Севишганлар байрами

qorajon qodirovСуҳайлий

СЕВИШГАНЛАР БАЙРАМИ

Бугун бутун дунёда
Севишганлар байрами,
Тақдир насиб бўлса гар
Қовушганлар байрами!

Умрнинг ҳам албатта,
Фасли, мавсумлари бор,
Ўн етти, ўн саккизга
Тўлишганлар байрами!

Аҳду паймон ёшларнинг
Қасамёди, ваъдаси,
Аҳдини бузмасликка
Келишганлар байрами!

Сайргоҳ, ўйингоҳлар
Ёшлар билан лиммо-лим,
Қўл ушлашиб, бел боғлаб,
Юришганлар байрами!

Бахт-саодат инсонга
Бир бора берилади,
Ана шундай кунларни
Кўришганлар байрами!

Бири Хитой, бириси
Ҳинду, ҳабаш бўлса ҳам,
Давру давронларини
Суришганлар байрами!

Суҳайлий ҳам ёшларга
Бахту омад тилайди,
Йил фаслида ягона,
Севишганлар байрами!

 

****

 

ЯШАСИН МУҲАББАТ!

Яшасин дунёда севги, муҳаббат,
Инсонга дўст бўлсин меҳр ва шафқат!
Ошиқ-маъшуқалар абадий яшаб,
Мурод-мақсадига етсинлар албат!

Ёшликнинг бебаҳо неъматлари – шу,
Инсоннинг инсонга ҳурматлари – шу!
Қадрият, эзгулик ниятлари – шу!
Дилларда жо бўлсин меҳр -мурувват!

Ўн саккиз ёшлилар гулнинг ғунчаси,
Қалбида гуллайди ишқ тушунчаси.
Ошиқлик, маъшуқлик дард тугунчаси,
Ҳар ниҳол шу ёшга етсин-да, албат!

Севги деб, Мажнуну Лайлолар ўтди,
Дард чекиб, Вомиқу Узролар ўтди!
Фарёд деб, Тоҳиру Зуҳролар ўтди,
Бу дунё уларга бўлди бешафқат!

Бутун Ер юзида бўлсин тинч – замон,
Ошиқлар муродга етсин соғ-омон!
Яхшилар яшасин, қолмасин ёмон,
Ҳар кимса мақсадга етсин-да албат!

Бугунги ёшларга дунё бир қадам,
Севишганлар бари дўсту ёр, ҳамдам!
Ҳур, озод яшайди жумлаи одам,
Ҳаётдан кетмасин навбатма-навабат!

Севги, муҳаббатдан барча кўнгил тўқ,
Ёшларнинг қўлида эрк, ҳақ ва ҳуқуқ!
Бўлсин севги куни барчага қутлуғ,
Суҳайлий севгидан топди зўр ҳурмат!

****

 

СЕВГУВЧИЛАР КУНИ БУ!

Биринчи апрель бугун,
Севгучилар куни бу,
Қувонч ва шодликларга
Тўлгувчилар куни бу!

Ажаб, севги, муҳаббат
Ёшларнинг савдосидир,
Ишқ дардига мубтало
Бўлгувчилар куни бу!

Муҳаббат ҳеч қаримас,
Унинг умри боқийдир,
Бир умрга боғланиб
Қолгувчилар куни бу!

Севги шундай балоки,
Пок дилларга ўт солур,
Юракларга у ўтни
Солгувчилар куни бу!

Ишқ дардининг давоси
Висол билан бўсадир,
Висол онида бўса
Олгувчилар куни бу!

Ишқ, муҳаббат ёшларнинг
Энг қувончли фаслидур,
Севгининг шаробига
Қонувчилар куни бу!

Суҳайлий ҳам севги деб.
Куйиб, ёнди бир умр,
Ишқ ўтида қоврилиб,
Ёнувчилар куни бу!

 

****

 

К У Л И Н Г !

Узоқ бўлар умрингиз,
То тонг отгунча кулинг,
Юлдузлар пинҳон бўлиб,
Ва ой ботгунча кулинг!

Кулганингизда бутун
Олам жаранглаб кетсин,
Дўстларингиз, ўзингиз
Токи қотгунча кулинг!

Кулги билан инсонлар
Шоду хуррам яшайди,
Бу ҳаёт лаззатини
Шимиб тотгунча кулинг!

Бахиллар ҳеч кулмайди,
Зиқналар куйиб ўлар,
Ғафлатдаги одамлар
Ухлаб ётгунча кулинг!

Қайғу билан ғамларни
Улоқтириб ташлангиз,
Нафрату аламларни
Ёвга сотгунча кулинг!

Шундай кулингки, дўстлар,
Вужудингиз яшнасин,
Жағлар тегмай жағларга
Ияк қотгунча кулинг!

Суҳайлий ҳам кулгининг
Шайдоларидан бири,
Бу дунёда шод яшаб,
Умр ўтгунча кулинг!

****

 

КУЛГИ КЕЧАСИ

 

Бугун кулги кечаси,
Қотиб-қотиб, кулайлик,
Ҳаёт завқу лаззатин
Тотиб-тотиб, кулайлик!

Яхши кулги танага
Ҳузур, ҳаловат берар,
Фароғату роҳатга
Ботиб-ботиб, кулайлик!

Аския, пайров билан
Кулар ўзбек миллати,
Мазза қилиб, ёнбошлаб,
Ётиб-ётиб, кулайлик!

Кулинг дўстлар, албатта,
Кулги ғоят фойдали,
Кулмаганлар қалбида
Завқ уйғотиб, кулайлик!

Биз кулганда рақиблар
Лабини тишлаб олсин,
Уларга заҳарханда,
Ўқлар отиб, кулайлик!

Аммо ҳаё, иффатни
Ҳеч ёддан чиқармайлик,
Имо билан ҳаёлаб,
Гоҳ уётиб, кулайлик!

Қалби тоза, юраги
Пок одамлар кулади,
Чин юракдан, самимий,
Хандон отиб, кулайлик!

Ҳаётиииз фаровон,
Турмушимиз ободдир,
Суҳайлий ҳам шод-хандон,
Қотиб-қотиб, кулайлик!

 

С У Ҳ А Й Л И Й
(Қоражон Қодиров)
Андижон тумани
Харабек қишлоғи.

 

www.munosabat.org

 

 

Share on FacebookShare on Google+Tweet about this on TwitterEmail this to someoneShare on LinkedIn