Уйдирилган дин ва Қуръондаги Дин (1)

Диннинг манбаи нима?

Дин ҳақидаги тортишувлар хоҳ ОАВда бўлсин, хоҳ халқ орасида бўлсин, узлуксиз янгиланиб туради. Бу тортишувларда ким ҳақ-ким ноҳақ, кимнинг далили тўғри ва кучли эканини қандай аниқлаш мумкин? Нима учун биттагина дин номидан икки-уч ва баъзан ундан-да кўпроқ ҳукмлар олға сурилади? Аллоҳ тарафидан индирилган дин билан инсонлар тарафидан уйдирилган дин ўзаро қандай фарқланади?

Қўлингиздаги китоб ушбу саволларга жавоб топиш ва бу мавзудаги ихтилофларга нуқта қўйиш учун ёзилгандир. Китобнинг биринчи тамал тоши ва жавоб топилиши шарт бўлган энг муҳим саволи – «Диннинг манбаи нима?» саволидир. Ушбу саволга бериладиган жавоб, қолган барча жавобларни ҳам белгилайди. Китоб саҳифаларида кўрилажаги каби, дин номидан ўртага ташланадиган фарқли фикрларнинг тамал манбаи, мана шу саволга бериладиган фарқли жавоблардир. «Диннинг манбаи нима?» саволига аниқ ва узил-кесил жавоб бермай туриб, диний тортишувларга киришиш ва ҳар бир саволга бирма-бир, динни англашдаги тамал услубни (методологияни) белгиламай туриб, жавоб беришга уриниш, ОАВдаги ва халқ орасидаги диний тортишувларда кўраётганимиз боши берк кўчанинг биринчи сабабидир.

«Диннинг манбаи нима?» саволига бериладиган жавоб, бизнинг динни англашдаги услубимизнинг тамалини белгилаб беради. Бу саволга жавоб бермай туриб, диний тортишувларга кирувчилар, услубсиз бир тарзда динни англашга уринувчилар демакдир. Бу кишиларнинг бир саволга Қуръондан, бир саволга ҳадислар тўпламидан, бир саволга ўз дунёқарашидан, бир саволга бир мазҳабдан, бошқа бир саволга бошқа бир мазҳабдан жавоб бераётганини кўряпмиз. Ўз динига услубсиз тарзда ёндошувчилар охир-оқибатда, ўз орзу-истаги, ва ўз адашувларини динлаштиришга маҳкумдирлар. Бу кишиларнинг олға сургани фикрлар соғлом бир мантиққа таянмагани боис, бу кўришларни эшитган кишилар, бу фикрларнинг сабаби ва манбаидан бехабардирлар. Шунинг учун, динни англашдаги услубни белгилаш, ва аввало «Диннинг манбаи нима?» саволига жавоб бериш, дин номидан пайдо қилинган чалкашликларга барҳам беришнинг энг муҳим шартидир.
Дин – Аллоҳ тарафидан инсонларга юборилган бир ҳаётий системадир. Шундай экан, «Диннинг манбаи нима?» саволи – Аллоҳнинг амрлари ва тавсияларини тўғри англашимиз учун ҳам ўз жавобини топиши лозим.

Диннинг манбаи фақат ва фақат Қуръонми? Ёки Қуръоннинг ёнида ҳадислар ҳам дин манбаими? Мазҳаблар динда манба бўла оладими? Тариқатлар ва бу тариқатлардаги шайх ва пирлар қандай баҳоланиши керак, уларнинг динда бирор ўрни борми? Мана шу каби саволларнинг барчасига ушбу китобда жавоб излаймиз, ва бугунгача берилган янглиш жавоблар динни англашда янглиш услубга сабаб бўлганини, янглиш услуб эса диндаги уйдирмаларга сабаб эканини кўрсатишга уринамиз.
Бу китобни ўқиб бўлгач, сизга бир «тест» ўтказишни тавсия этамиз: диний мавзуларда ваъз қилувчи ёки тортишувчи кишиларга савол бериб, динни англашдаги илк услубларини сўранг, улардан «Диннинг манбаи нима?» саволига аниқ жавоб олинг; сўнгра бу кишиларнинг ўз жавоблари (услублари) билан ўз амалларининг қанчалик зид ва хилоф эканини кўрасиз. Биргина мана шу тестнинг ўзиёқ, дин ҳақида «авторитет» дея тақдим этилганларнинг, аслида ўз ичларида қанчалик чалкаш ва ихтилофларга мубтало эканини кашф қилишингиз учун етарлидир.

Жамиятда, диний мавзуларда гапирувчи кишилар каби, ўз ёқлаганлари услублари билан ҳаётидаги татбиқ этганлари ўзаро зид ва хилоф бўлган кишиларга ҳам эътибор беринг. Эҳтимол, бу кишиларнинг амалларига қараб, ҳақиқий диний эътиқодларини англаш етиш қийин бўлар. Масалан, «Диннинг манбаи нима?» саволига берадиган жавоблари, аслида Афғонистондаги Толиблар каби ҳаёт тарзини тақозо этувчи бу инсонлар негадир толибларга яқин ҳам келмаслиги мумкин. Бундай кишилар, ёқлагани назария ва амалиёт (илм ва амал) орасида энг катта тафовут бўлган кишилардир. Шуни ҳам қайд этиб ўтиш лозимки, бунақа кишилар Ислом дунёсида кичиккина бир озчиликни эмас, балки умматнинг аксар кўпчилигини ташкил этади. Мақсадимиз, услуб ва назария деганимиз тамални тўғри қуриш ва бу аснода ҳаёт тарзи ва эътиқод орасидаги тафовутларга бархам беришдир. Соғлом, собит ва тўғри бир услуб билан динни англаш орқали, ҳаёт тарзини теория ва услубдан айирмаган бир ёндошув орқали рационал, мантиқли ва тўғри бир натижага эришиш мумкин.
Буларнинг барчасига элтувчи йўл эса аввало «Диннинг манбаи нима?» саволига тўғри жавоб бериш, ва бу жавобга мувофиқ ҳаёт тарзини яшашдир. Аллоҳ тарафидан юборилган системанинг ҳар қандай адаштирувлардан, суистеъмоллардан сақлашнинг ягона чораси ҳам мана шудир. Чунки диннинг ҳақиқий манбаи билан сохта манбаини ажратишнинг энг муқаддам вазифа сифатида кўрувчи услубимиз, аслида Аллоҳдан келган ва инсондан бўлганни айириш маъносига келади. Бу услубдаги қатъийлик, Аллоҳдан келганни (диннинг манбаини) инсондан бўлган билан (уйдирилган дин манбаини) аралаштириб, дин дея (Аллоҳнинг системаси дея) тақдим этишга уриниш қаршисида тортилган тўсиқдир.

Дин тарихи – ақл ва тақлид курашидир

Ҳар бир келган пайғамбар ўз давридаги ҳоким эътиқод ва одатларни шубҳа ва савол остига олган, Аллоҳнинг динига хилоф анъана ва урфларга қарши чиққанлардир. Қуръон оятларини синчиклаб ўрганган ўқувчи шуни кўриши мумкинки, пайғамбарлар доим инсонларни тафаккур ва ақл ишлатиш орқали Аллоҳнинг динига ва инсон фитратига зид бўлган қонунларга қарши бош кўтариш ташкил этган ва унга бош бўлганлардир. Қуръон инсонларни Аллоҳнинг ердаги, осмондаги ва уларнинг орасидаги оят ва далилларини ўрганишга, улар ҳақида ақл ва фикр юритишга чорлайди. Қуръонга қарши чиқувчилар эса ўз ота-боболаридан қолган динга, яъни анъаналарга боғлиқдирлар ва улар ҳақида бош қотирмайдилар. Тарих бўйича пайғамбарларнинг «ақлни ишлатмайсизларми?!» чақириғига қарши чиққан энг биринчи душмани – муқобил ақлий далиллар эмас, балки аждодлардан қолган анъаналар бўлган. Аксарият кишиларга ақлни ишлатишдан, ҳақни излаш ва бу йўлдаги руҳий ва ақлий меҳнатдан кўра кўпчилик орасида ёйғин бўлган системага, яъни ота-боболардан қолган ҳаёт тарзига тақлид этиш осонроқ, хавфсизроқ ва жозиброқ келади. Тарих бўйича Дин доим ақл ишлатишга чақириб келган, динга қаршилар эса аксинча кўр-кўрона ўз анъаналарини, яъни муҳофазакорликни ёқлаб келгандир. Не ғариб бир терсликки, бугунги даврда келиб, муҳофазакорлик ва анъанавийлик диндорлик маъносида ишлатиладиган бўлган.
Қуръоннинг ўргатгани динга кўра, ваҳй ва ақл инсонларнинг ҳатти-ҳаракатларини йўналтириши лозим. Анъаналар, гарчи кўпчилик тарафидан қабул этилаётган бўлса ҳам, агар ваҳйнинг ва ақлнинг тасдиғидан ўтмаган бўлса, инсон ҳаётига раҳбарлик этиши мумкин эмас. Далил ўрнига ота-боболаридан кўрганини ўз ҳаётларининг асоси қилиб олганларга биз,

Қуръоннинг қуйидаги оятларини ўқишни тавсия этамиз:

31-Луқмон сураси:21, 14-Иброҳим сураси:10, 11-Ҳуд сураси:62,109, 5-Моида сураси:104, 7-Аъроф сураси:28.
«21- Ёки уларга бундан олдин бир китоб бердик ва унгами ёпишмоқдалар?
22- Йўқ, дедиларки: “Биз ота-боболаримизни бир уммат устида топдик, уларнинг изларидан бориб, тўғри йўлни топамиз.”
23- Ана шундай! Сендан аввал ҳам бир шаҳарга элчи юборганимизда, у ернинг мол-дунёга ботган пешво табақаси мутлақо шундай деганди: “Биз ота-боболаримизни бир уммат устида топдик, ва мутлақо уларнинг изидан кетамиз.”
24- У эса “Мен сизларга ота-боболарингизнинг йўлидан тўғрироқ йўлни келтирсам ҳамми?” деди. Улар эса “Тўғриси, биз сенинг келтирганингни тан олмаймиз”, дедилар». (43-Зухруф сураси:21-24)

Қуръон оятларидан шуни кўрамизки, кўпчиликда ёки бутун жамиятда ҳоким бўлган фикр ортидан эргашиш, инсонларни ҳақиқатга етказмайди. Бугун инсонлар динни бамисоли бир анъанага айлантирган, дин номидан айтилаётган гапларни ўнг-терсини ажратмасдан, бу гапларнинг ҳали динга алоқаси борми-йўқми, текширмасдан, ҳамма шундай деяпти-ю ўлчови билан, ёки фалончи шайх ё пистончи пир айтди дея қабул қилаётганини кўряпмиз. Зухруф сурасидан келтирганимиз 21-оят, айнан ўша – Китобга таянмасдан, дин номидан уйдирилганларнинг – яроқсиз эканини айтмоқдадир. Оятларнинг давоми эса ота-боболаридан қолган сарқитнинг қандай қилиб Аллоҳнинг китобидан устунроқ ва мўътабарроқ қилинганини кўрсатмоқда.

«Ҳаққида билиминг бўлмаган нарсага эргашма. Чунки кўз, қулоқ ва кўнгил, барчаси бундан жавобгарликка тортилади.» (17-Исро сураси:36)
«Улар сўзни тинглайдилар ва энг яхшисига эргашадилар. Ана шу кишилар Аллоҳнинг тўғри йўлга йўллагани соғлом ақл эгаларидир» (39-Зумар сураси:18)

Дин номидан уйдирилган фикрлар қаршимизга чиққанида, уларни ушбу оятларнинг йўлланмаси орқали кўриб чиқишимиз лозим. Дин номидан айтилган ҳар қандай сўз нимага таянмоқда, кимнинг манфаатига хизмат қилмоқда, дея текширишимиз лозим. Ушбу китобнинг 2-бўлимида диннинг манбаи фақат ва фақат Қуръон эканига Қуръон оятларининг ўзидан далиллар келтирамиз. Шу ўринда биз мўминларга, аввало хаёлларда бир дин пайдо қилиб, сўнгра бу динга зўраки йўллар билан Қуръондан далиллар ахтариш эмас, балки бу соф ва покиза диннинг барча далилини тўғридан-тўғри Қуръондан олишни насиҳат қилмоқчимиз.

Китобнинг кейинги бўлимларида эса, ҳадис куллиёти номли, ичида тўғри ва эгрини ажратиб бўлмас даражада аралаш-қуралаш бўлган, Пайғамбаримизнинг айтгани иддао этилган ривоятларнинг муҳим бир қисми аслида Қуръонга, бошқа ривоятларга, соғлом ақл ва мантиққа қанчалик зид келишини, бу ривоятларнинг нега ва қандай уйдирилганини ўрганиб чиқамиз. «Ҳадислар дин манбаи эмас» дейиш – бу зинҳор пайғамбарга ҳақорат эмас, балки, аксинча, пайғамбар шаънини туҳмат ва бўҳтонлардан мудофаа қилиш эканини кўрамиз.

Бу бўлимларни ўқиркан, сиздан юқорида келтирганимиз Исро сурасининг 36-оятини унутмасликни, ҳозирги диний эътиқод ва фикрларингизни қайта кўздан кечиришни; Зумар сурасининг 18-оятини эсга олиш билан, энг яхши қавлга эришиш учун аввало тинглаш керак эканини эсда тутишни; Зухруф сураси 21-24-оятларни эсга олиш билан, мавжуд қолип ва қабулларни, кўпчиликнинг эргашгани анъана ва одатларни савол остига олишни; мансуб бўлганингиз динни ота-боболардан қолган ўлчовларга кўра эмас, балки диннинг ягона соҳиби бўлмиш Аллоҳнинг сўнгги Каломига, «муттақийлар учун ҳидоят манбаи» бўлмиш Қуръонга кўра тузишни тавсия этамиз.

Қуръон ақлга зид келмайди

«Шубҳасиз, ер юзидаги жонзотларнинг Аллоҳ наздида энг ёмони, ақлини ишлатмайдиган кар ва соқовлардир» (8-Анфол сураси 22)
«Ақлини ишлатмайдиганлар устига Аллоҳ нопоклик ёғдиради» (10-Юнус сураси 100)

Аллоҳнинг йўли ақл ва виждон йўлидир. Аллоҳнинг севмагани жонзот тури; ҳақиқатга қарши кар бўлиб олган ва ақлини ишлатмайдиган инсон нусхаларидир. Бундай нусхалар Аллоҳнинг, бошқа жонзотлардан устунлик сифатида бергани ақлни ишлатмагани боис, Аллоҳнинг сон-саноқсиз далилини кўрмай ўтадилар. Қуръондаги динни англамаган тоифалар динни қуруқ догма ва хурофотлар динига айлантириб, амал қилиш ё ичидан чиқиш мутлақо имконсиз бўлган боши берк система ҳолига келтирганлардир. Бу билан юзмиллионлаб инсонни диндан бездириш, совитиш, узоқлатиш, ва ҳатто диндан воз кечишига сабаб бўлганлар. Қуръондаги Исломни бу уйдирилган диндан, бу қийинлаштирилган, мантиқсизлаштирилган диндан айириш шу сабабдан ҳам ўта муҳимдир. Шу йўл билан, Қуръондаги Ислом, устидаги юклардан, иловалардан, камайтишлардан халос бўлажак, ҳамда Қуръону-Исломдан совитилган ва бездирилган омма ўз динига қайта қовуша олади.

«Қасамки, сизга бир эслатгувчи китоб юбордик. Ҳалиям ақл ишлатмайсизми?» (21-Анбиё сураси 10)

Динни бир шиддат ва ибтидоий ҳаёт тарзи каби тақдим этган Толибон, Эрондаги муллалар режимининг ҳам сабабчиси, Қуръонни диннинг манбаи ўлароқ етарли кўрмайдиган зеҳниятлардир. Бу зеҳниятлар уйдирма изоҳларни ҳам, ўз имомлари ва муллаларини ҳам, шайхларини ҳам дин манбаи қилиб олаверади, Қуръонга терс бўлса-да, динга иловалар киритиб, уйдирилган динлари устига қурилган ижтимоий-сиёсий тизимлар вужудга келтириб, буни исломий тузум санайдилар. Боз устига, ўзларини «диннинг ягона тамсилчиси» дегувчи бу зеҳният эгалари, ўзларидан ташқари ҳаммани динсиз санаб, такфир этадилар.

Бу китобнинг мақсади

Бу китобнинг мақсади, ушбу уйдирмаларнинг барчасини фош қилиш орқали, ҳақиқий дин фақат Қуръондаги дин эканини, Қуръондан ташқари ҳеч бир мазҳаб, пиру-шайх ва ҳеч бир фатво динда на илова ва на камайтиш пайдо қила олмаслигини кўрсатишдир.

Диннинг тамал ҳадафи – инсондир. Инсонни ҳаёт ва ўзи билан тафовутга туширишнинг оқибати эса хусрондир. Ҳақиқий Исломда бундай тафовут йўқ, «Уйдирилган дин» эса, кўрилажаги каби, ихтилоф ва мантиқсизлик ўчоғидир. Аллоҳ бу динни инсон яратилишининг аслига (фитратига) уйғун бир система сифатида танитган, шундай экан, бу дин инсон фитратига ва инсонга берилган энг буюк неъмат бўлмиш ақлга зид келиши ҳам асло имконсиздир.
«У ҳолда сен яккахудолик динига; Аллоҳнинг инсонларни яратишидаги фитратга (яратилиш аслига) юзлан. Аллоҳнинг яратишида бирор ўзгариш йўқдир. Тўғри дин мана шудир. Фақат инсонларнинг кўпчилиги билмайди» (30-Рум сураси 30)
Дин номидан ҳукм қўёвчи ягона зот – Аллоҳдир. Аллоҳ ўз рисоласини Қуръон воситасида инсонларга нуқсонсиз, ихтилофсиз, муфассал, тўлиқ ва очиқ шаклда юборгандир. Бизнинг бу борадаги ёндошувимиз, Қуръон оятларини диннинг ягона манбаи билиб, Қуръонда англатилгани шаклда Исломни қабул этмоқ; Аллоҳдан ўзга ҳеч кимни ҳукм қўювчи сифатида қабул этмасликдир. Бу ёндошув, Аллоҳдан ўзга ҳар қандай «динда ҳукм» чиқарувчининг қўлидан сохта ваколатларини олиб, диннинг ягона эгаси Аллоҳга ҳеч кимни ҳукмда шерик қилмасликни тақозо этади. Қуръонни инсонларга етказган, илк мусулмонларни бир жамоага бирлаштирган, ўзи ҳам диний мавзуларда ёлғиз Қуръонга эргашган пайғамбар ҳам, Қуръондан ташқари ҳеч қандай диний манбани инсонларга тақдим этмаган, ёздирмаган ва ўргатмагандир. Пайғамбар айтди дея иддао этилган сўзлар Қуръонга зид келса, динга илова қўшса ё камайтирса, бу сўз айни пайтда ҳам динга, ҳам бу динни таблиғ этган Пайғамбарга нисбатан бўҳтондир.

Китобнинг кейинги бўлимларида Араб, Уммавий, Аббосий анъана ва урф-одатларини, уйдирма изоҳларини, тарихнинг фақатгина бир даврига тааллуқли қарорларини, ўз шахсий кўзқарашларини динга суқтирган, Қуръонда бўлмаган изоҳлар-ла динни (айниқса амалий тарафини) тўлдирган зеҳният билан танишамиз. Бу маънода диннинг манбаи сифатида нега фақат Қуръонни тан олиш кераклиги, Қуръонда келмаган масалалар нега Исломнинг универсал ҳукмлари бўлолмаслигини англаймиз. Хусусан, диндан саналган бир қатор масалаларнинг Қуръондан ўрин олмагани боис диний мазмун ва қиймат ташимаслигини ўрганамиз. Бошқача қилиб айтганда, Қуръонга қайтиб, динимизни янгидан таниймиз.
Биз – ушбу китоб муаллифлари – Дин дея тақдим этилган уйдирма ривоят ва мазҳабчи талқинлар каби унсурларнинг, инсонларни диндан совитишига жавобан, ўз билим ва тажрибаларимизни тўплаб бир китоб шаклига келтиришни зиммамиздаги бир вожибот дея билган Қуръон талабаларимиз. Бу китобни танқидий мантиқ-ла ўқишни тавсия этамиз. Ҳар қандай тўғрининг ва ҳақ диннинг ягона манбаи – Аллоҳнинг Китобидир. Бу ердаги фикрларимиз ҳам фақат Қуръонга мувофиқ келгани миқдордагина тўғридир.

Ушбу изланишимиздан кўзланган мақсад, мусулмонларни Қуръонсизликдан қутқаришга уринган, ва анъаналар, тақлид, хурофотлар ва калла сонига кўра дин тутиш оқибатида ақлларга солинган кишанларни синдиришдир. Ушбу китоб, Исломни Қуръонда англатилганидек англаш йўлида кичик бўлса-да ҳисса қўша олса, ўз мақсадига эришган ҳисобланади.

Турк тилидан Камолиддин Йўлдош ўгирган.

www.uzbekislam.com

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn