. Ани адами тарбият била зоеъ қилма ва мунга тарбиятингни зоеъ қилма” тарзидаги қарашни қўллаш бор. Яна у зот“Гарчи қуёшдин парвариш олам юзиға ом эрур, / Саҳрода қамғоғу тикан, бўстонда сарву гул битгай”, дейдилар. Яъни Оллоҳ ҳар бир одамни ҳар хил феълу хўйга ва шунга яраша қисматга эга қилиб яратган. Ўқитувчининг вазифаси эса ўқувчини имкон қадар эзгулик сари йўллашдан иборатдир.

Жан Пиаже яна“Ҳар бир бола ўз интеллектининг меъморидир”, дейди. Кўринадики, шахсни шакллантиришда ижтимоий муассасаларга ортиқча юк ортиш хато. Тўғри, одамнинг шахсга айланишида атроф-муҳит муайян ўрин тутади. Лекин у шахсни шакллантиришда ягона ва ҳал қилувчи омил эмас.

“Ёш педагогикаси” деб аталмиш илмда болаларда жисмоний ва эмоционал интеллект устуворлиги алоҳида таъкидланади. Яъники, бола жисмоний ҳаракат асносида фикр юритади. У қанча кўп ҳаракат қилса, шунча кўп фикрлаётган бўлади. Шунингдек, болада қанча кўп ижобий ҳиссиёт уйғотилса, унинг фикри теранроқ, хаёлоти учқурроқ бўлиб шаклланади. Демак, таълим-тарбия ўқувчиларда жисмоний ва ҳиссий интеллектни уйғотадиган йўсинга солиниши, яъни педагогик амалиёт бола табиатига мувофиқлаштирилиши зарур. Бола табиатини педагогикага мослаштиришга уриниш эса, унинг шахсиятини синдириб қў­йиши мумкин.

Эзгу ишлар қилиш осон бўлганида ҳамма фақат эзгулик қилган бў­ларди. Эзгулик деярли ҳар қачон қулайликдан воз кечиш, манфаатдан юз ўгириш, фойдадан тийилишни талаб қилади. Бу сифатлар эса, ҳар бир одамда, Бобур айтмоқчи, кўпроқ “жибиллий” бўлади.

– Қозоқбой ака, ҳозирги жамиятда шаҳар ва қишлоқ муносабатлари ғоят долзарблашиб бораётгани сир эмас. Қишлоқ – “қадриятлар қўриқхона”сию шаҳар “цивилизация устахона”сидир. Демак, уларнинг ҳар иккиси ҳам ниҳоятда зарур – бири меросни асрамоқ, бошқаси тараққиётга эришмоқ учун. Сиз қишлоқда туғилиб вояга етган, аммо тақдир тақозоси-ла шаҳарда яшаб ижод қилаётган одамсиз. Айтинг-чи, қишлоқдаги ҳаёт тарзининг шаҳарга яқинлашуви қай бир даражада маънавий йўқотиш­ларга сабаб бўлмасмикан?

– Мен умрининг катта қисмини қишлоқда кечирган бир одам сифатида бугунги қишлоқни дангал “қадриятлар қўриқхонаси” деб айтишга ботинолмайман. Айниқса, глобаллашув деган буҳрон бутун Ер юзини қамраб олган бир шароитда қишлоқ билан шаҳарнинг маънавий қиёфасида улкан айирмалар бўлишидан умид қилиш ножоиздай туюлади менга. Инсоний муносабатлар бозор муносабатларига, ҳар қандай санъат шоу-бизнесга айланиб бўлган ва бу кечим сўнгги техник воситалар орқали энг олис қишлоқларга ҳам тўхтовсиз кириб бораётган бир шароитда қишлоқ, сиз ўйлаган “қадриятлар қўриқхонаси” бўлолмайди, деб ўйлайман. Болалигим Мирзачўл қишлоқларида ўтган. У ерларда ёзда-ку ариқдан сув ичардик. Қишда иккитагина ҳовуз бўларди ва бутун қишлоқ шу ердан сув оларди. Қишлоқдаги безори болалар ҳам бу ҳовузларни булғаш мумкинлигини хаёлига келтирмасди. Ёки кўклам келиши ҳамоно қишлоқнинг ичу ташидаги ариқлар ҳашар йўли билан тозаланарди. Ҳеч ким ҳеч кимни мажбурламаса-да, ҳашарда қатнашмаслик уят саналарди. Ўтган асрнинг 70-йиллари қишлоқда подачи топилмай қолди. Энди оилалар мол-ҳолни навбат билан ўзи боқадиган бўлди. Ўшанда ўғли йўқ оилалар ёки қаровчиси йўқ кексалар мол боқишдан озод этилди. Уларнинг навбати ўтказиб юборилар, кейинги ўтбоши навбатга чиқаверар эди. Катталар сўзини икки қилмаслик, қизларнинг тортинчоқроғу йигитларнинг ўктамроқлиги тўғрисида айтиб ўтирмаса ҳам бўлади. Бугунги қишлоқларда ана шундай ўзбекона одатлар камдан-кам қолган, дейиш мумкин. Қишлоқларда шаҳарлардаги қулайликкина йўқ, холос. Бизда қишлоқ билан шаҳарнинг маънавий даражаси жуда яқинлашгани ҳолда уларнинг маиший даражасида катта фарқ ҳамон сақланиб қоляпти. Шу боис қишлоқдаги ҳаёт тарзининг шаҳардагига яқинлашиши жамиятимиздаги ҳозирги маънавий ҳолатга унчалик заха етказолмас, деб ўйлайман. Маънавий баркамоллик иллатлар борлигини билмасликда эмас, ундан тийилишга ўзида куч топишда намоён бўлади.

– Сиз бундан ўн йилча аввал “Бугунги ўзбек танқидчилиги юксалишига тўсиқ бўлаётган бир қатор муаммолар бор. Уларнинг энг биринчиси миллий фалсафий қарашлар тизимининг тўлиқ шаклланмагани деб биламан. Оламга, одамга ёндашувнинг ўзбекча илмий йўсини аниқ бўлмагач, оламу одам ҳодисаларининг изоҳи ҳам унчалар асосли бўлмайди” деб ёзган эдингиз (“Сифат ўзгаришлари йўлида” мақоласи, “ЎзАС”, 2004 йил 9 июль). Илтимос, ана шу фикрингизни кенгроқ изоҳлаб берсангиз. “Миллий фалсафий қарашлар тизими” деганда нимани назарда тутгансиз? Хўш, ортда қолган ўн йил ичида ушбу тизим шаклланиб улгурдими? “Оламга, одамга ёндашув­нинг ўзбекча илмий йўсини” деганда эса нимани тушунмоқ керак? Бу фикрдан илмнинг ўзбекчаси, арабчаси, фарангчаси, амрикончаси… бўлади, деган маъно келиб чиқмайдими?

– Бизда бировнинг унчалик тушунарли бўлмаган ёки ўзига ўтиришмаганроқ қарашини ғашга тегар даражада жўнлаштириб талқин этишдай бир ёндашув кенг ёйилган. Аслида “оламга, одамга ёндашувнинг ўзбекча илмий йўсини аниқ бўлиши керак”лигида ҳеч қандай ажаб­ланарли жиҳат йўқ. Биз жаҳон айвонида, умуман, одам эканимиздан ташқари, айнан ўзбек бўлиб ҳам яшаётган этносмиз. Бас, бизнинг ўзбеклигимиз фақат ота-онамизнинг ўзбек бўлгани, тилимиз, емагу удумларимиз ўзига хос эканидан ташқари тафаккур тарзимиз, атроф-оламга қараш, уни идрок этиш, ундан таъсирланиш, уни тушуниш ва изоҳлашу ифодалаш йўсинимиздаги ўзига хосликда ҳам намоён бўлади-ку, шундай эмасми? Биз оламга одам бўлиб, айни вақтда ва биринчи навбатда, ўзбек бўлиб қараймиз. Бинобарин, миллатнинг қарашлар йўсини таянадиган ва бундай қарашнинг шаклланишига асос бўладиган фалсафий-назарий тизимга зарурат туғилмайдими? Мен бу гапни ўзбек адабий синчилигидаги йўлсизликнинг сабабларидан бири сифатида айтган эдим. Афсуски, бугунга келиб ҳам миллий фалсафий қарашлар тизими қарор топди, деб бўлмайди. Ҳар қандай нуқтаи назар таяниши мумкин бўлган мустаҳкам ва қурч фалсафий асос мавжуд эмас – демак, йўлсизлик бартараф этилмаган. Мен фикрлашнинг бир хил бўлишини эмас, балки миллат аҳлининг фикрлаш йўсинига асос бўладиган умумфалсафий асос яратилишини кўзда тутяпман.

– Сўзингизни бўлганим учун узр, домла. Менимча, миллий фалсафий қарашлар тизими йўқ эмас, бор. Аммо у диний, асотирий, фалсафий, адабий… бисотимиз қатларида “яширин”. Назаримда, уни махфийликдан ошкорликка олиб чиқмоқ учун янги бир Форобий етишмаётир, холос. Аммо бундай нажоткор йўлига кўз тикиб ўтириш ҳеч бир илм аҳлига ярашмайди. Қолаверса, айни фалсафий тизимни таркиб топтирувчи кўплаб жузлар умум­инсоний табиатга эга. Миллат уларни қайта яратмай, дунёдан шундоқ олиб қўяқолади…

– Қандайдир ўзга мавжудликлар қатида “яширин” шаклда бўлган тизимнинг тизимлиги шубҳали. Бундай “тизим”нинг бутун бир миллат фикрлаш йўсинидаги бош йўналишни белгилаб беришига умид қилиш эса мантиқсизликдир. Айни вақтда, фалсафанинг сиз айтаётгандай умуминсоний жиҳатлари борлигини ҳам инкор этиб бўлмайди. Аммо биз олам ҳодисаларини ўзбек сифатида идрок этмоқ ва изоҳламоқ учун ўз миллий фалсафий қарашларимизга муҳтожмиз. Акс ҳолда, яна ўзгалар ортидан эргашиб юраверамиз. Агар, сиз айтгандай, қарашлар тизимини “ўзи… яратмай, дунёдан олиб қўяқол”са, дунёни ҳам бировлар назари билан кўраётган, тушунаётган ва тушунтираётган бўлиб чиқади. Миллий фалсафа бўлмаган жойда миллий маънавият бўлмайди. Миллий фалсафий таянч аниқ бўлмагани учун ҳам илмий тадқиқотларда ҳамон қандайдир ибтидоий жамоа тузуми ҳақида ёзилади. Ҳолбуки, бундай тузум бўлганини эътироф этиш одам маймундан тарқаганини ва у қачондир пода бўлиб яшаганини тан олиш ҳамда инсоният жамияти фақат муайян формациялар тарзидагина мавжуд бўлади, деган марксча фикрга қўшилишнинг ўзгинасидир. Ваҳоланки, ўзини мусулмон ҳисоблаган одам олам ҳодисаларини ҳам исломий фалсафа асосида идрок этиши, тушуниши ва тушунтириши керак.

Албатта, сиз одам марксча, моддиюнча фикрлашга ҳам ҳақли-ку, де­йишингиз мумкин. Тўғри, одам шундай фикрлашга ҳам ҳақли. Анчагина давр мобайнида барчамиз айнан шундай фикрлашга мажбур қилиниб ҳам келдик. Лекин ҳар бир одам ва бутун бошли миллат охир-оқибат тўғри эмаслиги, ўзининг маънавий қадриятлар тизимига терслиги аён бўлган қарашлардан қачондир қутулиб, соғлом ақлга мувофиқ келадиган фалсафий тизимни яратишга ҳам ҳақли. Миллат аҳлининг кўпчилиги учун таянч бўладиган асос қарашлар тизими шакллантирилиши жудаям зарур. Акс ҳолда, миллий фалсафа деган тушунча бўлмасди ва бу йўналишдаги асарларни шунчаки таржима қилиб қўяқолиш кифоя этарди. Агар шундай қилинса, ўзбекнинг маънавий қадриятлар дунёси ҳам ўзгаларникининг таржимасигина бўларди, холос.
Миллий адабиётимиздаги модернизм, постмодернизм йўналишлари, оммавий маданият сингари тушунчаларга жўяли илмий изоҳ берилмаётгани ва бу борада дуч келган тасодифий қарашларга қўшилиб кетилаётгани боис кўпинча улар олабўжи қилиб кўрсатилаётганининг асл сабаби – таяниладиган фалсафий асоснинг аниқ эмаслигида. Бугунга қадар мутахассисларимиз маънавият ва санъатга доир ҳодисаларни ҳукмрон сиёсий постулатлар ёки етакчи мафкуравий қарашларга таянган ҳолда изоҳлади. Ҳолбуки, сиёсий қараш ва мафкура тинимсиз ўзгаришлар бағрида мавжуд, миллий фалсафа эса миллатнинг фикрчан кўпчилиги таяниши мумкин бўлган собит қарашлар тизими саналади. Бирор бир ҳодисани кўриш, ҳатто унинг моҳиятини англашдан ҳам кўра унга муносабат билдириш, баҳолаш қийин. Чунки баҳолаш учун суяниладиган мустаҳкам фикрий таянч бўлиши даркор.

Мен “Илмнинг ўзбекчаси бўладими” деган истеҳзонамо ёндашувдан ҳам хижолат бўлмайман ва илмнинг ўзбекчаси, жуда бўлмаганда, унга ўзбекча ёндашув бўлади ва у улкан аҳамиятга эга деб ҳисоблайман. Сиз узинди сифатида келтирган фикрни адабий синчилик тўғрисида билдирган эдим. Ўйлайманки, ҳатто табиий фанларда ҳам этнос руҳиятига хос жиҳат, миллий фалсафа ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Менимча, ўзида миллий фалсафий қарашлар тизимини шакллантирган ўзбек олими, қанчалик оламшумул аҳамиятга эга бўлмасин, клонлаштириш, жинсларни алмаштириш сингари илмий юмушлар билан шуғулланиб ўтирмас эди. Яратганнинг ишига аралашишдан қўрққан, бундай қилиш яхшиликка олиб келмаслигини туйган бўлар эди.

Кунботиш олимлари бу каби ишларни азбаройи бизнинг ғашимизни келтириш ёки азалий тартибларни бузиб, одамзодга ёмонлик қилиш учун эмас, балки инсон имкониятларини янги босқичга кўтариш, унинг ҳар қандай истагини адо этиш ниятида қилмоқда. Улар таянадиган фалсафий қарашлар шунга изн берибгина қолмай, ҳатто рағбатлантиради ҳам. Чунки уларда шахснинг хоҳиш-истаги ва манфаатига хизмат қиладиган фаолиятки бор – фойдалидир, ҳар қандай фойдали юмуш эса – ахлоқийдир, деган фалсафий ёндашув қарор топган. Шунингдек, Муҳаммад (с.а.в.)га карикатура чизган журналистлар ҳам сўз, фикр ва ижод эркинлиги деган ғоят жозибали ва ўзларининг назарида, ўта адолатли фикрлаш тарзи туфайли шу ишни қилган. Ҳолбуки, энг ярамас ўзбек ҳам бунга ботинолмаган бўларди. Чунки у олам ва одамни ўзбекча идрок этади. Агар бордию, шундай ишга қўл урадиган ўзбек миллатига мансуб кимса чиқиб қолса ҳам, у айнан ўзбекча тафаккур йўсинига эга бўлмагани учун шундай йўл тутган бўларди.

Қувонч ва қайғуни ифода этишнинг ўзбекчаси бўлганда, нега энди илмий ёндашувнинг ўзбекчаси бўлмас экан? Эътибор берганмисиз, байрам қилаётган америкаликлар қувончи авж нуқтага кўтарилганда бир-бирининг башарасига торт ёки дастурхондаги ўзга емакларни отиб роҳатланади. Айрим овруполиклар эса атай тонна-тонна помидор ёхуд лимону апельсинларни мижғилаб, бир-бирини шунга қориб ҳузурланади. Бразилиядаги анъанавий карнавалларда хоҳлаганларга бепул презерватив (узр!) тарқатилади ва бу ҳолни ахлоқсизлик дейиш хаёлларига ҳам келмайди. Энди шуларнинг бирортасини ўзбек тафаккури ва руҳияти қабул қила оладими, деб савол қўйинг. Кўринадики, маънавий йўсинлар, маълум даражада, тафаккурни ҳам бошқаради ва аксинча.

– Ойнаижаҳонни ёқсангиз, бугунги ёшлар – ҳар жиҳатдан етук, деган бир гапни эшитасиз, кўчага чиқсангиз эса, ҳозирги болалар айниб кетди, деган бошқа гапни… Менимча, бу гапларнинг ҳар иккиси ҳам қутбий ва шуниси билан ҳам хато. Ахир айтишади-ку, ҳақиқат – ҳар доим ўртада, деб! Бутун умрини ёшлар даврасида ўтказган педагог сифатида айтинг-чи, бугунги ёшлар аслида қандай? Уларда қандай фазилату қандай қусурлар бор? Ёшлар ўзидаги фазилатларни янада кўпайтириш, қусурларни эса тугатиш учун, сизнингча, нима қилмоғи лозим?

– Бу хилдаги кескин қарама-қарши фикрлар Ницшенинг “Бу оламда менинг тасаввурларимдан бошқа ҳеч нарса йўқ”, деган тўхтами бир қадар тўғри эканини кўрсатади. Одам, одатда, атроф-жавонибдан ўзи кўрмоқчи бўлган нарсанигина қидиради. Чинини айтсам, шу саволингизга қадар мен ўзимнинг катталар бўғинига мансуб эканим ҳақида жиддийроқ ўйлаб ҳам кўрмаган, ўзимни ёшлардан мутлақо узоқлашиб кетмаган ва уларни ҳеч қийинчиликсиз тушунадиган одам ҳисоблаб юрар эканман, шекилли.

Аслида, телевизорда айтилганлар ҳам тўғри, бугунги ёшлардан ёзғириб юрганларнинг гапида ҳам жон бор. Негаки, телевизорчилар фақат ютуқларни излайди ва топади. Ёзғирувчилар ҳам айрим ёшларнинг ўзида ёмон таассурот қолдирган қилиқларига асосланибгина фикр билдиради. Энди, бир умр талабалар билан ишлаётган одам сифатида айтадиган бўлсам, менинг назаримда, бугунги ёшлар эртароқ кексайиб, романтикадан йироқ амалиётчи бўлиб бораётгандай туюлади. Буни яхши ёки ёмон деб баҳолашдан тийилганим маъқулдир. Чунки романтиклик кўтаринки хаёлпарастликни тақозо этса, амалиётчилик одамни ҳаётга, турмушга яқинлаштиради. Романтикларда хато қилиш хавфи кўпроқ бўлади. Чунки хаёл парвозга ўч бўлади. Учиш ва қўнишдаги хатоликлар эса қимматга тушиши мумкин. Амалиётчида аниқ ҳисоб-китоб устувор бўлади. Лекин фақат аниқ ҳисоб-китоб билан яшаш бир хил ва зерикарли экани тайин.

Бугунги ёшларнинг биз улар ёшида бўлган вақтимиздагидан кўпроқ нарса билиши, кўпроқ ва каттароқ ишларни уддалай олиши – исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Аммо бу уларнинг хизматидан кўра чекига тушган имконият бўлиб туюлади менга. Чунки глобаллашув шахс имкониятларининг ҳам универсаллашувини тақозо этмоқда. Дунё айвонида яшай билмоқ, унинг неъматларидан тўлароқ баҳраманд бўлмоқ учун дунё даражасида фикрлай олиш зарур. Бундан чорак асргина олдин санаторийга кетаётган одам худойи қилиб кузатилар, қайтиб келса, зиёрат қилинар эди. Бугунги ёшларнинг иш ёки ўқиш учун неча йилларга чет элларга кетиши ҳеч кимнинг эътиборини тортмайди. Айни вақтда, парадоксал бир ҳолат мени ҳайрон қолдиради: ўрта мактабни битиргунча Тошкентни ҳам кўрмаган бизнинг авлод шаҳарга ёлғиз келиб ҳужжат топшириб ўқишга кирганмиз. Бугунги кўпчилик шаҳарлик битирувчилар эса ҳужжатини ота-онаси ёрдамисиз топширишга уриниб ҳам кўрмайди.

Менинг назаримда, ёшларни балоғатга етгандан кейин “қайта йўргаклаш”га уриниш тажрибасидан воз кечилиши, йигит-қизларга ўз йўлларини ўзи топиб юриш мустақиллиги берилиши уларнинг шахс сифатида тезроқ шаклланишига имкон яратади. Тўғри, бугунги ёшларда биз катталарга нуқсон бўлиб кўринадиган жиҳатлар талайгина: уларнинг кийиниши, ўзларини тутиши, эшитадиган қўшиқлари, кўрадиган томошалари бизга ёқмайди. Албатта, катталар ёшларнинг “Бохор келса, гуллайди жийда, / Мани ёрим ўқийди ТошМИда” ёки ошиқ йигитнинг “Мани мошинам, мана, мани мошинам, / Биттасига ўтиринг, мадам” йўсинидаги “изҳори”га қизнинг “Қўйгин шошмагин, ҳай-ҳай, / Ҳозирча, гудбай, бай-бай” тарзидаги “уялиши” акс этган “қўшиқ”ларни қандай қилиб яхши кўриш мумкинлигини ҳазм қилолмайди. Лекин улар катталарнинг эмас, ўз умрини кечириши кераклиги ҳисобга олиниши, уларга ҳам худди ўзлари каби синаб, хато қилиб яхшини ёмондан фарқлаб олиш имкони берилиши лозим.

Мени яна бир нарса жиддий ташвишга солади: кейинги вақтларда турли расмий-норасмий ташкилотлар ёшларнинг ишларига ҳаддан ташқари кўп ва дадил аралашадиган бўлиб боряпти. Бугунги олий мактаб талабалари боқча болаларига кўрсатиладиган даражадаги ғамхўрлигу эътибор билан “қуршаб ташланган”. Ҳа, айнан “қуршаб ташланган”. Яъниким, ғамхўрлигу эътибор малол келадиган даражага етган! Тасаввур қилинг: олий ўқув юрти талабалари ётоқхоналарида штатда кўзда тутилган коменданту тегишли хизматчилардан ташқари, ҳар куни профессор-ўқитувчилар ҳам навбатчилик қилади. Шунчаки нав­батчилик қилишнинг ўзи билан кифояланмайди, балки балоғат ёшидаги талабаларни “қўриқлаб” шу ерда ётиб ҳам қолади. Ижара уйларда яшайдиган талабалар хонадонига эса, уларга бириктирилган домлалар ҳар ҳафтада бир марта албатта бориши ва маъмуриятга буни исботлаш учун ўша талабалар билан тушган суратини кўрсатиши керак.

Бундай адоқсиз “эътибор” оила қурса бўладиган (қанчалари қурган ҳам), эртага нафақат ўзи, балки яқинлари ва юрти учун ҳам масъул бўладиган кап-катта одамларни бўғиб юборади, ахир. Бундай “меҳрибончилик” ёшларни мустақил қадам босмасликка, бир умр бошқалар белгилаб берган чизиқдан чиқмасликка одатлантириб қўяди.

– Сизни қай бир газета-журнал суҳбатга таклиф этса, қани эди, сўз фалон ва фалон мавзуларда борса, деб кутасиз, албатта. Чунки айни дамда худди шу масалалар қалбингизни безовта қилаётган бўлади. Суҳбат баҳонасида кўнгилни бўшатиб, енгил тортишни дилга тугасиз. Аммо биз мухбирлар кўпинча, худбинликка борибми, ўзимизни безовта қилаётган саволларни қалаштириб ташлаймиз. Сизнинг ҳам ҳар гал мухбирлар оғзини пойлаб, ҳеч эшита олмаган саволингиз борми? Агар бор бўлса, у қандай савол? Саволга жавоб-чи?

– Кўнгилдагиларни айттиришнинг яхши йўлини топибсиз. Ўзбек медиасидаги суҳбат жанри, уни уюштириш йўлларини тубдан ўзгартириш керак деб ўйлайман. Суҳбат жонли бўлиши, чинакам ҳароратли гурунгга айланиши, айтилаётган фикрлар мия тандиридан эндигина узиб олингани билиниб туриши керак. Ҳозирги техник воситалар бунга тўлиқ имкон беради. Ўшанда суҳбатдошларнинг қалб тафти ҳам, фикр ёлқинлари ҳам сезилиб туради. Бунинг учун астойдил тайёргарлик керак бўлади, албатта. Бир нарсага доим ҳайрон қоламан: тележурналистлар билан суҳбатлашишга тўғри келганда деярли ҳеч қачон улар олдиндан жиддийроқ савол тайёрлаб қўйганини кўрмаганман. Кўпчилиги суҳбатдошига қандай савол бериш хусусида ўйлаб ҳам боқмайди. Ҳолбуки, ҳар бир одам – сирли қўрғон. Бу қўрғонни эгаллашга жиддий ҳозирлик кўриш керак.

Қиш кунларининг бирида телевизорда Сирдарёдаги анорзор хўжаликдан кўрсатув берилаётган экан. Журналист аёл махсус хоналардаги сўриларга териб ташланган бири биридан чиройли ва бўлиқ меваларни кўриб, уй эгасидан “Бу анорлар шу ерда етиштирилганми?” деб савол бериб қолса бўладими! Шунча дов-дастгоҳ билан Сирдарёдай жойга шуни билиш учун борилмагандир… Журналист анорчи боғбон билан суҳбатлашишга ҳафталаб тайёргарлик кўриши, тегишли адабиётларни ўқиши, бозордаги ҳолатни ўрганиши, олдин қўшни вилоятлардаги, сўнг интернет орқали қўшни мамлакатлардаги анор нархи, сифати, хусусиятларини билиб олиши, ана шундан кейин Сирдарё анорчилари билан гурунглашиши керак эмасми?!

Касбини, демакки, ўзини унчалик ҳурмат қилмайдиган журналистгина кўрсатув тайёрланадиган жойга боргандан кейин йўл-йўлакай хаёлга келиб қолган саволлар асосида ҳам суҳбат қилса бўлаверади деб ўйлайди. Аммо шу тариқа миллат савиясини ўзининг даражасига тушириши мумкинлигини хаёлига ҳам келтирмайди.
Энди мухбирлардан кутадиган саволга келсак, бу тинимсиз ўзгариб турувчи истаклар сирасига киради. Негаки, одам умрининг турли даврларида, шароит ва вазиятга қараб, уни турли муаммолар қизиқтиради ва ўйлантиради. Масалан, шу кунларда мен мамлакат Олий Аттестация Комиссиясида (ОАК) ўтказилган кейинги ислоҳотларнинг айрим жиҳатлари ўзбек илми тараққиётига қандай таъсир этгани тўғрисида суҳбатлашишни истардим. Шу ислоҳот сабаб 2012 йилдан бери уч йил давомида миллий илм ривожи хийла сусайиб қолгандек, назаримда. Билишимча, бу йиллар мобайнида мамлакатимизда бор-йўғи ўттиз бешта диссертация ҳимоя қилинган. Ҳар қандай илмий ахборот шиддат билан эскириб бораётган ҳозиргидай бир замонда аҳолиси ўттиз миллионли мамлакатда уч йил мобайнида шунчагина диссертация ёқланиши ҳарқалай мақтанарли ҳол бўлмаса керак?

Уч йиллик қисқа муддат ичида мазмундор диссертация яратишнинг ўзиёқ илмпешадан озмунча вақт, заҳмат талаб қилади дейсизми! Бундан ташқари, унинг олдига хорижда икки мақола ва икки тезис чиқариш, ўзимизда эса олти мақола ва бир монография чоп эттириш шарти ҳам қўйилаётир. Оқибатда, боёқиш бўлажак олим бирламчи масала – етук диссертация яратишдан кўра ҳам кўпроқ иккиламчи масала – мақола, тезис ва монография чиқаришга вақт сарфламоқда. Айниқса, чет элда мақолаю тезис чоп эттириш осон битадиган иш эмас – қачон босилар экан, дея маҳтал бўлиш-ку ўз йўлига, яна қўшимчасига анча-мунча маб­лағ ҳам сарфлаш зарур! Агар диссертация янги илмий ғояларга бой бўлса, бу ғоялар бошқа юртларга ҳам, эртами-кечми, ўз-ўзидан ёйилади-ку! Шундай ғоялардан холи диссертация мавзуси бўйича эса хорижда ҳар қанча мақолаю тезис чоп эттирмайлик, бундан фанимиз обрўйи ортиб қолиши мушкул. Менинг гапларимдан, бу кишим хорижда мақола ва тезис чоп эттиришга қарши экан-да, деган хулоса ясамаслик керак. Мен бор-йўғи меъёрлар оқилона ишлаб чиқилиши тарафдориман, холос. Тўғриси, мақола, тезис ва монографиялар нашрига бу қадар катта талаб­лар қўйиш охир-оқибат ўзини оқлаёлмай қолмасмикан деб қўрқаман. Менимча, бу борада мўътадил йўл тутиш фан равнақига кўпроқ фойда берса, эҳтимол. Чунки фан юксак тараққий этган АҚШдек мамлакатнинг баъзи штатларида ҳам докторлик диссертациясини ёқлаш учун учта мақола чоп эттириш кифоя, деб эшитганмиз.
Ҳар қандай ислоҳот сифатни оширган ҳолда жараённи тезлатиб, муаммони ҳал этишга хизмат қилсагина мақсадга эришилади. Умид қиламизки, миллий фанимиз қаддини тиклаб, жаҳон айвонида яна ўзига муносиб ўринни эгаллайди.

Муҳиддин РАҲИМ суҳбатлашди.

«Тафаккур» журнали, 2015 йил 2-сон

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn