Акмал Набиев: Ортиқча

Ҳикоя

Кейинги пайтда Ортиқча тоғани ғалати туйғулар чулғаб олмоқда. Ортиқча тоға негадир ўзини дунёда ортиқча сеза бошлади; ҳеч кимга кераксиз, ортиқча одам…

Дарвоқе, асли исми Ортиқ бўлсада болалигидан эркалатиб “Ортиқча” деб чақиришади, сўнгги пайтда “ча” қўшимчаси қулоғига ғалати ёқимсиз эшитила бошлади, худди Ортиқча тоға дунёда ортиқчадек.

Ҳамма болалар сингари болалигида ота-онасидан кўп марта сўраган нега исмини бундай қўйганларини, тайинли жавоб бўлмаган, кейинчалик отаси қандайдир артистга ҳавас қилиб шундай исм қўйганини иддао қилди , Ортиқча ҳам шунга ишонди , аммо йиллар ўтгач отаси алдаганини тушунди , сабаби Ортиқча туғилганида ўша артист танилиб улгурмаган экан.

Аввал ўйлаб кўрмаган экан, мана энди ўйлаб кўрса ўзи дунёда ҳақиқатан ҳам ортиқча экан . Эсини танибди-ки эгнига ўзидан катта акаларининг уст-бошини кийиб катта бўлди, аслини олганда-ку Ортиқча ўша акаларидан бироз новчароқ эди, улардан қолган шимда Ортиқча масхарабозга ўхшаб қоларди. Бир умр калта шимда юравериб ўрганиб қолибди ҳам , мана ёши бир жойга борган пайтда ҳам бозорга бориб ўзига уст-бош олса албатта кичкинароғидан олади, калта шимда юрса ўзини ўзига ўхшатади. Уйланадиган пайти келгач узоқ қариндошининг қизига уйланди, тақдир бу ерда ҳам Ортиқчани “сийлаб” ўтди, узоқ қариндошининг қизи бўлмиш Кўпайсин аслида акасига унаштириб қўйилган экан, аммо акаси бу қизга уйланмаслик учун шаҳарга қочиб кетгач қариндошининг қизини Ортиқчага олиб беришди.

Ҳаётларидан иккалови ҳам мамнун, мана, биргаликда бир этак фарзанд топишди. Аммо баъзида Ортиқчага алам қилиб кетади , ўшанда акаси қўрқоқлик қилиб қочиб кетмаганда эди, Ортиқча ўзидан тўрт ёш катта аёл билан яшамаётган бўлар эди…

Ортиқча дунёда ҳамма қатори яшади, ҳарбий хизматдан келгач ўша пайтлар қишлоқ аҳлининг асосий иш билан таъминловчиси бўлмиш колхозга чиқди, ҳар йили битта янги кетмон дастмоя, мана колхозлар тарқалиб кетганига ҳам кўп йиллар бўлибди, аммо Ортиқча ҳамон қўлида кетмон билан далада. Тўғри-да, Ортиқчага нима фарқи бор, колхоз бўлди нима-ю, фермер бўлди нима? Аввал Деҳқонбек биргадирнинг қўл остида ишларди, энди эса Деҳқонбек фермернинг қўл остида ишлайди. Аввал ҳам арзирли маош олмаган , ҳозир ҳам…

Шу, ёши ўтиб борган сари инсоннинг феъли инжиқлашиб борар экан, олдинлари анча-мунча нарсага эътибор бермас эди, масалан, тўй-издиҳомлар тўрида ўтирди нима-ю пойгакда ўтирди нима? Барибир эмасми? Қайтанга пойгакда ўтирсанг яхши, оёқ кийимингни биров алмаштириб кетишга улгурмайди, доим вазиятни назорат қилиб турасан. Аммо кейинги пайтларда боласи тенги йигитлар тўрига чиқиб тоға пойгакда ўтирса ўзини ноқулай сеза бошлади, негадир даврада ўзини ортиқча сеза бошлади.

Эътибор бериб қараса далада ҳам боласи тенги йигитлар билан бир қаторда ишлар экан, шу сабабми ўз тенгилари қаторида ортиқчадек сезарди ўзини. Хуллас, бир умр ортиқча бўлиб яшабди, бир умр бегона инсонлар орасида яшабди. Ҳаттоки оилада ҳам ортиқча экан, ўзидан катта хотиннинг айтгани айтган, гапига қарши гапирса жанжал чиқади.

Агар бир туртки бўлмаганда эди Ортиқча тоға ҳам индамай яшаб юраверар эди ва биз ҳам бу воқеани ёзмаган бўлар эдик.

Одатий иш кунларининг бирида, якшанба куни тонги тўртларда уйқули кўзларини ишқалаб далага чиққан Ортиқча тоға не кўз билан кўрсин-ки катта ариқдаги қўлбола қилинган дамбани сув ювиб кетиб ўн гектарлик ерга экилган ғўза буткул лойқа сув остида қолибди. Кейинроқ етиб келиб аҳволни кўрган Деҳқонбек фермер ўзидан бир неча ёш катта бўлишига қарамай Ортиқча тоғани бўралаб сўка бошлади:

-Ҳес сени ўша-деди –Қуёш тепанга келгунча ухлайдиган сен ношудни ўша. –деди яна.

Хуллас айтмагани қолмади, кейин бирдан жимиб қолди, худди Ортиқча тоға ёнида йўқдек бошқаларга мурожаат қиларди. Ортиқча тоғага эса эътибор бермасди.

Tушлик бўлди, ҳамма шийпонга йиғилиб ошпаз тайёрлаган ёвғондан қуйдириб кайфиятсиз ҳолда қоринни алдашга ўтирди. Ўчашгандек Ортиқча тоға бугун ўзи билан нон олиб келмаганди, қолганлар ҳам Деҳқонбекдан қўрқиб Ортиқчага қарамасликка ҳаракат қиларди. Қийин эди Ортиқча тоғага, бўйи салкам икки метр, соч-соқолига оқ аралашган, калта шим кийган бесўнақай одам фарзанди тенги болалар орасида ортиқча одамдек турар эди.

Мана, тушлик ҳам қилиб бўлинди, Деҳқонбек фермер барчани ёнига йиғиб қисқа мажлис қилган бўлди, барчага алоҳида-алоҳида топшириқлар берди, Ортиқча тоғани эса эслаб ҳам қўймади …

Ортиқча тоға умри давомида кўплаб хорликларни кўрди; Оилада энг кенжаси эди, аммо эркалик кўрмай ўтди болалиги, ҳеч кимга билдирмади . Ўзидан тўрт ёш катта аёл билан яшашга мажбур қилишди, ўзини бахтлидек тутди, дардини ҳеч кимга айтмади.

Давраларда атайин пойгакдан жой кўрсатишди, ҳар ўтган одам туртиб ўтди, эътибор қилмади. Аммо, аммо бу сафар чидай олмади, ҳаммасига тупурди-да уйи томон йўл олди:

-Ҳес сени ишинггаям, биргатингаям , пермерингаям! – деди. Аммо –Пахтанггаям!- демади – Оппоқ пахтада нима айб ахир , ҳамма айб пермерда! – деди.

Уйига кела солиб айвонга тўшалган тўшакка ёнбошлади, кўзи илинди, қанча ухлаганини билмайди, чўчиб уйғониб кетди. Вужудида оғриқ сезди, қорни очганини сезди, далада бўлиб ўтган воқеалар қайта ёдига тушиб дили оғриди, кўзига ёш келди, ўзини дунёда ортиқча сезди.

Шу алфозда кечгача ётди, ҳеч ким эътибор бермади ҳам Ортиқча тоғага, ана хотини дарвозахонада қўшни хотинлар билан гап сотмоқда ( ўзи бу хотинларнинг гапи қачон тугар экан-а ?). Ана, катта ўғлининг хотини кундузи билан ухлаб кечга яқин кўзини ишқалаб иккита челакни олиб сув олиб келиш учун кетмоқда.
Шу пайт Ортиқча тоға негадир беморларга ҳавас қила бошлади, ўшаларга маза, ҳамма кўнглига қарайди, яқин-узоқ қариндошлар, таниш-билишлар аҳволини сўраб келишади …

Ўйлаб кўрса Ортиқча тоға шу ёшга кириб бирор кун шифохона тугул уйида ҳам касал бўлиб ётмабди, ҳеч ким орқасидан бир коса овқат кўтариб кўргани келмабди. Дунёга келиб кўргани дала, ғўза, пахта, кетмон .

Мана бирин-кетин ўғиллари ҳам қайтиб келишди, бутун оила кечки овқатга йиғилди. Ортиқча тоға ҳар кунги одатича бориб дастурхонга ўтирмади, кутди кимдир чақиришини, келинининг бир марта:-Дада , келинг овқатга.- дегани камлик қилди , ўғиллари келиб ҳолини сўрашини тилади кўнгли, қизи келиб меҳрибонлик қилишини тилади кўнгли…

Негадир шу бугун бир умр муроса деб яшаб келган аёли бошида парвона бўлишини тилади кўнгли…

Шу тахлит эртасига ҳам ётди ўзини бемор кўрсатиб, ҳеч ким қарамади ҳолига, ҳеч ким келмади ҳолини сўраб…

Ётаверди шифтга термулиб, уч кун ётди, бир ҳафта ётди… Ётавериб зерикди, ўрнидан турмоқчи бўлди, қуввати етмади, ўзини кучсиз, аҳволини аянчли сезди. Ўзига раҳми келиб кетди, кўзига ёш келди .

-Ҳайрият ёнимда ҳеч ким йўқ , кўзимдаги ёшни кўришса уялардим. – деди ўзига ўзи . Бекорчиликдан эски хотираларни эслади, ҳаёти давомидаги воқеалар бирин-кетин кино тасмасидек кўз олдидан ўта бошлади, ана болалиги, майдончада болалар икки томон бўлиб тўп ўйнашмоқда, ортиқчалиги учун ўйинга қўшилмаган Ортиқча бир четда мунғайиб томоша қилмоқда, ана, отаси бозордан фарзандлари учун янги уст-бош харид қилиб келди, акалари талашиб-тортишиб ўзларига тегишли кийимларини кийиб кўришмоқда, одатдагидек Ортиқчага ҳеч нарса йўқ …
Ана, уйланди, болалари туғилди, катта бўлди, уйли-жойли бўлди… Ўйлаб кўрса дунёда ортиқча экан, худди болалигида акаларидан қолган кийимларни кийиб катта бўлгандек, бир умр бировни умрини яшабди…

Болалигида ўзига катталар томонидан меҳр кўрсатилмаётганини сеза бошлагач ўзини овутар эди: -Менга ота-онам ўгай бўлса керак, шунчалик қорнимни тўқлаб юришганига ҳам раҳмат.- деб.

Кейинчалик болаларидан излади ўша меҳрни, топмади, кўникди.

-Мен болаларимга вақтида меҳр бермаганман , шунинг учун болаларимдан ҳам қайтмаяпти. – деб ўзини овутди…

Эрталабда қишлоқни одатдагидек хўрозларнинг қичқириши эмас, аёллар йиғиси уйғотди, “ Вой отам” лаб йиғларди , “Меҳрибоним”лаб йиғларди аёллар. Қишлоқ аҳли йиғилди, расм-русм қилинди, тобутни кўтариб қабристон томон йўл олди оламон. Қизлар йиғлади , келинлар йиғлади , қўшнилар йиғлади , қариндошлар йиғлади ва ора-сирада ошиб кетаётган нарх-наводан гапиришди , ҳорижга иш излаб кетган ўғиллардан гапиришди…

www.munosabat.org

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn